Гао Синьцзян. Адабиётнинг яшаш ҳуқуқи (Нобель маърузаси)

Бу минбарга мени тақдир етаклаб келдими ё бошқа нарсами, билмайман. Бироқ бунга ёрдам берган омадли онлар ҳақида гапириш учун “тақдир”дан бошқа сўзни билмайман. Худонинг бор-йўқлиги масаласини қўя турайлик. Жавоби менга қоронғу бўлган бу саволни, қачон бўлмасин, менга беришса, гарчи ўзимни фахрий ҳисобласам-да, чексиз ҳурмат ҳисси кўкракларимдан тошиб чиқади.

Одам ҳеч қачон Худонинг ўрнига ўтмайди, илоҳий мавжудотга ҳам айланолмайди. Ўта қудратли инсон бошқарадиган дунё муқаррар тартибсизликка учрайди, жуда оғир бахтсизликлар рўй беради. Ницше вафот этгандан кейинги юз йил давомида одамлар келтириб чиқарган ҳалокатлар инсоният тарихининг энг қора саҳифалари бўлиб қолди. Бироқ ўзига ўзи маҳлиё бўлган бу файласуфнинг ақлга тўғри келмайдиган фикрларини, халқнинг доҳийси, давлат раҳбари, миллат етакчиси, деб улуғланадиган ўта қудратли турфа шахслар ҳеч ўйламасдан қилган шафқатсизликлари билан тенглаштириб бўлмайди.

Сиёсат ва тарих ҳақида беҳуда фикрлар айтиб, бу адабий анжуманнинг эътиборини суиистеъмол қилмоқчи эмасман. Шунчаки, бир ёзувчи ва шахс сифатида имкониятдан фойдаланиб қолмоқчиман, холос.

Ёзувчи – жуда ўзига хос, нозик табиатли одам … ўта таъсирчан одамлар эса, кўпинча, бошқаларга қараганда ожизроқ бўлишади. Агар ёзувчи халқнинг жарчиси бўлмаса, адолат тимсоли сифатида чиқмаса, демак, унинг овози ожиз. Дарҳақиқат, алоҳида битта одамнинг овози бошқаларга қараганда ҳақиқатга яқин бўлиб чиқади. Айни, шу фикрни бу ерда айтишни мақсад қилиб қўйдим: адабиёт – битта одамнинг овози ва доим шундай бўлиб келган. Ватан мадҳияларига, миллат байроқлари, қандайдир сиёсий партия ёки маълум ижтимоий синф ёки гуруҳ овозига айланиб қолган адабиёт ўзининг ҳақиқий руҳини йўқотади. Ҳатто у ҳамма воситалар ёрдамида тантаналар билан дунёга тарқалганда ҳам яшаб қолиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва ҳокимият ёки айрим манфаатлар қўлидаги қурол даражасигача пастлашиб кетади.

Ўз ниҳоясига етган асрда адабиёт мана шундай бахтсизликка йўлиқди. ХХ асрдаги сиёсат ва ҳокимиятнинг тамғаси адабиётга шундай азоблар бердики, ўтмишда бунақаси ҳеч бўлмаган. Бу асрда ёзувчилар дуч келган таъқиблар ва қувғинлар ҳам даҳшатли эди.

Агар адабиёт – адабиёт бўлиб қолиш ҳуқуқини сақлаб қолмоқчи ва сиёсий қуролга айланишдан қутулмоқчи бўлса, у яна айрим одамнинг овози бўлиши керак, чунки у аввало бир одамнинг ҳислари ва ташвишларидан дунёга келади. Адабиёт сиёсатдан буткул узилиши керак, демоқчи эмасман. Бундай тасаввур, адабиёт сиёсий бўлиши керак, деган таъкид сингари бадиий асарларда “анъаналар” ҳақида, ёзувчи қандайдир сиёсий қарашларни ифодалайдими, йўқми, деган музокараларни бошлаб берди. Бу мунозара ўтган аср адабиётида оғир излар қолдирди. Мунозара билан боғлиқ анъаналар ва янгиланиш ёки консерватизм билан инқилоб ўртасидаги зиддиятлар, адабиёт, илғор кайфиятли ва реакцион сиёсатлардан биттасини танлаш ҳақидаги муҳокамалар майдонига айланиб қолишига кўмак берди. Айнан шу дақиқада мафкура биринчи марта адабиётга аралашди. Мафкура ҳокимият билан бирлашиб, сезиларли таъсир ўтказа бошлагач, бу, адабиётда ҳам, алоҳида ёзувчи ижодида ҳам ҳалокатли даражада акс этди.

ХХ аср хитой адабиёти мана шунақа бирёқлама, ожиз бўлиб қолишига ва ниҳоят, назаримда, ўсал ҳолга келишига сиёсатга буткул боғланиб қолиш сабаб бўлди: инқилоб адабиёти ва инқилобий мафкура, умуман, адабиётни ҳам, алоҳида ёзувчини ҳам кундага олиб келди. Инқилоб номи билан Хитойнинг анъанавий маданиятига ҳужумлар китобларни тақиқлашга, уларни оммавий тарзда ёқишларга айланиб кетди. Бу юз йилликда қатл қилинган, қамоқларга ташланган ёзувчилар шунчалик кўпки, санаб чиқишга имкон йўқ. Хитойнинг бутун тарихи давомида, императорлар ҳукм сурган даврларда ҳам ҳукмдорлар бунақа таъқиблар, чекловларни жорий қилмаган эди. Бундай аҳвол хитой адабиёти учун чексиз қийинчиликлар туғдирди. Ёзувчининг яратувчилик фаолиятга берилиш эркинлиги буткул чеклаб қўйилди.

Эркин фикр юритишни истаган ёзувчи ё сукут сақлашга, ёки узоқларга чекинишга мажбур эди. Ўз фикрларини қоғозга туширишни истаган ёзувчини сукут сақлашга мажбур этиш, ўз жонига ўзи қасд этиш билан баробар. Бу даражага бормаслик учун ва яна, тақиқланганлар рўйхатига тушмаслик учун, ёзувчи, агар овозимни бошқалар эшитсин, деса, узоқларга чекинишга мажбур эди. Шарқ ёки Ғарб тарихга назар солсак, доим шундай бўлиб келганини кўрамиз. Бунга мисоллар кўп: Хитойнинг қадимий шоири Цюй Юань, Данте, Жойс, Томас Манн, Солженицин ва 1989 йили Тянаньминь майдонида бўлган қирғиндан кейин чекка-чекка жойларга қочиб кетган хитойлик қатор зиёлилар. Ўз овозини оғишмай ҳимоя қиладиган ҳар бир шоир ва ёзувчининг тақдири шундай бўлди.

Мао Цзедун мутлақ диктатура сиёсатини ўтказган ўн йиллар давомида ташқи дунёдан муҳофазаланиб туришни-да иложи бўлмади. Феодализм даврида тоғли ўлкалардаги ўзгача фикрлайдиган талабаларга бошпана берган монастирлар ва бутхоналар ер билан яксон қилинди, ёзувчилик фаолияти билан пинҳона шуғулланганлар эса, ҳаётини хатарга қўйди. Мустақил тарзда фикр юритиш қобилиятини сақлаб қолишни истаган одам фақат ўз-ўзи билан гаплашиши ва шунда ҳам мутлақ сир сақлаши керак эди. Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни хоҳлардим: ёзиш имкониятимни йўқотганимда адабиёт қанчалик зарур нарса эканлигини ҳис қилдим. Айнан, адабиёт, одам ўз онгини сақлаб қолишига имкон берар экан.

Одам ўзи билан ўзи гаплашишини адабиётнинг чашмаси деса бўлади. Бошқалар билан тил ёрдамида мулоқот қилиш эса иккинчи даражали аҳамиятга эга. Одамнинг фикрлари ва тажрибаси тилида мужассам бўлгандагина, уларни ёзади, ана шулар адабиётга айланади. Шу иш содир бўлаётганда ёзувчи ёзаётганининг фойдаси ёки у қачондир матбуот юзини кўриши ҳақида заррача ҳам ўйламайди. У ёзишга берилиб кетишига сабаб, айтаётган гаплари унга катта қувонч, қониқиш ва овуниш келтираётганидадир. Ўзимнинг энг катта романим “Мўъжизакор тоғлар”ни олдинги асарларим, уларни шахсий назоратимдан ўтказганимга қарамай, таъқибга учраганимдан кейин ёза бошладим.

Бу романни ўзим учун, эълон этилишига умид қилмаган ҳолда, ёлғизлик ҳиссини енгиш учун ёзгандим.

Ўтмишимга назар ташлаб, ёзувчилик ишларимни мулоҳаза қилиб, шуни таъкидлагим келадики, ёзишдан энг асосий мақсад – ўзини намоён қилиш имконияти экан. Асар босилиб чиқадими ва у ўқувчиларда қандай таассурот уйғотади, буларга фақат келажак жавоб бера олади.

Адабиёт, ёзувчи ўз-ўзини хурсанд қилиш эҳтиёжидан туғилади, деб ҳисоблайман. Асарни ўқувчилар қандай қабул қилиши кейин маълум бўлади, ёзувчининг ўзи бу жараёнга таъсир ўтказа олмайди. Жаҳон адабиётидаги кўплаб ўлмас асарлар, муаллифлари ҳаётлик чоғида босилмаган. Бу ёзувчилар ижод жараёнида ўз қадр-қимматларини англаб етмаганларида ёзишни давом эттирган бўла олармидилар? Хитой адабиёти тарихидан ўрин олган йирик романлар – “Ғарбга йўл”, “Дарё қўлтиғи”, “Олтин вазадаги олхўри гули ёки Цзин, Пин, Мэй”, “Қизил болохонадаги туш” ни тўрт санъаткор ёзган, уларнинг тақдири Шекспирники сингари жумбоқ. Сақланиб қолган бирдан-бир ҳужжат – Найан Шининг (у “Дарё қўлтиғи” нинг муаллифи деб тахмин қилинади) автобиографик эссеси. У айтганидек, ўзидан-ўзи мамнун бўлиш учунгина ёзмаганида, қандай қилиб бутун умрини шундай катта, лекин ҳеч қанақа даромад келтирмаган асарни ёзишга сарфлаган бўларди? Шу гап замонавий романнинг даракчиси Кафкага, ХХ асрнинг забардаст шоирларидан бири Фернандо Песоага ҳам тегишли эмасми? Улар тилга мурожаат этганларида, буткул дунёни ўзгартиришни олдиларига мақсад қилиб қўймаган эдилар. Шунга қарамай, улар ўз фикрларини сўзлар билан кийинтирдилар, лекин битта одам қанчалик ожиз эканлигини яхши билардилар. Тилнинг сеҳрли кучи мана шунақа буюк.

Ҳайрон қоларли даражада нозик, сермаъно ва туткич бермайдиган тил – одамзод тамаддунининг ёрқин намояндаси, кристалланишидир. У ҳамма ёққа кириб боради, одамнинг онгини, ҳиссиётларини тешиб ўтиб, дунёни англаш имконини беради. Ёзув ҳам худди шунақа мўъжизаки, у ҳар бир шахс бошқа даврлар ва маданиятларнинг одамлари билан мулоқот қилишига имкон беради. Айнан ёзув, кўриниб турган ўткинчи ҳодисалар билан ўқишни ва адабиётнинг вақтга бўйсунмайдиган қадриятларини боғлаб турувчи бўғин ҳисобланади.

Ўз мамлакатининг маданиятини бўрттириб кўрсатувчи замонавий ёзувчиларга бирмунча шубҳа билан қарайман. Она тилим ва келиб чиқишимга қараганда ўзим ҳам тил билан боғлиқ хитойча маданий муҳит тамғаси остидаман ва шу муҳит менинг онгимни, фикрларим ва уларни ифода этиш тарзимни муайян ҳолда шакллантирган. Бироқ ёзувчининг ижодий жараёни тил бир гапни айтиб бўлиб, ҳали тўла ифодаламаган бошқа гапларини тасвирлашга киришаётган пайтдан бошланади. Тил ёрдамида ижод қиладиган одам, миллатини кўрсатиб турадиган ёрлиқни ўзига ўзи ёпиштириб олишига ҳожат йўқ.

Адабиёт миллий чегараларни билмайди, таржима эса тиллар орасидаги тўсиқларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Адабиёт у ёки бу ижтимоий тузумга хос анъаналарнинг муайян муҳит ва давр одамлари ўртасидаги муносабатларнинг чегараларидан чиқиб кета олсагина, одамнинг табиати, ушбу асарда тасвирланганидек, бутун одамзод учун умумий бўлиб кўринади. Замонавий ёзувчига ўзиникидан бошқа кўп маданиятлар таъсир ўтказгани ҳам шунга боғлиқ. Агар ёзувчи сайёҳлар учун рисолалар ёзишдан ташқари, ўз мамлакатининг маданиятини зўр бериб таъкидлайверса, ўқувчининг кўнглига шубҳа солади.

Алоҳида шахснинг мавжудлиги, қандай бўлмасин, интеллектуал йўналишларга боғлиқ бўлмагани каби, адабиёт ҳам мафкуралар, чегаралар ва миллий тафаккур сарҳадларидан ташқарида туради. Одам яшаётган шароит борлиқ ҳақидаги узундан-узоқ мулоҳаза ва сафсаталардан кўпроқ маълумотларни ўзида мужассам этади. Адабиёт – инсон ҳаётининг оғир шароитларини ҳар тамонлама ва узлуксиз кузатиш ва тасвирлашдан иборат. Адабиётни чеклаш учун бўладиган ҳар қандай уринишлар сиёсий, ижтимоий, ахлоқий ёки анъаналар билан боғлиқ омиллардан келиб чиқади ва ҳаммаси адабиётни ўз қолипларига тушириш, уни фақат безак сифатида хизмат қилдириш учун босим ўтказади. Бироқ адабиёт ҳокимият учун безак ҳам эмас, дунёвий нозик дид белгиси ҳам эмас. Унинг гўзаллик билан боғлиқ ўз мезони бор. Бадиий асарни баҳолашдаги ягона мезон, бу – инсоннинг ҳиссиётларига тўла таянадиган эстетик баҳодир. Бу баҳо турли одамларда турлича бўлади, чунки ҳиссиётлар доимо индивидуал. Шунга қарамасдан, субъектив эстетик баҳолар ичида умумий мезонларни кўриш мумкин.

Одамнинг, муттасил ўқиш натижасида ривожланиб борадиган танқидий фикрлаш қобилияти асардаги шоирона сифатларни, гўзаллик, юксак ғоялар, кулгили эпизодлар, фожиавий воқеалар, таҳайюл, юмор ва кинояни тушуниб етишига ёрдам беради.

Поэзияни ҳис қилиш ёзувчининг ҳиссиётга берилувчанлигидангина бошланмайди. У ўзига чексиз маҳлиё бўлиши – болаларча бир касаллик бўлиб, бошловчи ёзувчи ундан осон қутулмайди. Бундан ташқари, ёзувчининг ортиқча сезгирлиги кўп соҳаларда акс этиб туради. Юқорироқ доираларда сезгирлик узоқдан туриб, эҳтиросга берилмай кузатиш билан тенглашолмайди. Айнан шу – катта масофадан туриб кузатишда поэзияни ҳис қилиш яшириниб ётади. Агар кузатувчининг нигоҳи асар қаҳрамонлари ва муаллифи тепасидан учиб ўтатуриб, ёзувчини ҳам кўра олса, бундай нигоҳ ёзувчининг учинчи кўзи, беғараз нигоҳи бўлади. Шунинг ҳисобига, ҳатто ҳалокатлар ва разолатга кетган ҳар қандай кишилар самимият билан тасвирланиши мумкин. Шундай қилиб, ёзувчи азоб-уқубатларни, ярамас, жирканч воқеаларни тасвирлай туриб, ҳамдардлик, меҳр ва ҳаётга чексиз садоқат ҳисларини уйғотиши мумкин.

Одамнинг ҳисларига илдиз отиб кирган эстетик баҳо, гарчи адабиётдаги мода, санъатдаги каби вақт ўтиши билан ўзгариб туришига қарамай, эскирмайди, чоғи. Шундай бўлса ҳам, ҳар бир онда адабиётга ва модага берилган баҳоларнинг фарқи шу бўладики, модага берилган баҳо фақат янгиликка эътибор қаратади. Мана, шу тамойил бозорнинг муттасил ўзгариб туриши негизида ётади. Китоб бозори ҳам бундан мустасно эмас. Бироқ ёзувчи ўзининг эстетик мезонларини сакраб-сакраб югураётган бозорга мосласа, бу, адабиёт ўз жонига ўзи қасд қилиши билан баробар бўлур эди. Назаримда, бугунги истеъмолчилик жамиятида адабиёт учун муносиб иш – совуққонлик билан кутиш позициясини эгаллашдан иборат.

Ўн йил бурун, етти йиллик меҳнатдан сўнг “Руҳлар тоғи” романимни тугатгач, мен қисқагина эссе ёзиб, ўзимга хуш келган адабиёт ҳақида фикр юритгандим.

Адабиётнинг сиёсат билан ҳеч қанақа иши йўқ ва фақат ёзувчининг шахсий иши ҳисобланади. У ўз фикрларини далиллаш эҳтиёжини қондириши яъни ёзиши учун кузатиш, бошдан кечирганларни эслаш, бир неча бадиий тўқима, турли ҳиссиётлар, муайян бир кайфиятни ифодалаш кифоя қилади.

Ёзувчи ўз-ўзи билан гаплашаётганда ёки ёзаётганда бошқалар, хоҳласалар унга қулоқ тутишлари, хоҳласалар асарини ўқишлари мумкин. Ёзувчи ўз халқининг оташин курашчиси сифатида чиқмайди, у таъзимларга муҳтож эмас. У жиноятчи ҳам эмас, халқ душмани ҳам эмас. Гоҳо ўз асарлари туфайли бир балога йўлиқса, бошқа бировларнинг истаги билан бўлади. Ҳукмдорлар халқнинг эътиборини чалғитиш мақсадида қандайдир душманларни излаб қолишса, ёзувчиларга ёпишиб олишади. Ўзини йўқотиб қўйган баъзи ёзувчилар бунақа қурбон бўлишни ўзлари учун юксак ифтихор санашади.

Аслида, ёзувчи ва ўқувчи бир-бири билан учрашиб, мулоқот қилиши шарт эмас, бу ишни асар орқали, руҳий даражада бажариш кифоя. Бироқ, бадиий ижод каби фаолият муқаррар бир талабни илгари суради: ёзувчи ва ўқувчи ихтиёрий равишда учрашишлари керак. Шунинг учун ҳам адабиётнинг омма олдида ҳеч қанақа мажбурияти йўқ.

Ўзининг ибтидоий руҳига кирган адабиётни “совуқ-объектив” деб атасак, бунга ҳеч нима монелик қилмайди. Унинг яшаш ҳуқуқи шундан иборатки, одамзотни “моддий эҳтиёжларни қондириш” деган мақсад сарҳадларидан четда ётган соф руҳий машғулот билан таъминлайди. Бундай адабиётни яратиш, албатта, кеча ё бугун бошланган эмас. Бироқ у ўтмишда сиёсий ҳокимиятдан ва қадимдан ўрнашиб қолган дунёқарашларнинг босимидан сақланиши лозим бўлган, шу кунларда эса истеъмолчи жамиятнинг тижорий меъёрлари билан курашишига тўғри келаяпти. Бундай адабиёт яшаб қолиш учун ёлғизликка сабот-матонат билан бардош бериши керак.

Ўзини шундай адабиётга бағишлаган ёзувчи тирикчилик қилиши қийин, шунинг учун нонини бошқа йўллар билан топишига тўғри келади. Бундай ёзувчиликни дабдаба, соф руҳий эҳтиёжларни қондиришнинг бир йўли, деб қабул қилиш керак. Ушбу совуқ-объектив адабиёт нашр қилиниши учун ёзувчи дўстларининг мададига суянишига тўғри келади. Бу ўринда Цао Суэцин (“Қизил болохонадаги туш” романи муаллифи) ва Кафка мисол бўла оладилар. Уларнинг асарлари ўзлари ҳаётлик чоғларида босилмади, натижада адабий оқимларни бошлаб беролмадилар ва ёзувчи сифатида юлдуз ҳисобланмадилар. Улар жамиятдан овлоқ жойларда ёки унинг қайсидир пастқамликларида яшадилар ва ишладилар. Мукофотларга умид қилмасдан, эътирофларни изламасдан, ўзларига қувонч бахш этадиган маънавий фаолият билан зўр бериб шуғулландилар.

Совуқ-объектив адабиёт – яшаб қолиш учун беркиниб юрадиган, жамият уни бўғиб ташлашига имкон бермай, маънан бутун қолишга интиладиган адабиёт. Агар қайсидир миллат бундай нафи йўқ адабиётга керакли жой бериш лозим, деб ҳисобламаса, бу нафақат ёзувчи учун зарба, балки ўша миллатнинг ўзига ҳам фожиа бўлиб тушади.

Ҳаётимда омадим юришиб қолгани ва Швеция Академияси мени бу юксак мукофот билан тақдирлагани бутун дунёдаги кўплаб дўстларим асарларимни беғараз ва сабот билан, аввало, тақриз қилганларига, сўнг таржима қилиб нашр этганларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу дўстларимнинг рўйхати жуда катта, мен уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида миннатдорчилик билдиролмайман.

Мен, шунингдек, мени қучоқ очиб қабул қилган Францияга миннатдорчи-лигимни изҳор қиламан. Адабиёт ва санъат гуллаб-яшнаган бу мамлакатда ижод қилишим учун эркинлик берилди, у ерда менинг ўқувчиларим ва тингловчиларим бор. Мен шуғулланаётган фаолият жуда ҳам ёлғизланиб юришни талаб қилишига қарамай, ўзимни ёлғиз сезмайман, шуниси ҳам яна бир омадим.

Мен яна шуни айтишни истардимки, ҳаёт ҳамма вақт ҳам байрам эмас. Дунёдаги ҳамма мамлакат ҳам Швецияга ўхшаб, 180 йилдан буён тинчлик гаштини сурмаяпти. Ўтган асрда дунё бошига тушган даҳшатли фалокатлар энди бошланган аср организмида иммунитет ҳосил қилмади. Хотирани биологик ирсият сингари мерос қилиб бўлмас экан. Инсоният ақлли мажудот бўлгани билан, ўзини ўтмишдан сабоқ олишга мажбур қилолмас экан; ақли етишмайди шекилли. Ақл, аксинча оқибатларга олиб келаяпти: одамзоднинг мавжудлигига хавф соладиган даҳшатли портлашларга олиб бориши ҳам мумкин.

Шубҳасиз, инсоният ҳамма вақт тараққиёт йўлидан боради. Тарих – тамаддун тарихи демоқчиман – ҳар доим илгарилаб юрмаган. Ўрта асрлар Европасидаги турғунлик, бизнинг даврларда Осиё минтақасининг ривожланишида орқага кетиш; бу бетартиб ривожланиш чўққиси – ХХ асрдаги икки карра жаҳон урушлари бўлиб, ўлдириш техникаси жуда такомиллашиб кетди. Инсоният тамаддуни фан ва техниканинг ютуқларига қараб ривожланмайди.

Тарихни тушунтиришга ҳаракат қиладиган илмий усуллар ҳам, уни алдамчи диалектика ёрдамида таҳлил қилишга уринишлар ҳам одамнинг хатти-ҳаракатини тушунтириб беролмайди. Юз йилдан ортиқ давом этган утопияларга кўр-кўрона қизиқиш сўнган, кетма-кет инқилоблар кўтарган чанг-тўзонлар босилган бир пайтда, яшаб қолиш бахтига сазовор бўлганлар аламларни дилдан туйиши учун фурсат етмадимикин?

Салбий нарсани инкор этиш ижобий натижа беравермайди, инқилобий ғояларни эса ҳамма вақт ҳам ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди. Янги жамият ҳақидаги утопиялар эски дунёни таг-туги билан бузиб ташлаш фаразига қурилган. Инқилобий-ижтимоий назарияни адабиётга қўллаш шуни англатадики, азалдан ижод учун яралган жаннатий боғ урушлар майдонига айлантирилади ва катта авлод вакилларини юзтубан йиқитиб, анъанавий маданият оёқ ости қилинади. Ҳамма нарсани йўқдан, яъни бошқатдан бошлаш керак, нима янгилик бўлса, ўшанга таъзим қилиш керак. Адабиётнинг тарихий ривожи жамиятга душман ҳодисаларнинг узлуксиз кетма-кетлиги, деб эълон қилинади.

Ёзувчи худолик даъво қилолмайди, шунингдек, калондимоғ қилиб ўзини Исо Масиҳга тенг одам сифатида кўрсатолмайди. Акс ҳолда, у нафақат ақлдан озган, балки бутун дунёси саробга айланган бўларди, ўзини эса аросатда кўрарди. Агар дўзах – қолган ҳамма нарса бўлса, шундоғам ўша ерда ҳозир бўлиши керак эмасми? Чунки ўзининг “мен”идан ажраб бўлди. Бундан ташқари у келажакнинг меҳробида қурбон бўлса, бошқалар ҳам бу қисматни у билан баҳам кўришга мажбур бўларди.

Биз ХХ аср натижаларини хулосалай туриб, жудаям шошмаслигимиз керак. Агар биз навбатдаги ғоявий шаклларнинг вайроналарида қадалиб қолсак, демак, ўтмишнинг тарихий ривожи ҳеч нимага арзимабди. Бундай ҳолда келажакнинг одамлари тартибларни тиклаши лозим бўлади.

Ёзувчи, шунингдек, пайғамбар ҳам эмас. У шу кунларда яшайди, ёлғонлардан тозаради, амалга ошмайдиган орзулардан воз кечади, ҳозирги онларда нималар бўлаётгани ҳақида аниқ тасаввурлар ҳосил қилади ва айни пайтда, ўз-ўзига танқидий кўз билан қарайди. Ҳар қандай қийинчилик, ҳар қандай зулм кўпинча ташқи вазиятлардан келиб чиқади; улар алоҳида шахснинг ожизлиги ва мувозанатлашмагани сабабли янада кучайиб, бошқаларга ёмон таъсир этади.

Одамзоднинг хатти-ҳаракатлари тушунарсиз бўлганда, алоҳида одам эса ўзини-ўзи англаши қийин бўлганда, адабиёт ўз-ўзини мушоҳада қилиш натижаси бўла олади. Бу жараёнда онгнинг биттаю битта нури одамнинг “мен” – ини ёритиб ўтиши мумкин.

Адабиётнинг мақсади – ижтимоий тўнтариш қилиш эмас, бу дунё ҳақиқатларини таниб, очиб беришдан иборат. Бу ҳақиқатлар одамларга жудаям аён бўлавермайди, улар ҳақида жуда кам биладилар ёки маълум нарса деб юрганлари аслида нотўғри чиқиб қолади. Ҳақиқат, шубҳасиз, адабиётнинг энг тагзамин сифатидир.

Мана, ХХI аср ҳам бошланди. Мен уни янги ёки эски деёлмайман. Адабий инқилоб ва инқилобий адабиёт чок-чокидан сўкилиб кетган мафкура кўйига тушиш вақти етди. Турли жамоаларни юз йилдан ортиқ чулғаб олган иллюзия ва утопиялар шамолда тўзиб кетди. Ҳар қандай интеллектуал оқимларнинг кишанларидан қутулган адабиёт одамзод ҳаётининг ёлғонларини, асрлар ўтса ҳам кўп ўзгармаган ёлғонларини, доимо адабиётнинг мавзуси бўлиб қоладиган ёлғонларини тасвирлашга қайтиши керак эди.

Биз яшаётган даврда келажак ҳақида башоратлар ва ваъдалар йўқ, ўйлайманки, шундай бўлиши керак. Ёзувчи зиммасида пайғамбарлик ва қозилик вазифаси йўқ. Ўтган асрда келажак ҳақида айтилган башоратларнинг аксари ёлғон бўлиб чиқди. Келажакка нисбатан ортиқча таассубга берилмасдан тараққиётни кузатганимиз маъқулроқ. Ёзувчи гувоҳ сифатида чиқиб, ҳақиқатни иложи борича аниқ тасвирлаши керак.

Адабиёт – ҳақиқатнинг оддий баёнидан иборат демоқчи эмасман, асло. Воқеликни баён этишда гувоҳларнинг кўрсатмалари кўп нарса бермаслигини тушуниб етишимиз керак; воқеалар, хатти-ҳаракатлар ортида турган далиллар кўпинча сирлигича қолиб кетади. Бироқ, адабиёт ҳақиқатга аралашса, ҳеч бир нарса ҳақида сукут қилмай, одамнинг дилида яширинган нарсани очиб ташлаши, воқеага сабаб бўлган омилларни изчиллик билан кузатиши керак.

Ёзувчи инсон ҳаёти ҳақиқатларини, ўзидан ҳеч нарса қўшиб-чатмай очиб ташлаганида адабиёт мана шундай кучга эга бўлади.

Ёзувчининг, ҳақиқатни аниқ ажрата олиш хусусияти унинг асарлари сифатини белгилайди. Бу хусусиятни сўз ўйини ёки қандайдир устомон ижодий усуллар билан алмаштириб бўлмайди. Ҳақиқат аслида бир нарса эканлиги ҳақида кўп фикрлар бор, шунингдек, унга яқинлашиш усуллари ҳам бисёр. Бир қарашдаёқ, ёзувчи ҳаётнинг сохта манзарасини чизаяптими ёки ҳеч нарсани тушириб қолдирмай ҳақиқатни тасвирлаяптими, билиб олиш мумкин. Семантик назариялар ёрдамида ҳақиқат нима, тамойиллари ва догмалари яратувчилик адабиётига ҳеч қанақа алоқаси йўқ мафкура билан боғлиқ адабий танқидчилик нима қилаяпти, деган масалаларни ҳал қилиб бўлмайди.

Ёзувчи асари орқали ҳақиқатга етадими, йўқми, деган савол нафақат унинг ижодий усулига тегишли, балки ўз ижодига муносабати билан ҳам боғлиқ. Агар у ёзган нарса – ҳақиқат бўлса, демак, у ҳалол ният билан ёзибди. Бу ҳолда ҳақиқат – адабий қадриятларни аниқлаш бўлибгина қолмай, ахлоқий мазмун ҳам касб этади.

Ёзувчи ўз зиммасига ўқувчилар ахлоқини мустаҳкамлаш вазифасини олмайди, унинг мақсади – Будда айтганидек, чексиз коинотдаги мавжудотларнинг битмас-туганмас тўдалари ҳақидаги ҳақиқатни сўзлаб бериш ва айни вақтда, ҳеч нарсани яширмасдан, инсон қалбида яширин бўлган ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатишдан иборат. Ҳақиқат ва адабиётнинг ўзаро муносабатлари ёзувчи учун ўзини маънавий жиҳатдан намоён этиш, олий эътиборга лойиқ адабий ахлоқдир.

Ижодга жиддий қарайдиган ёзувчи қўлига қалам олганда, ҳатто адабий таҳайюли инсон ҳаётининг ҳақиқий манзарасини бериш лозимлигидан бошланади. Мана шу омил жаҳон адабиётининг кўп асарларига ҳаётий куч берган. Шунинг учун ҳам қадим юнон трагедиялари ва Шекспир асарлари ҳеч қачон эскирмайди.

Адабиёт воқеликдан нусха олибгина қолмай, унинг ташқи қобиғини ёриб ўтиб, энг чуқур жойларигача етиб боради, ёлғонларни фош қилиб, кундалик икир-чикирлардан баланд кўтарилади, кенг нигоҳ билан қараб, воқеалар занжирини очиб кўрсатади.

Таҳайюл ҳам адабиётда ўз ифодасини топади. “Руҳнинг парвози”, деган сўз бекор эмас.

Ҳақиқий ҳиссиёт ва тасаввурлар билан боғланмаган, ҳаётий тажрибага асосланмаган таҳайюлнинг ранги заъфарон, кучи йўқ бўлади. Ёзувчининг ўзи ишонмайдиган асар, албатта, ўқувчига таъсир қилолмайди.

Адабий асарда кундалик ҳаёт тажрибаларидан бошқа нарсалар ҳам ёритилади, ёзувчи ўз тажрибалари билан чекланиб қолмайди. У тил воситасида адабиёт илгари ёзган, ўзи кўрган ва эшитган нарсаларни ўз тажрибасига айлантириб олади. Бу ҳам тилнинг яна бир мўъжизавий кучидир.

Тилнинг дуо ва афсунлардаги каби яна бир кучи бор; бу куч одамнинг юрагини гупиллатиб, жисми-жонини титроққа сола олади. Тил санъати ҳам айнан мана шунда; ҳикоя қилувчи ўз кечинмаларини бошқаларга юқтира билиши керак. Тил – фақат тимсоллар, маъно тизимлари ва грамматик тузилмагина эмас. Тил орқасида турган ҳикоячини ҳисобга олмаганда матнни талқин қилиш ақллар ўйинига айланиб қолади.

Тил – нафақат тасаввурлар ва ғояларни ташувчи восита, у ҳиссиётлар ва интуицияга ҳам мурожаат этади. Шунинг учун ҳам тимсоллар ва маълумотлар йиғиндиси ҳикоячининг тили ўрнига ўтолмайди. Талаффуз этилган сўзлар ортида гапираётган одамнинг интилишлари, ёзишга ундаган сабаблар, гапириш оҳанглари, кайфиятлари ётади; уларни семантика ва риторика ёрдамида тўлалигича тасвирлаб бўлмайди. Матн тили ўзининг тўлиқ ифодасини тирик ҳикоячи орқалигина топади. Матнни нафақат ўйлаётганимизда ишлайдиган аъзоларимиз, балки қулоқларимиз билан ҳам қабул қиламиз. Тил одам учун фикрларни узатиш учунгина эмас, эшитиш ва ўз-ўзини билиш учун ҳам керак.

Шу ерда мен Декартнинг: “Мен фикрларимни ифода қилаяпманми, демак, тирикман: деган гапини бошқача тушунтирмоқчиман. Ёзувчининг “мен”и – ҳикоя қилаётган ёки асардаги бошқа бир персонаж. У эркак ҳам, аёл ҳам бўлиши мумкин. Ҳикоячи биринчи, иккинчи ё учинчи шахс тилида гапиради, фикрлари ва ҳиссиётларини ифодалайди, шу тариқа уч хил композиция шаклланиши мумкин.

Менинг романларим қаҳрамонлари олмош сифатида кўринади. “Мен”, “сен”, “у” каби олмошлар ёрдамида бош қаҳрамонни кузатаман ва тасвирлайман. Яъни битта шахсни турли олмошлар билан кўрсатаман; тасаввурда ҳосил бўладиган бегоналашиш бошқа персонажларга кенгроқ психологик майдон очиб беради. Олмошларни бундай алмаштириш усулимдан драмаларимда ҳам фойдаланганман.

Роман ва драмаларни ҳар доим ёзишган ва бундан кейин ҳам ёзишади. Адабиёт ва санъатдаги бирорта жанр тугаб бўлди, деган гаплар кулгили.

Инсоният тамаддуни билан бир вақтда юзага келган тил ҳаётнинг ўзи каби ажойиб, ифода кучи эса – туганмас. Ёзувчининг вазифаси – тилнинг яшириниб ётган қувватини кашф қилиш ва ривожлаштиришдан иборат. Ёзувчи – худо эмас, у дунёни – қанчалик хароб ва номукаммал бўлмасин, йўқ қилиб юборолмайди. Шунингдек, янги, мукаммал дунё қуришга ҳам кучи етмайди; биз яшаб турган дунё ғалати ва тушуниб бўлмайдиган эканиёқ буни изоҳлашга етиб ортади. Бироқ ёзувчи оз ё кўп даражада теша тегмаган гап айтиши ёки ўзидан олдин ўтган ёзувчиларнинг фикрларига ниманидир қўшиши ёки салафлари нуқта қўйган жойдан бошлаб кетиши мумкин.

Адабиётдан қўпорувчилик мақсадларида фойдаланиш мумкин, деган гаплар “адабий инқилоб” деган ғояни қўллаб-қувватлайдиганларнинг пуч валақлашидан бошқа нарса эмас. Адабиёт ўлимни билмайди, ёзувчини эса йўқотиб бўлмайди. Ҳар бир ёзувчининг асарлари китоб жовонларида илгаридан тайин жойга эга. Ёзувчининг асарлари қанча муддат ўз ўқувчиларига эга бўлса, ёзувчининг ҳаёти шунча. Агар қайсидир ёзувчининг биттаю битта асарини битта ўқувчи одамзод тўплаган улкан кутубхонадан топиб ўқиса, бу, ёзувчи учун катта шодлик.

Бироқ, адабиёт ҳам, ёзувчи ҳам ўқувчининг фикрига кўра, ҳозирги замонда рўй бераётган воқелик ва айнан шунинг учун ҳам қимматга эга. Келажак учун ёзаётган ёзувчи ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдайди, самарали натижа кетидан қувлайди. Адабий асар яшаб турганлар учун ёзилади ва уларнинг замонини тасдиқлайди. Айнан мана шу мангу “ҳозирги замон”, алоҳида олинган одам ҳаётини тасдиқлаш, адабиётга яшаб қолиш ҳуқуқини беради (агар шуни исботлаш зарур бўлса?)

Ёзувчи қалам ҳақини ўйламасдан ёзганида ёки кимга, нимага ёзаётганини хаёлига келтирмай, завқ учун қоғоз қораласа, ёзганлари мутлақо заруриятга айланади. Мана шундай пайтда адабиёт юзага келади. Ёки, ҳеч нимага ярамайдиган нарса чиқиши мумкин, бу ҳам унинг табиатида бор. Бадиий ижоднинг касб ҳисобланиши, замонавий жамиятдаги меҳнат тақсимотининг ачинарли натижасидир. Ёзувчи унинг аччиқ меваларини тановул қилади.

Бу энг аввало бизнинг замонга, бозор иқтисодиёти шунчалик ҳукмрон бўлиб кетиб, ҳатто китоб ҳам товарга айланган замонга тааллуқли.

Бундай чексиз-чегарасиз ва бошқариб бўлмайдиган бозорда муайян ёзувчи ҳақида гапириш бир ёқда турсин, ҳатто ўтмишдаги адабий оқимлар ва уюшмаларни эслашга ҳам ўрин йўқ. Агар ёзувчи бозорнинг зуғумларига бўйсунишдан ўзини олиб қочар экан, мода деган ҳодисанинг талабларига мос маданий маҳсулот тайёрлашдек тубанликка тушишни истамас экан, демак, тирикчиликнинг бошқа йўлларини қидириши керак.

Адабиётнинг бестселлерларга ва “Ўнта энг оммабоп китоб” туркумидаги рўйхатларга ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Шундай бўлгач, телевидение ва оммавий ахборотнинг бошқа воситалари эътиборни ёзувчиларга эмас, рекламага қаратадилар. Ёзиш эркинлиги адибга шундоққина бериб қўйилмайди, у сотиб олинмайди ҳам. У адибнинг ички эҳтиёжларидан келиб чиқади. Эркинликнинг нархи мана шунақа!

Будда – менинг юрагимда, дегандан кўра, юрагимда эркинлик яшайди, деган маъқулроқ. Бу эркинликни қандай ишлатишинг ўзингга боғлиқ. Агар уни бир нарсага алмаштирмоқчи бўлсанг, у қуш каби учади-кетади. Эркинликнинг табиати шунақа.

Ёзувчи мукофотни ўйламасдан ёзишда давом этар экан, бу – унинг шахсий қадриятидан далил. Жамиятга хитоб қилиб чиқиш ҳам шундан иборат. Бироқ, бундай хитоб – пухта ўйланмаган амал. Ёзувчи ўзини қаҳрамон ёки курашчи қилиб кўрсатишига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Қаҳрамонлар ва курашчилар жангга кирар эканлар, буни олижанобликдан ёки жангда шон-шараф қозониш учун қиладилар. Буларнинг бари адабиётдан ташқарида туради. Ёзувчи жамиятга тил воситасида даъват қилади, тил эса асарлари қаҳрамонлари ва улар тушган вазиятлар билан боғлиқ бўлиши лозим, акс ҳолда, ёзган асари адабиётга зиён-заҳмат етказиб қўйиши мумкин. Адабиёт – қаҳр алангаси эмас, битта ёзувчининг қаҳр-ғазаби эса айблов ҳукмига айланиб кетмаслиги керак. Ёзувчининг ҳислари асарига сингиб кетсагина, асар ҳаётий чиқади ва вақт синовларидан омон чиқади. Шунинг учун ёзувчи эмас, асарнинг ўзи жамиятга даъват билан чиқади, дейиш тўғрироқ бўларди. Долзарблигини доимо сақлаб қолган асарлар ёзувчи ва у яшаган ижтимоий муҳитнинг бақуввват акс-садоси бўлиб янграйди. Асар қўзғаган эҳтирослар тинганда, унинг қаҳрамонлари тин олганда, асар ҳамон ўқувчиларни жалб қилар экан, мана шундагина ёзувчининг жонли овози эшитилади.

Шуларга қарамай, бундай даъватлар жамиятда бирон нарсани ўзгартириб қўёлмайди; уларнинг аҳамияти шундаки, кимдир ўзининг ижтимоий муҳити ўрнатиб қўйган меъёрлар чегарасидан чиқиб кетиши мумкин. Айнан шу тариқа ёзувчи ўзининг инсонлик бурчини бажарганидан ғурурланиши мумкин. Башар тамаддунининг ривожи қандайдир тушунарсиз қонунлар ва ўзининг иродасига боғлиқ кўр-кўрона оқимлар туфайли кечса ва кимдир кўпчиликникидан бошқачароқ фикр билдиролмаса, булар, албатта қувонадиган ҳол эмас. Бу масалада адабиёт тарихга қўшимча бўлиб хизмат қилади. Тарих одамларга ўзининг қонунларини тиқиштириб, уларга ҳеч қандай имкон қолдирмаса, одам ўзининг овозини бошқаларга эшиттириш учун курашиши лозим. Одамзоднинг қўлида фақат тарих эмас, адабиёт ҳам бор. Шунинг учун ҳам алоҳида бир одам, у қанчалик кучсиз бўлмасин, ўзига ишонч ҳосил қилиши учун таянчи бор.

Академиянинг муҳтарам аъзолари! Сизлар адабиёт соҳасидаги Нобел мукофотини сиёсий қувғинларга учраган, одамзодни жароҳатлаган азоб-уқубатлардан ҳоли бўлмаган ва шунда ҳам бўйин эгмаган адабиётга бераётганингиз учун миннатдорлигимни билдираман. Бу юксак мукофотни бозорнинг ҳийла-найрангларидан узоқ бўлган, шунга қарамай, ўқишга арзийдиган оддийгина ёзувчилик учун бераётганингиз учун раҳмат. Айни пайтда, мендек бир ожиз одам бутун дунёнинг эътибори қаратилган минбарга чиқиб, оммавий ахборот воситаларида кўп ҳам эшитилавермайдиган ожизгина овозини кўтаришига имкон бергани учун Швеция Академиясига ташаккурларим бўлсин.

Ўйлайманки, бу, Нобел мукофотининг мақсадларига мос келади. Менга шундай имкон берганинглар учун ҳаммангизга ташаккур!

Рус тилидан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 7-сон.