Ҳар тонг Ёсико эрини ишга жўнатиб, нуфузли “N” журналининг ёзги сонида чоп этилиши лозим бўлган романи устида ишлаш учун оврўпача жиҳозланган ижодхона (эри иккаласи учун битта бўлма)да ёлғиз қоларди. Ёсико нафақат латофатли, иқтидорли, қолаверса, шундай машҳур эдики, Ташқи ишлар вазирлигининг котиби бўлмиш турмуш ўртоғидан-да ўзиб кетганди.
Ҳар куни номаълум мухлислардан бир даста хат келарди. Мана, бугун ҳам қўлига қалам олишдан бурун, одатдагидек, номаларни кўздан кечирди. Айтарли янгилик йўқ – бари узундан-узоқ, зерикарли. Лекин Ёсико камоли диққат-ла ҳар бир хатжилдни бирма-бир очаверди. Биринчи галда иккита қисқа хатни ва қутловхатни ўқиди, семизгина – қўлёзма бўлса керак – қоғозхалтадагини эса кейинроққа олиб қўйди.
Қўлёзма ҳақида бирор гап-сўз йўқ эди, бироқ авваллари ёш қаламкашлар ўз асарларини – эсноқ туттирадиган романларини жўнатиб туришарди. Ёсико одатини канда қилмади: қоғозхалтани очди – жилла қурса, сарлавҳасига кўз ташлаш керак-ку.
Ҳа, адашмабди – салмоқли қоғозлар дастаси чиндан ҳам қўлёзма экан, аммо қанчалик ғалати туюлмасин, биринчи саҳифада на исм-шариф, на сарлавҳа бор эди, битик шунчаки “Бегойим!..” деб бошланарди. Ёсико хаёли қочиб бир неча сатрга кўз югуртирди ва юраги ғашланди. Туғма қизиқувчанлиги устун келди-ю, мутолаага шўнғиди.
“Бегойим!
Сиз мени танимайсиз. Беандишалигим учун икки букилиб афу этишингизни сўрайман. Ҳайратланаётганингизни тасаввур этган ҳолда бошиданоқ айтиб қўяй: Сизга даҳшатли сирни очмоқчиман. Жиноятим сирини.
Мана, неча ойдирки, дунёдан узилиб, иблисона ҳаёт кечиряпман. Шубҳасиз, ҳеч бир тирик жон нима билан машғуллигимни билмайди. Агар баъзи бир ҳолатлар бўлмаганда, ҳеч қачон одамлар орасига қайтмасдим…
Сўнгги дамларда шундай ўзгаришлар юз бердики, қалбим остин-устун бўлди. Ортиқ жим туролмайман, истиғфор келтиришим шарт! Мактубим илк сатрларданоқ Сизга ғалати туюлгандир, ёлвораман, уни бир четга ташлаб қўйманг, марҳамат қилиб охиригача ўқинг! Балки ана шунда Сиз ночор аҳволимни тушунарсиз, не сабаб айнан Сизга иқрор бўлаётанимни фаҳмларсиз…
Нимадан бошлашгаям ҳайронман. Кўрмайсизми, айтмоқчи бўлаётганларим, шунчалик беибоки, ҳатто қалам ҳам бўйсунмаётир. Нима бўлса, бўлди. Ҳаммасини бошидан бошлайман.
Жудаям беўхшовлигимдан бошлайман. Буни ёдда тутинг. Нега десангиз, қаттиқ илтимос қилишимга қарамай, узоқ ойлар давомида шундоғам манфур бўлган ташқи кўринишим бундайин кун кечиришим туфайли жирканч тус олганидан бехабар равишда мен билан кўришишни истаб қоласизми, деган ҳадигим бор… Бу учрашув Сизни ларзага солиши мумкин.
Эҳ, менинг бахтиқаро қисматим! Бу бадбуруш жисмда тоза, жўшқин юрак уриб турибди… Бадбашаралигимни, мискин насл-насабимни унутиб, ширин орзулар оламида яшадим.
Бой-бадавлат оилада туғилганимда эди, айш-ишрату ўйин-кулгулардан ўзимга таскин топардим, қусуримдан изтироб чекмасдим. Ёки менга иқтидор берилганидами, гўзал мисралар тўқиб, бахтсизлигимни унутардим. Аммо Тангри мендан марҳаматини дариғ тутган: мен бор-йўғи оддий ҳунармандман, қимматбаҳо мебеллар ясовчи устаман…
Шундай бўлдики, мен турли стул ва курсилар ясайдиган мутахассисга айландим. Менинг қўлимдан чиққан мебеллар энг нозиктаъб буюртмачиларга мақбул тушарди; савдо-сотиқ доираларида машҳур бўлдим ва қимматбаҳо, серҳашам буюмлар: турфа шаклдаги, янги фасондаги, ўймакор суянчиқли, тирсакқўйгичли, жимжима ёстиқли, бир сўз билан айтганда, нафис курсилар ясашни менга буюртиришарди; бундай буюртмани бажариш учун ақлга тўғри келмайдиган маҳорат ва қунт талаб қилинади. Лекин ишни тугатиб, доим чексиз қувончни туярдим – машаққатли меҳнат ортда қолганидан эмас, албатта. Сиз мени ҳавойиликда айблашингиз турган гап, аммо ҳисларимни ҳозиргина доҳиёна асарини тугаллаган мусаввир хуррамлиги билан тенглаштиришга ботиндим. Курсини ясаб бўлиб, унда ўтириш қулайми-йўқми, ўзим синовдан ўтказардим. Мени аллатовур ажиб бир титроқ қамрарди. Бу онлар туссиз ҳаётимнинг ҳаяжонли дамлари эди. Мен ясаган курсида ким ўтиришини тасаввур қилиб кўрардим – тагли-тугли аслзодами, тенги йўқ соҳибжамолми… Ўй-хаёлларим мени курси буюртирилган данғиллама ҳовлига олиб борарди, ҳовлида курсига мос хона бўлиши керак: турли-туман қимматбаҳо ва нафис безакларга тўла, деворларга атоқли мусаввирларнинг суратлари илинган, шифтга биллур қандил осилган. Полда оёқ боссанг, ботиб кетадиган момиқ гилам… Мўъжазгина столчада муаттар бўйли гуллар солинган оврўпача гулдон. Телба орзуларимда бу кошонанинг хожаси эдим, сўз билан таърифлаб бўлмас ҳузур-ҳаловатдан сармаст эдим.
Тасаввурим чегара билмасди. Ўзимни курсига ўтирволиб, қучоғидаги гўзал қаллиғини ошиқона сўзлар ила эркалаётган зодагон деб тасаввур қилардим.
Бироқ мўрт орзуларим шаллақи хотинларнинг чийилдоқ овозидан, мишиқи болаларнинг ҳўнграб йиғлашидан чилпарчин бўларди. Орзуларимдаги соҳибжамол-чи… У ҳам буғдек тарқалиб кетарди… Буниси-ку майли, ҳатто боласини етаклаб юрган қўшни хотинлар-да менга қайрилиб қарашмасди. Фақатгина ўзим ясаган дабдабали курсигина мен билан қоларди. Лекин у ҳам тез орада мени тарк этарди. Ҳар сафар буюртма курси билан хайрлашарканман, маъюс тортиб қолардим. “Қурт-қумурсқадек кун кўргандан кўра ўлганим яхши”, деб ўйлардим ўзимга ичим ачиб. Муғомбирлик қилмаяпман: мен ҳадеб ўлим ҳақида ўйлайверардим.
Бир куни миямда ажойиб фикр йилт этди: “Ўлиб нима рўшнолик кўрардим? Бошқа чораси бордир, ахир?” Ўй-фикрларим янада хатарли тус олаверди. Ўша вақтда чарм қопланган каттакон курси ясардим. Курси қандайдир оврўпаликка қарашли Иокогамадаги меҳмонхонага аталганди. Аввалбошда у курсини чет элдан олиб келмоқчи бўлибди, бироқ савдогаримиз ўртага тушиб, менинг иқтидоримни мақтаб, буюртмани каминага беришди.
Уйқуни ҳам, еб-ичишни ҳам унутиб, ишга шўнғидим. Курсига бутун қалбимни бердим, десам, муболаға бўлмайди. Мана, курси ҳам тайёр бўлди. унга қараб ўзимда йўқ завқ-шавқни туйдим. Шундай дурдона курси ясаганимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Одатимча, курсини офтобга олиб чиқиб, ўтирдим. Оҳ, шундай роҳатки! Ортиқча юмшоқ ҳам эмас, ортиқча қаттиқ ҳам эмас. Чарм қопламасини айтмайсизми! Қопламанинг табиий рангини сақладим, ушласанг, худди терини ушлайсан-а… Баданга чиппа ёпишадиган суянчиғи, момиқ-момиқ тирсакқўйгичи бирам шинам, бирам қулайки! Қулайроқ ўтириб, тирсакқўйгичларини силаб, кўзимни юмганча роҳатландим. Яна орзуларга берилдим. Бу сафар орзуларим шунчалик жонли, ёрқин эдики, ўзимдан қўрқиб: “Ақлдан оздимми, нима бало?” деб сўрадим. Шунда мени ғоят зўр бир фикр асир этди! Бу фикрни нақ иблиснинг ўзи айтиб турди менга. Ғоя шундай ваҳимали эдики, шу сабаб хаёлимдан ҳайдаб сололмадим. Бу фикр, шубҳасиз, меҳнатим самарасидан айрилишни истамаганим учун онгимнинг бир буржида шуъладек пайдо бўлди. Курсимнинг ортидан дунёнинг бир четига ҳам боришга шай эдим. Фикр бора-бора даҳшатли ниятга эврилди. Нима бўлса, бўлди, ғояни амалга оширишга аҳд қилдим.
Дарҳол курсини қисмларга бўлиб, қайтадан тикладим. Энди курси режаларимни амалга оширишимга бемалол хизмат қила олади. Курси каттакон, полгача чарм тортилганди; қолаверса, суянчиғи ва тирсакқўйгичлари шундай ўлчам ва шаклда эдики, ичида бемалол одамни яшира оларди. Албатта, қоплама тагида ёғоч синчи, пўлат пружиналари бор эди, аммо-лекин мен бор маҳоратимни ишга солиб, курсини шундай ишладимки, ўриндиғига тиззаларим, суянчиғига гавдам ва бошим жойлашди. Курси шаклига кириб, унинг ичида хоҳлаганимча қолишим мумкин эди. Хўб тер тўкиб ишладим, ўзимга қулайлик яратиш учун курсини такомиллаштирдим. Масалан, нафас олиш, кузатиш ва ташқаридаги овозларни эшитиш учун кўзга ташланмайдиган майда тешикчалар очдим. Бошим баробарида сув ва ош-туз учун токча ўрнатдим. Табиий ҳожат учун эса резина халта ҳам бор эди. Хуллас, курси ичида бир неча кун яшаса бўларди, бир сўз билан айтганда, бир кишилик ҳужра…
Кўйлагимни ечиб, ичкарига кирдим ва ғужанак бўлиб ўрнашдим. Жуда ғалати! Ўзимни худди сағана ичига тириклайин суваб ташлагандайман. Мен кўринмас ридога ёпиниб, одамлар орасидан йўқолгандим…
Тез орада арава етаклаб курсини олиб кетиш учун элтувчи келди. Курсини аравага ортишаётганда, бир ҳаммол: “Лаънати! Намунча зил-замбил бўлмаса!” деди. Қўрққанимдан янаям ғужанак бўлволдим. Лекин бундай турдаги курсилар доим оғир бўлган, шу боис хавотирга ўрин йўқ. Кейин ўнқир-чўнқирларда тарақа-туруқ бошланди. Бекорга юрак ҳовучлабман: ўша куни курсини меҳмонхонага эсон-омон етказишди ва ичкарига олиб киришди. Кейин маълум бўлдики, курсини даҳлизга қўйишибди.
Фаҳмлаёган бўлсангиз керак, мен бир мақсадни – пайт пойлаб, курсидан чиқиб, у-бу нарсани ўзлаштиришни кўзлардим. Курсида одам яширингани кимнинг хаёлига келибди дейсиз?..
Хонадан хонага кириб-чиқиб соядек тентирашим мумкин эди, шовқин-повқин эшитилса, панамга кириб кетардим. Дамимни ичимга ютиб, ўғрини қидираётганларнинг ҳовлиқишларига қулоқ солардим. Соҳил бўйидаги тошлар орасида яшайдиган гўшанишин қисқичбақани билсангиз керак? Кўринишидан йирик ўргимчакка ўхшайди. Теварак-атроф жимжит бўлса, қисқичбақа сурбетларча соҳилда тараллабедод қилади, салгина шовқин эшитилиши билан дарров қобиғига яшириниб олади ва жирканч, сертук панжаларини андак чиқариб, ғаними ҳаракатларини кузатади. Мен ўша қисқичбақанинг ўзи эдим. Фақат ин ўрнида курси, соҳил ўрнида эса меҳмонхона эди.
Ҳа, ўйлаган режаларим инсон тасаввуридан-да олислаб кетганди, шунинг учун ҳам омадим чопганди. Меҳмонхонага келганимнинг учинчи кунидаёқ “ёғлиққина” ўлжани қўлга киритдим. Ҳар сафар “ов”га чиқарканман, ич-этимни ёқимли ҳаяжон чулғар, муваффақиятли ўғриликдан кейин таърифлаб бўлмас севинчдан юрагим ҳаприқарди. Курси атрофида куймаланиб ташвишга тушган одамларнинг аҳволини бир кўрсангиз эди!
Таассуфки, ҳозир кўрган-кечирганларимни батафсил тасвирлашнинг мавриди эмас. Изн берсангиз, ҳикоямни давом эттирсам.
Иттифоқо, мен ўта қалтис ва охиратни куйдирадиган лаззат манбаини кашф этдим – диққат қилинг, ҳикоянинг асосий қисмига яқинлашяпмиз!
Лекин бундан олдин ҳикоямнинг аввалига қайтамиз.
…Шундай қилиб, курсини даҳлизга қўйишди ва меҳмонхона ходимлари бирма-бир келиб ўтирадиган бўлишди. Бирмунча фурсат ўтиб туриб кетишарди. Кейин сув қуйгандек жимжитлик ҳукм сурарди. Чамаси, даҳлизда ҳеч ким қолмаганди. Панадан чиқай дердим-у, бироқ мени кутиб турган минг битта хавф-хатарни ўйлаб фикримдан қайтардим. Жон қулоғим билан атрофга қулоқ осдим. Кўп ўтмай оғир-вазмин қадам товушлари эшитилди. Сўнг деярли эшитилмай қолди. Афтидан, бояги одам даҳлизга тўшалган юмшоқ гиламга қадам қўйганди. Кейин ҳарс-ҳарс нафас олганини эшитдим ва тараддудланишга ҳам улгурмасимдан, тиззаларимга зилдай тана ўзини таппа ташлади, вазнидан оврўпаликка ўхшайди. Яхшилаб ўтирволиб, бир-икки сакради. Вазмин гавдадан мени фақат чарм қоплама ажратиб турарди. Кенг елкалари кўксимга тиралди, оғир қўлларини билакларимга ташлади. Сигара чекяпти, шекилли, бурним ачишди.
Бегойим, ўзингизни менинг ўрнимда бир тасаввур қилиб кўринг! Жуда нотабиий ҳис. Баданимдан дув-дув тер оқиб, даҳшатга тушдим, ҳатто миям фикрлашдан тўхтаб қолди.
Шундан кейин ўнлаб одамлар галма-галдан тиззамда ўтириб кетишди. Бирортасининг хаёлига курсига эмас, томирларида қайноқ қон оқаётган одамнинг устига ўтираётгани келмади. Энди мен учун бутун олам мана шу чарм ғилофдан иборат эди. Мен учун одамлар ўз қиёфаларини йўқотиб, уларнинг овозлари, нафас олишлари, қадам товушлари, кўйлакларининг шитирлаши, баданларини ҳис эта бошладим. Уларни юзларидан эмас, ўтиришларидан ажратадиган бўлдим. Бири семиз, ҳидланган балиқдек силлиқ; бошқаси қоқсуяк. Қолаверса, белининг букилиши, кураги, қўлининг узунлиги, тосининг кенглигидан ҳам ажратардим… Одамларни нафақат ташқи кўриниши, бармоқ излари, балки пайпаслаб кўриб ҳам ажратиб олиш мумкин экан.
Шубҳасиз, буларнинг бари нозик ҳилқат вакилларига ҳам тегишли. Кўпинча уларнинг ташқи кўринишига қараб гўзал ёки кўримсиз дея фикр юритамиз. Аммо менинг дунёмда бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Бу ерда аёлларнинг ипакдай майин териси, ҳушоҳанг овози, хушбўй иси муҳим…
Бегойим, умид қиламанки, очиқчасига ўтганимдан Сизни хижолатга қўймайман.
…Алқисса, бир куни юрагимда жўшқин ҳисларни уйғотиб бир хонимча курсига ўтирди. Овозидан ажнабий қиз эканини билдим. Рақсга тушаётгандек юриб, ажиб бир куйни хиргойи қилганча, қуюндек даҳлизга кириб келди… Курсига яқинлашиб, бир зум тек турди ва бирдан э йўқ, бе йўқ тиззаларимга сакраб ўтириб олди! Ярим соатдан зиёдроқ фурсат хиргойи қилаётган куйига мос равишда тебраниб тиззаларимда ўтирди. О, бу шундай роҳат эдики! Бутун умр аёллардан ўзимни олиб қочдим – улар мени кўришлари биланоқ юзларини буриштириб, тескари қарашарди – лекин бу хонада мен нотаниш соҳибжамол билан ёлғиз эдим. Қиз нақ бағримда. Сирасини айтганда, ширин орзуларга берилдим…
Шундан сўнг бошдаги ҳарис ниятларимдан воз кечиб, еттинчи фалакка кўтаргувчи, ўзгача ҳис-туйғулар гирдобига шўнғидим.
Курсидаги муҳаббат!.. Буни бошидан кечирмаганлар қаёқдан ҳам билсин! Бу муҳаббат пайпаслаш, эшитиш ва ифордан туғилади. Зулмат ичра муҳаббат. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз!
Аввалбошда анча-мунча “ўлжа”ни қўлга киритиб, жуфтакни ростлаб қолмоқчи эдим. Лекин қаёқда! Сирли-нотаниш туюлган лаззат асирига айландим-у, қочиш фикри хаёлимдан учди-кетди.
Узоқ вақт букчайиб ўтираверганимдан аъзойи баданим тош қотди, ҳатто тик туролмай қолдим; тунда ошхона ёки халажойга юриб эмас, судралиб борардим. Тентаклигимни қаранг! Шунча азоблардан кейин ҳам “ошён”имни тарк этмадим.
Меҳмонхона мижозлари тез-тез алмашиб турарди. Албатта, менинг маъшуқаларим ҳам ўзгарарди. Уларни тана шаклларидан эслаб қолардим. Бири хушбичим, бири илондек эшилувчан, бошқаси коптокдек таранг, яна бошқаси антик давр ҳайкалларини ёдга солади. Ҳар бирининг ўзига яраша малоҳати, жозибаси бор эди.
Гапираверсам, гап кўп. Кўрган-кечирганларимга батафсил тўхталиб ўтирмайман, гапнинг индаллоси булар эмас. Шундоғам кўп вайсаб юбордим.
…Орадан бир неча ой ўтди. Меҳмонхона хўжайини баъзи бир сабабларга кўра ватанига жўнаб кетди. Меҳмонхонани эса қандайдир япон фирмасига сотиб юборди. Янги хўжайин меҳмонхонани оддий, ҳаммабоп меҳмонхонага айлантирмоқчи бўлди ва барча қимматбаҳо буюмларни кимошди савдосига қўйди, жумладан, каминанинг курсисини ҳам. Буни эшитиб, чуқур қайғуга ботдим. Бир хаёлим одамлар орасига қайтсамми, дедим. Савқитабиийим бу энг тўғри йўл, дерди. Шу ойлар давомида дурустгина бойлик йиғишга улгургандим, яллама-ёрим қилиб яшасам бўлаверарди. Лекин таваккалига иш кўришни маъқул топдим. Гап шундаки, меҳмонхона гўзаллари минг малоҳатли бўлмасин, барибир ҳам ажнабий эди, демакки, қалбан менга бегона. Мен япон аёлини севиб қолишни орзулардим!
Шу орада менинг курсимни ҳам кимошди савдосига қўйишди. Ичимда балки курсимни бирорта япон сотиб олар деб умид қилардим. Шунинг учун сабр-тоқат қилиб, курсини тарк этмасликка аҳд қилдим.
Кимошди савдоси залида аламдийда ҳолатда бирмунча фурсат ўтирдим, бахтимга, кўп ўтмай харидор топилди. Харидор Иокогама ён-веридаги шаҳарда яшовчи амалдор бўлиб чиқди. Юк машинасида курсини олиб кетишаркан, ичим тўкилиб қолай деди. Амалдор данғиллама ҳовлида тураркан. Курсини оврўпача жиҳозланган хонага олиб киришди. Буни қарангки, хона эр-хотин учун битта ижодхона вазифасини ўтаркан. Ўша кундан бошлаб бир ой давомида амалдорнинг рафиқаси билан бир ҳужрада ёлғиз қолдим. Тушлик ва уйқу вақтини ҳисобга олмаганда, ҳамма вақт тиззаларимда ўтириб қандайдир асар устида ишлади; ҳатто хонага киргандан сўнг эшикни ичкаридан қулфлаб оларди.
Бу аёлни телбаларча севиб қолганимни айтсамми-айтмасамми? Бу хонадонда мен илк бор чинакам севги сурурини туйдим. Бу аёлнинг олдида бошқалари ҳатто ип эшолмасди.
Бу дилбар хоним курси ичида эканимни билишини истардим. Бу ўта қўрслик, аммо мен унинг муҳаббатига ташна эдим. Унга қандай шаъма қилсам экан? Агар огоҳлантиришсиз шундай қилсам, қўрққанидан эри ёки хизматкорини чақиради. Ана унда менинг бахтимга нуқта қўйилади. Устига устак, мени жиноятда айблашади ва қонун олдида жавоб беришимга тўғри келади.
Унинг меҳрига сазовор бўлиш учун ўзгача йўл тутдим: узоқ вақт курсида ўтиравериб толиқиб қолса, ҳолатни ўзгартириб, қулайроқ ўтиришига шароит яратардим; кўзи илинса, аста-аста беланчакдай тебранардим. Бора-бора у курсига худди тирик жондай муомала қиладиган бўлди.
Ҳис-туйғуларим кундан-кунга авжланаверди. Алалоқибат, бутун дунёни унутдим; маҳбубамнинг рафторига бир маротаба нигоҳ ташласам-у, сўнг жон таслим қилсам, деган ёндиргувчи истак юрагимни куйдираверди…
Бегойим! Сиз, шак-шубҳасиз, ҳаммасини фаҳмладингиз. Сизни маҳбубам деганим учун бир қошиқ қонимдан кечинг. Турмуш ўртоғингиз кимошди савдосида менинг курсимни сотиб олганидан буён Сизга ошиқу беқарор бўлдим.
Бегойим! Сиздан биргина ўтинчим бор. Бир онга бўлса-да, Сизни кўрсам, дилга малҳам бўлгувчи ширин юпанч сўзларингизни эшитсам бўлгани! Бир ночору нотавондан марҳаматингизни дариғ тутманг!
Сизга мана шу мактубни битиш учун кеча тунда хонадонингизни тарк этдим. Ҳозир Сиз ушбуларни ўқиётган бир замонда мен юрагим така-пука бўлиб деразангизга кўз тикиб турибман. Башарти беандиша ўтинчимга рози бўлсангиз, илтимос, хонангиз деразасида турган тувакдаги гулга рўмолчангизни ташлаб қўйинг. Шу белги орқали эшигингизни тақиллатаман…”
Мактуб шу ерда узилганди. Ҳали сўнгги сатрларни ўқиб улгурмаган Ёсико докадай оқариб, жирканч курси турган хонадан милтиқнинг ўқидай отилиб чиқди. Беадабларча ёзилган хатни парча-парча қилиб йиртиб ташлагиси келди-ю, аллақандай куч тўхтатиб қолди.
Даҳшат! Наҳотки, ҳар куни ўтирган курсисида бегона эркак яширинган бўлса?! Ёсико устидан муздай сув қуйгандай сесканиб кетди, вужудини титроқ босди. У турган жойида кишанлангандай қотиб қолди. Нима қилса экан? Курсини текшириб кўрсамикин? Асло! У кетди, аммо курсининг ичида овқат қолдиқлари, латта-путталари қолган-ку…
– Бегойим, сизга хат келди!
Ёсико сапчиб тушди. Остонада қўлида хатжилд ушлаганча оқсоч турарди. Ёсико беихтиёр хатни олиб очди. Таниш иероглифларга кўзи тушгач, чинқириб юборди. О, даҳшат! Ўша ҳуснихат билан битилган яна битта мактуб!
Ёсико нима қилишини билмай, ўйга чўмди. Ниҳоят, хатни очиб ўқий бошлади. Нома қисқа, лекин Ёсико мазмунидан эсанкираб қолди:
“Яна бир бор ҳаддим сиғиб Сизни безовта қилаётганим учун маъзур тутгайсиз. Гап шундаки, анчадан бери сизнинг асарларингизни ўқиб, мухлисингизга айланганман. Бундан аввалги хатим – илк камтарона ижодий асарим. Агар қўлёзмамга тақриз билдирсангиз, бошим кўкка етарди. Асаримни ҳеч қандай изоҳларсиз жўнатганим учун яна бир марта авф этгайсиз. Хўш, ҳикоям Сизга маъқул тушдими? Модомики, зиғирча-да Сизни қизиқтиролган бўлса, қувончимнинг чеки йўқ. Ҳозирча ҳикоямга ном танламадим. “Курси-одам” деб номласамми, деб турибман. Сиз нима дейсиз?”
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон