(Америка ёзувчиларининг 1937 йил июн ойида бўлиб ўтган 2-конгрессида сўзланган нутқ)
Ёзувчининг вазифаси ўзгармайди. Унинг ўзи ўзгаради, вазифаси эса ўша-ўшалигича қолаверади. Бу вазифа ҳар доим рост ёзиш ва асил моҳиятни ўқувчининг онгу-шууридан жой оладиган қилиб ифодалаб беришдан иборат.
Бундан қийин ишнинг ўзи йўқ, қийинлиги шу билан изоҳланадики, бу ишни уддалаган ёзувчи, эртами-кечми, барибир, меҳнатининг мукофотини олади — машҳурликка эришади. Агар машҳурлик эрта келса, бу кўпинча ёзувчини ўлдиради. Шуҳратнинг жуда кечикиши ҳам уни аламзада қилиб қўяди. Баъзан ёзувчи машҳурликнинг унга қизиғи қолмаган пайтда — ўлимидан сўнг шуҳрат қозонади. Аммо айнан ҳаққоний, умрбоқий асар ёзиш шунчалик қийинлиги туфайли ҳам ҳақиқатан зўр ёзувчи эртами-кечми барибир эътироф этилади. Фақат романтикларгина дунёда «номаълум мастерлар» бор деб ўйлайдилар.
Ҳақиқий зўр ёзувчи муроса қилиб яшаса бўладиган деярли барча ҳукуматлар томонидан тан олинади. Яхши ёзувчиларни етиштириб беролмайдиган фақат битта сиёсий тузум бор, бу тузум — фашизм. Чунки фашизм — бандитларнинг оғзидан чиқаётган ёлғондир. Ёлғон гапиришни хоҳламайдиган ёзувчи фашизм ҳукмрон мамлакатда яшаёлмайдиям, ишлаёлмайдиям.
Фашизм — бошдан-оёқ ёлғонга асосланган тузум, шунинг учун у адабий бепуштликка маҳкум. У ўтмишга айланганда ундан қонли тарих, қотилликлар, бузғунчилик, вайронагарчиликдан бошқа ҳеч нарса қолмайди, ҳозир бу ҳаммага кундай равшан ва охирги бир неча ой мобайнида айримларимиз бунга бевосита гувоҳ ҳам бўлдик.
Ёзувчи уруш нима учун ва қандай олиб борилишини билса, бунга кўникади. Бу жуда муҳим, бироқ кутилмаган янгиликдир. Унга ростдан ҳам кўникиб қолганингга ҳайрон қоласан киши. Ҳар куни фронтда бўлганингда ва позицион урушни, манёврли урушни, ҳужум ва қарши ҳужумларни кўрганингда, буларнинг ҳаммаси ўзгача маъно касб этади, қанча одамимиз ўлдирилгани ва жароҳатланганига қарамай одамларимиз нима учун курашаётганини билсанг, ақл билан курашаётганини билсанг, буларнинг барчаси бежиз эмаслигини тушунасан. Одамлар — сенинг эски дўстларингу янги биродарларинг — ўз ватанини чет эллик босқинчилардан озод қилиш учун курашаётганида, уларга қандай ҳужум қилишганини ва улар қандай курашганини, урушнинг бошида уларнинг ҳатто айтарли қурол-яроғи ҳам бўлмаганини билганингда, уларнинг ҳаётига, курашига ва қандай ҳалок бўлаётганига қараб туриб дунёда урушдан ҳам ёмон нарсалар борлигини англай бошлайсан. Қўрқоқлик ёмон, хоинлик ёмон, худбинлик ёмон.
Мадридда биз, ҳарбий мухбирлар, ўтган ой ўн тўққиз кун мобайнида қотилликлар гувоҳи бўлдик. Уни герман артиллерияси содир этди, бу пухта уюштирилган қонхўрлик эди.
Мен урушга кўникасан дедим. Агар ҳарб илмига, бу улуғ илмга ростан ҳам қизиқсанг, бошига ажал соя солиб турганида одамлар ўзини қандай тутишига астойдил қизиқсанг шунчалик берилиб кетасанки, ўз тақдиринг ҳақидаги биргина ўй ҳам қабиҳ худбинликдай туюлади.
Бироқ қотилликка кўникиб бўлмайди. Биз эса Мадридда узлуксиз ўн тўққиз кун оммавий қотиллик содир этилганини кўрдик.
Фашистик давлатлар тотал урушга ишонишади. Бу шуни англатадики, зўрдан зўр чиқиб қуролли кучлар уларнинг дабдаласини чиқарганида мағлуб бўлган фашистлар ҳар гал тинч аҳолидан аламини олишади. Бу урушда, 1936 йил ноябр ойининг ўрталаридан бошлаб, уларни Ғарбий паркда, Пардода, Карабанчелда, Харамда, Бриуэго яқинида, Қурдоба яқинида тор-мор қилишди. Ва ҳар гал фронтдаги мағлубиятдан сўнг улар тинч аҳолини ўлдириш, қириш билан ўзларининг таъбирича номусини сақлаб қолишди.
Буларнинг барчасини икир-чикирларигача тасвирлай бошласам қусқингиз келиши, қалбингизда нафрат ўти алангаланиши мумкин. Бироқ бунинг ҳозир бизга кераги йўқ. Биз фашизмнинг кирдикорларини ва унга қарши қандай курашиш лозимлигини яхши билиб олишимиз керак. Биз бу қотилликлар ҳали ҳаммаси эмаслигини, бу босқинчилик, хавфли босқинчилик — фашизмнинг бор-йўғи бир эпкини эканлигини тушунишимиз шарт. Босқинчини эса фақат битта йўл билан — тумшуғига яхшилаб тушириш билан тийиш мумкин. Испанияда ҳозир бундан бир юзу ўттиз йил аввал худди шу яриморолда Наполеоннинг додини беришгани сингари фашист босқинчисининг кунини кўрсатишмоқда. Фашистик давлатлар буни билгани учун ҳамма нарсага тайёр турибди. Италия унинг аскарлари ўз мамлакатидан ташқарида жанг қилмаслигини билади ва жуда яхши қуроллантирилганига қарамай уларни интернационал бригадалар жангчилари у ёқда турсин, Испан халқ армияси аскарлари билан ҳам таққослаб бўлмайди.
Германия ҳар қандай ҳужумкор урушда иттифоқчи сифатида Италияга суяна олмаслигини англаб етди. Мен яқинда фон Бломберг унинг учун маршал Бадольо уюштирган дабдабали манёврларда қатнашгани ҳақида ўқидим; аммо Венеция текислигида, ҳар қандай душмандан узоқда манёвр ўтказиш бошқа нарса, Бриуэго ва Триуэго ўртасидаги платода ўн биринчи ва ўн иккинчи интербригадалар ҳамда Листер, Кампесино ва Мэрнинг ажойиб испан ҳарбий қисмларининг контрманёврига дуч келиб учта дивизиядан жудо бўлиш умуман бошқа нарса. Алмерияни бомбардимон қилиш ва хоинлик туфайли қўлдан кетган ҳимоясиз Малагани босиб олиш бошқа нарса, Қурдоба яқинида етти минг аскарни ва Мадридга қилинган беҳуда ҳужумларда ўттиз минг аскарни қурбон бериш мутлақо бошқа нарса.
Мен нутқимни рост ва ҳаққоний ёзиш қанчалар қийинлиги ҳақидаги, бундай маҳоратга эришганларни муқаррар мукофот кутиши ҳақидаги гаплар билан бошлаган эдим. Аммо уруш даврида — хоҳлаймизми-йўқми, биз ҳозир уруш даврида яшаяпмиз — мукофотлар кейинга сурилади. Уруш ҳақидаги бор гапни ёзиш жуда хавфли, ҳақиқатни кавлаштириш ҳам жуда хатарли. Америка ёзувчиларидан кимлар ҳақиқат излаб Испанияга борган, аниғини билмайман. Мен Линколн номидаги батальоннинг жуда кўп жангчиларини биламан. Бироқ улар ёзувчи эмас. Улар фақат хат ёзишади. Жуда кўп инглиз ёзувчилари, жуда кўп немис ёзувчилари, жуда кўп француз ва ҳолланд ёзувчилари Испанияга жўнаб кетишди. Фронтга ҳақиқат излаб борган киши эса унинг ўрнига ажалга дуч келиши мумкин. Лекин, дейлик, ўн икки киши кетиб, фақат икки кишигина қайтиб келса ҳам улар келтирган ҳақ гаплар биз оғиз кўпиртирадиган эшитма гаплар, мишмишлар эмас, айни ҳақиқат бўлади. Ҳақиқатнинг тагига етиш учун жонни хатарга қўйиш керакми — буни ёзувчиларнинг ўзлари ҳал қила қолишсин. Албатта, назарий мавзулардаги илмий мунозараларда вақт ўтказиш анча тинчроқ. Янги бидъатлар, янги тариқатлар, ғайриодатий таълимотлар ва тушуниксиз романтик «буюк»лар ҳам ҳар доим топилади — бирор ишга гўёки ишонадиган, лекин унинг учун бирон нима қилишни хоҳламайдиган, фақат баҳслашиб ўз фикрини, бировлар учун иссиқ-совуғи бўлмаган фикрини ҳимоя қилишни хоҳловчилар учун бундайлар топилаверади. Усталик билан танланган бу нуқтаи назарга ёзув машинкаси билан ёпишиб олиб, уни қалам билан мустаҳкамлайдилар. Аммо урушни тадқиқ этишни хоҳловчи ҳар қандай ёзувчининг борадиган жойи аниқ. Афтидан, ҳали бизни кўп йиллик эълон қилинмаган урушлар кутиб турибди. Ёзувчилар уларда ҳар хил иштирок этишлари мумкин. Охир-оқибат, бунинг ажрини оладиган пайт ҳам келади. Аммо бу ёзувчиларни ҳаяжонга солмаслиги даркор. Чунки ҳали бунгача кўп вақт бор. Ёзувчи мукофотдан қаттиқ умидвор бўлиши ҳам керак эмас. Чунки у Ралф Фокс ва бошқа айрим адиблар каби ёзувчи бўлса тақдирланадиган вақт келганда уни тириклар орасидан топа олмасликлари мумкин.
Рус тилидан Ҳасан Карвонли таржимаси