Биз реал воқеликни унга мослаб мулойимлик билан ёза оламизми? Бу усул жуда яхши-я, лекин бу ҳолда менга нима бўлади? Воқеликни битмай-диганларга-чи? Ахир, воқеликнинг сочлари тўзғиган, ҳурпайган. Биронта тароқ йўқки, чиройли қилиб тараб қўйсанг! Шоирлар ва ёзувчилар унинг кокилларидан тортқилаб, умидсизлик билан турмаклаб қўймоқчи бўладилар, лекин силлиқланган воқелик уларнинг тушларида даҳшат бўлиб кўринади. Шу кунларда воқеликнинг қиёфасига нимадир бўлган ўзи. Тепага тараб, минорага ўхшатиб боғланган сочлар мафтункор орзулар қасрига ёпишмайроқ турибди ва воқеликнинг шокилалари ўзининг ўжарлигини билдириб қўяяпти. Улар турмакдан чиқиб кетиб, юзни беркитиб ташлаяпти, тартибга келтирмоқчи бўлган кучларга бўйсунгиси келмаяпти. Гоҳо бу ўжар сочлар даҳшатдан тикка бўлиб кетаяпти – атрофида шундай ишлар бўлаяптики! Уларни ҳеч жиловлаб бўлмаяпти. Ҳеч қанақасига бўйин эгмайди! Кемтик тароқ билан қанча сийпаламагин, натижа ўша-ўша! Ҳатто олдингиларидан беш баттар!
Биз нималар бўлаётгани ҳақида ёзамиз, ёзган нарсаларимиз қўлимизда туриб, эриб кетади, худди ҳаётимиздан олиб, бўлаётган воқеаларни тасвирлашга сарфлаган вақтимиз бармоқларимиз орасидан оқиб тушаётгандек. Ва ҳеч ким бу йўқотишлар ҳақида, ўлаётган вақтимиз ҳақида қайғурмайди. На тириклар қайғуради, на ўлган вақтлар; марҳумлар ҳақида гапирмаёқ қўяйлик. Ёзиш учун кетган вақт бошқа ёзғувчиларнинг китобларига суқилиб кириб олган. У ҳамма нарсага, бир йўла қодир, ахир у – вақт-да! У сенинг ишингга ҳам, бошқаларникига ҳам суқилиб кира олади, бошқалар қўққайтириб қўйган пахмоқ турмаклар устига ағдарилади, гўё реал воқелик томондан кутилмаганда эсган ёқимли, лекин ғазабнок шамол. Шамол ўзи ортидан ҳамма нарсани эргаштириб, жон-жаҳди билан эсади. Ҳамма нарсани жойидан юлқиб олиб, қаёқларгадир олиб қочади, фақат акс эттирилиши лозим бўлган воқелик томонга эмас. Қаёққа бўлса бўладики, фақат воқеликка эмас… Шоир реалликни қаёқданам билсин; воқелик унинг ичига сўраб ўтирмай ёпирилиб кириб олади, қаёқларгадир тортқилаб кетади, нуқул четга тортади. Тўғри, ўша томонлардан шоир ҳамма нарсани аниқ-тиниқ кўра бошлайди, лекин айни пайтда, реалликнинг йўлларидан четларда қолиб кетади. Бу йўлларда унга ўрин йўқ. Унинг ўрни доим ташқарида. Ўша ёқларда туриб айтганларига бошқалар қулоқ тутишади. Шунинг учун ҳам қулоқ тутишадики, унинг мулоҳазалари икки маъноли. Шундай қилиб, олдимизда икки хил фикр пайдо бўлади, иккови ҳам маъқул, тўғри ва атрофимизда умуман ҳеч қанақа воқеа содир бўлмагандек таассурот қолдиради, иккови воқеани турли маъноларда талқин қилади, икковиям шундай чуқурликка қазиб кириб кетадики, тароқнинг синган тиши каби етишмаётган, аллақачон йўқотилган далилни қидириб топмоқчи бўлади. Ёки – ёки. Ҳақиқат ёки ёлғон. Эртами, кечми шундай бўлиши керак, чунки унга асосланиб ҳеч нима қуриб бўлмайди. Тубсиз жарлик устига нимаям қуриб бўларди! Уларнинг нигоҳи тушадиган ҳамма нарса кам-кўстли, тутқич бермайди, шоирлар шунақа нарсаларга ёпишиб олишга беҳуда уринадилар, ва унинг устига бир нарсалар қурмоқчи бўладилар, гарчи ўшасиз ҳам яшаса бўлади. Улар, ҳамма нарса қандай бўлса, шундайлигича қолдиришлари мумкин эди, шундай қиладилар ҳам! Улар ҳеч нимани йўқ қилмайдилар; ғира-шира нигоҳ билан кўрадилар, гарчи бу нигоҳ ҳуда-беҳуда нарсаларга тушмаса ҳам. Уларнинг нигоҳи нақд нишонга тегади. Ва бу нигоҳ қадалган нарса, ҳодиса бизга нималарнидир айтиб беради, сўнгги нафасини чиқариб сўзлайди, гарчи унга шундоқ бир қараб қўйдилар ва ҳали жамоатчиликнинг ўткир нигоҳлари унга қадалганича йўқ; шоирнинг нигоҳи тушган нарса, ҳодиса, «биттагина тасвирнинг қурбони бўлмаганимда бошқача кечган бўлардим» деб айтмайди. У сукут сақлаш аълороқ бўлган нарсаларга (ахир, бу ҳақда устомонлик билан гапириш мумкин эди-да!), ҳамма вақт мавҳум қоладиган ва асоссиз нарсаларга гувоҳлик беради. Кўпчилик бундай мубҳамликларга кўкрагигача ботиб кетган. Худди оқар қумда сузиб юргандек; гўёки у сузишга ёрдам беради! Бундай ҳодиса тагида қаттиқ замин йўқ, бироқ буни «заминсиз» деб бўлмайди. Унда сабабий боғланиш йўқ; у ҳар нарса, ҳеч ким унга етишишни орзу қилмайди…
Ёзувчи ташқарида туради, унинг нуқтаи назари, гарчи у ҳаётий чегаралардан ташқарида бўлса ҳам, ҳаётга хизмат қилади, акс ҳолда биз тўлиб-тошган инсоний ҳаётнинг ўртасида, юрагида турмаган бўлардик; ва ёзувчи четдан туриб, бошқа жойларда, ўзидан узоқ ерларда юз бераётган ҳаётни кузатади. Ҳаёт сен йўқ ерларда юз беряпти. Кимдир юриб бораётган йўлини – ҳаёт йўлини, ҳаётий йўлини йўқотиб қўйган бўлса, койиш керакми? Ахир уни туртиб юбордилар, йўлидан супуриб ташладилар, бунинг сабаби – бардоши етмаганлигида эмас, атрофидагиларнинг зуғумини кўтаролмаганида, бу оғир юкни, ҳаёт юкини кўтаролмаганида эмас, шунчаки, тасодифан супурилиб кетди; худди пойафзалга инган чангни, уй бекаси бешафқат курашадиган чангни артиб ташлаганидек; гапнинг сирасини айтганда, бу шафқатсизлик ерликларнинг келгиндиларга муносабатичалик бўлмас. Бу қанақа чанг экан ўзи? У радиоактивми ёки шунчаки актив? Шунинг учун ҳам сўраяпманки, у ўзидан кейин ғалати нурланадиган из қолдиради. У ёзувчидан четларда югуриб кетаётганини билдириш учун белги қолдирадими (ёзувчига ҳеч қачон яқинлашмайдиган йўлни белгилайди) ёки ёзувчининг ўзи чегаралардан чиқиб, йўлнинг ёнидан ўтиб кетадими? Нариги дунёга кетганича йўқ, бироқ нуқул четлашаверади. Ўша томонларда туриб бошқаларга қарайди, айтганча, бошқалар ҳам бир-бирларига нисбатан ўзгача, турли-туманлиги билан ўзгача; ва у, уларнинг ўзига яраша бир хиллигидаги ҳархилликни кўрсатиш ва шакллантириш учун қарайди; ахир, шакл – муҳим нарса, демак, у ўша ёқларда туриб буларни кузатгани қулайроқдир-да? Бироқ, улар бунинг (ёзувчининг) ботирлигини кечирмасдан, эшигига бўр билан ёзиб кетадилар, демак, унинг йўли нурланадиган кукун билан эмас, эшикдаги бўр чизиқ билан белгиланар экан-да? Нима бўлганда ҳам бу белги бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсани очиб ташлайди ҳам, ўзи қолдирган изни пухталаб чаплаб ёпиб ташлайди ҳам. Гўё бу дунёда умуман бўлмагандек. Шунда ҳам у нима бўлганини билади. Бу ҳақда у телеэкрандан эшитган, қонга бўялиб, оғриқдан буришган юзлардан кўрган, қуюқ грим чапланган ва кулаётган юзлардан кўрган, телешоу олиб борувчининг саволларига ҳамма вақт тўғри жавоб берадиган силикон лаблардан ўқиган, бунга алоқадор, ҳеч қанақа айби йўқ, лекин табиатига кўра ҳеч қачон оғзини ёпмайдиган аёлларнинг қўққисдан ўрнидан туриб кетиб, кўйлагини ечиб таранглатиб келган кўкракларини телекамера олдида намойиш қиладиган аёлларнинг (илгари эркаклар таранг мускулларини намойиш қилишарди) лабларидан ўқиган. Яна юзлаб бўғизлардан, сўзлари