Сорин Тител. Аёз (ҳикоя)

Ноябрнинг охирига бориб бирдан ҳавонинг авзойи бузилди ва қаттиқ совуқ турди. Митру улкан бульдозернинг устида серрайиб турарди. Унинг шалпанг қулоқлари, совуқдан қип-қизариб кетган афт-башараси лавлагини эслатарди. Чийиллаб шамол эсарди. Митрунинг лаби азбаройи ялайверганидан, кўп жойидан ёрилиб кетганди, кўзлари эса қуруқшаганидан алланечук ғалати чақнарди. Йўл ишларининг тугашига ҳали ўн кун бор эди. Қўққисдан бостириб келган бу совуқни ҳаммалари бир бўлиб сўка кетди.
Атайлаб улар учун очилган ихчамгина емакхонада афт-ангори шамолдан қовжираган, кўпни кўрган соқолли одамлару ҳаётда ҳали муртига устара тегмаган бўз болалар тўпланиб турарди. Майхўрликдан баданига енгилгина иссиқ югургандан сўнг уларнинг барчаси ухлагани кетди. Ёғоч уй унчалик иссиқ эмасди ва исиниш учун улар бир-бирларининг пинжларига кириб ухлашларига тўғри келарди. Митру турну-северинлик Помпиликэ деган йигит билан ёнма-ён ётарди. Ундан келаётган саримсоқпиёзнинг ҳидига тоқат қилиб бўлмасди. Ўласанми, қоласанми, унинг иши йўқ, Помпиликэ саримсоқпиёздан воз кечишни сира истамасди. “Биласанми, отахон, бусиз мен шамоллаб қолишим мумкин – бу мен учун чанқоқни қондиргандек гап!” Митру ва Помпиликэ тенгқур бўлиб, икковларининг ҳам ёши ўн саккизда эди.
Емакхонадан кейин йўлнинг нариги томонида салобатли бино қад кўтариб турарди – бу иморат улар келмасидан бурун ҳам бор эди. У ерга атрофдаги қишлоқ кооперативчиларининг девонхоналари жойлаштирилганди. Бир куни баракларга навбатчи бўлиб қолган Митру кўмир олгани ўша ерга борди: печкани ёқай деса ёнида гугурт йўқ эди. У кириб борган девонхонада бор-йўғи икки нафар аёл ўтирарди. Улардан малласоч, ҳаворанг майин свитер кийган бири ўзини тутиб олган аёл эди. Ўша Митрунинг кўзига катта ва меҳрибон бўлиб кўриниб кетди. “Бу, анави қоқсуяк Помпиликэга ўхшаган эмас, бунақаси билан совуққотмаслигинг турган гап”, – мутлақо беғараз хаёлдан ўтказди Митру. Сўнг хатосини англаб етгач, қип-қизариб кетди. Бошқаси эса думалоқ, бозиллаган печка олдида оёғини иситиб ўтирарди. Қизнинг оёқларига ҳам даставвал Митрунинг нигоҳи тушганди ва шу заҳоти Помпиликэнинг қадоқ босган қўл ва оёқларини эслади. Қиз ҳали анча ёш бўлиб, тахминан у билан тенгдош эди, ва у тўсатдан, кутилмаганда шунчаки сўради:
– Яланг оёқда юриш совуқ бўлса керак?
– Ялангоёқ эмасман, пайпоғим бор. Фақат у жуда юпқа.
– Бундай юпқа пайпоқ сал-пал бўлса ҳам совуқдан сақлайдими?
– Сақлайди.
– Бу ерда, иссиқда, иситиши шубҳасиз, – деди у нимагадир маъюс тортиб.
Шундан сўнг Митру бекор қолган пайтлари бу ерга келишни одат қилди – чурқ этмай печканинг олдида ўтириб оларди-да, исинарди. Қиз машинкада чиқ-чиқлатиб ёзар ва бир зайлдаги овоздан уни аллақандай ғалати вазминлик чулғаб оларди: қиз гўё унга алланечук сирли ёқимли сўзларни пичирлаётгандек бўлади. Печканинг чирсиллаши унга ўзгача завқ бағишларди ва у ўзини уйида ўтиргандек ҳис этарди. Қиз ва анави ўрта ёшдагиси унга ўрганиб, ҳаттоки тушлик пайтида уни кутиб турадиган бўлиб қолганди. Бу ерда, олов ёнида унинг шамолдан қовжираган, совқотган юзи юмшаб, яна болаларга хос маъсум кўриниш касб этганди. У полда индамай ўтирар ва саволларга қисқа-қисқа жавоб берарди – гапиришни истамаётгани унинг юз-кўзидан билиниб турарди. Митру исиниб, бироз ўзига келгач, бошини кўтарди-да, қиз машинкада қандай ёзаётганига разм солди.
– Бу ҳунарни ўрганиш қийин бўлгандир, а?
– Истасанг, сенга ҳам ўргатаман.
– Бошқа қиладиган ишим йўқми? Ҳа, мана буни яшаш деса бўлади! Печка ёнида ўтириб олиб – чиқиллатсанг бўлди, пул ўзи оқиб келаверар экан-да. Юзларинг нега бундай эканини энди билдим.
– Қандай экан юзим?
– Мисоли гул, – деди-ю, айтган сўзидан Митру ўзи хижолат тортди.
Қиз қип-қизариб кетди ва ғазаб билан индамай машинкасини чиқиллатишда давом этди. Йигит ҳатто қизнинг исмини ҳам билмасди, шундай бўлса-да, у ҳақда ўйларди. Бироқ у ҳар куни кундузи соат бирда девонхона эшигини ким учун тақиллатаётганини ҳам тушунмасди – қизни дебми, ё уни вақтичоғ хур-хури билан мушукдек қарши олаётган думалоқ печкани дебми. Нима бўлганда ҳам у тушки дам олиш соатини сабрсизлик билан кутарди.
Бироқ бир сафар, одатдагидек, тушлик вақтида эшикни тақиллатиб, девонхонага кирганида, қиз одатдаги жойи – печканинг олдида кўринмади. Йигит ҳеч нима сўрамади ва ўз жойига бориб ўтирди-да, исина бошлади. Янги келган қиз очиқ чеҳра билан унга жилмайиб қўйди. У ҳам ҳали ёшгина эди. Энди бу ерга келиш Митруга нимагадир эриш туюлаётганди.
– Анавинга нимадир бўлдими? – сўради у оқшом пайти Помпиликэдан.
– Қайси у, анави?
– Анави-да, печка олдида ўтиргани бор эди-ку, – зарда билан деди Митру, қиз тўғрисида Помпиликэга ҳеч қачон гапириб бермаганини мутлақо унутиб.
– Қайси печка ёнидаги? – ҳайрон бўлди Помпиликэ.
– Анави-чи, машинкада ёзадиган? – такрорлади Митру.
– Э, анавими! – муғомбирлик билан деди Помпиликэ.
– Оёғини печкада иситадиган-чи?
– Ҳа, биламан, биламан, – Помпиликэ ўзини барини тушунгандек қилиб кўрсатди.
– Биласанми, мен ҳар куни у ерга борардим, – бирдан дилини ёза кетди Митру. – Аввалига мен печка учун боряпман, деб ўйлагандим. У ердаги печкадан ажойиб хуриллаган овоз чиқади-да. Биласанми, кун бўйи совуқда ишлайверганингдан кейин бироз иссиқда тургинг ҳам келиб қолар экан. Шу боис мен у ерга печка учун боряпман, қиз эса шунчаки баҳона бўлса керак деб ўйлагандим. Уни печканинг ёнига совқотмасин деб ўтқазиб қўйишганди. Сўнг қиз ғойиб бўлди, шунда мен баҳона қиз эмас, печка эканини англадим. Жин урсин, назаримда мен у билан бир хонада печкасиз ўтиришга ҳам тайёрман, шекилли! Қани, айт-чи, Помпиликэ, энди мен қандай йўл тутишим керак? Бир кечада мен исиниб ҳам оларман, бироқ кўнгил учун бунинг ўзи озлик қилар экан.
– Унда уни ўғирлаш керак, – бидирлади Помпиликэ.
– Нима, уни ўғирлаб, ётоғимизга олиб келишим керакми? Бир йўла сенинг оёқларингни ҳам иситиб қўйиши учун? – ҳасрат қилди Митру.
– Хавотир олма, икковингиз менсиз ҳам исиниб олаверасизлар! – қаҳ-қаҳ уриб кулди Помпиликэ.
– Кулгили нима гап бўлди? Нима, мени исиниш учун унга уйланади деб ўйлайсанми? Унинг юзлари қандайлигини биласанми ўзи? Мисоли бахмал, мисоли ипак, гул, мана, қанақа.
– Кел бўлмаса, Митру, уни излаймиз.
– Кел, излаймиз, Помпиликэ, – деди Митру ва бу фикр хаёлига аввалроқ келмаганига ҳайрон бўлди.
У ҳатто қизнинг қаерга кетганини ҳам сўрамабди-я. Ўзини ғирт овсарлардек тутибди.
Эртасига Митру девонхонага кириб келди, бироқ у одатдаги ери – печка ёнига келиб ўтирмади. Ҳаворанг свитердаги қизга саволларни қалаштириб ташлади.
– У сенга бирон нима дейишни лозим топмади. Адел фаҳм-фаросатли қиз, сени безовта қилишни истамади. Ишинг оғир, сенга раҳми келди, – тушунтирди аёл.
– Менга раҳм қилишнинг ҳожати йўқ эди, – қовоғини уйди Митру, – кимдир йўл ётқизиши керак-ку. Усиз бўлар эканми? Мана, ҳозир ҳам агар йўл бўлмаса, мен уни қандай излаб топишим мумкин?
Бу фикр унинг ўзини ҳам ҳайратда қолдирди. Чиндан ҳам, қиз қаердадир, йўл поёнига етган ерда бўлиши керак, ва, эҳтимол, у бу йўлни атайлаб унинг учун ётқизгандир. У йўлни қизнинг оёғи тагига поёндоз қилиб тўшади ва кунлардан-бир кун қиз сандиқчасини олдию йўл қаерда поёнига етса, ўша ерга равона бўлди. Эҳтимол, йигит бу йўлни қизни излаб топиш учун атайин ўзига ётқизгандир…
– Қулоқ сол, Помпиликэ, мен уни излагани жўнайман, – деди у ухлашга ётишганда дўстини огоҳлантириб. – Мана, кўзимни юмишим билан уни қаердадир йўл ёқасида кўряпман. Эҳ, сен нимани ҳам тушунардинг! У тик турибди ва қўлини кўтарди. Юк машиналари эса тариллаганча унинг ёнидан тўхтамай ўтиб кетяпти.
– Мабодо, тўхтаса-чи? – эътироз билдирди Помпиликэ. – Билмаган нарсанг йўғ-а!
Эртаси кун ҳаво илиб, қировлар эриб кетди. Дарахтлар эса қорайиб кўринарди. Улар шу қадар файзсиз эдики, қирғоқ ортидан уфқ сари ястаниб ётган текислик каби кўзга аранг чалинарди. Бироқ нима бўлганда ҳам кўклам кириб келгани аниқ эди. Ҳайдовчи билан ёнма-ён ўтирган Митру: “Қара-я, аёзли кунлар ҳам ортда қолди!” – дея хаёлидан ўтказди. Йўл машина пойида шундай тўшалиб ётардики, гўё уни тўппа-тўғри ҳалиги қизнинг қошига олиб борадигандек…

Рус тилидан Дилдорхон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон