Кутилмаганда туман қуюқлашди. Викол Антим адир узра, дўнгликлар оша ўрлаб, секин-секин ишкомлар ва тор кўчаларни ҳам эгаллаётган оч кўкиш туманнинг бостириб келишини деразадан томоша қилиб турарди. Ёғочдан ишланган эски, лекин ҳали бақувват минбар билан тешик-тирқишлари, ғадир-будур ерлари яхшилаб сувалган, бироқ ҳали бўялмаган эшик орасида у ёқдан-бу ёққа юравериб чарчадими, дераза токчасига кафтларини қўйганча ҳовли-боғлару томлар оша узоқ-узоқлардан кўзини узолмасди. Лекин шу пайт нигоҳи қўлларини чўнтагига суқиб, дарвоза ёнида турган Кройкуга тушди. Кройку анчадан бери ўша ерда турган бўлса керак, симёғочга суянганча борлиқни қоплаётган оқиш-ним кўкиш туман мана ҳозир ўзини ҳам бағрига олишини кутаётганга ўхшарди. Агар бу ғаройиб манзарани якка ўзи эмас, яна кимдир алоҳида кайфият ва хаёлот измида томоша қилаётганини билса, қувониб кетишини ўйлаган Викол Антим деразани очиб: “Кройку! Ҳой, Кройку!” дея чақирмоқчи ҳам бўлди. Шундай қилса унга хайрихоҳ эканини билдирган бўларди. Лекин у чоғланди, холос, ўша заҳоти ниятидан қайтди, ҳолбуки, синфда ундан бошқа ҳеч зоғ йўқ, ёлғиз ўзи, диққати ошиб, нима қиларини билмаганидан туман қоплаган мавзеларни томоша қилаётган эди; бугун охирги кун эканига ишончи комил бўлгани билан ич-ичида эртадан умид қилаётганди. Файзли ишкомларни кўздан кечираётиб, Башалига ҳаммасини аниқлаштиради ва шу билан кўнгилсиз ишларга чек қўйилади-ю, уларни синфларига қайтариб юборади, деган ўй кечаётганди. Мана шундай қарама-қарши хаёллар оғушида у ҳатто дераза тутқичини бураб тортди, алланечук ғийқиллаган товуш эшитилди, шу лаҳзаларда у нима сабабдан енгил тортганини англади. Зотан, Кройку хаёлидан кечган саргузаштларини бемалол айтиши мумкин бўлган ягона инсон эди, эҳтимол, шунинг учун бироз енгил тортган бўлса ажаб эмас. Викол Антимга “хаёлидан кечган саргузаштлари” деган сўзлар мойдай ёқиб, кулимсираб қўйди. Жуда ўринли, чинданам саргузашт – бошқача таърифлаш мумкин эмас. Бунга кўп бўлгани йўқ, уч кун аввал юз берди.
Ўшанда Антуза уни излаб топганида, у наъматак буталари остида чўнқайиб ўтирарди. Қиз товуш чиқармай, сассиз юриб келаётган чоғда унинг совуқдан титраб, иҳраб-сиҳраётганини эшитиб қолганди. Викол Антим алмисоқдан қолган, ярим вайрона кулбага бир илинж билан, умидвор бўлиб ана-ҳозир мўъжиза юз беради-ю, чироқ ёнади ва унинг қийналишларига барҳам беради, дегандек мўлтираб ўтирар, ким, қанақасига барҳам беради – билмас, лекин мана шу хаёлнинг ўзиёқ, совуқ азбаройи, суяк-суягига қадар ўтиб кетгани, қийналаётгани учунми нажотбахш қувват касб этаётганди. Чироқ, табиийки, ёнмади, лекин нажот фариштасининг ўзи ташриф буюрди – унинг орқа тарафида енгилгина қадам товушлари эшитилди ва у ҳали бошини кўтариб қарашга улгурмай, қаршисида Антуза пайдо бўлди. Қиз бамисли шафқат ҳамширасидек унинг дардига малҳам бўлиш учун келганга ўхшарди; аслида у Викол Антим шундай совуқда, яна ярим кечаси бу ерда нима қилиб юрибди, дея ажабланиши керак эди, йўқ, унинг қиёфасида бундай ифодалар кўринмас, билъакс, кўпроқ ачиниш ҳисси зуҳр этарди; Викол Антим амаллаб туришга чоғланди, лекин ҳоли келмай ўтириб қолди, то нафасини ростлаб, яна урингунича икки-уч дақиқа ўтди. Титроғи ҳадеганда босилмади, оёқлари, шимининг кенг почаси шудрингда жиққа ҳўл бўлган, болдирига майсалар ёпишган, шими оғирлашиб, юриш ноқулай эди. У кафтлари билан юзини қайта-қайта ишқади, лабларини қонатиб юборгудек қаттиқ тишлади. “Бу ерлар совуқ, шамоллаб қолиш мумкин”, – деди Антуза. Бу билан у бизнинг боғимизда шунақа совуқ, бошқа ерларда ундай совуқ эмас, демоқчи бўлаётганини Викол Антим тушунди. Елкаларини қучиб, совуқдан дилдираб турар экан, у ўзини ожиз ва ҳатто ғарибу нотавон ва хўрланган ҳис этди. Шу билан бирга, беихтиёр Антузадан иложи борича тезроқ қутулишни хаёл қилди, ана шунда Владиядан бешикаст, ҳурмат-эътиборини сақлаган ҳолда қайтиб кета оларди. Назарида, айни чоғда ёлғиз қишлоқ жонига оро кириши мумкин эди. Аксига олиб Антуза ҳам кетмасдан тураверди, бунинг устига, ҳаракат қилсанг – қизийсан, бу аҳволда совуқдан қўл-оёғинг увишиб қолади, деб донолик қилганига бало борми?! У қизнинг айтганларига итоат этишни ўзи учун ор, деб билган бўлса ҳам, ўтириб туришга ҳаракат қилди, қўлларини кўтариб бир-икки силтади, аъзойи баданига иссиқлик югургандек бўлди.
