Бир куни оқшом кўйлакка дазмол босаётган чоғим ҳаётимга ўзгариш киритган муҳим воқеа содир бўлди. Тўғри, дабдурустдан хаёлимга келиб қолган фикр оддий эди, аммо жуда бошқача, кишини ўзига тортарди. Эрим меҳмонхонада телевизор томоша қилиб ўтирарди. Мен унинг олдига бордим ва хаёлимга келган гапни айтдим:
– Ижарага офис олмасам, бўлмайдиганга ўхшайди?!
Эримга шундай дейишга дедим-у, бу гап ўзимга эриш туюлди. Менга офис нима учун керак, ўзи? Уйимиз бор, тағин кенг ва шинам, яна денг, деразадан денгиз ҳам кўриниб туради. Унда барча шароит муҳайё: алоҳида емакхона, ётоқ, ҳаммом ва, борди-ю, дўстларинг келиб қолса, чақчақлашиб ўтирадиган хона ҳам бор. Яна-тағин, уйим атрофи боғ. Хуллас, жой дегани танқис эмас.
Лекин ҳозир бу ерда мени қийнаётган нарса бутунлай бошқа эди: мен ёзувчиман. Йўқ, бундай десам, ўзимга бино қўйган бўламан, тўғрироғи, гўё бу расмиятчилик учун, ишончсизлик билан айтилганга ўхшайди. Яхшиси, мана бундай дея қолай: мен ёзишни машқ қилиб тураман. Менимча, шуниси маъқул. Хуллас, мен ёзувчи бўлишга ҳаракат қиляпман. Ҳозир айтаётганим олдингиларидан ҳам ўтиб тушди. Худди мен ўзимни ўзим камтар қилиб кўрсатаётгандайман. Хўп, нима дей бўлмаса?!
Умуман, ҳозир гап булар ҳақида эмас, балки ёзувчининг ижод қилиш жараёни тўғрисида кетяпти. Воқеаларни бирма-бир баён қиларкансан, ана шу ажиб жараёнда сўзлар сокинликдан чиқиб, дунёни кўради. Кишилар ана шу “сўз”ларни самимият ва меҳр билан қабул қилади, кимлардир қайғули “сўз”лардан кўзёш тўкади. Яна кимлардир сен тўқиган бахтли якундан қувонади. Шунинг ўзи қандай ажойиб! Бу ижодкор учун жуда ёқимли ва қизиқарли жараён. Айнан нимани ёзишингиз масаласи эса қалб амридир. Ижод менга ўзимни боғлаб турган чегараларнинг йўқолиши, кўнглимни чоғ этиш ва яна… яна кўнглимдаги дард-аламларимни сокин бир овоз билан чиқариш имкониятидир. Ана шу овоз юпатишдан толса-да, барибир сира сиздан нолимайди, таъна ҳам қилмайди, фақатгина “О, бечорагина!” дейди, холос.
Энди менга нима учун офис кераклигини билиб олгандирсиз. Ҳа, ижод қилиш учун. Эримга ҳам шундай дедим. Бу гап “чунки” деган изоҳини эшитиш осон бўлмаган мавзу эканини, тағин кўнглимнинг кўчасига “қани, марҳамат” дея эрк бергандек янграганини ўзим ҳам фаҳмладим. Ҳамма ҳам ёзиш учун ёзув машинкаси ёки ҳеч бўлмаса қалам, қоғоз, стол-стул керак бўлишини яхши билади. Умуман олганда, бу жиҳозлар ётоғимнинг бир бурчагида турибди ҳам. Лекин шундай бўлса-да, ҳозир мен офисга эҳтиёж сезяпман.
Гарчи ижарага олган хонамни ижодхона қилган тақдиримда ҳам у ерда бирор нарсани дўндиришимга ишончим комил бўлмаса-да, аҳдим қатъий эди. Эҳтимол, у ерда ўтириб олганимча, майли, менга ёқмаса ҳам деворларга тикилиб ўтирарман. Ижодхона – мен учун том маънода ўзлигимни англатувчи гўша. Ижодхонага эришиш – менинг ўз олдимга қўйган беҳад жиддий мақсадим. Ўз-ўзидан маълумки, эримга бундай баландпарвоз гапларни айтиб, изоҳ бериб ўтирмадим. Умуман, бундай гапларни айтиш ниятим ҳам йўқ эди, шу туфайли тушунтириш йўли ўзгартирилди.
Ҳар қалай, уйда эркак кишининг ишлаши учун шароит яратилган бўлади. Ишхонасида битиролмай қолган ёзув-чизувларини уйга олиб келса, унга барча зарур шароит муҳайё этилади. Уйдагилар унинг иши муҳимлигини яхши тушунади ва халақит қилишмайди. “Жиринг-жиринг” қилган телефонга жавоб бермайди, уйда нима қаерда экани ундан сўралмайди, яна жанжаллашаётган болаларига қозилик қилиши ёки мушугига овқат бериши ҳам шарт бўлмайди. У эшигини ичидан беркитиб олади-да, бемалол ишлайверади. Ана энди айни шу ҳолатга онани қўйиб кўрайлик: у ишлаш учун хонасининг эшигини ичкаридан қулфлаб олади. Онасининг ичкарида эканини билиб турган болалар бундан ваҳимага тушиши аниқ-ку. Эри ва фарзандларининг рисоладагидай яшашига масъул бўлган аёл шу ҳаракатлари билан уларни қийнаб қўймайдими, бу ахир ҳаётнинг минг йиллик анъанаю одатларини бузиш бўлмайдими? Зеро, оилада аёлнинг бурч ва мажбуриятлари эркак кишиникидан тубдан фарқ қилади. Ахир, аёл оилада эрталаб ювиб дазмолланган кийимларни эгнига илиб ишга кетадиган ва оқшом келиб, тайёр овқатни еб, жойига бориб ухлайдиган эркак билан тенг эмас-ку. Уйни уй қилиб ушлаб турган аёл барини қўйиб, ҳеч нарсага чалғимай, бутун фикри ёди билан уйда ижод қилиб ўтира олармиди?!
(Менинг бир одатим бор: нимадир устида тортишаётган маҳал муносиб жавоб қайтара олмасликдан чўчиб, фикримни образли ва таъсирчан иборалар билан ифодалашга тутинаман. Эндигина замин юзини кўрган ям-яшил майсалар узра ёмғир шивалаган, худди вақт тўхтаб қолгандек туюлган мана шу баҳор оқшомида кўнглимдаги гапларни эримга тўкиб солдим-да, денгиз узра ҳадсиз меҳр билан йилтираб, ўзига чорлаётган шуълаларга термулиб деразаларни аста очдим. Назаримда, уй гўё кичрайиб, қайтадан ёғочу ғиштларга айланиб қолгандек, улар ҳам мана-мана қулаб тушадигандек туюлди. Гўё мен бу уйдаги турмушимни шафқатсизларча ташлаб кетаётгандек, ичим бўм-бўш бўлиб қолди. Ҳозир эримга билдирган фикрларим бемаънилик ҳисобланиб, рад этилишига ичимда тайёр турсам-да, эркинлик дея бош кўтарганимдан қалтираб турган бўлсам-да, аммо барибир ҳаётимда қатъий қадам ташлаганимдан ўзимни кучли, кишанлардан халос бўлгандек ҳис этдим. Бироздан сўнг вужудимдаги бу безовталик барҳам топди: менга розилик берилди.)
– Агар бирорта арзонроқ жой топсанг, марҳамат, – бари айтган сўзларимга эримдан бор-йўғи шу бир жумла жавоб бўлди.
Кўриниб турибдики, эримга бу ниятим ёқмади, шу он менинг оҳу зоримни эшитиб ўтиришга тоқати йўқ эди. Нима ҳам дердим, бу қалби китобга ошно бўлмаган инсоннинг муносабати-да. Ижарага ижодхона олганимдан кейин ёзувчилик фаолиятим қандай давом этади, давом этадими ўзи – унга буларнинг қизиғи ҳам йўқ эди.
Ҳатто менинг ўзим ҳам вақт ўтиб, ёзувчи сифатида ном чиқараман деб ўйламасдим. Балки ўша пайтда бу менга эришиб бўлмас орзудек туюлгандир. Мен, қанийди, мўйнали пальтом, олмосли занжирим бўлса, деб ўйлай оламан-ку. Балки, бу тақинчоқлар аёл киши эришса бўладиган буюмлар бўлгани учун бемалол орзу қилгандирман. Болаларим бу қароримни амалга ошиши мушкул гапдек эътиборсизлик билан қабул қилишди. Оила аъзоларимнинг ишончсиз муносабатига қарамай ишга киришдим: уйимиздан икки уй наридаги савдо-сотиқ марказига йўл олдим. Бир неча ойдан буён у ердаги дорихона ва пардозхона жойлашган бинонинг юқори қавати деразаларига илинган “Ижарага берилади” деган эълоннинг менга қандай боғлиқ жойи борлигини тушунолмай, негадир ўша жойни доимо кузатиб юрар эдим. Ҳозир шу бинонинг биринчи қаватидан юқорига чиқиб борар эканман, назаримда, бу ишни ҳеч қачон амалга ошириб бўлмайдигандек туюлди. Шубҳасиз, ижара олди-бердиси, тағин офислар масаласида мўмай даромад дегани эди. Тағин бу – шундай эълонга кўзингиз тушгач, у ернинг эшигини қоққанингизда “Мана, марҳамат, шу жой сизни кутиб турган эди” қабилидаги жавобни эшитасиз, дегани эмас. Ижарага жой олишни ният қилган одамнинг аниқ бир режаси бўлиши керак-да. Ижарага бераётганлар ҳам анойи эмас, мақсадлари пул ишлаш бўлса.
Шундай қилиб, эшигини тақиллатишим керак бўлган хонодонга келганимда бунга ҳожат ҳам қолмади. Бўш офислардан бирининг эшиги очилиб, қўлидаги чангютгичини оёғига суяб бир аёл чиқиб келди-да, холлдан ўтиб кириладиган, бинонинг орқа томонига қараган эшиги очиқ катта хона томон кетди. Аёл эри билан шу уйда яшар экан. Улар бинонинг эгалари эдилар. Моллилар оиласи бинодаги хоналарни ижарага бериш билан шуғулланардилар. Мен аёлга ижарага хона олмоқчиман, дедим. У ҳозиргина тозалаб чиққан хоналар тиш дўхтирлари учун мўлжалланганини айтгач, у ерга кириб ўтирмадим. Сўнг аёл менга бошқа хонани кўрсатадиган бўлди. Миссис Молли мени кўриб, тўхтаб қолди, чангютгичини ҳали хонасига олиб киришга ҳам улгурмаганди. Чангютгични жойига олиб кириб қўяй, бўш хонанинг калитини олиб чиқаман, деди, мени ҳам ичкарига таклиф қилди ва бемалол кираверишимни, безовта қилишим мумкин бўлган ҳеч ким йўқлигини қўшиб қўйди.
Қора сочли бу миссис Молли, эҳтимол, қирқ ёшларида жозибали аёл бўлгандир. Унинг аёллигини эслатиб турувчи номига сурилган қип-қизил лаб бўёғи, пуштиранг жун шиппак, назокат билан ўзини мағрур тутиши – шу жиҳатлари билан кишини ҳалиям бироз ўзига жалб қиларди. Руҳи синиқ, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўп тотган, жонсарак кўринарди. Бу эса сал нарсага калтаклайверадиган, баджаҳл ва ичкиликбоз одам билан умрини ўтказганидан далолат бериб турарди. Мен дастлаб кўрганимдаёқ аёлнинг қандай кунларни бошидан кечирганини сезган бўлсам-да, ўзимни ҳеч бир нарсадан хабари йўқ одамдек тутдим, албатта. Шундай эр билан яшаб, яна қўшимча ташвиш орттирмай деб бола кўришни ҳам истамаган бўлса керак, деган хаёлга ҳам бордим. Ҳа, янглишмабман, чиндан ҳам, унинг фарзанди йўқ экан.
Менга кўрсатилган хона меҳмонхона билан офиснинг қоришмаси экани шундоқ кўриниб турарди. Ичкари киришим билан дастлаб кўзимга ташланган нарсалар – XV–XVII асрларга мансуб катта испан денгиз кемаси ва яна сал мўъжазроқ қадимий кема макетлари, стол устида қиролича Мария бюсти, энли дераза рафи ва телевизор бўлди. Кема макетларидан ортган жойларга гулли гултуваклар қўйилган, қолган жойларда эса хитойча услубда ясалган буғу калласи, биринж отлар ва катта-катта ялтироқ тамакидонлар қалашиб ётарди. Деворга суратлар ва аллақандай дипломлар илиб ташланган эди. Суратлардан биридан жингала жайдари ит билан бульдог эркак ва аёл либосида қараб турарди (итларга бундай ортиқча меҳр-оқибат одамнинг энсасини қотирар экан). Сурат остида шундай битик битилибди: “Қадрдон дўстлар”. Ана шу аралаш-қуралаш ашёлар орасида зарҳал рамкага солинган бир портрет ярқ этиб ажралиб турар эди. Бу ёзув столида ўтирган, қора костюм-шимли, афтидан, авжи иш фаолияти гуллаб-яшнаган, ўрта ёшлардаги, оқ-сариқдан келган, сарғиш соч, истараси иссиқ одамнинг портрети эди. Менга портретнинг бу хона деворига илиниши номутаносиб туюлди. Ўзи нотаниш одам бўлса, ўзича кимгадир ниманидир исботлаш учун ижарага бериладиган жойга портретини осиб ўтирса… бу ҳол портрет эгасига бегона киши учун ғалати кўриниши аниқ. “Хўш, нима қипти, мен ўзи шунақаман” қабилида иш тутиш, фақат ўзиникини тўғри ҳисоблаб, кўнглига келганини қилиш – бориб турган тентакликдир.
