Нимасини айтасиз, бизда шеърият тақиқланганидан буён ҳаёт бошқача бўлиб қолди. Энди на аввалги кўнгил озишлар, на юрак ўйнатувчи илҳомланишлар, на беҳуда хаёлпарастликлар бор. Иш — ёлғиз ана шу нарса ҳақиқий қадриятга айланди; одамзод минг йиллардан буён нечук бу ҳақиқатни англаб етмади экан — ақл бовар қилмайди.
Халқни миллат бахт-саодати йўлида айнан буюк ишларга даъват этувчи, муҳтарам назоратчиларимиз элагидан ўтган айрим гимнларгина одатдаги чегарадан чиқмайди, холос. Аммо уларни шеър деб бўладими? Не бахтки, улар шеър эмас. Улар меҳнаткаш омманинг руҳини чиниктиради-ю, бироқ тизгинсиз ва ўйноқи хаёл парвозига халал бергани берган. Масалан деганингизда, бизда ҳалигидақа севги қийноқларига гирифтор бўлган юраклар шарҳига имкон борми? Қора меҳнатдан бошқасини билмайдиган бизнинг жамиятимизда халқнинг руҳий қуввати ҳеч бир фойдаси йўқ — буниси шундоқ ҳам барчага аён — завқу сафога бой берилишига тоқат қилиб бўладими, ахир?!
Табиийки, ҳаётни бу қадар кенг миқёсда яхшилашга қаратилган тадбирларни кучли ҳукумат кўмагисиз амалга оширишнинг имкони сира ҳам топилмаган бўларди. Ноиб Нитстсари бошқараётган бизнинг ҳукумат айнан ана шундай — кучли ва шунинг баробарида демократияли ҳукуматдир. Боз устига денг, демократиячилик унга зарур фурсатда — шуниси каммиди энди!— чўяндек муштини ишга солиб қолишга ҳаргиз монелик қилмайди. Шеъриятни тақиқлаш ҳақидаги қонуннинг ашаддий тарафдорларидан бири Тараққиёт вазири ноиб Волтер Монтикяридир. У, нафсиламрини айтганда — миллат иродасининг ифодачиси ва мудом, таъбир жоиз кўрилса, юксак демократиявий ғоялар йўлини тутиб келган шахс. Халқ руҳиятнинг бундай чиркин ҳолати ифодаланган матоҳни ўқиб ўтиришга тоқат қилолмаслиги-ку кундек равшан бир нарса эди. Гап бу муносабатни бутун жамият бахт-саодати учун қатъий ҳуқуқий меъёрлар асосида мустаҳкамлаб қўйишда қолган эди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун фуқарога кўпам ташвиш келтирмайди. Зеро, камдан-кам қонунларгина халқ учун ушбу қонун каби безиён бўлиши мумкин. Тўғри-да, бизда шу пайтгача ким ҳам шеър ўқибди дейсиз! У бирор мардумнинг газагига дори бўлганмидики, ўқилса? Қонунда маън этилган шеърий битикларни давлат ва хусусий кутубхоналардан териб олиш ҳеч бир қийинчиликсиз амалга оширилди; боз устига, бу тадбир, гўё елкамиз оғир юкдан ниҳоят халос этилгани каби, умумий бир кўтаринкилик ва мамнунлик вазиятида кечди. Маҳсулот ишлаб чиқариш, буюк иншоотлар қуриш, тараққиёт кўрсаткичларини тобора ошириш, саноат ва савдони мустаҳкамлаш, миллий салоҳиятимизни юксалтириш мақсадидаги илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, нақлиётни муваффақиятли ривожлантириш учун янада кўпроқ куч-қувват сарфлаш (қандай ажойиб сўз!) — дангалини айтадиган бўлсак, мана, поэзия дегани нима, муҳтарам ватандошлар! Яшасин техника, аниқ ҳисоб-китоб, талабни, тонналарни, метрларни, баҳо кўрсаткичларини, бозор нархларини, таннарх ва санъат асарлари деб аталувчи матоҳларнинг (агарда улар зарур деб топилса) ҳаётийлигини синчиклаб ўрганишга асосланган турмуш тарзи!
