Ҳерманн Ҳессе. Мармартарош (ҳикоя)

Бу йилги ёз фасли ғоят гўзал келди, ажойиб об-ҳаво шу қадар барқарор бўлдики, одамларда кунма-кун эмас, балки бутун-бутун ҳафталарнинг ҳам худди шундай бирдай кетишига чуқур ишонч уйғонган, июнь ойи бошланган, пичан эндигина ўриб-йиғиб олинган пайтлар эди.
Баъзи бировлар учун жазирама иссиқлари одамнинг жон-жонидан ўтиб кетадиган, вақти келса, ҳатто нам босган тўқайзору қамишзорларни ҳам “пов” этиб ёндириб юбора оладиган бундайин ёздан кўра гўзалроқ фасл бўлмаса керак. Бундай одамлар, вақт топдим дегунча, ана шундай ҳароратли дамлардан иложи борича кўпроқ баҳраманд бўлишга, шусиз ҳам у қадар ишчан, фаол бўлмаган ҳаётларини ўйин-кулги, кайф-сафо билан беғам-беташвиш ўтказишга интиладиларки, бу нарса бошқа айрим кишиларга ҳеч қачон насиб этмаслиги ҳам мумкин. Камина ҳам ана шундай қувноқ одамлар тоифасиданман; шунинг учун ҳам ўша ёз бошидаёқ, гарчи баъзи бир узилишлар билан бўлса-да, уларга кейинроқ тўхталаман, бениҳоя кўтаринки кайфиятда эдим.
Эҳтимол, ўша июнь ойи мен учун ўз бошимдан кечирган энг шукуҳли дамлар бўлгандирки, беихтиёр қани энди бундай чоғлар тез-тез насиб этса, дегинг келади. Холаваччамнинг қишлоқ кўчаси ёқасида жойлашган уйи олдида мўъжазгина гулзори бўлиб, айни чоқда гуллар барқ уриб очилган, теварак-атрофга муаттар бўй тараларди; бузилиб кетган боғқўрани бекитиб турган баланд ва йўғон картошкагуллар қалин ва юмалоқ ғунча ёзиб, улар орасидан сариқ, қизил ва бинафшаранг гулбарглар бўй кўрсата бошлаган. Сариқ гулли манзарали ўсимлик асал янглиғ долчинранг тусда лов-лов ёниб, шунақанги кучли ис таратардики, буни кўриб туриб ё тавба, баравж ўсиб кўпаяётган саёқгулларга ўз ўрнини бўшатиб беришга намунча шошилмаса дердингиз. Қалин ўсган хинагулларнинг йўғон поялари жимгина қаққайиб турар, ёнларида эса чиройли, хаёлчан ва хушқад жонимгуллар билан бирга оч қизил тусли атиргул буталари қаровсизликдан бир-бирлари билан шўх-шодон чирмашиб ётарди. Хуллас, кафтдек очиқ ер кўринмас, бутун боғ торгина гулдонга солинган улкан, ранг-баранг ва қувноқ гулдаста эди гўё, гулдондаги атиргуллар орасида қизил ва сарғиш гулли бир йиллик ўсимлик – лотин чечаги ҳам бор эди, унинг қоқ ўртасида эса қатма-қат жойлашган хол-хол гулкосабарглари худди саллага ўхшаб кетадиган, чаппар очилган гуллари тебраниб, чайқалиб тургувчи ўсимлик мағрур ёлқин сочиб турарди.
Менга буларнинг барчаси ажойиб туюлар, мисли кўрилмаган даражада ёқарди, бироқ холаваччам билан деҳқонлар буни кўрмас эдилар. Уларга боғ куз келиб, гулпушталарда кечки атиргул, гулҳамишабаҳор ва қўқонгуллар қолгандагина, бироз қувонч бағишлай оларди, холос. Улар ҳар куни эртадан то кечгача далада бўлишар, қош қорайгандагина уйга ҳориб-толиб қайтишар ва бамисоли қалайи ўйинчоқ аскарлар каби ўзларини таппа ташлаб, қотиб ухлаб қолишарди. Лекин шунга қарамасдан, гарчи боғ уларга ҳеч қандай фойда келтирмаса-да, ҳар йили куз ва баҳорда беками-кўст парвариш қилинар, бироқ энг гўзал чоғларида унга деярли ҳеч кимнинг кўзи тушмас, ҳеч ким ундан баҳраманд бўлмасди.
Икки ҳафтадан бери ҳаво очиқ, иссиқ, мовий осмон эрталабдан тиниқлик ва мусаффолик касб этар, аммо тушдан сўнг қайдандир зич, юмалоқ, пастак булутлар пайдо бўлиб, кўк юзини қоплаб оларди. Тунда эса, яқин ва олисда момақалдироқ гумбурлар, лекин ҳар тонг – гарчи унинг овози қулоқларинг остида ҳамон жаранглаб турса ҳам – уйғонгач, тепангда қуёш чарақлаб турганига кўзинг тушар, ҳаммаёқни яна нур ва илиқлик чулғаб олганидан қувониб кетардинг, киши. Шундан сўнг, каминанинг шодон ва хотиржам ёзги ҳаёти бошланарди: жазирама иссиқда қизиб, қақраб ётган дала йўллари бўйлаб сайрга отланаман, ҳансираб нафас олаётган, сарғайиб бошоқлаётган экинзорлар ва улар орасидан мўралаб турган бўтакўз, хашаки нўхат, қорамиқ ҳамда печакўт сингари турли хил гиёҳ-ўсимликлар гўё каминага салом бераётгандай, бир текис чайқалади, бирпас юргач, ўрмон этакларидаги баланд ўсган майсазорлар бағрида соатлаб дам олиб, нафас ростлайман, бошим узра боларилар ғувиллаб, у ер-бу ерда қўнғизлар “ялт-юлт” қилиб, кўзга ташланади, шамолсиз дим ҳавода, пастак осмонга тегай-тегай деб турган дарахтларнинг шох-новдалари ҳам қилт этмай, тин олади; кечга томон эринчоқлик билан аста уйга қараб йўл оламан, қуёш нурида чанг зарралари-ю қизғиш-олтинранг далалар ҳам ажиб товланади, пишиқчилик ва ҳорғинлик ҳавоси сигирларнинг маъраган овозлари билан қўшилиб, қоришиб кетади, энг қизиғи эса, заранг ёхуд арғувон дарахтлари остида ёлғиз ўзинг ёки бўлмасам қайси бир танишинг билан сариқ шаробни майдалаб, мамнун ҳангомалашиб ўтираркансан, вақтнинг тез ўтганини, аллақачон тун ярмидан оққанини ҳам сезмай қоласан, шунда бирдан қаерлардадир олисларда чақмоқ чақиб, илиқ шамол олиб келган илк томчилар шатир-шутур қилиб қалин чанг устига туша бошлайди, аллақандай ширин, нашъали тупроқ ҳиди ҳавони тутиб кетади.
– Йўқ, умрим бино бўлиб, сендақанги ялқовни биринчи кўришим, – дейди холаваччам бошини сарак-сарак қиларкан. – Эҳтиёт бўл, у ер-бу еринг узилиб кетмасин тағин!
– Ғам ема, узилмайди, – дейман уни тинчлантирган бўлиб, шу аснода унинг ҳориб-толиб, терга ботиб, “қовжираб” турганини кўриб, ичиқоралик билан ўзимча қувониб ҳам қўяман. Ахир, камина ўз қадримни ўзим биламан; имтиҳон ва бир неча оғир ой ортда қолди, ўшанда ҳар қандай қулайликлардан мосуво бўлиб, қурбонлар берганим ҳам рост гап.
Тўғри, холаваччам Килион ўйнаб-кулиб, ҳордиқ чиқаришимга монелик қилмасди. У менинг ўқимишли, билимдонлигимни ниҳоятда ҳурмат қилади, пешонамдаги ажинларни табаррук санайди ва албатта, камина ҳам унинг олдида ўзимни “доно” қилиб кўрсатиш учун афтимни баъзан шундай буриштирардимки, унча-мунча чуқурчалар ҳам бужмайиб кетарди.
Кайфиятим ҳали ҳеч қачон бу қадар кўтаринки бўлмаган эди. Кенг далалар ва ўтлоқлар, буғдойзорлар, пичанзорлар ҳамда соябонгул ўсимликлар туркумига мансуб баланд бўйли заҳарли гиёҳ – ширлинг оралаб аста суд-ралиб сандироқлар, ажойиб ҳароратни ҳис этиб, ўт-ўланлар устида қимир этмай ётар, шу тариқа иссиқ дамлардан баҳра олиб, лаззатланардим.
Қолаверса, ёз фаслининг ўзига хос овоз ва оҳанглари борлигини айтмайсизми! Ушбу оҳангларни тинглаб, дам хурсанд бўласан, дам маъюс ўйга толасан – уларни: чирилдоқ ҳашаротлар – саратонларнинг тун бўйи тинмай чириллашлари, гўё денгиз каби чайқалиб турган бўлиқ бошоқларнинг шовиллашлари, узоқ-узоқларда гулдураган момақалдироқнинг бўғиқ акс-садоси, кечалари чивин, искабтопарлар тўдасининг ғужғон ўйнаши, чарх теккан чалғи ўроқларнинг олисларга чорловчи ҳаяжонли саслари, тунда эса майин илиқ шамолнинг енгил эсиб, эркалашлари-ю кутилмаганда сел, жаланинг тўсатдан тасир-тусур ёғиши – буларнинг барини мен бениҳоя яхши кўрардим.
Мана шу қисқа, бироқ шонли ҳафталар ичра ҳамма нарса қийғос очилиб, чаппар гуллаган, ҳаммаёққа хуш бўйлар таралган, чор-атроф қизғин ва жўшқин тусга кириб, товланганини айтмайсизми! Арғувонларнинг мўл-кўл ҳидлари енгил туман аро сизиб водийларни тўлдирган, пишиб етилаётган ҳорғин бошоқларга уларнинг ёнидаги ранго-ранг дала гуллари, қир чечаклари суқланиб боқиб, куйиб-ёнганидан икки баравар кўпайишиб, ўроқ тушгунча ҳам шошиб-ҳовлиқиб, кеккайишларини кўрсангиз!
