Эдгар Аллан По. Машҳурликнинг интиҳоси (ҳикоя)

Мен машҳурман, тўғрироғи машҳур эдим. Аммо “Юниус мактуби”нинг муаллифию “Темир ниқобли” одам ҳам эмасман. Менинг исм-фамилиям Роберт Жонс, Бели Бердда туғилганман. Онамнинг айтишича, эндигина тетапоя қила бошлаган вақтларимданоқ, иккала қўлим билан бурнимни чўзиб ўйнарканман. Муштипарим буни менинг ёрқин келажагим белгиси деб ўйлабди. Отамнинг кўзлари қувончдан ёшланибди. Кўп ўтмай, хонам буруншуносликка оид китоблар билан тўлиб кетди. Мен буруншунослик назариясини мукаммал ўрганганимда ҳали панталон ҳам киймаган эдим. Қисқа муддат ичида катта илмий салоҳиятга эришдим. Бурним эса борган сари катталашиб, мени шон-шуҳрат томон бошларди. Мен бўлсам ҳеч қанақанги назарияга амал қилмасдан ҳар куни эрталаб бурунни чўзиш машқларини бажарардим.
Бир куни отам ўз хонасига чақирди.
— Ўғлим, — гап бошлади отам ўтирганимиздан сўнг, — келажакда қандай мақсадларинг бор? Мен ҳам билсам дегандим.
— Отажон, буруншуносликдаги машғулотларим ҳали охирига етгани йўқ, — дедим мен.
— Роберт, буруншунослик нима экан ўзи? — дея сўроққа тутди у.
— Сэр, — тушунтирдим мен, — бу бурун ҳақидаги фан.
— Айтчи, бурун нима?
— Бурун, — дедим-да, у ҳақидаги минглаб кашфиётларни хаёлимдан ўтказарканман, соатимга қараб олдим. Ҳозир куннинг ярми, тонг отгунча ҳаммасини айтишга улгурсам керак. Демак, бошладик: — Бурун, тананинг муҳим аъзоси бўлиб, Бартолин назариясига кўра: қавариқ — дўнг, узунчоқ…
— Етарли, етарли Роберт! — деди отам қўлларини боши узра кўтарганча. — Мен сенинг чексиз билим эгаси бўлганингдан хурсандман… Худога шукр. (У қўлини кўксига қўйиб, кўзларини юмди). — Ёнимга кел! (У мени елкасига опичиб олди) — Илмнинг чўққисини забт этибсан. Буёғига фақатгина ўзинг учун қайғур. Бурнингни эса шамоллардан асра, хўпми, — у мени елкасидан олиб зинага қўйди-да, кўча томон итариб юборди. — Энди эса эл ичига бор, Парвардигор сени ўз паноҳида асрасин.  
Мен ўзимда ҳис қилган руҳий тетикликни яқин орада эришажак бахтга йўйдим. Уйдан кетдиму, чўқинтирган отам маслаҳатларига қаттиқ риоя қилдим. Бурнимни елвизакдан сақлашнинг турли йўлларини қўлладим. Ўқиганларим бекор кетмади, бурнимни чўза-чўза буруншуносликка оид қўлланма ҳам ёзиб ташладим.
Уни Бели Бердда нашр қилишлари биланоқ қўлма-қўл бўлиб кетди.
— Ғаройиб даҳо! — дейишди “Чораклик”дагилар.
— Тенгсиз физиолог! —- жар солишди “Вестминистр”ликлар.
— Ажойиб ёзувчи! — дейишди “Хорижликлар”.
— Буюк инсон! — деди “Бентли”.
— У бизники! — деди “Блеквуд”.
— Ким у? — сўради Кўк чулкили хоним.
— Қани у? — сўради кенжа Кўк чулкили хонимча.
Мен ҳам уларни беэътибор қолдирмасдан рассом устахонасига бошлаб бордим. Рассомдан бирон нарса чизиб беришини сўрадим. Герцогиня Шут-Дери сурат чизилишига бош-қош бўлди. Маркиз Рек герцогинянинг гажакларини ўйнаб турибди. Граф — менга барибир деган каби қўлидаги мушки анбар солинган идишчани эрмак қилар, оқсуяк хоним — менга тегма дегандек курсига ястаниб ўтириб олганди. Уста ишини тамомлагандан сўнг суратга яқинлашдим ва бурнимни чўзиб қўйдим.
— Қандай гўзал! — деди оқсуяк хоним жилпанглаб.
— Ё, Худойим! — ўзидан кетай деди маркиз.
— Сиз бунинг учун қанча сўрайсиз, — дабдурустдан сўраб қолди рассом.
— Бурни учунми? — қичқирди киборли хоним.
— Минг фунт, — дедим мен юмшоқ курсига ястаниб оларканман.
— Минг фунт? — ўйчан ҳолда такрорлади рассом.
— Минг фунт, — дедим мен.
— Бетакрор! — деди рассом ҳаяжонини яширолмай.
— Минг фунт! — такрорладим мен.
— Сиз кафиллик берасизми? — деди у бурнимни чироқнинг ёруғига тоблаб кўраркан.
— Кафолат бераман, — дедим.
— Бунақаси бошқа йўқлигига? — суриштирди рассом.
— Пх-х-х! — овоз чиқардим, бурнимни ёнбошга қайириб кўрсатарканман.
— Уни ҳеч қачон чизишмаганлигига? — деди рассом қўлига микроскопни оларкан.
— Ҳеч қачон, — дедим бурнимни яна бир бор чўзганча кўз-кўз қилиб.
— Ажойиб! — деб қичқирди рассом гўзаллик олдида ўзини йўқотар ҳолатга тушиб.
— Минг фунт, — дедим мен.
— Сиз айтганингизни оласиз, — деди у. — Шундай ноёб нарса олдида пул нима деган гап…
У менга чек ёзиб берди ва бурнимни шундай ўхшатиб чиздики, асти қўяверасиз. Мен бу суратни “буруншунослик” китобимнинг тўқсон тўққизинчи қайта нашри билан бирга Зоти Олийларига юбордим. Бахтиқаро шаҳзода Уэлский мени кечки зиёфатга таклиф қилди.
Саройга мамлакатнинг барча машҳур ва нозиктаъб киборлари ташриф буюришганди. Бир пайт ваъзхонлик бошланиб кетса денг: Платоннинг замонавий талқинчиси Порфирийдан, Проклдан, Максим Тирскийлардан намуналар ўқиб берди. Ўз ўзини англаш тарафдорлари эса Тюрго, Прай, Крендордан мисоллар келтирди. Сэр Позитив Парадокснинг айтишича ҳамма аҳмоқлар файласуфлардир, файласуфлар эса аҳмоқлардир. Этикс Эстетикснинг чиқиши олов, танҳолик ва атом, кўнгил иккиланишлари, висол ва айрилиқ ҳақида бўлди. Раши де Капкалялик Фрикассе минбарга чиқиб олиб, французлар овқат учун рангли карамни қанча ишлатишларини узоқ гапирди. Бели Берд университети президенти ойни Фракистонда — Бендидо, Мисрда — Бубастида, Римда — Диана, Грецияда — Артемида деб аташларини қайта-қайта таъкидлаб, нутқ ирод қилди…
Ваъзхонлик қизигандан-қизиб, нотиқларнинг охири кўринай демасди. Ва ниҳоят менга ҳам навбат етиб келди. Менинг нутқим бошдан охир буруншунослик, у ҳақдаги қўлланмам, ўзим ва яна ўзим ҳақимда бўлди. Бурнимни чўзиб-чўзиб, узундан узун, оташин нутқ сўзладим.
— Ажойиб ақл соҳиби! — деди шаҳзода.
— Ғаройиб! — дейишди унинг меҳмонлари.
Кейинги кундаги зиёфатга эса герцогиня Шут-Дери таклиф қилиб деди:
— Сен Эльмакка борасанми, азизим?
— Чин сўзим, албатта бораман, — дедим мен.
— Бурнинг билан биргаликдами?
— Қасам ичаман, — дедим мен.
— Мана бу ташриф қоғозим. Энди сенинг боришингга ишонсам бўладими?
— Албатта, азизам герцогиня.
— Айниш йўғ-а? Бус-бутун бурнинг билан-а?
— Шубҳасиз, — дедим мен бурнимни чўзиб қўярканман.
Эльмакка ташриф буюрганимда у ер тиқилинчдан чидаб бўлмас даражада димиқиб кетганди.
— У келаяпти! — деди кимдир зинадан.
— У келаяпти! — деди яна кимдир тепа зинадан.
— У ростдан ҳам келдия! — қувончдан қичқириб юборди герцогиния. У қўлларимни сиққанча бурнимдан чўлпиллатиб ўпа бошлади. Бир пасда менинг ташрифим шов-шув бўлиб кетди.
— Иблис! — қичқирди граф Козерогутти.
— Эй Худо! Ўзинг асра! — ғўлдиради дон Стилетти.
— Иблисона, — деди курфюрест Крофошатский.
Шу пайт курфюрест томон ўгирилдим-да:
— Жаноб, сиз аблаҳсиз, — дедим.
— Жаноб, — деди у, — Момоқалдироқ ва Чақмоқ!
Бундан баттар бўлиши мумкин эмасди. Биз эртасига тонг маҳал Чок–Фарм остида отишдик. Мен бир ўқ билан унинг бурнини тагидан узиб ташладим-да дўстларимга юзимни терс буриб кетдим.
— Аҳмоқ! — деди бири.
— Ҳайвон! — деди иккинчиси.
— Эшак! — деди учинчиси.
— Телба! — деди кейингиси.
— Қорангни кўрсатма! — деди яна бири.
Абгор бир аҳволда отамнинг олдига бориб, бор гапни айтиб берарканман деди:
— Отажон, мен учун ҳаётнинг қизиғи қолмади.
— Ўғлим, бу ҳали буруншуносликнинг илк синовлари-ку, аммо сен -курфюрестнинг бурнига тегишиб катта хатоликка йўл қўйибсан. Сенинг бурнинг бетакрор, буниси аниқ, лекин курфюрест Крофошатскийда эса ҳеч вақо қолмади-да. Мана шу йўқотиши унга шон-шуҳрат олиб келди, билсанг. Сен ҳалокатга юз тутдинг, у эса бугун қаҳрамон. Белли Бердда энди ҳеч ким бурунсизлик билан унинг олдида мақтанолмайди. Мана, сен юз тутган фожиа қаерда, болам.
Мен эса келажагимни ўзим барбод қилганимни тушунганимда карвон аллақачон кетиб бўлганди.

Рус тилидан Даврон Улуғмуродов таржимаси.