Орадан кўп йиллар ўтди. Мен ҳамон онамнинг жасадини узоқдаги қабристонга олиб кетаётган қора фургоннинг икки ҳайдовчиси нима ҳақда гаплашиб кетганларини ҳамон ўз-ўзимдан сўрайман.
Йўл узоқ бўлиб, уч юз километрдан ортиқ масофани ташкил қиларди. Гарчи автомашиналар қатнайдиган йўл унча тирбанд бўлмаса-да, фургон имиллаб борарди. Биз фарзандлар фургондан юз метрдан орқада келаётган машинада кетиб борардик; машина спидометри стрелкаси 60 билан 70 ўртасида чайқалиб турарди. Бу фургон машинаси тез юришга мослашмаганлигидан бўлса керак. Мен қоидага кўра шундоқ бўлса керак, деган хаёлга бордим. Катта тезликда юриб марҳумни охирги манзилига олиб бориш – бу унга нисбатан беҳурматлик бўлса керак, деб ўйладим. Онт ичиб айтишим мумкинки, онам тирик бўлганида борми, соатига 120 километр тезликда юриш унга жуда ёққан бўларди: ҳарҳолда онажоним буни уйимиз жойлашган Беллунога доимий ёзги саёҳат деб тасаввур этган бўлармиди.
Июн ойининг биринчи куни; ҳаво ажойиб, ён-атрофда гулга бурканган ўтлоқзор ястаниб ётарди; онажоним бу ерлардан табиатга мафтун бўлиб неча маротабалаб ўтмаганди, дейсиз. Афсуслар бўлсинки, онажоним шу он буларни кўриб баҳра ололмасдилар. Жазирама қуёш тик кўтарилган. Рўпарада сароб пайдо бўлганлиги сабабли, олдинда кетаётган машиналар гўё ҳавода парвоз қилаётгандек кўринарди киши кўзига.
Фургон спидометрининнг стрелкаси ҳамон 60 билан 70 оралиғида бориб-келарди; фургон машинаси назаримда гўё олдимизда бир жойда туриб қолгандек эди. Ёнимиздан эса бизга алоқаси йўқ машиналар эмин-эркин ғизиллаб ўтиб борарди. Усти очиқ спорт машиналарида эркак ва аёллар, баъзан шўх қизлар ёш йигитларнинг ёнида сочларини шамолда ҳилпиратганча кетиб борардилар. Марҳумни олиб кетаётган фургон машинаси имиллаб юраётгани сабабли ҳатто тиркамали оғир юк машиналари ҳам биздан ўзиб кетаётган эдилар; фикри ожизимча, онажонимни ярқираган қизил пойга машинасига солиб учириб борсак, уларнинг руҳи шод бўлган бўлур эди. Онам шундай бўлишини чин юракдан истарди, чунки у бу дунёдан кетатуриб, бир оз бўлса-да, ҳаёт завқидан баҳраманд бўлган бўлармиди…
Шунинг учун ҳам бу икки ҳайдовчи нима ҳақда суҳбатлашаяптилар, деб ўз-ўзимдан сўрайман; улардан бири баланд бўйли, бўйи бир метру саксон беш сантиметр чамасида, миқтидан келган бу одамнинг истараси иссиқ эди. Иккинчи ҳайдовчи ҳам бақувват, соғлом, гавдали йигит эди; мен бу икки ҳайдовчини йўлга тушиш олдидан кўргандим: уларнинг ташқи кўриниши бажараётган ишларига сира монанд эмасди; уларга кўпроқ темир-терсак ортилган машина ҳайдовчиси бўлиш ярашарди.
Қизиқ, улар ҳозир нима ҳақда гаплашаётган эканлар-а, чунки уларнинг гапини марҳум онам эшитиб кетаётган бўлиши тайин, чунки марҳум жаноза ўқилмагунча тирикларнинг гапини эшитади дейишади-ку… Ёмон гап гапиришмаётган бўлсалар керак. Йўл узоқ, кишини зериктирувчи йўлда нима ҳақдадир гаплашиб кетишлари керак-ку, ахир; уларнинг шундоққина ортида, бор-йўғи ўн сантиметр нарида онажонимнинг жасади ётибди, ўз-ўзидан маълум ҳайдовчиларга бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқдек. Инсон ҳар қандай касбга тез кўникар экан.
Онажоним эшитиши мумкин бўлган сўнгги сўз, бу икки ҳайдовчининг суҳбатлари эди; ахир биз манзилга етиб боришимиз билан ибодатхонада жаноза ўқиш бошланади ва шу ондан бошлаб барча сўзлару товушлар бизнинг ботиний ҳаётимизга тегишли бўлмай, балки боқий дунёга тааллуқли бўлади.
Қизиқ, икки ҳайдовчи нима ҳақда гаплашишди экан-а? Иссиқлик ҳақидамикан? Орқага қайтиш қанча вақтни олиши ҳақидамикан? Ёки ўз оилалари тўғрисидамикан-а? Ё футбол командалари ҳақидамикан? Йўлда учраган дам олиш жойларини бир-бирларига кўрсатиб, улар олдида тўхтай олмасликлари ҳақидамикан? Қаршиларидан келаётган машиналар ҳақида билимдонларча баҳс юритдилармикан? Ахир дафн фургонларининг ҳайдовчилари ҳам автомобилчилар ҳисобланадилар-ку, машина моторлари уларни ҳам жуда қизиқтиради. Ёки бир-бирларига ишқий саргузаштлари ҳақида сўзлаб бераётганмиканлар? “Биз доим машинага бензин қуйиб олувчи шахобча ёнидаги қаҳвахонада ишлайдиган малласоч эсингдами? Ҳа, ҳа ўшани…”, – “нима, сени гапингга жуда ишондим-да!”, “Шу ерда тил тортмай ўлай!..” Балки улар бир-бирларига бепарда латифаларни айтиб кетишгандир?
Узоқ йўл давомида ўзларидан бошқа ҳеч ким бўлмаган машинада йўлда зерикмаслик учун яна нималар ҳақида гаплашган бўлишлари мумкин? Албатта, улар ёлғиз эдилар, орқаларида фургон ичида нима борлигини бу икки ҳайдовчи ҳеч хаёлларига келтирмаганлар ҳам, умуман, мурдани унутиб юборганлар. Онажоним уларнинг ҳаёсиз латифаларини, кулгиларини эшитганмиканлар? Албатта эшитганлар, ҳа, юраклари орқага тортиб кетган бўлса керак, эҳтимол: бу эркаклардан у нафратланмаган, лекин у севиб яшаган бу дунёдаги сўнгги овозлар мана шундай тутуриқсиз бўлиши адолатдан эмас-да!
Биз деярли Виченцага етиб қолгандик; қоқ чошгоҳ пайтдаги иссиқдан нарсалар эриб, киши кўзига хиралашиб, худди титраётгандек кўринарди. Шу тобда онажонимнинг ёнида жуда кам бўлганимни ўйлаб қолдим. Қалбимда қандайдир оғриқни ҳис эта бошладим, буни одатда виждон азоби дейдилар.
Ўша дақиқадан бошлаб изтиробли хотиралар миямга нега қуйилиб келаётганини сира тушунолмасдим, унинг овози тез-тез такрорланарди. Таҳририятга кетиш олдидан эрталаб онажонимнинг хонасига кирганимда менга айтадиган гапларининг акс-садоси мени таъқиб эта бошлади: “Ойижон, аҳволингиз яхшими?”. “Бугун яхши ухладим. Дори таъсирида”. “Таҳририятга кетяпман”. “Майли, болам хайр! Яхши бориб кел!”
Мен йўлакка чиқишим ҳамоно шундай сўзлар қулоғим остида янграрди: “Дино!” чақирарди онам. Мен аста ортимга қайтардим. “Тушликка келасанми?” – “Ҳа”, дея жавоб қайтарардим. “Кечки овқатга-чи?”
“Кечки овқатга-чи?” Эҳ, тавбангдан кетай Худойим, онажонимнинг бу саволи қанчалар эркалаш ва меҳрга тўла соддадиллик билан айтилган беғубор сўзлар эди-я! У талаб ҳам қилмасди, буйруқ оҳангида ҳам гапирмасди, балки шунчаки меҳр билан эркалаб сўрарди, холос.
Шу тобда аслида менга баланддан қаровчи қизлар билан белгиланган учрашувлар ёдимга тушарди. Соат саккиз ярим бўлганда касалванд, бир оёғи гўрда бўлган онам яшаётган қоронғу кулбага қайтиб келиш ҳақидаги фикр менда нафрат уйғотарди; нега энди шу дамда онамнинг гапига қулоқ солмаган мендек бадбахт ўғил, даҳшатли фикрларга борганлигимни тан олишга қўрқаман, аслида шундай бўлган эди-ку! “Билмайман!” – дея жавоб қилардим мен. – “Қўнғироқ қиламан!” Уйга келмаслигимни айтиш учун қўнғироқ қилишимни аввалдан биларди. Онажоним дарҳол фаҳмларди: қўнғироқ қилиб келмаслигимни дарҳол тушунарди. Бечора онажонимнинг “майли” деган сўзида мендан ранжигани сезилиб турарди. Бунчалар худбин бўлмасам!..
Ўша пайтлар уялмаганман ҳам, виждоним қийналмаган ҳам. Қўнғироқ қиламан, дер эдим. Онажоним эса кечки овқатга келмаслигимни яхши биларди.
Қари, касалманд, қувватдан қолган, умри тугаб бораётганини сезган онам, ҳойнаҳой, ўғли кечки овқатга уйга келиб, бирга ўтирганидан боши осмонга етган бўлур эди. Унга бир оғиз гапирмасам ҳам, ёнида индамай ишимдан жиғибийрон бўлиб ўтирсам ҳам кўнгли тоғдек кўтариларди. Ўз хонасида ётар экан – кўпдан буён ўрнидан турмасди – у мен шу яқин ўртада; ошхонада эканлигимни билганининг ўзиёқ, суянчиғи ёнида эканлигини ҳис этган бўларди.
Йўқ, мен волидамнинг ёнида бўлолмадим, тентак, аблаҳ, мендек ўғил ошна-оғайниларим билан Милан кўчалари бўйлаб тентираб юрардим ва кўнгилхушлик қилардим. Ҳаётимнинг асосий мазмунини ташкил этувчи, ёлғиз суянчиғим, кайфиятимни тушунадиган ва мени жондан севадиган инсон, мен учун жон олиб, жон беришга тайёр онажонимнинг кунлари тугаб бормоқда эди. Мен бу дунёда яна уч юз йил яшасам ҳам бундай меҳрибон зотни тополмайман. Ҳа, ишончим комил.
Кечки овқат пайтида айтадиган икки оғиз сўзим унинг кўнглини тоғдек кўтариб юборарди. Мен диванда, у каравотида ётган пайтларда ўтган куним, ишим ҳақида сўзласам, гўё мендан бир дунё гап олгандек ҳис этарди ўзини, унга шу кифоя эди. Кечки овқатдан сўнг тўрт томоним қибла, истаган жойимга боришим, истаган ишимни қилишим мумкин эди, у ҳатто кўнгил очишга бир оз вақт топганлигимдан хурсанд ҳам бўларди. Тун бўйи йўқ бўлиб кетишимдан аввал, онамнинг хонасига яна бир бора бош суқардим… “Ўзингизга укол қилдингизми?” дердим, “Ҳа, бугун тўйиб ухласам керак”, дерди онам хотиржам.
Онажонимга кўп эмас, озгинагина эътибор кифоя эди! Мен худбин ўғил унга шуни ҳам раво кўрганим йўқ. Чунки худбинлигим туфайли, ўғил сифатида онамни севишимни тан олмасдим, тўғрироғи, тан олишни истамасдим, онажоним, энди сўнгги манзилга кетаётиб ҳам икки бегона ҳайдовчининг бемаъни, валакисаланг гапларини, беҳаё латифаларию кулгиларини эшитиб кетяпти. Умрининг охирида ҳам Худо уни ёрлақамади.
Энди кеч, жуда кеч! Бува-бувилари, отаси ёнига онасининг дафн этилганига ҳам ҳадемай икки йил бўлади. Тобутларнинг барча тир-қишлари тупроқ билан тўлган, онда-сонда қовжираб қолган ўтлар кўзга ташланади. Бир неча ой аввал мис гулдонга солиб қўйилган гуллар ҳам қуриб қолганди, уларни қандай гул эканлигини билиб ҳам бўлмасди. Минг афсуслар бўлсинки, у бетоб бўлиб ётган ва ўлишини сезган вақтни орқага қайтариб бўлмас экан. Онажоним сукутда, менга таъна қилаётгани йўқ, ҳойнаҳой, мени кечиргандир, ахир мен унинг яккаю ягона ўғлиман-ку! Ҳа, кечирган бўлса керак. Бу ҳақда ўйласам виждоним қийналади.
Қабрга қўйилган тошга қалбдаги изтироблар битилган эди. У ёзувларни йўқотиш учун умр ҳам етмайди. Орадан миллиард асрлар ўтар, аммо менинг айбим билан онажоним чеккан изтироблар ва ёлғизлик асло кўнглимдан ўчмагай. Қалбимга бу азобдан қутулолмасам керак, бунга ожизман. Кўнглимни таскин берувчи бир нарса қолганди: у ҳам бўлса унинг руҳи мени кўриб турибди, тавба қилсам бўлади, деган юпанч эди, холос.
Лекин энди у мени кўрмайди. Онажоним бу дунёда йўқ, у ўлган. Йиллар мобайнида чириб бораётган мурдадан бошқа ҳеч нарса йўқ.
Ҳеч нарса? Ҳа, ҳеч нарса қолмади. Наҳотки, онажонимдан ҳеч нарса қолмаган бўлса?
Ким билади? Вақти-вақти билан, айниқса, чошгоҳ пайтларда ёлғиз ўтирганимда мени ғалати бир туйғу чулғаб олади. Гўё ичимга қандайдир тушунарсиз мавжудот кириб олгандай бўлади. Шундан сўнг ўзимни ёлғиз ҳис этмайман, ҳар бир ҳаракатим ва ҳар бир сўзим ичимга қандайдир сирли руҳ кириб олганини тасдиқлагандай бўлади. У – Онажоним! Аммо бу сирли ҳолат узоққа бормай, бор-йўғи бир ярим соатлар давом этади. Сўнгра яна кун бўйи ҳаётнинг оғир тегирмон тоши мени эзишда давом этаверади.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.