I
Жо Калон эгарни ерга қўйиб, отга эрк берди-да, шпорларини жингирлатиб уйга кирди.
– Тушлик нима бўлди? – сўради у.
– Яна ўн етти минутдан кейин, – жавоб берди ошпаз, станция бошлиқлари каби соатига жиддий қараб. Ошпаз оғизда жуда тайин гапирар, амалда эса бетайин эди.
– Хўш, Перикода ишлар қалай экан? – сўради ўртоғи Скрат.
– Зўр! – деди Жо. – Гала яхши, тойлар кўп. Мустанглар галасиниям кўрдим, Жайрон булоғига сувлагани борар экан. Ичида иккита тойчоғиям бор. Жажжи, қоп-қорагинаси туғма йўрға экан. Икки милгача қувиб борсам ҳам оёқлари ақалли бирон мартаям чалишмади-я. Эрмак учун жўрттага яна қувдим, у барибир йўрғасидан адашмади!
– Йўл-йўлакай қиттай отиб олмадингми? – ўсмоқчилаб сўради Скрат.
– Ҳамма гапирсаям сен гапирмасанг бўларди, Скрат! Ўтган сафар тўрт оёқ бўлиб эмаклаган ким эди? Сен эмасмидинг?
Тушлик қилинглар! – жар солди ошпаз. Гап бўлиниб қолди.
Ковбой эртасига ўзга яйловларга ўтиб кетди. Шу билан ёввойи отлар ҳамманинг эсидан чиқиб кетди.
Келаси йилиям галани Нью-Мексика штатининг ана шу яйловига ҳайдадилар. Ковбой ўша ёввойи отлар галасини яна кўрди. Ўша қора тойчоқ адл оёқли, кенг сағринли от бўпти.
Ковбойлар кўпчилик бўлиб назар солиб, қора от чиндан ҳам туғма йўрға эканига ишонч ҳосил қилди. Жо ҳам шу ерда бўлиб, унинг хаёлига, шу отни ушлаб олсам зиён қилмасди, деган фикр келди. Шарқий штатда яшовчи одамлар шундай ният қилса ажабланмасаям бўлади, аммо от арзон Ғарбда ёввойи отларга ҳеч ким эътибор бермайди. Аввало, уни ушлаш осон эмас, борди-ю, ушлаган тақдирда ҳам ёввойи от умрининг охиригача саркаш, бесамар, ёввойилигича қолади.
Кўп подачилар ёввойи отларни отади. Боиси, улар нафақат яйловларни тепкилаб, булғаб кетади, яна-тағин уй отлариниям йўлдан уриб, эргаштириб кетади. Оқибат, уй отлариям тез орада ёввойилашиб қолади.
Жо Калон отни, унинг феъл-атворини бинойидай билади. У шундай дейди:
– Мен ҳалигача ювош эмас бўз отни кўрганим йўқ. Асов эмас тўриқниям кўрмадим. Агар қора тўриқни яхшилаб миниб ўргатса, ундан барака топса бўлади. Аммо-лекин қора от эшакдай ўжар, итдай қаҳрли келади. Қора отда тирноқ бўлса, арслонниям гумдон қилади!
Демак, ёввойи от бутунлай фойдасиз ҳайвон, қора ёввойи от ундан ҳам ўн баравар фойдасиз экан.
Жо шу йили бирон ишниям амалга оширолмади. Боиси, у оддий галачи бўлиб, ойига йигирма беш доллар олар, бекор вақти жуда оз эди.
У кўпгина ковбой ўртоқлари каби қачондир ферма сотиб олишни, шунингдек, ўз хусусий галаси бўлишини орзу қиларди. Унинг Санта Феда рисолага солинган тамғаси бор, у яккаю ягона қорамолининг сағрисига босилган эди. Кейинчалик Жо ўз тамғасини ҳар қандай тамғасиз ҳайвонларга босиш ҳуқуқига мушарраф бўлди. Кузда ҳисоб-китоб қилиб кўриб, “шаҳарни айланиш” истагидан ўзини тиёлмади. Шу боисдан ҳам унинг бор-йўғи эгар, тўшак ҳамда қари сигирдан иборат бўлиб қолди. Бироқ у тушкунликка тушмади, қачонлардир “бирор нарсани амалга ошириб” бирдан бойиб кетаман, деб юрди. Қора йўрғани кўргач, шу менга бахт келтиради, деб ўйлади, уни қўлга олиш учун қулайроқ пайт пойлади.
Бироқ Жо Канада дарёси бўйлаб йўлида давом этиб, кузда Дон-Карлос дўнгликларига қайтиб келди. Гарчи ёввойи йўрға ҳақида кўп эшитиб юрса-да, лекин ўзини кўрмади. Бу орада икки ёшлик қора йўрғанинг донғи ўлкага кетди.
Жайрон булоғи юза ялангликдадир. Булоқ оқиб бориб, тевараги қиёқ ўтлар билан ўралган майдагина кўлга айланади. Кўл суви озайганда гир айланасида лойнинг тилим-тилим қоп-қора, йирик тасмалари қолади, айрим ерларида оппоқ туз доғлари ялтираб туради, чуқур жойида эса, оқмаса-да, ичса бўладиган тоза сув қолади. Яқин атрофда шу ҳовуздан бошқа сув йўқ. Ҳамиша моллар ҳамда уй отлари ўтлайдиган ана шу яланглик қора тойчоқнинг кўнгил қўйган яйловига айланди. Яйловда асосан “л”, “ф” ҳарфлари айқаш тамғаланган моллар ўтлайди.
Ушбу ферма соҳиби Фостер жуда уддабурон одам. У яйловда зоти яхшиланган уй ҳайвонлари боқилса, кирим кўпайишини яхши билади. Унинг қарамоғида ўнлаб улкан, пишиқ танли, оҳукўз чалазот байталлар бор. Сержун отлар уларнинг олдида ғариб жониворлар бўлиб қолади.
Ана шу хушқомат байталларнинг бирови кундалик юмушлар учун ҳамиша отхонада қолади, қолган тўққизи тойчоқларини эмизиб бўлиб, ўз эркида ўтлаб юради.
От ҳамиша серўт яйловни топади. Тўққиз байтал ҳам ўз фермаларидан йигирма миль жанубдаги Жайрон булоғини топдилар. Ёз келиб, Фостер бир ўртоғи билан байталларни қидириб топди. Байталлар орасида кўмирдай қоп-қора той юрарди. Той байталларни гир айланиб, уларга ҳомийлик қилар, айни вақтда ҳеч қаёққа кетгани қўймасди. Тойнинг қоп-қора тани байталларнинг олтинранг танасидан кескин ажралиб турарди.
Ювош феълли байталлар эгаларидан қўрқиб, ўз фермаларига қочиб қолмоқчи бўлди. Шунда, бирдан қора тойчоқнинг қаҳри келди. У ёввойи феълини байталларга ҳам юқтирди шекилли, байталлар фермадан келган бесўнақай отларни хийла кейинда қолдириб, қора тойнинг кетидан чопиб кетди.
Бу воқеа отлиқларнинг қонини қайнатиб юборди. Улар “лаънати той”ни отиб ташлаймиз, дея қўлларига қурол олди. Бироқ тўққиз байтал орасидан битта тойнинг ўзини қандай қилиб отиб бўлади, ўқ байталларга тегиб кетмайдими?
Узун кун бесамар ўтди. Ёввойи йўрға, ҳа, ўша йўрға ўз паноҳидагиларни қўйиб юбормади, улар билан жанубий қум тепаликлар аро кўздан ғойиб бўлди.
Таъби тирриқ бўлган галачилар ўз омадсизликлари айбдоридан ўч олишни кўнгилларига тугиб қўйиб, ҳолдан тойган отларида уйларига жўнади.
Улар байталлар ҳадемай худди ўша тойдек ёввойилашиб кетишини жуда яхши биларди.
Қоп-қора ёлли, кўккўз улкан қора от бутун ўлка бўйлаб зўравонларча кун кечирди, турли-туман жойлардан байтал ҳайдаб келиб, ўз сафини кучайтирди, галасини кам деганда йигирма бошга етказди.
Ёввойи йўрғага эргашиб келган байталларнинг кўпи ғариб, абгор бўлиб, зотли тўққиз байталгина ўзларининг бўй-басти билан алоҳида ажралиб туради.
Ёввойи йўрға галани шундай иштиёқ ҳамда рашк билан қўриқладики, галага қўшилган ҳар қандай байтал умрбод кетолмайдиган бўлиб қолди. Галачилар ўз ўлкаларига келиб қолган бу ёввойи йўрға ҳали кўп зиён-заҳматлар келтиражагини пайқаб қолди.
II
Бу воқеа 1893 йилнинг декабрида бўлди. Фермага келиб тушдим-у, йўловчи соябон аравада Канада дарёси бўйидаги Пиньяветитосга жўнадим.
Фостер мен билан хайрлашаётиб, шундай деди:
– Менга қаранг, борди-ю, лаънати йўрғага дуч келиб қолсангиз, аямай отиб ташланг.
Ёввойи йўрға ҳақида илк бор эшитган гапим шу бўлди, йўлда эса йўлбошловчим Бернсдан йўрғанинг кечмишини билиб олдим. Донғи кетган йўрғани жуда-жуда кўргим келди, эртасига Жайрон булоғига бориб, ҳафсалам пир бўлди, сабаби, у ерда йўрғанинг ҳам, галанинг ҳам дараги йўқ экан.
Аммо эртаси куни Аламозо дарёси орқали яна тепаликдор ялангликка келганимизда, олдинда бораётган Жек Бернс бирдан отининг бўйнига энгашиб олди, менга ўгирилиб, шивирлади:
– Қуролингизни олинг! Ана айғир!
Мен қуролимни қўлимга олиб, олдинга интилдим. Пастдаги сойликда отлар галаси ўтлаб юрибди, улкан қора йўрға гала ёнида турибди.
Қора йўрға бизнинг ҳавомизни олди шекилли, сергак тортди. Аввал бошини, кейин думини кўтарди, бурун катаклари кенгайди.
Кўзимга йўрға отларнинг оти, даштларда чопиб юрган жамики отларнинг сараси бўлиб кўринди, шундай ноёб жониворни нобуд қилиб, бир тўда маслиққа айлантиришга кўнглим бормади.
Жек ҳадеб вақтни бой бермасдан тезроқ отишимни тайинлади, мен атайин имиллаб туравердим.
Сержаҳл ҳамроҳим имиллаётганим учун мени койиди. Зардали тўнғиллаб: “Бу ёққа беринг қуролни!” – дея уни тортиб олмоқчи бўлди, мен милтиқнинг оғзини осмонга қаратдим, у гўё тасодиф оқибатидек ўқ еб кетди.
Гала бир сесканиб тушди. Қора йўрға кишнади, пишқириб, галани бир айланиб чопди. Байталлар тўдалашиб, чанг-тўзонлар ичра кўздан ғойиб бўлди.
Айғир галанинг гоҳ у, гоҳ бу ёнидан чопиб, байталлар кейинда қолиб кетмаслигини назорат қилди.
Йўрға кўздан ғойиб бўлгунча ундан кўз узмадим, унинг йўрға оёқлари бирон мартаям чалкашмади.
Турган гап, Жек менинг, қолаверса, милтиғимнинг, йўрғанинг номига кўп нордон гаплар айтди, мен унинг гапларидан завқ олдим, зўр қувонч билан қора йўрғанинг чиройи ва қудрати ҳақида хаёл суриб қолдим.
Йўқ, қандайдир бир байтални деб шундай йўрғанинг ялтиллоқ терисига доғ туширгим келмади!
III
Ёввойи отларни ушлашнинг бир нечта хиллари бор. Шулардан бири от устидан ўқ бўшатиб, уни бир нафас гангитиб қўйиш, вазиятдан фойдаланиб бўйнига сиртмоқ солишдир. Буни “отни бўйин эгдириб олиш”, дейдилар.
– Гапир-а! Ўқ еган юзлаб отларни кўрдим, бари қир ошиб қочиб кетди, биронтаям “бўйин эгган” мустангни кўрмадим. – Эътироз билдирди ёввойи Жо.
Гоҳида, шароит тақозо этганда галани қорага ҳайдаса ҳам бўлади, агар отлар яхши бўлса галани қувиб етса ҳам бўлади, аммо, бир қараганда, иложи йўқдай туюладиган яна бир йўли бўлиб, бу мустанг “тинчиди” йўли, яъни уни ҳолдан тойгунча қувиб бориш йўлидир.
Йўрғалаганда оёғи умуман адашмайдиган айғирнинг донғи кун сайин ошди. Унинг эпчиллиги, йўрғаси, чайир табиати хусусида кўз кўрмаган саргузаштлар гурунги бўлди. Учбурчак фермасидан бўлмиш Монтгомер чол Клейтондаги Уэлс қаҳвахонасида кўпчилик олдида, агар шу гаплар чин бўлса, унда, шу айғирни ким аравага босиб олиб келса, минг доллар бераман, деди. Буни эшитган неча ўнлаб ёш ковбойлар ўз хўжайинлари билан тузган шартнома муддати тугаб, қўл бўшади дегунча, ўз бахтларини синаб кўришга аҳд қилди.
Ёввойи Жо барчани доғда қолдирмоқчи бўлди. Вақтни бой бермай, хизмат муддати тугамаган бўлса-да, туни билан овга шайланди.
Бир ўртоғидан қарзга пул олиб, йигирма бош яхши отни, ошхонали аравани керакли аслаҳа-анжомлар билан таъминлади, ўзи, ўртоғи Чарли ҳамда ошпази учун икки ҳафталик озиқ-овқат жамлади.
Улар бу ғаройиб, енгилоёқ йўрғани “тинчитиш”ни қатъий аҳд қилиб, Клейтондан жўнаб кетди. Сафарларининг учинчи куни Жайрон булоғига етиб келди, тушга яқин галаси билан сувлагани келган қора йўрғани кўриб, ажабланмадилар ҳам. Жо бекиниб, гала сувлаб бўлгунча қорасини кўрсатмади, сабаби, сувсаган от яхши чопишини, сувлаб, оғирлашиб қолгани ёмон чопишини яхши билади.
Шундан кейингина Жо пистирмадан чиқиб, олдинга юрди. Булоққа ярим милча қолганда мустанг сергак тортди, галасини жанубий шарқдаги бутазор тоғ ёнбағирларига бошлаб кетди. Жо гала кетидан яланг оёқ бўлиб чопиб, уларни яна бир бор кўрди, қайтиб келиб, аравакашлик қилувчи ошпазига жанубга, Аламозо дарёсига жўнашни буюрди. Ўзи яна жануби-шарққа отланиб, гала изини олди.
Икки милча юриб, яна галани кўрди. Оёқ учида отларга яқин борди. Бироқ улар яна ҳадик олиб, қочиб қолди. Кун шундай ўтди.
Гала ҳалқа бўлиб, жанубга юриш қилди, кун уфққа оққанда худди Жо кутганидек, Аламозо дарёси яқинига келиб қолди. Жо уларни яна бир марта ҳуркитиб, аравасига қайтиб келди, дам олаётган ўртоғи отда галани қувишда давом этди.
Арава кечки таътилдан кейин Аламозонинг олдиндан келишилган юқори кечуви бўйлаб юрди, Жо шу ерда тунаш учун жойлашиб олди.
Чарли бўлса галани қувишда давом этди. Ёввойи отлар олдингидек узилиш қочмади, чунки қувиб келаётганларнинг ҳужум қилмаслигига фаҳми етди, оқибат, бора-бора ўз таъқибчиларига кўникиб қолди.
Қош қорайганда галани пойлаш янада қулай бўлди, боиси, улар орасида бир оқ байтал бўлиб, у қоронғида оппоқ бўй бериб турарди.
Осмонда ой балқиди. Чарли қайси йўлдан юришни оти ихтиёрига қўйиб берди, ўзи галани эътибор билан кузатиб борди.
Оппоқ байтал бўй бериб юрди.
Охир-оқибат, зим-зиё тунда ҳеч нима кўринмай қолди. Шундан кейингина Чарли отидан тушиб, устидан эгарни олди, отни ўтлагани қўйди, ўзи адёлга ўраниб, кўп ўтмай уйқуга кетди.
Тонг оқариши билан Чарли йўлга равона бўлди, ярим милча йўл босиб, ғира-ширада оқ байталга, кейин галага кўзи тушди. Йўрға Чарлини кўриб, шиддатли кишнади, гала яна елиб кетди.
Йўрға биринчи дуч келган довонда оёқ илди, тинимсиз таъқиб этаётган ким эканини билиш учун кетига бурилиб қаради. Нима гаплигини билди, яна толмас, равон, йўрға қадамлар отиб олға талпинди, галани йўлчи юлдуз мисол олға чорлади.
Отлар ғарбга йўл олди, яна кўп қочиш-қувишлар, юзма-юз келишлар, яна қочишлардан сўнг ҳиндулар пойлоқчилик қиладиган тик дўнгликка келиб қолди. Бу ерда уларни Жо пойлаётган эди.
Чарли дўнгдан кўкка ўрлаган узун, ингичка тутундан дам ол, деган ишорани тушунди. У ҳам чўнтак ойнасини тутиб, жавоб хабарини берди. Жо дам олган отларда таъқибни давом эттирди, Чарли тамадди қилиб, дам олди, сўнг Аламозо оқими бўйлаб юқорилади.
Эртаси куни Жо узун кун галани таъқиб этди, уларни арава бораётган улкан ёймада ушлашга уринди. Кунботарда бир кечувга етиб келди, бу ерда Чарли уни тетик отлар, тамаддилар тайёрлаб, кутиб турган экан.
Жо куни билан, ҳатто кечасиям бамайлихотир таъқиб этди, афтидан, гала беозор таъқибчиларига янада ўрганиб қолди шекилли, уларни пойлаш жуда осон бўлиб қолди. Бундан ташқари, ҳорғинлик ҳам таъсир қилди. Маза ўтли яйловлар қаерлардадир қолиб кетди. Улар таъқибчи отлар каби сомон емадилар. Устига-устак, мунтазам давом этаётган асаб таранглиги ҳам ўзини кўрсатди. Асабий таранглик ёввойи отларнинг иштаҳасини бўғиб қўйди, аммо тез-тез сувсай бошладилар.
Таъқибчилар отларга тез-тез, тўйиб-тўйиб сувлаш эркини берди. Боиси, сув ичган от чопишда қийналади, оёқлари ёғочдай қотиб қолиб, нафас олиши қийинлашади. Буни яхши билган Жо отини суғормади. Шу сабаблиям ҳолдан тойган гала яқинида тунагани оёқ илганларида ўзиям, отиям ҳали анча тетик эди.
Тонг ёришганда Жо галани осонгина қидириб топди. Улар аввал-аввал қочди, сўнг, одимлаб юрди. Таъқибчилар деярли ғолиб келди, чунки бундай олишувда гала ҳали ҳоримаган дастлабки икки-уч кун уларни кўздан қочирмаслик керак эди, пойлоқчилар эса бунинг уддасидан чиқди.
Жо эрталаб галани кўздан қочирмай, доимо уларнинг яқинида бўлди. Соат тўққизларда Хозе тоғида Чарли билан ўрин алмашди. Шу куни гала бор-йўғи тўрт милча илгарилаб кетди, қадамларида олдинги ғайратдан асар ҳам қолмади.
Кечқурун Чарли дам олиб ётган отга миниб, қувишда давом этди.
Эртаси куни галанинг боши эгилиб қолди, қора йўрға ҳар қанча олға чорламасин, таъқиб этиб келаётганлар билан ораларидаги масофа баъзан юз қадамгача қисқариб қолди.
Тўртинчи-бешинчи кунлар ҳам шундай ўтди. Гала яна Жайрон булоғига яқин келди. Ҳаммаси кутилгандай бўлди: гала кенг доира ясайди, айғир эса унинг ичида юради.
Ёввойи отлар булоққа жуда чанқаб келади, овчилар бўлса тетик отларда, кўтаринки кайфият билан келади.
Шу кунлари кечгача галани сувга йўлатмади, сўнг, Жайрон булоғига ҳайдаб, тўйиб сувлатди. Ана энди кўпни кўрган ковбойлар тетик ва тўқ отларда юриб, сиртмоқни ишга солади, чунки сув ичган отларни ушлаб тушов солиш осон бўлади.
Ишлар ҳаддан зиёд яхши кўчди, фақат бир нима уларни ташвишга солиб қўйди: қора йўрға ҳамон темирдай мустаҳкам эди. Унинг равон йўрғаси айнимаган, дастлабки таъқиб кунлари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай эди. У ҳамишагидек галасини матонат билан бошқарар, кишнар, чопишда намуна кўрсатиб, уларни олға чорларди. Аммо отларнинг дармони қуриган эди. Қари оқ байтал, кечаси оппоқ бўй бериб юрадиган ўша байтал ўлгудай чарчаб, галадан соатлаб кейинда қолиб кетаверди. Байталлар чавандозлардан ҳадиксирамай қўйди, улар ҳадемай Жонинг қўлига тушишига шак-шубҳа қолмади.
Барча ташвишлар сабабчиси бўлмиш айғир эса ҳамон етиб бўлмас довонлигича қолаверди.
Жонинг жиззакилигини яхши билган ўртоқлари у аччиқ устида асов айғирни отиб қўйиши мумкин, деган ўйга борди. Аммо Жонинг кўнглида бундай ният йўқ эди.
У айғирни ҳафталаб қувиб, унинг бирон мартаям йўрғасидан адашиб, оддий қадамлар босиб юрганини кўрмади. Барча яхши чавандозлар каби Жо ҳам бу гўзал отга боқиб, ундан завқ-шавқ олди. Завқи янада зўрайиб, шундай ноёб ҳайвонни отгандан кўра, ўзимнинг манави отимни отган маъқул, деган хулосага келди.
Айғирга қўйилган мукофотни олиш керакмикин? Жо иккиланиб қолди. Қўйилган пул чакана эмас. Лекин айғирнинг турган турмуши хазина, у асл зотли зурриёт яратиши мумкин.
Аввало уни қўлга олиш лозим. Овни тамомлаш вақти ҳам келди.
Жо ўзининг энг яхши отини эгарлади. Бу от томирида жануб қони бор, аммо ўзи чўлларда катта бўлган байтал эди. Албатта, бир нимаси бўлмаса Жо бундай ажойиб отни сотиб олмас эди.
Бу юртларда локо деган заҳарли ўт ўсади. Одатда, отлар бу ўтни емайди, борди-ю, бир татиб кўрса, уни яна излаб қолади. Унинг мазаси тарёкнинг кайфига ўхшайди, унга ўч қўйган от кўп вақт ўзини яхши тутиб юради, охир-оқибат, ақлдан озиб ўлади. Бундайларни маҳаллий халқ “локога мубтало бўлган мол”, дейди.
Жонинг энг сара отлари кўзи ҳам ажабтовур ёввойиларча йилтиради. Синчиларнинг айтишича, бу ҳол касаллик нишонаси эмиш. Шу сабаблиям Жо байтални минди. Байтал бақувват ҳам тезкор, овнинг охирибоп.
Жо галага от қўйди. Арқонни ерга ташлади, ёйиш учун атайлаб судради, сўнг яна чап қўлига яхшилаб йиғиб олди, ов давомида биринчи марта отини айғирга ниқтаб ҳайдади.
Ақлсиз чопа-чоп бошланди. Қўрқиб қолган байталлар йўлни бўшатиб, чор тарафга қараб қочди.
Жонинг дадил байтали дашт бўйлаб оддий одимлар отиб қувди. Айғир ўзининг донғи кетган йўрғасидан адашмай, йўрғалаб қочди. Ақл бовар қилмайдиган манзара намоён бўлди. Жо овози ҳамда узангилари билан байталини олға чорлади. Байтали қушдай учди, лекин айғир билан ораларидаги масофа бир дюйм ҳам камаймади. Қора айғир шу чопишида шиддат билан текисликдан ўтди, тоғ бағридаги бутазорлардан ўтди, кўзни алдайдиган серқум сойга тушиб, бир ўтлоққа чиқиб олди. У ерда уни бир суғур қарши олди. Жо унинг изидан от қўйиб бораверди. У кўзларига ишонмади… Назарида, айғир билан ораларидаги масофа камайиб эмас, балки узайиб кетгандек бўлди. У ўзича сўкинди, отини ниқтади, чу-чулаб ҳайдади, охир-оқибат, бечорани асабий ҳолга олиб келди. Отнинг кўзлари олма-кесак терди, боши уёқдан-буёққа тебранди, ерга қарай олмай қолди, йўл танламай қўйди. Оёғи фавқулодда бўрсиқнинг инига кириб қолди. От ағнаб кетди, устидаги чавандози ерга учиб тушди. Жо лат еди, бир амаллаб оёққа туриб, довдираб қолган отини кўтариб турғизмоқчи бўлди. Аммо бўлар иш бўлган, отнинг олд оёғи синган эди.
Жо револьвернинг битта ўқи билан отнинг азобларига барҳам берди. Эгарни олиб, лагерга кўтариб кетди.
Йўрға ҳамон елиб, охири кўздан ғойиб бўлди.
Буни мағлубият деб бўлмайди, чунки улар байталларни қўлга олди. Жо билан Чарли уларни қўрага ҳайдаб бориб, эгаларидан арзигулик инъомлар талаб қилди.
Жо учун бу кифоя эмас эди. У айғирни қўлга олишни орзу қилди. Жо айғирнинг бор фазилатларини билиб олди, энди у янги-янги режалар ўйлай бошлади.
IV
Сафар жамоасига гарчи ҳеч ким, ҳеч қачон ҳеч нима жўнатмаса-да, почтага мунтазам равишда хат ва пул сўраб борганда ўзини мистер Томас Бэтс, деб таништирган Бэтс ошпазлик қиларди. Ковбой эса уни “Курка Из Том”, деб атарди, чунки унинг ўзи Денверда худди шундай тамға қайд қилинган, деб уқтирарди. Бу тамға курка изига ўхшарди. Шунингдек, Бэтс бу тамға акси бепоён шимол ёймаларида ўтлаб юрган сон-саноқсиз мол ва отлар сағрисида ҳам бор, деб уқтирарди.
Бэтсга сафарда шерик бўлишни таклиф этганларида у кулиб, энди отларнинг бир тўдасини ўн доллардан пуллайман, деди. Дарҳақиқат, шу йили от жуда арзонлашиб кетди, шу сабабли ҳам унча кўп бўлмаса-да, ҳар ҳолда иш ҳақи олишни маъқул кўрди.
Йўрғани ақалли бир марта кўрган одам унга бепарво қараб туролмас эди. Курка Из ҳам шундай бўлди. Уям йўрғанинг эгаси бўлгиси келди, лекин уни қандай қилиб қўлга киритишни билмади. Кунларнинг бирида Билл Смит деган кимса билан учрашиб қолди. Бу одам Билл Тақа лақаби билан машҳур эди. Сабаби, унинг тамғаси тақага ўхшарди. Билл Тақа нон билан гўшт еб, устидан маза-матрасиз кофе ичиб, шундай деди:
– Мен бугун ўша йўрғани кўрдим, шундай яқиндан кўрдимки, думларини бемалол ўриб қўйсам ҳам бўларди!
– Отмадингми?
– Сал қолди отиб ташлашимга.
– Йўқ, асло ота кўрма, – деди столнинг нариги бурчида ўтирган “қўш Н” тамғали ковбой. – У айғир янги ой чиққанига қадар менинг тамғам билан юради.
– Эртароқ қимирла, бўлмаса тамғалагинг келганда сағринида “нуқтали учбурчак” тамғасини кўрасан.
– Сен уни қаерда кўрдинг?
– Воқеа бундай бўлди. Жайрон булоғини ёқалаб ўтаётиб, қатқалоқ ботқоқдаги қамишлар орасида ётган бир нимага кўзим тушди. Ҳойнаҳой, бизнинг поданинг моли бўлса керак деб ўйлаб, яқинроқ борсам, бир от чалқанча ётибди. Шамол от тарафдан эсаётганидан фойдаланиб, унга янада яқинроқ бордим. Шунда нимани кўрдим денг? Тўнкадай жонсиз ётган йўрғани кўрдим! Ўлик десанг, жасади шишмаган, ўлаксанинг исиям йўқ. У кутилмаганда чивин қўнган қулоғини қоқди. Хаёлим бошимдан учиб кетди. Шундагина унинг шунчаки пинакка кетганини билдим. Сиртмоқни олиб, арқоннинг айрим жойлари бўшаб қолганини кўрдим. Отимнинг айили ҳам бор-йўғи биров. Шунда, ўйлаб қолдим, бизнинг от етти юз фунт, айғир эса бир минг икки юз фунт келади. Шу боисдан ўзимга-ўзим дедим: “Овора бўлишингга арзимайди, айилни узганинг қолади, бунинг устига, ерга ағнаб тушиб, эгарниям бой бериб қўясан”. Ўзимча шундай деб, қамчи дастаси билан эгар қошига тук-тук урдим… Ана шунда йўрғани кўринг эди! Ётган еридан олти футча юқорига сапчиди! Тўрт оёғини кенг ташлаб, худди паровоздай пишқирди. Кўзлари олайиб, тўғри Калифорния тарафга елиб кетди. Йўл-йўлакай оёқ илмаган бўлса, аллақачон ўша ёқда юрибди. Агар айғир бирон марта йўрғасидан адашган бўлса, ўлигим шу ерда қолсин!
Воқеа ундай айтган даражада аниқ-равшан бўлмади, сабаби, Биллнинг гапи нордон сўзларга сероб бўлди, яна-тағин уялмай-нетмай кавшаниб, ютиниб, оғзи тўла ош билан гапирди. Барибир давра Биллнинг гапларига ишонди, чунки у тўғри сўзли одам бўлиб танилган эди. Даврада ўтирганлардан ёлғиз Курка Изгина оғиз очмай, гурунгни бошқалардан кўра диққат билан эшитди, кўнглида янги режа пайдо бўлди.
Таомдан кейин чекиб, янги режасини пухта ўйлаб олди. Уни амалга ошириш бир ўзининг қўлидан келмаслигини билиб, Билл Тақага сир берди. Ана шундай қилиб, йўрғани таъқиб қилувчи янги шериклар, бошқача айтганда, яна устига-устак ваъда қилинган беш минг доллар ишқибозлари пайдо бўлди.
Жайрон булоғи галанинг суюкли сувлоғи бўлиб қолди. Сув озайди, қамишлар билан сув оралиғида қуриб қолган қоп-қора лой камар пайдо бўлди. Камарни иккита сўқмоқ кесиб ўтди, бу сувлагани келган ҳайвонлар йўлидир. Отлар билан ёввойи ҳайвонлар ана шу сўқмоқдан сувлагани келади. Шохдор ҳайвонлар эса тўғридан-тўғри қамишзор оралаб келаверади.
Шериклар ана шу сўқмоқлардан кўзга яқинроғининг кўндалангига бўйи ўн беш фут, эни олти ҳамда чуқурлиги етти фут келадиган ўра қазиди. Гала сувлагани келгунча ишни битириш учун йигирма соат тинимсиз тер тўкди. Ўра қазиш қийин бўлди. Қазиб бўлиб, уни кўздан яшириш учун устига шох-шабба, хас-чўп ёпиб, тупроқ сепди. Ишни тамомлаб, ўрадан холисроқдаги чуқурда бекиниб ўтирдилар.
Толтушларда йўрға сувлагани келди. Галаси қўлга тушгани сабабли у ёлғиз эди.
Том, айғир ўра қазилган сўқмоқдан юрсин деб, эҳтиёт юзасидан нариги сўқмоқни қамишлар билан ёпиб қўйган эди.
Ёввойи ҳайвонларни қандай зийрак эзгу руҳ қўллар экан-а? Аксига олиб, йўрға ўра йўқ сўқмоқдан юрди. Бемалол келиб сув ичди.
Овчиларнинг сўнгги чораси қолди. Йўрға сувга қайта эгилганда Бэтс билан Смит чуқурдан отилиб чиқиб, йўрғанинг кетидан борди. Йўрға мағрур бош кўтарганда, Смит револьвердан ерга ўқ узди.
Йўрға донғи кетган йўрғасида тўғри ўзига қазилган ўрага қараб чопди. У яна бир неча сониядан кейин ўрага тушади! Ана, ўра бор сўқмоқда чопиб боряпти…
Овчилар уни қўлга олдик, деб ўйлади. Йўрға ҳадемай уларнинг ихтиёрида бўлади.
Шунда, ақл бовар қилмайдиган воқеа юз берди. Йўрға алп сакраб, ўрадан ўтиб кетди, туёқлари билан тупроқ отиб, кўздан ғойиб бўлди.
Йўрға Жайрон булоғига қайтиб қадам босмаслик нияти билан олис-олисларга елиб кетди.
V
Ёввойи Жо устомон одам эди. У қандай қилиб бўлмасин йўрғани қўлга тушириш пайида бўлди, бунга бошқалар ҳам қўл урганини эшитиб, тезда янги режаларини амалга оширишга киришди. Жо айғирни ушлашда чиябўрилар эпчил қуённи, ҳиндулар жайронни ушлашда қўллайдиган усулни қўллаб кўрмоқчи бўлди. Бу қадимги усул “галма-гал овлаш”, деб аталади.
Ёввойи йўрға юрган музофот олтмиш квадрат милча келадиган учбурчак шаклида бўлиб, жануби ҳамда шимолидан дарёлар, ғарбидан тоғлар билан ўралади. Улар, йўрға шу музофотдан бошқа ёққа кетмайди, Жайрон булоғи унинг доимий хонаки жойи бўлиб қолади, деб ўйлади.
Жо бу ерларни яхши билади. Унинг барча булоқлари, ғорларигача билиб олди. Агар ҳозир унинг элликта оти бўлганида эди, уларни жамики муҳим жойларга қўйган бўларди. Ихтиёрида эса бор-йўғи йигирмата оти билан бешта яхши чавандози бор, холос.
У ов бошлангунга қадар отларни икки ҳафта сомон бериб боқди. Шундан кейингина уларни овга қўйди, чавандозларга нима қилиш кераклигини тушунтирди. Улар ов бошланишига бир кун қолди деганда ўз жойларини эгаллади.
Тайин этилган кун Жо аравада Жайрон булоғига йўл олди, четроқдаги торгина сойликда тўхтаб, кута бошлади.
Ниҳоят, жанубдаги адир тарафдан кўмирдай қоп-қора айғир кўринди, у одатдагидек булоққа ёлғиз ўзи эна бошлади.
У аввал ғанимларим бекиниб пойламаётганмикин, деган ҳадикда булоқни айланиб, ис олди. Сўнг сўқмоқсиз ерлардан булоққа қараб юрди.
Жо айғирни пойлаб ўтириб, иложи бўлса унинг кўпроқ, бочкалаб сув ичишини истади. Йўрға тумшуғини ўтга энди чўзган ҳам эди, Жо отини ниқтаб ҳайдаб қолди. Йўрға туёқ товушини эшитди, чавандозни кўрди-да, яна кўздан ғойиб бўлди.
Текис ерга чиқиб, жанубга бурилди, қум тепаликлар оралаб бор кучи билан чопди, таъқибчисидан борган сайин олислади. Жонинг оти ҳориб, қумда ҳар қадамда йиқилиб тураверди, оқибат, борган сайин кейинда қолаверди.
Яна текис ерга чиққанларида Жонинг оти орадаги масофани анча озайтириши мумкин эди, лекин эниш бошланиб қолиб, яна шаштидан қайтди, оқибат, янада кейинда қола бошлади.
Аммо Жо йўрғани қувишда давом этди, хивичниям, узангиниям аямади. Бир миль, икки, уч… Арриби қирлари кўзга чалиниб қолди.
Аррибида янги отлар бор, Жо буни билади, шу сабабли кучига куч қўшилиб от қўяди. Йўрғанинг тундай қоп-қора ёллари эса шамолларда ёйилиб-ёйилиб олислаб боради.
Ана, ниҳоят, Арриби дарасига дохил бўлди. Ғорда қоровуллик қилиб турган ковбой ўзини панага олди, йўрға унинг ёнидан ўтиб кетди. Йўрға шамолдай пастга елди, сўнг, нишаб бўйлаб юқорилади.
Жо янги отга миниб, аввал пастга, кейин юқорига от солди. Отини ниқтаб ҳайдаб чопаверди, чопаверди, лекин орадаги масофани камайтиролмади.
Дупур-дупур-дупур… туёқ товушлари. Бир соат, икки, уч соат ўтди, олдинда Аламозо кўринди, худди ўша ерда янги чавандоз кутяпти.
Жо бақириб, отини янада тезлади. Қора айғир мўлжалдаги ерга қараб чопди, аммо икки милча қолганда нимадандир ҳадик олгандай чапга бурилди. Жо йўрға қутулиб кетишини пайқаб, ҳолдан тойган отига яна қамчи босди, йўрғани қандай қилиб бўлмасин, кўзланган тарафга буриш йўлини излади.
Олишув ҳаддан зиёд қийин бўлди. Жонинг нафаси қайтиб қолди. От ҳар сапчиганда эгар териси ғижирлайверди.
Жо кўндаланг елиб чиқиб қувди, йўрғани ҳуркитиш учун револьвердан устма-уст ўқ узди, ниҳоят, уни чапдаги кечувга буришга муваффақ бўлди.
Улар дарё бўйига келди. Йўрға йўлидан қолмай елди. Жо отдан тушди. Оти ўттиз миль чопиб дармони қуриди, Жоям ҳолдан тойди. Кўзлари чангдан қизарди, гарчи ҳеч нимани кўрмаётган бўлса-да, Томга қўлини силкиб: “Йўрғани Аламозо орқали кечувга ҳайдаб бор!” – дея қичқирди.
Янги чавандоз тетик, чайир отда ўнқир-чўнқир ёйилма бўйлаб қора айғир кетидан чопди. Айғир оппоқ терга ботди, биқини кўтарилиб-кўтарилиб оғир нафас олди, ҳоли танг бўлди. Барибир чопишда давом этди…
Том олдинига айғирга яқинроқ боргандай бўлди, сўнг яна кейинда қолди. Аламозода ўрнини янги отлиқ эгаллади.
Айғир ғарбга бурилди, суғурлар маконини ёнлаб чопди, кийим йиртар кактуслар, тиканли чангалзорлар оралаб чопди. Айғир тер билан чангдан ола-була бўлиб кетди, аммо йўрғасидан адашмади. Йўлида дуч келган жардан сакраб ўтиб кетди. Изидан қувиб келаётган ёш Кэрингтон ҳам отини сакратмоқчи бўлди. Аммо оти билан қўшилиб пастга юмалаб кетди… Ёш чавандоз бир амаллаб омон қолди, аммо оти хароб бўлди.
Қора айғир зафарли йўрғасида давом этди…
Жо Галлего чолнинг фермаси ёнида нафасини ростлаб пойлаб турди. Ярим соат ўтмай, у яна йўрғани қувиб кетди.
Ғарбда Карлос тоғлари кўзга ташланди. У ерда ҳам Жони одамлар янги отлар билан пойлаб турибди. Буни билган толмас чавандоз айғирни ғарбга бурмоқчи бўлди. Аммо йўрға қандайдир бир хаёлга берилдими ё кўнгли бир нимани сездими, ҳар қалай, бирдан шимолга қайрилди.
Жо бор санъатини ишлатди, қичқирди, ўқ узди, бари бекор бўлди. Қора чақмоқ адир бўйлаб пастлади, Жо унинг изидан боришга мажбур бўлди.
Худди шу ерда олишувнинг энг қийин ҳам азоб-уқубатли даври бошланди. Жо йўрғага бераҳм бўлди, ўзи билан отига эса ундан бешбаттар бешафқат бўлди. Кун аёвсиз куйдирди, қизиган ёйилма узра офтоб тафти жимирлади. Жонинг кўзлари ёнди, лаблари шўр, бетамиз чангдан чирсиллади.
Олишув давом этди. Муваффақиятга эришишнинг бирдан-бир йўли – йўрғани Аламозодан ўтадиган кечувга қайтариш қолди.
Олишув бошлангандан буён Жо биринчи марта қора йўрғада толғинлик аломатларини кўрди. Думи билан ёллари аввалгидек ёйилмай қўйди, ораларидаги ярим миллик масофа яримлаб қолди.
Йўрға барибир олға талпинди, яна, яна йўрғалаб, олға талпинди…
Соатлар кетидан соатлар ўтди, йўрға ҳамон олға елди. Аммо тўғри йўлдан бурилди. Йигирма милча йўл босиб, кечроқ Аламозодан ўтадиган кечувга етиб келди.
Жо йўлда тайёр турган отни миниб, айғирни яна ўзи қувиб кетди.
Жо қолдириб кетган от энтикиб, ўзини сувга урди, сув ичиб-ичиб, юмалаб ўлиб қолди.
Жо, қора айғир сув ичади, деган умидда бир оз секинлади. Аммо унинг айтгани бўлмади! Айғир бор-йўғи бир ҳўплади, теваракка сув сачратиб, нариги соҳилга ўтиб кетди. Жо унинг кетидан қадам-бақадам борди. Кечувда уларни кузатиб қолган ковбой Жо айғирга хийла яқин келиб қолганини, ҳатто етай-етай деб қолганини кўрди…
Эрталаб Жо лагерга пиёда келди. Унинг саргузашти лўнда бўлди: саккиз от нобуд бўлди, беш одам бутунлай ҳолдан тойди, ғаройиб ёввойи йўрға эса ҳамон ўз эркида юрибди…
– Энди бир нима қилиш қийин! Унга етиб бўлмайди. Жойи келган вақтлари лаънатининг терисини тешиб ташламаганимга ачинаман! – деди Жо, сўнгра, йўрғани қувишдан воз кечди.
VI
Сўнгги сафарда ҳам Курка Из ошпаз бўлди. У ҳам олишувни бошқалар қатори қизиқиш билан кузатиб борди, Жонинг омади келмаганда ўзича кулимсираб қўйди, қозонига қараб қўйиб, димоғида минғиллади:
– Шу йўрғани ушлаб олмасам, одам эмасман!
Йўрға тинимсиз таъқиблар оқибатида янада ёввойилашиб кетди. Барибир Жайрон булоғига келиб кетаверди. Булоқ ялангликдаги яккаю ягона сувлоқ бўлиб, бир миль теварак-атрофда ғанимдан бекинадиган пана жой йўқ эди. Шу сабаблиям йўрға яқин-атрофда тушларда пайдо бўлиб, бирон хавф-хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилгачгина булоққа сув ичгани келарди.
У галасидан айрилиб, бутун қишни ёлғиз ўзи қишлади. Қари Курка Из буни яхши билиб олиб, режаларини шунга мослади. Бир ўртоғининг тўриқ байтали бор эди. Қари Курка Из шу байталга эгар урди, занжир, белкурак, яна бир арқон ҳамда йўғон қозиқ олиб, булоққа равона бўлди.
Бир тўда жайрон улардан ҳайиқиб, пана-паналарга ғойиб бўлди. Моллар ўт узра ёйилиб ётади, тўрғайлар қўшиғи жаранглайди. Ердан беғубор, қорсиз қиш нафаси кўтарилган, кўклам яқин қолган…
Том ушоққина тўриқ байтални арқонлаб, ўтга қўйди, байтал тумшуғини кўкка тинимсиз чўзиб, олис-олис кишнади.
Қари Курка Из шамол қаёқдан эсаётганини аниқлади, теварак-атрофга назар солди. Ўша ўзи қазишиб юборган ўра ҳалиям бор экан. Ўра очиқ, ичи тўла сассиқ сув, суғур, сичқон ўликлари сузиб юрибди. Сувлагани келган ҳайвонлар ўра четидан янги сўқмоқ очибди.
Курка кўм-кўк майсазор ёнидаги қуюқ қамишзорни маъқул топиб, шу ерга қозиқ қоқди, сўнг, пана бўладиган катта ўра қазиб, ичига адёл тўшади. Байтал олислаб ўтлаб кетмасин деб, арқонни ерга узатиб ташлаб, бир учини устунга боғлаб қўйди, арқонни тупроқ ва ўтлар билан бекитди. Кейин ўзининг хилватгоҳ ўрасига бекиниб ўтирди.
Туш вақти-туш вақти тўриқ байтал йўқлаб кишнади. Шунда… шунда, кунботардаги адирдан жавоб кишнаш келди… Машҳур ёввойи йўрға осмон фонида қоп-қорайиб, бўй берди!
Йўрға равон, алп-алп йўрғалади, оёқ илиб, теваракка ҳадиксираб аланглади, пишқириб йўрғалади. Байталнинг йўқлаб кишнаши йўрғанинг кўнглида акс садо берди. Йўрға яқинроқ келиб, яна кишнади, бирдан сергакланди, айланиб, катта доира ясади, бурни билан шубҳали ҳид овлади.
Шунда, тўриқ байтал яна кишнади. Йўрға яна бир бор доира ясаб, у ҳам кишнади. Байталнинг жавоб кишнаши йўрғанинг кўнглидаги бор ҳадикларни йўқ қилиб юборди. Йўрғанинг юраги ёниб кетди!
Йўрға гижинглади, тўриқ байтал – Соллининг олдига келди, бурнига бурнини теккизди. Худди шу пайт орқа оёғи сиртмоқни босиб олди. Том арқонни бирдан тортди, мустанг сиртмоққа илинди. У важоҳат билан кўкка сапчиди. Том бундан фойдаланиб, айғирнинг оёғидан арқонни илондек икки айлантириб олди.
Машъум кўргилик айғирнинг кучига куч қўшди. У яна сапчиди, аммо сиртмоқдан оёғини тортиб ололмади, ерга ғарибона, мағлубона ағнаб тушди.
Чуқурдан қари Томнинг мункайган хунук жуссаси кўринди. У табиатнинг ноёб молини тезроқ қўлга киритиш учун шошилди. Отнинг қудрати ушоқдай заиф бир чолнинг ақл ва ҳунари олдида ожиз бўлиб қолди. Йўрға пишқирди, озодлик учун жон-жаҳди билан олишди, аммо бесамар бўлди, сиртмоқ оёқларига чайирдай ёпишиб олди.
Том айғирнинг олд оёқларига ҳам сиртмоқ солди. Сўнг, арқон билан айғирнинг тўртта оёғини битта қилиб қўшиб тортди. Дарғазаб йўрға, ахталанган чўчқадай ожизона сулайиб, ётиб қолди. Бечора сўнгги дармони қолгунича типирчилади, ўпкаси тўлиб келди, ўксик зарбидан аъзойи-бадани зир-зир қалтиради, юзларидан маржон-маржон ёшлар оқди…
Том айғирнинг ҳолини кўриб, кўнглида ғалати бир нима пайдо бўлди. Илк бор сиртмоқ билан ҳўкиз ушлаганида бўлганидек, бош-оёғи зир титради. Бир неча дақиқа жойидан қимирлай олмай, ўзининг ноёб бандисига термилиб қолди.
Кўп ўтмай чолнинг ҳаяжони сўнди. Ўта машъум ишни бажарган байталга эгар урди, янги арқон олиб, йўрғанинг бўйнига солди. Байтални айғирнинг олдига қўйди. Том йўрға энди кетолмаслигини билиб, арқонни бўш қўймоқчи бўлди, шунда, хаёлига фавқулодда бир фикр келди. Ўйлаб қараса, ғоят зарур бир иш эсидан чиқаёзибди. Гарчи шароит бўлмаса-да, шу ишни бажаришга киришди.
Ғарб одати бўйича ёввойи йўрғанинг баданига ким биринчи бўлиб ўз тамғасини босса, йўрға ўшаники бўлади. Яқин йигирма милда ҳайвонларни тамғалайдиган асбоб топилмайди, нима қилса бўлади?
Қари Том тадбиркор эди. У байталнинг тақаларини бирин-кетин қараб кўрди. Тақаларнинг бирови хийла бўшаб қолган эди. Том шу тақани белкурак билан қўпориб олди.
Ёймани айланиб ўтин териб келди. Кўп ўтмай олов ловуллади. Том тақани бир учидан қўлрўмол билан ўраб ушлаб, оловга тоблаб қизартди. Кейин тақа қиррасини айғир бечоранинг чап яғринига уч марта босиб олди, яғринда курка из мисол дағал тамға қолди.
Йўрға қизиган темир баданига текканда сесканиб кетди. Иш кўз очиб-юмгунча бўлиб ўтди. Шундай қилиб, ёввойи йўрға инсонга қарам бўлиб қолди.
Энди йўрғани уйга олиб кетиш қолди. Том сиртмоқни бўшатди. Йўрға оёғи бўшаганини сезиб, бутунлай эркин бўлдим, деб ўйлади, жойидан сапчиб турди, талпинди, аммо яна ағнаб тушди. Йўрғанинг олд оёқлари қўшиб боғлаб қўйилган, у фақат сапчиб-сапчиб юриши мумкин эди.
У қочишга кўп интилди, аммо ҳар сафар қўшалоқ боғлоқлик оёқлари халақит бериб, юмалаб тушаверди. Том байтални миниб, йўрғани уйга олиб жўнади. У йўрғани етаклади, чу-чулаб ҳайдади, турли йўллар қилиб кўрди, аммо қайсар, баджаҳл айғир, оппоқ тер кўпикларига ботган айғир бўйин эгмади. Айғир ёввойиларча кишнади, қаҳр билан пишқирди, озодлик йўлида телбаларча тўлғанди.
Олишув шафқатсиз, олис давом этди. Ёввойи йўрғанинг ярқироқ сағрилари қон аралаш тердан қорайиб кетди. Беҳисоб йиқилиб-туришлар, бесамар олишувлар йўрғанинг шундай тинка-мадорини қуритди, шундай қуритди, у узун кун давом этган қувғинда ҳам бунчалик ҳориб-толмаган эди.
Айғир гоҳ у ёнига, гоҳ бу ёнига тинимсиз талпинди, шиддатли сапчишлари борган сайин заифлашиб борди, бурнидан отилаётган кўпиклар қонга беланди.
Бераҳм, зўравон ғолиб чол эса сокин бир кайфиятда айғирни чу-чулаб ҳайдади, юришга мажбур қилди.
Айғир билан чол ҳар бир қадам учун олишди, нишаб ердан дарага энди, яна ҳам пастдаги дараларга элтадиган сўқмоқлар бошига етди. Бир вақтлар йўрғага қарам бўлмиш яйловнинг шимолий чегараси худди шу ердан ўтади. Олислардан тўсиқлар ҳамда фермалар кўзга ташланади. Қари Том тантана қилади.
Ёввойи йўрға қолган бор кучини йиғиб, озодлик йўлида жон-жаҳди билан ёнбағир бўйлаб юқорига талпинди. Яна, яна юқорилади, баданига ботаётган арқонга ҳам, уни тўхтатиб, изига қайтариш учун узилган ўқ овозига ҳам парво қилмади, у озодликка талпинди…
Ёввойи йўрға яна, яна юқорилади, ана, тик қояга кўтарилди. Қоядан пастга – ҳавога сакради, икки юз футча учиб юрди, яна, яна пастлаб… тошга бориб тушди. У жонсиз сулайиб қолди, аммо… озод бўлиб қолди!
Тоғай Мурод таржимаси.