Дино Буццати. Ёзувчининг сири (ҳикоя)

«Мен адойи тамом бўлган одамман, лекин бахтиёрман. Ҳар қалай, мен қўлимдаги косани таг-тугига қадар сипқориб улгурганимча йўқ. Тўғри, жудаям оз бўлса-да, ҳали ичида нимадир бор. Уни сўнгги томчисига қадар тотиб кўришдан умидворман. Агар яна озгина яшай олсам, албатта: анчагина кексайиб қолганман, бир оёғим тўрда бўлса, бир оёғим гўрда.
Мана, талай йиллардан буён ҳамма менинг ижодий таназзулга юз тутганимни, ёзувчи сифатида узил-кесил ва тамомила “ўлиб бўлганимни” уқтиради. Бу хусусда очиқ-ошкор айтмасалар-да, ўзларича шундай ўйлайдилар. Менинг эълон қилган ҳар бир янги асарим қиялик бўйлаб пастга қараб қўйилган яна бир қадам сифатида баҳоланади. Шундай, тобора пастлаша-пастлаша, охир-оқибат, боши берк кўчага кириб турибман.
Ҳаммасига аввало ўзим сабабчиман. Мен ўттиз йилдан кўпроқ вақт мобайнида онгли равишда, аввалдан пухта ўйланган режа асосида аста-секин, бироқ тўппа-тўғри тубсиз чоҳга қараб йўл юриб келдим.
Бошқачароқ айтганда, деб сўрайсиз сиз мендан, сен ўзинг шу кўргиликни истаб, ўзингга ўзинг чоҳ қазидингми, бундан чиқди?
Ҳа, шундай, хонимлар ва жаноблар, худди шундай. Мен ўз ижодимда аввалига кўз қамаштирар юксакликларга кўтарилдим. Машҳурлик шоҳсупасига чиқдим. Жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотдим.
Омадим юришгандан юришаверди. Шу кетишда янаям юксакроқларга парвоз қилишим мумкин эди. Агар истасам бас, ортиқча зўриқишларсиз тўла ва мутлоқ шуҳратга эришган бўлар эдим.
Лекин мен истамадим.
Бунинг устига, мен батамом бошқача йўл танладим. Ўзим эришган юксакликдан (эътиборингиз учун, ижодда, майли, Ҳимолай демай, ҳар қалай, Монторозанинг энг баланд чўққисига менгзагулик анчагина юксак кўрсаткичларга эришганман!) секин-аста пастга тушишни маъқул кўрдим. Юқорига кўтарилаётганимда сакраб-сакраб ўтганим айни ўша йўлни қуйига тушаётганимда бошқачароқ тарзда босиб ўтишга аҳд қилдим.
Аянчли аҳволда паст кетишнинг бутун аччиқ аламини татиб кўришим керак эди. Эътибор беринг, аянчли, бироқ фақат бир қарашдагина шундай. Зотан, мен бу аста-секин тушишдан чинакамига ҳузур-ҳаловат туйдим. Шу бугун кечқурун мен сизга ҳаммасини батафсил тушунтириб бермоқчиман. Дил сандиғимда узоқ сақланган ботиний сиримни очиб кўрсатмоқчиман. Арзи ҳолим саҳифаларини ғилофга жойлаб, устини елимлаб қўяман, токи улар мен бу дунёни ташлаб кетганимдан кейингина очиб ўқилсин.
Қирқ ёшимда ижодий ютуқлар уммонида чаппор урганча қулочкашлаб сузар эканман, камина ўз-ўзимга қаттиқ мафтун-маҳлиё эдим, бироқ, ҳайтовур, ажойиб кунлардан бирида кўзим очилди.
Оламшумул шон-шуҳрат, довруқ, асъаса-дабдаба, халқаро эътироф, машҳури жаҳонлик – айнан шуларга мен бутун жон-жаҳдим билан интилган эдим-а, буни қаранг! – кутилмаганда кўз олдимда ўзининг қип-яланғоч ночор-нотавонлиги билан яққол намоён бўлди-қолди.
Машҳури жаҳонликнинг моддий жиҳатлари мени қизиқтирмас эди. Чунки ўша пайтлардаёқ анчагина бой, ўзимга тўқ эдим. Хўш, яна нима керак?.. Қарсаклар, ғалаба нашидаси, жимжимадор саробми?.. Айни шуларни деб қанча эркак ва аёллар шайтонга ўз жонларини сотмадиларми? Ҳар гал бу осмондан ёғилган чалпакнинг урвоғини татиб кўрганимда оғзимда унинг аччиқдан-аччиқ, кўнгилни айнитувчи таъмини ҳис қиладиган бўлиб қолдим. Машҳури жаҳонликнинг энг олий даражаси нима, деб сўрадим ўзимдан. Жавоб ҳам топдим. Ниҳояти шундан иборатки, кўчада кетаётганингизда одамлар аланглаб қарашади-да, ўзаро шивирлашади: ана, кўряпсанми, ана у!.. Шугина, холос! Бунинг устига, эътибор беринг, ҳатто мана шу асоссиз ҳузур-ҳаловат ҳам фақатгина машҳур сиёсий арбоблар ёхуд шон-шуҳрат гулчамбарига ўралган киноюлдузларнинггина чекига тушар экан, холос. Ҳозирги пайтда оддийгина ёзувчига эътибор беришлари учун – билмадим, қандай мў‘жиза юз бериши керак.
Устига устак, медалнинг орқа томони ҳам борлигини айтмайсизми! Таниқли ёзувчининг кундалик ҳаёти қанчалик дўзах азобига айланиб қолишини сиз биласизми ўзи: битмас-туганмас мажбуриятлар, мухлисларнинг хатлари-ю телефон қўнғироқлари, интервюлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, радиода чиқишлар ва бошқа шулар каби беҳисоб-бемаза даҳмазалар. Лекин мени қўрқитган нарса булар эмас! Каминани қаттиқ сергак торттирган ва безовта қилган куч бутунлай бошқа нарса! Мен шуни сезиб қолдимки, шахсан ўзимга қарийб ҳеч қандай ҳузур-ҳаловат бахш этолмайдиган ҳар бир ижодий ютуғим… кўпчиликни қаттиқ азоб-уқубатларга гирифтор қилар экан! О, менинг ижодий ҳаётимдаги энг қувончли лаҳзаларда дўстларим ва қаламкаш биродарларимнинг безовта-беҳаловат авзолари ўзимда қанчалик ачиниш, раҳм-шафқат ҳисларини уйғотганини билсангиз эди! Ўзим билан эски қадрдонлик ва умумий манфаатларнинг мустаҳкам ришталари орқали маҳкам боғланган ажойиб-ажойиб йигит-қизлар, виждони уйғоқ заҳматкашлар – нега энди улар азоб чекишлари керак?!
Ана ўшанда мен ҳаммасини тарозига қўйдим-да, яхшигина тушуниб етдимки, каминанинг ижодий парвоз иштиёқи атрофимдагиларни қанчалар азоб-уқубатларга гирифтор қилмоқда экан… Шу яхшими? Гуноҳкорман – бу хусусда аввалроқ ўйлаб кўрмаган эканман. Энди эса, чуқур мулоҳаза қилиб, ўзимча қаттиқ виждон азобини ҳис қилмоқдаман.
Яна бир нарсани тушуниб етдим: агар шу шиддат билан ижодий юксалишда давом этаверсам, янгидан-янги шуҳрат гулчамбарларига сазовор бўлишим муқаррар.
Лекин бу ҳолда яна қанча одамларнинг юраклари торайиб, қон босими ошиб, ўзини қўйгали жой тополмай қолар эканлар? Ахир, шу кўйга солишим уларга нисбатан инсофданми?!. Бу дунёи дун турли хил азоб-уқубатларга тўла. Бироқ ҳасад-бахиллик инсон қалбига энг чуқур, энг қонли, узоқ вақтгача минг бир машаққатлардан кейин ҳам битиши даргумон бўлган жароҳат муҳрини босувчи туйғу эканки, одам боласининг бу ночор-нотавон аҳволига қараб туриб кўнглингда раҳм-шафқат, меҳр-мурувват ҳислари беихтиёр жўш уради.
Энди мен ўз гуноҳимни ювишим керак – бундан бошқа чора йўқ! Шунда мен узил-кесил бир тўхтамга келдим: Худога шукр, анчагина хайрли ишларни қилиб улгурдим. Ҳозирга қадар мен, омади кулиб боққан одам, ўзимга ўхшаганларга кўпдан-кўп озор бериб келдим. Энди эса, уларни хотиржам-хурсанд қилиб, уларга омадимни бош-бутун қайтараман! Азобларга чек қўйиш – ахир, мана шу эмасми – қувонч? Ахир қувонч аввалги кечирилган азоблар ўрнини босса ёмонми?
Иш суръатини сусайтирмаган ҳолда ёзишда давом этаверишим керак, токи ҳеч кимда “ўз ихтиёри билан воз кечди, ташлаб қочди” деган нохуш таассурот уйғонмасин. Бу иш менинг ҳамкасбларим кўнглида етарли таскин-тасалли, кутилган қувончни уйғотиши амримаҳол. Йўқ, яхшиси ҳаммасини аҳмоқ қилиш керак, чалғитиш керак, истеъдодни энг гуллаб-яшнаб турганида сир сақлаб, гўё илҳом булоғи қуриб бораётгандек, тобора ёмонроқ ёзиш керак, тамом-вассалом.
Токи мендан янги ижодий парвозни кутаётган одамларни ўзимнинг ижодий таназзулим – паст кетишим билан алланечук ёқимли таажжубларга солай!
Вазифа бир қарашдагина енгил! Зотан, рангсиз-туссиз, очиқ-ошкор ўртамиёна асар ёзиш осон иш деб ўйловчилар у1179 .аттиқ янглишадилар. Аслида, ҳаммаси анчагина оғир ва бунинг иккита муҳим сабаби бор.
Биринчидан, мунаққидларни қаттиқ бир силкитиб, уларни ошириб мақташ одатларидан воз кечишга мажбур қилишимга тўғри келади. Ўша пайтда нафосат кўргазмасида алоҳида ўринга эга, обрўси баланд, улкан адиблар қаторига мансуб эдим-да. Мени ошириб мақташ қарийб қатъий риоя қилиниши зарур бўлган қоидага айланиб улгурган эди. Мунаққидлар эса, маълумингизким, ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб бўлганларидан кейин, қани энди уларни ўз фикрларидан воз кечишга мажбур қилиб кўринг-чи! Улар менинг ёзадиганимни ёзиб бўлганимни сезишарми экан, ёки ўзларининг ошириб мақташлардан иборат баҳоларида қаттиқ оёқ тираб туриб олаверармиканлар?
Иккинчи сабаб. Қон деганлари оддийгина сув эмас-да, азизлар! Сиз ўзимдаги даҳоликнинг асов юлқинишларини бўйсиндириб, уни босиб туриш менга осон бўлди деб ўйлайсизми?! Нечоғли жўн ва ўртамиёна бўлиб кўринишга уринмайин, истеъдод ёлқини ўзининг илоҳий кучи билан сатрлараро сизиб юзага чиқиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмасди-да, ахир.
Чинакам сўз санъаткори учун жўнгина қаламкаш бўлиб кўринишнинг турган-битгани азоб, ҳатто агар ўзингизни аслингиздан ёмонроқ қилиб кўрсатишни астойдил истаганингизда ҳам.
Ҳар қалай, бу ишни бир амаллаб уддалашга муваффақ бўлдим. Йиллар ўтиши билан мен ўзимнинг тутқич бермас табиатимни жиловладим. Истеъдодсизликни шунақанги нозик, қойилмақом қилиб кўрсатишни ўрганиб олдимки, шунинг ўзиёқ улуғ истеъдоднинг аниқ-равшан далили бўла олади. Мен бирин-кетин, бири биридан бўшроқ китоблар ёзавердим. Бадиий ифода ва ҳаёт ҳаққониятидан минг фарсаҳ йироқдаги бу қадар ланж, энса қотирар даражадаги сохта қораламалар менинг қаламим остидан чиққанини ким ҳам ўйлабди дейсиз! Бу ёзувчининг аста-секинлик билан ўз жонига қасд қилишига баробар иш эди.
Менинг янги пайдо бўлган ҳар бир асаримдан кейин дўстларим ва ҳамкасбларимнинг чиройлари очилиб, юзларидаги ажинлари ёзила борди. Мен у бечораларни аста-секинлик билан ҳасаднинг оғир юкидан халос қилавердим. Натижада, уларнинг ўзларига бўлган ишончлари яна орта борди. Яшаш иштиёқлари кучайди.
Энг муҳими – мени қайтатдан астойдил севиб бошладилар. Қисқаси, яйраб-яшнаб бошладилар. Қанчалар узоқ вақт уларнинг нақ бўғизларида суякдек тиқилиб турган эканман-а мен! Энди эса, ўта эҳтиёткорлик ва ғамхўрлик билан уларнинг жароҳатларига малҳам босиб, ўзларини қушдек енгил ҳис қилишларига имконият яратиб бермоқдаман.
Қарсаклар сусайди. Мен ўзимни сояга олдим. Лекин тақдиримдан миннатдор эдим. Атрофимдаги мунофиқларча сохта мақтовларга йўғрилган хитоб-ундовлар исканжасидан халос бўлдим. Энди мени сидқидил муҳаббат ва самимий миннатдорчиликнинг қайноқ тўлқинлари чулғай бошлади. Дўстларимнинг овозларида барчамизнинг ёшлик чоғларимиздаги, ҳали инсоний тубанликларнинг кўчасидан ҳам ўтмаган ва олис-олисларда қолиб кетган яхши кунлардаги каби тоза, беғубор-бегидир, олийҳиммат муносабат оҳангларини қайта илғай бошладим.
Бу қанақаси бўлди, деб сўрайсиз сиз мендан, демак, сен атиги беш-ўнтагина ҳамкасбларинг учунгина ёзган экансан-да, бундан чиқди? Ёзувчилик шарафи нима бўлди? Адабий жамоатчилик-чи? Сен кўнгилларини ёриштиришинг мумкин бўлган, бугунги кунда яшаб турган ва келгусида туғилажак кўпдан-кўп китобхонлар-чи? Демак, сенинг санъатинг, маҳоратинг аслида ҳам ҳаминқадар экан-да, а? Демак, истеъдодинг шу қадар ночор-нотавон экан-да?
Жавоб бераман: ҳа, сиз ҳақсиз, дўстларим ва қаламкаш биродарларим олдидаги қарзим – бутун башарият олдидаги мажбуриятимга таққослаганда ҳеч нарса эмас, албатта. Лекин мен ўз яқинларимни, бутун сайёрамиз бўйлаб сочилган кўзга кўринмас китобхонларимни, учинчи минг йилликда келадиган авлодларни зиғирча ҳам хафа қилмаганман. Бутун ҳаётим давомида Парвардигори Олам зиммамга юклаган шарафли вазифани яширин равишда сидқидил адо этдим. Илоҳий илҳом қанотларида учар эканман, мен ўзимнинг асл моҳиятимни ёрқин акс эттирувчи асарлар ёздим. Улар мени эртадир-кечдир осмони-фалакка кўтариб, шон-шуҳратнинг энг баланд чўққисига олиб чиқа олади. Ҳа, улар аллақачон ёзилиб ётоқхонамдаги катта бир қутига тахлаб қўйилган. Нақд ўн икки жилд! Сиз уларни менинг вафотимдан кейин ўқийсиз. Ўша пайтда дўстларимнинг қайғуришлари учун сабаб бўлмайди. Марҳумнинг ҳамма айбларини осон кечириб юборадилар, ҳатто унинг ўлмас асарлар ёзганини ҳам! Тўғри, ўшанда дўстларим нописандлик билан истеҳзоли кулишади-да, бош чайқаб туриб айтадиларки, “Қанақанги аблаҳ экан-а, у ҳаммамизни доғда қолдириб кетибди-я! Биз бўлсак, у қариган чоғида ёш боладек бўлиб қолди деб ўйлабмиз-а!..”
Нима бўлганда ҳам сизга…»
Ёзув шу ерда узилиб қолган эди. Кекса ёзувчи ўз дилномасини тугатолмабди. Сабаби жон таслим қилибди. Уни ёзув столи олдида ўтирган ҳолда топишибди. Оқ қоғоз устидаги синган қалам билан ёнма-ён унинг сочлари оппоқ оқарган боши ўзининг энг сўнгги ва энг улуғ хотиржамлигида ҳаракатсиз ётар эди.
Ёзувни ўқигач, яқинлари ётоқхонага кирдиларда, қутини очдилар. У ерда жами ўн икки дона қалин қоғоз тахламини кўрдилар: тахламнинг ҳар бири юз бет!.. Мутлақо ёзилмаган, ҳатто бир белги ҳам қўйилмаган…

Рус тилидан Отаули таржимаси