Мен йигирма тўрт ёшда эдим, дунё кўзимга ва ўзим ҳам ўзимга жуда ажойиб бўлиб кўринар, ҳаётим гўё жозибали, мароқли, мафтункор ҳаваскорлик санъати каби, асосан, эстетик нуқтаи назарга таянган ҳолда ўтарди. Фақат ишқ савдосигина менинг танловимсиз сездирмай кириб келди ва ота-боболардан қолган қадимги урф-одатлар бўйича кечди. Бироқ буни менга ҳеч ким очиқ-ойдин айтолмасди! Бир қадар шубҳа-гумонлар ва иккиланишлардан сўнг, камина ниҳоят, ҳаётни тасдиқловчи фалсафага берилиб, назаримда, бир неча бор қийин хулоса ва тажрибалар натижаси ўлароқ воқеа, ҳодиса, вазиятларга бирмунча вазминлик билан ва холисанилло баҳо бериб, фикр-мулоҳаза юритишни ўргандим. Бундан ташқари, имтиҳонларни муваффақият билан топшириб, икки ойлик таътилга чиққандим, қолаверса, ҳамёнимда мўмайгина чойпулим ҳам бор эди.
Эҳтимол, ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай бир давр бўлиши табиийдир: олдингда теп-текис, равон йўл, йўлда эса ҳеч қандай кўлмак-тўсиқ йўқ, ҳатто кўкда ҳам парча булут кўринмайди. Шунда ўзингни гўё осмонда ҳис этасан, лекин бора-бора шунга амин бўласанки, ҳеч қандай бахт-омад деган тасодиф йўқ экан, балки буларнинг барчасига ва қолаверса, ярим-ёрти келажакка ҳам шунинг учун эриша олгансанки, ўзинг бунга лойиқ, муносиб бўлгансан. Буни билиб, англаб, шундай хулосага келганингдан ўзингча хурсанд бўласан, чунки бунинг замирида шундайин бир бахт мужассамки, дам эртаклардаги шаҳзодадай шодлансанг, дам танга топган гадойга ўхшаб, терингга сиғмай кетасан, афсуски, бу ҳолат узоққа бормайди.
Икки ойлик ажойиб таътилимнинг дастлабки бир неча куни ҳам кўз юмгунча ўтди-кетди. Лабимда сигара, қалпоғим чаккасига қизғалдоқ қистириғлиқ, чўнтагимда бир қадоқ олча ва яхши бир китобча, қувноқ донишмандларга ўхшаб, водий бўйлаб у ёқдан-бу ёққа кезиниб, беғам-бамайлихотир ва шодон сайр қилиб юрардим. Йўл-йўлакай катта ер эгалари бўлмиш мулкдорлар ва далаларда ишлаётган одамлар билан самимий мулоқотда бўлардим, улар эса каминани катта-кичик базм-зиёфатларга, чўқинтириш маросимлари, ўткир пиво байрами сингари турли хил байрамларга таклиф қилишарди. Кун қиёмдан оғиб, кеч кира бошлагач, гоҳо пастор билан ичкилик ичиб ўтириб қолсам, аҳён-аҳёнда сув ижарачилари ва ҳатто фабрика эгалари билан хонбалиқ овлашга борар, ёши улуғ кишилар мени ўзларига тенг кўриб муомала қилишларидан ич-ичимдан хурсанд бўлардим, чунки ҳақиқатан ҳам ташқаридан қарагандагина ёш кўринардим, холос, аслида эса эркалик, шўхлик қиладиган ёшдан ўтиб, аллақачон кап-катта одам бўлиб қолган эдим; балоғатга етганимдан соат сайин киши билмас завқланиб, ҳаётни от, от бўлганда ҳам гўё асов, саркаш отга менгзаган кўйи у билан абжир, чаққон чавандоз янглиғ эпчиллик ва эҳтиёткорлик билан муомала қилиш лозимлигини аста-секин англаб борар эдим.
Замин узра гўзал ёз фасли ҳукм сурар, экинзорлар сарғиш тусга кира бошлаган, пичаннинг ўткир ҳиди ҳавони тутган, япроқлар ҳамон ўз рангин тароватини йўқотмаган эди. Болалар далага нон ва мева шарбати олиб боришар, деҳқонларнинг қўли-қўлига тегмас, кайфиятлари чоғ, кечқурунлари эса қизлар кўчадан саф-саф бўлиб ўтиб қолар, ҳе йўқ-бе йўқ, ўзларича “пиқ” этиб кулишиб, кутилмаганда кўнгилни юмшатадиган “халқ қўшиқлари”дан хиргойи қилиб юборишарди. Мен бўлсам, эр йигитнинг балоғат чўққисидан туриб, уларга самимият билан боқар, болаларга ҳам, деҳқонлару қизларга ҳам баравар чин дилдан хурсандчилик тилар, буларнинг барчасини яхшиликка йўярдим.
Заттелбах анҳори бўйлаб ҳар икки юз одим жойда битта тегирмон бўлиб, шарқироқ сой суви уларни бетиним юргизар, анҳор ўрмонга туташиб кетган салқин водий дарасида эса мармартарошлик корхонаси қад ростлаб турарди: унга қарашли бўлган аралаштириш цехи, омборхона, кўтарма дастгоҳ, ҳовли, турар-жой ва боғча – барчаси эскирган ҳам эмас, жуда янги ҳам эмас, аммо кўрган кўзни қувнатадиган даражада оддий ва озода, кўркам, пишиқ ва мустаҳкам эди. Корхонада мармар бўлаклари аста-секинлик билан, пухта ва беками-кўст тахта шаклида ҳамда лаппаксимон қилиб арраланар, сўнг ювилгач, уларга обдон сайқал берилар, хуллас, тинч, осойишта, беозор ва батартиб бу корхона кириб келган ҳар қандай одамда қизиқиш уйғотиши табиий эди. Бундоқ олганда, турли хил ўлчамдаги оқ-оқ йўл-йўл, кўкимтир-кулранг ва бошқа турли хил тусдаги мармар тахталар тилиниб, чиройли тахлаб қўйиладиган, мармар чиқитларига тўла ва нафис мармар чанги димоққа урадиган бундай ишхонанинг илонизи бўлиб буралиб кетган торгина водий узра ўсган қорақайин ва қорақарағайзорлару тасмадай чўзилиб, ястаниб ётган майсазорлар ўртасида танҳо-ёлғиз “манаман” деб савлат тўкиб туриши ғалати, ғайриоддий туюлса-да, бироқ барибир бу манзара ўзига хос, гўзал ва жозибали эди. Азбаройи қизиққанимдан бу ерга илк бор келганимда, қайтаётиб мўъжазгина, бир томони силлиқланган оқ мармар бўлакчасини чўнтагимга солиб олгандим; у кўп йиллар давомида ёзув столимда турган эди.
Мазкур мармартарошлик корхонасининг хўжайини Лампарт деган киши бўлиб, уни бу томонлардаги ғалати, қизиқ табиатли кишилардан энг ажойиби, деб аташ мумкин эди. Унинг хотини эрта ўлиб кетган, шу боис бўлса керак, анча одамови бўлиб қолганди, қолаверса, теварак-атрофдаги одамлар турмушига тааллуқли бўлмаган касб-ҳунари ҳам бунга қисман сабаб бўлган эди. Уни одамлар жуда бадавлат дейишарди, лекин буни ҳеч ким аниқ-тиниқ билмасди, чунки бу атрофда бунақанги касб-кор қиладиган, ушбу ҳунарнинг сир-асроридан ёки жиллақурса даромадидан бирозгина хабардор бўлган кимсани топиш амримаҳол эди. Гап нимада эканлигини камина ҳам тузук-қуруқ билмас, ҳали бунинг тагига етмаган эдим. Вазият жаноб Лампарт билан бошқаларга қараганда ўзгача ва ўзига хос тарзда муомала қилишни тақозо этарди. Аслида мармарчи уста ўз ҳузурига келган ҳар қандай меҳмонни самимий кутиб олар, бироқ унинг бировникига бирров борганини ҳали ҳеч ким кўрмаганди. Қишлоқда гоҳо бирон-бир байрам бўлиб қолса ёки овга чиқилганда ёки савдо-сотиқ воситачилиги чоғида – бунақа воқеалар эса камдан-кам бўларди – одамлар унга ўта хушмуомалалик билан муносабатда бўлишар, чунки у одатда сипо-вазмин қиёфада пайдо бўлар ва гўё ҳозиргина ўрмондан чиқиб келган ва яна ҳадемай ўша ёққа жўнаб қоладиган таркидунё қилган одамдай, ҳаммага совуққон, лоқайд ва жиддий назар билан боқарди.
Башарти биров ундан: “Ишлар қалай?” деб сўраса, унга қисқагина қилиб раҳмат, бўлаяпти деб жавоб қайтарар, лекин ўзи қайтиб савол бермасди. “Охирги тошқин, сел ёки сўнгги сув танқислиги сизга зарар етказмадими?” деган саволга раҳмат, унчалик эмас, деб қўяқолар, бироқ ўзи бировдан ҳол-аҳвол сўрашга одатланмаган эди.
Ташқаридан разм солганда, у кўп ташвиш чеккан ва эҳтимол, ҳозир ҳам боши ғам-ташвишдан чиқмаётган одамдай таассурот қолдирарди, аммо-лекин унинг ўз ташвиш-қувончларини биров билан баҳам кўрадиган ёки дардлашадиган одати йўқ эди.
Ўша ёз фаслида “мармар тегирмончи” хонадонига тез-тез кириб-чиқишга одатландим. Кўпинча сайр қилиб юрган пайтларим уларнинг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётиб, ўн-ўн беш дақиқага кириб ўтардим. Тош тарашлайдиган ишхона салқин ва қоронғи бўлиб, у ерда тоза, озода, сип-силлиқ пўлат тасмалар дам пастга тушиб, дам юқорига кўтарилиб бир маромда ишлар, қум заррачаларининг ғичирлаб тўкилгани, тахта пол остидан сувнинг шилдираши эшитилар, дастгоҳлар ортида ишчилар жимгина ўз вазифаларини адо этишарди. Мен бўлсам тоштахта устига ўтирволиб, ғилдираклар ва тасмаларни кузатар, товоним билан бирорта ёғоч ғўлачани у ёқ-бу ёққа думалатиб ўйнар, мармар заррачалари-ю учириндиларнинг ғўлача остида ғичирлашига, сувнинг шилдирашига қулоқ солар, сигара тутатиб, бу ердаги сокин ва салқин ҳаводан бироз баҳраманд бўлгач, сўнг чиқиб кетардим. Хўжайинга эса деярли сира дуч келмасдим. Унинг ҳузурига – мўъжазгина, ҳамиша мудроқ уйга кирмоқчи бўлсам, бу ҳолат тез-тез такрорланиб турарди, йўлакда этикларимнинг чангини қоқиб, йўталиб олардим, шунда ё жаноб Лампарт ёки унинг қизи эшикни очиб, менга пешвоз чиқар, стулга таклиф қилиб, олдимга бир қадаҳ шароб келтириб қўярди.
