Эжен Ионеску. Қадрдонлар (10 саҳнали пьеса)

Қатнашувчилар:

Мистер Смит
Миссис Смит
Мистер Мартин
Миссис Мартин
Мэри, оқсоч
Ўт ўчирувчилар дастаси сардори

1-саҳна

Инглиз ўриндиқлари бўлган инглиз зодагонларига хос жиҳозланган хона. Инглизча оқшом. Инглиз мистер Смит оёғида инглиз туфлиси. Инглиз ўриндиғида ўтириб, инглиз трубкасини тортаётир ва инглиз камини ёнида инглиз газетасини мутолаа қилмоқда. У кўзига инглизча кўзойнак таққан. Инглизча мўйлабига оқ оралаган. Ёнгинасида инглиз ўриндиғида инглиз миссис Смит инглиз пайпоғига ямоқ солаяпти. Узоқ инглизча сукунат. Девордаги инглиз соати ўн етти марта инглизча бонг уради.
МИССИС СМИТ. Ана, тўққиз ҳам бўлди. Инглиз чўчқа ёғи солинган балиқли, картошкали шўрва ичдик, инглиз салатидан тановул қилдик. Болалар инглиз сувидан ичишди. Бугунги кечлигимиз аъло бўлди. Бунга сабаб, биз Лондон чеккасида яшаймиз ва насабимиз Смит.
Мистер Смит газетадан бош кўтармай тилини чақиллатиб қўяди.
Чўчқа ёғи билан картошка “йиғлаб кўришади” – жуда мазали нарса, салатдаги ёғ куйиб кетмаган. Бурчакдаги баққоллик ёғи рўпарадаги баққоллик ёғидан ўлса ўлиги ортиқ, қирғоқ бўйи баққолликникидан ўн баравар яхши. Аммо ўша баққолликлардаги ёғни ёмон демоқчи эмасман…
Мистер Смит газетадан бош кўтармай, тилини чақиллатиб қўяди.
Барибир у ҳам бурчакдаги баққолликнинг ёғига етмайди…
Мистер Смит газетадан бош кўтармай тилини чақиллатиб қўяди.
Бу гал Мэри картошкани боплаб қовурипти. Ўтган сафар чала қовурганди. Яхшилаб қовурилган картошканинг садағаси кетсанг арзийди.
Балиқ янги эди. Мен маза қилиб туширгандим. Икки марта қўшимча ҳам едим. Йўқ, уч марта. Кейин ҳожатхонага боришга тўғри келди. Сен ҳам уч марта қўшимча олгандинг. Аммо учинчи гал олдингидан анча кам олгандинг, мен эса, аксинча, анча кўп. Мен бугун сендан кўра яхшироқ туширдим. Бу нимадан бўлдийкан? Одатда сен кўпроқ туширардинг. Иштаҳанг йўқлигида шикоятингга ўрин қолмайди.
Мистер Смит тилини чақиллатиб қўяди.
Айтганча, шўрванинг тузи баландроқ эди. Сендагидан кўра унда туз кўпроқ эди. Ваҳ-ҳа-ҳа! Порей пиёзи оддий кўк пиёздан кўпроқ эди. Мэрига мих сол деб айтмаганимга ачинаяпман. Келгуси сафар эсингдан чиқмасин.
Мистер Смит газетадан бош кўтармай тилини чақиллатиб қўяди.
Кичкинамиз пивони жон-жон деб урар эди-я! Сендан бир туки ўзгамас. Унинг шишага қанақа тикилганини кўрдингми? Мен эса унга графиндан сув қуйиб бердим. У ароқ ичмоқчи эди, сув ичди. Елена – қуйиб қўйгандай менинг ўзим: рўзғорбоп, тежамкор, пианино чалади. Ҳеч қачон инглиз пивосини сўрамайди. Кичкинамизнинг ўзгинаси, бу ҳам фақат сут ичади ва фақат бўтқа ейди. У бор-йўғи иккига киргани шундоқ кўриниб туради. Унинг исми Печчи. Беҳили ва ловияли торт зўр бўлибди. Балки кечликда бир стакандан австралияча бургунддан татиб кўрсак ёмон бўлмасди. Болаларга ёмон ибрат кўрсатмайлик деб мен дастурхонга мусаллас қўймагандим. Ҳушёрлик ва вазминликни ўргансин.
Мистер Смит газетадан бош кўтармай, тилини чақиллатиб қўяди.
Миссис Паркернинг Попошев Розенфельд деган булғор таниши бор. У Константинополдан яқинда келган. Йогурт бўйича зўр мутахассис. Андрополдаги йогурт олийгоҳини битирган. Эртагаёқ ундан фольклор йогуртидан катта бир тувагини олишимиз керак бўлади. Лондон атрофларида бунақасини топиш амримаҳол.
