I
Мен кулгили одамман. Энди улар мени ғирт жинни деб аташади. Агар мен ростдан ҳам жинни бўлиб қолганимда-ку, бу янги номдан арпа бўйи ўсар эдим. Лекин, афсуски, энди мен уларга парво қилмайман, энди уларнинг барчаси мен учун азиз — ҳаттоки устимдан кулган чоғларида ҳам, тўғриси, шунда уларни янаям яхши кўриб кетаман. Уларга қараб туриб мени ғам босади-да, бўлмаса, уларга қўшилиб кулган бўлардим. Ўз турқи-тароватим кулгили бўлганлигидан эмас, йўқ, уларни суйганимдан! Мени шунинг учун ғам босадики, улар ҳақиқатни билишмайди — мен бўлсам биламан. Оҳ, ҳақиқатни ёлғиз ўзинг бил санг, нақадар оғир-а! Лекин улар буни тушунмай ди. Йўқ, тушунишмайди.
Бир вақтлар мен кулгили бўлиб туюлганимдан жуда-жуда ўкинардим. Кулгили бўлиб туюлмасдим, чиндан ҳам кулгили эдим. Ким билсин, балки мен туғилганимдан буён шундайдирман, балки олти-етти ёшимданоқ шундайлигимни билгандирман. Кейин мактабда, ундан сўнг дорилфунунда ўқидим. Аммо, начора, қанча кўп ўқисам, шунча кўп уқдим-ки, кулгили одам эканман. Гўё университетда ўқитиладиган барча фанлар бу жин ургур сифатимни исботлаш ва уқтириш учунгина яратилгандек эди. Ҳаётда ҳам йўлим худди ўқишдагидек бўлди. Йиллар ўта борган сайин ўзимнинг масхараомуз қиёфам тўғрисидаги фикр миямга қўрғошиндек қуйилаверди. Кас ҳам, нокас ҳам менинг устимдан куларди. Аммо уларнинг фаҳми етмас эдики, кулгили эканлигимни энг кўп биладиган киши битта бўлса, ўша мен ўзим эдим. Менга алам қиладиган жойи ҳам шу эдики, улар буни билмасди. Лекин бунга ўзим айбдорман. Мен азалдан ниҳоятда мағрур эдим, бошимни кессалар ҳам, бирор киши олдида ўз айбимга иқрор бўлишни истамасдим. Мағрурлигим йил сайин газак олиб бораверди. Мабодо шайтон йўлдан уриб, бирор киши олдида буни тан олиб қўйгудай бўлсам борми, чамамда, ўша куниёқ пешонамга тўппонча тираб, миямни далва-далва қилиб ташлардим. О, ўсмирлик чоғларим, бир куни бардошим тугайди-ю, ўртоқларим олдида буни тан олиб қўяман, деб қанчалик эзилардим-а. Лекин ўзимнинг бу сифатимни йилдан-йил кўпроқ англай борган бўлсам-да, улғайгач, негадир унга бироз бепарво қарайдиган бўлдим. Ҳа, чиндан ҳам «негадир», чунки мен унинг боисини ҳали ҳам билмайман. Эҳтимол, бунга ичимдаги бир ўзгариш сабаб бўлгандир. Ўша пайтларда менинг юрагимни бутун борлиғимдан кўра юксакроқ бир эътиқод юзасидан даҳшатли ғусса қоплаганди. Мен дунёда ҳамиша ҳамма нарса барибир-ку деган фикрга ишониб қолган эдим. Мен буни, эҳ-ҳе, аллақачон сезганман, лекин бултур кутилмаганда унга тамоман имон келтирдим. Бирдан оламнинг буду нобуди мен учун барибир эканлигини, дунёни сув босса, тўпиғимга чиқмаслигини бутун борлиғим билан туйдим. Сўнг ён-веримда ҳеч нима йўқлигини ҳис қилдим. Дастлаб хаёлимга: «Олдин қанча кўп нарса бор эди-я», деган фикр келди. Сўнг олдин ҳам ҳеч нима бўлмаган-у, фақат менга бордек туюлганлигини фаҳмладим. Секин-секин мен бундан кейин ҳам ҳеч қачон ҳеч нима бўлмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Шунда мен бирданига одамлардан оғринмайдиган, уларнинг бор-йўқлигини ҳам пайқамайдиган бўлдим. Бу ҳатто арзимас майда-чуйдаларда ҳам кўриниб қолди. Масалан, мен кўчадан ўтаётиб одамларга урилиб кетаверардим. Йўқ, бу ўйчанлигимдан эмас эди, мен унда ўйлашни бутунлай бас қилган эдим. Менга шунчаки ҳамма нарса барибир эди. Дунёдан осуда бўлиб, бирор муаммони ҳал этсам-ку, худога шукроналар ўқирдим-а, лекин мен ҳеч вақони ҳал этмадим. Эсиз, бир дунё масала бор эди-я. Аммо менга барибир бўлиб қолди ва жамики жумбоқлар мендан узоқлашди-кетди.
Буни қарангки, шундан кейин мен ҳақиқатга етишдим. Мен унга бултур учинчи ноябрь куни етишган бўлсам, ундан кейинги ҳаётимнинг ҳар бир сониясини ҳам хотирлай оламан. Ўшанда зим-зиё кеча эди. Мен соат ўнга яқин уйга қайтдим. Эсимда, ҳатто табиатнинг ўзида ҳам бундан ортиқ зулумот бўлиши мумкин эмас, деб ўйладим. Ёмғир тун бўйи ёғди, бу — совуқ, бехосият, ҳатто қандайдир ваҳимали, одамларга рўй-рост ёмонлик соғинган ёмғир эди, ҳа, мен буни яхши эслайман. Соат ўн бирларда эса ёмғир бирдан тинди, атрофни бўғиқ рутубат қоплади, ҳаво намчил, совуқ эди. Кўчадаги ҳар бир тошдан ҳам, жинкўчаларнинг уч-учларидан ҳам оғир буғ кўтариларди. Шу пайтда ҳамма чироқлар ўчиб қолса қандай соз бўларди-я. Чироқлар борлиги кўнгилни хира қилади, чунки улар шундай бир расво манзарани ёритиб туради-да. Шу куни мен туз тотмадим ҳисоб, оқшом тушгандан бошлаб бир инженернинг ёнида ўтирдим. Унинг олдида яна икки ошнаси бор эди. Мен бир оғиз ҳам гапирмадим, афтидан, уларнинг жонига ҳам тегдим. Улар қандайдир беҳаё гап айтдилар, бирдан нимадандир тутақиб кетдилар. Лекин мен сезиб турган эдимки, уларга ҳам барибир, қизишганлари эса шунчаки. Мен буни очиқ айтиб қўя қолдим: «Жаноблар, — дейман, — ахир, сизларга барибир-ку». Улар хафа бўлишмади, фақат биргалашиб менинг устимдан кулишди. Сабаби, мен буни таъна-танбеҳсиз, шунчаки менга барибир бўлгани учун айтгандим. Менга барибирлигини кўриб, улар хурсанд бўлишди.
Мен кўчада чироқ тўғрисида ўйлаб, осмонга тикилгандим. Осмон тим қоронғи, лекин бу зулумотда пароканда булутларни, улар оралиғида тубсиз қора доғларни аниқ илғаш мумкин эди. Бирдан бу доғларнинг бирида милтиллаган юлдузчани кўриб қолдим. Унга зеҳн солиб узоқ тикилдим. Тикилдим-у, энди шу кеча ўзимни ўлдираман, деб қасам ичдим. Мен икки ой олдин бу ҳақда қатъий қарорга келиб, ночор аҳволимга қарамай ажойиб тўппонча сотиб олган ва уни ўша куниёқ ўқлаб қўйган эдим. Мана, аллақачон икки ой ҳам ўтди. Тўппонча бўлса ҳануз ғилофида. Менга шу қадар барибир эдики, ахийри бунчалик барибир бўлмаган бир дақиқани пойлагим келди, лекин негалигини билмайман. Ҳар кеча уйга келиб, «ўзимни отаман» деб ўйлардим, лекин ўша дақиқани пойлардим. Мана, энди у митти юлдуз менда бир фикр уйғотди, шунинг учун ҳам: «албатта шу кеча ўз бошимга етишим керак», — деб ўйладим. Қизиқ, бу юлдузча нега менда фикр уйғотдийкин?
Мен самога тикилган пайт бир қизча ногоҳ тирсагимдан ушлади. Кўчалар аллақачон ҳувиллаб қолган, ҳеч кимса кўринмасди. Узоқроқда извошчи фойтунида ухлаб ётарди. Қизча саккиз ёшларда, бошида — дуррача, эгнида — бир қаватгина кўйлак, ҳамма ёғи шалаббо эди. Айниқса, унинг илвираган ҳўл бошмоқлари хотирамга муҳрланиб қолди. Бирдан у тирсагимдан илкис тортиб, мени аллақаёққа судрай бошлади. У йиғлаётгани йўқ, аммо қандайдир сўзларни узуқ-юлуқ айтиб чинқирар эди. Сўзларининг ярми ичида қолар, чунки у дағ-даг қалтирарди. Нимадандир даҳшатга тушиб, жон ҳолатда: «Онажон! Онажоним!» — деб қичқирарди. Мен унга ўгирилган бўлдим, лекин чурқ этмай ўз йўлимга кетавердим. Қизча бўлса югургилар, мени силтаб тортар, унинг овозида қаттиқ қўрққан боланинг ҳолатига хос аянчли ингроқ бор эди. Бу ингроқ товушнинг нималигини мен билардим. Қизча сўзларни чала-ярим айтса-да, мен қаердадир унинг онаси жон бераётганлигини ёхуд бир фалокатга йўлиқишган-у, у онасига кимнидир ёрдамга чақириш ёки нимадир топиш учун юрагини ҳовучлаб югурганлигини дарров фаҳмладим. Лекин мен унга эргашмадим, аксинча, миямда «уни ҳайдаб юборсам-чи» деган фикр ўрмалади. Аввал унга, миршабни топ, дедим. Аммо у бирдан қўлчаларини қовуштирди, йиғламсираб, бўғриқиб ёнимда юраверди, сира изимдан қолмади. Охири мен ер тепиб унга бақирдим. У «Барин, барин!..» деб илтижо қилди-ю, сўнг бирдан мени ташлаб йўлнинг нариги бетига югурди. У ерда ҳам бир йўловчи кўринди, афтидан, қизча энди унга ёлворарди.
Мен ўзимнинг бешинчи қаватдаги ижарамга кўтарилдим. Менинг хонам ночоргина жиҳозланган, ўзи ҳам каталакдай, деразалари чордоқникидай ёйсимон. Менинг бор бисотим — клёнка қопланган диван, устига китоб тахланган стол, иккита курси ва даққиюнусдан қолган-у, лекин роҳатижон, суянчиғи баланд кресло. Мен келиб ўтирдим, шамни ёқдим-у, ўйлашга тушдим. Қўшни «хона»да, парда девор ортида бугун учинчи кунки ғала-ғовур тинмайди. У ерда истеъфодаги капитан яшайди. Бу ерда капитан билан бешолтита саёқ ошнаси йиғилиб ароқ ичишади, титилиб кетган эски қартада штосс ўйнашади. Кеча кечқурун тўс-тўполон бўлиб кетди, иккитаси бир-бирининг сочидан чангаллаб тўрт томонга судради. Хўжайин хотин арз қилиб кирмоқчи бўлди-ю, журъат этмади: у капитандан ўлгудай қўрқарди. Бу хонадонда яна полкдан келган қилқаноқдай хотин шу ерда касал орттирган учта боласи билан яшайди. Хотин ҳам, болалари ҳам капитандан қўрқиб, жон ҳовучлаб туришади, кечаси билан қалтираб чўқиниб чиқишади. Болаларнинг кичкинасини қўрқинчдан тутқаноқ ҳам тутганди.
Билишимча, капитан Невскийда йўловчиларни тўхтатиб, чойчақа ундиради. Чунки энди уни хизматга олишмайди. Аммо кизиқки — қизиқ бўлмаса, айтармидим — бир ойдан бери қўшни яшаб, капитан бирор марта ҳам менинг ғашимга тегмади. Мен, албатта, танишишдан ўзимни олиб қочдим, лекин мени биринчи кўргандаёқ унинг ҳам юраги сиқилгандек бўлди. Бироқ улар парда ортида қанча шовқин солишмасин, неча кишилашиб ўтиришмасин, менга барибир. Мен тун бўйи ўтириб чиқаман, лекин ўлай агарки, уларнинг бирор сўзи қулоғимга кирса. Ҳа, уларни шунчалик унутиб юбораман. Бўлмаса, мен туни билан мижжа қоқмай чиқаман-ку, бунга ҳам аллақачон бир йил бўлди. Кечалари креслода михлангандай ўтираман, ҳеч иш қилмайман, китоб-питобни эса фақат кундузлари ўқийман, ўтираман, ҳатто ўйламайман ҳам, миямда ўзича қандайдир хаёллар дайдийди, мен уларни ўз ҳолига ташлаб қўяман. Шамим тунда ёниб адо бўлади.
Мен тинчгина креслога чўкдим, тўппончани чиқариб олдимга қўйдим. Уни қўяётиб ўзимдан: «Шундайми?» — деб сўрадим ва заррача иккиланмай жавоб бердим: «Ҳа, шундай!», яъни ўзимни отаман! Ҳар қалай, шу кеча ўзимни отсам керак — мен буни билардим, лекин унгача қанча ўтиришимни билмасдим. Агар ўша қизча бўлмаганда, шубҳасиз, ҳозир менинг куним битган бўларди.
II
Қаранг-а, менга ҳамма нарса барибир эди-ю, лекин, масалан, оғриқни сезардим. Биров мени туртиб ўтсин-чи, оғриқни сезмасмидим. Маънавий жиҳатдан ҳам худди шундай: жуда аянчли воқеа юз берса, мен албатта ҳали барибирчиликка берилмаган вақтимдагидек унга ачинган бўлардим. Боя ҳам қизчага раҳмим келди. Мен-ку унга ёрдам берардим, аммо… Хўш, нега унга ёрдам бермадим? Бунга ўша пайт миямга келган бир фикр сабаб бўлди. Қизча мени тортиб чақирган вақт олдимда бир жумбоқ кўндаланг бўлди, мен уни ечолмадим. Аслида-ку у арзимас савол, лекин менинг жаҳлим чиқди. Ўзимнинг: «модомики шу кечаёқ ўз бошимга етаман, деб қасд қилган эканман, энди менга дунёнинг бору йўқлиги ҳар доимгидан кўра ҳам барибирроқ бўлиши керак эмасми?» — деган хулосамдан жаҳлим чиқди. Қизиқ, нега бирдан менга барибир эмаслигини, қизчага раҳмим келаётганлигини ҳис этдим. Ҳа, мен аниқ эслайман, қизчага дилдан ачиндим, ҳатто бундан ғалати бир оғриқ ҳам туйдим. Тўғри, мен у пайтдаги оний кечинмаларимни бундан ортиқ ифодалай олмайман, аммо бу кайфият уйга келганимдан кейин ҳам давом этди, мен кўпдан бери биринчи марта қаттиқ таъсирланган эдим. Миямга фикрлар қуйила бошлади. Мен шунга амин бўлдимки, токи инсон эканман, токи бир хасга айланмаган эканман яшайман, демакки, ҳали азоб чекишим, ғазабланишим, ўз қилмишларимдан уялишим мумкин. Майли. Лекин мен ўзимни, дейлик, икки соатдан кейин ўлдирадиган бўлсам, унда бу қизча билан, ўз қилмишимнинг тўғри-нотўғрилиги билан неча пуллик ишим бор?! Мен нулга айланаман, ҳа, мутлақ нулга айланаман. Наҳотки ҳозироқ буткул йўқликка айланмоғим ва дунёнинг ҳам барбод бўлмоғини англаб турганлигим у қизчага ачинишимга ва ўз қилмишимдан уялишимга заррача таъсир кўрсатмаса? Ахир, мен «Ҳозир фақат раҳм қилмаслик эмас, инсон зоти ўзига раво кўрмайдиган тубанлик ҳам қўлимдан келади, чунки мен учун олам ҳозир бор-у, икки соатдан кейин йўқ», — деб ўйлаганим учун ҳам бечора гўдакка қараб атай ер тепиндим, атай йиртқичга ўхшаб бўкирдим-ку. Хўш, сиз шунинг учун бақирганимга ишонмайсизми? Мен энди бунга ишониб қолдим. Тассавуримча, гўё энди ҳаёт ҳам, дунё ҳам менга қараб қолган эди. Гўё ҳаттоки дунёнинг ўзи ёлғиз мен учун яратилган: мен ўзимни отдимми, дунё ҳам охиратга юз тутади, ҳеч бўлмаганда — мен учун. Мендан кейин балки чиндан ҳам ҳеч ким учун ҳеч нима бўлмас. Лекин буни айтмаганда ҳам, менинг онгим сўнган заҳот бутун олам йўқликка айланади, онгимнинг бир шарпаси, зарраси сифатида сўнади-ку. Эҳтимол, бу ёруғ олам, бу гуж-ғуж одамлар ёлғиз менинг ўзимдан иборатдир. Эсимда, креслога ўтириб хаёлга чўмарканман, мен бир-бирига уйқашиб келаётган бу янги масалаларни буткул бошқа томонга буриб, тамомила янги фикрни ўйлаб топдим. Масалан, менинг тасаввуримда шундай бир ҳолат гавдаланди. Дейлик, мен олдин Ойда ёки Марсда яшаган, у ерда қандайдир бемаъни, ярамас иш қилган, бунинг учун босиринқи тушдагидан баттар қўрқитилган ва шарманда қилинган, кейин ерга тушиб ҳам уларни унутолмаган бўлсам, бундан ташқари, энди зинҳор ортга қайтолмаслигимни билсам, ўшанда ойга тикилиб, «Э, менга барибир эмасми?!» — дея олармидим? Мен қилмишимдан уялган бўлармидим ёки йўқми? Аслида-ку ҳозир бу саволлар арзимас ва ортиқча. Чунки тўппонча шундоқ олдимда турибди. Бу кеча у отилиши муқаррарлигини мен бутун вужудим билан сезардим. Аммо фикрлар қонимни қайнатди, мен телбанамо бўлиб қолдим. Ниманидир олдиндан ҳал этмай туриб ўлолмайдиган ҳолатга етдим. Гапнинг қисқаси, шу қизча мени ўлимдан халос этди, чунки мен ўйимга етолмай, ўқ отилишини кейинга сурдим, капитанникида ҳам шарпалар тина борди. Улар қартавозликни тугатдилар, ухлашга тутиндилар, лекин ҳозирча гувурлаб, ёқар-ёқмас сўкинардилар. Шу жойга етганда, мен бирдан ухлаб қолибман, таажжуб, шу чоққача ҳеч қачон креслода уйқум элтмаган эди. Ухлаганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Туш, маълумки, жуда ғалати ҳодиса, нималарнидир фавқулодда тиниқ, энг майда тафсилотларигача фарқлайсиз, бошқа нарсалар, масалан, маконлар ва замонлар устидан бемалол сакраб ўтасиз. Тушларни ақл эмас, истак, бош эмас, юрак ҳаракатга келтиради. Шундай бўлса-да, менинг ақлим тушда шундай айёрона нарсаларни тўқиб чиқарадики… Тушингга шундай воқеалар ҳам кирадики, асло уларнинг тагига етолмайсан. Менинг акам беш йил бурун дунёдан ўтган. Мен уни гоҳо тушимда кўраман: у менинг ишларимга бош қўшади, иккаламиз ҳам берилиб кетамиз, аммо мен шу пайтнинг ўзида, бутун туш давомида акамнинг вафот қилганлиги ва дафн этилганлигини тамоман билиб, эслаб тураман.
Ахир, таажжубланмай бўладими, марҳум одам менинг ёнимда югуриб-елиб юрса. Нега ақлим бунга йўл қўяди? Майли, буларни қўя турай. Бугунги тушимдан гапирай. Ҳа, ўшанда шу тушни кўрдим, менинг учинчи ноябрдаги тушим! Аммо унинг фақат туш эканлиги мени ранжитади. Ахир, у мени ҳақиқатдан огоҳ этгандан кейин, тушми-ўнгми, барибир эмасми?! Ҳақиқатни бир бор идрок этганингиздан кейин унинг айнан шу эканлигини, бошқаси йўқ ва бўлиши мумкин эмаслигини тушми-ўнгми билиб турасиз-ку. Майли, туш бўлақолсин, қайтага яхши. Ахир, сизнинг кўкларга кўтариб мақтаган шу ҳаётингизни мен биттагина ўқ билан йўқ қилмоқчи эдим, менинг тушим, тушим эса — о, у мени янгича, улуғвор, қудратли ҳаётдан огоҳ этди!
Тингланг.
III
Боя айтганимдай деярли сездирмай, ҳатто ўша ўйларимда давом эта туриб кўзим илинибди. Тушимда тўппончани олибман, ўтирган кўйи уни тўппа-тўгри юрагимга қадабман, ҳа, бошимга эмас, юрагимга! Мен, ахир, ўқни бошимга, бошимнинг ҳам ўнг чаккасига отишга қарор қилгандим-да. Тўппончани кўксимга қадаб, бир-икки сония кутдим, шу чоқ бирдан шамим, столим, рўпарадаги деворим жойидан силжиб тебрана бошлади. Мен талмовсираб жон-жаҳдим билан тепкини босдим.
Тушда баъзан тепадан қулайсиз ёки сизни сўядилар, урадилар. Лекин бунда ҳеч қандай оғриқ сезмайсиз, фақат у ер-бу ерингизни ҳақиқатан каравотга уриб олсангизгина, жонингиз оғрийди ва кўпинча оғриқдан уйғониб кетасиз. Менинг тушимда ҳам шундай бўлди — оғриқ-поғриқни сезмадим, бироқ, назаримда, ўқ отилиши билан бутун борлиғим ларзага тушди-ю, сўнг бирдан ҳаммаси сўнди, гир атрофимни қоронғилик қоплади. Мен гўё кўр ва гунг бўлиб қолган эдим. Қарабсизки, аллақандай қаттиқ нарсанинг устида узала тушиб ётибман, ҳеч вақони кўрмайман, қимир этолмайман. Атрофимдан ўтиб-қайтишади, бақириб-чақиришади, капитан дўриллайди, хўжабека чинқиради, Шу пайт бирдан ғала-ғовур тинди, олам сукунатга чўмди. Мана, энди мени ёпиқ тобутда олиб кетаётирлар. Мен тобутим қандай чайқалаётганини сезяпман, бу ҳақда ўйлаб кетяпман. Дафъатан бир ўй мени илк бора ларзага солди: ахир, мен ўлганман, бутунлай ўлганман-ку, мен буни биламан, кўздан ва ҳаракатдан қолганим билан сезиб ва фикрлаб турибман. Бироқ кўп ўтмай мен бунга кўникаман ва одатда тушда бўлганидек воқеликни мунозарасиз қабул қила бошлайман.
Мана, мени қабрга қўйиб, устимга тупроқ ҳам тортадилар. Ҳамма кетади, мен ёлғиз қоламан, тамомила ёлғиз, қимир этмайман. Ўзимнинг қабрга қўйилишимни олдин қачонки тасаввур қилган бўлсам, қабр кўз олдимга намлик ва совуқлик сезгилари билан уйқашиб келар эди. Ҳозир ҳам қаттиқ совқотаётганимни ҳис этдим, айниқса оёғимнинг учлари аччиқ дилдирарди, аммо бўлак ҳеч нимани сезолмадим. Қизиқки, мен ҳеч нимани кутмай, «ўлик одам нимани ҳам кутиши мумкин?» деган фикрга кўниб ётардим. Фақат зах кишини эзар эди. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман, бир-икки соатми, бир неча кунми, ногоҳ чап кўзимга тобут тепасидан бир томчи чакки томди, кейин яна, яна… ҳар дақиқада томиб турди. Бирдан ичимда аччиқ норозилик уйғониб, юрагим санча бошлади. «Бу ўша жароҳатим, — хаёлимдан кечди, — ўқ тешиб ўткан жой…» Тепамдан эса дақиқа сайин юмуқ кўзларим устига чакка томчилайверди. Шунда мен бирдан фарёд қилдим, йўқ, овоз чиқариб эмас (ўликда овоз нима қилсин?!), бутун борлигим билан менга бу кўргуликни юборган қодир Эгамга фарёд қилдим:
— Эй, Сен, ким бўлсанг ҳам, агар борлигинг чин бўлса ва агар тахти фармонингда булардан кўра оқилроқ бирор нима мавжуд бўлса, амр эт, ўшал ижодинг кўз олдимда намоён бўлсин! Мабодо сен мендан ўз жонимга қасд қилганим учун шу жирканч ва бемаъни кўргуликлар билан қасос олмоқчи бўлсанг, билиб қўй: ҳеч қачон, ҳеч қандай жабру жафо, ҳатто у миллион йиллаб чўзилганда ҳам, менинг оғир сукут ичида туядиган нафратим билан тенглашолмайди!..
Мен фарёд чекдим-у, тиндим. Тамомий сукунат қарийб бир дақиқа давом этди, бу орада ҳатто бир томчи чакки ҳам томиб улгурди, лекин мен билар ва аниқ ишонар эдимки, ҳозир ҳаммаси ўзгариши керак. Шу чоқ бирдан қабримда дарз пайдо бўлди. Ёки уни қазиб очишдими, бунисини билмайман, лекин аллақандай қора, нотаниш мавжудот мени кўтариб кетди ва биз фазода кўз очдик. Мен бирдан ўзимга келдим. Ярим кеча эди, бунақа зим-зиё тунни умримда биринчи кўришим. Биз фазо бўйлаб ердан, эҳ-ҳе, жуда олисларга учдик. Мен ўзимни олиб учаётган маҳлуқдан ҳеч нимани сўрамадим, фақат юрагим ғурурга тўлиб нимадир бўлишини кутдим. Мен «қўрқмайман» деб ўзимни ишонтирдим ва бу ишончдан ҳам завқ, ҳам осойиш топдим. Қанча вақт учганимизни на эслайман, на тасаввур эта оламан. Тушда ўзи шунақа бўлади-ку, маконлар ва замонлар оша, борлиқ ва тафаккур қонунлари оша сакраб учасиз, фақат кўнглингиз тортган нуқталаргагина тўхталасиз. Мен бирдан қоронғилик ичра ёлғиз юлдузчани кўриб қолдим. «Бу Сириусми?» — дедим тўсатдан ўзимни тутолмай, чунки мен ҳеч нимани сўрамасликка қарор қилган эдим-да. «Йўқ, бу — сен уйга қайтаётиб, булутлар ичида кўрганинг ўша юлдузча» — жавоб қилди ҳамроҳим. Қарасам, унинг қиёфаси одамга ўхшайди. Таажжуб, негадир бу маҳлуқни жиним суймади, ҳатто ундан нафратландим. Мен тамоман йўқликка айланишни кутгандим ва нақ юрагимга ўқ узгандим. Энди бўлса мана бунинг қўлидаман. Албатта, унинг одам эмаслиги аён, лекин у мавжуд, яшаяпти. «Демак, бундан чиқди, ўлгандан кейин ҳаёт бор экан-да» — тушга хос юзаки фикр юритдим мен. Лекин юрагим сергак эди. «Агар қайтадан мавжуд бўлиш, кимнингдир амри вожиби билан яшаш керак бўлса, — кўнглимдан кечирдим мен, — мени мағлуб этишлари ва хўрлашларини истамайман». Мен камситилганлигим тан олинган саволдан ўзимни тиёлмай, бирдан ҳамроҳимга сўз қотдим: «Сендан қўрқаётганимни билиб турибсан, шунинг учун мени кўргани кўзинг йўқ». Мен хўрланганимни ҳис қилиб, юрагимда нина санчгандек оғриқ сездим. Ҳамроҳим жавоб бермади. Мен шуни сездимки, бу маҳлуқ мендан нафратланаётгани ҳам, менинг устимдан кулаётгани ҳам, ҳатто менга раҳми келаётгани ҳам йўқ, бу сафаримизда қандайдир ноаён, сирли, фақат менга алоқадор қандайдир мақсад бор. Мен баттар ваҳимага туша бошладим. Қандайдир куч бир сўз айтмай, аммо қийноқ билан мени мум тишлаган йўлдошимнинг кимлигидан огоҳ этди ва менинг бағримни тилиб ўтди. Биз тим қоронғи, номаълум кенгликлар бўйлаб учдик. Мен анчадан бери юлдузларга тикилмай қўйгандим. Аммо фалак авроқида нурлари минг-миллион йиллардан сўнг ерга етиб келадиган шундай ситоралар борлигини билардим. Балки биз бу кенгликларни энди ортда қолдириб кетгандирмиз. Мен қаттиқ қайғу ичида ниманидир кутар эдим. Бирдан қадрдон ва олий даражада ўзига чорловчи бир туйғу мени ларзага солди: мен бирдан ўзимизнинг табаррук қуёшимизни кўриб қолдим. Бу ламъаи аъзам еримизни атрофидан гир айлантираётган қуёшимиз бўлиши мумкин эмаслигини, биз ундан чексиз узоқлашиб кетганимизни билардим, аммо мен бутун борлиғим билан шуни англадимки, бу худди ўзимизникига ўхшаган қуёш, унинг эгизаги ёки айнан такрори. Менинг юрагимда лазиз, даъваткор туйғу садо берди. Кўз очиб кўрганим ўша нурнинг қадрдон шуълалари менинг қалбимда жилоланди ва унга қайтадан жон ато этди, мен ўлимимдан сўнг илк бор ўша жонажон ҳаётнинг нафасини туйдим.
— Агар бу қуёш бўлса, худди ўзимизникига ўхшаган қуёш бўлса, унда ер қани? — дея қичқирдим мен. Йўлдошим менга боқиб қуюқ қоронғилик ичида нур сочиб турган юлдузчага ишора қилди. Биз тўғри ўшанга қараб учдик.
— Наҳотки коинотда шундай айнан такрорлар бор, наҳотки табиатнинг қонуни шундай бўлса?.. Агар у юлдузча ер бўлса, наҳотки у ҳам худди ўзимизникига ўхшаш бахтсиз, бечора, лекин азиз ва ҳамиша суюкли ер? Наҳотки у ҳам еримиз каби ҳаттоки энг бадкирдор фарзандларида ҳам азобли бир муҳаббат уйғотади? — Мен ўзим тарк этган она-еримизга нисбатан асов, оташин муҳаббатимдан титраб нидо қилдим. Ўзим ранжитган ғариб қизчанинг қиёфаси бир зум кўз олдимдан ўтди.
— Шошилма, ҳаммасини кўрасан, — деди менинг ҳамроҳим қандайдир ҳазин овоз билан. Биз тезда сайёрага яқинлашдик. У менинг кўз олдимда улканлашди, мен ҳадемай океанни, Европа чегараларини ажратдим ва бирдан қалбимда қандайдир улуғ, муқаддас рашк туйғуси аланга олди. «Ажабо, шунчалик ҳам айнан такрор бўлиши мумкинми?! Бунинг нима кераги бор?! Мен фақат ўзим тарк этган ерни, мен, ношукур банда, юрагимга ўқ узиб ҳаётимни сўндирган пайт бағир қоним томган ўша ернигина севаман ва сева оламан! Мен жонимга қасд қилдим, лекин ҳеч қачон, ҳеч қачон она-еримизга муҳаббатим сўнган эмас, балки ўша хосиятсиз тунда ҳам унга алвидо айта туриб уни ҳар қачонгидан ортиқроқ севгандирман. Бу янги заминда ҳам азоб-уқубат бормикин? Биз ўз еримизда фақат азоб билангина, азоб орқалигина чинакам меҳр-муҳаббатга ноил бўламиз. Биз бошқача севолмаймиз, бошқача муҳаббатни билмаймиз ҳам. Мен севмоқ учун азоб чекишни истайман. Менга ҳозир ўзим тарк этган ўша ердан бошқаси керакмас, мен фақат ўшанигина қўмсайман, ўзга ҳеч қаердаги ҳаётни хоҳламайман ва қабул қилмайман».
Лекин у маҳал аллақачон йўлдошим мени холи қолдирган эди. Мен бўлсам ўзим ҳам сезмаган ҳолда нурларга беланган кунда жаннатмонанд заминда кўз очдим. Назаримда, ўз еримиздаги Грек архипелагининг оролларидан бирида ёки материкнинг шу архипелагга ёндош аллақандай бир бурчагида тургандим. О, ҳамма нарса ўзимиздагига ўхшар, аммо фақат чор атрофда байрам нафаси уфурар, улуғ, муқаддас, узоқ кўз тикиб эришилган руҳи кезар эди. Фараҳбахш мовий денгиз қирғоқларга сокин уриларди ва ошкора, деярли онгли меҳр билан улардан ўпич оларди. Бўйчан хушманзара дарахтлар бутун жозибасини кўз-кўз этар, уларнинг сонсиз япроқлари эса мени осойишта, ёқимли шовуллаш билан қарши олар, гўё менга меҳр изҳор этар эди. Ўт-ўланлар тиниқ, дилхуш рангларга бурканиб яшнар эди. Қушлар гала-гала бўлиб ҳавода сайр этишар, мендан чўчимай қўлу елкаларимга қўнишар, нозик, попук патлари билан мени шодон уриб ўтишар эди. Ва, ниҳоят, мен бахтга қорилган бу заминнинг одамларини кўрдим. Улар ёнимга келишди, мени қуршаб олишди, кучиб ўпа бошлашди. Офтоб фарзандлари, қуёш болалари — о, улар қанчалар гўзал эди! Мен ўз еримиз одамларида ҳеч қачон бу қадар комил гўзалликни кўрмаган эдим. Фақат болаларимизда ҳали руҳига гард қўнмаган пайтларда кучсизгина бўлса-да, бу гўзалликнинг учқунларини учратиш мумкин. Бу бахтиёр одамларнинг чеҳралари тиниқ нур сочиб порлайди. Уларнинг юз-кўзларидан ақл нури ёғилиб туради, аммо бу юзлар қувончга тўла; бу одамларнинг овозида, сўзларида болаларча завқ жаранглайди. О, мен бир қарашдаёқ ҳаммасини, ҳаммасини тушундим, бу — айблару гуноҳлар билан булғанмаган ер эди, унда ҳам одамлар, аммо гуноҳсиз одамлар яшарди, улар бутун башариятнинг диний ривоятларида ёзилганидек, бизнинг гуноҳга ботмаган аждодларимиз даврон сурган жаннатмонанд маъвода яшардилар. Фақат бир фарқи-бунда бутун замин яхлит жаннатдан, жаннатнинг ўзидангина иборат эди. Бу одамлар шодон жилмайиб мени қуршаб олдилар ва ўзлари билан олиб кетдилар. Уларнинг ҳар бири мени хотиржам этгиси келарди. О, улар мендан ҳеч нимани сўраб ўтиришмади, аммо ҳаммаси аллақачон ҳамма гапни билгандек эди, ҳар ҳолда менга шундай туюлди. Улар менинг юзимдан уқубат нуқсини тезроқ сидириб ташлашни истардилар.
IV
Майли, бу фақат туш бўла қолсин, лекин уларнинг меҳрибонлигини қаранг. Мен бу меҳрнинг ҳароратини мангуга эслаб қолдим, ҳозир ҳам ўша ёқдан меҳр ёғилаётгандай туюлди. Мен уларни ўз кўзим билан кўрдим, кимлигини билдим, уларга меҳр қўйдим ва кейинчалик улар учун азоб чекдим. О, мен уларни жуда кўп томонлардан тушунолмаслигимни ўша пайтдаёқ англадим. Мен замонавий рус прогрессисти сифатида, бадхулқ петербурглик сифатида бир нарсага ҳайрон қолардим: улар шунчалик кўп нарсани билсалар-да, бизникига ўхшаган илм-фанга эга эмас эдилар. Тезда шунга ақлим етдики, уларнинг билимида бизникига ўхшамайдиган ажиб самимият бор, улар сув ичадиган билим чашмалари ҳам, уларнинг интилишлари ҳам бутунлай бўлакча. Бу замин одамлари ортиқча ҳою ҳавасга берилмай, осуда яшардилар, ҳаётни идрок этишга ҳам бизчалик интилмасдилар, чунки уларнинг ҳаёти шусиз ҳам бекам-кўст эди. Лекин уларнинг билимлари бизнинг фанимизга нисбатан теранроқ ва юксакроқ эди, зеро, бизнинг фанимиз ҳаёт ўзи нима эканлигини тушунишга интилади, бошқаларга қандай яшашни ўргатиш учун уни идрок этмоқчи бўлади. Улар бўлса қандай яшашни илм-фансиз ҳам билардилар, мен буни фаҳмладим, аммо уларнинг билимларини тушунолмадим. Улар менга ўз дарахтларини кўрсатдилар, лекин дов-дарахтларга шунчалик муҳаббат билан қараш менга ёт эди, улар гўё ўзларига монанд мавжудотлар билан сўзлашаётганга ўхшардилар. Бу одамлар дарахтлар билан гаплашардилар, десам ҳам, эҳтимолки, хато бўлмас. Ҳа, чиндан ҳам улар бир-бирларининг тилларига тушунардилар. Улар бутун табиатга, масалан, ҳайвонот оламига ҳам худди шундай қарардилар, улар билан иноқ яшардилар. Улар кўкка ишора қилиб, менга юлдузлар ҳақида нимадир дедилар, мен тушунолмадим, аммо шу чоғ уларнинг диллари юлдузлар билан туташганлигига ишончим комил. О, бу одамлар мени ўз қалбларига ошно этолмадилар, аммо мени шусиз ҳам суйдилар. Улар мени тушунолмасликларига кўзим етди, шунинг учун еримиз ҳақида миқ этиб оғиз очмадим. Мен фақат ҳамманинг кўз ўнгида уларнинг ерини ўпдим ва уларга сажда қилдим. Улар менинг сиғинишимга ийманмай йўл қўйиб бердилар, чунки уларнинг қалби шундай улуғ севгига мойил эди. Меҳримга қандай жавоб қайтаришларини севинч билан идрок этган ҳолда гоҳ кўзларим жиққа ёшга тўлиб, уларнинг оёқларини ўпсам, улар мен учун изтироб чекмадилар. Гоҳо мен таажжубланиб ўзимдан сўрардим: қандай қилиб улар мендек бир телбани бирор марта ҳам ранжитмадилар, мендек бир кишида рашк ва ҳасад туйғуларини уйғотмадилар? Қандай қилиб мендек бир мақтанчоқ ва ёлғончи одам уларнинг олдида ҳеч бири билмайдиган билимларим билан мақтанмадим, ҳеч бўлмаса, суйганимдан уларни қойил қолдиришга ҳаракат қилмадим?
Улар худди гўдаклардек тиниб-тинчимас, қувноқ одамлар эдилар. Ўзларининг сўлим дарахтзор ва ўрмонзорларида кезиб, мунис қўшиқлар айтардилар, дарахтлар меваси, ўрмонлар асали ва меҳрибон жониворларнинг сути билан енгил овқатланардилар. Ўз емишлари ва кийим-бошлари учун биздек ўлиб-тирилиб меҳнат қилмасдилар. Уларда ҳам ишқ-муҳаббат бор эди, бундан фарзандлар туғиларди. Лекин мен уларда бизда ҳаммани заҳарлаган, инсоният ботаётган барча гуноҳларнинг ягона манбаи бўлган шафқатсиз ишратпарастликнинг изини ҳам кўрмадим. Улар гўдак дунёга келганда, базми жамшидимизга янги аъзо қўшилди, деб севинчга тўлардилар. Улар ўртасида аччиқ-тизиқ гап, рашку ҳасад йўқ эди, буларнинг нималигини билишмасди ҳам. Ҳар бир туғилган гўдак барчанинг фарзанди саналарди, чунки улар ягона оила бўлиб яшардилар. Гарчанд уларда ҳам ўлим барҳақ бўлса-да, касаллик йўқ эди. Уларнинг қариялари видолашиш учун давра қурган одамларнинг ёруғ табассумлари остида уларга оқ фотиҳа бериб тинчгина кулимсираганча уйқуга кетгандай жон таслим қилардилар. Бунда қайғу ҳам, кўз ёши ҳам йўқ, фақат ҳаяжон бўлиб жўш урган меҳр бор эди, холос. Ўйлаш мумкинки, улар марҳумлари билан ҳам диллашардилар, уларнинг яқинлигини ўлим ҳам бузолмасди. Мен мангу ҳаёт ҳақидаги фикрларини сўраганимда, улар менга ҳайрон боқдилар, афтидан, улар мангу ҳаётга шу даражада ишонар эдиларки, сўраб ўтириш ҳам уларга ғалати туюларди. Уларда саждагоҳлар йўқ эди. Ахир, қайси даргоҳга сиғинишсин?! Уларда бир бутун Коинот билан қандайдир қимматли, жонли, чамбарчас бирлик бор эди. Уларда дин ҳам йўқ эди, фақат бир нарсани аниқ билишардики, қачонки уларнинг қувончлари заминидаги табиатнинг сарҳадларига етса, жамики тириклар ва ўликлар учун яхлит олам билан уйғунлашишнинг чегаралари янада кенгаяди. Улар бу ажиб лаҳзани қувонч билан кутардилар. Лекин уни ошиқмай, бетоқат бўлмай, интиқмай, ҳозирданоқ унинг сеҳрига маст бўлиб ва буни бир-бирларига изҳор этиб кутардилар.
Оқшомлари уйқу олдида улар бир тану бир жон бўлиб қўшиқлар айтишни хуш кўрардилар. Бу қўшиқларга охирлаган куннинг жами таассуротларини тўкиб солардилар, уни улуғлардилар, у билан хайрлашардилар. Улар табиатни, ерни, денгизу ўрмонларни куйлардилар. Улар бир-бирлари шаънига қўшиқ айтишни севардилар, худди болаларга ўхшаб бир-бирларини мақтардилар. Булар — жуда оддий қўшиқлар эди, аммо юракдан отилиб чиқарди ва юракларга титроқ соларди. Нафақат қўшиқлари, балки бутун ҳаётлари бир-бирларининг меҳрига қониш билан ўтарди. Улар бир-бирларига батамом ва ёппасига мафтун эдилар. Бошқа тантанавор ва кўтаринки қўшиқларни мен мутлақо тушунмадим. Сўзларини тушуниб туриб, улар замиридаги маънони уқолмадим. Менинг ақлим бунга ожиз эди, аммо қалбим уларга бесўроқ кириб борди ва бутунлай берилиб қолди. Мен булар барини пайғамбардай олдиндан сезганман, бу қувонч ва шон-шуҳрат ердаёқ гоҳо чидаб бўлмас даражага етган даъваткор қайғу бўлиб менга таъсир этганди, уларни ва улар довруғини хаёлим тушларида ва ақлим орзуларида олдиндан туйгандим, мен ўз еримизда кўпинча ботаётган қуёшни кўз ёшисиз кузатолмасдим — булар барини мен уларга қайта-қайта айтиб бердим. Менинг ўз одамларимизга нафратимда доимо қандайдир андух бўларди: нега мен уларни севмай туриб ёмон кўролмайман, нега мен уларни авф этмай кетолмайман, мабодо севсам ҳам, нафратсиз севолмайман, деб ҳасрат чекардим. Улар мени тингладилар, лекин мен айтганларни тасаввур қилолмадилар, аммо мен гапирганимга пушаймон бўлмадим. Билдимки, улар ўзим тарк этган элга соғинчимнинг бутун кучини аъло даражада тушунардилар. Ҳа, улар менга мунис, меҳрибон нигоҳларини тиккан чоғлари мен ҳам ўшалардай бегуноҳ ва ростгўй бўлиб қолганимни сездим, аммо мен уларни тушунолмаганимдан надомат чекмадим. Бу ҳаётнинг мукаммаллигини ҳис этган сари нафас олишим қийинлашди ва мен уларга унсиз тиловат қилдим.
О, энди ҳамма менинг кўзимга қараб туриб кулади ва тушда бунчалик тафсилотларни кўриш мумкин эмас, тушингда ул-булни кўргандирсан-у, қолганини уйғониб ўзинг тўқигансан, деб мени ишонтира бошлайди. Агар мен уларга: эҳтимол, ҳақиқатан шундай бўлгандир, дегудай бўлсам борми — оҳ худойим-а, улар қандай кулги кўтарардилар ва бу майнавозчиликдан ўзлари қанча завқ олардилар. Ҳа, албатта, мен кўрган тушимнинг таассуроти билан мағлуб бўлиб қолардим, менинг зада, пажмурда юрагимда фақат шу ҳисгина омон қолган бўларди. Аммо кўрган тушимнинг ҳақиқий манзаралари, шакллари шу даражада уйғунлик касб этган, шу даражада дилбар, гўзал ва ҳаққоний эдики, мен уйғониб уларни ўзимизнинг ночор сўзларимиз билан ифода этмоққа ожиз эдим, улар ўз-ўзидан миямда бошқачароқ тус олиши тайин эди, мен ҳақиқатан ҳам таассуротларни ўзимдан қўшиб-чатиб ёзишим мумкин, айниқса, уларни қанча бўлмасин, етказишга, бунинг устига тезроқ етказишга жон-дилдан ошиқаётган пайтимда. Аммо мен қандай қилиб уларнинг юз берганига ишонмай? Улар балки мен айтганимдан кўра минг марта аълороқ, нурлироқ, қувончлироқ бўлгандир? Келингки, уни туш ҳам дейлик, бироқ тамомила уйдирма бўлиши мумкин эмас. О, биласизми, мен сизга бир сирни айтаман: булар бари, эҳтимолки, ҳеч қанақа туш эмасдир. Чунки бу ерда шундай равшан воқеалар юз бердики, бундай ҳақиқатлар икки дунёда тушда хаёлга келиши мумкин эмас. Майли, бу тушни қалбимнинг бир ижоди дейлик, лекин кўнглимнинг ўзи кейин мен етишган ҳақиқатни юзага келтира олармиди? Қандай қилиб мен шундай улуғвор ҳақиқатни ичимдан тўқиб чиқаришим мумкин? Қандай қилиб менинг шу майдакаш юрагим ва шу инжиқ, арзимас ақлим ҳақиқатни шундай чуқур инкишоф этиш даражасига кўтарилди? О, мана бу сўнгги воқеа эса сизнинг ҳукмингизга ҳавола: мен шу вақтгача бир нарсани яширгандим, энди ҳақиқатни охиригача айтаман. Гап шундаки, мен — ярамас — уларнинг барини йўлдан оздирдим.
V
Ҳа, оқибат шу бўлдики, мен уларнинг барини наҳсга ботирдим. Қандай қилиб бу хил воқеа юз бериши мумкинлигини билмайман, бироқ уни жуда яхши эслайман. Тушим минг йилликларни ўзида қамраб олган бўлса ҳам, менинг хотирамда бир гина яхлит бир таассурот қолдирди. Фақат шуни биламанки, жами гуноҳларнинг асл сабабчиси мен эдим. Бир иркит кана каби, бутун бошли мамла катларни заҳарловчи вабо тарқаткич гард каби мен шу қадар бегуноҳ ва бахтли бир заминни булғадим. Улар алдашни ўргандилар, ёлғонга ружу қўйдилар ва унинг мазасини билиб олдилар. О, эҳтимолки, бу ҳеч қандай ғаразсиз, оддий ҳазилдан, эркаликдан, енгил-елпи севгидан, арзимас заррадан бошлангандир, лекин бу ёлғон зарраси уларнинг қалбига кириб олди-ю, соҳибга ёқиб тушди. Кейин тезда ишратпарастлик, ишратпарастликдан рашк, рашкдан шафқатсизлик туғилди. О, аниқ айтолмайман-у, аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўзга ер одамининг биринчи қони тўкилди: улар таажжубда қолдилар, даҳшатга тушдилар ва бир-бирларидан юз ўгириб турли томонларга тарқала бошладилар… Иттифоқлар, уюшмалар пайдо бўлди, лекин улар бир-бирига қарши эди. Таъна-маломатлар дунёга келди. Улар ўз қилмишларидан уялишни ўргандилар ва бу уят туйғусини эзгуликка йўйдилар. Шаън, номус деган тушунчалар пайдо бўлди. Ҳар бир уюшма ўз байроғини тикди. Улардан ҳайвонлар ҳам озор кўрди, ёғийлашиб ўрмонларга қочди. Бўлиниш, яккаланиб олиш учун, шахс учун, меники-ю, сеники учун тинимсиз курашлар бошланди. Улар анвойи тилларда гаплаша бошладилар. Шу тариқа, ғам-андуҳ нималигини билдилар ва уни севиб қолдилар, уқубатни қўмсадилар. Фақат заҳмат чекибгина ҳақиқатга етиш мумкин, дедилар. Шунда уларда ҳам биз тушунган илм-фан пайдо бўлди. Улар ваҳший бўлиб кетганларидан сўнг биродарлик ва инсонийлик тўғрисида гапира бошладилар ва бу ғояларнинг нималигини идрок этдилар. Жиноятчига айланганларида, адолатни ўйлаб чиқардилар, уни ҳимоя қилиш мақсадида, ўзлари учун бутун бошли қонунлар ўйлаб чиқардилар ва бош кесувчи машиналарни уларга посбон қилиб қўйдилар. Улар ўзлари бой берган ҳаёт тарзини элас-элас эслардилар, қачонлардир бегуноҳ ва бахтиёр бўлганларига кўпинча ишонгилари ҳам келмасди. Улар мозийда шунчалик бахтли бўлганликларини хом хаёл деб ўйлардилар ва унинг устидан кулардилар. Уни ҳатто бутун шакл-шамойили билан тузукроқ тасаввур ҳам қилолмасдилар, лекин қизиқ жойи шундаки, кечмиш саодатга ишончни йўқотиб, уни эртак деб ўйлаш баробарида улар қайтадан беғубор ва бахтиёр бўлишни шундай орзу қилдиларки, ўз орзуларига банди бўлиб унга илоҳий тус бердилар, шу интилиш йўлида ибодатхоналар тикладилар. Ўз ғоялари ва орзуларининг рўёбга чиқмаслигига ишониб туриб, кўз ёшлари билан уни илоҳийлаштирдилар, унга саждалар қилдилар. Лекин ўша масъуд ва масъум дамларга қайтиш имкони туғилиб, кимдир: “Унга қайтишни истайсизми?” — деб сўраса, улар, шубҳасиз, бош тортган бўлардилар.
Улар менга: «Ҳа, биз ёлғончимиз, золим ва адолатсизмиз, биз буни биламиз, ўз ҳолимизга йиғлаймиз, бунинг учун азоб чекамиз. Эҳтимолки, биз ўзимизни охиратда барчамизни сўроққа тутувчи ҳакамдан кўра қаттиқроқ жазолармиз. Лекин бизда илм-фан бор, биз унинг ёрдамида қайтадан ҳақиқатни излаймиз, бироқ энди уни онгли равишда қабул қиламиз. Билим туйғудан юксакроқ, ҳаётни англаш ҳаётнинг ўзидан юксакроқ! Илм бизга донолик бахш этади, донолик қонунларни кашф қилади, бахт қонунларини билиш эса бахтнинг ўзидан олийроқ!», — дедилар. Бу гаплардан кейин уларнинг ҳар бири ўзини баттарроқ ёмон кўриб кетди, бошқача йўл тутиш уларнинг қўлидан келмасди. Ҳар ким ўз шахсига шу даражада берилдики, бутун кучи билан бошқалар шахсини ерга уришга интилди, балки ҳаётини ҳам шунга қурбон қилди.
Қуллик пайдо бўлди, одамлар ҳатто ўз эрки билан қул бўла бошлашди. Кучсизлар кучлиларга бажонидил итоат этдилар, чунки яна ҳам кучсизларни эзишда кучлилар уларга ёрдам берардилар. Улар орасидан руҳонийлар етишиб чиқди, кўз ёшлар билан халққа юзланиб, уларнинг мағрурликлари, меъёрни, уйғунликни йўқотиб қўйишгани, шарм-ҳаёни унутишгани ҳақида ваъз-насиҳат ўқидилар. Одамлар эса уларни масхара қилишди ёки тошлар билан уришди. Муқаддас қон саждагоҳлар остонасига тўкилди. Аммо орадан олам ҳақида жиддий бош қотирадиганлар ҳам етишиб чиқди. Улар, одамлар шундай бирлашсаки, ўзларини барчадан ортиқ севганлари ҳолда бошқаларга ҳам ҳалал етказмасалар, шу асосда ҳамма ихтиёрий жамият бўлиб яшаса, дея ўйладилар. Бу ғоя туфайли бутун бошли урушлар келиб чикди. Курашаётганларнинг барчаси илм-фан, тафаккур ва ўз-ўзини асраш туйғуси ахийри инсонларни тотув ва онгли жамият бўлиб яшашга мажбур этади, деб ишонди. Шу сабабли ҳам ўз йўлининг тантанасига ҳалақит бермасин учун «доно»лар «нодон»ларни, мазкур ғояни тушунмайдиганларни тезроқ янчиб ташлашга интилдилар. Лекин инсондаги ўз-ўзини асраш туйғуси ҳам тезда кучсизланиб қолди. «Бўлса, ҳаммаси бўлсин, бўлмаса, ҳеч нима бўлмасин» дегувчи мағрур зўравонлар ва ишратпарастлар пайдо бўлди. Улар мақсадларига эришиш учун разилликка қўл урдилар, муддаоларига етолмасалар ўз жонларига қасд қилдилар. Арзимас бу дунёда абадий ором олиш учун йўқликка, ўз-ўзини емиришга даъват этувчи диний оқимлар юзага келди. Ниҳоят, бу одамлар маънисиз меҳнатдан толишди, уларнинг юзига азоб-уқубат аломатлари қалқиб чиқди, улар «азоб-уқубат — бу гўзаллик, фақат ундагина чинакам фикр бор» деб оламга бонг урдилар. Улар азоб-уқубатни қўшиққа солиб куйладилар. Мен надомат чекиб уларнинг орасида юрдим, уларнинг ҳолига йиғладим ва уларга, эҳтимолки, ҳали юзларига азоб нуқси урмаган, бегуноҳ ва гўзал бўлган пайтларидагидан ортиқроқ меҳр қўйдим. Мен гуноҳга ботган бу тупроқни олдингидан кўпроқ севиб қолдим. Сабаби — унда ғам-андуҳ пайдо бўлди. Эвоҳ, мен ғам-аламни азалдан яхши кўрардим, лекин фақат ўзим учун. Уларга эса раҳмим келиб йиғлардим. Мен умидсизликка тушиб, ўзимни айблаб ва лаънатлаб, уларга юзландим: «Булар ҳаммасини мен, ёлғиз менинг ўзим қилдим, сизларга фаҳшни, маразни, ёлғонни мен, мен олиб келдим». Яна уларга: «Мени хочга парчинлаб қўйинглар», — деб ялиндим ва хочни қандай ясашни ўргатдим. Мен ўзимни ўлдиролмасдим, бунга қурбим етмасди, мен улар қўлидан жабр кўришни, бу қийноқларда қоним сўнгги томчисигача тўкилиб битишини истардим. Аммо улар нуқул менинг устимдан кулардилар. Охири улар ҳам мени телбага чиқардилар. Бироқ улар мени оқладилар, мендан фақат ўзларига керакли нарсаларнигина олганларини, бу воқеалар рўй бермаслиги мумкин эмаслигини айтдилар. Охири мен уларга хавф туғдираётганимни, агар тилимни тиймасам, жиннихонага қамаб қўяжакларини маълум қилдилар. Шунда қайғу-алам юрагимни чунонам сиқдики, мен, ҳозир ўламан, деб ўйладим ва шу чоқ, шу чоқ уйғониб кетдим.
Ҳали, тонг оқармаган, соат олтилар эди. Мен ўша кресломда уйғондим. Шам ёниб адо бўлибди, капитаннинг уйидагилар ҳам ухлашибди, ҳамма ёқ сув қуйгандек осуда. Мен фавқулодда бир таажжуб билан ўрнимдан отилиб турдим. Мен ҳали ҳеч қачон бунақа алаҳламаган, ҳали бирор марта кресломда, масалан, шундай ухлаб қолмаган эдим. Шу чоқ, туриб эндигина ўзимга келган пайт бирдан тўппончамга кўзим тушди — тап-тайёр, ўқланган. Лекин мен бир лаҳзага уни ўзимдан четга суриб қўйдим. О, энди мен яшашим керак, яшашим! Мен қўлларимни кўтариб мангу Ҳақиқатга нидо қилдим, йўқ, нидо қилмадим, йиғладим. Вужудимни чексиз бир ҳаяжон қамради. Ҳа, мен энди яшашим ва тарғиб этишим керак! Тарғиб этиш ҳақида мен шу ондаёқ, бир умрга аҳд қилдим. Лекин нимани? Ҳақиқатни! Ахир, мен уни, унинг бутун шон-шавкатини ўз кўзларим билан кўрдим.
Мен ўшандан бери тарғиботдан тўхтамайман. Бундан ташқари, устимдан куладиганларни бошқалардан кўпроқ севаман. Нега бундай — менга ноаён. Майли, шундай бўлаверсин. Одамлар айтишича, мен ҳали ҳам адашиб юрган эмишман, яъни улар: «Ҳали ҳам адашиб юрган бўлсанг, бу ёғи нима бўлади?» — демоқчи. Тайин гапки, мен ҳали кўп адашаман, у ёғи балки бундан ҳам баттар бўлар. Албатта, қай йўсинда, қандай сўзлар ва мисоллар билан тарғиб этишни ўргангунча, мен ҳали кўп янглишаман, чунки бу осон иш эмас. Мен-ку у ҳақиқатларнинг ҳаммасини кундек равшан кўриб турибман, лекин, барибир, ким ҳам янглишмайди, дейсиз. Яна шуниси борки, аслида мутафаккирдан тортиб ашаддий қароқчигача ҳамма ҳам бир манзилга боради, ёки ҳеч бўлмаса интилади, фақат турли йўллар билан. Бу — эски ҳақиқат. Фақат янгилиги шундаки, мен энди бутунлай йўлдан озиб кетишим мумкин эмас. Чунки мен ҳақиқатни кўрдим, мен ўз кўзларим билан кўрдим ва билдимки, одамлар ерда яшаш қобилиятини йўқотмай туриб камолатга ва бахтга етишиши мумкин. Мен разиллик одамларнинг табиий ҳолати эканлигига ишонолмайман, ишонишни истамайман ҳам. Улар эса айнан мана шу ишончимдан куладилар. Ахир, қандай қилиб мен бунга ишонмай, мен уни ақл билан кашф этганим йўқ, балки рўй-рост кўрдим-ку, унинг жонли сурати менинг юрагимни мангуга файзиёб этди-ку. Мен уни шундай мукаммал бир бутунликда кўрдимки — унинг одамлар орасида тантана қилиши мумкин эмаслигига ишонолмайман. Шундай экан, мен қандай қилиб бутунлай янглишиб кетишим мумкин?! Албатта, вақти билан у ён-бу ёнга сал-пал оғиб кетишим мумкин, лекин бу ҳол узоқ давом этмайди. Кўрганларимнинг жонли сурати доимо менинг билан бирга бўлади ва мени ҳамиша тўғри йўлга бошлаб туради. О, мен энди бардамман, соғломман, керак бўлса, мингга ҳам киришим мумкин. Биласизми, мен аввалига уларни йўлдан оздирганимни яширмоқчи бўлдим, аммо бу менинг хатоим эди, мен битта хатога ҳам йўл қўйиб улгурдим. Бироқ Ҳақиқат ёлғонга тойиб кетаётганимни менинг қулоғимга шипшиди, мени хатодан асраб, тўғри йўлга солди.
Хўш, қандай қилиб жаннат яратиш керак — мен буни билмайман, чунки сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўша тушдан сўнг мен сўзларимни, ҳеч бўлмаса, уларнинг энг зарурларини унутиб қўйдим. Бу ҳам майли. Мен барибир йўлга тушаман ва ҳориш нималигини унутиб уларга барчасини сўзлаб бераман, зеро, яхши баён этиб беролмасам-да, ҳар ҳолда мен уни ўз кўзларим билан кўрдим. Мана бу масхаравозлар эса тушунмайди, «Туш кўрган, телба, алаҳлаган, галлюцинация!» — дейди. Эҳ! Ахир, шу ҳам ақлданми? Тағин улар кўкрагига уради-я. Туш эмиш. Хўш, туш нима ўзи? Бизнинг ҳаётимизчи, туш эмасми? Нима десангиз, денг; майли, булар ҳеч қачон амалга ошмасин, жаннат ҳеч қачон яралмасин, мен барибир тарғиб қилавераман. Лекин аслида бу жуда оддий нарса: бир кун, бир соатнинг ўзида ҳамма ишлар жойида бўлиши мумкин. Муҳими — ўзгаларни ҳам ўзингиздек сева олиш! Кўрдингизми, энг муҳим нарса нима экан! Бор-йўғи шу, бошқа ҳеч нима керакмас: нари ёғига қандай йўл тутишни ўша заҳотиёқ ўзингиз топиб оласиз. Гап орасида айтишим керакки, булар ҳаммаси эски ҳақиқат. Уни миллион эмас, биллион марталаб такрорлаганлар, ўқиганлар, лекин улар амалга ошмади. «Ҳаётни англаш ҳаётнинг ўзидан, бахт қонунларини англаш бахтнинг ўзидан олийроқ» — мана шу фикр билан курашиш керак. Мен курашаман ҳам. Фақат агар ҳамма хоҳласа, шу заҳотиёқ барчаси ўнгланади.
У кичкина қизчани мен излаб топдим… Майли, мен кетдим! Мен кетдим!
Рус тилидан Мирзааҳмад Олимов таржимаси.
“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 2-сон