Агар Тангрим мени латтали қўғирчоқ тарзида кўриб бир лаҳзагина мен ҳақимда унутганда ва менга озгина ҳаёт тириклик онларини туҳфа этганда эди, айни пайтда тилга олаётганларим ҳақида кўпроқ хаёл сурган бўлардим. Нарсаларнинг қанча туришига қараб эмас, маъно-мазмунига қараб баҳолардим. Камроқ ухлаган, кўпроқ орзу қилиб, юмуқ кўзларимда дунёни кашф этардим. Юмуқ кўзлар билан кечаётган ҳар бир дақиқа – оламнинг бой берилаётган олтмиш сониясидир. Кимлардир оёқларини юришдан тийганда мен тўхтовсиз қадам урган, бошқалар ухлаганда уйғонган, ўзгалар гапирганда жим туриб қулоқ солган бўлардим. Ва шоколадли музқаймоқдан ҳузурланиб тамадди қилардим.!
Агар Парвардигор менга бир озгина ҳаёт туҳфа этганида эди, одми кийинган, жисмимнигина эмас, кўнглимни ҳам тўқ қилиб, илк қуёш нурлари билан бирга ўрнимдан турардим.
Ё Парвардигорим, агар менинг яна жиндаккина вақтим бўлганида эди, нафратимни музга кишанлаб, қуёшнинг жамоли юз кўрсатишини интиқиб кутардим. Ван Гог каби юлдузлар соясида расм чизган, Бенедетти шеърларини ўқиб орзу қилган, Серра куйлари менинг ойли Серенадамга айланарди. Атиргулларнинг гулбаргларидаги алвон ўпичлар ва тиканаклардан тортаётган оғриқларини териб олиш учун кўз ёшларим билан уларни чўмилтириб қўярдим.
Биру борим менинг, мен яна озгина, бир озгина яшашим мумкин бўлганда эди… Мен севган инсонларимга уларни севишимни айтишни канда қилмаган бўлардим. Ҳар бир эркак ва ҳар бир аёлни уларни севишимга ишонтирар, муҳаббатнинг ичида муҳаббат билан нафас олардим. Одам қариган сари севишдан тўхтайди, деган фикрлар нақадар нотўғри эканлигини исбот қилардим: аксинча улар севишдан тўхтаганлари боис қарийдилар! Гўдакка қанот совға қилиб, уни ўзим парвоз қилишга ўргатардим. Қарияларга эса ўлим қарилик оқибатида эмас, бепарволик сабаб қадам ранжида қилишини айтардим. Ахир жуда кўп нарсаларни мен сизлардан ўргандим, ОДАМЛАР. Англадимки, ҳақиқий бахт бизни пастда кутаётганлигини пайқасак ҳам ҳар биримиз тоғнинг қоқ чўққисида яшашга интиламиз.
Шуни тушундимки, қачонки, янги туғилган чақалоқ отасининг бармоқларини ўзининг ушоққина қўлчалари билан ушлаб олар экан, бу бутун бир умрга етади. Яна шуни тушундимки, ҳар бир инсон кимнингдир оёққа туриши учун бошқа бир чўққидан пастга қарашга ҳақли. Ахир мен сизлардан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Тўғрисини айтадиган бўлсам, булардан наф жиндаккина, негаки уларни сандиққа лиқ тўлатиб, мен кетиб боряпман…
Русчадан Гўзал Бегим таржимаси