Шаҳрибону Темирова. Изтироблар тимсоли

Жаҳон адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган чехиялик адиб Франс Кафка ҳеч муболағасиз инсоният ва у яратган тамаддун фожиасини ёзувчи сифатида ҳам, шахс сифатида ҳам жуда чуқур ҳис этган, азобланган ва шу изтиробларни қоғозга тушира олган улуғ ёзувчи. Бироқ Кафка асарларини тушуниб ўқиш, уларда кўтарилган жуда оғир руҳий, маънавий, ижтимоий  муаммолар ҳақида мушоҳада юритиш учун китобхон ёзувчининг ҳаёти ва ижоди ҳақида имкон қадар кенг маълумотга эга бўлмоғи керак.

Франс Кафка 1883 йил 3 июлда Прагада туғилган. Отаси узоқ йиллик меҳнатдан сўнг шаҳарда кичикроқ бир фабрикага эгалик қилган. У уч қизи ва ўғли Франснинг келажагини таъмин этмоқчи эди, аммо ўғли билан бир умр муроса қилолмай ўтди. Франснинг онаси эса руҳонийлар оиласидан бўлган.

Кафка Прагадаги немис гимназиясини тугатиб, 1901–1905 йилларда Прага университетида ҳуқуқшуносликни ўрганди, тарих, саноат ва олмоншунослик бўйича маърузалар тинглади. 1906–1907 йилларда Прага шаҳар судининг адвокатлар идорасида амалиёт ўтади. 1908 йилда Прага тижорат академиясида малака оширгандан сўнг, докторлик илмий даражасига эгалигига қарамай, меҳнатига кам ҳақ тўлайдиган турли идораларда ишлади.

Маънавий ва руҳий ёлғизлик, турмушнинг умидсизлиги, оломондан бегоналашув, маънисиз хизмат, оиладан узилиш – мана шу омиллар ёзувчи ва шахс Кафканинг камолотида катта роль ўйнади.

Ўзбек китобхони учун Франс Кафка ижодини англашнинг бир қанча муаммолари мавжуд. Авваламбор, унинг кўп асарлари ҳали тилимизга таржима қилингани йўқ. Иккинчидан, Кафка ижоди шу пайтга қадар чуқур ўрганилмаган ва бу ҳақда тадқиқотлар ҳам кам. Оқибатда модернизм адабиётининг энг йирик вакилларидан бири бўлмиш Кафка бизга ҳамон бегоналигича қолмоқда.

Кафка асарларини ўқишга киришарканмиз, у яшаган давр, жамиятдаги парокандалик, руҳий-маънавий таназзул тасвири яққол сезилади. Унинг йирик асарларида ҳам, кундаликларида ҳам, кескин хулосалар ясалган афоризмларида ҳам ҳаётнинг маънисизлиги, ҳар қандай маслагу таълимотларнинг, ақида-ю қоидаларнинг бир ёқламалиги, инсониятнинг руҳий, маънавий ва жисмоний азоб-уқубатга маҳкумлиги ҳақида аччиқ хулосаларни илғаш мумкин.

Кафка ижодини таърифлаганда “инкор” ва “иқрор” сўзларини кўп қўллашга мажбур бўламиз. У инкор этади ва иқрор бўлади… Бунга мисол қилиб адибнинг “Отамга хат”ини келтириш мумкин. У отасининг адолатсизлигидан кўп азият чекканига қарамай, ёзганларида падарига меҳр-муҳаббатни ҳис қилиш мумкин. Кафканинг отаси яҳудийларга хос уддабуронлик билан ҳунармандчиликдан кичик фабрикантликкача кўтарилаверади. Ёзувчи эса бир томондан отасининг зулми ва тор фикрлилигидан ёзғирса, бошқа томондан ундаги ҳаётий кучдан, иродадан ҳайратланиб бўйин эгади.

Кафка асарларидаги яна бир унсур – мавҳумлик. Китоблари сюжетига ҳам, персонажлар тасвирига ҳам сингиб кетган бу ноаниқлик, номаълумлик, карахтлик ўқувчини дастлаб бироз чалкаштиради. Лекин у мутолаа жараёнида муаллиф ташқи оламни ўзининг зиддиятли ички дунёсига қориштириб чизганини, ботинидаги силсилалар қоғозга кўчгани боис асарларини тарқоқлик ва мавҳумлик ғубордек қамраб олганини англайди.

Адибнинг “Жазо колонияси” ҳикоясида инсон ўзи яратган кашфиётлари билан келажагини ҳалокат ёқасига олиб бориб қўяди, ўз қалбига бўйсунмасдан машина қурбонига айланади. Кафка колония рамзи ортида жамиятни назарда тутади. Бу ерда ўрнатилган тартиблар шахс эркини бўғиб, уни қулга айлантиришдан бошқасига ярамайди. Асрлар давомида одам онгига сингдирилган тақиқу қоидалар жирканч машина тимсолида ўз ўлжасининг танасига “Адолатли бўл”, “Бошлиғингни ҳурмат қил” сингари дабдабали шиорларни тиғ билан ўйиб ёзади. “Мақсад бор, бироқ йўл йўқ. Биз йўл деганимиз кечиктиришдан бошқа нарса эмас”, деган аччиқ хулосага келади муаллиф.

“Жазо колонияси”, “Эврилиш”, “Очлик устаси” бу ҳикояларни инсон бардошининг синовлари дейиш ҳам мумкин. Кафка асарларида кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг сўниб бораётгани алалоқибат ҳалокатга олиб келишига кўп бора урғу беради. Инсоний муносабатлар фақат манфаатга йўналгани айниқса, “Эврилиш” ҳикоясида шафқатсиз тарзда акс эттирилади. Грегорнинг онаси қирқоёққа айланиб қолган ёлғиз ўғлини кўргиси келмаслигини тасвирларкан, муаллиф тубанлик чегара билмаслигини уқтиради. Йигитнинг отаси эса ўғли ҳақида қайғуриш у ёқда турсин, қирқоёқни уриб ҳайдайди. Ўз синглиси уни эсдан чиқаради. Хуллас, бошига мушкулот тушган жабрдийда ўз яқинлари томонидан унутилишга, ёлғизликка, ўлимга маҳкум этилади. Ҳолбуки, Грегор соғломлигида яқинлари учун тинимсиз меҳнат қилган эди. Энг аянчлиси, унинг ўлими барчани қувонтиради.

“Жараён” романида эса бемеҳрлиги учун инсон ўз виждони олдида жавобгарлиги таъкидланади. Йозеф К.Грегор Замза сингари ҳашаротга айланмаган бўлса-да, унинг ҳаёти аҳамиятсиздек. У бошқаларни англашга қодир бўлмагани туфайли атрофидагилар билан алоқалари узилган. Роман якунида эса қаҳрамон “худди ит каби” ўлим топади. “Жараён”да инсон ёлғизликка маҳкумлиги, бир-бирини тушунмаслик одамлар ўртасидаги энг катта чегара экани таъкидланади.

Француз ёзувчиси А.Камю “Жараён” ҳақида: “Ақл фожиаси воқеликка кўчирилганини”, таъкидлайди. Бир томондан қараганда, Йозеф К.ни муҳит карахт қилиб қўйган. У ҳеч кимни севишга қодир эмас. Лекин аслида унинг қисматидаги мавҳумлик ва чалкашликда ўзининг ҳам айби бор. Кафка бугунги жамиятда инсонларнинг бегоналашувидан-да улканроқ фожиа йўқлигига урғу беради.

Немис файласуфи Эрих Фромм “Жараён”ни таҳлил қилар экан, унга улкан бадиий асар дея баҳо беради. “Бу романни тушуниш учун, – деб ёзади у, – худди макон ва замондан ҳоли узун, мураккаб тушни кўраётгандек тасаввур қилиш керак”.

Таъкидлаш жоизки, Кафканинг ҳаёти ва ижодини бир-биридан ажратиб ўрганиш мушкул, негаки адабиёт унинг учун ҳаёт тарзи, ўзини  ва ўзгаларни англаш жараёни эди. Ёзувчи ижодини муайян босқичларга бўлиб ўрганиш ҳам, унинг маҳорати қандай ўсиб борганини батафсил тадқиқ этиш ҳам осон эмас. Зеро, Кафка ўзи учун ёзадиган адиб эди. Асарларининг катта қисми ёзувчи вафотидан кейин чоп этилган.

Кафкада ҳаётга танқидий қараш қанчалик кучли бўлса, ўз ижодий қобилиятига ишончсизлик ҳам шунчалик кенг илдиз отганди. Буни адиб яқин дўсти Макс Бродга ўлимидан сўнг барча йирик асарларини йўқ қилишни топширганидан ҳам сезиш мумкин. Агар Макс Брод Кафканинг истагини бажарганида дунё адабиёти катта йўқотишга юз тутарди.

Кафка насри асабтирнар меҳнат маҳсули бўлганидан уни мутолаа қилиш китобхонни башарият ва ҳар бир инсон тақдири ҳақида оғир мушоҳадаларга ундайди. Енгил ўқиб, осонгина тушунишга одатланган ўқувчи бу асарлар юкини кўтариши даргумон. “Ёзувчилик ва у билан боғлиқ барча нарсалар – менинг мустақил бўлишга интилишимнинг моҳиятини ташкил қилади, бу қочишга тайёргарлик… Мен қўрқув ухлашга йўл қўймаган тунлари ёзаман”, деган эди адиб.

Франс Кафка сингари ёзувчилар ижодини аниқ бир адабий оқимга боғлаш ноўрин. Адабиёт назариясида Кафкани натуралист, модернист, экзистенциалист, реалист ёзувчи сифатида ҳам таҳлил қилишга уринишлар бўлган. Бу серқирралик унга сирлилик, жозибадорлик касб этаверади. Кафка ижодини ўрганишга жиддий киришган китобхон ҳам, йирик адабиётшунос ҳам охир-оқибат у ҳар қандай адабий оқим ва таълимотдан юқори туришини тушуниб етади. Кафка сингари ёзувчиларнинг ўзи бир таълимотки, уларнинг улуғлиги ҳам шунда.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 8-сон