Суҳбатимиз қовушгунча зил-замбил стол атрофида майдан оз-оздан ичиб, бармоқларимни ўйнаган кўйи жимгина ўтирардим; чунки на уй соҳиби ва на қизи, одатда, уларни камдан-кам бирга учратардим, ҳеч қачон биринчи бўлиб гап бошламас, буни кўриб туриб беихтиёр ушбу хонадонда ҳар қандай мавзу ҳамиша ноўрин бўлиб келмаганмикан, дея ўйлардим. Орадан ярим соатдан мўл вақт ўтар-ўтмай, суҳбат ўз поёнига етар, ҳар қанча тиришмай, олдимдаги қадаҳ ҳам тезда бўшаб қоларди. Иккинчи қадаҳни эса беришмасди, буни ўзим ҳам сўраб ўтирмасдим, олдимдаги бўш қадаҳга термилиб ўтиравериш ноқулай бўлгани сабабли мезбонларга қўл бериб хайрлашар, шляпамни кийиб, кетишга отланардим.
Қиз ҳақида гапирадиган бўлсам, унинг ўз отасига ҳайратланарли даражада ўхшаш эканлигини ҳисобга олмаганда, аввалига унда кўзга ташланадиган ҳеч нарсани пайқамадим. Баланд бўйли, сочлари тимқора, кўзлари эса худди отасиникидек нурсиз, маъюс, бурни кичик, даҳани чиройли эди. Юриши ҳам отасиникига ўхшаб кетар, овози ҳам мулойим ва жиддий эди. Қўл узатишлари, биров билан гаплашганда унга қулоқ солиб кутиб туришлари ҳам отасини эслатарди. Шунчаки хушмуомалалик юзасидан бўладиган саволларга қисқа, холисона ва мулоҳазакорлик ила бироз ажабланиш билан жавоб қайтарарди.
Қўшни алеман вилоятларига хос бўлган гўзаллик сарвқомат ва буғдойранг чеҳрага мутаносиб равишда унинг ташқи қиёфасидаги ўзига хос куч-қудратдан дарак берарди.
Камина уни даставвал чиройли бир сурат янглиғ томоша қилган бўлсам, бора-бора бўй етган барно қиздаги дадиллик, етуклик ва балоғат мени ўзига ром этиб, эс-ҳушимни олиб қўйганди. Ошиқлигим тез орада шундай бир кучли эҳтиросга айландики, буни ўзим ҳам тасаввур қилолмасдим. Агар қизнинг оғир, вазмин ва мағрур феъл-атвори ҳамда мазкур хонадонга хос бўлган сокин-совуққон вазият бўлмаганда эди, айнан мана шу ҳолат мени енгилгина енгиб, беозор ва итоаткор қилиб қўйганди, ким билади дейсиз, сирим аллақачон ҳаммага ошкор бўлармиди…
Қизга ёки унинг отасига рўбарў бўлдим дегунча, вужудимдаги бутун оташ шу заҳоти журъатсиз бир алангага айланар ва мен буни аранг яшира олардим. Биз ўтирган хона ҳам навқирон ошиқ тиз чўкадиган саҳнага сираям ўхшамас, балки кўпроқ оғир, вазмин кучлар ҳукм сурадиган ҳамда жиддий ва чидаса бўладиган ҳаётнинг бир парчаси мужассам бўлган мўътадиллик ва садоқат маъвосини эслатарди. Бироқ шуларга қарамасдан қизнинг осуда ҳаёти ортида яширинган, жўшқин суҳбатлар чоғида тезгина имо-ишора ёки ногаҳоний ўтли нигоҳ замирида камдан-кам ҳоллардагина намоён бўладиган аллақандай таъсирчанлик, серзардаликни пайқай олишга муваффақ бўлдим.
Кўпинча бу гўзал ва жиддий қизнинг асл моҳияти, сийрати нимадан иборат бўлмоғи мумкин, деган саволни ўзимча ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўрардим. Аслида у серзавқ, жўшқин, эҳтиросли ёки мунгли, маъюс, ғамгин ёхуд ҳақиқатан ҳам совуққон, лоқайд ёки тепса тебранмас бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин ҳар ҳолда ташқи кўриниши унинг асл қиёфасини, ҳақиқий табиатини очиб беришга ожиз эди. Гарчи у сиртдан қараганда эркин фикрлай оладиган ва мустақил ҳаёт кечирадигандай туюлса ҳам, отанинг ўз қизи устидан чексиз ҳокимиятга эга эканлиги, гарчанд меҳр-муҳаббат аралаш бўлса ҳам, отанинг қаттиқ тазйиқи қизнинг асл ботиний табиатига таъсир этмай қолмаганини сезиш қийин эмасди. Башарти уларнинг бирга, ёнма-ён турганини кўрсам, бундай ҳолат эса камдан-кам содир бўларди, беихтиёр эҳтимол ноилож, истамаган ҳолда қилинган жабр-зулмнинг таъсирини ҳис қилгандай бўлардим, шу билан бирга тасаввуримда ота-бола ўртасида қачонлардир кескин ва муросасиз жанжал бўлиб ўтиши керак, деган ноаниқ туйғу ҳам ногоҳ пайдо бўларди. Лекин шу жанжалга бир кун келиб ўзим сабабчи бўлишим мумкинлигини ўйласам, юрагим ҳовлиқиб, билинар-билинмас ваҳима босарди.
Жаноб Лампарт билан дўстлигимиз юришмагани баробарида Риппах қўрғони бошқарувчиси Густав Беккер билан жуда чиқишиб қолдик. У билан соатлаб суҳбат қурардик, яқинда ҳатто брудершафт усулида чўқиштириб ичдик, холаваччамнинг кескин танбеҳларига қарамасдан, бундан ўзимча ҳазилакам фахрланмадим. Беккернинг ёши тахминан ўттиз иккиларда бўлиб, ўзи ўқимишли, олий маълумотли, эпчил, уддабурон, тажрибали раҳбар эди. У менинг эркакларга хос чиройли сўзларимни кўпинча шунчаки киноя аралаш кулимсираб тинглар, мен эса бундан хафа бўлмасдим, чунки унинг ёши анча катта ва ҳурматли кишиларга ҳам худди шундай кулимсираб муомала қилганини кўп кўрганман. Бунга унинг ҳаққи бор эди, негаки у нафақат мустақил маъмур, бошлиқ ва эҳтимол шу ҳудуддаги энг катта ер-мулкнинг бўлғуси харидори, балки ўз теварак-атрофидаги кўпгина одамлардан руҳан анча устун киши ҳам эди. Уни ўлгудек ақлли одам сифатида тан олишса-да, бироқ унчалик хуш кўришмасди. Назаримда, Густав Беккерга одамлар ўзларини ундан олиб қочадигандай туюлар, шу боисданми, вақтини кўпроқ камина билан ўтказарди.
Бироқ шунга қарамай, кўпинча у мени умидсиз, тушкун бир ҳолатга ҳам солиб қўярди. Менинг ҳаёт ва инсонлар тўғрисидаги гапларимни тингларкан, кўп ҳолларда бир сўз демай, фақат қаҳрли маънодор илжайиш билангина кифояланар, шу тариқа кўнглимга шубҳа-ғулғула солиб қўяр, баъзан эса донишмандлик, фалсафанинг ҳар қанақанги кўринишини очиқдан-очиқ кулгили бир нарса-да, дея баҳолашга ҳам журъат қилар эди.
Бир куни кечқурун Густав Беккер билан Адлер боғида ёлғиз икков майсазор рўпарасига қўйилган стол атрофида пиво ичиб ўтирардик. Ҳаво қуруқ, иссиқ, ҳаммаёқни заррин гард-ғубор қоплаган, арғувон маст қилгудай бўй таратар, чироқ нурининг ёруғ-хиралиги ҳам сезилмасди.
– Менга қаранг, Заттелбах водийсидаги анови мармартарош устани танийсизми? – сўрадим мен дўстимдан.
Трубкасини тамаки билан тўлдираркан, у менга қарамай, “ҳа” маъносида бош силкиди.
– Шундайми, унда айтинг-чи, у қанақа одам ўзи?
Беккер кулди ва трубка патронини нимчасининг чўнтагига солиб қўйгач, деди:
– Ниҳоятда ақлли одам у, шунинг учун ҳам доим жимгина юради. Хўш, унда нима ишинг бор?
– Ўзим шунчаки сўраяпман. Одамда ўзига хос таассурот уйғотади.
– Ақлли одамларнинг иши бу; лекин ундайлар кўп эмас.
– Шу холосми? У ҳақида бошқа ҳеч нарса билмайсизми?
– Унинг гўзал қизи бор.
– Биламан. Буни сўраётганим йўқ. Айтинг-чи, нега у одамларга сира қўшилмайди?
– Қўшилиб нима қилади?
– Ҳа, майли. Бошидан кўп ишлар ўтганми, дейман-да?
– Э-ҳа, хаёлпарастроқ эмасми демоқчимисан? Ёки водийдаги сокин тегирмону мармарни сўраяпсанми? Индамас таркидунёчилигиними? Ё ерга кўмилган ҳаётий бахт ҳақида эшитмоқчимисан? Буларнинг бари сафсата. У ажойиб тадбиркор, холос.
– Буни аниқ биласизми?
– Бўлмасам-чи. У жуда пишиқ, ичидан пишган. Пул ишлашни боплайди, билдингми?
У шу гапларни айтиб, ўрнидан турди, қиладиган ишлари кўп эди. Ичган пивосининг ҳақини тўлаб, ўти ўриб олинган сайҳонлик бўйлаб тўғри юриб кетаркан, унча катта бўлмаган тепалик ортида кўздан ғойиб бўлди. Шамолга юзма-юз борганиданми, трубкасининг тутуни осмонга ўрлаб, ҳавода бир дам муаллақ сузиб юрди. Молхоналардан сигирларнинг маърагани эшитилди, қишлоқ кўчаларида ишдан қайтаётганлар кўрина бошлади. Бироздан сўнг, атрофимга разм солсам, тоғлар аллақачон қора-кўкимтир тусга кирган, осмон ранги ҳам энди қизил эмас, балки оч яшил-зангори тусда, ҳадемай илк юлдузлар кўринадиган вақт бўлиб қолган эди.
Бошқарувчи билан бўлиб ўтган қисқагина суҳбат каминанинг ғурурига бироз тегиб ўтганди, шундай ажойиб оқшом таъсирида, қолаверса, ўз иззат-нафсимдаги нуқсон кўзга ташланиб қолганиданми, “мармар тегирмончи”нинг қизига бўлган муҳаббатим устун келиб, эҳтирослар билан ўйнашиб бўлмаслигини дилдан ҳис қилдим. Яна бир нечта “яримта”ни юмалатгач, аста ўрнимдан қўзғалдим, кўкда юлдузлар милтирай бошлаганди, қайдандир юракка кучли таъсир қиладиган халқ қўшиғи янграр, донишмандлигиму шляпамни ҳам ўтирган еримда қолдириб, қоронғиликка чўмган далалар томон югургилаб кетдим, ўз-ўзидан кўз ёшларим шашқатор оқа бошлади.
Аммо бу ҳолат ажиб ёз кечасининг тароватидан баҳра олишимга монелик қилмади. Уфқда қудратли ва бир текис пўртанадай осмонга туташиб, қатор чўзилиб кетган бепоён шудгорлар, ён тарафимда узоқ-узоқларга қадар ястаниб ётган ўрмон мудроқ нафас олар, ортимда эса деярли кўздан ғойиб бўлган қишлоқ унда-бунда милтиллаган чироқлари-ю олис овоз-оҳанглари билан ўзига чорларди. Ҳайдалган ерлар, осмон, ўрмон ва қишлоқ, ўтлоқзорлар ҳиди, гоҳ у ер, гоҳ бу ердан қулоққа чалинаётган қора чигирткаларнинг чириллашлари, барча-барчаси бир бўлиб, мени қуршаб олган, қулоқларимга гўзал, қувноқ ва ғамгин оҳанг-куй бўлиб қуйиларди. Фақат юлдузларгина нимқоронғи кўк бағрида ҳаракатсиз нур сочарди. Шунда бирдан вужудимда журъатсиз, аммо зўр бир тилак оташ бўлиб ёнди, кўнглим ниманидир соғиниб, қўмсарди; билмадим, бу янги, номаълум қувонч ва дарду ҳасратларга интилишмиди ёки болаликдаги ватан сари қайтиш, ё отамдан қолган боғқўрага суянганча марҳум ота-онам товушларини, ўлиб кетган итимизнинг акиллашларини бир дам бўлса-да, яна бир бора тинглаб, тўйиб-тўйиб йиғлаб олиш истагимиди, билолмадим.
Ҳардамхаёллик билан қуруқ шох-шаббаларни босиб, дим қоронғилик ичра йўлимда давом этдим, кутилмаганда олдимдан кенг ва ёруғ яланглик чиқиб қолди, Заттелбах водийси узра баланд қорақарағайлар ўсиб ётар, ҳов пастда Лампартнинг ҳовлиси жойлашган бўлиб, унда оқиш мармарлар уюлган, торгина ҳовузнинг қорамтир сувлари мавж уриб турарди. Шунда тўхтаган еримда узоқ туриб қолдим ва ўз-ўзимдан уялиб, дала бўйлаб тиккалаб, энг яқин йўлдан уй томон ортимга қайтдим.
Эртаси куни эса Густав Беккер сиримдан огоҳ бўлган эди.
– Ўзингни гўлликка солганинг нимаси, – деди у, – Лампартнинг қизига ошиқу беқарор бўлиб қолибсан-ку. Ҳай, майли, бу катта мусибат эмас. Ҳали бунақанги савдоларни кўп кўрасан, чунки ҳозир худди шундай ёшдасан.
Бу гал ҳам иззат-нафс, ғурурим устун келди.
– Йўқ, азизим, – дедим унга, – сиз мени ҳали яхши тушунмабсиз. Биласиз, болаларга хос бачкана қилиқлару шилқимлик қилиш ёшидан аллақачон ўтганмиз. Мен ҳаммасини обдон ўйлаб, бир қарорга келдим. Уйлансаммикан девдим, ўйлаб кўрсам, ундан яхшироғини тополмайман.
– Нима, уйланаман дейсанми? – кулди Беккер. – Сен бола, зўрсан-ку!
Унинг бу гапига ғашим келди, лекин ўзимни босдим. Бошқарувчига ушбу иш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларим ва режаларимни ётиғи билан тушунтира бошладим.
– Сен энг муҳимини унутаяпсан, – деди у гапларимни тинглаб бўлгач, жиддий ва қатъий оҳангда. – Лампартлар сенга тўғри келмайди, қолаверса, улар зоти, насл-насаби оғир одамлар. Албатта, истаган кишингга севги изҳор қилишинг мумкин, аммо-лекин уйланишга келганда, одам ўйлаб иш қилиши, ўз тенгини топмоғи лозим.
Бу сўзларни эшитиб, афт-ангорим буришиб кетди, унинг гапини шартта бўлмоқчи эдим, тўсатдан у кулиб юборди-да, деди:
– Хўш, ундай бўлса, отингни қамчилай қол, бўтам, омад сенга ёр бўлсин!
Шу кундан эътиборан, у билан рўпара келдим дегунча, бу ҳақда узоқ гаплашадиган бўлдим. Ёз фаслида ишлари ниҳоятда кўпайиб, қўли бўшамагани боис, суҳбатларимиз гоҳо йўлда, далада ёки отхона, сарой ёхуд омборхоналарда бўлиб ўтарди. Ушбу мавзуда қанчалик кўп гаплашганим сайин бутун масала кўз ўнгимда шунчалик аниқ ҳал бўлгандай туюларди. Аммо мармар корхонага борган пайтларимда ўзимни нимагадир руҳсиз, маъюс ҳис қилар, манзил ҳали анча олис эканлигини сезардим. Қиз эса ҳамишагидек самимий, дадил эканлигидан қалбим қувончга тўлар, айни чоқда бироз хавотирга ҳам тушардим. У менга дам-бадам шодон ва синовчан назар ташлар, мени пинҳона яхши кўрадигандай туюлар, гапларимга жиддий қулоқ солиб, мени қўллаб-қувватлар, аммо орқаваротдан бутунлай бошқача фикрга эга экандек кўринар эди.
Кунларнинг бирида у кутилмаганда шундай деб қолди:
– Биз аёллар ҳаётни бироз бошқачароқ тасаввур қиламиз, масалан, ўзим ҳам, чунки биз эркаклардан фарқли ўлароқ ниҳоятда кўп ишлашимизга тўғри келади. Аёллар сизларчалик эркин эмас…
Мен шунда унга ҳар кимнинг тақдири ўз қўлида, ҳар ким ўз ҳаёти учун масъулдир, деган гапларни айтиб, далда берган бўлдим.
– Балки бу нарса эркак одамнинг қўлидан келар, билмадим, – деди қиз. – Аммо бизда вазият бошқачароқ. Албатта, биз ҳам ўз ҳаётимизни изга солишимиз мумкин, лекин мустақил қадам ташлашдан кўра кун тартибидаги зарурроқ ишларни ақл билан адо этишга тўғри келади, гап мана шунда.
Мен унга яна бир бор эътироз билдириб, ажойиб нутқ ирод этдим, шунда у қизишиб кетди ва эҳтирос билан шундай деди:
– Сиз ўз эътиқодингиздан чекинманг, меники билан эса ишингиз бўлмасин! Агар танлаш имкони бўлса, ҳаётдан гўзаллик қидириб топиш у қадар қийин эмас. Бироқ танлаш имконига ким ҳам эга бўла оларди дейсиз? Худо кўрсатмасин-у, башарти сиз бугунми-эртами бирорта улов-пуловнинг тагида қолиб, қўл-оёқларингиздан ажралгудек бўлсангиз, унда ҳавойи орзуларингиз нима бўлади? Бошингизга тушган бу мусибатдан кейин яшаб кета олиш учун бирон касб-кор, ҳунарингиз бўлса, хўп-хўп, бундан албатта хурсанд бўлар эдингиз. Илойим, омадингизни берсин, сизга шуни тилайман, бахтли бўлинг!
Қиз илгари ҳеч қачон бу тарзда жўшиб сўзламаган эди. Сўнг у индамай қолди, ғалати жилмайди ва кетишимга ҳам монелик қилмади. Унинг бу сўзлари буткул хаёлимни банд этиб, юрсам ҳам, турсам ҳам уни ўйлардим. Риппах қўрғонидаги дўстим билан ҳам шу ҳақда гаплашмоқчи бўлдим, бироқ Беккернинг совуқ нигоҳига, унинг масхараомуз қимтилган лабларига кўзим тушди дегунча, ҳафсалам совиб қоларди. Оқибатда шундай бўлдики, фройляйн Лампарт билан қанчалик кўп суҳбатлашсам, бошқарувчи билан бу ҳақда шунчалик кам гаплашадиган бўлиб қолдим, қолаверса, бу “масала” бора-бора уни қизиқтирмай ҳам қўйди. Фақат у ер-бу ерда кўриб қолса, мармар корхонасига ҳалиям бориб турибсанми, дея жиғимга тегиб қўярди, холос.
Бир куни уни Лампартлар хонадонида учратиб, ҳайрон бўлдим. Унинг ҳам олдига бир қадаҳ шароб қўйилган, у бўшагач, иккинчиси берилмаганини кўриб, бундан ўзимча қониқиш ҳосил қилдим. Лампарт банд эканми, тезда турақолди, қиз ҳам кўринмади, шу боис мен унга эргашдим. Кўчада:
– Бу ёқларда нима қилиб юрибсиз? – деб сўрадим ундан. – Лампартни жуда яхши танийсиз, чоғи?
– Ҳа.
– Унда ишингиз бормиди?
– Ҳа, пул билан боғлиқ ишлар бор эди. Қўзичоқ бугун кўринмадими? Шунга қайтақолдинг, шекилли?
– Қўйсангиз-чи!
Аслида эса қиз билан дўстона муносабатларимиз кучайиб, бир-биримиз билан хийла яқин, сирдош бўлиб қолган эдик, лекин унга ошиқлигимни мудом сездирмасликка уриндим. Шу аснода вазият кутилмаганда бутунлай бошқача тус олиб, бутун умидларим чиппакка чиқадигандек туюлди. Қиз табиатан тортинчоқ, одамови бўлмаса-да, бироқ аввалги ётсираши йўқ эмасди, оқибатда у билан бўладиган суҳбатларимиз умумий мазмун касб этиб, ўзаро самимий муносабатларимизга дарз кета бошлади.
Бу ҳақда ўйлаган сайин бошим қотиб, ўрмонда айланиб юрар, миямда минглаб аҳмоқона шубҳа-гумонлар пайдо бўлар, қизга нисбатан муомалада ўзимни лаёқатсиз ҳис этиб, бахт ҳақидаги бутун фалсафамга путур етган эди. Бу орада таътилимнинг ҳам ярмидан кўпи ўтиб бўлган, мен энди қолган кунларни санаб, тентираб, сандироқлаб бефойда, бесамар ўтган ҳар бир кунни гўё у чексиз аҳамиятга эга-ю, унинг ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайдигандай, афсус ва умидсизлик билан эслаб, хаёлимдан бир-бир ўтказа бошладим.
Воқеалар энг қизиган кунларнинг бири эди, бахт-омад боғининг дарвозаси олдида енгил тин олиб, хиёл ҳадиксираган ҳолда бир лаҳза туриб қолдим. Мармар корхонаси ёнидан ўтиб кетаётиб, бирдан Еленага кўзим тушди, у боғ ўртасида, баланд ўсган картошкагул буталари орасида турарди. Яқин бориб, салом бердим ва ётиб қолган гул поясини қозиқчага боғлашда қизга ёрдамлашдим. Шу зайл унинг олдида чорак соатча қолиб кетдим. У келганимга ҳайрон бўлиб, хийла саросимада эди, бунинг замирида эса нимадир бор эдики, мен буни гўё аниқ ёзув каби ўқий олишимга ишонардим. У мени севади, буни мен қайта ва қайта ҳис қилдим, бунга ишончим комил ва ўзимда йўқ хурсанд эдим, шунданми, қизга ўзимча раҳмим келиб, ундаги саросимани сезмаганликка олдим, ўзимни гўё қаҳрамон ҳис этиб, бироздан сўнг қўл бериб хайрлашдим-да, ортимга ҳам қарамай жўнаб қолдим. Мана энди ишларим жойида бўлади, чунки у мени севади, буни бутун вужудим билан сезиб, ҳис қилиб турардим.
Эртасига яна бир ажойиб кун бошланди. Ҳис-ҳаяжон ва ташвиш билан бўлиб, гўзал фаслни ҳам бир зум унутиб, гўё кўзларим боғлангандек санқиб юраверибман. Ана, ўрмон яна нурга тўлган, анҳор суви дам қорамтир-қўнғиртус, дам кумушсимон тусга кириб оқар, олис манзиллар нурли жилоланиб ўзига чорлар, дала йўлларида бораётган деҳқон аёллар кўйлакларининг этаклари гоҳ қизил, гоҳ ҳаворанг товланарди. Камина шод-хуррам, завқ-шавққа тўлганимдан ҳатто капалак тутиш ҳам эсимдан чиқиб кетган эди. Ўрмон ёқасида жойлашган тепаликка терлаб-пишиб чиқиб олгач, у ерда бирпас ётиб дам олдим, унумдор кенгликлару олисдаги тўнкарилган улкан коса янглиғ уфққа қадар разм солиб, ўзимни қиём қуёши нурларида тобладим, бунинг учун гўзал оламдан, ўз-ўзимдан ва барча-барчадан дилдан миннатдор эдим. Хуллас, бугунги кунни ширин хаёл суриб, хиргойи қилиб, баҳоли қудрат завқ билан ўтказганимдан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Кечқурун ҳатто Адлер боғига бориб, қизил шаробнинг энг асл навидан бир кружка “уриб” ҳам келдим.
Эртаси куни яна “мармарчи”лар ҳузурига йўл олдим, у ерда ҳаммаёқ илгари қандай бўлса, худди шундай эди. Хонадон, ундаги жиҳозлар ва жиддий-вазмин Еленани кўргач, негадир ғалабага бўлган ишончим, дадиллигу довюраклигим бамисоли қоқигулдай тўзиб, тарқаб кетди, уйсиз гадой, дайди-дарбадар остонада қолгани каби, бирпас ўтиргач, сўнг сувга тушган мушукдай бўшашиб, аянчли бир тарзда ортга қайтдим. Аслида эса ҳеч нима бўлгани йўқ, ҳаттоки Елена ҳам ўта самимий кайфиятда эди. Лекин менда нимагадир кечаги кўтаринки ҳис-туйғудан асар ҳам қолмаганди.
Шу куни мен учун иш ўта жиддий тус олди. Бахт нима эканлигини олдинроқ татиб кўргандим, чамаси. Энди уйқу ва хотиржамлик ҳам аллақаёққа йўқолган, дарду ҳасрат каминани оч бўридай еб-ғажий бошлаганди. Теварак-атрофимдаги олам ғойиб бўлган, ёлғизлик ва жимжитлик аро сўппайиб, ўзим танҳо қолган, эҳтиросларим дам паст, дам баланд овозда қулоққа чалинар, бошқа ҳеч вақо эшитилмас эди. Кўзим илиниб, туш кўрибман: новча, гўзал, вазмин бир қиз келиб, бошини кўксимга қўйиб турганмиш; қўлларимни бўшлиққа узатган кўйи йиғлаб-сиқтаб, “мармар тегирмон” атрофида кечаю кундуз худди ўғрига ўхшаб пусиб, сездирмай айланиб юравердим.
Не тонгки, бошқарувчи Беккернинг кинояли, даҳрийларча қуруқ панд-насиҳатларига қулоқ осишдан бошқа чорам қолмади. Чидаб бўлмайдиган жазирама иссиқда далалар бўйлаб ҳаллослаб югурдим, ўрмондаги анҳорнинг муздек сувига бағримни бериб ётдим, фойдаси бўлмади. Шанба оқшомида қишлоқда бўлган жанжалда муштлашиб, калтак еб, ҳаммаёғим шишиб-кўкарди ҳамки, муддаоимга эришолмадим.
Вақт эса бамисоли оқар сувдек тез ўтиб борарди. Таътилимдан ўн тўрт кун, ўн икки ва ниҳоят, ўн кун қолганди, холос! Шу орада мармар корхонасига икки марта бориб келдим. Биринчи сафар қизнинг отасинигина учратдим, у билан арралаш цехига тушиб, мармар лавҳаларнинг қўйилишини анқайиб кузатиб ўтирдим. Жаноб Лампарт омборхона томонга кетиб, тезда қайтавермагач, шартта ўрнимдан турдим-да, иккинчи келмаганим бўлсин, дея жўнавордим.
Бироқ орадан икки кун ўтиб, яна қоққан қозиқдай ўша ерда эдим. Елена ҳамишагидай кутиб олди, мен ундан нигоҳимни узолмасдим. Асабий ва беқарор кайфиятда, паришон бир ҳолатда бемаза ҳазил-ҳузул, бўлмағур сафсата ва латифалардан бир талайини айтиб, ўзимча мақтангим келди, қиз эса бундан хурсанд бўлиш ўрнига ранжиб қолди.
– Бугун нимага бунақасиз? – сўради у ниҳоят ва менга шундайин бир гўзал қараш қилдики, бундан юрагим гупиллаб уриб кетди.
– Қанақа эканман? – саволга савол билан жавоб қайтардим, негадир шу дамда жиним қўзиб, кулгим қистади.
Турган гап, бемаврид кулгим қизга ёқмади, у нима гаплигини тушунолмай елка қисди ва маъюс бўлиб қолди. Шу дам миямдан, мени севади, шунинг учун ғамгин бўлиб қолди, деган ўй ўтди. Нима қилишни билмай, бир дақиқа довдираб туриб қолдим, шайтон яна орага тушиб, худди боягидай аҳмоқона кайфиятга берилиб маҳмадоналигим тутди, бироқ айтилган ҳар бир сўздан наинки ўзимнинг, балки қизнинг ҳам кўнгли айниб, дили оғриди. Ёшлик – бебошлик, деб шунга айтишади-да, йўқса, тилимни тийиб, Еленадан кечирим сўраш ўрнига бемаъни майнавозчиликка берилишни, дардимни достон қилиб, икки ўртадаги муносабатни била туриб баттар оғирлаштиришни менга ким қўйибди дейсиз.
Шу дамда ўзимни ҳар қачонгидан ҳам кўра бахтсизроқ ҳис қилиб, нафасим бўғилди, ҳовлиққанимдан шароб бўғзимга тиқилиб йўталдим ва хонани тезгина тарк этдим.
Таътил вақтимдан энди саккиз кун қолганди, холос.
Гўзал ёз фасли, у бошида шу қадар кўп умид бағишлагандики, энди эса қувончдан мосуво эдим – қолган саккиз кун ичида нима ҳам қила олардим? Яхшиси, эртагаёқ жўнаб кетишга қарор қилдим.
Бироқ аввал қизнинг олдига яна бир бориб келишим, унинг куч-қудратга тўла, гўзал чеҳрасига боқиб, унга: мен сени севардим, нега мен билан бунақанги ўйин қилдинг, деб айтиш учун ҳам яна бир марта ҳузурига боришим керак эди.
Энг аввало, Риппах қўрғонига – Густав Беккернинг олдига бордим. У ўзининг кенг, бироқ қуп-қуруқ, фақирона кулбасида энсизгина баланд ёзув столида хат ёзиб ўтирарди.
– Сиз билан хайрлашгани келдим, – дедим унга, – эртага эрталаб жўнаб кетсам керак. Билсангиз, энди яна қаттиқ ишлашга тўғри келади.
Бошқарувчи мени лол қолдириб, бу гал ҳеч қандай ҳазил қилмади. Елкамга дўстона қоқиб қўяркан, хайрихоҳлик билан деди:
– Шунақа дегин. Балли, Худо хайрингни берсин, йигит!
Чиқиб кетаётгандим, у мени яна чақириб қолди:
– Менга қара, сенга ачинаман, лекин бу қиздан иш чиқмаслигини ўшандаёқ билганман. Сен бўлсанг, ҳикматомуз гапларни айтиб, донолик қилиб юравердинг, майли, энди бундан бу ёғига маҳкам бўл!
Бу гап тушдан олдин бўлганди. Тушдан кейин эса Заттелбах дараси узра тик тушган қияликда ўсган йўсин устида ўтирган кўйи сой ва тегирмонлар ҳамда Лампартлар ҳовлисини тепадан томоша қилар эканман, ҳаммасини қайтадан ўйлаб кўришга, айниқса, боя Беккер айтган гапнинг мағзини чақишга уриниб кўрдим. Қалбимда изтироб, пастда эса ҳаёт ўз измида давом этарди, дара ва бир неча уйнинг томлари кўзга ташланар, анҳор суви ярқираб кўринар, қатнов йўли эса енгил шамолда чангиб, тўзирди; беихтиёр ўйланиб қолдим, бу ерларга яна келиш, сой, тегирмонлар ва одамларни қачондир кўриш насиб этармикан? Эҳтимол, Елена ҳам қачонлардир тақдирга тан бериб, пешонасига ёзилган сокин-осойишта ҳаётдан воз кечар, ўз қалбига қулоқ солиб, зўр бахт-омад ёхуд изтироб оғушида ўз ният-мақсадига етар? Ким билади, балки мен ҳам бу водийнинг бетартиб, чалкаш ва чигал ўр-ўнгирлари ичра яна ўз йўлимни топиб олиб, бир кунмас-бир кун тинчлик-хотиржамликка эришарман. Яна ким билади дейсиз.