“Агар уйга таклиф қилмасам хафа бўлмайсанми? – деди Антуза қоп-қоронғи уйи томонга ишора қилиб. – Отам билан синглим ухлашяпти, – дея ҳиринглаб кулди у. – Қолаверса, вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди”.
Викол Антим энсаси қотганини билдирмасликка уриниб, айниқса, сизларникига кириш учун кеч бўлди, деди. Антуза унга ўқрайиб қаради. “Вой кўнглимнинг кўчаси-ей! Шу аҳволдаям бир нима, деб санчиб олишингни қўймайсан-а, айтгандай, ўзинг ҳам хоҳламаяпсан-у, ўлганингнинг кунидан турибсан индамай. – Қиз кўнглига қаттиқ тегдим шекилли, деб ўйладими, мулойим оҳангда: – Истасанг боғимизни кўрсатаман, бўптими?” – деди. Ўша заҳоти таклифини ўзгартириб такрорлади: “Тўғрироғи, салтанатимизни, кўрсанг, тушуниб оласан, нега бунақа деётганимни”.
“Мен тарих ўқитувчисиман, салтанат нималигининг фарқига бораман, қўрқма. Хўп, нима таклиф қилмоқчисан?”
“Ортимдан юришингни, бир сўз билан айтганда, менга итоат этишингни”. Шундай деди-да, Антуза деворни бармоқ учлари билан пайпаслаганча иморат ёқалаб йўлга тушди. Викол Антим уй кунжагига етиб борганида бирдан тўхтаб қолди, бир нималар эсига тушиб безовта бўлди, бир пайтлар таниш бўлган нарсаларни кўрганда одам қандай аҳволга тушса, у худди шу кўйга тушди, бироқ ҳеч нарсани аниқ эслолмай турарди. Буни кўрган Антуза ҳам ҳайрон бўлиб тўхтади. “Нега тўхтаб қолдинг? Нима бўлди?” Викол Антим қўл силтади: “Шошмай тур, бир ниманинг ҳиди келяпти, бирам ажойибки, сезяпсанми? Жавдар, ҳа-ҳа, жавдар ҳиди… бўлди”. Антуза қотиб-қотиб кула бошлади. У оғзини кафти билан тўсиб, аранг ўзини босди-да, бир нималарга ишора қилгандек деди: “Ҳа, муҳтарам устоз, жавдар, қуритилган жавдар, сен худди таниш ерга келиб қолгандек бўлаяпсан, тўғрими, а?” У Антузанинг нима демоқчи бўлганини сезди-ю, лекин индамади. Чуқур-чуқур нафас олиб, ҳузурланди, шу асно совуқ баданини тарк этганини сезди.
“Ёзда чимзорда юришни яхши кўраман, юмшоқ, нам қандайдир…”
“Оёқялангми? – Викол Антим боғ этагида кўзга чалинаётган кўланкани энди аниқ илғади. – Нега оёқяланг? Мен ҳеч қачон оёқяланг юрмайман, агар юрсам, майсаларнинг намлигини ҳам, юмшоқлигини ҳам ҳис қилолмайман”.
Викол Антим кундузи ўзи келган ерни аниқлаш учун атрофга кўз югуртирди, омборхона, молхонани кўрди, лекин ҳозир қандайдир кундузгидан бошқачароқ, Антузанинг гап-сўзлари ҳам пойинтар-сойинтар туюлди. У кетишини ҳам, қолишини ҳам билмай иккиланар, нима сабабдан Антуза ўзини қидириб бу боққа келганини тушунолмасди. “У ерда нима бор?” деб сўради у боғ этагида ёришган нурли чизиқларни кўрсатиб.
Антуза илгарилаб борарди. Викол Антим қизнинг ортидан харсангтошлар ва шамолда синиб тушган дарахт шохлари оралаб ўтиб боришини кузатиб турар экан, унинг илк учрашув чоғидаги ҳаракатлари, нозик қомати, эркин эгилиб, енгил қадам ташлашлари эсига тушди-ю, вужудига тотли титроқ таралди; худди ўйноқи шабадалар бағишлаган ҳаловат ва ҳузурни туйди ва беихтиёр: “Одам юксак қояларга кўтарилаётганда ёки денгиз ёқасида шундай туйғуларни ҳис қилса керак,” – дея хаёл қилди.
У қизни кўздан қочирмаслик учун қадамини тезлатди, дам-бадам тошгами ёки консерва банкасигами қоқилиб борар экан, бирдан, тахминан бир-икки метр чўккан, эски, ярим вайрона уйнинг бўғотидан тушаётган заифгина оқиш-кўкимтир нур қуршовида қолишди. Хароба уй деворларини ерга қоқилган ходалар тутиб турарди. Том устини икки энлик йўсин ва мох қатлами қоплаганди. Нур ана ўша ердан, қўрғонга ўхшаб қурилган иморатнинг томида чирмашиб ўсган гиёҳлар орасидан ўтиб келарди.
“Нима бу?” – деб сўради Викол Антим томоғи қирилиб.
Антуза қайноқ нафаси унинг юзига урилгудек даражада яқин келди-да:
“Бизнинг уйимиз бу. Дастлаб шу ерда яшаганмиз. Мен туғилганимда кўчиб кетган эканмиз. Бу ерга кириш ман этилган. Босиб қолиши мумкин. Менинг буваларим шу уйда яшашган. Шу уйни асраб қолиш учун отамнинг кўп нарсадан воз кечишига тўғри келган, қара, атрофида ҳеч вақо ўсмайди”, деб шивирлади.
Викол Антим атрофни синчиклаб кўздан кечириб чиқди. Дарҳақиқат, яқин ўртада ер тап-тақир, бамисли йўсиннинг укпар ипларидан тўқилган шолча тўшаб қўйилгандек. У Антузадан: “Нега бу ерда ҳеч нарса ўсмайди?” – деб сўрашга чоғланди. Бироқ қиз ҳикоясини давом эттираётганини кўриб жим бўлди. “Назаримда, оиламиз аъзоларидан биринчи бўлиб уй бузилиши мумкин деб, мен башорат қилган бўлсам керак. Нега ҳеч нарса экишмаслигининг сабаби, уй жудаям эски, чириб кетган. Алмисоқдан қолган уй. Сен нима деб ўйлайсан?”
Викол Антим ўйлаб ўтирмасдан шартта жавоб берди: “Эскиликка эски, кўриниб турибди, лекин бошқа сабаблари ҳам бор, сиз, Адамлар (у қизнинг фамилиясини зўрға айтди) бошқачасиз, Владиянинг одамларига ўхшамайсиз, мен уй чириб кетгани учун атрофида ҳеч вақо ўсмайди, десанг чиппа-чин ишониб кетаверишим мумкин. Эҳтимол, ҳар хил хавотир ва ирим-сиримлар туфайлидир!”
“Билмайман, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Уй бузилиб кетиши мумкинлиги тасаввуримга ҳам сиғмасди бир пайтлар. Тавба, нега буни менга айтаяпсан? Сенга нима қизиғи бор бунинг? Бизнинг қариндош-уруғимиз бўлмасанг. Бунинг устига, владиялик ҳам эмассан – қидирсам, бир боғланган еринг йўқ. Сен нима-ю, дераза олдидаги кампир нима – икковинг бир хилсан”.
“Кимни айтаяпсан, К.Ф.ними? – Антузанинг гап-сўзлари уни ажаблантириш тугул ҳамиятига тегди. Шу пайтгача ҳеч ким уни К.Ф. билан тенглаштирмаган эди, бор-йўғи ўша кампир билан бирга яшайди. – Балки гапингда жон бордир. Ёки шунчаки айтаяпсанми?” – “Кўпчилик кампирнинг шахсига қизиқади, лекин ҳамма ўзича хулоса чиқаради. Менга ишонмайсанми? Балки гапимга куларсан, аммо мен эмас, ўша К.Ф.инг касофат”.
Викол Антим Антузани бир туртди: “Нима дединг? Қайтар, касофат деяпсанми?! Қайдан олдинг бу гапни? Касофат эмиш!” – У шайтонлагандек пишқириб кулар, ҳам жаҳли чиқарди.
Антуза унинг қилиғига индамай қараб турди-да, ўзича изоҳ берган бўлди: “Мен ўйлаб топганим йўқ бу сўзни, унинг маъносини ҳам аниқ айтиб беролмайман, очиғи, муаллим Кройку шундай деди, ўз қулоғим билан эшитдим, муҳандис Башалига ҳам бор эди ўша ерда”.
Викол Антим қизиқсиниб уни саволга тутди: “Нима, сен ҳам ўша ердамидинг? Ўзинг айтаяпсан-ку ўз қулоғим билан эшитдим, деб”.
Антуза унга қаради. Ярим чўккан уй бўғотидан тушаётган ғира-шира ёруғда у янада гўзалроқ кўринарди. “Мен у ерда эмасдим, лекин эшитдим”. Викол Антим жим турди-да: “Оббо!.. Бўпти, истасанг юр, уйга кирамиз?! Ичкари иссиқ бўлса керак…” деди.
У совуқ емаётган эди, шунчаки ўйнаб айтди.
Антуза жавоб қайтармади. У Викол Антим тунука билан қопланган вазмин эшикни зўр бериб очаётганда ҳам қимир этмади; ортидан қизнинг келмаётганини сезган Викол Антим тўхтади. У қоронғилик қўйнида ҳеч нарсани илғамади. Димоғига рутубат иси келиб урилди. У кўзим ўрганар, деб бироз кутди, юз йил ичида бирорта одам бу остонани ҳатлаб ўтмаган бўлса керак, дея кўнглидан ўтказди. У хиёл олдинга энгашган кўйи, ичкари киришга юраги бетламай остонада турар, Антуза эса, ундан бирон нимани сўрашга ҳам, итариб юборишга ҳам ботинолмасди. Ичкарида ё чинданам ҳеч нарса кўринмасди, ё унинг кўзи илғамаётганди. Викол Антим орқага қайтиб, қизни нарига итариб, бўғот чеккасидан осилиб тушган йўсиннинг бир тутамини юлиб олди. Антуза индамай уни кузатиб турди. Муаллим қатъий бир қарорга келган, шекилли, орқа-олдига қарамай, чирмашиб ётган йўсиндан яна бир тутам юлди, Антуза унга халал бермади. Викол Антим нур таратаётган бир даста ўт-ўланни боши узра баланд кўтариб, шахдам қадам ташлаганча ичкарига кирди. Лекин бу зулмат оғушида ёлғиз бир даста нимжон йўсинни ғижимлаб олган қўлларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмади.
Антуза турган ерида қотиб қолди. Йўлакда ортига ўгирилиб қараган Викол Антим липиллаётган оқиш-кўкиш ёғду ичида қизни ёнбошдан аниқ кўрди ва Кройку тўғри айтган экан, деб ўйлади: у қизнинг қадрига етмаган экан. Зим-зиё уй кимсасиз эди. Муаллим қайтиб чиқди. Ортидан шувиллаб тупроқ тўкилди, чириган тахталар ғижирлади. “Кетдикми?” – деди у. Антуза бош силкиб тасдиқлаб, боғ ичкарисига элтадиган йўлка орқали қадам босди.
Тонг отай деб қолди. Субҳидам шудринги қоплаган майсалар жиққа ҳўл. Антуза чурқ этмай юриб борарди. У ортига қарамай, гапларини эшитяптими, йўқми, аҳамият ҳам бермай, бир нималарни ҳикоя қилар эди.
“Хуллас, ҳозир сен кўрган уй отам – Адам Мансенциуга Владияда эл қатори яшаши учун монелик қиларди”.
“Эл қатори яшашга, деганингни қандай тушунса бўлади?” – сўради Викол Антим. Унинг нияти фақат саволига жавоб олиш эмас, аслида, қониқарли жавоб ҳам кутмаётганди, Антузанинг кўзларидан баъзи нарсаларни уқиб олиш эди. “Қандай тушунсанг тушунавер. Унинг кўнглига қарардик, чунки у ҳам бир инсон бўлиб, хотиржам, эмин-эркин яшашни истарди, биз ҳам. К.Ф. билан бирга биз, Адамлар владияликларнинг ҳеч бирига ўхшамаймиз. Муҳандис Башалига ҳам, Конагу ҳам, муаллим Кройку ҳам, сен ҳам, – шу ерга келганда қиз бир зум иккиланиб қолди. – Ҳа-ҳа, сен ҳам бизнинг қанақа одамлар эканимизни, бу ердагилардан мутлақо фарқ қилишимизни жуда яхши биласизлар. Ёлғиз К.Ф. норозилик туғдириши, ҳаммага қарши бориши мумкин, биз эса фақат бир нарсани – бизни тинч қўйишларини истаймиз. Нега тинч яшашимиз уларга, сенга ёқмайди? Буни аслида сендан сўрамоқчи эмасдим. Чунки сен бу ерга яқинда келгансан…”
Унинг ортида турган Викол Антим тутақиб бақираёзди:
– Ҳамма тинчлигини кўзлайди! Сизларнинг Владиянгизда биров билан бировнинг иши йўқ, ўлиб кетсаям майли!
Антуза унга тикилиб қолди, назарида оёқлари ўзига бўйсунмаётгандек, майсаларни ҳис қилмаётгандек туюлди. Атроф тиканли буталар билан қалин ўралган, бамисли боғни ўткир тиканлари билан бўғиб ташлашга чоғланганга ўхшарди. Қиз Викол Антимга юзланди: “Сен-чи, сен ҳам бизни тинч қўясанми? Мениям ўз ҳолимга қўясанми?” У йигитнинг кўзларига киприк қоқмай тик боқди. Унинг кўзлари терлаган шиша тугмалардек хира йилтирарди. Викол Антим ғинг демади, у нима дейишни билмасди. Қиз сўзида давом этди: “Дастлаб мен бизнинг ортимиздан айғоқчилик қилиб юрибсан, деб ўйловдим. Очиғи, бу мен учун кутилмаган воқеа эди, муҳандис ҳам, бошқаси ҳам бундай қилишмаганди, пировардида, бу сенинг… ташаббусинг бўлса керак, деб ишондим, балки муаллим Кройкунинг гапи билан шундай қилаётгандирсан? Қисқаси, биз роса қийналдик”. Викол Антим мушкул аҳволдан қутулиш учун қизнинг сўзларини тасдиқлади: “Албатта қийин бўлган сизларга, тушунаман. Лекин ҳеч ким ортингиздан хуфиёна кузатиб юрмаган, бу англашилмовчиликдан бошқа нарса эмас”.
“Юқорига чиқамизми, тоғ тепасига чиқиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди”.
“Ҳа, аэродромга борар эканмиз-да” – деди Викол Антим ўзининг бу ерларга унчалик бегона эмаслигини билдириб қўйиш учун.
Антуза хохолаб кулди:
“Қойил! Сен уни ўз кўзинг билан кўриб ишонч ҳосил қилмоқчисан, чунки шу пайтгача борлигига ишонмагансан, тўғрими? Сенинг табиатингда бор шу нарса – ҳеч нимага ишонмайсан”.
Викол Антим “Йўқ!” деб қисқа жавоб берди. У анчадан буён биладиган нарсасини кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаб кўрмоқчи эди, холос. Демак, у шубҳаланмаяпти. Ишонган нарсасини кўришга интилиш инсонга хос одат.
Антуза тиканли буталар орасидан кенг, узун кўйлаги шох-шаббаларга илашиб ўтиб борар, Викол Антим эса қиздан бир қадам ҳам орқада қолиб кетмасликка тиришиб, югургудек бўларди. Тоғ тепасидан оппоқ туман қуйига ёйилиб тушиб келарди. Викол Антим йўталини босишга уринар, нафаси қайтиб, бўғилгудек бўларди. Кўкраги оғриб, томоғи ачишарди.
“Мени қандай қилиб топдинг? Ҳамма ухлаётган бўлса, қоп-қоронғи эди, ярим кечаси мени топиб келганингга ҳайронман”.
“Ундан кўра сен бошқа нарсани, боғимизга келишингга нега рози бўлганим ҳақида сўрасанг бўларди. Ҳамма гап ана шунда, билсанг. Сенинг қаердалигинг менга маълум эди. Кўзимни боғлаб қўйсалар ҳам сени топиб олардим. Шунчалар титраб-қалтирар эдингки, беш қадам наридан эшитиларди инграшинг. Кўрган одамнинг сенга раҳми келмай иложи йўқ эди. – Қиз ялт этиб унга қаради. – Ҳа, ҳа, шундай, аҳволинг танг эди, шунинг учун топиб келдим. Одамларни тушуниш осон эмас, бунинг учун қанча вақт керак… Кечаси ўлиб қолишинг мумкин эди, рост, ҳолбуки, буни англаганинг йўқ ҳалиям. Тўғри, аҳволинг оғир эканининг исботи бўлолмайди бу. Владияда яшаётганимга йигирма йилдан ошди, лекин бунақа жиннилик қилган одамни ҳеч учратганим йўқ”.
Викол Антим тиржайди: “Қўйсанг-чи, шамоллашдан одам ўларканми, бўпти, бошқа гапинг йўқми?.. – У тушунтириб ўтириш бефойдалигига ишонч ҳосил қилган одамдек қўл силтади. – Боғда шамоллашдан кўра бошқа нарсадан ўлиш осонроқ”.
Энди Антуза унга бошқачароқ – ҳиссиз кўзларини лўқ қилиб қаради. Силовсин ўлжасига мана шундай қараса керак. “Мансенциу Адам боғида кечаси шамоллашдан кўра бошқа нарсадан ўлиш осонроқ, – дея такрорлади Антуза унга эмас, худди яна бошқа бировга гапираётгандек совуққина қилиб. – Бўпти, бу ёққа юр, тепаликка чиқамиз, бу жуда оғир, йўқ, оғир деб нотўғри айтдим, қийин”. Йигит яқинлашиб келганда қўшимча қилди: “Қуёш чиққунича етиб оламиз. Айтишларича, қуёш чиққач, кўп нарсалар ҳолсиз бўлиб қоларкан”. – “Нималар?” – “Билмайман, агар улгурсак, ҳеч нима йўқотмаймиз. Менинг бувим Владиядан бу ерга қочиб келган экан; у туш кўрибди, тушида бармоқлари орасидан барг ўсиб чиққанмиш, шу сабаб жойидан сира силжиёлмас эмиш. У тарвақайлаган бармоқлари билан қуёш тиғида турибди-ю, бармоқларидан оқаётган қон япроқларга тушаётганмиш. Бу тушни у ёмон аломатга йўйиб, шу эски уйга қочиб келган, дейишади. Ўшандан кейин узумзор буткул қуриб қолган. Агар узум новдалари остонадан чиқиб кетса, қуриб қолар экан. Бу бир неча йил аввал бўлган. Ўшанда қуриб қолган новдаларни ёқса ёнмаган. Отам бир неча бор ёқишга уриниб ҳам кўрган. Гапларим бемаъни туюлаётгандир сенга, лекин рост. Чиндан шундай бўлган”.
“Боққа келишимга нега йўл қўйдинг? – Викол Антим қизга берган саволини такрорлади, сабаби бу савол ўринли ва айни пайтда унга қўл келиши мумкин эди. – Балки, кетинг дейишинг керакмиди?”
“Тоғ тепасига чиқиб олайлик – айтаман”. Шундан кейин унинг бир текис нафас олиши эшитилди. Викол Антим қалин ўсган буталар оралаб, эҳтиёткорлик билан юқорига чиқа бошлади.
Кун чиқди. Лекин қуюқ туман қизараётган уфқни тўсиб қўйганди. Заифгина, титроқ тун ёғдуси ўрнини тобора ўткир тонг нури эгаллаб борарди.
“Чўққига чиқмасдан аввал сенга муҳим бир гапни айтмоқчиман”.
Антуза ортига ўгирилди: у парипайкарлардек сулув эди. “Гапирақол, эшитаман”. – Йигит тўхтаб унга ўйчан тикилиб қолди. “Биз бошқа учрашмайлик, демоқчи эдим. Ҳар биримизнинг ҳаёт йўлимиз бўлакча. Тақдирми, тасодифми – иккимиз учрашдик. Лекин йўлларимиз ҳеч қачон туташмаслигини унутмаслигимиз керак…”
Викол Антим бирдан ўзини хавф остида қолгандек ёки тузоққа тушгандек ҳис этди, бундан қутулишнинг ягона йўли ёлғон гапириш эканини тушунди. У ноқулай вазиятдан чиқмоқчи бўлиб яна нимадир деди ва Антузанинг жавобига кўп нарса боғлиқ бўлгани учун жимгина кутди. Қиз эса кўзларини юмиб чуқур хўрсинди, унинг бу билан нима демоқчи эканини Викол Антим тушунмади. “Тўғри, бизнинг йўлларимиз бошқа-бошқа, – Антуза шундай деди-да, йигитнинг елкасини чимчилаб қўйди. – Бу муаллим Кройкунинг гапи”.
Викол Антим қувониб кетди ва шартта: “Қачон айтганди?” – деб сўради. “Нима аҳамияти бор? Муҳими, у бунга ишонади, шунга имони комил. Сезмаганмисан?” – Антуза шундай деб йўлида давом этди.
“Антуза, иложи бўлса, мени унут, эшитдингми?”
У сўзлари қизга етиб боришини истар, бироқ Антуза анча узоқлашиб кетган, унинг кўнгли Викол Антимга қоронғилигича қолганди. Ўрталарида пайдо бўлган яқинлик, кучли майл унинг юрагига ғулғула солар, ҳаммадан ҳам бунинг оқибатини ўйлаб юраги орқага тортиб кетарди.
У Антуза тугул, нима учундир ҳатто Владияга алоқадор нарсага боғланиб қолишни ҳам истамасди. Антуза ўзга олам фарзандидек туюларди унга. Қандай қилиб бўлмасин, ўзини оқлашга сабабу баҳоналар изларди. Викол Антим тишини тишига босиб, қизга етиб олиш учун қадамини жадаллатди. Қизнинг кўланкаси аста ёришаётган уфққа сингиб борарди. Бирдан Антузанинг кўланкаси кўздан ғойиб бўлди-ю, йигит шошиб қолди, югурай деса оёқлари оғирлашиб, аранг қадам босаяпти. Хайрият, қиз у тўхтаган ердан икки қадам наридаги чимда ётарди, Викол Антим ҳорғин жилмайиб, қизнинг тепасига борди. Оппоқ тонг ёришди. Унинг қаршисида мавжланаётган қизғиш денгиз, дўнгликлар, дашт ястаниб ётар, зеро, буларнинг бари Владияни қуршаб олган эди. “Аэродромни кўраяпсанми? Уни ўнқир-чўнқиридан таниб олдингми?” “Ўнқир-чўнқир” деган сўз унинг ғашини келтирди, лекин айнан шу сўз бу ерларга мос тушарди. Ҳаммаёқ ўйдим-чуқур, бурган билан аллақандай ғалати ўт-ўлан босиб кетган эди.
Ҳаво бирдан илиб, шамол турди-да, дақиқа сайин кучайиб борди.
“Бу ерда нега бирдан шамол эсаётганини биласанми?”
“Қойил-э! Сўрашга бошқа нарса қуриб қоптими?” – деди қиз кесатиб.
Нима учун бундай саволни берганини Антуза билишини Викол Антим сезди. Унга ўйин-эрмак ёқар, бировнинг хижолат чекишидан завқланарди, тунги боғда ҳам шундай бўлган эди. Йигит совуқдан қалтираб ўзини эплолмай ўтирганларини кўз олдига келтириб ўнғайсизланди. Ногаҳон у қизнинг ёнида тиззалади, Антузанинг кўнгли учун шундай қилганини яширмади ва зум ўтмай унинг елкасидан қучди. Ажабо, қизнинг остида эзилиб ётган майсалар қуриб, қовжираган эди, ҳолбуки, гир айлана атрофда ўсган майсазор шудрингдан жиққа ҳўл. Антуза киприк қоқмай йигитга тикилиб қолди ва эрка бир оҳангда: “Муаллим, муаллим”, – деди. Атрофга сукунат чўкди ва тепаликдаги майсазорда иккови бир-бирларига термилиб қолишди. Фақат шамол тиним билмай чийилларди. Викол Антим энтикди… Бунчалар ғалати, бунчалик кўнгилчан бўлишмаса булар!.. У ёнгинасида-ку, унга интизор бўлиб термиляпти! Йигит қизнинг ҳорғин юмилаётган кўзларидан, оппоқ томоғидан оҳиста, меҳр билан ўпди. Антуза яна навозиш ва эрка табассум билан шивирлади: “Муаллим, муаллим…” Викол Антим унга қараб донг қотиб қолди, у бир нимани тушунолмасди, илгари бу ҳақда қайғурмасди, ҳозир эса, мушкул вазиятга тушиб қолганди.
“Нима дейсан, Антуза?” – “Сен қачон қарама, дарс ўтаётгандек бўласан. Ҳозир ҳам шундай, сабоқ бераётганга ўхшайсан. Ўзинг айтдингки, мени унут деб, ачинганингдан, қийналмасин деб айтдинг, энди ўзинг нима қиляпсан-а, муаллим?” Викол Антим ҳайратини яширолмай чалқанча ётган қизга тикилар, ҳеч нарсани тушунолмасди. Ахир Антузанинг ўзи уни бу ерга, чўққига олиб чиқди, ўзи чалқанча тушиб майсазорда ётибди, кўзлари сузилиб термилади… Викол Антим кечқурунги вазиятни ҳам тушунолмаганди, лекин ҳозир алам қилди. У қизнинг мунаввар чеҳрасига узоқ тикилди, кейинчалик юзидаги ҳар бир чизгини кўз олдига келтириш учун хотирига чизиб қўймоқчидек ёки соддагина қилиб айтганда, бир даста гулни томоша қилгандек, гўё шу билан ундан халос бўладигандек синчиклаб тикилди. Антуза ана шуни сезди. У қизнинг манглайига кафтини босди, пешонаси аланга-ю оташ бўлиб ёнарди. Шунинг учун ён-веридаги майсалар қуриб қолган экан-да! “Муаллим, мени бошқа излама! – қиз унинг узун, пахмоқ сочларига бармоқларини суқди. – Зарур бўлиб қолсам, ўзим келаман ёнингга”. Кейин унинг қулоғига: “Кеча сенга керак бўлганим учун келгандим”, дейиш учунгина бўйнидан қучиб ўзига тортди. Сўнгра йигитнинг қўйнидан сирғалиб чиқди-да, ўрнидан туриб кетди. Викол Антим ҳамон тиззалаб ўтирар ва майсадан кўз узмасди: майсалар қуриб-қовжираган, бир-иккита гиёҳнинг яшил пояси кўзга ташланарди. У ўрнидан турганда боши айланиб, кўзи тиниб мункиб кетди. Кейин Антузага юзланиб, болохонадор қилиб сўккиси келди-ю, кафти билан иягини ишқалаб, жаҳл билан ер тепди.
Шамол ҳамон кучайгандан кучайиб борарди. Антуза кетишга чоғланди. Унинг: “Пастга тушиш керак, шамолда қоламиз”, деганини Викол Антим аранг эшитди. Шамол забтидан қизнинг кўйлаги баданига ёпишиб, қадди-қоматини ошкора намойиш қиларди. Викол Антим унга бир илтижо ила боқди ва кутилмаганда қичқираёзди: “Оёқларинг чиройли экан. Аввал сен туш!” Антуза кулиб юборди ва елка қисди. Туша бошлаганида ўгирилиб: “Агар оёқларга қараб ҳукм чиқарадиган бўлсак, биринчи бўлиб сен тушишинг керак эди”, – деди. Викол Антим кула-кула қизга кўз қисиб қўйди-да, “Ростдан-а?” – деб сўради. Улар чакалакзор ёнидан ўтган сўқмоқда хайрлашишди. Йигит катта кўча тарафга, қиз эса йўсин қоплаган эски уйга қараб кетди. Тасодифан Викол Антим унинг завқдан порлаган кўзларини кўриб қолди. “Худо ҳаққи, муаллим, оёқларинг чиройли экан. Демак, келишдик, боғимизга келма бошқа. Зарур бўлиб қолсам, ўзим олдингга бораман”. Викол Антим тепалик ёнбағри бўйлаб ўн-ўн беш қадам юрганини билади, бирдан қаттиқ оғриқдан додлаб юборай деди. Аввал чап оёғи, сўнг ўнг оёғи увишиб, у пастликка сирғалиб туша бошлади. Катта кўча ёқасига қадар чанага ўхшаб сирғалиб тушди, у ёғига эмаклаб борди ва йўл четида бир соатдан ортиқ ётди, ўтган-кетганлар уни кўриб: “Ҳормасинлар, муҳтарам муаллим! Роса маза қилган кўринасиз-ку, кўз тегмасин!” – дея мазах қилишди. Улар бекорга бундай дейишмаётган эди. У чиндан ҳам кечаси билан зиёфатда хурмачаси тўлгунча ичиб, “учиб” қолган одамга ўхшарди. “Кройкуга баъзи нарсаларни айтиб беришга тўғри келади”, – дея ўйлади у ва шу қароридан руҳланиб ҳеч нима бўлмагандек ўрнидан турди. Мактабга кетаётиб, йўлдаёқ тунги саргузаштларини айтиб берса, ҳеч ким, ҳатто Кройку ҳам ишонмаслиги ҳақида хаёл қилди. Лекин кўнглидаги гапларни кимгадир тўкиб солмаса бўлмасди. Антузани касофат демаганмиди Кройку? У мана шу гапни далил-исбот қилиб олмоқчи бўлар, бу билан ўзини алдаётганини англамасди.
Бироқ муҳими бу эмасди. Викол Антим кечаси рўй берган воқеаларни ва кўнглида уйғонган ҳис-туйғуларни Кройкуга айтиб бергиси келар, лекин Антуза билан ораларида бўлиб ўтган гапларни қандай айтиб беришни билмай қийналарди. Чунки бировни ишонтирмоқчи бўлган одамнинг ўзи айтаётган гапига ишониши кераклиги унга аён эди.
Викол Антимнинг юз-кўзига муздек ҳаво урилди. Димоғида қайин пўстлоғининг хушбўй иси билан ёнғоқ ҳидини туйди. У табиатшунослик муаллимини чақирмади, чунки деразанинг очилганини эшитиб, муаллимнинг ўзи қўлларини чўнтагига суқиб, мактаб томон келарди. Кройку синфга киргач, Викол Антим деразага орқа қилиб ўтириб олди ва унинг сокин юзига разм соларкан дераза тирқишларидан совуқ ҳаво терлаган бўйни ва энсасига урилиб, ҳузур бахш этаётганини туйди. Кройку эса: “Деразани ёпсанг-чи. Ўтинни сен ёрмайсан-да, а?” дея пўнғиллади. Викол тарсиллатиб деразани ёпди. Хаёлидан қоровул орқа-олдига қарамай печкага қалаётган терак ва қайин тарашалари ўтди-ю, эсноқ тутди. Сўнг кўзлари ёшланиб бошини силкитди, унинг хаёллари пароканда бўлиб тўзғиб кетган, ҳолбуки, боягина Антуза ҳақида гап очишга шайланиб турганди. Викол Антим ичида ўйлаб қўйган гапларини эмас, балки Кройку эшитса, эсанкираб қоладиган нарсалар ҳақида гапирмоқчи эди.
“Муҳтарам муаллим! Ўзингиздан қолар гап йўқ, эрта-индин бизни ишга кўмиб ташлайдилар, – у елкаси оша ташқаридаги туманга ишора қилди. – Алвидо, шоду хуррам бекорчилик!” Кройку партага ўтирди. Унинг оёғи ерга тегар-тегмас осилиб турар, қошларини чимириб, Викол Антимга хўмрайиб қаради. Шу тафайли Викол: “Биласанми, Антуза…” дея гап бошлашга иккиланиб қолди. Лекин, барибир, орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас худди шундай гап бошлади-ю, ўз овозидан ўзи қўрқиб кетди: “Биласанми, Антуза мени учрашувга таклиф қилди, бир неча кун бўлди бунга”. Кройку унга индамай тикилиб турарди. Нима бўлганда ҳам бу мисли кўрилмаган янгилик эди! Викол Антим гапини давом эттирар экан, деразани янаям зичлаб ёпди. У табиатшунослик муаллимига орқа ўгириб турар экан, Кройкунинг ўзидан кўз узмаётганини сезар, бу унга ёқарди. Демак, янглишмаган экан, мўлжали тўғри чиқди. У Кройку кўзини олиб қочишга улгурсин учун шошилмай ўгирилди. “Бунақа учрашувни талабалик чоғимда ҳам орзу қилмагандим”. Кройку аҳён-аҳён қуруқшаган лабларини ялаб, Виколнинг кўзларига тик қарар, гапларига ишонмас, лекин нима мақсадда бунақа гапларни айтаётганини аниқламоқчи бўларди. “Тўғрироғи, бу учрашув эмасди. Унинг ўзи мени излаб келди. Мен ишлаётгандим, пойтахтлик бир амалдорга хат ёзаётгандим. Антуза деразани тақиллатиб қолди. Очдим, у деразадан ошиб тушди – деразадан! – ишонасанми, тонггача меникида қолди. Аниқроғи, эртасига кечга яқин кетди. Кечқурун келсам кетиб қопти”.
У Кройкунинг “Хўш, кейин-чи?” дейишини кутиб жим бўлиб қолди. Лекин Кройку қуруқшаган лабларини ялашдан нари ўтмади. Балки унинг бирон ери оғриётгандир?! Викол Антим хижолат чекаётганини билдирмаслик ва янаям совуққонроқ кўриниши учун парталар ёқалаб у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади. “Ҳа-я, эсим қурсин, – деди у худди бир нима ёдига тушгандек, – кечаси билан гаплашишга вақт тополмабмиз. Бунақасини кўрмаганман йигит бўлиб, – дея қотиб-қотиб кулди. – Беқиёс ташриф!”
Кройкунинг ранги бўзариб кетди. Унга бу гаплар кутилмаганда ёмон таъсир қилди. Викол Антим унинг паст овозда, дона-дона қилиб: “Қандай тилинг борди буларни айтишга?!” деганини эшитди.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон