Мен кўрикдан ўтиш мақсадида шифокор ҳузурига бордим: ёшим қирққа киргандан буён мен буни мунтазам равишда ҳар ярим йилда амалга оширадиган бўлдим.
Карло Тратторе – менинг шифокорим ва эски дўстим. У мени беш қўлдек билади. Куз кунларидан бири. Ҳаво булут. Юракни сиқадиган ҳаво. Кеч кирмоқда.
Шифокор ҳузурига кириб бордим. Тратторе менга синчковлик билан қараб, кулиб қўйди.
– Кўринишинг жуда яхши, ҳа, жуда яхши! Бундан икки йил муқаддам кўринишинг бир аҳволда эди, деб ким ҳам айтарди.
– Ҳа, тўғри айтяпсан! Ҳаётда ўзимни бунчалик соғлом ҳис этмаган эдим. Одатда шифокорга нажот истаб, мурожаат этадилар. Бугун мен ёнингга хурсандлигимдан келдим: ўзимни жуда яхши ҳис этяпман. Шунинг учун мен аҳволи-руҳиятимдан мамнунман. Тратторени доғда қолдирмоқчиман, ахир мен асрнинг ҳамма нарсаси таъсир этадиган асаблари қақшаган бемор эдим-да. Ҳозир эса асабларим қақшамайди, ҳаммаси жойида. Кун-бакун соғлиғим яхшиланиб бормоқда. Эрталаб уйқудан тураман, дераза дарпардаси тирқишлари орасидан шаҳар тонгининг ёруғ нурлари хонамга тушиб туради, ўзимни нобуд қилиш фикри энди мени безовта қилмаяпти.
– Кўринишинг яхши. Кўрувдан ўтмоқчимисан? – ҳайрон бўлиб сўради Тратторе. – Юзингдан қон томиб турибди-я. Пул ҳам ишлолмайдиган бўлдим. Юзларинг таранг.
– Ҳа, энди олдингга келиб қолганимдан кейин…
Ечиниб, каравотчага ётдим. Шифокор қон босимимни ўлчади. Юрак ва ўпкамни эшитиб кўрди. Лекин индамади.
– Хўш, қалай, – қизиқдим мен.
Тратторе елкасини учириб қўйди-ю, лекин жавоб бермади. У худди биринчи бор кўриб тургандек, менга тикиларди. Ниҳоят у:
– Нима десам экан, сени безовта қилувчи турли касалликларинг; бўлмағур фикрларни ўйлашларинг қаёққа йўқолди? Булар сени безовта қилмаяптими? Ахир сен ўзингни қўярга жой тополмас эдинг-ку? Сен айтмоқчисанки…
Мен қатъий равишда бош силкидим.
– Кўрмагандек бўлиб кетдим. Касалликни ҳам ўйламай қўйдим. Гўё мен бошқа одамга айланиб қолгандекман.
– Бошқа одамга айланиб қолгандек… – деди дўсти сўзларни чўзиб талаффуз қиларкан унинг гапларини такрорлаб.
Туман тобора қуюқлашиб бормоқда, соат беш бўлмаса-да, кўчани зулмат боса бошлади.
– Эсингдами, – дедим мен, – тунда гоҳ бирда, гоҳ иккида юрагимни бўшатиш учун сеникига кириб борардим. Кўзларинг уйқудан юмилиб кетаётган бўлса ҳам, сен сўзларимни тинглардинг. Энди уларни эслашгаям одам уялади. Ўшанда қандай тентаклигимни энди тушуняпман!
– Ким билади дейсан!..
– Нима-нима?
– Ҳеч нарса.
– Тўғрисини айт. Сен энди бахтлимисан?
– Бахтли?
– Қандай баландпарвоз сўз-а!
– Яхши, савол-жавобга ўтамиз.
– Майли.
– Сен хотиржаммисан, ҳаётингдан мамнунмисан?
– Ҳа, мамнунман.
– Сен доим уйда, одамлар орасида, ишхонада бегонадек, ёлғиз ва ҳеч кимга керак эмасдек ҳис қилардинг ўзингни. Демак, бу ҳолатлар сени тарк этдими дейман?
– Ҳа, айнан шундай. Биринчи бор мен ўзимни жамиятнинг тўла-тўкис аъзоси сифатида ҳис қила бошладим.
– Шундайми? Табриклайман. Шунинг учун ўзингда ишонч, маънавий қониқиш пайдо қилибсан-да?
– Устимдан куляпсанми?
– Асло. Сен энди бир маромда ҳаёт кечиряпсанми?
– Шундай деса ҳам бўлади.
– Телевизор кўряпсанми?
– Деярлик ҳар куни кечқурун. Биз Ирма билан у ёқ-бу ёққа камдан-кам борамиз.
– Спорт билан шуғулланяпсанми?
– Айтсам, ишонмайсан, ашаддий ишқибоз бўлиб қолдим.
– Ким учун?
– Ўз-ўзидан маълум-ку. “Интер” жамоаси учун-да.
– Қайси партиядасан?
– Тушунмадим?
– Мен сиёсий партияни назарда тутяпман.
Ўрнимдан туриб, дўстимнинг ёнига яқинлашиб бордим-да, қулоғига шивирладим.
– Шуям сир бўпти-ю! Гўё буни ҳеч ким билмайдигандек гапирасан-а!
– Бу сени ҳайратга солмадими?
– Ҳечам-да.
– Бу сендайлар учун оддий ҳолат. Машинани ёқтирасанми? Рулда ўзингни қандай ҳис қиласан?
– Кўрганингда сен мени таний олмасдинг?! Мени тошбақа юришимни эслайсанми? Ўтган ҳафта Римдан Миланга кетатуриб, вақтни белгилаб олдим. Биласанми, неча соатда етиб борибман? Тўрт соату ўн дақиқада… Шошмай тур. Нега сен мени сўроққа тутяпсан, а?
Тратторе кўзидан кўзойнагини олди. Тирсакларини столга тираб, бармоқларини чоғиштирди-да:
– Сенга нима бўлганини билишни истайсанми? – деди.
Мен унга тикилиб қараб турибман-у, юрагим ҳапқириб кетяпти. Наҳотки у мендан қандайдир хавфли касаллик топган бўлса?
– Бирон нарса бўптими? Тушунмадим. Сен шундай деб ўйлайсанми?
– Ҳаммаси тушунарли: мурдага айланибсан.
Тратторе ҳазил қилишни ёқтирмайди, айниқса, қабул вақтида.
– Мурда дейсанми? – дедим мен. – Қанақа мурда? Менда давоси йўқ касаллик бор эканми?
– Қанақа касаллик! Сени ўлим ёқасидасан деб айтганим йўқ-ку. Мен сени фақат мурдасан деб айтдим, холос.
– Буни қандай тушуниш мумкин! Беш дақиқа аввал сен менинг соғлиғимни ҳавас қиладиган даражада дегандинг?
– Соғлиғинг жойида! Одам бундан ортиқ соғлом бўлолмайди. Аммо, сен мурдасан. Сен шароитга мослашибсан, руҳан ва жисмонан жамоатга қўшилибсан, тинчлик, осойишталикда яшаяпсан, ўзингда ишонч пайдо бўлибди, шунинг учун сени мурдасан, деяпман.
– Шундай дегин! – демак, бу сўзларни кўчма маънода айтаётган экансан-да. Мен бўлсам қўрқиб ўтирибман.
– Сўзимни қандай тушунишингга боғлиқ. Жисмоний ўлим – оддий ва сийқаси чиққан ҳолат. Ўлимнинг даҳшатли кўриниши мавжуд: бу ўзига хосликни йўқотиш, ўз муҳитидан ташқарига чиқолмасликдир… Атрофингга боқ, одамлар билан суҳбатлаш. Камида уларнинг олтмиш фоизи мурдалар эканлигини кўрмаяпсанми? Уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Улар ички ҳис ва туғёнларидан маҳрум бўлган, бир хил ҳаётга ўрганган итоаткор, ўз қиёфасини йўқотган одамлар. Уларнинг истаклари ва фикрлари бир хил ва сўзлашадиган мавзулари ҳам бир хилдир. Одамни карахт қилувчи оммавий маданият бу.
– Бўлмаган гап! Мен шунчаки шайтон васвасасидан қутулдим, ўзимни фаол, янада ҳаракатчан ҳис қиляпман. Айниқса қизиқарли футбол учрашувини томоша қилаётганимда ёки машинам тепкисини босаётганимда.
– Бечора Энрико! Мен сенга ачинаман, айниқса, сенинг аввалги ҳаловатингни йўқотган кунларингга ачинаман.
Бас! У мени ҳозирги осойишта ҳолатимдан чиқариб юбормоқчи.
– Яхши, сен айтгандай мурда бўла қолай, лекин нима учун охирги йилларда мен ясаётган ҳайкалларга талаб ошиб бормоқда. Агар сен айтгандек мен ўлик ҳолатда бўлсам…
– Қотиб қолган ҳолатда эмассан, сен мурдасан. Баъзан айрим халқ мурдалардан иборат бўлади. Юз миллионлаб мурдалар. Улар ишлайдилар, ихтиро қиладилар. Югуриб-еладилар ва ўзларидан жуда мамнун бўладилар. Бу бечоралар ўзларини мурда эканликларини тушунмайдилар. Ниҳоятда камчиликни ташкил қилган бир тўда одам уларга нима қилмоқ кераклигини, нимани яхши кўриш ва нимага ишониш кераклигини уларга буюрадилар. Худди Антиль ороллардаги сеҳр-гарлар мурдаларни тирилтириб, дала ишларига юбораётганларидек. Сенинг ҳайкалларингга келсак, улар сенга шону-шуҳрат келтирмаганининг ўзи сени айнан мурда эканлигингдан далолат бериб турибди. Сен ҳаётга мослашиб олдинг, кўникдинг, улар билан баробар қадам ташлаяпсан. Ўз фикрингни бошқаларга айтмай ичингга яширдинг, байроқларингни туширдинг, ноҳақ айтилган сўзларга исён кўтармадинг, телбалар, исёнкорлар, хаёлпарастлар сафидан чиқиб кетдинг. Шунинг учун ҳам ҳозир сенинг санъат асарларинг кенг омма – мурдалар дидига мос келади.
Дўстимнинг бу гапларини эшитишга ортиқ тоқат қилолмай сапчиб ўрнимдан туриб кетдим.
– Хўш, сен ўзинг-чи? Нега ўзинг ҳақингда индамайсан?
– Менми? – дея кулиб қўйди шифокор. – Мен ҳам, ўз-ўзидан маълумки, кўп йиллардан бери мурдаман. Ахир бу шаҳарда бундан қочиб қутулиб бўладими? Мен учун фақат озгина тирқиш қолган. У ҳам бўлса касбим туфайли… Ана шу тирқиш орқали ҳозирча у-бу нарсани кўриб турибман.
Ҳаммаёқни қоронғулик қамраб олганди. Саноат шаҳрини қалин туман қоплади. Дераза ойнаси орқали рўпарадаги бинонинг олд томони зўр-базўр кўзга ташланарди, холос.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.