Исроил солдатлари бизни Рамле-Қундуз йўлининг икки тарафи бўйлаб сафга тизиб, «Қўллар кўтарилсин!» дея буюрдилар. Кун ниҳоятда иссиқ, гўё қуёш осмондан кўзга кўринмас олов сели ёғдириб, бутун ер юзидаги мавжудотнинг кулини кўкка совуришга чоғлангандек эди. Онам гавдаси билан мени офтобнинг жазирама тиғидан пана қилмоқчи бўлаётганини пайқаб қолган солдатлардан бири тепамизга келиб роса ваҳшат солди-да, мени саф олдига чиқишимни, сўнг эса тупроқ тиззага урадиган кўчанинг қоқ ўртасида иккала қўлимни кўтарганча бир оёқлаб туришимни буюрди.
Ўшанда тўққиз яшар пайтим эди. Бундан тўрт соатгина илгари исроилликлар Рамлени ишғол қилишган, мен бу воқеанинг гувоҳи бўлган эдим. Солдатлар шу заҳоти талончиликни бошлаб юборганларини ҳам ўз кўзим билан кўрдим. Улар ҳатто кампирлар ва ёш-ёш қизчаларнинг арзимас тақинчоқларини ҳам тортиб ола бошладилар. Талончилар орасида баданлари офтобда қорайиб кетган солдат аёллар ҳам бор эди. Улар очкўзликда бошқа шерикларига дарс берадиган даражада бешафқат эдилар. Онам мендан кўз узмай унсиз йиғлар, мен эса ҳозироқ бориб онамни юпатгим, «Йиғламанг, ойи, ҳаммаси жойида, иссиқдан ҳам хавотирланманг — дош бера оламан!», дея тасалли бергим келар эди.
Ахир мен энди онамнинг кўзининг оқу қораси, яккаю ёлғиз фарзандиман. Отам ўлган, катта акамни босқинчилар Рамлега кириб келган заҳоти қўлга олган эдилар. Онамнинг ягона суянчиғи бўлиб қолганимни у пайтда тўла англаб етмас эдим. Ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қилолмайман: Дамашққа кўчганимиздан кейин онам менсиз қандай кун кечирарди? Мен бўлмаганимда, ким тонгги газеталарни сотиб чойчақа ишларди, ким автобус бекатларида томоғини йиртиб бир бурда нон топарди?!
Шафқатсиз қуёш оташи аёллару қари-қартангларнинг чидам-бардошининг сўнгги зарраларини эритиб юборди. Ҳар томондан жон аччиғидаги норози товушлар эшитила бошлади. Ҳозир мен бир пайтлар Рамленинг тангу тор кўчаларини тўлдириб юрган, энди эса ночор аҳволи билан кўнглимда ҳадсиз раҳм-шафқат уйғотаётган одамларга унсиз термилиб турардим. Лекин… ҳарбий кийимдаги бир аёл бориб Абу Усмон амакининг соқолидан тортқилаб-тортқилаб калака қила бошлаганда қай ҳолатга тушганим… йўқ, буни ҳеч қандай сўз билан ифодалай олмайман.
Асли Абу Усмон амаки менинг туғишган амаким ҳам эмас. У бир фақир одам, касби сартарош, Рамледа табиблик ҳам қилади. Болалар уни жуда яхши кўришганидан «Амаки», деб чақиришади.
У кичик қизи — жажжи Фотимани маҳкам бағрига босганча тек қотган, қизча эса қўрқувдан катта-катта очилган кўзларини жавдиратганча бегона аёлга қараб турар эди.
— Сенинг қизингми?! — деб ўшқирди солдат аёл.
Абу Усмон амаки қўрқа-писа бош ирғади — кўзларида хавотир аломати акс этган эди. Шу пайт одамлар аро изғиб юрган девқомат бир солдат Абу Усмон амакини мендан тўсиб қўйдию кейин нима бўлганини кўрмай қолдим. Уч марта қисқа-қисқа отилган ўқ товушини эшитдим, холос. Сўнг… Абу Усмон амакининг даҳшатдан буришиб кетган қиёфасига кўзим тушди. Фотиманинг боши унинг қўлида осилиб қолган, қизчанинг тимқора сочлари орасидан сизиб чиққан қон қайноқ тупроққа томчилар эди.
Абу Усмон амаки, нигоҳлари шуурсиз, қалт-қалт титраётган қўлларида Фотиманинг офтобда куйган танасини кўтарганча ёнимдан жимгина ўтиб кетди. Одамлар қатори оралаб, то қадрдон торгина кўчасига бурилиб кетмагунча унинг дол букилган қоматидан кўз узмай туравердим. Абу Усмон амакининг хотини эса ерда, тупроқ билан бир бўлиб, бошини чангаллаганча ўқтин-ўқтин бўзлаб ўтирарди. Исроил солдати унинг олдига яқинлашиб, қўли билан аёлга ўрнидан туришни буюрди. Аёл қимир этмади. Солдат қутуриб, шахд билан уни тепиб юборди. Аёл, бир зумда оғзи-бурни қора қонга тўлиб, чалқанчасига ағдарилиб тушди. Ҳаммаси худди ҳозиргидек кўз ўнгимда: солдат аёлнинг кўкрагига автоматнинг учини тиради-да… шартта отиб ташлади. Кейин бирдан мен томонга ўгирилдию ваҳшиёна қичқирганча бир оёғимни кўтаришимни буюрди: азбаройи қўрққанимдан мен беихтиёр иккинчи оёғимни ҳам ерга қўйган эканман… Дарҳол буйруқни бажардим, шундай бўлса ҳам солдат башарамга икки шапалоқ тортиб юборди ва қон бўлган кафтини кўйлагимга артди.
Ҳушимдан айрилиб, умбалоқ ошиб тушишимга сал қолди. Кўз қирим билан онамни излаб топдим — онам, қўллари тепага кўтарилган, сон-саноқсиз аёллар орасида турар эди. Юз-кўзидан тирқираб ёш оқаётганига қарамай, у менга жилмайиб қарашга уринарди. Оёғим увишиб, бутун аъзойи баданимга титроқ кирган бўлса-да, мен ҳам онамга кулимсираб боқишга тиришдим. Ҳозир шартта онажонимнинг қучоғига отилгим, ҳеч қаерим оғримаётганини, кўз ёшидан фойда йўқ эканини, аксинча, Абу Усмон амаки сингари матонатли бўлиш лозимлигини айтгим келарди.
Бирпасдан кейин Абу Усмон амаки қайтиб келдию хаёлларим бўлинди. Чамаси, у аллақачон Фотимани кўмиб бўлган эди. У ҳеч кимга эътибор бермай келар, менинг ич-этимни эса бошқа бир нарса тирнар эди: ахир, бечоранинг бошига яна бир кўргилик тушди-ку; ахир, хотинини ҳам отиб ташлашди-ку! Абу Усмон амаки боя ўзи турган жойга бориб тўхтади. Менга унинг фақат букчайган, тердан жиққа ҳўл бўлиб кетган елкасигина кўриниб турарди. У аста эгилди, хотинининг жасадини ердан кўтарди.
Иероилликлар бостириб келмасдан бурун мен бу аёлни неча марта сартарошхона олдидаги супачада ўтирганини кўрганман! У доим дўкон ичкарисидаги эрининг овқатланиб бўлишини ҳамда идиш-товоқнинг бўшашини жимгина кутиб ўтирарди.
Мана, Абу Усмон амаки шу билан учинчи марта ёнимдан ўтди: энтикиб нафас олади, ажин босган юзларида реза-реза тер томчилари…
Оломон ўкириб юборишдан ўзини зўрға тийиб турарди. Аёллар ва қариялар оғир сукутга чўмишган. Рамлеликлар Абу Усмон амакини яхши кўришар, ҳурмат қилишар эди. Ўзиям оғиркарвон, меҳнаткаш инсон-да! Фаластин уруши бошланганида у бор-шудини сотиб, пулига қурол-яроғ сотиб олган ва юртдошларим бу муқаддас курашда ўз бурчларини адо эта олсинлар, деб уларга тарқатган эди. Сартарошхона ҳам ўшанда ўқ-дори омборига айланди-қолди. Лекин бунинг эвазига у ҳеч кимдан бирон нима кутмаган, таъма қилмаган эди. Унинг ягона тилаги шу эди: куни битиб ўлса, жасади Рамленинг салқин қабристонига қўйилса… Бутун Рамле аҳолиси унинг бу ниятидан бохабар эди.
Аста онамга тикилдим: у ҳамон қўлларини кўтарганча бутун вужуди кўзга айланиб Абу Усмон амакини кузатиб турарди. Амаки бир исроил солдатининг қаршисига келди-да, сартарошхона томонни кўрсатиб нимадир деди. Сўнг дўкончасига кириб кетди, сал ўтмай қўлида оқ чойшаб билан қайтиб чиқди. Хотинининг жасадини чойшабга ўраб, қабристон тарафга йўл олди.
Кейин у яна саф олдида пайдо бўлди: қадамлари оғир, қўллари икки ёнида шалвираган… У гўё бирданига кичрайиб кетгандек эди, кийимида қон доғлари; секин-секин одим ташлаб менга яқинлашди ва шундай назар ташладики, гўё мени кўчанинг қоқ ўртасида, қуёшнинг жазирама тиғи остида чангга, терга ботган, оғзи-бурним қонга беланган ҳолда турганимни эндигина кўраётгандек эди. Унинг бу қарашида ўша пайтда мен англаб етмаган аллақандай ғалати ифода бор эди… У яна аввалги жойига қайтди-да, бошқаларга ўхшаб қўлларини юқори кўтарди.
Лекин қишлоғимиз одамларига Абу Усмон амакининг истагини амалга ошириш насиб этмади: уни сўроқ қилиш учун исроил комендатурасига олиб кетдилар, орадан кўп ўтмай оломон у ёқдан кучли портлаш овозини эшитди, бинонинг ер билан яксон бўлганини кўрди. Абу Усмон амакининг жасади ўша бинонинг харобалари остидан ўзига абадий макон топди.
Биз онам иккимиз Рамледан бош олиб кетдик. Иорданияга ўтаётганимизда, тоғда бир янги хабарни эшитдик: Абу Усмон амаки ўшанда дўконига кирганида у ердан фақат чойшабнигина олиб чиқмаган экан…
Русчадан Нормурод Норқобилов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1983 йил, 10-сон.