Поезд алвон-алвон қоялар оралиғидаги пўлат издан ларзаланиб чиқиб, бананзор оралаб пишқира кетди. Ўнгда ҳам, сўлда ҳам – ҳамма ёқда бир хил — бананзор, охири кўринмайди. Ҳаво нам тортиб, денгиздан келаётган эпкин сезилмай қолди. Вагон деразасидан кўнгилни айнитадиган аччиқ тутун ёпирилди. Рельслар биқинидаги торгина тупроқ йўлда нимяшил банан шингиллари уйиб ортилган араваларни тортиб бораётган ҳўкизлар ҳорғин оёқ ташлайди. Йўлдан наридаги ҳувиллаб ётган яйдоқ далалар кўзга ғалати кўринади. Электр вентиляторлари ишлаб турган идоралар, қизил ғиштдан кўтарилган казармалар, чанг босган атиргул ва пальма бўталари орасидан оқ стол-стуллари ялтираган айвонлар кўзга ташланиб қолади. Соат ўн бир, жазирама энди бошланаётган маҳал.
— Ойнани кўтариб қўйганимиз маъқул, — деди аёл. — Йўқса, сочингни қора қурум босиб кетади.
Қизча уриниб кўрди, лекин занглаб ётган ромни жойидан силжита олмади.
Бу оддий, учинчи мавқели вагонда улардан бошқа йўловчи йўқ. Паровоз мўрисининг токчадан ёпирилаётган қора қурими ҳамон четлаб ўтай демасди. Қизча жойидан туриб, нарсаларини — егулик солинган елим халта ва газетага ўралган гулдастани ўриндиғига қўйди. Рўпарасидаги жойга ўтиб, ойнадан нарироқ, онаси билан юзма-юз ўтирди. Иккаласи ҳам ғарибгина, мотам либосида эди.
Ўн икки ёшли бу қизалоқнинг биринчи марта поездга чиқиши. Аёлнинг қовоқларини тарам-тарам майда кўк томирчалар босган. Вужуди анча шалвираб қолган, мўртгина ушоқдайгина. Роҳиблар ридосига монанд бичилган кўйлакка ўранган. Кўринишидан ёнидаги қизчанинг онасига ўхшамас, бундай дейиш учун жуда кексадай туюлади. Гўё умуртқаси ўриндиқ суянчиғига ёпишиб қолгандай, тиззасидаги қачонлардир локланган, энди титиғи чиқиб кетган портфелни икки қўли билан маҳкам ушлаб ўтирарди. Юз-кўзида умри қашшоқликда ўтаётган бечорага хос хотиржамлик.
Соат ўн иккиларга бориб жазирама бошланди. Поезд сув захирасини тўлдириш учун қайсидир кичик бекатда ўн дақиқа тўхтаб олди. Ташқарида, пайкалларнинг сирли сукунатида соялар ғайритабиий тиниқ, вагон ичида эса хом терининг ҳидига тўйинган аллақандай ачқимтил ҳарорат уфуриб турарди. Кейин поезд имиллашга тушди. Ёғоч уйлари чиройли рангларга бўялган бири-бирига ўхшаш шаҳарчаларда икки марта тўхтади. Аёлнинг боши ўмганига тушди ва пинакка кетди. Қизча туфлисини ечди. Ҳожатхонага бориб, сўлий бошлаган гулларни сувга солиб қўйди.
Қайтиб келганида, онаси уни аллақачон кутаётган, овқатланиш маҳали бўлган эди. Аёл қизига бир бўлак пишлоқ, гўштли зоғора пирог ва ширин кулча бериб, елим халтадан ўзига ҳам шундай егулик олди. Тановул қилдилар. Бу пайтда поезд пўлат кўприкдан секинлаб ўтди ва худди боягидай, фарқи – очиқ майдонда одамлар тўпланиб турган, навбатдаги шаҳарчага кириб келди. Ҳаммани нарсани жизғанак қилиб куйдираётган қуёш тиғида машшоқлар қандайдир шодон мусиқани чаларди. Шаҳарча ортида, қақраб ётган ялангликда энди пайкаллар кўринмайди. Аёл кавшанишдан тўхтади.
— Оёғингга кий, — деди.
Ойнадан ташқарига қараган қизча қақраган чўлдан бошқа нарсани кўрмади. Поезднинг юриши яна тезлашди. Қизалоқ ярми ейилган кулчани сумкага солиб, оёғига туфлисини илди. Онаси унга тароқ узатди:
— Сочингни тараб ол.
Қизча сочини тарашга киришган маҳал паровоз ҳуштагини чалди. Аёл тер босган бўйни ва юзини қўли билан артди. Қизча сочини тараб бўлар-бўлмас ойнадан навбатдаги шаҳарчанинг илк уйлари кўзга ташланди. Уйлар сал каттароқ бўлса-да, аввалгилардан ҳам ғариброқ кўринарди.
— Зарур ишинг бўлса, ҳозир қилиб ол, — деди она. — Кейин, чанқаб ўлсанг ҳам бировдан сув сўрама. Тушундингми? Энг муҳими, йиғлама.
Қизча тасдиқ маъносида бош ирғади. Ойнадан, паровоз ҳуштаги ва алмисоқдан қолган вагонларнинг тарақа-туруқи билан бирга, гармселнинг оловли тафти урилди. Аёл егулик қолдиқлари солинган халтани ўраб, портфелига тиқди. Ойнадан август сешанбасининг офтобида чарақлаган шаҳарча намоён бўлди-ю, дарҳол хира тортди. Қизча гулларни ҳўл газетага ўраб, ойнадан узоқроқ ўтирди ва онасига қаради. Она ҳам унга хотиржам, меҳр тўла нигоҳини тикиб турарди. Ҳуштак товуши узилиб, поезднинг юриши секинлаша бошлади ва кейин тўхтади.
Станцияда одам зоти кўринмасди. Кўчанинг нариги буржида, бодом дарахтлари соясида, фақат бильярдхона очиқ. Шаҳарчани жазирама забтига олган. Аёл билан қизи бекатдан чиқиб, ўт-ўланлар шағал-тошларини кўпчитиб, яроқсиз ҳолга келтириб ташлаган кўприкдан ўтдилар ва ўзларини сояда – йўлакда кўрдилар.
Кун оғиб, соат иккига яқинлашган. Бу маҳалда маст уйқу оёғидан чалган шаҳарча аҳлини ором оғушида – сиестада топасиз. Дўконлар, муассасалар, давлат мактаби соат ўн бирда ёпилади ва соат тўртдан сал аввалроқ, поезд ортига қайтар пайти очилади. Фақат станция рўпарасидаги мусофирхона ва унинг майхонаси, бильярдхона, шунингдек, майдон ёнидаги почтахонагина очиқ бўлади. Аксарияти банан компаниялари меъёрларига биноан қурилган уйларнинг эшиклари ичкарисидан илдирилиб, пардалари туширилган. Уйларнинг айримлари тандирдек қизиб кетгани учун хонадонлар аҳли очиқ айвонда тушлик қилмоқда эди. Бошқалар эса бодом сояларидаги курсиларга ўтириб олиб, шундоққина кўчанинг ўзида жонига ором беряпти.
Кунгайдан қочиб бораётган она-бола одамларнинг оромини бузиб қўйишдан хавотирда. Улар тўғри бориб, руҳонийнинг эшиги олдида тўхтади. Она эшикка таранг тортилган симтўрни тирноқлари билан чалган бўлди. Бирпасдан сўнг яна такрорлади. Ичкарида вентилятор ғириллаб турарди. Қадам товуши эшитилмади. Фақат қаердадир, ичкарида эшик ғижирлагани, сўнг жуда яқиндан, шундоққина симтўрнинг орқасидан ҳадиксираган овоз сас берди:
— Кимсиз?
Аёл овоз эгасини кўришга уринди.
— Менга падре керак эдилар.
— Падре дам оляптилар.
— Жуда зарур ишим бор, — деди она хотиржам, бироқ қатъий.
Эшик сассизгина қия очилди ва тўладан келган, паканароқ, ранги-рўйи бир ҳол, сочлари кулранг бир аёл кўринди. Кўзойнагининг қалин шишалари ортидан кўзлари жуда кичкинадек туюларди.
— Киринглар, — деди у эшикни ланг очар экан.
Она-бола сўлиган гул ҳиди анқиб турган хонага кирди. Аёл уларни суянчиқли скамейкага бошлаб бориб, ўтиринглар, дея имо қилди. Қизча ўтирди, аммо онаси қўлидаги портфелни маҳкам ушлаганича хаёлларига ғарқ бўлгандек туриб қолди. Вентиляторнинг ғириллашидан бошқа бирор сас-садо келмасди.
Бошқа хона эшиги очилиб, остонада бояги аёл пайдо бўлди.
— Соат учдан кейин келаркансизлар, — дея шивирлади у. — Жойига чўзилганига ҳали беш дақиқа ҳам бўлгани йўқ.
— Поезд уч яримда жўнаб кетади, — деди она.
Унинг сўзлари қисқа ва дадил янгради, лекин сўзидан кўра оҳангидаги хотиржамликда маъно-мазмун кўпроқ эди. Уларни уйга киритган аёл биринчи марта жилмайди:
— Тушундим.
Унинг ортидан эшик яна ёпилди. Она энди қизининг ёнига чўкди. Ғарибгина жиҳозланган мўъжаз қабулхона чиннидай озода эди. Уни иккига бўлиб турган ёғоч тўсиқ ортида —клёнка тўшалган оддий стол, столнинг устида қадимий ёзув машинкаси, ёнида гул солинган гулдон. Нарироқда, стол ортида — черков қавмининг архиви. Кабинетдаги саришталик ёлғиз аёлнинг зиммасида эканлиги сезилиб турарди.
Эшик яна очилди. Бу гал кўзойнагининг шишасини рўмолчаси билан артганча руҳоний чиқиб келди. Кўзойнагини таққанидан кейингина у она-болани ичкарига киритган аёлнинг акаси эканлиги аён бўлди.
— Хўш, хизмат? — деб сўради у.
— Бизга қабристоннинг калити керак, — деди она.
Ўтирган қизчанинг тиззасида — гулдаста, оёқларини скамейканинг тагига чалиштириб олган. Руҳоний қизчага, кейин онасига, сўнг эса деразага тортилган симтўр орасидан булутсиз, кўзни қамаштирадиган ёруғ осмонга қаради.
— Шундай жазирамада-я, — деди. — Кун қайтгунича сабр қилсанглар бўларди.
Она бошини чайқади. Руҳоний тўсиқ ортига ўтиб, шкафдан катак жилдли дафтар, ёғоч қаламдон ва сиёҳдон олиб, столнинг бўйига ўтирди. Унинг сочлари қанчалик сийрак бўлса, қўлидаги мўйлари шунчалик қалин эди.
— Кимнинг қабрини зиёрат қилмоқчисизлар? — деб сўради у.
— Карлос Сентенонинг, — дея жавоб берди она.
— Кимнинг?
— Карлос Сентенонинг.
Падре ҳамон тушунолмаётган эди.
— Ўтган ҳафта шу ерда, шаҳарчада ўлдирилган ўғрининг қабрини, — деди аёл гапиниг оҳангини заррача ўзгартирмай. — Мен унинг онасиман.
Руҳоний унга синчков тикилиб қолди. Аёл ҳам унга худди шундай — хотиржам, дадил ва киприк қоқмай тикилиб тураверди. Падре қизариб кетди. У бошини эгди ва ёзишга киришди. Катак йўлли дафтар варағини тўлдирар экан, аёлдан кимлигини ва қаерданлигини сўрар, аёл эса гўё тайёр матнни ўқиб бераётгандай, тутилмасдан, аниқ-тиниқ ва батафсил жавоб қайтарарди. Падрени тер боса бошлади. Қизча чап туфлисини бўшатиб, товонини кўтарди ва оёғини ўкчасининг устига қўйди. Ўнг оёғиниям шундай қилди.
Воқеа ўтган ҳафтанинг душанба куни руҳонийнинг уйидан бир неча кўча нарида содир бўлган эди. Ашқол-дашқол уйилиб ётган хонадонида якка-ёлғиз яшовчи бева, сеньора Ребека ёмғирнинг шовуллаши орасида кимдир уйининг эшигини очмоқчи бўлаётганини эшитган. Тўшагидан туриб, гардеробини пайпаслаган ва полковник Аурелиано Буэнди замонидан бери бирор кимса отиб кўрмаган тўппончани топган ҳамда чироқни ёқмасдан тўғри эшикка томон юрган. Қулф туйнугидан эшитилаётган товушдан кўра, йигирма саккиз йиллик ёлғизлик уқубатида вужудига сингиб кетган қўрқув устун келиб, қоронғиликда, яқин йўламасдан, нафақат эшикни, ҳатто унинг қулфидаги тешикчани ҳам аниқ мўлжалга олган. Тўппончани иккала қўли билан маҳкам ушлаб, кўзларини юмган ва тепкини босган. Аёл умрида биринчи марта тўппончадан отиши эди.
Ўқ гумбурлагандан кейин бева аввалига майдалаб ёғаётган ёмғирнинг руҳланган тунукага урилиб шитирлашидан бошқа нарсани эшитмаган. Сўнг эшик олдидаги цемент майдончага қандайдир майда темир қулаб тушган ва «Оҳ, онажон!» деган беҳад ҳорғин овоз қулоғига чалинган. Эрталаб беванинг уйи олдида ўлик ҳолда топилган одамнинг бурни мажақланган, эгнида қалами паҳмоқ кўйлак ва белида қайиш ўрнига чилвир боғланган одми шими, ўзи эса ялангоёқ бўлган. Ўлган одамни шаҳарчада ҳеч ким таний олмаган.
— Демак, уни Карлос Сентено дейишар экан-да, — дея минғирлади ёзишни тугатган падре.
— Сентено Айяла, — аниқлик киритди аёл. — У оиламиздаги ягона эркак эди.
Руҳоний шкаф томон бурилди. Шкафнинг эшигига қоқилган михда иккита каттакон занг босган калит осиғлик турарди. Қизча ва унинг онаси, она бўлгунича — ҳали қизалоқлигидаёқ, эҳтимол руҳонийнинг ўзи ҳам, авлиё Пётрнинг калитини айнан мана шундай тасаввур қилар эдилар. Падре калитни олиб, тўсиқ устида очиқ ётган дафтарга қўйди ва ёзилган вараққа бармоғи билан нуқиди.
— Мана бу ерга қўл қўйинг.
Аёл портфелини қўлтиғига маҳкам қисиб, исмини ажи-бужи қилиб, қийналиб ёза бошлади. Қизча гулни қўлига олиб, шип-шип юрганча тўсиқ ёнига келди ва онасига термулди.
Падре хўрсинди.
— Фарзандингизни ҳақ йўлига солишга ҳаракат қилиб кўрмаган экансиз-да?
Аёл ёзишни тугатиб, жавоб қилди:
— Нуридийдам яхши бола эди.
Гоҳ онасига, гоҳ қизига қайта-қайта нигоҳ ташлар экан, таассуф ва ҳайратга тушган падре униси ҳам, буниси ҳам йиғлашни хаёлигаям келтирмаётганига ишонч ҳосил қилди. Аёл осойишта оҳангда гапида давом этди:
— Мен унга одамларнинг охирги лўқмасига ҳеч қачон кўз олайтирмагин, десам, болам гапимни икки қилмасди. Илгари, у боксчи бўлган пайтларда, баъзан шундай дўппослашар эдики, уч-ўрт кунлаб тўшакдан туролмай ётарди.
— Оғзида биттаям тишини қолдиришмаган, — деди қиз.
— Ҳа, бу бор гап, — тасдиқлади онаси. — Ўша пайтларда ўғлимнинг ҳар бир луқмаи ҳалолида шанба кунлари еган муштларининг таъмини сезиб турардим.
— Бандасининг боши — Яратганнинг тоши, — деди руҳоний.
Бу гапни у аввало кўпни кўрган одам сифатида, қолаверса, жазирама таъсирида, ланжроқ айтди. Уларга офтоб тиғидан эҳтиёт бўлиш учун бошингизга бирор нарса ўраб олинглар, деб маслаҳат берди. Кўзлари уйқуга кетар даражада ҳомуза торта-торта Карлос Сентенонинг қабрини қандай топишни тушунтирди.
—Қайтиш асносида, — деди у, — қўнғироқ тугмачаси босилиб, калит эшик тагига тиқиб қўйилса, бас. Дарвоқе, имкони бўлса, черковга садақани ҳам ўша жойда қолдириш мумкин.
Аёл унинг гапларини диққат билан эшитди, бироқ қовоғини очмасдан миннатдорлик билдирди.
Ташқи эшикни очиш учун кўча томон юрган падренинг симтўрга бурнини босганча ичкарига қараб турган қандайдир болакайларга кўзи тушди. У эшикни очиши билан ҳаммаси тум-тарақай қочди. Одатда бу маҳал кўчада инсон зоти кўринмас, бироқ ҳозир болалардан бошқалар ҳам кам эмасди. Бодом дарахтининг тагида оломон тўда-тўда бўлиб турарди. Офтоб тиғида жазиллаб ётган кўчага кўз югуртирган падре тушунди. Енгил ҳаракат билан дарҳол эшикни ёпди.
— Бирпас кутиб туринглар, — деди у аёлга қарамасдан.
Уйнинг тўридаги эшик очилиб, ичкаридан синглиси чиқди. У энди тунги кўйлаги устидан енгил қора нимча ташлаб олган, тўзғиган сочлари елкасигача тушиб турарди. У руҳонийга қаради.
— Тинчликми? — деб сўради руҳоний.
— Одамлар сезиб қолганга ўхшайди, — шипшиди синглиси.
— Булар айвон томондан чиқишса яхши бўларди, — деди падре.
— Энди кеч, — деди синглиси. — Оломон деразага осилиб олган.
Она гап нимадалигини энди англаб етганга ўхшарди. У симтўрга разм солар экан, кўчада нималар бўлаётганини кўришга уринди. Сўнг қизидан гулни олиб, эшик сари юрди. Қизи унинг изидан қадам ташлади.
— Офтоб қайтгунича кутиб тура қолинглар, — деди падре.
— Офтоб жизғанак қилиб ташлайди, — қўшимча қилди хонанинг тўрида кузатиб турган синглиси. — Шошмай туринглар, соябонимни бериб юбораман.
— Раҳмат, —дея жавоб қилди аёл. — Кўникиб кетганмиз.
У қизнинг қўлидан ушлади ва иккаласи кўчага чиқди.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси
“Гулистон” журнали, 2023 йил 3-сон