Полковник тунука қопқоқли банкани очар экан, бир чой қошиқча ҳам келмас қаҳва қолганини кўрди. У қозончани оловдан олиб, сувининг ярмини ерли полга тўкиб ташлаб, банкани қиртишлаб, қаҳванинг қолган-қутган доналарини қозончага уриб туширди ва зангтоб дон ёрмасини аралаштирди.
Қаҳва қайнаганича, печка яқинига чўкиб, зўр бериб ўзини тинглади. Унга, ичида қандайдир заҳарли замбуруғлару сувўтлари ғовлаб бораётгандай туюлди. Октябрнинг одатий тонгларидан бири эди. Полковникдай кўпни кўрган кишини ҳам вақтнинг одатдаги имиллаб ўтиши қийнар эди. Ахир у неча бир октябрларни қўлдан ўтказмади! Мана қарийб, эллик олти йил бўлди – фуқаролар урушидан кейинги бутун умрини полковник кутишга сарфлабди. Мана шу октябрь ҳам ниманингдир илинжида ўша кутишлардан бир бўлаги.
Чоли ётоқхонага қўлида қаҳва билан кирганини кўриб, кампири пашшахонасининг бир учини кўтарди. Бу кеча ҳам уни дамқисма хуружи қийнаган, энди уйқусизликдан карахт эди. Шунга қарамай, финжонни олиш учун бир амаллаб, ўрнидан сал кўтарилди.
– Ўзингга-чи?
– Мен ичдим, – ёлғонлади полковник. – Унда нақ бир қошиқча қолган экан.
Шу пайт жом даранглаши эшитилди. Полковник дафн маросимини хотирлади. Кампири қаҳвани ичиб бўлгунича, у гамагини йиғиштириб, эшик ортига беркитди.
– У йигирма иккинчи йил туғилган эди, – деди кампири марҳум ҳақида хаёл суриб. – Олтинчи апрель куни. Ўғлимиз дунёга келганидан роппа-роса бир ой ўтиб.
Кампири ҳарсиллаб, қийналиб нафас оларкан, орада қаҳвани ҳам қултум-қултумлаб аранг ичар ва узоқ тин оларди. У нозиккина бўлгани билан, суяклари мўртлашиб, аллақачон танаси қотиб бўлганди. Дамқисмаси овозини кўтаришга имкон бермас, шунинг учун барча гап-сўзларга жавоби тасдиқлаётгандай чиқарди. Ниҳоят қаҳвани ичиб бўлди. Марҳум ҳақидаги фикрлар эса ҳамон миясини тарк этмаганди.
– Даҳшат-а, нақ октябрда тупроққа қўйилиш, тўғри эмасми? – деди у.
Аксига эри сўзларига жиддий қарамади. Полковник деразани очди. Ҳовлини октябрь ўз измига солаёзганди. Намиққан майсаларга, зах ердаги ёмғир изларида бижғиган қурт-қумурсқаларга зингил солиб қарар экан, полковник бутун вужудида ёмон бир рутубатни ҳис қилди.
– Менинг ҳатто суякларим ҳам зах тортиб кетган, – деди у.
– Қиш, – жавоб қилди кампири. – Ёмғирлар бошлангандан буён, оёғингга пайпоқ кийиб ёт, дея жавраганим-жавраган.
Ёмғир майдалаб, эзиб ёғарди. Полковник жун одеялга ўралиб, яна гамагига чўзилмоқчи бўлди. Бироқ черковнинг кўмуш қўнғироқлари даранг-дурунг қилиб, жаноза маросими ҳақида қатъий туриб эслатаётганди.
– Ҳа, октябрь, – деразадан ортга қайтаркан пичирлади у. Фақатгина шундан кейингина эсига каравот оёқчасига боғлаб қўйилган хўроз тушди. Бу ўша урушқоқ хўроз эди.
Полковник финжонни ошхонага элтиб қўйди ва меҳмонхонадаги чорчўпи нақшинкор девор соатини тоблади. Дамқисма бемор учун танг-тор ётоқхонадан фарқли ўлароқ, меҳмонхона кенг, теварагини тўқилган тўрттадан тўр арғимчоқ ўриндиқлар эгаллаган, устида дастурхон тўшалган стол, гипсдан ясалган мушук бунда ўзгача бир зеб, салобат бағишлар эди. Соатнинг рўпарасидаги деворда сурат осилган – қайиқда оппоқ нафис либосдаги бир аёл ўтирар, теварак-атрофини атиргуллар ва муҳаббат малоикалари қуршаб олишган эди.
У соатга тоб тўлдириб бўлганди ҳам, олтидан йигирма дақиқа ўтди. Полковник хўрозни ошхонага олиб келиб, ўчоқ ёнига боғлади. Идишдаги сувини алмаштирди, олдига бир сиқим жўхори сепди. Шох-шабба билан тўсилган панжарадан суқилиб кириб олган бир гала чурвақалар хўроз теварагини олишганча, индамасдан унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини ютоқиб кузатишар эди.
– Томошани бас қилинглар, – ўшқирди полковник. – Ҳаддан ортиқ маҳлиё бўлинса, хўрозларга кўз тегади.
Болакайлар қимирлашмади. Ораларидан бири оғизда чалинадиган гармонида урфдаги термалардан бирини хиргойи қилди.
– Бугун буни ижро қилиш мумкин эмас, – огоҳлантирди полковник. – Шаҳардан ўлик чиқади.
Болакай гармонини чўнтагига яширди, полковник эса жанозага бориш учун кийимларини алмаштириш мақсадида хонасига йўналди.
Дамқисма хуружларидан кейин кампири унинг оқ костюмини дазмоллолмаган, қора сюртигидан бошқа айтарли устига иладиган ҳеч вақоси йўқ, у эса уйланганидан сўнг фавқулодда маросимлардагина эсига тушар эди. Полковник газеталарга ўраб ташланган, нафталин иси бурқсиган костюмини ҳамма жойни титкилаб, сандиқнинг бир чеккасидан аранг топди. Кампири эса каравотга суянганича ҳамон маййит ҳақида ўйларди.
– Эҳтимол у ҳозир Августин билан учрашган ҳам чиқар, – деди у. – Фақат Августинга унинг ўлимидан кейин биз жуда қийин аҳволга тушиб қолганимизни айтиб берган бўлмасин-да.
– Албатта, унда хўрозлар борасида баҳслашиб қолишлари турган гап, – тахминини айта қолди полковник.
У сандиқдан каттакон эски соябонини топди. Кампири уни полковникка тегишли партия фойдасига ўтказилган лотерея ўйинида ютиб олган эди. Ўша кеч улар спектаклга тушишган; томоша очиқ осмон остида ўтган, ҳатто уни қуйиб турган жала ҳам тўхтолмаган эди. Полковник, хотини ва Августин – ўшанда у саккиз ёшда эди, ҳаммалари соябон панасида томошанинг охиригача ўтирган эдилар. Энди Августин йўқ, соябоннинг оқ атлас астарини эса куя еб битирибди.
– Мана бу масхарабоз соябонга қара, – деди одатича ҳазиллашиб полковник махсус металдан бўлган мураккаб тузилишли, сим тўрли соябонни боши узра очаркан. – Энди бу сабил қолгур осмондаги юлдузларни санашгагина ярайди…
У кулиб қўйди. Кампири эса ҳатто соябонга қайрилиб қарамади ҳам.
– Ҳаммаси – худди шундай, – пичирлади аёл. – Биз тириклай чириб боряпмиз. – У ҳеч нима маййит ҳақидаги ўйларига халақит бермаслиги учун кўзларини юмиб олди .
Полковник бир амаллаб соқолини қиртишлаган бўлди – аллазамонлардан буён уйда ойна йўқ эди – сўнг индамай кийинди. Шими тор, худди иштон каби оёқларига ёпишиб, тўпиқларига тиралиб қолар экан, у белига икки белбандни маҳкамлаб, зарҳал тўқаларини тешикларидан ўтказди. Полковник тасма тақмади. Картондай қаттиқ эски кўйлагининг ранги ўчган, ёқасини тик ушлаб туриш учун мис тугмалар икки ёғидан ўрин олган эди. Бироқ қопламанинг ёқаси йиртилган, шунинг учун полковник уни тақмади ва галстуксиз боришга қарор қилди.
У қандайдир тантанали маросимга бораётгандай кийинди. Суяги чиқиб қолган, териси тиниқ қўлларини экилгандай қизил доғлар босган, бундай доғлар бўйнида ҳам кўринарди. Ҳаммасидан олдин локланган ботинкани кийиш учун, пойабзалнинг четларига ёпишган лойларини қиртишлаб тозалади. Кампирига полковник худди тўйга бораётгандек кийинган кўринди. Яна у чолининг қанчалар қариганини ҳам сезмасдан қолмади.
– Сен намунча ясаниб олдинг, – деди у. – Гўё фавқулодда бир воқеа юз бергандек.
– Бўлмаса-чи, бу ҳамиша ҳам юз берадиган воқеа эмас, – деди полковник. – Неча йиллардан кейин биринчи марта бир одам ўз ажали билан қазо қилди.
Соат тўққизда ёмғир тинди. Полковник чиқиб кетаёзган эди, бироқ кампири уни қўлидан ушлаб тўхтатди.
– Сочларингни тарасанг-чи.
У суякдан ясалган тароғи билан ўзининг пўлат ранг қаттиқ сочларини тарашга уннаб кўрди. Аммо тараёлмади.
– Нақ тўтига ўхшаб қолибман-ку, – деди у.
Аёл эрига диққат билан разм солди. Йўқ, – ўйлади у, – бу қотма одам чўяндан қўйилгандай, тўтига ҳеч ҳам ўхшамайди. Анови шарти кетиб парти қолган чоллардан ўлса ўлиги ортиқ – унинг қароқлари ҳаёт зиёси билан лиммо-лим.
– Ҳаммаси жойида, – деб қўйди аёл. Фақат эри хонадан чиқиб кетарида гапига қўшимча қилди: –Доктордан сўра-чи, уйимизга келганида қийнаган доғ сувдан куйиб қолмаганмикин?
Улар кичкинагина шаҳарчанинг бир чеккасида, деворлари шилинган, томи пальма япроқлари билан ёпилган уйда яшашар эди. Аввалданоқ зах, ёмғир ёғмай қўйган пайтлар ҳам бу сезиларди. Полковник уйлари бир-бирига ёпишиб турган тор кўчани ортда қолдириб, майдонга тушди. Марказий кўчага чиқаркан, бирдан бадани жимирлаб кетди. Бутун шаҳарча гуллар тўшалган гилам янглиғ эди. Қора кийинган аёллар эшик олдида ўтириб, маърака бошланишини кутишарди.
Полковник майдонни кесиб ўтаётганди яна ёмғир томчилай бошлади. Эшиги очиқ бильярдхонадан унга кўзи тушган хўжайини қўлини силкиб қичқирди:
– Тўхтаб турсангиз-чи, полковник, мен сизга соябон элтиб бераман.
Полковник у томонга бошини бурмасдан жавоб қайтарди:
– Безовта бўлманг, ўтиб кетади.
Маърака ҳали бошланмаганди. Кириш жойида соябонлари остида оқ костюм, қора галстукларда эркаклар тизилишганди. Кўлмаклардан ҳатлаб ўтаётган полковникка улардан бири эътибор қилди.
– Буёққа келинг, ёшулли, – чақирди у, соябони остидан жой беришга таклиф қилиб.
– Раҳмат, ёшулли, – деди полковник.
Бироқ марҳаматга рағбат кўрсатмади. У дарҳол уйга кирди, марҳумнинг онасига таъзия билдириб, кўнгил сўради. Ўша заҳотиёқ димоғида анвойи гуллар исини тўйди. Бундан нафаси қайтиб кетди. Уни оломон бир чеккада қолган ётоқхона сари суриб боришга тушганди. Кимдир унинг белига қўлини тираганича, турнақатор паришон кишиларнинг ёнида хонанинг тўрига, ичкарига қараб сурди, унда бурун тешиги ялпоқланиб ўрадай қорайиб кетган маййит ётарди.
Тобут ёнида марҳумнинг онаси ўтирар, пальма баргларидан бўлган елпиғич билан пашшаларни ҳайдар эди. Қора кийинган бошқа аёллар маййитга шундай бир нигоҳ билан қарашар эдики, оқаётган дарёга худди шундай боқилади. Бирдан издиҳомдан овоз чиқди. Полковник қандайдир аёлни ўзидан четлатиб, марҳумнинг онасига эгилди ва қўлини унинг елкасига қўйди. Тишларини қисиб деди:
– Чуқур ҳамдардлигимни қабул қилгайсиз.
Она бошини кўтармади. У оғзини очиб, уввос солди. Полковник сесканиб кетди. Айюҳанноси ҳаддидан ошган бетартиб омма уни маййит томон суриб борарди. Полковник деворга суяниб, ўзини ушламоқчи бўлди, бироқ қўллари ул жойга етмасдан, кишилар танасига урилар эди. Кимнингдир мулойим, сокин овози қулоғи яқинида янгради:
– Эҳтиёт бўлинг, полковник.
У қайрилиб қаради. Нигоҳи марҳумга тушди. Маййитни таниш қийин: тириклигида бақувват ва серғайрат эди, ҳозир эса оққа ўралган, қўлларида кларнет билан ҳам негадир полковникнинг ўзидай, гангиб қолган кўринарди. Бироздан кейин полковник сал бўлса-да, тоза ҳаво ҳўплаш умидида бошини кўтарар экан, маҳкамланган тобут кишилар боши узра чайқалганча, деворларга сачраб бораётган гуллар тўлқинида эшик томон сузиб кетаётганига кўзи тушди. Полковник терга ботди. Унинг бўғинлари сирқираб оғрирди. Дақиқа ўтмасдан ёмғир томчилари қошларига урилгач, кўчада турганини тушунди. Кимдир унинг енгидан тортиб деди:
– Ёшулли, мен сизни интизорлик билан кутаман.
Бу, марҳум ўғлининг чўқинтирган отаси, дон Сабас бўлиб, партия етакчиларидан, сиёсий таъқиблардан омон қолиб, шаҳарда истиқомат қилаётган ягона киши эди.
– Раҳмат, ёшулли, – полковник бир оғиз жавоб қилганча, соябон остида жимгина олға босди. Машшоқлар мотам маршини чалишарди. Полковник бу сурудда фақатгина кларнет ноласи етишмаётганига эътибор қилди, фақат шу лаҳзага келибгина унинг онг-шуурига, ростдан ҳам марҳум бу дунёдан кўч-кўронини кўтарибди, деган ҳақиқат етиб борди. – Шўрлик, – дея пичирлаб қўйди у.
Дон Сабасни йўтал тутди. У соябонини чап қўлига олиб, издиҳом бўйига тенг бўлиши учун юқорига кўтаришга зўр берди, зеро у полковникка қараганда анча-мунча пакана эди. Дафн оқими майдондан ўтгандан кейин, эркаклар гапга тушиб кетди. Дон Сабас полковникка ғамгин қараш билан юзланди.
– Хўроз жонлими, ёшулли?
– Бир нави.
Шу пайт бошлари узра бақириқ эшитилди.
– Шайтон сизларни марҳум билан қаерга йўллаяпти?
Полковник нигоҳини кўтарди: казарма балконида нотиқ атворида турган алькальдга кўзи тушди. У калта иштон, ички куйлакда, соқоли олинмаган, юзи ҳам шишинқираган бир алфозда эди. Машшоқларнинг мотам суруди узилиб қолди. Шу заҳоти алькальдга жавобан ҳазрат Анхелнинг нималардир деб қичқиргани полковникнинг қулоғига чалинди. Полковник қулоғини динг қилди: бироқ сўзлар соябонга ёмғирнинг шатар-шутур урилиши остида алоқ-чалоқ эшитилар эди.
– Нима гап у ёқда?
– Ҳеч нима, – жавоб қилди полковник. – Айтишича, миршаблар казармаси олдидан марҳумни кўтариб ўтиш ман этилган экан.
– Мен буни бутунлай унутибман! – ҳайқирди дон Сабас. – Қуршовда яшаётганимизни ҳамиша унутаман-да!
– Ахир, бу исён эмас-ку, – эътироз билдирди полковник. – Биз фақат боёқиш машшоқни дафн қиляпмиз.
Маросим оқими йўналишини бошқа томонга бурди. Шаҳарнинг абгор бир чеккасига етиб келинганда, индамасдан тирноқларини ямлаганча мўлтираб турган хотин-халажлар галасига дуч келишди. Ўтиб кетишгач эса, кўчанинг ўртасига галалашиб чиқишиб, дафн оқими ортидан ўзларининг ҳамд, рози-ризолик, миннатдорчилик, хайрлашув дуоларини йўлладилар; аёллар, тобутдаги маййит буларнинг барини эшитади, деб қаттиқ ишонишар эди. Қабристонда полковникнинг мазаси қочди. Дон Сабас уни деворга суяб қўйиб, тобутни олдинга олиб ўтувчи кишиларга йўл очди, кейин эса кечирим сўрагандек унга табассум қилар экан, полковникни ҳуши бошидан учган ҳолда кўрди.
– Ёшулли, сизга нима бўлди?
Полковник чўчиб тушди.
– Октябр-да, ёшулли.
Яна шу йўл билан ортга қайтишди. Ёмғир ҳам тинган. Осмон тиниқ, кўм-кўк эди. “Мана, ёмғир ҳам бас қилди”, – ўйлади полковник. У анча ўзига келиб қолган, лекин ҳалигина бошидан кечирганлари хаёлидан кетмаганди. Дон Сабас уни айни паллага қайтарди.
– Ёшулли, сиз бир врачга кўринишингиз керак.
– Мен хаста эмасман, – деди полковник. – Ҳамиша октябрь бўлди дегунча ўзимни шундай ёмон ҳис қиламан, гўё ичимни аллақандай ёввойи йиртқичлар ғажиётгандай бўлаверади.
– Ҳм, – деб қўйди дон Сабас. У полковник билан янги, деразаларига темир панжаралар ўрнатилган, икки қаватли қасри остонасида хайрлашди. Полковник ҳам уйига жўнади, у кўчага илиб чиққан қора костюмини қанча бўлса, шунча тез ечиб ташламоқни истарди. Бироқ бир дақиқадан кейин яна кўчага қайтиб чиқди, бурчакдаги дўкончадан бир банка қаҳва ва ярим фунтга хўрозига жўхори олмоқчи бўлди.
Полковник ушбу пайшанбада гамакда чўзилиб ётишни афзал кўрган бўларди, ҳолбуки у хўроз билан андармон эди. Ёмғир неча кундан буён эзиб, тўхтамасдан ёғади. Унинг қорнидаги сувўтлари ўтган ҳафтадагидан ҳам баравж бўлгандай. Тундаям ухлолмай чиқди – хотинининг хуриллаши тинчлик бермади. Октябрнинг бу жумасида ўзига дам берди. Тикувчилик устахонасида тирикчилик қиладиган, хўроз уриштириш ишқибозлари бўлган Августиннинг ошналари имкониятдан фойдаланиб, хўрозни кўришга келишди. Хўроз милтиқнинг ўқидай эди.
Улар кетгачгина полковник ётоқхонага қайтди.
– Улар нима дейишяпти, – сўради кампири.
– Завқ-шавқларининг чеки йўқ. Хўрозга тикиш учун пул йиғишмоқда.
– Билмадим, бу қирилгур хўроздан нима фазилат топишган экан, – деди аёл. – Бориб турган ипирисқи. Бу ғўлабир оёқларига миттигина бошчаси шунақа ҳам номуносибки…
– Уларнинг айтишича, округнинг энг зўр хўрози бу,– эътироз қилди полковник. – Эллик песодан кам турмайди.
Ушбу далил ўғлидан қолган хўрозни ўзида сақлаб қолиш қарорини оқлашига ишончи комил эди; тўққиз ой олдин хўрозлар жанги вақтида варақалар тарқатганликда айбланиб, Августин вужудини ўқлар илма-тешик қилиб ташлаганди.
– Бундан нима наф, – ёзғирди кампири. – Ҳадемай жўхори тугагач, уни ўз жигаримиз билан боқишга тўғри келади.
Полковник бу пайтда шкафдан канопдан тикилган шимини излаганча, ўзича бир фикрга келмоққа уринарди.
– Бор-йўғи бир неча ой чидаб турсак бўлди, – деди у. – Бари олдиндан маълум-ку, уруштириш январь ойида бўлиб ўтади. Ундан кейин уни янаям қимматга сотишимиз мумкин.
Шими ғижим эди. Кампири уни плитанинг устига ёйиб, икки буғлама дазмол билан текислаб бермоқчи бўлди.
– Сенга нега кўчага чиқиш лозим бўлиб қолди? – сўради эридан.
– Почтага…
– Бутунлай унутганимни қара, бугун жума-ку, – деди ўз-ўзича ғудраниб у хонага қайтар экан. Полковникка шимни кийишгина қолди. Аёл эрининг ботинкасига бошини чайқаб қаради.
– Аллақачон улоқтириш керак эди. Амирконисини кий.
Полковникни умидсизлик гирдобига тортди.
– Булар ҳам сағирнинг ўзгинаси. Ҳар сафар, қачон уларни киймоқ тақдир қилса, етимхонадан қочиб кетаётгандай бўлавераман.
– Августиннинг ўлимидан кейин бизлар ҳам етим бўлиб қолдик, – деди кампири.
У яна полковникни инонтирди. Портга катерлар шовқин-сурон солмасидан илгарироқ етиб борди. Амиркони ботинка, оқ шимда бўлиб, ёқасиз оқ куйлагининг мис тугмаларини ўтказиб олган эди. Мусо шомийнинг дўконидан катерларни қандай боғлашларини бирпас томоша қилиб турди. Қирғоққа тушганича кема ўриндиғининг бир жойида саккиз соатлаб қимирламай ўтириш йўловчиларни жуда қийнаб юборар эди. Ҳамишагидек, булар сандироқлаб юрадиган бозорчилар ва ўтган ҳафта шаҳардан кетишган аҳоли бўлиб, мана яна одатдаги тирикчиликка қайтиб келишаётган эди.
Почта кемаси энг охири келди. Унинг арқонланаётганини полковник хавотир билан кузатди. Палубада қувурга боғланиб, брезент парчаси билан ёпилган почта халтачаси ётарди. Полковник нигоҳи билан шу заҳоти уни илғади. Ўн беш йиллик орзиқиб кутишлар савқи табиийни пешлаганди. Хўрози эса тоқатсизланишини оширганди.
Айни шу паллада почта нозири палубага чиқиб, халтани жойидан бўшатиб, елкасига ирғитганида, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини полковник назардан қочирмай кузатиб турди. Полковник почта нозирини бутун кўча бўйлаб, портга рўпарама-рўпара жин кўчалардаги дўкончалару омборхоналарнинг пештоқида намойиш учун чиқариб қўйилган турфа рангли моллар оша таъқиб қилиб ортидан борди. Ҳар сафар почта нозири ортидан келаркан, полковникда алоҳида, бироқ ҳеч ўзгармайдиган, худди даҳшатдан ҳалок қилувчи бир ҳаяжон бўлади.
Почтада врач ҳам газеталарни кутарди.
– Доктор, уйимизда қайнаган сувдан куйиб қолмаган эдингизми, ишқилиб, кампирим жони ҳалак, шуни билиб келишимни илтимос қилганди? – сўради полковник.
Врач ёш, қора ярқироқ кокиллари жингалак, тишлари ҳам ақлбовар қилмас даражада ажойиб эди. У хастанинг соғлиги билан қизиқди. Полковник бирма-бир ҳикоя қиларкан, почта нозири бўлмачаларга хатларни тақсимлаб чиқаётганини ҳам назаридан қочирмади. Унинг шошқалоқ хатти-ҳаракати полковникнинг ғашини келтирди.
Докторга бир тўп бандеролланган хат ва газеталар келибди. Бир илмий нашрдан у муҳри четига босилган хат олди. Нозир шу ерда ҳозирларга почтани бирма-бир тарқатди. Полковник қутига егудек бўлиб тикилар, ўз номи бош ҳарфи ёпиштирилган бўлмачада ўймалашган хат-хабарларга; айниқса конверти четида кўк йўл-йўли бор “авиа” хатига кўзи тушиб, жуда ҳам ҳаяжонланарди.
Врач газеталар хатжилдидаги муҳрни кўчирди. У ҳали энг муҳим хабарларга бир қур кўз ташлаётганида, полковник қутичадан кўзини узмади – нозир ўзига қараб келишини орзиқиб кутарди. Бироқ кутганидай бўлмади. Доктор газеталардан узилиб, полковникка қаради, кейин нозирга, у аллақачон телеграф аппарати олдида ўтирарди, сўнг яна полковникка боқди. Ва деди:
– Кетдик.
Нозир бошини кўтармади.
– Полковникка ҳеч нима келмаган.
Полковник бўзариб кетди.
– Мен ҳеч нима кутганим йўқ, – ёлғонлади у. Кейин докторга ўзининг болаларча беғубор нигоҳини тикди. – Менга ҳеч ким хат ёзмайди.
Улар индамасдан ортга қайтишди. Доктор газеталар мутолаасига берилганди. Полковник гўё йўқолган чақасини излаётгандай кетиб борарди. Тиниқ кечки палла эди. Майдондаги бодом дарахтлари сарғайган баргларини тўкарди. Докторнинг ишхонасига етиб келишганида қош қорая бошлади.
– Қандай янгиликлар бор? – полковник суриштирди.
Доктор унга бир талай газетларни тутди.
– Жуда мавҳум, – деди у. – Цензурадан ўтган сатрлар орасида нимадир қолиши амримаҳол.
Полковник энг дабдабали сарлавҳаларгагина шунчаки кўз ташлади.
Халқаро хабарлар. Юқоридаги тўрт устунча Сувайш каналини миллийлаштириш ҳақида эди. Биринчи саҳифа қарийб дафн билдиргилари билан тўла эди.
– Сайловдан ҳеч қанақа умид йўқ, – деди полковник.
– Анойи бўлманг, – тегишди доктор. – Биз ахир бу халоскорликка лаққа тушадиган ёшдан ўтиб қолганмиз.
Полковник газетларни қайтаришни истарди. Бироқ доктор бошқача тушунди:
– Олволинг ўзингиз билан. Кечқурун ўқиб чиқиб, эртага қайтарарсиз.
Киноназорат минораси қўнғироғи саккизинчи марта даранглашга тушди. Ҳазрат Анхелга почтадан маъноси лўнда кўрсатма келган, қўнғироқдан фойдаланиб қавмни тўпламоқчи ва жамоанинг кўзини очиб қўйиш учун фильмларнинг ахлоқий даражаси ҳақида амри маъруф қилмоқчи эди. Полковникнинг кампири қўнғироқ даранглашини ўн икки мартагача санади.
– Катта-ю-кичик учун бош-кети йўқ офат, – қарғанди у. – Ҳамма учун балогинанинг уяси бўлган бу фильмлар нақ бир йилдан буён намойиш қилинади. – Пашшахонасини устига тортиб яна минғирлади кампир: – Дунёи дуннинг ҳамма ёғини наҳс босиб кетди.
Полковник миқ этмади. У хўрозни каравотнинг оёқчасига боғлади, уй эшикларини маҳкамлаб чиқди, ётоқхона жиҳозларига қурт-қумурсқа тегмаслиги учун дорилади. Кейин полга чироқни қўйиб, гамакни осди-да, чўзилиб газета ўқишга тутинди.
У пайдар-пай биринчи саҳифадан бошлаб охиргисигача, эълонларни-да қолдирмай, мук тушиб ўқиди. Кеч ўн бирда янграган бонг шаҳарда комендантлик соати кирганидан хабар берди. Ярим соат ўтиб, полковник қироатини якунлаб, ҳовли эшигини очди, тим қоронғиликда, чивинларни қочирганча чоптирди. Хонага қайтганида ҳам кампирининг кўзи илинмаганди.
– Ветеранлар ҳақида ҳеч гап борми? – сўради кампири.
– Йўқ. – У чироқни ўчириб, гамакка чўзилди. – Авваллари ҳеч бўлмаганда нафақахўрларнинг рўйхатини чоп этишарди. Мана беш йилдан буён лом-мим дейишмайди.
Ёмғир тун ярмидан ўтганда бошлади. Полковник титрар, бундан ҳам кўра уни ошқозонидаги оғриқ уйғотиб юборганди. Уйнинг қаеридадир томчилаш товуши қулоғига кирди. Жун одеялни бошидан улоқтириб, томчининг айнан қаердан келаётганини аниқламоқчи бўлди. Муздек тер томчилари эса умуртқаси бўйлаб оқиб тушарди. Унинг иситмаси бор, гўё қандайдир аёзли ботқоқда бир доира бўйлаб чирпирак бўлиб айланарди. Кимдир у билан гап талашарди. У бўлса кўчма каравотида чўзилганча жавоб қилармиш.
– Ким билан гаплашиб ётибсан? – ажабланди кампири
– Йўлбарсдай башанг кийинган бир инглиз билан, у полковник Аурелиано Буэндианинг лагерига келган эмиш, – деди полковник. У бошқа томонига ўгирилиб ётаркан, безгакдан бутун вужуди ловулларди. – У зот герцог Марлборо эди.
Эрталабданоқ полковник ўзини мажолсиз ҳис қилди. Қўнғироқ занги иккинчи марта даранглаб, хўроз ҳам безовта қичқирганда, субҳи козиб карахтлигида гамакдан сакраб туришни истади. Аммо боши ҳамон гир-гир айланарди. Кўнгли айниди. У ҳовлига чиқиб, қишнинг сокин шитирлари ва туманли ҳавосида бадрафхонага йўналди. Ичи синчдан, рух томли бўлма остидан аммиак бурқсирди. Полковник қачон бўлма оғзини очса, ўрадан ғуж-ғуж пашшалар учишади.
Бекор чиққанга ўхшайди. У рандаланмаган тахта устида оғриқдан қийналиб ўтирди. – Начора, – у пичирлаб қўйди. – Октябрда менда ҳамиша шундай бўлади. – Қорнида замбуруғлар ғимирлаётганига қарамай, ҳозирча том бир ишончда тек қотганча кутарди. Кейин хўрозни ўйлаб яна уйга кирди.
– Тунда сен безгакдан алаҳлаб чиқдинг, – деди кампири.
У ҳафта давомида хуруж қилган дамқисмаси сал тинч қўйиши билан уйни саранжомлашга киришиб кетганди. Полковник эслашга уринди.
– Бу безгак эмас, – ёлғонлади. – Тушимга яна ўргимчак ини кирибди.
Кампири ҳамишагидек хасталик хуружидан кейин серғайрат бўлиб қоларди. Эрталабданоқ уйни бошдан-оёқ ағдар-тўнтар қилиб, тартибга келтиришга киришди. Девор соати ва нимфа сиймоси туширилган суратдан мустасно бошқа ҳамма жиҳозларнинг ўрнини алмаштирди. Қора кўйлак кийган, митти жуссали ва нозиккина полковникнинг хотини, пардай шиппакда, шарпадай бутун уй бўйлаб зир югурар, гўё тўрт деворга сингиб кетмоқчидек туюларди. Бироқ соат ўн иккига етганида, бу аёл вазн ва моддийлик касб этар, каравотга бир қоп похолдек баайни жонсиз ағанар, ҳозир эса папоротник ва бегонияли туваклар оралаб бетиним изғир, бутун борлиғи билан уйни тўлатган эди.
– Августиннинг ўлимидан кейин қарийб бир йил орасида бирон марта ҳам хиргойи қилмабман-а, – деди у кострюлкага кесиб солинган цитрус мева бўлаклари қайнаётган таомни аралаштирар экан.
– Хиргойи қилишни хоҳларкансан, ким қўлингдан ушлаяпти, куйла, – деди полковник. – Бунинг ўт пуфагига ҳам нафи тегади.
Доктор тушдан кейин келди. Полковник ошхонада кампири билан қаҳва ичиб бўлаёзганда, у кириш эшигини силтаб очди-да, ўша ердан бўкирди:
– Беморларимиз қандай, жонлари чиқиб улгурганича йўқми?
Полковник уни қаршилаш учун ўрнидан турди.
– Ёпирай, доктор, – деди у. – Мен доим айтаман, сизнинг соатингиз ҳамиша илгарилаб кетади.
Врач кўригига тайёргарлик кўриб олиш учун аёл ичкарига кириб кетди, полковник билан доктор меҳмонхонада қолишди. Жазирама авжидалигига қарамасдан, докторнинг каноп костюми бекаму кўст оҳорли эди. Аёл тайёр бўлгани аломатини билдирганида, доктор ўрнидан туриб, полковникка қанақадир варақалари бор конверт тутқазди.
– Бунда кечаги газетларда ёзилмаган нималардир бор.
Булар яширин мимеографда чоп этилган, кейинги пайтларда содир бўлган воқеалар тафсилоти эканлигини полковник дарров фаҳмлади. Мамлакатнинг ички туманларидаги қуролли қаршилик ҳақида хабарномалар. Полковник ларзага келди. У ўн йиллардан буён тақиқланган адабиётларни мунтазам ўқиб борса-да, сиёсатнинг феълини тушунолмасди: негаки, доимо энг сўнгги янгиликлар энг умидвор руҳда бўларди. Доктор меҳмонхонага қайтганда, у ўқиб тугатиш арафасида эди.
– Менинг мижозим мендан-да соғломроқ, – деди доктор. – Бундай дамқисма билан мен яна юз йил яшашим мумкин.
Полковник унга хўмрайиб қараб қўйди. Бир оғиз ҳам гапирмасдан конвертни узатди. Бироқ доктор олмади.
– Бошқаларга ҳам беринг, – хотиржам деди у.
Полковник конвертни чўнтагига тиқди.
– Доктор, кунлардан бир кун ажалим етиб ўлсам, сизни ҳам ўзим билан дўзахга тортиб кетаман, – деди улар олдига чиқиб келган хаста аёл.
Жавобига доктор кўзни қамаштирадиган тишларини ярақлатиб, тиржайиб қўйди, холос. Кейин катта бир одим билан стуллардан бирини столга яқинроқ суриб, жомадончасидан бир неча хил янги дори-дармонларнинг кўргазма намуналарини чиқариб терди. Аёл тўхтамасдан ошхона томонга ўтаркан, йўл-йўлакай деди:
– Тўхтаб туринг, мен қаҳвани илитиб келаман.
– Йўқ, раҳмат, – деди доктор бошини кўтармасдан. У рецепт ёзишга тутинди. – Мени заҳарлашингизга заррача ҳам имкон қолдиролмайман.
Ошхонада аёл қиқирлади. Доктор ёзишни ниҳоясига етказиб, овоз чиқариб ўқиди, ўзи иқрор бўлганидек, нима ёзилганини бошқа биров ҳижжалолмасди ҳам. Полковник бор кучини ишга солиб бутун диққат-эътиборини бир ерга тўплашга ҳаракат қиларди. Аёл хонага кирар экан, ўтган туни мижжа қоқмай чиққанлиги эрига таъсир қилганини пайқади.
– Шу кеч ҳам тонгга яқин уни безгак тутди, доктор, – дийдиё қилди аёл. – Қарийб икки соат фуқаролар уруши ҳақида алаҳлаб чиқди.
Полковник сесканиб кетди.
– Бу ҳеч ҳам безгак эмас, – дағаллик билан деди у ўзини қўлга олишга уриниб. – Қолаверса, ҳақиқатдан ҳам аҳволим ёмонлигини ҳис қилсам, ўлигимни бировга ташлаб қўймайман. Ўзимни ўзим ахлат ўрага ирғита оламан.
У газеталарни келтириш учун хонадан чиқиб кетди.
– Гуллар учун раҳмат, – деди доктор.
Майдонгача улар бирга боришди. Ҳаво қуруқ эди. Жазирамадан асфальт эрий бошлаганди. Доктор хайрлашаётганида, полковник сиқиқ тишлари орасидан хотиржам сўради:
– Доктор, сиздан қанча қарздормиз?
– Ҳозир ҳеч қанча, – деркан доктор унинг елкасига уриб қўйди. – Хўроз ғолиб чиққан куни эса биратўла эришингизга тўғри келади.
Полковник тикувчилик устахонаси томон йўналди, Августиннинг ошналарига варақаларни беради. У учун устахона ягона бошпана эди. Полковникнинг партиявий ўртоқларининг кўпи аллақачон ўлдирилган ё шаҳардан бадарға қилинган, у ёлғизланиб қолган, ҳар жумада почтага боришдан бўлак ҳеч бир маънили машғулоти йўқ эди.
Кундузги офтобнинг тафти кампирини руҳлантириб юборган эди. Даҳлиздаги бегониялар ёнида жойлашиб олганича, сандиқдан эски-туски кийим-кечакларни олдига ёйиб ўтирарди, у бир марта эмас, ҳар сафар йўқ жойдан шундай бир янги либослар ижод қилиб ташлардики, тан бермасдан бошқа илож қолмасди. Енгчалардан бежирим ёқалар, кийимнинг астаридан қадама енглар, рангдор, тўртбурчак парча-қуроқлардан ажойиб куйлакчалар пайдо бўлгани кўзни яшнатар эди. Теваракда эса ниначилар бир хил оҳангда чириллаб муаллақ учиб юрарди. Офтоб уфқ сари имиллаб сирғаларди, аммо бегониялар орасида ивирсиган аёл унинг қандай ботиб бораётганини кўрмасди. У фақат кечки пайт, полковник уйга қайтгандан кейингина бошини кўтарди. У бўйнини бармоқлари билан бир сиқиб, кейин қўлларини бўшатаркан деди:
– Миям жуда ҳам суюлиб кетганга ўхшайди.
– Азалдан ҳам гўр бўлмагансан, – чақиб олди полковник. Кампири орқа-олдини камалакранг қийқимларга тўлдириб ташлаганини кўриб, бу луқма етарли эмасдай қўшимча қилди: – Сен қизилиштоннинг ўзисан.
– Устингни бутлаш учун қизилиштон бўлишга ҳам розиман, – деркан у ҳар хил рангдаги қийқимлардан тикилган кўйлакнинг бошқа тарафини ағдарди. Кўйлакнинг фақат ёқаси ва енглари бир хил эди. – Карнавалга борганингда, камзулни ечсанг, асқотиб қолади.
Хуфтонга чалинган қўнғироқ аёлнинг гапини бўлди.
– Парвардигор фариштаси Биби Марям руҳига юксалтир, – дея минғирлаганча, қўлидаги кийимлар билан аёл ётоқхонага йўналди.
Полковник мактабдан қайтарида йўлакай хўрозни кўриш учун кирган болаларни гапга тутди. Кейин эртага жўхори йўқлиги эсига тушиб, кампиридан пул сўраш учун ётоқхонага кирди.
– Менимча, бор-йўғи эллик сентаво қолди, – деди кампири.
Аёл пулларни бир латтачага тугиб, четдаги кўрпача тагида сақларди. Бу пуллар Августининг тикув машинкаси сотувидан тушган эди. Мана тўққиз ойдан буён шу зайлда, ўша маблағ ҳисобидан ўзларининг тирикчилигини ўтказишар, хўроз учун чақама-чақа, бирин-кетин сарфлашиб, яшаб келишар эди. Ҳозир ўша пулнинг ўндан бири: иккита йигирма сентаво ва битта ўн сентаволик танга қолганди.
– Бир қадоқ жўхори сотиб оласан, – деди аёл. – Эртага қаҳва сотиб олишга ҳам қолсин. Кейин тўрт унция пишлоқ ҳам.
– Яна эшикларга осиб қўйиш учун зарҳал филча, – жўр бўлди полковник ҳам. – Бир қадоқ жўхори қирқ икки сентаво туради.
Улар ўйланиб қолишди.
– Хўроз – жонивор, демак чидаб турса ҳам бўлади, – деб гап бошлаган ҳам эдики, кампири, аммо полковникнинг юзида қалқиб чиққан ифодани кўриб, тилини тийишга мажбур бўлди.
Полковник каравотга ўтириб, тиззасига тирсакларини қадаб, кафтидаги тангаларни шақирлатди.
– Гап фақат менда эмас-да, – деди полковник бироз гапирмай тургандан кейин. – Агар менга боғлиқ бўлганида, уни шу бугуноқ, шўрванинг тагига бостириб юборган бўлардим. Ошқозоннинг онасини шунақа ҳам кўрсатардики… Нақ эллик песо-я! – У бир дақиқа тўхтаб қолиб, бўйнидаги пашшани эзғилади. Нигоҳи эса кампирининг ортидан, бутун хона бўйлаб бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юрарди. – Биласанми, анови шўрлик болаларни ҳам ўйламаса бўлмайди-да, ахир барча тўплаган пулларини, шу жинқар хўрозимизга тикишган-да.
Энди яна аёл ўйланиб қолди. У бутун хона бўйлаб шу шилқим пашшаларни қийратадиган дорини сочиб юраркан, полковникда гўё кампири уйдаги руҳларни кенгашга чақирмоқчидек тасаввур пайдо бўлди. Охири аёл кичкина пуркагични тошбосмали меҳроб олдига қўйиб, қиёмранг кўзларини тўғри эрининг қиёмранг кўзига тикди.
– Жўхори сотиб ол, – деди аёл. – Нима бўлишимиз биргина Худога аён.
Полковник кейинги ҳафта давомида ҳар гал стол ёнига ўтирса: “Насибамизни бизга етиши – мўъжиза”, – деб юрди. Кампири йўқ жойдан либослар тикиб ташлайдиган чеварлигига яраша, йўқни йўндириб егулик ҳам тайёрлай олар эди. Октябрь нафас ростлаш имконини чўзди. Намгарчилик одам мурдадек тош қотиб мудрайдиган шароит билан алмашди. Кундузи офтобнинг мис шуъласидан руҳланган аёл уч кечасини бутунлай қаралмаган сочларига бағишлади.
– Мана ниҳоят, тантанали маросим бошланяпти, – деди полковник аёли ўзининг кулранг узун сочларини сийрак тишли тароғи билан тарашга тушган куни.
Иккинчи кун ҳовлида аёл тиззасида чойшабини ёйганича тароғи билан сочларини тараб, хасталигида босиб кетган битларини терарди. Учинчи марта бошини хушбўй гулобга ювиб, сочи қуришини кутиб тин олар экан, тепасини турмаклаб, тўғноғичлар қистириб қўярди.
Полковникнинг хаёли хўрозлар билан банд эди. Ҳатто тунда ухлолмай гамакда у ёқдан бу ёққа ағанаб ётаркан, фақат улар ҳақида ўйларди. Чоршанбада хўрознинг вазнини тарозида тортиб кўраркан, у меъёридагидек туюлди. Ўша куни Августиннинг хуш-хандон ўртоқлари полковник билан хайрлашиб чиқиб кета туриб, хўрознинг ғолиб чиқишини ҳам ўзларича башорат қилишди. Кампири сочларини калтартирган полковник ҳам ўзини бардам ҳис қилди.
– Ўтган йигирма йил юкини ҳам бошимдан олиб ташладинг, – деди полковник бошига қўлини тегизиб. Кампири унинг ҳақ эканлиги ҳақида ўйлади.
– Мен ўзимни яхши ҳис қилганимда, ўликни ҳам тирилтириб юборишим ҳеч гап эмас, – деди аёли.
Бироқ уларнинг бу хотиржамлиги узоқ давом этмади. Соат билан суратни айтмаганда, уйда сотишга қарийб ҳеч нима қолмаганди. Пайшанба кечқурун ғамлаганларининг таги кўринганда кампири типирчилашга тушди.
– Ғам ема, – уни тинчлантирди полковник. – Эртага почта келади.
Эртаси куни у докторнинг ишхонаси яқинида туриб, кемани орзиқиб кутарди.
– Самолёт – аломат матоҳ-да, – деркан полковник нигоҳини почта халтасидан узмасди. – Эшитишимча, у бир тунда Европага учиб бора олиши мумкин экан.
– Мумкин, – деди доктор журнал билан елпиниб.
Полковник почтани кутаётганлар орасида нозирни кузатаркан, ҳали кема боғлаб қўйилганича ҳам йўқ, унга сакраб чиқиб олмоқчи бўларди. Нозир ҳақиқатдан ҳам биринчи бўлиб кемага ҳатлади. Капитандан муҳрланган конверт олди. Кейин палубага кўтарилди. Почта халтаси икки нефть бўчкасининг ўртасига боғланган эди.
– Чунончи, самолётларда учиш хатарли бўлгани билан, – дея туриб полковник почта нозири қорасини йўқотиб қўйди. Аммо кўп ўтмай ёрқин шишаларда салқин ичимликлар териб қўйилган савдогарлар аравасида унга кўзи тушгач, фикрини ниҳоясига етказди. – Инсоният тараққиётга эришгани эвазига ҳам тўлов тўлашга тўғри келади чоғи.
– Ҳозир мана бу кемада чайқалиб минг бир азоб тортгандан самолёт хатарсизроқ, – луқма ташлади доктор. – Ҳар қанақа кучли довул ҳам йигирма минг фут баландликдаги парвозга ҳеч қанақа дахл қилолмайди.
– Йигирма минг фут-а, – лол бўлганидан қайтарди полковник, шунчалик баландликни тасаввур қилишга ўзида куч тополмасдан.
Докторнинг гурунгга иштиёқи борлиги кўриниб турарди. У қўлларини узатиб, журнални бор бўйича кўтарди ва бутунлай қимирлатмасдан ушлаб туришга эришди.
– Нақадар гўзал мувозанат, – деди у.
Бироқ полковникнинг бор диққати нозирга қаратилганди. У нозир чап қўлида стаканни тутганча, кўпикланаётган лимонадни қандай ичаётганига пинак қоқмасдан боқарди. Нозирнинг ўнг қўлида эса хат-хабар халтаси осилиб турарди.
– Бундан ташқари денгиздаги каттакон лангарли кемалар тунги самолётлар билан ҳамиша алоқада бўлиб турадилар, – дея гапини давом эттирди доктор. – Хавфнинг олди олинган бунақа шароитда катер қаёқда-ю, самолёт қаёқда.
Полковник докторга ўгирилди.
– Ҳа, албатта, – деди полковник. – Афтидан, самолётга чиқишнинг учар гиламда ўтиришдан фарқи бўлмаса керак.
Нозир тўғри уларга қараб юрди. Полковникни енгиб бўлмас бир ҳаяжон қамраб олган, у исми шарифи ёзилиб, сурғуч билан муҳрланган конвертни очиш истагида ёнарди, ҳатто бунинг ваҳимаси босиб, бир қадам орқага тисланди. Нозир қопи боғичини бўшатиб, докторга газеталарини узатди. Кейин шахсий хат-хабарлар халтачасини очиб, ҳужжат бўйича жўнатилган хатлар сонини текшириб, конвертларда йўлланган исмлар бўйича бир-бир эгаларини чақиришга тушди. Доктор газеталари қатини очди.
– Биринчи ўринда Сувайш канали муаммоси, – деди сарлавҳаларга кўз югуртириб. – Ғарб ўз мавқеини бой беряпти.
Полковникнинг қулоғига ҳозир сарлавҳалар ҳам кирмасди. У ошқозонида турган оғриқни босишга тиришарди.
– Цензура балосидан отам замонидан буён газеталар фақат Европа ҳақида ёзишади. Европаликлар бу ерда, биз эса Европада бўлганимизда аломат бўларди-да. Ана шунда ҳар биримиз ўз мамлакатимизда нималар содир бўлаётганидан хабар топар эдик.
– Европаликлар учун Жанубий Америка – бу тўппончали, гитараси ҳам бор шопмўйловли эркакдир, – масхаралаб деди доктор газеталарга қарашдан ҳам чалғимай. – Улар бизни тушунишмайди.
Нозир докторга ҳам хат-хабар берди. Қолганларини эса халтасига яна солиб оғзини маҳкам боғлади. Доктор хатларига кўз ташламоқчи бўлдию, бироқ бундан ҳам олдин полковникка синчиклаб қаради. Кейин нозирга – деди:
– Полковникка ҳеч нима йўқми?
Полковникни азобли ваҳима босди. Нозир халтани елкасига ортиш учун остонадан пастга тушди ва бошини бурмасдан деди:
– Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди.
Одатига хилоф равишда полковник шу заҳоти уйига йўл олмади. Аввалига устахонада Августиннинг ўртоқлари газеталарга кўз югуртириб ўтирганида қаҳва ичди. У ўзини алданган ҳис қилиб, ич-ичдан эзилар эди. У қани эди келгуси жумагача шу ерда қола олсаму, кампиримнинг кўзига бўш қўл билан қорамни кўрсатмасам, дея хаёл сурарди. Мана, устахонани ҳам ёпишди. Муқаррар юз берадиган воқеани бир чеккага улоқтириб ташлаш эса имконсиз эди.
Уни кампири кутарди
– Ҳеч вақо йўқми? – сўради у.
– Ҳеч вақо йўқ, – жавоб қилди полковник.
Шунга қарамай у янаги жума кемани кутиб олишга чиқди. Ва ҳамишагидек уйга хатсиз қайтди.
– Биз ҳаддан ташқари узоқ кутдик, – деди унга кампири. – Фақат ҳўкиздай ўжар бўлганинг учун ўн беш йилдан буён хат кутиб келасан.
Полковник гамакка чўзилиб, газета титкилашга тутинди.
– Навбатимиз келишини кутишимиз керак, – деди эркак. – Бизнинг тартиб рақамимиз бир минг саккиз юз йигирма уч.
– Шунча пайт биз буни кутиб ўтирибмизу, ўтган фурсатда лотереяда бу рақамга икки марта ютуқ чиққан бўларди.
Полковник ҳамишагидек газеталарни бошидан охиригача: биринчи саҳифасидан сўнгисигача, эълонларини ҳам қолдирмай мук тушиб ўқиди. Аммо у бу сафар ҳеч диққат-эътиборини бир ерга тўплолмас: ўзига ветеран сифатида берилиши керак бўлган нафақа хаёлини зумда ўғирлар эди. Ўн тўққиз йил олдин конгресс қонун қабул қилгани ҳақида овоза етиб келгандаёқ, полковник бу имтиёзга муносиб эканлигини исботлаб бериш учун ишга киришган эди. Бу жараён саккиз йилга чўзилди. Кейин яна олти йил ветеранлар рўйхатига тиркалишга кетди. Унинг охирги олган хати шу ҳақида эди.
Комендантлик соати кирганини билдириб, бонг урилганида у ўқишни бас қилди. Ухлаш учун чироқни ўчиришга ҳозирлик кўрар экан, кампири уйғоқ эканлигини бирдан сезиб қолди.
– Анови газетдан қирқиб олинган қийқимни сақлаб қўйибсанми?
– Ҳа. Қоғозлар ичида бўлиши керак.
Кампири пашшахонасини устидан улоқтириб, шкафдан ёғоч қутичани олди, ичида саналар бўйича тартибланиб, резина билан боғлаб қўйилган бир ўрам хатлар ётарди. У хатлар орасидан уруш ветеранларига нафақани расмийлаштириш ваъдасида фаоллик кўрсатаётган адвокатлар идораси эълонини топди.
– Мен сенга қачондан буён адвокатни алмаштирмасанг бўлмайди, деб келаман, – деди эрига газетадан кесиб олинган парчани узатаркан. – Шу пайтгача нафақа пулини олиб, уни харжлашга ҳам улгурардик. Худди ҳиндуларга ўхшаб, тобутимиз устига қўйиладиган ақчадан бизга қандай наф бўлиши мумкин.
Полковник бу парчани икки йил ўтиб энди қўлига олаётган эди. Уни эшик ортига осилган кўйлаги ён чўнтагига солиб қўйди.
– Адвокатни алмаштириш учун ҳам пул керак-да.
– Ҳеч ҳамда, – кескин қарши чиқди кампири. – Бу пулни нафақани қўлга киритганимиздан кейин ўшандан чегириб олишларини уларга ёзиб юбориш мумкин-ку. Бу уларни ишга қизиқтиради ҳам.
Шанба куни полковник ўзининг адвокати олдига йўл олди. У эса гамагида беғам чўзилиб ётганича полковникни кутиб олди. Бу барзанги ҳабашнинг юқори жағида иккитагина тиши қолганди. Адвокат ёғоч сандалини оёғига илдириб, деразани очди. Ойна ёнида чанг босган пианола, устида уюм қоғозлар тахлами, “Диарио офисиаль” дан кесиб олиб маҳкамланган эски ҳисоб-китоб дафтарлари ва Назорат инспекторлигининг хабарномалари тартибсиз ҳолда ётарди. Клавишсиз пианола унга ёзув столи вазифасини ҳам ўтар эди. Келиши боисини айтишдан аввал полковник ишнинг ўлда-жўлдалигидан ташвишдалигини изҳор қилди.
– Бунақа ишлар бир-икки кунда ҳал бўлмаслигидан сизни огоҳлантирган эдим-ку, – деб қўйди адвокат. У диққинафасликдан бўлари бўлиб, ғилдиракли оромкурсини орқасига тортиб, унга сал бўлмаса ётиб олганча аллақандай рисолача билан ўзини елпирди. – Менинг ишончли вакилларим умидни йўқотмаслик борасида пайдар-пай хабар қилиб туришибди.
– Бу ёзишмалар ўн беш йилдан буён судралиб келади, – деди полковник. – Бу худди оқ буқача ҳақидаги эртакка ўхшайди.
Адвокат бу маъмурий ёзишмалар ғорини титкилашга тушиб кетди. Унинг сўлжайиб кетган думбасига оромкурси жуда ҳам тор эди.
– Ўн беш йил олдин осонроқ эди, – ниҳоят хулосалади у. – Энди эса икки партиядан ҳам аъзо бўлган ветеранларнинг бутун бир муниципал уюшмаси мавжуд. – У ўпкани куйдиргич ҳавони симираркан, ўзини гўё қатъий бир қарорни айтмоқ учун жиддий ўйлаётгандек тутарди. – Куч эса – ҳамжиҳатликда.
– Бу менга тўғри келмайди, – деркан полковник биринчи марта ўзини жуда ҳам ёлғиз ҳис қилди. – Ижобий хатни кута-кута неча бир ўртоқларим ўлиб кетишди.
Адвокат ҳам ўзиникини маъқуллашдан қолмасди:
– Қонун жудаям кеч қабул қилинди-да. Яна сизга ўхшаган кўпларга тўғри ҳам келмайди. Мана полковниклик унвонини олганингизга ҳам йигирма йил бўлиб қолди. Бундан ташқари, қонунда нафақа учун қаердан пул ажратилиши ҳам кўрсатилмаган, шунинг учун ҳам ҳукумат бюджетни тубдан кўриб чиқишига тўғри келади.
Эски ашула. Уни полковник ҳар сафар тингларкан, жони жаҳони ифода қилиб бўлмайдиган дард-алам оловида қоврилар эди.
– Биз садақа тиланмаймиз, – деди у. – Биз қарз сўрамаймиз. Биз республикани асраб қолиш учун тан-жонимизни гаровга қўйганмиз.
Адвокат қўлларини ёйди.
– Ҳа, албатта, шундай, полковник. Инсоний кўрнамаклик чегара билмасдир.
Бу қўшиқ полковникка таниш эди. Биринчи марта полковник буни Неерланд шартномаси тузилган куннинг эртасига эшитган, ҳукумат жангдан қайтаётган икки юзча зобитларга йўқотувлар ўрнини тўлдириб, кўмак беришга ваъда берган эди. Инқилобий батальон мактабдан қочган ўспирин йигитчалардан ташкил топганди. Уларни Неерландиянинг улкан лагерига тиқишиб, уч ой куттирган эдилар. Кейин ҳар ким ўзича тадоригини кўриб, уйга қайтишнинг пайида бўлишган, уйга етиб келгандан кейин эса умидворлик билан кутишда давом этилганди. Шундан буён қарийб эллик йил ўтиб кетганига қарамай, ҳамон полковник кутар эди.
Хотиралардан ҳаяжонланган полковник қаддини ғоз тутди. Суякдор тиззасига устихони чиқиб қолган қўлларини қатъий қўйиб, виқорли овозда деди:
– Шунинг учун мен қатъий бир қарорга келдим.
Адвокат қулоғини динг қилди.
– Хўш, қандай?
– Адвокатни алмаштираман.
Бир гала сариқ ўрдакчаларни ортидан эргаштириб, адвокатнинг хонасига бир ўрдак кирди. Уларни ҳайдамоқчи бўлиб ўрнидан турди.
– Ўзингизга қулайини кўраверинг, полковник, – деди ҳамон қўлларини силкитганича адвокат. – Сиз нима десангиз, шу. Агар мен бирон-бир каромат кўрсата билганимда, бу қушхонада ўрдак ҳайдаб юрмаган бўлардим. – У эшикка ёғоч панжарани қўйиб, қайтиб келиб ўрнига ўтирди.
– Менинг ўғлим умр бўйи меҳнат қилди, – деди полковник. – Кулбам гаровда. Нафақа ҳақида чиққан қонун эса адвокатлар учун еб ётар бўлди.
– Фақат мен учун эмас, – норозиланди адвокат. – Қанча маош олмай, охирги чақасигача суд югур-югурларига сарфлайман.
Полковникни бошида кимгадир адолатсизлик қилиб қўйиш ҳақидаги фикр чарх уриб, изтиробга солар эди.
– Аҳвол айнан шундай эканлигини айтишни истар эдим, – тўғрилади полковник. – Бу жазирамада миялар эриб кетиши ҳеч гап эмас.
Бир дақиқада адвокат ишончномани излаб, тепадан-пастгача ҳамма жойни титкилаб, ағдар-тўнтар қилди. Бу орада офтоб йўнилмаган тахта қоқиштирилган ёқимсиз дарчанинг ўртасигача етиб қолди. Узоқ ва натижасиз изланишлар адоғида пианоланинг устидаги қоғозларнинг ҳам чорак қисмини кўздан кечирган адвокат, унинг тагидан ҳам бир қанча хат жилд ўрамларини тортиб чиқарди.
– Мана у, – деди гербли қоғозни полковникка узатаркан. – Бунинг нусхаларини йўқотишларини ишончли вакилларимга ёзиб юборишим керак.
Полковник чангларини қоқиб, қоғозни кўйлаги чўнтагига солиб қўйди.
– Уни ўзингиз йиртиб ташларсиз, – деди адвокат.
– Нега йиртарканман?! – кутилмаган жавоб қилди полковник. – Ахир бу менинг йигирма йиллик ҳаётим. – У адвокат қидирувни давом эттиради, деб ўйлаганди, у кимса бўлса гамагига қараб кетганча, терини артди. Сўнг қуёш шуълаларида титраётган ҳаво ортидан полковникка анграйди.
– Бошқа ҳужжатларимни ҳам олишим керак, – сўради полковник.
– Қайсиларини?
– Биринчи навбатда полковник Буэндианинг тилхатини.
Адвокат елкасини қисди.
– Бунинг ҳеч ҳам иложи йўқ.
Полковник таҳликада қолди. Макондо инқилобий округи ғазначиси сифатида машаққатли олти кунлик ўтиш жараёнида ҳам у икки жомадонча ҳужжатларни яғир хачирда олиб юриш қанчалик оғир бўлганига қарамай, кўз қорачиғидай асраганди. У шартномага қўл қўйилишига ярим соат қолганида, озиб-тўзиб сўнгги нафасини олаётган хачирни етаклаб, Неерландиядаги лагерга кириб келган эди. Ўшанда Атлантика қирғоқлари инқилобий кучларининг бош интенданти – полковник Аурелиано Буэндиа ўша икки жомадонни таслим бўлиш чоғида мусодара қилинган мулк рўйхатига киритгани ҳақида унга тилхат ёзиб берган.
– Бу ҳужжатларнинг кучи жуда залворли эди, – деди полковник. – Айниқса, полковник Аурелиано Буэндианинг ўз қўли билан ёзиб берган тилхатнинг.
– Эҳтимол, – деди адвокат. – Бироқ бу ҳужжатлар минг бир идорада, минг битта қўлдан ўта-ўта, ҳозир ҳарбий вазирликнинг қайси бир ғаладонида турган бўлса ҳам катта гап.
– Бундай муҳим ҳужжатлар қандай амалдорнинг қўлидан ўтмасин, эътибордан четда қолиши мумкин эмас, – деди полковник.
– Бироқ охирги ўн беш йилда қайта-қайта жуда кўп амалдорлар алмашди, – таъкидлади адвокат. – Ўзингиз бир эсланг, бу орада ҳукумат бошига етти президент келди ва ҳар бири ўз талаблари билан қароргоҳини ўн мартадан кам бўлмаган даражада бошқа кўринишга солди, ҳар бир вазир эса ўз амалдорларини юз марталаб ўзгартирди.
– Бироқ ҳеч бири ўзи билан бу ҳужжатларни олиб кетиши мумкин эмас-ку, – деди полковник. – Йўриққа кўра, ҳар бири уларни албатта, аввалги жойида сақлайди.
Адвокат ноумид шалвиради.
– Мабодо бу қоғозлар эндиям вазирликнинг қайси бир бўлмасидан чиқиб қолган тақдирда, иш бутунлай янгидан қўлдан-қўлга ўтиш жараёнини бошлайди, шунда биринчилар қаторида сиз ҳам рўйхатга тушасиз.
– Барибир, – деди полковник.
– Шу билан яна юз йил судра-судра бўлади.
– Барибир. Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидаши керак.
Полковник меҳмонхонадаги ёзув столчасига бир ўрам чизиқли ва босма қоғозлар, сиёҳли ручка ва сиёҳдонни келтириб қўйди. Ҳар эҳтимолга қарши ётоқхона эшигини кампири билан кенгашиш зарурияти туғилиб қолишини ўйлаб очиқ қолдирди. Завжаси ибодатга берилган, тасбеҳ ўгирарди.
– Бугун нечанчи сана?
– Йигирма еттинчи октябрь.
У жуда эҳтиёткорлик билан, перо чизиқдан чиқиб кетмайдиган қилиб қўлида ушлаганча, нафас олиши осон бўлиши учун қаддини расо тутиб – баайни унга мактабда қандай ўргатган бўлсалар, шундай хат қоралашга киришган эди. Уйдаги диққинафасликка чидаб бўлмас, ҳатто бир томчи тер қоғозга-да томди. Полковник уни ҳўллади. Кейин намдан семирган сўзни артмоқчи бўлди, аммо сиёҳ чапланиб, хунук доғ бўлиб қолди, холос. Шунга қарамай у умидсизликка тушмади. Полковник белги қўйиб, янги қоғозга қайта кўчирди: “Ҳамма ҳуқуқлар дахлсиздир”. Сўнг хатбошидан ўқиди.
– Қачон мени рўйхатга тиркашганди?
Аёл ибодатини бўлмасдан ҳисоблаб чиқди.
– Минг тўққиз юз қирқ тўққизинчи йилнинг ўн иккинчи августида.
Айни шу палла ёмғир ёға бошлади. Полковник Манаурадаги давлат мактабида ёзишни ўрганган пайтларидагидек саҳифани йирик-йирик, худди болачаларнинг ёзувидек дона-дона ҳарфлар билан тўлдирган эди. Кейин иккинчи саҳифанинг ярмига етиб имзо қўйди.
У номани хотинига ўқиб берди. Аёл ютоқиб тинглар экан, ҳар бир иборани бошини силкиб маъқуллар эди.
– Сен кимгадир хатни машинкалаб беришини илтимос қилсанг бўларди.
– Йўқ, – жавоб қилди полковник. – Биров менга марҳамат кўрсатишини ўтиниб чарчадим.
У ёмғир пальма барглари ёпилган томни доира қилиб чалганини ярим соатлар тинглаб ётди. Шаҳарда чинакамига сел қуйди. Комендантлик соати бошлангандан кейин шифтнинг қаеридандир чакки томчилади.
– Аввалдан шундай қилсанг эди, – дея орзиқди муштипар. – Ҳаракатда баракат бўлади.
– Бунинг сира кечи йўқ, – деди полковник ўтаётган чаккиларни тинглаганича. – Балки муаммо уйнинг гаров муддати тугамасидан олдинроқ ҳал бўлар.
– Икки йил қолди, – деди аёл.
Полковник чироқни ёқиб, чакки томчилаётган жойни топди ва унга хўрознинг товоғини қўйиб, идиш тубига қаттиқ-қаттиқ урилаётган томчи овози-ла ётоқхонага қайтди.
– Балки улар ҳақларини тезроқ ундириш учун ишни январгача қолдирмасдан ҳам ҳал қилиб беришар, – деркан бу гапига ўзи ҳам ишониб кетди.
– Бу орада Августиннинг йили бўлиб қолади, ундан кейин биз кинога ҳам тушишимиз мумкин.
Аёл овоз чиқармай табассум қилди.
– Мен ҳатто мультфильмлар қанақа бўлишини ҳам унутаёздим.
Полковник пашшахона ичидаги кампирини яхшироқ кўрмоқ пайида бўлди.
– Қачон охирги марта кинога тушгандинг?
– Ўттиз биринчи йилда, – деди кампири. – Ўшанда “Марҳумнинг васияти”ни намойиш қилишганди.
– Ур-йиқитмиди?
– Бунисини унчалик айтолмайман. Арвоҳ ана-мана қизболанинг маржонини олиб қочиб кетаман деб турганда, бирдан жала шариллаб ёғиб қолади.
Ёмғир шовқинида уларнинг кўзлари илинди. Полковник қорнида симиллаган оғриқни ҳис қилди. Бироқ ташвишланмади. Бутун октябрь давомида бунга чидаб келарди.
Жун одеялига ўраниб, кўзи илинган ҳам экан, қандайдир бир ондаги кампирининг бўғиқ хириллашидан уйқуси бузулди. Туйқус ҳуши тикланиб, ўзига ўзи гапирди.
Кампири ҳам уйғониб кетди.
– Ким билан гаплашяпсан?
– Ҳеч ким билан, – деди полковник. – Аломат палла экан-да ўзиям. Макондада, ўйласам, биз юз фоиз ҳақ бўлганмиз. Биз полковник Аурелиано Буэндиага нима бўлса ҳам таслим бўлма, деб туриб олган эдик. Ўшандан кейин ҳаммасини яксон қилишди.
Ёмғир ҳафта давомида ҳам тинмади. Иккинчи ноябрь, ўтганларни эслаш кунида, полковникнинг қаршилигига қарамай, кампири Августиннинг қабрига гул олиб борди. Қабристондан қайтибоқ, аёлнинг хасталиги қайталади. Боёқиш ҳафтани минг азоб билан кечирди. Полковникнинг ўзи ҳам октябрнинг тўрт ҳафтасини ноумид, фақат сабр билан ўтказган, бу эса дард устига чипқон бўлганди. Доктор келди. У хастани кўриб, хонасидан чиқаётганда, жар солгандай деди:
– Агар бунақа майда-чуйда дардларга диққатимни қаратадиган бўлсам, бутун шаҳар аҳлини ўлимга ҳукм қилардим. – Аммо у кейин полковник билан ёлғиз гаплашганида, кампири қатъий тартибга риоя қилиш шартларини бирма-бир ёзиб берди.
Полковникнинг ҳам дарди зўрайди. У бадрафхонада бир неча соатлаб қолиб кетар, кейин совуқ қотиб ўранар ва ичи бўлак-бўлак бўлиб парчаланиб, идраб тушаётгандай ўзини нохуш ҳис қиларди. “Бунинг бари қиш туфайли, – ўзини ўзи ишонтирмоққа уринарди умидсизликка тушмаслик учун у. – Ёмғир тинганидан кейин ҳаммаси бошқача бўлади”. Ҳақиқатдан ҳам у ўша хатни кўзи очиқлигида олишига жуда қаттиқ ишонарди.
Энди хўжалик ишлари билан унинг ўзигина шуғулланиши чекига тушган, калаваси учини йўқотмаслик учун жонини Жабборга бериб, ўзини ҳар ёққа урарди. Кўпинча тишни-тишга босиб, қўшни дўкончалардан насияга нарса сўрашга тўғри келарди.
– Фақат кейинги ҳафтагача, – деса-да, ўзи ҳам бу гапига ишонмасди. – Жума куни менга бир жойдан пул келиши керак.
Кампирининг хуружи чекиниб, ўзига келганида эрининг атворини кўриб қўрқиб кетди.
– Фақат суягинг қолибди-ку.
– Ўзимни сотувга қўйишга тайёрлаяпман, – деди полковник. – Кларнет ясайдиган фабрикадан ҳозирданоқ буюртма ҳам бор.
У фақат хат келишидан умидини узмасдан ўзини тутиб турарди. Дармони қуриб, уйқусизликда ўтказилган тунлар наинки суякларини, балки бутун жисми жонини уй юмушлари билан хўроз орасига бўлиб ташлаганди. Ноябрнинг иккинчи ярмида икки кунни хўроз жўхорисиз ўтказди, полковник ўшанда уни ўлиб қолади деб хавотирланди. Шунда унинг эсига июлдан буён печка тепасида пояси билан осилиб турган бир боғлам ловия тушиб қолди. У хўрознинг товоқчасига қуриб ётган шу ловия шодасини бир ҳовучгина қилиб солди.
– Бу ёққа кел, – кампири чақирди.
– Ҳозир, – дея полковник хўрозни кузатарди. – Иштаҳа карнай бўлганда, бемаза таом бўлмайди.
Полковник яқинлашганда, кампири каравотга чиқиб олишга уринарди. Аёлнинг баданидан доривор ўтларнинг иси келарди. У эрига дона-дона қилиб амр этди:
– Сен тезда хўрознинг баҳридан ўтишинг керак.
Полковник кампири эртами-кечми, бир куни шу талабни муқаррар олдига қўйишини аниқ биларди. У бу лаҳзани ўғлини ўлдиришгач, ўзи хўрозни асрашга қарор қилган кечадан бошлаб кутарди. Кампирига нима деб жавоб қилишни ўйлаб олишга унинг етарлича фурсати бўлганди.
– Ҳозир бир пулга ҳам олишмайди, – деди у кампирига. – Уч ойдан кейин эса мусобақа бошланади, ана унда биз хўрозни бир қадар қимматга пуллашимиз мумкин.
– Гап пулда эмас, – деди кампири. – Йигитлар келганида, айт, хўрозни қанчага олишса олишсин, кейин билганини қилишмайдими.
– Мен уни Августин ҳаққи ушлаб турибман. – Полковник аллақачон шу хулосага келганди. – Ўзинг бир кўз олдингга келтириб кўр, хўрознинг ғалабаси ҳақида бир нима деб қолишса борми, унинг чеҳраси бахтдан қандай ёришиб кетарди.
Муштипар она ўғлини хотирлади.
– Бу лаънати хўрозлар уни бошига етди! – уввос солди у. – Агар учинчи январда уйда қолганидами, бу бахтсиз ҳодиса юз бермаган бўлармиди. – Ва озғин бармоғи билан эшикни кўрсатиб деди: – Гўё ҳозиргина ҳув анави ерда болагинамни қўлтиғи остига хўрозни қистириб олган ҳолда кўргандайман. Ҳали гальерада пайдо бўлмасдан олдинроқ ҳаётингни хароб қилма, деб унга зорланмаганмидим. У бўлса фақат кулиб қўя қолганча: “Бас қилсанг-чи! Бугун кечқурун биз тиллога чўмиламиз”, – деганди.
У мадорсизланиб, каравотга суянди. Полковник оҳистагина боши остига ёстиқ қўйди. Унинг кўзлари кампириники билан тўқнашаркан, бу кўзлар ўзиникига жуда ўхшарди.
– Ортиқча уринишдан ўзингни тий, – деркан полковник кампирининг кўксида нимадир ҳуштак чалаётганини эшитгандай бўлди. У ўзини билмасдан бир аҳволда ётарди. Яна ўзига келаркан, ҳар қалай нафас олиши бир қадар меъёрлашди.
– Ҳамма бало туз тотмаганимиздан, – деди кампири. – Ахир, гуноҳ эмасми, ризқингдан қирқиб, уни хўрознинг оёғи остига отиш.
Полковник чойшабнинг бир чеккаси билан кампирини ҳилпиди.
– Бор-йўғи уч ой чидаб берсак бўлди.
– Шу уч ойда биз нима еймиз?
– Билмайман, – деди полковник. – Агар очликдан ўлиш ҳукми пешонамизга ёзилганида, аллақачон ўлиб кетган бўлардик.
Соппа-соғ ва жонланиб қолган хўроз бўш товоқ олдида қаққайиб турарди. У полковникни кўраркан, бошини силкитиб, қарийб инсоний, хирқироқ овозда ашуласини қайтарди. Полковник унга ачиниб кулимсиради.
– Ҳаёт – қалтис ҳазил, ошна.
Шу билан полковник уйдан чиқиб кетди. У бу толтуш паллада бутун шаҳар бўйлаб аллатовур ҳолда ҳеч бир мақсадсиз сандироқлади; ҳатто бу оғир ҳолатдан чиқишнинг бирон-бир чораси бордир, дея ўзини ишонтиришга ҳам интилмади. Кимсасиз кўчаларда ўлардай чарчаганини ҳис қилмагунича шунчаки юраверди. Шундан кейингина уйига қайтди. Келганини эшитган кампири қошига чорлади.
– Нима дейсан?
Кампири унга қарамасдан жавоб берди:
– Соатни сотишимиз мумкин.
Полковник ҳам бу ҳақида ўйлаганди.
– Буни Альваро қирқ песога ҳеч бир гап-сўзсиз олишига ишончим комил, – деди кампири. – У тикув машинасини ўша заҳоти сотиб олгани эсингдадир.
Онаизор Августин Альваронинг қўлида ишлаб юрган пайтларини эслади.
– Эртага у билан гаплашаман, – кўна қолди полковник.
– Эртага суриб нима қиласан? – эътироз билдирди кампири. – Сен унга соатни ҳозироқ олиб бор. Столига қўйиб: “Альваро, сотиб оласан, деб олиб келдим”, де. Вассалом. У сени дарров тушунади.
Полковник ўзини бадбахт ҳис қилди.
– Бу бутун кўча бўйлаб жаноби олийнинг тобутини намойиш қилиб ўтишдай бўлади, – норозилик билдирди у. – Агар мени шу матоҳ билан кўришсами, ҳамма камина ҳақида ўзи тўқиб-бичган фолини достон қилишга тушиб кетади.
Ҳар қалай бу сафар ҳам кампири унга гапини ўтказди. Ўзи соатни девордан олиб, обдан газетага ўрагач, эрининг қўлига тутқазди.
– Қирқ песосиз уйга қайтма.
Полковник ўрамни қўлтиғига қистириб тикувчилик устахонасига йўл олди. Остонада Августиннинг жўралари йиғилиб ўтирарди.
Бири ўтиришга таклиф қилди. Полковник кўна қолди.
– Раҳмат, – деди у. – Мен бир дақиқага.
Устахонадан Альваро чиқиб келди, бутун даҳлиз бўйлаб чўзилган симга нам матонинг бир бўлагини осмоқчи бўлди. Альваро пишиқ ва бесўнақай ёш йигит эди; доимо кўзлари асабий бир ҳолда ёниб турарди. У ҳам полковникни ўтиришга даъват қилди. Полковник дадилланди. У курсини эшикка яқин суриб ўтирди ва соатни олишга таклиф қилиш мақсадида, Альваро билан ёлғиз қолишларини кута бошлади. Зум ўтмай эса тезда атрофидаги барчанинг юзида қанақадир асабий бир ҳолатни кузатди.
– Мен халақит бериб қўймадимми? – сўради у.
Йигитлар норизо бўлишди. Кимдир унга эгилиб, аранг эшитиладиган овозда деди:
– Бизда, бу ерда варақалар чиқиб қолди, Августин ёзган.
– Нима ҳақида?
– Ҳаммаси ўша воқеа ҳақида.
Унга варақани беришди. У чўнтагига тиқиб, тош қотганича ўтираверди. Фақат эсидан чиқиб, ўрамни беихтиёр тақиллатиб қолгандагина бу нарса уларнинг диққатини тортди. Шунда у яна ҳам донг қотди.
– Полковник, ўраб олганингиз нима?
Полковник Германнинг қизиқувчанлик билан боқиб турган яшил кўзларидан ўзини олиб қочди.
– Ҳеч нарса, – алдади у. – Шу, созлатмоқчи бўлиб соатни кўтариб олгандим.
– Ҳеч хаёлда йўқ нарсаларни ўйлаб топасиз-да ўзиям, полковник, – деди Герман ўрамдагини ўзиники қилмоқчи бўлиб. – Сиз шу ерда ўтира туринг, мен ўзим кўриб бераман.
Полковник соатни қўлидан бўшатмаc, миқ ҳам этмасди. Ҳолбуки қошигача қизариб кетганди. Гир-атрофдагилар ундан қаттиқ туриб талаб қилишга тушди:
– Полковник, унга берсангиз-чи! У механиканинг тилини яхши билади.
– Мен уни ташвишга қўйишни истамайман.
– Қанақа овораси бўлиши мумкин, – деди Герман ва ниҳоят соатни ўзига олди. – Немис ҳеч нарса қилмасдан ўн песонгизни қоқиштириб олади.
Герман соат билан устахонага кирганда, Альваро тикув машинасида чок тикарди. Сал наридаги девор олдида ўтирган бир қиз тугмаларни қадарди. Қизнинг тепасида гитара осиғлиқ турар, ундан ҳам тепароқда – ёзув бор эди: “Сиёсат ҳақида гапириш тақиқланади”.
Полковник соатсиз қолиб, ўзини қаерга қўйишни билмасди. Оёқларини курсининг харисига қўйди.
– Ишлар расво-ку, полковник.
У қалқиб кетди.
– Фақат ҳақорат қилинмасин.
Альфонсо полковникнинг ботинкасига яхшилаб разм солиш учунгина, бурни устидаги кўзойнагини тўғрилади.
– Ботинка ҳақида дегандим, – деди у. – Қарасам, сиз энди амирконидан кийадиган бўлибсиз.
– Шуни сўкмасдан ҳам айтса бўлмайдими, – дея полковник локланган ботинкасининг кабакисини кўрсатди. – Бу матоҳнинг ёши қирқда, лекин бутун умри давомида бирон марта сўкиш эшитмаган.
– Тайёр, – устахонадан Герман бақирди ва айни шу лаҳзада соатнинг жаранглаши янгради. Қўшни хонадан кимдир деворни урди ва аёлнинг овози эшитилди:
– Гитарага тегманглар – ҳали Августиннинг ўлганига бир йил тўлгани йўқ.
Ҳамма тиржайди.
– Бу соатнинг товуши.
Герман соатли ўрам билан ташқарига чиқди.
– Соатга ҳеч нима бўлгани йўқ. Истасангиз сизни уйингизгача кузатиб қўйишим мумкин: уни тўғри оса билиш керак.
Полковник рад этди.
– Мен қанча беришим керак?
– Ташвишланманг, полковник, – деди Герман давранинг ўртасида жойлашиб олганича. – Январда хўрознинг ўзи тўлайди.
Полковник қулай фурсатни қўлдан бой бермаслик керак деб ўйлади.
– Мен сенга у-бу нарса таклиф қилмоқчи эдим, – деди у.
– Нима экан?
– Мен сенга хўрозни туҳфа қилмоқчиман. – Полковник шу ерда ҳозирларнинг ҳаммасига бирма-бир синчковлик билан қараб чиқди. – Хўрозни ҳаммангизга инъом этсам дейман.
Герман ҳайратдан донг қотди.
– Мен қариб қолдим, – давом этди полковник. У ўз овози қатъий ва вазмин чиқишини истарди. – Менинг ёшимда бу ҳаддан ташқари бошоғриқ. Мана бир неча кундирки, назаримда, хўроз ўлай деяпти.
– Хавотирланманг, полковник, – деди Альфонсо. – Шунчаки бу паллада хўрозларда янги пат чиқади. Сизникининг териси шамоллаган кўринади.
– Бир ойдан кейин кўрмагандек бўлиб кетади, – уни қувватлади Герман.
– Бари бир уни ўзимда қолдиришни истамайман.
Герман полковникка қаттиқ тикилди.
– Айнан сиз гальерага бу хўрозни олиб чиқишингиз қанчалик муҳимлигини тушунсангиз-чи, полковник.
Полковник ўйланиб қолди.
– Тушунаман. Шунинг учун ҳам уни ўзимда шу пайтгача ушлаб келдим-да. – У тишини-тишига босиб, кучини йиғди ва давом этди: – Бир чатоғи ҳали уруштиришгача уч ой бор-да.
Герман тушунди.
– Агар гап фақат шунда бўлса, – дилидагини изҳор қилди у, – бунинг чорасини топамиз.
У билдирган таклифга теваракдаги сомеларнинг бари рози бўлди. Кечқурун полковник яна ўроқлиқ нарсани қўлтиғига қистириб қайтганида, кампири ўзини тутиб туролмади:
– Сотмадингми?
– Сотмадим, – деди полковник. – Бироқ энди бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Болалар хўрозни боқишни ўз зиммаларига олишди.
– Сабр қилинг, ёшулли, мен сизга соябон бераман.
Дон Сабас идора деворига маҳкамланган шкафни очди. Ичида тартибсизлик қўпган: отда юрганда кийиладиган бир гала этиклар, узангию, жиловлар, алюмин қутида темир тепкилар ағдар-тўнтар бўлиб ётар эди. Юқори бўлмасида олти дона қора ёмғирпўш соябон ва офтобпана гулдор аёл шамсияси осилганди. “Бир фалокат бўлгандай-а”, – дея ўйлади полковник.
– Раҳмат, ёшулли, – деди у дераза раҳига таяниб. – Мен яхшиси ҳаво очилгунча кутиб тура қоламан.
Дон Сабас шкафни ёпмади. У ёзув столини шундай жойлаштиргандики, унга электр парракдан салқин ҳаво етиб турар эди. У қути ўйиғидан тери остига юборадиган, момиққа ўралган шприц олди. Полковник бодом дарахтларига термиларкан, ёмғир томчилари уларда қорамтирга ўхшаб кўринди. Кўчада ҳеч бир зоғ кўринмасди.
– Сизнинг деразангизда ёмғир бутунлай бошқача кўринаркан. Гўё у шу ерда эмас, узоқ бир шаҳарда ёғаётганга ўхшайди, – деди у.
– Қаердан туриб қарама, ёмғир ёмғир-да, – ғудраниб қўйди дон Сабас. У шиша билан ёпилган шприцларни қайнатиш учун стол устига қўйди. – Шаҳар эмас, гўнг уюми.
Полковник елкаларини қисиб, идора бўйлаб юрарди: яшил плитка ётқизилган пол, жиҳозларга ёрқин рангдаги матолар ёпилган эди. Тўрда эса тартибсиз ҳолда тузли халталар, асалли саночлар, эгарлар қалашиб ётарди. Дон Сабас полковникка уни кўрмаётгандек бир нигоҳда қаради.
– Сизнинг ўрнингизда бўлганимда бундай ўйламаган бўлардим, – деди полковник.
У ўтиргач, оёғини чалиштириб, ёзув столи ортида мункайиб чўккан кичкина одамча томонга хотижам нигоҳини ташлади. Ранги ўчган, шалвираган, ғамдан адо бўлган нигоҳи бақаникидай эди.
– Ёшулли, ўзингизни бир дўхтирга кўрсатишингиз керак, – деди дон Сабас. – Жанозадан кейин кайфиятингиз жуда ҳам расво-ку.
Полковник бошини кўтарди.
– Мен ўзимни рисоладагидек ҳис қиляпман.
Дон Сабас сувнинг қайнашини кутиб турди.
– Мен ҳам ўзим ҳақимда гап борганда аравани қуруқ олиб қочишим мумкин, – зорланган бўлди у. – Сиз бахтли одамсиз, хоҳласангиз мис тўқаларни ҳам еб ташлай оласиз. – У диққат билан қўлларини қоплаган жун ва сўгалларига қаради. Номсиз бармоғида никоҳ узугидан ташқари қора тоши ярақлаб турган бошқа бир узук ҳам бор эди.
– Ҳа, буни уддалашим мумкин, – кўна қолди полковник.
Дон Сабас бинонинг турар-жой қисми томондаги эшикка бурилиб, хотинини чақирди. Кейин куюнчак овозда ўзининг егуликлар борасида қатъий тартиби ҳақида ҳикоя қила кетди. Кўйлаги чўнтагидан кичкинагина шишача чиқариб, стол устига катталиги нўхат донасича келар дори қўйди.
– Буни ҳамиша ўзинг билан олиб юриш ҳам жонингдан тўйдиради, – деди у. – Гўё ажалингни чўнтагингда олиб юргандай бўласан.
Полковник столга яқинлашди, таблеткани кафтига олиб, дон Сабас татиб кўринг, деб таклиф қилгунча, у ёқ-бу ёғига разм солди.
– Қаҳвага солинади, – деди дон Сабас. – Бу шакар, лекин шираси йўқ.
– Тушунарли, – деркан полковник оғзида илмилиқ бир таъмни ҳис қилди. – Худди қўнғироқсиз қўнғироқ жаранги.
Хотини эрига игна санчганида, дон Сабас столга тирсагини тираб, кафти билан юзини яшириб турди. Полковник қайга қочишни билмасди. Аёл электр вентиляторни ўчириб, сейф устига қўйди ва шкафга қараб кетди.
– Соябонлар менга негадир ўлим ҳақида эслатади, – деди у.
Полковник уни тингламади. Бугун у ҳарна бўлса-да, почтани қаршилаш учун уйидан соат тўртда чиққан, аммо ёмғир уни дон Сабаснинг идорасидан паноҳ топишга мажбур этган эди. Кема чинқириб келганидан хабар берганида ҳам ёмғир челаклаб қуярди.
– Ҳамма ўлим шарпасини аёл кўринишида тасаввур қилади, – дон Сабаснинг хотини ҳамон жаврарди. Унинг бўйи эриникидан новча, тўладан келган, юқори лабининг устида тукли ингичка сўгали бор эди. Аёлнинг овози шамол паррак визиллашидай эди. – Мен эса уни бутунлай бўлак турқда кўраман… – У шкафни ёпиб ўгириларкан, полковникнинг нигоҳини овлашга тиришарди. – Менимча, у аллақандай махлуққа ўхшайди. Туёқлари бор.
– Мумкин, – деб қўйди полковник. – Бу даҳри дунда нималар бўлмайди, дейсиз.
У, эгнига плашч илиб олган почта нозири эҳтимол ҳозир катерга сакраб чиқиб олгандир, дея хаёлидан ўтказарди. Полковник адвокатини ўзгартирганига мана бир ой бўлган, энди жавоб хати келишидан умиди бор эди. Дон Сабаснинг хотини полковник тингламаётганини билиб қолгунича ажал ҳақида жаврашда давом этди.
– Ёшулли, нега бунча ташвишли кўринасиз?
Полковник ўй-фикрларини ўзидан нари сурди.
– Нимасини айтасиз, энажон. Ҳозир соат беш бўлди, хўрозга ҳали ҳам укол қилинмади.
Аёл ҳайрон қолди.
– Хўрозга ҳам баайни инсондай укол қилинса-я! – хитоб қилди аёл. – Қанчалик таҳқирлаш.
Дон Сабаснинг сабр косаси тўлди. У бўзрайган юзини кўтариб, хотинига амр қилди:
– Ҳеч бўлмаса бир дақиқага оғзингни юм. – У шундай ҳам қўли билан оғзини ёпиб олганди. – Ярим соатдан буён аҳмоқона вайсаб, ёшуллининг бошини қотирасан.
– Ҳеч ҳам ундай эмас, – полковник рад этди.
Аёл эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Дон Сабас хушбўй атир сепилган дастрўмолча билар бўйнини артди. Полковник яна ойнага яқин келди. Ёмғир ҳали ҳам тинмаганди. Кимсасиз майдонда бир товуқ узун, сариқ оёқлари билан ҳаккалаб юрарди.
– Хўрозга ҳақиқатдан ҳам укол қилинадими?
– Бор гап, – деди полковник. – Кейинги ҳафтадан машғулотлар бошланади.
– Бу ўйламай қилинаётган иш, – деди дон Сабас. – Бунақа юмушлар сизга тўғри келмайди.
– Ҳақсиз, – рози бўла қолгандай деди полковник. – Лекин бу хўрознинг бўйнини қайиришга ҳам сабаб бўла олмайди-да.
– Думбулларча бемулоҳазалик, – такрорлади дон Сабас ойна томонга йўналиб. Унинг оғир-оғир ҳарсиллаб нафас олиши мўйналар ошланганда чиқадиган овозни эслатарди. Полковник унга ачиниш билан қаради.
– Маслаҳатимга қулоқ тутсангиз-чи, ёшулли, – деди дон Сабас. – Ҳали ҳам сиз шу хўрозни сотинг, кейин жуда кеч бўлади.
– Ҳеч қачон ҳаддан ташқари кеч бўлмаган, – деди полковник.
– Ақл билан иш тутинг, – ўз гапидан қолмасди дон Сабас ҳам. – Сиз бир йўла икки қуённи уришингиз мумкин: биринчидан, мана бу барча ташвиш ва ғалвалардан қутуласиз, иккинчидан, чўнтагингизга тўққиз юз песо муллажиринг тушади.
– Тўққиз юз песо-я! – ҳайқириб юборди полковник.
– Ҳа, тўққиз юз песо.
Полковник ўйланиб қолди.
– Сиз менга шунча пул берадилар деб ўйлайсизми?
– Наинки ўйлайман, – деди дон Сабас. – Балки бунга мутлақ ишонаман.
Полковник бунчалик катта миқдордаги пулни ҳатто инқилобий қўшин хазинаси соҳиби бўлганида ҳам қўлига ушламаган эди. У дон Сабаснинг идорасидан қайтиб чиққанида яна қорнида кучли оғриқ турди.
Почтада эса у тўғри бориб нозирга юзланди.
– Мен шошилинч хат кутяпман. Авиапочтада жўнатилган.
Нозир барча конвертларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди, кейин эса бир сўз демасдан барини аввалги ҳолатда тахлади. Фақат кафтини қоқиб, полковникка маънодор қараб қўйди.
– Бироқ менга бугун хат келиши керак эди. Бегумон.
Нозир яна қўлларини бир-бирига уриб қўйди.
– Полковник, фақат ўлим муқаррар келади.
Унинг қайтишига кампири жўхорили бўтқа пиширганди. У индамасдан тотинаркан, ҳар бир қошиқ луқмадан кейин узоқ хаёл суриб қоларди. Рўпарасига ўтирган кампири нохуш бир нима бўлганини сезди.
– Сенга нима бўлди?
– Куни менга нафақа тайинлашга қараб қолган амалдорча ҳақида ўйлаб қолдим, – ёлғонлади полковник. – Эллик йилдан кейин биз қабрда тинчгина ётамиз, ўша бечора бўлса, ҳар жума куни менга нафақа тайинлашармикин ёки йўқ, дея гумонсираб ўзини ўзи қийнайди ҳали.
– Ёмон аломат бу, – деди кампири. – Демак, яна чекина бошлабсан-да. – У бир зум бўтқага андармон бўлиб, яна эрига кўзи тушганди, полковник ўша-ўша ўз хаёларига ғарқ эканини кўрди.
– Совиб қолмасдан, бўтқангни есанг-чи.
– Мазали бўлибди, жўхорини қаердан олдинг.
– Хўроздан, – ғалати жавоб қилди хотини. – Устахонадаги йигитлар бир олам жўхори келтиришди, мен ундан ўзимизга ҳам олдим. Дунёнинг ишларини кўр.
– Ҳа, – уф тортиб деди полковник. – Ҳаётда шунақаси ҳам бўлади, астойдил ўйлаганингда ҳам ҳеч хаёлингга келмайди.
Полковник печка устида боғланганча турган хўрозга қаради. Хўрозда ҳам гўё нимадир ўзгаргандай эди. Аёл ҳам хўрозга кўз ташлади.
– Бугун болакайларни калтак билан ҳайдашга тўғри келди, – деди у. – Хўроз учун қари бир макиённи олиб келишибди.
– Бу одатий ҳол-ку, – деди полковник. – Полковник Аурелиано Буэндиага ҳам қишлоқларда қизларни олиб келишарди.
Ҳазил кампирига ёқди. Олисдан биров хирқироб овоз бергандай хўроз ғулдур-ғулдур қилиб қўйди.
– Назаримда, баъзан бу шумқадам яқин орада тилга кирадигандай туюлади, – деди кампири.
Полковник ҳам хўрозга тикилди.
– Мана нимага керак хўроз. – У бўтқани хўриллатиб ичганича, миясида ниманингдир ҳисоб-китобини қиларди. – Бизни уч йилга етадиган егулик билан таъминласа-я.
– Бу орзу, холос, – деди аёл. – Орзу билан эса бўтқа қайнатолмайсан.
– Балки бўтқа қайнатолмассан, бироқ у бизни боқади, – жавоб қайтарди полковник. – Бу худди ёшулли дон Сабаснинг мўъжизавий дорисининг ўзи.
Полковник тунда бесаранжом ухлади – бутун кеч нималарнидир қўшиб-айириб ҳисоблаб чиқди. Эртаси куни тушликда кампири яна олдига жўхори бўтқаси қўйди. Кампири бошини қуйи солволганича, таомдан тотинар, бир оғиз ҳам гапирмас эди; хонимнинг кайфияти расволиги полковникка ҳам юқди.
– Нима бўлди сенга, – сўради у.
– Ҳеч нима, – жавоб қилди кампири.
Полковник энди ёлғон гапириш гали кампирининг зиммасига тушганини тушунди. У кампирини тинчлантиришга уриниб кўрди, аммо аёл эшитмади.
– Бир нарса ҳақида ўйланиб қолдим: марҳумнинг тупроққа топширилганига ҳам икки ой бўлиб қолди, ҳали ҳам онасини йўқлаганим йўқ.
Аёл уникига шу кеч йўл олди. Кампирига ҳамроҳлик қилган полковник у ердан чиққанида, карнайдан таралаётган ажабтовур мусиқа диққатини тортиб, кинотеатр томон бурилди. Ҳазрат Анхель ўз уйи остонасида ўтириб, ўн икки марта черков қўнғироғини даранглатиб, огоҳлантирганига қарамай, кинога бораётганларни назардан қочирмай кузатарди. Ёритилган тор-танқис кириш майдончасидаги болаларнинг қийқириқлари, қулоқни тешиб юборар мусиқа бу ерда омма тирбанд эканлигидан дарак берарди. Қандайдир болакай ёғоч қуролни ниқтаб, унга чинқирди:
– Хўроз қандай, полковник?
Полковник қўлларини кўтарди.
– Бирнави.
Бутун иморат пештоқини олачипор афиша эгаллаганди: “ЯРИМ ТУНДАГИ БОКИРА”. Балда киядиган куйлакдаги иффатли қизнинг бир оёғи яп-яланғоч қолганди. Олисда чақмоқ чақиб, момақалдироқ гулдурамаганича, полковник кинотеатр яқинида сандироқлаб юрди. Сўнг кампири қолган жойга қараб кетди.
Кампири ўлик чиққан уйда йўқ эди. Ҳали уйга ҳам қайтмаганди. Девордаги соат тўхтаб қолган, бироқ полковник комендантлик вақти киришига кўп қолмаганини биларди. У шаҳарга момақалдироқ қандай яқинлашаётганига қулоқ солиб ётди. Кампирини изламоққа яна чиқиб кетмоқчи бўлиб турганида, унинг ўзи кириб келди.
Полковник хўрозни ётоқхонага келтирди. Кампири қайта кийиниб меҳмонхонага чиққанида, у соатга тоб бериб, вақтни тўғрилаб олиш учун комендантлик бошланганидан дарак берувчи бонгни кутарди.
– Қаерда эдинг?
– Ўша ерда, – жавоб қилди кампири. У эрига қарамасдан лагандан ҳовучлаб стаканга сув солганча, ётоқхонага қайтди. – Бугун шунчалик эрта ёмғир бошлайди, деб ким ўйлабди.
Полковникдан садо чиқмади. У бонгни эшитиб, соатни тўғрилади, ойнасини ёпиб, жойига қўйиш учун стулни сурди. Ётоқхонага кирганида, кампири тасбеҳ ташлаб, ибодатга мук тушганди.
– Сен менинг саволимга жавоб бермадинг, – деди полковник.
– Қайси саволингга?
– Қаерда эдинг?
– Айтдим-ку, ўша ерда эдим, – деди у. – Мен ахир қанча замонлардан бери уйдан чиқмагандим.
Полковник гамакни осди. Уй эшигини ёпиб, ҳашаротларга қарши дорини пуркади. Кейин чироқни ерга қўйиб, жойига чўзилди.
– Мен сени тушунаман, – деди у ғамга ботиб. – Қуриб кетгур қашшоқлик одамни ёлғон гапиришга мажбур қилади.
Аёл чуқур хўрсинди.
– Мен ҳазрат Анхель ҳузурида эдим. Никоҳ узугини гаровга қўйиб, қарз олмоқчи эдим.
– У сенга нима деди?
– Муқаддас нарсаларни гаровга қўйиш гуноҳ эканлигини айтди. – Кампири устидан пашшахонани сурди. – Икки кун олдин соатни сотишга уриниб кўрдим. Бироқ унга ҳеч ким қарамадиям – ҳозир ҳатто рақамлари ёниб турадиган янги соатларнинг пули бўлиб-бўлиб берилади. Улардан қоронғи бўлгандаям вақтни бемалол билволса бўлаверади.
Полковник қирқ йиллик умумий: бирда оч, бирда юпун, қувончу изтироблари ўртада бўлган ҳаётлари давомида барибир умр йўлдошини охиригача била олмаганини тушунди. Эҳтимол, уларнинг муҳаббатлари ҳам қаригандир.
– Суратлар ҳам ҳеч кимга керак эмас, – деди кампири. – Ҳамманинг уйида шунақасини кўриш мумкин. Мен ҳатто турк расталарини ҳам ораладим.
Полковник заҳарханда ҳазил қилди.
– Шунинг учун очликдан ўлишимизни ҳам ҳамма билади.
– Мен чарчадим, – деди кампири. – Эркаклар ҳеч ҳам рўзғор ташвишини ўйламайди. Мен неча марталаб қозонга тош солиб, печка устига қўйганимнинг саноғига етолмайман, зора қўшнилар қозонимиз қайнамаслигини билишмаса деб.
Полковник уялиб кетди.
– Бу таҳқирли.
Аёл пашшахонасини улоқтириб, эрининг гамаги ёнига келди.
– Бу барча важ-карсон ва муғобирликларнинг баҳридан ўтадиган фурсат келди. – Аёлнинг кўзлари ёнарди. – Бу тавозе ва обрўпарастликлардан бўғзимгача тўйдим. – Унинг овози ғазабдан бўғилиб борарди.
Полковникнинг юз мушаклари қилт этмади.
– Йигирма йил осмонда турналар парвозини кўришни орзу қилгандай, сенга ҳар бир сайловдан кейин ваъда қилишларни кутишнинг оқибати нима бўлди, ўғлимиз нобуд бўлди, – ёниб гапирарди кампири. – Мана қандай сийлашларини кутган эканмиз.
Бу гина-кудуратларга полковник аллақачон кўниккан эди.
– Биз ўз бурчимизни адо этамиз.
– Сенатда қўр тўккан ановилар ҳам ўз бурчларини адо этишиб, эвазига ҳар ойига минг песодан маош олишади, – жавоб қайтарди кампири. – Мисол учун мана бу ёшулли дон Сабасни ол – унинг бор мол-мулки икки қаватли уйига сиғмайди. Ҳолбуки, у шаҳарда дарбадар олибсотар сифатида пайдо бўлганди. Бўйнига илонларни ўраб олганича, пиёда юриб дори-дармон сотарди.
– Аммо у қанд касалидан жони ҳиқилдоғида-ку, – деди полковник.
– Сен эса очликдан ўлаяпсан, – деди аёл. – Ҳечдан кўра кеч яхши, англасанг-чи, обрў билан қорин тўйдириб бўлмайди.
Чақмоқ чақди. Кўчада момақалдироқ гумбурлади, ётоқхонага ҳам ёпирилиб кириб, бир гала тошлар тушгандек, каравот остларини ҳам гулдуратиб юборди. Аёл тасбеҳига отилди.
Полковник кулди.
– Сени қара-ю, тилингни тийиб, бардош беришни ҳеч билмаскансан-да. Мен сенга доим айтиб келаман, Худо – менинг партиявий ҳаммаслагим бўлади.
Бироқ нафсламрини айтганда, иш ҳазил-ҳузул қилиб ўтиришгача бормади. Полковник бир дақиқа ўтмасдан чироқни ўчириб, жойига чўзилганча, аҳён-аҳён чақмоқ чаққанида ёришар қоронғилик қўйнида, ғамгин ўй-хаёлларга ботиб ётарди. У Макондони хотирлади. Полковник Неерландияда берилган ваъда бажарилар деб ўн йил кутди. Кунлардан бир куни кундузги ҳордиқ палласида яқинлашиб қолган чанг босган сариқ поездга кўзи тушди, жазирамадан куйган, юраги зиқ эркагу аёллар, мол-ҳоллар ҳатто вагон томида ҳам устма-уст қалашиб келишарди. Банан жазаваси бошланди. Бир куннинг ичида посёлка бутунлай ўзгариб кетди. “Кетаман, – деганди ўшанда полковник. – Банан иси кўнглимни айнитади”. Шундай қилиб у 1906 йил 24 июн кундузи иккидан ўн саккиз дақиқа ўтганда поезднинг қайтар рейсида Макондони тарк этганди. Неерландияда таслим бўлгандан буён шу пайтгача ҳаловат топмаганини англаб етишига ярим аср керак бўлди.
У кўзини очди.
– Демак, бу ҳақида ортиқча ўйлаб ўтириш шарт эмас.
– Нима ҳақида?
– Хўроз ҳақида, – деди полковник. – Эрта эрталаб уни ёшулли дон Сабасга тўққиз юз песога сотаман.
Идора ойнаси орқали бичилган ҳайвонларнинг вовайлоси ва дон Сабаснинг бақириқ-чақириғи эшитилиб турарди. “Агар у ўн дақиқадан кейин ҳам олдимга келмаса, кетаман”, – икки соатча кутишдан кейин ўзига-ўзи сўз берарди полковник. Бироқ яна йигирма дақиқа кутди. Охири кетмоққа ноилож ҳозирланиб турганда, ниҳоят дон Сабас ишчилари билан идорада кўринди. Дон Сабас бир неча марта яқинидан ўтди, аммо унга қараб ҳам қўймади. Фақат ишчилари кетгандан кейингина у полковникка диққатини қаратди.
– Сиз мени кутяпсизми, ёшулли?
– Ҳа, ёшулли, – деди полковник. – Аммо жуда банд бўлсангиз, мен бошқа сафар келишим мумкин.
Дон Сабас уни эшитмади – у ташқарига чиқиб кетган эди.
– Ҳозир қайтаман, – бақирди дон Сабас.
Толтуш палласи эди. Идорага кўчадан қуёш нурлари ёғиларди. Кишининг мазасини қочирадиган жазирамада полковник киприкларини юмган эди – кўз олдида дарров кампирининг қиёфаси жонланди. Идорага оёқ учларида юриб дон Сабаснинг хотини кирди.
– Дам олинг, дам олинг, ёшулли, – деди у. – Бу ер ҳозир нақ жаҳаннамнинг ўзи, пардаларни тушираман, ҳарна-да.
Полковник аёлга тушунмагандай қаради. Аёл дарпардаларни тушириб, ғира-ширада сўзлашда давом этади:
– Сиз ҳам тез-тез туш кўриб турасизми?
– Баъзан, – деди полковник, кўзи юмилиб кетаётганидан хижолатга тушганича. – Тушимда ҳамиша гўё ўргимчак мени ўраб олаётгандек бўлаверади.
– Мени эса ҳар тун даҳшатли алоқ-чалоқ тушлар азоблайди, – деди аёл. – Охири тушларимда мени қақшатадиган кишилар ким эканлигини билишга қарор қилдим. – У электр парракни ёқди. – Ўтган ҳафта каравотим тепасида бир аёл пайдо бўлди, денг. Мен бутун матонатимни ишга солиб, ундан кимсиз деб сўрадим. Нима деб жавоб қилди денг: мен ўн икки йил олдин шу хонада ўлганман, дейди.
– Уй эса бор-йўғи икки йил олдин қурилган, – деди полковник.
– Худди шундай, – деди Дон Сабаснинг хоними. – Бундан чиқди ўликлар ҳам адашар экан-да.
Вентиляторнинг визиллаши ғира-шира қоронғиликни яна ҳам қуюқлаштирди. Полковник бир аҳволда, уйқу қисталанг қилиб келган, бу етмагандай аёлнинг вайсақилиги, тушлардан гап чиқиб ўликларнинг сирли тирилишигача бориб етгани жонидан ўтди. У орада бир лаҳза аёлнинг жағи тинганида, узр сўраб ҳолини тушунтиришни орзиқиб кутарди, ҳартугул шу палла дон Сабас иш бошқарувчиси билан кириб келди.
– Сенга деб шўрвани тўрт марта илитдим, – деди унга аёл.
– Яна ўн марта илитишинг керак бўлганда ҳам, – деди дон Сабас, – ҳозир мени тинч қўй.
У сейфни очиб, иш бошқарувчисига бир тахлам пул берди ва қиладиган қай бир ишларини бирма-бир таъкидлади. Иш бошқарувчи дарпардаларни суриб, пулларни қайта санади. Дон Сабас полковникка қараб қўйгани билан идоранинг тўрида бошқарувчи билан суҳбатини давом эттирар, негадир полковникнинг олдига келишни хаёлига келтирмасди. Улар яна қайгадир кетишга ҳозирланишганида, полковник ҳам ўрнидан қўзғалди. Дон Сабас эшикни очишга қўлини узатган ҳам эдики, тўхтади.
– Ҳа ёшулли, сизга нима керак?
Полковник бошқарувчи унга тикилиб қараётганига диққат қилди.
– Ҳеч нима, – деди полковник. – Мен фақат сиз билан гаплашиб олсам, дегандим.
– Тез гапира қолинг. Менга ҳар бир дақиқа ғанимат.
У сабрсизланиб, қўли билан печканинг эшиги дастакчасини ушлаб турарди. Полковник бу ўз ҳаётида энг чўзилган беш сония бўлганини ҳис қилди. У тишини-тишига босди.
– Хўроз масаласида, – пичирлабгина дея олди у.
Дон Сабас эшикни очди.
– Хўроз масаласидами, – қайтарди у тиржайиб, чиқаётган бошқарувчини туртиб қўйиб. – Бутун дунёни тўфон босганида ҳам, биродарим, хўрозини қўлдан қўймай, ўзи билан олиб юраверади. – Ва полковникка мурожаат қилиб давом этди: – Бўпти, ёшулли. Мен ҳозир қайтаман.
Полковник даҳлиз охирида қадам товушлари тинганича, хонанинг ўртасида ҳаракатсиз туриб қолди. Шундан кейингина кўчага чиқиб, ушбу якшанбада донг қотган шаҳар бўйлаб юриб кетди. Тикувчилик устахонаси кимсасиз эди. Докторнинг кабинети ҳам ёпиқ турарди. Шомликларнинг дўконидан намуна учун чиқариб қўйилган моллар олдида қоровул ҳам йўқ эди. Дарё пўлат ранг матодай ялтирарди. Қандайдир киши шляпаси билан юзини қуёшдан пана қилганича нефть тўлдирилган бочка устида ухлаб ётарди. Полковник уйига келди, шундай жазирамада бутун шаҳар бўйлаб кўчаларни айланган ягона одам ўзи эканлигига унинг ишончи комил эди.
Кампири тушлик билан уни кутганди.
– Мен буни қарзга олдим ва эртага эрталаб тўлашга ваъда бердим, – дея изоҳлади у.
Тушлик устида у кампирига дон Сабаснинг идорасида юз берганларни бирма-бир айтиб берди. Аёл ғазабланиб эшитди.
– Гап шундаки, сенда қатъият етишмайди, – деди кампири полковник сўзини тугатгач. – Ўзингни худди садақа сўраётгандай тутасан. Ёшуллига ҳеч бир шама-пама қилиб ўтирмасдан, дангалига: “Мен хўрозни сотишга қарор қилдим”, – дея айтиш керак.
– Ҳаммаси сен айтганингдай оддий бўлганида, олам гулистон бўлиб кетар эди, – деди полковник.
Бу тонг аёл бўрондай шиддат билан юмушларга киришган эди. Эри келгунича уйни бутунлай саранжом-саришта қилиб, тартибга келтирган, ўзи ҳам антиқа бир тарзда кўринарди: оёғида эрининг эски-туски ботинкаси, олдига клёнка фартук, бошига аллақандай латтани қулоқлари билан бирга ўраб олганди.
– Сенда ишбилармон чапдастлик умуман йўқ, – деди аёл. – Савдонинг феъли шунақа, худди ўзинг сотиб олаётгандек сотмоқ пайида бўлиш керак.
Полковникка кампирининг кўриниши кулгили туюлди.
– Ҳамиша шунақа кийиниб юр, – кампирининг гапини бўлди у. – Сули қутиси устидаги одамчани эслатасан.
Кампири бошидан латтасини ечди.
– Сенга жиддий гапираяпман. Ҳозир хўрозни оламан-да, ёшуллиникига бораман. Ниманинг устида гаров ўйнаймиз, десанг ҳам розиман: ярим соатдан кейин тўққиз юз песо билан шу ерда бўламан.
– Бундай мўмай пул бошингни айлантириб қўйибди, – деди полковник. – Ҳалитдан хўрозга пул тикяпсанми, дейман.
Аёлни авраш унга кўтара азоб бўлди. Эрталабоқ аёл ўзича ҳаммасини чўтлаб чиқишга улгурган, тахминича, бу пул уларга жумалардаги ҳар қанақа хавотиру жон талвасаларисиз уч йилгача тинчгина яшашлари учун бемалол етар эди. Хотини ўзини тўққиз юз песо олишга ҳозирлаган эди. Олиниши керак бўлган энг зарур нарсалар рўйхатини тузиб чиқар экан, полковникка янги ботинка олиш ҳақида ҳам унутмади. Ётоқхонада ойна ўрнатишни ҳам мўлжаллади. Эрининг гаплари бир пасда бутун режаларини кунпаякун қилиб, устидан кулгандек, қалбида уят ва алам туйғуларини қўзғади.
У енгил тортиш учун чўзилди. Ўрнидан турганида эса полковник ҳовлига чиққанди.
– Нима қилаяпсан? – сўради полковникдан.
– Ўйлаяпман, – деди полковник.
– Унда ҳаммаси жойида. Эллик йил ўтар-ўтмас бу пулни қўлга киритамиз, демак.
Полковник эса айни шу кеч хўрозни дон Сабасга сотишга жазм қилганди. У дон Сабас бўм-бўш идоранинг вентилятори яқинида ўтириб, кунлик уколни қандай кутиб ўтиришини ўзича тасаввур қилди. Полковник ёшулли билан мунозарасини олдиндан чамалаб кўрарди.
– Хўрозни ўзинг билан олвол, – қўймасди кампири. – Молнинг турқи-тароватини кўрсатиш ҳам керак.
Полковник рад этди. Аёли қалби умиду умидсизликка тўлиб уни дарчагача кузатиб қўйди.
– Идорасида бутун бир издиҳом бўлса ҳам, – дерди кампири, – унинг гирибонидан олиб, тўққиз юз песони чўнтагидан чиқармагунича, ҳоли-жонига қўйма.
– Худди ҳужумга ҳозирланаётгандекмиз.
Чолининг гапи аёлнинг қулоғи ёнидан ўтиб кетарди.
– Эсингдан чиқарма, хўрознинг эгаси сен. Оқсоқол сенга эмас, сен унга хушомад қилишинг керак.
– Яхши.
Дон Сабас доктор билан ётоқхонада ўтирарди.
– У билан гаплашиб олишни қўлдан бой берманг, чопинг, – деди полковникка дон Сабаснинг хоними. – У ер-мулкига кетишдан олдин доктор билан маслаҳатлашиб ўтирибди, у ёқдан эса пайшанбагача қайтмайди.
Полковникни бир-бирига терс ҳислар чулғаб олди. У хўрозни сотишга қатъий қарор қилган, шу билан бирга дон Сабас уйидан кетиб қолмасдан етиб келганига афсусланарди ҳам.
– Мен кутиб туришим мумкин, – деди у.
Бироқ аёл эшитишни ҳам истамади. У полковникни ўзи ётоқхонагача бошлаб борди, дон Сабас каравотнинг баланд партўшаги устида ич кийимда ҳорғин ва рангсиз кўзларини докторга тикканича ўтирарди. Полковник доктор мижозининг пешобини идишчада илитиб, буғ димоғига урилгач, маъқуллагандай бошини қимирлатиб қўйганигача кутиб турди.
– Яхшиси, отиб ташлаш керак уни, – деди доктор полковникка қараб. – Диабет сурункали хасталик – биз сарватдорларни бу дарддан ҳеч қачон халос этолмасак керак.
– Ҳамма нарсага қодир лаънати инсулинингиз билан бир амалланг, – деди дон Сабас ўзининг сўлжайган думбаларини қимирлатиб. – Лекин менинг пўстим ёнғоқникидай қалин, чақишга тишингиз ўтмайди. – У сўнг полковникка юзланди. – Киринг, ёшулли. Эрталаб сизни оёқяланг бўлиб излаганимда, ҳатто шляпангиздан ҳам асар топмадим.
– Мен шляпа киймайман, олдимдан чиққан ҳар қанақа қаланғи-қасанғини деб ечавермаслигим учун.
Дон Сабас кийинишга тушди. Доктор камзули чўнтагига анализга қон олинган пробиркани солди. Полковник у кетишга ҳозирлик кўряпти, деб ўйлади.
– Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, доктор, ёшуллига минг песолик тўлов қоғозини йўллаган бўлардим. Ўшанда у бунчалик ишга берилмасди.
– Мен унга аллақачон миллионлик битим таклиф қилганман, – деди доктор. – Диабетга энг яхши дори-дармон – қашшоқлик.
– Раҳмат рецептингиз учун, – деди дон Сабас отда юришга қулай бўлиши учун гуппи қоринини шими ичига тиқишга уриниб. – Бироқ мен сизни бой бўлмоқ фалокатидан асраб қолмоқ учун бу имтиёздан воз кечаман.
Доктор жомадончасининг никелли ойначасидан ўзининг ярқираган тишларига суқланиб қаради. Кўзини йириб шошилиб соатига ҳам боқди. Дон Сабас бу палла этигини кияркан, кутилмаганда полковникка юзланди:
– Ҳа, ёшулли, у ёқларда хўроздан нима гаплар?
Полковник доктор ҳам унинг жавобини кутаётганини билиб қолди. Тишини-тишига босиб, пичирлади:
– Ҳеч гап йўқ, ёшулли. Бор-йўғи мен уни сотиш учун келдим.
Дон Сабас этигини кийиб бўлди.
– Ана бу бошқа гап, ёшулли, – деди у ортиқча такаллуфларсиз. – Бу сиз ўйлашингиз мумкин бўлган тадбирлар ичида энг аълоси.
– Бунақа эрмаклар билан шуғулланишга мен ҳаддан ташқари қариб қолдим, – дея полковник ўзини оқларкан докторнинг ҳеч нарса ўқиб бўлмас юзига ҳам қараб қўярди. – Жилла қурса йигирма ёшга навқирон бўлганимдами, ҳаммаси бутунлай бошқача бўларди.
– Сиз ҳамиша ёшингизга нисбатан йигирма ёшга навқирон кўринасиз, – деди доктор хайрихоҳлик билан.
Полковник донг қотди. У дон Сабас яна нимадир дейди деб кутарди, у нусхадан бўлса садо чиқмади. Индамасдан чарм курткасининг занжирли ёпқичини тортиб, эшикка қараб юрди.
– Агар истасангиз, ёшулли, кейинги ҳафта ҳам гаплашаверишимиз мумкин, – деди полковник.
– Буни мен ҳам сизга таклиф қилмоқчи бўлиб турувдим, – дея жавоб қилди дон Сабас. – Менинг бир мижозим хўрозингизга тўрт юз песо бериши мумкин. Аммо бунинг учун кейинги пайшанбагача кутишга тўғри келади.
– Қанча? – қизиқди доктор.
– Тўрт юз песо.
– Мен унинг бундан анча-мунча қиммат туришини эшитгандим, – ҳайрон қолди доктор.
– Сиз менга тўққиз юз песо деб айтгандингиз, – эслатди полковник докторнинг гапидан дадилланиб. – Бу департаментдаги энг зўр хўроз.
– Бошқа пайт бўлганида балки унга минг песо берса ҳам арзирди, – дон Сабас докторга қарата изоҳ берди. – Аммо ҳозир зўр экан деб ҳеч ким дабдурустдан таваккалига хўрозни аренага олиб чиқолмайди. Бирдан гальерадан отилажак ўқ хавфи ҳамиша бор. – У полковникка юзланиб афсус билан деди:
– Айнан шунинг учун айтяпман-да, ёшулли.
Полковник маъқуллагандай бошини қимирлатди.
– Тушунарли.
Полковник даҳлизда улар ортидан келарди. Меҳмонхонада докторни дон Сабаснинг хоними ушлаб қолди. Аёл: “Оҳ, бу қуриб кетгур касаллик, тўсатдан шундай хуруж қиладики, бирпасда суробингни тўғрилаб қўяди, ҳатто нима бўлганини ўзинг ҳам тушунмай қоласан”, – дея жавраганча дори сўради. Полковник докторни идорада кутарди. Дон Сабас сейфни очиб, чўнтагига пул тиқаркан, тўртта қоғозчани полковникка тутди.
– Мана сизга олтмиш песо, ёшулли, – деди у полковникка. – Хўроз сотилганда, ҳисоблашармиз.
Полковник доктор билан кечки салқин ҳавода жонлана бошланган портдаги дўкон ва расталар ёнидан ўтиб борарди. Пастда дарёда шакарқамиш ортилган қайиқ сузарди. Полковник бугун негадир доктор оғзига толқон солволганини пайқаб қолди.
– Доктор, сизга нима бўлди?
Доктор елкаларини қисиб қўйди.
– Шундай, ўзим, – жавоб қилди у. – Ўйлашимча, мен ҳам бир врачга кўриниб қўйсам, зарар қилмайдиганга ўхшайди.
– Буларнинг барига қиш сабаб, – деди полковник. – Менинг ичимда нимадир кўчиб тушгандай.
Доктор касбига хос бўлмаган инсоний бир қараш билан унга разм солди. Кейин пайдар-пай ўз дўконлари эшиги олдида турган шомликларга бош силкиди. Докторнинг кабинетига етишганида эса полковник яна хўроз ҳақида гап қўзғади.
– Менинг бошқа иложим йўқ, – тушунтирмоқчи бўларди у. – Бу жонивор одам гўшти билан озиқланади.
– Мен биргина одамхўрни биламан – бу дон Сабас, – деди доктор. – У хўрозни сиздан олиб тўққиз юз песога пуллашига ишончим комил.
– Сиз шундай деб ўйлайсизми?
– Ишончим комил, – такрорлади доктор. – У шундай бир манфаатпараст ҳожатбарорки, бу айни алькальд билан тузилган машҳур ватанпарварлик битимидек Сабас учун кони фойда келишув.
Полковник ўз қулоқларига ишонмасди.
– Ёшулли нима қилиб бўлса-да, ўз ҳаётини асраб қолиш учун ўша битимга рози бўлган, – деди у. – Фақат шу келишув сабаб у шаҳарда қола олган.
– Алькальд унинг партиядош исёнчи ўртоқларини шаҳардан бадарға қилганида, дон Сабас дўстларининг мулкини ярим баҳосига сотиб олиб, бу мусибатдан ҳам ўз фойдасини кўзлаган, – фиғони фалакка чиқиб дерди доктор. У чўнтагидан калитни топа олмай, эшикни тақиллатиб урди, кейин ҳамон ишонишини билмай турган полковникка яна мурожаат қилди:
– Анойи бўлманг. Дон Сабасни ўз жонидан кўра муллажиринг кўпроқ қизиқтиради.
Бу кеч полковникнинг кампири харидга чиққанди. Полковник шомликларнинг магазинигача ҳамроҳлик қилиб бораркан, яна ва яна доктор билан гурунгини хотирларди.
– Устахонадаги йигитчаларни ҳозироқ излаб топ-да, уларга хўроз сотилганини айт, – деди аёл. – Нима қилишади беҳудадан-беҳудага умид боғлаб?
– Дон Сабас қайтмаганича, хўроз сотилмайди, – деб жавоб қилди полковник.
У билярдхонада рулеткада қимор ўйнаётган Альваро билан учрашди. Якшанба оқшомида бутун муассаса лорсилларди гўё. Радиони бор овозда бўкиртириб қўйишган ва бу жазирамада яна ҳам кучлироқ таъсир қиларди. Полковник узун столда сўппайиб турувчи, қора елимли ёрқин рақамларга кўз ташлади. Стол ўртасида, қутида керосинли ис чироқ ёнарди. Альваро ўжарлик билан йигирма учга ёпишиб олган ва пайдар-пай бой берар эди. Унинг елкаси оша ўйинни кузатаркан, полковник ҳаммадан кўпроқ ўн бир ютаётганини билиб олди.
– Ўн бирга тик, – у Альваронинг қулоғига шипшиди.
Альваро клёнка қопланган майдонга диққат билан разм солди. Кейинги ўйинга ҳеч нима тикмади. Тахлам пул билан бир варақани чўнтагидан чиқариб, стол остидан варақани полковникка узатди.
– Августин ёзган, – деди у.
Полковник варақани чўнтагига яширди. Ўн биринчи рақамга Альваро шу заҳоти катта пул тикди.
– Оз-оздан бошла, – деди полковник.
– Сизда сезгирлик қобилияти кучли экани шундоқ кўриниб турибди.
Ҳар хил рангли доира айлантирилиб тўхтаганда, қўшни ўтирган қиморбозлар бирдан ўзларининг ганакларини бошқа рақамлардан чиқариб, ўн бирга қўйишди. Полковникнинг юраги шувиллаб кетди. У биринчи марта қиморнинг роҳати ва ҳалокатини яшагандай бўлди.
Бешга тушди.
– Шундай бўлишини билгандим-а, – деди полковник айбдорларча, Альваронинг пулларини ёғоч хаскаш билан суриб олишаётганини кузатаркан.
– Ўзим билмаган нарсага бош суқишни ким қўйибди мен анойига. Альваро унга қарамасдан ҳам табассум қилди.
– Куйинманг, полковник. Ишқибозлик шунақа бўлади, бир мазза қилинг.
Мамбони ижро этаётган карнайларнинг овози бирдан ўчди. Қўлларини кўтарганча, қиморбозлар тумтарақай бўлди. Полковник ўзининг орқасида қуруқ, совуқ, ўқланган милтиқ затвори қарсиллаганини эшитди. У полициянинг қуршовига тушиб қолганини тушгачгина, чўнтагида варақа борлигини хотирлади. У қўлларини кўтармасдан секин қайрилди. Шу жойда – биринчи марта – ўғлини отган қотил билан ўзини юзма-юз кўрди. У тўғри полковникнинг рўпарасида, қорнига милтиқнинг учини тўғрилаб турарди. Бу паст бўйли, ҳинду башара кишининг юзи чўтир эди. Ундан гўдак иси келарди. Полковник тишини-тишига босганича, бармоғини отча бошидек қайириб, юмшоққина қилиб қўндоқни ўзидан нари сурди.
– Рухсат берсангиз, – деди у.
Ва кичкина, дум-думалоқ кўршапалак кўзларга дуч келди. Бу кўзлар уни бир лаҳзада ютиб юборганча, бурда-бурдалаб ҳазм қилиб, кейин туфлаб ташлагандай бўлди.
– Марҳамат, полковник. Ўтинг.
Деразани очмасдан ҳам декабрь ғалабасини кўрса бўларди. У ҳали ошхонада турибоқ, хўрозга нонушта учун меваларни тўғраркан, бўғин-бўғинигача буни ҳис қилди. Эшикни очганида эса ҳовлида мўъжизавий манзаранинг гувоҳи бўлиб, сезгилари уни алдамаганига амин бўлди. Чароғон тонг ҳавосида майса ва дарахтлар, ҳожатхона бўлмаси гўё ҳовурланиб ётарди.
Кампири тўққизгача тўшагидан қўзғалмади. У ошхонага чиққанда, полковник хонани тартибга келтирган, хўроз теварагида йиғилиб олган болалар билан гурунглашиб ўтирарди. Аёл печкага қараш учун уларни айланиб ўтмоқчи бўлди.
– Сизлар менга халақит бераяпсиз! – шанғиллади у хўрозга тўмтайиб назар ташларкан. – Биз қачон бу бахтиқаро паррандадан халос бўлар эканмиз?!
Полковник диққат билан хўрозга боқиб, ким бунчалик кампирининг аччиғини қўзғатганини тушунишга уринди. Хўрознинг афт-ангори хунук ва бир аҳволда: тожи юлинган, яланғоч буйни ва пайлари кўкимтир эди. Шунга қарамай у рисоладагидек. Машғулотларни бошлашга тайёр, деса бўлар эди.
– Хўрозни қарғаганингча, деразадан ташқарига қарасанг-чи, – деди у кампирига болалар кетгач. – Бундай тонгда эсдалик учун расмга тушгинг келади.
Аёл деразадан ташқарига қаради, аммо важоҳати юмшамади.
– Мен атиргуллар ўтқазишни истаган бўлардим, – деди у печка олдига қайтаркан.
Полковник печкада ўрнатилган ойнага қараб, муртини қиртишлашга тушди.
– Атиргул ўтқазишни истасанг – ўтқаз, – деди полковник.
У покини шундай суръат билан юритар эдики, ойна орқали кампирининг ҳам хатти-ҳаракатини кўриб турарди.
– Уларни чўчқалар ямлаб қўяди, – деди аёл.
– Нима ҳам қилардик, – деди полковник. – Аммо-лекин, атиргуллар билан боқилсами, чўчқаларнинг эти бирам мазали бўладики, оҳ-оҳ, – У кампирининг кайфияти аввалгидек тундми ё ўзгарганини билмоқ бўлиб аксини ойнадан излади. Оловнинг шуъласида унга аёл худди печка каби лойдан ясалгандай туюлиб кетди. Узоқ йиллардан буён одатланганидек полковник аёли кўзларидан назарини олмай, ўз юзига қарамай ҳам соқолини олишда давом этди.
Кампири ўз ўйлари гирдобидан узоқ фурсат чиқолмасдан, индамасдан ўтирди.
– Шунинг учун атиргуллар ўтқазишни истамайман, – деди ниҳоят у.
– Бўпти, – деди полковник. – Унда ўтқазма.
У ўзини бардам ҳис қилди. Декабрь ичакларидаги ўсимталарни қуритгандай эди. Эрталабки жами саргузаштларидан биргина нохуши – янги ботинкасини кийишга уриниши бўлди. Бир неча марта оёғини тиқишга уриниб, бу беҳуда эканлигига имони комил бўлгач, амирконини илди. Кампирининг бунга эътибори тушиб, деди:
– Агар сен янги ботинкани ҳозир кийиб кенгайтирмасанг, у ҳеч қачон оёғингга лойиқ келмайди.
– Бу ботинка фалажлар учун, – эътироз билдирди полковник. – Биринчидан, уни бор-йўғи бир ой нари-берисидагина кийилади, кейин эса сотишга тўғри келади.
Полковник бугун албатта хат оладигандек кўнгли ҳовлиқиб кўчага чиқди. Кема кириб келишига ҳали анча маҳал бор эди, шунинг учун у дон Сабаснинг идорасига қараб ўтишга қарор қилди. Бироқ унда полковникка дон Сабас душанбагача келмаслигини маълум қилишди. Унинг дабдурустдан ушланиб қолиши полковникнинг руҳини туширмади. “Эртами кеч у барибир келади”, ўз-ўзига шундай деганча, портга қараб йўл олди. Фавқулодда бир гўзал палла, тонги чароғонликда ҳали ҳеч бир манзара лойқаланмаган эди.
– Йил бўйи декабрь кетмаганида ажойиб бўларди-да ўзиям, – дея пичирлаб қўйди у Мусо шомийнинг дўконида ўтираркан. – Бир чимдим ҳам ғуборинг қолмагандай, ўзингни шаффофдек ҳис қиласан.
Мусо шомий зўр бериб, бу лутфни ўзининг унутилган араб тилига ўгирмоқчи бўлди. Мусо мўмин-қобилгина, таранг териси силлиқ, ажинсиз, ёпишиб тургани билан, ҳаракатлари сувга ғарқ бўлган кишиникидек шалвираган эди. Ҳақиқатдан ҳам ҳозиргина уни сувдан чиқариб олишганга ўхшарди.
– Бир замонлар шундай бўлган, – деди у. – Ҳозир ҳам ўшандай бўлганда мен аллақачон саккиз юз тўқсон олтига кирардим. Сен-чи?
– Етмиш бешга, – деди полковник нигоҳи билан почта нозирини таъқиб қилиб. Ва у бирдан почта кемаси палубаси ўртасида циркка кўзи тушиб, ранг-баранг бўхчалар орасидаги зарҳалли чодиридан уни таниб қолди. У бир дақиқа бошқа катердаги қутилар орасида айқаш-ўйқаш йиртқичларни яхшилаб кўриб олишга чалғиб, нозирнинг қорасини йўқотиб қўйди. Бироқ йиртқичлар яхши кўринмасди.
– Цирк, – деди полковник. – Охирги ўн йилликда биринчиси.
Мусо шомий бу хабарни хотини билан муҳокама қиларди. Улар арабийни испанча билан аралаш-қуралаш қилиб гаплашарди. Хотини унга дўконнинг орқа иморати томонидан гапирар, эри завжасининг ташвишини аввал ўзи фаҳмлаб олиб, кейин полковникка достон қиларди.
– Полковник, у мушукни яшириш билан овора. Бўлмаса бу шумтакалар мушукни ўғирлашиб, циркка сотиб юборишдан ҳам қайтишмайди.
Полковник нозирнинг орқасидан йўлга тушишга ҳозирланди.
– Бу ҳайвонлар цирки эмас, – деди полковник.
– Барибир, – деди шомий. – Дорбозлар суяклари пишиқ бўлиши учун пишак гўшти тановул қиладилар.
Полковник нозирнинг ортидан йўл олиб, портдаги дўкончалар яқинидан ўтиб борди. Майдонга етганида, гальера томонидан келаётган баланд-баланд бақир-чақирлар қулоғига кирди. Олдидан чиққан бир киши унга хўрози ҳақида ўзича нималардир деди. Фақат шундагина полковник белгиланган машғулотларни бугундан бошлашга келишилганлигини хотирлади. У шундоққина почта яқинидан ўтиб кетди. Бир дақиқа ўтмай у ҳам гальерадаги ғала-ғовур ичига бутун вужуди билан шўнғиб кетган эди. Аренада пихлари латта билан ўралган, унинг ҳимоясиз хўрози сўппайиб турар, қўрқаётгани оёқларининг қалт-қалт титраётганидан ҳам билинарди. Рақиби кулранг хунук бир хўроз эди.
Полковник хўрозлар жангига иштиёқсиз қаради. Шиддатли чўқишувлар узлуксиз давом этар, хўрозлар гуё бир бутун бўйин ва оёқдан иборат ўрамдай айланишарди. Теваракни ҳайратланарли қийқириқлар босди. Ташландиқ тахта ғовдан боши билан ўмбалоқ ошиб тушган кулранг хўроз шу заҳотиёқ яна жангга отилди. Полковникнинг хўрози ҳужум қилмасди. У рақибининг барча ҳамлаларини даф қилганча, ўз жойидан қимирламас эди. Оёқлариям қайтиб қалтирамади.
Герман ғовдан сакраб ўтиб, полковникнинг хўрозини боши узра кўтарди ва трубиналардаги томошабинларга кўрсатди. Ишқивозлар жазавада қийқиришарди. Полковникка омманинг завқ-шавқи ҳаддидан ошгандай туюлди. Буларнинг бари полковникка қўпол ҳазилга ўхшар, кўра билан туриб, ўз ихтиёри билан хўрозлар-да бу томошада иштирок этишар эди.
У ҳатто сал нафратли қизиқувчанлик билан бутун гальера теварагига нигоҳ ташлаб чиқди. Жазавага тушган оломон трибунани ташлаб майдонга ёпирилар эди. Полковник қувончбахш умиддан ҳаяжонланиб, бўғриқиб кетган юзларга кўз ташлар эди. Булар умуман бошқа одамлар эди. Шаҳарнинг янги одамлари. Шунда аллақандай шуъладан бир лаҳза зеҳни тиниқлашиб, аллақачон хотираси овлоқларини-да тарк этган ҳаёт мавжлари билан учрашгандай бўлди. Хотираларга берила туриб, у ғовдан ҳатлаб ўтди, оломон орасидан ўзига йўл очар экан, Германнинг хотиржам нигоҳига дуч келди. Улар бир-бирларидан нигоҳларини узмай қараб туришар эди.
– Хайрли кун, полковник.
Полковник ундан хўрозини олди. Пичирлаб деди:
– Хайрли кун. – Бошқа ҳеч бир сўз қўшимча қилмади. У бармоқлари остида парранданинг илиқ титроғини ҳис қилар экан, умр бўйи қўли билан шу хўроздан жонлироқ мавжудотни ушламаганини ўйлади.
– Сиз уйда йўқ экансиз, – деди Герман ҳайрон бўлиб.
Унинг гапини олқишларнинг янги гулдуроси узиб қўйди. Полковник хижолатга тушди. Ишқибозларнинг қулоқни батанг қиладиган қийқириқлари остида у ҳеч кимга қарамасдан, қисиниб-туртиниб оломон оралади, охири қўлтиғига қистирилган хўроз билан кўчага чиқиб олди.
Бутун шаҳар аҳли, тўғироғи, шаҳарнинг жайдари кишилари томошага чиқишган, мактаб ўқувчилари қуршовида полковникнинг қаёққа йўл олишига қизиқишарди. Майдоннинг бир кунжагида аллақандай сўлоқмондай ҳабаш бўйнига илонни ўраб олганича, дори-дармонларни столда ёйганча савдо қилар эди. Портдан қайтаётган кишилар оқими унинг қўярда-қўймай сув текин, жонингизни киритади каби хаёлни овлар жалб этишларига чалғиб бир зумга тўхташди. Бироқ қўлтиғи остига хўрозини қистириб олган полковникка ишқибозликларини унутмасдан, яна чолнинг ортидан юриб кетдилар. Полковникка уйига олиб борар бу йўл ҳеч қачон бунчалик узун бўлиб кўринмаганди. У бундан куйингани йўқ, албатта. Шаҳар ўн йил давомида узоқ уйқуга чўмган, назарида, гўё вақт ҳам бир жойда тўхтаб қолгандай эди. Бироқ ушбу жумада – яна бир жума мактубсиз кечганди – шаҳар карахтликдан уйғонган эди. Полковник ўтган замонларни хотирга олди: мана у хотини ва ўғли билан соябон остида яшириниб, жала қуйишига қарамай ўйналаётган спектаклга қараганча ўтиришибди; мана сочларини силлиқ тараган партия раҳбарлари мусиқа оҳангига мос тарзда унинг ҳовлисида елпиниб ўтиришибди. Полковникнинг қулоқларига дўмбиранинг оғриқ берар даражада даранглагани аниқ эшитилди.
У кўчани кесиб ўтиб, дарё бўйлаб борар экан, бу ерда ҳам худди сайловлар пайтида бўладиган, аллақачон унутилган фавқулодда вазият, гувраниб турган издиҳомга кўзи тушди. Тўпланган кишилар циркчилар лаш-лушларини туширишларини кузатарди. Полковник дўкончаларнинг бири ёнидан ўтаётганида, аллақандай аёл хўроз ҳақида нимадир деб чийиллади. Аммо полковник тамоман ўз оламига ғарқ эди: қарийб унутилаёзган, жуда ҳам олислардаги, ҳамон қалбидагина садо бериб турган абас овозларни тинглар, баайни ҳалигина гальерада янграган гулдурос олқишловларнинг акс садосидек эди бу.
У эшиги оғзида болаларга юзланди:
– Қани энди уйларингизга қараб жўнаб қолинглар-чи бир! Бўлмаса қўлимга тасмамни оламан.
У эшик зулфинини ўтказиб, тўғри ошхонага юрди. Кампири ҳарсиллаб ётоқхонадан чиқди.
– Уни зўрлик билан олиб кетишди, – вағиллади аёл. – Мен уларга кўксимда жоним бор экан, хўрозни бермайман, дедим.
Полковник кампирининг аянчли дод-войи остида хўрозни печкага боғлаб, товоғидаги сувини янгилади.
– Улар бўлса, ҳатто ўлсам ҳам ўз қарорларидан қайтмасликларини маълум қилишди. Хўроз бизгагина эмас, бутун шаҳарга тегишли экан.
Кампири бир лаҳза жим бўлганида, полковник унинг бўзарган юзига боқиб, на ачиниш, на гуноҳкорликдан асар ҳам йўқлигини кўриб, ҳайратдан бармоғини тишлади.
– Улар тўғри қилишган, – деди у босиқлик билан. Кейин эса чўнтакларини пайпаслаб қўйиб, аллақандай юмшоқ оҳангда қўшимча қилди: – Хўроз сотилмайди.
Кампири уни ётоқхонагача кузатиб борди. Полковник ҳамиша шундай бўлиб келгандай, ўзини одатдагидай тутар, айни пайтда аёл жуда олисда, гўё экранда уни кўргандек алфозда эди. Эркак шкафдан пул олиб, чўнтакларида қолганини қўшиб санади ва яна шкафга беркитди.
– Бу ерда йигирма тўққиз песо, биз уни ёшулли дон Сабасга қайтарамиз, – деди у. – Қолганини нафақа олганимизда тўлаймиз.
– Агар олмасак-чи? – саволга тутди кампири.
– Оламиз.
– Мабодо олмасак-чи?
– Демак, унда тўламаймиз.
Эркак каравоти тагидан янги ботинкани топди. Картон қутисини олиш учун у шкафга қайтди, пойабзалнинг тагчармларини латта билан артиб, якшанба кеч кампири уларни келтирганда қути ичида қандай ётган бўлса, шундай тарзда ботинкани қутига солди. Аёл қимирламади.
– Ботинкани дўконга қайтарамиз, – деди полковник. – Бу яна ўттиз песо.
– Уни қайтариб олишмайди, – деди кампири.
– Қайтариб олишлари шарт, – рад этди полковник. – Мен уни бор-йўғи икки марта кийиб чиқдим.
– Турклар буни тушунмайди, – деди аёл.
– Албатта тушунишлари керак.
– Агар тушунмасалар-чи?
– Тушунишмаса тушунишмас.
Улар кечки тамаддисиз ётишди. Полковник хотини ибодатини тугатиб, чироқни ўчиришини кутиб ётди. Бироқ кўзи ҳеч илинавермади. У киноназорат сигналини эшитган, кўп ўтмай комендантлик соати бошланганини билдириб чалинган бонгдан кейин ҳам уч соат ўтган эди. Тунги аёзли ҳавода кампирининг нафас олиши хириллаб чиқа бошлади. Кампири ғудранибгина, бу сафар хотиржам, ярашган оҳангда унга гап ташлаганида ҳам полковник кўзи очиқ ҳолда ётар эди.
– Ухлаганинг йўқми?
– Йўқ.
– Яхшилаб ўйлаб олиб, кейин бир иш қилгин, ўтинаман. Эртагаёқ ёшулли дон Дабас билан гаплаш.
– У душанбагача уйига қайтмайди.
– Жуда соз, – деди аёл. – Яхшилаб ўйлаб олишинг учун имконингда яна уч кун бўлади.
– Бошимни қотиришга ҳеч ҳожат йўқ, – деди полковник.
Октябрнинг хира тумани ёқимли тоза ҳаво билан алмашди. Декабрь яна ўзини эслатди – кўлбуқа қуши бу бошқа фасл дея сайрарди. Иккида ҳам полковник ҳамон ухламаган, гамагида тўлғониб ётарди.
– Ухлолмаяпсанми? – кампири яна сўради.
– Йўқ.
Кампири бироз индамай турди.
– Бу имкониятни қўлдан бой беришга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Биз учун тўрт юз песонинг қиймати қанча эканлигини ўз бошингга яхшилаб ўйлаб кўр.
– Биз ҳадемай нафақа оламиз, оз қолди, – деди полковник.
– Мен бу ҳақида ўн беш йилдан буён эшитиб келаман.
– Худди шунинг учун ҳам, – деди полковник. – Шунинг учун ҳам энди яна кутишга мажбур қила олмайди.
Кампири узоқ тин олди. Аммо тилга кирганида, полковникка бир дақиқа ҳам ўтмагандек туюлди.
– Менинг кўнглим сезиб турибди, бу пуллар ҳеч қачон бизгача етиб келмайди.
– Келади.
– Мабодо келмаса-чи?
Бу саволга жавоб беришга полковник улгурмади. Хўрознинг биринчи қичқириғиёқ уни уйғотиб юборган бўларди, аммо бу паллага келибгина кўзи илинган, гумгурс, туш-пуш кўрмай қотиб ётарди. Уйғонганида офтоб аллақачон тиккага келганди. Кампири ҳам тош қотганди. Одатига хилоф икки соат кечикиб бўлса-да, полковник эрталаб қилиши керак бари юмушларини адо этиб, бирга нонушта қилишлари учун кампирини кутиб ўтирди.
Кампири эса ётоқхонадан ёнига йўлаб бўлмайдиган бир алфозда чиқиб келди. Улар бир-бирига хайрли тонг тилагач, чурқ этмай стулга чўкишди. Полковник бир бўлак пишлоқни, сутли нон билан чимдиб, бир финжон қора қаҳва ичди. У эрталабки вақтини тикувчилик устахонасида ўтказди. Кун ярмида уйга қайтиб, кампирини бегония гуллари орасида учратди – у кийим-кечакларни ямаш билан машғул эди.
– Тушлик вақти бўлди, – деди у.
– Тушликка ҳеч вақо йўқ, – деди кампири.
Полковник елкаларини қисиб, панжаранинг тирқишини беркитишга йўл олди, у орқали болакайлар ошхонага кириб олишарди. Уйга қайтганида стол тушликка ҳозирланган эди.
Тушлик чоғида полковник кампири кўз ёшини аранг тийиб турганини пайқади. Бу уни хавотирга солди. У кампирининг феълини билар, табиатан чидамли, қирқ йиллик ситам ва муҳтожликларда тобланиб, яна ҳам матонатли бўлган, ҳатто ўғлининг ўлими ҳам иродасини буколмаган, бир томчи кўз ёш тўкмаганди.
У кампирига гина билан қаради. Аёл лабларини тишлаб, кўзларини қўллари билан артиб, яна тотинмоққа юзланди.
– Сен мен билан ҳеч ҳам ҳисоблашмайсан, – деди у.
Полковник жавоб қайтармади.
– Сен баджаҳл, ғўрсан, мени сира одам ўрнида кўрмайсан, – деркан, хоч монанд қўйилган қошиқ ва санчқига кўзи тушиб, иримчилигига бориб уларни бир-биридан шу заҳоти айирди. – Мен сенга бутун ҳаётимни бағишладим, мана энди аниқ бўлганидек, анави зорманда хўроз менга қараганда сен учун азиз экан.
– Ундай эмас, – деб қўйди полковник.
– Йўқ, худди шундай, – қаршилик билдирди аёл. – Тушунсанг-чи, мен ўляпман. Ҳозир менинг жисми-жонимида нима содир бўляпти, сен қайдан ҳам билардинг, бу касаллик эмас, жон талвасаси.
Шу билан столдан турганларича полковник чурқ этмади.
– Агар доктор менга хўрозни сотсанг, кампирингнинг дамқисмаси тузалиб кетади, деб кафолат берса, ўша заҳоти сотиб юбораман, – деди у. – Кафолат бермаскан – сотмайман.
Тушликдан сўнг полковник хўрозни гальерага олиб кетди. Уйга қайтганида кампирида хасталик хуружи бошланганди. Даҳлиз бўйлаб сочлари тўзғиган бир аҳволда санғир, қўлларини кенг ёйганича, харис бир ҳаракат ила ҳуштак чалгандай қилиб, ҳаво симирмоқчи бўларди. У шундай алфозда кечгача юрди. Кейин эса чолига ҳеч нима демасдан жойига чўзилди.
Комендантлик вақти кирганини билдириб бонг урилганда ҳам у минғирлаганича, дуо ўқиб ётарди. Полковник чироқни ўчирмоқчи бўлди, бироқ кампири норозилик билдирди.
– Қоронғида ўлишни истамайман.
Полковник чироқни полга қўйди. У ўзини жуда ҳам ҳорғин ҳис қилди. У барини бутунлай унутишни, тарашадай қотиб ухлашни ва қирқ беш кундан кейин, нақ йигирманчи январнинг соат учида гальерада, хўрозига аренага чиқишга рухсат бериладиган шундай бир лаҳзада уйғонишни жон-жонидан истар эди. Аммо ухлолмас, чунки кампири ухламаган эди.
– Азалий кечмиш шу, – яна аллақанча вақтлар ўтиб кампири ўзига-ўзи ғўнғиллаб деди. – Бошқаларни тўйдириш учун оч-муҳтожликда, аранг кунимиз ўтади. Қирқ йил шундай кечди.
Полковник сабр қиларди, ундан кампири ухлаганинг йўқми деб сўраганида, йўқ деб жавоб қилди. Аёл эса кесиб-кесиб, бир хил оҳангда, шафқатсизларча давом этди:
– Биздан бошқа, ҳаммага ютуқ чиқади. Хўроз учун тикишга бир чақаси йўқ бирор кимса бўлса, ўша бизмиз.
– Йигирма фоизгача хўроз хўжайинининг ҳаққидир.
– Сенинг сайланишга ҳаққинг бўлгани учун ҳам сайловда манглайингни бежаб қўйишди, – эътироз билдирди кампири. – Фуқоролар урушида жонингни хатарга қўйиб, таваккал қилганинг учун, нафақа олишга ҳаққинг бор. Аммо ҳаммага тайинлангани ҳолида фақат ёлғиз сен бир чеккада қолиб кетдинг ва энди очингдан ўласан.
– Мен ёлғиз эмасман.
У ниманидир кампирига тушунтирмоқчи бўлди, бироқ уйқу енгди. Кампири чоли ухлаб қолганини билиб қолмагунича, минғирлаб ётди. Кейин эса устидаги пашшахонасини итқитиб ташлаб, қоронғи хонада бориб-келиб, вайсашини ҳеч қўймади. Полковник тонготардагина уни чақириб тўхтатди.
Кампири эшик олдида, пастда аранг ёнаётган чироқ шуъласида арвоҳдек пайдо бўлди. Бироқ жаврашдан шунда ҳам қолмади.
– Кел, яхшиси, бундай қиламиз, – унинг гапини бўлди полковник.
– Қилиниши мумкин бўлган ягона иш – хўрозни сотиш, – деди аёл.
– Соатни ҳам сотиш мумкин.
– Ҳеч ким уни олмайди.
– Эртага уни қирқ песога Альварога таклиф қиламан.
– Бермайди.
– Унда суратни сотамиз.
Аёл яна тўшакдан туриб, гапга тушди. Полковник кампирининг нафасидан ичган шифобахш ўт-ўланлари ҳидини туйди.
– Унга қайрилиб қарашмайди.
– Кўрамиз, – деди полковник мулойим, хотиржам овозда. – Ҳозир эса ухла. Агар эртагаям ҳеч нарса сота олмасак, унда яна бирор чорасини топишни ўйлаб кўрармиз.
У кўзини юммасликка ҳаракат қилар, аммо уйқу уни барибир енгди. Полковник уйқу карахтлигида на макони, на замони бор, завжасининг гапларидан тескари маъно чиқадиган аллақандай бўшлиққа қулаб борарди. Бироқ бир дақиқа ўтмай елкасидан кампири туртаётганини ҳис қилди.
– Менга жавоб берсанг-чи!
Полковник бу сўзларни тушида эшитдими, ҳушидами билмасди. Тонг отди. Деразадан якшанба тонгида яшнаган майсалар аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Полковникда иситма бошланган, қовоқлари куйишар, у жуда машаққат билан фикрларини бир жойга йиғди.
– Агар биз ҳеч нарса сотолмасак нима қиламиз? – жағи тинай демасди кампирининг.
– Унгача йигирманчи январь ҳам келиб қолади, – деркан полковник бутунлай уйғонди. – Тикилган чўталнинг йигирма фоизини ўша куниёқ қўлимизга тутқазишади.
– Агар хўроз енгиб чиқса, – деди кампири. – Агар енгилса-чи? Сенинг хум каллангга бу хаёл ҳеч келмайди-да, эҳтимол, уни чўқиб, дабдаласини чиқариб ташлашлари ҳам мумкин-ку.
– Бизнинг хўрозга бас келишолмайди.
– Кутилмаганда чўқилаб ташлашса-чи?
– Ҳали унгача қирқ беш кун бор-ку олдинда, – деди полковник. – Нима керак бу ҳақида ҳозирдан бошни қотириб?
Аёл умидсизликдан ўртана бошлади.
– Бунгача биз нима еймиз? – кампири чолининг кўйлаги ёқасидан тутганча, куч билан силкитар эди. – Жавоб берсанг-чи, биз нима еймиз, нима?
Полковник етмиш беш ёшга кирган – мана шу лаҳзада бутун умрлик тирикчилик азобини роппа-роса шунча йил дақиқама-дақиқа қайта бошидан кечиргандек бўлди. Бироқ ўзининг енгилмас эканлигини аниқ-тиниқ ҳис қиларкан, лўнда қилиб деди:
– Тезак.
Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 11-сон