Мистер Смит газетадан бош кўтармай, тилини чақиллатиб қўяди.
Йогурт – ошқозон, буйрак, кўричак каби иллатларнинг давоси. Буни менга қўшнимиз Жонсонларни даволаётган доктор Маккензи-Кинг айтди. У яхши шифокор. Унга ишонса бўлади. У ўзи синаб кўрмаган дорилардан зинҳор ёзиб бермайди. Паркерни операция қилишдан олдин жигар операциясига аввал ўзи ётиб берди, ҳолбуки, унинг тўрт мучаси ҳам соғ эди.
МИСТЕР СМИТ. Унда нима учун доктор тирик қолиб, Паркер ўлиб кетди?
МИССИС СМИТ. Чунки докторнинг операцияси яхши ўтди, Паркерники эса ёмон.
МИСТЕР СМИТ. Демак, Маккензи ёмон шифокор. Операция ҳар икки ҳолда ҳам яхши ўтиши ёки ҳар икки ҳолда ҳам ёмон ўтиши керак эди.
МИССИС СМИТ. Нега?
МИСТЕР СМИТ. Борди˗ю, ҳар иккаласи ҳам соғайиб кетмаса, виждонли шифокор бемор билан бирга ўлади. Кема дарғаси довулда кема билан бирга ҳалок бўлади. Кема чўкканда, у тирик қолмайди-ку.
МИССИС СМИТ. Беморни кемага ўхшатиб бўлмайди.
МИСТЕР СМИТ. Нега энди? Кемаларнинг ҳам ўз касалликлари бўлади. Бунинг устига докторингнинг ўзи линкор каби соғлом. Шифокор ўз кемаси билан бирга ўлганидек, у бемор билан бирга ўлиши керак эди.
МИССИС СМИТ. Э˗ҳа, бу ёғини ўйламабман. Бир ҳисобдан сен ҳақсан. Хўш, сен бундан қандай хулоса чиқарасан?
МИСТЕР СМИТ. Барча шифокорлар лўттибоз бўлади. Барчалари касал ҳам. Бизнинг Англиямизда фақат флот виждонли.
МИССИС СМИТ. Аммо бунга денгизчиларни қўшма.
МИСТЕР СМИТ. Ўз˗ўзидан равшан. (Сукут. Яна газетага қараб). Мен бир нарсани тушунолмай турибман. Нима учун фуқаролик ҳолатида ҳар доим марҳумларнинг ёши кўрсатилади˗ю, чақалоқларникини муттасил кўрсатишмайди? Бу – бемаънилик.
МИССИС СМИТ. Бу ёғини ўйламабман.
Яна сукут. Девордаги соат етти марта бонг уради. Сукут. Соат уч марта бонг уради. Сукут.
МИССИС СМИТ. Нега эсимда бўлмасин? Дарров эсимга тушди, фақат бу хабарни рўзномадан ўқиб нега ҳайратда қотганингга тушунолмадим.
МИСТЕР СМИТ. Рўзномада бу ҳақда ҳеч нима йўқ. Менга уч йил бурун унинг ўлгани тўғрисида айтишганди. Ақлимни пешлаган эдим, дарҳол эсимга тушди-қўйди.
МИССИС СМИТ. Афсус! У ўзини яхши сақлаганди.
МИСТЕР СМИТ. У бутун Буюк Британиядаги энг гўзал маййит эди! Неча ёшга киргани билан иши бўлмасди. Бечора Бобби! Ўлганига тўрт йил бўлса ҳам иссиққина эди. Тирик мурда деб буни айтса бўлади. Қандай қувноқ эди!
МИССИС СМИТ. Шўрлик Бобби хоним!
МИСТЕР СМИТ. Шўрлик Бобби демоқчи эдинг.
МИССИС СМИТ. Йўқ, мен унинг хотинини назарда тутган эдим. Унинг ҳам насаби Бобби эди. Бобби Уотсон. Мана шу ўхшашлигидан уларни кўрганда ҳамма адаштирар эди. Фақат у ўлгандан кейингина ким ким бўлганини билиб олишди. Ҳозир ҳам хонимни марҳум эри билан чалкаштириб юборадиганлар кўп, хонимни танирмидинг?
МИСТЕР СМИТ. Бобби хонимни бир марта кўрганман, бу ҳам тасодифан – Боббининг таъзия кунида.
МИССИС СМИТ. Мен эса ҳеч қачон кўрган эмасман. У чиройлимиди?
МИСТЕР СМИТ. Афт-ангори келишган бўлганига қарамай чиройли деб бўлмасди. Ҳаддан ташқари семиз ва бесўнақай эди. Хонимни чиройли деса бўларди. Аммо ўта нозик ва кичкина эди. У қўшиқ муаллимаси эди.
Девордаги соат беш марта бонг уради. Узоқ сукунат.
МИССИС СМИТ. Улар қачон турмуш қуришга аҳд-паймон қилишганди?
МИСТЕР СМИТ. Кеч баҳорда.
МИССИС СМИТ. Тўйларига боришимиз керак бўлади.
МИСТЕР СМИТ. Тўйбоп совға ҳам олиш керак бўлади. Дарвоқе, нима оламиз?
Қисқа сукут. Девордаги соат уч марта бонг уради.
МИССИС СМИТ. Бизга тўйимизда совға қилинган ва бир марта ҳам керак бўлмаган етти кумуш лагандан биттасининг баҳридан ўта қолайлик. Шундай дуркун паллада бева қолиш ёмон!
МИСТЕР СМИТ. Бахтларига фарзандлари йўқ.
МИССИС СМИТ. Битта шу етмай турувди. Шўрлик бева энди нима қиларкан-а!
МИСТЕР СМИТ. У ҳали ёш. Шартта эрга тегиб олади, вассалом. Мотам унга ярашади.
МИССИС СМИТ. Болаларга ким қарайди? Бир ўғил ва бир қизи борлигини биласан-ку. Исмлари қанақа эди?
МИСТЕР СМИТ. Бобби ва Бобби – ота-оналари ҳурматига. Бобби Уотсоннинг амакиси, кекса Бобби Уотсон катта бой ва у болакайни яхши кўради. Боббининг тарбияси тўғрисида яхшилаб бош қотиришмаса бўлмайди.
МИССИС СМИТ. Бўлмаса-чи! Бобби Уотсоннинг холаси, кекса Бобби Уотсон Бобби Уотсоннинг қизи Бобби Уотсоннинг тарбиясини бир амаллаб қўлга олмаса бўлмайди. Шунда Бобби Уотсоннинг онаси Бобби яна эрга чиқа олади. Кўз остига олган битта-яримтаси бормикан?
МИСТЕР СМИТ. Бор. Бобби Уотсоннинг отдоши.
МИССИС СМИТ. Мана шу Бобби Уотсонми?
МИСТЕР СМИТ. Сен қайси Бобби Уотсонни айтаяпсан?
МИССИС СМИТ. Ўлиб кетган бошқа Бобби Уотсоннинг амакиси, кекса Бобби Уотсоннинг ўғли Бобби Уотсонни айтаяпман.
МИСТЕР СМИТ. Йўқ, бу у эмас. Бу ўлиб кетган Бобби Уотсоннинг холаси кекса Бобби Уотсоннинг ўғли.
МИССИС СМИТ. Яъни, бу коммивояжер Бобби Уотсонми?
МИСТЕР СМИТ. Барча Бобби Уотсонлар коммивояжер.
МИССИС СМИТ. Жудаям оғир касб эканми? Аммо ёғлиққина касб.
МИСТЕР СМИТ. Ҳа, агар рақобат бўлмаса.
МИССИС СМИТ. Қачон рақобат бўлмайди?
МИСТЕР СМИТ. Ҳар сешанба, пайшанба ва сешанбада.
МИССИС СМИТ. Ие, ҳафтада уч мартами? Бу пайтда Бобби Уотсон нима қилади?
МИСТЕР СМИТ. Ухлайди, дам олади.
МИССИС СМИТ. Рақобат йўғида мана шу уч кунда у нима учун ишламайди?
МИСТЕР СМИТ. Мен ҳамма нарсани билишим шарт эмас. Сенинг барча жиннисанғи саволларингга жавоб беришим ҳам шарт эмас.
Миссис Смит (хафа бўлиб). Мени ерга уриш учун атайлаб шунақа деяпсанми?
МИССИС СМИТ (оғзининг таноби қочиб). Бе, қўйсанг-чи, ҳечам унақа эмас, сен буни биласан ҳам.
МИССИС СМИТ. Сиз эркаклар барингиз бир гўр: кун бўйи оғзингиздан сигарета тушмайди ёки кунда эллик марта башарангизни упалайсиз, лаб­ларингизни бўяйсиз, охири бўкиб ичиб, тўнғиздай ҳўппос тушиб ётасиз.
МИСТЕР СМИТ. Хўш-хўш, сен эркакларнинг аёллардай бўлишини истармидинг? Куни билан чекиб, упаланиб, лаб бўяб, вискига бўкиб ётсинми?
МИССИС СМИТ. Нима бўпти? Буни қаранглар-а! Ахир менга ўчакишиб бу гапларни айтаётган бўлсанг, унда… унда мен бунақа ҳазилларни ёқтирмайман, буни билсанг керак? (Пайпоқларини сириб улоқтиради, илжаяди. Ўрнидан туради).
Мистер Смит (у ҳам туради, оҳиста хотинига яқин келади). Оҳ, ўзимнинг дўмбоққина жўжачам! Нега жиғибийрон бўлаяпсан? Ахир бу гапларни кулги учун атайлаб айтаётибман-ку! (Хотинини белидан қучади, ўпади). Кекса севишганлар ичида энг дилбар жуфтликмиз, жонгинам! Кел, чироқни ўчирамиз-да, ётиб ухлаймиз.

2-саҳна

Ўшалар ва Мэри
Мэри (кириб келаркан). Мен чўриман. Мен оқшомни қулинг ўргилсин қилиб ўтказдим. Мен эрим билан кинога бордим ва аёллар билан фильм кўрдим. Кинодан кейин сутли ароқ ичдик, сўнг рўзнома мутолаа қилдик.
МИССИС СМИТ. Ўйлайманки, сиз агар эрингиз билан кинога борган ва сутли ароқ ичган бўлсангиз, оқшомни қойилмақом қилиб ўтказибсиз.
МИСТЕР СМИТ. Рўзнома ҳам мутолаа қилдик!
МЭРИ. Меҳмонларингиз эр-хотин Мартинлар эшик тагида туришибди. Улар мени кутишяпти, чунки ўзлари киришга ботинолмаяпти. Улар бугун сизлар билан кечлик қилишлари керак эди.
МИССИС СМИТ. Э-ҳа! Биз уларга мунтазир эдик. Лекин кейин биз очқадик, улар эса кетаверишди ва биз уларсиз кечликни пок-покиза туширдик. Мэри, нега кетиб қолдиларинг?
Мэри. Ўзингиз бизни қўйиб юбордингиз-ку.
МИСТЕР СМИТ. Атайлаб қилмадиларингми?
Мэри (хандон ташлаб кулади. Кейин йиғлайди. Жилмаяди). Мен ўзимга тунги тувак сотиб олдим.
МИССИС СМИТ. Жонгинам Мэри, Худо хайрингизни берсин, очинг эшикни, эр-хотин Мартинлар ичкарига марҳамат қилсин. Унгача биз тезгина кийимларимизни алмаштирамиз.
Смитлар ўнг қўлдаги эшикдан ғойиб бўлади. Мэри чап қўлдаги эшикни очади. Эр-хотин Мартинлар киради.

3-саҳна

Мэри ва эр-хотин Мартинлар.
Мэри. Нега бу қадар ҳаяллайсизлар? Ахир бу беадаблик-ку. Вақтида келиш керак. Тушунарлими? Бўпти, энди ўтириб, кутасизлар. (Кетади).

4-саҳна

Миссис ва мистер Мартинлар бир-бирига қарама-қарши ўтирадилар. Нафаслари ичида. Ҳадиксираб илжайишади.
Навбатдаги диалог бир зайлда талаффуз қилинади, бироз оҳангдорлашади, бошқа ҳеч қандай ифода қулоққа чалинмайди.
МИСТЕР МАРТИН. Узр, хоним, агар янглишмасам, мен сизни аллақаерда кўргандайман.
МИССИС МАРТИН. Мен ҳам, мсье…
МИСТЕР МАРТИН. Балки, сизни Манчестерда кўргандирман?
МИССИС МАРТИН. Бўлиши мумкин. Мен Манчестерда туғилганман. Аммо, кечирасиз-у, тақсир, сизни олдин кўрган-кўрмаганимни ҳеч эслолмаяпман!
МИСТЕР МАРТИН. Во ажабо! Мен ҳам шу шаҳарда туғилганман, хоним! Шуниси қизиқки, хоним, бу шаҳардан уч ой олдин кетиб қолганман.
МИССИС МАРТИН. Буни қаранглар, мен ҳам Манчестердан икки ой бурун чиқиб кетганман.
МИСТЕР МАРТИН. Мен поездда тонгги саккиз яримда чиқиб кетиб, Лондонга роппа-роса ўн олти-ю, қирқ дақиқада кириб келгандим.
МИССИС МАРТИН. Во ажабо! Во дариғо! Во ҳасрато! Мен ҳам шу поездда эдим!
МИСТЕР МАРТИН. Мен иккинчи даражали поездда келган эдим, хоним. Англияда иккинчи даражали поезд умуман йўқ, аммо мен барибир ҳам иккинчи даражали поездда юраман. Биз олтинчи вагонда кўришмаган эдикми?
МИССИС МАРТИН. Бўлганда қандоқ! Аммо мен сира эслолмаяпман.
МИСТЕР МАРТИН. Сирасини айтганда, мен ҳам ҳеч нарсани эслолмаяпман. Аммо шундай ҳолатларда учрашиб қолганимизга асло шубҳам йўқ.
МИССИС МАРТИН. Во ажабо! Во ҳасрато! Во дариғо!
МИСТЕР МАРТИН. Жуда топиб айтдингиз…
Сукут. Соат иккига бир марта бонг уради.
МИСТЕР МАРТИН. Лондонга кўчиб келганимдан буён Бромфилд-стритда яшайман.
МИССИС МАРТИН. Бу қандай синоат бўлди – мен ҳам Лондонга кўчиб ўтганимдан буён Бромфильд-стритда яшайман, мсье.
МИСТЕР МАРТИН. Мен ўн тўққизинчи уйда тураман, хоним.
МИССИС МАРТИН. Буни қаранг, мен ҳам.
МИСТЕР МАРТИН. Унда… Унда… Унда… Унда биз, эҳтимол, мана шу уйда кўришганмиз? Хонадоним бешинчи қаватдаги ўн саккизинчи уй.
МИССИС МАРТИН. Ё Худойим! Ё алҳазар! Ёпирай! Шунчалик ҳам ўхшашлик бўладими!
Мистер Мартин (ўйланиб). Нима десангиз, нима демасангиз, нима демоқчи бўлаётганингиз бир гап-у, аммо бу ўхшашликлар ўзи бир гап. Демак, биз битта хонада ётар эканмиз-да.
МИССИС МАРТИН. Унда кеча тунда ҳам… Негадир у ёғини эслолмаяпман.
МИСТЕР МАРТИН. Менинг бир қизим бор, у мен билан туради. Икки яшар, тилладай ялт-ялт қилади. Унинг бир кўзи оқ, бир кўзи қизил, ўзи жудаям чиройли. Исми Алиса, хоним.
МИССИС МАРТИН. Менда ҳам худди шунақа. Алиса деган қизим бор, бир кўзи оқ…
МИСТЕР МАРТИН. Бўлди, бўлди, бу ғирт ўхшашлик, бу Худонинг қудрати, бу…
МИССИС МАРТИН. …бу ғирт ўхшашлик.
Анча узоқ сукунат. Соат йигирма тўққиз марта бонг уради.
Мистер Мартин (узоқ сукутдан кейин аста ўрнидан туради ва миссис Мартин томон юради. Миссис Мартин ҳам аста ўрнидан туради ва ҳайрат билан мистер Мартинга қарайди. Ёқимли оҳангда ҳазин товушда гапиради). Демак, хоним, биз илгари кўришмаганмиз ва биз эр-хотинмиз… Элизабет, мен сени яна топдим! Жоним!
Миссис Мартин аста мистер Мартин томон юриб келади. Улар ҳеч ҳиссиётсиз ўпишадилар. Соат бир марта, жуда қаттиқ бонг уради. Азбаройи қаттиқ урилган бонг барча томошабинлар қулоғига етиб бориши керак. Эр-хотин Мартинлар уни эшитмайди.
МИССИС МАРТИН. Дональд, бу сенмисан. Дарлинг!
Бир-бирини қучоқлаб, битта ўриндиққа чўкишади. Ухлаб қолишади. Соат яна бир неча марта бонг уради. Оёқ учида лабларига бармоғини босиб, саҳнага чиқиб келади ва оммага мурожаат қилади.

5-саҳна

Ўшалар ва Мэри
Мэри. Элизабет ва Дональд ҳозир бахтли, албатта, улар овозимни эшитмаяпти. Мен эса сизга бир сирни айтаман. Элизабет – Элизабет эмас, Дональд – Дональд эмас. Бунга исботимиз ҳам бор: Дональд айтган қизалоқ – Элизабетнинг қизи эмас, улар битта қизалоқнинг ўзи эмас. Дональд қизининг бир кўзи оқ, бир кўзи қизил – худди Элизабетнинг қизига ўхшаш. Аммо Дональд қизининг ўнг кўзи оқ, чап кўзи қизил. Элизабет қизининг эса чап кўзи оқ, ўнг кўзи эса қизил. Шундай қилиб, унинг барча назариясини йўққа чиқарган мана шу сўнгги тўсиққа урилиб, Дональднинг исбот тизими чилпарчин бўлади. Рад этиб бўлмас исботдек ноёб ўхшашликка қарамай биргина фарзанднинг ота-онаси бўлмаган ҳолда Дональд ва Элизабет ҳисобланмайди. Эр ўзини минг Дональд деб билмасин, хотин ўзини Элизабет деб билаверсин. Ҳа, билаверишсин, билаверишсин, билаверишсин. Иккови ҳам қаттиқ адашади. Унда ҳақиқий Дональд киму ҳақиқий Элизабет ким? Бу чалкашликнинг аччиқ ичакдай чўзилиши кимнинг газагига дори? Билмадим. Билишга уринмаймиз ҳам. Ҳаммаси қандай бўлса, шундай қолаверсин. (Эшик томон бир неча қадам юради, тўхтайди, оммага юзланади). Менинг ҳақиқий исмим Шерлок Холмс.

6-саҳна

Соат палапартиш бонг уради. Бирмунча муддатдан сўнг Мартинлар бир-бирининг қучоғидан чиқади-да, тўғри ўтириб олади.
МИСТЕР МАРТИН. Орамизда бўлиб ўтмаган ҳамма нарсани унутайлик, дарлинг, модомики, бир-биримизни топган эканмизми, кел, энди бир-биримизни асло йўқотмайлик, илгаригидай дориламон умр кечирайлик.
МИССИС МАРТИН. Ҳа, дарлинг.

7-саҳна

Ўнг томондан худди илгаригидек кийинган эр-хотин Смитлар чиқиб келади.
МИССИС СМИТ. Салом, дўстлар! Сизларни узоқ куттириб қўйишгани учун узр сўрайман. Биз сизларни ўзингизга муносиб тарзда иззат-икром билан кутиб олишимиз кераклигини ўйлаб тургандик, боз устига бизникига огоҳлантирмасдан, томдан тараша тушгандай меҳмон бўлиб бостириб келаётганингиз ҳақида эшитиб қолдик, бироз тараддудланганимиз боиси шунда эди.
Мистер Смит (жаҳли чиқиб). Куни билан туз тотганимиз йўқ. Сизларни оз эмас, кўп эмас, нақд тўрт соат кутдик. Одам дегани ҳам шунақа кечикадими?
Миссис ва мистер Смит меҳмонларга рўбарў ўтиради. Соат мазмунга боғлиқ равишда гоҳ баланд, гоҳ паст овозда бонг уриб турибди. Эр-хотин (айниқса хотин) Смитлар хавотир ва хижолат ичида мўлтайиб қарайди. Шу боис суҳбат аввалига ёпишмайди. Аввалига – узоқ, ноқулай сукут, кейин яна бир сидра сукут.
МИСТЕР СМИТ. Ҳм. (Сукут).
МИССИС СМИТ. Ҳм, ҳм. (Сукут).
МИССИС МАРТИН. Ҳм, ҳм, ҳм. (Сукут).
МИСТЕР МАРТИН. Ҳм, ҳм, ҳм. (Сукут).
МИССИС МАРТИН. Ҳа, албатта. (Сукут).
МИСТЕР МАРТИН. Барчамиз сал совқотдик. (Сукут).
МИСТЕР СМИТ. Ўзи унча совуқ эмас. (Сукут).
МИССИС СМИТ. Елвизак мутлақо йўқ. (Сукут).
МИССИС МАРТИН. Ҳа, Худога шукур. (Сукут).
МИСТЕР СМИТ. Оҳ, шаҳло кўзингдан. (Сукут).
МИСТЕР МАРТИН. Сизга бир нима бўлдими? (Сукут).
МИССИС СМИТ. Йўқ. У бадхоҳлик қилаяпти. (Сукут).
МИССИС МАРТИН. Оҳ, ахир сизнинг ёшингизда бу хавфли-ку. (Сукут).
МИСТЕР СМИТ. Юракнинг ёшга алоқаси йўқ. (Сукут).
МИССИС МАРТИН. Бунинг тескарисини ҳам гапиради. (Сукут).
МИСТЕР СМИТ. Ҳақиқат қандайдир ўрталикда. (Сукут).
Миссис Смит (эр-хотин Мартинларга). Сизлар кўп саёҳат қиласизлар, кўп нарса кўргансизлар, қизиқроқ бир нарса айтиб берсангиз-чи.
Мистер Мартин (хотинига). Жоним, бугун нималарни кўрдинг, айтиб бер.
МИССИС МАРТИН. Нимани ҳам айтай, барибир ҳеч ким ишонмайди.
МИСТЕР СМИТ. Биз сизга тўла ишонамиз!
МИССИС СМИТ. Хафа бўламиз-а!
Мистер Мартин (хотинига). Сен уларни бекорга хафа қилаяпсан.
Миссис Мартин (фусункорона). Оҳ, мен бугун бир ажойиб нарсани кўрдим. Айтсам, ишонмайсизлар.
МИСТЕР МАРТИН. Гапир, гапир, жонгинам.
МИСТЕР СМИТ. Ана, қувнаб-яйрамоқдамиз.
МИССИС СМИТ. Аллақачон шундай қилишимиз керак эди.
МИССИС МАРТИН. Хў-ўш, демак, сабзавот олгани бугун бозорга борган эдим, сабзавот эса қимматлашгандан кимматлашиб ётибди…
МИССИС СМИТ. Нима бўпти шунга?
МИСТЕР СМИТ. Гапини бўлма, она айиғим. Ярамасгинам.
МИССИС МАРТИН. Бир вақт қаҳвахона олдида пўрим кийинган эллик­лардаги бир жанобга кўзим тушди ва у…
МИСТЕР СМИТ. Нима у?
МИССИС СМИТ. Нима у?
Мистер Смит (хотинига). Гапини бўлма, она айиғим. Сен жирканчсан.
МИССИС СМИТ. Она айиғим, сен бўлдинг-ку, бировнинг гапини. Сен хунсан.
МИСТЕР МАРТИН. Жим! (хотинига). У нима қилаётганди, ўзи?
МИССИС МАРТИН. Нима бўларди, сиз мени тўқияпти деяпсиз. У тиз чўкиб, таъзим қилди. Ҳа, у нима қилаётган экан деб унга яқин бордим… У бор-йўғи ечилиб кетган туфлиси боғичини боғлаётган экан.
Қолган учалови. Мўъжиза!
МИСТЕР СМИТ. У сиз бўлмаганингизда ўла қолсам ишонмасдим.
МИСТЕР МАРТИН. Нима бўпти? Шаҳарда кўпроқ айланиб юрсанг, бунақа қизиқ нарсаларни кўравериб, кулавериб, ичагинг узилади. Метрода мен бир одамнинг бемалол ўтириб рўзнома ўқиётганини кўрдим у ёғини сўрасанг.
МИССИС МАРТИН. Мисли кўрилмаган нарса!
МИСТЕР СМИТ. Бу ҳам ўша бўлиши мумкинми?
Эшик жиринглайди.
Э-э, қўнғироқ бўлиб қолди.
МИССИС СМИТ. Кимдир келгандир-да. (Эшик томон боради. Очади. Қайтиб келади). Ҳеч ким йўқ экан. (Яна ўтиради).
МИСТЕР МАРТИН. Яна мисол келтирайми?
Қўнғироқ.
МИСТЕР СМИТ. Қўнғироқ қилишаяпти.
МИССИС СМИТ. Демак, кимдир бор у ерда. Бориб кўрай-чи. (Боради. Эшикни очади. Қайтиб келади). Ҳеч ким йўқ. (Ўз жойига ўтиради).
МИССИС МАРТИН. Бир мисол айтмоқчи эдинг.
МИСТЕР МАРТИН. Э-ҳа…
Қўнғироқ.
МИССИС СМИТ. Мен энди бориб қарамайман.
МИСТЕР СМИТ. Ахир у ерда кимдир бор-ку?
МИССИС СМИТ. Биринчи мартада ҳеч ким йўқ эди, иккинчисида ҳам бўлмади. Нега бу гал биров бор деб ўйлаяпсан?
МИСТЕР СМИТ. Чунки қўнғироқ қилишди.
МИССИС МАРТИН. Бунинг исботи йўқ-ку.
МИСТЕР МАРТИН. Нега? Эшик жирингладими, демак, эшик олдида биров бор ва у эшикни очинглар, деб қўнғироқни босаяпти.
МИССИС МАРТИН. Ҳар доим ҳам эмас. Ҳозиргина ўзимиз амин бўлдик-ку.
МИСТЕР МАРТИН. Аммо кўп ҳолларда шундай бўлади.
МИСТЕР СМИТ. Шахсан мен, агар бировникига бораётган бўлсам, эшикни жиринглатаман. Ҳамма шундай қилади деб ўйламайман, демак, ҳар гал эшик жиринглаганида, у ерда кимдир бор бўлади.
МИССИС СМИТ. Назарий жиҳатдан бу тўғри. Амалда ҳаммаси бошқача бўлади. Ўзинг ҳозир кўрдинг-ку!
МИССИС МАРТИН. Хотинингиз мутлақо ҳақ.
МИСТЕР МАРТИН. Оҳ, қачон қарамайлик, сиз аёллар бир-бирингизни ҳимоя қиласизлар.
МИССИС СМИТ. Бўпти, бориб қарай қолай. Тағин учига чиққан ўжар хотин бўлиб қолмай. Аммо кўрасан – у ерда ҳеч ким йўқ. (Эшикка боради. Очади. Ёпади). Кўрдингми ҳеч ким йўқ. (Ўз жойига қайтади). Оҳ, бу эркаклар! Улар доим ҳақ эканликларини кўрсатмоқчи бўлишади, аслида ҳаммаси тескари бўлиб чиқади.
Яна қўнғироқ янграйди.
МИСТЕР СМИТ. Э-э, қўнғироқ. Демак, у ерда биров бор.
Миссис Смит (дарғазаб). Энди ўлдирсанг ҳам эшикка яқин йўламайман. Кўрдинг-ку, фойдаси йўқ. Тажриба шуни кўрсатадики, эшик жиринглаганда, у ерда ҳеч ким бўлмайди.
МИСТЕР СМИТ. Бекор гап. Кўпинча эшик жиринглаганда у ерда кимдир бўлади.
МИССИС СМИТ. Бир энлик ҳам ён беришни истамайсан-а!
МИССИС МАРТИН. Менинг эрим ҳам Худо урган қайсарлардан.
МИСТЕР СМИТ. Мен бориб очай-чи. (Бориб эшикни очади). Э-ҳа! Ҳау ду юду! (Хотини ва лол қолган Мартинларга қараб қўяди). Бу ўт ўчирувчилар дастасининг сардори!

8-саҳна

Ўшалар ва ўт ўчирувчилар дастасининг сардори.
Сардор (у, ўз-ўзидан равшанки, рўдапо мундир ва ялтироқ каскада). Салом, салом, хонимлар ва жаноблар.
Улар ҳайратдан ҳамон ўзларига келгани йўқ. Миссис Смит саломга алик олмай жаҳл билан тескари ўгирилади.
Салом, миссис Смит Жаҳлингиз чиқдими? Хўш, ўзи нима гап бу ерда! Айтинг, миссис Смит.
МИССИС СМИТ. Нима бўларди?! Сиз билан очиқчасига гаплашишга андиша қилаяпман, аммо у ўт ўчирувчи айни вақтда авлиё ҳам!
Сардор. Хўш, кейинчи?
МИСТЕР СМИТ. Мен бориб эшикни очганимда, сиз кўриндингиз – қўнғироқни сиз чалганмидингиз?
Сардор. Ҳа, мен.
МИСТЕР МАРТИН. Сиз эшик ортида турганмидингиз?
Сардор. Буни инкор этмайман. Қизиқчилик учун беркиниб олган эдим. Ростини айтсам, мен бу ерга бир иш билан келган эдим, хизмат юзасидан… Сизларда ҳеч нарса ёнмаяптими? Мен бутун шаҳардаги ёнғинларни ўчиришим керак. Буйруқ шунақа.
Миссис Смит (гарангсиб). Билмасдим… менимча… Ҳаммаёқни ҳидлаб чиқинг демоқчимисиз?
Мистер Смит (ҳавони ҳидлаб). Йўқ, куйинди ҳиди келмаяпти.
Сардор. Сира йўқми? Каминда, қазноқда, чордоқда – ҳеч жойдами? Ҳеч бўлмаса ёнғиннинг бир учқуни ҳамми?
МИССИС СМИТ. Менга қаранг, сизни хафа қилгим йўқ, аммо ҳозир бизда ҳеч нарса йўқ. Бир гап бўлган заҳоти сизга хабар қиламиз.
Сардор. Фақат унутманг. Сизлардан кўпдан-кўп миннатдор бўламан. Ўтган ҳафта бир қиз газдан бўғилиб ўлиб қолибди – ўйинчоқ деб ўйнаган экан.
МИСТЕР СМИТ. Айтишларича, ўт ўчирувчилар жуда уста бўлишаркан. Сиз ҳам у-бу нарсаларни биларсиз?
Сардор. “Хўроз” деганини биламан. Бир хўроз ит билан баҳс боғлаб қолибди, аммо найранги ўтмабди, хўрозлиги фош бўлиб қолибди. Тамом.
МИССИС СМИТ. Хўроз билан ташлашиб қолган итни эса, аксинча, фош этишолмабди.
МИСТЕР СМИТ. Мен ҳам сизларга бир латифа айтмоқчиман. “Илон ва тулкивой”. Илон тулкининг олдига келиб дебди: “Мен ҳам сизни биламан”. “Унда, – дебди илон, – менга пул беринг”. “Тулкилар пул бермайди”, – жавоб берибди айёр тулки ва ўзини турли йўсинлар қоплаб олган чуқурликка отибди. Илон эса жойида ўтирганча масхараомуз кулиб қўйибди. Тулки пичоқ ўйнатиб, ўкирибди: “Яшашни сенга ўргатиб қўяман!” Шундай дея қочиб қолибди. Аммо иши пачава бўлибди. Илон мўлжаллаб туриб тулкининг бошига бир мушт туширган экан, бош минг бўлакка бўлиниб, тирқираб кетибди ва чинқирибди: “Йўқ, йўқ, тўрт карра йўқ, мен сенинг қизинг эмасман!”
Ҳамма чапак чалиб олқишлайди.
Мен яна “Бурун чирки” деган латифани ҳам биламан. Дарвоқе, соат неча бўлди?
Мэри кириб келади ва сардорнинг бўйнига осилиб олади.
Сардор. Қўйиб юбор мени!
Мэри. Парво қилманг, улар кўриб турганингиздан кўра анча ақлли одамлар. Яхшиси, “Олов” деган шеърни ўқиб берай, сиз тингланг (Бу сардоримиз шарафига шундай аталган).

Ўрмонда ялтирар томорқалар.
Тош ёниб кетди,
Қалъа ёниб кетди,
Ўрмон ёниб кетди,
Эркак ёниб кетди,
Аёл ёниб кетди,
Қушлар ёниб кетди,
Балиқлар ёниб кетди,
Сув ёниб кетди,
Осмон ёниб кетди,
Қўр ёниб кетди,
Тутун ёниб кетди,
Ҳамма нарса ёниб кетди,
Ёниб кетди, ёниб битди.

Мэри шеър ўқишда давом этади, бу ёқдан Смитлар уни хонадан итариб чиқариб юборади.

9-саҳна

Мэридан бошқа ўшалар.
МИССИС МАРТИН. Баданим қизиб, жимирлаб кетди…
МИСТЕР МАРТИН. Ўзиям оловкор шеър эканми…
Сардор. Йўқ, йўқ… булар бари хусусий бўлиши мумкин… аммо мен ўз ҳаётимнинг асос-негизи шу деб биламан. Қўшимчасига, бу нарса менинг кетишим кераклигини эсимга солди. Чунки менинг ҳисобим бўйича учу чорак ва ўн олти дақиқада шаҳарнинг нариги чеккасида ёнғиним бошланади. Арзимаган нарса бўлса ҳам тезроқ бормасам бўлмайди.
МИССИС СМИТ. Нима, камин ёнарканми?
Сардор. Унчалик эмас. Қизиқувчанлик портлаши, кулги учқуни ва жиғилдон қайнаши.
МИСТЕР СМИТ. Кетишингиз ачинарли, албатта.
Ҳамма хомуш жим бўлади.
МИСТЕР МАРТИН. Начора, оловларингизга барака берсин.
Сардор. Сизларга ҳам тилагим шу.
Сардор кетади. Ҳамма уни эшиккача кузатиб қўяди ва жойларига қайтади.

10-саҳна

Сардордан бошқа ҳамма бор.
МИССИС МАРТИН. Акамга деб қаламтарош оламан, аммо сиз бобонгизга Ирландияни олиб беролмайсиз.
МИСТЕР СМИТ. Биз оёқда юрамиз, аммо электр токи ва кўмирда исинасиз.
МИСТЕР МАРТИН. Қилични олган тўп уради.
МИССИС СМИТ. Ҳаётни дарчадан кузатмоқ лозим.
МИССИС МАРТИН. Стулда ҳеч ким бўлмаса, унга ҳар ким ўтира олади.
МИСТЕР СМИТ. Етти ўлчаб, бир кес.
МИССИС СМИТ. Нечта бош бўлса, шунча бурун ҳам бўлади деганда Бенжамин Франклин ҳақ эди.
МИССИС МАРТИН. Ҳафтанинг етти кунини айтинг.
МИСТЕР СМИТ. Monday…
МИССИС МАРТИН. Эрингнинг тобутини менга берсанг, мен сенга шапшапимни берардим.
МИССИС СМИТ. Амаким қишлоқда яшайди, аммо дояга бунинг дахли йўқ. (Ўзича поезд бўлади). Гуп-гуп-гуп, виш-виш-виш! Гуп-гуп, виш-виш!
Ҳамма ўзидан кетиб, бир-бирининг қулоғига қичқиради. Чироқ ўчади. Қоронғиликда поезд тезроқ юраётгандай бўлади. Пьеса бошқатдан бошланади. Мартинлар Смитларнинг овозларига тақлид қилаётганда парда тушади.

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон