Эллик йил мобайнида Пон-л’ Эвек аёлларининг Обен хонимга кўзи куйиб келди.
Йилига юз франк эвазига Фелисите пазандалик ва оқсочлик қилар, парранда боқар, кув пишиб сариёғ олар, аёл боши билан отни эгарлаб аравага қўша биларди. Шуниям айтиш жоизки, анчайин сўхтаси совуқ бекага у итдек содиқ эди.
Хонимнинг суқсурдеккина эри касодга учраб, шўришу надоматларни кўтара олмади. 1809 йилда омонатини топширгач, ундан вояга етмаган икки бола ҳамда бир дунё қарз қолди. Шунда тул хоним Жефос ва Тукдаги нари борса беш минг франк даромад келтираётган фермаларини қолдириб, қолган амлокини сотди-да, Сен-Мелендаги уй-жойидан бозорнинг орқасидаги деярли таъмирталаб бўлмаган ҳовлисига кўчиб ўтди.
Оралиқ ва тор кўчалар ўртасидаги томи черепица бу уйдан шундоқ дарё бўйига чиқиш мумкин эди. Поли норавон хоналарда ҳамма қоқилиб-суриниб юради. Камбар даҳлиздан ўтиб бориладиган “зал”нинг деразаси ёнидаги кажава оромкурсида Обен хоним уззукун қўққайиб ўтиради. Оққа бўяб чиқилган девор ёқалаб арғувон оғочидан ясалган саккизта курси териб қўйилган. Барометрнинг тагидаги анча уринган фортепьяно устида картон қутилар бор. Сариқ мармардан Людовик XV услубида ясалган каминнинг ҳар икки ёғини чўпонлар ҳаётини эслатувчи гобеленлар безаб турибди. Энг кўринарли жойга Веста эҳромига ўхшаш соат кўрк бўлиб тушган. Поли чорбоғ сатҳидан пастлиги боис уйнинг ҳар кунжидан моғор иси анқийди.
Иккинчи қаватдаги илк кенг-мўл хона “бойвучча” хонимники; деворларига нимранг гулқоғоз ёпиштириб чиқилган хонага “тўра”нинг пўрим либосдаги сурати илиб қўйилган. Кейинги чоғроқ хонада иккита болалар каравоти яланг турибди. Яккаш қулфлоғлик турадиган меҳмонхона бўлиб, у ғилоф кийгизиб чиқилган мебелларга тўлиб кетган. Обнус оғочидан ясалган ёзув столи уч ёқдан китоблару иш қоғозлари билан қуршаб олинган. Одран чизган ажойиб манзаралар Обенларнинг ўтмишда серҳашам ҳаёт кечириб келишганидан дарак беради.
Деразасиям яшил ўтлоққа қараган учинчи хона бўлса, Фелиситенинг хос хонаси эди.
Бомдод ибодатини қазо қилмаслик учун Фелисите тонг оқаргандан туриб олар ва шомга довур тиним билмасди. Кечки хўракдан сўнг идиш-оёқларни саранжомлаб, эшик-тирқишларни ёпиб чиқар, ўчоқдаги чўққа кул сепгач, тасбеҳ ўгирган кўйи пинакка кетарди.
Бозор-ўчарда ҳеч ким Фелиситечалик талашиб-тортишмасди. Озодаликда оқсочлар орасида ундан ўтадигани топилмас эди: у ўта покизалик билан рўзғор тутар, ушоқларниям битта-битта териб оғзига соларди. Вазни ўн икки фунтлик ўзи ёпган нон унга йигирма кунга етарди. У йил бўйи сочларини бошининг орқасига тўғноғич билан санчиб қўяр ва устидан чит рўмол ўраб юрарди. Қолган энгил-боши – кулранг пайпоқ, алвон юбка ҳамда кофтасининг устидан боғлаб қўйиладиган пешбанддан иборат эди.
Чувак юз, овози шанғи аёл эди у. Йигирма беш ёшида қирққа кирганга ўхшаб кўринарди. Элликдан ошгач, унинг ёши нечадалигини ҳам билиб бўлмай қолди. Қоматини ғоз тутиб шошилмасдан қадам ташласа ҳам яккаш дамдуз эди ва ҳар қандай ишни ёғоч автоматдек бажариб кетаверарди.
II
Ҳар бир киши ҳаётида бўлганидек, у ҳам шайдоликни бошидан ўтказди.
Ғишт терувчининг отаси ҳавозадан тушиб кетиб ҳалок бўлгач, сал ўтиб онасиям омонатини топширди. Кейин опа-сингиллар ҳар ёққа тарқалиб кетишди. Увоқдай қизчани бағритош бир фермер ишга олди; у шўринг қурғур етимчани далага мол боққани ҳайдаб юборар, бола фақир жулдур кийимда совуқда дириллаб подачилик қилар, чанқаганда чўккалаб кўлоб сувидан ичарди. Бояқишни ноҳақдан-ноҳақ нуқул дўппослашарди. Охири, арзимаган ўттиз су ўғирлаганликда айблаб, уни ҳайдаб юборишди. Сўнгра қизалоқ паррандачилик фермасига ишга кирди. Бу ерда қизни уриб-сўкишмас, шунинг учун кўплар унга ҳасад қилишарди.
Август оқшомларидан бирида бўй етган қизни танишлари яйраб келасан, деб Кольвилга олиб боришди. Дарахт шохларидаги ранг-баранг чироқлар, олақуроқ либосларининг ёқасига ипак тўр ва бўйнига тилла бутча тақиб олиб, қўл-оёқларини чолғу усулига мослаб рақс тушаётган йигит-қизларни кўриб Фелиситенинг боши айланиб кетди. У ийманганидан давранинг бир четида турар, сал нарироқда эса башанг кийиниб олган бир йигит араванинг четига суянганча қиздан кўз узмасди. У тамаки тутатганча қизнинг олдига келди-да, уни рақсга таклиф қилди. Сўнг олма шароби, қаҳва, обинон билан меҳмон қилди ва чиройли дурра олиб берди. Кеча охирида йигит қизни кузатиб қўйди. Суливорнинг этагига етганларида у қизга тегажоқлик қила бошлади. Капалаги учиб кетган қиз бақириб юборди. Йигит ўзини тийиб, орқасига қайтиб кетди.
Кечга яқин Бомон йўлида кетиб бораётган Фелисите зичлаб пичан ортилган уловни қувиб ўтмоқчи бўлди ва ногоҳ аравакашни таниб қолди – у Теодор эди. Гуё ўрталаридан ҳеч гап ўтмагандай, у қизга яқин келиб ундан “ўшандаги густоҳлиги учун” узр сўради. Қиз нима дейишиниям билмас, бир кўнгли қочиб қолсамми дерди. Бироқ йигит бу йил ҳосил мўл бўлаётгани, унинг отасиям Кольвилдан Экодаги фермасига кўчиб ўтгани, шунингдек у ерлик донгдор кишилар ҳақида бир боғдан, бир тоғдан келиб роса вайсади.
Бу гапларга жавобан Фелисите чўзиб:
– Ҳа-а-а! – деб қўя қолди.
Шунингдек, йигит ота-онаси уни уйлантириб қўйишмоқчилигини, лекин сира шошилмаётганини, кўнглига ёққан қизни олмоқчилигини айтди. Қиз уялиб бошини қуйи солди. “Ўзинг менга тегармидинг?” – деб сўради у қиздан. Фелисите жилмайганча, бировларнинг устидан кулиш яхши эмас, деди.
– Хаёлимгаям келгани йўқ! – деди йигит.
Йўл-йўлакай йигит қизни бағрига тортди; у ҳам монеликсиз ёнма-ён кетаверди. Улар одимларини секинлатишди. Сарин ел эсиб турар, бошлари узра юлдузлар имлашаётганга ўхшарди. Пичан ортилган арава чайқалганча бошвоқсиз кетиб бормоқда. Отлар ўз-ўзидан ўнгга бурилишди. Йигит тағин қизни қучоқлади, Фелисите бўлса уялиб кетганидан ўзини панага олди.
Ҳафта ўтиб, Теодор қизни хилватдаги ёлғиз дарахтнинг ёнига келишини сўради. Фелисите гаҳ деса қўлига қўнадиган ойимтиллалардан эмас эди. Чўпонликдан кўзлари пишиб кетган ор-номусли қиз ўз маъсумалигини сақлай биларди. Унинг тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатиши Теодорнинг эҳтиросини баттар алангалатиб юборар, у ҳансираганча муродини ҳосил қилишга интиларди (эҳтимол, унинг ҳис-туйғулари самимий бўлгандир). Ахийри у “Мен сенга уйланаман!” деганча қизни аврашга тушди. Фелисите лаққа тушиб қолишдан қўрқар эди. Шунда йигит худони ўртага солиб қасам ичди.
Кўп ўтмай у қизнинг олдига бош эгиб келди. Ўтган йили ота-онаси уни аскарликка беришмоқчи бўлгани, бугун-эрта олиб кетишлари мумкинлигини, у бўлса ҳарбийга боришдан ўлгудай қўрқишини айтди. Йигитнинг юраксизлигини Фелисите вафодорликка йўйиб, Теодорни янаям қаттиқ севиб қолди ва кечаси унинг олдига қочиб борди. Йигит, ўламан Саттор, сендан бошқани демайман, сенсиз дунё қоронғи, ўзимни ўлдираман! – деб қизнинг ишончини қозонди. “Префектурага бориб гап нимадалигини суриштириб биламан. Янаги якшанбада кечаси ўн бир – ўн иккилар оралиғида олдингга бориб ҳаммасини тушунтириб бераман”, деди.
Белгиланган вақтда қиз унинг олдига чопди. Бироқ ошиғининг ўрнига уни йигитнинг ошнаси кутиб турарди. “Энди Теодорни бош-қа кўрмайсиз”, – деди у. – Аскарликни бўйнидан соқит қилиш учун у туклик Леусе деган бойвучча кампирга уйланиб олганди.
Фелиситенинг кўзига дунё тор кўриниб кетди. У айюҳаннос солар, дарду аламини худога тўкиб, ўкраб-ўкраб йиғларди. Қиз саҳарга довур яйдоқ далада жиғибийрон бўлди. Андак ўзига келгач, фермага қайтиб, ишдан кетмоқчилигини айтди. Ойнинг адоғида ҳақини олиб, бор-йўғини рўмолига тугди-да, Пон-л‘ Эвекка қайтиб кетди.
Қовоқхона ёнидан ўтаётиб, ўзига ошпаз излаб юрган бева хоним билан гаплашиб қолди. Гарчи пазандаликни эплай олмаса-да, у ўзини чаққон ва камсуқум кўрсатиб, хонимнинг меҳрини қозонишга муяссар бўлди.
– Яхши, сизни оламан! – деди Обен хоним.
Ҳаш-паш дегунча Фелисите Обенларникига кўчиб ўтди.
Бошида Обенларнинг “яшаш тарзи” ҳамда раҳматли уй соҳибининг ёди Фелиситени жонсарак аҳволга солиб қўйди. Назарида беканинг етти яшар ўғли Поль ва эндигина тўртга кирган қизи Виргиния унга худди қимматбаҳо нарсадан ясалгандек туюларди. Оқсоч уларни суйиб эркалатар, от бўлиб елкасига миндириб юрарди. Аммо хоним: ”Болаларни ҳадеб чўлпиллатиб ўпаверманг-да!” – дегач, унинг қаттиқ кўнгли ўксиди. Бироқ кек сақлаб ўтирмади, нима бўлгандаям бу ерда у ўзини хушбахт ҳисобларди. Чунки боёқишнинг аламли кечмиши турмуш уммонининг осуда гирватида бир лаҳзада ғарқ бўлиб кетганди.
Пайшанба кунлари хонимникига дўстлари бостон ўйнагани ташриф буюришарди. Уларнинг келишига Фелисите ҳамма нарсани тах-батах қилиб қўярди.
Ҳар душанба эрталабдан торкўчада яшовчи эски-туски сотувчи қасаба майдонига синган ва яроқсиз темир-терсакларини чиқариб ёйиб қўяр эди. Қасаба бир пасда отларнинг кишнаши, қўй-қўзиларнинг маъраши, чўчқаларнинг “хур-хури”, улов ғилдиракларининг қуруқ тақир-туқурию, одамларнинг ғовур-ғувурига омухта бўлиб кетар эди. Олди-сотди айни авжига чиққан чошгоҳда бозорга дароз, қирғийбурун жефослик кекса зироатчи Робелен олди соябонли қалпоғини гарданига тушириб олганча кириб келарди. Сал ўтиб бу ерда гирдиғумдан келган туклик ширмойюз бақалоқ фермер Льебар кулранг куртка ва темир тепкили этикда пайдо бўларди.
