1965 йил июнь ойида Торранс-хаус мактабида ўқув йили якунланиши билан Жулиет кетиш тараддудига тушиб қолди. Негаки, у касал бўлиб қолган ўқитувчи аёлнинг ўрнида вақтинча ишлаб турган эди. Аёл соғайиб кетди. Бунинг устига доимий яшаш учун бирон бошпана топилмади. Жулиет уйга қайтишдан олдин, ўзи айтганидек, узоқми-яқинми бирон ерга бориб, айланиб келишга, аниқроғи, денгиз қирғоғининг юқори ҳудудида яшайдиган танишиникига боришга қарор қилди.
Бундан бир ойча олдин ўқитувчилар орасида ягона дугонаси, ёш жиҳатидан ўзига анча яқин бўлган Хуанита билан биргаликда “Муҳаббатим, Херосима” номли эски кинофильмни кўриб қайтишар экан, Хуанита:
– Фильм қаҳрамони каби мен ҳам хотини бор кишини, ўқувчимнинг отасини севаман, – деб қолди.
Жулиет ҳам ўзининг шундай ҳолатда эканлигидан нолиб кетди.
– Аммо, – деди Жулиет, – ўз ҳисларимни юзага чиқариш учун курашишга журъат эта олмадим. Чунки унинг хотини эс-ҳушини йўқотган, фожиявий бир ҳолатда ётарди.
– Севгилимнинг хотини эс-ҳушини йўқотган бўлса кошки эди, – деди унга жавобан Хуанита. – Йўқ, ўта серғайрат, обрўли аёл. Мени осонгина ишдан ҳайдатиши мумкин.
Орадан кўп ўтмай, гўё ўша кунги хотиранинг давомидек, кутилмаганда ундан хат келади. Кимдир чўнтагида узоқ вақт олиб юргандек, ғижимланган хатжилднинг устига: “Торранс-хаус, 1482, Марк-стрит, Ванкувер, Британия Колумбияси. Ўқитувчи Жулиетга”, деб ёзилган эди. Директор аёл:
– Бу сизга бўлса керак, – дея хатни Жулиетга берар экан, – Қизиқ, фамилия ёзилмаган, – деб қўйди.
“Қимматли Жулиет!
Қайси мактабда ишлашинг ёдимдан кўтарилибди. Ўтган куни мутлақо кутилмаган бир дамда эсимга келиб қолди ва бу ғойибдан ишора бўлса керак, деган ўй билан хат ёзишга қарор қилдим. Сен, ишинг ўзингга ёқмай қолиб, ўқув йили тугамасдан мактабни ташлаб кетмаган бўлсанг керак, деган фикрдаман. Демак, ҳамон ўша ерда ишлаяпсан. Дарвоқе, сен бошлаган ишини охирига етказмай ташлаб қўядиганлардан эмассан.
Қалай, ғарбий соҳилдаги об-ҳаво маъқул бўлдими? Агар, Ванкуверда ҳаво серёмғир экан, деб ўйласанг, уни икки бараварига кўпайтирсанг, бизда нималар бўлаётганлигини тасаввур қила оласан.
Мен икковимизнинг кечаси настаринга қараб ўтирганимизни тез-тез эслаб тураман. Эътибор беряпсанми, “тун гули” деб ёздим, чунки кеча яримлаб қолди, аллақачон ётиб ухлаш керак эди.
Эннинг аҳволи ҳамон ўшандай. Яқинда иш юзасидан сафарга бориб қайтганимда, аҳволи анча оғирлашгандек бўлиб кўринди. Ундан олдин эса, ҳар куни кўриб турганим учунми, буни сезмас эдим.
Ҳа, ўғлим борлигини сенга айтмаган эканман. Ёши ўн бирда. Онам билан бирга туради. Қайтишимда уни кўргани йўл-йўлакай Режайнда тўхтаб ўтдим.У ҳам анча ўзгариб қолибди…
Хуллас, мактабингнинг номи эсимга келиб қолганидан хурсанд бўлиб кетдим. Аммо исми шарифингни ҳеч қачон эслай олмасам керак, деган хавфдаман. Хатни хатжилдга солиб, елимлаб қўяман. Эсимга келиб қолар, деган умиддан воз кечгим йўқ.
“Мен сени тез-тез эслаб тураман.
Мен сени тез-тез эслаб тураман.
Мен сени тез-тез эслаб тураман”.
…Жулиет Ванкувер марказидан Тақа кўрфазининг сол тўхтайдиган жойига олиб бориб қўядиган автобусда кетиб борарди. У ердан қитъа яриморолини кесиб ўтиш, сўнг яна солда қитъадаги шаҳарчага бориши керак. Хат ёзган одам ўша ерда, Кит кўрфазида яшайди. Чор-атроф манзараси тез ўзгариб, Тақага етмасданоқ ёввойи табиат қўйнига шўнғиб кетишди. У ўқув йилининг бутун чораги давомида, сал кун ёришиши билан соҳилдаги, театр саҳнасининг орқа деворини эслатувчи, тоғу тошлардан иборат манзара намоён бўладиган боғ ва майсазорлар орасида яшайди. Бу ерларда альп атиргули, дафна ва найзабарг сингари ўсимликларнинг ҳисоби йўқ. Тақага етиб боришга улгурмай чор тарафдан ўрмон ўраб олди. Шунчаки дов-дарахтлар эмас, чинакам ўрмон ва яна ўрмон… Ундан кейин эса сув, қоялар, қоп-қора дарахтлар, сув ўтлари-ю замбуруғлар. Баъзида мўрисидан тутун чиқаётган, бир томонга қийшайиб турган эски уй кўриниб қолади. Ҳовлида, автогараж ёки бирон омборхона, ертўла бўлмаганидан, ёғоч-ўтин, кўҳна рўзғор буюмлари қалашиб ётар, синган ёки ҳали яроқли бўлган велосипед, автомашинанинг занглаб қолган эҳтиёт қисмлари кўзга ташланади.
Автобус тўхтаб ўтадиган шаҳарчалар аҳоли яшайдиган манзилга ўхшамас, аллақандай кўримсиз, у ер-бу ерда, асосан қандайдир фирмаларга қарашли пастак бинолар ўрмонлардаги уйчалар сингари бир-бирига қапишиб турар, бу ерларда ҳам турли-туман эски нарсалар қалашиб ётарди. Қишлоқни кесиб ўтадиган тошйўлни ҳисобга олмаганда, тартибга келтирилган росмана йўлу йўлкалар ҳам йўқ. Каттароқ, кўркамроқ биною почта ёки бошқа маъмурий идора кўринмас, харидорларни ўзига жалб қила оладиган даражада бежирим безатилган магазинлар ҳам анқонинг уруғи, урушда ҳалок бўлган жангчиларнинг ҳайкаллари, сув ичиладиган фавворалару гулзор хиёбонлар ҳам йўқ. Баъзида кўримсиз қаҳвахонани эслатадиган меҳмонхона, мактаб ёки касалхона учун қурилган пастак, беўхшов иморатларни кўриш мумкин…
Жулиет ана шундай манзараларни томоша қилиб борар экан, ўқтин-ўқтин ўзига: “Тўғри қиляпманми?” деган шубҳали саволни берарди.
“Мен сени тез-тез эслаб тураман.
Мен сени тез-тез эслаб тураман.
Мен сени тез-тез эслаб тураман”.
Одатда бундай гаплар ўз-ўзини тинчлантириш ёки ўзгаларни умидвор қилиб қўйиш учун айтилади.
Бу Кит кўрфазида меҳмонхона ёки саёҳатчилар қўниб ўтадиган биронта оромгоҳ бўлса керак. Ҳа, тўғри ўша ерга боради. Катта чамадонини мактабда қолдирган, кейинчалик олиб кетади. Ҳозир елкасига осиб олган сумкасидан бошқа бисоти йўқ, шу боис ҳеч ким унга эътибор бермайди. Бир кеча ўша ерда тунайди. Балки ўша ердан телефон қилар. Лекин нима дейди? Мактабдаги ўқитувчи дугонамнинг чорбоғига келдим, дейдими? У чорбоғ қаерда? Ўрмон қўйнида. Хуанита бу ерда, баланд пошнали туфлини камдан-кам оёғидан ечадиган, одатдаги Хуанитага сира ўхшамайдиган, табиат қўйнида бемалол яшай оладиган жасур аёллардан. Ўша уй Кит кўрфазидан олис эмас экан. Хуллас, бу ерда меҳмон бўла туриб, баҳонада…
… Қоялар, дарахтлар, сув ва қор. Ярим йил олдин Рождество билан Янги йил оралиғида эрталаб поездда кетаётганида буларнинг бари деразадан бири иккинчиси билан муттасил алмашиб Жулиетнинг кўз ўнгидан ўтарди. Улкан қоялар баъзида олдинга интилаётгандек ваҳимали, баъзида эса юмалоқ харсангдек силлиқ, тўқ кулранг, айрим ҳолларда батамом қора бўлиб кўринарди. Дарахтлар асосан кедр, арча ва йил бўйи ям-яшил бўлиб ўсадиган қарағайдан иборат. Қора қарағайнинг энг тепасида жажжи арчалардек ўсиб чиққан бежирим қўшимча шохлар алоҳида ажралиб турарди… найзабарг бўлмаган мирзатерак, тилоғоч, қандағоч дарахтлари эса яланғоч, сўлғин ва заиф кўринарди. Баъзида пўсти ола-була дарахтлар ҳам учраб қолади. Қоялар чўққисини қор буркаган, шамол еладиган тарафига эса ях бўлиб ёпишган. Катта-кичик кўлларнинг юзи юпқа, бир текис муз боғлаган, айрим жойларда ялпи музлар оралиқларида ҳосил бўлган жилғаларда сув шитоб билан пастликка қараб оқар эди.
Жулиетнинг тиззасида очиқ китоб турар, лекин уни ўқимасди. У дераза ортида намоён бўлаётган манзаралардан кўз узолмас, бир-бирига жипслаштириб қўйилган иккита курсида ўтирар, ёнидаги, шунингдек, рўпарадаги курсилар бўш эди. Жулиет кечаси ўша курсилардан ўзига ётадиган жой ҳозирлаган эди. Ҳозир ҳам у ер-бу ерда ерга теккудек осилиб турган, брезентга ўхшаш матодан тикилган адёллардан аллақандай ним ҳид ҳосил бўлган. Вагон назоратчиси ивирсиб юрар, айни пайтда жиҳозларни тартибга келтириш билан машғул эди. Вагоннинг у ёки бу томонидаги эшик очилгудай бўлса, қишки соф ҳаво эсиб қоларди. Ошхонадагилар қайтиб кира бошлади-ю, навбатдаги йўловчилар овқатлангани чиқиб кетишди.
Жулиет яқиндагина йигирма бир ёшга тўлган бўлса-да, ҳалитдан мумтоз филология бўйича бакалавр ва магистрлик даражаларига эришган. Ҳатто диссертация ёзишга ҳам тайёргарлик кўра бошлаган эди. Аммо бирмунча танаффус қилиш ниятида, Ванкувердаги қизларнинг хусусий мактабида дарс бера бошлади. Унинг педагогик билими йўқ. Шу боис кутилмаганда Ванкувер мактабида ўқитувчилик қилиш имконияти пайдо бўлиб қолганидан ғоят хурсанд эди. Тўғри, маош катта эмас, аммо кўп йиллар давомида арзимаган стипендия олиб келган Жулиет шунга ҳам жон-жон деб рози бўлди.
Жулиет малла соч, узун бўйли, оқ танли ва нозик қиз.У кўпроқ бамаъни ўқувчи қизни эслатади. Бошини тик кўтариб юрар, энгаги бўлиқ, оғзи катта, лаблари юпқа, бурни хиёл кўтарилган, кўзлари одамга тик боқадиган дадил, у ёки бу сабабдан тез-тез бўзариб турадиган юзи юмалоқ. Универститет профессорлари уни астойдил яхши кўришарди. Улар айни ҳозирги замонда кимдир қадимий тилларни ўрганишга бел боғлаганлигидан, яна ғоят қобилиятли бўлганлигидан мамнун, шу билан бирга ташвишда эдилар. Гап шундаки, бу шахс аёл киши.У турмушга чиққудек бўлса… – бу табиий, чунки қадди-қоматию чиройи ҳеч кимникидан кам эмас, бунинг устига доим стипендиялар совриндори бўлиб келаётган қиз бола… ҳа, эрга тегиб кетгудек бўлса, уларнинг барчаси чиппакка чиқиши ҳеч гапмас.
Хуллас, мактабда ўқитувчилик қилиш имконияти пайдо бўлганида ҳамма бир оғиздан маъқуллаган, катта ҳаёт йўлига чиқиб оласан, ҳақиқий ҳаётни ўз кўзинг билан кўрасан, деб маслаҳат беришган эди. Ўзи туғилиб, катта бўлган шаҳарчада унинг қобилиятига оқсоқлик ёки ортиқча бармоққа ўхшаган нотабиий бир нарса сифатида қарашар, унинг тикув машинасига бефарқлиги ёки бирон тугунни эплаб ўрай олмаслиги, баъзан ич кўйлагининг кўриниб туришига эътибор бермаслиги каби нуқсонларини эслашар, охири нима бўларкин, деб қўйишар эди. Шундай фикр ҳатто у билан ғурурланадиган ота-онасини ҳам ташвишга соларди. Онаси, табиий, қизининг истиқболи порлоқ бўлишини истар, шу боис уни пианино чалишни, конькида учишни ўрганишга мажбур қилар эди. Жулиет унисида ҳам, бунисида ҳам истар-истамас машқ қилар, шунинг учун бўлса керак, яхшироқ натижага эриша олмасди. Отаси унинг ҳаётда ўз ўрнини топиб олишини орзу қиларди. “Ўз ўрнингни топиб олишинг керак, акс ҳолда одамлар турмушингни жаҳаннамга айлантириб қўйишлари мумкин”, деб қайта-қайта такрорларди. Аммо отасининг ўзи ҳам, онаси ҳам ўз ўринларини топишмаган. Шундай бўлса-да, ўзларини бебахт деб билишмас, фақат Жулиетнинг омади келмай қолишидан хавфсирашар эди.
Жулиет коллежга ўқишга кирганидан кейин: “Ўз ўрнимни топдим. Менинг ўрним мумтоз филологияда. Ҳамма ишларим кўнгилдагидек кетяпти”, – деб хурсанд бўлган эди.
Ўқитувчилар ҳам худди шундай фикрда бўлиб, унинг ютуқларидан мамнун, шу билан бирга, охири нима бўларкин, деган ташвишда эдилар…
У айни пайтда поездда кетаётиб нима ҳақида ўйламасин, ўзини бахтли ҳис этарди.
“Тайга”. Жулиет дераза ортида намоён бўлаётган манзараларни шундай аташ тўғримикан, деб ўйлаб қолди. Хаёлида ўзини рус романларида тасвирланган кечаларда бўрилар увуллаб кезадиган, ўз қисматини шу ерда топадиган, нотаниш, ваҳимали, ғаройиб бир ўлка сари кетаётган ёш қаҳрамон деб ҳис этаётган бўлиши ҳам мумкин.
Бир пайт яқинлашиб келаётган сояга, сўнг оёқларга кўзи тушиб қолди-ю, бошини кўтариб қаради. Рўпарасида хом теридан тикилган попукли пойабзал, сариқ шим, тўқ-қизил ҳошияли сариқ-жигарранг куртка, кўк кўйлак кийган, бўйнига тўқ-қизил рангдаги галстук тақиб олган бир киши турарди. Ёши элликдан ошган бўлса керак. Сийрак малла сочи, – наҳот бўятган бўлса, – бошига ёпишиб қолгандек, – бароқ қошлари эса нисбатан қорароқ кўринарди.
– Бу жой банд эмасми? – сўради у.
– Йўқ.
Ҳеч ким банд қилмаган бўлса, у нима ҳам дейиши мумкин,
Кўриниши хунук. Аммо Жулиетнинг ўша вақтдаги фикрича, бу ёшда кўпгина эркакларнинг хунук бўлиши табиий. Лекин ҳозир бунақа демаган бўларди.
Янги йўловчининг қошлари чимирилиб, намланган тиниқ кўзлари, гўё биргаликда хурсандчилик қилишга чорлаётгандек, катталашиб Жулиетга қараб турарди. У Жулиетнинг қаршисига жойлашиб олиб:
– Одамни қизиқтирадиган бирон нарса кўринмайди, – деди.
Жулиет бошини қимирлатиб қўйгач:
– Узоққа кетяпсизми? – деб сўради.
– Ванкуверга.
– Мен ҳам ўша ерга кетяпман. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилмоқчиман. Кўриб қўйган яхши-да, а, нима дейсиз?
– Тўғри қиласиз.
– Сиз ҳам поездга Торонтода чиқдингизми? Мен ўша ерданман. Бир умр ўша ерда яшаганман. Сиз ҳам Торонтоданмисиз?
Жулиет ўртадаги сукутни чўзишга ҳаракат қилиб:
– Йўқ, – дея жавоб берди-ю, яна китобга қадалди. Аммо яхши тарбия кўргани учунми, қандайдир бир туйғу устун келиб, ўзи туғилиб ўсган шаҳарчанинг номию унинг қаердалигини, каттароқ шаҳардан қанчилик олис-яқинлигини, шунингдек, Гурон кўли ва Жоржия кўрфазига нисбатан қайси томонда жойлашганини гапириб берди.
– Холаваччам, – деди йўловчи, – Коллингвудда яшайди. Яхши жойлар. У ерда бир неча марта меҳмон бўлганман. Сиз ҳам менга ўхшаб якка ўзингиз кетяпсизми?
У гапирар экан, кафтларини тез-тез бир-бирига ишқалаб қўярди.
Жулиет:
– Ҳа, – деб жавоб берди-ю, ичида: “Бўлди, етар”, деб қўйди.
– Мен биринчи марта бунақа олис сафарга кетяпман. Бунинг устига якка ўзим…
Жулиет жавоб бермай жимгина ўтираверди.
– Якка ўзингиз китоб ўқиб ўтирганингизни кўриб, балки у ҳам олисга, ёлғиз ўзи кетаётган бўлса, ҳамсуҳбат бўлиб қолармиз, деб ўйладим.
Лекин у Жулиетнинг дидига ёқмади. Баъзида сўққабош, бесўнақай эркаклар ўзларига ўхшаб унинг ҳам омади келмаган, деган ўй билан Жулиетнинг олдига дадил келишади. Бу бошқа гап. Янги йўловчига аёл киши эмас, ўзи айтганидек, дўстлашадиган эркак киши керак.
Жулиет четдан қараганда, кўпларга ўзининг ғайритабиий кўринишлигини билади. Қисман тўғри. Айрим одамлар унинг эътиборини, вақтини, ҳатто қалбини ром қилиш ниятида суйкалишини неча бор кузатган.
Ҳамиша ёнимда бўл, хушмуомила бўл, каби муомилага кичиккина шаҳарчада, айниқса, қизлар ётоқхонасида яшаб туриб ўрганиш мумкин. Жулиет унга бир қараб қўйди, лекин жилмаймади. Йўловчининг юзида негадир хавотирланиш аломати пайдо бўлди.
– Китобингиз яхши шекилли. Нима ҳақида экан?
Жулиет китоб ақл бовар қилмайдиган нарсаларга ихлос қўйган қадимий юнонлар, умуман Қадимги Юнонистон ҳақида эканини гапириб ўтиргиси келмади. Қадимий юнонлар тилидан дарс бермаса бўларди. Мана, энди “Қадимги Юнонистонда фикрлаш тарихи”ни ўрганиши лозим. Шу боис Додднинг мақолаларида баён этилган қандай фикрлардан фойдаланиш мумкинлигини англаш учун китобни қайтадан ўқиб чиқишга қарор қилган эди.
– Ҳа, яхши китоб, – деди у гапни қисқа қилиб. – Ўқиб чиқишим керак. Яхшиси, кузатиш вагонига чиқа қолай. – У ўрнидан туриб, эшик томон юрар экан, ичида қаёққа чиқиб кетаёганимни айтмасам бўлар экан, деб қўйди. Бу ҳолда у яна биронта савол билан орқасидан эргашиши ҳам ҳеч гапмас. Сербар ойналар билан қопланган махсус кузатув вагони совуқ бўлиши табиий.
Свитерини олса бўларкан. Аммо энди орқага қайтиб ўтирмайди-ку.
Поезднинг охирига тиркалган кузатув вагонидан кўриниб турган манзаралар унга унчалик ёқмади. Чунки қатор вагонлардан иборат бутун бир поезд олдиндаги манзараларни тўсиб, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди. Балки гап бунда ҳам эмасдир. Унинг аъзойи-бадани ҳалитдан совуққа уюша бошлади. Лекин бундан афсусланмади. Янги йўловчи шилимшиқдай ёпишиб олиши ҳам мумкин. Танишиш ниятида исмини айтиб қўлини чўзса, у ҳам ноилож қўлини узатишга мажбур бўлади. Унинг ҳамсуҳбат бўлиш ҳақидаги сўзни қандай талаффуз қилганини эслади. Кузатув вагонига ўтиб тўғри қилибди.
Вагонда ундан бошқа яна икки киши – алоҳида-алоҳида ўтиришган икки кекса аёл бор эди. Бир пайт Жулиет юзини қор қоплаётган мўъжазгина кўлни кесиб ўтаётган каттакон бўрини кўриб қолди. Аёллар ҳам унга эътибор беришган экан. Аммо на унисидан, на бунисидан садо чиқди. Жулиет ҳайрон бўлиб, ўзини ноқулай ҳис қила бошлади. Бўри поездга эътибор ҳам бермади, саросимага тушмади, қадамини ҳам тезлаштирмади, бамайлихотир кетаверди. Узун, кумушранг жунини оқ кул босгандек. Шунақада кўзга кўп ташланмайман, деб ўйлаганми? Жулиет бўрига қараб турар экан, яна бир йўловчи – эркак киши кириб келиб, унинг ён томонига ўтирди. Унинг ҳам қўлида китоб бор эди. Кейин яна бир жуфт қария – жуссаси кичик, лекин тетиккина кампир ва хансираб нафас олаётган, йўғон гавдали, новча, бесўнақай чол кириб келди.
– Бу ер совуқ экан, – деди қария жойлашиб ўтириб олгач.
– Курткангни олиб келиб берайми?
– Кераги йўқ, қўявер.
– Менга қийинмас.
– Қўявер, музлаб қолмасман.
Бир нафасдан сўнг аёл:
– Бу ерда манзара яхши экан, – деб қўйди. – Қария жавоб бермади. Кампир яна бир карра: – Ҳамма ёқ кафтдек кўриниб турибди, – дея мақтаган бўлди.
– Кўрадиган нима бор экан?
– Тез орада тоғларни кесиб ўтамиз. Ана ўшанда ажойиб манзаралар бошланади. Нонушта сенга маъқул бўлдими?
– Тухумлар меъёрига етмабди, яхши пишмабди.
Кампир:
– Биламан, – дея унинг фикрини тасдиқлади. – Ошхонага бориб ўзим пиширсамми, деб ҳам ўйлаган эдим.
– Камбузга, демоқчисан-да.
– Мен камбуз кемаларда бўлади, деб ўйлаган эдим.
Жулиет ва унинг ён томонида ўтирган эркак киши баравар бошларини китобдан кўтаришди. Нигоҳлар ҳеч қандай маъно ифода этмаган ҳолда учрашди. Бир неча сониядан кейин эса поезд юришини секинлаштириб, тўхтади. Улар атрофга қарашди. Поезд ўрмон орасидаги бир қишлоқчада тўхтаган эди. Бир томонда тўқ қизил рангга бўялган бекатхона биноси, иккинчи томонда темирйўл ишчиларининг худди ўша рангдаги уй ва бараклари кўриниб турарди. Радиодан тўхтам ўн дақиқа давом этишини эълон қилишди.
Жулиет ташқарига кўз ташлади. Қордан тозаланган бекат майдонида оёқларининг чигилини ёзиш учун поезддан тушган кишиларни кўриб, унинг ўзида ҳам шундай истак пайдо бўлди. Аммо пальтоси ўз вагонида қолган эди.
Унинг ёнида ўтирган киши ўрнидан туриб, вагондан пастга тушиб кетди. Эшик очилиб, гуп этиб совуқ шабада кирди. Кекса киши:
– Нимага тўхтаб қолдик? Бу ернинг номи нима? – деб сўради. Хотини бекатнинг номини ўқиш учун дераза бўйлаб олдинга юрди, аммо бирон ерда ёзув кўзга ташланмади.
Жулиет менад қабилалари ҳақидаги мақолани ўқир эди. Додднинг ёзишича, улар ўз маросимларини қишнинг ўрталарида кечалари ўтказишар экан. Ана шундай маросимлардан бирида аёллар Парнас тоғининг тепасида турган пайтларида кучли бўрон бошланиб қолади. Аёлларга кўмак бериш учун қутқарув гуруҳи жўнатилади. Уларни музлаб, тахтадек қотиб қолган кийимларда пастга олиб тушишади. Аёллар ақлдан озадиган даражада бўлсалар-да, қутқарувчиларнинг кўмагидан фойдаланишга муваффақ бўлишган. Жулиетга бу воқеа, бугунги кун кўзи билан қараганда, айни замонда табиийдек бўлиб кўринди. Аммо ўқувчилар бу ҳолатни тўғри баҳолай олишармикан? Қайдам?..
Поезднинг жилишига ҳуштак чалиниб, вагонга кираётган шабада барҳам топди. Поезд қийналиброқ юриб, бошқа йўлга ўтиб олди. Жулиет атрофга яна бир карра назар ташлаш учун бошини кўтариб, паровознинг муйилиш орқасида кўздан ғойиб бўлаётганини кўрди.
Тўсатдан барча вагонлар силкиниб, уларнинг вагони чайқалиб кетди. Поезд кескин равишда тўхтади.
Йўловчилар поезднинг юришини кутиб, жойларида ўтираверишди, ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ҳатто арзимаган нарсадан норозилик билдирадиган кекса йўловчи ҳам миқ этмай ўтирарди. Орадан бир неча дақиқа ўтди.Эшиклар очилиб-ёпила бошлади. Эркакларнинг ваҳимали норози овозлари, яна кимнингдир, вагон назоратчиси бўлса керак – амрона овози эшитилди. Лекин унинг нима деяётганини англаб бўлмасди.
Жулиет ўрнидан туриб, олдиндаги вагонларнинг томларига қараганча вагоннинг пешига қараб юрар экан, қор кечиб чопиб кетаётган кишиларга кўзи тушди.
Ҳар қайси алоҳида ўтирган аёллардан бири унинг ёнига келиб турди.
– Шунақа бир фалокат бўлишини юрагим сезган эди, – деди у. – Ҳа, бекатда турганимиздаёқ сезганман буни. Ҳатто, жойимиздан жилмасак керак, деган ўйда эдим. Нимадир содир бўлади, деган хавотир бор эди менда.
Иккинчи аёл ҳам яқинлашиб, уларнинг орқасига бориб турди.
– Балки, ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлмагандир, – гапга қўшилди у. – Йўлга бирон шох-пох тушиб қолган бўлиши мумкин.
Биринчи аёл:
– Паровознинг олдига маҳсус мослама ўрнатилган, – дея эътироз билдирган бўлди.
– Балки…
Ҳар иккала аёлнинг гап-сўзларида шимолий англия талаффузи сезилиб турар, муомалаларида эса нотаниш ёки ҳозиргина танишган кишиларга хос назокат сезилмас эди. Жулиет уларга синчиклаб қараб, опа-сингиллар бўлиши мумкин, деган ўйга борди. Улар бирга кетаётган бўлса-да, негадир, алоҳида ўтирарди. Балки, аразлашиб қолгандир.
Бир пайт вагон назоратчиси кириб:
– Илтимос, безовта бўлманглар. Ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлгани йўқ, – дея йўловчиларни тинчитган бўлди. – Биронта тўсиққа дуч келган бўлсак керак. Озроқ тўхтаб қолганимиз учун узр сўраймиз. Имконият бўлиши билан жиламиз. Ҳозир эса озгина сабр қилиб туришимизга тўғри келади. Бошлиғимизнинг айтишича, бир неча дақиқадан сўнг бепул қаҳва берилади.
Жулиет пастга тушиш мақсадида унинг ортидан юрди-ю, ўзида аёлларнинг саломатлиги билан боғлиқ шахсий муаммо пайдо бўлганлигини сезиб қолди. Энди, ҳалигина зўрға қутилган одами ўтирибдими-йўқми, зудлик билан ўз жойига қайтиб, сумкасини олиб чиқиши лозим. Одамлар поезднинг бир томонидаги деразаларга қапишиб олган, баъзилар гўё ҳозир эшик очиладигандек, йўлакдаги майдончада туришар эди. Жулиет вагонлар оралаб шошиб кетиб борар экан, сўраб-суриштиришга вақти йўқ, аммо заруратхона томон борар экан: “Айиқ бўлса керак ёки буғуми, сигирми?” деган сўзларни эшитиб қолди. Йўловчилар: “Ўрмонда сигир нима қилади? Наҳот ҳамма айиқлар ҳам уйқуга кетмаган бўлса. Ё, аллақандай маст одам темир йўл ўртасида ухлаб қолганмикин”, дея ҳайрон бўлишмоқда эди. Йўловчилар вагон-ресторанда, дастурхонлари йиғиб олинган столлар атрофида ўтириб текин қаҳва ичишарди.
Жулиет ўз вагонига қайтиб кирганида ўз жойи ҳам, рўпарадаги ўрин ҳам бўш эди.У сумкасини олиб, заруратхонага шошилди. Қизларда бўладиган бу ҳолат жонига теккан эди. Бир марта ҳатто уч соатли муҳим ҳужжатни ёзиб топширишга қаттиқ халал берган эди, чунки имтиҳон қоидаси бўйича, ташқарига чиқиш мумкин эмасди…
Жулиет ўз жойига қайтиб келганида ён тарафда тўрт-беш ёшлардаги ўғил бола рангли қаламлар билан юпқа китобчадаги суратлардан бирини бўяб ўтирарди. Унинг онаси Жулиетга бепул қаҳва ҳақида гапириб кетди:
– Бепул бўлса-да, ўзимиз олиб келишимиз керак, шекилли. Мен бориб келгунимча ўғлимга қараб туролмайсизми?
Аммо болакай расмдан бошини кўтармаган ҳолда:
– У билан қолишни истамайман, –деб эътироз билдирди.
– Келинг, – деди Жулиет, – мен бориб кела қолай.
Лекин айни шу дамда қаҳва олиб юриладиган аравачани итариб ошхона ходими кириб келди.
– Ана, – деди аёл. – Мен бекорга безовта бўлибман. – Поезд босган кишининг қанақа одамлигини билдингизми?
Жулиет бошини сарак-сарак қилиб, йўқ, деган маънони билдирди.
– Эгнида ҳатто пальтоси ҳам йўқ экан. Унинг поезддан тушиб, олдинга ўтиб кетганини кимдир кўрган экан. Лекин уни нима қилмоқчи бўлганлигини ҳеч ким билмайди. Шунчаки паровозни айланиб ўтмоқчи бўлган шекилли, машинист эса уни кўрмаган, босгандан кейингина билиб қолган.
Болакайинг онаси томонда ўтирган эркак киши деразага қараб олиб:
– Ана, қайтиб келишяпти, – деди.
Бошқа йўловчилар ҳам ўринларидан туриб, дераза томон юз тутишди. Болакай ҳам даст ўрнидан туриб деразага қапишган эди, онаси:
– Сен ўз ишингни қилавер! Қара, қанақа чаплаштириб юборибсан! – дея танбеҳ берган бўлди, сўнг Жулиетга ўгирилди. – Йўқ. Бунақа нарсаларни кўришга тоқатим йўқ.
Жулиет ҳам ўрнидан туриб, деразадан пастга қаради-ю, бекатхона томон югуриб кетаётган бир гуруҳ кишиларни кўрди, холос. Баъзилари пальтоларини ечиб, улардан иккитаси кўтариб кетаётган замбилнинг устига ташлади.
Жулиетнинг орқасида турган киши ўз жойида қолган аёлга ўгирилиб:
– Ҳеч нарса кўринмайди, – деди. – Устини беркитиб қўйишибди.
Бошларини қуйи эгиб ўтиб кетаётган кишиларнинг ҳаммаси ҳам темирйўлчилар эмас. Улардан бири кузатув вагонида Жулиетнинг ёнида ўтирган киши эди.
Яна ўн-ўн беш дақиқадан сўнг поезд жойидан жилди. Муюлишда поезднинг у томонида ҳам, бу томонида ҳам қон изи кўринмади. Аммо топталиб кетган бир бўйрача ерда қор уюми ҳосил бўлган эди. Орқада ўтирган эркак киши яна ўрнидан туриб:
– Воқеа худди мана шу ерда содир бўлган, – деди-да, яна бирон нарса кўриниб қолармикин, деган ниятда пастга қаради.
Поезд орадан ўтган қўшимча вақтнинг ўрнини тўлдириш мақсадида юришни тезлаштириш ўрнига ҳатто олдингига нисбатан анча секин юриб борарди. Балки навбатдаги бурилиш орқасида яна бирон нарса чиқиб қолмасмикин, деган хавфдадир. Ким билади. Бош кузатувчи вагонни оралаб биринчи навбатдаги хўрандаларни тушликка чорлаб ўтиб кетди. Унинг ортидан бир гуруҳ йўловчилар бирин-кетин чиқа бошлашди. Жулиетнинг ёнидан ўтиб кетаётган аёллардан бири суҳбатдошидан:
– Ростданми? – деб сўради.
У эса секингина:
– Шунақа, – деди. – Жиққа қонмиш!
– Қўй, гапирма.
Орадан бир мунча вақт ўтиб, овқатлангани чиқиб кетган гуруҳ қайтиб киргач, йўлакда кузатув вагонидаги киши пайдо бўлди. Жулиет уни пастда қор кечиб, ўралашиб юрган кишилар орасида ҳам кўрган эди. Жулиет илдам унинг олдига бориб:
– Кечирасиз, – дея мурожаат қилди, – сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим.
– Хўш, қулоғим сизда?
– Сиз шифокормисиз? Ўша одамни кўрдингизми?
– Йўқ, шифокор эмасман. Лекин бу соҳада бир мунча тажрибам бор. Поездимизда бирон шифокор бўлмагани учун…
– Ёши нечада экан?
– Билолмадим. Ҳар қалай ёш эмас.
– Кўк кўйлакдамиди? Малла соч…
У Жулиетнинг саволига жавоб бериш ўрнига:
– Сиз уни танирмидингиз? – деб сўради, сўнг: – Вагон кузатувчисига айтиш керак, – деб қўшиб қўйди.
– Йўқ, танимайман.
– Унда, узр, – деб, эшикни итариб очиб, чиқиб кетди.
Даҳшатлиси шуки, жиққа қон!
Афсуски, Жулиет ўз хатосини, ҳалигина бўлиб ўтган фожиавий воқеани ҳеч қачон ҳеч кимга айта олмайди. Негаки, кимга айтмасин, уни ҳиссиз, тошбағир бир кимса, деб ўйлаши турган гап. Англашилмовчилик нимадан келиб чиққанлиги, ўзига-ўзи суиқасд қилган кишининг мажақланган гавдаси – бири иккинчисига боғлиқ бўлмаса-да, бирини эсласа, иккинчиси кўз олдига келиб туриши аниқ. Хуллас, бу ҳақда ҳеч қачон ҳеч қимга айтмасликка қарор қилди-ю, айни пайтда кимгадир бирон нарса айтиб беришни истаб қолди ва ёндафтарини очиб, ота-онасига хат ёза бошлади:
“…Биз ҳали Манитобой билан оралиқдаги чегарага яқинлашиб қолган эдик. Кўпгина йўловчилар дераза ортида ҳамон бир хилдаги манзаралар кўринаётганидан шикоят қилаётган эдилар. Бугун эрталаб шимолий ўрмонда атрофдаги барча нарсалар темирйўлларга хос мискин қизил рангга бўялган, аллақандай ярим хароба бекатда тўхтадик. Мен поезд ортидаги энг сўнги вагон – атрофни томоша қилиб кетиш учун мўлжалланган махсус вагонда совқотиб ўтирардим. Одатда бундай вагонлар яхши иситилмас, ўтин-кўмирни тежашар эди. Мен эса вагонимга бориб, свитеримни кийиб келишга эринардим. У ерда ўн-ўн беш дақиқача туриб қолдик, сўнг поезд яна юриб кетди-ю, олдинда муюлишда кетаётган паравозга кўзим тушди ва айни шу сонияларда қўрқинчли силкиниш содир бўлди…”
Улар, жумладан, ота-онаси ҳамиша уйга қизиқарли воқелар тўғрисидаги хабарларни келтиришга ҳаракат қилишарди. Бунинг учун воқеанигина эмас, у ёки бу воқеада ўзининг тутган ўрнини бир мунча ўзгартиришга, баъзи нарсаларни қўшиб-чатиб гапиришга тўғри келарди. Ҳар қалай Жулиетнинг шахсий ҳаёти мактабда ўтган кезларда у шундай фикрда эди. Бунинг учун ўзини бир чеккада туриб кузатувчи, ақл-идроки юқори бўлган шахс деб фараз қилиши лозим бўларди. Энди у, уйдан ҳамиша олисда юрар экан, бундай муносабат шартли равишда табиий бир ҳолга айланган .
Аммо “қўрқинчли силкиниш” деб ёзди-ю, бу ёғини давом эттира олмаслигини сезиб қолди.
У яна деразага ўгирилиб, ўзини чалғитмоқчи бўлди. Манзара ҳамон ўша бўлса-да, назарида, бирмунча ўзгаришлар пайдо бўлгандек. Улар юз миль масофани босиб ўтишмаган бўлсалар-да, об-ҳаво ўзгариб, илиқ ҳарорат пайдо бўлгандек. Кўл юзини муз қоплаган, атрофи ях билан ўралган. Қорайиб турган сув, момоқалдироқдан дарак берувчи булутлар остидаги қора қоялар атрофни яна ҳам қоронғи қилиб кўрсатар эди. Табиат манзараларини кузатиш ҳам жонига тегди, шекилли, яна Доддни қўлига олиб,тўғри келган жойдан варақлашга тутинди. Барибир эмасми, ахир илгари ҳам ўқиган-ку. Ҳар уч-тўрт бетда ўша вақтда тагига чизиб қўйилган матнлар бор. У пайтда бу матнлар унинг эътиборини ўзига тортган бўлса, энди ўқиб кўриб, уларнинг унчалик жозибали эмаслигига эьтибор берди…
Жулиетнинг қўлидаги китоб сирғалиб ерга тушди, кўзлари аста юмилиб, туш кўра бошлади: у аллақандай болалар билан биргаликда кўл устида юриб кета бошлабди. Улар қадам босган жойларда ях дарз кетиб, бари бир хил ҳажмдаги беш қиррали шакллар ҳосил бўлар, кўл ана шу ях билан қопланган полга айланар, болалар булар нима деб сўрашар эмиш…
У уйғониб, кўзини очганида рўпарасида ўша, ҳали ўзини саволга тутган одам ўтирарди.
– Кирсам ухлаётган экансиз, – деди у жилмайиб.
Кампирларга ўхшаб бошини кўксига эгиб, оғзининг бир чеккасидан сўлакайи оқиб ухлабди. Энди эса яна зудлик билан заруратхонага бориш зарурияти пайдо бўлган эди. Шу боис не сабабдан шошаётганлигини сездирмасликка ҳаракат қилганча:
– Кечирасиз, – деди-да сумкасини олиб, чиқиб кетди.
Жулиет зарур чораларни кўриб, ювиниб, сочларини тараб, қайтиб кирганида бояги одам ҳамон ўз жойида ўтирар экан, ундан кечирим сўрамоқчи бўлганини маълум қилди:
– Ҳали менга савол берганингизда сиз билан қўпол муомала қилганимни англаб қолдим.
– Шундай, – дея унинг гапини тасдиқлади Жулиет.
– Тўғри айтган экансиз, – деди у. – Сиз уни тўғри таърифлаб берган экансиз.
Бу сўзларни у шунчаки бир тортиқ сифатида айтаётгани йўқ, бу унинг учун оддий бир иш эди. Агар Жулиет жавоб беришни истамаса, сира ҳам хафа бўлмай ўрнидан туриб, чиқиб кетган бўларди, чунки бу ерга нима мақсадда кирган бўлса, унга эришиб бўлган эди.
Жулиет уялганидан кўзлари намланди. Бу кутилмаган ҳолат шунчалик тез содир бўлдики, юзини ўгиришга ҳам улгурмади.
– Ҳечқиси йўқ, – деди у.
Жулиет дарҳол бошини қимирлатиб, енгил нафас олар экан, бечораҳол бир ҳолатда сумкасидан рўмолча олиб, бурнини артди.
– Бари жойида, – деди сўнг ва нима бўлганлигини: ўша одамнинг, бу жой банд эмасми деб сўрагани, қандай ўтиргани, ўзининг деразага қараб ўтиравергани, бу ҳам меъдасига тегиб, китоб ўқимоқчи ёқи ўзини китоб ўқиётган қилиб кўрсатмоқчи бўлганини, хуллас, Жулиет ўрнидан туриб кетмагунга қадар суҳбатни давом эттириш мақсадида бўлгани – бари-барини батафсил айтиб берди.
– Ҳа, – деди яна суҳбатдоши, – эркаклар аёлларни гапга солишни хуш кўришади,
– Бу гапингиз тўғри.
– Чунки уларнинг кўнгилчанглигини билишади-да.
Жулиет ўша одамнинг хатти-ҳаракатларига бошқача тус бермоқчи бўлди шекилли:
– Ким биландир гурунглашиб кетишни кўнгли тусаган бўлса керак, – дея тахмин қилди. – Сергап суҳбатдош керак бўлган унга. Мен буни энди англадим. Мен, бундоқ қараганда, жоҳил бўлиб кўринмасам-да, аслида шунақа одам эканман… Агар унга жиндек ён босиб, суҳбатлашиб ўтирганимда бундай фожиа юз бермаган бўлармиди…Эгнидаги барча кийим-бош, кечагина магазиндан олинган бўлса керак, сув янги эди. Сафарга чиқиш арафасида атайлаб олинган бўлса керак. Балки оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган бўлса, бирон жойга бориб, овуниб келиш мақсадида йўлга чиққандир. Ахир бу янги кишилар билан танишиб. дўст-биродар орттиришнинг энг яхши усули-ку. Яқинроқ жойга кетаётган бўлса кошки эди, йўқ, у айнан Ванкуверга кетаётган эди. Демак, бир неча кун давомида менга ҳамроҳ бўлиши ҳам мумкин эди.
– Ҳа, албатта.
– Ростдан шундай бўлиши турган гап.
–Ҳа, одамнинг иши юришмаса қийин, – деди суҳбатдош хиёл жилмайиб. – Биринчи марта бир кимсага танбеҳ бермоқчи бўлган экансиз-у, ўша ҳам ўзини поезднинг тагига ташлабди.
Жулиет энди ўзини оқламоқчи бўлиб:
– Балки, бу сабркосаси тўлиб кетганидандир, – деди. – Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку.
– Начора. Энди эҳтиёт бўлиб иш тутишингизга тўғри келади. Келажакда, демоқчиман.
Жулиет бошини кўтариб, унга тикилди:
– Сизнинг назарингизда мен бу ишнинг жиддийлигини бир мунча ошириб юборгандек кўриняпман, шундай эмасми? – Айни шу дамда кутилмаган ғалати бир ҳолат содир бўлди: даҳани силкиниб, хахолаб кулиб юборай деди. – Балки мен бирмунча ошириб юборгандирман, – деди.
– Хиёл, – деб қўйди ҳамроҳи.
– Пашшадан фил ясаяпти, деб ўйлаяпсизми?
– Бу табиий.
– Лекин буни хато деб ўйласангиз керак? – У кулгидан ўзини аранг тутиб турарди. Ўз айбига иқрор бўлиш – бу ўз нуқсонларини тан олиш деб ўйласангиз керак?
– Нимаям деб ўйлардим, – деди у. – Буларнинг бари арзимаган икир-чикир. Ҳа, ҳали ҳаётингизда содир бўладиган бошқа воқеаларга нисбатан майда гап бўлиб кўриниши аниқ. Ўзингизни нималар учундир айбдор ҳис этадиган нарсалар ҳам бўлиши мумкин.
– Одамлар ўзидан кичик ёшдагиларга ҳамиша шунақа дейишмайдими? Мана, кўрасан, маълум вақт ўтгандан кейин сен ҳам бундай ўйламайдиган бўлиб қоласан, дейишади-ку. Гўё ёшлар жиддий ҳиссиётларга қодир ҳам эмасдек.
– Ҳиссиёт, дейсизми? Мен эса ҳаётий тажриба ҳақида гапираяпман.
– Ахир, айбингга иқрор бўлишдан ҳеч қандай фойда йўқ, деб ўзингиз айтяпсиз-ку. Бошқалар ҳам тез-тез гапириб туришади. Шу тўғрими?
– Сиз ўзингиз нима деб ўйлайсиз?
Улар бу тўғрида анча вақт баланд овозда гаплашиб ўтиришди. Атрофдаги одамлар уларга ҳайрон тикилишар, ҳатто энсалари қотаётганини билдиришар эди…
Бир пайт суҳбатдош қаҳва ичиш учун люкс вагонга ўтишни таклиф қилиб қолди. Жулиет бажонидил рози бўлди, негаки, қорни очиққан, тушлик қилиш вақти ҳам ўтиб кетган эди. Бу ерда қуритилган ўрама нону ёнғоқдан ўзга бирон нарса йўқ, шу боис уларни иштаҳа билан кавшай бошладилар. Суҳбат мавзуси ҳам ўзгарди. Энди улар ўзлари ҳақида гаплаша бошладилар. Унинг исми Эрик Портеос, Ванкувернинг шимолий қисмида, жанубий соҳилда – Кит кўрфази деб ном олган жойда яшар экан. Аммо ҳозир тўғри ўша ерга эмас, анчадан бери кўришмаган бир киши билан дийдор кўришиш мақсадида Режайнга кетаётган экан. Касби – балиқчи. Креветка балиғини овлар экан. Жулиет унинг, тиббиёт соҳасида бир мунча тажрибага эгаман, деган сўзларини эслатди.
– Унчалик эмас, – деди у. – Озгина шуғулланганман. Кимсасиз ўрмонда ёки денгизда биргаликда ишлаётган кишилар ёки ўзингиз билан ҳар хил ҳолатлар содир бўлиб қолиши мумкин.
Уйланган. Хотинининг исми – Эни экан.
– Саккиз йил олдин, –деди яна Эрик, – Эни автоҳалокатга учраб, бир неча ҳафта касалхонада ҳушсиз ётди, сўнг ҳушига келиб, уйга қайтди. Аммо бир умрга шол бўлиб қолди. Юролмайди, овқатни ҳам ўзи ея олмайди. Ҳатто гапириш ва атрофда нима бўлаётганини идрок этиш қобилиятини ҳам йўқотган. Мен ва уни парвариш қилаётган энага аёлни танийдигандек… Ўша аёл бўлмаганида мен уни уйимда олиб туролмаган бўлардим.
… Эни унчалик ҳушламаган бўлса-да, эри билан бирга меҳмонга боради ва барвақт дастурхондан туриб, ёлғиз ўзи уйга қайтишга қарор қилади. Йўлда маст-алас ёшлар кетаётган машина уни босиб кетади…
– Биласизми, бу ҳақда бировларга гапирсангиз, – деди Эрик, – улар албатта: “даҳшат!”, “қандай фожиа!” дейишади.
Жулиет ҳам худди шу маънода бир нима демоқчи бўлиб турган эди.
– Бошқа нима ҳам дейиш мумкин?
– Ҳа, тўғри айтасиз, албатта. Аммо бу одамлар ўйлаганларига нисбатан анча мураккаб.
Дарвоқе, Эни учун бу фожиа эдими?.. Эрик учун эса яна бир фожиали томони шундан иборатки, у бунга ва бошқа кўп ҳолатларга кўникиши, умрбод кўникиб бориши лозим бўлган, бир умр давом этадиган фожиа эди бу.
Жулиетнинг эркаклар билан яқин муносабатлари фақат унинг тасаввурида кечарди. Бир жуфт киноартистлар: “Дон Жуан”даги жасоратли, қаҳри қаттиқ қаҳрамон эмас, ҳар жиҳатдан ёқимли, хушовоз артист ва Шекспир тасвирлаган, кинода эса Лоренс Оливье ижро этган Генрих Бешинчи.
Буларнинг бари кулгили, ғариб тасаввурлар, лекин бу билан кимнинг нима иши бор? Воқелик ҳаётда эса камситилиш, кўнгил қолиш, умидсизлик… Жулиет буларнинг барини тезроқ юрагидан чиқариб ташлаш ва унутишга ҳаракат қиларди.
У яна бир нарсани: мактабда ўтказиладиган кечаларда йигитчалар унчалик назарга илмайдиган гуруҳдаги қизлар сафида туриб, қайси бола рақсга таклиф этар экан, деб кутишдек нохуш ҳолатларни ҳам кўп марта бошидан кечирган. Унинг бўйи бошқа қизларникига нисбатан бир мунча баланд. Балки бу ҳам бир сабаб бўлгандир, чунки бўйи ўзидан новча бўлган қизни қучиб, рақсга тушишни ҳамма ҳам хуш кўравермайди-да. Коллежда эса ўзига ёқмайдиган йигитчалар билан учрашув пайтларида ўзини хушчақчақ ва эркин қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган кезлардаги ўксиниш ҳолатлари унга тинчлик бермасди. Ўтган йили ўзининг илмий раҳбариникига меҳмонга келган жияни унинг номусига теккан эди. Йўқ, зўрламади, Жулиетнинг ўзи мойиллик билдирди. Бу ҳам майли-я, алам қиладиган жойи, йигитча уйга қайтаётган пайтда дабдурустдан: “Сен менинг дидимга тўғри келмас экансан”, – деди. Жулиет ўзини шу даража камситилган, таҳқирланган ҳис қилдики,ҳатто унга жавоб тариқасида бирон нарса дея олмади.
У ҳеч қачон ўзини маълум бир кишининг ёки бирон ўқитувчининг севгилисиман, деб ҳатто хаёлига келтирган эмас. Аслини олганда, у ёши ўзидан катта бўлган эркакларни умуман ёқтирмасди.
Бу йўловчининг ёши нечада экан? Айтишига қараганда, бундан камида саккиз йил,балки икки-уч йил аввал уйланган. Бундан келиб чиқадики, ўттиз беш, нари борса, ўттиз олти ёшларда. Манглайига оқ оралаган қорамтир сочлари жингалак, юзи ҳаловатли, ажин тушган пешанаси кенг, сергак боқадиган қорача кўзлари катта-катта. Чуқурчаси бор юмалоқ энгаҳи хиёл кўтарилган. Сал эгилган елкалари бақувват. Бўйи Жулиетникидан баланд эмас.
Жулиет унга ўзининг нима иш қилиши, Торранс-хаус мактабининг қандай аталиши, ўзининг ҳақиқий ўқитувчи эмаслиги, фақат лотин ва қадимий юнон тили бўйича мутахассис бўлгани учун уни жон-жон деб ишга қабул қилишганларини гапириб берди. Касбининг ҳозир камёб эканлигини ҳам таъкидлаб қўйди.
– Сиз нима учун бу соҳани танлагансиз?
– Бошқалардан ажралиб туриш учун бўлса керак, –деб Жулиет кулди-ю, сўнг йигитларга, умуман, эркакларга, уларнинг ҳафсаласини пир қилмаслик учун, ўз касби тўғрисида гапирмасликка аллақачон қатъий қарор қилиб қўйганлигини айтди. – Ҳа, – деди яна, – умумун, бу соҳа менга ёқади. Қадимги дунё тарихини яхши кўраман. Рост айтяпман.
Улар кечки овқатни биргаликда тановул қилдилар. Бир қадаҳдан вино ичишди, сўнг кузатиш вагонига бориб, ним қоронғи жойда ўтиришди. Жулиет бу сафар свитерини ўзи билан олиб юришни унутмаган эди.
– Одамлар, кечаси бу ердан ҳеч нарса кўринмайди, деб ўйлашлари турган гап, – деди бир пайт Эрик. – Лекин, қаранг, ҳаво очиқ, осмон тўла беҳисоб юлдузлар чарақлаб турибди.
Ростдан ҳам тун ёруғ эди. Ҳали ой кўринганича йўқ, сон-соноқсиз хира, ёрқин юлдузлар эса жам бўлиб, осмон юзини қоплаган. Иш фаолияти денгиз билан боғлиқ бўлган ҳар қандай киши каби Эрикнинг ҳам юлдузли осмон харитасига ақли етарди. Жулиет эса фақат Етти оғайни юлдузлар туркуминигина топа олди.
– Ана шундан бошлаймиз, – деди Эрик. – Етти оғайни юлдузларнинг биқинида турган иккита юлдузни кўряпсизми? Рўпарасида – қўллари бор, топдингизми? Булар кўрсаткичлар. Шулар бўйлаб бораверсангиз, Шимол юлдузига бориб етасиз. Ва ҳоказо…
Унинг сабоғи Жулиетга ҳуш ёқарди. Ниҳоят, ўргатиш навбати Жулиетга келди. Эрик юлдузларнинг номларини яхши билар, лекин бу номларнинг келиб чиқиш тарихини билмас эди.
Жулиет Орионнинг кўзини Ойнопион қандай кўр қилиб қўйганлиги, кейин Орион кўзларини қуёшга тоблаб, шифо топганлигини гапириб берди. Орион ғоят гўзал бўлганлиги учун Ойнопион унга хасад килиб кўр қилиб қўяди. Орионга Гефест кўмак беради. Оқибат натижада у, яъни Орион Артемиданинг ўқидан ҳалок бўлади-ю, юлдузлар туркумига айланади. Одатда шундай бўлган: эътиборга лойиқ бирон кимса фалокатга учраса, у бирон туркумга айланган.
– Кассиопея қаерда?
Эрик аниқ кўринмай турган “W” ҳарфига ўхшаш шаклни кўрсатди.
– Ўтирган аёлга ўхшатишади.
– Бу ҳам гўзалликдан, – деди Жулиет.
– Нима, гўзаллик хавфли бўлганми?
– Бўлганда қандоқ! Кассиопея Эфиопия қиролининг хотини, Андромеданинг онаси бўлган. У ўз гўзаллиги билан мақтаниб, фахрланиб юрган. Бу такаббурлиги учун уни осмонга сургун қилишган. – Шу тоб Жулиет осмонга қаради. – Қаердадир Андромеда ҳам бўлиши керак, тўғрими? – деди у.
– Бу галактика. Умуман олганда, уни бугун кўриш мумкин. Ҳа, асбобсиз кўриш мумкин бўлган энг олис юлдуз у.
Эрик ҳатто қайси томонга қараш лозимлигини кўрсатган дамларда ҳам Жулиетга бирон марта қўл теккизмади. Тўғри-да, у хотинли одам бўлса.
– Хўш, Андромеда ким ?
– У қояга занжирбанд қилиб қўйилган эди, –дея жавоб берди Жулиет. – Уни Персей қутқаришга муваффақ бўлган.
* * *
Кит кўрфази.
Узундан-узун қирғоқ – кемалар тўхтайдиган бандаргоҳ. Бир нечта катта кема, бензин қуядиган бўлма, деразасига автобус бекати ва почта идорасининг шу ерда жойлашганлигини маълум қилувчи эълон ёпиштирилган магазин. Магазиннинг ёнида турган машина деразасига қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан “Такси” деб ёзиб қўйилган. Жулиет автобусдан тушган жойида қимирламай туриб қолди. Автобус тезда жилиб кетди. Таксининг сигнали чалиниб, ҳайдовчи машинадан тушди ва унинг ёнига келиб:
– Якка-ёлғиз турибсиз. Қаёққа бормоқчисиз? – деб сўради.
– Кечирасиз, – деди Жулиет. – Бу ерда сайёҳлар тўхтайдиган бирон оромгоҳ борми?
Ҳайдовчининг жавобидан маълум бўлдики, ҳеч қанақа меҳмонхона йўқ.
– Бирон кимсанинг ижарага ётоқ жойи бериш-бермаслигини ҳам билмайман, – деди таксичи бир зум ўйланиб туриб. – Лекин сўраб кўришим мумкин. Нима, бу ерда бирон танишингиз йўқми?
Бу саволга жавобан Эрикнинг исмини айтишдан ўзга чора қолмаган эди.
– Жуда соз, – деди ҳайдовчи енгил тортгандек бўлиб. – Ўтиринг, ғизиллаб икки дақиқада олиб бориб қўяман. Фақат, афсус, кеч қолдингиз. Кеча ерга қўйишди.
Жулиет, бу нима дегани экан, деб ўйлади-ю, сўраб ўтирмади. Таксичи ўз жойига ўтирар экан:
– Қайғули ҳол, албатта, – деб қўйди. – Балки кузатиш маросимига етиб борарсиз. Дафн маросимига тумонат одам йиғилди. Вақтида йўлга чиқа олмабсиз-да.
– Ҳа, – деб қўя қолди Жулиет.
– Мен “кузатиш” деб нотўғри айтдим, шекилли. Кузатиш дафн этишга қадар бўлади, шундайми? Ундан кейин бўладиган расм-русмларнинг нима дейилишини билмайман. Истасангиз, қабристонга ўтиб келишимиз мумкин. Узоқ эмас. Кўрасиз. Гуллар, гулчамбарлар.
Денгизнинг ёнбошидаги катта тош йўлдан чеккага бурилиб, ўйдим-чуқур, ифлос йўлдан чорак милча юрилса, барча динга эътиқод қилувчиларнинг умумий қабристонига борилар экан… Деворга яқин ерда сўлиб қолган хилма-хил табиий ва турли рангдаги сунъий гулларга бурканган, тепасига кичиккина ёғоч хоч ўрнатилган тупроқ уюми – янги қабр алоҳида ажралиб турарди. Шунингдек, бутун қабристон бўйлаб ола-була тасмалар ёйилиб ётарди. Таксичи машина ғилдиракларининг изларига ишора қилиб, кеча бу ерга жуда кўп машина келганлигини айтди, сўнг:
– Келганларнинг ярмиси марҳумни тириклик пайтида умуман кўришмаган, – деди. – Бари Эрикнинг ҳурматини қилиб келишган. Уни ҳамма танийди.
Улар яна машинага ўтириб, орқага қайта бошладилар. Лекин асосий йўлга чиқишмади. Жулиет Эрикнинг уйига бориш фикридан қайтган-лигини, умуман, ҳеч кимникига бормоқчи эмаслигини, магазиннинг олдида туриб, автобус пойламоқчи бўлганлигини, очиғини айтганда, адашганлигини, дафн маросимига боргиси йўқлигини айтмоқчи бўлди. Аммо журъат эта олмади.
Улар у ер-бу ерда қад кўтарган уйларни ортда қолдириб, тор, илон изи йўлдан кетиб боришарди. Ҳар сафар у ёки бу уй олдида машина тўхтамаса, Жулиет енгил тортарди.
– Мана бу кутилмаган ҳол! – деди бир пайт хайдовчи. – Уларнинг бари қаёққа ғойиб бўлди экан? Ярим соат олдин бу ердан ўтиб кетаётганимда олтита машина турган эди. Ҳозир эса ҳатто Эрикнинг юк машинаси ҳам кўринмайди. Маросим тугаган шекилли. Кечирасиз, мен ноўрин гапириб юбордим.
– Ҳеч ким бўлмаса, – деди Жулиет бир мунча жонланиб, – орқамга қайтиб кетавераман.
– Йўғ-е, ташвишланманг. Айло шу ерда бўлиши керак. Ана у ерда турган велосипед ўшаники. Айло билан танишмисиз? Эрикка ёрдам бериб юрган ўша. – Ҳайдовчи машинадан тушиб, Жулиет ўтирган томондаги эшикни очди.
Жулиет машинадан тушиб улгурмасдан малла кўппак вовуллаганча у томон югуриб кела бошлади. Унинг орқасида, айвонда пайдо бўлган аёлнинг:
– Тинчлан! Пет, тинчлан! – дея қичқиргани эшитилди.
Ҳайдовчи Жулиет узатган пулни чўнтагига сола туриб, у ҳам:
– Бас қил, Пет! – деб қўйди.
– Қўрқманг, тегмайди, – деганича аёл уларга пешвоз чиқди. – Кучукча у, – деб қўшиб қўйди.
Жулиет ичида, бу кўппак бир сакрашда ҳар қандай одамни ерга ағанатиши мумкин-у, тағин “кучукча” эмиш, деб қўйди. Айни шу чоғда яна бир малла ит пайдо бўлди-ю, вовуллаш авжига чиқди.
– Пет! Корки! Ўтир! – деб қичқирганича аёл зинадан чопиб пастга тушди. – Қўрққанингизни билишса, – деди Жулиетга яқинлашиб, – баттар қилишади.
– Қўрқаётганим йўқ, – деди Жулиет ва турган ерида бир сакраб тушди, чунки, малла ит тумшуғини унинг қўлига теккизишга улгурган эди.
– Қани, юринг, – деди аёл, сўнг итларга ўгирилиб: – Овозларингни ўчиринглар! Бўлмаса бошларингни узиб оламан! – деб дўқ қилган бўлди. – Дафн қачонлигини аниқ билмаганмидингиз? – сўради қиздан.
Жулиет гўё кечирим сўраётгандек бош чайқаб қўйди ва ўз исмини айтди.
– Менинг исмим Айло, – деди аёл.
Улар бир-бирларининг қўлларини сиқиб кўришдилар.
Айло оқиш-сарғиш сочи елкасига ёйилиб тушган, баланд бўйли, қотма,елкалари кенг, бақувват, гавдали аёл. Овози кучли, дадил. Айрим сўзларни ғалатироқ талаффуз қиларди. Қизиқ, бу қанақа талаффуз экан: немисчами, голландчами ё скандинавия тилидаги талаффузми? Айло уни ошхонага бошлаб кириб:
– Мана бу ерга ўтиринг, – деди жой кўрсатиб. – Ҳамма ёқ бесаранжом. Ҳозир қаҳва қуйиб бераман.
Баланд шифтга қадар кўтарилган деразали ошхона ёп-ёруғ эди. Ҳамма стол ва бошқа жойларда қатор-қатор терилган ликопчалар, стаканлар, кастрюлкаю бошқа идиш-товоқлар қалашиб ётарди. Пет билан Корки ҳам шу ерга кириб, Айло олдиларига қўйган овқатни ялай бошладилар.
Ошхонадан иккинчи қаватдаги меҳмонхонага олиб чиқадиган иккита кенг зина бўлиб, очиқ эшикдан полда ётган катта-катта ёстиқлар кўриниб турарди.
Айло стуллардан бирини у томон тортиб:
– Ўтиринг! – деб ишора қилди. – Қаҳвани ичинг, овқатдан енг.
– Раҳмат, қорним тўқ, – деди Жулиет.
– Тортинманг. Қаҳвани ҳозиргина қайнатган эдим. Ўзим ҳам ичаман. Бу ерларни йиғиштиришим керак. Шунча нарса ейилмай қолди.
У Жулиетнинг олдига қаҳва билан бир бўлак яшил рангдаги дирилдоқли пирог келтириб қўйди.
– Еб кўринг, балки сизга ёқар, – деди .
– Аъло!
– Ҳаммаёқни йиғиштириб, тартибга келтириб қўйган эдим. Кейин дафн маросими бошланиб кетди. Ундан сўнг яна йиғиштириш керак.
Унинг овозида ўкинч сезилиб турарди.
– Қаҳвани ичиб бўлгач, сизга ёрдам беришим мумкин, – деди Жулиет.
– Йў-ўқ, кераги йўқ, – деди Айло унга жавобан. – Мен бу ерда қайси нарса қаерда туришлигини беш қўлдек биламан.
У шошмасдан ҳаракат қилар, барча ишлари режали ва пухта эди. (Бундай аёлларга бошқа кишининг кўмаги зарур эмас, улар буни исташмайди ҳам. Дарвоқе, сенинг кимлигингни ҳам дарров пайқаб олишади.) У стаканлару ликопчаларни, бошқа асбобларни артиб, уларни жавон ва полда турган яшикларга тахлаб қўйди, сўнг товаларни, шунингдек, итлардан тортиб олинган манқални совунли тоза сувга солиб қўйиб, бирин-кетин ювиб, артиб, жойлаштирди. Столларни артган нам латталарни худди товуқнинг бошини узгандек бураб сувини сиқиб, дорга осиб қўйди. У иш жараёнида Жулиет билан ўхтин-ўхтин гаплашиб туришга ҳам улгурарди.
– Энининг дугонасимисиз? Уни кўпдан бери танийсизми?
– Йўқ.
– Ўзим ҳам шунақа бўлса керак, деб ўйлагандим. Унга дугона бўлиш учун анча ёшсиз. Бўлмаса нима учун унинг дафн маросимига келмоқчи бўлдингиз?
– Мен дафн маросимига келганим йўқ. Бундан хабарим ҳам йўқ. – Жулиет ўзини гўё дўстлари кўп, у эса меҳмонма-меҳмон юрадиган, бу ерга ҳам тасодифан келиб қолгандек кўрсатишга ҳаракат қилиб. – Шунчаки меҳмонга келган эдим, – деди.
Айло унга жавобан бирон нарса демай кострюлкаларни тозалаш билан машғул бўлди. Бир неча дақиқадан кейингина:
– Сиз Эрикнинг ёнига келгансиз. Ҳа, Эрик шу ерда яшайди, – деди.
Жулиет эса, гўё бу савол мавзуни ўзгартирадигандек:
– Сиз-чи, сиз ҳам шу ерда яшамайсизми? – деб сўради.
– Йўқ. Мен тепалик бағридаги уйда эрим билан бирга тураман.
“Эрим билан” деган сўзлар аллақандай ғурур билан айтилгандек бўлиб туюлди.
Айло Жулиетдан сўраб ўтирмай, аввал унинг финжонига, кейин ўзига қаҳва қуйди, сўнг бир бўлак таги қизғиш, тепаси пушти рангдаги мурабболи пирог олиб келди.
– Еб қўйиш керак, акс ҳолда айниб қолиб, исроф бўлади. Сизга ҳам бир бўлак келтириб берайми?
– Йўқ, раҳмат.
– Хуллас, Эрик йўлга кетган, бугун келмайди. Кристаникига кетган. Сиз уни танийсизми?
Жулиет қимтиниб, йўқ, деган маънода бош чайқади.
– Сиз яшайдиган жойда қандайу, билмайман. Биз эса бу ерда бир-биримиз ҳақимизда ҳамма нарсадан хабардормиз. Бир-бирларимизни яхши биламиз. Ванкувер, дедингиз, шекилли? – Жулиет, шундай, деган маънода бошини қимирлатиб қўйди. – Демак, шаҳарда яшайсиз… Эрик хотинига яхши қаради, қўлидан келганича парвариш қилди. Лекин бирон аёл кўмаклашмаса, бир ўзи эплай олмасди, албатта. Тушунган бўлсангиз керак? Мен унга ёрдам бериб турдим.
Жулиет мулоҳаза қилиб ўтирмай дабдурустдан:
– Бунинг эвазига ҳақини тўлаган бўлса керак? – деб сўради.
– Тўлаб турди, албатта. Лекин бу меҳнатгина эмас. Бундан ташқари ҳар жиҳатдан хотин кишининг ёрдами керак бўлади. Гап нима ҳақида бораётганини тушуниб турган бўлсангиз керак… Мен бу нарсани ёқтирмайман. Бу бемаъниликдан ташқари жанжалларга сабабчи бўлади. Эрик аввал Сандра билан алоқа қилиб юрди, кейин, у кўчиб кетгач, Криста билан яқинлашиб қолди. Шунинг учунми, келишмовчиликлар бўлмади. Сандранинг болалари бор, шу сабабли бирон каттароқ мактаб бор жойда яшашга қарор қилди, хуллас, бу ердан кўчиб кетди. Криста эса рассом. Денгиз қирғоғида ётадиган илдизлардан турли хил қўғирчоқсимон буюмлар, шакллар – турли ҳайвонлар, паррандалар ясайди. Уларни олис-яқин жойларга олиб бориб, сотиб келади. Ҳеч қачон боласи бўлмаган. Бирон ёққа кўчиб кетишни ҳам истамаса керак. Эрик сизга бу ҳақда гапирмаганми?
– Йўқ, гапирмаган.
– Демак, буни сизга мен маълум қиляпман. – Яна қаҳва ичасизми? Ҳали бор.
– Йўқ, раҳмат.
– Бошқа ичмайдиган бўлсангиз, финжонни ювиб қўя қолай.
У чиқиб кетаётиб музхонанинг орқа томонида чўзилиб ётган малла итни тепиб турғазиш учун ўнгга бурилиб:
– Ётаверасанми, ялқов! Ҳозир уйга кетамиз, – деди.
Жулиетга орқа қилиб турган ҳолда нима биландир машғул бўлган Айло:
– Соат саккиздан ўн дақиқа ўтганда Ванкуверга кетадиган автобус бор, – деди. – Мен билан бирга бизникига борсангиз, у ерга эрим машинасида олиб бориб қўяди. Биргаликда овқатланамиз. Мен велосипедда кетаман. Лекин секин юраман, орқада қолмайсиз. Уйим узоқ эмас.
Жулиет ўйлаб ўтирмай ўрнидан турди ва сумкасини ахтариб, у ёқ-бу ёққа аланглади, кейин бошқа курсига ўтиб ўтирди.
– Мен шу ерда қолмоқчиман, – деди .
– Шу ерда қоласизми?
– Оғир юким йўқ. Автобусга пиёда кетавераман.
– У ерга қандай боришни билмайсиз-ку. Эрик келмайди, тушиняпсизми? Бугун келмайди.
– Бунинг аҳамияти йўқ.
Айло елкасини қисиб қўйиб, итга ўгирилди:
– Тур, тур ўрнингдан, – деди, сўнг Жулиетга қарамасдан – Корки шу ерда қолади, – деб қўшиб қўйди.
– Шу ерда қолсинми ё ташқаридами?
– Ташқарида бўлса яхши бўларди.
– Унда боғлаб қўяман, тағин ортимдан эргашиб юрмасин.
Жулиет индамади.
– Ташқарига чиқилганда эшик қулфланиб қолади. Шунинг учун эшикка чиқиб қайта кирмоқчи бўлсангиз, мана бу ерни босиб қўйинг. Агар умуман кетадиган бўлсангиз, унга тегманг. Тушунарлими?
– Ҳа, тушундим.
– Илгари эшикларимизни умуман қулфламас эдик, энди… Бегоналар кўпайиб кетди.
* * *
Улар юлдузларга қараб бўлганларидан кейин поезд Виннипегда қисқа муддатга тўхтади. Улар айланиб юриш учун пастга тушишди. Қаттиқ совуқ шамол эсгани сабабли, гаплашиш эмас, ҳатто нафас олиш қийин эди. Поездга қайтиб чиқишди-да, тўғри барга ўтишди. Эрик коньяк буюрди.
– Исинамиз, кейин яхши ухлайсан, – деди.
Унинг ўзи эса ухламоқчи эмасди. Бунда маъни йўқ, негаки, эрта тонгда Режийн бекатида поездан тушиши керак.
Улар бардан чиқиб, барча жойларда тўшаклар ёзилган вагонлар оралаб, ҳар икки тарафга осилган тўқ яшил ранг пардалар ҳосил қилган йўлакларда Жулиетнинг вагони томон кетиб боришарди. Ҳар бир вагоннинг ўз номи бор. Жулиетнинг вагони Мирамичи деб аталади. Ўша вагонга етганларида иккита вагон ўртасидаги майдончада Эрик эшикни очмоқчи бўлиб қўл чўзган эди.
– Мана шуниси, – деб шипшиди Жулиет.
– Ундоқ бўлса шу ерда хайрлашамиз, – деб эшик дастасидан қўлини олди. Айни шу дамда поезд чайқалиб кетди. Жулиет мувозанатни сақлаш учун Эрик томон эгилди. Бундан фойдаланган Эрик уни бағрига босиб, юзидан ўпиб, сўнг елкаларини силай бошлади.
Жулиет унинг қучоғидан чиқмоқчи бўлиб, шошиб:
– Тегинманг! – деди.
– Дарвоқе, – дея Эрик кулиб, яна унинг бўйнидан енгилгина ўпиб қўйди, сўнг қучоғидан бўшатиб, эшикни очди.
Улар икки томонига пардалар тутилган йўлакдан бирга боришди. Жулиет ўз жойини топгач, ундан бўса ёки ҳеч бўлмаганда, кифтига қўлини қўйиб хайрлашишини кутди. Йўқ. Эрик, гўё улар тасодифан учрашиб қолгандек, жимгина ортига ўгирилиб, чиқиб кетди.
Энди у нима деб ўйлайди? Юнон афсоналари тўғрисида кўп нарса биламан, деб мақтаниб, бутун бир кеча давомида мени лақилатиб ўтирди ва ниҳоят у билан хайрлашган чоғимда, “тегинманг” деб ғингшиб қолди, демайдими. Тўғри, у бунақа деб ўйлайдиган кишига ўхшамайди. Лекин, барибир, Жулиет худди шундай тасаввур этарди. У анча вақтгача ухлай олмади, поезд Режайнда тўхтагандан кейингина уйқуга кетди.
* * *
Ёлғиз ўзи қолган Жулиет энди уйни кўздан кечириб чиқиши мумкин эди, лекин бундай қилмади. Айлонинг батамом кетиб бўлганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши учун камида йигирма дақиқа вақт кетди. Айло унинг бу ерда нима билан машғул бўлаётганлигини текишириш учун ёки эсидан чиқариб қолдирган бирон буюмини олиб кетиш учун қайтиб келиб қолишидан хавотирланмасди.. Борди-ю, Жулиетни ўғри деб ховфсираса, уни аллақачон ҳайдаб чиқарган бўларди. Айло, қаерда, айниқса ошхонада, нима иш қилмасин, сезиларли из қолдирадиган аёллардан. Жулиет дераза раҳида турган тувакчалардаги зиравор ўсимликлардан тортиб, сабзавот тўғраладиган тахтакачу полдаги ялт-юлт қилиб турган линолумгача – нимага эътибор бермасин, уларга Айвонинг қўли текканлиги сезилиб турарди.
Бир пайт Жулиетнинг хаёлидан Айло кўтарилди-ю, унинг ўрнини Криста эгаллади. Демак, Эрикнинг яхши кўрадиган аёли бор. Жулиет уни Айлога нисбатан ёшроқ, келишган деб тасаввур қила бошлади. Тоси кенг елкали, қўллари бақувват, оқ ораламаган ним малла сочлари узун, кўкраги лорсиллаган аёл.
Қизиқ, Жулиет кутилмаганда яна икки аёл – Ахиллес ва Агамемноннинг машуқалари бўлмиш Брисеида ва Хрисеидаларни эслаб қолди. Уларнинг ҳар иккаласини гўзал чеҳралар деб аташган.
Агар Криста уларга нисбатан дағалроқ бўлса, Эрикни менсимаслиги мумкинми? Лекин Жулиет ҳозир йўлга чиқиб, автобусга ўтиргудек бўлса, буни қаёқдан билади?
Хуллас, у бошиданоқ бу ердан кетмасликка қарор қилган, шекилли. Ҳа, шунақага ўхшайди. Энди Айло йўқлигида ўз хоҳишию мақсадини бемалол таҳлил қилиши мумкин. Ниҳоят, ўрнидан туриб, қаҳва қайнатди, уни Айло бир чеккага чиқариб қўйган финжонга эмас, кружкага қуйди.
У кучли ҳаяжонда бўлгани учун ўзининг очлигини сезмасди. Шундай бўлса-да, хотирлаш маросимига меҳмонлар олиб келишган бўлса керак, қаторлашиб турган бир неча хил шишаларни кўздан кечира бошлади. Шерри-бренди ва нокдан таёрланган шнапс, “Тиа Мария” ликёри ва ширин вермут. Шишалар очилган, лекин, бу ерларда унчалик қадрланмаса керак, деярлик ичилмаган… Айло эшик орқасига териб қўйган джин ва виски, пиво ва вино шишалари эса бўшатилган. Жулиет қаҳванинг устига “Тиа Мария”дан озгина қуйиб, бир қўлига финжон, иккинчи қўлига шишани олиб, зиналар орқали тепадаги катта меҳмонхонага кўтарилди.
Ҳозир кунлар айни узайган палла. Бу ернинг қишин-ёзин ям-яшил бўлиб гуркираб турадиган дарахтлар ботиб бораётган қуёш нурларини тўсиб турар, шу боис меҳмонхонадаги хира ёруғлик қуюқлашиб борарди. Полга ишлов берилмаган, чорбурчак фанералар устига эскириб, патлари тўкилиб кетган гиламлар бетартиб ёзилган, бир-бирига мос келмайдиган хилма-хил буюмлар билан дидсиз жиҳозланган. У ер-бу ерда бир нечта ёстиқ тартибсиз ётибди. Улар орасида чарм ғилоф кийдирилган ёстиқчалар алоҳида кўзга ташланади. Қора чарм қопланган каттакон оромкурси. Устига эски қуроқ адёл ёпилган тахта-каравот, даққиюнусдан қолган кўҳна телевизор, китоблар эмас, бир даста “Нэйшнл жиографик” журнали ва яна аллақандай журналлар тахлаб қўйилган тахта токчалар… Хуллас, хона бетартиб эди.
Айло бу хонани тартибга келтиришга улгурмаган, шекилли. Гиламлар устида у ер-бу ерда, кулдон ағдарилиб кетган бўлса керак, тамаки куллари кўзга ташланиб турибди. Шунингдек, нон ушоқлари ва бошқа чиқиндилар сочилиб ётибди. Жулиет чангтортқични топиб, ишга киришмоқчи бўлди, аммо бир зум ўйланиб туриб, бу фикридан қайтди ва юмшоқ курсига ўтириб, кружкадаги қаҳвага камайган сари “Тиа Мариядан” қуйиб ича бошлади.
Бу қирғоқда унга маъқул бўладиган бирон нарса кўрмади. Дарахтлар ўта баланд ва жипс ўсар ҳамда бирини иккинчисидан ажратиб турган ўзига хос бирон белги йўқ, шунчаки ўрмон, вассалом. Тоғлар эса ҳаддан ташқари кўлами кенг ва ғайритабиийдек кўринар, Жоржия бўғозида учраб турадиган ороллар эса ҳаддан ташқари кўзга ташланадиган ёрқин манзарага эга. Мана бу, шифтлари бир томонга эгиб қурилган, поли йўнилмаган тахталар билан қопланган иккита хонадан иборат уй ҳам – бари аллақандай маъюс ва ғариб кўринди.
Ит ўқтин-ўқтин ҳеч қандай заруриятсиз увлаб қўярди. Балки уйга кириб, Жулиетнинг ёнида бўлишни хоҳлаётгандир. Аммо Жулиетлар ҳеч қачон ит боқишмаган. Ит балки адашиб келиб қолган буғими, айиқми ёки пума (Америка ёввойи мушуги)га вовуллаётгандир. Ванкувер газеталаридан бирида худди мана шу жойлардан бирида пума бир чақалоқни ғажиб ташлаганлиги тўғрисида ёзишган эди. Уйдан чиқишинг билан йиртқич ҳайвонларга рўпара бўладиган бунақа жойда яшаш хавфли бўлса керак?
Бебаҳо, нодир бойликка эга бўлган кишилар кам. Сен ана шундай имкониятга эга бўлсанг, уни қўлдан чиқармаслигинг лозим. Уни кимдир сендан тортиб олишига, нима бўлганда ҳам йўл қўймаслигинг керак.
Жулиет қаҳвага қўшиб ичаётган “Тиа Мария” таъсирида ўзини эркин ва беташвиш, шунингдек, тетик ва дадил хис эта бошлади. Ҳатто, Эрикни кўришим шарт эмас, деган фикрни дилидан ўтказди. Эрта тонгда бу ердан чиқиб, ғойиб бўлади.
У ўрнидан туриб, ваннахонага кириб чиқди, сўнг тахта-каравотга ётиб, қуроқ адёлни устига тортди. Шу қадар уйқуси келган эдики, ҳатто Коркининг адёлга илашиб қолган жунларига эътибор ҳам бермади, ит ҳидини ҳам сезмади.
Жулиет уйғонганида ошхонадаги соат олтидан қирқ дақиқа ўтганлигини кўрсатиб турган бўлса-да, аллақачон тонг отиб,ҳаммаёқ ёришиб қолган эди. Боши қаттиқ оғрирди. Ваннахонада аспирин хапдорисини кўрган эди. Ундан бир йўла икки донасини ичиб, ювинди, сумкасидан тишчўткасини олиб, тишларини тозалади, сочларини тараб, ўзига оро берган бўлди. Ана шундан кейин янгитдан қаҳва қайнатиб, бир бўлак нон ейишга тутинди. У ошхона столи олдида, дераза рўпарасида ўтирарди.
Офтоб бош кўтарган, дарахтлар орасидан сизиб ўтаётган сарғиш нур парчалари ертут дарахтларининг силлиқ таналарини қоплаб улгурган эди. Корки яна вовуллай бошлади. Узоқ акиллади, ҳовлига юк машинаси кириб келгандан кейингина овози ўчди.
Жулиет юк машинаси эшигининг шарақлаб очилгани, итга гапираётган кишининг овозини эшитди-ю, уни қўрқув қамраб, ҳатто қаергадир яширинмоқчи бўлди. Эшик очилиб, остонада Эрик пайдо бўлди. Жулиет эса кўзларини ердан кўтара олмас, бармоқлари тиззалари устида чалишиб, қотиб қолган эди.
– Сен шу ердамисан?
Эрик, бу қадар дадилликдан ҳайратлангандек, завқланиб кулди. У қулочини ёзар экан, Жулиетга гўё хонага шамол елиб кириб, уни бош кўтаришга мажбур қилгандек бўлиб туюлди.
У бундан ярим йил олдин ҳатто дунёда шундай одам борлигини билмас эди. Поезднинг ғилдираклари тагида ҳалок бўлган киши ярим йил олдин ҳали тирик эди, балки сафарга кетишга ҳозирлик кўриб, кийим-кечак танлаб юрган бўлиши ҳам мумкин.
– Сен шу ердамисан?!
Унинг овозида ҳокимлик оҳанги сезиларди. Жулиет ўрнидан турди. Рўпарасида ёши унинг хотирасида сақланиб қолганига нисбатан анча катта, гавдали одам турарди. Эрик унга бошдан-оёқ синовчан қараб олиб, олға юрди. Буни кўрган Жулиет ўзида енгиллик, бахтиёрлик ҳис этди. Нақадар ғаройиб бу! Даҳшатга ўхшайди.
Шу нарса маълум бўлдики, Эрик ҳозиргина ўзи ифода этган даражада ажабланмаган. Айло кеча кечга яқин Жулиет деган аллақандай қизнинг келганлиги тўғрисида уни огоҳлантириб қўйиш учун қўнғироқ қилиб, у кетдими-йўқми, хабар олиш керак, деган эди. Эрик бу хабардан қанчалик хурсанд бўлганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. Лекин ўша заҳоти йўлга отланмади, Кристага бу ҳақда гапириб ҳам ўтирмади..
Жулиет буларнинг барини кейинги ҳафталар, ойлар давомида билиб олди. Баъзи маълумотлар тасодифан ошкор бўлиб қолар, айримлари эса унинг сўраб-суриштиришларига жавоб тариқасида маълум бўларди.
Криста Айлога мутлақо ўхшамасди. Жулиет фараз қилгандек, йўғон гавдали эмас, хипча, нозиккина, қорасоч аёл экан. Гапга уста, зукко, баъзан хушчақчақ, баъзан – тунд. Мағлубият ҳисси аҳён-аҳёнда тегажоғлик қилиб айтилган истеҳзоли пичинг сифатида юзага чиқиб турса-да, Криста келажакда Жулиетнинг яқин дугонаси ва таянчи бўлиб қолса ажабмас.
Рус тилидан Муҳаммад Хайруллаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 7-сон