Ги де Мопассан. Соваж кампир (ҳикоя)

 Вирелонида ўн беш йилдан бери бўлмаган эдим. Куз пайти немислар вайрон қилиб қилиб кетган уйини эндигина тиклай бошлаган ошнам Сервалнинг хонадонига, ўша тарафларда ов килиш учун борадиган бўлдим.
 Бу жойлар менга жудаям ёқарди. Ёруғ жаҳонда кўриб кўз тўймайдиган ана шунақа ажойиб гўшалар бор. Уларни худди одамзотни севгандек севиб колиш ҳеч гап эмас. Биз инсонларни она-Заминга боғлаб турадиган қадрдон ирмоклар, ўрмонлар, ҳовузлар, тепаликлар борки, улар ёдингга тушганида худди қувончли бир воқеани эслагандай беихтиёр энтикиб кетасан. Шунақа пайтлар бўладики, одатий кунларнинг бирида қандайдир дарахтзор, ўтлоқ, мевали боғ ёки оддийгина гулзор сенинг қалбингда баҳор тонгида ёнгинангдан хшбуй ҳид таратиб ўтган сарвқомат дилбар сингари ажойиб таассурот қолдиради.
Вирелонидаги ўт босган ҳар карич ер, қон томирлар сингари бир-бирига уланиб кетган ирмоқлар юрагимга яқин. Бир пайтлар бу арикчалардан қисқичбақа, шиллиққурт ва чувалчанг тутиб катта бўлганмиз. Ажойиб манзаралар.
…Серваль мендан юз метрча нарида, ўнг тарафда бедазорларни кўздан кечирарди. Содрей ўрмони ва экинзор ўртасидаги чегара вазифасини бажарувчи буталар шохлари оша атрофни кузатарканман, эски, ғарибона кулбанинг қолдиқларига кўзим тушди. Бундай кўримсиз манзара кишига ғалати таъсир қиларкан. Бирданига бу кулбани сўнгги даъфа 1869 йилда том устида бир сават узум ва товуқлар қуршовида кўрганимни эсладим. У пайтлар бу мўъжаз уйча атрофнинг гўзал манзарасига кўрк бағишлаб турар, унинг олдида ишком қилинган узумлар ғарқ пишиб ётарди.
Бу уйчанинг соҳибасини танирдим. Жиккаккина, истараси иссиқ кампир бир гал мени хуштаъм узум виноси билан сийлаганди. Йўл-йўлакай Серваль менга бу хокисор хонадон аҳлининг аламнок кечмиишини сўзлаб берди.
Оила бошлиғи илгаридан браконьерлик билан шуғуллаиб келган, пайти келиб уни қишлоқ қоровулларидан бири отиб ўлдирган экан. Унинг ўғли – мен бу рангпар, қотмадан келган йигитчани бир мартагина кўрганман – ёввойи паррандаю даррандаларнинг ашаддий кушандаси сифатида ном чиқарган экан экан. Бу хонадон аҳлини бир сўз билан Соваж*лар деб чақиришарди. Бу уларнинг фамилиясимиди ёки лақабмиди, билолмадим. Хуллас менинг турнақадам ҳамроҳим бу ғаройиб хонадон эгалари ҳаёти билан боғлиқ ушбу воқеани сўзлаб берди.
…Уруш бошлангач, кичкина Соваж, кампирнинг ўттиз уч ёшли биттаю битта ўғли онасини уйда ёлғиз қолдириб, кўнгиллилар қатори урушга отланди. Кампир бошқаларнинг раҳм-шафқатини уйғотадиган даражада ночор яшамасди. Пули ўзига етарли эди. Хуллас, у одамлардан анча йироқда, ўрмоннинг биқинидаги кулбасида яккаю ёлғиз умргузаронлик қила бошлади. Кампир табиатан эри ва ўғли сингари соғлом, барваста, ҳазил-ҳузулга ўч, хушчақчақ аёл эди. Одатда деҳқон аёллари ўта камгап, жиддий бўлишади, ўйин-кулгини эркакларга чиқарган .
 Соваж кампир қор остида колиб кетган кулбасида одмигина ҳаёт кечирарди. Ҳафтада бир марта нон, гўшт сотиб олиш учун қишлоққа келар ва ишини битириб ортига кайтарди. Бўрилар пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб қолгани учун у одатда ўғлининг эски милтиғини осиб чиқарди.
Ниҳоят немислар келиб қолишди. Уларни хонадон соҳибларининг фуржаси ва имкониятига қараб жойлаштириб чиқишди. Кампирни бой деб ўйлашгани учун унинг уйига тўртта немисни жойлашди.
Оқбадан, сийрак, сарғиш соқол мўйловлари ўзларига ярашган, сариқсоч, мовий кўз йигитлар ҳалимлиги, тичликсеварлаги билан бошқа сафдошларидан ажралиб туришарди. Улар тиришқоқ, меҳнаткаш бу кампирга оғирликларини ташлашмас, керак бўлганда уй ишларига ёрдам беришарди. Улар эрталаб туриб, қурол-яроқ тақмай, мундир киймай, ўрмон атрофида шимолликларга хос рангпар, қизғиш баданларини қишнинг илимилиқ офтобида тоблаб юришар, бу пайтда Соваж кампир уларга нонушта тайёрларди. Кейин тўртовлон ишга киришиб кетишар, бирови ошхонани йиғиштирар, бошқаси қудуқдан сув ташир, яна бири ўтин ёрса, бошқаси картошка арчиш билан машғул бўлар, қисқаси, танимаган билмаганлар уларни кампирнинг бир қориндан талашиб тушган ўғиллари деб ўйларди. Кампир эса, ҳар куни ўзининг қотма, чайир, қош-кўзлари қоп-қора, қирғийбурун, қалдирғоч мўйлови нозик, юпқа лаблари устида титраб тургувчи жигарпорасини ўйлаб устма-уст хўрсинарди. У ҳар куни ўз қўноқларидан битта нарсани такрор-такрор сўрарди:
– Йигитлар, сизлар французларнинг 23-пиёда полки қаердалигини билмайсизларми? Менинг ўғлим ўша полкда хизмат қилади.
– Йўқ, бизники билмайди, билмайди, дея жавоб беришарди улар. Албатта йигитлар шўрлик кампирни тушунишарди. Чунки, олис-олисларда уларнинг ҳам оналари нигорон бўлиб ўтирарди. Шу боис, немис аскарлари бу жонсарак кампирнинг ҳурматини жойига қўйишарди. Кампир ҳам душман қавмидаги бу тўртовлонга фақат муштипар она кўзи билан қарарди. Зотан, ватанпарварлик туйғуси олий табақадаги одамларга ярашарди. Заҳматкаш деҳқоннинг уйи тинч, бола-чақаси омон бўлса бўлди-да, унинг уруш, адоват, тўс-тўполон билан нима иши бор? Урушдан фақат ўша «олий зотлар» манфаат кутишади. Оддий халқ эса, фақат унинг жабру-жафосини тортишга маҳкум. Уруш харажатлари биринчи навбатда камбағалларнинг тинкасини қуритади. Зеро, уруш алалоқибат ғолибни ҳам мағлубни ҳам ҳолдан тойдиради.
Қишлоқдагилар Соважнинг уйида яшаётган немислар ҳақида гапиришаркан, «кампиршонинг омади бор-да» деб қўйишарди.
Кунларнинг бирида кампир эрталаб, узоқдан унинг кулбаси тарафга ошиқаётган қишлоқ почтальонига кўзи тушди. Почтачи кампирнинг қўлига бир конвертни тутқазди-да, ўзи индамай ортига бурилди. Кампир фақат тикиши-бичиш пайти ишлатадиган кўзойнагини олиб, хатни ўқишга тутинди.
«Соваж хоним! Бу хат орқали сизни қайғули воқеадан огоҳ этаётганим учун узр сўрайман. Сизнинг ўғлингиз Виктор куни кеча замбарак ўқига учиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Очиғини айтганда, даҳшатли ўқ унинг танасини иккига бўлиб юборди. Мен бу пайтда унинг ёнида эдим. У менга сиз ҳақингизда кўп гапирар, «агар менга бир гап бўлса, ўзинг онамга хабар қиласан» дерди. Мен унинг чўнтак соатини олиб қўйганман. Уруш тугагач, бу омонатни етказаман. Сизга камоли эҳтиром билан Сезар Риво 23-пиёдалар полкининг оддий аскари».
 Хат уч ҳафта илгари ёзилган эди.
 У йиғламади, кўзига ёш келмади. У худди сеҳрлангандек турган ерида бир неча дақиқа қотиб қолди. Миясида биргина фикр чарх урарди «Виктор энди йўқ, уни ўлдиришди!» Кейин кўзларидан майда-майда ёш томчилари сиза бошлади ва дафъатан кўксини бир фарёд ёриб чиқди. Кейин унинг миясида бир-биридан қўрқинчли, машъум ўйлар айлана бошлади. Энди у ўғлини ҳеч қачон кўрмайди, қоп-қора сочларини сийпалаб, пешонасидан ўполмайди. Қоровуллар отасини отиб ташлашганди, немислар ўғлини нимталашди. Кўз олдида даҳшатли бир манзара намоён бўлди. Мана, кучли бир портлашдан сўнг, ўғлининг боши танидан узилиб бир тарафга думалаб кетяпти, кўзлари ҳайратдан катта очилган, худди жаҳлланган пайтидагидек мўйловининг бир учини тишлаб олган. Унинг танасини нима қилишдийкин? Ювиб-тараб кўмишдимикин? Кошкийди, униям худди отасидек шу қишлоқ қоровуллари пешонасидан отиб қўя қолишса эди.
 Дафъатан қишлоқдан қайтиб келаётган немис аскарларининг шодон овозидан ҳушига келди. Шошқич ҳалиги хатни қўйнига тиқди ва аскарларни ҳеч гап бўлмагандек, хотиржам қиёфада қарши олди. Унинг юзларида одатий сокинлик балқиб турар, кўз ёшларини артиб олишга улгурганди. Бугун немисларни кайфияти чоғ, чунки улар қишлоқдан семизгина бир қуённи тутиб келишганди. Кимнингдир уйидан ўғирлашгани аниқ. Аскарлардан бири имо-ишора аралаш қуён гўштидан мазали қовурдоқ егилари келаётганини тушунтирди.
 Кампир индамай овқат тадоригини кўра бошлади. Фақат қуённи сўйишга унинг қўли бормади. Умрида бунақа ишни қилмаганди-да! Аскарлардан бири қуённинг бошига бир мушт тушириб, масалани ҳал қилиб қўя қолди. Кампир жони баданни тарк этган қуённинг терисини шилиб оларкан, жониворнинг қонталаш бадани ҳамон титраб турганини пайқаб, кўз олди хира тортиб кетди. Кўз ўнгида ўғлининг қоқ иккига бўлинган, ҳамон жон талвасида типирчилиб ётган жасади гавдаланиб, дод солишига бир баҳя қолди.
 Овқат пишгач, у ҳам йигитлар ўтирган столдан жой олди. Аммо томоғидан бир луқма овқат ўтмади. Немислар бир бутун қуённи паққос туширишаркан, кампирдаги бу ўзгаришни пайқашмади ҳам. Улар ер остидан ҳаммани кузатиб ўтирган кампирнинг дилидаги ниятдан мутлақо бехабар эдилар. Кутилмаганда кампир уларга юзланди:
– Мен ҳатто сизларнинг исмингизни ҳам билмайман. Бирга яшаётганимизга бир ойдан ошибди.
Немислар кампирнинг гапларини қийналмай тушунишди ва бирма-бир ўзларини таништирдилар. Кампир бунга қаноатланмадими, уларга бир варақ қоғоз узатди ва ҳар биридан манзилу маконини аниқ ёзиб беришни сўради. Кейин кўзойнагини тақди-да, бегона қиррадор имлодаги битикларга тўлган қоғозни кўзига яқин тутди ва қоғозни тўрт буклаб, боя почтачи ташлаб кетган мактуб турган чўнтагига солиб қўйди.
– Мен кетдим, – деди кампир бироздан кейин қўзғаларкан. – Сизларга ўрин тайёрлаб берай.
У аскарлар тунайдиган чордоққа бир боғ юмшоқ пичанни олиб чиқа бошлади. Йигитлар аввалига ҳайрон бўлишди. Кампир эса «бўлмаса, совқотиб қоласизлар» дея изоҳ берди. Йигитлар қари кампирни уринтириб қўйганларидан хижолат чекиб, унга ёрдам бергани чордоққа кўтарилишди. Кампирнинг қўлидаги пичанни чордоқнинг қалин похол тўшалган жойига судраб боришди. Бир зумда беш киши бўлиб чордоқнинг тўрида похол ва пичандан қулай, иссиқ ва юмшоққина хобгоҳ ҳозирладилар.
Тушлик пайти немис йигитларидан бири кампирнинг ҳеч нарса емай ўтирганини пайқаб қолди. Кампир йигитларнинг қистовига у ер-бу ерим санчиб турибди, дея баҳона қилиб қўя қолди. Кечки пайт эса, тўртовлон кичкина нарвонча билан янги қўналғалари томон ўрмалаб чиқишди. Улар чордоқ қопқасини суришлари билан кампир нарвонни пастга туширди. Кейин оҳиста дарчани очиб, ошхонада турган похолнинг ҳаммасини уйга ташиб кирди. У ҳовлидаги қор устида шу қадар эҳтиёткорлик билан юрардики, ғижирлаган товуш ҳам эшитилмасди. Вақти-вақти билан тепадан аскарларнинг ваҳимали хурраги қулоққа чалинарди, холос.
Кейин кампир бир боғ похолнинг бир учини ўчоққа тутиб, ўт олдиргач, атрофга сочиб ташлади. Қуриб-қақшаб ётган похол боғламлари бирданига гуриллаб кетди. Кейин кампир остонада туриб, жимгина кузата бошлади. Бир зумда тахтадан тикланган мўъжаз кулба оташ оғушида қолди. Кўкка ўрлаган аланганинг қирмизи шуъласи ҳаммаёқни қоплаган оппоқ қорга урилиб, ажиб манзара касб этарди.
Шу чоқ чордоқдан аскарларнинг таҳлика ва даҳшат ичидаги қичқириғи тун қўйнини ёриб кирди. Кейин шифт ичкарига қулаб тушди. Оловнинг ваҳший тиллари чордоқни ҳам ямлай бошлади. Похолдан ёпилган том узра порлаган улкан машъала осмону фалакка ўрлади. Зум ўтмай аскарларнинг юракларни ларзага солгувчи жон ваҳмидаги нолалари тинди. Фақат оловнинг вошиллаган товуши, уй тўсинларининг қарсиллаб синиши эшитилиб турарди, холос. Мана, том ҳам олов тафтидан емирилиб, ерга чўкдию, аланганинг шашти ҳам пасая бошлади.
Узоқдан қўнғироқ овози янгради. Соваж кампир эса, ҳамон бир четда уйнинг ёнишини томоша қилиб ўтирар, немислардан бирови оловдан чиқиб қочгудек бўлса, отиб ташлаш ниятида ўғлидан қолган милтиқни чангаллаб ўтирарди. Аскарлардан бирортаси тирик қолмаганига ишонч ҳосил қилгач, қўлидаги милтиқни оловга ирғитди. Бир неча сония ўтар-ўтмас, кучли портлаш юз берди. Ҳар тарафдан деҳқонлар, келгинди немислар югуриб кела бошлади.
Француз тилида французлардек равон гапирадиган немис офицери кампирдан сўради:
– Уйингизда турган аскарлар қаёқда?
Кампир қўли билан гулханнинг қизғиш-пуштиранг қучоғига имо қилди ва мағрур овозда деди:
– Ана, анави ерда!
Бир зумда кампирнинг атрофини оломон ўраб олди.
– Ёнғин қаердан чиқди? – сўрашди ундан.
– Оловни мен ўзим ёқдим. Уларни ҳам мен ўлдирдим.
Аввалига бу гапларга ҳеч ким ишонмади. Оловни кўриб, кампирнинг эси оғиб қолган, деб ўйлашди. Шунда кампир қўлига ўғлидан келган қора хат текканидан бошлаб, йигитларнинг жон ҳалпидаги чинқириғигача, ҳамма-ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб берди.
У ҳар бир гапни дона-дона қилиб, шошилмай, алланечук шавқ билан гапирарди.  Кейин у сўзини тасдиқлаш учун чўнтагидан икки парча қоғоз чиқарди ва уларни бир-биридан фарқлаш учун сўнаётган гулхан ёруғига солди ва кўзига бояги кўзойнакни тақди.
– Манави, Викторнинг ўлими тўғрисида унинг ўртоғи ёзган хат, бунисини аскарларнинг ўзлари ёзиб беришди, исм-шарифи ва манзиллари.
Кампир иккинчи қоғозни немис офицерига тутқазиб, унинг елкасини қоқиб қўйди:
– Ўғлим, мана шу манзилларга хат ёзиб, уларнинг оналарини хабардор қилиб қўйсанг. Ҳа, бу ишни айнан мен, ҳақиқий исми Виктуар Симон бўлган Соваж кампир қилганини ёзиш эсингдан чиқмасин.
Офицер ёнидаги аскарларга немисчалаб қандайдир буйруқ берди. Улар ҳали ҳамон ҳовуридан тушмаган кампирни тутиб, уйининг девори тагига олиб келишди. Кейин йигирмата аскар йигирма метр масофада ярим доира шаклида ўраб олишди.
У қимирламас, аскарларга тик ва мағрур боқиб турар, ҳозир қандай ҳодиса юз беражагига ақли етиб, кутаётган эди. Буйруқ янграши билан аскарлар бирин-кетин ўт очишди. Кампир йиқилиб тушмади, балки оёғидан мадор кетгандек оҳиста ўтириб қолди. Кейин немис офицери кампирнинг ёнига борди. Аёлнинг танаси ғалвирдек илма-тешик бўлиб кетганди. Ҳали ҳамон безгак тутгандек титраётган қўлларида қонга бўккан қоғоз парчасини тутиб турарди.
– Шундай қилиб немислар ўч олиш мақсадида бу ерларни ер билан яксон қилиб кетишди, – дея гапини тугатди Серваль.
Мен эса, бу пайтда фарзандлари ғурбатда ёниб кулга айланган тўрт онанинг ғам-ҳасратию, манави вайрона девор остида отиб ташланган яна бир онанинг шафқатсизларча жасорати ҳақида ўйлардим. Ва хаёлчанлик билан ердан қора қурумда қолган кичкина тош парчасини қўпориб олдим.

Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси
_________________
*Sauvage (соваж) – ёввойи (французча).