Бугун “Ложувард уй” касалхонасига операция учун ётдим. Шундай вазиятларга хос ёлғон таскинлардан қатъи назар, аниқ биламанки, операция ўта оғир бўлади ва ундан бирор наф олиш-олмаслигим ҳам гумон. Бадбин ўйларим ҳақида бировга чурқ этмаган бўлсам-да, врачлар, болаларим, айниқса, хотиним кўнглимдан нима кечаётганини сезиб туришибди. Жон куйдириб мени тинчлантиришга, хотиржам этишга уриниб ётишибди. Ҳазил-ҳузул қилиб кулишади, кўнгил кўтаргич гаплар қилишади, узоқ келажакка оид режаларидан сўйлашади. Гўёки, мен денгиз сайёҳатига чиқармишман, Бретанга сафар, Штирияда ов қилармишман. Тузалишим ҳақида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмасмиш. Бу масала аллақачон ижобий ҳал қилинган экан. Нари борса ўн кунда касалхонадан чиқиб, йигирма кунларда отдек бўлиб кетарканман.
Табобат илмининг равшан чироғи – мени тиғ остига олиши лозим бўлган профессор Кольтани эса шундай деди:
– Касалхонамиз остонасидан ҳатлаб ўтдингизми бас, билаверингки, соғайиш сари илк қадам қўйилди. Операция деганлари мен учун писта чақишдек бир гап, унинг салбий оқибати ҳақида эса ўйламасангиз ҳам бўлади. Муҳими, операцияга рози бўлганингиз, қолгани таъбир жоиз бўлса, жўнгина расмиятчилик, холос.
Профессор қартайган бўлса ҳам, миттигина кўзлари ажабтовур, тийран. Илло, эрталаб палатага кириб келганида, кўзимга хаёлчанроқ, ҳорғинроқ кўринганди.
Атрофимдагилар қанчалик ўзларини бепарво, беғам кўрсатишса, кўнглимдаги шубҳаларим шу қадар қатъийлашади. Умрим йўлларида бундай комедияларнинг кўпини кўриб улгурдим. Очиқ айтадиган бўлсам, буларнинг ҳаммаси операция столига ётадиган беморга ўлим ваҳимасига қарши бериладиган афюн, холос. Врачлар жилмайибгина сизга ҳаммаси яхши бўлишини айтишдими, демак, бир ёмонликни кутаверинг. ўаройиб суд минбари бу: ундан мижозни оқлаб айтилган сўз ҳам қатлга олиб бориши мумкин.
1968 йилнинг 15 июни
Ҳали операция куни аниқ эмас. Сафар чоғида кутилмаган совғалардан сақланиш учун беморни камида бир ҳафта таҳлилу ташхис қилиш лозим экан. Буни менга профессор Кольтанининг озғин қомати ва тепакаллиги кичик жуссасига зеб бўлиб тушган, серғайрат, ўрта ёш ассистенти – доктор Рилка айтди. Назаримда у, кимсан ёзувчига хизмат қилаётганидан мамнунга ўхшайди.
Ҳозирча телевизор кўришимга рухсат беришяпти. Кечки пайт закийлар кўрсатуви “думалоқ стол”ни қўйишди (айниқса, Ружеро Орландо ва профессор Сильвио Чеккатолар зўр гапларни айтишди). Кўрсатув икки йил олдин Ер билан тўқнашиш хавфи ҳақида газеталар роса кўпиртирган “Икар” астероидига бағишланди. Хабар беришларича, ушбу ҳалокат 1968 йил июнь ойининг иккинчи ярмида, яъни яқин кунларда рўй бериши керак. Кўрсатувга чақирилган йирик астрономлар эса ушбу тахминни қатъиян рад этишди. Айтишдики, астероид нари борса Ерга олти ярим миллион километр масофадан учиб ўтиши мумкин экан. Алқисса, куррамиз хавф-хатардан мутлақо холи. Илмий ҳисоб-китоблардан шубҳаланиш эса ўринсиз. “Думалоқ стол”нинг мақсади ҳам машҳур олимлар воситасида ҳалокат ҳақидаги шубҳа-гумон булутларини тарқатиш, қўрқув ва саросимани ҳазилга йўйиб, одамларни тинчлантириш эди чамамда.
1968 йилнинг 16 июни
Кундуз соат тўртлар. Дафъатан ўз кун тартибига хилоф равишда, палатага доктор Рилька кириб келди. Юз-кўзлари ташвишли – гўё менга бир шум хабарни еткизмоқчидек. Аччиқ ичак мисол чўзилган кириш сўзидан сўнг унинг, касалимга мутлақо алоқасиз нимагадир иқрор бўлмоқчилиги аёнлашди.