Ноиб Волтер Монтикъяри қирқ беш ёшда. У хийла новча ва салобатли зот; ана қўшни хонадан унинг хандон отиб кулгани эшитилмоқда. (Унга кекса шоир Освалдо Каннинг қандай адабини бергайлари ҳақида ҳикоя қилмоқдалар. “Ахир, мен энди шеър ёзмаяпман-ку, — дея қичқирди у шўрлик, — онт ичаман, ўн беш йилдирки шеър ёзмайман! Дон сотиб кун кўряпман — тамом-вассалом”. “Лекин авваллари ёзардинг-ку, ҳайвон!”— Бежирим кийинган, бошига шляпа бостириб, қўлига ҳассатаёқ тутган чолни шундай ҳақоратлар ила ахлаттепага улоқтирдилар). Ноибнинг кулгисига қулоқ тутинг, қандай кулмоқда? Ҳа, ишонаверинг, бу одам ўзига пишиқ ва унча-мунчага қоқилмайди. Айвон панжарасига аранг суяниб, кечки шафақ либосидаги осмонга термуладиган ва гўзал хонимлар ҳақида байтлар ўқийдиган лапашанглар ҳам одам бўптими! Монтикяри уларнинг юзтасига татийди!
Умуман, бўларини айтадиган бўлсак, ноибни қуршаган оламда ҳамма нарса аниқ ва ижобийдир. Ўзи ҳам мутлақо тошбағир одам эмас. Иш хонаси деворларига таниқли мусаввирларнинг асарлари осиб ташланган; улар кўзни жимирлатиб юракка дахл қилмайдиган мавхум чизмалардир. Бу ерда хона соҳибининг — покиза маънавий қадриятлар ҳомийсининг беқиёс мусиқий таъбидан далолат берувчи оҳанг тасмалари ҳам мавжуд; табиийки, улар орасидан Шопеннинг чучмал асарларини топишингиз амримаҳол, аммо Хиндемитнинг барча мусиқалари тўла-тўкис йиғилган. Кутубхоналар тўғрисида гап очадиган бўлсак, у ерда илмий асарлар ва ҳужжатли китоблардан ташқари, ҳордиқ чиқарар кезларда ўқиш учун мўлжалланган кўнгилочар асарлар ҳам етарлича. Шубҳасизки, булар барчаси — ҳаётни ҳеч бир қўшиб-чатиш ва лўттибозликларсиз, ҳақиқий тусда тасвирлашга ҳаракат қилган муаллифларнинг китобидир; уларни мутолаа қила туриб, худога шукрки, кўнглингизга ғулғула тушиши ва демакки, тарбиянгиз бузилишидан ташвишга тушмайсиз — гарчи аввалги замонларда (энди бунга ишониш қийин) бундай ҳолга йўл қўйилибгина қолмай, рағбатлантирилган бўлса-да, унга мутлақо ақл бовар қилмайди.
Ноибнинг қаҳқаҳаси ёқимли, эшитиб маза қиласиз. Бу қаҳқаҳа замирида қанчалар қудрат, ирода, умид, амалий ишга ишонч яширин! Лекин у биз тасаввур этаётган каби хотиржамми? Шеър деган ярамас матоҳ таг-туги билан қуритилганига унинг ишончи комилми?
Бир куни оқшом маҳали у уйида қандайдир маълумотномани кўздан кечириб ўтирар экан, ҳузурига хотини кириб келди.
— Волтер, сен Жоржина қаёққа даф бўлганини билмайсанми? —деди у ҳовлиққан ҳолда.
— Йўқ, хабарим йўқ. Нима, бирор кор-ҳол юз бердими?
— У, бориб дарсимни тайёрлайман, деган эди. Аммо хонасида йўқ. Чақириб ҳам кўрдим — бирор сас-садо эшитилмайди. Қидирмаган жойим қолмади.
— У ҳойнаҳой боғда бўлса керак.
— У ерда ҳам йўқ!
— Унда бирор дугонасиникига кетгандир-да?
— Алламаҳалда-я? Нималар деб вайсаяпсан, ана, пўстини даҳлизда осиғлиқ турибди-ку!
Эр-хотин хавотирга тушиб бутун уйни ағдар-тўнтар қилиб чиқди. Қани, қиз топилақолса! Монтикяри ҳатто томга ҳам чиқиб кўришга аҳд қилди — ҳечқурса, виждони хийла таскин топади-ку. Бу ерда — том шифтига тиралган тўсинлар остида бир уюм бўлиб ётган латта-путта, зски лаш-лушлар устида сокин ва сирли шуъла ўйнайди. Ёруғлик том шифтидаги ярим доира шаклидаги туйнукдан тушмоқда эди. Уни кимдир очиб қўйган. Анчагина аёз бўлишига қарамай, унинг қизи, гўё самога маҳлиё бўлган каби, қўллари билан туйнукка ёпишиб, жим қотиб турарди.
Танҳо ўзи бу ерда нима қиляпти? Ноибнинг кўнглида аламли, нохуш шубҳа бўй кўрсатди ва у зўр бериб ундан халос бўлишга тиришди. Бироқ бари беҳуда.
У билдирмайгина қизини кузата бошлади, қиз эса бояги ҳолича миқ этмай, бор вужуди билан кўзларини катта очиб, қандайдир мў‘жизанинг шоҳиди бўлган каби, узоқ-узоқларга термуларди.
— Жоржина! — Қизча сапчиб тушди ва жонҳолатда қайрилиб қаради, юзи бўздек оқариб кетган эди. — Сен бу ерда нима қиляпсан? — У лом-мим демади. — Сен бу ерда нима қиляпсан? Гапир!
— Ҳеч нарса қилаётганим йўқ, тингладим, холос.
— Тингладинг? Нимани тингладинг? Жоржина бошқа бир сўз демасдан пастга чопиб кетди, зинадан унинг ўкириб йиғлагани эшитилди ва аста-секин йиғи товуши узоқлашиб борди.
Ноиб туйнукни ёпди, аммо кетишдан олдин тепага бир нигоҳ ташлади: унинг шубҳалари тарқамаган эди. Жоржина у ерда нимани кўриб қолдийкан? Қизиқ, бу ерда тинглайдиган нарса борми? Лекин, шунга қарамай… Ахир, бу ердан томларнинг бўғотию шип-шийдам дарахтлар, шоҳкўчанинг нариги томони бўйлаб чўзилган завод корхоналари-ю ўн беш кунликлар чамаси бўлиб қолган, шаҳарга ойдин тус бериб, одатдагидек шуълалар таратувчи бўзарган ой, узун соялару булутларнинг товлайишидан ўзга ҳеч вақо кўринмайди-ку?! Берилиб тинглайдиган бирон бир товуш ҳам йўқ. Томлардаги эски тўсинларнинг ғичирлаши ва шаҳар бўйлаб таралиб, оҳистагина — кечанинг айнан шу дақиқаларидаги ишлаб чиқариш суръатининг табиий ҳолда пасайишиши тўлиқ мос равишда тинчиб бораётган, нафас сасига ўхшаш қулоққа зўрға чалинадиган товуш бор, холос. Барчаси шу қадар оддийки, ҳеч бир қизиғи йўқ. Эҳтимол… (Том совуқ, черепитсалар оралиғидаги тирқишлардан муздек ҳаво сизиб чиқади.) Эҳтимол, айнан ўша ерда — тўлишаётган ой нури билан баногоҳ ўзгача тусга кирган томлар устида — инсоф билан айтганда, ҳатто ноиб Монтикярининг ўзи ҳам буни инкор этишга журъат қилолмайди — бу кажрафтори фалакнинг ўзидек қадим шеър деган бало пусиниб, ненидир кутиб ётгандир? Қарангки, ҳатто болакайлар, шу покиза вужудлар ҳам, гарчи ҳеч бир зот у ҳакда гапирган бўлмаса-да, ўша балонинг таъмини ҳис этади. Бутун шаҳарда шу аҳвол! Гўё қандайдир фитнага ҳозирлик кўрилаётгандек. Маълум бўладики, бу лаънатини қонунлар билан ҳам, жазолар билан ҳам, оммавий мазахлаш билан ҳам гумдон этишнинг имкони йўқ экан-да? Демакки, улар эришган нарсалар бор-йўғи бўҳтон, жаҳолатини мукофот билиб мунофиқларча мақтаниш, қалбаки эътиқоддан иборатми? Хўш, Монтикярининг ўзи-чи? Наинки унинг кўнглида ҳам шеър туйғуси яшириниб ётган бўлса?
Салгина фурсат ўтиб меҳмонхонада хотини рўбарў келдию саволга тутди:
— Волтер, нима, бугун мазанг йўқми? Рангингда ранг қолмабди-я!
— Қўйсанг-чи бу гапингни. Мен ўзимни отдек ҳис қиляпман. Ҳатто вазирликка бориб келсамми деб турибман.
— Шу пайтда-я? Бир тишлам нон ҳам емасдан-а?
Монтикярининг кўнгли алағда. У уйдан чиқди, аммо машинага ўтиришдан олдин бир лаҳза хаёлга толди. Бугун не боис ой бу қадар ёп-ёруғ? Ва ўзича бундай хаёл не оқибатларга сабаб бўлишини чамалаб кўра бошлади. Соат аллақачон ўн яримга бориб қолибди, шаҳар кун бўйи давом этган оғир меҳнатдан сўнг тинчиб, ором ола бошлаган. Не бўлганда ҳам унинг назарида бугунги оқшом ҳавонинг ўзи қандайдир бошқача, унда аранг илғаб олинадиган ҳаёт зарби, анави, деярли қоп-қора соялар оғушида қандайдир тушуниксиз кучлар ҳукм сураётгани сезилади; бамисоли кимлардир қувурлардан чиқаётгам тутунлар, дарахтлар танаси, ўчириб қўйилган ёнилғи қозонлари ортига яшириниб, бир-бирига зўрға англашиладиган ишоралар қилаётгандек; гўё кимнингдир исёнкор туйғулари тун паранжиси остида бетиним шеърни қутқариш чорасини излаётгандек ва дафъатан уни топадигандек…
Ҳатто Монтикярининг ўзи ноилож ҳолда эътироф этадики, уни ҳам қандайдир ғалати туйғу азобга солмоқда. Не қилсинки, осмон гумбази остидан унинг бошига ҳам шуълалар маржони ёғилмоқда эди. Не чора борки, унинг ёғилиши ҳукумат ҳарорига батамом зид эди! Гўё уст-бошига кўзга кўринмас ўргимчак тўри илашиб қолган каби, у беихтиёр эгнидан нималарнидир сидириб ташламоқчи бўлди.
У беихтиёр сергак тортиб, машинани ҳайдаб кетди. Ниҳоят, шаҳар марказига етиб келдию, ўзини бир оз енгил тортгандек сезди. Бу ердаги нурафшон чироқлар — ҳарқалай, унга шундай туюлди — ой шуъласидан кўра ёрқинроқ бўлиб кўринарди. Монтикяри вазирлик биносига кирди ва кенг зинадан чиқиб, сокин йўлак бўйлаб иш хонаси томон юрди. Чироқлар ўчирилгани боис деразадан ўша лаънати ёғду тушиб турар эди. Фақат бир эшик тирқишидан чироқ нури милтираб кўринарди. Вазир ўша эшик ёнида тўхтади. Бу — мудом рақамларга кўмилиб юрадиган илмий тадқиқот бўлимининг бошлиғи, ўта расмиятчи ва ижрочи профессор Каронеснинг хонаси эди. Ажабо, унга не бўлди экан? Ноиб Монтикяри эшикни оҳиста очди.
Каронес у тарафга орқа ўгириб ўтирарди. Стйли устида мў‘жазгина чироқ шуъла сочиб турар, у бўлса бот-бот тўхтаб ва анчагина хаёлга толиб нималарнидир қоғозга битар эди. Бундай лаҳзаларда у ўзи ҳам билмаган ҳолда қаламни лабига босар ва илҳомини ахтарган каби, нигоҳини айвондаги ой нурига йўғрилган шиша эшикка қадарди.
Бу оқшом Монтикя яна бир инсонни ғайриодатий ва ҳатто нораво машғулот устида қўлга туширмокда эди. Илгарилари Каронес ҳеч қачон ишда бу қадар кеч қолиб кетмасди.
Монтикяри серпат гилам устидан жимгина юриб Каронеснинг тепасига келди ва унинг елкалари оша астагина эгилиб, профессор қоралаётган қоғозга кўз қирини ташлади:
О забонсиз ёғду, сен нечук
Маъдан корхоналарининг қоп-қора қурум
Деворлари оша чиқасан кулиб?
Афсонавий сеҳрли чироқ
Тилсиз тошни ёритди ҳатто.
Сенга борар йўл лекин узоқ —
Бир умрлик йўл эрур расо!
Мен толиққан нигоҳим билан
Атрофимга қарайман, ҳайҳот!
Сенинг нуринг этар намоён:
Қандай ғариб бизнинг бу ҳаёт!
Кўп сеҳрли ва танти дунё,
Ўн беш кунлик ой,
Нарсалар олами…
Ўзинг айирмагин булардан, Худой!
Шу мисраларни ўқигач, вазир бир қўлини Каронеснинг елкасига қўйди ва бундай деди:
— Профессор, шу иш сиздан чиқдими?
У бўлса қўрқувдан тош каби қотиб нималардир деб валдирарди.
“Профессор, шу иш сиздан чикдими?!” Аммо шу онда қўшни хонадаги телефон жиринглаб қолди, кейин яна қайдадир узоқда — йўлакнинг охирида телефонга тил киргандек бўлди. Сўнгра учинчи, тўртинчи бор телефонлар жиринглай кетди… Ва шу тариқа сокинлик қўйнидаги бинода, гўё жавонларга, чанг босган пардалар ортига бекиниб олган юзлаб одамлар орзиқиб кутилган ишорадан ниҳоят хабар топгани каби, сирли равишда ҳаёт қайта жонланди. Дастлаб кимларнингдир мўралаб қарагани қулоққа чалинди, кейин бутун теварак-атроф шивир-шивир гаплар сасига тўлди. Сўнг-сўнг кимларнингдир таниш овозлари, нимагадир даъват этгани, шартта-шартта буйруқ бергани, эшикларнинг шарақлаб очилиб-ёпилгани, югуриб бораётган одамларнинг олатасир шовқини, узоқдаги бақир-чақирлар эшитилди…
Монтикяри эшикни ланг очиб, айвон тарафга назар ташлади. Вазирлик теграсидаги боғда нимадир бўлгану барча чироқлар ўчган. Бунинг оқибатида ой нури янада ёрқинроқ ва нохушроқ кўзга ташланади. Икки ёки уч киши қўлларида машъала тутган ҳолда ойдин шуълага бурканган хиёбондан чопиб кетди. Кейин ёш ўспирин қизил камзулини силкитиб от чоптириб ўтди. Ана, бино ўртасидаги равоннинг икки тарафига башанг кийинган, кўзни қамаштирувчи қилич таққан иккита ҳарбий келиб турди. Ана, улар қиличларини самога ирғитдилар. Йўқ, улар — қилич эмас, ғалаба мушаклари. Ноғора-карнайнинг янгроқ овози бир таралди-ю, оломон тепасидаги тилла равоқ каби, ҳавода муаллақ туриб қолди.
Монтикярига ҳеч бир изоҳнинг ҳожати йўқ эди. Шундоқ ҳам барчаси тушунарли: инқилоб юз бердию унинг вазирлиги қулатилди.
Русчадан Полвон Отабек таржима қилди.