Йозеф К. туш кўрди.
Ажойиб кун эди, у кўнглининг чигилини ёзиш мақсадида бироз сайр қилмоқчи бўлди. Аммо икки қадам ташлаши биланоқ, ўзини қабристонда кўрди. Атрофда сарғайган ўт-ўланлар босган, нотабиий сўқмоқлар. Йозеф улардан бирига қадам қўйди ва ўзини худди кучли оқимга тушгандай ҳис қилди. Бироз узоқроқдан ҳали тупроғи қуриб улгурмаган, янги, дўппайиб турган қабр унинг эътиборини тортди ва Йозеф ўша тарафга боришга қарор қилди. Дўмпайган тупроқ уюми уни ўзига оҳанрабодай тортарди. Гоҳида қабр кўздан йўқолар, шамолда ҳилпираётган қандайдир ҳарир мато гоҳ самога кўтарилиб, яна сурон солиб заминга урилиб, уни бекитарди. Матони тутиб турган кўринмас, бироқ ўша томондан қувноқ товуш баралла эшитилиб турибди.
Йозеф олис-олисларга назар солди. Не кўз билан кўрсинки, ортида, йўли устида, ёнида ўралар пайдо бўлибди. У шошиб ўзини четга, майсалар устига отмоқчи бўлди, оёқлари остидаги ер чайқалиб кетди ва у бир дўмпайган қабр пойига тиззалаб йиқилди. Қабр ортида икки киши каттакон силлиқ тарашланган қабртошни даст кўтариб туришарди. К.ни кўришлари биланоқ, улар тошни ерга санчишди. Йозеф жойида қотди. Жимликни бузиб, кўп ўтмай буталар орасидан учинчи киши ҳам чиқиб келди. К. бу кимсани мусаввир сифатида яхши танирди. Мусаввирнинг эгнида униққан шим, оҳори тўкилган, тугмалари яхши қадалмаган кўйлак, бошида барқут қалпоқ, қўлида оддий қалам ушлаб олган ва у юриб келаётиб ҳавода қандайдир тушунарсиз шакллар чизарди. Мусаввир шу қалами билан қабр тепасидаги текис мармарга ёзмоқчи бўлди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади. Тош жуда баландда эди, ўзига тортиб, пастлатмоқчи бўлди, аммо ҳаракатлари бесамар кетди. Тошнинг устига чиқишни эп кўрмади шекилли, бироз юқорига чўзилди, оёқ учида туриб, чап қўли билан тошга суянди. У шундай деб ёзди: «Бунда ором олаётир…». Ҳар бир ҳарф аниқ-тиниқ кўриниб турар, олтиндай товланар эди. Дастлабки уч сўзни ёзиб, у К.га қараб қўйди, бироқ К. ёзилаётган сўзларга ютоқиб тикилиб турарди; у мусаввирни буткул унутган, кўзини мармардан узмасди.
Кутилганидай мусаввир тағин ёзишга киришди, бироқ қанча уринмасин ёза олмас, унга нимадир халал берарди; қандайдир бош адоғи йўқ сўқмоқ пайдо бўлди. Мусаввир қаламини сермади ва яна қайрилиб Йозефга қаради. Улар бир-бирларига тикилиб қолишди, мусаввир аллақандай сабаби ноаён саросималик билан жавдираб боқарди. К.дан бошқалар буни пайқашгани йўқ, ёлғиз угина безовталанди, атрофга нажотсиз аланглади. Қайсидир бахтиқарога қазилган қабр бошида марҳумни ёдга олиб, уч дақиқали сукутга ўхшаш жимлик ҳукм сурди. Сукутни бузишга бирор-бир жонзот журъат қила олмасди. Шу пайт қабристон бутхонасининг мўъжаз қўнғироғи бемаврид нола қила бошлайди; мусаввир қўлини силкитди ва қўнғироқнинг уни ўчди. Бироқ бироз жимликдан сўнг яна чала бошлади, энди секинроқ, гўё товушини созлаб олмоқчидек тўхтаб-тўхтаб жаранглади. Мусаввирнинг юзлари даҳшатдан кўкариб кетди. Унинг тушуниксиз ҳолатидан К.нинг ҳислари жунбушга келиб, йиғлай бошлади, қўллари асабий титради. Мусаввир К.нинг ўзига келишини сабр билан кутди ва бошқа имкон йўқлиги боис яна ёзишга киришди. Мармарга чизиқ тортди, хунук, беўхшов ҳарф ёзилди. Тошда битта «Й» ҳарфи турарди. Мусаввир жазавага тушиб, оёғи билан гўрнинг ичига кириб кетди. Атрофга тупроқ тўзғиди. Ниҳоят, К. ҳаммасини англаб етди. Уни ортига қайтаришга, бу хомсут эмган бандани афв этишини сўраб тавалло қилишга вақт йўқ! Қабр яна мато билан қопланди. Йозеф бармоқлари билан дўмпайган қабрни кавлади, аммо бу ишидан бирон натижа чиқмади. Бирдан заминдан ҳарир, булутдай мато кўтарилди. Девор қулаб, туйнук пайдо бўлди. У майин нур оқимига чўмди. Бошини пастга эгиб, ер қаърига парвоз қилди. Юқорида, қабртошда унинг зарҳал ҳарфлар билан моҳирона битилган исми турарди.
Бу манзарадан ҳаяжони ортган Йозеф К. уйғониб кетди.
Немис тилидан Ваҳобжон Кенжаев таржимаси.