Мен цирк ва скрипкани бутун вужудим билан яхши кўрар эдим. Қизиқишларим эвазига менга скрипка олиб беришди. Аммо циркка яқин йўлатишмади. Шу сабабли бўлса керак тушларимга фақат цирк кира бошлади. Бир сафар уни тепалик ортида кўрдим. Кимдир мени у ёққа етаклаб кетаётгандек туюлди. Бошқа сафар шаҳарнинг марказий майдонидаги цирк ёнига, унинг икки тарафи вестибюлли кириш эшиги олдига келиб қолдим. Менда билет ҳам бор эди. Бироқ ҳамма нарса аввалги тушларимдаги каби чалкашиб кетди ва мен ичкарига кира олмадим.
Кунларнинг бирида тушимни охиригача кўрдим. Мен кириш эшиги ёнида турардим. Ёнимда соқолли, оқсоқ бир одам куймаланиб юрарди. Афтидан у директор эди. У бир қўли билан пардани ушлаб олган ҳолда “Циркка кеб қолинг, ҳозир бошлаймиз, марҳамат, марҳамат, киринг!..” деб такрорлар эди. Аскарлар, хизматкорлар, шляпа кийиб олган хонимлар, пўрим жаноблар, хуллас, турли хилдаги одамлар ўзаро кулиб, гаплашган ва бир-бирларини туртган ҳолда ичкарига оқиб кирмоқда эдилар. Ўйлаганимдек, директор қўлимдан ушлаб олди ва норози оҳангда “Марҳамат, марҳамат… қани чипта борми? Бор бўлса марҳамат, йўқ бўлса, қани марш!” деди. Қўрқинчдан юрагим шувуллаб, гапларим чалкашиб кетди. “Мен томошага кирмоқчи эмасман, мен хоҳлайманки… мана, менинг скрипкам”. Ўзимни бутунлай йўқотиб қўйган ҳолда, қўлтиғимга қистириб олган скрипкамни кўрсатдим. Директор эгилиб оғзимга термилганча чиптам йўқлиги ҳақидаги ғудранишларим қачон тугашини кутиб турди. Мен ичкарига кириб, ўзим яратган куйни мана шу скрипкамда томошабинлар олдида чалиб беришни хоҳлаётганимни амаллаб тушунтирдим. Буни эшитган директор оғзини карнайдек очиб, томоғининг тўрини кўрсатиб хохолаб кулди: “Эй эси йўқ бола! Сен билан пачакилашиб ўтиришга вақтим бор деб ўйлайсанми?!”. Мен ушбу кичкинагина мусиқамни фавқулодда ажойиб мусиқа деб ҳисоблаб, завқланиб гапиришим директорнинг кўнглига ўтирганини дарров сездим. У бир оз юмшаб деди: “Майли, сен болакай, бир оз кутиб тур, балки бирор нарса ўйлаб топармиз… Кетиб қолма, ҳали гаплашиб оламиз”.
Бир оздан сўнг у мени қолдириб кетган қоронғи йўлакка келди. Титроғим ҳали босилмаган эди. У қувноқлик ва очиқкўнгиллик билан: “Скрипкада куй чалиш бу силлиққина бир иш”, деди. Гапларидан скрипкада бирор яхши натижага эришишимга унда ишонч йўқлигини англадим. Мен эса худони ўртага қўйиб қасам ича бошладим. Шундан сўнггина у жилмайишдан тўхтади. “Унда синаб кўриш мумкин, бироқ аввал ҳарбий қўмондонликка хабар бериш керак, улар императорлик ёки қироллик кагали аъзолиги тўғрисида нишон беришади”, деди. Бу ишлар битгунча цирк нималиги ва томошабинларга нима кераклиги ҳақида фикрга эга бўлишим учун циркнинг ҳамма жойини – актёрларни, йиртқичларни кўрсатадиган бўлди.
Циркка кириш имконияти пайдо бўлганидан ва айни пайтда қўрқаётганимдан юрагим қинидан чиқаёзди. Мен скрипкамни қўлтиғимга қисган ҳолда бесаранжом бўлиб бор кучим билан ўзим тўқиган мусқани унутиб қўймасликка ҳаракат қила бошладим. У мени турли-туман расмлар чизиб ташланган сон-саноқсиз пардалар орасидан олиб ўтди. Мен артистларни ёки чавандозларни кўраман деб ўйлаган эдим. Бироқ тепада ишлаб юрган қизил кийимли кишилардан бошқа ҳеч кимни кўрмадим. Биз тўсатдан жуда ҳам узун зинапоя олдидан чиқиб қолдик. Директор зинадан елиб кета бошлади. Мен унга зўрға етишиб юрардим. Кейин биз ҳамма жойига бахмал қопланган хонадан ўтдик. Мен тасодифан бир эшикни туртиб юбордим. Ичкаридан кучли шовқин чиқарди, чайқалиб турган жуда кўп бошлар кўринди. Директор менга қўполлик билан бақирди: “Ҳозироқ ёп, томошабинларнинг кўзлари бу ёққа тушмаслиги керак!”
Кейин у унча катта бўлмаган темир эшикни очди: пастда ярим доира шаклидаги катта зал кўзга ташланди. Бу ажойиб залнинг ўртасида қадду қомати келишган бир эркак тишларини ғижирлатиб, кўзларини олайтириб бир аёлни бўғмоқда эди. Аёл эса оғир хириллаб фиғон қилмоқда, хуллас, қўрқинчли томошага ортиқ тоқат қила олмадим. Мен бор кучим билан бақириб, ҳаммани лаънатлаган кўйи аёлни ҳозироқ озод қилишларини талаб қилишга тушдим. Бироқ директор қўлимдан маҳкам ушлаб олиб пишқирди: “Аҳмоқ, бу менинг актёрларим-ку, буларнинг ҳаммаси бир ўйин, бунинг устига улар ҳақиқий эмас, мумдан ясалган қўғирчоқдай гап”. Мен яхшилаб қараб, аёлнинг юзи ғайритабиийлиги ва кўзлари шишадан эканлигини пайқадим.
Хижолатга кўмилганимдан гапни бошқа томонга буришга ҳаракат қилсам ҳам юрагимнинг безовта уриши босилмади. Директор мени худди мактабдаги каби парталарга ўтириб олган, олачипор кийимдаги, юзлари бўялган ўғил ва қиз болаларга тўла бесаранжом бир хонага олиб кириб, улар қаторига ўтқизиб қўйди. Сўнг ҳаммани навбатма-навбат минбарга чиқара бошлади. Болалардан бири қўли билан юриб кўрсатди. У ҳаракати давомида бир неча марта бошини ерга уриб олгани боис директор уни машқни қайта бажаришга мажбур қилди. Кейин бир катта ёшли кишини чақиришди. У пичоқ билан ўз кўкрагини ёриб ташлади. Ярадан қон отилди. Кўкрак қафасида ўпка очилиб қолди. У қаттиқ инграниб ерга йиқилди. Директор бошини мамнун силкиди.
– Маъқул, – деди у, – бу ҳаммага ёқади.
У киши ўрнидан туриб жойига ўтирди. Партадан игна ва ип олиб оғриқдан юзларини буриштириб, жароҳатни тика бошлади. Мен унинг кўкраги шундай тикилган чандиқларга тўлиб кетганини кўрдим.
Саҳнага бошқалар ҳам чиқишиб ўз томошаларини кўрсатишди. Улар орасида лабларини қимирлатмаган ҳолда одамлар ва ҳайвонлар товушларини чиқарувчилар ҳам бўлди. Уларнинг товушлари шунчалик ишонарли эдики, мен ҳатто қулоқларимга ишонолмай қолдим. Улардан бири оғзини очмасдан, лабларини қимирлатмасдан жон бераётган чақалоқ овозини шундай ишонарли ва таъсирчан чиқардики, бу товушни эшитиб кўзларим ёшланди. Яна бири лаънатлар ёғдириб бўзлаётган аёл товушини, бошқалари аёлларнинг турли хил товушларини чиқариб беришди.
Директор олдида турган китобга бир қараб олиб менинг исмимни айтди. Мен ўрнимдан турдим. У менга қараб тезда сўради:
– Сенинг қўлингдан нима келади?
Мен скрипкамни олдинга узатган ҳолда тилим тутилиб яна ўзим тўқиган куй ҳақида ғудрана бошладим. Хонада кулги товуши эшитилди. Директор норози ҳолда столни муштлади:
– Яна скрипкангни ўртага тиқаяпсанми! – жаҳл билан бақирди у. – Бунинг бир пулга қиммат!
Мен куйим ўзига хос эканлигини, чалиб беришга рухсат беришларини илтимос қилмоқчи бўлдим. Бироқ директор қандайдир бир болани чақириб, у билан боришимни, менга ҳар хил асбоблар кўрсатишини айтди.
Мени бошқа хонага олиб ўтишди. Бу ер турли хил машина ва механизмлар билан тўла экан. Ҳаммаси мусиқа асбоблари эди. Бу ерда босқон ёрдамида пуфланадиган, пуфланганда момақалдироқдек товуш чиқарадиган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган даражада улкан карнайлар бор эди.
Бундан ташқари катталиги хонадек келадиган учбурчак мослама мавжуд бўлиб, унинг буғда ишлайдиган болғаси ҳам бор эди. Қулочга сиғмайдиган барабан устида қўлда ясалган филлар ҳаракатланиб оёқлари билан уни дупурлатар, бошқа бир электр токи билан ишлайдиган ғайритабиий мослама бир вақтнинг ўзида ўттизта клавиш ва мингта карнайни ишга туширар эди. Карнайлардан энг каттаси заводнинг трубасича келар эди.
Дирижёр баланд минбарга чиқиб олиб, қўлини силкиши билан оркестр бор овозда гумбурлади. Китобдан кўзларини узмай турган кўзойнакли мусиқачилар олдидаги клавишлар ҳарф терадиган машина каби тез ишлай бошлади. Залда гирдоб пайдо бўлгандек туюлди. Бундай мусиқа асбоблари-ю, бундай ғаройиботларни кўриб мени бу ердан улоқтириб ташлашларига гумоним қолмади.
Директор ўтирган хонага қайта бошлаганимизда бошим айланиб қулоғим шанғиллаб қолган эди. Мен бу асбобларни аввал кўрмаганим ва уларни чалишни билмаслигимни айтдим. У эса елкасини қисиб афсусдалигини ва менинг ишларим пачава эканлигини айтди. Бу пайтда мен аренага олиб чиқувчи парда билан тўсилган икки эшик ёнида турган эдим. Турлича гриммдаги артистлар шу эшиклар орқали шошилиб кириб кетишар, ҳар сафар парда сурилганда ичкаридаги турли рангдаги лампалар ёғдулари кўзимни қамаштирар эди. Мен ҳам улар ортидан бормоқчи бўлдим, бироқ директор ҳеч нарса қўлингдан келмаса бошланишига ўликхонани кўрганинг маъқул деди.
Биз бошқа эшикка кирдик. Эшик ортидаги қоронғи йўлак ертўлага олиб тушар экан. Йўлакнинг икки тарафида ҳар-ҳар жойда эшиклар бўлиб, улардан кўкимтир ёруғлик тушиб турар, бу ёруғликда у ёқдан бу ёққа ўтиб турган, оқ халат кийиб олган, бироқ юзлари кир хизматчилар кўзга ташланар эди. Қўрқувнинг зўридан ичкарига киришга ўзимда куч топа олмадим. Йўлакнинг охирига етганимизда директор тўхтаб ким биландир гаплаша бошлади. Мен яширинча у ёққа қараб, девор бўйлаб териб қўйилган темир билан қопланган узун столларни, уларга ётқизиб қўйилган ҳар хил одамлар – болалар, қарияларнинг таналарини, баъзи жойларда эса тана қисмларини кўрдим. Нафасни бўғувчи формалин ҳидига тўлиб кетган бу жойдан пастга қараб яна ҳам қоронғи бошқа бир йўлак бошланган эди.
Директор мен ҳақимда гапирмоқда – мени шу ерда қолдиришни маслаҳатлашмоқда эди.
Доктор қоронғи йўлак томон ишора қилди.
Шунда мен бу ерда қолмаслик чорасини кўришга киришдим, аренага чиқиш учун зарур бўлган ҳар қандай нарсани ўрганишга тайёр эканимни айтдим. Улар бошларини силкитишди. Доктор томошабинлар акробатикага интиқлиги ва бу яхши машғулот эканлигини уқтирди.
Мени томи баланд бир хонага олиб киришди. Кичик бир тешикка кўзим тушиб, ундан шаҳарни кўрдим. У анча пастда эди. Хонада арқон, эспандер ва тўрлар сочилиб ётар, деворларига суяб қўйилган ингичка ва узун нарвонларда қизил трико кийиб олган болалар машқ қилишмоқда эди. Нарвонлардан бирини рўпарамга қўйишди. Мен унга чиқишим керак эди, аста тепасига кўтарилар эканман, илкис пастки учини кўчанинг нариги тарафига улоқтиришди. Мен бор кучим билан унга ёпишиб пастга қарадим. Пастда бутун шаҳар, кўчаларда юрган чумолидек майда одамлар кўринди. Мен секин инграниб ҳушимдан кетдим.
Бироқ мен шу заҳотиёқ яна циркда пайдо бўлиб қолдим ва узоқ вақт ҳафталар, ойлар давомида нарвонга чиқишу тушишни машқ қилдим ва бу машғулотга анча ўрганиб қолдим. Аста-секин нарвон тепасида мувозанатимни ушлаб туришни, кейинчалик эса нарвонга икки ва уч стулни қўйиб унинг устига чиқишни ўргандим. Узундан-узоқ кунлар шу тарзда ўтди.
Ниҳоят кутилган вақт келди. Мен аренага чиқдим. Фақат бу пайтда циркнинг барча бурчаклари яхши таниш бўлиб қолганди, юзим мен биринчи марта кўрган болаларникидек, бўялганидан ташқари, ажин босиб қийшайиб кетган, ёшим улғайиб қолган эди. Энди мен қизғиш трико кийиб олган ҳолда хира тортган декоратсиялар олдида бепарво юраман. Олдимдан гилам кўтариб ўтиб қоладиган махсус кийим кийган цирк ходимлари ва бошқаларга ҳам эътибор бермайман. Агар нимадир зерикарли ва бўғиқ овоз чиқариб қолса у билан қизиқишга ҳам ўзимда куч топа олмайман. Тўсатдан рўпарамдаги бахмал парда очилиб чидаб бўлмайдиган даражада тиниқ ёруғлик таралди. Парда ортида кўплаб бошлар кўринди. Бир муддат қарсак чалинди ва кейин пашша учса эшитиладиган сукунат чўкди.
Мен аренада: гилам устида, ёрқин нурда сузмоқчидек олдинга ҳаракатланаман, нур менга эргашади, илондек ҳар икки тарафга – ложега таъзим қиламан. Кейин нарвонни ушлаб, енгиллик билан ўз оғирлигимни ҳам сезмаган ҳолда тепага – беш қаватли бино даражасидаги баландликка кўтариламан. Нарвоннинг охирги зинасига чиқиб, бир сония мувозанатимни ушлаб тураман. Менга узун таёқда темир оёқли стул узатишади. Мен стулни олиб унинг икки оёғини нарвоннинг охирги ёғочига қўйдим. Бу осон кечмади. Кейин бир сакраб стулнинг устига чиқдим. Мувозанатимни сақлаган ҳолда тик турдим. Шундай тарзда иккинчи стулни, кейин оёғини осмонга қилиб учинчи стулни ўрнатдим. Унинг бир оёғига катта кубни жойлаштирдим. Тагимдаги бутун “иншоот” тирик жонзот каби қалтирар, томир уришим бу иншоотнинг ердаги учигача етиб бораётгандек туюлар эди. Кейин менга лангарчўп узатишди. Мен уни кубнинг юқори бурчагига ўрнатгунимча бир неча дақиқа вақт ўтди. Мен секин унинг устига чиқа бошладим. Ва ниҳоят лангарчўпнинг устига чиқиб қаддимни ростладим. Танамдаги ҳар бир мускулим зўриқиб тортилган камон ипидек қалтирар, юзимдан шовуллаб тер оқмоқда эди. Мен кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ушбу қурилма қачон қалтирашдан тўхташини кутиб туриб қаддимни ростладим ва трикомга қистириб қўйилган скрипкамни олдим…
Қалтираётган қўлларим билан скрипка таёғини олдим ва оҳиста лангарчўпдан қўлимни бўшатдим. Шу кўйи олдинга интилдим. Бир неча дақиқа чайқалиб тургандан сўнг… оммавий қўрқувдан ва чўккан жимликдан фойдаланиб, бир пайтлар жаранглаган, қалбимни ларзага солган ўша қадрдон куйимни эҳтирос билан чала бошладим…
Рус тилидан Манзура ШАМС таржимаси