Ҳерманн Ҳессе. Нюрнбергга саёҳат (сафарнома)

Ушбу сафар хотираларининг муаллифи ўз хатти-ҳаракати сабаблари ўзларига яққол кўриниб турадиган одамлар тоифасига мансублик бахтига муяссар эмас; бундай сабабларга, хоҳ ўзида бўлсин, хоҳ бошқа бировларда бўлсин, ишониш бахтидан ҳам бегона. Сабаблар, менимча, ҳамиша ноаниқ бўлади. Сабабият ҳаётда мавжуд эмас, у фақат тафаккурда бўлади. Табиатдан бутунлай ажралиб қолган батамом маънавий инсон, албатта, ўз ҳаётида узлуксиз сабабли боғланишларни топа олган ва ўз онгига тушунарли бўлган сабаб ҳамда далилларни бирдан-бир ягона деб ҳисоблашга ҳақли бўла олар эди, ахир, у буткул онг – шуурдан иборат бўлган бўларди-да. Бироқ бундай инсонни ёки шундай худони мен ҳали учратмадим, бизга – ўзимизга, қолган барча бошқа одамларга келсак, мен ҳар қандай хатти-ҳаракат ёки воқеа-ҳодисани ҳар қанақанги далиллашларига шубҳаомуз муносабатда бўламан. Ўз хатти-ҳаракатларини қандайдир “сабабларга” кўра амалга оширадиган одамлар йўқ, улар буни фақат тасаввур этадилар, холос ва айниқса – шуҳратпарастлик ҳамда саховат юзасидан бунга бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Ҳарҳолда, ўз тажрибамда доимо шуни сезганманки, хатти-ҳаракатларимнинг баҳона ва сабаблари шундай сарҳадларда жойлашганки, уларга на ақлим, на иродам етиб бора олади. Ва, бугун ўзимга ўзим Тессиндан Нюрнбергга қилган кузги саёҳатимнинг, икки ой давом этган сафаримнинг асл сабаби нима эди, деган саволни берарканман, ўйлаб ўйимга етолмайман ва бунинг моҳиятига қанчалик чуқурроқ кириб борганим сайин, сабаб ва далиллар шу қадар кўпроқ тармоқларга бўлиниб, ажралиб, парчаланиб, охири ўтмишнинг узоқ йилларига қараб кетиб борар, кетганда ҳам сабабларнинг қатор чизиғи бўйлаб эмас, балки кўп ҳалқали тармоқларга бўлиниб борарди, бундан эса ўз-ўзидан аҳамиятсиз ва тасодифий туюлган ушбу сафар илгариги ҳаётимнинг сон-саноқсиз шарт-шароитлари сабаб, мутлақо олдиндан белгилаб қўйилгандек бўлиб кўринарди. Мен эса ушбу матонинг қандайдир дағал тугунларинигина англай оламан, холос. Бундан бир йил муқаддам Швабияда* оз муддат бўлган пайтимда Блаубойренда яшовчи дўстларимдан бири, уни йўқламаганимдан ҳасрат қилган эди, мен эса Швабияга кейинги сафарим чоғида ушбу хатоимни тузатишга ваъда берган эдим. Сафарга отланишимга ташқи томондан бўлган туртки шу эди. Аммо бу ваъдамнинг, кейин ўзим яққол кўрганимдек, асл сабаби бор эди. Мени кўриб хурсанд бўладиган эски қадрдон дўст билан учрашув нақадар ёқимли бўлмасин, ҳарҳолда оғир карвон, хонанишин, одамови эмасманми, темир йўлнинг майда овлоқ шохобчалари бўйлаб кўчиб юриш ҳақидаги фикр мени у қадар тўлқинлантирмас эди. Йўқ, на фақат дўстлик, балки, айниқса, боадаблик мени бундай ваъда беришга мажбур қилганди, бунинг замирида бошқа нарса ҳам бор эди, сир ва жозиба, беҳисоб акс-садо, хотиралар, васвасалар биргина “Блаубойрен” номида мужассам эди. Блаубойрен – бу, биринчидан, мен болалигимда ўзим таҳсил кўрган мактабга ўхшаш диний мактабга эга бўлган қадрдон шваб шаҳарчаси эди. Бундан ташқари, Блаубойренда, худди ана шу роҳиблар масканида ажойиб ҳамда қимматбаҳо нарсаларни, жумладан, готик меҳробни1 ҳам кўриш мумкин эди. Шундай бўлса ҳам, санъатшуносликка оид ушбу далиллар мени ҳаракатга келтира олиши амри маҳол эди. Лекин айнан “Блаубойрен” калимасида бошқа яна нимадир, швабияликларга хос шоирона бир нарса, мен учун буткул беназир гўзаллик жаранглар эди: Блаубойрен ёнида машҳур Клётцле Блай2 (қўрғошин кунда) жойлашган, Блаубойрендаги Блаутопф3 (кўк хумча)да эса қачонлардир соҳибжамол Лау яшаган, ана шу соҳибжамол Лау, ҳикоянависнинг4 тасвирлашича, ерости бўйлаб Блаутопфдан Роҳибалар ертўласига қадар сузиб ўтиб, у ердаги очиқ қудуқ саҳнида “кўксигача сувда” пайдо бўларкан. Мафтункор исмлар – Блау ва Лау чулғаб олган ажойиб хаёллар оғушида Блаубойренга нисбатан соғинч уйғонди. Фақат кейинроқ, ўйлаб кўргач, тушуниб етдимки, мени у ерга ундаган нарса – кўк хумча ва соҳибжамол Лауни, унинг ертўладаги чўмилиш жойини кўриш истаги бўлган экан. Мен ҳамиша на фақат ўзимни, балки ҳавас қилса арзийдиган, ўз хатти-ҳаракатлари сабабларини тушунтириб бериш учун далиллар келтира оладиган бошқа одамларни ҳам аслида мана шу сабаблар эмас, балки, қанақадир шайдолик, ишқибозлик ҳаракатга келтиришига ишонардим, ўзим эса мана шу ишқибозликни тан олишга ҳечам қарши эмасман, негаки, ёшлик чоғларимда у менга энг кучли ва энг гўзал туйғулардан бири бўлган. Ёшлигимда шеъриятдаги икки аёл сиймоси менинг шеърий ҳамда ҳиссий хаёлларимга гўзаллик тимсоли сифатида таъсир кўрсатган, уларнинг иккалови ҳам – “Ўрмондаги митти чол”5 даги соҳибжамол Лау ва “Яшил Ҳайнриҳ”6 даги чўмилувчи қиз Юдиф гўзал, сирли ва сув бағрида яшардилар. Уларнинг иккаласини ҳам кўп, жуда кўп йиллар эсламадим, исмларини тилга олмадим, улар ҳақидаги қиссаларни қайта ўқимадим. Мана энди тўсатдан “Блаубойрен” сўзи чиқиб қолиб, мен яна соҳибжамол Лауни кўрдим, у сийнасигача сув оғушида турар, оппоқ қўлларини қудуқнинг тошпанжарасига суянганича жилмайиб, мени оҳиста имлаётгандек туюларди. Ва гўзал Лаудан ташқари, мен уни илгариги маконида тағин учратаман деб умид қила олмас эдим, яна ёшлик чоғларим ва унинг жўшқин орзулари ҳақидаги, ёзувчи Мёрике, қадимги шваб маталлари, ўйин ва эртаклари, болалигим манзаралари тўғрисидаги хотиралар ушбу садолар ҳамда хаёллар билан қўшилиб кетарди. Ҳатто болалик йилларим кечган на ота уйи, на жонажон шаҳрим мен учун бу қадар сеҳрга эга эмас эди, мен уларни тез-тез кўриб турар ва унутар эдим. Бироқ “Блаубойрен” садоси билан пайдо бўлган манзараларда ёшлигим, ватан ва халқим билан руҳий алоқалардан менда нимаики қолган бўлса, барчаси мужассам эди. Ва бу алоқалар, хотиралар ҳамда ҳис-туйғуларнинг барчаси Венера, гўзал Лау белгиси остида бўларди. Бундан-да кучлироқ сеҳр-жодуни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди.
Бироқ буларнинг барчаси ҳали шууримга етиб бормаган мудроқ тасаввур бўлиб, сафар қуруқ ваъдадан бошқа нарса эмас – мен уни икки йилдан кейин ҳам, ўн йилдан кейин ҳам амалга оширишим мумкин эди. Худди шу аснода баҳорда Улмдан адабий кечага таклифнома келиб қолди. Агар у бўлак пайтда келганида борми, бошқаларга қандай бўлса, унга ҳам худди шундай суратнома билан силлиққина рад жавоби ёзиб, ишни осонгина тўғрилаб қўяқолардим. Лекин Улмдан таклифнома қанақадир пайтда эмас, балки ўзига хос шундай бир паллада келдики, мен бу вақтда фавқулодда оғир аҳволда яшардим, атрофимда фақат ғам-ташвиш7, нуқул ғамгинлик ва маъюслик, рўшноликдан эса дарак йўқ эди, бирор янгилик, ўзгариш ёки бундан қочиб қутулиш хусусидаги ҳар қандай фикр мен учун қувончли эди. Шунинг учун силлиқ жавобли суратномани ёзишга шошилмадим, таклифномани яна бир бор ўқиб чиқдим, шунда миямга: “Ахир, Улмдан Блаубойренга бир қадам-ку”, деган фикр келди, шу тариқа таклифнома ёзув столимда бир-икки кун қолиб кетди. Шундан сўнг таклифномани биргина – учрашув совуқ қиш ўртасида эмас, балки кузда ёки баҳорда ўтказилса, деган шарт билан қабул қилдим. Улмликлар уни ноябр ойининг бошларига белгилашди, рози бўлдим.
Шундай қилиб, ташқарида баҳор, ноябргача эса ҳали узоқ; ушбу келишув ҳақида мен у қадар кўп ўйламас ҳам эдим. Бошқа, зарурроқ ва муҳимроқ ўй-ташвишлар етарли эди, мабодо агар Улмни эсга олгудек бўлсам ҳам, у ҳақда қандайдир ачиниш билан ўйлар эдим. Мана, дердим ўзимга ўзим, аҳамиятига ўзинг ҳам ишонмайдиган ва охири ўзингга машаққатли мажбурият бўладиган ишни орттириб олдинг. Касби кори томошабинлар ҳузурида чиқишдан иборат бўлган қўшиқчи, санъаткор ёки актёрларга-ку, бу қийин тартиб-қоидага кўникишларига тўғри келади, уларнинг ҳаёти ярим йиллар ва ҳатто бутун йиллар давомида олдиндан кунма-кун ва соатма-соат тақсимланган бўлади, уларнинг касби шунингдек, лаҳзалик кайфиятга боғлиқ бўлиб қолмасдан, исталган вақтда ўз санъатини намойиш қилишни ҳам тақозо этади. Бироқ қишлоқда яшовчи, камҳаракат, вазмин ёзувчи, хонасидан чиқмайдиган одам учун у кўпи билан бир ойдан сўнг, ўн иккинчи санада, у ёки бу шаҳарда тингловчилар ҳузурида албатта сўзга чиқиши керак, деган фикр баъзан ваҳимали туюларкан. Ахир, худди шу пайтда кутилмаганда касал бўлиб қолиш мумкин! Яна шундай бўлиши мумкинки, худди шу пайтда узоқ кутганинг – ишлаш учун қулай фурсат, қулай пайт бошланиб қолиши мумкин – ана унда айни иш қизиган вақтда бир неча кунга ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, чамадонни жойлаб, поездлар қатнаш жадвалини ўрганиб чиқиб, йўлга отланиб, бегона шаҳарлардаги меҳмонхоналарнинг каравотларида ухлаб, бегона одамларга ўз шеърларингни, эҳтимол сираям қовушмаётган, ўзингга ҳам кераксиз ва аҳмоқона туюлаётган шеърларингни ўқиб беришинг керак бўлади! Ана унда ёзувчи, агар у шуҳратпарастлик, тамагирлик қилибми ёки саёҳатга кўнгли суст кетибми, омма олдида чиқиб сўзлашга учган бўлса, роса таъзирини ейди.
Мунтазам ва тартибли иш бажарувчи, кунига соат саккиз ва иккида иш бошлашга ўрганган, қандайдир шошилинчномани олгач, тезда узоқ сафарларга жўнаб кетишга кўникиб қолган одамлар, куннинг иккинчи ярмида озод, бўш бўлиб, қўлларида соат билан кичик жаннат узра ўйин-кулгига бериладиган одамлар – бу одамлар Шоирнинг нақадар бекор ва бетартиб, нозиктаъб ва инжиқ, нақадар беҳуда вақт совуриб, шубҳали ва мужмал кун кечириши ҳақида тушунчага ҳам эга эмаслар! Албатта, ёзув столига эрталаб маълум вақтда ўтириб, ғайрат билан, берилиб, мунтазам ва узоқ, соатлаб ишлай оладиган, метеорологик ва акустик шовқинларни сезмайдиган, шунингдек, ўз кайфияти билан ҳисоблашмайдиган ва эринмайдиган, қаҳрамонона, олижаноб одамлар бор, мен уларнинг ботинка боғичларини ечиб қўйишга ҳам тайёрман, аммо уларга тақлид қилиш мен учун бефойда иш бўлур эди. Менга келсак, агар менинг вақтни қанчалик кам қадрлашимни, кунлар ва ҳафталар, ҳатто ойларни бекор ўтказиб, ўз умримни қанақанги шўхлик-тантиқликларга сарф қилишимни билганида, бирорта ҳам инсофли ва меҳнаткаш одам менга қўл узатмаган бўларди, деб ўйлайман. Ҳеч қанақа бошлиқ, ҳеч қандай хизмат-лавозим, ҳеч бир қоида менга эрталаб қачон туришни, кечқурун қачон ўринга ётишни ва қачон ишлашим ва қачон дам олишимни буйруқ қилмайди, ишим учун ҳеч қанақанги муддат-муҳлат белгиланмаган ва уч банддан иборат шеъримга куннинг кеч тушишидан олдинги бўлакчаси сарф бўладими ёки чорак йил кетадими, бу билан бировнинг иши йўқ. Агар кун менга ҳаддан ташқари ажойиб кўринса, уни ишга сарф қилмай, сайр қилиш, акварел бўёқлар билан расм солиш ёки бекорчилик билан ўтказаман. Агар кун менга ишлашим учун жуда булутли ёки жуда дим, ўта совуқ ёки жуда иссиқ туюлса, уни диванда ўтказаман, мутолаа қиламан ёки рангли қаламлар билан хаёлий нақшлар чизаман ва умуман, айниқса қишда, бунинг устига бирор ерим оғриб турган бўлса, ўрнимдан турмайман. Авторучкам агар қаёққадир ғойиб бўлган бўлса, ёки ҳинд ва хитой мифологияси ўртасидаги муносабатлар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўришга, фикр юритишга эҳтиёж сезсам, ёки эрталабки сайр пайтида чиройли аёлни учратиб қолган бўлсам, ишни умуман хаёлга келтирмаса ҳам бўлаверади. Бироқ, гарчи менинг кучли томоним ишда бўлмаса-да, гарчи у моҳиятан менга зид бўлса ҳам, унга доимий тайёр туришга интилиш олий бурчимдир. Гарчанд менда бекорчиликка вақт бўлса ҳам, лекин сафарлар, мулоқотлар, балиқ ови ва шунга ўхшаш бошқа зўр нарсаларга вақтим йўқ йўқ, мен доим ўз иш жойимда ҳеч ким халақит бермаслиги учун ёлғиз бўлишим, юз бериши мумкин бўлган иш-ижодга ҳар дақиқада шай туришим лозим. Агар мени эртага бўладиган кечки овқатга Луганога таклиф қилишса, бу менга халал беради, чунки эртага кечқурун менга афсонавий қуш сайраб берадиган, ишнинг хумори тутадиган ўша гўзал, нодир лаҳзалардан биронтаси насиб қиладими-йўқми, билмайман. Бунақанги ўзича доимий равишда ва ҳар куни ишга шай туришни хоҳловчи ялқов учун худди ўша, айнан, худди ўша белгиланган куни у ўша ерга бориши ва шу-шу ишни адо этиши лозимлигини олдиндан билишдан ёмони йўқ.
Агар мен ўзимнинг бетартиб ҳамда беҳуда совурилган умримни оқламоқчи бўлганимда, албатта, қандайдир узрли мулоҳазаларни келтира олардим. Айтишим мумкинки, гарчи йилда атиги бир неча марта бўлса ҳам, ҳақиқий иш пайти мен учун на об-ҳаво, на соғлиқ, на бошқа тўсиқ, на кун, на туннинг фарқи бўлмайди, дарвешона мутаассиблик билан, ўзни ва оламни унутиб, иш гирдобига ўзимни отаман, сўнг ундан бўм-бўш, руҳим тушиб, синиб, ҳақир бўлиб чиқаман. Яна бир нарсани, яъни менинг вақтни суриб қўйишим – бу шунчаки ялқовлик ёки бетартиблик эмас, балки замонавий дунёнинг гўё вақт – пул деган энг беақл ва энг муқаддас ақидасига қарши онгли норозилик ҳам эканлигини айтиб ўтишим мумкин. Бу ақида, бундоқ олганда, ўзи тўғри, электр ёруғлигини иссиқликка айлантириш мумкин бўлганидек, вақтни бемалол пулга айлантириш мумкин. Фақат, барча инсоний ақидалардан энг бемаъниси – ушбу ақидадаги ақлсизлик ва қабиҳлик “пуллар”нинг қатъий равишда олий қадрият белгиси сифатида хизмат қилишидир. Бироқ бу билан мен ўзимни оқламоқчи эмасман. Мен ҳақиқатан ҳам, келтириш мумкин бўлган барча хаёлий қарама-қарши далилларга хилоф равишда, бошқа иллатлардан ташқари, бекорчи, дангаса, ишёқмасман. Майли, бунинг учун мендан нафратланишаверсин, менга ҳасад қилишса, қилишаверсин – бу иллатлар менга қанчалик қимматга тушаётганлигини ўзимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бас, яхшиси, бу мавзуни қўятурайлик.
Аммо-лекин “вақт – пул” ибораси хусусида яна бир-икки оғиз гапириб ўтишим лозим, чунки бу саёҳатим тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Замонавий дунёнинг мазкур ақидасига ва ушбу замонавий дунёнинг ўзига бўлган нафратим шу қадар кучлики, қаерда бўлмасин, иложи борича бу дунё қонунларига мослашишдан воз кечаман. Масалан, агар бугунги кунда темир йўлда минг ва ундан кўпроқ километрни бир кунда босиб ўтиш ютуқ ҳисобланадиган бўлса, ҳаракатланаётган вагонда тўрт-беш соатдан ортиқроқ бўлишни мен одам учун номуносиб деб ҳисоблайман ва бошқа биров учун бир кеча-кундузлик сафарга мен бир ҳафта вақт сарфлайман. Сафарларим чоғида менга у ер-бу ерда меҳмоннавозлик кўрсатадиган дўстларим учун баъзида бу анча малол келади, чунки мен, бирон жойга энди бироз ўргандим деганда, нарсаларни йиғиштириб, яна йўлга отланишни, вокзал ва поездлардаги одамни толиқтирадиган бетартиб бехаловатликни, югур-югурни ёқтирмайман. Кўплаб доно одамлар амал қиладиган қоида бундай: ҳар куни шундай яшагинки, гўё у умрингнинг охирги кунидек. Бас, шундай экан, охирги кунида қурум босган ҳаводан нафас олиш, чамадонларни кўтарволиб, перронлардаги тўсиқларда тиқилиб-суқилиб юриш ва темир йўл саёҳатида зарур бўладиган барча бемаъни даҳмазаларни адо этиш кимга зарил кепти? Бундаги бирдан-бир ёқимли нарса – бошқа кўп одамлар билан рўбарў бўлиш, бироқ бу қанчалик ажойиб бўлмасин, одатда, бир неча соатдан сўнг ўз жозибасини йўқотади. Мабодо омадинг чопиб, биронтаси билан танишиб, қалин дўст бўлиб қолсанг-у, агар уни бирон-бир ажойиб бекатда пастга тушиб, бу дунёда майсазор ва гуллар, мовий осмон ва булутлар ҳали ҳам борми-йўқми, бирга кўришга кўндира олмасанг, унда оддий сўтакдан фарқинг қолмайди. Инкор қилмайман, менинг йўриғим бўйича саёҳат қилинса, жуда ҳам тез илгариламайсан, киши, эҳтимол, ўрта асрлар даражасига тушиб қолиши ҳам мумкин; қачонлардир агар Берлинга боришга қарор қилсам (шу пайтга қадар бунга журъат қилмаганман), менга йўлнинг ўзига камида ўн икки кун керак бўларди. Менинг услубимга рози бўлиш ва унинг катта афзалликларини кўриш учун бутунлай нозамонавий одам бўлиш керак. Албатта, бунинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бор: масалан, менинг усулим бўйича саёҳат қилиш анча қимматга тушади; бунинг эвазига менинг сафарларим турли хил вақтичоғликларга сероб бўларди, замонавий услуб билан эса бунга эришиб бўлмасди. Бунақа вақтичоғликларга ҳамёндаги бор пулимни сарфлаб юборишга ҳам тайёрман, ҳаддан зиёд ишқибозлигимдан мен уларни фавқулодда юқори қадрлайман. Умуман, ҳаётни на фақат ғоявий, қандайдир адабий-эстетик пессимизмдагина эмас, балки жисмонан азоб ва уқубат деб ҳис этиш – кўпчилик одамларнинг қисматидир. Бу одамларда, афсуски, мен ҳам улар қаторидаман, қувончдан кўра азобни ҳис этиш истеъдоди кўпроқ; нафас олиш ва уйқу, овқат ейиш ва уни ҳазм қилишдан тортиб то қолган бошқа барча энг содда ҳайвоний фаолиятгача уларга ҳузур-ҳаловат бағишлашдан кўра кўпроқ азоб ва қийинчилик туғдиради. Ҳамонки, шунга қарамай, табиат иродасига бўйсуниб, инстинктив равишда ҳаётни барқарор билиб, азобни бахт-саодат ҳисоблаб, таслим бўлмай ҳаракат қиларканлар, бу одамлар бирозгина димоғни чоғ қиладиган, бирозгина бахтиёр айлайдиган ва кўнгилни кўтарадиган нимаики бўлса, ортидан изма-из юрадилар ва бундайин ажойиб нарсаларга оддий, соғлом, ақли расо ҳамда меҳнаткаш одамлардан фарқли ўлароқ, катта аҳамият берадилар. Табиат шу тариқа қандайдир жуда ҳам мураккаб ва гўзал нарса – юморни яратади ва унга деярли барча одамлар муайян ҳурмат билан муносабатда бўладилар. Юмор изтироб чекаётганлар томонидан оғир ҳаётга ҳартугул чидаб, ва ҳатто уни шарафлай олишлар учун ўйлаб топилган бўлиб, бошқалар, ўша соғлом, изтироб чекмайдиганларга қарама-қарши ғалати тарзда тийиқсиз бирдан пайдо бўладиган кучли хушчақчақлик ва қувноқлик сифатида таъсир этади; соғлом одамлар сонларига шапатилаб, қаҳқаҳа уриб куладилар ва ҳамиша гарангсиб, севимли ва муваффақият қозонаётган комик Икс тушунарсиз тарзда ғам-ғуссага берилиб, сувга ўзини ташлаб, чўкиб ўлибди ва ҳоказо шунга ўхшаш янгиликларни ҳар замонда, ора-сира ўқий туриб, бироз хафа ҳам бўлиб қўйишади.
Ортиқча вақтим шу қадар кўплиги ва бир мавзудан бошқасига сакраб ўтиб кетаётганлигимдан нолишмасин, ҳозироқ ўз мавзуимга қайтаман. Агар бу ҳам қўлимдан келмаса, ўз-ўзидан савол туғилади: темир йўлни рад этиб, барибир ундан фойдаланадиган, доимо ўйин-кулги ва шўхлик-тантиқликларни кутиб, вақтини бекор ўтказадиган, омма олдида чиқишга таклифномани қабул қилиб, бу фаолиятга ниҳоятда шубҳа билан қарайдиган, жиддий, ҳақиқий, замонавий, фаол, ишчан ҳаётни инкор этиб, уни масхаралашни қандайдир қабиҳ спортга айлантириб олган мендек одам ўз саёҳати ҳақида ҳикоя қилиб бериши шунчалик муҳимми? Йўқ, бундай романтикнинг ўз сафари тўғрисида нимани гапириб беришининг сира аҳамияти йўқ, қолаверса, бу қизиқчининг гапларини тинглашга кимнинг кўзи учиб турибди, у, юморчилардан ибрат олиб, мавзуни эсидан чиқариб қўяди, уни яна катта қийинчилик билан излаб топади, шундай экан, энди тингловчи ҳам таваккал қила қолсин. У юморчи бўлиши ҳам мумкин, юморчилар учун эса, улар нимаики ёзишмасин, топган барча сарлавҳаю мавзулари бир баҳона, холос, аслида эса уларнинг ҳаммасида бирдан-бир ягона мавзу: ҳайратомуз ғам-андуҳ, таъбир жоиз бўлса, инсон ҳаётининг нопоклиги – мана шу аянчли, ночор ҳаёт ҳартугул шунчалик гўзал ва ажойиб бўла олишидан ҳайратланишдан иборат.
Сафаримга келсак, бу шундай бўлди: ёз келди, кундалик ҳаётим оҳанглари эса у қадар қувончли эмасди, ғам-ташвишлар мени сиртдан эзар, яхши кўрган азалий эрмак ва овунчоқларим, расм солиш ва мутолаа ўзининг илгариги файзини йўқотган, чунки аввалги йиллардан бери давом этиб келаётган, айни пайтда кучайган, сурункали ва доимий кўз оғриғидан азоб чекар эдим. Мен яна амалга ошган истакнинг ғамгин поёнига етиб келганимни ва ҳаётимнинг қайтадан маъно кашф этиши учун энди қандайдир янги даврга қадам қўйиши лозимлигини яққол ҳис этиб турардим. Кўп йиллар давомида ва кўплаб қурбонлар эвазига мен, ниҳоят, узлатга чекинган, у ерда, ўз кулбамда яширин ва ёлғиз ўзим ўз эрмакларим ва иллатларим – ўйлаш, фикр юритиш, мулоҳаза қилиш, хаёл суриш, ўқиш, расм солиш, май ичиш, ёзишга берилган эдим – мана, энди бу истак амалга ошиб бўлган, бу уриниш тугаб-битган эди, кўзларим оғрир, иш эса, мутолаа ва расм солиш билан биргаликда энди ортиқ бахтиёр қилмасди ва мана шу ҳолатдан, у тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етиб, мени ўз ёғига қовуриб бўлгач, қандайдир янги имконият, янги ҳаётга уриниш, бошқача шаклга кириш рўй бериши лозим эди, бу эса, мен билан тез-тез содир бўлиб турарди. Энди қийинчиликларни бошдан кечириш, кўзни юмиб, ўзимни камситиб, тақдирга тан бериш керак эди. Демак, шу нуқтаи-назардан ноябр ойининг бошига белгиланган Улм сафари, мен учун жуда ўз вақтида эди. Ҳатто у бошқа ҳеч нарса олиб келмаса ҳам, ўзгариш, янги манзаралар, янги одамларни бошлаб келар эди. У ёлғизликка барҳам бериб, хайрихоҳ-ҳамдард, диққат-эътиборли бўлишга мажбур қилар, ташқи дунё томон йўлларди, қисқаси, сафар мен учун айни муддао эди. Режалар туза бошладим. Улмдаги адабий кеча олдидан, айнан шу кеча олдидан Блаубойренга тушиб ўтмоқчи бўлдим, сабаби, шундай ўқишлардан сўнг менда тез-тез пайдо бўлиб турадиган маъюслик ва нафратни ўзим билан бирга у ёққа, гўзал Лау ва дўстим ҳузурига ҳам олиб боришни сира хоҳламасдим. Шундай қилиб, октябр ойининг охирида жўнаб кетишим лозим эди. Бироқ менинг Тессиндаги қишлоғимдан Блаубойренгача йўл олис эди, мен бу узун ва узоқ сафарни қисқа, калта, ёқимли бўлакларга бўлишим, уни маъқул ва мақбул қилишим керак эди. Ҳар эҳтимолга қарши, Цюрихга қўниб ўтишга қарор қилдим, у ерда менинг дўстларим бор эди, у ерда ўзимни меҳмонхонадаги ҳаётнинг хафагарчи¬ликларидан халос қилиб, шаҳар ҳаёти билан бироз овунишим, яхши май ичиб, кўнгил ёзишим, кино, эҳтимол, театрга ҳам тушишим мумкин эди. Бироқ бундоқ ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, бу саёҳат анча қимматга тушар экан, Улмдаги кеча учун тўланадиган қалам ҳақи эса, сафар чоғида кунларни ҳафталарга улаб юборадиган одам учун мўлжалланмаган эди. Шунинг учун тўсатдан Аугсбургдан омма олдида чиқишга яна бир таклифнома келиб қолганда, ҳеч нима деёлмадим. Аугсбург, билишимча, Улмдан атиги икки соатлик йўл эди, демак, оралиқ бекатда тўхтаб ўтишга ҳеч қандай ҳожат йўқ эди. Аугсбург учрашувини Улмникидан икки кун кейинга белгиладим ва биз бунга келишдик. Энди менинг сафарим анча аҳамиятли ва ишонарли бўла бошлаганди, чунки мен энди на фақат қадимий шваб шаҳарлари Улм ва Аугсбургни кўраман, балки Аугсбургдан, албатта, Мюнхенга ҳам бориб келаман, деб ўйлардим, у ерда эса менинг дўстларим кўп, қачонлардир, анча йиллар муқаддам, урушдан аввал, улар билан кўплаб ажойиб ва қувноқ кунларни ўтказган эдик.
Олдиндан Цюрих, Улм ва Мюнхендаги дўстларим билан боғландим, уларнинг самимий жавоб ва таклифлари ушбу саёҳатга бўлган иштиёқимни янада кучайтирди ва узоқ фикр-мулоҳазалардан сўнг, менга Цюрих ва Блаубойрен ўртасидаги масофани ҳатто бир кунда босиб ўтиш мумкиндек туюлди. Тўғри, бунинг учун Цюрихга ўшанда эрталаб соат етти ёки саккизда жўнаб кетиш зарур эди, бу эса октябр охирида менга алам қиларли даражада барвақт бўлиб туюларди, шундай бўлса ҳам, ахийри озгина қурбон берсам нима бўпти, деган ўйда жилмайганимча, жадвалдан ўзимга қулай поездларни кўчириб ёзиб олдим.
Ёз ойларида менинг асосий машғулотим – адабиёт эмас, балки рассомлик бўларди, ўзимизнинг гўзал ўрмонлар ёқасидаги каштанлар остида ўтириб, кўзларимнинг қуввати етганича, Тессиннинг қувноқ тепаликлари ва қишлоқларини акварел бўёқлар билан тиришиб чизардим, уларни дунёда ҳеч ким менчалик яхши билмайди, деб ўн йилдан бери ўйлардим ва ўшандан бери уларни анча яхшироқ билиб олган эдим, чизган суратларим солинган жилд тобора қалинлашиб борарди, аста-секин, билинар-билинмас, йилма-йил далалар янада сариқроқ товланарди, тонглар янада салқинроқ бўлиб, оқшомда тоғлар бинафша рангга кўпроқ кўмила борарди, ўзим ҳам яшил рангга энди сариқ ва қизил рангларни тобора кўпроқ қўшиб борардим. Экинзорлар бирдан ҳувиллаб қолди, очиқ замин тўқ қизил тусга кирган, капут-мортуум8 ҳолатида эди, маккажўхоризорлар эса олтиндек товланарди, сентябр келди, куз фаслининг илк очиқ кунлари бошланди. Фонийлик чақириғи менга бошқа ҳеч қайси бир вақтда худди мана шу кунлардагидек баралла эшитилмайди, йилнинг худди шу фаслида, гўё ичкиликбоз асл майнинг сўнгги қадаҳини шимираётгандек, замин рангларини авайлаб ва ташналик билан сипқораман. Ўзим бироз иззатталаб бўлган мусаввирликда ҳам кичикроқ муваффақиятларга эришдим: бир нечта суратли варақларни сотиб юбордим, битта немис ойномаси эса бир ёзувчининг Тессин манзараси ҳақидаги мақоласини расмлар билан безашимга рози бўлди; мен суратларнинг босма нусхаларини кўрдим, мусаввир сифатида гонорар олдим, шунда миямга, эҳтимол, адабиётдан бутунлай кетиб, ўзимга ёқимлироқ бўлган рассомлик ҳунари билан тирикчилик қилсаммикан, деган фикр келди. Бу яхши кунлар эди. Лекин хурсандлигимдан кўзларимни толиқтириб қўйиб, ортиқ расм чизолмай қолдим, куз бўлса ўзининг бир талай аломатларини намоён қила бошлади, шунда мени безовталик тутди. Модомики, ҳозирги ҳаётим палласи инқирозга юз тутаётган экан, модомики, ўзгариш, янгиланиш, саёҳат учун азму қарор қилган эканман, энди ортиқ кутишнинг маъноси қолмаган эди. Ниҳоят, сентябр охирида йўлга тушишга қарор қилдим.
Шу аснода ишлар бирдан кўпайиб кетди. Агар ҳозироқ жўнайдиган бўлсам, нарсаларни бир неча ҳафтага мўлжаллаб жойлашим керак бўларди, лекин мен бу ҳафталар давомида йўловчидек бўлишни хоҳламасдим, балки йўлда турли жойларда қулайроқ жойлашиб олиб, эҳтимол, ёзиш ниятим ҳам йўқ эмас эди. Шунинг учун ҳарҳолда ўзим билан рассомлик ашёларини ва яхши китоблардан бир даста олволмоқчи бўлдим. Уст-бош ва ич кийимни тартибга келтириш, тугмаларни қадаш, йиртиқ-ямоқни тикиш керак эди. Сўнгги сонияда қора костюм сўзга чиқиш учун унчалик тўғри келмаслиги маълум бўлди ва бунинг чорасини кўришга тўғри келди. Чамадонни ёпиб улгурмасимданоқ яна битта таклифнома келиб қолди, у Нюрнбергдан бўлиб, у ерга тўғри Аугсбургдан етиб боришим таклиф қилинган эди. Буни энди яхшилаб ўйлаб кўриш зарур эди, Нюрнберг менинг сафаримга кўнгилдагидан ҳам зиёда мос тушарди, бу ўқимишли саёҳатчи учун Улм ва Аугсбург шаҳарларига бутунлай зарур қўшимча бўлиб, уларни тўлдирар эди. Ва мен Аугсбургдан кейинги кунга эмас, балки ундан беш кун кейинга рози бўлдим. Аугсбург ва Нюрнберг ўртасидаги масофани муносиб тарзда босиб ўтиш учун бу вақт, шубҳасиз, етиши лозим эди.
Мана энди йўлга тушсам ҳам бўларди. Менинг биринчи манзилим Цюрих эди. У ердан мен Баден-Лимматга тушиб, бироз даволанмоқчи эдим, у ер шифобахш олтингугуртли булоқлари билан машҳур эди. Катта чамадонни жўнатиб юборгач, қўлимда майда юк қолди, сентябр қуёши эса чунонам чарақлаб нур сочар, узумзорлар ғарқ пишган бошларини кўз-кўз қилар, буларни ташлаб, салқин кулранг Цюрихга жўнавориш гуноҳ бўлар эди. Узум териш ҳақида бирров ўйламаганимни қаранг-а! Бироқ Локарнода менинг дўстларим бор эди, уларни аллақачонлардан бери кўрмагандим. У ерда мен қуёш ва узум билан хайрлашмасдан туриб, янги ҳаёт бошлашим мумкин эди. Локарнога қараб йўл олдим.
Мен тўғри йўл тутдим. Локарно сафаримнинг бошланиши учун яхши бўлди. Мен энг яхши, энг кунгай Бриона ва Гордола қияликларида бўлиб, ширин узумдан вазирларга қараганда бир неча фунт кўпроқ тановул этдим ва узоқ давом этган ёлғизликдан сўнг яна дўстларим билан ўтириб, гурунглашиб маза қилдим. Бундай суҳбатлар чоғида инсонда яшайдиган қандайдир оний лаҳзаларни лаблар ва кўзлар ифодалай олса-да, уларнинг барча энг яхши ва ўзига хос томонларини тасвирлашга қалам ожизлик қилади. Ҳеч қайси бир санъатда алоқа-муносабат санъатидагидек ўзимни шу даражада дилетант ва янги одам сифатида ҳис қилмагандим, бироқ ҳеч бири мени уларнинг дўстона қуршовида ўтказганим камдан-кам насиб бўладиган соатлардагидек қойил қолдирмайди. Тамаро узра қуёш ёрқин нур сочиб турар ва гарчи қирғоқ бўйидаги ажойиб хилватнишин ва қаровсиз Ривапьяна сўқмоғи ўзининг илгариги жозибасини йўқотган бўлса-да, бу сувли жой бундан ўн йиллар муқаддам қандай бўлган бўлса, бугун ҳам ҳамон севимли хилватгўша сифатида қадрли эди. Меҳмонхонадан озгина узоқлашишинг билан эса, саёҳатчилар маъқул топган бир қатор кўчалар ортда қолади ва ёввойи тоғли ўлкага кириб бориб, ўзингни Европадан ташқарида ва вақтдан холи, тошлар ва буталар, калтакесак ва илонлар орасида ҳис этасан, қашшоқ, бироқ илиқ ва самимий, ранглар ва майда-чуйда ажойиботларга тўла мамлакатга бориб қолгандай бўласан киши. Бу ерларда мен олдинги йилларда капалак ва калтакесакларни ўрганган, чаён ва бешиктерватарларни тутган, мўйқалам билан илк этюдларимни чизган ва Рио исмли дайди ит ҳамроҳлигида жазирама иссиқда бузуқ йўллар бўйлаб бир неча кун тентираб юрган эдим. Ҳамма жойда ўша кездаги ҳидлар ҳали ҳам сақланиб қолган, ҳаммаёқда менга таниш икир-чикирлар, уй бурчаги, боғқўра менга илгариги ҳаётимнинг энг оғир пайтида насиб этган ўша тинчланиш ва соғайиш соатларини ёдга солар эди. Шварцвалддаги туғилиб ўсган жонажон шаҳримдан ташқари, гапнинг тўғриси, Локарно атрофидаги фақат мана шу жойлар менда ҳақиқий ватан туйғусини уйғотар ва бундан менда ҳали ҳам нимадир сақланиб қолган ва бу мени хурсанд қилар эди.
Мен Локарнода тўрт ёки беш кун турдим ва учинчи куниёқ сафар неъматларидан бирини ҳис қилдим, бу ҳақда илгари сираям ўйламаган эканман. Мен почтани олмаётган эдим! Почта келтираётган барча ташвишларим, кўзларимга, юрагимга, кайфиятимга билдирилаётган барча даъволар ва барча талаблар тўсатдан ғойиб бўлди! Албатта, бунинг андаккина дам олиш эканлигини, мен кўпроқ турадиган кейинги жойда ҳарқалай яна бу барча қақир-қуқирларни, ҳеч бўлмаганда хатларни менга жўнатиб туришларини сўрашимга тўғри келишини билардим. Бироқ бугун, эртага, индинга ҳам почта келмайди, мен – инсон худонинг бандаси, кўзларим ва фикрларим, вақтим ва кайфиятим ўзимники, биргина ўзимники ва дўстларимники эди. Ўзларини эслатиб турадиган на таҳририятлар, на корректура сўровчи ноширлар, на дастхат тўпловчилар, ўз асарлари хусусида маслаҳат сўрайдиган на ёш шоирлар, на гимназия ўқувчилари, на қандайдир немис мутаасиблари уюшмаларидан келган дўқ-пўписа ва ҳақорат билан ёзилган хатлар юборилмас, бунда, жимжитлик ва осойишталикдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди! Тавба, почтасиз бир неча кун яшаб кўрсанг, кун сайин, бутун умр бўйи қанақанги ахлат уюмини, қанчадан-қанча бадҳазм, бемаза нарсаларни ютиб юборишингни тушуниб етаркансан. Бу худди шундайки, бирмунча вақт газета ўқимай қўйгач (мен ўзим кўп йиллардан буён шундай қиламан), ҳар куни эрталабки соатларингни қандайдир бемаъни сафсатага сарфлаб, қандайдир бемаза нарсалар билан – бош мақоладан тортиб, то биржа бюллетенигача – дилни пора, кўнгилни вайрон қилаётганингни билиб, уялиб кетаркансан, киши. Ва почтанинг йўқлиги мени ҳаммавақт, айнан бирон нимани ўйлашимда ҳам, бирон нарсани унутишимда ёки тасаввур қилишимда ҳам қўллаб-қувватлаётганлиги қандай ёқимли-я! Сенга тинмай адабиёт ҳақида, қандайдир табақа, аллақандай касб, шубҳали ва унчалик дуруст бўлмаган, шунинг учун ҳам ҳурмати ўзига яраша бўлган касб эгаси эканлигингни, қачонлардир, ёшлигингда билмасдан қандайдир истеъдодни касбга айлантириб, хато қилиб қўйганингни эслатмаётганлари-чи. Шундай маза қилиб ва айтиш мумкинки, онгли равишда ва эҳтиёткорона дам олардим, айни пайтда шундайин хаёлларга ҳам борардимки, мана шу ҳолатни узоқроқ чўзишнинг, ҳеч ким тополмайдиган бўлволиб, манзилдан мосуво бўлиб, осмондаги ҳар қандай бечора қушга, ердаги ҳар қанақанги ночор чувалчангга, ҳар бир этикдўз шогирдига ўхшаб ҳеч нарсани ўйламасдан бахтиёр яшашнинг, машҳур бўлмасликнинг, ошкораликнинг ифлос, сохта, нафасни бўғадиган муҳитида яшамасликнинг иложи бормикин, бунинг қандайдир йўлини топса бўлмасмикин!
Бироқ адабиёт ҳақидаги хотиралардан буткул халос бўлолмадим. Мен танишган бир китобхон каминани “Петер Каменцинд” муаллифи сифатида завқ-шавқ билан қутлади. Мен қизариб кетдим. Унга нима ҳам дейишим лозим эди? У китобни эслолмайман, уни ўн беш йилдирки, бошқа ўқимаганман, хотирам ҳам сустлашиб, тез-тез уни “Зекингенлик карнайчи” асари билан адаштириб юбораман, дейишим керакмиди? Ё, яхшиси, китобнинг ўзини эмас, балки фақат унинг ҳаётимга кўрсатган таъсирини ёмон кўришимни, унинг мутлақо кутилмаган муваффақияти мени бир умрга адабиётга гирифтор қилгани, ҳар қанча уринмай, ундан ҳали-ҳануз халос бўлолмаганлигимни айтганим маъқулмиди? У барибир ҳеч нарсани тушунмасди, у менинг ўз шахсий адабий номимга бўлган нафратимни (буни мен аччиқ тажрибамдан билардим) муғомбирлик ва камтарлиги билан мақтаниш деб қабул қилган бўлар эди. Нима бўлганда ҳам у мени нотўғри тушунган бўлар эди. Шундай экан, мен унга бу гаплардан ҳеч нарса демадим, қизарганимча, биринчи қулай фурсатдаёқ сездирмай жуфтакни ростладим.
Кейин, ниҳоят, ёз ва жануб билан қатъий хайрлашиб, Цюрихгача тўхтамасдан йўлимда давом этганимда, менга сафарнинг яна бир бошқа неъматини ҳис этиш ёқимли эди – йўл олдидан енгил хайрлашаркансан, киши. Илгари, уйга қайтаётиб, локарнолик дўстларимни тарк этаётганимда мени ҳамиша ҳис-туйғу чулғаб олардики, гўё биз энди тез орада кўришолмаймиз, ва улар билан хайрлашиш мен учун анча оғир кечар ва одамни эзар эди. Мен шу жиҳатдан ҳам нозамонавий одамманки, ҳар қандай ортиқча ҳиссиётга берилишларни рад этмайман, улардан нафратланмайман, аксинча, ўз-ўзимдан сўрайман: очиғи, ҳис-туйғу бўлмаса агар, ўзи биз нима билан яшаймиз, ҳаётни қандай ҳис этамиз? Халта тўла пулим, банкда яхшигина жамғармам бўлса, шимнинг тахи бузилмаган, бўйи етган барно қиз ёнимда бўлса-ю, юрак қурғур “жиз” этмаса, тўлқинланмаса, булардан менга нима фойда? Йўқ, бошқа бировларнинг ортиқча ҳиссиётга берилишларини ёқтирмасам-да, ўзимники ўзимга ёқаверади ва эҳтимол, бироз эрк бериб юбораётгандирман ҳам. Ҳис-туйғу, назокат, енгил ҳаяжон – булар менинг сеп-сидирғам-ку, мен улар билан яшашим лозим. Агар мен мушакларим кучи билан тирикчилик қилганимда, курашчи ё боксчи бўлганимда, ҳеч ким мендан мускуллар кучини иккинчи даражали деб ҳисоблашимни талаб қилмаган бўларди. Агар мен дилда санашнинг устаси бўлиб, катта идорани бошқарганимда, мендан ҳеч ким оғзаки ҳисобда усталикка қандайдир норасолик сифатида нафрат билан қарашимни талаб қилмаган бўлар эди. Шоирдан эса ҳозирги замон, баъзан ёш шоирларнинг ўзлари ҳам ўзларидан айнан инсонни шоир қиладиган туйғулар: кўнгилчанлик, севиб қолишга, муҳаббат-ишқ ўтида ёнишга қодирлик, мислсиз ва ғаройиб ҳис-туйғуларни сезиш, уларга берилишни ёмон кўришни – айнан ўз кучига нафрат билан қарашни, ундан уялишни ва “сентиментал” деб аташ мумкин бўлган барча нарсадан сақланишни талаб қилади. Нима ҳам дердим, талаб қилса, қилаверсин; мен бунга қўшилмайман, менга ўз ҳис-туйғуларим дунёнинг бутун довюраклигидан кўра минг марта қадрлироқ, айнан улар мени уруш йилларида ботирларнинг сентименталлигига шерик бўлишдан ва отишмалардан завқланишдан сақлаб қолдилар.
Шундай қилиб, кўнглим хотиржам бўлиб жўнаб кетдим. Бунақанги хайрлашув чоғида, агар уйга, кулбангга эмас, балки дунёнинг қайнаган жойига кетаётган бўлсанг, ҳеч қанақанги азоб йўқ, аксинча, ҳатто ўзингни қолаётганлардан қандайдир устун ҳам сезасан, ҳеч тутилмасдан тезда қайтишга ваъда ҳам бериб юборасан, бунга ўзинг ҳам ишонасан, ахир сен ўзи йўлдасан-ку, сафардасан-ку. Бундай енгил хайрлашув Готҳартдан ўтиб бораётганимда қалбимда Локарнонинг сўнгги акс-садоси бўлиб янгради. Ва почтани менга Цюрихдалигимда эмас, балки фақат Баденга юборишларини сўрашга қарор қилдим.
Бу йўлда менинг ҳаётимда қандайдир рол ўйнаган бекатлар кўп: Гёшенен, Флюэлен, Цуг ва айниқса, Бруннен, у ерда Отмар Шёк9 шу ёзда ўзининг “Пентесилея”сини тугаллаганди – унинг мўъжазгина хонасида рояль атрофида ўтган ўша илк оқшом дилимда ўчмас хотира бўлиб қолган эди. Ана шуларнинг барчасини босиб ўтиб, Цюрихга етиб келгач, шаҳар ҳаётига шўнғиб кетдим. Демак, “Цюрих” ҳам шундай сўзки, у ҳар бир киши учун қандайдир бошқача маънони ҳам англатиши мумкин. Камина учун у кўп йиллардан буён Осиё билан боғлиқ ниманидир англатади, бу ерда менинг Сиёмда10 кўп йиллар яшаган дўстларим бор эди, мен уларникига тушдим, бу уйда мени Ҳиндистон, денгиз ва олис ўлкалар билан боғлиқ хотиралар, гуручнинг ва карри*нинг хушбўй ҳиди, ярақлаб турган тилларанг Сиём жавон-ибодатхонаси, мис Будданинг босиқ нигоҳи қарши олди. Ушбу экзотик макондан шаҳарга чиқиб, замонавийлик, хушчақчақлик, башанглик билан ошно бўлиш, мусиқа, театр ва кинога тушиш мен учун яна бир неча кун ҳақиқий ҳузур-ҳаловат эди.
Шаҳарга ҳали-ҳануз мутлақо болаларча муносабатда бўламан. Ўзим учун у ҳақда умумий тасаввур ҳосил қилишим қийин, мени ҳар доим майда-чуйда тафсилотлар жалб қилиб, қизиқтириб қўяди, трамвайдаги йўловчиларнинг чеҳраларига разм соламан, плакатларни ўқийман, гавжум кўчалар бўйлаб, қўллари чўнтагида, ғизиллаб велосипед ҳайдаб бораётган бирор монтёр ёки шогирд болани кўриб, завқланаман, унинг хиргойи қилаётган қўшиқчасини эслашга уриниб кўраман, тиқилинч чорраҳа ўртасида туриб, катта оқ қўлқоп кийган, тиғиз ҳаракат қатновини бошқараётган полициячини узоқ кузатаман, кинотеатрлардаги эълонлар диққатимни тортади, дўконларнинг витриналаридаги китоблар, ўйинчоқлар, мўйна кийимлар, сигаралар ва бошқа ажойиб нарсаларнинг кўплигидан ҳайратга тушаман, кейин ён томондаги кўчаларга, мева ва кўкат дўконларига, эскифурушлар, эски почта маркаларига тўла чанг босган қоғозлар кўриниб турган кичкина, хира витриналари олдига бориб қоламан, яна қайсидир транспорт йўлига чиқиб олиб, автомобиллар орасида ҳаётимни хавф остига қўяман, шундан сўнг тезда чарчаб, ўзимни бирон ёққа, шундаям қаҳвахонага эмас, замонавий ресторанга эмас, балки балиқчилар ёки латтафурушларнинг мавзеига, ё қандайдир тутун босган кичкина қовоқхонага ураман, у ерда блуза (яктаксимон уст кийим) кийган почтачи ва хат ташувчилар барча столларда кўплаб тайёр териб қўйилган ўрама кулча, колбаса бўлакчалари ва пиширилган тухумлардан тановул қилиб, оқ шароб ичиб ўтиришади. Милан ёки Цюрих, Мюнхен ёки Генуя бўладими, мен, одатда, шунақанги жойларда, кўримсиз ва исқирт тор кўчаларда бўламан, майхоналарга кираман, у ерларнинг бирдан-бир безаги иккита тилла балиқча солинган банка ёки қоғоз гулдаста бўлади, деворда эса Наполеон Учинчининг ёки шаҳар атрофидаги атлетика клуби жамоасининг сарғайиб кетган фотосурати осиғлиқ туради, бу манзаралар нимаси биландир мактабда ўқиб юрган йилларимда киришим ман этилган пивохоналарда илк бор бўлган чоғларимни ёдга солади. У ерда маҳаллий оқ шаробни қалин қадаҳларда ичишади, яхши шароб, уни столларга қўйилган, устига зира сепилган турли хил егуликлар, пишириқлар, паррак қилиб кесилган йўғон колбаса билан газак қилишади. Бу жойларда мамлакат ва халқнинг соф ва қудратли нутқини эшитасан ҳамда одамларнинг кийиниши, либосига қараб, уларнинг қайси табақага мансуб эканлигини билиб оласан, киши. Мўйнали пўстин кийган ҳайдовчи кириб, пештахта олдида тикка турганича ароқ тўлатилган қадаҳни бўшатди ва ўзини бой-боён кўрсатиб, хўжайиннинг елкасига қоқди, итни бир тепиб, оғзини артди-да, эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди. Устидаги кийимининг яғири чиққан, рангпар бир хотин кириб, эшик олдида ўзини паст олиб бир дам турди, сўнг оёқ учида юриб, бекага яқинлашди, енг ичида бўш шишани кўрсатиб, бир нималар деб шивирлади, кейин эса, қуп-қуруқ чиқиб кетди. Бир йигит эшикдан бош суқиб: “Роберт шу ердами?” деб сўради, хўжайин унга: “У бугун эллик еттинчидаку” дея жавоб қайтарди. Қизил духоба қопланган стул ва тувакда хонаки пальма кўтариб, хат ташувчи кириб келди. У стулни деворга тираб, пальмани столга қўйди, ўтиргач, бир йўла икки қадаҳ янги солинган шароб буюрди. Бу воқеаларнинг барчаси менга қизиқарли эди, уларни узоқ, икки, уч қадаҳ бўшагунга қадар кузатиб ўтираверардим, бунинг сабабларини ўрганишга эса ҳали вақт топганимча йўқ.
У қадар иштиёқим баланд бўлмаса-да, кинога ҳам тушиб тураман, айтиб қўяй, камина Чаплиннинг энг самимий қадрловчи ва уни энг тушунадиган мухлислариданман. Италиялик Мачистани ҳам жуда яхши кўраман, аммо тарихий сулолаларнинг кийим-кечаклари тасвирланган катта дабдабали фильмларни ёқтирмайман: улар насиҳатомуз.
Мен, шунингдек, Халқаро санъат кўргазмасида ҳам бўлдим, у ердаги бутун аралаш-қуралаш орасида Карл Ҳофернинг11 расмлари гўзаллиги ва кучлилиги билан ажралиб турганлигини кўриб, хурсанд бўлдим. Шундан сўнг бир неча рассомлар ва адиблар билан қаҳвахонада ўтириб, қисқа вақт ичида санъат оламидаги барча янгиликлардан баҳраманд бўлдим.
Бу юришларнинг ҳар биридан сўнг мен мамнун ҳолда яна Сиёмга қайтар ва Будда ҳузурида, хитой косалари қуршовида ҳордиқ чиқарардим. Яна меҳмон бўлиш, самимият ва хайрихоҳликни ҳис этиш, ким биландир гурунглашиб, ким биландир жиддий суҳбатлашиш, яна ким билан кулишиб, кимдир биров билан қадаҳ уриштириш – бу одамови ва ишлаб чарчамайдиган хонанишин киши учун саёҳат пайтидаги энг ажойиб дамлар эди. Қандайдир бир даврага қўшилиш, бирор кимса билан бирлашиб, ва биргалашиб яшаш, бошқа бировлар билан қандайдир доимий симбиозга12 эришиш менга узоқ вақт ва ҳеч қачон насиб этмаганди. Аммо менга, бахтимга, қисқа муддатга бўлса ҳам ҳамиша жонажон дўстларимни топиш насиб этарди ва мен кўнгилдагини яширмай, очиқ-ойдин гаплашиш, ортиқча эҳтиёткорликни йиғиштириб қўйиб, борини тўкиб солиш имкониятидан роҳатланардим. Дўстларимнинг, шу жумладан, мени анча яқин биладиганларнинг, барча номаъқулчиликларим ва қизиқ одатларимга қарамасдан менга ҳарҳолда содиқ қолганликларини андак бемаъни ҳаётимнинг бирдан-бир ишонарли тарзда оқланганлиги, деб биламан.
Цюрихдаги бир неча кунлик саёҳатим ниҳоясига етди. Ёзиш ва расм солишни ният қилиб, Баденда, Веренаҳофда узоқ муддатга тўхтадим, бу ерда мени ҳақиқатан ҳам почта кутиб турарди, ундан атиги ўн кунгагина қутулган эканман. Яна: “Муҳтарам жаноб! Ҳамкорликка таклиф этиб, кўрсатган илтифотингиз учун ташаккур, бироқ афсуски…” қабилидаги откриткаларни ёзиб, жўнатишга тўғри келди.
Яна омма олдида сўзлашга таклифномалар келган эди, улардан биттаси: замонавий Европанинг Шарққа, Ҳиндистон, Хитойга интилиши ҳақида маъруза ўқиш ҳақидаги таклиф мени ҳатто қизиқтириб қолди. Агар маъруза жойи Олмониянинг олис шимолида бўлмаганда ва умуман, менда маъруза ўқиш истеъдоди бўлганда эди, бу ҳақда баъзи бир нарсаларни гапирса бўларди, турган гапки, Осиёга муҳаббатни шунақа жўн усул билан намоён қилиш имкониятидан мамнун бўлар эдим. Бироқ маъруза ўқиш – менинг ишим эмас, бир куни ҳаракат қилиб кўрган эдим, зўрға амалладим, ўша куни шу қадар ҳаяжонландимки, қолган бутун умрим давомидаги барча аҳамиятли ва тантанали ҳолларда ҳам бунақа бўлмаган эди. Йўқ, раҳмат. “Муҳтарам жаноблар, Ғарб ва Шарқ тўғрисида маъруза ўқиш ҳақидаги таклифингизни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим, аммо афсуслар бўлсинким…”
Ёш ёзувчилардан бир қанча қўлёзмалар ҳам келган экан, илож қанча, гарчи хўрсиниш билан бўлса ҳам, аввал улар билан танишиб чиқишга қарор қилдим. Бироқ иккинчи куни ўқишни тугатгач, кўзларим тамомила зўриқиб, қаттиқ оғрий бошлади ва уларга дока ҳўллаб босдим. Бундан ташқари, ёзувчилардан бирининг ўз қўлёзмасига илова қилиб ёзган хати менда ўта ёмон таассурот қолдирди, у шунақанги тилёғлама мақтов, шунақанги сохта ҳурмат билан ёзилган эдики, тезда унинг баҳридан ўтиб қўяқолдим. Шунга қарамасдан учаловига ҳам бирдек силлиққина қилиб – шундай, шундай, кўз оғриғи азоб бераяпти, котибим эса йўқ, афсуски, қўлёзмангизни ўқий олмадим, мазмунида жавоб ёздим. Сўнгра, қалин қўлёзмаларга манзилларини илова қилиб, маркаларни ёпиштирдим, ўн кунлик ҳордиқ, барибир, татимагани, энди эса кўзларимни яна авайлаб-асрамасам бўлмаслигини ноилож тан олдим. Жон деб, Баденга – даволанишга жўнавордим.
Даволанишни бошқа бир жойда таърифлаб ўтган эдим, шунинг учун уни яна такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. У ерда ўз шифокорим билан хўп ажойиб кунларни ўтказдим, ресторан соҳиби бўлса, камина ҳам унинг дўстларидан эмасми, мендан: “Жаноб Ҳессе, бир шиша поммарга қалайсиз?” деб сўраб турарди. Меҳмонлар ҳам йўқлаб келиб туришарди. Бир куни эски қадрдон дўстим Писториус13 келиб қолди, уни анча йиллардан бери кўрмаган эдим, ўзгариб кетибди, миннатдорлик билан яна унинг номаълум-жўшқин, илоҳий аломатларга тўла қалб дунёсига кириб бориб, бир замонлар у билан бирга бошлаган ишларимиз, ўзимда шундан буён кечган ўзгаришлар ҳақида ҳангомалашдик. Кутилмаганда Луи Бераҳм14 ҳам келиб қолди, қўлида сафархалта, йўл-йўлакай кирган экан. У ижод қилиш учун Балеар оролларига отланган экан, мени ҳам ўша ёққа боришга кўп чорлади, шундан бери дараги чиқмай кетди.
Бадендаги дам олиш ўйлаганимдан ҳам кўра тез тугади; бу гал ҳам, ҳар доимгидек, ўзим билан бирга ўқиш ва ишлашни мўлжаллаб, жуда кўп нарсани олволган эканман. Нарсаларни энди яна қайтадан жойлаш керак эди. Барча китоблар ва фойдаланилган ич кийимларни ўзим билан Олмонияга кўтариб юриш ортиқча кўринди; оҳ-воҳ қилиб барча керакиз нарсаларни катта чамадонга жойлаб, уни ортга жўнатиб юбордим, бироқ йўлга отланаётган охирги куним, қолган нарсалар сафархалтага сиғмай қолди. Қора костюмни картон қутичага тиқиб, устидан каноп ип билан ўраб боғлашимга тўғри келди. Умуман, кейинги пайтда кечалари негадир ёмон ухлаётгандим ва йўлга тушишга эса сира юрагим бетламасди. Блаубойренга соат етти ёки саккизга яқин жўнаб кетишим лозим эди, у ерлик дўстимга шундай деб хабар қилдим. Энди мана бу лаънати қутичани ортмоқлаб, бунинг устига саёҳатим давомида керак бўладиган у-бу нарсани ҳам катта чамадонга солиб юборганимни билганимдан сўнг – енгилтаклик билан ваъдалар бериб юбораверишнинг оқибати нима эканлигини яна қайтадан бошдан кечирдим. Эртага эрталаб еттида Цюрихда бўлишим керак, мен эса ҳали ҳам Бадендаман, йўл тараддудидан шунақа тўйдимки, олтингугурт сувига яна уч ҳафта жон деб тушган бўлардим. Ундан кейин, уйқусиз тундан сўнг (илк саҳарда, тонг ёришмай ўрнимдан турсам, қандай қилиб веронал (уйқу дори) ичиш мумкин?), эртага Блаубойренгача бўлган бутун йўлни босиб ўтишим, орада Тутлингенга ҳам тушиб ўтишим, ва ниҳоят, Блаубойренга, икки кундан сўнг Улмда, кейин эса Аугсбургда, ундан сўнг Нюрнбергда нотаниш одамларга шеър ўқийман деб, ҳориб-чарчаб, бир алпозда кириб боришим керак! Бундай қилиш учун фақат жинни бўлиш керак эди! Йўқ, мен ҳозироқ Цюрихга жўнайман, у ерда тунаб, бир йўла дўстларим билан бу бемаъни фикрни ҳам ўйлашиб кўрамиз, яхшиси, учта қулинг ўргилсин шошилинчномани қотирамиз – шундай-шундай, қаттиқ шамоллаганлиги сабабли, жаноб тенор (энг баланд овозли нотиқ) етиб бора олмайди. Э, худога шукур-е.
Дўстимнинг аёлидан вокзалга чиқиб туришини илтимос қилиб, Цюрихга жўнадим ва уни кутиб ўтириб, йўл ташвишларини ўйлаб, кайфиятим бузилиб, картон қутичани қўлтиқлаганимча вокзал ресторанига кирдим, уч йил сақланган бир шишани майдалаб ўтирдим. Ҳаво салқин эди, шамоллаб, овозим хириллаб қолибди, Баденда қолавермаганимга ачиндим, аллақачоноқ уйга, Тессинга қайтиб кетмаганимдан афсусландим. Алиса келди ва уникига бордик, унга ўз ташвиш ва гумонларимни баён қилиб бердим, Будда менга юқоридан истеҳзо билан қараб турарди. Суҳбатдошим сафаримни давом эттиришим тарафдори эди; агар нохуш кайфиятим туфайли чекинадиган бўлсам, кейин афсусланармишман. “Нохуш кайфият” дегани ажойиб гап, ўйлардим мен, сизлар, ақли расо одамлар, эртага каллайи саҳарлаб туриб, поездда бир неча соатлаб юриб, аллақандай дастур ҳамда мажбуриятларни бажаришини ўйлаб, акамизнинг ҳоли не кечади, билмайсизлар-да. Мен ўзимни ҳимоя қилардим, ниҳоят, диалог кескинлашаётган эди, эртага барвақт туриб, йўлга отланишдан қатъиян бош тортдим. Нима ҳам дейишарди, ён беришди. Шундай қилиб, эрталабгача тўйиб ухлайман, ўшанда шошилинчномаларни жўнатишга ҳам вақт бемалол етади.
Енгил тин олдим, тун ва тонг менинг фойдамга ҳал бўлган эди. Дўстим ҳам қайтди, у билан бир қадаҳдан май ичиб, тушлик қилдик, веронал ҳам ичиб олдим ва эрталаб маъқул пайтдагина, ўн билан ўн бир ўртасида туришимни эълон қилдим. Картон қутича ўрнига ижарага Сиём, Сингапур ва Яванинг чиройли лавҳа, ёрлиқлари ёпиштирилган қулай чамадонча олдим ва тушдан сўнг, тақдирга чала-ярим тан бериб, немис чегараси томон йўлга тушдим. Энди, вақт ўтгач, билдимки, Блаубойренга бир ўтирганда етиб бориш ўзи аввалбошданоқ хато иш бўлган ва эрталабки илк поездда жўнаш аҳмоқона қаҳрамонликдан ўзга нарса бўлмаган бўлар эди. Блаубойренга бориш ўрнига мен фақат Тутлингенгача етиб олиб, у ерда тунайман ва худонинг паноҳида Клётцле-Блай ва дўстимнинг ҳузурига келишилганидан атиги бир кунгина кечикиб кириб бораман. Камина купеда ювошгина бўлиб ўтирарди, рўпарамда тиззаларини адёл билан ўраб олган аллақандай барваста савдогар ухлаб ётарди, ойналардан эса Боден кўли бўйида яшаган йилларимдан таниш жойлар лип-лип ўтарди; Райн ва Райн шаршараси, божхона хизматчиси ва паспорт текширувчи, Ҳегау тоғлари кўринди, бу ерлар ватаним бўлган эски замонлар кўз олдимда намоён бўлди. Зинген бекатида тўхтадик, шунда бу ерда яшовчи эски қадрдон дўстларимни эсладим, уларни кўрмасдан шунчаки ўтиб кетавериш яхши иш бўлмаслиги ҳақида ўйлаб қолдим. Лекин бўлғуси саёҳатим режасини тузаётганимда на Зинген ҳақида, на ушбу дўстларим ҳақида нега ўйлаб кўрмаганман, бунинг сабаблари менга аён эди: Боден кўли бўйида яшаган йилларимни эслашни ёқтирмаслигимга асосли сабабларим бор эди. Зингенда деразани очиб, перронга кўз ташлаган эдим, махсус кийим кийволган киши кўринди, у хушмуомалалик билан поезд бу ерда қирқ дақиқа туришини маълум қилди. Нима ҳам дердик, тушиб, шаҳарга қўнғироқ қилдим, дўстларим югуриб келишди, эр-хотин ва ўғли, талаба, уни охирги марта кўрганимда кичкинагина бола эди. Шундай қилиб, бу иш ўнгидан келди ва орадан қирқ дақиқа ўтгач, мен пок виждон билан яна йўлимда давом этдим. Тутлингенга яқинлашмасимиздан қоронғи тушди, чироқни ёқишгач, саксониялик савдогар уйғониб, тилга кирди. У норози кайфиятда, Италиядан қайтаётган эди, Италия ва Швейцарияда таъна-маломатга сабаб бўлаётган нарса кўп эмиш ва умуман…
– Биласизми, — деди у, — мени алдашиб бўпти, мен биламан гап қаерда, э, қўяверинг. Ҳаёт – бу турган-битгани алдамчилик, билсангиз, ана шунақа гаплар.
Унинг гапларига бутунлай қўшилишга тайёр эдим, фақат муомаласи ёқмади, шунинг учун индамай қўяқолдим ва Тутлингенга етиб келганимизни кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Мана, мен Швабияда, ватанимда эдим ва шваб шаҳарчасида тунаб қолишимга тўғри келарди. Бекатда мени меҳмонхона хат ташувчиси кутиб олди, у бошлаб борган меҳмонхона эски бўлса-да, яхшигина эди, у ерга кириб улгурмасимиздан кенг, ўқдек тўғри кўча узра тўлин ой кўринди. Демак, у мени бу ерда яна қарши олди, бу мен учун ёқимли эди. Мен қўнган меҳмонхона салобатли, кўҳна, каттагина эди, қулай хонага жойлашгач, доимо қизариб юрадиган кўзларимни совуқ сув билан ҳўлладим ва кечки овқатга товуқ шўрва буюрдим. Шўрва мазали эди. Тутлингенни ҳали яхши билмаганимданми, уйқу олдидан шаҳар бўйлаб бир оз сайр қилгим келиб қолди. Пальтомнинг ёқасини кўтариб, сигара тутатганимча, кўчага чиқдим. Катта кўчани билардим, у менинг назаримда, тунги шваб шаҳарчаси омолига унчалик яқин эмас эди, шунинг учун биринчи тор кўчага бурилдим, аллақандай лаш-лушларга туртиниб, ажриқзор қияликдан чиқдим, шунда яна бирдан ой кўринди, унинг акси ҳайратланарли даражада сокин оқаётган тунги сув юзида жилоланар эди, томларнинг учи бўзарган осмон бағрига найзадек санчилган, теварак-атрофда ҳеч ким йўқ эди, қаердадир, ҳовли девори ортидан итнинг ҳурган овози эшитиларди. Торкўчалар бўйлаб, дам қуйи, дам юқорилаб, секин-аста борардим, кўприкдан ўтиб, яна ортга қайтдим, юзимга сувнинг совуқ нафаси урилди, томларнинг учи туғилиб ўсган жонажон шаҳарчамда қандай бўлса, худди шундай эди, ва, ватаним ҳақида, ўзимнинг бемаъни ҳаётим ҳамда ёлғизликдаги кексалигим ҳақида ўй суриб борарканман, томлар ортидан яна ой кўтарилди, у энди оппоқ ва кичкина бўлиб қолган эди. Худди шу лаҳзада болалигимдан бир хотира эсимга тушиб кетди. Мени, эҳтимол, шоир бўлишга мажбур қилган (гарчи илгаритдан шеърлар ёзиб юрган бўлсам ҳам) дақиқани эсладим. Бу шундай бўлган эди. Биз, ўн икки яшар гимназия ўқувчиларининг оддий шеър ва ҳикоялардан, латифалардан иборат ўқиш китобимиз бўларди, мен уларнинг барчасини севиб ўқирдим, бироқ ушбу нарсалар орасида аллақандай бошқача, қандайдир ажойиб, бутунлай мафтункор, энг гўзал бир нарса бор эдики, мен уни ҳали ҳаётимда учратмаган эдим. Бу – Ҳёлдерлиннинг шеъри, “Тун” деб номланган парча эди. О, мен ўшанда шу бир нечагина сатрларни қўлдан қўймай ўқирдим, нақадар ҳайратланарли, нақадар сеҳрли ҳамда ёндирадиган ва бироз чўчитадиган эди бу ҳиссиёт: мана шеърият! Мана шоир! Қулоқларим остида илк бор онам ва отам тили нақадар теран, нақадар муқаддас, нақадар қудратли жарангларди, мен, бола учун ҳақиқий маъноси тушунарсиз бўлган ушбу фавқулодда зўр шеърлардан келажакни олдиндан кўра билиш сеҳри, сирли шеърият уфуриб турарди!

… Шом чўкди, юлдузлар жимирлар кўкда,
бизнинг ташвишлардан тамом холи, ҳур.
тоғ чўққиси узра сирли шукуҳ-ла
тўлин ой сурур-ла сочаётир нур.

Гарчи ёшлигимда талай китоблар ўқиб, ғоят қойил қолган пайтларим кўп бўлган эса-да, шеърий нутқ мени ҳеч қачон ушбу шеърлар каби ўзига мафтун этмаган эди. Кейинчалик, йигирма ёшимда “Зардўшт”ни ўқиб, мафтун бўлган чоғимда ҳам, ўша ўқиш китобидаги Ҳёлдерлин шеъри ва бола қалбининг санъат олдида илк ҳайратга тушиши дарҳол эсимга келган эди.
Демак, гўзал Лау ва шоир Мёрике ҳақидаги ғира-шира хотиралардан туғилган ушбу Швабияга сафар, ниҳоят, менга насиб этган эди, у менга ёшлик чоғларимнинг оҳангларини қайтариб, барча нарсанинг чамбарчас пайваста эканлигини кўрсатиб берганди. Ва ҳаттоки ушбу саёҳат умидсизликдан бошқа ҳеч нарса олиб келмаган тақдирда ҳам, Тутлингендаги ойдин кеча, ўшанда тўсатдан хотирага келган Ҳёлдерлин сўзи, ана шу лаҳзанинг ўзиёқ кифоя эди.
Бизнинг акамиз озгина нарса билан хурсанд бўлади, бўлганда ҳам фақатгина энг юксак нарса билан. Дард-алам, тушкунлик ва ҳаётга бўлган нафасни бўғадиган даражадаги нафрат орасида бирдан, қандайдир табаррук лаҳзада, чидаш қийин бўлган бу ҳаёт маъноси ҳақидаги саволга “ҳа” деган жавобни эшитсак агар, ҳатто кейинги сонияда уни бўтана тўлқин босиб кетган тақдирда ҳам – бизга шунинг ўзи етарли, бу билан биз яна узоқ яшайверамиз, ва на фақат яшаймиз, на фақат ҳаётга чидаймиз, балки уни севамиз ва шарафлаймиз ҳам.
Ҳёлдерлин тасвирлаган ой ва сув бўйидаги мудроқ кўчаларни ортда қолдириб, меҳмонхонага қайтдим, ҳаяжоним босилмаган, айни пайтда ёшлигимни ёдга солган муқаддас хилқат билан бўлган кутилмаган учрашувдан дилим таскин топган эди. Ушбу шеърлар бу оқшом қалбимда узоқ жаранглаб турди, ёшлигимнинг теран чашмасидан таралаётган сасни узоқ тингладим. Эҳ, бу овоз мени қаерларга чорламади, кўп йиллар давомида мени қандай олисларга бошқалар, қайд этилмаганлар учун муҳим ва қимматли бўлган барча нарсадан айро олиб кетмади дейсиз! Ушбу сеҳрли овоз, туғилганимизда пешонамизга битилганидан кўра юксакроқ ҳаёт, олижаноброқ инсонийлик ҳақидаги ушбу хатарли қўшиқ менга қанчадан-қанча тасвирлаб бўлмайдиган, теран ва танҳо бахтиёрликлар олиб келмади, мени изтироблар ва шубҳа-гумонлар ичра қанчалар адаштирмади дейсиз! У мен билан ҳар қандай воқелик ўртасига низолар солиб, адоват уруғини сочди, мени даҳшатли ва бедаво ғарибликка дучор қилди, ўз-ўзига нафратнинг жирканч чоҳига, мўминликнинг илоҳий жазаваларига гирифтор қилди. Ва агар бугун, турмушим тазйиқи ўсиб бораётган бир пайтда, қисқа вақт бўлса ҳам қандайдир бошқа паллага ўтиб, юморга мурожаат қилиб, воқеликка қизиқчилик тарафидан қарагудек бўлсам, бу ҳам ўша табаррук овозга “ҳа” деб жавоб беришдан, у билан воқелик ўртасидаги, омол билан тажриба ўртасидаги жар устига қурилган мўрт кўтарма кўприкларни бир зумга бўлса-да, олиб ташлашга уринишдан бошқа нарса бўлмайди. Ахир фожиавийлик ва юмор – булар бир-бирига зид тушунчалар эмас, ёки тўғрироғи, улар бир-бири билан шунинг учунгина қарама-қаршики, бири бошқасини муқаррар равишда талаб қилади.
Агар мен эртасига эрталаб, нонуштадан сўнг Тутлинген шаҳарчасини сеҳр-жодудан бутунлай халос ҳолда кўрадиган бўлсам, бунинг сабаби на фақат менда ёки эрталабки соатларда дунёдан бир нимани юлиб олиш қобилиятим йўқлигида эмас, йўқ, баобрў гувоҳларнинг тасдиқлашларича, Тутлингенни, умуман олганда, ҳушёр шаҳар деб аташ мумкин экан. Бундан хижолат чекмадим, шундай бўлса ҳам яна ўша сув бўйига ва учи ингичка томлар олдига бориб келдим ва ҳамма нарса ўз жойида эканлигига амин бўлдим, фақат ой ва ўша роҳатбахш тунги палланинг ўрни билинди. Демак, кечагина мен бу ерга айни пайтида, ўша бирдан-бир, камдан-кам учрайдиган, Тутлинген худонинг марҳаматига сазовор бўлган, сирли эртаклардагидек мислсиз, ажойиб шаҳарга айланган маҳал келган эканман. Бу ерни тарк этиш энди осон эди; бутерброд харид қилиб, Сиёмдан юборилган чамадонимни вокзалдан олдим-да, йўловчилар билан лиқ тўла якшанба кунги поездга ўтирдим, у тез орада гўзал Дунай водийсига кириб борди. Чарақлаган қуёш нурлари остида ястаниб ётган Бойрон15 ва Веренвагни16 кўриб, одамни ўзига тортадиган бу жойларга астойдил тушгим келди, бироқ Блаубойрендаги дўстимни эслаб, бу аҳдимдан қайтдим, ҳойнаҳой, у кеча кириб бормаганимга ҳафсаласи пир бўлиб, мени сабрсизлик билан кутиб ўтиргандир. Поезд қуюқ туман ичига кириб борарди, водийнинг қайсидир бурилишига етганда, кўм-кўк осмон ва қуёш бирдан ғойиб бўлди, энди вокзалларда жойларнинг номларини аранг илғардим. Мен тушдан сўнг, қиём тугар-тугамас кириб келган Блауталда ҳам ҳаво айниган, туман эди. Атиги бир дақиқа кечиккан қадрдон дўстим кичик Блаутал ва Блаубойрен сирлари томон олиб борадиган, келувчиларга бу ҳақда ҳеч нарсани англатмайдиган кенг, кўримсиз йўлдан мен томон чопиб келарди. Биз йиллар ўз изини қолдирган чеҳраларимизга термулишиб қараб турардик ва иккаламиз ҳам, ўйлайманки, ушбу учрашувдан бағоят хурсанд эдик. Ёшлиги кечган тупроғидан йигирма йилдан бери айро яшаётган мендек одам учун, ҳақиқатан ҳам мен билан болаликда бирга ўсган, мактабдаги лақабимни ва мени беш қўлдай яхши биладиган одамларни ҳар замонда бўлса-да, кўриш, бу ҳартугул фавқулодда ёқимли ва дилни шод этадиган воқеа эди. Ва илк ёшлик чоғларингдан билган, таниган одамларингни ҳар гал кўрганингда, уларнинг сираям ўзгармаганлигини қайд этиш нақадар таъсирли ва кулгили ҳол! Дўстим билан ҳам худди шундай эди. У билан дўстлигимиз бошланганида биз ўн тўрт ёшли ўспирин эдик, ва менинг тасаввуримда у ҳали ҳам ўша бола қиёфасида яшарди, агар энди унинг профессорларга хос ташвишли қадам ташлаши ва катта мўйловини, бироз ҳорғин қиёфасини ва сочларига оқ оралаганини ҳисобга оладиган бўлсак, буларнинг барчаси мени на чалғита олади, на лол қолдиради, у мен учун умрбод ўн беш ёшлардаги мактабдош бўлиб қолаверади, эҳтимол, мен ҳам унга шундай бўлсам керак. Буни эътироф этиш ёқимли эди, биз яхши кайфият билан оддий йўлдан водий томон юриб кетдик, гап билан бўлиб, ажойиб шаҳарчага кириб борганимизни ҳам сезмай қолибмиз, бу ерда хаёлга чўмган, қиррадор ва ҳашаматли томлари савлат тўкиб турган синчли кўҳна иморатлар кўп эди, улардан кейин эса бутхона ерлари бошланарди. Шу ерда яна соҳибжамол Лау ёдимга тушди, дўстимга унинг тарихини сўйлаб, Блаубойренда мен учун энг муҳим нарса – ана шу ертўла ва чўмиладиган жойни кўриш эканлигини айтдим ва ундан қулай фурсат топиб, мени ўша ерга олиб боришини илтимос қилдим. Бироқ дўстим бу ҳақда ҳеч нарса билмас экан, шунда ўзим ҳам ўйланиб қолдим: мабодо бу Мёрикенинг ўйлаб топган чиройли уйдирмаси эмасмикин? Шу ерда бизга бир одам учраб қолди, у бутхонанинг хўжалик бошқарувчиси ва назоратчиси экан, бундан ташқари у Блаубойрен жавоҳиротларининг билимдони, айни пайтда уларнинг ғайратли қўриқчиси ҳам экан. Ўз истагимни унга билдириб, воқеани Мёрике ҳикояси бўйича аниқ баён қилиб берган эдим, унинг чеҳраси очилиб кетди. Ҳа, албатта, бу ертўла бор, деди у, сувости йўли уни Блаутопф билан боғлайди ва у, вақтига қараб, мени у ерга олиб борадиган бўлди. Биз эртагалик маълум вақтни келишиб олдик ва дўстим яшайдиган собиқ бутхонага кирдик, бизни уй бекаси кутиб олди, улар бизга қараб ўтирган экан, дарров тушликка таклиф қилишди. Дастурхонда швабча картошка салати, ажойиб кучсиз безигҳаймер шароби – мана, ниҳоят, мен яна Швабияда, ватанимда эдим, ўзим яна швабча гапира бошладим, мен энди аллақандай ўткинчи йўловчи жаноб эмас, оға эдим, бемаъни зоҳид эмасдим, саволларга жавоб қайтарардим ва мактабдошлар ҳақида, собиқ муаллимларимиз ҳақида, уларнинг ўғил-қизлари ҳақида ҳикоялар тинглардим. Ўзим ўқиган гимназия собиқ директорининг ўғлини шу ерда учратдим, у профессор экан, яна бир мактабдош ўртоғимиз эртага келади, у қишлоқ руҳонийси, унинг ўғли шу ердаги мактабда ўқиркан.
Блаутопфга қилган илк саёҳатимиз ажойиб ва аҳамиятли бўлди, дарахтлар остидаги афсонавий сув юзида сарғайган япроқлар сузиб юрар, сой ва ҳовузлар ғоз ҳамда ўрдакларга тўла эди, чуқур сув тубида соҳибжамол Лау ўлтирар ва юқорига кўкиш табассумини йўлларди, шундоққина ён томонда эса қачонлардир ўтиб кетган аллақайси қиролнинг кулгили ҳайкали ёлғиз ва умидсиз қаққайиб турарди. Ҳамма нарсадан ватан, Швабия, жавдар нони ва эртаклар бўйи анқирди, шундай ажойиб, бутунлай ўзгача, ўзига хос жонли манзарани ҳаттоки энг янги олмон рассомлари ҳам билмасликларидан яна бир бор таажжубга тушдим. Ҳаммаёқда Лау яшириниб турар, ҳамма ердан асалли кулчаларнинг хушбўй ҳиди таралар, ёшлик ва болаликнинг, орзу-ниятларнинг, Ҳёлдерлин ва Мёрикенинг ҳам нафаси сезиларди, мен уларга бу ерда ҳайкал ўрнатмаганларидан афсусланмадим. Бу тушунарли эди, чунки швабларда қироллардан кўра ҳамиша шоирлар кўпроқ бўлган.
Роҳибалар ертўласига қилган сайримизни айтмайсизми! Йўлбошловчимиз бизни тик зинадан олиб тушиб, қоронғи гумбазсимон даҳлиз орқали баланд, мустаҳкам ва чиройли қилиб қурилган тош ертўлага бошлаб борди, бизга дунё томонларини ва сувости йўли қай тарафдан келиб туташганини кўрсатди, шунда сабрим чидамай чўмиладиган жой ҳақида сўраган эдим, у чўнтак фонари билан ушбу дабдабали хонанинг бурчагини ёритди. Биз одатдаги бемазагарчиликнинг гувоҳи бўлдик – нисбатан яқиндагина семонланган силлиққина доғга кўзимиз тушди. Демак, Лаунинг чўмиладиган жойи шу ер экан-да! Ушбу лаънати семон доғ остида қандайдир сирли, салқин сув оқарди, унда нозанин соҳибжамол кўксига қадар сувга кўмилиб, сузиб юраркан. Яхшиямки, меъморлар ҳар қалай семоннинг туйнугини ҳам эсдан чиқаришмаган экан, туйнукнинг қопқоғи ҳам бетондан бўлиб, уни кўтарганимизда, чироқнинг хира нурида қоп-қора сув ярқ этиб кўринди, биз туйнукни индамайгина, худди таҳқирланган жасадни ёпгандек, яна бекитиб қўйдик.
Шваблар ва бизга замондош бошқа халқлардан ҳақиқатан ҳам худолар бутунлай юз ўгирганми-йўқми, ҳақиқатан ҳам улар Лау ва Мёрике ҳамда бошқа барча шу каби мўъжизаларнинг қадрига етадими-йўқми, уларга эса ҳеч қайси бир немис ўлкаси Швабиячалик бой эмаслигини билишадими-йўқми, биз бу ҳақда гаплашмадик. Биз бу чалкаш ва мураккаб саволларни муҳокама қилиб ўтирмадик, бахтимизга Блаубойренда кўҳна дафиналар ва семонланмаган ўтмиш мероси ҳали жуда кўп эканлигини ўйлаб, хурсанд бўлдик. Биз барчасини – ажойиб меҳробни, хор ўриндиқларини, фусункор гумбазларни, бутхонадаги йиғинлар залини, мақбараларни бориб кўрдик, меҳр-муҳаббат билан кўздан кечирдик. Ва ўша оқшом, чорак соатча кўзим илинган экан, туш кўрибман, тушимда чўмиладиган жойига сузиб келаётган ва боши билан бетон қопламага урилаётган Лауни эмас, балки узундан-узоқ кўп ёқимли, ҳузурбахш нарсаларни кўрибман, буни ҳеч кимга айтгим келмайди. Биз, дўстлар учун, қолаверса, Блаубойрен ўша дин-диёнатли замонлардан қолган обидаларни зиёрат қилиб қайтганимиздан сўнг ҳам битмас-туганмас хазина бўлиб қолаверар эди. Бизга яқин бўлган ўрта асрлар даври бор эдики, у бизни ўзига мафтун қилаверарди, бу – бизнинг ёшлигимиз эди. Биз ўша афсонавий давр эсдаликларини, биз учун азиз ва ҳамон кулгили туюладиган синфда тушган суратларимизни томоша қилардик, афсуски, уларда мен йўқ эканман, мактаб заллари, ўқувчилар ётоқхонаси ва ошхонасини кўздан кечирардик, ёшликда бирга ўсган энг яқин ўртоқларимизнинг мактубларини ўқиб чиқардик, ўшанда Алтенбургда, Цвикау кўчасида турадиган дўстимизнинг қулоғи қизиган бўлса ажаб эмас.
Ўз тажрибамдан кўрдимки, швабиялик теолог ва филологлар аввалига темир йўл поездларидан кеч қолиб, сўнгги сонияда унга барибир етиб олишга ҳавасманд кўринишади. Биз билан ҳам худди шундай бўлди, ўрта аср даври чунонам тез тугадики, Улмга маърузага борадиган кун ҳам ёдимдан чиқаёзибди. Поездни ўтказиб юборишимга бир баҳя қолди, шу боисдан хайр-маъзур тантаналари насия бўлди. Қош қорайган пайтда Улмга етиб келдим.
Омма олдида чиқишга эътирозим сабаби – ёлғизликда яшовчи одамнинг дунёвий йиғинлар олдида қўрққанидан ўзини йўқотиб қўйишида эмас, йўқ, бу ерда мен жиддий, чуқур илдиз отган номувофиқликлар ҳамда зиддиятлар билан тўқнаш келаман. Улар қисқа ва қўпол қилиб айтганда, умуман адабиётга бўлган ишончсизлигимдан келиб чиқади. Улар мени на фақат жамоа олдида чиқиб сўзлаганда, балки иш пайтида янада кўпроқ қийнайди. Мен замонамиз адабиётининг аҳамиятига ишонмайман. Мен, албатта, ҳар бир замон ўз сиёсати, ўз аъмоллари, ўз модаларига эга бўлгани каби, ўз адабиётига ҳам эга бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бироқ мен ҳозирги замон немис адабиёти – бўш, саёз, умид қилиб бўлмайдиган, камҳосил, парвариш қилинмаган ердаги экин мисол, гарчи у қизиқарли ва муаммоларга тўла бўлса-да, пишиқ-пухта, мукаммал, умрбоқий асарлар яратиши амри маҳол, деган фикрдан сира қутулолмайман. Шунинг учун ҳозирги немис ёзувчиларининг (шу жумладан, албатта, каминанинг ҳам) чинакам асарлар яратиш йўлидаги уринишлари менга ҳамиша қандайдир ночор, ижоддан узоқ, тақлидгўйликдан иборат бўлиб кўринади; ҳамма жойда менга шаблон, жонсиз нусха, қолип изи сезилиб туради. Билъакс, ўтиш даври адабиётининг, ўз ишончини йўқотган муаммоли шеърият қадр-қимматини мен аввало уларнинг ўз мусибатлари ҳамда ўз даврининг кулфатларини очиқ-ойдин эътироф этишида деб биламан. Ҳозирги ёзувчиларнинг кўплаб ажойиб ва виждонан меҳнат қилинган асарларини қабул қилолмаслигим ва маъқуллай олмаслигим сабаби ҳам ана шунда, айни пайтда эса айрим ёшларнинг хом ва ғализ ишлари менда кўнгилдагини яширмай, очиқ-ойдин, самимий гап айтишга уриниш сифатида ёқимли таассурот қолдиради. Ва мана шу зиддият ўз мўъжаз оламим, ўз адабиётим бўйлаб ўтиб боради. Мен 1850 йилгача бўлган сўнгги буюк давр немис ёзувчиларини яхши кўраман, Гёте, Ҳёлдерлин, Клайст, романтикларни жон-дилдан севаман, уларнинг асарлари мен учун умрбоқий, мен Жан Пол, Брентано, Ҳоффманн, Штифтер, Айҳендорффни қайта-қайта ўқийман, худди шундай Ҳендел, Моцарт ва Шубертгача бўлган бутун немис мусиқасини севиб тинглайман. Бу асарлар, ҳаттоки улар бизнинг туйғуларимиз ва муаммоларимизни аллақачонлардан бери ифодалаб келмаётган бўлсалар ҳам, ҳеч бўлмаганда, бугунги яшаётган жуда кўпчилик одамлар учун ҳам ҳамиша мукаммал, вақтдан холи, шаклан тугал асарлар бўлиб қолаверади. Ушбу асарлардан мен шеъриятни севишни ўргандим, уларнинг оҳанглари менга худди сув ва ҳаво каби табиий эди, улардан ёшлигимда ибрат олиб яшаганман. Бироқ ўзим кўпдан бери шуни яхши биламанки, бу юксак тимсолларга (гарчи ўзим ҳам дам-бадам шунчаки умидсизлик билан уриниб турсам ҳам) тақлид қилиш бефойда. Мен биламанки, биз, бугунги ёзувчилар ёзаётган нарсаларнинг аҳамияти улардан бугун ёки узоқ муддатга қандайдир шакл, аллақандай услуб, қандайдир мумтоз адабиёт пайдо бўлишида эмас, балки бизнинг оғир аҳволимизда имкони борича кўнгилдагини очиқ-ойдин айтишдан ўзга паноҳимиз йўқлигидадир. Мана шу очиқ-ойдинлик, иқрор бўлиш, сўнгги бор кучини сарф қилиб ишлаш ва бошқа ўша, бизга ёшлигимиздан таниш бўлган гўзал шакл талаб қилиш – мана шу икки талаб ўртасида менинг авлодимнинг бутун поэзияси мушкул бир аҳволда ўзини у ёқдан-бу ёққа уриб, бориб-келаверади. Имкони борича самимийликка ва сўнгги бор кучини сарф қилиб ишлашга тайёрмиз ҳам дейлик – хўш, бунинг учун энди шаклни қаердан топамиз? Китобларимиз тили, мактабимиз тили уни бермайди, ёзувимиз эса аллақачон босиб чиқариб бўлинган. Афтидан, Нитшенинг “Eccehоmо”си сингари айрим умидсизликка тўла китоблар йўл кўрсатгандек бўлади, бироқ пировардида улар кўпроқ йўлсизликни кўрсатиб турган бўлишади. Руҳий таҳлил бунда бизга ёрдамчи восита бўлиб кўринди, у муваффақиятлар ҳам олиб келди, бироқ на бирор муаллиф, на бир руҳий таҳлил мутахассиси, на руҳий таҳлил мактабини ўтаган ёзувчи шу пайтга қадар психологиянинг бу турини унинг ўта тор, ўта ақидапараст, ўта шуҳратпараст академизм совутидан халос қилолмаган.
Бас, муаммони таърифлаганимиз етар. Хўш, энди мен, ўз асарларидан намуналар ўқиб беришга таклиф қилинган ёзувчи сифатида гапирадиган бўлсам, одамлар олдида қўлимда қоғозларим билан турган пайтимда бу муаммо бутун диққатимни ўзига жалб қилиб, қўлимдаги қоғоз варақларини чиқиндига айлантиради, менинг самимийликка бўлган интилишимни, гўзалликни писанд қилмасдан, икки баравар куйдиради. Шунда яхшиси, чироқларни ўчириб, одамларга шундай дегим келади: “Менинг сизларга ўқийдиган ва айтадиган гапим йўқ, бор-йўғи ҳаракатим – ёлғондан халос бўлиш. Бунда менга ёрдам беринглар ва уй-уйларимизга тарқалайлик.”
Ана шундай тўсиқларга қарамасдан, қўймаганларига кўниб, ўзим розилик берган ўша камгина чиқишларнинг деярли барчасини охирига етказдим, ташкилотчилар бундан етарли даражада қониқиш ҳосил қилдилар. Бироқ мен ҳар гал ҳайрон қолган жойим шундаки, шу озгина меҳнат – бир соат овоз чиқариб ўқиш – одамни шунақанги толиқтирарканки, баъзан бутунлай тинка-мадоринг қуриб қолиши ҳам ҳеч гап эмас экан.
Агар мавҳум ёки идеал тингловчилар қаршисида мавҳум ёки идеал ёзувчи турганида эди, бундан ҳеч бир нарса чиқмаган, иш бутунлай фожиона тус олиб, ҳаттоки ёзувчининг ўз жонига қасд қилиши ёки уни тошбўрон қилишлари ҳам мумкин эди. Бироқ эмпирик (тажрибага асосланган) дунёда барча нарсалар бирмунча бошқача тарзда намоён бўлади, яъни бу ерда майда қаллобликлар учун жой бор, энг аввало, омол билан воқелик ўртасидаги эски воситачи – юмор учун жой топилади. Бунақанги кечаларда ҳарқалай ундан, яъни ҳар турли юмордан, айниқса, дорга осилган одам юморидан фойдаланиб тураман. Нурнинг бундай синишини, воқеликка шундайин аянчли мослашишни қисқача формула шаклига келтиришга уриниб кўрайлик!
Демак: тингловчилар тўла залда кўнглида ўзига ва ўзининг поэтик саъй-ҳаракатлари аҳамиятига шубҳа билан қарайдиган ёзувчи турибди, ўз навбатида, тингловчилар ҳам овоз чиқариб ўқиётган жанобнинг дилидаги мураккаб жараёнлардан мутлақо бехабар, дейлик. Хўш, шунда ёзувчи қўлидаги варақларни ўқиб беришга муваффақ бўладими ёки жуфтакни ростлаб, ўзини осиб қўяқоладими? Ўқиб беради, бунга у, энг аввало, ўзининг шуҳратпарастлиги туфайли эришади. Гарчи на ўзини, на тингловчиларни жиддий қабул қила олмаса ҳам, барибир, у шуҳратпараст, негаки ҳар бир одам шуҳратпараст – зоҳид ҳам, ўзидан шубҳаланадиган одам ҳам. Буни шунчаки айтаётганим йўқ, ўйлайманки, шахсан ўзимнинг мавҳумлашиш қобилиятим, керак бўлса, Европанинг одатдаги даражасидан ошиб тушади: ким бўлмасин, бошқалардан кўра менга ушбу ҳолат яхшироқ таниш, яъни абадий ўз “мен”имиз ўлимга маҳкум “мен”имизни кузатиб юради ва унинг иллат ва қинғирликларига ачиниб, истеҳзоли ва холис кўз билан қарайди. Йўқса, қанақасига ўз “мен”имни кам билимли китобхонларга кулги бўлишига йўл қўйиб бера олган бўлар эдим? Гап шундаки, бу ўринда мен ўртача даражадан бирмунча кўпроқ, баъзан эса чидаса бўладиган чегарага қадар билимлиман, худди шу сабабдан мен ёзувчининг шуҳратпарастлигини ҳам етарли даражада совуқ қабул қила оламан. У фикрловчи кишидан кутилганидан ҳам зиёдроқдир, бироқ фикрлаш қобилияти ва шуҳратпарастлик бир-бирини истисно қилди, деб ҳисоблаш – хатодир. Аксинча: ҳеч ким ақлий меҳнат билан шуғулланадиган кишичалик шуҳратпараст, маъқуллашга ташна эмас, аслида ҳам унга муносабат ва мақтов жуда зарур. Ҳар қандай ёзувчига нисбатан менда у қадар кучли ривожланмаган, лекин ҳарҳолда турлича от кучига эга бўлган мазкур шуҳратпарастлик тингловчилар олдида юзага келадиган мушкул вазиятда, аслида мен уларга ҳеч нарса беролмасам ҳам, улар эса мендан бирон нима кутаётган пайтда, жонга оро киради. Мендаги нимадир, ўша шуҳратпарастликнинг учдан икки қисми бўлса керак, залда тўпланган бир талай одамлар олдида таслим бўлиб, ўзимнинг бир пул одам эканлигимни тан олишимга монелик қилади. Мендаги яна нимадир эса бу одамлардан на бирон-бир ҳаракат, ҳатто на олқишлар кутмай, фақатгина, гарчи маъно-мазмуни тингловчилар руҳиятига зид бўлса ҳам, фикр ва шеърларимни диққат билан, жимгина қулоқ солиб тинглашларига эришишимни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Шундай қилиб, зўр бера бошлайман, тишларимни маҳкам қисаман, пировардида курашда ғолиб бўлиб чиқаман, негаки маънавият ишларида алоҳида айрим шахс кўпчилик олдида ҳамиша кучлидир. Мени тингловчилар жон қулоғи билан тинглашади, мен уларда ҳақиқатан ҳам айтадиган гапи бор одамдек таассурот қолдираман. Бирор соат шу зайлда бир амаллайман, сўнгра оғир тин олиб, ўқишни тўхтатаман.
Эмпирик дунёнинг хира сатҳида муваффақиятга эришишимда менга на фақат бемаъни шуҳратпарастлигим, балки шахсимнинг мана шу ҳайвоний ва қолаверса, кулгили интилиши ҳам ёрдам беради. Шунингдек, менга тингловчилар ва менинг уларга муносабатим ҳам мадад беради. Бу борада мен кўпгина ҳамкасбларимдан кучлироқман. Бу хилдаги тингловчиларнинг менга умуман фарқи йўқ. Улар билан менинг орамда ҳатто энг кўнгилсиз воқеа рўй берган тақдирда ҳам, ҳатто агар маърузам бутунлай барбод бўлиб, ҳуштакбозлик қилиб, обрўйимни тўкишган тақдирда ҳам, мен бундан унчалик ранжимаган бўлар эдим. Ичимдаги кимдир тингловчилар билан қўшилишиб, қаттиқ ҳуштак чалган бўларди. Йўқ, залда ўтирган одамлардан мен қўрқмайман, шу билан бирга, улардан кўп нарса кутмайман ҳам. Мен ёш эмасман, тажрибам ҳам етарли. Мана шу тингловчилардан қанчаси менга кейин, шахсан ёки хат орқали, ўзларининг шахсий ишлари юзасидан, бутунлай ўз манфаатларини кўзлаб мурожаат қилишларини ҳам аниқ биламан. Мен шунақанги нусхаларни биламанки, машҳур меҳмоннинг олдида икки букилиб таъзим қилишади, орқасидан эса заҳрини сочишади. Иззатталабларнинг шундай тоифаларини биламанки, юзингга сени мақтаб, кўкларга кўтаришади, ҳамду санолар айтиб, оғиз кўпиртиришади, қарасаки, сендан иш чиқмайди, шартта тескари бурилиб кетворишади. Ақли ноқис бир одамнинг ичиқоралик билан: жамоатчилик ва маънавият вакиллари ҳам ўзимизга ўхшаган одам, уларнинг ғалати феъллари бор, қолаверса, шуҳратпараст ёки тортинчоқ бўлишади, деган гапларини ҳам биламан. Буларнинг барчаси менга таниш, мен янги одам эмасманки, мана шу одамлар уни деб, уни бетакрор шахс ҳисоблаб келишган, деб ўйласам. Мен биламан, менинг ўрнимга бу ерда тироллик қўшиқчилар қвартети ҳам бемалол чиқиши мумкин эди. Лудендорфф17 агар нутқ сўзлаганида юз баравар бокс жанги бўлса, минг баравар кўп одам тўпланар эди, буни ҳам биламан. Ўзим фуқаролик жамиятидан ташқарида яшаганим учунми, унда фақат меҳмон сифатида иштирок этаман ва бу жамиятдаги ҳурмат ва муваффақият (ҳозирча менинг бирламчи шуҳратпарастлигим жим турибди)га бутунлай лоқайд қарайман. Бир оёғи доим Ҳиндистонда бўладиган, ҳеч нарса бериб, ҳеч нарса олиб бўлмайдиган, одамови ва дарвеш бўлган одамнинг барча устунликлари мен томонда ва бу афзалликларни яхши биламан.
На шуҳратпарастликнинг ҳаракатлантирувчи кучи, на аутсайдернинг тингловчиларга лоқайдлиги, кучли эътироз ва тўсиқларга қарамасдан, менга ҳар замонда маърузалар ўқиб туришимга халал бермайди. Бунда, худога шукур, яна бошқа бир нарса ҳам, қандайдир яхшироқ бир нима, дунёдаги бирдан-бир эзгу туйғу-муҳаббат ҳам аралашган бўлади. Бир қарашда бу – тингловчиларга нисбатан бепарволигим билан боғлиқ барча нарсага зид туюлади, аслида ҳам ўзи шундай. Тажриба туфайли орттирилган тингловчиларга нисбатан ярамас лоқайдлигим билан ўзимни асраб, энди нигоҳимни янада каттароқ меҳр-муҳаббат билан, янада каттароқ самимият билан алоҳида бир одамга қаратаман. Агар шу одам ҳақиқатан ҳам залда, дейлик, бирор дўстим қиёфасида ўтирган бўлса, мен уни севишга ва унинг учун зўр беришга тайёрман, мен энди фақат унга мурожаат қиламан, ўз маърузамни ёлғиз ана шу одамгагина йўналтираман. Борди-ю, у бўлмаса, унинг ҳақида ҳеч нарса билмасам, олисдаги аллақайси дўстимни, қайсидир маҳбубамни, ёки сингилларимни, ё ўғилларимдан бирортасини ўйлаб, тасаввур қилиб, уни кўз олдимга келтира бошлайман, ёки бўлмасам, залда ўтирганлар орасидан ўзим ёқтирган бирор кишини танлаб оламан. Унга ёпишиб олиб, уни яхши кўра бошлайман, ўзимдаги бор ҳарорат — илиқликни, бор диққатимни унга қаратиб, мени тушуниши учун бутун вужудим билан ҳаракат қиламан. Менга мадад берадиган тумор мана шу.
Улмда бу иш осон кўчди. На фақат залда бир қанча ёқимтой, дилкаш ва таниш чеҳраларни кўрдим, балки умуман ўзимни дўстлар орасида ҳис қилдим. Швабияда, уйда эдим, шунинг учун ҳам ҳаммаси осон кечди. Биз жуда шинам уйда – шаҳар музейида ўтирдик, буни унинг мудири ташкил қилган эди; у мени эртасига музейни томоша қилишга таклиф этди ва бошқалар билан бирга келди, мезбонларимникида бир қадаҳ май устида гурунглашдик, маъруза пайтида айтиб юборилган, билиб бўладими, айрим муаммоли нарсаларнинг “ёмон изи”ни шу тариқа ювиб юбордик. Жуда чарчаган бўлсам-да, хурсанд эдим, чунки барчаси ортда қолди.
Улмда яна деярли икки кун вақтим қолган эди, бундоқ ўйласам, гўзал нарсаларни ёдда сақлаш ўзларини бу соҳада қобилиятли санайдиганлар учун ҳам анча мушкул иш экан. Ёшлигимда қачонлардир бу фавқулодда гўзал ва ўзига хос ажойиб шаҳарни томоша қилган эдим, мана энди эса кўп нарса унут бўлиб кетибди. Шаҳар девори ва қассобхона минораси, шунингдек, бутхона хори ва ратуша эсимдан чиқмабди, бу манзаралар хотирамда қолган тасвирлардан деярли фарқ қилмасди; энди эса беҳисоб манзаралар пайдо бўлган эди, уларни гўё биринчи марта кўриб турардим: қорамтир сув бағрида қийшайиб турган балиқчиларнинг кўҳна кулбалари, шаҳар девори бўйлаб чўзилган пастаккина уйчалар, кўчаларда мағрур қад ростлаб турган шаҳарликларнинг уй-жойлари, гоҳ у ерда биноларнинг ўзига хос қилиб қурилган қиррадор томлари, гоҳ бу ерда салобатли равоқлар кўзга ташланарди. Булардан ташқари, айрим ажойиб ва таснифланган нарсаларга у қадар мойиллигим бўлмаса ҳам, аввалгидек томошага ишқибозлик билан кўпгина майда-чуйда нарсаларни: узун юнгли лайчани, ярим парда тутилган деразалардан кўриниб турган швабияликларнинг чеҳраларини, манзарали откриткалар сотиладиган дўконларда, афтидан, рождество байрамига атаб келтирилган уюм-уюм майда-чуйда безак-буюмларни ва мен учун ҳамиша қандайдир жозибадор ҳамда битмас-туганмас туюлган нарсалар – фирмаларнинг пешлавҳаларини кўздан кечирар эдим. Бегона шаҳарда савдогарлар ва ҳунармандларнинг номлари ҳамда исм-шарифларини ўқиб билиш – бу мен учун ҳамиша эҳтиёжга айланган, бундан завқ олардим, ўзим мутолаа қилган романларда ҳам исмлар мен учун ҳамиша муҳим ва кўпинча ибратли бўлган. Ва ҳар гал, адабиёт орқали билган қандайдир номни ҳаётда учратиб қолганимда, бу мен учун қизиқарли ва ҳақиқий воқеа бўлиб туюларди. Масалан, кунлардан бир кун, кўп йиллар муқаддам Элзасда Арбогаст деган исмга дуч келиб, ҳайратда қолганман, бу ажойиб, афсонавий исмни мен кўп йиллар мобайнида Мёрике ўзининг хазина ҳақидаги новелласига атайлаб ўйлаб топган деб, тахмин қилиб юрардим. Пешлавҳаларни ўқиётганингда маҳаллий аҳоли ўртасида католиклар ёки протестантлар кўпми, шаҳарда яҳудийлар кўпми-озми, на фақат буни, балки айниқса, католик исмларга қараб, аҳолининг руҳи ва келиб чиқиши, қизиқиш-ишқибозликлари ҳамда ҳомий-авлиёлари ҳақида ҳам у-бу нарсани билиб оласан. Ва ҳаммаёқда соғлом жонажон швабияча нутқ янграр, ҳаммаёқда аллақачонлардан буён эшитмаган сўзлар қулоғимга чалинарди… Бу худди гўё қаердадир таниш оҳактош ёки қумтошни, хотирада қолган дарахтлар ёки гулларни яна қайта учратишдек, қандайдир сувнинг, қайсидир майнинг, қайсидир таомнинг, қандайдир олманинг, аллақайси дорининг таъмини яна тотигандек ёки йиллар давомида туймаган ва у билан минглаб номсиз хотиралар боғланган аллақандай ҳид яна қайтадан димоғингга урилгандек гап эди. Мен ана шу ҳидлар оғушида, ана шу мавҳум хотиралар булутлари бўйлаб кезардим. Менга Улм латифалари ва ҳикояларидан сўзлаб беришди, бу орада мезбонларимнинг болаларига кечагина тингловчиларга ўқиб берган эртагимни кўрсатдим, у қўлда ёзилган бўлиб, рангли суратчалар билан безатилган эди, бундай қўлбола китобчалар пул қадрсизланган йилларда менга жуда бакор келган эди. Тушдан сўнг профессор Баумнинг Улмдаги музейида бўлдик, бориб кўришга арзийдиган жой экан.
Ёшлик чоғларимда менга Улмни илк бор кўрсатган бир танишимникида қаҳва ичиб, пишириқлар едим, унинг уйидаги шинам хоналар турли-туман қизиқарли ва гўзал нарсаларга тўла эди. У ерда мен яна Мёрике билан рўпара келдим, чунки танишимникида Мёрике хотираси билан боғлиқ бир талай ашёлар, белгилар қўйилган ва қизиқ жойлари чизиб, ажратилган китоблар, келгуси баҳорда у ўз боғида экмоқчи бўлган уруғлар ҳақида ёзувлар бор эди: у ерда сабзавотлар кам бўлиб, гуллар жуда кўп эди, булардан ташқари бу ерда яна Мёрике руҳоний ҳазратлари бир вақтлар кўтариб саёҳатларга отланган тўрга гул солиб тикилган, алмисоқдан қолган сафархалта ҳам бор эди. Бу уйда майда-чуйда хазина кўп бўлиб, улар ўз жойини топган эди. Мен бу уйга ҳорғин, асабий ва сўлғин бир ҳолатда кириб келдим, сабаби ўзи шундоғам ҳақиқий яхши кайфият менда камдан-кам бўлади, сафарлар чоғида эса қўяверасиз – сал ўтмай аҳволи-руҳиям яна жойига тушди.
Улмдан сўнгги оқшом, уйқуга ётишдан олдин, Швабия бўйлаб саёҳатимнинг барча тафсилотлари ҳақида ўйлаб, Зинген, Тутлинген, Блаубойрен, Улмни, гўзал музейни эсладим, шунда тўсатдан буларнинг барчаси ўтмиш белгиси остида кечганини, унда қанчадан-қанча марҳумлар иштирок этганини пайқаб қолдим, улар ушбу воқеаларнинг энг жонли қатнашчилари эдилар. Улар Тутлингендаги учбурчак томли уйлар орасида кечган ўша лаҳзага гувоҳ Ҳёлдерлин, Мёрике, гўзал Лау, Арним ва “Тож қўриқчилари”18, ўша барча меҳроблар, бутхона хори, қабртошлар, барча гўзал иморат-иншоотларнинг бунёдкорлари эдилар. Шундай қилиб, худди шу саёҳат чоғида бўлганидек, мен ҳамма жойда ва ҳар доим марҳумлар, тўғрироғи, умрбоқийлар қуршовида эдим. Ва мана шу аллақачонлар ўлиб кетган одамларнинг барҳаёт сўзлари, уларнинг фикрлари мени тарбиялаган, уларнинг асарлари мени бу зерикарли дунёни севишга ва ҳаётга чидашга ўргатган эди – демак, уларнинг барчаси ўзига хос, дардли, изтироб чекадиган, муомаласи оғир одамлар, бахтиёрликдан эмас, мусибат сабаб бунёдкор, воқеликка ризо эмас, балки ундан нафратланган меъморлар бўлишмаганмикин? Ҳақиқатан ҳам умуман, новвойлар ва савдогарлар бўлган мамнун, соғлом, қадди-қомати келишган ўрта асрларда яшаган шаҳарликлар, мана шу катта бутхоналарни ҳақиқатан ҳам улар қуришганмикин, шуни хоҳлашганмикин? Бошқаларнинг, ўша озчилик одамларнинг норозилигидан уларни бунга мажбур қилишмаганмикин? Ва агар воқелик ҳақ бўлганида, агар акамиз – бечора неврастеник, яхшиси ва тўғрироғи, мешчан, уй соҳиби ва солиқ тўловчи бўлганида эди, бизнес қилганида, болаларни дунёга келтирганида эди, агар фабрика, автомобил, бюро (ишхона) – булар ҳақиқатан ҳам одамлар учун табиий, ҳақиқий, маънили-мантиқий нарсалар бўлганида эди, унда нега энди улар бундайин музейларни ҳам очиб қўйишганикин? Нега энди Блаубойрен меҳробини қўриқлаш учун назоратчи қўйиб қўйишган? Нега энди улар чизма-тарҳлар ва расмларга тўла шу қадар катта витриналарни қўйиб, унга ҳатто давлатнинг пулини сарф қилиб қўйишибди? Ахир бундай бемаъни, бўлмағур нарсаларни, далдага муҳтож рассомларнинг ушбу носоғлом эрмак-овунчоқларини, модомики уларда муҳим, жиддий гап, маъно, ҳаётнинг асл мазмунига алоқадорликдан оз бўлса ҳам акс этмаган экан, севиб-сиғинишнинг, уларни тўплаб, қўриқлаб, кўргазмага қўйишнинг, улар ҳақида маърузалар ўқишнинг нима кераги бор эди? Улмликлар ўз шаҳарларининг кўҳна қиёфаси яхши сақланганлигидан намунча фахрланишади, бунинг ўрнига ушбу эски дўконни бузиб ташлаб, унинг ўрнида фабрикалар ва ижара уйлар қуришса бўлмасмиди? Нега энди фабрика эгалари идораларидан чиқишиб, автомобилларидан тушиб, бироз овуниш учун эски бутхоналар ҳақидаги суратли асарларни, вафот этиб кетган уста мусаввирларнинг расмларини сотиб олишган? Ахир, уларнинг ўзлари ҳаётлигида бир дона асари бугун фалон пул турадиган бўлса, шу маблағнинг ақалли юздан бирига ҳам эга бўлишмаган-ку. Мен бу ерда, Улмда замонавий архитектуранинг эски кўча кўринишига бинойидек мос тушгани ҳақида эшитгандим, нега энди бу юксак мақтов бўла олар экан? Нега энди бугунги нарсаларнинг барчаси бу қадар кўримсиз, бадбашара? Цюрихдан то Улмгача, одам қўли етиб, ўзгарган ва устма-уст бинолар қуриб ташланган ерларда бир нечта эски иморатларнинг увоққина оролчаларидан бошқа гўзалроқ бир нимани учратиш амри маҳол. Қолган бошқаси эса – вокзаллар, фабрикалар, даромад келтирадиган уйлар, универсал магазинлар, казармалар, почта бинолари, барчаси бирдек кўримсиз ва бадбашара, уларни кўриб, кўнглинг айнийди, беихтиёр ўз жонингга қасд қилишни ўйлаб қоласан, киши.
Аугсбургда меҳмонхона автобуси мени ойнаванд айланма тўсиқ олдигача олиб борди, унинг ортида чой мусиқаси янграрди, бугунги одамзоднинг зукко ихтироси экан бу, уни дам олаётиб тингласанг, гапириб ҳам, ўйлаб ҳам, фикрларингни жамлаб ҳам бўлмас экан. Ичкари кириб, хона сўрадим, хизматчи мени у ерга олиб борди, теварак-атрофдаги барча нарсалар ўта замонавий эди, ресторан, холл, гардероб… Бой мен билан иккинчи қаватга кўтарилди, лифт эшигини очди, мен энди кенг кўҳна кошонада турардим: жимжит, ҳашаматли йўлаклар, баланд маҳобатли эшиклар, ҳар бирининг тепасида нақшинкор ишланган герб, муҳташам зина хонаси. Эшиклардан бири очилганди, баланд шинам хонага кўзим тушди, унинг деразаси ям-яшил қишки боққа қараган эди. Хурсанд бўлиб, шу пайтга қадар каттароқ немис шаҳрида илк бор учратган энг ўзига хос ва энг шинам меҳмонхонани тасарруф этишга киришдим. Хонада менга халақит берадиган ягона нарса – телефон эди, ҳа бу аппаратлар хавфли. Ҳечқиси йўқ, жуда бўлмайдиган бўлса, бураб бўшатиб олиш ёки майда-майда қилиб, синдириб ташлаш мумкин. Бироқ энг аввало ундан фойдаланиб олмоқчи бўлдим, иш берувчимга қўнғироқ қилиб бугун оқшом томоша кўрсатадиган артист етиб келганини маълум қилдим. Сўнгра дам олдим, сафархалтадан у-бу нарсаларни олиб, бошқа кийиндим, озгина сут ва коньяк буюрдим. Пальтомнинг чўнтагидаги “Симплициссимус”да19 ўзим жуда ёқтирган Рингелнатцнинг йўл мактубларидан бири босилган эди, шуни ўқиётиб, кўзим илинган экан; шунда эшик тақиллаб қолди, мени маърузага олиб кетиш учун келишибди. Ҳаво қоронғи, совуқ эди, мени концерт залига кенг кўча бўйлаб олиб боришди, бу гал вазиятни ҳис этиб, одатдаги психологик аппаратни ишга тушириб юборишга ҳам улгурмадим, бироқ тезда одамлар орасидан бир чеҳрани танлаб олдим-да, диққатимни унга қаратдим ва нарсаларимни туппа-тузук ўқишга тушдим, ҳар замонда ажойиб сувдан бир қултумдан ичиб ҳам турдим ва бутун тадбир, ичимда унга норозилик туғилиб улгурмасидан, ниҳоясига етди. Нима ҳам дердим, қайтанга шуниси яхши. Гардеробга бориб, пальтомни елкамга ташлаб, сигара тутатдим. Одамлар келишди, одатдаги илтифотларга шай турдим, гапнинг тўғриси, шаҳарда ҳеч кимни танимаганимдан ўзим хурсанд эдим — бироқ шу пайт олдимда қип-қизил юзли бир хоним пайдо бўлди, менга қараб кулиб қўйди-да, швабчалаб: “Нима, мени танимаяпсизми?” деди. У шварцвалдлик, мен туғилган шаҳарчадан бўлиб, мактабда сингилларим билан бирга ўқиган экан, унинг орқасида қизи турарди, у ҳам гул-гул очилган юзли, қувноқ бир барно эди. Биз кулишиб, бугун бирпас бирга бўлишга қарор қилдик. Бугун кечқурун бироз уйқусираб турган эдим, барибир сездим: бир жаноб китобларимдан биттасини олдимга қўйиб, рафиқаси учун дастхат ёзиб беришимни илтимос қилди. Шу дақиқада, мана, бахтимга энди битта шаҳар қолмадими, деб айнан Нюрнберг ҳақида ўйлаб тургандим ва китобга бир нималарни ёзиб, илтифотли табассум билан унга узатдим. У ўқиб кўриб, китобни менга қайтариб берди: мен унга “Нюрнбергдаги кечадан эсдалик учун!” деб ёзибман. Ўчириб тузатишга тўғри келди. Шундан сўнг бир қадаҳ май ичгани меҳмонхонага бордик, юртдошим Калв ҳақида гапирарди ва биз ўзимиз эслай оладиган барча каваликларни битта қўймай батафсил муҳокама қилиб чиқдик, унинг қизи ҳам шу ерда эди, биз қарияларнинг гапларимиз унга ғалати туюларди, бундоқ қарасам, яна бир нюрнберглик ҳам шу ерда экан, демак ҳалиям Швабияда эканман, деб ўйлардим. Ҳашаматли зинадан кўтарилиб, хонамга кириб борганимда вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Шунақанги маърузалар билан тирикчилик қилиш аслида осон ишга ўхшайди. Бироқ менга етишмаётган нарса нон эмас, балки ҳаво эди ва бу ҳаво, яшай олиш, мамнуният, ўз касбим ва фаолиятимга бўлган ишонч ҳавоси Аугсбургда ҳам эмасди, бундай гонорарни бу ерда ҳам тўлашмади. Аксинча (шунинг учун худо тенор ва виртуозларга гениал даражада ортиқ шуҳратпарастлик ато қилган), мана шунақа адабий мулоқот кечаларида маъруза ўқиб, тенор ва бард (куйчи шоир, бахши)ларга ўхшаб шаҳарма-шаҳар кезиб юришнинг ўзи ўзига бино қўйган, ўзининг зарурлигига ишонган артистни аксинча, унинг кераги йўқлигига, унинг шахси ва машғулоти ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигига ишонтиришнинг энг яхши усулидир. Адабий уюшма одамлари Томас Манн ёки Герхарт Хауптманн ёки барон Мюнхаузен ёки тенор Ҳессени тингладими, берлинлик профессор Гомер ҳақида ёки мюнхенлик профессор Маттиас Грюневалд ҳақида маъруза ўқидими, бунинг мутлақо фарқи йўқ, буларнинг барчаси фақатгина нақшдаги чизиқ, матодаги ипча эди холос ва нақш ақлий саноат, мато эса маърифий тадбир деб аталади, бу машғулотларнинг на бутун ва на айрим ҳолда ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Ё раббий, илоҳим ўзинг юмордан айирмагин, яна бир озгина умр бер! Токи манови ярмаркадан кўра маънилироқ, аҳамиятлироқ бирон-бир иш билан, бирон нарса билан машғул бўлай! Токи арзимаган хизматкорлик вазифасида бўлса ҳам Германия ниҳоят ўзининг давлат мактабларини яна қайтадан ёпишига, Европа ўзида туғилишни камайтириш блан астойдил шуғулланишига кўмаклашай! Ушбу маърузалар учун пул ўрнига, ҳурмат ўрнига, хушомадлик ўрнига ҳаво беринг, ўпкамни тўлдириб нафас олайин!
Скептикларнинг ишонтиришича, ҳали шу пайтгача ҳеч ким юраги ёрилиб ўлмаган экан. Улар бирорта адиб ҳаво етишмаслигидан ўлиб қолиши мумкинлигини ҳам инкор этишади. Гўё адиб ҳар қандай газ ва ҳар қандай бадбўй ҳиддан мақола ясай олмаганидек, рўпара келган ҳаводан ҳам нафас олавермасмиш.
Эртаси куни ҳаво яхши бўлди. Аугсбургни айланай деб чиқсам якшанба куни экан. Мен тарих билан ҳеч қачон кўп шуғулланмаганман, балки бутун билимимни шоирлардан олганман, десам бўлади, масалан, Блаубойрен сирларини Мёрике туфайли ҳатто у ердаги профессорлардан ҳам кўра яхшироқ ўрганганман, Аугсбургни Арнимнинг “Тож қўриқчилари” орқали яхши биламан. Нюрнберг эса менга Вакенродер ва Ҳоффманн орқали яхши таниш. Аугсбург жуда чиройли шаҳар эканлигига сизларни ишонтириб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Бироқ у ерда яна бир нарса менга жуда маъқул бўлди. Ҳафталик бозорда ёғ, пишлоқ, мева, колбаса ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар уюми кўзни қамаштиради, бу ерда деҳқонлар кўп, айниқа, деҳқон аёллар, болалар ҳам бор эди, барчасининг эгнида ҳақиқий миллий либос. Биринчи деҳқон аёлни учратишим билан қувонганимдан нақ бўйнига осилиб олишимга озгина қолди, унинг ортидан эски кўчалар бўйлаб изма-из узоқ юрдим. Аёлларнинг турли кийим-кечакларини кўриб, болалик чоғларимни эсладим, Калвдаги молбозорларини хотирладим, у ерларда юзлаб деҳқонлар ва деҳқон аёлларни учратиш мумкин эди. Уларнинг ҳар бирини эгнида миллий либослари бўларди, улар турли-туман қасабалардан, ўрмончилик ва ғалла етиштириладиган хўжаликлардан келишарди, уларни чарм шимларининг рангига қараб узоқдан ҳам таниб олиш мумкин эди!
Менинг Аугсбургда ўтказган сўнгги соатларим ғоят ажойиб бўлди. Бу шаҳарда омадим юришди, кеча уни Нюрнберг билан адаштириб юбориб, унга нисбатан жуда ноҳақлик қилган эканман. Бу ерда ўзим гувоҳи бўлган барча гўзал ва ажойиб воқеалар ичида яна бир ўзига хос кутилмаган ҳодиса рўй берди. Аугсбурглик бир келин-куёв бундан ўн тўрт йил муқаддам бир китобимни ўқишган ва менга хат ҳам ёзишган экан, ўшанда туғилган биринчи фарзандлари – қизининг исмини китобимдаги қаҳрамонлардан бирининг номи билан аташибди, мана энди ўша эр-хотин келиб, тушликка таклиф қилди, мени аввало тансиқ таомлар билан меҳмон қилиш учун сидқидилдан ҳаракат қилишди, сўнгра енгил машинада бир-икки соат кўҳна Аугсбургнинг энг муҳим ва энг гўзал гўшалари бўйлаб сайр қилдиришди. Гарчи мана шу барча меҳр-муҳаббат ва эътибор бугун менга арзимас туюлаётган бир китоб орқасидан бўлаётганидан хижолат чеккан бўлсам ҳам, барибир ушбу дамлар ажойиб эди. Эҳ, бу афсонавий шаҳарда қандай гўзал ва ғаройиб нарсаларни кўрмадим-а! Санкт-Мориц ибодатхонаси шунақанги серҳашам, ажойиб эдики, уни кўрган одам гўё Римга келиб қолдимми, деб ўйларди, унинг шундоқ ёнгинасидаги мўъжаз ибодатхонада тўрт нафар епископ ўтирарди, улар шунчаки ёғоч ёки тошҳайкал эмас, балки мўмиёланган, башанг қиёфаларини кўриб, нақ тирик дейсиз. Катта бутхонанинг мисдан ишланган эшиги менга энг гўзал нарса бўлиб туюлди, ҳурматга лойиқ ушбу ибодатхонанинг ичкарисида бошқа бир манзаранинг гувоҳи бўлдим. У ерда кўринишдан қишлоқлик бир одамга кўзим тушди, оқ малла соқоли бутун юзини қоплаган, эгнидаги яшил тус уст-боши ўнгиб кетган, елкасида юкхалта бор эди. Унинг ичкарига кириб кетаётганини кўрдим, шундан сўнг улкан ибодатхона бўйлаб ниманидир излагандек юра бошлади, ниҳоят топди шекилли, тиз чўкди, бошяланг кўзлари санамга қаратилган, иккала қўли илтижоли кенг очилган, ибодат қила бошлади, у кўзлари, лаблари билан қўлларини ёзиб, кафтларини очиб ибодат қиларди, бутун жону тани билан ҳеч нарсани кўрмасдан, ҳеч нарсани эшитмасдан, бу дунёни унутиб, ибодат қиларди, биз, муқаддас қадамжода худони излаш ўрнига роман бронзасини ва готик ойнабанд деразаларни ахтариб юрган худосиз анқовлар ҳам унга заррача халал беролмадик. Бу художўй инсон ва миллий либосдаги деҳқон-аёллар – худди мана шу суратлар – олтин зал эмас, мағрур фавворалар ва шаҳарликларнинг саройлари эмас, ноёб ёдгорликлари эмас, балки айнан мана шу суратлар қалбим дафтарида Аугсбургдан ўчмас хотира бўлиб қолади.
Кечқурун Мюнхенга жўнаб кетдим, энди бир неча кун дам олиб, айқаш-уйқаш таассуротлардан бироз ўзимга келволишим учун вақт бор эди, афсуски, ҳали олдинда яна Нюрнберг турарди. Бир куни оқшом ўзим турган меҳмонхона директорини йўқлаб боргандим, у билан илгари дунёнинг бошқа жойларида танишганмиз, шунинг учунми, яхши виноларни қадрлашимдан ҳам хабардор эди, шундан бўлса керак, ҳазил қилиб, ертўласидан энг яхши эски шишалардан бир нечтасини олиб чиқди. Ичувчи бўлганим билан барибир кўп ичишга одатланмаганман, шу боисдан бу гал охирида бироз зўриқишга тўғри келди, йўқ, ҳаммаси ўтиб кетди. Билмадим, кайфнинг сархуш таъсириданми, сезмай қолибман, бир маҳал ёнимда Баден-Лимматдаги ресторан эгаси, дўстим ўтирибди, кулиб, мен билан қадаҳ уриштиряпти. Маълумотимни ҳам ошириб қўяй, деб кейингиси куни катта бир газетанинг таҳририятига бордим, лекин бу кенг хоналарда кўнглим беҳузур бўлди, у ерда чорак соатдан ортиқ туролмадим. Лекин Мюнхен ҳақида кўп гапиришим мумкин эмас, у ерда ҳамиша пок виждон билан иш қилдим, дея олмайман. У ерда бир вақтлар менга яқин бўлган, мени яхши билган, ўзим яхши кўрган ва барчасини бориб, йўқлашим лозим бўлган бир талай одамлар яшашади. Бироқ бу ҳаддан зиёд катта иш бўларди, ким билади, менинг аҳволим не кечарди? Ўттиз нафар киши мендан меҳрибонлик билан аҳволим яхшими, нима иш қилаяпман, ҳаётимдан, соғлигимдан, фаолиятимдан мамнунманми-йўқми ва шунга ўхшаш азоб берадиган саволларни сўрашган бўлишарди, мен эса ўтирволиб хушмуомалалик билан кулимсираб бош ирғаб, уларга жавоб қайтаришим керак бўларди, бу эса ниҳоят даражада чарчатадиган иш эди. Улардан ўзим чинакамига дўст деб ҳисоблай оладиган айримларини барибир кўриб ўтдим, уйларида, хотинлари ва болалари даврасида эмас, ишхоналарида эмас, балки бирор ертўла ёки қовоқхоналарда оқшомлари ўзимиз Валдулм ёки Аффентални очволиб, дилдан чақчақлашиб ўтирдик, иқтисодий инқироз ҳақида, аввалги йиллар ҳақида гаплашдик, Боден кўли бўйида ўтган ёз ойларини, Италияга қилган сафарларимизни, урушда ҳалок бўлган дўстларимизни эсладик. Кайфиятим шу кунларда жуда яхши эмас эди, йўқ, адабиёт жонга тегиб кетганидан ёки Нюрнбергга бормаслик учун кўп нарсани тикиб юборишим мумкинлигидан эмас, балки бунинг бошқа сабаблари ҳам бор эди.
Саёҳатим ҳам охирлаб борарди, Тессиндан чиққанимдан буён ўтган олти ҳафта ичида мана аста-секин сўнгги бекатимга ҳам яқинлашиб борардим, ҳамон йўлда эдим, хаёлимда бу ҳақда ўйламаган бўлсам ҳам, кўнглида шундай бир савол кўндаланг турарди: энди нима бўлади? Хўш, саёҳатдан нима топдинг ва нимага эришдинг? Яна ўз ишингга, ёлғизликка қайтасанми, кутубхонангда кўзларинг оғриб, яна бир ўзинг ёлғиз ўтирасанми ёки бирор бошқа иш қиласанми? Ва бу савол ҳали-ҳамон ечилгани йўқ эди. Мен маърузалар ўқидим, дўстларимнинг муҳаббатига ва самимий суҳбатларига муяссар бўлдим, у ер-бу ерда яхши май ичиб, илиқ ва самимий давраларда ёқимли дамларни ўтказдим, бу орада чидаб бўлмайдиган ғам-ташвишлардан қутулдим, қадимий иморатларни кўриб, ўзимни бироз бўлса-да, унутдим, йўл азобидан чарчаган, бекорчи гаплар, эзмалик ҳаддан зиёд кўпайиб кетган чоғларда олисдаги узлатимни бир лаҳза бўлса-да, соғиниб қўмсардим – бироқ ҳеч нима ўзгармади, ҳеч нарса тартибга тушмади. Бу ҳолат мени кундан-кунга тобора кўпроқ эза бошлади, шунданми, ниҳоят Нюрнбергга бораётиб ҳам ўзимда на мойиллик, на миннатдорлик ҳис қилмадим, шу ишдан битта шошилинчнома билан қутулиб қўяқолиш ўрнига, аҳмоқона қаҳрамонлик кўрсатишга қарор қилиб, борганимга ўзим пушаймон бўлдим. Зеро, Нюрнбергга бориб, ҳафсалам жуда пир бўлди.
Йўлга чиққан куним ҳавонинг авзои бузуқ, қор аралаш ёмғир ёғарди, яна Аугсбург ёнидан ўтдим, шаҳар узра катта бутхона ва Санкт-Мориц қад ростлаб турарди, шундан сўнг нотаниш жойлар ўта бошлади, бекатлар орасидаги охирги масофада эса одам оёғи етмаган, хилват, қалин ўсган ажойиб қарағайзор ўрмонлар бошланди, дарахтлар учи қор бўронида чайқаларди. Бу манзара гўзал ва сирли, шу билан бирга мен, жанублик учун нохуш ҳамда ваҳимали эди. Агар шундай кетаверадиган бўлсам, ўйлардим мен, янада кўпроқ қарағайлар, янада кўпроқ қорлар учрайди, ундан сўнг эҳтимол Лейпциг ёки Берлин бошланар, кейин эса Шпицберган ва Шимолий қутб кўриниб қолса ажабмас. Э, худо, яхшиямки Дрезденга таклифномани қабул қилмаганим-а! Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Бусиз ҳам йўл узоқ, ҳаддан зиёд узоқ эди, мен Нюрнбергга етиб келгач, хурсанд бўлиб кетдим. Кўнглимда мен бу готик шаҳарда ҳар турли мўъжизалар кутгандим. Коффманн ва Вакенродер руҳи билан учрашаман деб умид қилган эдим, бироқ афсуски, бундан ҳеч нима чиқмади. Шаҳар менда даҳшатли таассурот қолдирди, бунда албатта, шаҳар эмас, ёлғиз ўзим айбдорман. Мен ҳақиқатан ҳам мафтункор, Улмдан кўра бойроқ, Аугсбургдан кўра ўзига хосроқ эски шаҳарни кўрдим. Авлиё Лоренц ва Авлиё Зебалдни, ратуша ва унинг таърифлаб бўлмайдиган даражада ғоят гўзал фаввора турган ҳовлисини томоша қилдим. Мен буларнинг барчасини кўрдим, ҳаммаси жуда гўзал эди, бироқ барчаси катта, лоқайд, зерикарли корчалон шаҳар бинолари билан ўраб олинган, моторларнинг гувиллаган шовқин-сурони остида, автомобиллар қуршовида эди, барчаси тўрсимон гумбазлар қурмайдиган ва жимжит ҳовлиларга фаввораларни гуллардек гўзал қилиб ўрната олмайдиган бошқа бир замон суръати остида аста титрарди, барчаси йиқилай-йиқилай деб турарди, чунки на руҳ, на маъно бор эди. Қандай гўзал, қандай мафтункор нарсаларни кўрмадим бу маҳобатли шаҳарда! О, ажойиб диққатга сазовор жойлар, черковлар, фавворалар, Дюрер уйи, қалъа, балки майда, тасодифий, аслида менга қадрли бўлган бир талай нарсалар. “Шар” деб аталадиган бир дорихонада (у мустаҳкам, муҳташам эски бинода жойлашган эди), ўзимга чўмилиш учун янги кўзойнак сотиб олдим, бу ердаги витриналардан бирида ҳозиргина тухумдан чиққан тимсоҳчанинг тулуми тухум пўчоғи билан бирга қўйиб қўйилибди. Бу ерда мени шунга ўхшаш яна кўпгина нарсалар ўзига тортди. Бироқ менга ҳеч нарса ёрдам беролмади. Назаримда, барчасини манови лаънати машиналардан чиққан газ қоплаб олган, барчаси емирилган, барчаси инсоний эмас, балки иблисона ҳаётдан зириллаган, бариси ўлишга, йўқ бўлишга тайёр, бу дунёга нафратдан қулаб тушишга ва ҳалокатга ташна, беҳуда тураверишдан, руҳсиз гўзалликдан чарчаган эди. Адабий уюшмада очиқ чеҳра билан кутиб олишгани ҳам, сўнгги (узоқ вақт, балки бир умрга) маърузамни тугатганимдан кейинги енгил тортиш ҳам, ҳеч нарса ёрдам бермади. Ҳеч қандай рўшнолик йўқ эди бу ерда. Меҳмонхона буғ билан иситиларди, керагидан ортиқ қиздириб юборилганидан хона исиб кетган, кечаси билан ҳам совимас, деразани очай десам, серқатнов кўча шовқини, бу ёқда манови ярамас аппарат – телефон кечаси оғриқ кучайиб, ухлаёлмаганимга яраша тонгда озгина мизғиб олишга ҳам қўймасди. Одамлар, нега мени бунчалик қийнайсизлар, ундан кўра тезроқ ўлим бериб қўяқолмайсизларми!
Шу аснода ботинимдаги кузатувчи ушбу ҳолатимни одатдаги босиқлик билан қабул қилиб, бечора бу сафар портлаб кетармикин ёки яна ҳали бироз чидармикин деб, қизиқувчанлик билан қараб турарди. Ичимдаги кузатувчи (у ушбу қисса қаҳрамонларидан мустасно) саёҳатчи шоирнинг тасодифий қувонч ва изтироблари билан иши йўқ, уларни ёзиб боришни билади холос, вақти келиб бир кун бу ҳақда ҳали жиддийроқ гапириб беради. Бугун эса фақат саёҳатчи тенор тасодифий нарсаларни бошдан кечириб, улардан изтироб чекадиган ботинимдаги тасодифий одам гапиради, холос.
Айнан Нюрнбергда ўзимни тўқсон яшар ўлаётган чолдек ҳис қилдим, шу ерда мени жойимга қўйиб қўяқолишсин, деган тилакдан бошқа ҳеч қанақанги истак-хоҳиш йўқ эди, айнан шу ерда мен кўпроқ ёшлар билан мулоқотда бўлдим. Улардан бири, ўқувчи ё талаба бўлса керак, маърузадан сўнг мени хижолат қилиб қўйди. У китобга бир нима деб ёзиб беришимни сўради, нима ёзишни билмай турганимда (шу пайтда миямга нима фикр ҳам келарди) грекча сўзларни, китобларимдан бирида учрайдиган Инжилдан цитата ёзиб беришимни таклиф қилди. Йигирма йилдан ошди, грекча ҳарф ёзмаганимга; худо билади, ёзувим қанақа чиқди! Бошқа бир йигит ёш шоир экан, Нюрнбергда ўтган ўша қисқа вақтимнинг каттагина қисмини у билан бирга ўтказдим ва ундан хурсанд бўлдим. У ўзи менга илгариёқ ёқиб қолган эди, қисман менинг ҳақимдаги жиддий мақоласида шеърий машқларимнинг беҳуда уриниш эканлигини ва унинг сабабларини жуда яхши кўрсатиб берган эди, қисман эса кичкинагина достон муаллифи сифатида, (ушбу достон чинданам жозибали ёзилган бўлиб, унинг қаҳрамони шоир Граббе эди). Йигитча менга ёқиб қолган эди. Бу ёш шоир мен билан Нюрнберг бўйлаб бирга юрарди, ўзи ўткир ичимликлар ичмаса-да, кечқурунлари қовоқхоналарда сабр-тоқат қилиб мен билан бирга ўтирарди, у ўзининг ёқимтой чеҳраси ва кичкина нозик қўллари билан баъзи дақиқаларда мени бу шаҳарда хавф-хатардан асраш буюрилган фариштага ўхшаб кетарди.
Шундай бўлса ҳам, ҳарҳолда хийла саросимага тушган ва умидсиз кайфиятда эдим. Бир нарса менга аниқ эди – у ҳам бўлса, бу ердан имкони борича тезроқ кетиш. Мюнхенда ишонарли, яхши бир дўстим бор эди, у билан телеграф орқали боғланиб, бу ерда ортиқ туролмаслигимни, иложи бўлса, мени кейинги тезюрар поезд билан Мюнхенда кутишини маълум қилдим. Бор-будимни яна чамадонга наридан-бери тиқдим-да, меҳмонхонадан вокзалга бир амаллаб етиб олдим ва гарчи синиб кетган бўлсам ҳам қутулганимга шукур қилиб, наздимда ҳалокатга маҳкум Нюрнбергдан жўнаб кетдим. Поезд яхши эди, Мюнхенга етгунча ҳеч қаерда тўхтамади, бироқ Мюнхенга етиб боргунимча бўларим бўлди, йўл жуда узоқ туюлди, аллақанча вақт ўтди, дилим хуфтон, кўзларим қизарган, тиззаларим қалтирар, бамисоли тўқсон яшар чол эдим. Эҳтимол, бу саёҳатимнинг энг гўзал лаҳзаси эди. Мен яна Мюнхенда эдим, ҳартугул тирик эдим, барчаси ортда қолган, энди ҳеч қачон маъруза ўқишим керак эмас эди. Дўстим эса, бўйчан ва бақувват, кўзлари кулиб турар, қўлимдан дарҳол чамадончани олиб, кўпам сўраб-суриштириб ўтирмасдан, бизни фалон-фалон ресторанда танишларимиз кутишаётганини айтди. Менга қолса, ҳозироқ ўзимни каравотга ташлаган бўлардим, аммо ресторан ҳам ёмон эмас эди, рози бўлдим. Стол атрофида адабиёт ва танқиднинг йирик арбоблари ўтиришар, бизни кутишаётган, қадаҳларга эса ҳақиқий асл мозел қуйилган эди, энг қизиқарли мавзулардаги суҳбат ва мунозараларга қулоқ солиб ўтирардим ва бундан мамнун эдим, чунки бу гапларнинг менга мутлақо алоқаси йўқ, мендан ҳеч нарса талаб қилмас, қизиқарли эди холос, мен бу ерда ўтириб, ҳаяжонли ва ақлли чеҳраларга боқиб шаробдан ичардим, уйқум ҳам келаяпти, агар хоҳласам эртага умуман ўрнимдан турмайман, бир кунми, бир йилми, юз йилми — ётаверишим мумкин, ҳеч ким мендан бирон нима талаб қилмайди, ҳеч қанақанги поезд мен учун ҳуштак чалмайди, энди ҳеч қандай минбар мен учун ёритилмайди, шишада сув қуйилмайди, на грекча, на бошқа ҳарфларни ёзишимга тўғри келмайди.
Мюнхен яқинидаги қишлоқ жойда истиқомат қиладиган ошнамникида бироз дам олиб, уйга қайтиш уловини аниқлаб олиш учун яна бир неча кун қолдим. Шу аснода инсофга келиб, тўғрироғи, уйга қайтиш олдидан қўрқув босиб, бу орада келган хатларни менга юборишларини талаб қилишга қарор қилдим. Жўнатилган бир боғлам қоғоз менга бир неча кунлик иш бўлди, ўша арзимас нарсалар орасида қизиқ бир нима ҳам бор эди – мен қўлёзмасини қайтариб берган ёш шоир узундан-узун хат йўллаганди. Ўшанда унинг ўта носамимий, тилёғлама мактуби менга қаттиқ теккан эди, энди эса у беназир самимият билан ғайрат ва муҳаббат-ла танланган иборалар ёрдамида очиқ-ойдин қилиб, мени нақадар пасткаш, бемаъни ва ярамас одам сифатида тасаввур қилиб келганини ёзиб юборибди.
Баракалла, навқирон шоир ука, бундан кейин ҳам шундай давом эттиргин! Навқирон адабиётдан биз чиройли сўзлар эмас, самимийлик кутиб қоламиз.Бавариялик дўстларим орасида энг яхши кўрганимни бир кечага чақириб олишга муваффақ бўлдим, оқшом зўр ва самимий ўтди, уни ҳеч қачон унутмайман. Энди яна хусусий шахс бўлиб олганим учунми, адабиётга ҳам муносабатим анча соддалашди ва ҳаётимда илгари кўпам қилмаган иш – ҳамкасбларимга шахсан яқинлашишга журъат этдим. Ёзувчи Йозеф Бернҳарт билан бирга ўтган бир соат вақт ниҳоятда самарали бўлди. Бир кечани Томас Манн ҳузурида ўтказдим. У билан алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик, у суҳбатни ажойиб тарзда ва дид билан, яхши кайфиятда, ярим самимий, ярим кулгили, ўзининг шинам уйи, ақл-идроки ва яхши одатларига таяниб олиб борди. Бу кеча учун ундан миннатдорман. Энди “Симплициссимус”да босилаётган “Санъаткорлар мактублари”нинг муаллифи Йоахим Рингелнатцни ҳам кўргим келди, у бир кечага ташриф буюрганимдан ғоят хурсанд бўлди.
Шаҳар ташқарисида – Нимфенбургда роҳат қилдим, мени эркалатиб юборишди, мен у ерда кун бўйи кўзларимни сувдан узмай ўтирар ёки кекса азим дарахтлар остида у ёқдан-бу ёққа бориб келардим, шамолда шодон ўйнаётган сўлғин япроқларни – ўзимизнинг митти оғаларимизни кузатардим. Уларга қараб туриб ғамга ботардим, дам кулиб олардим. Худди уларга ўхшаб, мен ҳам бугун Мюнхенга, эртага эса Цюрихга учаман, сўнг яна ортга қайтаман, муттасил ниманидир қувиб, изтиробдан қочишга, ўлимни яна бироз кейинга суришга интиламан. Нега энди бунчалар қаршилик кўрсатамиз? Хафа бўлардим мен. Чунки бу ҳаёт ўйини-да, кулардим мен.
Бинобарин, кулги мен учун яхши ҳамда кўнгилдаги нарса экан, ошнамдан Мюнхенда мен илгарилари кўрганимдақанги ҳозир ҳам ҳақиқий классик комиклар борми-йўқми, деб сўрадим. Албатта бор, дўстим шунақалардан биттасини биларкан, унинг исми Валентин экан ва биз газеталарни титкилашга тушиб кетдик, маълум бўлишича, у кечқурунлари камер театрида ўзининг “Мюнхенлик қароқчи-қуролбардорлар” пьесасини қўяркан. Бир куни оқшом театрга тушдик. Бу мўъжазгина театрда соат ўнгача Стриндбергни қўйишди, сўнг Валентинга навбат келди. У ушбу ажойиб пьеса, фавқулодда бемаъни сафсата – “Мюнхенлик қароқчи-қуролбардорлар”ни кичкинагина труппа билан бирга ижро этди. Пьесанинг бор мазмуни шу эдики, Валентин узун қилични тақиб олиб, соқчи сифатида у ёқдан-бу ёққа юриб турар ва шу аснода кулгили гапларни гапириб, ғалати қилиқлар қилар эди. Баъзан эса воқеа йиғлаб юборгудек даражада ғамгин тус оларди, масалан, у кечки аёзда шаҳар девори олдида ўтирволиб, гармон чалган кўйи ёшлигини эслар, мудом уруш ва ўлим ҳақида ўйларди. Ёки ўйланиб, кўрган тушини сўйларди, тушида у ўрдак эмиш, сал бўлмаса узун чувалчангни ютиб юбораёзибди. Шу ўринда инсоннинг билиш қобилиятини чекланганлиги энг содда шаклда ғоят ажойиб тарзда тасвирлаб берилганига қойил қоласан. Ўша гармон жўрлигидаги фожиавий ҳикоя ҳам бирданига кўтарилган қаттиқ кулги, қаҳқаҳалар билан кутиб олинарди, мен ҳали бундай мамнун томошабинларни учратганимча йўқ. Одамлар ҳам кулишни ёқтиришаркан, қаранг! Ҳавонинг совуғига қарамасдан улар, бироз кулишайлик деб, узоқ шаҳар атрофларидан келишади, пул тўлашади, тун яримдан оққандан кейингина уйларига тарқалишади. Мен ҳам роса кулдим, менга қолса, ушбу пьеса эрталабгача давом этаверса, дердим. Худо билади, энди яна қачон кулишамиз. Қизиқчининг маҳоратига, унинг аҳмоқона хатти-ҳаракатларимизни ҳамда бемаъни ва мудҳиш қисматимизни қанчалик даҳшатли ва ночор тарзда тасвирлаб, кулги формуласига келтира олишига қараб, шунчалик кўп кулиш мумкин! Ортимизда ўтирган томошабинлардан бири, ёшгина аёл кутилмаганда иккала тирсагини елкамга қўйиб олди. Мени севиб қолдимикин деб ўйлаб, ўгирилиб қарасам, йўқ, бу кулгининг таъсири, кулгидан ўзини тутолмай, жин ургандек менга қараб сапчиган экан. Валентин ҳақидаги ушбу хотира – мазкур саёҳатнинг жавоҳиротларидан биридир.

И З О Ҳ Л А Р

1. Готик меҳроб – 1493 йилда меъморлар Й.Зюрлин ва Г.Эрҳарт томонидан бунёд этилган. Ёғоч ўймакорлиги бўйича немис готик санъатининг ажойиб ёдгорликларидан бири ҳисобланади.
2. Клётцле Блай (Қўрғошин кунда) ривоятларга кўра, кишиларни кўринмас одамга айлантириб қўя оладиган тош.
3. Блаутопф (Кўк хумча) – Дунай ирмоғи ҳисобланган кичик дарё Блау (кўк, мовий) бошланадиган булоқнинг чуқур ҳавзаси.
4. Ҳикоянавис – немис шоири ва носири Эдуард Мёрике (1804-1875), соҳибжамол Лау ҳақидаги новелла муаллифи.
5. “Ўрмондаги митти чол” – соҳибжамол Лау ҳақидаги новелла киритилган эртакнинг номи.
6. “Яшил Ҳайнриҳ”даги чўмилувчи қиз Юдиф – Готфрийд Келлернинг “Яшил Ҳайнриҳ” романи қаҳрамони, гўзаллик, табиийлик ва соддалик тимсоли.
7. Фақат ғам-ташвиш – М.Пфайфер ўз изоҳларида қайд этишича, ўша кезларда Ҳессенинг иккинчи турмуш ўртоғи Рут Венгер сил касалига чалинган, бундан ташқари, “Дойче ферлагсаншталт” нашриёти билан асар чоп эттириш тўғрисида аввал тузилган шартнома бекор қилинган эди.
8. Капут-мортуум – caрut mоrtuum (лот.) – ўлик бош (жонсиз тана), бу ерда: яроқсиз, кераксиз, қадрини йўқотган маъносида.
9. Шёк, Отмар (1886-1957) – швейцариялик бастакор, Ҳессенинг дўсти, унинг 23 та шеърига мусиқа басталаган.
10. Сиёмлик дўстларим – Алиса ва Фриц Лайтҳолдлар назарда тутиляпти, Ҳессе улар билан ўзининг Ҳиндистонга саёҳати чоғида танишган, уларнинг Цюрихдаги уйида бир неча марта бўлган. Ёзувчи “Нюрнбергга саёҳат” сафарномасини уларга бағишлаган.
11. Ҳофер, Карл – швейцариялик рассом, Ҳессенинг Монтаньоладаги уйида кўп марта бўлган.
12. Симбиоз – (биол.) – икки хил организмнинг муайян бир муҳитда бир-бирига фойда ёки зарар келтириб, бирга яшаши.
13. Эски қадрдон дўстим Писториус – шу ном остида Ҳессе ўзининг “Демиан” романида К.Г.Юнгнинг шогирди, руҳшунос-шифокор Йозеф Бернард Лангни тасвирлаган. 1916-1917 йилларда Ҳессе ундан руҳий таҳлил сеансларини олган.
14. Луи Бераҳм – Ҳессе ўзининг ошнаси, рассом Луи Муайени шундай атаган.
15. Бойрон – Дунай водийсида жойлашган ўпка касалликлари курорти.
16. Веренваг – Дунай водийсидаги қалъа, қачонлардир миннезингер Ҳуго фон Веренвагга қарашли бўлган.
17. Лудендорфф, Эриҳ – немис генерали, герман милитаризми идеологларидан бири.
18. “Тож қўриқчилари” – немис романтик ёзувчиси Лудвиҳ Ахим фон Арним (1781-1831) нинг тарихий романи.
19. “Симплициссимус” – Ҳессе ҳамкорлик қилган немисча ҳажвий суратли ҳафталик журнал.

Олмончадан Мирзаали Акбаров таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 10-сон