Улар Фелиситени пишлоқ ёки товуққа кўндирмоқчи бўлишар, бироқ қиз уларни боплаб уялтириб қўяр, шунда қизга бўлган ҳурмати янаям жўш урганча иккаласи ҳам ортига қайтиб кетишарди.
Кўпдан бери Обен хонимни кўргани хонумонидан айрилиб, Фалездаги бир тутамгина ерида яшаб келаётган амакиси Маркиз де Греманвиль келиб турарди. У ҳамиша нонуштага ўтирилганда оёқлари билан жиҳозларни ифлослайдиган пудел*ини етаклаганча кириб келарди. Маркиз ўзининг аслзодаларга хос сулукатини сақлашга зўр берар, ҳар сафар “Раҳматли падари бузрукворимиз” деганча шляпасини хиёл кўтариб қўярди. Тарки одат – амри маҳол деганларидек, у устма-уст мусаллас ичиб, ношоён ҳазиллари билан барчанинг ғашига тегарди.
Фелисите бўлса:
– Бўлди-да, жаноб Греманвиль! Борақолинг энди! – деб унинг кавушини тўғрилаб қўяркан, кетидан эшикни қулфлаб оларди.
У Обенларнинг кекса гумаштаси жаноб Бурёга очиқ чеҳра билан пешвоз чиқарди. Доимо бўйнини оқ галстук ва жабо* безаб турадиган, эгнига сербар долчинтус сюртук ташлаганча, бармоқларини букиб бурунаки ҳидлаш пепатаси ҳамда калбошига бориб тақаладиган жанобнинг бутун андомини кўриб Фелисите ғалати бир ҳолатга тушар эди.
Бурё “бойвучча хоним”нинг хонасига соатлаб қамалиб олиб, ҳисоб-китоб ишларини юритарди. Ҳаммасидан ҳам ўз қадр-қимматини ерга уришларидан қўрқарди. У суд ҳакамларига чуқур эҳтиром кўрсатар, лотин тилини яхши билиши билан ифтихор этарди.
Болаларда илм-маърифатга рағбат уйғотиш учун жаноб Бурё уларга суратли жуғрофия китоби совға қилди. Суратларда дунёнинг томонлари, бошига парранда патидан баргак тақиб олган одамхўрлар, қиз болани ўғирлаб қочаётган маймун, саҳродаги бадавийлар ҳамда гарпун билан кит овлаш манзаралари ўз аксини топганди.
Поль суратларда нималар тасвирланганини Фелиситега изоҳлаб берди ва шу билан оқсочнинг сабоғи барҳам топди. Латиф ҳуснихати ҳамда қаламтарошини этигининг қўнжига ишқалаб чархлаши билан ном қозонган мискин мэрия хизматчиси Гуййо болаларга таълим берарди.
Ҳаво очиқ кунлари Обенлар эрта тонгдан ўзларининг Жефосдаги фермасига жўнаб кетишади. Пастқамликка довур эниб кетган ферма ҳовлисидан олисдаги денгиз бўз рангда ястаниб ётади.
Улар олдинги дала ҳовлидан қолган ёлғиз уйчага бориб қўнишди. Фелисите саватдан яхна гўшт олиб столга қўйди. Шу ерда сут ҳам бор эди. Деворга илакишиб қолган гулқоғозларни шамол тортқилаб ўйнарди. Ғамгин хотиралардан дили хуфтон бўлган Обен хонимнинг боши қуйи солинган. Поль билан Виргиния ҳам ойисининг раъйига қараб индамай ўтиришарди.
– Ҳовлига чиқиб ўйнай қолинглар! – деди ойиси.
Улар чопқиллаб кетишди.
Поль хирмонга чиқиб қуш овлайди ва сувини лойқалатиб кўлмакларга тош отиб ўйнайди, катта-катта вино бирмилларини дўмбира қилиб чалади. Виргиния бўлса қуёнларга хўрак беради ва ўтлоқдан бўтакўз териб, уқасига ипак тўр урилган рангин иштончада у ёқдан-бу ёққа чопқиллаб ўйнайди.
Кечки куз кунларидан бирида улар ўтлоқлардан ўтиб уйга қайтишарди. Кўкнинг бир кунжини ҳилол ёритган. Тук дарёсининг қайирмалари узра бўйинбоғсимон туман ёйилиб бормоқда. Ўтлоқда дам олиб ётган яйдов буқалар ўтган-кетганга хотиржам қарайди. Бир маҳал учинчи яйловда ётган буқалар ўринларидан туриб келиб уларни ўраб олишди.
– Қўрқманглар! – дея Фелисите уларни тинчлантирди.
У афсун ўқиётгандек пичирлаб, ёнгинасидаги буқанинг сағрисини силай бошлади; жонивор ҳуркиб нари кетди ва шунда бошқалари ҳам тисарилмоққа тушдилар. Бироқ кейинги даладан даҳшатли бўкирик эшитилди. Улар туманда буқани кўрмай қолишганди. Битта ҳўкиз лорсиллаб аёллар устига бостириб келаверди.
– Йўқ, йўқ, ундай эмас-да ахир! – бақирди Фелисите.
Барибир қочиб қолмаса бўлмасди, чунки буқа пишқирганча уларнинг ортидан қувлаб келар, залворли туёқлар босқон каби ерга гурсиллаб тушарди. Фелисите тўхтаб орқасига ўгирилди, сўнгра жонҳолатда ажриқни тупроғи билан қўпориб олиб, буқанинг юз-кўзига отди. Ғазабдан кўзлари қонга тўлган махлуқ шохдор боши билан ҳезланганча бўкириб юборди. Обен хоним эса бу пайтда бор кучи билан яйловнинг этагидаги баланд ғовдан болалари билан бирга ошиб ўтишга уринар, Фелисите бўлса ортга тисарилиш баробарида ҳамон буқага қараб тупроқ отар эди.
– Бўлақолинг! Тезроқ! – дея бақирганча оқсоч уларни шошилтирарди.
Бека олдин Виргинияни, сўнгра Полни зовурга итариб юборди, кейин ҳаллослаб чопганча яйловнинг ён бағрига етиб бориб, катта қийинчилик билан юқорига тармашиб чиқиб олди.
Буқа Фелиситенинг юз-кўзларига сўлак сачратиб, уни қозиқғовгача тақаб борди – сал бўлмаса ҳўкиз уни ёриб ташларди. Бироқ аёл эпчиллик қилиб қозиқлар орасидан ўтиб олган, баҳайбат ҳўкиз эса меровланганча бир жойда тош қотганди.
Воқеа анчагача Пон-л‘ Эвекда оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Бундан Фелисите мағрурланиб кетмади; кўрсатган жасорати хаёлининг кўчасига ҳам келмаганди. Фикри ёди Виргинияда эди унинг: кучли қўрқувдан қизчанинг асабларига шикаст етганди. Врач Пупар уни денгиз бўйига олиб боришни маслаҳат берди.
У замонларда Трувилни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермасди. Обен хоним сўраб-суриштириб, бу ҳам камдек жаноб Бурё билан маслаҳатлашиб олди-да, олис сафар тараддудини кўра бошлади.
Йўлга тушмасларидан бурун жамадонларни Льебарнинг аравасига ортиб жўнатиб юборишди. Эртасига Льебар етаклаб келган отлардан бирига Фелисите билан Виргиния, иккинчисига эса Льебар ва Обен хоним миниб олишди. Жаноб Лешаптуанинг шалпангқулоғига бўлса Поль ўтирар экан, у эшакни емиш ва сувдан қантариб қўймасликка ваъда берди.
Ийиғи чиқиб кетган йўлнинг саккиз чақиримини икки соат деганда зўрға босиб ўтишди. Уловлар тўпиғигача лойга ботиб кетар, орқа оёқларини силтаб отиб шалтоқдан чиқиб олар, баъзан ўнқир-чўнқирларга мункиб кетиб, сўнг йўлида давом этарди. Гоҳо Льебарнинг байтали бир жойда таққа тўхтаб қолар, то от юриб кетмагунча у сабр-тоқат билан кутиб турар ва йўлнинг четида жойлашган заминдорлар ҳақида сўзлар экан, қиссадан ҳисса чиқаришга ҳаракат қилар эди. Тук қишлоғидан ўтаётганда эса дераза токчаларидаги хонаки гулларни кўриб, ияк қоққанча деди:
– Шу уйда Леусе деган бойвучча хоним яшайди. Ёш бир йигитга рўзғор ишларини қилдириш ўрнига…
Фелисите гапни охиригача эшита олмай қолди; уловлар йўртиб кетишди.
Кичик карвон ғовни айланиб ўтиб, шалтоққа тушиб кетмаслик учун иккита болакай чиқиб олган уй бўсағасининг лабига бориб тўхтади.
Бекани кўриб Льебарнинг кампири ўзида йўқ хурсанд бўлди. У меҳмонларга дастурхон ёзди, уларни жўжа гўшти, филё, қонли колбаса, кўпирадиган олма виноси, олхўри ароғи ҳамда мевали торт билан сийларкан, меҳмоннавозлик уй бекасининг Обен хонимга юзланиб, “ҳалиям сўлимгинасиз”, Виргиниянинг бошини силаганча “ҳурилиқонинг ўзи бўпти”, Полга қараб “суқсурдеккина йигит”га айланганини айтиб мақтаганлари билан бўлиниб-бўлиниб турди.
Эр-хотин Льебарлар узоқ вақт Обенлар хонадонида хизмат қилишгани боис уларнинг авлод-аждодлари ҳам ёдга олиб ўтилди. Льебарлар сингари ферма ҳам алмисоқдан қолган эди. Томининг тўсинлари чириб, деворларини қурум босган, чанг-ғубордан полининг ранги ўчиб кетганди.
Катта эман шкафда турли-туман иш қуроллари ва уй-рўзғор буюмлари, чунончи – кўзалар, идиш-товоқлар, бўри овланадиган қопқонлар, жун қирқиладиган қайчилар сақланарди. Ҳуқна қилинадиган катта нарсани кўриб болалар кулиб юборишди.
Фермага қарашли ҳар учала ҳовлидаги дарахтларнинг тагида қўзиқорин ўсиб ётибди. Дарахт бутоқларига чирмашиб чиқиб кетган манзарали омёла ўсимлигининг икки-уч дастасини шамол учириб ерга туширган. Долчинтус духобага ўхшаб кетадиган похол ёйилган нотекис томларни кучли довуллар ҳам кўтариб кета олмайди. Бироқ аравахона буткул тўкилиб тушган. Обен хоним уни таъмирлаш кераклигини кўнглига тугиб, отларни эгарлашни буюрди.
Улар Трувилгача яна ярим соат юришди. Кичик карвон қош қораймасдан Экор қоядан ошиб ўтиши лозим эди.
Бир неча дақиқада улар Довуд кампирнинг соҳилбўйидаги “Олтин қўзичоқ” мусофирхонаси ҳовлисига кириб боришди.
Тез орада Виргиния денгиз соҳилида ўзини яхши ҳис қила бошлади. Иқлим ўзгариши ва денгизда чўмилиш қизчага ижобий таъсир этаётганди. Чўмилиш либосини ўрнига у енгил кўйлакча кийиб олди.
Пешинда улар эшакка мингашганча Энеквиль йўналишидаги Қора қоя сари йўлга тушишди. Улар ортларида гоҳ яйлов, гоҳ ҳайдалган далаларни қолдириб кетишарди. Онда-сонда йўл четидаги тиканли буталарнинг қувраган шохлари сокин чайқаларди.
Улар ўнг томонда Гавр, чап томонда эса Довиль шаҳарлари кўриниб турган ўтлоқда дам олгани тўхташди, шундоқ қаршида денгиз ястаниб ётибди. Кўзгудек силлиқ уммон қуёшда ялтираб кўзни қамаштиради, гарчи осуда мавжланса-да, унинг мудроқ шовуллашини илғаш мумкин. Қайлардадир чуғурчуқлар чуғурлайди ва буларнинг ҳаммаси беҳадду бепоён гумбаз бағрига сингиб боради.
Обен хоним ишпечини ёнига қўйиб нимадир тикиб ўтирибди, Виргиния қиёқ ўтларни эшиб алланималар тўқийди, Фелисите бўлса уларнинг олдига қучоқ-қучоқ хушбўй лаванда териб келади, ёлғиз Поль дилгирликдан уйини соғинган.
Гоҳо улар қайиқда Тукнинг нариги соҳилига сузиб ўтиб чиғаноқ теришади. Тўлқинлар қайтган кезларда қирғоққа денгиз кирписи, медуза ва сув ўтлари чиқиб қолади; болалар шамол олиб қочаётган паға-паға кўпиклар кетидан қувлашади. Мудроқ босган тўлқинлар соҳил қумларини текислаш билан овора.
Соҳил нигоҳ илғагулик қадар олисларга чўзилиб борган, зеро қуруқликдан отчопарга ўхшаб кетадиган кенг ўтлоқдан иборат “Ботқоқлик” чегара вазифасини ўтайди. Улар келган йўлларидан қайтишаркан, қир-ўнгирларнинг ёнбағирларидан ҳар қадамда бош кўтариб чиқадиган катта-ю кичик уйларнинг ҳаммаси биргаликда Трувиль шаҳарчасини ташкил этади.
Жазирама иссиқда улар остона ҳатлаб чиқишмайди. Чароғон қуёш чийпардалар орасидан йўл-йўл тасмачалар ҳолида ичкарига нур сочади. Шаҳарча тараф жимжит. Пастда ҳам зоғ кўринмайди. Теран жимжитлик киши руҳига осойишталик бағишлайди. Олис-олислардан кемаларни таъмирловчи усталарнинг болға ва ускуналарни тақиллатиб ургани қулоққа чалинади. Денгиздан эсаётган шамол эритилган смола исини олиб келади.
Ҳаммадан ҳам улар балиқчи кемаларнинг соҳилга қайтишини томоша қилишни яхши кўришади. Кемалар пўкак белгиларни четлаб ўтиб қирғоққа яқинлашаверади. Елканлар тушириб қўйилган эса-да, фок-мачт аники ҳамон пуфакдай шишиб турибди. Баркаслар тўлқинда чайқалганча лангар ташлашга шайланмоқда. Кемалар тўхтагач, денгизчилар типирчилаётган балиқларни қирғоққа ирғита бошлашди. Турнақатор араваларнинг ёнида туришган аёллар саватларини кўтарганча эрлари томон ошиқишади.
Битта аёл Фелиситега, у ёқда синглинг келиб сени кутиб ўтирибди, деди. Оқсоч севинганидан орқасига қараб чопди.
Эшикни очиши билан кўзи Настазига тушди.
Настази гўдагини кўксига босиб, ўнг қўли билан иккинчисини етаклаб келган, юнгаларнинг матросча қалпоғини бошига қия қўндирганча тўнғичи дастини белига тираб олган эди.
Синглиси чурвақаларини етаклаб олганча гоҳ ўчоқбошида, гоҳ ҳовлида ҳадеб кўзга ташланавергач,Обен хоним уларнинг ковушини тўғрилаб қўйди. Яхшиям Настазининг эри кўринмади.
Жиянларига қаттиқ боғланиб қолган Фелисите уларга адёл, ички-йим, печка сотиб олиб берди. Улар андишасизлик билан холасининг елкасига миниб олишганди. Оқсочининг бағри кенглиги беканинг зардасини қайнатиб юборди; бу ҳам етмагандай жиянининг Полни “сенлаб” чақириши бекани қуюшқондан чиқариб юборди. Ҳаво айниб Виргиния йўтала бошлагач, Обен хоним Пон-л‘ Эвекка қайтишга қарор қилди.
Хоним ўғлини коллежда ўқитмоқчилигини айтиб, жаноб Бурёга маслаҳат солди ва Поль нуфузли билим юртларидан саналган Канн коллежига қабул қилинди. Катта шаҳарда кўп дўстлар орттириши мумкинлигидан йигитча беҳад мамнун эди.
Ўғлим ўқиб одам бўлиши керак, деб Обен хоним барча машаққатларга чидашга тайёр эди. Виргиния ҳам аста-секин акасини унута борди. Фелисите анчагача боланинг шўхликларини қўмсаб юрди, бироқ у энди ўзига янги овунчоқ топиб олганди: ийди Мавлуддан бошлаб у кунда қизчани илоҳиёт сабоқларига олиб борадиган бўлди.
III
У жомеъ эшиклари пойида тиззаларини хиёл букиб, баланд равоқли ибодат залига кириб борар, икки қатор ўриндиқлар орасидан холи жой топгач, бека билан ёнма-ён ўтирганча атрофга бир қур назар солиб чиқарди.
Клироснинг ўнг ёғини ўғил, чап ёғини қиз болалар тўлдира бошлади. Аналойёнидан сарроҳиб жой олди. Витражлардан бирида Биби Марямнинг боши узра Муқаддас Руҳ қанот қоқиб турган бўлса, бош-қасида эса Биби Марям сабий Исо пойида тиз чўккан ҳолда тасвирланган, шоҳсупанинг табаррук соясида эса аждаҳони найза санчиб маҳв этаётган Архангел Микоилнинг ёғоч санами бор эди.
Сарроҳиб аввал Сирри Илоҳийдан мухтасар баён қилди.
Фелисите кўз ўнгида равзаи ризвону Бобил минораси, Нуҳ тош-қини-ю чўғга айланган шаҳарлар, ер ютиб бораётган лак-лак одамлару чил-парчин этилган санамлар бирма-бир намоён бўла бошлади. Дам ҳуш, дам беҳуш манзаралар, бир ёқдан худо таоло унинг ҳам қалбини ўз тоатига мойил этаётганидан дарак берса, иккинчидан, гуноҳга ботаётган бандаларига нисбатан қаҳри ниҳоятда қаттиқлигидан огоҳлантирмоқда эди.
Оқсоч аёл Исойи Масиҳо чеккан жабру жафолар ҳақида эшитиб, изиллаб йиғламоққа тушди. Сабийларни жони жаҳонидан ортиқ кўргани, оч-юпунларга емак-киймак улашгани, сўқир кўзларни очгани, силаи раҳмда бемисл бўлгани ҳамда йўқсил бир оиланинг шалтоқ оғилхонасида дунёга келишни ихтиёр қилгани учунми?
Ерга уруғ сепиш, экин-тикинни сабр-тоқат билан парваришлаш – Таборак Инжилда баён этилган оддий турмуш ташвишлари ҳамда уй-рўзғор анжомлари бу аёл учун бегона эмас эди. Худонинг биру борлиги жумлаи мўминларни рушди ҳидоятга йўллайди. Шундан бери Фелисите қўзичоқларни аввалгидан-да кўпроқ яхши кўради, тангрига қурбонликка аталгани боис Уни ҳамда Муқаддас Руҳнинг тимсолига айланган кабутарларни алоҳида муҳаббат қўйиб ардоқлайди.
Фелисите Муқаддас Руҳ ҳақида дудмал тасаввурга эга эди: зеро у наинки парранда, балки ўт-олов қуши – самандар эди, оббаҳолам у илоҳий сабоҳ ҳамдир. Эҳтимол, қоронғи кечаларда ботқоқликлар лабида учиб-қўниб юрган ул ҳилқатдан зиё таралар; балки у қора булутларни ҳайдаб солувчи шамол ёхуд қўнғироқлар овозига илоҳийлик бағишловчи сасдир-садодир. Айни шу лаҳзаларда у жоменинг тош деворларидан уфураётган соя-салқиндан роҳатланиб, унда ҳукм сураётган ҳузур-ҳаловатдан завқ-шавққа тўлиб бормоқда эди.
У ақидаларга мутлақо тушунмас, уларни тушуниб етишга-да интилмасди. Муаллим роҳиб савол-жавоблар ёрдамида болаларга сабоқ берар, бу вақт мобайнида Фелиситени мудроқ босиб пинакка кетар, дарс тугаб болалар шоша-пиша оғоч бошмоқларини тақиллата бошлашидан уйғониб кетарди.
Устоз роҳибнинг Илоҳиёт сабоқларини тинглаб бораркан, оқсоч ҳам анча-мунча нарсага тушуна бошлади. Беғубор болалиги бировларнинг эшигида мол боқиш билан ўтган етимчага ким ҳам раҳнамолик қиларди. Энди бўлса у ҳамма нарсада Виргинияга иқтидо қилар, қизчага қўшилиб рўза тутар, истиғфор айтарди. Исойи Масиҳо чормихланган кунни иккаласи биргаликда ғам-ғуссага чўкиб нишонлашарди.
Виргинияни дафъатан чўқинтиришга олиб боришганда уни теран ҳаяжон чулғаб олди. Қизчанинг бошмоғи ва қўлқопини кийгизиб, қўлларига тасбеҳ ва ҳафтияк тутқизиб қўйиш ҳам оқсоч учун ўта муҳим вазифа эди. Унинг ҳис-туйғулари жўшиб, қизалоқни кийинтиришда бекага қараша бошлади.
Бутун пешин ибодати мобайнида унинг жони ҳалакда бўлди. Жаноб Бурё гавдаси билан клироснинг битта ёғини тўсиб қўйганди. Тўғрида эса ҳижоби устидан оқ баргакдан гулчамбар тақиб олган қизлар қорли далага ўхшаб оқариб кўринади. Фелисите анча наридан ўз нури дийдасидай мўътабар қизчани зингил қараганча бутун диққатини бир нуқтага жамлаб турганидан таниб қолди. Қўнғироқча чалиниб, бошлар қуйи солинди ва атрофга теран сукунат чўмди. Хонишчилар орган садолари остида намозхонларга қўшилиб, “Тангрига аталган қўзичоқни” куйлашга тушдилар. Сўнгра ўғил болалар виқор билан юриб кетди ва уларнинг кетидан қизлар ҳам эргашишди. Улар қўл қовуштириб чароғон меҳроб пойига қадам-бақадам яқин келиб, сарроҳибнинг оёқлари остига тиз чўкишар ва унинг ридоси этагини тавоф қилишгач, яна шу тартибда жойларига бориб туришарди. Навбат Виргинияга келганда Фелисите уни яхшироқ кўриб олиш учун пастга эгилди. Тангрига ишқи чинакамлигидан тахайюлининг комиллиги ўлароқ шу топда унинг ўзи қизчага эврилиб қолгандек бўлиб туюлди. Қизчанинг орази гўё унга кўчиб ўтгандек, баайни кўксида ҳам сабийнинг жажжи юраги тепаётгандек, ҳаттоки эгнига ҳам қизалоқнинг либосини илиб олгандек эди. Виргиния оғизчасини очиб, чашмани юлиб олган лаҳзаларда Фелисите ҳушидан кетишига сал қолди.
Фелисите эртасига тонг пайти жомега кириб борди ва руҳонийга алоҳида истиғфор келтирмоқчилигини айтди. У гарчанд астойдил тавба-тазарру келтирган эса-да, барибир кечагидек қалби таскин топмади.
Обен хоним қизини баркамол қилиб вояга етказмоқчи эди. Гуййо унга на мусиқадан, на инглиз тилидан етук билим бера олди. Шундан сўнг Обен хоним уни Гонфлёрдаги урсулинкалар пансионида ўқитишга қарор қилди. Виргиния итоат этишга мажбур эди. Фелисите оғир бир сўлиш олди – у бекани бағритошликда айбларди. Эҳтимол, бека ҳақдир, ахири бу нарсаларга умуман тушунмайман, деб ўзини овутган бўлди у.
Ўшанда кўча эшигининг олдига эски извош келиб тўхтади – ойим-қизни олиб кетгани пансион роҳибаси келиб эди. Юкларни уловнинг томига жойларкан, Фелисите жиловдорга тегишли кўрсатмалар бериб, ўтирғичнинг тагига олти банка мураббо, беш-ўн дона нок ҳамда бир даста бинафша солиб қўйди.
Виргиния ойиси билан хайрлашаркан, ўпкаси тўлиб ҳўнграб юборди; у ойисини маҳкам қучоқлаб олганди, бека эса жигаргўшасининг пешанасидан ўпиб қўяркан, ҳадеб:
– Бўлди, бўлди, етар! – деб такрорларди.
Пиллапоя йиғиб олингач, извош жойидан жилди. Айрилиқни кўтара олмаган бека ҳушидан кетиб йиқилди. Кечқурун унинг кўнглини тинчитгани уйига Лормолар, Лешаптуа хоним “ўша ойимтилла” Рошфейлар, де Гупвиль ва Бурё жаноблар келишди.
Аввалига айрилиқ сабаб беканинг кўнглига қил ҳам сиғмай юрди. Яхшиям у ҳафтада уч марта қизидан мактублар олиб турар, унинг хатларига жавоб ёзар, чорбоғни айланиб, бир оз мутолаага берилар, шу аснода вақтини ўлдирар эди.
Эрталаблари Фелисите одатан Виргиниянинг хонасига кириб, ҳамма ёққа кўз солиб чиқарди. У энди қизалоқнинг сочини ўриб, бошмоғининг боғичларини боғлаб қўя олмаслиги, уни тўшакка ўзи ётқизиб сўлим чеҳрасига меҳр билан боқолмаслиги ҳамда қўлчасидан тутиб кўчага чиқолмаслигидан надомат чекарди. Бўш ўтирмаслик учун у ипак тўр тўқиб кўрди; аммо панжалари дағаллигидан нафис ип толалари дам-бадам узилиб кетаверди. У саранг аҳволга тушиб қолди, уйқусизлик дардига йўлиқди, ўзи айтганидек, “дунёдан этак силкиди”.
“Дилининг ғуборини ёзиш” учун у бекадан уйга баъзи-баъзида жияним Виктор келиб турса майлими, деб сўради.
Якшанба кунлари пешин ибодатидан кейин кириб келадиган ширмой юз, кўйлагининг олди очиқ жиянидан ям-яшил далаларнинг ифори таралиб турарди. Фелисите жияни билан бақамти ўтириб тушлик қилар эди. У тежамкорлик важидан кам еб-ичар, лекин боланинг оғиз-бурнидан тиққани-тиққан эди. Охири жияни донг қотиб ухлаб қоларди. Шом ибодатига жом чалиниши ҳамон Фелисите уни уйғотар; уст-бошини тозалаб, бўйинбоғини тақиб қўяр ва оналарга хос ифтихор билан Викторнинг қўлига таянганча черковга йўл оларди.
Викторни ота-онаси ҳар сафар унга холангникидан бир қути шакарми, бир кулча совунми, бир шиша ароқми ундириб кел, ҳеч қурса озроқ пул сўра, деб тайинлашарди. Бола ҳар гал холасига кўйлаги ё шимини кўтариб келар, хола ҳам жиянини яна кўришга баҳона топилганидан боши осмонга етарди.
Августда отаси Викторни ўзи билан бирга денгиз сафарига олиб кетди. Ёзги таътил пайти эди. Бироқ Виргиния билан Полнинг таътилга келиши оқсоч аёлнинг кўнглини кўтарди. Лекин Поль тегма нозик бўлиб қолган, Виргиния ҳам анча улғайиб, энди унга мулозамат кўрсатишга тўғри келарди. Ака-сингил бир-биридан уяладиган ёшга етган эди.
Виктор кемада Морль, Дюнкерк ва Брайтон порт шаҳарларида бўлди. Сафардан қайтишда у албатта Виргинияга нимадир олиб келарди. Даставвал у қизга чиғаноқлардан ясалган қутича совға қилди, кейин финжон ва учинчи сафар ўйинчоқ шаклидаги ширинкулча олиб келди. Энди Виктор ҳам бўй-басти келишган, мўйлаби сабз уриб, мунис ва покдомон, кўзлари кулиб турадиган йигит бўлганди. У олди соябонли чарм қалпоқ кийиб, уни лоцманларга хос гарданига тушириб олиб, сафар таассуротларини ҳикоя қила бошларди; ҳикояси тушуниксиз атамаларга тўлиб кетар эди.
1819 йил 14 июл душанбада (аёл бу санани унутмаганди) Виктор холасига индин пакетботда Гонфлёрдан Гавргача, у ердан шхунада икки йиллик денгиз сафарига жўнаб кетяпман, деди.
Бу хабардан Фелиситени ғам босди. Чоршанбада у беканинг кечки овқатини бериб бўлгач, ёғоч таглик бошмоғини оёғига илганча Гонфлёргача бўлган тўрт милялик йўлга тушди.
Кемалар портида билмасдан чапга эмас, ўнгга қараб кета бошлади ва верфлар орасида адашиб яна ортига қайтди. Порт ишчилари, шошилмасангиз жиянингизни кўролмай қоласиз, дейишди. У йўғон занжирларга қоқилиб-суриниб, таъмирталаб кемаларга тўлиб кетган докни четлаб ўтди-да, порт лабига тушиб борди. Кемага ортилаётган отларни кўриб ўтакаси ёрилай деди.
Соҳилдаги бошқа отлар ҳуркиб кишнай бошлади. Денгизни кўриб ваҳима босганди жониворларни. Олма виноси солинган идишлар, сават-сават пишлоқлар, қоплардаги дон-дунлар оралаб йўловчилар туртиниб-суртиниб ўтишар, ҳаммаёқни ғовур-ғувур, кема сардорининг сўкингани, товуқларнинг “қа-қа”лагани тутиб кетган. Анча нарида лангар мосламасига суяниб турган ёш денгизчини кўриб, таниса-танимаса “Вииктоо!” дея чақирди. Йигитча бошини кўтариб қаради, аёл у томонга талпингани ҳамон трапни йиғиб олиб қўйишди.
Аёллар қўшиқ айтиб кемани очиқ денгизга кузатмоқда эдилар. Залворли тўлқинларнинг босимидан кема корпуси қисирлаб кетди. Елканлар шамолда қаппайиб, палубадагиларни тўсиб қўйди. Ойнинг шуъласида уммон сирти кумушдек ярқираб, кема соҳилдан узоқлаша боргани сайин кичиклашиб, аста-секин йўқолиб кетди.
Фелисите кальварий ёнидан ўтиб бир жойга бориб тўхтади: кўзларини осмону фалакка қаратганча худога ёлвориб, энг азиз кишиси – омонат жиянининг ҳаётига паноҳ сўради, кўзларидан дув-дув ёш тўкиб Парвардигорга узоқ тавалло қилди. Гарчи бутун шаҳар осуда уйқуда бўлса-да, бироқ божхона ходимлари сергак туришарди. Шлюз рахнамоларидан тинимсиз қуйилаётган сувнинг шалдираши шаршара шовуллашини эслатади.
Соат икки. Бу пайтда монастиргаям киритишмайди. Айтган вақтдан кечикиб борса бекадан роса гап эшитишини ўйлаб дарҳол йўлга тушди ва меҳмонхона малайлари энди-энди кўз уқалаб уйғонаётганда Пон-л‘ Эвекка кириб борди.
Фелиситенинг хаёлидан ҳануз жияни кўтарилмасди. Бола пақир энди ойлаб уммонларда сузади! Авваллари холаси ундан кўп ҳам хавотир олавермас эди. Зотан одамлар Англиядан ҳам қайтиб келишаяпти, бироқ олис Америка, мустамлака ороллар – буларнинг ҳаммаси дунёнинг одам оёғи етмаган бир чеккасида эди.
Шу-шу Фелисите яланг жиянини ўйлайди. Кун қизиганда боёқишни ташналик қийнаяпти, деб ичи ачиса, момақалдироқ гумбурлаб, йилдирим чаққанда, болани чақмоқ уриб ўлдирмасайди, деб қўрқарди. Мўриконда шамол увиллаб, уйнинг томини кўтариб кетган кезларда эса худди уларнинг кемаси ҳалокатга учраб, Виктор мачта оғочига осилиб жон сақлаётгандек бўларди. Баъзан аёлнинг ёдига суратли жуғрофия китоби тушиб, гўё жиянини одамхўрлар ғажиётган, ё бўлмаса маймунлар ўрмонга судраб кетаётган, ёхуд у кимсасиз соҳил бўйида жони узилаётган ҳолда намоён бўларди. Лекин бу ҳақда у ҳеч кимга оғиз очмасди.
Обен хоним бўлса нуқул қизининг ғамини ер эди. Роҳибалар Виргинияни ёқимтойгина, лекин рамақижон экан, дейишди. Жиндай дилгирлик ҳам қизчага ёмон таъсир қиларди, шу боис у мусиқа сабоғини ҳам йиғиштириб қўйди. Бека роҳибаларга, қизимнинг аҳволидан хабар бериб туринглар, деб тайинлади. Бир гал монастирдан хабар келмай қолса бўладими. Бека таҳликага тушиб у ёқдан-бу ёққа танда қўяр, оёғи куйган товуқдай типирчилар эди. Э худо, бу не кўргулик! Тўрт кундан бери на хат, на хабар бор.
Хонимга таскин бериш учун оқсоч ўзидан қиёс келтирди.
– Бекам, ҳадеб эзилаверманг, мана менга ярим йилдан бери хат келмайди.
– Кимдан келмайди?
– Кимдан бўларди, жиянимдан-да! – очиқкўнгиллик билан деди Фелисите.
– Э, ҳа, ўша жиянингизданми? – беписанд қўл силтади Обен хоним.
– “Билмабманам!… Дарвоқе, жиянингиз билан менинг неча пуллик ишим бор! Ялангоёқ, денгизчиларнинг бир малайи-да ўша, шунгаям ота гўри қозихонами! Мана менинг қизим… Ахир бу…”, – деганча бека хонада юра бошлади.
Кичкиналигидан бағритошлик, бемеҳрликка кўникиб келган Фелисите барибир ўксинди, лекин кейинчалик буни унутиб юборди. Жигаргўшасини деб хоним ақлини йўқотиб қўйиши табиий ҳол эди.
Виргиния ҳам, Виктор ҳам оқсоч аёл учун бирдек ардоқли эди. Уларнинг иккаласига ҳам худди ўз оналари сингари меҳр-муҳаббат қўйган ва ҳар икки ёшни ҳам олдинда бир хил қисмат кутаётган эди.
Аптекачи газетадан Виктор хизмат қилаётган кема Гаванага етиб боргани ҳақида ўқидим деди. У ерликлар сигара чекишдан бошқа ниманиям биларди, дея ўйлади оқсоч. Ҳойнаҳой, Виктор ҳам шу топда ҳабашлар билан бирга тамаки бурқситиб юргандир. Аёл андилик билан “Гавана дегани бу ердан узоқми? Зарурат юзасидан орқага қуруқликдан қайтса бўладими?”, – деб сўради. Жаноб Бурё столга дунё харитасини ёйиб қўйиб, меровланганча турган Фелиситега бир фурсат масхараомуз тикилиб қолди-да, сўнг қаламининг учини аранг илғанадиган тухумсимон нуқтага нуқиди ва “Мана ўша жой!”, – деди.
Фелисите харитага энгашди, кесишган рангин чизиқлардан кўзлари жимирлаб кетди: у анграйиб қолди.
– Ниманидир сўрашдан истиҳола қиляпсиз-а? – деди жаноб Бурё.
– Менга Виктор қўнган уйни кўрсатсангиз?
Бурё акса уриб юборди, кейин қўлларини бир-бирига уриб ўзини тўхтата олмай кула бошлади – аёлнинг гўллиги унинг завқини келтириб юборганди. У нега кулаётганини Фелисите тушунмас, ҳатто шу топда аёл жиянининг суратини кўришдан ҳам хомтама бўлаётганди. Ҳамин қадар авом эди у.
Икки ҳафтадан сўнг Льебар одатдагидек тўғри ўчоқбошига ўтиб, оқсочнинг қўлига куёвидан келган мактубни тутқазди. Льебар-да саводсиз эди, шу боис аёл хатни бекасига олиб борди.
Обен хоним ишпечини четга суриб қўйиб, хатга бир кўз югуртириб чиқди-да, оҳиста деди:
– Сизга ёзишларича,… Э худо, жиянингиз… оламдан ўтибди. Хатда бошқа ҳеч нарса дейилмаган.
Фелисите курсига қулаб тушди, бошини ёғоч тўсиққа қўйганча, бир зумда қизариб кетган кўзларини юмиб олди. Унинг боши ва қўллари осилиб тушган, кўзларини бир туқтага тикканча дам-бадам:
– Вой шўрликкина-я! Вой бечора-я! – дея бот-бот такрорларди.
Льебар унга қараб чуқур сўлиш олди. Беканинг елкалари хиёл силкиниб қўйди.
У Фелиситега, Трувилдаги опангизникига бориб келсангиз, бир оз енгил тортармидингиз, деди.
Фелисите нима фойдаси бор дегандек қўл силтаб қўйди.
Орага жимлик чўкди. Уни ёлғиз қўйиш жоизлигини фаҳмлаган Льебар эшикка талпинди.
– Уларга барибир! – деди оқсоч ўзича.
Сўнг бошини тағин осилтирганча, ўзиям англамаган ҳолда сочидаги пилтакачларини ўйнаб ўтираверди.
Ҳовлида устига кирлар ёйиб қўйилган хода кўтарган аёлларни кўриб, ўзининг кирлари кечадан буён жомашовда ивиб ётганини эслади-да, хонадан чиқди.
Кир ювиш жиҳозлари Тук соҳилида ётарди. У енгини шимариб, бирмилда ивиб ётган кир-чирларини дарё бўйига ағдариб ташлади-да, бор кучи билан калтаклай кетди. Кучли зарб садоси атроф-жавонибга ёйилиб борарди.
Теварак ҳувиллаб ётибди; шамол дарё сувини мавжлантирар, ўсиқ ўт-ўланлар худди чўкиб ётган ўликнинг сочларига ўхшаб эшилиб-эшилиб чайқаларди. Фелисите тишини-тишига босиб, бўғзига тиқилиб келаётган хўрсиниқни ташига чиқармай кечгача чидаб юрди, аммо кечқурун хонасига кириб келгач, ўзини тўшакка юзтубан ташлади-да, юз-кўзларини ёстиққа босиб ҳис-туйғуларига эрк бериб юборди.
Орадан анча ўтиб, кема сардори Викторнинг ўлимини тафсилотларигача сўзлаб берди. Виктор сариқ безгакка чалинган, касалхонада ундан ниҳоятда кўп қон олиб юборишган. Оёқ-қўлларидан тўртта доктор босиб турган йигит бир лаҳзада жон берган.
– Ана! Тағин биттаси тайёр! – деган бош врач ўшанда.
Ота-онасидан хўрлик-зорлик кўриб катта бўлган эди у. Шу боис Фелисите улар билан алоқани узиб юборган, улар ҳам жим бўлиб кетишганди. Оқибатсизликданми ёки қашшоқларга хос бағритошликданми, ҳарқалай, улар Фелиситени ҳам унутган эдилар.
Бу орада Виргиниянинг соғлиғи ёмонлашаверди: нафас бўғилиши, йўтал, муттасил эт увишиши, ёноқларидаги доғлар касаллик жиддийлигидан дарак бериб турарди. Жаноб Пупарнинг маслаҳатига кўра Виргинияни Провансга олиб борадиган бўлишди. Пон-л‘ Эвекда иқлим мўътадил бўлганда, Обен хоним қизини у ёққа зинҳор жўнатмасди.
Извошчи бекани ҳар сешанбада Провансга олиб бориб келадиган бўлди. Монастир чорбоғидан Сена дарёси шундоқ кўзга ташланиб туради. Виргиния ойисининг қўлтиғидан олиб, узум баргларини бир-бир босганча одим ташларди. Баъзан булутлар орасидан офтоб мўралаб қолар, шунда қиз кўз-юзларини жийириб, Танкарвиль қалъасидан Гавр маёғигача чўзилиб кетган олис уфққа тикилиб қоларди. Кейин она-бола ям-яшил буталар чирмаб олган шийпончада дам олгани ўтиришарди.
“Манави винодан татиб кўргин-а”, – дейди ойиси унга ичимлик солинган идишни узатаркан. “Сархушланиб қолмайин тағин”, – деган иштибоҳда Виргиния ажойиб малагадан икки ҳўпламгина тотиб қўярди, холос.
Виргиния энди тузалаётган, куч-қувватга эниб бораётган эди. Куз ҳадик-хавотирсиз ўтди. Фелисите бекага далда берарди. Бир сафар қош қорайганда у қаергадир юмуш билан кетиб қайтиб келса, кўча эшигининг олдида жаноб Пупарнинг кабриолети турган экан. Табиб остонада турганча йўл тадоригини кўраётган Обен хонимни кутмоқда эди.
– Ҳамёним билан қўлқопимни узатиб юборинг, тезроқ! – деди бека оқсочга.
Виргиния зотилжам бўлган, эҳтимолки тузалмасди ҳам.
– Оғир ётибди, – таъкидлади врач Пупар.
Қор бўралаб ёғар, ҳаво жуда совуқ эди. Обен хоним билан жаноб Пупар шом ғира-ширасида йўлга тушдилар.
Фелисите худодан ўзи ва бекасининг дилига умид, Виргиниянинг дардига шифо сўраб шам ёққани черковга чопди. У ердан чиқасолиб кабриолетнинг ортидан югурди ва бир соатда унга етиб олди. “Ҳамма ёқни очиқ-сочиқ ташлаб қаёққа кетяпман ўзи? Тағин ўғри тушиб…”, деган ҳадикда аравадан сакраб тушиб қолди.
Эртасига сўфи азон айтмасдан Фелисите докторникига жўнади. У монастирдан қайтиб келиб, касал кўргани қишлоққа кетганди. Фелисите қовоқхонада монастирдан хабар келишини кута бошлади. Хат-хабар бўлавермагач, эрта тонгда Лизьедан келаётган дилижонга ўтириб, Провансга жўнаб кетди.
Монастир тоққа тик кўтарилиб борадиган жинкўчанинг адоғида жойлашганди. Етай деганда Фелиситенинг қулоғига ғалати овозлар чалинаверди – бу мотам садолари эди.
“Биронтаси омонатини топширгандир-да!” деган хаёлга борди у. Етиб боргач эса эшикни қаттиқ қоқа бошлади.
Ийиғи чиқиб кетган бошмоғини шапиллатганча кимдир келиб эшикни очди. Одамжон роҳиба ғамбода сиёқда,“Виргиния ҳозиргина дорилбақога кўчиш қилди”, – деди. Авлиё Леонар жомлари янаям баралла жарангламоққа тушди.
Фелисите бинонинг учинчи қаватига кўтарилди.
Нозик қўлчалари кўксига чалиштириб қўйилган Виргиния оғзини очганча тепага қараб ётарди; боши узра, гарчи унинг юзларидек оппоқ бўлмаса-да, бироқ андоми сингари қилт этмай турган пардалар орасидан қоп-қора бут осиб қўйилганди. Обен хоним эса қизининг оёқларини қучганча унсиз йиғлаб ўтирарди. Хонани уч томондан шамлар ёритиб турар, маййитнинг ўнг ёғидан абатисса жой олганди. Роҳибалар келиб Обен хонимни ташқарига суяб чиқиб кетишди.
Фелисите икки кеча мурданинг ёнидан жилмади. У нуқул бир хил сураларни такрорлар, тўшакни муборак сув билан поклаб, маййитдан кўз узмай ўтирарди. У эртасига мурданинг туси гезариб, лаблари кўкариб кетганини, бурни ҳам сўррайиб, қовоқлари ичига тортиб чуқурлашганини кўрди. Аёл тийрак бўлган қизчанинг юз-кўзларидан ўпиб қўйди. Башарти шу тобда Виргиния кўзларини катта очиб юборганда ҳам, Фелисите хориқулодда бу ҳодисадан даҳшатга тушиб қолмас, буни оддий бир ҳол деб қабул қилган бўлар эди.
Фелисите мурдани яхшилаб кийинтирди: сочларини тараб ўриб қўйди; сўнг тобут ичига кафан тўшаб, қизни ётқизди-да, бошига чамбар қўндирди. Виргиниянинг сочидан анчагинасини қирқиб олиб, ўз кўкраклари орасига яширди, зеро қизнинг оқ малла сочлари ёшига нисбатан ниҳоятда узун эди.
Обен хонимнинг хоҳиш-истагига кўра марҳуманинг жасадини Пон-л’ Эвекка дафн этадиган бўлишди. Бека усти ёпиқ извошда тобут ортилган уловнинг ортидан изма-из борар эди.
Жаноза ўқиб бўлингач, маййитни қабристонга етказгунларича чораккам бир соат вақт ўтди. Ҳаммадан олдинда Поль йиғлаб борар, ундан орқароқда жаноб Бурё, янаям кейинроқда Пон-л’ Эвек пешволари, бошларига мотам матоси ташлаб олган аёллар ҳамда Фелисите оҳиста қадам ташлашарди. Шу чоғда ҳам у сўнгги бор иззат-икром кўрсатолмаган жиянини ўйлаб борар ва бамисоли Виргиния билан бирга Викторни ҳам сўнгги йўлга кузатаяпмиз, деб хаёл қилар эди.
Оғир мусибатдан Обен хоним адойи тамом бўлди.
У навҳа қилиб худога зорланди: “Бағримдан жигаргўшамни юлиб олиб, юрагимни сўзон айладинг, беайб, бегуноҳ қизимни қаро ерга тиқдинг, ахир унинг виждони пок, ҳеч кимга ёмонлик қилмаган бўлса? – деб айтиб йиғлади. Аввал бошдан боламни жанубга олиб кетиб, у ерлик шифокорларга қаратганимда, эҳтимол ўлмасмиди? Эй худо, эртароқ жонимни олақолсанг-чи, зора қизалоғим билан топишсам…” деб ўнгида ҳам, тушида ҳам тангрига тавалло қилди. Бека яланг бир хил туш кўриб чиқарди – олис денгиз сафаридан қайтиб келаётган эри унга йиғлаб-сиқтаб, менга Виргинияни тутиб кетиш буюрилган, икковлашиб уни ҳеч ким топа олмайдиган жойга яшириб қўйишимиз керак, деб зор қақшар эди.
Бирда Обен хоним юрагини ҳовучлаганча чорбоғдан чопиб келди. Бека:“Ҳозиргина у ёқда эрим билан қизимни учратдим (ҳатто улар турган жойни ҳам кўрсатди), улар лом-лим демасдан менга қараб туришарди”, – деди.
Шундан кейин бека ҳамма нарсага этак силкиб, ойлаб хонасида қамалиб ўтирди. Фелисите унга оғир ботмайдиган оҳангда “ўзингизни эҳтиёт қилишингиз керак, наинки Поль, балки “унинг” ёдини эъзозлаш учун”, – деди.
– “Унинг” дедингизми? – худди оғир уйқудан уйғонгандек қайта сўради Обен хоним, – Э-ҳа!.. Дарвоқе, сиз уни унутмабсиз!
Бека оқсочига зинҳор-базинҳор қабристонга бормасликни тайинлаган ва ҳозир ҳам шунга ишора қилаётганди.
Фелисите қабристонга ҳар куни борар эди. У соат тўртда уйдан чиқиб, жин кўчалар оралаб тепаликка кўтарилиб, қопқадан ичкарига ва у ердан тўғри Виргиниянинг қабри томон борар эди. Ёдгорлик лавҳасининг тепасида пушти мармардан устунча ўрнатилган, лавҳа билан гулзор гирдини занжир ўраб олган. Фелисите чўккалаб гуллар тагини юмшатди, янги қум сепиб яна суғориб ҳам қўйди. Обен хонимнинг ўзига ҳам рухсат берилгач, у бу ерга тез-тез келиб турадиган бўлди: қабристон беканинг дили ҳушига айланди.
Кейин бўлса якнасак йиллар алмашиниб келаверди: Пахса, Ийди кулли авлиё ва Успение каби катта сайиллар ўзининг шукуҳи, кўлами билан ёдда қоларди. Обенлар хонадонида юз берган воқеалар, чунончи 1825 йилда икки бўёқчи йўлакни бўяб чиққани, 1827 йилда томнинг бир чети қулаб тушиб кимнидир босиб қолай дегани, 1828 йилнинг ёзида хоним одамларга ош берганигача ҳаммаси унутилмаган эди. Бу пайтга келиб жаноб Бурё сирли равишда ғойиб бўлган, эски қадрдонлари – Гуййо, Льебар, Лешаптуа хоним, Робелен, Греманвиль амакиларнинг қазосини худо бирин-кетин қаритган эди.
Бир оқшом мальпост чиптачиси Пон-л’ Эвекка Июль инқилоби ҳақида хабар келтирди. Сал ўтиб, шу чоққача Америкада консуллик вазифасини ўтаб келган барон де Ларсоньер янги суперфект этиб тайинланди. Рафиқаси, қайинэгачиси ва уч нафар ёшлари ўтинқираб қолган қизларидан иборат эди бароннинг оиласи. Қизлар енгил либосда сайр қилгани тез-тез чорбоққа чиқиб туришарди. Бундан ташқари улар уйда битта ҳабаш хизматчи билан тўтиқуш ҳам асрашарди.
Бир куни улар Обен хонимникига меҳмонга ташриф буюришди. Фелисите узоқдан меҳмонларнинг қорасини кўриб, бекани огоҳлантиргани уйга қараб чопди. Бироқ беканинг хаёли мудом ўғли билан банд эди.
Поль бўлса қўлини совуқ сувгаям урмас, отамерос бойликни совуриб, уззукун майхонадан чиқмасди: у товонигача қарзга ботиб борар, ойиси уларни тўлаш билан овора эди. Хонимнинг оҳ-воҳлари ўчоқбошигача етиб келар, Фелисите эса жойидан жилмай бекасига ип йигириб берарди.
Баъзан оқсоч беканинг қўлтиғидан олиб узумзорда сайр қиларкан, улар нуқул Виргиния ҳақида гаплашишар, бир-бирининг кўнглини кўтаришга саъй қилишарди.
Виргинияга тегишли нарсалар иккита болалар каравоти бор хонанинг деворий шкафига жойланган эди. Обен хоним камдан-кам ҳоллардагина у ерга кирарди. Ёз кунларидан бирида у хонага кириши билан шкафдан куя учиб чиқди.
Виргиниянинг кўйлаклари илиб қўйилган бўлманинг тепасидаги жавонда учта қўғирчоқ, серсо3 ўйини, идиш-товоқлар ва тоғорача бор эди. Обен хоним билан Фелисите шкафдан қизининг кийим-кечакларини чиқариб каравотнинг устига ёйиб ташлашди. Чароғон офтоб нурлари остида улардаги доғлар яққол билиниб турар, либослар кийилмаганлигидан уларнинг тахиям бузилмаганди. Уларга жудоликнинг қайғули нуқси соя солиб турар эди.
Хонага илиқ мовий нур таралган, бутун борлиққа инган теран сукунат кишига ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Баногоҳ улар момиққина долчинтус духоба қалпоқча топиб олишди. Қалпоқчани куя илма-тешик қилиб ташлаган, унинг кийгулик жойи қолмаганди. Фелисите бекадан, қалпоқчани эсдаликка олиб қолсам майлими, деб сўради. Бир зумда иккаласининг кўзлари ёшга тўлди. Бека қучоғини очди – оқсоч ўзини унинг бағрига отди. Улар бир-бирини маҳкам қучганча пиқиллаб йиғлашар, бир-бирининг дардини аритишни истарди.
Бунақаси илк маротаба юз бераётгани боис Обен хоним ўзини анчайин сипо тутиб турди. Фелисите бекадан шу қадар миннатдор эдики, гўёки бека бу билан оқсочига буюк эҳтиром кўрсатаётганди. Ушбу лаҳзалардан эътиборан у хонимга юкунадиган бўлди, у бекага итдек вафодор эди. Энди Фелиситенинг қалби бани одамларга эзгу амаллар кўрсатиш ишқи билан ёнади.
Бирдан кўчадан барабан садолари эшитилиб қолди: полк сафарга отланаётганди. У кўча эшик остонасидан туриб аскарларни олма шароби билан сийлашга тушиб кетди. У вабога чалинганларга ғамхўрлик кўрсатар, толиққан поляк аскарларига қарашарди. Ҳатто улардан биттаси унга уйланмоқчиям бўлди. Бироқ аёл уни жеркиб берди. Бир куни эрта билан қайгадир бориб келди-да, ошхонага кириб олиб ўзи тайёрлаган винегретни паққос тушираётган аскарнинг устидан чиқиб қолди.
Поляклар жўнаб кетишгач, Кольмиш дегани пайдо бўлди. Айтишларича, у 93-йилнинг хунрезликларида қатнашган экан. У дарё бўйидаги тўкилиб битган чўчқахонадан қўним топганди. Болакайлар ёриқ-тирқишлардан мўралаб, чолга тош отишар, бояқишнинг “қув-қув” йўталдан бутун вужуди ларзага тушарди. Сочлари елкасига тушган, кўзининг жияклари эликиб, силласи қуриб битган қария қўлидаги нақ калладай шишни авайлаб ушлаб ётади. Фелисите унга топ-тоза ичкийим топиб берди, олачиғини супириб-сидирди. У, бека кўнганда, бечора чолни иссиққина новвойхонага ётқизиб қўярдим, деб ўйлади.
Чол саратонга чалингани маълум бўлгач, оқсоч уни кунда ювинтириб қўяр, обинонлар билан сийлар, оғилнинг кунгайига похол тўшаб авайлаб ётқизарди. Шўрликни оғзидан тупуги сачраб, титраб-қақшаб Фелиситега миннатдорчилик билдираркан, аёл кетаётганда худди ундан айрилиб қолаётгандек, ортидан қўлларини анчага довур узатиб турарди. У омонатини топширгач, оқсоч черковга бориб, марҳумнинг ёдига дуои-фотиҳа тиловат қилдирди.
Ўшанда Фелиситега бахт кулиб боқди: тушлик пайти де Ларсоньер хонимнинг ҳабаши тўтиқушни кўтариб келиб қолди. Қуш осма қулф-ча билан маҳкамланадиган қафаснинг чўп қўндоқчасида ўтирарди. Баронесса бир энлик қоғозга эри префект этиб тайинлангани ва шу боис бу ердан кўчиб кетаётгани учун тўтиқушини ҳурмат-эҳтиром юзасидан Обен хонимга ҳадя қилмоқчилигини айтган эди. Тўтиқуш анчадан бери оқсочнинг хаёлини банд этиб келарди: зотан у Америкадан келтирилган, демакки шу каломнинг ўзиёқ унга Викторни эслатиб турар ва у баъзи-баъзида ҳабашдан қушни сўраб қўярди; ҳатто бир дафъа:
– Бекадаям шунақа қуш бўлганда, у бизга нечоғлик севинч бағишлаши мумкин эди, – деганди.
Ҳабаш бирда бу гапни бекасининг қулоғига етказганди. Бекаси ҳам тўтиқушни кўч-кўронига қўшиб кўтариб кета олмас, энди у шу йўсинда қушдан осонгина қутилиб қўймоқчи эди.
IV
Унинг лақаби Лулу эди. патлари яшилворийдан келган, чақа тангадек ложувард пешонаси ҳамда зарҳал бўйинчаси ўзига бирам ярашиб турардики…
У қўндоқчасини чўқилагани-чўқилаган эди; ўзининг патини юлиб, тезагини ҳар ёққа сочар, сувдондаги сувни сачратиб ўйнарди. Бека безор бўлиб, қушни Фелиситега бериб қўяқолди.
Фелисите қушни сўзлашга ўргатмоқчи бўлди; тез орада у бемалол: “Ҳой болажон! Камтарин қулингиз, тақсир! Салом Мэғий!” деб сўрашадиган бўлди. Қуш эшик олдидан жой олди. Одамларнинг “Жако!” деб чақиришига у жавоб бермас, ваҳоланки тўтилар шу ном билан аталарди. Уни “Ғулғун” дейишди, “Тўнка!”дея масхаралашди. Бу лақаблар аёлнинг юрагига ханжардек ботарди. Лулу бўлса аллақандай кажбаҳслик билан индамай тураверарди.
Шунга қарамай тўтиқуш ғала-ғовурни яхши кўрарди; бозор кунлари гап-гаштакларнинг “қаймоғи бўлган” ойимтилла Рошфейлар, жаноб де Гупвил ҳамда хонадоннинг кунда шундалари – аптекачи Онфруа, жаноб Варён ва капитан Матье ҳаммаси биргаликда қарта ўйнашар, Лулу бўлса жиннилик қилиб жазавага тушганча қанотларини деразага ура бошларди.
Бурёнинг андоми қушга ниҳоятда кулгили туюлса керакки, тўти уни кўрган заҳоти ўзини тўхтата олмай кула бошлар, унинг кишиларникига ўхшаб кетадиган қаҳқаҳаси ҳамма ёқда акс-садо берар, қўни-қўшнилар ҳам деразаларидан бошларини чиқариб унга қўшилиб хахолаб кетишарди. Тағин тўтиқуш мени кўриб қолмасин, деган хавотирда жаноб Бурё бетини шляпаси билан бекитганча, девор ёқалаб чорбоғ даричасидан кириб борарди-да, ичкарига шўнғиб кетарди.
Бошини гўшт дўконидаги боланинг саватига суққани учун Лулу ундан боплаб чертки еди; шу-шу у пайт пойлаб, кўйлагининг устидан бўлсаям болани чўқиб-чўқиб олади. Гарчанд қаҳри қаттиқ бўлмаса-да, чакка сочларини ўстириб елкаси ва қўлларига алланималарни чизиб олган сўхтаси совуқ Фабю, бир кун келиб бошчангни сапчадай узиб ташлайман, деб қушга дағдаға қилди. Аксинча Фабюга Лулу ёқарди, у эрмак учун қушни сўкишга ўргатмоқчи бўлди. Даҳшатга тушган Фелисите уни ошхонага олиб кириб қўйди. Занжирчаси ечиб қўйилган қуш энди бемалол уйни айланиб юрарди.
Лулу чангаксимон тумшуғини зинанинг четига тираб, аввал ўнг, сўнгра чап оёқчасини кўтариб пастга туша бошларди. Ишқилиб бунақанги машқдан тўтининг боши айланиб пастга думалаб кетмаса гўрга эди, деб қўрқарди Фелисите.
Кейин Лулу бирдан оғриб қолди: на ея олади, на гапиради. Маълум бўлишича, товуқларга ўхшаб тилининг остидан ўсимта ўсиб чиққан экан. Фелисите шишни юлиб олиб ташлагач, тўти тузалиб кетди. Жаноб Пупар бехосдан унинг тумшуғига тутун пуфлаб юборди; бошқа сафар Лормо хоним зонтигининг учини унга нуқиб, роса ғашига тегди.
Нима бўлди-ю, бир куни тўти йўқолиб қолди. Очиқ ҳавода ўйнаб яйрасин деб Фелисите Лулуни чорбоққа қўйиб юборган, ўзи бирровга кўчага чиққан эди. Қайтиб келиб қараса – тўтиқуш йўқ! Оқсоч ҳаммаёқни тинтиб чиқди – буталар орасини, томларнинг устини, дарё ёқасини ахтарди, беканинг:
– Эҳтиёт бўлсангиз-чи, нима бало, эсингиз жойидами ўзи? – деб бақирганигаям қарамасдан, чордоқларни чиқиб кўрди. Пон-л‘ Эвекдаги чорбоғларнинг барига кириб чиқди.
Олдидан ким чиқса: ол таҳоратингни, бер кавушимни дегандай, тўтиқушини сўроқлади. Билмаганларга уни тасвирлаб берди. Бир пайт хаёлига бирдан яшилпат парранда тегирмон ортидаги тепалик атрофида учиб юргандек бўлиб туйилди. Бироқ у ерда ҳам тўтиқуш йўқ экан! Хат ташувчи, ҳозиргина қушни Сен-Мелендаги Симон кампирнинг дўконида кўрдим дейиши билан оёғини қўлга олиб ўша ёққа югурди. У ердагилар мунчоқ йўқотган соқовдек ғўлдираётган аёлнинг гапларига мутлақо тушунишмади. Ниҳоят бошмоғининг ийиғини чиқариб, силласи қуриб ғам-ғуссага ботганча уйга кириб келди; сўнгра ўриндиққа – бекасининг ёнига чўкиб, бошига не савдолар тушганини бир бошдан сўйлай кетди. Бир маҳал ғоздай енгил нарса кифтига келиб қўнгандай бўлди – бу Лулу эди! “Қаёқларда дайдиб юриб эдинг? Бир айланиб учиб келай дебсан-да!”
Бу кўргуликдан Фелисите баъзўр ўнгланиб олди, – тўғрироғи ўшандан сўнг у қайтиб ўзига келмади.
Кўп ўтмай кунлар совиб, у тумовга чалинди, қулоғи оғрийдиган бўлди. Уч йилдан кейин қулоқлари куллан том битиб, ҳатто черковда ҳам бақириб гапирадиган ҳолга келди. У покдомон инсон эди, зеро у зиғирдек гуноҳ иш қилган тақдирдаям, у маъсият ҳисобланмас ва бу нарса Фелиситенинг юзини ғамгин эта олмасди. Шунга қарамай, у черковга бориб истиғфор келтирди.
Қулоқлари шанғиллаб, эси кирди-чиқди ҳолга келган оқсочни бека бўлар-бўлмасга уришаверарди.
– Худо урди-кетди, намунча галдирсиз-а!
Койишларга тушунмаган Фелисите:
– Шундай, хоним, – деганча каловланар эди.
Буларсиз ҳам ақли қосир аёлнинг мияси айниб бораверди: буқалар бўкириши ва жом садоларини у энди эшитмас, назарида жумлаи жаҳон кўлага – шарпаларга ўхшаб сассиз-садосиз ҳаракатланаётганди. У энди Лулунинггина овозини эшитарди.
Гўё аёлнинг дилини хушламоқчидай, Лулу урқучнинг товушини чиқарар, рўпарадаги балиқфурушга ўхшаб бақириб-чақирар, дурадгорнинг аррасидек визиллар, иттифоқо кўча эшик қўнғироғи жиринглаб қолса, Обен хонимга таассуб қилиб:
– Фелисите, эшикка қаранг, эшикка! – деб қичқира бошларди.
Лулу нуқул ўзига ёд бўлиб кетган учта иборани қайтарарди. Гарчи аёл пойинтар-сойинтар жавоб берса ҳам, оғзидан чиққан ҳар бир каломга бутун қалб қўрини тўкиб соларди. Шу пайтгача ўзини бутунлай ёлғиз санаб келган аёлга Лулу энди жигаргўша ёки севикли ёр мисоли эди. Қуш унинг шаҳодат бармоғига чиқиб олиб, дудоқларидан чўқилар, бошидаги дуррасини тортқилаб ўйнарди. Аёл худди энагадек унга энгашган лаҳзаларда, каллапўшининг қанотлари тўтининг қанотчалари билан бир маромда тебранишга тушарди.
Осмонни қора булутлар чулғаб, момоқалдироқ қарсиллаган лаҳзаларда, тўтиқуш ўзининг қадрдон ўрмонлари ва жала-ёмғирларни эслаган бўлса ажабмас. Сувнинг шилдирашидан юраги ҳапқирган тўти жиннига ўхшаб ўзини ҳар ёққа ура бошлар, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб деразадан чорбоққа учиб чиқарди-да, кўлмак сувда ағанаб-яйраб, ҳаял ўтмай тағин ичкарига учиб кирар, каминнинг панжарасига қўниб олиб, гоҳ тумшуғи, гоҳ думини ликиллатганча ўзини қуритарди.
1837 йилги қиш қаҳратонида Фелисите тўтиқушни совуқдан сақлаш учун камин олдига келтириб қўйди, бироқ эрталаб уни ўлиб ётган ҳолда топди: тўти бошини осилтирганча қафасда қотиб ётар, оёқлари билан инининг темир чўпларини чангаллаганча жон берган эди. У миясига қон қуйилиб ўлган бўлиши мумкин. Ҳойнаҳой, унга дориланган кашнич беришган деган шубҳага борди аёл, ашёвий далиллар йўқ бўлса-да, у Фабюдан гумон қилди.
Йиғлайвериб бекани хит қилиб юборгач, хоним:
– Бўлди-да энди! Намунча дийдиё қилмасангиз! Шунчалик яхши кўраркансиз, қушнинг жасадидан тулум ясатиб олақолинг, – деди.
Оқсоч тўтиқушга меҳр қўйиб қолган дорихоначига маслаҳат солди. У гаврлик Фелаше деган устага хат ёзиб берди. Жавоб хати етиб келгач, қушнинг жасади йўлда йўқолиб кетмасин деб, Фелиситенинг ўзи уни Гонфлёргача етказиб берадиган бўлди.
Йўл четидаги олмаларнинг шохлари яланғоч, зовур сувлари музлаб ётарди. Фермалар ҳовлисидан қўриқчи итлар акиллаганча чопиб чиқишарди. Фелисите саватини билагидан ўтказиб олиб, совқотган қўлларини плашининг ичидаги ихчамгина сабога тиқиб тош йўлнинг ўртасидан жадал кетиб борарди. У ўрмонни кесиб чиқиб О-Шенни ортда қолдирди ва яна анча йўл юриб, ниҳоят Сент-Гатьенга етиб келди.
Мальпост чанг-тўзон кўтариб, қуюндай елиб келарди. Жувон четга чиқмаётганини кўриб, чиптачи деразадан бошини чиқариб қаради. Жиловдор бўлса тўрт от қўшилган уловни осонликча тўхтата олмаслигига кўзи етиб жон ҳолатда бақирар, ҳуркиб кетган отлар янаям тезроқ чопарди. Олддаги икки от аёлга сал тегиб ўтди; жиловдор тизгинни қаттиқ силтади; улов аёлга жудаям яқин келган лаҳзада у қўлидаги узун қамчисини жаҳл билан қиялатиб унинг бошига урди. Фелисите ерга юзтубан йиқилди.
У ҳушига келиб, дафъатан саватини очиб қаради – яхшиям Лулуга шикаст етмабди. Бироқ ўзига нимадир бўлган, ўнг ёноғи ловулларди. Қўлини бетига тегизди – ёноғидан қон оқаётганди.
Фелисите йўлнинг четидаги тош уюмига бориб ўтирди ва рўмолини ечиб ярасига босди. Кейин ҳар эҳтимолга қарши саватига солиб олган нондан ушатиб еди. Саватдаги қушга нигоҳи тушиб, жароҳатини ҳам унутиб юборди.
Фелисите оқсаб-тўқсаб Экемонвиль қоясига чиқиб олгач, Гонфлёр чироқларига, тун зулматида милтиллаётган саноқсиз юлдузларга боқди. Олисдаги бепоён денгизни туман оғушига олган. Унинг оёқлари мадорсизликдан иродасига бўйсунмасди. Ғам-ғуссада кечган болалиги, саробга айланган муҳаббати, жиянининг қайтмас бўлиб кетиши, Виргиниянинг вафоти – ҳаммаси соҳилга қайтаётган долғалар каби жолаларига қўшилиб унинг томоғидан бўға бошлади.
У Гаврга сузиб кетаётган кема сардори билан гаплашиб, нима жўнатаётганини айтиб ўтирмай, унга манзили ёзилган қоғозни берди.
Фелаше тўтиқушни ўзида сақлаб юрди. У тулумни ясаб келаси ҳафта жўнатиб юбораман, деб анчагача алдаб юрди. Ярим йил ўтиб, тулумни қутига жойлаб жўнатиб юбордим, деган хабар билан қуш изсиз йўқолди. Фелиситенинг назарида, Лулу энди ҳеч қачон қайтиб келмайдиганга ўхшарди. “Ҳойнаҳой, ўғирлаб кетишган,” деган хаёлга борди у.
Ниҳоят, тўтиқуш қайтиб келди – қойилмақом тулум бўлганди-да ўзиям! Лулу арғувон оғочидан ясалган пояга маҳкамланган бутоқда битта оёғини кўтарганча бошини хиёл буриб, тумшуғида ёнғоқ тишлаб турарди. Уста ҳою-ҳашамга қизиқса керак, шекилли, ёнғоққа тилла суви югуртириб чиққан эди.
Фелисите қушни ўзининг хосхонасига бекитиб қўйди. Меҳробга ҳам, ашқол-дашқол бозорига ҳам ўхшаб кетадиган хосхона сиғиниш буюм-анжомларига тўлиб кетганди. Нарсаларнинг кўплигидан жавон яхши очилиб-ёпилмасди. Битта дераза чорбоққа, рўпарадаги думалоғи бўлса ҳовлига қараб очиларди. Йиғма каравотнинг ёнгинасидаги столнинг устида сув солинган кўза, бир жуфт тароқ ҳамда сири кўчган ликопчада бир кулча ҳаворанг совун ётарди. Деворга тасбеҳ ва медаллар, бокираи муҳтарама Биби Марям сурати, кокос ёнғоғидан ясалган кропило – сув сачратгич михга осиб қўйилган эди. Устига мовут тўшаб қўйилган комод гўё шоҳсупа-ю, унинг устида Виктор совға қилган чиғаноқли қутича ва гулчелак, копток ва ҳуснихат дафтари, шунингдек, суратли жуғрофия китоби ҳамда Виргиниянинг бошмоқчаларигаям жой топилганди. Кўзгунинг ёнидаги михга бўлса, Фелисите ўша момиқ қалпоқчани тасмасидан илиб қўйган эди. У кўз қорачиғидек асраб келаётган буюмлар ичида жаноб Обеннинг сюртуги ҳам бор эди. Обен хоним кераксиз деб топган эски-тускиларнинг барини Фелисите ўзининг хонасига киритди.
Комоднинг бир бурчидан сунъий гуллар ҳамда граф д‘Артуанинг сурати ўрин эгаллаганди.
Тахтачага маҳкамлаб қўйилган Лулу каминнинг устида турибди. Фелисите ҳар тонг уйғонаркан, мутлақо хотиржам ва беғам ҳолда кечмишининг аҳамиятга молик бўлмаган воқеаларигача эслаб кетарди. Ҳеч ким билан гаплашмай, худди ойпарастга ўхшаб қандайдир карахт ҳолатда яшаб келмоқда эди у. Фақат Исойи Масиҳо Вужуди шарафига ўтказилаётган маросим кунларида унга жон кириб қоларди. Фелисите уйма-уй кириб шоҳсупани безатишга қўни-қўшнилардан шам ва пояндоз териб чиқарди.
Черковда бўлса, у зимдан қараб фариштани ўзининг тўтиқушига қиёслар ҳамда уларнинг ўртасида озроқ ўхшашлик топарди. Фелиситенинг наздида, фаришта ҳам қирмизи қанотчалар ва жажжи зумрад вужуддан иборат Лулуга қуйиб қуйгандек ўхшаб кетарди.
Фелисите санам сотиб олиб, уни илгари граф д‘Артуаннинг портрети турган жойга осиб қўйди. Энди аёл Муқаддас Руҳга ҳам, Лулуга ҳам бирдек буюк эҳтиром кўрсатадиган бўлди. Маликул Мутлақ кабутарлардан пайғом элтувчи сифатида фойдалана олмасди, чунки улар гапира олмайдилар. Индаллосини айтганда, Тангри шу мақсадда Лулунинг аждодини танлаган. Фелисите санамга топиниш баробарида, вақти-вақти билан тўтиқушга ҳам назар солиб қўяр эди.
У сочини қирдириб ташлаб монастирга кетмоқчи бўлганида, Обен хоним бундай қила кўрманг, деди.
Обенлар хонадонида муҳим воқеа рўй берди: Поль уйланди.
У қаерларда ишламади дейсиз: нотариус ходими, савдо идораси ҳамда божхона хизматчиси, солиқ нозири ва ўрмон хўжалиги идорасида иш юритувчи… Ўттиз олти ёшида худди Яратганнинг Ўзи кушойиш бергандек, ўзига муносиб иш топиб олди: эгри солиқлар шўъбасига хизматга кирди. Полнинг жонбозлигига тан берган инспекция назоратчиси уни ўз қаноти остига олиб, унга ўз қизини бериб қўя қолди.
Анчайин қуйилиб қолган Поль хотинчасини олиб ойисини кўргани келди. Лекин ёш хотин Пон-л‘Эвек расм-русумларини назар-писанд қилмади, у ерда неча кун турган бўлса, Фелиситенинг ғурурини ерга букиб келди. У қайтиб кетгачгина, Обен хоним енгил тин олди.
Ҳафта ўтиб жаноб Бурёнинг қуйи Бретани мусофирхонасида қазоси етгани ҳақида хабар келди. У ўз жонига қасд қилганди. У ўзига билдирилган ишончни суистеъмол қилиб, ижара тўловларини ўзлаштириб юборган, ўрмон оғочларини хуфиёна сотган, ҳужжатларга сохта имзо чеккан, бу ҳам етмагандай, дозюллик аёл билан “донлашиб” юриб, ундан ноқонуний фарзанд орттириб олган экан.
Обен хоним бу шўришу ғавғоларни кўтара олмади. 1853 йилнинг мартида кўкраги қаттиқ оғрий бошлади, қурум босгандек қўнғир тус олган тили калимага келмай қолди. Табиб бўғилишга қарши зулук солди, у ҳам наф бермади. Бор-йўғи тўққиз кун ётгач, куни битиб омонатини топширди.
Чечакдан чўтирлашган бетлари тупроқ ёққандек тусда эса-да, қонсиз чаккаларини ёпиб турган тийра сочлари бекани бир оз ёш кўрсатарди. Калондимоғлиги ва кеккаймахонлиги важидан уни сўнгги йўлга узатгани жуда кам одам келди.
Фелисите бекасига шунчалик куйдики, бу дунёда биров унингчалик сўзона бўлмагандир. Хоним ундан олдин вафот этганини оқсоч миясига сиғдира олмаётганди. Хонимнинг ўлими асло бўлиши мумкин бўлмаган фавқулодда ҳодиса эди унинг учун.
Бузансондан Пон-л‘Эвекка ўн кунда етиб келган меросхўрлар дарров ишга киришиб кетди. Ҳамма ёқни тинтиб чиққан келин мебелларнинг бир қисмини ўзига ажратиб олиб, қолганини чиқариб сотди ва ҳаммаси тезда ортларига қайтиб кетишди.
Беканинг кажава оромкурсиси, иш столчаси, саккизта курси ва иситгичи бирдан ғойиб бўлди. Гравюраларнинг бўшаб қолган девордаги ўрни тўртбурчак бўлиб сарғайиб турарди, холос. Меросхўрлар болалар каравотлари, шкафдаги Виргинияга тегишли нарсаларнинг барини олиб кетишди. Аламига чидолмаган Фелисите “оҳ-воҳ!” қилиб, ўзини ҳар ёққа урди.
Эртаси куни кўча эшикда “Уй сотилади!” деган эълон пайдо бўлди: бу хабарни дорихоначи бақириб оқсочнинг қулоғига етказганда, у гандираклаганча ўтириб қолди.
Боёқиш Лулуни хилват гўшасидан мосуво этиш унга жудаям оғир эди. Дилгир нигоҳини ундан узолмай, аёл Муқаддас Руҳга илтижо қилар, мажусийлар каби тўтиқушнинг пойига чўк тушиб юкинарди. Чироқ нурлари деразадан тўғри тулумнинг шиша кўзига тушиб, у фавқулодда суратда чақнаб кетган лаҳзаларда Фелиситенинг қалби завқ-шавққа тўлиб кетарди.
V
Беканинг васиятига кўра Фелисите йилига уч юз саксон франк нафақа оладиган бўлди. Томорқа сабзавот билан таъмин этса, беканинг кийим-кечаклари унга умрининг охиригача етиб ортади: чироқ ё шамга бўлса мутлақо зарурат йўқ эди – товуқ қўноққа чиқмасдан у ухлагани ётарди.
Сотувга қўйилган Обенларга тегишли эски мебелларни кўрмайин ҳам, куймайин ҳам деб Фелисите деярли кўчага чиқмай қўйди. Гонфлёр йўлида ёмон йиқилганидан бери у оёғини судраб босар, жисми кучдан қолаётган эди. Дўкончасида қариб-чириб бораётган Симон кампир ҳар тонг унга ўтин ёриб, қудуқдан сув тортиб бергани келарди.
Фелиситенинг кўзлари яхши кўрмай қолди. Деразалари яхши очилмаганидан, у яланг нимқоронғи уйда ўтирарди. Кўп йиллар ўтиб кетса ҳамки, уйни сотиб ёки ижарага оладиган киши чиқмади. Тағин меросхўрлар қувиб юборишмасин деб, Фелисите уни таъмирлашгаям ҳаракат қилмади. Томидан чакка ўтгани учун қиш-қировли кунларда тўшагининг бош томони қуримас эди. Пасхадан сўнг унинг соғлиги ёмонлашиб қон тупура бошлади.
Симон кампир уни докторга кўрсатди. Фелисите “Менга нима бўлаяпти ўзи?” деган ташвишга ботди. Қулоғи том битганидан “Ўпка яллиғланиши” деган таниш сўзларнигина эшитди, холос.
– Ҳа, бекамни дардидан экан! – деди у синиқ овозда.
Бекасига эргашиш вақти келганида у ҳеч қандай ғайри савқи табиийлик кўрмади.
Шоҳсупаларни тиклаш куни яқинлашмоқда эди. Биттаси яккаш тепалик ён бағрида, иккинчиси почтанинг олдида, учинчиси-кўчанинг ўртароғида қад кўтариб турарди. Учинчи шоҳсупанинг ўрни хусусида анча-мунча тортишувлар бўлди, бироқ охири аёл қавмлар Обен хонимнинг ҳовлисини танлашди.
Бўғилиш ва безгак Фелиситенинг силласини қуритмоқда эди. У шоҳсупани безашда қатнаша олмаслигидан ўкинар: “Қанийди мен ҳам унинг пойига нимадир қўя олсам?” – деб орзуманд бўларди. Шунда бирдан ёдига тўтиқуш келди. Қўшни аёллар: “Бўлмайди! Бу шаккоклик!” дейишди. Бироқ руҳоний розилик билдириб, бу билан Фелиситени хушбахт қилди. Қазоим етгач, бирдан-бир сарватим – Лулуни ўзингизга олсангиз, деб оқсоч ундан илтимос қилди.
Руҳуллоҳ Вужуди байрами арафасида Фелисите тинмай йўтала бошлади. Шанба куни кечга бориб авзойи бузилди: ўқчиб-ўқчиб қайт қилди. Тонгга бориб аҳволи баттар ёмонлашгач, руҳонийни чақириб келишди.
Танасига зайтун мойи суриш маросимида учта жафокаш аёл иштирок этди. Бир маҳал Фелисите Фабюга айтар гапим бор эди, деди. Фабю бу пайтда байрам либосларини киймоқда эди. Нохуш манзарани кўриб унинг таъби тирриқ бўлди.
– Маъзур тутинг, – деди қўл чўзишга ўзида зўрға куч топа олган Фелисите унга, – шу чоққача қушни сиз ўлдиргансиз, деб юргандим.
Ана холос! Фабюдек мусичаи беозор бандани қаттолликда айблашса-я. Ғазаби қайнаб ғалва кўтармоқчиям бўлди у.
– Кўрмаяпсизми, ахир у эсини еб қўйган-ку! – Фелисите алаҳсирай бошлагач, жафокаш аёллар чиқиб кетишди.
Сал ўтиб Симон кампир Лулуни кўтариб келди-да, Фелиситега тутди:
– Қани, энди у билан видолашинг!
Гарчи тўтиқушдан асар ҳам қолмаган бўлса-да, қурт-қумурсқалар уни ҳануз кемирмоқда эди: Лулунинг битта қаноти синган, қурсоғидан каноп лослари осилиб тушиб ётарди. Фелисите энди буларни кўрмаётганига қарамай, тулумнинг чақадек пешонасидан ўпиб, ёноғига босди. Шоҳсупанинг пойига элтиб қўйиш учун Симон кампир Лулуни қўлига олди.
VI
Ёбонлардан ёз ифори таралади: арилар ва қўнғизларнинг ғўнғиллаб учгани эшитилади; дарё суви қуёшда ярқираб кўринади; томларнинг черепицалари тандирдай қизиган. Симон кампир мудраганча Фелиситенинг тепасида ўтирибди.
Кампирни жом садолари уйғотиб юборди – шом ибодати ўқиб бўлинди. Фелисите алаҳсирамай қўйган, фикри-ёди байрамда бўлиб, назарида унинг ўзиям унда қатнашаётганга ўхшарди.
Кўча майдонидан толиблар, хонишчилар ва ўт ўчирувчилар ўтиб боришарди. Ҳаммадан илгарида қўлида ойболта тутган дарбон ҳамда катта бир хочни боши узра кўтариб олган пономар иккаласи одимлашмоқда. Кейинроқда ўғил болаларни кузатиб келаётган эркак муаллим ва толиба қизларга бириктирилган роҳибани кўриш мумкин; жингала сочлари ҳуру ғилмонларникига ўхшаб кетадиган учта жажжи қизалоқ атиргул гулбаргларини сочиш билан андармон; черков хорининг етакчиси чолғучиларга қараб қўлини силкиб-силкиб одимлайди; икки нафар черков хизматчиси ичига кундур тутатиб қўйилган идишни кўтариб олишган; улар ҳар қадамда муқаддас сила ташланадиган совғадонга қараб қўйишади; силадонни бўлса хушбичим жуббага ўраниб олганча, устига қирмизи духоба ёпилган тахтиравонда ўтириб кетаётган руҳоний қўлида тутиб борарди; тахтиравонни черков жамоасининг тўрт нафар аъзолари кифтларида кўтариб юришарди. Намойишчилар оқими деворлари оппоқ уйлар оралиғидан чиқиб келишмоқда эди. Ниҳоят маросим иштирокчилари тепалик ёнбағрига етиб боришди.
Фелиситенинг чаккаларини совуқ тер қоплади. Симон кампир сочиқ билан терни артиб ташларкан, бир кун унгаям қазову қадар етиб келишини эслаб қўйди.
Милтиқ овозидан деразалар зириллаб кетди. Одамлар табаррук эҳсонларга шукрона келтирмоққа бошладилар. Фелисите Симон кампирга қараб:
– Лулу яхшими? – дея базур сўради.
Жон талвасаси бошланди, – Фелиситенинг ғарғараси жадаллашиб, кўкси тез-тез кўтарилиб тушаверди. Оғзи кўпириб, вужудини қалтироқ босди.
Мана, созлар чалиниб, ҳаммаёқни болаларнинг қўнғироқдай жарангли ҳамда эркакларнинг паст хониши тутиб кетди. Вақти-вақти билан куй-қўшиқлар тиниб, гуё моллар подаси яйловдаги ўт-ўланларни босиб-янчиб ўтаётгандек, одамларнинг гул чечакларни оёқлар остида қолдириб қадам ташлашлари бўғиқ садо берарди.
Ҳовлига уламолар кириб келишди. Қани, деразадан бир қараб боқай-чи, деган мақсадда Симон кампир курсига чиқди, – у шоҳсупадан-да юксакка кўтарилиб кетганди.
Шоҳсупани анвойи гул-чечаклар билан ўраб чиқишган, гирдига эса инглиз ипак тўри кўрк бўлиб тушган. Ўртага азизу авлиёларнинг хоки туроби сақланадиган ихчам сағана қўйилган, унинг икки қунжида икки тўп пўртаҳол кўчати ва яна ҳамма ёғини айлантириб кумуш чироқпоялар, шунингдек оғзидан тароватли хушбўй лаванда, гортензия, атир гуллар даста-даста бўлиб чиққан чинни гулдонлар терилиб турарди.
Баландлиги икки қаватли уйдек шоҳсупадан нишаб йўлак орқали поёндоз тўшалган майдонга тушиб келиш мумкин. Қопқоғи бинафшасимон тожга ўхшаб кетадиган зарҳал қанддон, ясама йўсинларнинг устида ярқираб турган олмослардан қилинган зебигардон, сиртига табиат манзаралари чизилган иккита хитойи парда киши диққатини тортади. Атиргулларга кўмиб ташланган Лулунинг тирноқдек ложувард манглайчасигина кўриниб турар эди.
Черков жамоаси аъзолари, хонишчилар ҳамда болалар ҳовлининг уч томонидан жой олишди. Сарроҳиб пиллапоялардан аста-секин кўтарилиб бориб, ипак тўрнинг устига чўғдек ёниб турган катта олтин силадонни қўйди. Ҳамма баравар чуқур таъзим бажо келтирди. Борлиқ сукунат оғушига чўмди. Занжирчалар билан боғлаб қўйилган идишлар ҳаволаниб кундур иси тарата бошлади.
Фелисите ётган хонага ҳам мовий тутун сизиб кирди. Унинг бурун катаклари керилиб, илоҳий бир фараҳда кундур исини ичига тортишга тушди, сўнгра у кўзини юмиб олди. Дудоқлари табассумга мо-йил шамойилга кирди. Юрак уриши дам-бадам заифлашиб, баайни суви тугаб бораётган фавворадек, уни ўчаётган акс садодек тушуниксиз, илғаш қийин бўлган ҳолатга яқинлашмоқда эди.
Фелисите жон таслим қилаётган сўнгги лаҳзаларда унга арши-аъло ланг очилиб, унинг тоқидан баҳайбат тўтиқуш учиб чиқиб боши узра парвоз қилаётгандек туюлди.
Русчадан Илҳом Ҳафизов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 1-сон.
___________________
* Веста эҳроми – қадимги рим мифологиясида Веста – хонадон чироғи ва олов маъбудаси; Веста эҳромида мангу олов ёниб турган (Барча изоҳлар таржимонники).
* Фунт – оғирлик бирлиги, 453,6 грамм (изоҳлар таржимонники).
* Бостон – қарта ўйининиг бир тури.
* Пудель – жуссаси ва туси турли кўринишда бўлган хонаки ит зоти.
* Жабо – ХVIII-XIX асрларда Франция, Испания ва Россияда русум бўлган эркаклар кўйлагининг ўзига хос ёқаси.
* Бирмил – бочка (неологизм).
* Филё – балиқ ёки биқин гўштидан тайёрланадиган мазали таом.
* Омёла – дарахт ва ғовларга чирмашиб ўсадиган манзарали ўсимлик.
* Фок-мачта – кеманинг олд қисмидаги мачта.
* Клирос – насронийлар жомеъсидаги хор аъзолари жойи.
* Аналой – насронийларнинг православ черковида илоҳий китоблар қўйиладиган столча.
* Витраж – рангли шиша қопланган рамка.
* Архангел – Инжилда фаришталар ва малоикаларнинг саркори.
* Урсулинка – роҳибаликка тайёрланаётган қизлар.
* Лоцман – денгизчиликда махсус билим ва тажрибага эга бўлган мутахассис.
* Пакетбот – унча катта бўлмаган денгиз алоқа-йўловчи кемаси.
* Шхуна – икки ёки уч мачтали елканли кема.
* Верфь – кемалар қуриладиган ва таъмирланадиган корхона.
* Док – кемалар созланадиган жой.
* Шлюз – сув сатҳнинг баланд, пастлигига кўра кемалар йўналишини тартибга солиб турадиган гидротехник иншоот.
* Кабриолет – битта от қўшилган, жиловдорнинг жойи бўлмаган икки ғилдиракли енгил извош.
* Абатисса – католикларнинг аёллар монастри ходимаси.
* Мальпост – йўловчи ва почта ташишга мўлжалланган почта улови.
* Суперфект – шаҳар ва префектурага тайинланадиган юқори доирадаги ҳукумат раҳбари.
* Серсо – енгил ва юпқа ҳалқачани бир-бирига отиб, таёқча билан тутиб олиш ўйини.
* Префект – Франция ва бошқа Европа давлатларида олий ҳукумат амалдори.
* Сабо – чўнтаксиз плаш ва пальтоларда ичига қўллар тиқиб олинадиган енгсимон нарса.
* Мальпост – йўловчилар ва почта юклари ташиладиган улов.
* Кропило – диний маросимларда муқаддас сув сепиладиган идиш ва чўткаси.
* Пономар – православ черковида паст даражали руҳоний.