Бу аёл мўъжазгина француз ресторанининг соҳибаси эди. Ресторан “Шаҳризода” деб аталар ва у Мадинада бутун тун бўйи очиқ турадиган, яккаю ягона тамаддихона ҳисобланарди. Баъзан бўм-бўш бўлар, баъзида эса унда уч-тўрт хўранда овқатланиб ўтирарди. Бироқ кўпинча, айниқса, тунги икки билан уч орасида бу ер кунда-шунда мижозлар билан тўлиб-тошар, шунда кимнинг нима деяётганини, ҳар бир айтилган сўзни аниқ эшитиш мумкин бўларди, чунки хона кичкинагина бўлиб, агар йигирма чоғли одам ўтирган ёки турган бўлса, рестораннинг томи шовқиндан сал бўлмаса кўчиб кетай дерди.
Емакхонадан ўн қадамча нарида, шундоқ муюлишда Жема эл-Фна – бўм-бўш майдон ҳувиллаб ётарди. Икки ўртадаги фарқни қаранг, нақ ер билан осмонча эди. Майдоннинг айлана тевараги бўйлаб эски-туски, йиртиқ ва жулдур кийимли камбағал-қашшоқ, ғариб ва фақир кишилар қоқ ерда ётиб, тонг оттиришарди. Улар бу жойга шунчалик мослашиб кетгандики, ногоҳ туртинмаслик учун кўзга қараб юришга тўғри келарди. Кимда-ким бемаҳалда кенг майдонда тимирскиланиб юрган бўлса, бундайин шубҳали кимсалардан узоқроқ юргани маъқул эди.
Жема эл-Фна узра аллақачон ўлик сукунат чўккан маҳал “Шаҳризода” бағрида ҳаёт эндигина бошланаётган бўларди. Ресторанга кириб-чиқаётганлар, асосан, европаликлар – французлар, инглизлар бўлиб, улар орасида америкаликлар ҳам учраб турарди. Мижозлар орасида араблар ҳам бор эди; улар ё европача кийинган ёки бўлмасам, ичувчилар тоифасидан бўлиб, шу билан ўзларини гўё замонавий кишилар қилиб кўрсатишга ёхуд европаликларга таассуб қилишга мойил бўлишарди. Ичимликлар нархи ниҳоятда қиммат эди, шу боис бу ерга киришга унча-мунча арабнинг юраги бетламасди. Майдонда ётиб-турадиган одамларнинг чўнтагида ҳемири ҳам йўқ, “Шаҳризода” мижозлари эса бир қадаҳ коньяк учун бир юз йигирма франк тўлашар ва бирин-кетин бир неча қадаҳни кўрдим демасди.
Майдон аҳолиси уйқуга кетгунга қадар радиокарнайда арабча мусиқа янграр, сўнг эса ресторан тарафдан европача рақс мусиқаси бўғиқ оҳанг таратарди. Ресторан хўжайини мадам Миньон энг сўнгги модадаги куй-қўшиқлар ёзилган грампластинкаларни ҳар доим канда қилмай опкелиб қўярди. У ўз пластинкалари билан фахрланар ва ҳар ҳафтада яп-янгиларидан бир кўтарим харид қилиб келарди. Сўнг улардан кунда-шунда мижозларига қўйиб берар, меҳмонларнинг нозик таъб-диди билан ҳисоблашишда устаси фаранг эди.
Хоним асли Шанхайда туғилган, отаси француз, онаси эса хитойлик бўлган. Унинг кўзлари аввал икки ёққа қараган, ғилай эди, кейинчалик жарроҳи қилингач, ўрнига келган бўлса-да, барибир хитойларга хос феъл-атвордан деярли ҳеч вақо қолмаган ҳисоб эди. У онаси хитойлик аёл бўлганини ҳечам яширмасди. Марокаш мамлакатига келгунга қадар, олдин бошқа француз колонияларида яшаган, бир неча йил Дуалада ҳам бўлган экан. Лекин мадам Миньон бошқа миллат ва элатларга нисбатан шунақанги норози оҳангда гапирардики, бунақанги нотўғри фикрга гўлларча маҳкам ёпишиб олган аёлни умримда биринчи марта кўришим эди. Бироқ французлар ва хитойлар ҳақида лом-мим демас, фақат ҳар гапида аллақандай ғурур билан: “Менинг онам хитойлик, отам эса француз бўлган”, дейишни канда қилмасди. Хуллас, у шунақа ўзидан ўзи мамнунлик туядиган аёл эди. Насл-насаби, келиб чиқиши бошқача бўлган мижозларини кўрдим дегунча, уларни ёзғиришга тушарди.
Мен бир куни ресторанда у билан ёлғиз қолиб, узоқ суҳбатлашгач, ҳартугул ишончини қозонишга сазовор бўлдим. Фильм суратга олиш гуруҳимиздаги инглиз дўстларим овқатланиб бўлгач, баъзан пул тўлашни унутиб кетворган пайтлар ҳам бўлиб турарди, шунда мен ҳеч иккиланмай улар учун ҳам тўлаб юбораверардим, шунинг учун бўлса керак, аёл ўзича мени бой деб ўйларди. Ҳа, у мени сирли равишда бой деб ўйларди, чунки инглизларнинг кийган кийимига қараб, буни ҳечам билиб бўлмасди. Шерикларимдан кимдир ҳазиллашибми ёки мадам Миньонни атай лақиллатиш учунми, каминани орқаворатдан руҳий касалликлар шифокори деб таништирибди. Кўпинча бир сўз демай, жимгина ўтиришим, бунинг устига кейинроқ меҳмонлар ва мижозлар ҳақида батафсил сўраб-суриштирганим учун бўлса керак, ҳарҳолда хоним бу миш-мишга ишонган кўринади. Мен ҳам бунга эътироз билдириб ўтирмадим, қайтанга бу яхши эди, энди у мен билан бемалол ва бамайлихотир суҳбатлашадиган бўлди.
Унинг турмуш ўртоғи мсье Миньон чет эл легионида хизмат қилган, тўладан келган, гавдали, бақувват киши бўлиб, ресторандаги юмушларга оз-моз ёрдамлашиб юргучи эди. Мижозлар йўқ пайтларда торгина хонадаги ўриндиқлардан бирига чўзилган кўйи мазза қилиб уйқуни урарди. Таниш меҳмонлари келди дегунча, уларни „La Riviera“ – фаранг исловатхонасига бошлаб борарди, ресторан билан унинг ораси атиги бир неча дақиқалик йўл эди. У ерда бир-икки соат бўлиб, меҳмонлар билан бирга қайтиб келар, иславатхонага янги келган қизлар ҳақида хотинига гапириб берар, меҳмонлар билан оз-моз ичишгач, сўнг уларни кузатиб қўярди. Орадан ҳаял вақт ўтмай, янги мижозларни олиб, яна „La Riviera“га равона бўларди. Бу – “Шаҳризода”нинг кундалик ҳаётида тез-тез қулоққа чалиниб турадиган сўз эди.
Мсье Миньоннинг юзи юмалоқ, елкалари кенг, болаларга хос чеҳрасини эса доим мудроқ босиб турарди. Эринибгина, гўё малол келаётгандек жилмайиб қўяр, французларга хос бўлмаган тарзда жуда секин сўзлар ва камгап ҳам эди. Аёли ҳам сергап эмасди, ҳиссиётга берилувчан ва нозик табиатли бўлиб, гапга ҳадеб аралашавермас эди. Аммо чакаги бир очилса борми, ҳадеганда тинай демасди. Эри эса унга қулоқ солмай, индамайгина қадаҳларни чайиб қўяр ё ётиб ухлар ёки бўлмасам, „La Riviera“га қараб йўл оларди. Хоним баъзан кайфи ошиб қолиб, қўполлик қиладиган айрим мижозларга эшикнинг қаердалигини кўрсатиб қўйишни ёлғиз ўзи уддалай олар, бу масалада эридан ёрдам сўраб ҳам ўтирмасди. Ресторан унга қарашли эди, шу боис бўлса керак, грампластинкалар сақланадиган пештахта ортида ҳар эҳтимолга қарши резинка таёқни ҳам шай қилиб қўйганди. Таниш-билишлари ва дугоналарига таёқни кўрсатиб мақтанаркан, у фақат америкаликлар учун мўлжалланганини таъкидлар, бунга жавобан дўстлари заҳархандалик билан кулиб қўйишарди. Ҳақиқатан ҳам маст америкаликлар хоним учун катта қийинчиликларни келтириб чиқарар, шунинг учун ҳам уларни жуда ёмон кўрарди. Унинг назарида, варвар (ваҳший)ларнинг фақат икки тури мавжуд эди: бири маҳаллий халқ, иккинчиси эса америкаликлар.
Мсье Миньон чет эл легионидан ташқари бошқа ерларда ҳам бўлган экан. Кунларнинг бирида у менга мурожаат қилиб, ўзигагина хос бўлган ярим қув, ярим эринчоқ оҳангда:
– Сиз докторсиз, жиннилар шифокорисиз, шундайми? – деб сўраб қолди.
– Нега бундай деяпсиз? – ўзимни ҳайрон қолган қилиб кўрсатдим мен.
– Бизга шундай дейишди. Мен Париж яқинидаги бир жиннихонада икки йил қоровул бўлиб ишлаганман.
– Ундай бўлса, бу соҳадан ҳам оз-моз хабардор экансиз-да.
У сўзларимдан хурсанд бўлди ва иши давомида жинниларнинг қайси бири хавфли-ю, қай бири хавфсиз эканлигини аниқлашни осонгина ўрганиб олгани ҳақида сўйлай кетди. Айтишича, бу борада ҳатто ўзига хос таснифнома ҳам тузган экан. Мен ундан Марокашдаги жиннилар тўғрисида сўрадим, шунда у ҳаммага маълум бўлган баъзи бир воқеаларни гапириб берди. Хуллас, шу кечадан бошлаб у менга шундай муомала қила бошладики, гўё мен унинг собиқ бошлиғи эдим. Баъзан мижозлардан кимдир ўзини бир оз жиннича тутадиган бўлса, биз бир-биримиз билан зимдан кўз уриштириб олардик, гоҳ-гоҳ у мени коньяк билан сийлаб ҳам турарди.
Мадам Миньоннинг якка-ягона сирдош дугонаси бор эди. Унинг исми Жинетта бўлиб, бу номни у тез-тез тилга олиб тургучи эди. Жинетта ресторанга келиб, пештахта олдидаги баланд курсилардан бирига ўтирволган кўйи кимнидир интиқ кутарди. У ёш, ўзига оро берган, юзи ниҳоятда рангпар эди, гўё бутун тун бўйи мижжа қоқмай, кундузи ухлайдиган одамдай таассурот қолдирарди. Кўзлари совуқ, ёқимсиз боқар, ҳар лаҳзада эшик томон ўгирилиб қараб қўяр, кимгадир илҳақ эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турарди.
Жинетта буюк воқеа содир бўлишини соғинч билан кутарди. У йигирма икки ёшда, умрида Марокашдан ташқарига чиқмаган. Шу ерда туғилган, онаси италиялик, отаси эса инглиз, Дакарга кетворган ва қизига ҳеч қандай ғамхўрлик қилмас эди. Жинетта инглизча суҳбатларни жон қулоғи билан тинглар, чунки булар унга отасини эслатарди. У нима иш билан шуғулланган, нега энди бу ерни ташлаб, Дакарга кетган, бу ҳақда ҳеч нарса билолмадим. Мадам Миньон ҳам, Жинеттанинг ўзи ҳам отасини қандайдир фахр билан тилга олишар, уларнинг гап-сўзларидан у қизини деб кетиб қолганини билиб олиш қийин эмас эди. Ҳарҳолда улар шундай деб ўйлашарди, бинобарин, ота шаҳарни шунчаки тарк этмагани, қолаверса, қизи ҳақида ғамхўрлик қилмаётгани ҳам бежиз эмаслиги кундай равшан эди. Онаси тўғрисида эса ҳеч қандай гап-сўз бўлмасди; англашимча, у ҳамон Марокашда яшарди, бироқ ё камбағал ёки бўлмасам, касб-кори, топиш-тутиши унчалик эмасми ёхуд итальянлар ҳақида у қадар юқори фикрда эмасликлари сабабми, ҳарҳолда уни тилга олишмасди. Жинетта эса Англияга жуда ҳам қизиқар, бир кунмас-бир кун у ерга боришни орзу қиларди. Ўзига қолса, қаерга бўлса ҳам, ҳаттоки Италияга жон деб кетворган бўларди; у ўз шаҳзодасини кутарди, уни Марокашдан олиб кетса бас. Айниқса, ресторан мижозлардан бўшаб қолган дамларда уни бениҳоя интизорлик билан кутаётгандай туюларди. У ўтирган баланд курси билан эшик ораси тахминан уч қадамча эди, бироқ эшик ҳар гал очилганда у гўё юз-кўзларига оғир зарба урилгандек, бирдан ортга силтаниб, сапчиб тушарди.
Жинетта, унга илк бор кўзим тушган пайтдаёқ ёлғиз эмас, ёнида ёшгина бир йигит бор эди. У кўринишдан қиз болага ўхшаб кетадиган, ўзига оро берган, башанг кийинган, аёлсифат олифта бўлиб, катта-катта тим қора кўзлари ва жигарранг юзига қараганда, унинг шу ерлик эканини пайқаб олиш қийин эмас эди. Икковлари бир-бири билан иноқ, аҳил, сирдош эдилар, ресторанга ҳам доим бирга келишарди. Улар ҳақида бор ҳақиқатни билиб олгунимга қадар, бу жуфтликни севишганлар бўлса керак, деб ўйлагандим. Йигитнинг ташқи қиёфаси ҳар доим худди тўппа-тўғри қиморхонадан келаётгандай таассурот қолдирарди. Наинки эгнидаги кийими французча урф-одат, анъаналарга бутунлай мос келарди; у ҳатто кўпчиликнинг кўз ўнгида ҳеч бир уялмай-нетмай Жинетта билан ялаб-юлқашардики, бундай қилиқ арабларда энг ёмон иснод саналар эди. Кўп ичкилик ичишарди, гоҳо ёнларида унчалик ясанмаган, тахминан ўттиз ёшлардаги учинчи бир одам ҳам кутилмаганда пайдо бўлиб қоларди.
Жинетта бир куни қисиниб-қимтиниб менга биринчи марта мурожаат қилган пайти, афтидан, каминани инглиз деб ўйлади шекилли, одатдагидай пештахта олдида ўтирарди. Мен унинг ўнг томонида, йигит эса у ёнида эди. У дўстларим Марокашда олаётган фильм ҳақида сўради, мен унинг саволларига бажонидил жавоб қайтардим. Бу Жинетта учун улкан воқеа эди, чунки у, сезишимча, ҳаётини жон деб кино санъатига бағишлаган бўларди. Мадам Миньон бизлар, яъни унинг энг яқин дугонаси ва мен бир-биримиз билан ниҳоят, танишиб олганимиздан хурсанд эди. Бирпас суҳбатлашганимиздан сўнг, қиз менга ёнидаги йигитни таништирди, улар турмуш қуришганига бир йил бўлибди. Буни эшитиб, ҳайрон қолдим, негаки, ҳаммасини бошқача тасаввур қилган эдим. Уларни кўрган одам, ҳали ҳам тўй саёҳатида юрган бўлишса керак, деб ўйларди. Лекин Жинетта ёлғиз ўзи эшикка термилиб ўтирган пайтларда вазият бирданига ўзгача тус олар, кўнгли батамом бошқа бир эркакни тилаётгани аён бўлиб қоларди. Нозик ҳазил-ҳузул асносида уларнинг турмуш тарзидан ҳам анча-мунча воқиф бўлдим. Англашимча, тунги соат учда ресторандан уйга қайтишгач, тамадди қилишар, саҳар бешга томон ётиб, то пешинга қадар донг қотиб ухлашар экан.
– Куёв нима иш қилади? – сўрадим мен қиздан.
– Ҳеч нима, – деди у, – унинг ўз отаси бор.
Буни эшитиб, мадам Миньон бадхоҳлик билан илжайиб қўйди. Қизболасифат йигит ҳам чиройли тишларини кўз-кўз қилмоқчи бўлгандай, беўхшов тиржайди. Ноқулай аҳволга тушиб, хижолат бўлиб ўтирмади, балки сатанглиги устун келди. У мени, мен уни ичишга таклиф қилдим, суҳбатимиз ҳам тез қовуша қолди. Ранг кўр, ҳол сўр, деган гап тўғри экан. Йигит зоҳиран қандай бўлса, ботинан ҳам худди шундай – эрка, тантиқ эди. Буям етмагандек, буткул французларга таассуб қилгани-чи. Ўзи Францияда бўлганмикин? Шу ҳақдаги саволимга:
– Қаёқда, Марокашдан ҳеч қачон ташқарига чиқмаганман, – деди. Бу арзанда Парижга боришни хоҳлармикин? Йўқ, қизиқмас экан. Англияга-чи? – Йўқ, даркор эмас. – Умуман, бирон ёққа боришни хоҳлайдими-йўқми? – Йўқ. – У барча саволларимга аниқ бир мақсади йўқ одамдай ланж, мужмал жавоб қайтарарди. Демак, уни бу ерга боғлаб турган бир нима бўлиши керак, – ўйладим мен. Жинеттамикин, йўқ, у эмас, чунки унинг аҳволи маълум, қаерга бўлса ҳам кетишга тайёр, учгани қаноти йўқ эди.
Бир қарашда шундай “сип-силлиқ” ва оддийгина кўринган жуфтликнинг турган-битгани жумбоқ эди. Улар ҳар оқшом ресторанда ҳозир-нозир эдилар. Чет эллик мижозлардан ташқари уларни яна бир нарса: Миньон хонимнинг грампластинкалари қизиқтирарди. Баъзи бир қўшиқларни қайта-қайта, гоҳида кетма-кет беш-олти мартадан қўйдириб тинглашарди. Сўнг эшик билан пештахта орасидаги торгина хонада рақсга тушиб кетишарди. Энг қизиғи, рақс пайтида бир-бирига чунонам ёпишиб-қапишиб олишардики, буни кўриб туришнинг ўзи бир азоб эди. Жинетта ана шундай интим рақс тушишни жуда-жуда ёқтирарди, лекин томошабинлардан уялибми, гоҳо эридан нолиб ҳам қўярди.
– У билан рақс тушиш даҳшат. Кўп марта айтиб кўрдим, бўлмади, бошқача рақс тушолмас экан.
Навбатдаги рақс бошлангач, улар нафас ростлаб, энди грампластинкаларнинг гир айланишини диққат билан кузатишарди. Мен Жинеттани ўзи истаган ўзга бир мамлакатда тасаввур қилиб кўрдим, у ўша ерда ҳам, масалан дейлик, Лондонда, худди шундай одамлар билан худди шундай замонда, худди шундай ҳаёт кечирган ва худди шундай пластинкаларга рақс тушган бўларди.
Бир оқшом ресторанда ёлғиз ўзим ўтиргандим, Миньон хоним мендан, Жинетта сизга ёқадими-йўқми? – деб сўраб қолди. Гап нима ҳақида кетаётганини тушундим ва:
– Албатта, у табиатан ёқимтой қиз, – дедим.
– Биласизми, уни таниб бўлмай қолди, – деди Миньон хоним ташвишланиб. – Унинг шу бир йил ичида қанчалик ўзгариб кетганини тасаввур қилсангиз эди! Шўрпешона экан, бечора! Ўзи ўша йигитга турмушга чиқмаслиги керак эди. Бу ерликлар яхши қаллиқ бўлолмайди. Тўғри, у яхши оиладан, отаси бой-бадавлат, бироқ Жинеттага уйлангани учун уни меросдан маҳрум қилган. Қиз арабга турмушга чиққани боис отаси ундан ҳолинг нима деб сўрамайди. Энди икковида ҳемириям йўқ.
– Йигит ҳеч қаерда ишламаса, отаси унга ҳеч вақо бермаса, унда қандай тирикчилик қилишаяпти?
– Наҳотки буни билмасангиз? Йигитнинг дўсти кимлигини билмайсизми?
– Йўқ, буни мен қаёқдан билай?
– Ҳозиргина улар билан бирга ўтирганини кўрдингиз-ку. Йигитнинг суйган оғайниси – шаҳар ҳокимининг ўғли. Бу гапга анча бўлган. Ҳозир ҳоким ўғлидан аччиқланиб юрибди. Тўғри, унинг аёлларга ҳеч қандай эътирози йўқ, ўғиллари қанча хотин олса олаверсин, майли. Аммо-лекин, эркак эркак билан… бунга у ҳечам тоқат қилолмайди. Бир неча кун бўлди, у ўғлини ҳайдаб юборган.
– Бундан чиқди, куёв ўша дўстининг орқасидан кун кўриб юрган экан-да?
– Ҳа-да. Уни нафақат ўша дўсти, балки Жинетта ҳам боқаяпти. Йигит қизни бой-бадавлат араблар билан ётишга мажбур қилади. Яна биттаси бор, Жинеттани яхши кўради, у ҳокимнинг ўғли билан бирга туради. Ёши ўтиброқ қолган, аммо пули кўп. Аввалига қиз унга унамади, лекин эри қурғур мажбурласа, у бечора нимаям қила оларди, кўникишдан бошқа иложи йўқ. Мана энди учовлон кўпинча бирга ётишади. Агар қиз хоҳламаса, эри уради. Лекин бу шунчаки фойда учун, аслида у жуда рашкчи, хотинининг фақат пул тўлайдиган эркаклар билан ётишига рухсат беради, холос. Башарти қиз бирор кимни ёқтириб қолса борми, ана кўринг томошани, рашки келиб, жанжал кўтаради. Борди-ю, пули бор одамни ёқтирмай, у билан бирга бўлишни хоҳламаса ҳам, ёки ўзи кимнидир ёқтириб қолиб, ундан ҳеч қандай ҳақ олмасдан алоқа қилса ҳам, барибир уни дўппослайверади. Бечора қиз, шунчалик ҳам бахтсиз бўладими, шўрлик нима қилишини билмай қолди. Уни бу ерлардан олиб кетадиган одамни кутгани-кутган. Унга раҳмим келади, қанийди йўли очилиб, узоқ-узоқларга кетворса. У менинг бу ердаги бирдан-бир, ягона дугонам, кетиб қолса, нима қиламан, ўзимам билмайман.
– Ҳоким ўз ўғлидан аччиқланиб юрибди дейсизми?
– Ҳа, уни маълум муддатга бадарға қилган. Шундай қилсам, ақли кириб қолади, деб ўйлайди. Йўқ, унинг ақли сира кирмайди, чунки иккови бир-бирига ўрганиб қолишган.
– Жинеттанинг хуштори-чи, у ҳозир қаерда?
– У ҳам бирга кетган, ахир ҳокимнинг ўғли билан доим бирга-ку.
– Демак, ҳозир икковиям йўқ, шундайми?
– Шундай. Бу – келин-куёв учун оғир зарба бўлди. Пуллари йўқ, қарз ҳисобига яшашяпти. Лекин бу узоқ давом этмаса керак. Ҳоким ўғлини ажратиб олиш учун кўп уринди, бўлмади, ўғил қулоқ солмай яна Жинеттанинг эри билан топишиб олаяпти. Ота ноилож ён беришга мажбур бўлди.
– Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
– Ҳа-я, изга тушиб кетар, куйинган билан фойдаси йўқ. Йигит шу кунларда бир оз жаҳлдор бўлиб қолган, шу холос. Мушкул вазиятдан чиқиш учун “мижоз” қидириб юрибди. Одамлар сизни жуда бой дейишади. Сиз билан гаплашганининг боиси ҳам шу. Аммо мен унга айтдим, бекорга овора бўлма, дедим. Ахир, сиз бамаъни одамсиз. Айтинг-чи, Жинетта сизга ёқадими?
Ана холос, менинг ёлғондакам бойлигим бошимга шунча ғавғо олиб келади деб ўйламаган эдим. Аммо-лекин бир нуқтада Миньон хонимга ноҳақлик қилдим.
– Уни бу ердан олиб кетиш керак эди, – сўзида давом этди у. – Жинетта учун куёвига пул-мул бериб ўтирманг тағин. Нима бўлса бўлар, барибир бечора қизга фойдаси йўқ. Агар у билан бирга яшайдиган бўлса, ҳеч қачон бири икки бўлмайди. У ҳамма нарсасини тортиб олади. Яхшиси, қизни ўзингиз билан олиб кетинг. Истасангиз, у сиз билан кетади, буни ўзи менга айтди. Хуштори эса кетолмайди, бу осон эмас, қолаверса, ҳокимнинг ўғли қўйиб юбормайди, паспорт ҳам ололмайди. Қизга ачинаман, кундан-кунга ранги бир аҳвол бўлиб бораяпти. Уни бундан бир йил олдин кўрганингизда бормиди, янги очилган ғунча дердингиз. Қизга яхши муомала-ю, бамаъни турмуш кифоя. Ахир, у инглиз, албатта отасига тортади. Шунақаям ёқимтойки, асти қўйинг. Одамнинг ишонгиси келмайди. Сиз ҳам уни инглиз деб ҳисоблаган бўлармидингиз?
– Йўқ, – дедим мен. – Тағин билмадим, балки. Эҳтимол, назокатли бўлсайди, шундай деб ўйлаган бўлармидим.
– Бўлмаган гап, – эътироз билдирди Миньон хоним. – У назокатга ҳам, латофатга ҳам бой қиз. Худди инглиз аёли каби. Шахсан мен инглизларни ёқтирмайман. Улар менга ўта сипо бўлиб туюлади. Анов дўстларингизга бир қаранг-а! Етти-саккиз нафар одам бир неча соатдан бери миқ этмай ўтиришибди. Буни кўриб, мени ваҳима босади. Уларнинг орасида, эҳтимол, садист-қотил ҳам бордир, ким билиб ўтирибди. Бироқ америкаликлар – уларга сираям тоқат қила олмайман. Нақ варварларнинг ўзи дейсиз. Менинг резинка таёғимни ҳеч кўрганмисиз?
Аёл шундай деб, уни пештахта ортидан олди-да, бир-икки марта қаттиқ силкиб қўйди.
– Буни фақат америкаликлар учун асраб қўйибман. У менга жуда кўп бакор келган, мен сизга айтсам.
Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 10-сон