Менга нима, бу Моллиларнинг иши бўлса. Гарчи бу жой шифокорлар учун мўлжалланиб иккига ажратилган ва менга керагидан ҳам катталик қилса-да, барибир, кирганимга ҳеч қанча ўтмай хона менга ёқиб қолди.
– Бир вақтлар бу ерни хиропрактор1 ижарага олган эди, – деди миссис Молли негадир афсус билан, – бироқ у кетган, – қўшиб қўйди бу мавзуда ортиқ гапиргиси келмай.
Деворлар кўзни қамаштириб юборадиган кулранг аралаш оқ тусда эди. Айни вақтда бу хонага талабгор бирорта шифокор чиқмагани ва миссис Моллининг ўзи бир қанча вақтдан буён хона бўш турганини яширмаганини инобатга олиб, мен бир ойга йигирма беш доллар ижара ҳақини таклиф қилдим. Миссис Молли буни эри ҳал қилишини айтди.
Келгуси сафар келганимда уларга таклифим маъқул тушганини билдим, шунда мен мистер Молли билан юзма-юз кўришдим. Ўтган сафар хотинига айтганимдек, унга ҳам мен офис сифатида ижарага олаётган хонада доимо бўлмаслигимни, балки дам олиш кунлари, ора-сира оқшом пайтлари келишимни тушунтирдим. Мистер Молли хонани асли нима мақсадда ижарага олаётганим билан қизиқди, гарчи унинг бу саволига жавоб бергим келмаса-да, лекин жавоб қайтаришга мажбурлигимдан, стенография билан шуғулланаман, деб қўя қолдим. Мистер Молли жавобимдан хурсанд бўлди, қизиқиб, яна мени сўроққа тутди:
– Э, сиз ҳали ёзувчимисиз?
– Ҳа, шундай.
– Ундай бўлса, сизга қўлимиздан келган барча шароитни муҳайё қилиб берамиз, – деди у очиқ чеҳра билан. – Мен ўзим ҳоббиларга муккасидан кетган одамман. Мана шу кема макетларини ҳам ўзим ясаганман. Ўзингга ёқадиган машғулот билан шуғулланиш толиққан асабларга ҳузур бағишлайди. Одамлар асабларини асраш учун бирорта нарса билан машғул бўлганлари дуруст. Мана, сиз ҳам ҳобби кетидан қувадиганлардан экансиз.
– Худди шундай, – деб жавоб бердим унинг гапларини маъқуллаб. Менинг шунча ҳаракатларимни шунчаки ҳобби деб тушунганидан енгил тортдим.
“Болаларингизга ким қарайди, мабодо бунга эрингиз қаршилик қилмайдими?” дея сўрайдими, деб кутгандим, йўқ, хайрият, индамади. Кўз олдимда турган мистер Молли портретдаги мистер Моллидан анча фарқ қилар эди. Орадан ўтган ўн, эҳтимол, ўн беш йил бу одамни анча мулойимлаштириб қўйгани кўриниб турарди. Мистер Моллининг оёқ ва бўксалари шу қадар беўхшов семириб кетганидан ҳансирар, қорни шишиб турган пар ёстиқдек қаппайган, ҳомиладор аёлларга ўхшаш ҳаракатлари ҳам суст эди. Энди унинг сочларига оқ оралаган, кўзлари хиралашган, юзига ажин тушган, ёшликдаги чўрткесарлиги эзмаликка айланган эди. Мен унга ортиқ эътибор қилмадим. Зотан, бу хонани одамларнинг табиатини ўрганиш учун ижарага олаётганим йўқ.
Шундай қилиб, ҳафта охирида менга розилик берган оиламнинг ёрдамисиз офисимга кўчдим. Бу ерга ёзув машинкамни, ғилдиракли столини, стул, яна ихчамгина ёғочли столча ҳам олиб келдим; бу столчага плита, човгум, бир шиша қаҳва, қошиқча ва сариқ финжон қўйишни мўлжалладим. Бор будим шуларгина эди. Хонам деворларига ҳеч нима қоқилмаганидан, келтирган арзимас буюмларимдан бутунлай қониққан эдим: булар тинимсиз чанг артиб, йиғиштираверишга зарурат туғдирмас эди.
Бундай камтарона манзара мистер Моллига маъқул келмади. Мен нарсаларимни жойлаб бўлганимдан ҳеч қанча ўтмай, у эшикни тақиллатди. Айрим нарсаларга ойдинлик киритиб олиш ниятида экан. Хона қоронғилик қилмаяптими, ташқаридан етарлича ёруғлик тушаяптими, хонанинг ҳарорати мўътадилми, деразалар устидаги жажжи соябон томлар қуёшдан яхши пана қиляптими – мени мутлақо қизиқтирмайдиган мана шунақа майда-чуйдаларни ойдинлаштириб олмоқчи экан. Яна буям камлик қилгандай, барча нарсаларга ўйчан қараб чиқди-да, фикрини айтди: бундай шароит мендайин ледига муносиб эмасмиш.
– Аксинча, бу жой менга жуда маъқул, – дедим унга. Шу жавобим билан уни тинчлантирдим, деб ўйладим ва энди хонадан чиқиб кетар деб умид қилдим.
Мен, албатта, унга кўнглимдаги гапни айтмадим. Ўзи, шундай ноқулай вазиятларга дуч келиб қолсам, жиним суймаган одамлар билан гапни қисқа қилиш учун ҳамиша шундай йўл тутаман. Баъзида хушмуомалалик билан иззатини жойига қўйсам, бундайлардан тезроқ қутуламан, деган анойиларча умидга ҳам бериламан.
– Илҳом келишини пойлаб турганингизда, юмшоққина креслода ўтиришга нима дейсиз? Биринчи қаватда ўтган йил онам вафот этганидан кейин қолган креслолар ётибди, истаганингизни танлаб олсангиз бўлади. Уйнинг бир бурчагида ҳеч кимга нафи тегмай қанча гиламлар ҳам уйилиб ётибди. Биз хонангизга гиламлардан биттасини олиб чиқиб, тўшаб қўйсак ҳам бўлади, шунда ўзингизни уйингизда юргандек ҳис этасиз.
– Овора бўлманг, – дедим, – бу жой менга қандай бўлса, шундайлигича ёқяпти, гапим рост.
– Агар сиз деразаларга парда илайлик, десангиз, майли, олиб бераман. Бу хона учун ёрқин ранглар керак, бундай диққинафас хонада ўтиравериб сиқилиб кетасизми, деб қўрқаяпман.
– О, асло, – дедим мен кулиб, – ишончим комил, бундай бўлмайди.
– Агар сиз эркак киши бўлганингиздаям бошқа гап эди, лекин сиз аёлсиз. Аёллар қулайликни яхши кўради.
Ахийри ўрнимдан туриб, дераза олдига бордим. Деразанинг ташқи томонидан тутилган горизонтал қаватли очилиб-ёпиладиган елим панжарадан пастга, шанба кунидаги бўм-бўш кўчаларга термилдим. Хаёлимда унинг лўппи юзига қараб заҳар сочишдан ўзимни тийиб, қандай қилиб вазминлик билан жавоб берсамикин, деб турсам-да, тилим қурсин, ичимдагини сиртимга чиқариб юборди:
– Мистер Молли, илтимос, бундай нарсалар билан мени бошқа безовта қилмасангиз. Бу шароит мени қониқтиради, деб сизга айтдим-ку, ахир. Менга нимаики зарур бўлса, бари етарли. Ёруғлик ҳақида қайғурганингиз учун раҳмат.
Лекин натижа мен кутганимдай бўлиб чиқмади, у мени яхшигина уялтирди:
– Табиий, сизга халал беришни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ, – жавоб қайтарди мистер Молли дангал, овозида хафагарчиликдан асар ҳам йўқ эди. – Бу гапларни фақат сизнинг фойдангизни кўзлаб гапирдим, холос. Ўрнингизда бўлганимда, ахир менга қулайлик яратиб беришяпти-ку, деб индамай хонадан чиқиб турган бўлардим.
Мистер Молли чиқиб кетгандан сўнг ўзимни анча яхши ҳис қилдим. У гапнинг индаллосини айтиб, мени уялтирганига қарамай, эришган ғалабамдан хурсанд эдим. “Ҳозир у билан чақчақлашиб ўтириб, кейин эртага ундан қутулолмай, бошимга бало орттирганимдан кўра ҳозирданоқ вақтимни олишларини суймаслигини билдириб қўйганим маъқул”, дедим ўзимга ўзим.
Келгуси ҳафта эшигим тағин тақиллади. Очсам, остонада яна мистер Молли турибди. Худди мени мазах қилаётгандек, ўзини бечорага солиб олибди; эҳтимол, роль ўйнамаётгандир, лекин энди бунга ишонармидим.
– Ташвиш чекманг, мен сира вақтингизни олмоқчи эмасман, – деди. – Аслида сизга қийинчилик туғдириш ниятим йўқ эди. Ўтган сафар сизни ранжитиб қўйганим учун узр сўрай деб келдим, холос. Мени кечиринг. Қабул қилсангиз, айбимни ювиш учун сизга арзимас бир совға олиб келгандим.
У хонага мен номини ҳам билмайдиган аллақандай гул кўтариб кирди. Пушти ва оқ зар қоғозлар билан қалин қилиб ўралган тувакдаги гулнинг зич ўсган барглари ялтираб турар эди.
– Манави ерга қўйиб қўямиз, – деди у гулни хона бурчагига олиб бориб. Менга ҳам гул учун шу жой маъқул кўринди. – Орамизда ҳеч қандай дилгирлик бўлиши керак эмас. Тўғри, ўша куни айб мендан ўтди. Майли, хона жиҳозланишини хоҳламаса-хоҳламас, кейин ўйладим ўзимча, бироқ гул ноқулайлик туғдирмас. Аксинча, гул илҳом бағишлайди.
Қанийди, шу дам юрак ютиб: “Менга гул мутлақо керак эмас!” дея олсам. Чунки негадир хонаки гулларни хушламайман. У менга гулни қандай парвариш қилиш, неча кунда сув қуйиш, хуллас, шуларни ўргатди. Табиийки, мен унга ташаккуримни айтдим. Ҳа, айни вазиятда унинг ҳадяси, эзмаланган узрхоҳлигидан кўнглим озиб, базўр тингладим ва раҳмат айтдим. Нима қилай, бошқа иложим ҳам қолмаганди-да. Мистер Молли яна бошқатдан, мени маъзур тутинг, қалбингизга озор бердим, каби эзма гаплари билан суҳбатни улашга тушди. Бироқ мен дарҳол ҳаётимда ўтган хоҳ яхши, хоҳ ёмон воқеаларни ҳадеб эслайвермаслигимни айтиб, унинг оғзига урдим. Тўғри-да, мен унга ким бўлибманки, у менинг “қалбимга озор берган” бўлса. Шундай хаёл қилиб ўтирарканман, юрагим сиқилди: энди хирапашша мана шу мистер Моллидан қандай қилиб қутуларкинман-а.
– Ишларингиз силжиб қолгандир? – сўради у ўртадаги кўнгилсизликни унутиб.
– Ҳа, кетяпти.
– Шундай денг, майли… Ҳа-я, мабодо ёзай деганингизда ғоя тугаб қолса, менга мурожаат қилаверинг. Менда ғоя деганингиз ғиж-ғиж. – У жим бўлиб қолди. – Қаранг-а, сизнинг вақтингизни оляпман, – деди ясама ачиниш билан.
Бу гапни шунчаки ўсмоқчилаб айтди ва мендан кутган жавобини ололмади. Бурчакни бутунлай эгаллаб олган гулга қараб мийиғимда кулдим, бу – унинг охирги жумласини тасдиқлаганим эди.
Ҳозир бу хонани сиздан олдин ижарага олган хиропрактор йигит хаёлимга келди. У ҳақда китоб ёзсангиз ҳам бўлади.
Қўлимдаги калитни ўйнашдан тўхтаб, унинг гапларини тинглашга тутиндим. Журъатсизлик табиатимдаги катта қусурлардан эди. Қизиқувчанликка келсак, бу энди мутлақо бошқа масала.
– Ўша йигитнинг қўли гул экан денг, мана шу хонада катта ишлар қилди. Жавонга билимини оширадиган китобларни тахлашдан кўра бу жойни ўзича ўзгартиришни маъқул кўрди. Ўзгартирганда ҳам ўнг-чапига қарамай ўзгартирган. Мен у жойлашгандан анча кейин кирдим. Ўшанда қандай манзаранинг устидан чиққанман, биласизми? Хонанинг овоз ўтказмайдиган қоплама билан ўраб чиқилганига ҳайратда қолганман! Бутун девор овоз ўтказмайдиган қоплама билан ўраб чиқилибди-я. Тағин буни ҳеч кимнинг ёрдамисиз, ёлғиз ўзи уддалаганини айтмайсизми. Сиз ҳикояларингизни ёзиб ўтирган мана шу хонани-я. Биз буни қандай билиб қолдик, денг. Бир куни нотаниш хоним эшигимни тақиллатди. Хоним менинг калитим билан хиропрактор эшигини очиб беришимни сўради. Сўрасам, у эшигини очмаяпти, дейди. Мен бўлсам вақтида хиропракторимиз бу хонимни даволагандир, аёл қайта даволанмоқчидир, деб тахмин қилиб ўтирибман. Хонимнинг айни етилган, дуркун вақти денг, шифокор йигитимизнинг ҳам айни қирчиллама пайти. Гап қаёққа бораётганини ўзингиз илғагандирсиз. Тағин, у йигитнинг ёшгина ажойиб хотини, кўрсангиз суқингиз кирадиган икки фарзанди бор-а. Нафси бузуқ одамлар бу дунёда айшини ана шундай суриб юраверар экан-да.
Менга, мистер Молли бу воқеани шунчаки ғийбат учун эмас, балки ёзувчи бундай гапларни эшитишга жуда иштиёқманд, дея ўйлаб айтиб берганини бирмунча вақтдан сўнг англадим. Ёзувчилик деганда эркак билан аёл ўртасидаги нозик муносабатларни тасаввур қилади, шекилли. Гарчи бу ҳатто эътибор беришга ҳам арзимайдиган ўта жўн фикр бўлса-да, яна бунда ёшликни қўмсаш сезилиб турса-да, барибир бу ҳол менга, ҳозир зое кетаётган вақтларинг учун исён қилсанг-чи, дегандек бўларди. Лекин ҳозирдан кўра эртани ўйлаб тилни тийиш зарурлигини яхши тушунар эдим. Бир аччиқ гап билан манави мистернинг танобини тортиб қўяман, деб йўл тутишим айни дамда катта хатоликка йўл қўйганим бўлар эди.
Бу ҳафта менга чойнак ҳадя қилинди. Ишлаётганимда фақат қаҳва ичишимни, яхшиси, буни миссис Молли олгани маъқул, деб туриб олдим. Гапни қаранг, асабий одамлар учун қаҳвадан кўра чой фойдалироқ эмиш ва мен мистер Моллига ўхшаган асаби чатоқ инсон эканман. Атиргуллар расми чекилган, ялтироқ зарлар билан зеб бериб ишланган чойнак жуда хунуклигига қарамай, барибир қимматбаҳолиги билиниб турарди. Яна ноилож қолиб, чойнакни олдим ва уни столим устига қўйдим. Кейин нима қиларимни билмай, хонамнинг бурчагини эгаллаб ётган гулнинг барглари чангини тозалашга тушдим. Йўқ, у хонамда бўлса, қандай қилиб ёзаман? Яна ҳотамтой мистер Молли майда-чуйда енгил чиқиндиларни ташлаш учун ичи ва сиртига хитойча битиклар битилган ажойиб идиш берди. Тағин креслом учун тешик-тешик юмшоқ резина ёстиқча ҳам олиб келди. Мана шу саховат орқасидан унга мени ишлагани қўйинг, деб шартта гапиролмаётганим учун ўзимдан ўзим нафратланиб кетдим. Бу сермулозамат кушанданинг юзига эшикни ёпиб қўя олмаётганим учун, ижодхонамга киришига йўл қўяётганим учун безовта бўлардим, уни кўришга кўзим, отишга ўқим йўқ эди. Ўз навбатида, мистер Моллидек одам ҳам мана шу шақир-шуқурлари билан менинг тоқатимга товон тўлаётгани ва фақатгина гапларини тинглаб ўтиришим учун шунча тер тўкаётганидан ҳам мендан нафратланаётгани турган гап эди.
Мана, энди у менга ўз ҳаётини ҳикоя қила бошлади ва, қарабсизки, шу билан яна хонамда қолди. Бундан мақсади айтиб берганларимни ахири бир кун китоб қилар, деган илинжда бўлгани равшан эди. Эҳтимол, ҳуда-беҳудага юзлаб одамларга ўз ҳаёт қиссасини гапириб чиққандир. Майли, буларни ёзишимга кўзи етмас, аммо бу сафарги баён ўзгача руҳ билан бадиий талқин этилди. Аксарият инсонлардан фарқли ўлароқ унинг пешонасига мусибатлар изма-из битилган экан. Омад юз ўгириб, ишлари орқага кетганда биродарлари уни ташлаб кетган экан. У сидқидилдан ёрдам қўлини чўзган, ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган дўстлари бўлса, эҳ, улар унга хиёнат қилган экан. Бошида тегирмон тоши юргизилган ўша оғир дамларда кимлар денг, ўзи бирор марта бўлсин, кўрмаган, тағин уни мутлақо танимаган одамлар корига яраган экан. Мана шу жабру ситамлар туфайли ҳам унинг умри минг бир қийинчиликлар ичида ўтган экан. Яна денг, бу мусибатлар унинг жуфти ҳалолига ўз асоратларини қолдирмай қўймабди: соғлиғидан путур кетибди, асаблари тамом бўлибди. Хўш, у қандай қилиб шундай кўргиликларни ортда қолдириб, мана шундай дориламон кунларига етиб келибди?
– Бу жумбоқнинг ечимига сиз ўз кўзларингиз билан шоҳид бўлиб турибсиз, – деди ва қўлларини тепага кўтариб ишора қилди. – Ҳа, нимаики бўлмасин, мен ҳаётнинг шафқатсиз синовларидан ўта олдим.
Мистер Молли зўр умид билан ўзини тасдиқлашимни кутиб, менга қараб турарди, афсуски, бундай бўлмади.
Бу ҳафта келганимда зиналардан оёғимнинг учида, оҳиста юриб чиқдим, эшикни очаётганда ҳам калитни авайлаб бурадим. Хўп, энди, ёзув машинканг чиқиллаб, эгам келди, деб овозини чиқариб турса, кимдир шу тобда бу эҳтиёткорлигинг кимга керак деса-чи?! Машинкада эмас, қўлда ёзсаммикан, деб бош қотирдим, анови хиропрактордек деворларга овоз ўтказмайдиган қоплама қопласаммикан, деб хаёл қилдим. Ўзимни боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис этиб, ахир бирор фикр чиқар, дея эримга ёрилдим. “Шу ҳам муаммо бўлди-ю”, дегандек, эрим шундай ечим таклиф этди:
– Кечирасиз, ҳозир банд эдим, де, бўлди, – ақл ўргатди.
– Ҳамма гап ҳам шунда-да! Доим қўлида бирор совға бўлади. Ё бўлмасам, аллақандай баҳона билан келиб, эшигимни тақиллатади, кейин ҳол-аҳвол сўрайди. Мен унга гапни қисқа қилиб, ҳозир вақтим йўқ, ёзаётган эдим, деб суҳбатлашиш мавриди эмаслигини ошкора билдираман. Қани энди, ўша Моллига гап таъсир қилса. Фиғонимни чиқариб, хонангизга бирров кирсам дегандим, унча вақтингизни олмайман, дейди безбетларча. У ҳамиша хаёлимдан ўтаётган гапларни, тағин ижодхонамга кириб келмасин-да, ишиқилиб, деб қўрқиб туришимни ҳам билади. Билиб туради-ю, барибир юзингда кўзинг борми, демай бостириб келаверади.
Бир куни қоронғи бўлгунча ишлаб, уйга қайтдим. Қарасам, почтадан жўнатаман, деб ёзиб қўйган хатимни офисда қолдирибман, уни олиб келиш учун ортимга қайтдим. Моллилар кўчасига етиб борганимда, деразадан ижодхонам чироғи ёниқ турганига кўзим тушди. Яна денг, мистер Молли машинкам устига эгилиб олган эди. Демак, у кечалари кириб, ёзганларимни доим мана шунақа қилиб ўқиб юрган! У оёқ товушларимдан келаётганимни билди, чунки мен хонага кирганимда у ўзи берган саватчанинг ичини бўшатаётган эди. Қаранглар-а, бу кишим хонани мен учун саранжомлаб қўяётган экан. Ўша сафар бошимни қотирмай, дарҳол чиқиб кетди. Унга ҳеч нарса демадим. Унга бирор нима демадим-у, аммо ғазабдан титраб кетдим. Лекин шу чоғ ичимда мамнуният ҳис қилдим. Ахир, бу мистер Молли деганларини шундай воқеа устида ушлаш – шу қилмиши туфайли юзига эшикни тарс ёпиб қўйишим учун зўр имконият пайдо бўлган эди.
Шундай қилиб, келгуси ҳафта эшик ичидан қулфлаб олдим. Бироз ўтиб, мистер Моллининг оёқ товушлари, сўнгра эшикнинг оҳиста, тақиллаши эшитилди. Мен ҳеч нарса эшитмаётгандек, машинкамда чиқиллатиб ёзиб ўтиравердим, ора-сира тўхтаб ҳам қўярдим. Шунинг учун мистер Молли мен эшик тақиллаганини эшитганимни билди. Эшик очилавермагач, охири мени чақирди. Бироқ мен жавоб бермасдан индамай ўтиравердим. Аслида бундай безбетликка чидай олмасдим, нима қилай, жойимдан жилмай ўтиравердим. Шу куни, хайрият-е, дунёда қуёшнинг иссиқ тафти ҳам бор экан-ку, дедим: ниҳоят ижодхонамда асабим бузилмай, бамайлихотир ишлашга муяссар бўлдим.
Аммо бунинг оқибати кейин қандай бўлишини ўйлаб кўрмаган эканман. Ишларимни якунлаб, энди эшикни қулфламоқчи эдим, шунда эшикка ёпиштирилган, мистер Моллига бир учрашиб кетсам, боши кўкка етиши ёзилган қоғозга кўзим тушди. Майли, бўлар иш бўлди, шу билан бунга нуқта қўя қолай, деб унинг хонасига йўл олдим. Борсам, у стол ёнида, ўзи махсус алмаштирган чироқнинг хира нурида ўтирган экан. Эшикдан кирмасимданоқ, гўё мен унинг арпасини хом ўргандек, қовоғини уйиб, чимирилди, сўнг гапини ёзувчилигимни билиб, мени ижарага қўйганидан бошлади.
– Сизга айтсам, ёзувчи ва санъаткорлар қандай тоифа одамлар бўлишини кўп ва хўп эшитганман. Албатта, бундай одамларга асло рағбатим бўлмаган. Лекин мен шунга қарамай, Молли, ҳамма бир хил эмас-ку, деб сизга хона бердим. Ҳа-я, уларнинг қандайлигини ўзингиз ҳам биласиз.
Очиғи, гап нима ҳақида кетаётганини англолмай қолдим.
– Ўзингиз менинг ҳузуримга келиб, мистер Молли, ижод қилишим учун ижарага хона олмоқчиман, дедингиз. Мен эса сўзларингизга ишониб, мана сизга хона, мана барча шароит, дедим. Мана, мен ана шундай одамман. Бироқ сиз шунга муносиб йўл тутмадингиз. Ҳозир мени қаттиқ ўйлантираётган, аниқроғи, лол қолдираётган ишни ўзингиз ҳам сезиб турибсиз.
– Нима лол қолдиряпти? – сўрадим мен.
– Мени сизнинг хатти-ҳаракатларингиз ҳайрон қолдиряпти. Эшикни ичидан қулфлаб олиб, тақиллатишса, очмаслигингиз, бир ўйлаб кўринг-чи, ўзига тўғри одамнинг ишимикан? Агар ичкарида яширадиган ҳолат бўлмаса, албатта. Эрим, болаларим бор, деган хурлик аёл ижарага офис олиб, машинка чиқиллатиб ўтириши тўғрими?
– Сиз менинг хаёлимга ҳам келмаган…
У қўлини кўтариб, тўхтанг-тўхтанг, дея ишора қилди.
– Энди асосий гапга етиб келдик, сиздан сўралаётган биргина илтимосим, мен билан тўғрисўз бўлиб, ҳеч нарсани яширмасангиз. Менимча, камина бундай ишончга анча-мунча муносибман. Сиз офисдан ўзга бир мақсадда фойдаланаяпсизми ёки бу бошқалардан сир тутилиши керакми, дўстларингиз ёки, умуман, ким бўлишидан қатъи назар, бирортаси сизни кўришга келаяптими?! Мен шулардан воқиф бўлиб турай, маъқулми?
– Тушунмадим, сиз нимани назарда тутяпсиз?
– Сизнинг ёзувчиман, деган даъвонгиз эса кейинги масала. Мен газета журналларни кўп ўқийман, лекин буни қарангки, сизнинг исми-шарифингизга кўзим тушмаган экан. Балки, ҳикояларингизни бошқа номда чиқарарсиз?
– Йўқ, – жавоб бердим мен.
– Тўғри, мен ҳали номини ҳам эшитмаган ёзувчилар бор, албатта, – деди мулойимлашиб. – Майли, буни қўяйлик. Ҳозир сиз менга бошқа фириб бермасликка, эгаллаб турган офисингизда аёл кишининг шаънига номуносиб ишлар билан шуғулланмасликка виждонан сўз берсангиз.
Нималар деб алжираяпти бу одам? Йўқ, қандайлиги пешонасига ёзиб қўйилган шу одамдан аҳмоқ бўлиб, қанақа ақлли гап кутиб ўтирдим ўзи? Йўқ, энди буниси ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Унинг қуюшқондан чиқиб, гапирган гапи қонимни қайнатиб юборди. Ҳозироқ ўрнимдан туриб, бу ердан чиқиб кетмасам бўлмайди!
Холлдан юриб ўтарканман, у ортимдан вайсаганича қолди. Мен унинг олдидан жаҳлдан бўғилиб, офиси бошида қолсин, кетаман, деб чиқиб кетдим. Бироқ мана, ҳозир ижодхонамда ўтириб, олдимда севимли ишимни кўриб, бу хона мен учун қанчалик қадрли эканини, бу ерда илҳом билан ишлаганимни англаб етдим. Англадим-у, энди ютқазмасликка аҳд қилдим. Ниҳоят, ўртамизда низодан бошқа нарса қолмади. Мен бемалол эшикни қулфладим, унинг эшикка ёпиштириб кетган “хат”ларига эътибор бермасликни ҳам эпладим ҳамда юзма-юз келганда бегонадай индамай ўтиб кетиш ҳам қўлимдан келди. Ижара ҳақини бўлса ортиқча тўладим ва менга агар ойнинг охирига етмай чиқиб кетадиган бўлсам, тўлаган пулимдан бир цент ҳам қайтариб берилмаслиги айтилди. Бунга қаршилик қилмадим. Энди мистер Молли ўқимасин деб ҳар куни қўлёзмаларимни уйга олиб кетадиган бўлдим. Ана шу эҳтиёткорлигим менга панд берганга ўхшайди. Майли, шу ўқиса ўқийверсин эди, қоронғида тимирскиланиб юрган сичқон билан нимадир ўзгариб қолармиди?
Бундан сўнг эшигимга ёпиштирилган қайдларга бир неча бор кўзим тушди. Мен ўқимайман деб аҳд қилардим-у, лекин барибир ўқишга мажбур эдим. Менинг айбларим салмоғи кундан-кунга оғирлашиб бормоқда эди. Хатларда ёзилишича, хонамдан эркак кишининг овозини эшитибди, азбаройи шовқиндан рафиқаси кундузлари дам ололмаётган эмиш (тавба, дам олиш кунларини айтмаганда ҳеч қачон кундузи (?) бу ерга келмаганман-ку). Яна у ахлат челакдан вискининг шишасини топибди.
Анави хиропракторга ҳавасим келди. Ҳа, бу ерда мистер Моллининг даҳмазаларига бардош бериб ўтириш осон эмас экан.
Гарчи унинг “хат”лари орқали ўртадаги адоват ортиб бораётган бўлса-да, юзма-юз тўқнашувларимиз барҳам топган эди. Аҳён-аҳёнда холлга кириб келаётганимда кўриб қолмасин деб мендан беркиниб энгашганича орқасига қайтиб кетаётганига кўзим тушиб қоларди. Аста-секин ўртамиздаги бу муносабатлар ғаройиб тус олди. Энди мистер Молли эшигимга ёпиштириб кетаётган хатларида мени “Нюмеро-Синк” хўрандалари билан “апоқ-чапоқ” бўлаётганимда айблай бошлади. “Нюмеро-Синк” шу атрофдаги қаҳвахона бўлиб, назаримда, азбаройи кимни топишни билмаганидан шу жойдаги хўрандаларни рўкач қилган. Бўлди, мистер Молли мен учун асраб қўйган гапларини мана шундай ёзаверади, ёзган сари бу хатларнинг менга таъсири йўқолиб бораверади, хуллас, бу машмаша шундан у ёғига ўтмайди, деб ўйладим.
Якшанба куни соат ўн бирлар чамаси мистер Молли эшигимни тақиллатди. Мен эндигина келиб пальтомни ечиб, электр плитасидаги човгумга сув қуяётган эдим.
Эшикни очдим. Бу сафар унинг юзи ўзгача қиёфа касб этган эди: мени айблайдиган далил топгандек юзи хурсандчиликдан порлаб, совуқ иршайиб турарди.
– Сизга малол келмаса, – деди у ҳаяжон билан, – ҳозир мен билан юрсангиз дегандим.
Яна нимани ўйлаб топди экан, дея ортидан эргашдим. У мени ҳожатхона олдига бошлаб борди, у ернинг чироғи ёниқ эди. Бу ҳожатхона мен ижарага олган хонага тегишли бўлиб, у ерга мендан бошқа ҳеч кимса кирмасди. Бироқ менда ҳожатхона калити йўқ бўлиб, доимо очиқ турар эди. Мистер Молли ҳожатхона эшиги олдида тўхтади-да, эшикни итарди ва индамай, хўмрайиб туриб қолди.
– Хўш, манави кимнинг иши? – сўради у ранжиган овоз билан.
Ҳожатхона ва қўл ювиш хонасининг деворлари ажи-бужи расмлар чизилиб, ҳар хил ёзувлар ёзиб ташланганди. Одатда пляж ёки мен вояга етган мўъжаз ва кўримсиз шаҳарлар аксарият жамоат жойларидаги умумий ҳожатхоналарида шундай манзарани кузатиш мумкин эди. Аксар деворга лолаб билан ёзилган бўлади. Одатда шанба кунлари туни билан дўконлар атрофида санқиб юрадиган бирор дайди кирган бўлса бордир, деб ўйладим ўзимча.
– Ҳожатхона доим очиқ туради, аслида кеч киргандан кейин қулфлаб қўйиш керак, – тезроқ шу вазиятдан қутулиш учун қатъий оҳангда совуққонлик билан дедим мен. – Бирор дайди безори тунда кириб, деворларни безаб чиқибди, кўриниб турибди-ку.
– Бу, шубҳасиз, безорилик. Балки, сиз дўстларингизга атаб ҳазил қилгандирсиз. Аммо менинг нуқтаи назаримда, бу жуда қабиҳ иш. Эрталаб ўзингга тегишли мулкнинг эшигини очсанг-у, шундай манзарани кўрсанг… Агар билсангиз, бу жуда ёқимсиз, албатта.
– Лаб бўёғи экан, ювса, кетади.
– Рафиқам бунга гувоҳ бўлмаганидан астойдил қувондим. Яхши тарбия кўрган покиза аёл бундай ҳолдан ранжиши турган гап. Хўш, дўстларингизни челак-латтаси билан бу ерга бир вақтичоғлик қилишга таклиф этсангиз қандай бўларкин? Мен бундай одамларнинг ўйин-кулгисини кўришга қарши эмасман.
Энди хонамга қайтаман деб бир қадам ташлаганимни биламан, у ҳаллослаб олдимга чиқди ва йўлимни тўсиб олди.
– Деворда бундай манзаранинг шу тарзда намойиш этилиши менга кундек маълум.
– Мабодо буни сиз қилдингиз, демоқчи бўлсангиз, – дедим мен жуда вазмин оҳангда, – у ҳолда сиз ўтакетган лўттибоз экансиз.
– Ҳожатхонага бегоналар қандай қилиб киради? Бу ерга сиздан бошқа ким киради, айтинг? А, ким?
– Ҳожатхона доим очиқ турган. Шундай экан, кўчадаги дуч келган ўткинчилар ҳам кириб кетаверади. Эҳтимол, кеча мен кетганимдан кейин бирорта бола кириб қилгандир. Мен буни қаёқдан билай?
– Катталарнинг ўзлари болаларни шундай ахлоқсиз қилиб тарбиялаб, яна ҳамма айбни уларга тўнкашларининг ўзи ўтакетган ахлоқсизлик. Аввало, бунақа гапларни бир мушоҳада қилиб кўриш керак. Бизда қонун бор. Биласизми, сиз ҳозир қонунни оёқости қиляпсиз. Бадиий адабиётда ҳам шундай талаблар бор, бунга ишончим комил.
Умримда биринчи марта мувозанатимни йўқотиб қўймаслик учун индамадим, фақат чуқур-чуқур нафас олдим, холос. Чини билан ҳозир уни бўғиб ўлдиришга тайёр эдим. Шу туришда унинг башараси инсонникидан фарқ қилар эди, қарасанг, кўнглинг озар эди: у гўёки ўз қўллари билан адолат ўрнатди. У гўёки ҳаводан эмас, фақат эришган интиқоми ғалабасидан нафас олаётгандек, бурун катаклари кериб очилган, кўзлари сузилган эди. Агар мана шу лаънати деворлар бежалмаганда эди, у ҳеч қачон, ҳа, ҳеч қачон ғолиб бўлмаган бўларди. Ҳа, мен енгилдим. Мистер Молли ғалаба нашидасини суриб турган айни дамда қалбимда тўлиб-тошган нафрат юзимда акс этди, шекилли, у беихтиёр четга тисарилиб, менга йўл берди. Менга йўл берса-да, барибир яна вайсақилигини бошлади. Балки, девордаги расмлар мен келмасимданоқ олдин пайдо бўлгандир. Унинг наздида, гўёки дўстларимдан бирортаси қилгандир. Мен чурқ этмай, хонамга кирдим-да, эшикни беркитдим.
Плитадаги човгумдан даҳшатли овоз чиқар эди: қайнайвериб суви қуриб қолибди. Дарров уни плитадан олдим ва плитани ҳам ўчирдим. Бир муддат ғазабдан бўғилиб, нафас ололмай туриб қолдим. Сўнг секин бу оғриқ ўтди. Мен энди нима қилишим кераклигини яхши билардим: ёзув машинкамни, ундаги қоғозларимни олиб, стулга қўйдим, улар турган столимни эса эшик олдига кўтариб келдим. Бу ерга кўчиб кирганимда нарсаларимни солиб келган сумкамни шкафдан олдим ва унга оғзини маҳкамлаб бураб, шишадаги қаҳвамни, сариқранг финжонимни ва кичкина қошиқчамни солдим. Яна болага ўхшаб, бурчакда турган тувакдаги гулни, чиқинди саватчасини, гулли чойнакни, ёстиқчани, ҳа-я, унутибман, елим қалам чиқаргични олиб кетиб, мистер Моллидан ўч олгим ҳам келди.
Нарсаларимни машинага ортаётганимда миссис Молли етиб келди. Мен уни аввал бир кўрганимдан буён деярли кўришмаган ҳам эдим. У, афтидан, орада бўлиб ўтган воқеаларни тўғри қабул қилган ва ҳожатхона деворларидаги манзарадан хафа ҳам эмас эди.
– Мистер Молли қилган ишидан пушаймон бўляпти, – деди миссис Молли. – У бундан ўзини йўқотиб қўйди.
У менга ёрдамлашиб, қаҳва ва финжонли сумкамни олиб чиқиб берди. Бу аёл уни илк бор кўрганимда қандай ҳолатда бўлса, ҳозир ҳам шундай тушкун кайфиятда эди. Тўғриси, аёлнинг афти-ангорини кўриб, ғазабим ўз-ўзидан тарқаб кетди.
Шундай қилиб, у ердан кетганимдан буён ҳали ўзимга офис топганимча йўқ. Ким билади, бирор кун излаб кўрарман, аммо ҳозир эмас. Кўз ўнгимда мистер Молли бир қўлида совунли челак, бир қўлида латта билан гавдаланди, мабодо хаёлимдаги фикрларни ёзадиган бўлсам, унга бу икки дунёда ҳам маъқул келмайди: унинг ишончига хоинлик билан жавоб беражак бўлажак қиссани тинимсиз ўйламоқда эдим. Ҳа, мен ҳозир мистер Молли ўқтин-ўқтин нафас олганича ҳожатхона деворларини бесўнақай гавдаси билан инқиллаб-синқиллаб тозалаётганини, хайриятки, кўзим билан кўрмаяпман. Содир бўлган бу воқеалар ўз таъсирини йўқотиб, онгим аввалги ҳолатига келгунга қадар ўзимга ижод қилиш учун офис олишни бир четга суриб туришим керак бўлади. Сўз менинг доимий ҳамроҳим. Ўйлайманки, сўзларим мистер Молли деган одамдан қутулиш учун ижарага олган ижодхонамдан кетишга мажбур бўлганимни тўғри тушунади.
Инглиз тилидан Гулҳаё Маҳамадалиева таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 4-сон