Мен бунга ишонмадим. Чинакам эҳтирос илк бор бағрига олганда, уни енгишга ўзимда етарли куч тополмадим.
Бир кўнглим, Елена билан ортиқ гаплашиб ўтирмай, жўнаб кетақолай дедим. Бу албатта, энг яхши йўл эди. Шу боис унинг уйи ва боғига термилиб, кунни кеч қилдим.
Ниҳоят, хаёл дарёсига ғарқ бўлиб, тик жарлик ва қияликларда қоқилиб-туртиниб, урина-сурина пастга, ўрмон томон кета бошладим. Бир маҳал, оёқларим остида бир нима ғичирлагандай бўлди, қарасам – мармар синиқлари… худди уйқудан уйғонгандек, кўзларим “ярқ” этиб очилди, ўзимни ортиқ келишни хоҳламаган жойда кўриб, даҳшатга тушдим, бироқ энди кеч эди.
Бу ерга қандай келиб қолганимни ўзим ҳам билмайман, ғира-шира хонада, стол атрофида Елена менга рўбарў, индамай ўтирарди. Гўё бу ерда бир неча соатдан бери шу алфозда ўтиргандек эдим, менга ҳарҳолда шундай туюлди. Чўчиб кетдим, бу албатта охиргиси, ўйладим ичимда.
– Яхшимисиз? – дея олдим аранг. – Таътилим тугади, хайрлашгани келгандим.
– Э, шундайми?
Орага жимлик чўкди. Омбор тарафдан ишчиларнинг ғала-ғовури, кўчадан ўтиб бораётган юк машинасининг товуши эшитилди, ҳозир бу овозларни узоқ тинглашга тайёр эдим. Ниҳоят, кетмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Дераза олдига бордим. Қиз ҳам ўрнидан турди-да, менга қаради, нигоҳи ўткир ва жиддий эди. Узоқ вақт шундай тикилиб турди.
– Ўшанда боғда, – юзландим унга, – эсингиздами?
– Ҳа, эсимда.
– Елена, ўшанда мени севасиз деб ўйлагандим. Энди эса кетишим керак.
Қиз қўлимдан тутиб, мени дераза томон тортди.
– Дийдорингизга яна бир тўяй, – шундай деб чап қўли билан юзимни хиёл тепага бурди, сўнг кўзларини кўзларимга яқин олиб келиб, ғалати қараш қилди, нигоҳи ўткир, тошдек қотган, қаҳрли эди. Юзи юзимга шунчалик яқин эдики, ўзимни тутолмадим, аста лабларидан ўпдим. Қиз ҳам кўзларини юмиб, менга бўса ҳадя қилди. Қўлимни белидан оҳиста ўтказдим-да, маҳкам ўзимга тортиб қучдим ва секин сўрадим:
– Жоним, нега энди айнан бугун?
– Жим! – деди у. – Энди боринг-да, бир соат ичида яна қайтиб келинг. Мен одамларга қараб туришим керак. Отам бугун йўқ.
Водийнинг ўзимга нотаниш диққатга сазовор жойларини айланиб, булутларнинг кўзни қамаштиргудек суратларини томоша қилдим, Заттелбахнинг худди тушдагидай шовиллашини тинглаб, буткул олис, аҳамиятсиз нарсалар ҳақида ўйладим – ёш болалик пайтларимда кечган ғалати, таъсирчан ва шунга ўхшаш воқеаларни эсга олдим, улар гўё булутлар орасидан ним кўриниш берар, мен англаб улгурмай, яна кўздан ғойиб бўларди. Йўлда бир қўшиқни ўзимча хиргойи қилиб кетдим. Ўзимга ёт, бегона жойларда тентираб юрарканман, вужудимни аллақандай ғалати, ширин ва ёқимли ҳис-ҳаяжон чулғаб олди ва хаёлимда Еленанинг бўйчан, бақувват қиёфаси намоён бўлди. Ўзимга келгач, тонг қоронғисида водийнинг қуйи қисмига етиб, шодон кайфиятда уйга қайтдим.
Уйда қиз мени илҳақ кутиб ўтирарди. Ўртамизда ҳали бир сўз айтилмаёқ, қўлларимиз бир-бири билан чирмашди. Ҳаво дим, қоронғи, очиқ деразадан бағрига тоғ ўрмони узра ўсган азим қора қарағайларнинг ўткир учлари қадалган хира, рангпар осмоннинг энсиз бир парчаси кўзга ташланарди. Бармоқларимиз ҳамон бир-бирлари билан ўйнашар, аъзойи-баданимга титроқ кирган, ўзимни шу дамда бахтиёр ҳис этдим.
– Елена!
– Ҳа?..
– Эҳ, сени!..
Ўйиндан чарчаган бармоқларимиз ниҳоят тин олди. Осмоннинг оқарган бўлагига разм солдим, сўнг ўгирилиб қарасам, қиз ҳам ўша ёққа тикилиб турган экан. Кўзларида хира ёғду акс этиб, қабоғидан сизиб чиққан икки томчи ёш юмалаб тушмоқда эди, уларни оҳиста ўпиб, совуқ ва шўр эканлигидан таажжубландим. Қиз мени ўзига тортиб, эҳтирос билан ўпди, сўнг ўрнидан турди.
– Вақт бўлди, – деди у. – Энди кетишингиз керак.
Эшик олдида қиз мени бехосдан ўзига тортиб, яна бир бор эҳтирос ила узоқ ўпди, сўнг бутун вужуди титраганини сездим, мен ҳам қалтираб кетдим, шу аснода эшитилар-эшитилмас, хиёл бўғиқ овоз билан:
– Кетинг, кетақолинг! Эшитаяпсизми, энди кетинг! – деди.
Ташқарига чиққанимда, ортимдан:
– Хайр! Энди келманг, ҳеч қачон қайтиб келманг! Хайр! – деб қолди.
Бир сўз демасимдан, эшикни дарров ёпиб олди. Нафасим бўғилиб, юрагим сиқилди, бироқ йўлда кетаётиб буюк бахт туйғуси қўшқанотдек шувиллаб, мени ўз оғушига олди. Қадамларим узоқ-узоқларгача эшитилар, буни ўзим сезмасдим. Уйга етиб келгач, ечиндиму дераза олдига чўзилдим.
Бу кеча ажойиб бўлди, қани энди у яна бир бора такрорланса дердим. Илиқ шамол баайни онам қўлларидек эркалар, қорайиб кўринаётган улкан каштан дарахтлари баланд деразам оша аста шивирлар, майин эпкин далаларнинг хуш бўйини олиб келарди. Узоқ-узоқларда чақмоқ чақнар, шуъласи қоп-қора тун бағрини бир дам ёритиб ўтарди. Дам-бадам олисдан кучсиз момақалдироқ товуши эшитилар, қаерлардадир тоғу ўрмонлар мудроқ ғимирлаб, ҳорғин бир алфозда ажойиб, ғаройиб эртак сўйлаётгандай туюларди. Буларнинг барчасини камина худди қирол каби ўзимнинг юксак бахт қўрғонимда туриб кузатар ва тинглар эдим, буларнинг бари менга тегишли ва гўё теран шодлигимга ажойиб макон бўлмоқ учунгина яралгандек эди. Бутун вужудим бахтдан сармаст энтикар, битмас-туганмас муҳаббат шеър бўлиб чор-атрофга таралар, қора нуқтадай кўринаётган ҳар бир дарахт ва баланд чўққиларга қадар, ҳаттоки олис-олислардаги булутларгача ҳам етиб борарди. Тасвирлашга сўз ожиз, агар бунинг имкони бўлганда эди, қоронғилик қаърига чўмган ҳар бир ўр-қир, тепалик, ҳар бир дов-дарахт учидаги сас, олисдаги чақмоқнинг қон томирлари-ю момагулдиракнинг сир-синоатли маромига қадар аниқ-тиниқ баён қилиб берган бўлардим.
Йўқ, буларни тасвирлаш қўлимдан келмайди. Юракнинг туб-тубидаги, энг гўзал ва ноёб ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бироқ ўша унутилмас тун мен учун яна бир бора қайтиб келишини чин дилдан хоҳлардим.
Агар бошқарувчи Беккер билан аввал хайрлашмаганимда, эртаси куни, албатта, унинг олдига борган бўлардим. Бунинг ўрнига энди қишлоқ атрофида айланиб юрдим, сўнг Еленага узундан-узун мактуб ёздим. Унда кечқурун боришимни айтиб, бир талай таклифларимни баён этдим, жумладан, унга ўз аҳволимни ва имкониятларимни тушунтириб, отангиз билан гаплашсам, нима дейсиз, ё мен тез орада ишга кириб, келгуси ҳаётимиз моддий таъмин этилгунга қадар кутиб турамизми, деган савол билан мурожаат қилдим. Отаси бу гал ҳам уйда эмас эди; бир неча кун олдин ҳамкор шерикларидан кимдир келган ва у ҳозир меҳмон билан овора экан.
Гўзал маҳбубамдан бўса олиб, уни хона ичкарисига бошладим, ёзган мактубимни олибди. Хўш, энди бу ҳақда нима дейди? Қиз саволимга индамай, менга илтижо билан қаради, қистайвергандим, оғзимга қўлини қўйиб, пешонамдан ўпди-да, аста, бироқ шу қадар аянчли иҳраб юбордики, нима қиларимни билмай қолдим. Эҳтиёткорлик билан бераётган барча саволларимга жавоб қайтариш ўрнига нуқул бош чайқар, дард-изтироб аралаш ғалати тарзда майин ва нозик жилмайиб қўяр, қўлини белимдан ўтказган кўйи худди кечагидек вафодор ёр каби садоқат билан жимгина ўтирарди. Сўнг мени қучиб, бошини кўксимга қўйди, унга бир сўз демай юз-кўзлари, пешонаси, ёноқлари ва сочларидан ўпа бошладим, ниҳоят, бошим айланиб, ўрнимдан сакраб турдим.
– Шундай қилиб, эртага отангиз билан гаплашайми-йўқми?
– Йўқ, – деди у, – илтимос, йўқ.
– Нега энди? Ё қўрқяпсизми?
Қиз бош чайқади.
– Унда нима гап?
– Бас қилинг! Илтимос, бу ҳақда бошқа гапирманг. Яна чорак соат вақтимиз бор.
Биз шу зайлда бир-биримизни қучиб, жимгина ўтирардик. Менга маҳкам ёпишиб, ҳар гал эркалаганимда қиз негадир нафасини ичига ютиб титраб кетар, ундаги руҳсизлик, маъюслик, эзгин кайфият шу тариқа менга ҳам ўтарди. Уни ва ўзимни ҳимоя қилмоқчи бўлиб, менга, қолаверса, бахтимизга ишонишини ўтиниб сўрадим.
– Ҳа, ҳа, – бош ирғади қиз, – бу ҳақда гапирманг дедим-ку. Ҳозир ўзи шундоғам бахтиёрмиз.
Шундан сўнг, қандайдир ғойибона куч ва эҳтирос билан юз-кўзим аралаш ўпа кетди ва ахийри ҳолсизланиб қолди. Кетиш учун ўрнимдан турдим, эшик олдида қўллари билан сочларимни сийпаларкан, паст овозда, деярли пичирлаб деди:
– Хайр, жоним. Эртага келманг! Илтимос, энди бошқа келманг! Кўриб турибсиз-ку, аҳволимни.
Юрагимда чексиз дард-изтироб билан уйга қайтдим ва бу ҳақда то ярим тунга қадар ўйлаб, азобланиб чиқдим. Нега энди у ишонишни ва бахтли бўлишни хоҳламаяпти, хўш, нега? Қиз бундан бир неча ҳафта олдин бир нима дегандай бўлувди, ҳозир шу гап эсимга тушди: “Биз, аёллар сизларчалик эркин эмасмиз; бошга тушганни кўз кўради, бунга кўникиш керак”. Хўш, унинг бошига нима иш тушган бўлиши мумкин?
Нима бўлгандаям, буни билишим зарур эди, шунинг учун қизга эрталаб мактуб жўнатдим ва кечқурун, корхонада иш тугаб, ҳамма кетгандан сўнг, мармар тоштахталар уюлган омборхона ортида уни кутдим. Қиз кечикиб, истар-истамас кириб келди.
– Нега яна келдингиз? Келманг, дедим-ку. Отам ҳам шу ерда.
– Йўқ, – дедим мен, – сиз менга аввал юрагингиздаги бор гапни, ҳамма-ҳаммасини айтишингиз лозим, унгача ҳеч қаёққа кетмайман.
Елена менга хотиржам нигоҳ ташлади, бироқ ранги мармартош каби оппоқ эди.
– Мени қийнаманг, – шивирлади у ниҳоят. – Мен сизга ҳеч нима деёлмайман, буни истамайман ҳам. Фақат бир гапни айтишим мумкин – бугун ё эртага бу ердан жўнаб кетинг ва ҳаммасини унутинг. Мен сизники бўлолмайман.
Ташқарида июль ойининг илиқ, дим ҳавоси ҳукм сурар, қиз бечора эса гўё совқотгандай қалт-қалт титрарди. Умрим бино бўлиб бунақанги азобга дучор бўлмаган эдим, лекин индамай кета олмасдим ҳам.
– Менга ҳозироқ ҳамма гапни айтинг, мен ҳаммасини билишим керак.
Қиз менга ногоҳ шундай тикилдики, нигоҳи жон-жонимни тешиб ўтди. Бироқ сўзимдан қайтмадим.
– Гапирсангиз-чи! – дедим бироз қўполлашиб. – Йўқса, ҳозироқ отангизнинг олдига бораман.
У ҳардамхаёллик билан қаддини ростлаб, эҳтироссиз, бироқ энди баландроқ овозда гапира бошлади, ранги янаям оқариб кетган, аммо бу унинг маъюс ва улуғвор гўзаллигига соя сололмасди.
– Демак, гап бундай. Бошим очиқ эмас ва сизники бўлолмайман. Бошқаси бор, тушундингизми?
– Йўқ, – дедим, қизнинг гапини бўлиб. – Нима, мендан бошқа севганингиз бормиди?
– Эҳ! – хўрсинди у. – Йўқ, йўқ, мен уни яхши кўрмайман. Аммо мен унга ваъда қилинганман, энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.
– Нега ўзгартириб бўлмас экан? Ахир уни яхши кўрмасангиз!
– Ўшанда сиз ҳақингизда ҳеч нима билмасдим. У менга шунчаки ёқарди, холос; уни яхши кўрмасдим, аммо у менга муносиб эди, чунки бошқа ҳеч кимни танимас эдим. Айтдим-ку, бор гап шу ва ҳаммаси шундай бўлиб қолиши керак.
– Бундай бўлмаслиги керак, Елена. Ахир барини бекор қилиш ҳам мумкин-ку.
– Эҳтимол, мумкиндир. Бироқ гап қаллиғимда эмас, ҳамма гап отамда.
– Отангиз билан ўзим гаплашиб кўрсам-чи?
– Ёш боламисиз! Нега ҳеч нарсани тушунмайсиз?
Бир-биримизга тек қараб қолдик. Назаримда, у кулгандай бўлди.
– Отам мен билан бирга хоҳиш-иродамни, эркимни ҳам қўшиб сотган, пул учун. Қишда эса тўй.
Қиз юзини тескари бурди, бир неча қадам юриб, яна ортига қайтди. Ва деди:
– Азизим, дадил бўлинг! Энди бу ерга бошқа келманг!
– Ҳаммасига пул сабаб, шундайми?
Қиз билмайман, дегандек елка қисди.
– Нима сабаб дейсизми? Отам ўз сўзидан қайтолмайди, у худди менга ўхшаб, маҳкам боғланиб қолган. Сиз уни билмайсиз! Агар уни ташлаб кетгудек бўлсам, бундан ортиқ бахтсизлик бўлмайди. Демак, мард, танти бўлинг, ақл билан иш қилинг! Шундан сўнг, тўсатдан қизишиб кетиб деди: – Тушунинг ахир, мени қийнаманг! Буни кўтара олмайман…
Бир лаҳза ҳаммаёқ шундай осуда бўлиб қолдики, ҳатто отасининг уйда у ёқдан-бу ёққа юргани ҳам эшитилди.
– Узил-кесил бир қарорга келолмаяпман, – дедим мен. – Унинг кимлигини айтолмайсизми?
– Уними? Э, йўқ, буни билмаганингиз яхши. Мени десангиз, бошқа қайтиб келманг!
Елена хонаси томон йўл оларкан, ортидан қараб қолдим. Мен ҳам кетмоқчи бўлдим, аммо кета олмадим, оппоқ совуқ тошлар устига чўкдим, сувнинг шилдирашига қулоқ солдим, назаримда, ҳамма нарса бетўхтов сирғаниб, оқиб кетаётгандай туюлди. Гўё ўз ҳаётим, Еленанинг ҳаёти ва бошқа кўплаб, беҳисоб инсон тақдирлари шундоқ ёнгинамдан худди сув каби бепарво ва лоқайд дара томон, зулмат сари оқиб ўтиб кетаётгандай эди. Худди сув каби…
Уйга кеч ва ўлгудай чарчаб қайтдим, ётиб ухладим. Эрталаб тургач, нарсаларимни жомадонга жойлаб, йўл тадоригини кўришга аҳд қилдим, хиёл ўтгач, буни унутиб, нонуштадан сўнг, судралиб ўрмон томон йўл олдим. Узил-кесил, қатъий бир хулосага келолмаётгандим, фикрларим худди сув юзидаги пуфакчаларга ўхшаб дам кўринар, дам ёрилиб ғойиб бўларди.
Шундай қилиб, энди ҳаммаси тамом, ўйлардим ўзимча, аммо ҳеч қандай манзарани тасаввур қилолмасдим; биргина шу гап миямда чарх урар, енгилгина хўрсиниб, бош ирғашдан бошқа чорам йўқ эди.
Куннинг биринчи ярмида муҳаббат билан мусибат икков бир бўлиб, мени енгишга уринди. Бу ҳолат ҳам яхши ва тиниқ фикрларга замин бўлолмади, ўзимни зўрлаб қулай фурсат кутиб ўтириш ўрнига, шартта турдим-да, мармар корхонаси яқинида пистирма қуриб, жойлашиб олдим ва атрофни кузата бошладим. Ниҳоят, жаноб Лампарт уйдан чиққанини кўриб қолдим, у қишлоқ кўчасига бурилиб, кўздан ғойиб бўлди. Фурсатни ғанимат билиб, қиз ёнига шошилдим.
Елена мени кўриб, бақириб юборди ва ҳайрон бўлиб тикилиб қолди.
– Нега? Нега яна келдингиз? – ингради у.
Мен ўсал бўлиб, хижолат тортганимдан нима қилишни билмай, аянчли бир аҳволда қолдим. Эшик тутқичини ҳамон ушлаб турар, аммо негадир қайтиб кетгим келмасди, шу боис аста қизга яқинлашдим, у мени қўрқув ва изтироб билан кузатиб турарди.
– Кечир мени, Елена, – дея олдим аранг. – Сени севаман!..
У бош ирғаб, дам ерга, дам менга қарар, тинмай бир сўзни такрорларди: “Нега? Нега?” Афт-ангорига қараганда, ҳозир у мендан ёши улуғроқ, етукроқ ва қудратлироқ кўринар, мен эсам унинг олдида деярли ёш бола эдим.
– Хўш, нима қилдик энди? – шундай деб, жилмайишга уриндим. – Менга бирон нима денг, шу билан жўнаб кетмоқчиман.
Қиз титраб, сесканиб кетди, ишқилиб, ҳозир йиғлаб юбормасайди, деб турибман, йўқ, ҳар қалай, жилмайди, шунча азоб-изтироб ичра буни қандай уддалади, билмадим. Ниҳоят, у ўзини босиб олиб, оҳиста шивирлади:
– Келақолинг, нега у ерда қаққайиб турибсиз!
Бир қадам юриб, уни бағримга босдим, биз титраб-қақшаб, бир-биримизга маҳкам чирмашиб туриб қолдик, мендаги қувонч ҳадик-хавотир, қўрқув ва хўрсиниш билан қоришгани сайин у кўз ўнгимда шодон кўринар, мени ёш болага ўхшаб силаб-сийпалар, ажиб ва ғаройиб исмлар билан эркалар, қўлларимни тишлаб, турфа хил ишқий ўйинлар ўйлаб топарди. Вужудимда чуқур қўрқув ҳисси оташин эҳтирос билан олишар, буни сўз билан ифодалаб бўлмас, Еленани қўйиб юборгим келмас, у эса кулиб мени эркалар, атайлаб жиғимга тегар эди.
– Бирозгина бўлса ҳам хурсанд бўлсангиз-чи, ҳой, муз одам! – шундай деб, гоҳо мўйловимдан тортиб ҳам қўярди.
Мен эса ҳамон ҳадик-хавотирда эдим:
– Ҳаммаси яхши бўлишига ишонасизми? Ахир, сизники бўлолмайман дегандингиз-ку.
У эса бошимни қўллари орасига оларкан, юзи юзимга теккудек бўлиб:
– Ҳа, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, – дерди.
– Ундай бўлса қолиб, эртага отангиз билан гаплашсам ҳам бўларкан-да, а?
– Ҳа, бўлади, ёмон бола, сизга ҳамма нарса мумкин. Ҳатто сюртук кийиб келсангиз ҳам майли, ахир эртага якшанба-ку.
– Хўп, – кулдим мен ва хурсандлигимдан ёш боладай ирғишлаб унинг қўлларидан тутдим-да, хона бўйлаб бирга рақсга тушиб кетдик, бир-икки айлангач, стол бурчида тўхтаб, уни бағримга босдим, пешонаси юзимга тегиб, унинг тимқора, қалин сочларини ўйнай бошладим. Хиёл ўтгач, сакраб турди-да, ортга тисланиб, сочларини текислади ва бармоғини нуқиб, пўписа қилган бўлди:
– Вой, отам келиб қолиши мумкин! Ёш болага ўхшаймиз-а…
Қиз менга кетма-кет бўсалар ҳадя қилгач, дераза токчасида турган гулдаста ичидан бир дона гул олиб, шляпамга қистириб қўйди.
Кун қорая бошлаган, шанба бўлгани учун Адлер ҳар турли одамлар билан гавжум эди. У ерда битта кружкани бўшатгач, бир партия кегли ўйнаб, эртароқ уйга қайтдим. Жавондан сюртукни олиб, стул суянчиғига илдим-да, уни баҳузур томоша қилдим. У янги эди, имтиҳонга деб харид қилинган ва ўшандан бери деярли кийилмаганди. Қора, ялтироқ мато қалбимда тантанавор фахр-ифтихор туйғуларини уйғотарди. Ётиб ухлаш ўрнига ўтирволиб, ўй-хаёлларга берилдим. Эртага Еленанинг отасига нима дейман, унинг олдида ўзимни камтарона тутишим керак, ўз фикр-жавобларимни, эътироз, баҳона, важ, узрларимни, шунингдек, отасининг фикрларини, важоҳатини ҳам ўзимча тасаввур қилиб кўрдим. Худди ваъз ўқиётган воизга ўхшаб, уларни зарур имо-ишоралар билан бирга овоз чиқариб машқ қилдим, эртага бўладиган суҳбатга алоқадор баъзи гапларни ухлаб қолмасимдан олдин ўринда ётволиб, яна бир бора такрорлаб чиқдим.
Ниҳоят, якшанба тонги ҳам отди. Ҳаммасини яна қайтадан бафуржа ўйлаб олиш учун черков қўнғироқлари чалингунга қадар ўрнимдан турмадим. Черковда тоат-ибодат бошланган чоғда худди имтиҳонга бораётган талабадай байрамона ясан-тусан қилиб кийиндим, соқолимни қиртишлаб, сут ичиб нонушта қилган бўлдим, юрагим эса гурсиллаб урарди. Ибодат тугашини сабрсизлик билан кутдим, қўнғироқ бонги тинган заҳоти секин йўлга чиқдим. Кўринишим жиддий, Заттелбахга элтадиган кўча бўйлаб, йўлнинг чанг жойларига чап бериб борардим, ҳаво иссиқ, булутли эди. Қанча тиришмай, барибир баланд ёқали сюртукда бироз терладим.
Мармар корхонасига етгач, йўлда ва ҳовлида шу қишлоқлик одамлар уймалашиб турганини кўриб ҳайрон бўлдим, юрагим сиқилди, улар худди кимошди савдосидаги каби тўп-тўп бўлиб ниманидир кутиб, паст овозда гаплашиб туришарди. Нима гаплигини сўраб ҳам ўтирмай, улар ёнидан ўтиб, ғалати ва қўрқинчли туш кўраётган одамга ўхшаб, ҳайрон ва ғамгин бир ҳолатда уй эшиги томон юрдим. Кираверишда бошқарувчи Беккерга дуч келиб, баттар хижолат бўлдим, чунки у мени аллақачон жўнаб кетган деб ўйларди. Беккер ҳорғин ва толиққан қиёфада, ранги бир аҳвол эди.
– Ҳа, сен ҳам шу ердамисан? – деди у мени кўриб, хийла заҳархандалик билан. – Азизим, бугун бу ерда ортиқчалик қилмасмикансан, деб қўрқаман.
– Жаноб Лампарт шу ердами? – сўрадим унга эътибор ҳам қилмай.
– Албатта, бошқа яна қаерда бўлиши мумкин?
– Фройляйн-чи?
У хона эшигига ишора қилди.
– Ичкаридами?
Беккер бош ирғади. Тақиллатмоқчи эдим, эшик ўзи очилиб, бир эркак киши чиқиб келди. Шунда ичкари хонада кўпчилик турганини кўрдим, жиҳозларнинг ўрни ҳам қисман ўзгариб қолганди.
Энди бутунлай ўзимни йўқотиб, довдираб қолдим.
– Беккер, менга қаранг, бу ерда нималар бўляпти ўзи? Анов одамларга нима керак? Ўзингиз нима қилиб ўтирибсиз?
Бошқарувчи мен томон ўгирилиб, ғалати қараш қилди.
– Нима, ҳеч нарсадан хабаринг йўқми? – сўради у бошқача овоз билан.
– Йўқ, ўзи нима гап?
У менга яқин келиб, юзимга тикилди.
– Унда, йўлингдан қолма, йигит, – деди у майин овозда, қўлини елкамга аста қўйиб. Шу он нафасим бўғилиб, бутун аъзойи-баданимни ногаҳоний қўрқув эгаллади. Беккер менга яна бир бор ғалати, синовчан назар ташлаб, сўнг оҳиста сўради: – Кеча қиз билан гаплашганмидинг?
Беихтиёр қизариб кетганимни кўриб, у зўрма-зўраки йўталди, аммо гўё инграгандек бўлди.
– Еленага нима қилди? У қаерда? – бақириб юбордим мен.
Беккер у ёқдан-бу ёққа юрар, гўё мени унутгандек эди. Зина панжарасига суянганимча нима қилишни билмас, атрофимни худди ёт, бегона, ичиқора қонсиз шарпалар ўраб олган-у, ҳаво етишмаётгандай бўғилардим. Шу пайт Беккер ёнимга келиб, “юр” деди ва зинапоядан юқорига, то бурилишга қадар чиқди-да, зина устига ўтирди, сюртугим ғижим бўлишига эътибор бермасдан, мен ҳам унинг ёнига чўкдим. Бутун хонадон бир зум жимжит бўлиб қолди, шундан сўнг Беккер аста гап бошлади:
– Ўзингни қўлга ол-да, тилингни маҳкам тишла, болакай. Шундай қилиб, Елена Лампарт энди йўқ, уни биз бугун эрталаб сойдан, қуйи тўғон олдидан ўлик ҳолда топдик. Жим, гапирма! Дадил бўл! Фақат сен эмас, унга куядиган. Қани, мард бўлсанг, мардлигингда тур. У ҳозир хонада ётибди ва ҳамон ўз гўзаллигини йўқотмаган, аммо сувдан тортиб олган пайтимизда… билсанг… бу даҳшат эди, даҳшат… – У сўзлашдан тўхтаб, бошини сарак-сарак қилди. – Жим дедим! Гапирма! Ҳали гаплашишга вақт бўлади. Бу сендан ҳам кўра менга муҳимроқ. Эртага сенга ҳаммасини бир бошдан гапириб бераман.
– Йўқ, – дедим мен, – Беккер, илтимос, ҳозир айтинг! Мен барини билишим керак.
– Ҳа, майли. Ҳозир фақат шуни айтишим мумкинки, сенинг бу хонадонга ҳар доим келиб-кетиб юрганингни кўрсам ҳам индамай юрардим, ҳолбуки, нима бўлишини олдиндан билиб бўлмас экан. Шундай қилиб десанг, Елена менга унаштирилган эди, ҳали ошкора бўлмаса-да, лекин…
Шу топда бир кўнглим шартта туриб, бошқарувчининг башарасига қулочкашлаб туширгим келди, буни ўзиям сезгандай бўлди.
– Ўзингни бос! – деди у вазминлик билан ва менга қаради. – Боя айтганимдай, тафсилотларни бошқа пайт гаплашармиз.
Биз энди жимгина ўтирардик. Елена, Беккер ва мен – ўртамизда бўлиб ўтган бутун воқеа ҳозир худди шарпалар ови янглиғ кўз олдимдан тез ва аниқ ўта бошлади… Нега буни аввалроқ билмадим, нимага буни ўзим сезмадим? Бунинг учун қанча имкониятлар бор эди-я! Биргина сўз, лоақал ишора бўлганда ҳам, тинчгина ўз йўлимга кетардим, қиз ҳам бу кўйга тушмасди.
Ниҳоят, ғазабим босилди. Сезиб турардим, Беккер бор гапни олдиндан пайқаши лозим эди, энди унинг зиммасига қанчалик оғир юк тушганини англадим, у ўзига ҳаддан зиёд ишониб, мени ўйнатган ва айбнинг каттароқ қисми эндиликда унинг виждонига ҳавола эди. Мен эса яна бир саволга жавоб топишим керак эди.
– Менга қаранг, Беккер, қизни севармидингиз? Уни чинданам яхши кўрармидингиз?
У бир нима демоқчи бўлди-ю, бироқ овози чиқмай, икки-уч марта бош ирғай олди, холос. Унинг ҳозирги аянчли аҳволини, шундайин тиришқоқ ва қайсар одамнинг товуши ҳам чиқмай қолиб, бутун тунни бедор ўтказганидан ранги оқариб, ҳорғин юзи пирпираб турганини кўрганимдан сўнг, мусибатнинг бутун даҳшати кўз олдимда яққол намоён бўлди.
Орадан хиёл вақт ўтиб, кўз ёшлар қуригач, Беккер ҳамон менинг ёнимда, қўлини мен томон чўзиб турарди. Қўлини маҳкам сиқдим, у олдимга ўтиб, қия зинадан яна пастга тушдик ва Елена ётган хонага кирдик – ўша машъум кунда у ерга сўнгги марта киришим эди.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2015 йил 7-сон