Ги де Мопассан. Дўндиқ (ҳикоя)

Бир неча кундан бери шаҳардан тор-мор этилган армиянинг қолган-қутганлари тинсиз ўтмоқда. Энди булар қўшин эмас, тумтароқ лашкар эди. Солдатларнинг соқоли ўсиб пахмоқ бўлиб кетган, кийимлари йиртиқ; булар тарқоқ, байроқсиз, шалвираб кетишаётганди. Ҳаммасининг руҳи тушкун, толғин, ўйлашга, қимирлашга ҳоли қолмаган, фақат беихтиёр қадам ташлаб, тўхтаган жойида йиқилгудек бўлиб кетишаётганди. Айниқса кўнгиллилар — милтиқ оғирлик қилиб зўрға кетаётган тинчликпарвар одамлар, юмшоқ табиатли судхўрлар ва салга қўрқиб, салга руҳланадиган, ҳужумга ҳам, қочишга ҳам тайёр бўлган резервдагилар жуда кўп эди. Улар орасида зўр жангда майдаланиб кетган дивизия қолдиғи — қизил шимли солдатлар ҳам кўзга чалинарди; турли полклардан қолган пиёда аскарлар қаторида тунд юзли тўпчилар ҳам кўринарди ва онда-сонда шаҳдам пиёда аскарлардан қолишмасликка тиришиб, катта-катта қадам ташлаб кетаётган отлиқ аскарларнинг ялтироқ каскаси ҳам кўриниб қоларди.
«Мағлубият қасосчилари», «Ўлим кишилари», «Ўлим йўлдошлари» деб ваҳимали ном қўйилган эркин ўқчи дружиналар ҳам ўтарди, аммо улар кўпроқ каллакесар қароқчиларга ўхшашарди.
Уларнинг бошлиқлари, яқиндагина мовутфуруш ёки аллоф бўлганлар, собиқ совунфуруш ёки ёғфурушлар, тасодифан ҳарбий бўлиб, пулнинг кучи билан ёки хушмўйловлиги учун офицерликка етишган, зарҳал погонли ҳарбий кийим кийиб, яроғ-аслаҳа осиб олган кишилар энди гердайишиб, шанғиллашиб, жанг режаларини муҳокама қилишар, бизнинг кифтимиз ҳалок бўлаётган Франциянинг бирдан-бир суянчиғи деб мақтанишар, лекин кези келганда, қўл остидаги қароқчи, шалоқ ўтган ўта шафқатсиз солдатлардан чўчишар эди.
Пруссаклар Руанга ана киради, мана киради, деб турилган пайт.
Сўнгги икки ой давомида қўшни ўрмонларни жуда эҳтиётлик билан разведка қилиб, баъзан эса ўз соқчиларини ҳам отиб қўйиб, бутазор орасида қуён қнмирлаб кетса ҳам жангга шайланиб турган миллий гвардия аскарлари энди уй-уйларига қайтишган. Уларнинг яқиндагина уч чақирим атрофдаги катта йўлларнинг симёғочигача ўтакасини ёриб турган милтиқлари, аскарий кийимлари, ҳалокатли яроғ-аслаҳалари тўсатдан ғойиб бўлган.
Ниҳоят, французларнинг сўнгги аскарлари Сена наҳридан ўтиб, Сен-Севар ва Бур-Ашар шаҳарлари орқали Понт-Одумерга йўл олишди. Бир-бирига қовушмай, гала-гала бўлиб кетаётган одамлар билан бир иш бошлашдан ожиз қолган, гангиган генерал икки адъютанти билан ҳаммадан кейинда пиёда борарди; ғолибликка одатланган буюк халқнинг афсонавий қаҳрамонлигига қарамай, батамом тор-мор қилинишидан ва унинг бошига келган бу даҳшатли ҳалокатдан унинг ўзи ҳам эсанкираб қолганди.
Шаҳар сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди, даҳшат ичида унсиз кутиш бошланди. Дўконда ўтириб семириб, бор ғайратини йўқотган кўп давлатмандлар қўлларидаги сих ва ошпичоқларнинг ҳам қурол деб ҳисобланишидан чўчиб, қўрқув ичида ғолибларни кутишарди.
Шаҳарда ҳаёт сўнгандек туюларди; дўконлар ёпилди, кўчалар ҳувиллаб қолди. Онда-сонда бу мудҳиш жимликдан ваҳм олган бирорта йўловчи биқиниб девор тагидангина юрарди.
Бу кутиш ғоят оғир бўлди, ҳамма, «душман келса кела қолмайдими»га тушиб қолганди.
Эртасига кечки пайт француз аскарлари кетгандан кейин, қаердандир пайдо бўлган бир неча отлиқ аскар шаҳардан чопиб ўтди. Шундан бир оз ўтгач, Сент-Катрин тоғининг ёнбағридан мўр-малахдай ёпирилиб аскарлар тушиб кела бошлади; яна икки тарафдан, Буагийом ва Дарнеталь йўлларидан ҳам селдек ёпирилиб аскарлар кела берди. Уч корпуснинг авангардлари шаҳар бошқармаси ёнидаги майдончага баравар етиб келди ва бутун ён кўчалардан ҳам батальон-батальон бўлиб, кимсасиз тош йўлларни гурсиллатиб, шахдам одимлар билан немис аскарлари кела бошлади.
Эриш эшитиладиган дағал товуш билан бақириб берилаётган командалар гўё ташлаб кетилгандай, ҳаёт сўнгандай кўринган уйлар бўйлаб ўтар, лекин бу чоқ дарпардалари ёпиқ деразаларнинг тирқишидан одамлар қўрқа-писа мўралаб, «уруш қонуни»га кўра шаҳар ва ундаги мол-жонга эга бўлган ғолибларга қарашарди. Қоронғи уйларга кириб олган аҳоли гўё инсоннинг ақли ва қудрати ожизлик қилган табиий ҳалокат, вайрон қилувчи ерости ўзгаришлари олдидан пайдо бўладиган бир қўрқув чангалида эди. Бундай ҳис ҳамиша одатдаги тартиб бузилгандан, хавф-хатардан омон қолиш умиди йўқолганда, инсон ёки табиат қонунлари сақлаб турган ҳамма нарса маъносиз, қўпол ва беомон бир куч қўлида қолганда пайдо бўлади. Шаҳар халқини қулаган бинолар тагида ҳалок қиладиган зилзила, ғарқ бўлган деҳқонларни қорамолларнинг ўлиги ва иморат ёғочлари билан бирга оқизиб кетадиган сув тошқини нимаю мудофаа қилувчиларни қириб, қолганларини асир олиб ўз қурол кучи шаънига халқни талаб, замбараклар гумбури остида худога шукур қилиб бораётган армия нима — булар барчаси инсоннинг кўкдан бўладиган адолат ва ҳимояга эътиқодини емирувчи бир фалокат.
Мана, тўда-тўда аскарлар эшик-эшикни қоқишиб, сўнг уйларга ҳам кира бошлади. Ёв босиб келгандан кейин оккупация бошланди. Мағлублар учун, ғолибларга яхши муомалада бўлиш, деган янги вазифа туғилди.
Бир оз вақт ўтгач, аввалги қўрқувлар босилиб яна осойишталик бошланди. Кўп оилаларда прусс офицерлари бир дастурхонда ўтириб овқат ейдиган ҳам бўлишди. Агар у дурустроқ тарбия кўрган киши бўлса, одоб юзасидан Франциянинг ҳолига ачинар ва бу урушда қатнашиш мен учун оғир, дер эди. Бундоқ одамгарчилиги учун мезбонлар немисдан миннатдор бўлишарди; ҳар чоқ унинг ҳимоясига муҳтожлик туғилиб қолиши ҳам бор-да. Унга хушомад қилиш туфайли уйда бир нечталаб ортиқча солдат туришидан қутилиш мумкин. Зотан, ўзинг бутунлай муте бўлган кишининг жиғига тегишнинг нима ҳожати бор? Ахир бу ботирлик эмас, телбалик бўлади-ку.
Руан давлатмандлари эса шу шаҳарни қаҳрамонлик билан мудофааа қилиб, унинг донғини чиқарган замондан бери бу хилдаги телбаликни тарк этиб юборишган. Бунинг устига ҳар ким ҳам французларга хос назокат орқасида пайдо бўлган бир эътиқодга: уйингда чет мамлакат солдати билан яхши муомалада бўлишинг мумкину ва лекин унинг билан яқинлигингни бошқалар сезмаса бас, деган эътиқодга амал қиларди. Кўчада уни танимагандай бўлиб ўтса ҳам, уйда у билан жон деб суҳбатлашар, немис ҳам кундан-кунга улар билан печка ёнида узоқроқ исиниб ўтирадиган бўлиб қолади.
Шаҳар секин-аста ўз ҳолига қайтмоқда. Французлар ҳали уйдан чиқишга ботинолмас, кўчаларда эса прусс солдатлари жавлон уриб юради. Яна шуни айтиш керакки, тротуарларда кеккайиб, узун-узун қиличларини ерга сургаб юрган немис гусар офицерлари фуқароларга бундан бир йил олдин худди шу қаҳвахоналарда кайф-сафо қилиб юрадиган нишондор француз офицерларига қараганда бир қадар кўпроқ нафрат билан қарашар эди, холос.
Шундан бўлса ҳам ҳаводан нималигини билиб бўлмайдигаи на киши кўника олмайдиган қандайдир оғир ва ёт бир ҳид — босқинчиларнинг ҳиди келарди. Уйлар ва жамоат жонлари ҳам ўша ҳидга тўлган, овқатларга ҳам ўшанинг мазаси урган. Киши ўзини гўё узоқ мамлакатда — қонхўр, ваҳший қабилалар яшайдиган жойларда саёҳат қилиб юргандай ҳис қиларди.
Ғолиблар пул, катта пул талаб қилишади. Аҳоли тинмай тўлайверади: бой-да! Шуниси борки, Нормандия савдогари қанча бой бўлса, арзимаган зиёндан шунча азият чекадиган, бойлигининг кичкинагина зарраси бегона қўлга ўтаётганлигини кўрса тоқат қилолмайдиган бўлади.
Лекин шу орада, шаҳардан уч-тўрт чақирим нари дарёнинг қуйи томонидаги Круасс, Дъепдаль ёки Въессар қишлоқларининг ён-верида кемачи ва балиқчилар дарёдан баъзан пичоқ ёки мушт билан уриб ўлдирилган, баъзан тош билан боши янчилган ёки тўғридан-тўғри кўприкдан сувга улоқтириб юборилган немисларнинг шишган ўликларини судраб чиқаришарди. Шон-шарафдан маҳрум номаълум қаҳрамонларнинг шафқатсизлик билан махфий равишда оладиган қонуний ўчига, кундузи бетма-бет келадиган жангдан кўра хавфлироқ пинҳоний ҳужумга йўлиққанларга дарё ўз лойқасини кафан қиларди.
Чунки, чет эл кишиларига бўлган нафрат, ўз маслаги учун жон беришга тайёр турган бир қисм ботирларнинг азалдан ғазабини қўзғатиб келади.
Гарчи, ғолиблар шаҳарни ўзларининг қаттиқ интизомларига бўйсундиришган бўлса-да, босиб келаётган чоғларида овоза бўлган ваҳшийликларидан биронтасини ҳам қилишмади. Аҳоли ҳам бора-бора журъат пайдо қилди ва ерли савдогарларнинг юрагида савдо-сотиқ ишларига бўлган ҳирс яна авж олди. Булардан баъзилари француз аскарлари қўлида бўлган Гаврда кўп пуллари бўлгани учун Дъеппгача қуруқлик билан, у ёғига пароход билан бориб Гаврга етиб олишнинг пайига тушиб қолишди.
Таниш немис офицерларининг обрўйи ишга солиниб, йўлга чиқиш учун шаҳар комендантидан рухсат олинди.
Бундай сафарга чиқиш учун ўн киши ёзилиб, тўрт отлиқ катта дилижон кира қилишди ва одам йиғилишидан қочиб, сешанба куни тонг отмасдан йўлга чиқадиган бўлишди.
Сўнгги кунларда ер совуқдан қотиб қолган, душанба куни эса соат учларда шимолдан қора булутлар кўтарилди, кечқурун ва тун бўйи тинмасдан қор ёғиб чиқди.
Тонг қоронғуси соат тўрт яримларда йўловчилар дилижон тайин қилинган жойга — «Норманд меҳмонхонаси» нинг ҳовлисига йиғилишди.
Ҳали уйқуси ўчмаган йўловчилар совуқдан титраб, жунжиган ҳолда, ёмғирпўшларига ўралишарди. Қоронғида бир-бирларини зўрға кўришар, оғир ва қўпол қиш кийими уларнинг ҳаммасини узун тўнлик семиз кюреларга ўхшатиб кўрсатарди. Икки эркак бир-бирини таниб қолди, уларнинг ёнига учинчиси келди ва сўзлаша кетишди.
— Мен хотиним билан кетаётирман,— деди улардан бири.
— Мен ҳам.
— Мен ҳам.
— Энди биз Руанга қайтиб келмаймиз, агар пруссаклар Гаврга ҳам боришадиган бўлса Англияга ўтиб кетамиз,— деб қўйди биринчиси.
Ҳаммасининг нияти бир, чунки булар бир хил майлдаги кишилар эди.
Отлар ҳали аравага қўшилмаган. Отбоқарнинг қўли-аги фонарчаси бир қоронғи эшикдан лип этиб кўринса, иккинчи қоронғи эшикка кириб йўқолар эди. Отхона ичидан отнинг гўнгга ва хашакка гурсиллатиб босгани, отларни дам эркалатиб, дам койиётган эркак товуши эшитиларди. Қўнғироқчаларнинг жаранг-журунггидан эгар-жабдуқлар тузатилаётганга ўхшарди. Ҳалиги шиқир-шиқирлар тезда отнинг салмоқли ҳаракатларига мос тушган узлуксиз жиринглашга айланди. Қўнғироқ товуши баъзан тинар, от силкинганда яна жиринглар, сўнг отнинг ер тепингани эшитиларди.
Тўсатдан эшик тақ этиб ёпилди. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Совқотган йўловчилар жим бўлишди. Улар қимир этмай, совуқдан карахт бўлган ҳолда туришарди.
Оқ зарралар, туташ парда сингари ерга тушмай, ҳадеб жимирлаб турарди; бу зарралар ҳаммаёқни кўз илғамас қилиб муз момиғига чулғамоқда. Қиш ёпинчиғи остида қолган жимжит шаҳарнинг оғир сукунатида ёлғиз биргина, ноаниқ ва тушунтириб бўлмайдиган қалтироқ сўник-сўник бир товуш — ёғаётган қорнинг шитирлаши, товуш эмас товушсимон бир сас, гўё бутун бўшлиқни тўлдирмоқчидай ёғаётган, дунёни ўраб олаётган оқ зарраларнинг енгил шарпаси эшитиларди, холос.
Фонарь кўтарган одам яна пайдо бўлди — ҳорган ва истар-истамас қадам ташлаётган отнинг жиловидан етаклаб чиқди. У отни араванинг якка шотиси ёнига келтирди, ён қайишларини боғлади ва от атрофида имиллаб, бир қўлида чироғ бўлгани учун бир қўллаб жабдуқларни тузата бошлади. У иккинчи отни олиб чиққани кетатуриб, қорда оппоқ бўлиб қаққайиб турган йўловчиларга кўзи тушди:
— Дилижонга чиқиб ўтира турсаларинг бўлмайдими? Ҳеч бўлмаса қордан пана бўласизлар-ку,— деди.
Бу нарса йўловчиларнинг эсига келмаган бўлса керак, ҳамма бирдан аравага интилди. Уч эркак хотинларини араванинг тўрига ўтқизиб, кейин ўзлари ҳам чиқиб олишди, қолган жойларга ҳалиги йўғон ва япасқи одамлар жимгина чиқиб ўтириб олишди.
Дилижонга похол тўшалган бўлиб, оёқ ботиб кетар эди. Араванинг тўрида ўтирган хонимлар кимёвий кўмир билан иситиладиган мис асбобларини ола келишган экан; энди улар шу асбобни ёндиришиб, унинг кўпдан бери маълум бўлган хусусиятларини бир-бирларига пичирлашиб тушунтира кетишди.
Ниҳоят, дилижонга одатда қўшиладиган тўрт от ўрнига, йўл оғирлигини назарда тутиб олти от қўшилгач, ташқаридан биров:
— Ҳамма чиқдими? — деб сўради. Ичкаридан кимдир:
— Ҳа,— деди. Дилижон жўнади.
Дилижон имиллаб кетаётганди. Ғилдираклар қорга ботиб, соябон ғижирлаб, отлар тийғана-тийғана пишиллаб ва буғ чиқариб борарди; аравакашнинг узундан-узун қамчиси тинимсиз қарсиллар, илон сингари гоҳ ўралар, гоҳ ҳар томонга тўлғанар ва орқада қолаётган отнинг сағрига тушар, шунда от жони борича тортиб кетарди.
Тонг ҳам ёришиб келмоқда. Ўша йўловчилардан асли руанлик бўлган бири пахта ёмғирига ўхшатган қор ўпқинлари энди ерга тушмай ҳам қўйди. Катта-катта, қалин ва қора булут парчаларидан сизиб ўтаётган хирагина нур кўз қамаштирадиган оппоқ далани, ундаги қорли қатор-қатор баланд дарахтларни, қордан қалпоқ кийган кулбаларни яна ҳам ёритди.
Бу кўнгилсиз тонг ёруғига йўловчилар мароқ билан бир-бирларига қарай бошлашди.
Дилижоннинг тўрида, энг яхши жойда Гран-Пон қўчасида турадиган улгуржи винофуруш эр-хотин Луазолар рўпарама-рўпара ўтириб олиб мудрашмоқда.
Собиқ приказчик Луазо синган хўжайинининг бор-йўғини сотиб олиб, шунинг орқасида бойиб кетган. У қишлоқлардаги чакана савдогарларга энг ёмон винони энг арзон нарх билан сотади. Шундай қилиб у — таниш ва дўстлари ўртасида уччига чиққан маккор, шайтон, шўх, ҳақиқий нормандияликлардан деб ном чиқарган.
Муттаҳамлик унинг шаънига шунчалик сингиб кетган эдики, ҳатто бир кун префектурада* бўлган ўтиришда ўша ерда ном чиқарган ва лапарлар тўқувчи, аскиябоз, тегишқоқ жаноб Турнель зерикиб мудроқ босиб ўтирган хонимларга «қуш учди»* ўйнашни таклиф қилди. Унинг ҳазили бир зумда префектуранинг бутун меҳмонхоналарига тарқалди, ундан шаҳар меҳмонхоналарга етиб борди ва бутун округдагилар бир ойгача кулавериб ичаклари узила-ёзди.
Ундан ташқари, Луазо кулгили қилиқлари, баъзан дуруст, баъзан ўринлата олмайдиган аскиялари билан ҳам ном чиқарган эди. Ҳар ким унинг ҳақида сўзларкан, албатта:
— Нима десанг, Лаузодақаси топилмайди-да!—деб қўяр эди.
У пакана, дум-думалоқ қорин устига, оқараётган чакка соқоллари ёпиштирилган қип-қизил башара қўндирилганга ўхшарди.
Унинг савдо конторасидаги бутун тартиб, ҳисоб-китоб тўладан келган, новча, шанғи ва шаддот хотинининг қўлида бўлиб, Луазонинг ўзи эса бу жойга хушфеъллиги билан жон киргизиб турарди.
Уларнинг ёнида, ўзининг эътиборли ва олий мартабасига маҳлиё бўлиб, газлама саноатида катта ўрин тутган фабрикант, уч фабриканинг эгаси, фахрий легион офицери, бош кенгашнинг аъзоси Карре-Ламадон жаноблари гердайиб ўтирарди. Бутун империя даврида яхши ниятли оппозицияга бошчилик қилишдан ягона мақсади — мабодо оппозиция иш бошига ўтиргудай бўлса, шунга бош қўшганлиги учун ундан каттароқ фойда кўриш бўлиб, ўша янги тузумга қарши, ўзи айтмоқчи, «хўжа кўрсинга» курашиб келган. Карре-Ламадон хоним эридан анча ёш бўлганидан, яхши оиладан чиққан ва Руан гарнизонига тайинланган офицерлар учун овунчоқ эди.
У мўйна пўстинга ўралиб, эрининг рўпарасида нафис бир суратдай бўлиб, дилижоннинг мискин кўринишига ғамгин назар ташлаб ўтирарди.
Унинг ёнида ўтирган граф Юбер де Бревил билан унинг хотини Нормандиянинг қадимдан донг чиқарган кишиларидан бири, Граф, гавдали, кексайиб қолган дворян бўлиб, кўринишидан ўзини қирол Генрих IV нинг авлоди эканлигини кўрсатишга тиришарди. Мақтанарли оилавий ривоятларга қараганда, де Бревиль деган хоним шу қиролдан ҳомиладор бўлиб қолган эмиш. Шу сабабли унинг эрини қирол графлик даражасига кўтарган ва губернатор қилиб тайинлаган экан.
Граф Юбер, Карре-Ламадон жаноблари билан бош кенгашда ҳамкасб бўлиб, департаментда орлеанчилар партиясининг вакили эди. Унинг нантлик майда кемачининг қизига уйланиши доимий бир жумбоқ бўлиб қолди. Бироқ графинянинг ноз-карашмали қилиқлари, ўта меҳмондўстлиги, ҳатто Луи-Филиппнинг ўғилларидан бирининг собиқ маъшуқаси тарзида ном чиқаргани учун киборлариипг ҳаммаси унинг кўнглини овларди, департаментда унинг меҳмонхонаси биринчи ҳисобланиб, ёлғиз шундагина қадимги назокат сақланган ва у ерга унча-мунча одам киролмасди.
Бевелларнинг ер-сув, боғ-роғдан иборат мулки овозаларга қараганда, ҳар йили беш юз минг ливр даромад келтирар экан.
Араванинг тўрини эгаллаган бу олти киши жамиятнинг бой, ўзига ишонган, қудратли табақасидан, нуфузли, обрўли, диннннг мустаҳкам асосларига содиқ зотлар табақасидан эди.
Иттифоқо, аёлларнинг ҳаммаси битта скамейкага ўтириб қолишипти. Графинянинг ёнида узун тасбеҳини ўгириб, пичирлаб «Pater» ва «Ave»* дуосини ўқиётган икки монах аёл ўтирарди. Улардан биттаси ёши ўтиб қолган, юзи рўпарадан сочма ўқ егандек чўтир эди. Иккинчиси нимжон, чиройликкина, касалманд юзли, кўкраги ичга ботган аёл эди; уни бутун сезгиларни маҳв этадиган ва одамни майиб қиладиган диний эътиқод эзиб турарди.
Монах хотинларнинг рўпарасида ўтирган эркак билан хотин ҳамманинг дкққатини ўзига тортди.
Эркак — ҳаммага маълум, мўътабар аъёнлар ҳайиқадиган демократ Корнюде эди. У узун, сариқ соқолини силкитиб, йигирма йиллаб демократларнинг пивохоналарини обод қилди. У кондитерлик қилувчи отасидан мерос қолган кўп дунёларни ўз ҳамкасблари ва дўстлари билан барбод берган ва энди республика тикланишини ва ниҳоят, революция йўлида шунча йил қилган хизматларининг эвазига тегадиган ўринга ўтиришни сабрсизлик билан кутиб юрган эди. Тўртинчи сентябрь* кунн (бироз ҳазил қилган бўлса керак) у ўзини префект мансабига тайинландим деб ҳисоблайди; аммо ўз вазифасини адо этишга борганида, префектурага ягона хўжайин бўлиб олган котиблар уни тан олишмайди, шунинг учун қўя қолишга мажбур бўлади. Умуман, ўзи камтар, беозор, дуруст йигит бўлиб, фавқулодда бир ҳаракат билан мудофаа ташкил қилишга киришди. Унинг буйруғи билан далаларда ўралар қазилди, яқин ўртадаги ўрмонларнинг ёш дарахтлари кесилди, ҳамма йўллар чох билан тўлдириб ташланди; кўрган чораларидан қаноатланган Корнюде, душман яқинлашиши билан дарҳол шаҳарга чекинди. Энди Гаврда ҳам чуқурлар қазиш, ғовлар қуриш эҳтимоли бор, у ерда кўпроқ иш берсам керак, деган хаёл билан ўша ерга кетаётганди.
Хотин «енгил оёқ» деб аталадиган кимсалардан бўлиб, ҳаддан ташқари тўлалиги билан кўзга ташлангани учун унга «Дўндиқ» деб лақаб қўйилганди. У жажжигина, дум-думалоққина, семиз, териси силлиқ ва ялтироқ, бармоқлари бўғиб-бўғиб қўйилган сосиска сингари, катта-катта кўкраклари кўйлагини туртиб турган, киши севса севгудай, кўпларни ўзига гирифтор қиладиган хотин бўлиб, унинг беғубор соғломлигига қараб кишининг баҳри очилар эди. Юзлари қип-қизил олмага, энди очилай деб турган пион ғунчасига ўхшайди; қоп-қора чиройли кўзларини ўсиқ ва қуюқ киприклари яна ҳам қорароқ кўрсатади. Майда садафдек оқ тишлар, намланиб турадиган бежирим лаблари бўсага тайёр тургандек кўринади.
Одамларнинг айтишича унинг булардан бошқа яна кўп бебаҳо фазилатлари ҳам бор экан.
Уни таниб қолишлари билан ҳалиги номусли хотинлар орасида шивир-шивир бошланди: «аҳлоқсиз қиз», «айб-ку» деган гаплар барала айтилдики, Дўндиқ бошини кўтарди. У ҳамроҳларига ғазаб билан чақчайиб назар ташлаган эди, кулимсираб унга қараб турган Луазодан бошқа ҳамманинг нафаси ичига тушиб, бўзрайиб қолди.
Шундай бўлса ҳам, ҳалиги уч хотин яна гап бошлади. Ораларида бундай аҳлоқсиз қизнинг бўлиши кутилмаган ерда уларни бир-бирига яқинлаштириб, ҳатто дўстлаштириб қўйди. Номусли хотинлар бу беҳаё сотқин олдида бирлашиб олиш зарурлигини ҳис этишди — ахир қонуний муҳаббат ўзининг эркин ҳамширасига доимо нафрат назар билан қарайди-да.
Корнюдени кўргач, консерваторлик ҳисси дўстлаштирган уч киши пул ҳақида гап очишди, уларнинг гапларидан камбағалларга нафрат билан қарашлари сезилиб туради. Граф Юбер пруссаклар туфайли кўрган зарарлари, қорамол ўғирланиши, ҳосилнинг нобуд бўлиши орқасида келган катта зиёнлар ҳақида сўзларди-ку, лекин унинг сўзларида аъёнлар, миллионерларча ўзига ишонганлик, гўё бу хилдаги зиён-заҳматлар мени бир йилгина камхаржликка солади, деган оҳанг бор эди. Чит саноатининг аҳволини яхши биладиган Карре-Ламадон жаноблари, қора кунига атаб йиққан олти юз минг франкини вақт ғаниматида Англия банкасига ўтказиб қўйган. Луазо бўлса, ўз ертўлаларида ётган арзон виноларининг ҳаммасини бир илож қилиб француз армиясининг таъминот бўлимига сотиб олган, энди подшоҳлик ундан кўп пул қарздор, шу пулни Гаврга бориб олиш умидида эди.
Учалови ҳам бир-бирига дўстона назар ташлаб қўйишарди. Булар, жамиятда тутган ўринлари билан бир-бирларидан фарқ қилишларига қарамай, бойлик — давлат жиҳатидан дўстлик сезишар ва ўзларини барча хусусий мол-мулк эгалари, чўнтагида тилла жарангловчиларни бирлаштирувчи кенг франкмасон* жамиятининг аъзоси деб ҳис қилишарди.
Дилижон шундай имиллаб юрардики, соат ўнга бориб қарашса, тўрт лье* ҳам йўл босишмапти. Эркаклар баландлик ер келганда уч марта аравадан тушиб, тепаликка пиёда чиқишди. Йўловчилар бетоқат бўла бошлашди, чунки нонуштани Тотеда қилишмоқчи эди, энди у ерга қоронғи тушмасдан етиб боришларига кўзлари етмай қолди. Йўл бўйида биронта майхонача кўриниб қолмасмикин деб, ҳамма деразадан бошини чиқариб қараб қўярди. Дилижон бирдан қорга тиқилиб қолди. Уни чиқариб олиш учун икки соат овора бўлишди.
Қоринлар очликдан тиришиб, каллалар ғовлай бошлади. Аксига олиб, йўлда на бирорта майхона учрар эди ва на ошхона, чунки пруссакларнинг яқинлашиб қолгани ва оч француз армиясининг чекиниши савдо-сотиқ қилувчиларни чўчитиб қўйган эди.
Эркаклар овқат топиб келиш умидида йўл бўйида учраган фермаларга югуришар, лекин нон ҳам топишаолмасди, негаки, ҳеч кимга ишонмай қўйган деҳқонлар кўзларига кўринган нарсани талаб кетаётган оч солдатлардан қўрқиб, сақлаб қўйган озиқ-овқатларини яширишарди.
Соат бирларда Луазо қорни пиёзнинг пўстидай бўлиб кетганини айтди. Бошқалар ҳам ундан баттар қийналаётган эди. Тобора авж олаётган бераҳм очлик суҳбатга бўлган ҳафсалага ҳам хотима берганди.
Гоҳ-гоҳ йўловчилардан бири эснай бошлайди; унинг кетидан дарҳол бошқаси эснайди, ўзининг хулқи, тарбияси ва жамиятда тутган ўрнига қараб биров товуш чиқариб, биров товушсиз, навбати билан оғиз очар ва буғ чиқариб турган бу кавакни тезда қўли билан беркитарди.
Дўндиқ гўё юбкаси тагида турган ниманидир қидиргандек бўлиб бир неча марта энгашади. Лекин бир нафас дудмолланиб ёнидагиларга қараб, яна қоматини ростлаб ўтиради. Ҳамма йўловчиларнинг ранги бўзарган, сўлғин тортганди. Луазо, бир парчагина лаҳм гўшт бўлса минг франк беришга рози эдим, деди. Хотини эса, қути ўчиб бир қимирлаб қўйди-ю, яна ўзини босди. У ўринсиз сарф қилинадиган пул ҳақидаги гапларни эшитса жон-пони чиқай дер, ҳатто бу тўғрида қилинган ҳазилни ҳам кўтаролмасди.
— Ростдан ҳам мен жуда беҳузур бўлаётирман,— деди граф.— Йўлга озиқ олишни ўйламаганимни қаранг-а!
Озиқ олмагани учун ҳар ким ичида ўз-ўзини койирди.
Аммо Корнюденинг бир шиша тўла роми бор экан, истовчиларга ўшани манзират қилди, ҳамма совуққина қилиб «йўқ» деди. Луазогина бир қултум ичди-ю, идишини эгасига узатаркан, раҳмат айтди.
— Чакки эмас! Ҳам иситади, ҳам очликни сездирмайди,— деди.
Ичкилик унинг кайфини анча чоғ қилди, у пароходда бўлиб ўтган, қўшиқ бўлиб айтиладиган бир воқеани эслатди; саёҳатчилардан энг семизини ейиш керак деган таклифни қилди. Яхши тарбия кўрган зотлар Дўндиққа теккизиб айтилган бу гапдан қаттиқ хижолат тортишди. Луазо жанобларининг ҳазилига ҳеч ким жавоб қайтармади. Корнюдегина илжайиб қўйди. Монах хотинлар пичирлаб ўқишаётган дуоларини тўхтатишди ва қўлларини кенг енглари ичига олиб, ерга қараганларича қимирламай ўтириб, бошларига кўкдан тушган бу мусибатни азоб-уқубат ичида тоқат қилиб кечиришди.
Ниҳоят, соат учларга бориб, ҳеч қандай қишлоқ асари бўлмаган бепоён саҳрога чиқишганларида Дўндиқ тезгина энгашиб, скамейка тагидан оқ сочиқ ёпуғлик катта саватни тортиб олди.
Дўндиқ аввал унинг ичидан чинни тарелка билан кумуш стакан олди, кейин иккита жўжани бурдалаб, яхна қилиб желега* солинган катта кастрюльни олди: саватда қоғозга ўроғлиқ яна бошқа нози неъматлар, пироглар, тармевалар, ширинликдан ҳам кўриниб турарди; бу уч кунгача ошхонага муҳтож бўлмай ейишга етарли овқат эди. Ўроғлиқ овқатлар орасидан тўртта шишанинг бўйни ҳам чиқиб турарди. Дўндиқ жўжанинг қанотини олиб, Нормандияда «режанс» деб аталадиган нонга қўшиб ноз билан ея бошлади.
Ҳамманинг кўзи ўшанда бўлди. Ҳадемай бутун дилижонга бурун катакларини кенгайтириб, иштаҳани қитиқлайдиган, оғиздан сўлак оқизиб, чакка томирларини тортиштирадиган ҳид тарқалди. Хонимларнинг ҳалиги «аҳлоқсиз қиз»га бўлган нафратлари ғазабга айланди, уни ўлдиргудай ёки савати, стакани, овқатлари билан дилижондан ерга, қорга улоқтириб юборгудай бўлишди.
Лекин Луазонинг кўзлари жўжа солинган кастрюлни тешиб юборгудай эди.
— Мана буни ақллилик дейдилар! Хоним бизга қараганда анча тадбиркор эканлар. Дунёда ҳамма нарсанинг ғамини еб юрадиган шунақа одамлар ҳам бор! — деди у ахир.
Дўндиқ ўгирилиб унга қаради-да:
— Олмайдиларми, тақсир? Эрталабдан бери оч-наҳор ўтириш осон эмас-ку,— деди.
Луазо таъзим қилди.
— Ҳа, ростини айтсам, йўқ дея олмайман. Уруш-да, уруш, шундай эмасми, хоним?— деди.
Ҳамроҳларига бир кўз ташлаб олди-да:
— Бундай вақтда шунақанги илтифотли хоним билан учрашиб қолиш қандай яхши-я,— деди.
Луазо шимини ифлос қилмаслик учун тиззасига газета ёйди; доимо чўнтагида олиб юрадиган пичоқчасининг учи билан товуқнинг оёғини илиб олди ва тишлаб-тишлаб шундай ҳузур қилиб едики, дилижондагиларнинг ҳаммаси оғир “уҳ” тортиб юборишди.
Шунда Дўндиқ монах хотинларни ҳам латиф ва мулойим товуш билан овқатга таклиф қилди. Иккаласи жон деб кўнди ва овқатдан кўзларини узмай, пичирлаб раҳмат айтишганларича, шошиб-пишиб ейишга тушишди. Корнюде ҳам Дўндиқнинг таклифини қайтармади ва монах аёллар билан улар ҳам тиззаларига газета ёйиб, столга ўхшаш жой қилишди.
Оғизлар тинмай очилиб-ёпилар, жон-жаҳди билан чайнар, ямлаб ютарди. Луазо ҳам ўтирган жойида бурчакда зўр бериб туширмоқда ва ўзидан ибрат олиш учун хотинини ҳам секин-секин шивирлаб йўлга солмоқда эди. Хотини хийла вақтгача кўнмай ўтирди, кейин, юраги тутдай тўкилаётганини сезиб, кўнди. Шунда эри, «ажойиб ҳамроҳ»дан Луазо хонимга ҳам овқатдан жиндек бермайдиларми, деб назокат билан сўради.
— Жоним билан, тақсир,— деди Дўндиқ.
Кейин мулойимгина қилиб жилмайиб, кастрюлни узатди.
Бордо виносининг биринчи шишаси очилганда сал тараддудга тушиб қолишди: стакан биттагина эди. Стаканнинг четини артиб бир-бирларига узата бошлашди. Фақат Конюдегина назокатли жазмандек стаканнинг Дўндиқ лаби теккан нам жойидан ичди.
Овқатни очкўзлик билан еяётган одамлар орасида ўтириб, унинг ҳидидан энтикаётган граф ва графиня де-Бревильлар билан эр-хотин Карре-Ламадонлар «Тантал кўргилиги»* деб ном олган азобни чекишмоқда эди. Фабрикантнинг ёшгина хотини бехосдан шундай оҳ тортиб юбордики, ҳамма ўгирилиб унга қаради, унинг ранги даладаги қордай оқариб, кўзлари юмилиб, боши орқага бўлиб, ҳушидан кетди. Эрининг кайфи учиб, ўтирганлардан ялиниб ёрдам сўрай бошлади. Ҳамманинг эси учиб, кекса монах аёл касалнинг бошидан кўтариб, Дўндиқнинг стаканини унинг лабларига тутиб, зўрлаб бир неча қултум вино ичирди. Жажжигина жувон ўзига келиб кўзларини очди, кулди, беҳол одамдай зўрға «тузукман» деди. Лекин яна ҳушидан кетиб қолмасин деб, монах аёл зўрлаб бир стакан вино ичирди-да:
— Очликдан,— деди.
Шунда Дўндиқ қизариб ва хижолат бўлиб, туз тотмай келаётган тўртта ҳамроҳига қараб:
— Вой худо, мен сизларни таклиф қилишга ботинолмаганимдан… марҳамат қилинглар, олинглар, — деб пичирлади.
Дўндиқ “йўқ” деган жавобни эшитишдан қўрқиб жимиб қолди. Луазо гапга тушди:
— Э, бундай вақтда ҳамма ҳам бир одам — ака-ука, бир-бирига ёрдам қилиши керак. Қани, хонимчалар, такаллуфни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, кўнаверинглар, бошқа гапнинг кераги йўқ! Балки ҳали кечаси қўнадиган жой ҳам топа олмасмиз. Бу юришимизда Тотега эртага туш пайтида етиб борсак ҳам яхши эди.
Улар ҳамон иккиланишар, ҳеч ким хўп дейишга ботина олмасди.
Ниҳоят, масалани граф бирёқлик қилди. У хижолат бўлиб турган семиз жувонга ўгирилди-да, гердайиб ўтириб:
— Таклифингизни жон деб қабул қиламиз, хоним,— деди.
Биринчи бўлиб бошлаб бериш қийин эди, холос. Рубикондан* ўтилгандан кейин ҳеч ким уялиб-нетиб ўтирмади. Сават бўшатилди. Унинг ичида яна жигар сомса, чумчуқ сомсалар, бир бўлак сурланган тил, Крассан ноклари, Понлавек пишлоғи, печенье, сирка билан ўлдирилган бир банка тўла майда бодринг ва пиёз ҳам бор экан. Дўндиқ ҳам кўп хотинлар сингари аччиқ-чучук нарсаларга ўч эди.
Бу жувоннинг овқатлари ейиларкан, унинг билан сўзлашмай ўтириб бўлмасди. Аста-аста сўз қотиб, суҳбат бошланди, аввал бир қадар тортиниброқ, кейин бемалол сўзлашиб кетишди, чунки Дўндиқ ўзини жуда яхши тутиб борарди. Киборона одоб ва одатларни яхши биладиган графиня де Бревиль билан Карре-Ламадон хонимлар назокат кўрсатишди. Айниқса графиня, ҳар қандай одам билан муомала қилганда ҳам шаънига доғ туширмайдиган кибор хоним сифатида анча шафқат билан илтифот қилди, ажаб лобарлик кўрсатди. Лекин жандарматабиат семиз Луазо хоним асти пинагини бузмади: у кам гапириб, овқатни боплаб тушираверди.
Турган гап, суҳбат уруш ҳақида эди. Гап пруссакларнинг золимлиги, французларнинг ботирлиги устида кетди; ўзлари душмандан қочиб қутулаётган бу кишиларнинг ҳаммаси солдатларнинг мардлигига таҳсин ва офаринлар ўқишаётганди. Бирпасдан кейин ҳар ким ўз бошидан ўтганини сўзлай кетди. Дўндиқ ҳам зўр ҳаяжон билан баъзан фоҳиша хотинлар ўз бошидаи кечганларини сўзлагандаги қизғинлик билан ўзининг нима учун Руандан кетаётганини гапириб берди.
— Бошида қолай деган эдим,— деб гап бошлади у.— Уйим тўла озиқ-овқат эди. Бошим оққан томонларга кетганимдан кўра, солдатлардан бир нечтасини боқиб ўтирганим яхшироқ, деган эдим. Лекин мен ана ўша пруссакларни кўрганимдан кейин ўзимни сира тутиб тура олмадим. Шу қадар аламим келганидан тутоқиб кетдим, номусга чидолмай кечгача ётиб йиғладим. Оҳ, агар эркак киши бўлганимда уларнинг адабини берган бўлар эдим-а! Мен бошимга учлик каска кийган ўша семиз тўнғизларга деразадан қараганимдаёқ, хизматкор хотин уй анжомларини уларнинг бошига улоқтириб юборишимдан қўрқиб, қўлимдан маҳкам ушлаб қолди. Кейин улар уйимда тургани келишди. Биринчи кирганиниёқ бўғзидан олдим. Немисни бўғиб ўлдириш бошқаларни ўлдиришдан қийин эмас! Агар сочимдан тортқилаб ташламаганларида-ку, ишини тамом қилардим-а. Шундан кейин қочиб юрдим. Пайти келиши билан жўнаб қолдим. Мана энди сизлар билан кетаяпман.
Йўловчилар уни хўб мақташди. Бундай жасорат кўрсата олмаган ҳамроҳлар назарида Дўндиқ анча баланд кўтарилгандай бўлди. Унинг сўзларига қулоқ соларкан, Корнюде апостол сингари манзур кўриб, илтифот билан кулимсираб турди; художўй бандаларнинг тангрига қилаётган ҳамду саноларига қулоқ солаётган руҳоний шу зайилда қулоқ солади, чунки, узун чопон кийиш билан динни ўзлариники қилиб олган кишилар сингари узун соқол демократлар ҳам патриотизмни ўзлариники қилиб олишган. Корнюде ҳам сўзларкан, насиҳатомуз қилиб, ҳар куни деворларта ёпиштирилаётган хитобномалардан ўрганганларини шавқ билан баён этди, сўзининг охирида нотиқлик билан чертиб, ўша «разил Баденге»дан* койиб қўйди.
Лекин ўша он Дўндиқнинг жаҳли чиқди, чунки у Бонапарт тарафдори эди. У оличадай қизариб кетиб, ғазабига чидаёлмаганидан тутила-тутила деди:
— Унинг ўрнида сизга ўхшаганлар бўлганда кўрардик! Қойил қилардинглар, асти қўяверинг! Уни ўзларинг тутиб бердиларинг-ку! Агар мамлакатни сизлар симгари бевошлар идора қилганда борми, Франциядан қочишдан бошқа чора қолмасди!
Корнюде қизишмай, писанд қилмай нафрат билан кулимсираб турди-ю, лекин ҳозир жанжал чиқиши кўриниб қолди, шунда бу ишга граф аралашиб, ҳар қандай чин эътиқодни ҳурмат қилиш керак деб қаттиқ гапириб, тутақиб кетаётган Дўндиқни зўрға босиб қўйди. Бу орада, барча муҳтарам зотлар сингари республикани ўйламан-нетмай ёмон кўрадиган ва барча хотинлар сингари сарой шаън-шавкатини, золим подшоҳларни яхши кўрадиган графиня билан фабрикант хотинига, уларнинг кўнгилларидагидек гапни дадил айтган хотин беихтиёр ёқиб қолди.
Сават бўшади. Ўн кишилашиб унинг ичидаги нарсаларни бир зумда еб бўлишди, сават каттароқ бўлмаганига жуда ачинишди. Овқат тамом бўлгач, гарчи аввалги руҳлик бўлмаса ҳам, суҳбат яна бир қанча вақт чўзилди.
Кеч кириб, аста-секин қоронғи тушмоқда, овқат ҳазм бўлаётган вақтда совуқ кучлироқ сезилганидан, семизлигига қарамай Дўндиқнинг эти уюшиб, қалтирай бошлади. Шунда де-Бравиль хоним эртадан бери бир неча бор кўмир солинган грелкасини Дўндиққа таклиф қилди, у дарҳол қабул қилди, чунки оёғи музлаб кетган эди. Карре-Ламадон ва Луазо хонимлар грелкаларини монах аёлларга беришди.
Аравакаш фонарларни ёқди. Фонарлар ўртадаги отларнинг терлаган сағри устида тебраниб кўтарилаётган буғни ва йўлнинг икки четидаги, шуъла остида қалин парда сингари қоплаб ётган қорни ёритиб борарди.
Дилижоннинг ичида ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолди: лекин Дўндиқ билан Корнюде бирдан қимирлаб қолишди ва қоронғуликка тикилиб қараб кетаётган Луазо жанобларининг назарида узун соқол Корнюде секин-аста бўлса ҳам қаттиққина туртки еб нарироқ ўтиргандай бўлди.
Узоқда милтиллаб чироқлар кўринди. Бу Тот қишлоғи эди. Булар ўн бир соатдан бери йўл босиб келишмоқда, бунга йўлда отларга ем, дам бериш учун тўрт бор тўхталганда кетган икки соатни қўшилса, роса ўн уч соат бўларди. Дилижон қишлоққа кириб «савдо меҳмонхонаси» олдида тўхтади.
Дилижоннинг эшиги очилди. Йўловчилар тўсатдан ўзларига таниш товушни, ерга тегиб-тегиб келаётган қиличнинг тиқирлашини эшитиб чўчиб кетишди. Шу онда кимдир немисчалаб бир нарса деб қаттиқ бақирди.
Дилижон тўхтаган бўлса ҳам, гўё чиқдинг ҳозир ўлдиришади деб қўрққандай ҳеч ким ўрнидан қўзғолмади. Шу онда фонарь кўтарган аравакаш келиб, тўсатдан араванинг ичига чироғ тутиб, қути ўчиб, ҳайрат ичида оғзини очиб, кўзини бақрайтиб икки қатор бўлиб ўтирган башараларни ёритди.
Аравакашнинг ёнида, чироқ шуъласида баланд бўйли, сап-сариқ, белини танғиган қиз сингари аскарий кийимни сириб кийган ёшгина йигит — немис офицери турарди, ясси америка шапкасини чаккасига қийшайтириб кийганидан худди Англия мусофирхоналаридаги хат ташувчиларга ўхшарди. Ҳаддан ташқари дағал, икки учи тобора ингичкалашиб, биттагина оқ қил билан тамом бўлганидан охири кўзга кўринмайдиган узун мўйлови лунжини пастга босиб, лабининг икки бурчини ва юзини қуйи тортиб тургандай кўринарди.
У Эльзас шевасида французчалаб дўқ қилиб, йўловчиларга пастга тушишни буюрди:
— Тушсаларинг ҳам бўлар, афандилар?
Бошлаб авлиё қизларча ювошлик билан, итоаткорликка ўрганиб қолган монах аёллар чиқди. Кейин граф билан графиня чиқди, уларнинг орқасидан фабрикант билан хотини, сўнг, барваста хотинини етаклаб Луазо ҳам чиқди. Ерга тушганларида Луазо одобдан кўра эҳтиёт юзасидан:
— Салом, тақсир,— деди.
Офицер андишасизлик билан зўравонларча бир қараб қўйди-ю, индамади.
Дўндиқ билан Корнюде эшик олдида ўтирган бўлсалар ҳам, ҳаммадан кейин, душман олдига юзларига жиддий тус бериб, такаббурлик билан чиқишди. Семиз жувон қўлидан келгани қадар ўз нафратини сездирмасликка тиришарди, демократ бўлса асабийлашиб, андак қалтираётган қўли билан ҳадеб узун сариқ соқолини тутамларди. Бундай ҳолат юз берган чоқда уларнинг ҳар бири ўз ватанининг вакили эканини яхши англар ва ўз қадри қимматини сақлашга тиришарди. Бошқа ҳамроҳларининг бунчалик итоаткорлиги иккаласининг ҳам нафратини қўзғатмоқда эди. Дўндиқ ҳамроҳ бўлиб келаётган хотинлардан кўра ўзини баланд кўрсатишга ҳаракат қиларди. Корнюде бўлса бошқаларга ўрнак бўлиш лозимлигини ўйлар ва бутун вужуди билан йўлларга ўралар қазиб, кўрсатган қаршилигини давом эттираётгандай бўлиб кўринишга тиришарди.
Ҳамма саройнинг кенг ошхонасига кирди, ҳалиги немис эса йўловчилардан йўлга чиқиш учун Руан шаҳрининг коменданти берган йўловчиларнинг исмлари, барча белгилари, касб-корлари ёзилган рухсатномани талаб қилди. У йўловчиларни ҳужжатга ёзилган белгиларига битта-битта солиштириб, узоқ текширди.
Шундан кейин жеркиб «яхши» деди-да, ғойиб бўлди.
Ҳамма эркин нафас олди. Очлик ҳали ҳам сезилиб турганди: овқат буюришди. Иккита хизматчи хотин пишириб-куйдириб келгунча ярим соат ўтди. Бу орада йўловчилар бинони кўриб чиқишди. Икки томонида уйлар бўлган узун йўлак ҳожатхонанинг ойнавонлик эшигига бориб тақалар экан.
Ниҳоят, стол атрофига ўтираётганларида саройвоннинг ўзи — собиқ аспижаллоб, доим бўғзида балғами хириллаб, ғижиллаб, ҳуштак чалиб турадиган Фоланви деган фамилияни отасидан мерос қилиб келди.
— Элизабет Руссе деган қиз қайси бирларинг? — деб сўради.
Дўндиқ ирғиб тушди-да, ўгирилиб унга қаради.
— Мен бўламан.
— Қизгина, прусс офицери сиз билан гаплашмоқчи.
— Мен билан?
— Ҳа, Элизабет Руссе сиз бўлганингиздан кейин…
У, хижолат бўлиб, бир оз ўйлаб турди-да, дангал:
— Бу нимаси!.. Бормайман! — деди.
Ҳамма безовталаниб қолди: ҳамма бирдан сўзлаб, бунинг сабабини топмоқчи бўлишди. Граф Дўндиқнинг ёнига бориб деди:
— Бундоқ қилишингиз ярамайди, хоним, унинг талабини рад қилишингиз ўзингиз учунгина эмас, барча йўлдошларингиз учун ҳам анча дилсиёҳликка сабаб бўлиши мумкин. Биздан кучлироқ одамга ҳеч қачон қаршилик кўрсатмаслик керак. Бу таклифнинг ҳеч қандай хавфли томони йўқ бўлса керак, эҳтимол, бирон расмиятчиликни бажариш лозим бўлгандир.
Ҳамма графнинг гапига қўшилиб, Дўндиққа ялиниб-ёлвориб, насиҳатлар қилиб, уни йўлга сола бошлашди ва охири кўндиришди, уларнинг ҳар бири бундай номаъқулчиликнинг оқибати хунук бўлишидан кўрқарди-да.
— Майли, сизларнинг кўнгилларингиз учун бораман!— деди Дўндиқ, ниҳоят.
Графиня унинг қўлини қиеиб:
— Ҳаммамиз қам сиздан миннатдормиз! — деди. Дўндиқ чиқиб кетди. Унинг келишини кутиб, овқат қилгани ўтиришмади.
Ҳар бири ўзини тута олмайдиган шу жиззаки қиз ўрнига ўзини чақирмаганига хафа бўлиб, борди-ю, ўзини ҳам чақириб қолгудай бўлса нима дейишини ўйлаб ўтирарди.
Лекин ўн минут ўтар-ўтмас Дўндиқ қип-қизариб, бўғилиб, тутоққанича қайтиб келди.
— Аблаҳ! Аблаҳлигини қаранг-а! — деб ғудранди. Ҳамма ннма воқеа бўлганини билиш учун унга ёпирилиб сўрай бошлади, лекин у лом деб оғиз очмади. Граф қистайверганидан кейин эса, Дўндиқ керилиб жавоб қилди:
— Йўқ, сизларга дахли йўқ, мен буни сизларга айта олмайман.
Шундан сўнг ҳамма карам ҳиди чиқиб турган катта кастрюль атрофига ўтирди. Ваҳимали воқеа юз берганига қарамай, кечки овқат хушвақтлик билан ўтди. Луазо хотини билан ва монах хотинлар пулларини кўзлари қиймай ичишган сидр* жуда соз нарса экан. Бошқалар вино буюришди. Корнюде пиво сўради. Корнюденинг шишани ғалати қилиқлар билан очиш одати бор: у рангини яхшилаб кўриш учун аввало пивони кўпиклатади, стаканни энгаштириб, кейин чироққа солиб яхшилаб кўради. Ичаётганда эса замонлар ўтиши билан ўзи севган ичимликнинг тусига кириб кетган соқоли эркалаётгандай силкинади, кўзлари ғилайлашиб, қадаҳни кўздан йўқотмасликка тиришади, дунёга шунинг учун келган-у, ўша ягона истеъдодини адо этаётгандай бўлади. У хаёлида, ҳаётини тўлдириб турган икки буюк орзусини: оч қизил пиво билан революцияни бирлаштириб қўшаётгандай бўларди: бир орзусига эришганда иккинчисини ўйламай иложи йўқ эди.
Фоланви жаноблари хотини билан столнинг у бошида ўтириб овқат қилар эди. Эри эски паровоздек пишиллар, кўкраги шундай ғижирлардики, овқат вақтида сўзлаша олмасди, лекин хотини бир нафас ҳам тинмасди. У пруссаклар келгандан бери олган барча таассуротларини тўкиб солди, уларнинг нималар қилишларини, қандоқ сўзлашганларини тасвирлаб берди, пруссаклар уни кўп чиқимдор қилаётгани учун уларни жуда ёмон кўрарди, бунинг ўрнига иккита ўғли аскарликка олинганди. У кўпроқ графиняга қараб сўзлар, чунки кибор хотин билан суҳбатлашишни гўё мартаба деб билар эди.
У бирор нозикроқ масала устида гапираркан, товушини пасайтирар, эри бўлса баъзи-баъзида унинг сўзини бўлиб:
— Жим ўтирсангиз ҳам бўларди, Фоланви хоним,— деб қўярди.
Лекин унинг сўзларига ҳеч парво қилмай, хотини давом этарди:
— Шундай, хоним, буларнинг чўчқа гўшти билан картошка-ю, картошка билан чўчқа гўшти ейишдан бошқа ишлари йўқ. Уларни озода деганларига асло ишонманг. Бўлмаган гап! Беодобчилик бўлмасин-ку, ҳаммаёқни булғатиб ташлашди. Сиз уларнинг соатлаб, эртадан-кечгача машқ қилишганини кўрсангиз, сайҳон жойга чиқиб, тўпланишиб олиб, олдинга юр, орқага юр, у ёққа айлан, бу ёққа айлан, дейишаверади. Ундан кўра, ўз ватанларига бориб ер ҳайдашса-ю, йўл қуришса-чи! Йўқ, нега ундоқ қилишсин, хоним ҳарбийлардан ким наф кўрипти! Ҳамон улар одам ўлдиришнигина ўрганишар экан, бу шўрпешона халқ уларни нега боқаётир? Мен ўқимаган бир кампирман, нимасини айтасиз, лекин куч-қувватини аямай, эртадан-кечгача тап-туп ер тепишганини кўрганимда ҳамиша ўйлайман: «мана шундай одамлар бор, бошқаларга фойда етказиш учун ҳар хил ихтиролар қилишади, бунақанги фақат зиён етказиш учун жон отувчиларнинг нима кераги бор?» Ахир, пруссакми, инглизми, полякми, французми — одам ўлдириш — аблаҳлик эмасми? Агар сени хафа қилган одамдан ўч олсанг — жазолашади, демак, бу ёмон иш экан, ўғилларимизни парранда отгандай қириб ташлашса бу яхши иш экан-да, кимки кўп ўлдирса, ўшанга орден берганларидан кейин шундай бўлади-ку! Йўқ, биласизми, мен асло шунинг маънисига тушунмайман.
Корнюде баланд овоз билан:
— Тинч турган қўшнига ҳужум қилиш — ваҳшийлик, лекин ватанни ҳимоя қилиш эса, муқаддас бурч,— деди.
Кампир бош эгди.
— Ҳа, ҳимоя қилишнинг йўриғи бошқа, шундай бўлса ҳам ўз хурсандчилиги учун уруш қиладиган подшоҳларнинг ҳаммасини ўлдириб ташланса яхши бўларди,— деди у.
Корнюденинг кўзлари чақнаб кетди ва:
— Балли, гражданка! — деди бақириб. Карре-Ламадон жаноблари нима дейишиии билмай қолди. Гарчи буюк саркардаларга унинг ихлоси баланд бўлса-да, кекса деҳқон хотиннинг сўзларидаги соғлом фикр уни ўйлатиб қўйди: шу бекорчи, демакки, зиён бўладиган шунча ишчи кучлари, шу қадар бефойда сарф бўлаётган меҳнат агар буюк саноат ишига сарфланса мамлакатга нақадар фаровонлик келтирган бўларди, юз йилда бунёдга келадиган ишларни қилиб юборарди!
Луазо бўлса ўрнидан турди, саройвоннинг ёнига бориб ўтириб, пичирлаб сўзлай кетди. Семиз саройвон хандон ташлаб кулар, йўталар, балғам ташларди, унинг каттакон қорни ҳамсуҳбатининг ҳазилидан силкинарди. Саройвон шу ондаёқ кўкламда олиш шарти билан Луазодан олти бочка бордо виноси сотиб олди. Пруссакларнинг баҳоргача кетиб қолишига ишонарди.
Овқат тамом бўлиши билан ҳамма қаттиқ чарчаганини сезиб, ётгани кетди.
Бу орада баъзи бир нарсаларни пайқаб қолган Луазо хотинини ётқизиб, ўзи эшикнинг тирқишига дам қулоғини, дам кўзини қўйиб, ўзи айтганидай, «йўлак сирларидан» воқиф бўлмоқчи эди.
Бир соатча ўтгач, шарпа эшитди. Дарҳол қарабоқ тўр тутилган ҳаворанг кашмири куйлакда аввалгидан ҳам лўппироқ кўринаётган Дўндиқни кўрди. У шамдон кўтариб, йўлакнинг охиридаги ҳожатхонага кетмоқда эди. Қаердадир, яқин уйлардан бирининг эшиги очилди, бир неча дақиқадан сўнг, Дўндиқ қайтиб келаётганида унинг орқасидан шим ва ич кўйлаккина кийган Корнюде эргашди. Иккаласи пичирлашиб келди-да, сўнг тўхташди. Афтидан, Дўндиқ ўз бўлмасига киргизмаслик учун қаттиқ қаршилик кўрсатарди. Афсуски, Луазо уларнинг сўзини англаб ололмади, қаттиқ-қаттиқ гаплаша бошлаганларидан кейингина Луазо бир неча жумлани эшитиб қолди. Корнюде қўярда-қўймай:
— Менга қаранг, қўйсангиз-чи, шу гапларни, нима қилади? — дерди.
Дўндиқнинг жаҳли чиқиб кетди:
— Йўқ, азизим, ҳар ишнинг ўз мавриди бор, бу ерда шундай қилиш шармандалик бўлади, — деди.
Корнюде тушунмади шекилли «нега?» деб сўради. Шунда Дўндиқ тутақиб, ўшқириб берди:
— Нега? Негалигини тушунмаяпсизми? Пруссаклар бор жойда-я, эҳтимол қўшни уйда ҳам бордир?
Корнюденинг дами ичига тушиб кетди. Фоҳишанинг ватанпарварлик номуси, яъни пруссаклар олдида ўзини эркалаттиришдан ор қилиши Корнюденинг кўнглида заифланган ҳамиятни қўзғатган бўлса керак, у қизни бир ўпди-ю, кейин аста юриб ўз хонасига кириб кетди.
Ловиллаб кетган Луазо кўзини тешикдан олди, ўйин тушгандай оёқларини бир-бирига уриб ирғиди ва тунги қалпоғини кийди, қоқсуяк хотини ором олаётган кўрпани очиб, уни ўпиб уйғотди-да:
— Мени севасанми, жоним? — деб шивирлади.
Шундан кейин бутун уйни сукунат босди. Лекин тезда, ертўладанми, болохонаданми, қаердандир бир маромда эшитилаётган қаттиқ хуррак товуши, гўё катта буғ қозони титраётгандай бўғиқ ва чўзинқи гуриллаш эшитилди. Фоланви жаноблари уйқуга кетган эдилар.
Эрталаб соат саккизда жўнашга қарор қилинганидан ҳамма ўша вақтда ошхонага йиғилди. Лекин брезент сирилган, устига қор ёғиб қолган дилижон ҳовлининг ўртасида қўққайиб турар, на от бор эди ва на аравакаш. Аравакашни саройдан, отхона, сомонхоналардан беҳуда изланди. Кейин эркаклар у ёқ-бу ёқни айланиб келгани кўчага чиқишди. Улар бир бошида бутхона, икки томонида эса қатор япасқи уйлар бор бир майдонга чиқишди. Бу пасқам уйларда пруссаклар кўриниб турарди. Улар дастлаб кўрган солдат картошка арчаётган эди. Ундан нарироқда яна биттаси сартарошхонани юваётганди. Пахмоқсоқол яна бир солдат йиғлаётган ўғил болани ўпар ва уни тиззасига ўтқазиб, тебратиб, овутаётганди; эрлари «урушаётган қўшин» сафида бўлган семиз деҳқон хотинлар ўзларининг қобил ғолиблари қиладиган ишларни имо-ишора билан кўрсатиб: ўтин ёр, шўрвага дон сол, қаҳва майдала деб туришарди, солдатлардан бири ҳатто ўзининг кекса ва бедармон бекасининг кирини ювмоқда эди.
Ҳайрон бўлган граф, поп уйидан чиқиб келаётган бир руҳонийдан гап сўраган эди, бутхонани кемириб ётган бу кекса каламуш шундоқ жавоб қилди:
— Йўқ, булар ёмон эмас, булар пруссак эмасмиш. Булар узоқроқдан эмиш, фақат қаерданлигини билмайман, уларнинг ҳам ўз ватанида бола-чақалари бор экан, булар эрмакка урушиб юришгани йўқ-ку! Эҳтимол, буларнинг ҳам бола-чақалари йиғлашаётгандир, бу ортиқча ташвиш келтирган у ердаги муҳтожлик ҳам бизникидан қолишмас. Булардан зорланишга ўрин ҳам йўқ, чунки зиёнлари тегаётгани йўқ, худди ўз уйларидагидек ишлашмоқда. Нима демагин, афандим, бева-бечоралар бир-бирига ёрдам қилиши керак… ахир урушни бойлар бошлайди-да,— деди.
Ғолиблар билан мағлублар ўртасида ўрнашган самимий аҳилликни кўриб Корнюде ғазабланди ва бориб майхонада ўтирганим яхшироқ, деб кетди. Луазо ҳазиллашиб:
— Улар бола-чақанинг кўпайишига ёрдам қилишади-да,— деб қўйди.
Карре-Ламадон жаноблари жиддий қилиб:
— Урушга кетганларнинг йўқлигини билинтирмай туришади-ку,— деди.
Аравакаш ҳадеганда келавермади. Ниҳоят, уни офицер деншиги* билан қишлоқ майхонасида улфатчилик қилиб ўтирган жойидан топиб келишди. Граф ундан:
— Соат саккизда арава тайёр бўлсин, дейилмаганмиди сизга? — деб сўради.
— Айтилган эди-ю, кейин бошқа буйруқ беришди.
— Қанақа?
— Қўшманг, дейишди.
— Ким берди бунақа буйруқни?
— Ким бўларди? Прусс коменданти.
— Нега?
— Мен қаёқдан билай? Ўзидан сўранг. Қўшма дегандан кейин, қўшмадим.
— Ўзи айтдими?
— Йўқ, афандим, унинг номидан саройбон айтди.
— Қачон?
— Кеча кечқурун, ётмасдан олдин. Йўловчиларнинг учаласи ҳам жуда ғазабланиб қайтишди.
Фоланви жанобларини чақиртиришга қарор қилишди, лекин хизматчи хотин: «хўжайин кўксов касалига мубтало бўлгани учун ҳеч қачон соат ўндан олдин ўрнидан турмайди, уйга ўт-пўт тушмаса бошқа сабаб билан уйғотишни қатъиян ман қилган,» — деди.
Офицернинг ўзига учрашмоқчи бўлишган эди, гарчи у шу саройда турган бўлса ҳам, мутлақо иложи йўқ экан, гражданларнинг иши тўғрисида Фоланви жанобларигина у билан сўзлашишга ҳақли экан. Сабр қилишга қарор беришди. Хотинлар уй-уйларига тарқалишиб, икир-чикир ишлар билан банд бўлишди.
Корнюде ловиллаб олов ёниб турган баланд ўчоқнинг пешайвони тагига ўрнашиб олди. Бу ерга майхона залидан столча ва бир шиша пиво келтириб қўйишларини буюрди ва демократлар ўртасида ўзи билан баробар обрўга эга бўлган мундштугини олди. Мундштук Корнюдега хизмат қиларкан, гўё ватанга хизмат қилар эди. Мундштукнинг ўзи ҳам илдиздан ясалган, жуда ажойиб, яхшилаб исланган, худди эгасининг тишларидек қоп-қора, лекин ялтироқ, хушбўй, эгасининг қўлига ярашадиган ва унинг сиймосини кам-кўстсиз қилиб кўрсатадиган, эгилган мундштук эди. Корнюде кўзини дам алангага, дам пиво қадаҳининг лабида ҳошия сингари турган кўпикка тикиб жим ўтирар, ҳар қултумдан кейин узун-узун қотма бармоқлари билан ёғ босган ўсиқ сочини ҳузур қилиб тарар ва мўйловида қолган кўпикни яларди.
Луазо увишган оёғини ёзиб келиш баҳонаси билан ўша ерли чакана савдогарлардан виносига харидор излаб кетди. Граф билан фабрикант сиёсатдан сўз бошлашди. Улар Франциянинг келажагига назар ташлаб, бири Орлеан* авлодидан, бири эса бутунлай умид узиш керак бўлгаида пайдо бўладиган номаълум халоскор қаҳрамондан: бирорта дю Геклен, Жанна д’Аркданми, — ажаб эмас-да? Ёки яна янги Наполеон I чиқиб қолишидан умид қиларди. Оҳ, агар валиаҳд* ёш бўлмаганида-ку! Уларнинг гапини эшитиб ўтирган Корнюде тақдир сирларидан хабардор одамдек кулимсираб ўтирарди. Унинг мундштуги бутун ошхонага хушбўй ҳид таратиб турарди.
Соат ўн бўлганда Фоланви жаноблари кириб келди. Ҳамма уни ўраб олиб савол бера бошлади. Лекин у ҳеч ўзгартирмай-нетмай икки-уч марта қайтариб:
— Офицер менга: «Фоланви афанди! Кучерга буюринг, бу йўловчиларга дилижон қўшмасин. То менинг алоҳида рухсатим бўлмагунча жўнаб кетишларини истамайман. Тушундингизми? Бўлган гап шу» деган эди,— деди.
Шундан кейин офицернинг ўзи билан учрашмоқчи бўлишди. Граф унга ўзининг визит карточкасини* юборди. Унинг остига бутун унвонларини ёзиб Карре-Ламадон жаноблари ҳам қўлини қўйди. Пруссак уларни нонуштадан кейин, демак соат бирларда қабул қиламан, депти.
Хотинлар ҳам йиғилишди. Ташвишланишларига қарамай, ҳамма йўловчилар нонушта қилган бўлишди. Дўндиқ тоби қочгандек ва анча диққат кўринарди.
Кофе ичиб бўлинган пайтда граф билан фабрикантни деншик чақириб қолди.
Луазо ҳам уларга қўшилди, учрашув тантаналироқ бўлсин учун Корнюдени ҳам таклиф қилиб кўришди. Лекин у гердайиб туриб, немислар билан ҳеч қандай муносабатда бўлмоқчи эмаслигини айтди ва бир шиша вино олиб, яна ўчоқ ёнига ўтириб олди.
Уч эркак иккинчи қаватга чиқишди ва уларни саройнинг энг яхши уйи бўлмиш бир хонага олиб кирилди. Немис, қочиб кетган, диди ўзгача бўлмаган, бирорта бойнинг уйидан шубҳасиз ўғирлаб олинган қирмизи кийимга ўралиб, оғзида узун чинни трубка, оёқларини каминга тираб, юмшоқ курсида ёнбошлаган ҳолда уларни қабул қилди, ўрнидан турмади, салом бермади, уларга қарамади ҳам. Бу ғолиб пруссакка хос безбетликнинг ғаройиб нусхаси эди.
Ниҳоят, бир оздан кейин у:
— Нима демоқчисиз?— деди. Граф гап бошлаб:
— Жўнасак деган эдик, афандим,— деди.
— Йўқ.
— Сабабини билишга ҳаддимиз сиғармикан?
— Мен хоҳламайман.
— Энди, беодобчилик бўлса ҳам айтишга тўғри келади, афандим, Дъеппгача боришга комендантингиз ўзлари рухсат берган эдилар. Яна, менимча, сизнинг томонингиздан бундай қаттиқ чора кўрилгудай бирор иш қилганимиз ҳам йўқ.
— Мен хоҳламайман… бўлгани шу… боринглар. Уччови ҳам таъзим қилиб чиқишди.
Кечки пайт дилсиёҳлик билан ўтди. Немиснинг нега бундай инжиқлик қилаётганига тушуниб бўлмасди: ҳар бирининг бошига бўлмағур хаёллар келарди. Ҳаммалари ошхонада ўтириб, ҳар хил бўлмаган тахминлар қилиб, ҳадеб аҳволни музокара қилишарди. Эҳтимол, уларни гаров тариқасида олиб қолишмоқчидир? Аммо нима мақсад билан? Ё асир қатори олиб кетишмоқчидир? Ёки уларни қўйиб юбориш учун катта пул талаб қилмоқчими? Шуларни ўйлаганда уларни даҳшат босди. Энг бойларининг кўпроқ ўтакаси ёрилаёзди, энди улар ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун бу беҳаё солдатнинг қўлига қоплаб тилла тўкишларини кўз олдиларига келтира бошладилар. Улар бирорта ёлғон гап тўқиб, ўз бойликларини яшириш ва ўзларини камбағал, жуда камбағал қилиб кўрсатиш йўлини излаб қолдилар. Луазо кўкрагидаги соат занжирини олиб, чўнтагига солиб қўйди. Қоронғи тушган сари уларни баттар даҳшат босарди. Чироқ ёқишди. Овқат маҳалигача яна икки соат вақт бўлганидан Луазо хоним «ўттиз бир»* ўйнашни таклиф қилди — ҳеч бўлмаса одамларни бир оз овутади-ку. Таклифни қабул қилишди. Ҳатто Корнюде ҳам одоб юзасидан мунштугини ўчириб, ўйинга иштирок қилди.
Граф карталарни чийлади ва улашди. Биринчи ўйиндаёқ ўттиз бир очкони Дўндиқ олди, ўйинга қизиқиш ҳамманинг хаёлини бузиб турган ваҳиманинг тезда дамини кесди. Корнюде ҳатто эр-хотин Луазолар имлашиб ҳийла ишлата бошлаганини ҳам пайқади.
Овқат егани ўтиришганларида яна Фоланви жаноблари кириб келди ва ҳириллаб:
— Прусс офицери, Элизабет Русседан сўранг, ҳали ҳам ўша сўзида туриптимикин, деяпти,— деди.
Дўндиқ бирданига бўзариб, турган жойида қотиб қолди, кейин, тўсатдан қизариб кетди-да, ғазабига чидолмай шундай бўғилдики, тили тутилиб қолди, ниҳоят, сўз қотди:
— Ўша ҳайвонга, ўша ифлосга, ўша аблаҳ пруссга айтингки, ўша сўзим — сўз, эшитдингизми, қайтмайман, қайтмайман, қайтмайман,— деди.
Семиз саройбон чиқиб кетди. Шунда ҳамма Дўндиқни ўраб олиб офицер билан учрашганида ўтган сирни айтиб беришини ўтиниб сўрай бошлади. Бошда у кўнмади, кейин аламига чидолмай:
— Нима деди? Нима дерди! Мен билан бир кеча ётасан деяпти! — деб қичқириб юборди.
Ҳамманинг феъли шунчалик айниб кетдики, ҳатто бу сўзлардан ҳеч ким хижолат ҳам бўлмади. Корнюде стаканни жаҳл билан столга урган эди, стакан синиб кетди. Бу аблаҳ солдатга қарши ҳамма баравар норозилик билдира бошлади. Дўндиқнинг ҳақорат қилиниши гўё буларга ҳам тегадигандай, ҳаммаси алами келиб, бир бўлиб қаршилик кўрсатмоқчи бўлишди. Граф нафрат билан булар ўзларини қадимги ваҳшийлардай тутишаяпти, деди. Хусусан, хотинлар Дўндиққа қизғин ва мулойим хайрихоҳлик изҳор қилишди. Овқат егани уйларидан энди чиқиб келаётган монах хотинлар бошларини қуйи солишганича индамасдан ўтиришди.
Жаҳлдан тушганларидан кейин, овқат егани ўтиришди, лекин гаплар қовушмас: ҳамма хаёл сурарди.
Хотинлар вақтлик уй-уйларига тарқалишди, эркаклар бўлса папирос чеккани қолиб, карта ўйини бошланди. Фоланви жанобларидан қандоқ қилиб офицерни йўлга солишни сўраб олиш умидида уни ҳам ўйинга таклиф қилишди. Лекин саройбоннинг қулоғига гап кирмас, у картанигина ўйлар, жавоб ҳам қайтармас:
— Ўйнайлик, афандилар, ўйнайлик! — дер эди, холос.
Ўйинга жуда берилиб кетганидан тупуришни ҳам унутиб қўйиб, кўкрагидан худди нағманинг йўғон товушига ўхшаш чўзиқ хириллаш эшитила бошлади. Унинг хириллаб турадиган ўпкаси кўксовнинг бутун баланд ва йўғон овозидан тортиб, чақиришни машқ қилаётган жўжахўрознинг овозигача бўлган ҳамма товушларни чиқариб турарди.
Ҳатто, ҳориб, зўрға келган хотини ётгин деб чақириб келса ҳам бормади. Эри ярим кечагача юришни, ўртоқлари билан тонг отгунча ҳам ўтиришни яхши кўрадиган бўлгани учун саҳархез хотини ўзи кетаверди. У хотинининг орқасидан: «гоголь-моголни* печкага қўйиб қўй» деб қичқирди-да, яна ўйнайверди. Йўловчилар ундан бирон гап олишнинг иложи йўқлигига кўзлари етгач, ухлаш керак деган қарорга келишди ва уй-уйларига тарқалишди.
Бугун ҳам шу жирканч саройда қоламизми деган фикрдан чўчиган йўловчилар аввалгидан ҳам кўпроқ кетгилари келиб, зора жўнасак деган умид билан эртасига яна вақтлик туришди.
Ҳайҳотки, отлар ҳануз отхонада, аравакашдан дарак йўқ эди. Қилар ишлари бўлмаганидан ҳаммалари арава атрофида айланиб юришди.
Нонушта таъбхиралик билан ўтди, ҳамманинг Дўндиқдан кўнгли совугандек кўринар, чунки тунги ўйлар таъсири билан унга қарашлар анча ўзгарган эди. Тунда пруссак билан яширинча учрашиб, то ҳамроҳлари уйқудан тургунча хушхабар топиб қўймаган қиздан ҳамманинг энсаси қотаёзган эди. Ахир шундан ҳам осони бормиди?! Ким билиб ўтирипти, денг? Одоб юзасидан офицерга «хафа бўлаётган ҳамроҳларимга ачинганимдан» деб қўяқолса ҳам бўларди. Бундақа ишлар унинг учун писанд эмас-ку!
Шундай бўлса ҳам ҳали ҳеч ким бу фикрни очиқ айта олмасди.
Тушга бориб ҳамма зерикиб, хуноб бўлиб кетгандан кейин, граф атрофни айланиб томоша қилиб келишни таклиф этди. Олов ёнида ўтиришни афзал кўрган Корнюде ва кунбўйи ё бутхонада ё кюре ҳузурида кун ўтказаётган монах хотинлардан бошқа ҳамма яхшилаб ўралиб-чирмалиб йўлга тушди.
Кундан-кунга зўрая борган совуқ қулоқ ва бурунларни ачитиб оларди, оёқлар қотиб кетганидан ҳар қадам бир азобга айланди, далага чиққанларида унинг бепоён оппоқ яланглиги шу қадар даҳшатли, машъум кўриндики, бирдан ҳамманинг руҳини совуқ ургандай бўлиб юраги увишди, улар изларига қайтишди. Тўрт хотин олдинда, уч эркак эса кейинда келарди.
Аҳволни жуда яхши билиб турган Луазо тўсатдан бу “мочағар”ни деб қачонгача шу пастқам жойда ётар эканмиз, деди. Ҳамиша назокатли граф, хотин кишидан бунақа малол келадиган ишни талаб қилиб бўлмайди, бу нарса ихтиёрий бўлиши керак, деди. Карре-Ламадон жаноблари, эшитишимга қараганда агар французлар Дъепп орқали қарши ҳужум бошласалар улар пруссаклар билан Тотдан бошқа жойда тўқнашмайди, деди. Бу гап ҳамсуҳбатларининг ичига ғулғула солиб қўйди.
— Пиёда қочиб қолсак нима қилар экан?— деди Луазо. Граф елкасини қисиб:
— Сизни қаранг-а! — деди.— Шу қорда-я! Яна хотинлар билан! Ундан ташқари, дарҳол орқамиздан от чоптириб, бизни ўн минутдаёқ тутиб, асир қатори солдатлар ихтиёрига топширишади.
Бу тўғри гап эди. Ҳамма жим бўлиб қолди.
Хонимлар ясан-тусан ҳақида сўзлашиб боришарди, аммо қандайдир ноқулайлик қовушишларига халақит бераётгандай эди.
Тўсатдан кўчанинг бошида бир офицер кўриниб қолди. Уфққача туташиб ётган оппоқ қорда мундир кийган, арини эслатадиган новча қомати кўзга чалинарди, у яхшилаб пардозланган этигини лойдан эҳтиёт қилиб, ҳарбийларга хос юриш билан, оёқларини кериб-кериб қадам ташларди.
Офицер хонимларга етиб келиб тенглашганида уларга салом берди ва эркакларга нафрат билаи қараб қўйди, чунки Луазо бошидан шапкасини оламан деб қўл чўзган бўлса-да, лекин олмади, қадримизни кетказиб нима қиламиз деб бошқалар ҳам шапкаларини олмаган эдилар.
Дўндиқнинг қулоғигача қизариб кетди. Эрлик уч хотин, офицер уларни ўзи беандиша муомала қилаётган ахлоқсиз қиз билан учратишдан ўзларини қаттиқ ҳақорат қилингандек ҳис этишди.
Сўз офицер устида, унинг қомати, афт-башараси тўғрисида кетди. Ўз даврида кўп офицерларни кўрган ва қўлидан ўтказган Карре-Ламадон хонимнинг фикрича, уни бинойидек дейиш мумкин эди, у офицернинг француз бўлмаганига ҳатто афсус қилди, агар француз бўлганда ҳамма хотинларни шайдо қиладиган ажойиб гусар бўларди, деб қўйди.
Уйга қайтиб келгач, нима иш қилишларини билмай ҳатто арзимаган сабаблар билан бир-бирларига аччиқ-тизиқ сўз ота бошлашди. Овқатни ҳам индамасдан, наридан-бери еб, бир амаллаб вақт ўтказиш учун ётгани тарқалишди.
Эртасига йўловчилар пастга тушганда ҳаммасининг чеҳрасида ҳорғинлик, юрагида ғазаб бор эди. Хотинларнинг эса Дўндиқ билан сўзлашгилари келмасди.
Бутхона жом урди. Гўдак чўқинтиришдан хабар берди. Дўндиқнинг боласи бўлиб, у Иветода, бир деҳқон оиласида тарбияланарди. У боласини йилига бир мартагина кўрар ва унинг тўғрисида ҳеч қачон ўйламасди, бироқ чўқинтириш учун бутхонага келтирилган гўдак ҳақидаги ўй боласига нисбатан унинг кўнглида жўшқин меҳр қўзғатди, ўша маросимга боргиси келди.
У кетиши биланоқ ҳамма йўловчилар бир-бирига қарашди, сўнг сурилиб яқинроқ ўтиришди, чунки бирор илож қилиш зарурлигини англашар эди. Бирдан Луазо: Дўндиқнинг ўзинигина олиб қолиб, бошқаларга жавоб беришни офицерга таклиф қилиш керак деган фикрни айтди.
Фоланви жаноблари бу топшириқни бажаришни ўз зиммасига олди. Лекин ўша ондаёқ пастга қайтиб тушди; инсоннинг табиатини яхши биладиган немис уни уйдан ҳайдаб чиқарди. У, то истагини қондиргунча уларнинг ҳаммасини ушлаб турмоқчи эди.
Шунда дағал табиатли Луазо хоним кўнглидаги бор гапни тўкиб солди:
— Ахир, қаригунимизча шу ерда ўтираверамизми! Бу расво ҳамонки шу касбни қилар экан, бунинг устига ҳамма эркаклар билан қилаверар экан, нега унга йўқ, дейди? Қаранг-а? Руандаку юрмаган одами қолмади, ҳатто аравакашлар билан ҳам юрди! Рост айтяпман, хоним, префектуранинг аравакаши билан ҳам! Мен яхши биламан,— у винони биздан сотиб оларди. Бизларни мушкул аҳволдан қутқазиш керак бўлган бир пайтда эса бу ғар ўзини оппоқ қилиб кўрсатяпти!.. Менимча, офицер ҳали ҳам инсоф қиляпти. Балки у кўпдан бери ёлғиздир, албатта, уччаламиздан биримизни талаб қилиши ҳам мумкин эди-ку. Аммо у, ҳар қалай бузуқ хотинга қўл узатяпти. Эрлик хотинларни иззат қиляпти. Ўйлаб кўринг, ахир, у бу ерда хўжайин-а. Бир оғиз: «Хоҳлайман» деса тамом-да,— солдатлар орқали бизни мажбур қилади қўяди.
Хотинларнинг эти жимирлашиб кетди. Нозанин Карре-Ламадон хонимнинг кўзлари чақнаб, офицер худди ҳозир зўрлаб қўл узатаётгандай, ранги ўчди.
Нарироқда музокара қилишаётган эркаклар хотинларнинг ёнига келишди. Тутақиб кетган Луазо, «шу расвони» қўл-оёғини чамбарчас боғлаб, душманга тутиб беришга тайёр эди. Уч элчи наслининг уруғидан ва ўзи ҳам дипломатларга ўхшаган граф эса, усталик билан иш кўриш тарафдори эди.
— Бир бало қилиб унинг эътиқодини ўзгартириш керак,— деди у.
Шундан сўнг тил бириктириб, фитна режаси тузилди.
Хотинлар сурилишиб яқинроқ ўтиришди, товушлар пасайди, суҳбатга ҳамма аралашиб, ҳар ким ўз фикрини айта бошлади. Шуниси борки, гаплар жуда пардалик эди. Айниқса хонимлар куракда турмайдиган фикрларни айтиш учун гапни ажойиб айлантириб, одоб доирасидан четга чиқмайдиган ифодаларни ишлатишарди. Сўзлар шунчалик чертиб-чертиб айтилардики, бегона киши ҳеч нарса тушуна олмас эди. Кибор хотинлар ўралиб олган маъсумлик пардаси уларни шунчаки юзаки маъсум қилиб кўрсатади, ҳақиқатда эса ҳаммаси ҳам бу одоб доирасидан йироқ воқеадан завқланар ва ўзларини ўз муҳитларида ҳис этган ҳолда яйраб, бировга жуда лаззатли луқма тайёрлаётган уста ошпаз сингари, севгига боғлиқ бу савдони шавқ-завқ билан муҳокама қилишарди.
Ўз-ўзидан ҳамманинг кайфи чоғ бўлди, ахир ўзи ҳам жуда қизиқ воқеа-да, Граф хийла қалтис ҳазиллар қилар, лекин шунчалик нозик ҳазиллар қилардики, ҳамманинг юзида табассум пайдо бўларди. Луазо ҳам бир неча марта ундан ўтказиб аския қилди. Бундан ҳам ҳеч ким уялмади, унинг хотини томонидан қўпол қилиб айтилган «ҳамонки бу расвонинг касби шу экан, бировга ҳа, бировга йўқ, дегани нимаси?» деган гаплари ҳамманинг кўнглида турганди. Жажжигина Карре-Ламадон хоним ҳатто мен Дўндиқнинг ўрнида бўлсам шу офицерга йўқ дегандан кўра бошқа бировга йўқ дердим, деб ўйлаётганга ўхшарди.
Сўз гўё бирон қалъа устида кетаётгандай, фитначилар қамал режасини узоқ муҳокама қилишди. Қандай далиллар келтириш ва қандай йўллар тутиш зарурлиги ҳақида келишиб, ҳар бири маълум бир вазифани ўз знммасига олди. Бу жонлик қалъани душманга таслим қилиб берадиган ҳужумлар, ҳийла-найранглар, тўсатдан қилинадиган ҳамлалар режаси тузилди. Ёлғиз Корнюде аввалича четда ўтирди, бу ишга аралашмади.
Бу машғулотга шу қадар берилиб кетганликларидан, Дўндиқнинг кириб келганини ҳам ҳеч ким сезмай қолди. Лекин, граф: «тсс»!» — деб шивирлаган эди, ҳамма қаради. Дўндиқ уларнинг олдида турарди. Ҳамма бирдан жим бўлди ва бир оз шошиб қолиб, дафъатан унга сўз қотишга ҳеч ким журъат этолмади. Меҳмонхоналарда қилинадиган иккиюзламаликка бошқалардан кўра устароқ бўлган графиня ундан:
— Қалай, чўқинтириш маросими қизиқ бўлдими?— деб сўради.
Маросимдан кўнгли юмшаб кетган, ҳам ўзини боса олмаган Дўндиқ ҳаммасини: одамларнинг чеҳрасини, туришларини, ҳатто бутхонанинг ўзини ҳам тасвирлаб берди ва:
— Баъзи-баъзида ибодат қилиш яхши бўлади,— деб қўшиб қўйди.
Нонуштагача хонимлар ҳар хил гаплар билан ишонтириш ва ўзларига ром қилиш учун жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилишди.
Лекин стулга ўтиришлари билан ҳужум бошлашди. Бошлаб фидокорликдан гап кетди. Қадим замондаги Юдифъ ва Олофернанни* мисол келтириб, ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ Лукреция билан Секстга* ўтишди. Душманнинг барча саркардаларини илтифот йўли билан қул қилиб олган Клеопатрани* ҳам хотирлашди. Бу нодон миллионерлар Рим хотинлари ҳақида ўзлари тўқиган ва бу хотинлар Ганнибал* ва у билан бирга унинг аскарбошилари ва ёлланган одамларига илтифот кўрсатгани Капю шаҳарига боришган деган бўлмағур афсоналарни ҳам айтишди. Кейин иффатини уруш майдонига, ҳукмронлик қуролига, истилочилар йўлига қўйилган ғовга айлантирган ва қаҳрамонона фидокорлик билан безотларни ёки золимларни бўйсундириб, ўзини интиқом ва фидокорлик йўлида қурбон қилган барча хотинларни ҳам эслашди.
Кибор оиладан бўлган бир инглиз хотин Бонапартга юқтириш учун атайлаб ўзига ярамас бир касал юқтирганини, машъум учрашув чоғида бехосдан пайдо бўлган заифлик орқасидагина Бонапартнинг қутилиб қолганлиги ҳақида ҳам дудмалроқ қилиб гапирилди.
Бу гапларнинг ҳаммасини эҳтиёт билан, одоб доирасида гапирилди. Дўндиқда ҳам шундай фидокорликка ҳавас туғдириш ниятида ора-сира ясама таҳсин ва офаринлар айтишарди.
Бу гаплардан ниҳоят хотинлар дунёга фақат ўз-ўзини қурбон қилишу солдатларнинг бемаъни ҳавасларига бўйсуниш учун келган деб ўйлаш мумкин эди.
Монах аёллар оғир ўйга тўлгандек кўринар, ҳеч нарсани эшитмас, Дўндиқ эса жим ўтирарди.
Ўйлаб кўриш учун Дўндиқни бир кун ихтиёрига қўйишди. Энди уни илгаригидек хоним деб атамай қўйишди. Гарчи сабабини ҳеч ким аниқ билмаса-да, тўғридан-тўғри “қизгина” деб муомала қила бошлашди. Бундан мурод уни эришган ҳурматидан бир поғона пастга тушириш ва касбидан киши номус қилишини ўзига англатиб қўйиш бўлса керак.
Шўрва келтирилиши билан Фоланви жаноблари кириб яна кечаги гапни такрорлади:
— Прусс офицери «Элизабет Русседан сўранг, ҳали ҳам ўша гапида туриптими?» деб сўраяпти,— деди.
Дўндиқ қуруққина қилиб:
— Ҳа,— деди.
Бироқ овқат маҳалида тил бириктирганлар иттифоқи сусая борди. Луазонинг оғзидан бир-иккита чакки сўз ҳам чиқиб кетди. Ҳар бири зўр бериб янги мисоллар келтиришга ҳаракат қилишар, лекин ҳеч нарса топа олмас эди. Графиня бирдан, бирор мақсад билан эмас, балки, динни хиёл эслаб қўйиш учунми — монах аёлларнинг кексасидан авлиёлар ҳаётида бўлиб ўтган ибратли воқеалардан айтиб беришини сўради. Ахир авлиёларнинг кўпи бизга қолса гуноҳ дейиладиган ишларни қилишган, лекин агар ўша иш худо йўлига ёки яқин кишининг фойдаси учун қилинган бўлса дин тариқатлари уни кечирган-ку. Бу жуда кучли далил эди, графиня бундан фойдаланди. Шунда руҳонийларнинг ҳар бирига хос йўсинда индамай розилик билдирганиданми, ё ўзини гўлликка солганиданми, жонининг ҳузури бўлган бетамизлигиданми кекса монах аёл уларнинг фитнасига катта ёрдам қилди. Уни уятчан деб ўйлашган эди. У ўзининг дадиллиги, сўзамоллиги ва чўрткесарлигини кўрсатди. Зимдан айёрлик билан қилинадиган ишлардан ҳеч хижолат чекмас, эътиқоди темир таёқдай, ишончи оғмайдиган, виждони шак-шубҳадан ҳоли эди. У Авраамнинг* қурбонига табиий бир нарса деб қарарди, чунки агар кўкдан амр келса ўзи ҳам дарҳол ота-онасини ўлдиришга тайёр эди, унинг фикрича, агар ният холис бўлса, ҳеч иш тангрининг қаҳрини келтирмас экан. Графиня кутилмаган ёрдамчининг руҳонийлик обрўсидан мумкин қадар кўпроқ фойдаланиш мақсадида холис ниятда ҳар йўл билан борилса ҳам айби йўқ» дейилган ҳақиқат тўғрисида уни гапга солди. Графиня унга саволлар берарди:
— Шундай қилиб, эгачи, агар ният холис бўлса тутган йўлингизу қилган ишларингизнинг ҳаммасини тангри кечиради, денг?
— Бунга шак келтириб бўладими, хоним? Аксари маломат қилишга лойиқ ҳар ишларики бор, ният холис бўлганидан таҳсинга лойиқ бўлиб қолган.
Улар шу таҳлитда тангрининг иродаси, унинг хоҳиши, унинг нима қилишини олддан билишга уринишиб, худога ҳеч даҳли бўлмаган ишларгача унга ёпиштиришиб, гапириб ўтиришди.
Бу гапларни усталик билан ниқоблаб, одоб доирасида айтилмоқда эди. Лекин монах кийими кийган тақводор қизнинг ҳар бир сўзи фоҳишанинг ғазаб билан кўрсатаётган қаршилик қалқонини теша бошлади. Кейин сўз бир оз четга бурилди. Тасбиҳ ушлаган аёл ўз тариқати, монастирлари, ўз пири тўғрисида ва ўзи авлиё Никифор* жамоатининг севимли ҳамшираси бўлган, ёнидаги мушфиқ аёл ҳақида сўзлай кетди. Булар Гаврга, чечак касали авж олган госпиталда ётган солдатларни боқишга чақиртирилган экан. У чечак касалини муфассал сўзлаб, касал ётган бахтсизлар ҳақида ҳам гапирди. Пруссак туфайли йўлдан қолиб бу ерда ўтиришганида, эҳтимол, булар жонига ора кириши мумкин бўлган қанчаю-қанча француз ўлиб кетар! Унинг касби аскарларни даволаш эди, у Қримга, Италияга ва Австрияга борган, у ўз сафарларидан гапирар экан, ўзини гўё фақат аскар кетидан боришга, жанг қизиб турган чоқда ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқишга ва бир оғиз сўз билан ўжар жангчини ҳар қандай бошлиқдан афзалроқ бўйсундиришга қодир, эпчил ва жанговар монах аёллардан қилиб кўрсатди. Бу ҳақиқий шаддот ҳамшира эди. Унинг бениҳоят чўтир юзи уруш харобаларини эслатарди.
Унинг сўзи кор қилгандай туюлиб, ундан кейин бошқа ҳеч ким лом демади.
Овқат тамом бўлиши биланоқ ҳамма уй-уйига тарқалди ва эртасига эрталаб анча кеч чиқди.
Нонушта тинч ўтди. Кеча сепилган уруғлар униб чиқиб, ҳосил беришини кутишмоқда эди.
Чошгоҳ пайтпда графиня айланиб келишни таклиф қилди, шунда граф, олддан келишиб қўйилган маслаҳатга кўра, Дўндиқни қўлтиқлаб бошқалардан кейинроқда юрди.
У, Дўндиққа обрўли эркаклар бузуқ хотинларга менсимай қиладиган бетакаллуф муомала қилиб, ўзининг ижтимоий табақаси даражасида туриб, кеккайган ҳолда, уни «қизгинам» деб гап бошлади ва тўғридан-тўғри мақсадга ўта қолди.
— Шундай қилиб, борди-ю прусс армияси енгилиб қолгудай бўлса бизларни ҳам, ўзингизни ҳам хавф-хатарлар остида қолдириб, ҳаётингизда шунча марта йўл қўйиб келган ишингизга яна бир марта йўл қўймаслик билан бизни шу ерда тутиб турмоқчимисиз? — деди.
Дўндиқ жавоб бермади.
У Дўндиққа ширин сўзлар, далиллар ва туйғу билан таъсир этмоқда эди. У «граф»лик даражасида тургани ҳолда хушмуомала бўлиб, йўлдан оздирувчи ширин сўзлар айтиб хушомад қила билди. У Дўндиқнинг қўлидан келадиган хизматни кўкларга кўтарди, ундан нақадар миннатдор бўлишларини айтди, кейин тўсатдан хушчақчақлик билан сенсираб:
— Билсанг, азизим, у ватанида кам топиладиган гўзал қизнинг қўлини ушлагани учун мақтанса ҳам арзийди-да,— деди.
Дўндиқ индамади, бошқаларга етиб олди.
Уйга келганларидан сўнг Дўндиқ дарҳол ўз уйига кириб кетди-ю, қайтиб чиқмади. Ҳамманинг тоқати тоқ бўлди. У қандай қарорга келар экан? Агар қаттиқ туриб олса — иш хароб!
Овқат вақти бўлди, уни кутишлари беҳудага чиқди. Ниҳоят, Фоланви жаноблари кириб келиб, Руссе хонимнинг тоби қочиб қолди, овқатни ўзларинг еяберишларинг мумкин, деди. Ҳамма «нима гап бўлди экан?» деб турарди.
— Кўндими?— деб сўради.
— Ҳа.
У, одоб юзасидан, ҳамроҳларига ҳеч нарса демади-ю, фақат хиёл бош ирғаб қўйди. Ўша он ҳамма енгил тортиб «уф!» деди. Чеҳралар ёришди.
— Тра-ля-ля-ля, агар шу ерда шампанское топилса пулини ўзим тўлайман,— деди Луазо қичқириб.
Саройбон тўртта шиша кўтариб кириб келганда Луазо хонимнинг юраги увишиб кетди. Ҳамма очилиб, шовқин-сурон солди. Юракларга қувонч сиғмас эди. Карре-Ламадон хонимнинг нозанинлигини граф энди пайқагандай бўлди, фабрикант графиняга илтифот қила бошлади. Суҳбат қизиб, жонланиб, аския авж олди.
Луазо тўсатдан чўчиб кетгандай, чеҳраси ўзгарди ва қўлларини кўтариб:
— Жим! — деди.
Ҳамма ҳайрон бўлиб, ҳатто қўрқиб, жим бўлди. Луазо қулоқ солди, қўллари билан «жим туринглар» деб ишора қилдн, шифтга қараб яна тинглаб турди-да, ўзининг одатдаги товуши билан:
— Хотиржамлик, ҳеч гап йўқ,— деди.
Гап нима устидалигини ҳеч ким билдиргиси келмаса ҳам ҳамманинг юзидан табассум кечди.
Чорак соатлардан сўнг Луазо яна ҳалиги ҳазилини қилди ва уни бутун кечбўйи бир неча марта такрорлади, у шифтга қараб, гумашталик вақтида ўрганган аскияларини ишлатиб, иккинчи қаватдаги кимгадир қочириқ қилиб, кинояомуз сўзлар айтарди. Баъзан дили озор тортган одамдай хўрсиниб: «Шўрлик қиз!» дер, ёки ғазаб билан тишини ғижирлатиб: «оҳ, аблаҳ, пруссак» деб қўярди. Бу иш ҳамманинг эсидан чиққандай бўлганда у бир неча бор шифтга қараб титроқ овоз билан: «бас!» «бас!» деб қичқирарди ва ўзича:
— Ишқилиб яна кўрайлик-да, аблаҳнинг қўлидан эсон-омон қутулсин-да! — деб қўярди.
Ҳазиллар жуда ярамас бўлганига қарамай, ҳаммани қизиқтирар ва ҳеч кимни койитмасди, чунки ғазабланиш ҳам барча бошқа нарсалар сингари шароитга боғлиқ, бу ерда ҳозир аста-секин жуда айнима кайфият туғилган эди.
Ичкилик вақтида хотинларнинг ўзлари ҳам анча-мунча ўйноқи ҳазиллар қила бошлашди. Ҳамманинг кўзлари сузилган, кўп ичилган эди. Ҳатто одоб доирасидан четга чиқа бошлаганда ҳам улуғворлигини йўқотмайдиган граф уларнинг ҳолини қутбда қишлашдан қутилганларга, кайфиятини эса, ҳалокатга учраган кемадаги одамларнинг ниҳоят жанубга йўл очилганини кўриб шодланишига ўхшатди, унинг сўзлари ҳаммага маъқул бўлди.
Жуда очилиб кетган Луазо қадаҳ кўтариб ўрнидан турди:
— Халос бўлишимизга, ичамиз!— деди.
Ҳамма ўрнидан туриб, унинг сўзларини қайтарди. Хонимларнинг қистови билан, ҳатто монах хотинлар ҳам бир умр оғизларига олмаган кўпиклик винодан тотиб кўришга рози бўлишди. Улар бу вино лимонадга ўхшаркану фақат ундан ширинроқ экан, дейишди.
Луазо бу гапларга якун ясаб:
— Фортепиано бўлмади-да, кадрилга ўйнаб ташлардик! — деди.
Корнюде бирон оғиз сўз айтмади, бирон ҳаракат ҳам қилмади, у ғамгин хаёлларга чўмган ҳолда узун соқолини ундан ҳам узайтирмоқчи бўлаётгандай онда-сонда тортиб қўярди. Ниҳоят, ярим кечага бориб тарқала бошлаганларида, оёқ устида зўрға турган Луазо бехосдан Корнюденинг қорнига бир уриб қалдираб қолган тили билан:
— Нега бугун машқингиз паст кўринади? Нега индамай ўтирибсиз, гражданин? — деди.
Корнюде шиддат билан бошини кўтарди, кўзларида ўт чақнаб тургани ҳолда, даҳшатли назар билан ҳаммага бир қур қараб олгач:
— Билсангиз, ҳаммангиз ҳам аблаҳлик қилдингиз! — деди.
У ўрнидан туриб эшик ёнига борди, яна бир қайта «ҳа, аблаҳлик!» деди-да, чиқиб кетди.
Аввалига ҳамма хижолат бўлди. Шошиб қолган Луазо анграйиб турарди, кейин ўзининг худбин ҳолига қайтди ва тўсатдан:
— Узум ғўр, биродар, ғўр! — дея, қаҳқаҳ уриб кулди. Бу гапга ҳеч ким тушунмаганлигидан у «йўлак сирларини» гапириб берди. Қаттиқ кулги кўтарилди. Хонимлар хахолаб тўполон қилишди. Граф билан Карре-Ламадон жаноблари қотиб-қотиб кулишди, уларга бу, ақлга тўғри келмайдиган ишдек туюлди.
— Ростдан-а? Шундай қилдими-а?
— Айтяпман-ку, ўзим кўрдим.
— У унамадими?..
— Қўшни уйда пруссак бор эди-да.
— Бўлмаган гап!
— Азбаройи худо!
Граф кулгидан энтикарди. Фабрикант икки қўли билан қорнини ушлаб қолди. Луазо гапида давом этди:
— Албатта бугун унинг юрагига кулги сиғмайди-да.
Уччаласи яна ичаги узилгунча, кўзларидан ёш чиққунча қотиб-қотиб кулишди.
Шундан кейин тарқалишди. Бироқ ичи қора Луазо хоним ўринга ётар чоғида эрига: «Карре-Ламадоннинг заҳар хотини бугун оқшом ўлганининг кунидан кулиб ўтирди», деди.
— Биласанми, агар хотин киши мундирни кўрганда эс-ҳушидан айриладиган бўлса, унинг учун барибир: француз кийганми, пруссак кийганми!.. Махлуқ-да! Ўзинг кечир, тангрим!
Тонг отгунча қоронғи йўлакда заиф шилдирашлар, шарпалар, хўрсинишлар, ялангоёқ қўйилган енгил одим товушлари, қулоқ илғар-илғамас ғичир-ғичирлар эшитилиб турди. Саройга тушганлар шубҳасиз, жуда кеч уйқуга кетишди, чунки эшиклар тагидан анчагача нозик шуъла тушиб турди. Шампанское ичгандан кейин баъзан шундай бўлади, у уйқуни беҳаловат қилади, дейишади.
Эртасига қиш қуёшининг нури остида кўзларни қамаштириб, қор ялтириб ётарди. Отлар қўшилган дилижон дарвоза олдида кутмоқда эди. Пуштиранг кўзларида қорачиғи нуқтага ўхшаб турган, патлари ҳурпайган бир гала оқ каптарлар олти от оёғи тагида виқор билан юриб, буғ чиқиб турган гўнгни титиб, дон ахтаришмоқда эди.
Пўстинига ўралиб олган кучер араванинг олдида ўтириб мунштугини чекар, чиройи очилган йўловчилар йўлга олган овқатларини шошиб-пишиб аравага ортишмоқда эди.
Дўндиқнигина кутиб туришганди. Ниҳоят, у ҳам кўринди.
У ҳаяжон ва хижолат ичида тортинибгина ҳамроҳларининг ёнига борди. Лекин улар, гўё унинг келганини пайқамагандай баравар тескари ўгирилиб олишди. Граф обрў сақлаб, ифлос тегмасин дегандай қилиб, хотинининг қўлтиғидан олиб, четроққа тортди.
Дўндиқ ҳайрон бўлиб тўхтаб қолди, кейин ўзини ўнглаб олиб, фабрикантнинг хотини ёнига борди ва бўйнини қисиб:
— Эсонмисиз, хоним,— деди.
У таҳқирланган одам сингари аста назар ташлади ва такаббурлик билан хиёл бош ирғаб қўйди. Ҳаммаси ўзини бирон иш билан қаттиқ банддек кўрсатар ва гўё Дўндиқ этагига ифлос бир нарса илаштириб келгандай ундан мумкин қадар қочишарди. Кейин ҳамма дилижонга чиқа бошлади. Дўндиқ эса энг кейин чиқди ва индамасдан аввалги жойига бориб ўтирди.
Гўё уни энди танимаётгандай ва пайқамаётгандай кўринишарди, Луазо хонимгина унга узоқдан ғазаб билан бир қараб қўйгач, эрига шивирлаб:
— Ундан узоқда ўтиришим қандай бахт-а,— деди. Оғир арава қўзғалди. Яна сафар бошланди.
Бошда ҳамма индамай ўтирди. Дўндиқ бош кўтара олмас эди. Унинг ҳам ёнида ўтирганларга ғазаби келар, ҳам ўзини пруссакнинг қучоғига итарган шу мунофиқ кишиларнинг гапига кириб унга бўса бериш билан тубанлашгандек ҳис қиларди.
Лекин тездан графиня, Карре-Ламадон хонимга қараб қилган муомаласи билан ҳаммага малол келаётган сукутни бузди:
— Сиз, д’Этрель хоним билан таниш бўлсангиз керак?
— Ҳа, ўртоқмиз.
— Жуда гўзал хотин-а!
— Ажойиб дилбар-да! Чиндан ҳам нодир зот-да, бунинг устига ўқимишли, табиатан нафосат эгаси, жуда яхши ашула айтади ва жуда ажойиб расмлар чизади.
Фабрикант граф билан суҳбатлашарди. Дилижон деразаларининг шақир-шуқури орасида баъзан: «купон — тўлаш — даромад — муддатида» деган сўзлар эшитиларди.
Тоза артилмаган столда беш йилдан бери ўйналавериб мой босиб кетган эски картани меҳмонхонадан ўғирлаб олган Луазо хотини билан Безик ўйинини бошлади.
Монах аёллар белларида осилиб турган узун тасбиҳларини қўлга олишди, баравар чўқинишди ва бирдан лаблари чаққон қимирлаб, гўё ким тез айтишга мусобақа қилаётгандай, англаб бўлмайдиган дуони тез-тез ўқий бошлашди: дам-бадам санамни ўпиб, яна чўқинишар, яна шошиб узлуксиз пичирлашарди.
Корнюде хаёлга ботиб, қимирламай ўтирарди.
Уч соат йўл босганларидан кейин Луазо карталарни йиғиштириб:
— Оақатланиб олсак чакки бўлмас,— деди.
Шунда хотини каноп билан боғланган тугунни ечиб, унинг ичидан бир бўлак яхна гўшт олди, яхшилаб япроқлаб тўғради ва эр-хотин ея бошлашди.
— Биз ҳам бошлаймизми?— деб сўради графиня. Эри хўп дегандан кейин икки кишига атаб олинган овқатни очди. Ичида қуён гўшти борлигига ишора қилиб, қопқоғига қуён сурати солинган чўзинчоқ чинни идишдан овқат: бошқа хил гўштлардан қилинган, қиймалар қўшилган жигарранг парранда гўшти устида узун-узун бўлиб ёғи қотиб қолган, суви қочирилмай ҳозирланган яхна эди. Ўроғлик газетадан очиб олинган, ёғи юзига тепиб, ялтираб турган яхши пишлоқ устида «ҳодиса» деган ёзув кўзга чалинарди.
Монах аёллар саримсоқ ҳиди келиб турган бутун бир колбасани олишди. Корнюде эса қўлларини кенг пальтосининг чуқур чўнтакларига баравар тиқиб, биттасидан тўртта пишган тухум, бошқасидан бўлка ноннинг қирғоғини олди. У тухумни арчиб, пўчоғини оёғи тагидаги похолга ташлади ва ея бошлади. Тухумнинг сариғидан тўкилган оч сариқ ушоқлар унинг узун соқолида юлдузга ўхшаб турарди.
Дўндиқ эрталаб турганида шошиб қолганидан ҳеч нарса ололмаганди. Энди бемалол кавшаётган бу одамларга қараб, алам қилиб бўғила бошлади. Бошда жуда тутоқиб кетди, аччиқ устида оғзига келганини тўкиб солмоқчи бўлди, лекин ғазаби бўғзига тиқилиб гапира олмади.
Ҳеч ким унга қарамас, ҳеч ким унинг тўғрисида ўйламас эди. Назарида, уни қурбон қилиб, кейин кераксиз ифлос латта сингари улоқтириб ташлаган бу ҳалол муттаҳамларнинг нафрати савалаб бораётгандай эди. Шунда ҳалигилар очкўзлик билан еб битирган турли-туман мазали овқатларга лиқ тўла савати, иккита жўжаси, сомсалари, ноклари ва тўрт шиша бордо виноси ёдига тушди. У таранг қилиб тортилиб, сўнг узилиб кетган тордай, тўсатдан жаҳлидан тушди, хўрлиги келиб йиғлаб юборай деди. Ёш болалардек ёшини ютиб, ўзини босиб олишга уринди, лекин киприкларида тўлиб-тошиб ёш ялтиради, тездан икки томчиси юзларидан аста юмалаб тушди, унинг кетидан бошқалари худди тик жардан оқиб тушаётган сув томчилари сингари кўтарилиб турган кўкрагига туша бошлади. Дўндиқ ўзига ҳеч ким эътибор қилмаслигига ишонгани ҳолда ҳаракатсиз, ранги ўчган, қоматини ростлаб, бир нуқтага тикилганича ўтирарди.
Лекин, графиня унинг кўз ёшларини кўриб қолди ва ишора билан эрига кўрсатди. У «қандай қилай, менда нима айб» дегандай елкаларини қисиб қўйди. Луазо хоним аста бўлса ҳам, лекин ажаб бўлди дегандай кулиб:
— Ўзининг расволигига йиғлаяпти,— деб пичирлади.
Монах аёллар ортган колбасини қоғозга ўраб қўйиб, яна ибодат қила бошлашди.
Шунда Корнюде еган тухумларини ҳазм қиларкан, узун оёқларини қаршисидаги скамейка тагига тиқиб, орқага ташланди, қўлларини қовуштириб, гўё ғалати нарса ўйлаб топгандай илжайиб қўйди ва ҳуштак чалиб «Марсельеза»ни айта бошлади.
Ҳамманинг қовоғи солинди. Бу халқ қўшиғини ҳамроҳлар хушламаса керак. Улар асабийлашиб, ғазабланиб, шарманка товушини эшитаётган ит сингари улиб юборгудай бўлишди.
Корнюде буни сезиб, ҳадеб ҳуштагини чалаверди.
Ҳатто баъзи-баъзида:

Ватан муҳаббати муқаддас!
Ўч олиш амр этсин руҳингда,
Олиб бор эй, азиз озодлик,
Ўз хомийларингни жангга!..

деган сўзларни ҳам қўшиб қўярди.
Энди арава тезроқ юрмоқда, чунки қор босилиб қолган эди. Узундан-узоқ, неча соатлик, ўнқир-чўнқир кўнгилсиз йўлбўйи бениҳоя тарақа-туруқ ичида, шом қоронғусида, зулмат қучоғида то Дъеппга етгунча у ўзининг ўжарлик билан, жон отиб чалаётган бир хилдаги ўч олувчи ҳуштагини тўхтатмади, чарчаган, асабийлашган йўловчиларни ашулага қулоқ солиб, оҳангга мос келадиган сўзларни хотирлатишга ва уларнинг ҳар бирини оҳангга жўр қилишга мажбур этиб борарди.
Дўндиқ ҳамон йиғларди, гоҳ-гоҳида қоронғида, ҳар икки мисра орасида унинг ўзини тута олмаган чоғидаги ҳўнгир-ҳўнгир йиғиси эшитиларди.

Зумрад Орифжонова таржимаси
_____________________
* Префектура — маҳаллий маҳкама.
* Сўз ўйини: I ouseau vole — қуш учди; Iosean vole — Лаузо ўғирлайди.
* «Pater», «Ave» — католикларнинг дуосн.
* 1870 йил, 4 сентябрь — иккинчи империяни қулатиб, учинчи республика тикланган кун.
* Франкмасон — диний-фалсафий жамият, аристократлардан тузилган.
* Лье — эскирган, французча узунлик ўлчови, 4,5 км га тўғри келади.
* Желе — суяк, гўшт узоқ қайнатилганда ҳосил бўладиган қуюқлик.
* Тантал кўргилиги — Қадимги грек подшоси Фриги Тантал худоларни зиёфат қиламан деб ўғлини сўйгани учун абадий очлик ва ташналикка маҳкум этилган.
* Рубикон — Италияда ҳозирги Пизателло дарёсининг қадимги номи. Бу дарё Франция билан Италия чегарасида. Бу ерда Рим саркардаси ўз аскарларига кўп сабабларга кўра Рубикондан ўтишни маън қилган, шундай бўлса ҳам Римнинг машҳур саркардаси Юлий Цезарь ҳукуматни қўлга олишга интилиб, Рубикондан ўтган ва гражданлар урушини бошлаб юборган. «Рубикондан ўтиш» — умуман бир ишни қилишга узил-кесил қарор бериш маъносида.
* Баденге — Наполеон III нинг мазахли лақаби. У ўзининг сиёсий фирибгарлигидан сўнг шу ном билан яшириниб юрган.
* Сидр — олмадан тайёрланган ичкилик.
* Деншик — ҳарбий амалдорларнинг хизматкор ўрнидаги кишиси.
* Орлеан — Монархия партиясига маисуб бўлган. Бурбонлар (кичик) сулоласининг тарафдорларидан.
* Валиаҳд — Шаҳзода Эжен-Луи (1856—1879) — Наполеон III нинг ўғли.
* Визит карточкаси — ном ва унвонлари ёзилган қоғоз.
* «Ўттиз бир» — карта ўйини.
* Гоголь-моголь — тухум сариғи ва шакардан қилинган овқат.
* Библияда ривоят қилинишича, яҳудий қизи Юдифъ ўз ҳуснига мафтун бўлган душман саркардаси Олофернанни ўлдириб халқини халос қилган экан.
* Қадимий яҳудий ривоятларида айтилишича, римлик Лукреция деган қиз, шоҳ ўғли Секст бадном қилгандан кейин ўзини-ўзи ўлдирган экан.
* Клеопатра — миср шоҳининг қизи.
* Ганнибал — римликлар билан жанг олиб борган корфагенлик саркарда, милоддан олдинги иккинчи асрда яшаган.
* Авраам — Иброҳим пайғамбар.
* Авлиё Никифор — монастирнинг номи.