Болалигимдан табиат қўйнида хаёл суришни яхши кўрардим. Хаёл оғушида бўлиб, табиатнинг энг кичик зарраларидаги ҳаётни кўргим келарди. Хаёлан ўзим ўша кичик заррачалардаги ҳаётни кўргандай бўламан. Бора-бора бу ҳолат мени батамом ўзига мафтун қилди. Ўн ёшга тўлган кунимни аниқ бир илиқлик билан эслайман. Айнан ўша куни амакиларимдан бири менга микроскоп совға қилди ва унинг мўжиза эканлигига ишондим.
Бу оламнинг гўзаллиги ҳамон мени ҳайратга солади. Ойим ачиб қолган мураббони тўкиб ташлабди. Ҳовлига ниманидир излаб чиқдим-у кўзим ачиб қолган мураббога тушди. Мураббонинг бир томчисини олиб микроскоп тагига қўйдим. Мураббо мўжиза тўла боғ бўлди. Микроскопнинг сеҳрли линзалари менга жажжи дарахтларнинг шохларида осилиб турган меваларни кўрсатарди. Мен гўё ўша лаҳзада янги бир жаннат боғига рўпара келгандек бўлдим. Албатта, бу сир ҳақида ҳеч кимга сўз очганим йўқ. Ҳаётим бутунлай микроскоп билан боғлиқ бўлиб қолди ва ўзимни бу мўжизакор кучга бағишлашга қарор қилдим. Менинг бу қарорим, табиийки ота-онамга ёқмасди. Оиламиз бой-бадавлат бўлгани учун ишлашимга умуман ҳожат йўқ эди. Аммо ёшим 20 га яқинлашавергач, ота-онам менга бирор касбни танлашинг шарт, деган талабни қўя бошлашди. Нуфузли касбни эгаллаш ўрнига аллақандай бўлмағур нарса устида бош қотиришим уларга ёқмас, бу оиламизнинг обрўсига ҳам тўғри келмасди. Ўйлаб-ўйлаб Нью-Йоркда тиббиёт бўйича ўқишга қарор қилдим. Бу шаҳар уйимиздан анча олисда эди. Бу эса албатта, вақтимни ўзим истаган нарсага бағишлашга имкон берарди. Агар ўқиш пулини вақтида тўласам бас, уйдагилар дарс қолдираётганимни мутлақо билмайдилар. Энг асосийси, бу шаҳарда ажойиб-ғаройиб микроскопларни сотиб олишга, қолаверса, бутун дунё олимларининг илмий анжуманларида қатнашишга, тубсиз саволларимга жавоб топишга етарли вақтим бўларди. Орзуларимни амалга ошириш учун қўлимда етарли даражада пул ва вақт бўлишидан хурсанд эдим.
Мен жойлашган уй каттагина эди, шу сабабли хоналардан бирини лабораторияга айлантирдим, хонани қиммат жиҳозлар билан тўлдириб ташладим. Шу билан бирга менга керак бўлган, айниқса, ишимга тааллуқли буюмларни ҳам харид қилдим. Йил охирига келиб эса микроскоп устаси бўлиб кетдим. Микроскопнинг турлари-ю уларнинг икир-чикирларини тўлалигича ўзлаштирдим. Қимматбаҳо микроскопимнинг линзалари ҳаёт ҳақидаги саволларимга жавоб беришга ожизлик қиларди. Асбобимнинг чегараланган кучи табиатда ҳали ҳам жумбоқлар борлигидан далолат берар ва менинг саволларимни изоҳлаб беришга кучи етмасди. Тунлари билан адоқсиз саволлар ечимини топиб бера оладиган линзали кучли асбоб топишни орзу қилардим. Бундай линза кичик зарралардаги ривожланишни кўришга имкон бериши лозим эди. Мен ўзим орзу қилган мукаммал линзанинг яратилишига амин эдим. Ишга жиддий киришиб, дастлабки икки йилни линзани яратишга сарфладим. Турли хил нарсаларни тажриба қилиб кўрдим, оддий шишадан тортиб, кристал-у қимматбаҳо тошлар ҳам қолмади, бироқ мен кутган натижа йўқ эди. Ота-онам тиббиёт соҳасидаги эришган «муваффақиятларимни» кўриб жаҳллари чиқди. Ахир мен бирор марта дарсга бормагандим-да. Бунинг устига тажрибаларим учун анчагина пул сарфлаб қўйгандим. Отам дарғазаб бўлиб, мени қаттиқ сўроқ қилди. Мен эса бошимни эгганимча индамай туравердим. Тавба қилиб, бундан буён ўқишга жиддий киришаман, деб уларга ваъда бердим. Ўша лаҳзаларда ҳам кўз олдимдан фақат ўткир линзали микроскоп ўтар, ота-онамнинг тазйиқи ҳам мени бу ишдан совутолмасди.
Кунлардан бир кун лабораториямда тажриба ўтказаётганимда, эшик тақиллаб қолди. Остонада Жулис Симоннинг турганини кўрдим. Симон мендан бир қават юқорида турарди. У тақинчоқлар, қимматбаҳо буюмлар билан шуғулланади, ўзига тўқ киши. Шундай бўлишига қарамай, Симоннинг қандайдир менга номаълум бўлган сири бор эди. У ҳар доим нимадир сотиб юрар, қўлида қимматбаҳо расм, ҳайкалча ёки камёб бўлган қандил кўрардим. Симоннинг нима учун бундай қилишини тушунмасдим. Чунки у сира пулга муҳтож эмас, унинг кўпгина ўртоқлари Нью-Йоркдаги бадавлат оила вакиллари эди. Симоннинг уйига бойваччалар тез-тез келиб туришар ва улар соатлаб улфатчилик қилишларига гувоҳ эдим.
Мен Симонни лабораториямга таклиф қилганимда, негадир қаттиқ ҳаяжонда эди.
— Биласанми, оғайни, мен ҳозир дунёдаги энг даҳшатли нарсани кўриб келяпман! — деди у.
Мен таажжубландим. У нафасини зўрға ростлаб, ғайритабиий ва сирли кучга эга бўлган аёлникига борганини айтиб берди. У бир аёл ўликлар билан гаплаша олишини ва одамларнинг фикрларини ўқий олишини айтиб, мени лол қолдирди. Симон аёлни текшириш учун қоғозга ўзи ҳақида саволлар ёзган, Валпес хоним эса саволларга тўғри жавоб берган. Бу аёл ҳақидаги маълумот менда ажиб бир фикр уйғотди. Балки у мукаммал, тўла-тўкис бўлган линзаларни яратишга ёрдам берар? Ана шу умид билан икки кундан сўнг унинг уйига бордим. Валпес хоним Симон таърифлаганидек, истараси совуқ, жоҳил юзли бўлиб, менда умуман илиқ таассурот қолдирмади. У мени меҳмонхонага бошлади. Катта стол атрофидаги стуллардан бирига ўтиргач, хоним сўради:
— Нима мақсад билан келдинг?
— Мен гаплашмоқчи бўлган одам анча йил олдин ҳаётдан кўз юмган! — дедим мен.
— У отангми?
— Йўқ, у кашфиётчи олим эди.
— Қўлингни стол устига қўй.
Бир неча дақиқадан сўнг хонани қоронғулик эгаллай бошлади, бироқ Валпес хоним чироқни ёқмади. Аста-секин жарангли товушлар қулоққа чалинди. Олдин стол, кейин стуллар, сўнгра пол, ҳаттоки деразалар ҳам тақиллади. Валпес хоним қаршимда ҳайкалдай ўтирар эди.
— Омадинг бор экан, бугун улар анча сергак, сен гаплашмоқчи бўлган одамнинг исмини қоғозга ёзишинг мумкин, — деди у.
Мен тезда ён дафтарчамдан варақ йиртиб олдимда, олимнинг исмини ёздим ва қоғозчани хонимга кўрсатмай ағдариб қўйдим. Кутилмаганда Валпес хонимнинг қўллари шунчалик қаттиқ қалтирадики, ҳатто стол жойидан силжиб кетди. У руҳнинг келганини ва хат ёзиш учун қоғоз сўраётганини айтди. Стол устига қоғоз ва ручкани қўйгач, қоғозчага нимадир ёзилди. Тезда қоғозчани олиб ўқидим. «Мен шу ердаман, саволингни бер» деб тагига Ливенхок деб имзо қўйилганди. Кўзларимга ишонмасдим, чунки ёзув мен ёзган исмнинг ўзгинасиники эди. Валпес хонимнинг Ливенхок ким эканлигига қизиқмаслигига ишончим комил эди. Тўғри-да, микроскопни ким ихтиро қилганини бу аёл қаердан ҳам билсин? Тезда саволимни бошқа вараққа ёздим. «Мукаммал линзаларни қандай яратса бўлади?» Ливенхок шундай жавоб ёзди: «140 каратли олмос топ. Унга кучли электр заряд бер. Электр олмоснинг атомларини ўзгартиради. Сўнгра бу тошдан мукаммал линза яратса бўлади».
Валпес хонимнинг уйидан кайфиятим тушиб қайтдим. Бундай катталикдаги олмосни қаердан топаман? Уни топган тақдирда ҳам сотиб олишга қурбим етмайди. Уйга яқинлашганимда, Симоннинг ёруғлик таралиб турган деразасига кўзим тушди, тепага кўтарилдим. Унинг эшигини тақиллатдим, садо йўқ. Эшикни итариб кўрдим, оҳиста очилди.
Симон чироққа энгашиб нимадир қиларди. Хаёлим 140 каратли олмосда бўлгани учун унинг ҳолатини лоқайдларча кузатардим. Сўнгра олдига яқинлашиб столни чертдим. У ўгирилди, мени кўрди-ю қўлидаги нарсани чўнтагига солиб қўйди, негадир юзлари қизариб асабийлаша бошлади.
— Нимага қараётгандинг? — деб қизиқиб сўрадим. У жавоб бериш ўрнига, ўтиришга таклиф қилди.
— Симон, мен Валпес хонимникидан келаяпман, — дея гап бошладим.
— Хўш, давом эт! — деди у.
— У менга мукаммал линзани яратиш учун бир неча йўл-йўриқларни айтди. Агар 140 каратли олмос топсам, бу ишни уддалайман, — дедим. Шунда Симоннинг қўллари титраб кетди, юзидан асабийлаша бошлаганини пайқаш қийин эмас эди.
— Сенга олмос керакми? 140 каратли олмос — менинг хазинам. Мен уни сенга икки дунёдаям бермайман, уни олишинг учун мени ўлдиришингга тўғри келади.
— Нималар деяпсан, Симон. Мен илмий муаммом бўйича Валпес хонимдан ёрдам сўраб боргандим. Бунинг учун менга катта олмос кераклигини айтди. Сенда бундай катта олмос бўлмаса ҳам керак. Агар бўлганида сен бу ерда яшамас эдинг, — дедим мулойимлик билан. Унинг нима ҳақида гапирганини ўша вақт пайқамадим. Унга тикилиб қараганимда, юзлари негадир терлаганини кўрдим.
— Олдин юзингни бир артсанг бўларкан, Симон!
У индамай чўнтагига қўл солиб дастрўмолчасини олаётганида нимадир тақ этиб ерга тушди. Иккаламиз ҳам унга тикилиб қолдик. Ерга тушган нарса чироқ нурида оппоқ бўлиб ялтираб кетди. Кўзларимга ишонмадим, бу олмос эди, айнан менга керак бўлган 140 каратли олмос. Симон уни қизғангандек чўнтагига солди. Мен бояги гапларини энди тушундим ва ҳеч нарсани кўрмаган кишидек:
— Кел Симон, вино ичамиз. Ҳаммасини унут, уйда иккита шишам бор, тозасидан, нима дединг? — дея таклиф киритдим.
— Зўр фикр, — деди у қўллаб-қувватлаб.
Уйга кириб шишаларни жавондан олаётганимда ҳам хаёлим олмосда эди. Шу топда уни қўлга киритиш ягона мақсадимга айланган эди. Шишаларни уникига олиб чиқдим. Биз ича бошладик, биринчи шиша тугагач, Симонни уйқу элита бошлади, у маст бўлиб қолганди. Мен эса айнан шу дақиқаларни кутаётгандим, чунки унинг бисотидаги қимматбаҳо буюмни қўлга киритишим учун имкон туғилган эди.
У билан иккинчи шишани тугатгач, хайрлашиб хонамга келдим. Менинг бутун диққат-эътиборим олмосда бўлгани боис, ҳатто вино ҳам таъсир қилмади. Кўзларимни юмиб ухлашга ҳаракат қилсам-да, сергак эдим. Уни гумдон қилиш режасини туза бошладим. Симоннинг уйида ишни бажариш учун барча асбоблар мавжуд эди; уйқу дориси, узун катта пичоқ. Соат кечаси 3 га яқинлашгач, уникига кўтарилдим, ажабо, мен эшикни қандай ёпган бўлсам, шундайлигича турибди.
Симон қотиб ухлаб ётарди. Дастлаб чўнтагига қўл солдим. Олмосни олгач, қўлимдаги пичоқни кўкрагига санчмоқчи бўлдим. Шу пайт зина тарафдан қадам товушлари эшитилди. Шарпа Симоннинг эшигига яқинлаша бошлади. Қўрққанимдан ошхона томонга қараб югурдим. Ошхона эшиги ортига беркиниб, Симон ётган хонадан кўз узмас эдим. Қадам товушлари эшик олдида тўхтагандай бўлди. Мен қалтираб турардим, аммо эшик очилмади. Кимдир эшик олдига адашиб яқинлашди-ю кейин узоқлашди. Хайрият! Мен Симонга яқинлашдим. Ажабо, унинг юраги урмас эди, мен ишонқирамай уни текшириб кўрдим, Симон аллақачон бу ёруғ дунёни тарк этган эди. Орадан икки-уч кун ўтгач, унинг ўлгани қўшниларга маълум бўлди. Шундан сўнг тергов бошланди. Ҳамма қўшнилар қатори мен ҳам сўроқ қилиндим. Айбсиз эканлигимни билишгач, қўйиб юборишди. Орадан бироз вақт ўтиб, суд тиббий экспертиза натижаси маълум бўлди. Ўша кеча Симон винони меъёридан зиёд истеъмол қилгани маълум бўлди. Ортиқча ичимликни юраги кўтара олмаган, шекилли.
II
Симоннинг ўлимидан сўнг куну тун олмосга ишлов бердим. Ниҳоят, мен кутган линзалар тайёр бўлди. Сув томчисини шиша идишга қуяётганимда, қўлларим негадир қалтираб кетди. Эҳтиёткорлик билан линза қуриб қолмаслиги учун сувга озгина ёғ томчисини қўшдим. Шишанинг тагидан кучли ёруғлик туширдим ва олмос линзалардан қарай бошладим.
Бир неча дақиқагача сув томчисида ҳеч нарса кўринмади. Сўнгра соф, оқ нур таралди. Эҳтиёткорлик билан микроскоп линзасини сув томчисига яқинлаштирдим. Аста-секинлик билан оқ нур ўзгара бошлади. У ерда ажиб манзара — булутлар, дарахтлар, чиройли гуллар пайдо бўлди. Бутун манзара қизил, яшил, пушти, тилла, кумуш рангларнинг қоришмасига ўхшарди. Дарахтларнинг шохлари майин шабадада тебрана бошлади. Ҳамма жойга кўз югуртирдим, турфа рангдаги мевалар, гуллар…
«Қизиқ, биронта ҳам ҳайвон йўқ бу ерда» деб ўйладим. Атрофни синчиклаб кузатдим. Шу пайт дарахт ва буталар орасида бир нарсанинг тебранаётганига кўзим тушди. Буталарнинг тилларанг шохлари секингина кўтарилди ва қаршимда мен ҳали хаёлимга келтиролмаган, умримда учратмаган мафтункор соҳибжамол пайдо бўлди. Ҳа, у ниҳоятда гўзал эди, тиниқ юзи, кўм-кўк шаҳло кўзлари, узун сочлари елкасида тўлғониб турарди. У камалак рангдаги дарахтлардан узоқлаша бошлади. Гўёки сувда сузаётган гулдай у ҳам ҳавода сайр қилаяпти. У худди шамолда тебранаётган қўнғироқларнинг жарангли овозини эслатарди. Соҳибжамол камалак ранглари товланиб турган дарахтлар тагига борди. Дарахт шохлари эгилиб, уни ўз меваларига кўмиб ташлади. У жажжи қўллари билан мевани олиб ея бошлади. Қанийди, ўша лаҳзада унинг олдига бориб, мана шу ўрмонда у билан бирга юрсам, сайр қилсам… Уни топишим керак, табиатнинг нодир мавжудоти мени ўзига шайдо қилди-қўйди. У сув томчисидан ҳосил бўлган маҳбуба эмасмикан? Лабораториямдан югуриб чиқиб, ўзимни каравотга ташладим ва ухлаб қолгунимча кўзимдан ёш томчилари қуюлаверди.
Мен уни кўриш учун ҳар куни микроскоп олдига келардим. Хонамдан умуман чиқмасдим. Иштаҳам йўқ, ухлолмайман. Севгилимни кўриш учун микроскоп олдига борганимда, у жойида ўтирарди. Кутилмаганда даҳшатли ўзгариш рўй берди. Унинг юзлари нурсиз, ўзи эса зўрға юрарди. Сочларидаги, кўзларидаги нур, тароват йўқ, бетобга ўхшайди. Унинг ёнига кириб ёрдам бериш учун қалбимни, жонимни ҳадя этишга рози эдим. Қандай дард унга азоб берди экан? Қиз кучли оғриқдан қийналарди. Маъшуқамни яраланган қалб билан соатлаб томоша қилдим. Дақиқалар имиллаб ўтмоқда. У борган сари нимжонлашиб бораверди. Унга қўшилиб ўрмон ҳам ўзгариб борар, дарахтлар жозибасиз, қуруқ эди. Тўсатдан бир неча кун сув томчисига қарашни унутиб қўйганлигим ёдимга тушди. Микроскоп билан овора бўлиб, сув томчисини бутунлай унутибман. Микроскоп тагидаги ойнага қарагач, ҳаммасига тушундим. Сувни қуришдан асраш учун унга ёғ томчисини қўшмаганим ёдимга тушди. Сув қуриб бўлган экан. Ана шунинг таъсири туфайли сув париси сўнаётган ёруғликнинг сўнгги нурлари остида ётарди. Унинг нимжон танаси қуриб, юзи ажин билан қопланганди. Кейин у бутунлай кўринмай қолди. Ҳушимни йўқотиб қўйиб анча вақтдан сўнг ўзимга келдим. Кўзимни очсам, микроскоп бўлаклари устида ётибман. Олмос линзаси сингари миям ҳам бўлакларга бўлиниб кетгандай эди. Жойимга зўрға судралиб бориб, кўз олдимдаги сирли дунёни тарк этдим.
Бир неча ойлардан сўнг пулим тугади. Одамлар мени батамом тентакка чиқаришди. Ҳа, улар мени «Линли тентак олим» деб аташади. Ҳеч бир кимса Ливенхокнинг руҳи билан гаплашганимга ишонмайди. Улар Жулис Симон воқеасини, мукаммал линза яратиш учун унинг олмосини ўғирлаганлигимни айта бошласам, устимдан кулишади, ҳеч қачон сув томчиси остидаги гўзал ҳаётни кўрганлигимга ишонишмайди. Бироқ мен олмос линза ҳақиқатини биламан. Одамларнинг нима дейишлари мен учун аҳамиятсиз. Энг муҳими, мен сизларга олмос линзалар тарихини ҳикоя қилиб бердим.
Инглизчадан Ҳулкар ва Нилуфар Муҳаммедовалар таржимаси.