Санатория мусофирхонаси дардмандлар билан тўлиб-тошган эди, одатдагидек, ҳамма тилини ютиб, жим ўтирганча ўзининг соғайиб кетишини кутаётганди.
Биров биров билан сўз қотмас, нафсиламбрини айтганда, ҳар бир бемор қисматдошининг касаллик тарихини эшитишдан чўчир ёхуд соғайиб, дарддан батамом фориғ бўлишга шубҳа уйғонишидан қўрқарди.
Бу ерда мисли кўрилмаган маҳзунлик ва зерикарли ҳаёт ҳукм сурар, оқ картонда қора рангли ҳарфларда битилган тутуриқсиз олмонча битиклар кишининг кўнглини оздираёзарди…
Менинг рўпарамдаги столда бир болакай ўтирганди; мен бошимни ушлаб ўтириб, ноўнғай ҳолга тушмаслик учун ҳам унга муттасил нигоҳ суқаётгандим.
Бола пақир эгнидаги дидсиз кийим-боши, ҳаддан тор пешонаси билан тасаввуримда қовоқбош митти нусхага айланди қолди. Унинг духоба енглари ва иштончасига онаси оппоқ тўр қоплаганди…
Вақт барчамизни ўз измига солган, узоқдан-узоқ кутавериб, оғирлашиб қолгандик.
Агар мана шу беморлардан бирортаси кутилмаганда ҳеч нимадан-ҳеч нима ғазаб отига минса-ю ва қутуриб чироқними, столними ё дераза ойналариними синдирса ҳам ажабланмасдим. Ўзимнинг эса бу ишга ҳаддим сиғмасди, очиғини айтганда, ўзимни тушунолмай қолгандим, бу ишни қўрқувдан қила олмаслигим чин; бошқалар бир вақтнинг ўзида бажара олмайдиган ишга мен ҳам ботина олмасдим, шунинг учун жойимдан жилмай ўтиравердим. Мен тағин оқ жимжималарга кўзим тушиб, беҳаловатландим. Бу тобора азоб берар ва тўхтовсиз давом этарди. Гўё оғзимда резина золдир бор эдию, сония сайин катталашиб, миямга қадар ўсиб бораётгандек эди. Бундай бўшлиққа лиммо-лим онларда, нақадар ажабланарли туюлмасин, ҳар қандай фикр фақат ҳордиқ чиқариш ҳақида бўларди…
Болакай домино доналарини ўз қутисига тахлаётиб, бирдан шоша-пиша уларни чиқариб ташлади. Гап шундаки, энг сўнгги домино донаси қутига тушгач, қути тўлмаганди. Яна бир қатор жой бўш қолганди. Миттивой эса қути тўлишидан умид қилганди.
Ниҳоят, у иши юришмагач, онасининг қўлидан жаҳдла тутиб, домино доналарига тўлмай қолган қутига имо қилди, сўнг илтижо қилди:
“Ойи, ойижон!”
Қўшни аёл билан ҳасратлашаётган она хизматкор қиз ва аёл қалби дахл этгулик бошқа муҳим нарсалар ҳақида бонг ураётганди. У ўғли нуқиган қутига хира тортган кўзларини тикиб, ақлли маслаҳат берди:
“Кўндалангига қараб жойлаштир”.
Болакайнинг юзларида умид учқунлари уйғонди ва иштиёқ билан тағин аста-секин ишига киришди.
Яна узоқ вақт ортда қолди.
Газета саҳифалари шитирларди. Ҳикматга тўла сўзларга бот-бот дуч келавердим. Тағин ҳис қила бошладим: шу ерда, яқин атрофда яна бир телбаликка гувоҳ бўлишим тайин эди.
Мана энди… Энди… бу ҳис юрагимни буткул қуршаб олди.
Мен болакайга темилиб ўтиришдан чарчадим.
Қути энди оғзига қадар тўлган, бироқ ундаги бир дона домино донаси ортиб қолганди. Болакай яна онасидан нажот топмоқчи бўлиб, уни туртди. Аёл бу гал ҳам хизматкорлар борасидаги ғийбатини айтишга улгуриб, ўғлига юзланди:
“Шунча ўйнаганинг етар, энди ухлаймиз”.
Бола пақир сўзсиз бўйсуниб, ён-верига беғубор кўзларини тикди. Мен бир галда шоҳид бўлганим – сон-саноғи йўқ умидсизликка тушган одамларга боқди.
Мен курсимда ғужанак бўлиб олиб, титраб-қақшаган кўйи қўлларимни сиқдим – бу манзара мени мутаассир этди, кўнглимга оғриқ олиб кирди.
Она-бола эшикка чиқишди. Шунда ташқарида ёмғир севалаётганини пайқадим.
Мен шу кўйи қанча вақт ўтирдим, аниқ эсимда йўқ.
Мени мислсиз ғам гирдобига улоқтирган бу воқеа ҳаётимда учраган ношаффоф, кўнгилни хира қиладиган барча воқеалардан ҳам энг оғири эди. Хонадагилар бир-бирига домино муҳрланган қоп-қора кўзлари билан қарашаркан, гўёки бу нигоҳлар мубҳам, нима экани ўзларига ҳам номаълум бир нарсани излашаётгандек туйилди. Мен эса хаёлимда яшил тобут ичига уларни тартибла жойлаштиришни истаб қолдим. Қанча уринмай, ҳар гал хато қилаверардим: улар ҳаддан ортиқ кўп ё кам чиқаверишарди.
Рус тилидан Умид Али таржимаси