Фирма хўжайини бўлмиш Энрико Рокко хизмат хонасига биқиниб ўтирарди. У севиб қолган эди. Изтироблардан қутулиш мақсадида у кўнглини очиб, муҳаббатини изҳор этмоқчи бўлди. Йўқ, у ўз ғурури ва уятчанлигини бир ёққа суриб, муҳаббатини қизга мактуб ор-қали йўллайди.
“Ҳурматли севгилим, – деб хат бошлади Энрико ва дастлабки сўзларни тез орада У ўқишини ўйлаши биланоқ юраги дукиллаб уриб кетди. – Суюкли Орнелла, жону жаҳоним менинг, кўзимнинг оқу қораси, қалбимда ловиллаб ёниб турган шамчироғим, тунда нур таратиб тургувчи ойжамолим, севинчим, гулғунчам, менинг муҳаббатим…”
Хонага котиб Эрмете кириб келди.
– Кечирасиз, жаноб Рокко, сизни қабулхонада кутишяпти.. – дея котиб ташриф қоғозига кўз югуртирди. – Унинг фамилияси Ман-фредини экан.
– Манфредини? Биринчи марта эшитишим.
– Жаноб Рокко, у тикувчига ўхшайди. Ўлчов олгани келган экан…
– Э-ҳа… Манфредини. Ҳа, эсимга тушди. Унга айт, эртага келсин.
– Яхши, айтаман. Айтишича, уни ўзингиз бугунга чақиртирган экансиз.
Энрико оғир нафас олгач:
– Майли, айт, кирсин. Огоҳлантириб қўй, вақтим оз, – деди.
Хонага деярли тайёр бўлиб қолган костюмни кўтариб, тикувчи Манфредини кириб келди. Рокко бир дақиқага костюмни кийди, тикувчи эса тезда ўз ишини бажариб, бўр билан керакли белгиларни чизиб олди.
— Кечиринг, ўта зарур ишим бор, вақтим зиқ. Хайр, Манфредини.
Энрико Рокко енгил нафас олиб, бориб жойига ўтирди-да, иш-қий хат ёзишда давом этди.
“Фариштам, нозик ниҳолим, сен ҳозир қаердасан? Нималар қиляпсан? Сенга бўлган муҳаббатим шунчалар кучлики, у сени ҳар ёқдан, ҳатто шаҳарнинг нариги чеккасидан, етти денгиз оша ҳам сени топиб олади”.
“Қизиқ”, ўйлади Энрико ручкани қоғоз узра тез юргизар экан, “бу жуда ғалати-ку, ўттизни уриб қўйган кап-катта одам бўлсам, обрўли-эътиборли киши шу гапларни ёзиб ўтирсам-а, бу ақлдан озиш бўлса керак”.
Кутилмаганда ёнидаги телефон жиринглаб қолди. Энриконинг курагига гўё арранинг тишлари ботгандек туюлди. Энтикиб тупугини ютганча телефон гўшагини кўтарди.
– Эшитаман.
– Салом! – нотаниш қизнинг назокатли овози эшитилди.
– Бунчалар овозинг қўпол-а. Тўғрисини айт. Мен бевақт телефон қилдимми, дейман?
– Гапираётган ким? – сўради Энрико.
– Тавба, бугун кайфиятинг йўққа ўхшайди. Гапимга қулоқ сол… телефонда гаплашаётган ким дейсанми?
– Шошилма, ҳозир мен… – у телефон гўшагини “тарс” этиб жо-йига қўйди-да, қўлига ручкасини олди.
“Севгилим! – дея ёза бошлади у. – Кўчани туман босган. Ер лой, чор атрофдан бензин ва куйинди ҳиди анқиб турибди, менга ишон, азизам! Шу туманга ҳам ҳавасим келяпти, билсанг агар мен туман билан ўрин алмаш…”
Тўсатдан телефон яна жиринглаб қолди. Энриконинг танасида электр токи юриб кетгандек, типирчилаб қолди.
– Эшитаман!
– Энрико, қулоқ сол, – яна аввалги овоз эшитилди. – Мен атайлаб сен билан кўришиш мақсадида келсам-у, сен бўлсанг…
Энрико зарб еган одамдек чайқалди.
Телефон қилаётган қиз қадди-қомати келишган холаваччаси Франка эди. Яқиндан бери у Энрикога ноз-ишвалар қилаётганди, аммо йигит нима мақсадда бундай қилаётганини билмасди. Аёлларнинг барчаси ушалмайдиган романтик муҳаббатни орзу қиладилар. Ўз-ўзидан маълумки, у билан суҳбатлашмай қишлоғига қайтариб юбориш одамгарчиликдан эмас. Аммо Энрико ўз қарорида қатъий туришга аҳд қилди. Нима бўлганда ҳам у мактубни охирига етказиб қўйиши шарт.
Энрико мактубдан бошини кўтармай, севгилисининг ҳаётига кириб бормоқда эди. Балки маҳбубаси мактубни охиригача ўқир, жилмайиб ҳам қўяр, сўнгра уни сумкасига солар ва ишқ-муҳаббат изҳорларига тўла ушбу қоғоз ифор ислари анқиб турган – лаб бўёғи, атир-упаси, гул тикилган рўмолчаси ва ишққа бой учрашувларни эсга солгувчи анжомлар билан ёнма-ён турар… Мана, қарабсизки, энди Франка буларнинг барчасини барбод этиши турган гап.
– Энрико, хоҳласанг иш жойингга бораман, – сўзларини чўзиб талаффуз қилганча деди Франка.
– Йўқ, йўқ, кечирасан, мен жуда бандман.
– Кечирим сўрашнинг ҳожати йўқ. Мен билан учрашишни хоҳламасанг, гаплашмадик деб ҳисоблайвер.
– Эй, худойим-эй, дарров аразлайсан-а! Ишон, ишим бошимдан ошиб ётибди. Олдимга келавер, фақат кечроқ.
– Қачон?
– Хўш, икки соатлардан кейин.
Энрико телефон гўшагини қўяркан, Франка кўп вақтини олгандек туюлди. Мактубни соат биргача жўнатиб юбориши керак, акс ҳолда, Орнелла уни фақат эртаси куни олиши мумкин. Ҳа-я, уни тезкор буюртма билан жўнатиши ҳам мумкин-ку.
“Ўрин алмашсам, – давом этарди у, – биламан, бу туман уйингнинг атрофини ўраб олаётгандир, ётоғингга ҳам кириб бораётгандир, унинг кўзи бўлса (ким билади, балки унинг кўзи ҳам бордир), у дераза орқали сени томоша қилиши мумкинлигини кўз олдимга келтиряпман. Сенинг ҳузурингга кириши учун наҳотки бирон-бир тешик ёки ёриқ топа олмаса. Шабаданинг енгил эпкини сенинг юзинг-ни эркалаб сийпайди. Ахир туманга кўп нарса керак эмас ва менинг муҳаб..”
Эшик бўсағасида котиб Эрмете пайдо бўлди.
– Кечирасиз!
– Айтдим-ку, бандман деб! Ҳеч кимни қабул қила олмайман. Уларга айт, кечроқ келсинлар.
– Лекин…
– Яна нима демоқчисан?
– Пастда машинада сизни коммендатор Инверницци кутмоқда.
Қуриб кетсин, у ана шу Инверницци билан яқинда ўт тушган омборхонага бориб, экспертлар билан учрашиши керак эди. Жин урсин, у ёққа бориши тамоман эсидан чиқибди-ку! Йўқ, тақдир ундан ўч оляпти! Ҳозир у дўзах азобини тортмоқда. Ўзини касалликка солса-чи? Йўқ, бу мумкин эмас. Севгилисига тугалланмаган мактубни юборсинми? У ҳали маҳбубасига қанчадан-қанча дил розларини баён этиши керак.У бироз иккиланиб тургач, ёзув столи тортмасига мактубни солди ва пальтосини олди-ю, пастга қараб югуриб кетди. Чораси битта, тезроқ ишни битирса, мактубни давом эттириши мумкин. Худо ўнгласа, ярим соатдан сўнг у қайтиб келиши тайин.
Энрико йигирматакам бирда қайтиб келди, узоқдан қабулхонасида тўрт киши кутиб ўтирганини кўрди. У оғир хўрсиниб, хонасига кирди-да, стол тортмасини энди тортган эди ҳамки, хат жойида кўринмади. Юраги қаттиқ уриб кетганидан, нафас ололмай қолди. Наҳотки, кимдир унинг ёзув столини титган бўлса! Балки янглишаётгандир!
Худога шукур! У мактуб солган тортмани янглиштириб юборган экан. Бироқ мактубни соат биргача жўнатишнинг сира иложи йўқ. Ҳечқиси йўқ, агар мактубни тезкор буюртма билан жўнатса, (ҳатто шундай майда-чуйда масалалар бўйича ҳам у дам умидвор бўлиб, дам умидсизликка тушиб, ўз қарорини ўзгартириб турарди) Орнелла мактубни кечқурун қўлига олади. Йўқ, яхшиси, мактубни Эрмете орқали юборгани маъқулмикан. Йўқ, йўқ, котибни бундай нозик ишга аралаштирмагани маъқул. Мактубни ўз қўли билан етказади.
“батим учун узоқ масофаларни босиб ўтиш ҳеч гап эмас. Хат…”
Жиринг-жиринг! Яна телефон жиринглаб қолди. Энрико ручкани қўймай туриб, чап қўли билан гўшакни кўтарди.
– Алло!
– Сиз билан жаноби олийларининг котиби Такки сўзлашмоқда.
– Эшитаман.
– Мен трос масаласида гаплашмоқчиман.
Ошиқ Рокко ўзини гўё столга михлангандек ҳис этди. Гап катта келишув ҳақида борарди, унинг натижасига кўп нарса боғлиқ. Трослар етказиб бериш борасидаги сўзлашув йигирма дақиқа вақтини олди. Хат ёзишда давом этди.
“…то Хитой девори устидан ҳам учиб ўтиши мумкин. О…”
Эшик остонасида яна котиб пайдо бўлди. Энрико ғазаб билан унга сўз қотди:
– Мен ҳеч кимни қабул қилмайман, тушундингми?!
– Лекин, молия…
– Ҳеч кимни қабул қилмайман, ҳеч кимни! – деди Энрико жаҳл билан.
– Лекин молия назоратчисининг айтишича, сиз у билан учрашув белгилаган экансиз.
Бечора Энрико Рокко ҳолдан тояётганини ҳис эта бошлади. Молия назоратчисини қайтариб юбориш бу нодонликдан ўзга иш эмас. Эришган ишига путур етказиш, ҳақиқий ўзини барбод этиш демакдир. Шу сабабли ҳам у назоратчини қабул қилди.
Ҳозир соат йигирма беш дақиқаси кам икки. Қабулхонада бир соатдан бери холаваччаси Франка кутиб ўтирибди. Ундан ташқари Женевадан атайлаб келган муҳандис Штольц ҳам бор. Яна адвокат Мессумечи электрсизлантиргич асбоблар сотилиши хусусида гаплашиш учун келганди. Ва ниҳоят, ҳар куни келиб уни муолажа қиладиган тиббий ҳамшира ҳам интизор бўлиб кутиб ўтирарди.
“… Жонгинам Орнелла!” – дея мактубни давом эттирди у умидсизликка тушиб.
Яна телефон жирингласа бўладими.
– Сиз билан савдо вазирлигидан коммендант Стаци гаплашяпти…
Дабдурустдан бошқа телефон қаттиқ жиринглади.
– Сиз билан консорциумлар конфедерацияси котиби сўзлашмоқда…
“… Гўзалликда тенгсиз соҳибжамол Орнеллам! Мен сени билишингни истар…”
Котиб Эрмете эшик бўсағасида туриб, вицепрефект доктор Бил келганини хабар қилди.
“…димки, жондан ортиқ сева…”
Телефон жиринглай бошлади.
– Бош штаб бошлиғи гапиряпти…
Яна қатор турган телефонлардан бири жиринглаб қолди.
– Епископ ҳазрати олийларининг шахсий котиблари гапирмоқда…
“…ман сени!” – ҳолдан тойган ҳолда ёзди Энрико.
Жиринг-жиринг! Телефонлар кетма-кет жирингларди.
– Кассацион суд бошлиғи сўзлаяпти…
– Алло! Алло!
– Олий кенгаш аъзоси сенатор Корморано гапиряпти.
– Эшитаман!
– Сиз билан император Ҳазрати Олийларининг адъютанти гаплашяпти…
– Эшитаман! Эшитаман! Ҳа, раҳмат Ҳазрати Олийлари, сиздан жуда миннатдорман!.. Албатта, генерал жаноблари, ҳозироқ чорасини кўраман.
– Алло! Алло! Албатта, адъютант жаноблари. Ҳазрати Олийларига ниҳоятда садоқатли эканлигимни айтиб қўйинг.
Энрико қўлидаги ручкани столга отиб юборди. Ручка думалаб стол четидан пастга тушди, пероси синганча ўша ерда қолиб кетди…
– Марҳамат, ўтиринг. Киринг, кираверинг. Йўқ, яхшиси, оромкурсига ўтира қолинг, жойлашиб ўтирасиз. Қайдай ёқимли, кутилмаган учрашув-а!.. Мен нима дейишимни ҳам билмай қолдим… О, раҳмат! Қаҳвами ёки сигаретами?
Бу ҳолат қанча давом этиши мумкин? Соатлар, кунлар, ойлар, йиллар давомидами?
Кеч оқшомда Энрико ниҳоят ёлғиз қолди. У кетишидан аввал баённомаларни тартибга солмоқчи бўлди. Бир уюм турли хил ҳужжатлар орасидан бир варақ қўлда ёзилган ва санаси қўйилмаган мактубни кўриб қолди. Ўз дастхатини таниди. Қизиқиб мактубни бошидан-охиригача ўқиб чиқди.
“Қандай бемаънилик, қандай тентаклик! Буни қачон ёзган эканман-а!” – дея ўз-ўзини сўроққа тутиб, уялиб кетди. Ўзидан ранжиб, сийрак сочларини силаб қўйди. – “Бўлмағур гапларни қачон ёзган эканман? Орнелла ким бўлди экан?”
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.