оғизларидан чиқаётган сассиқ, фақат янада кучлироқ гупиллаб ураётган ҳидга ўхшаб отилиб чиқаётган бўғизлардан эшитган. Мана у, бу йўлда агар кимдир бор бўлса, кўриш мумкин бўлган нарса! Лекин сен бу йўлдан, йўлга йўл бериш учун тушасан. Унга сен узоқдан, бир ўзинг ёлғиз турган жойлардан қарайсан ва буни мамнуният билан қиласан, чунки йўлга қараш мароқли, лекин ундан юргинг йўқ. Бу йўлдан қандайдир шитирлаган товушлар эшитилади. Афтидан, у нафақат кескин ёруғлик ва одамларнинг қаттиқ овозлари, балки шитирлаш билан ҳам ўзига қаратиб хабар бераётгандек. Наҳотки, юриш мумкин бўлмаган йўл, ҳеч ким унда сайр қилмаётганидан қўрқади, ахир, атрофда содир бўлаётган ва узлуксиз давом этаётган бемаъни ишлар: қийнашлар, жиноятлар, ўғирликлар, зўравонлик, дунёнинг тақдирини бичаётгандаги мажбурий шафқатсизликлар шунчалар кўпки! Йўл буларнинг барига бефарқ қарайди. У ҳамма нарсани ўз елкасида, гарчи таги пуч бўлса ҳам бутун қатъияти билан кўтариб юради. Асоссиз, омонат тарзда. Мен илгари ҳам айтганман, сочларим тикка бўлиб кетади, ҳеч қанақа лок уни ётқизолмайди. Менда ҳам қатъият йўқ. На ичимда, на ташимда! Чеккада турган пайтингда бир қадам, бир қадам чекинишга, шундоқ оёқларинг тагидан бошланадиган тубсиз жарга сакраш учун доим тайёр бўлишинг керак. У ёқда, янаям чеккаларда қопқон бор, у ўз қурбонини пойлаб ётибди, сени ўпқонига тортиб кетишни кутиб, оғзини катта очади. У сени жалб қилиб, ичига тортиб кетади. Йўқ, мен у йўлни, ўзим қадам ташламаган йўлни кўздан қочиришни истамайман. Мен уни тасвирлашни, аниқ ва ҳаққоний тасвирлашни хоҳлайман. Модомики, мен унга қараб турган бўлсам, демак бундан бир нима чиқиши керак. Бироқ, бу йўл мени аяб ўтирмайди. У менга танлаш имкониятини қолдирмайди.
Нима қилишим керак? Йўлдан юришнинг ўзи менга эришиб бўлмайдиган иш, айни пайтда ундан нари кетолмайман. Мен илгариги жойимда турган кўйи, кетаман. Лекин у ерларда ҳам, ишонарли бўлиши учун, ўзимнинг чорасизлигимдан, оёқларим остидаги омонат заминдан ҳимоя зарур. Ёнимда, мени нафақат ҳимоя қилиб, балки умид бағишлаб сўзларим кетяпти; тўғри иш қиляпманми, йўқми, воқеликни қанчалик ҳақиқий бузиб тасвирлайман – текширади. Ахир, менинг сўзларим воқеликни ҳар доим нотўғри тасвирлайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас, бироқ улар шундай тасвирлайдики, ўқиган ё эшитган одам, нотўғри эканлигини дарров сезади. Улар алдайди-да! Менинг сўзим, шоирона тилим – қўриқчи ит. Мени қўриқлаши керак, шунинг учун уни боқаман, лекин у кутилмаганда ўзимга ташланиб қолади. Қўриқчи итим ўзимни тишлаб олмоқчи бўлади. Менинг яккаю ягона, бошқалар менга лой чаплашига йўл қўймайдиган ҳимоячим, ўзимдан бошқа ҳамма нарсани тасвирлаш учун мавжуд бўлган тилим, сўзларим – ягона ҳимоячиларим, энди ўзимга қарши чиқяпти. Бировлар мени ёзиб ташламаслиги учун ўзим варақ-варақ қоғоз қоралайман. Наҳотки сўзлар менга ҳимоячидек кўриниб, ўзимга ҳужум қилиш учун берилган бўлса?! Мен сўзларда, ёзувларимда ҳимоячини қидирган эдим, энди бўлса, ҳаракати ва оҳанглари билан ишончли таянч бўлиб туюлган ҳамроҳларим – сўзларим ўзимга қарши чиқиб турибди. Бунда ҳайрон бўладиган ҳеч нарса йўқ. Ахир, ўзим уларга ҳеч қачон ишонмаганман. Ва бу қанақа ниқоб бўлдики, сени кўринмас одамга айлантириш ўрнига, аксинча, борган сари аниқроқ ошкор қилиб ташлайверса?!
Менинг сўзларим гоҳида бу йўлга тасодифан тушиб қолади, лекин ҳеч қачон ортга қайтмайди. Сўзлар билан ифодаласам, бу жараён, умуман, ихтиёрий эмас, хоҳлайсанми, йўқми, беихтиёр ихтиёрий. Сўзлар нима истаётганини ўзи билади. Уларга яхши. Мана, мен, масалан, исмларни билмайман, улар менга қоронғи. Гапириш, умуман ҳар қанақа нутқ, у ерда ҳаёт йўлида тўхтовсиз изҳор қилинади, на боши бор, на – охири, бироқ буни, мен айтиладиган сўз деёлмайман. У йўлда турганларнинг нутқлари чексиз, чунки ҳеч ким тўхташни истамайди, улар шунчалик банд халойиқ. Улар ўша ёқда – йўлда. У ерларда мен йўқман, сўзларим бор; гоҳо мени ташлаб кетадиган ва одамларга етиб борадиган; бироқ ҳаммага, ҳақиқий, реал одамларга баб-баравар эмас; мендан қочиб йўлда, кўзга аниқ ташланадиган кўрсаткичлари бор (бунда ҳеч ким адашиб қолиши мумкин эмас!) йўлда кетаётган сўзларим; худди видеокамера сингари одамларнинг ҳар бир ҳаракатини кузатадиган, ҳеч бўлмаганда, ҳаёт деганлари нимаю, қанақа эканлигини билишга интиладиган сўзларим, айни уларни кузатаётган пайтларида сўзларим ўзлигини йўқотиб қўяди. Кейин улар кўрганларини, энди «ҳаёт» деб бўлмайдиган нарсаларни тасвирлашлари керак. Кимдир, масалан, профилактик кўрикдан ўтиб келишим керак, дейиши мумкин. Ва тўсатдан гапининг оҳанги жиддийлашиб қолади, худди биронта сўз айтишдан бош тортсаммикан, деяётгандек… У тарафларда нима бўлишидан қатъи назар, сўзларим мендан қочади, ёлғиз қоламан. Сўзлар тарқаб кетади. Мен йўлдан четда қоламан. Ташқарида. Ва сўзларим бегона йўлларда тентираб юришади.
Йўғ-а, тўхтанг-чи, улар ҳалиям шу ерда экан! Наҳотки, ҳеч қаёққа кетишмаган, ким билан куч синашсам экан, дея мўлжал қилиб туришган бўлса? Ана, менга қарашди ва ўша заҳоти жиловлаб олишди. Мен билан чавандоздек муносабатда бўлишяпти, ҳукмини ўтказмоқчи, мени ёмон кўришади. Улар йўлларида учрайдиган илтифотли одамларга хушомад қилишади, эгасиз қолган итдек орқасидан эргашиб, итоатгўй бўлишади. Аслида улар қўрс, нафақат менга, бошқа ҳаммага ҳам қулоқсизлик қиладилар. Ўзига хон, ўзига бек. Тунлари овозлари борича қичқиришади, ахир, кимдир фақат қуёшдан (электр симидан эмас) қувват олиб ёнадиган фонусларни йўл ёқаларига териб қўйишни, улар дайдиб юрадиган сўқмоққа дурустроқ ном беришни унутиб қўйган. Тўғри, бу йўлакнинг номи шунақанги кўпки, ўзингча бир ном беришга ҳам қийналасан. Қичқираман, югураман, ўз бурчагимда туриб бақираман, у дунёга кетганларнинг қабри тепасида туриб оёқларим билан ер тепинаман, ахир мен йўл четидан елиб кетаётган бўлсам, қаерга қадам босаётганимни, оғир товонларим билан нималарни топтаётганимни билмасам; сўзларимни қабул қилиб, мен томонга ҳақоратомуз кулиб қараб қўяётганлар томонга интиламан. Улар билишадики, мен бу ҳаётимдан бир марта бўлсин, мамнун бўлсам, ўша заҳоти бошимдан бир челак сув ағдаришади. Муздек сув билан олдин ўзимга келтиришади, кейин яхшилаб тузлашади. Майли. Ўзим, одамлар юрадиган йўлакларга туз сепиб юраман, сиқимлаб-сиқимлаб сепаман, йўлларнинг музи эрисин дейман, сўзларимнинг оёқлари остида ишончли замин қолмасин, дея атрофга сочаман. Шундоғам улар аллақачон заминсиз, асоссиз. Уларнинг сурбетлиги шунчалик асоссиз! Модомики, ўзим ишончли заминда эмасман, сўзларим учун заминга йўл бўлсин! Баттар бўлсин! Нега улар мен билан у ёқда – чеккада бирга қолишмади, нега мени ташлаб кетишди? Мендан кўра кўпроқ нарсаларни кўргилари келдими? У томондаги асосий йўлдан, ёқимли одамлар кўп, бир-бирлари билан у ёқ-бу ёқдан мулойимгина валақлашиб юрадиган одамлар билан лиқ тўла йўлдан юргилари келган. Мендан кўра кўпроқ нарсаларни билгилари келдими? Шундоғам улар мендан кўра кўп нарсани биладилар, йўқ, яна ва яна кўп билишни истайдилар. Менинг сўзларим, атрофдаги ҳамма нарсани ўзига сингдирадиган сўзларим, қарабсанки, ҳалок бўлишади. Улар ўзига воқеликни сингдиравериб-сингдиравериб бўкиб қолади. Ажаб бўпти!.. Лекин улар қусишни билишмайди, ҳамма нарсани ҳазм қилаверишади. Сўзларим мени чақиришади, мен томонга – йўлдан четга қараб қичқиришади, ўзимни кўрмай туриб, таваккалига қичқиришади ва нишонга тегишлари ҳам мумкин, ахир, улар оғзига келганини айтиб эмас, Хайдеггер айтганидек (Тракл ҳақида) «берувчининг жиддийлиги» билан гапиришади. Улар чорлашади, мени узоқдан чақиришади, энди бу ҳаммага маълум, ҳар кимнинг қўлида тайёр сўзлар жойланган жажжи қутича бор, нималарни гапиришни билишади, ахир улар бекорга ўқишибдими? Сўзларим мени чақиришади, мен эса қопқонга тиқилиб қолганман, мен ҳам қичқираман, оёқларимни ожиз қимирлатаман, қолаверса, йўқ ҳаммаси бошқача – сўзларим мени чақиришмаяпти, улар мени ташлаб қочиб кетишган-ку, шунинг учун телефон орқали қўнғироқ қилишга мажбур, энди нақ қулоғимга қичқиришади; мени пейжер орқалими, уяли телефон орқалими топишади-да, тўппа-тўғри қулоқларим ичига шундай бақиришади-ки, жавоб беришга ҳожат қолмайди, ўзлари мен учун жавоб бериб қўя қоладилар; ва мен улар айтган гапларни такрорлашим керак; ахир шундай илтифотли, ишонса бўладиган одам билан бир кун келиб охиригача гаплашиш ва шунчаки валақлашиб олиш, янада беъманилик бўларди, чунки у қоқилиб тушди, тезда оёққа туриб, кимнингдир ортидан чопқиллаб кетолмайди. Ҳеч қанақа маъно йўқ. Сўзларим у ёқда – тепада, қулай йўлакда туриб гаплашишяпти (биламан, уларнинг йўлаги меникидан кўра қулайроқ, мен умуман, йўлга қараб ўтирмай дайдийвераман, қолаверса, мен уни аниқ кўрмайман, биламанки, мен ҳам шу йўлакда юргим бор), демак, мендан узоқлашиб кетаётган сўзларимнинг гаплари, уларнинг охиригача гаплашиб олишга уринишлари бўлиб чиқади-да…
Сизлар мендан нари кетиб, олға юришимга имкон яратиш учун сўзга айлангансизлар, шундай эмасми, ахир? Бироқ бунда ҳеч қанақа кафолат йўқ. Сизлар эса, билишимча, умуман ҳеч нарсага кафолат беролмайсизлар. Менга қаранглар, сизларни таниёлмаяпман. Сизлар ўз ихтиёринглар билан менга қайтмоқчимисизлар? Мен эса сизларни қабул қилмайман, вассалом! Бунга нима дейсизлар? Қўлдан чиқди – йўқолди. Кетганни қайтариб бўлмайди. Ва агар менинг хаёлпаришонлигим, доимий ҳозир бўлмаслигим, муттасил четда туришим, ҳаммаси биргалашиб, сўзларимни қайтариб олишимга ундасалар, улар менга қайтиб ишончли паноҳ топиб оладилар, уйига қайтгандан хурсанд бўлишиб, ўзларини ажойиб товушлар билан ифода эта бошлайдилар-да, пировардида, шу товушлари, қулоқларни тешиб ўтадиган, қаттиқ ўкирадиган сиреналари билан мени янада четга суриб қўйган, борган сари узоқ-узоқларга элтиб ташлаган бўлардилар. Ўзим дунёга келтирган ва қачонлардир мендан қочиб кетган сўзларим (балки, мен уларни, тезда қочиб кетишлари учун дунёга келтиргандирман, чунки ўзим, вақтида ўзимдан қочиб кетолмаганман) энди, орқага бир тисарилиб олиб, мени чекка маконларга сиқиб чиқармоқчи бўладилар. Сўзларим роҳатланиб кўлмакда, йўлдаги кичкинагина, вақтинчалик мозорда типирчилайдилар, нигоҳларини «ҳаво кенгликларидаги мозор»га қадайдилар, эгасига ёқмоқчи бўлган ҳайвон боласидек эркаланиб, оёқларини осмонга қилиб ётиб оладилар, ҳар қандай одобли сўзлар каби ёқишни истайдилар, қорнимни силаб қўйишармикин дегандек интиқ бўладилар; бошқа нимаям керак уларга? Эркалатишларини жуда яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам улар марҳумларга қарашмайди; бу – менинг ишим, менга юклатилган вазифа. Лекин сўзларим – атрофимда гирдикапалак бўлиб, уялмай-нетмай, силаб-сийпалаб қўйишимни кутиб юрган сўзларим менга боғланиб туришларини кузатиш учун вақтим йўқ. Гап шундаки, мен қараб туришим керак бўлган марҳумлар жуда кўп: бизда – австрияликларда «кимгадир қараб туриш» дейилганда, ғамхўрлик қилиш тушунилади. Мен улар билан яхши муомала қилишим керак, ахир бизни машҳур қилиб турган нарса ҳамма билан яхши муомалада бўлиш-да! Ташвиш қилманг, бутун дунё аллақачондан бери бизни кузатиб турибди. Бу ҳақда ўзимиз ташвиш қилишимизга ҳожат йўқ. Бироқ ичимда, марҳумларга қараб туришга даъват қанчалик баланд жарангласа, ўз сўзларимни камроқ кузатаман. Мен марҳумларга қараб юраман, қандайдир бекорчи маишатпарастлар менинг меҳрибон, ёқимли сўзларимни силаб-сийпаб қўяди, бироқ бундан марҳумлар тирилиб қолмайдилар. Ҳеч ким айбдор эмас. Ва мен ҳам, ичим бошимдаги тўзғиган сочларим каби вайрон, мен ҳам марҳумлар тирилмаётгани учун айбдор эмасман. Сўзларим у ёқларда – йўлларда хушомадгўйлик қилиб, бегона қўллар олдида бош эгишдан тўхташини, гарчи бу қўл теккизишлар улар учун ёқимли бўлса-да, бас қилишларини шундай истардимки! Улар бировларга зорланиб ва талаб қилиш ўрнига, ўзлари мужассамлашган талабга айланишларини, пировардида, бегона эркалашларга бўйсунмасдан ўзимга қайтинглар, деган талабларимга бўйсунишларини жуда-жуда истардим. Сўзлар шунақа, эгасига бўйсуниши керак, лекин улар буни билмайдилар, менга қулоқ солмаслиги шундан. Бўйсунишлари керак, чунки уларни ўз боласидек кўтарган кишилар (сўзларга меҳрибончилик қилсанг, улар ҳам шунақанги мулойим бўлиб қолишадики!) бўйсунишмайди, аксинча – буйруқ беришади. Сўзларни ўз ихтиёри билан мулоқот доирасига киришга чақирадиган шиорларни ёққан, парча-парча қилиб йиртган, йўқ қилиб, байроқларини ўзлари билан олиб кетган кишилар кўп. Мана, шунақа. Қанча кўп одам менинг сўзимга кириб, уларнинг қорнини силаса, тукларини пахмайтирса, ишонувчанлигига қараса, мен улардан қоқилиб-сурилиб шунча нари қочаман; мен сўзларимни бир умрга йўқотдим, уларга мендан кўра яхшироқ муомала қиладиганларга бердим; деярли учиб бораяпман; мен уларнинг ортидан қувишим лозим бўлган йўл қани, ўзи! Қандай, қаёққа ва нима учун югуришим керак? Мен иш қуролларимни жомадондан чиқаришим мумкин бўлган жойга қандай қилиб бораман; қолаверса, асбобларимни ўша заҳотиёқ жойига қайтиб солишим керак. У ёқ – нариги томонда, шох-шаббалар орасидан кучсизгина нур кўринади: менинг сўзларим бировларга аввал суйкалиб, кейин ўзи уларни аллалайдиган ва ниҳоят, ўзлари ҳам аллаланадиган жой ўша ермиди? Ёки улар яна чақиб олишга шайми? Уларга чақиш бўлса! Буни ҳали ҳеч ким билмайди, мен-ку яхши биламан, улар менда узоқ яшаб юришди-ку. Одамлар кўринишидан беозор, исталган уйда бўладиган жониворларга ўхшаш бу махлуқлар билан тилларини чучук қилиб, дилкашлик қилишади. Нега улар бегона бу жониворларни ўз уйларига киритишади? Нега бу сўзлар ҳаммага маълум сўзларга ўхшамаган бўлиши керак? Бошқача бўлишганда эди, эҳтимол, уларни уйингга киритиш хавфли бўларди. У ерларга улардан олдинроқ ўрнашиб олган сўзлар билан чиқишолмай қолишлари мумкин-да. Ҳаёт нималигини тушунадиган ва хайрихоҳ одамлар қанча кўп бўлса, менинг нигоҳим, сўзларимга элтадиган йўлларни шунчалик тополмай қийналади…
Сўзларим мени назарда тутишмайди, гарчи мен уларнинг онасиман. Мен – юртим тилининг онасиман. Она тили бу ерда азалдан бор, у доим менинг ичимда, фақат унинг отаси йўқ. Она тилим кўпинча беадаблик қиларди, менга бу ҳақда айтишган, бироқ мен тушунишни истамасдим. Ўзим айбдорман. Отамиз кичкинагина оиламизни ташлаб кетди; она тилни етим қилиб кетди. У ҳақ эди. Мен ҳам унинг ўрнида шундай қилган бўлардим. Энди, она тилим мендан қочиб отасининг изидан кетди. Айтганимдек, у нариги томонларда. Бир вақтлар отаси кетган йўлдан ўтаётган одамларга қулоқ тутади… Бироқ у қанча кўп билса, бунинг аҳамияти шунча кам. Табиийки, у доимо нималарнидир гапиради, лекин бу ҳеч кимга ҳеч нима бермайди. Ва ҳатто менинг паришонлигим ҳам мендан воз кечади, чунки у ҳеч қаерда керакмас-да. Ҳеч ким менга аҳамият бермайди. Менга эътибор билан муносабатда бўлишади-ю, лекин ўзимга аҳамият беришмайди…
Биз кўп сўзлар алмашдик, уларнинг алмашинув нархи жуда паст, пировардида битта нарса қолади, у ҳам бўлса – даҳшат!
Мен нимадир дедим, у ўша заҳоти унутилди. Фикрларим шунга интилди, улар тезроқ мендан қочиб кетгиси келди. Ҳар куни нималарнидир гапиришади-ю, лекин мен айтаётганларим ҳақида гапириш мумкин эмасмиш. Айтилган сўз нуқтаи назаридан, бу – разиллик. Бу мисли кўрилмаган разиллик. Ўша «айтилган» меники бўлишни хоҳламайди. «Айтилган» «бажарилган» бўлишни истайди, одамлар «айтилди-қилинди» деб мақташларини хоҳлайди-да. Сўзларим аввалгидек меники бўлсалар эди, нима десалар ҳам рози бўлардим, ҳатто «сеники эмасмиз!» дейишса ҳам. Қандай қилиб, улар менга боғланиб қолишларига эришсамикин? Ахир, бошқаларга ҳеч нима ёпишмайди, тирғалмайди, шунинг учун сўзларимга ўзимни таклиф қиламан. Қайтинглар! Эй, менинг азиз сўзларим, ўзимга қайтинглар! Қаёқда! У томонлардаги йўллар устида улар мен билишим мумкин бўлмаган сирларни билиб олишади ва бу ҳақда эшитишни истамайдиганларга гапириб юришади. Мен эса жон қулоғим билан эшитмасмидим. Шу менга лозим эди, бироқ кечирасиз-у, сўзларим рўпарамга келиб тўхташни-да хаёлларига келтирмайдилар, мен билан гаплашишлари ҳақида эса, гап бўлиши мумкин эмас. Менинг сўзларим бўшлиқда мавжуд. Бу шундай бўшлиқки, унда кўпчилик бор. Бўшлиқ, бу – йўл демак. Мен ана шунақа бўшлиқдан ҳам ташқаридаман. Мен бунақа йўлни тарк этдим…
Бу ерда нима қилаётганимни айтайми? Мен шу ердалигимданми, менинг азиз сўзларим ҳам нарироқларда узала тушиб ётиб олишди. Мабодо мен беркиниб турган жойимдан чиқиб, уларни ўзимга қайтариш учун йўлнинг нариги томонига ўтадиган бўлсам, тирақайлаб қочиб қолишса керак. Нимага уларни ўзимга қайтаришим керак, ўзим билмайман. Балки, улар мени ўзлаштириб олмасликлари учундир? Буни, балки улар, мендан қочиб кетганлар, ортимдан изма-из юрмайдиганлар билишар? Улар бошқаларнинг гапига, нигоҳларига эргашади, мени эса бошқалар билан адаштиришмайдиям. Улар бунақа эмас, бошқача. Сабаби шуки, улар бошқача-да! Сўзларимга шунинг ўзи кифоя. Энг кераклиги – мен мулоҳаза билдирмайман. Эй, менинг ширингина сўзларим, менга қайтмаслик учунгина бошқаларга эргашасизлар-а! Уларни ушлаб ололганимда эди, мен ҳам бошқалардан қолишмай силаб-сийпалаган, эркалатган бўлардим. Бироқ мен тутиб ололмаслигим учун сўзларим нариги томондаги йўлдан юришади.
Қандай қилиб улар билинтирмасдан қочиб қолишади? Модомики, нимадир йўқолар экан, сукунат бўлиши учун нима йўқолиши керак? Сўзларим у томонга қанча кўп ўтишса, шунча қаттиқ жаранглайди. Улар ҳамманинг оғзида, фақат менинг лабларим уларни шивирламайди. Мени зулмат босиб келаяпти. Ҳисларим йўқолиб, ўтириб қолганим йўқ, лекин мени зулмат босаяпти. Сўзларим ортидан тун ва зулмат аро қараб қолганча, ҳолдан тояман, ёруғлик ёрдамида кимнидир жалб қиламан ва ўзимни ўзим ёритаман, гир айланиб, қоронғида гоҳ уни, гоҳ буни илғайман, ёритдим нима-ю, ёритмадим нима, улар бундан қатъи назар, мавжуд. Бу маёқ ҳеч кимга ёрдам бермайди, гарчи кимдир сувга чўкиб ўлмаслиги учун унинг ёрдамига муҳтож. Мен сўзларимни зўр бериб ўчиришга интилсам, улар шунча ўжарлик билан алангаланади.
Ўзинг айтган сўзларга ҳам жуда яқинлашиш мумкин эмас, бу – даъват, улар ўзини-ўзи ҳимоя қила оладилар, қулоқларни кар қилгудек бақирадилар-ки, ишқилиб, улар айтаётганларни кимдир шипшиб турганини ҳеч ким сезмасин. Сўзларим менга ваъдалар бериб йўлдан урмоқчи бўладилар-у, мақсадлари бошқа ёқда – нима қилсам ҳам уларга яқинлашмасам бўлгани. Улардан нарида қоладиган бўлсам, менга ҳамма нарсани ваъда қилишади. Миллионлаб одам яқинлашса майли-ю, фақат, мен эмас! Меники бўла туриб шундай дейишади-я! Бунга нима дейсиз! Нима қилишни ўзим ҳам билмайман. Сўзларим келиб чиқишини унутиб қўйишган бўлса керак, бошқа нимаям дердим. Улар қачондир менинг бағримда мурғаккина эди, энди шундай катта бўлиб кетишганки, таърифлаш қийин! Ўзим ҳам уларни базўр танийман. Уларни, мана бу-у-ундай зиғиртаклигидан биламан. Улар менинг болаларим эди, ҳаммаси тинч-осойиш эди. Энди бўлса, мана бунақа барзанги бўлиб кетишибди. Энди улар менинг болаларим эмас. Бола улғаймади, шунчаки ўсиб кетди, ҳали менинг раҳнамолигимдан қутулмаганини, мендан ажраб кетмаганини тушунмайди, шунга қарамай, уни аллалаган билан қутулиб бўлмайди. Ўзини ўз овози билан гаранг қилганча уйғоқ, ўзидан қаттиқроқ бақирганларнинг овозини босиб кетар даражада бақиради. Сўзларимнинг овози ақл бовар қилмайдиган чўққиларга кўтарилади. Бунақа овозни эшитишга ҳеч ким тоқат қилолмайди, десам ишонаверинг! Бундай болаларим билан фахрланмайман, илтимос, сўзларимга ишонинг! Улар жуда кичкина пайтларда бир умр шундай ювошлигича қолиб кетишларини истардим. Ҳали ҳам, улар бировларнинг устига қуюндай ёпирилишларини, бировларнинг уларга жазавага тушиб ҳайқиришларини, қўлларини силтаб ўқталишлари-ю оғир нарсалар билан ҳамла қилишга уринишларини истамайман. Менинг сўзларим бундай буюмларни қўлда тутолмайдилар, улар жисмонан бақувват эмаслар, бунда менинг айбим бор. Улар ҳеч нарсани тутиб ололмайдилар. Сўз билан ҳамла қила оладилар-у, лекин қўл билан ушлолмайдилар. Мен эса уларнинг қопқонида қолавераман, гарчи мени ташлаб кетган бўлсалар ҳам. Мен, ўз сўзларимнинг асирасиман, улар мен қамалган жойни қўриқлашади. Ғалати-ю, улар менга умуман қарашмаяпти! Менга шунчалар ишонишганмиди? Мен қочиб кетмаслигимга ишонадилар, шунинг учун мендан қочиб кетиш осон деб ўйлайдилар, шекилли. Майли, мендан қочиб кетаверишсин, бари бир, мени ҳеч қачон йўқотишмайди. Мен доим уларнинг қўли етадиган жойдаман, улар эса – аксинча. Мен қолавераман.
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 3-сон.