Отаназар Матёқубов. Тэд Левин

Ҳозирги вақтда мусиқашунос Тэодор Грейг Левин фақат мусиқа оламидагина эмас, балки кўпгина соҳаларда, маданият оламида ҳам машҳурдир. Гап шундаки, унинг тадқиқотлари бутун бошли бир йўналишга асос солмоқда. Бу фанга аниқ таъриф бериш ҳозирча мушкул. Олимнинг тадқиқотларини анъанавий “мусиқашунос”, “фольклоршунос”, “шарқшунос-мусиқашунос”, “мусиқалог” ёхуд “этномусиқалог” сингари анъанавий қолиплар билан тавсифлаб бўлмайди. Бу тушунчалардан фарқли ўлароқ, Тэд Левин жорий этилаётган илмий услубини “учинчи йўналиш” ёки “учинчи йўл” деб атаган маъқулроқ.

Маданиятшунослик, этнопсихология, антропология соҳаларига йўналтирилган тор ёндашувларга қараганда у танлаган йўл табиийлиги, ҳаётга яқинлиги билан ажралиб туради. Олим мавҳум услубий йўриқларни четлаб ўтган ҳолда мусиқанинг ўзидан келиб чиқади, мусиқа тўғрисидаги фикр мусиқа маданиятининг ажралмас таркибий қисми эканлиги ҳақидаги қоидага амал қилади. Мусиқий тафаккур эса мусиқий рисола, китоб, маъруза, тадқиқот тарзида зуҳур этиши мумкин ва жузъий назар, буткул назария ёки концепцияни ифодалайди. Бироқ улар мусиқий тафаккурнинг фақат муайян бир қисмидир холос. Унинг бошқа, ниҳоятда катта қисми бўлса айсбергнинг сув ости бўлаги сингари кўздан пинҳон, инсон менталитетига сингиб кетган бўлиб, яширин, лекин албатта мавжуд бир борлиқ сифатида юзаки қарашда назарга тушмайди. Бу борлиқнинг ич-ичига кириш, моҳиятига йўл топиш ниҳоятда машаққатли. Зеро мусиқани қалбдан идрок этмоқ учун ўша маданиятга мансуб бўлмоқ даркор. Фақат узоқ вақт давом этадиган кўриш, эшитиш ва психологик кузатиш жараёнидан сўнггина бу менталитетнинг табиатини ҳис қилмоқ, ундан кейингина воқеа-ҳодиса моҳиятига мос сўз ва ифодалар топмоқ мумкин. Бу ҳолларнинг барчасида тадқиқотчининг шахси, унинг салоҳияти, билим доираси, ранг-баранг ва турли-туман фактларнинг ягона ўзагини топа олиш қобилияти ҳал қилувчи омилдир.

Бундай ёндашувда тадқиқотга мавзу танлаш пировард мақсад эмас. Масаланинг ечими, унинг жанрини (мақола, диссертация, монография ва ҳ.к.) олдиндан белгилаб олиш ғоят мушкул ва кераги ҳам йўқ. Бу ҳолда тадқиқотчининг ўлжасини сотиб, фойда олиш устида бош ҳам қотириб ўтирмайдиган овчига ўхшатиш мумкин. Чинакам овчи учун ўлжа эмас, ов жараёнининг ўзи, ундан олинадиган завқ-шавқ, шайдойилик муҳим. Мақсад битта ­ руҳий эҳтиёжини қондиришдан иборат холос.

Узоқ минтақа мусиқаси, дунёнинг бу чеккасидаги маданиятни ўрганаётган олим учун ушбу замин кишиларининг мусиқа олами, қандай ҳолларда оҳанглардан завқланишини билиш муҳимдир. Мусиқанинг ички механизми, табиати, ижродаги одатлари, кишилар куй-қўшиқ ҳақида ўйга берилганида фикр-хаёлидан нималар кечиши, бу мураккаб руҳий жараёнда машшоқнинг ўрнини, тингловчилар билан мулоқотини, бошқа сўз билан айтганда, асл анъаналар муҳитида мусиқа қандай яшаётганини ўрганиш зарурдир.

Тэд биринчи китоби “Худонинг юз минг шайдоси” (Марказий Осиёга мусиқий саёҳат)ни 1966 йилда чоп этди, тез орада тадқиқот мутахассис ва зиёлиларнинг эътирофига, шов-шувларга сазовор бўлди. Мусиқа илмида эса бундай ҳодиса камдан-кам учрайди. Ҳозиргача бу китоб уч марта нашр этилиб, умумий адади 50 минг нусхадан ошиб кетди. Матн оддий, ҳаммабоп тилда ёзилган, айни чоқда фикрлар лўнда ва чуқур. Муаллиф бўлар-бўлмасга илмий калималарни тиқиштиришдан қочиб, қимматли фактлар, хулосаларни қизиқарли тилда баён этишга эришган. Бу эса асарнинг ўқишли бўлишига олиб келган. Натижада тадқиқотни талаба ҳам, мусиқадан узоқроқ одам ҳам, мусиқа мутахассиси ҳам бирдай иштиёқ билан ўқийди. Китоб мазмунини гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, албатта. У кейинги вақтларда тобора кўпроқ қизиқиш уйғотаётган бизнинг минтақа маданиятининг номаълум жиҳатларини ёритгани учун ҳам мароқ билан ўқилади.

Айни чоқда Левин кўп йиллардан буён янги китоблар устида ҳам ишлаяпти. Сўнгги пайтда Тэднинг эътибори Мўғулистон ва Тува мусиқасига қаратилган. Бу тадқиқот ҳозирча шартли равишда “Тоғлар куйлайдиган ўлкада” деб номланган ва тамомила янгича ёзилмоқда.

Марказий Осиё, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шаҳрисабз, Термиз, Хўжанд, Тошкент, Бойсун, Буюк ипак йўлидаги қадимий маданият ўчоқларидир. Эндиликда бу ерга бутун жаҳондаги сайёҳлар келмоқда. “Худонинг минг бир шайдоси” китобида муаллиф ўз олдига фақат бой меъморий ва бадиий меросигина эмас, балки бетакрор мусиқий хазинаси билан машҳур бўлган бу қадимий замин маданияти ҳақида қизиқарли, айни чоқда, ишонарли ҳикоя қилиб бериш, китобхонларда минтақа мусиқасига қизиқиш уйғотиш ва намуналар тинглаш (китобга СD диск илова этилган) имкониятини бериш вазифасини қўйган. Бу ишнинг уддасидан чиқиш учун, энг аввало, муаллифнинг ўзи материални “ҳазм” қилиши, унинг моҳиятини теран англаб етмоғи лозим эди.

Мўғулистон ва Тува ҳақидаги китоб ҳам, гарчи турли соҳалардаги замонавий илмий изланишларга монанд бўлса-да, мақсаднинг мутлақо бошқача ва ноёб эканлиги, яъни инсоннинг табиат, мусиқа олами билан ўзаро боғлиқлиги, у билан уйғунлашиб қўшилиб кетишини кўрсатиш вазифаси қўйилганлиги билан ажралиб туради. Мусиқа табиат оҳанглари билан қай йўсинда уйғунлашиб кетади, “табиатни тинглаш” деб атайдиган ҳодисанинг сир-асрорини очиш мумкинми, инсон оҳанг воситаси орқали ташқи дунё билан қандай мулоқот қилади – бу ва шу сингари кўплаб саволларга заминнинг қайси минтақаси маданиятидан аниқроқ ва тўғри жавоб топиш мумкин? Тэд Левин турли халқларнинг мусиқий анъаналарини чоғиштириб, Шарқий Сибир ва Мўғулистоннни, Тува, Ўқутистон ва Хакасия минтақасини танлади. Бу ерларда эски “хумай” яъни бўғиздан куйлаш (ички овоз) услуби ҳамон яшаб келмоқда. Бу ноёб ҳодисани ўрганиш учун мазкур минтақада ажойиб имконият бор. Зеро, бу ерда анъанавий мусиқа ҳали – ҳозиргача ижро этилмоқда. Унга талаб катта. У замон билан ҳамнафас яшамоқда. Тадқиқотчи бу оламга кириша олса бас.

Бироқ, асосий мушкулот ҳам худди шунда. Бу мусиқа ижодкорлари қалбига йўл топиш осон эмас. Бу ўринда узоқ вақт давомида сабр-тоқат билан эҳтиёткорона ишлаш талаб этилади. Мазкур заминнинг бахши ва шомонлари тадқиқотчининг самимийлигига ишонсагина ўзи учун энг муқаддас бўлган санъатининг нозик сирларини ошкор этиши мумкин, холос. Бундан ўн беш ­ йигирма йиллар муқаддам Тэд бахшилар қалбига йўл излаб, нечоғли машаққат чекканини яхши эслайман. У Ўқутистон ва Туванинг оғир об-ҳаво шароитида имкон борича узоқроқ яшашга, маҳаллий аҳоли билан қийинчиликларни баравар тортишга, қўлидан келганича уларнинг оғирини енгил қилишга интилар эди. Шу тариқа давомли мулоқотлар дўстликка айланарди.

Мусиқа оламига чуқур кириб борган олим “хумай” усулини ўрганиб олди, хонандалар билан жўровоз бўлиб куйлайдиган даражага эришди. У кейинроқ Америкада бўғизда куйлаш усули ишқибозларини тўплаб, “Уйғун хор” (ҳар бири икки хил овоз бериш қобилиятига эга бўлган саккиз ижрочидан иборат) ансамбл ташкил этди Бу ансамбл билан Парижда концертлар берди, тувалик хонандаларнинг бой мамлакатларга сафарларини уюштирди. Гуруҳнинг Америка сафари ниҳоятда муваффақиятли ўтди.

Илгарилари Тэд ўзбек мусиқачиларига ҳам ана шундай ғамхўрлик қилганига ўзим гувоҳ бўлганман. У 90-йиллар бошида анъанавий мусиқамизнинг АҚШдаги концертларини уюштиришга бош-қош бўлганди. Ўзбекистонлик ижрочилар бу ерда илгарилари ҳам концертлар беришганди. Бироқ улар, одатда, расмий ҳайъатлар таркибида боришганди. Оммавий концертлар бўлса ўшанда илк бор ўтказилди. Бунда реклама, билет сотиш ва олдиндан белгиланган дастур асосида концерт намойиш қилиш иши барча қоидаларга амал қилган ҳолда ташкил этилди. Тэд бу ташаббусини АҚШ Осиё жамиятининг қўллаб-қувватлашига муваффақ бўлди. Бу жамият Осиё санъатини тарғиб қилиш билан шуғулланадиган нотижорат ташкилот эди. Жамиятнинг ўн қаватли ҳашаматли биноси Манхэттеннинг нуфузли ерида жойлашган бўлиб, зўр концерт залларига эга. Маданий дастурлар, жумладан, бизнинг дастуримизнинг мувофиқлаштирувчиси Бэата Гордон эди. Барча раҳбарлик иши бўлса, Тэднинг зиммасига тушди, Ўзбекистондан бўлса, камина ташкилотчилик қилди.

Концерт арафасида Тэд билан Вашингтондаги Смитсониян институтининг кўмагида “Бухоро ­ Марказий Осиёнинг мусиқа чорраҳаси” номли CD ­ диски ҳамда “Марказий Осиё мусиқа усталари” аудиокассетасини тайёрладик. Ўша пайтлари аудиокассеталар кенг тарқалган бўлиб, компакт-дисклар эндигина бозорга кириб келаётган эди. Умуман, анча мўъжаз бу аудиокассетага Турғун Алиматов, Муножот Йўлчиева ва Қаҳҳор бахши ижросидаги куй-қўшиқлар ёзилганди. Тэд банкдан қарз кўтариш ҳисобига диск ва кассетани чиқарди. Ўшанда унинг тўнғич қизи туғилган бўлиб, маблағ масаласида анча қийин аҳволга тушиб қолганди. Бироқ бу вазият унинг бизга беғараз ёрдам кўрсатишига зиғирча ҳам таъсир кўрсатгани йўқ. У кассета ва дискларни сотишдан тушган пул билан қарзни узишни мўлжаллаб, била-кўра таваккалга қўл урди. Таваккал қилиб янглишмаган экан ­ дисклар ва кассеталар қўлма-қўл бўлиб кетди.

Концерт ўтказишга ажратилган маблағ камлиги боис, ижрочиларни танлашга алоҳида талабчанлик билан ёндошилди. Бунда, энг аввало, ижрочиларнинг юксак профессионал маҳорати ва имкониятлари ҳисобга олинди, албатта. Турғун Алиматов, унинг ўғли, доирачи Илҳом Икромов, хонанда Муножот Йўлчиева, унинг устози ва созандаси Шавкат Мирзаев, раққоса Дилафрўз Жабборова ва муқобил ўлароқ, ўзининг антиқа услуби билан катта муваффақият қозонган қашқадарёлик Қаҳҳор бахши гуруҳ иштирокчилари бўлишди.

Ижрочилар ва уларнинг дастурини танлашдан ташқари, ўзига хос матбуот хабарномасини тайёрлаш менинг чекимга тушди. Америка мусиқашунослигининг ўзига хослигига илк бор дуч келганим учун ҳам бор-йўғи тўрт саҳифалик ахборотномани тайёрлаш учун ўнлаб вариантлар тайёрлашга тўғри келди. Бу ерда мутлақо бошқача мезонлар, қарашлар мавжуд эди. Кенг ва бой маълумот бериш бу ерда биринчи ўринда туради. Энг аввало, психологик жиҳатдан қизиқ “калит” топиш лозим эди, сўнг матнни мантиқан оддий ва ҳаммабоп баён этишга эришиш талаб қилинарди. Бу ишни Тэднинг ўзи бемалол уддалай оларди. Шундай булса-да, у бу вазифани менга топширди. Чунки у мени Америка талаблари билан яқиндан таништириш ниятида эди. Йиллар давомида бизда шаклланган ифода улуби, мажозий тил америкаликларга мутлақо ёт. Шу боисдан Америка тингловчилари менталитетига ёқиб тушадиган тўғри йўлни топиш учун кўп изланишга тўғри келди. Тэднинг бундай тутумини ва ниҳоятда талабчанлик қилганининг боисини кейинчалик, ўзбек мусиқаси ҳақида маъруза ўқиш учун мени Америка университетларига таклиф эта бошлаганларидан кейингина тушуниб етдим.

Тэд, шунингдек, Турғун ака, Муножот ва бошқа ижрочилар билан ҳам жиддий шуғулланди, уларни концертга тайёрлади. Натижа эса зўр бўлди! АҚШдаги концертлардан кейин Муножот билан Шавкат Мирзаев Парижга учиб кетишди. Уларнинг Парижда муваффақият қозонишларига ҳам Тэд сабабчи булди. У Франциядаги таниш-билишларига қўнғироқ қилиб, қўллаб-қувватловчи гуруҳ ташкил қилишни илтимос қилди. Сўнг Муножотнинг катта концертини уюштириш учун Тэд Парижга махсус учиб борди, хонандани таништириш маросимида нутқ сўзлади.

Йиллаб кўрсатган шундай жонбозлиги туфайли Тэд ўз кишимизга айланди. Бу унинг гражданлик ва инсоний фазилатларига берилган энг яхши баҳодир. У дўст олишнигина эмас, беришни ҳам билиши лозимлигини доим эсда тутади, ниятлари самимий эканлигини ўз фаолияти давомида исботлайди. Зеро, ана шундагина қалбга ҳам, касбнинг сиру асрорига ҳам йўл топиш мумкин. Китоб, тадқиқот мисоли бир дарахт, унинг теран томирлари табиий шароитдан, муҳитдан озиқ олади.

Китоб узоқ вақт давомида яратилади. Кунлаб, ойлаб хотира дафтарига турли-туман, катта-кичик воқеа-ҳодисалар, далиллар, кўрилган-кечирилганлар тушириб борилади, қораламалар қилинади. Китоб пишиб етилиши, муаллиф ёзмасдан туролмайдиган ҳолга тушиши керак. “Қўл қалам истар, қалам эса қоғоз…” ­ Пушкин илҳом ҳолатини ана шундай аниқ таърифлаган. Фақат бизнинг замонамизда қалам ва қоғоз ўрнини компьютер эгаллаган, холос. Бу беқиёс, кўпинча машаққатли меҳнат, руҳ ва идрокнинг шижоати ҳеч қандай қолипларга сиғмайди. Мақсад ­ шунчаки бир асар ёзиш эмас, балки халқлар ва элатлар табиати билан мулоқотга киришишнинг асрий, ўзига хос сиру асрорини ўқувчига етказишдир. Тэд менга ўз китобини ҳадя этаркан, “Биз дунёдан ўтамиз, лекин дўстлигимиз тарихи мангу қолади…” дея дастхат ёзгани бежиз эмас. “Дўстлигимиз тарихи” деганда у ҳамкорликдаги ишимиз натижаси бўлган китобни кўзда тутган эди.

Дарҳақиқат, муносабатларимизнинг гўзал бир тарихи бўлганидек, унинг ғалати муқаддимаси ҳам бор. Тэд амалиёт ўташ учун Тошкентга келган эди. Дастлаб унинг туриш-турмуши ва хулқ-авторида диққатимизни тортган нарса ташқи кўриниши бўлди. Биз унинг кичик ёзув машинасида ўн бармоғи билан ниҳоятда тез ёза олишини, турли техника воситаларини миридан-сиригача билишини ва, албатта, ишчанлигини кўриб қойил қолгандик. У вақтни иш ва ҳордиқ деб иккига бўлиб ўтирмасди. Тэднинг ички дунёси, ғоявий қарашлари, тўғрисини айтганда, аввалига бизни бироз ҳадиксиратди. Биз нуқул баҳслашардик. Бу икки дунё ­ эркин демократия билан марксча-ленинча дунёқарашнинг ибтидоий шаклдаги зиддияти ифодаси эди. Кейинчалик орадан анча йиллар ўтгач, мен уни АҚШда инсон ҳуқуқлари камситилаётганига оид далиллар билан мот қилишга уринганимни эслаб, кулишиб юрадиган бўлдик. Лўнда қилиб айтганда, биз ўша вақтлари касбда дўст бўлсак-да, ғоявий жиҳатдан ўзаро рақиб эдик. Менинг қатъий эътиқодим йиллар ўтиб, аста-секин эриб борди.

Тэднинг бир ишидан кейин биз бир умрга дўст бўлиб қолдик. Бу иш менга руҳий жиҳатдан қаттиқ таъсир қилган эди. Амалиётни ўтаб, юртига қайтиб кетгач, Тэд Тошкентга яна келиш учун нималар қилмади дейсиз. У гоҳ сайёҳлар гуруҳини кузатиб келар, гоҳида таржимонликка ёлланар, хуллас, юртимизга келиш учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр эди. Бир гал у укаси ­ биолог Эндрюс (Андрей) билан таътилини ўтказиш учун Тошкентга келди. Эндрюс ҳам русчани жуда яхши билади. Тэд бу пайтлари кекса Галина Лонгиновна Герус-Козловскаянинг мухлисига айланганди. Анна Ахматова бу аёлга вақтида “Шаҳризода” деб ном берган Галина Лонгиновна ҳақиқатан фақат ташқи қиёфаси жиҳатдангина эмас, балки кўп тилларни билиши, ажойиб сухандонлиги билан ҳам Шаҳризодага ўхшарди. У Пастернак, Станиславский, Максим Горький, Герберт Уэльс каби кўпгина машҳур шахслар билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлган эди. У кўрган-билганларини, хотираларини шундай берилиб ҳикоя қилардики, киши беихтиёр бу аёл Пушкин, Лермонтов, Маяковскийларнинг саргузаштларига бевосита шоҳид бўлган бўлса керак деб ўйларди. Галина Лонгиновна Тэдни шунчалик мафтун этгандики, у укаси билан бутун таътилини бу аёлнинг суҳбатига бағишлади. Тэд кун бўйи уй ва ҳовлини супуриб-сидирар, антиқа овқатлар пиширар, оқшомлари бўлса, флейтада куйлар чалиб берарди. Мени Галина Лонгиновна билан айнан Тэд таништириб қўйди. Кейинчалик бу гўзал аёл бутун оиламизнинг яқин дўсти бўлиб қолди. У билан бўлган мулоқотлардан кўнглимиз баҳра олар, дунёқарашимиз кенгаяр, бирорта китобдан топиб бўлмайдиган янги маълумотлар олар эдик.

Бетиним илмий иш оралиғида Тэд учун жисмоний меҳнат ва спорт ҳордиқ чиқариш воситаси эди. Бу борада унинг тенги йўқ. Кўп соҳаларда у қобилияти ва билағонлиги билан бизни ҳайратга солар эди. Масалан, ҳали талабалик чоғларидаёқ Тэд Канадада кичкинагина томорқа сотиб олиб, у ерга уйча қурган, бўш вақт топди дегунча боғчасини обод қилиш билан шуғулланган.

Шахснинг бундай уйғун камол топишининг сабаби оила ва маълумотидир. Тэднинг отаси Жозеф Левин Сикаго университетининг профессори бўлиб, компьютер ишига асос солган машҳур математик олимлардан биридир. Онаси ­ Малий Левина бўлса Миннесота университети ва коллежи ўқитувчиси, пианиночи. У ўғлини роял чалишга ўргатиб, мусиқа қобилиятини ривожлантирган, унинг Горовиц сингари машҳур санъаткор бўлиб етишишини орзу қилган. Тэд скрипка чалишни мустақил ўрганган. Тэднинг мутлоқ эшитиш қобилияти бор, хотираси туғма. Бироқ вақт ўтиши билан ундан Горовиц чиқмаслиги маълум бўлди. Унинг қобилияти бошқа соҳада юзага чиқди. Марказий Осиё ва Афғонистон маданияти бўйича мутахассис, педагог, профессор Марк Слобин тиришқоқ талабани ўзига жалб қилди. Тэдга энг кучли таъсир кўрсатган ўқитувчи опера санъати мутахассиси, Америка мусиқашунослик мактабининг раҳбари Геролд Пауэрс бўлди. Шарқ маданиятлари орасидан, айниқса, Ҳиндистон уни жуда қизиқтирарди. У Ҳиндистонда анча яшаб, ҳақиқий гурудан (устоздан) мусиқа сабоғи ҳам олган. Устозларининг фотиҳасини олган Тэд Тошкент консерваториясига амалиёт ўташ учун келган эди.

У олдинига бу ердаги турмуш тарзига кўника олмай юрди. Маиший қийинчиликлар эмас, балки асосан бегона, сохта қарашлар унга халақит берарди. Бироқ буларга эътибор бермай, ақл-идрокини ишга солиб асосий масалага киришди ­ мусиқа қозонида қайнай бошлади. Созандалар билан дўстлашди. Тэд бор пулини саёҳатга, пластинка ва китоблар сотиб олишга сарфларди. Китоб ва пластинкалар арзон эди. Бироқ Тэд мусиқа ва мусиқа усталари билан мулоқотга берилгани учун китоб ўқишга вақт тополмасди. Оқшомлари бўлса у ёзув машинкасида мақолаларини ёзар, кундалик дафтарига қайдларини туширар эди. Рус тилини яхши билган Тэд ўзбекчани ҳам тушунадиган бўлди. Ватанига қайтгач, у китоб ёзишга киришди. Олим “Инсон учун энг қимматли нарса ­ вақт, уни оқилона сарфлаш керак” деб такрорлашни хуш кўрарди. Ўзи ҳам шунга риоя қилади.

Тошкентда яшаб турган Тэд кўп сайёҳат қилди, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғонада бир неча марталаб бўлди. Бу ўлкалар мусиқасининг ўзига хос хусусиятларини яхши ўрганди. Мусиқага самимий, беғараз иштиёқи туфайли кўп дўстлар ва ҳамфикрлар орттирди. Кейинчалик ҳам имкон топди дегунча Ўзбекистонга келиб турди. Натижада Принстон университетида “Ҳозирги Ўзбекистон мусиқасида Бухоро Шашмақоми анъаналари” номли диссертацияни ҳимоя қилди. Диссертацияда қатор принципиал хулосалар қилинди, бироқ совет мусиқашунослиги уларни тан олмади.

Энг аввало, Тэд Левин, мақом ­ импровизация деган фикрни инкор этди. 70-йилларда кўпчилик ҳинд мусиқаси билан шуғулланар эди. Аксарият олимлар, жумладан, Пауэрс ҳинд мусиқаси табиатига импровизация хос деган фикр тарафдори эдилар. Шундан келиб чиқиб, мақом ҳинд рагасига турдош деб қараларди. Тэд бўлса, мақомлар узоқ вақт давомида шаклланган, сараланган ва маълум қоида тусига киритилган матндир деган қарашни илгари сурди. Бир томондан қараганда, куй ва оҳанглар нотага туширилмагани учун мусиқа қолипга солинмагандек кўринади. Бироқ нота ёзувининг йўқлиги мақомнинг ўзи йўқ деган маънони билдирмайди. Бу ҳолда мусиқани асраб, авлодларга етказишнинг бошқа йўли мавжуд эканлигини инобатга олмоқ даркор. Ҳақиқатан ҳам ўзбек мақомлари “устоздан-шогирдга” ўтиш йўли билан асрлар мобайнида созандалар хотирасида сақланиб келмоқда. Кейинчалик Тэд бу масалага модаллик тушунчасини киритди. Гарчи Пауэрс модаллик ҳақидаги улкан тадқиқот муаллифи бўлса-да, Тэднинг мақом табиати ҳақидаги фикрлари уни шунчалик қизиқтириб қолдики, 70-йиллар охирида унинг ўзи мақомларни тадқиқ қилишга киришди. Душанбада шарқнинг афсонавий созандаси Барбаднинг 1400 йиллигига бағишланган анжуманда Пауэрс қилган “Халқаро Сегоҳ тўғрисида”ги ажойиб маъруза кўпчиликнинг ёдида. У структурализм таҳлил услубиятини ишлаб чиқди. Кичик Осиёдан тортиб Марказий Осиё-ю, Ҳиндистонгача бўлган минтақалардаги Сегоҳларнинг умумий моделини тузди, бирлаштирувчи ва оригинал жиҳатларни конкрет мисоллар асосида исботлади.

Тэднинг диссертациясида яна бир дадил фикр ўртага ташланди. Унга кўра, том маънодаги Шашмақом ­ ҳашаматли сарой санъати, расман унга давлат мақоми берилган, япон мусиқасидаги императорлар саройида расм этилган Гагаку сингари асрлар бўйи ўз услубини қатъий сақлаб келмоқда.

Левиннинг учинчи тезиси классификацияга зиддир. У мақомлар ўзбек-тожик вариантидан иборат эмас, аксинча Хоразм, Бухоро ва Фарғона­Тошкент мусиқасининг услубий тафовутлари бор деган фикрни ёқлади.

Диссертация фактлар, нозик кузатишларга бойлиги, хулосаларнинг асосли эканлиги билангина эмас, балки ўз пафоси, баёнининг ҳарорати билан ҳам ажралиб турарди. Тадқиқотнинг ҳар бир калимасида жонли мусиқа оҳанглари жўш уриб тургандек туюлади.

Ўз фаолиятининг бошидаёқ Тэд мақом бўйича мутахассис бўлиб қолишнинг ўзи етарли эмаслигини яхши тушунган эди. Мақомотни илмий таҳлил қилиш учун у мусиқани ижрочи ўлароқ қалбдан ҳис этмоғи лозим эди. Натижада олим дуторда мақом куйлари ижро эта оладиган даражага эришди. У мақомларнинг айрим йўлларини билади. Тадқиқот мавзуси билан бу қадар чуқур шуғулланиш унинг бошқа қизиқишларини сўндиргани йўқ, асло. Тэд 70-йилларнинг охирларидан бошлаб асосан тўрт мусиқий йўналиш: бўғиздан куйлаш минтақаси бўлган Ўрта Осиё; Мўғулистон ва Тува; грузин мусиқаси ва Стравинскийдан кейинги рус авангард мусиқаси билан шуғуллана бошлаганди. Тэд Стравинский асарларида фойдаланган асл мусиқа манбаларини ­ рус халқ қўшиқларини таҳлил қилиб чиқди. Кейинроқ у фольклоршунос Дмитрий Покровский билан Стравинский асарларидаги халқ қўшиқларининг прототипларини излади. Хуллас, турли минтақалар, турли фольклор анъаналари, турли менталитетлар бир олим томонидан ўрганилди.

Изланиш борасида Тэд тиним билмайди. 80-йилларнинг охирида у Туркманистон саҳролари, Зарафшон дарёси ирмоқлари, Ягноб музликлари томонига сафар қилди. Бу ерларда вақт гўё тўхтаб қолгандек туюлади, қадимий мусиқа оҳангларини эшитиш ва ёзиб олиш мумкин. Ягнобликлар тилида қадимий сўғд тили элементлари сақланиб қолган ягона элатдир. Йўл йўқлиги сабабли бу ерга тамаддун неъматлари деярли кириб бормаган. Бир сўз билан айтганда бу макондаги замонавий қишлоқларда аллақачон йўқ бўлиб кетган нарсалар сақланиб қолган.

Олдинига китоб ёзиш нияти йўқ эди. Асосий мақсад мусиқий материал тўплашдан иборат бўлганди. Тэд сафарга ҳозирланар экан, ўша заминнинг ўзига хос хусусиятлари баён этилган китобларни кўп ўқиди. Натижада у ернинг мусиқасини эшитмасданоқ, унинг шуурида бу мусиқанинг асосий хусусиятлари тўғрисида муайян тасаввур шаклланиб улгурди. Шунинг учун ҳам куй-қўшиқларини эшитиш, ўз тасаввурини реал оҳангларга чоғиштириш жуда қизиқ бўлди. Тэд куй-қўшиқларнинг оригиналлигига тан берди, ҳақиқий санъат ҳеч қандай қолипларга сиғмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди.

Бу вақтга келиб у мусиқашунослик ҳаётидан тобора узоқлашиб бораётган эди. Тэд бу тор қолиплардан қочишга ҳаракат қилди. Университетда у мусиқашуносларга эмас, бошқа соҳа талабаларига дарс бера бошлади, уларга мусиқанинг афзалликларини тушунтирди. “Мусиқашунос – маънавий маданиятнинг мусиқа соҳасидаги йўлбошловчисидир”, ­ дейди олим мусиқанинг моҳиятини тушунтираркан. Тэд мутахассислар илғаши мумкин бўлган мураккаб масалаларни ҳам оммабоп ва оддий ҳамда қизиқарли қилиб тушунтириб бера олади. Шунинг учун ҳам турли мутахассисликка ўқитаётган талабалар Тэдни яхши кўришарди.

Изланишларининг оригиналлиги, юксак илмий салоҳияти туфайли эса Тэд мусиқашуносликда таниқли сиймо бўлиб қолди.

Бироқ, шуни таъкидлаш даркорки, Тэд янги типдаги мусиқашуносдир, уни бу соҳанинг олдинги олимларига қиёслаш мумкин эмас. Тэднинг иш услубиёти фақат кабинетда ўтириб ишлаш билан чекланмайди. Китоб таҳлилиётчиси бўлиш билан бир қаторда Левин, айни чоқда, менежер ишбилармон, футуролог ҳамдир.

Замонавий, корчалон мутахассис сифатида Тэд ўз иши (худди бошқа исталган бир иш каби) молиявий масалага боғлиқ эканини яхши билади. Маблағ ундириш, пул топиш учун у турли даражадаги корчалонлар билан музокарага киришаркан, уларни ишонтира олади, оқилона йўллар излаб топади. Аммо фаолият доираси нечоғли кенг бўлмасин, Тэд доим мусиқашунос бўлиб қолаверади. У мусиқашунослик ижтимоий фан экан, мусиқашунос ижтимоий фаол бўлиши керак, унинг фаолиятига ижтимоий эҳтиёж бўлиши даркор, деб ҳисоблайди.

Мусиқа асосларини билишнинг ўзи ҳозирги мусиқашунос учун етарли эмас. Бугунги кунда назария ­ мусиқани тингловчига яқинлаштириш воситаларидан биридир. Бу ўринда қош қўяман деб кўз чиқариш керак эмас. Кўр-кўрона ёдлаб олинган дуо сингари ҳаддан ташқари илмийлаштирилган, ҳаётдан узилган таълимот ҳам мусиқанинг сеҳрли ҳиссиёт оламига киришига ёрдам бермайди. Бу ерда илмнинг вазифаси ­ жадал ўзгараётган воқелик, ижтимоий онг ва, албатта, мусиқани ҳисобга олган ҳолда санъатнинг объектив ривожланиш қонуниятларини ечишдан иборат. Ҳозирги хонанда ёки созанда бир мавсумнинг ўзида Нью-Йорк, Токио, Рим, Тошкент, Берлин ёхуд Душанбада концерт бераркан, ўз дастурига мухлисларининг қандай муносабатда бўлишига бефарқ бўлолмайди, албатта. Турли-туман менталитет ва анъаналар мусиқага ошно бўлишга, ижрочи билан томошабиннинг ўзаро мулоқотига, фикр олишувига тўсқинлик даркор. Бу жараёнда мусиқашуноснинг роли, айниқса, муҳим. Мусиқашунос миллий, ижтимоий ва ёш тафовутлари ўртасига қўйилган кўприк вазифасини бажаради. Мусиқашунос ўз фикрини нақадар гўзал, доноларча, ташбеҳларга бой ва ўз вақтида айта олсагина, мусиқа ҳақидаги сўз мусиқий маданиятнинг таркибий қисмига айланади.

Тэднинг фаолияти ХХ1 асрда талаб қилинаётган мезонларга тўла жавоб беради. Бир томондан, Тэд жуда оддий, мослашувчан, зиёли, иккинчи томондан эса, шунчаки маълумот тўплаш билан чекланмайди, балки у тўхтовсиз ҳаракатда, изланишда. Юқорида номлари тилга олинган кўпгина созандалар сингари, унинг учун билиб олинган нарсаларнинг энди қизиғи йўқ, бу босиб ўтилган босқич, холос. Олимнинг фикр-ўйлари, хатти-ҳаракатларида ғайритабийлик оқилоналик билан ажабтовур бир тарзда уйғунлашиб кетган. Аслида, у ҳамма нарсани олдин ўйлаб ва режалаштириб олган. Бироқ истиқбол яққол кўриниб турган ҳолатда ҳам у тўсатдан бошқа нарсага қизиқиб қолиши, ўз изланишлари йўналишини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас. Бир нарсага иштиёқманд бўлдими, ўз ниятини рўёбга чиқариш учун у ҳеч нарсадан қайтмайди.

1991 йилнинг ёзида биргаликда Ягнобга қилган сафаримиз чоғида худди шундай бўлганди. Бу ўлка сир-асрорга тўла, афсонавий мамлакатга ўхшарди, назаримизда. Қўлимизда йўл топиш учун иккита харита бор эди.

Бир ўқитувчи ҳиммат кўрсатиб, бу хариталардан бирини бизга ҳадя қилганди. Иккинчи харита бўлса Пентагондан олинганди. Бироқ, ҳар иккала харита номукаммал бўлиб чиқди. Йўл-йўлакай бу хариталарга қўшимча ва ўзгартиришлар киритдик ( сўнг Тэд бу харитани ўз китобига киритди). Барибир сафар жуда қизиқ ўтди. Музликка томон кетарканмиз барча эски қишлоқлардан ўтдик. Бироқ, деярли ҳеч кимни учратмадик, чунки аҳоли аллақачонлар водийга кўчиб ўтган экан. Аммо бу жойларнинг сиру асрорларини ошкор этиши мумкин бўлган кишини учратишимизга ишонардик. Ниҳоят, бу атрофда обрўли кишилардан бўлган мулла Нурбобони учратиб, қувончдан бошимиз кўкка етди.

У билан тил топишиш осон бўлмади. Нурбобо Ягнобнинг саводли, илм-маърифатли кишиларидан экан. Бир вақтлар Ягнобда зиёли кишилар кўп бўлган. Қалин қор тушгани учун ҳар йили олти-етти ой Ягноб ташқи дунёдан мутлақо ажралиб қолади. Бундай кезлари эркаклар китоб кўчириш билан шуғулланган. Шу касб-кор туфайли қишлоқдагилар ёппасига саводхон бўлганлар. Масжид қишлоқнинг маданий маркази бўлган. Совет ҳокимияти бу ерда фақат 30-йилларнинг ўрталарига келибгина, яъни бошқа қишлоқлардан анча кейин ўрнатилган.

Ўшандан буён кўп ўзгаришлар бўлган. Кўчки баҳонаси остида бутун аҳолини мажбуран водийга кўчиришган. Ўт об-ҳаво шароитига кўниколмай кўпчилик ўлиб кетган. Маҳаллий аҳоли жуда кам қолган. Нурбобонинг ўзи ҳам Зафарободда яшаб, пахтакорлик қилар экан. Лекин синглисини кўриш учун Ягнобга тез-тез келиб тураркан. У оппоқ соқоллари кўксига тушган, 80 ёшдан ошган нуроний, бироқ ҳали тетик қария, бир сакраб отга минади.

У қишлоқда ҳар соҳада, жумладан мусиқа борасида ҳам мўътабар устозлардан ҳисобланади. Лекин, тўғрисини айтганда, ўттиз йилдан ошибдики, қўлига соз олмаган. Орадан шунча йил ўтгач, бизнинг ёнимизда ўтириб, қўлига дўмбирани олди, ўтган-кетганларни эслаб, хўрсиниб қўйди. Кўз ёшларини артди, сўнг кўпдан бери ғамгусору меҳр кўрмаган ёш боладай энтикиб, беғубор жилмайди. Бироқ, қалбини очишга рағбат кўрсатмади. Биз ҳам буни ҳис қилиб турардик.

Лекин ҳарнечук тил топишдик. Бу воқеа шундай юз берди. Меҳмоннавозлик юзасидан бизларнинг шарафимизга Нурбобо 70 ёшдан ошган укасига қўй сўйишни буюрди. Мен таржимон сифатида бу ҳақда Тэдга айтдим, ўзимни бўлса иштаҳа қитиқлай бошлаган эди. Тэд бироз ўйлаб турди-да, бундай деб жавоб қилди: “Муллага айтгин, қўзини сўйгунча мени сўйсин”. У сўзма-сўз таржима қилишни сўради. Нурбобо ҳайрон қолди. У ҳайратланиб: “Мана ҳақиқий эътиқодли одам, худонинг севган бандаси!” – деб хитоб қилди. Сўнг атрофдагиларга деди: “Бундай кишиларга ёрдам қилмаслик гуноҳи азим!” Шундан кейин бобо биздан айрилмади, доим бирга бўлди, охирида эса кетишимизга ҳам рухсат бергиси келмади.

Сафаримиз қариётган эди. Йўл тайёргарлигини кўраётган бир паллада тоғлар ортидан вертолёт келиб қолди. Мен кўйлагимни силкий бошладим. Вертолёт қўнди, бироқ у ерга етиб боргунча ярим соат керак эди. Нурбобонинг отига нарсаларимизни юкладик. Бобо, укаси, синглиси ва йўлбошчимиз Нормурод бизни вертолёт ёнигача кузатиб боришди. Вертолётчилар Ягнобга картошка ва кўзиқорин олиб кетиш учун тез-тез келиб тураркан. Бу ерда тупроққа ўғит солинмайди, шу боис ҳосил табиий ва тоза бўлади. Қолаверса, ягнобликлар учун картошка савдоси ягона тирикчилик манбаи.

Вертолётда ҳаммамиз водийга, Анзобга учиб бордик. Бу ерда бизни колхоз раиси кутиб олди. Аммо Нурбобонинг биздан ҳануз айрилгиси келмасди. У гапга тушиб кетар, куйлар, ягноб-тожик тилларида шеърлар ўқир, ҳикояларининг кети узилмасди. Нурбобонинг турган-битгани хазина экан.

Бошқа бир вазиятда ҳам Тэднинг феъли намоён бўлганди. Ягнобга кетаётганда Шаҳристон қишлоғида биз тўсатдан шомонларга дуч келдик. Бу қишлоқда хотинлар ҳам, эркаклар ҳам, деярли ҳар икки кишидан бири бахшилик йўлида даволаш билан шуғулланар экан. Олдинига бахшилар бизни яқинлаштиришмади, бегонасирашди, қочиб юришди. Бироқ биз уларнинг кўнглини топишдан умидвор эдик. Бир неча бор уларнинг ҳузурига бордик, бироқ кимдир симсиз телефон орқали уларга дарҳол хабар берар ва ҳар гал тополмай қайтардик.

Ҳеч кутилмаганда омадимиз чопди. Бир куни ёмғир шаррос қуйиб турган пайтда тентираб юрганимизни кўриб, раҳми келган Меҳринисо деган бир аёл ёнимизга келди, машинага ўтириб, оҳистагина сўз бошлади. Пировардида, у кейинги ҳафта учрашувни ташкил қилишга ваъда берди. Хуллас, Меҳринисо дугоналарини ўз касбининг сиру синоатларини бизга кўрсатишга кўндирибди. Шу тариқа бир-биримизни тушуна бошладик. Бунда ҳайдовчимиз Абдураҳмон ҳам жонбозлик кўрсатди. Биз даволаш жараёни ва ундаги ирим-сиримларгача батафсил ёзиб олишга ҳаракат қилардик. Сибирдаги шомонлар ўз ҳунарини ящириб ўтиришмайди, улар ҳамма нарсани очиқ-ойдин сўзлаб беришади, керак бўлса, томошабинларга ошкора намойиш қилишади. Уларнинг осиёлик ҳамкасблари бўлса, бу ишни пинҳона қилишади. Ў амалдорлардан қўрқишгани учун, ёки касби тақозоси кўра шундай қилишади. Шунинг учун ҳам “кўч” маросимини, унинг мусиқий оҳангларини, сўзларини ёзиб олар эканмиз, бизнинг илтимосимизни ерда қолдирмаган бахшиларнинг самимийлигига тан бердик. Ўзувларимизни шу ернинг ўзидаёқ таҳлил қилар, эътиқодга оид сўзларни шаҳарлар, ноаниқ аралашган калималарни аниқлар, усулларнинг изчиллиги, мантиқийлигини текширар эдик.

Европада ўша кезлари мусиқа билан даволаш усули расм бўлганди. Шу мавзуда биз тўплаган бой материал билан бемалол арзон обрў орттириш мумкин эди. Австрия ва Германиядаги кўпгина ноширлар бу соҳадаги маълумотлар учун катта пул тўлашга тайёр эдилар. Осиёдан ноёб материаллар тўплаган Тэд Левин мўмай даромад олиши турган гап эди. Бироқ, бундай қилиш асосий мақсадга хиёнат бўларди. Олим тамагирликни хаёлига ҳам келтирмади. Унинг учун энг муҳими – тадқиқот эди. У иккинчи даражали мақолалар, манфаатлар устида бош қотирмасдан, асар устида узоқ ва жиддий ишлади. Кузатиш, умумлаштириш, қайд қилиш, ҳиссиётга берилмай ақл-идрок билан ишлашга тайёр олим Тэд бу эътиқоддан ҳеч қачон чекингани йўқ. “Худонинг юз минг шайдоси” китоби дунё юзини кўргач, Тэд машҳур бўлиб кетди. Бироқ, бундан аввал ҳам у барча учун керакли инсон эди. Дўстлари, шогирдлари, маслакдошлари унинг суҳбатини интиқлик билан кутишарди. Лекин китоб чиққач, Тэднинг фаолиятига дунёнинг нариги чеккасидаги ҳамкасблари ҳам қизиқиб қолишди.

Замонамизнинг атоқли виоланчел ижрочиси Йо Йо Ма билан танишув ана шундай рўй берди. “Худонинг юз минг шайдоси”ни ўқиган бу жаҳоншумул созанда айни мавзу устида бош қотираётган, руҳан яқин одами топилганидан бениҳоя шод бўлди. Уларни қизиқтирган масаланинг моҳияти “жаҳон мусиқаси” деб аталган турфа, жонли жараёндан хийла узоқлашиб кетган қараш ­ яъни мусиқани хос ва оммабоп дея иккига бўлиб қарайдиган нуқтаи назар эскириб қолганлигидан иборат эди. Йо Йо Ма Марказий Осиё ҳақида Тэд ёзган нарсаларни мароқ билан ўқиди. Ҳиндистон, Хитой, Японияга қараганда ҳали анча номаълум бўлган Марказий Осиё маданияти маънавий жиҳатдан ниҳоятда бойдир. Минтақалараро Буюк Ипак йўлининг ўқ нуқтасидаги буюк тамаддунлар ўзаро рўбарў келади. Муаллиф фикрлашининг оригиналлиги, далиллиги, янгилиги, масалага ўзгача ёндашув китобни қизиқарли қилган омиллардир. Тайёр андозалардан қочиб, бу маданиятнинг ўзига хослигини идрок этиш йўлидан борилганлиги асарнинг ўзига хослигини, пировардида, муваффақиятини таъминлаган.

Етакчилик, пир-устозлик, пайғамбарлик даъво қиладиган бошқа муаллифлардан фарқли ўлароқ, Левин, қадимий муқаддас қадамжоларга йўл олган зиёратчини эслатади. Тазарру, ўзини англаш йўлида ташланган ҳар бир қадам муаллифни кашфиётларга, бинобарин, ҳақиқатга етаклайди.

Бошқа жиҳатдан қараганда, бу ҳаётнинг қувонч ва ташвишлари, ҳазил ва мутойибалари, ғайритабиийликлари тўғрисида қилинган эркин ва самимий хикоядир. Бу ҳолат Йо Йога мақул эди. У танишиш, бевосита суҳбатлашиш учун Тэдни излай бошлади. Мусиқачининг ўзи жуда тавозели киши бўлиб, миллий, анъанавий руҳда тарбия олган. Йо Йо Ма асли хитой, лекин Францияда туғилган. Париж консерваториясини виоланчел синфи бўйича тамомлаган, кейинги вақтда Нью-Йоркда истиқомат қилади. У ўз маънавий оламида яшайдиган романтик бир киши. Бундайлар ҳақида кўпинча “у бу дунёнинг одами эмас” дейишади. Горовиц, Бернстайн, Растрапович каби буюк сиймолар билан бир қаторда туришга лойиқ бу мусиқачини америкаликлар, айниқса, ёшлар яхши кўришади ва қадрлашади.

Йо Йо Ма билан Тэд феъл-атвори турлича бўлгани учун ошнолашгунларига қадар бироз вақт ўтди. Кейин бир-бирини яхши тушунадиган бўлиб қолишди. Икковлон “Буюк Ипак йўли” деб номланган улкан лойиҳа устида бош қотира бошлашди. Бу лойиҳа Япония–Венеция–Париж–Нью-Йорк ва Вашингтонда мусиқа фестиваллари ўтказишни кўзда тутарди. Якунловчи концерт Америка Президентининг қароргоҳи – Оқ уй олдидаги боғда ўтказилиши ва унда Буюк Ипак йўлининг жаҳонга машҳур юлдузлари куй-қўшиқ ижро этиши назарда тутилган.

Асрлар давомида тўпланган куй-қўшиқларни ижро этишгина эмас, айни чоқда янги репертуарни ҳам тайёрлаш ­ фестивалдан кўзда тутилган мақсадларнинг биридир. Шу мақсад йўлида жойлардаги истеъдодли бастакорларга буюртма беришга қарор қилинди. Улар замонавий воситалар ёрдамида европа ва маҳаллий мусиқани мумтоз даражада уйғунлаштиришлари мақсад қилинган.

Бундан тўрт йил муқаддам Тэд бастакорларга буюртма берди. Ўзбекистондан ватандошларимиз Мустафо Бафоев ва Дмитрий Янов-Яновский, Тожикистондан Толиб Шоҳидий ва Алишер Латифзода, Озарбайжондан Фарангиз Ализода ва Жавоншер Куливер, Эрондан Кейхон Кўлхўр, Мўғулистондан Би Шаровлар бу шарафга ноил бўлишди. Дастлабки синовлар муваффақиятли ўтди.

Бу лойиҳанинг бошқа бир муҳим жиҳати ­ унинг мутахассислар, ғаройибот ишқибозларига эмас, балки ҳозирги кун мусиқа мухлисларига мўлжалланганидир. Ташкилотчиларнинг кузатишича, классик мусиқа эшитишни хуш кўрадиган тингловчилар бор. Уларнинг диди консервативроқ. Бироқ, бунинг сабаби шундаки, улар кўп ҳолларда ўз мусиқий ҳис-туйғулар оламини янги таассуротлар билан бойитиш имкониятидан маҳрумлар. Янгилик томон дадил интиладиганларни “учинчи йўл” ишқибозлари дейишади. Тэд бу ўринда ўзбекча “янги йўл” калимасини ишлатади. Бироқ бу йўл қарор топиши учун йўлбошловчи лозим. Бизнинг мусиқачиларимиз айни йўлбошловчилик вазифасини ўтайдилар.

Бугунги концерт маросимларига кўпинча янги бир жиҳат тингловчилар билан мулоқот жорий этилмоқда. Йо Йо Ма ҳам концертнинг муайян бир ўринда томошабинлар, кўпинча ёшлар билан мулоқотга киришади. Созанда энг оддий деталлардан бошлаб, тингловчини аста-секин мусиқанинг нозик жиҳатларини англаш томонга йўналтиради.

Масалан, Йо Йо Ма америкалик тингловчиларни виолончелга ўхшаш мўғул торли мусиқа асбоби ­ маринхур билан таништиради. Бу соз гарчи товушига кўра европалик оғайнисига ўхшаса-да, унинг ўз тембри, ўз оҳанги, бетакрор жилолари бор. Қиёслаш, таққослаш жараёнида улардан ҳар бирининг ўзига хос жиҳатлари ойдинлаша боради. Янги материални бу тариқа тушунтириш тингловчини мафтун этади, энди у маринхур ҳақидаги маълумотларни излаб қолади.

Бошқа мусиқа услубларини таништиришда ҳам созанда ана шу усулни қўллайди. Бу ишнинг муайян бир андозаси йўқ. Умумий тамойил мусиқани ҳавола этишнинг янги йўлларини тинимсиз излашдан иборат. Кашфиёт бевосита залда ўтирган тингловчилар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Санъатда назариябозлик қилиш, режалаштириш, ноёб лойиҳалар таклиф этиш мумкин ­ эндиликда бу билан ҳеч кимни ҳайратга солиб бўлмайди. Йо Йо Ма билан Тэд Левин ўртага ташлаган ғоя бўлса жуда оддий, табиий ва ниҳоятда долзарбдир, ундан кўзда тутилган мақсад эса турли маданиятларга мансуб кишиларни яқинлаштиришдан иборат. Бироқ ишга жиддий ёндашган барча қатнашчилар ўз истеъдодини, маҳоратини тўлиқ намоён қилган тақдирдагина лойиҳа муваффақият қозониши мумкин, холос. Ишнинг моддий жиҳати ҳам муҳим. Бу ўринда лойиҳа асосчиларининг нуфузи кўп нарсага боғлиқ. Ижодий лойиҳаларни молиявий таъминлашнинг бутун жаҳонда мавжуд системасига кўра маблағ ўз соҳасида муайян мавқега эга бўлган кишиларгагина ажратилади. Йо Йо Ма билан Тэд Левиннинг билимдон мутахассислиги, ижодий имкониятию қудрати бу иш муваффақиятининг гаровидир. Бу ишда таваккалчилик ҳам бор, албатта. Омад боқмай қўйиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Йо Йо Ма билан Тэднинг ҳамкорлигида тингловчилар ўртасидаги юксак обрў-эътибор билан ишбилармонлик, кенг ақл-идрок, мусиқа оламидаги энг янги маълумотларга эгалик каби фазилатлар уйғунлашиб кетган. Уларнинг ўзаро дўстлиги, бир-бирини тўла тушунишлари ва бир-бирига ишончи бу фазилатларини янада кўпайтиради.

Мусиқашуноснинг феъл-атвори унинг ташқи қиёфаси ва қизиқишларида ҳам кўзга ташланади. Тэд билан илк танишувдаёқ кўзга ташланадиган нарса ­ ўз устидан истеҳзо қила олишидир. У бир вақтлар Лениннинг ҳайкалчалари ва суратларини йиғиш билан шуғулланган эди. Тэд қаерда бўлмасин, қишлоқдами ёки шаҳар вокзалидами “доҳий”нинг ҳайкалига кўзи тушса бас, дарҳол суратга оларди. Бу ҳайкалларнинг кўпчилиги бадииятдан йироқлиги билан изоҳланиш мумкиндир эҳтимол. Ана шу нусхаларни тўплаш эса, бемаънилик устидан кулиш. Шуниси характерлики, Тэд бу ишни қайта қуриш замонидан анча илгари бошлаган эди. У, ҳатто ўз фамилияси устидан кулишга қодир инсон. Ўзбекистонга келганидан кейин у ўз исмини ўзбекчага “таржима қилиб”, “Худойберган”га айланди, фамилиясидаги учинчи ҳарфни “н”га алмаштирди. Шу тариқа у ҳазиллашиб “Худойберган Ленин” дея имзо чекиб юрди. Расмий учрашувларда унга русча мурожаат қилишса, у ҳеч кутилмаганда ўзбекча жавоб қайтарарди. Шу билан ўртадаги совуқчилик, эҳтиёткорона муомала барҳам топарди, қўярди. Ўша замонларда ажнабийларга эҳтиёткорона муомала қилиш қоида тусига кирган эди. Бироқ Тэд нописандлик билан қилинган муомалага тоқат қилолмас, инглизча расмий дипломатик тилга ўтарди.

Тэд кийинишда ҳам гоҳо гўё тўпорилик қилар ­ пахталик камзул кийиб, галстук тақиб юрарди. Америкада қандай хоҳласанг шундай кийин ­ ҳеч кимнинг иши йўқ. Совет Иттифоқида бўлса, бу ғалати, айниқса, пахталик камзул сталинча қатағонлар замонини эслатади. Хоразмга борганимизда Тэдга пўстин ва чўгурма ҳадя қилгандик. Тэд уларни Европада кийиб юрди.

Тэд моҳир ошпаз. Хитой таом санъатини, ўзбекча ва ҳиндча овқат пиширишни билади. Таом тайёрлашда моҳир ошпазлардек аниқ ва чаққон ишлайди. У йигирма дақиқадаёқ дастурхон тузаб ташлайди. Талабаларини уйида ўзбекча жиҳозланган меҳмонхонасида кўрпачада ўтириб қарши олади. Қўлда палов ейишни ўргатади, кўк чойнинг лаззатию фойдасини тушунтиради. Ҳиссиётчанлиги, хушфеъллиги учун Тэд ўзидан кичиклар қалбига тез йўл топа олади, уларнинг муаммоларини тез илғаб, ёрдам беришга шошилади.

Дўстлар, созандалар билан муносабатда ҳам Тэд ҳамиша самимий, кўнгли очиқ. Зеро созандалар ҳам нимаси биландир болаларга ўхшашади ­ сохтакорликни, ғаразни тез фаҳмлайдилар. Миллионерлар билан мулоқотда ҳам Тэд доимо самимий. Зотан, руҳшунос учун самимийлик ва кўнгли очиқлик қалб калитидир.

Олимнинг ўз вақтини беҳуда, зое кетказмаслиги ҳақида юқорида айтган эдик. Ишга муккасидан кетган Тэд оиласидан алоҳида яшайди, унинг рафиқаси бошқа жойдаги университетда дарс беради. Бироқ Тэд ҳафтада бир марта 300 километр йўл босиб, хотини ва қизини кўриб келади. Тэд миннатдорлик ва узоқ вақтлар яқинларидан айрилиқда қолгани учун узр сўраш маъносида ўз китобини уларга бағишлаган. У ҳатто узоқ йўлда ҳам бекор кетмайди. Машина рулини бошқариб кетаркан, мусиқа эшитади, йиғилган аудиоматериалларни таҳлил қилади. Йўл уни янги фактлар йиғишдан, китоб ўқишдан чалғитса-да, унинг шуури доим иш билан банд бўлади.

1988 йили Америкага илк бор келганимизда бизнинг ишимизни оқилона уюштириш билан бевосита Тэднинг ўзи шуғулланди. Ўн кун мобайнида тўхтовсиз ишладик, машғулотлар бир дақиқа ҳам тўхтамади. Ундан кейинги ўн кун мобайнида эса Тэд маза қилиб дам олишимиз учун барча ишни қилди – биз камбағалларнинг оқшомги қовоқхоналарию табиий, саранжом-саришта хўжалиги бўлган деҳқон(мармом)лардан тортиб, ҳашаматли саройлари, кемаларию, самолётлари бўлган миллионерларнинг меҳмони бўлдик. Бироқ серҳашам саройларни кўрсатаркан, Тэд истеҳзо билан: “Бу ерда нима истасанг бор, фақат бирорта китоб йўқ” дерди ва бор гап аён бўларди, қўярди.

Америка фуқароси ва ўзбек заминининг ошифтаси бўлган Тэд Левиннинг қиёфаси, фаолиятининг қирралари қисқача ана шундай. Унинг беғараз ёрдами, ҳаракати туфайли ўзбек мусиқаси дунёга борган сари кўпроқ танилмоқда ва муваффақият қозонмоқда. Тэднинг Ўзбекистон мусиқа юлдузлари қаторидан жой олишининг сабаби ҳам шунда.

Яқинда электрон почта орқали Тэддан мактуб олдим. У кейинги режалар тўғрисида саволларимга жавоб йўллаганди. Олдинги мактубларига ҳечам ўхшамайдиган бир ҳолат мени ҳайратга солди. Тэд фикран мен билан сўзлашаётган бир паллада мактубимни олганини ёзган эди. У гарчанд мистикага ишонмайдиган ашаддий реалист, амалиётчи бўлса-да, бу ҳол унга қаттиқ таъсир кўрсатган. Мактуб ҳам, афтидан, шу ҳолат таъсирида бўлса керак, одатдагича қисқа эмас, батафсил ёзилган бўлиб, ҳар бир сатридан ҳарорат уфуриб турарди. Бу ғайриодатий ҳолнинг сабаби мени макубнинг охирини, Тэд “Буюк Ипак йўли” лойиҳасидаги раҳбарлик ишидан сўнг, ниҳоят Тува ҳақидаги китобни битказиш учун университетга, илмий ишга қайтмоқчи эканлиги тўғрисида ёзган сатрларни ўқиганимда тушуниб етдим. Икки йил олдин Тэд била-кўра туриб бу ишни тўхтатган, чунки ўйлаган режаларини рўёбга чиқариш ва, албатта, пул ишлаш имкони пайдо бўлган эди. Биз олим бизнес билан шуғулланишдан воз кечмаслиги тўғрисида кўп фикрлашганмиз. Чунки бу иш ўз ниятларини амалга ошириш имконини беради, бундан ташқари, киши бировнинг қўлига қарамайдиган бўлади. Пул осмондан тушмайди. У яхши ниятлар қоғозда қолиб кетмаслиги, ўйлаган режаларини рўёбга чиқариш учун зарур. Очилиб кетган пайтлари Тэд ундан яхши бизнесмен чиқиши мумкинлиги ҳақида гапириб қоларди. Дарҳақиқат, Тэддаги куч-ғайрат, тил топиша олиш хусусияти, вақтни тежай билиш, ўзининг ва шеригининг куч имкониятларини тўғри баҳолай олиш қобилияти унга, шубҳасиз, муваффақият келтирган бўларди. Бироқ мусиқашунос-тадқиқотчилик ишига муҳаббат бошқа нарсалардан устун бўлгани учун Тэд ўз касбига содиқ қолди.

Мактубни ўқиб бўлгач, хаёлга толдим. Иккаламиз чарчаган ҳолда камин олдида оҳиста мусиқа тинглаб ўтирганимизни эсладим. Мен оромкурсида, Тэд бўлса гилам устида чордона қуриб ўтирардик. Сукут узоқ вақт давом этди. Сўнг Тэд кутилмаганда ҳозир шу паллада ўзининг бой эмаслигига эҳтимол илк бора афсусланаётганини айтиб қолди. Агар пулим кўп бўлганида турли гиламларни сотиб олган, уларнинг ранги, нақшидан завқланган, сўнг эса ҳаммасини болалар уйи ва талабаларга ҳадя қилган бўлардим, деди у. “Гилам ­ инсон юксак дунё билан бевосита бирлашадиган санъатнинг маҳсули, ­ деди у. ­ Шу мўъжазгина парчада қанчадан-қанча йўл бирлашиб кетган, уларнинг боши ҳам, охири ҳам чексиз!” Тэд гиламнинг бўёқлари, ажойиб гулларидан узоқ завқланди. Гиламни нуқул бир хил иш ­ уй иши билан шуғулланадиган аёллар тўқиса-да, унда оламнинг турфалиги акс этишини ёдга олди. Шунинг учун ҳам бу қўли гул тўқувчиларнинг қўшиғига лоқайд қолиб бўлмайди. Бу қўшиқларда ҳам тасаввурга сиғмайдиган нафосат, гўзаллик ўз ифодасини топган. Бундай гўзаллик ичида яшаган инсондан бахтлироғи бормикан?! Бу суҳбатни эсларканман, кўпинча ёнимизда, шундоқ биқинимиздаги гўзаллик ва нафосатни кўрмаслигимиз, ҳис қилмаслигимиз, ҳаяжонланмаслигимиздан афсусландим. Мактубни қайта-қайта ўқирканман, фақат гўзаллик олами ичида яшайдигангина эмас, балки бу гўзалликдан дунёнинг нариги чеккасидаги нотаниш кишиларни ҳам баҳраманд қилишга интиладиган инсон билан дўст бўлиш имконини бергани учун менда тақдирдан бениҳоя миннатдорчилик туйғуси жўш уриб кетади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 6-сон