Ниҳоят, ичидагини айтишга журъат топди шекилли, касалхонани тарк этгунимга қадар – албатта, операциядан кейин – унинг узоқ йиллардан бери ёзиб юрган шеърларини кўриб чиқиб, холис фикр билдиришимни сўради. Сўзини тугатар экан, гўё айб иш қилиб қўйгандек, қизариб-бўзарар, тинимсиз узрхоҳлик қилар, айни дамда кўзлари чақнар эди. Шунда унинг ягона армони табиблик ортидан шуҳрат топиш эмас, адабий ижоддан лаззат олиш эканини тушундим. Мен уни, шеърларингизни албатта диққат-эътибор билан кўриб чиқаман, дея тинчлантирдим. Бундай сийловдан кейин ўзини анча тутиб олган Рилька шеърларидан бирини ўқишга тутинди. Адашмасам, шеър шундай бошланарди: “Эй чала тўкислик тимсоли дунё, Олам ул-акбарнинг бир бўлагисан…” Шу пайт бахтимга ҳамшира Пренестина кириб, уни бошқа палатага етаклаб кетди. Рилька хонани илҳом қанотида тарк этар экан, “хавотирланма, ҳозир қайтаман, бу чучук ҳалводан қуруқ қолмайсан”, дегандек менга кўз қисиб қўйди.
1968 йилнинг 17 июни
ўалати кун. Саҳарлаб яна Рилька пайдо бўлди. Ҳаяжонининг чеки йўқ. Мен учун ажабтовур янгилик топиб келибди. Сирни ошкор қилишидан аввал, келишганимиздек операциядан кейин эмас, олдинроқ шеърларини ўқиб кўришга ваъда беришимни ўтинди. Операция столидан тирик қайтишимга шубҳаланди чоғи…
Йўқ, йўқ хато ўйлабман… Афтидан гап бошқа ёқда…
У қулоғимга энгашиб, ўта махфий сирни очмоқчидек оҳиста шивирлади.
Гап шундаки, Рилька Ганадан конгрессга келган, Мехала обсерваториясининг директори, профессор Нессаим билан сўзлашибди. Нессаим айтганмишки, ўтган йили Англияда дунёдаги энг йирик абсерваторияларнинг директорлари иштирокида махфий бир йиғилиш ўтказилибди. Йиғилишда Икар астероиди тўғрисидаги ҳақиқатни оммадан яшириш, ваҳимани олдини олиш борасида келишиб олинибди. Аслида астероид 1968 йилнинг 19 июнида, саҳар чоғи Ер курраси билан аниқ тўқнашар экан. Астероиднинг бир ярим километрлик ҳажмига қараганда ҳалокат аниқ эмиш. Қутилишнинг ҳеч қандай иложи йўқмиш. Бошқача айтганда, охир замон-да!
Тан оламан, юрагимда қайғудан асар ҳам қолмади. Кутилмаган янгилик кайфиятимни кўтариб юборди. Ҳа-да, мен-ку ўладиган одамман. Аммо охират диёри томон тўдалашиб чиқишга не етсин. Агар ёппабарака ҳамма ўша томонга жўнаса, ҳеч ким ортда қолмаса, бу энди бошқа гап – ҳар ҳолда байрам бўлмаса ҳам, шунга яқин. Кўз очиб юмгунингча ҳаммаси тамом – бундан осони бор эканми.
Майли буни майдакашлик дейсизми, худбинликми, барибир, биздан кейинроқ туғилиб, гўё ортимизда қолиши кафолатланганлар билан қабристон сафарига жўнаш барибир ёқимли. Баданидан қўланса тер ҳиди анқиб, ғазнасига яна бир чақани ташлаш учун ҳокимият зинапоялари сари одимлаётган, олқиш ва қарсакларни оммадан юлиб олишга шошилаётган, устига устак аёллар борасида мислсиз ғалабаларни кўзлаётган, бундай музаффар қилмишларнинг Худо билсин яна қанчасини режалаштираётганларга айниқса, ажойиб сабоқ бўлардида. Ўзларини дунё ҳокими, донолик тимсоли, адолат ва гўзаллик посбони санаб, гўё ҳаёт сувини топгандек, биз қарияларга исқирт сувараклар дея ирганиб кўз ташлайдиганларнинг тиллари музлаб, кетларидан ари чаққандек бўларкан-да. Ана шунақа, ҳамма бир пайтнинг ўзида, ягона уловда, йўқлик гирдоби томон парвоз этади, вассалом.
Айтиш керакки, бу вазиятда Рилька ҳам ўзини йўқотгани йўқ. Уни бор йўғи ҳалокат содир бўлгунига қадар шеърларини ўқиб чиқиб, фикр билдиришга улгураманми-йўқми – шу ташвишга соларкан. Агар баҳойим ижобий бўлса, армонсиз кетармиш.
Мен эса ёлғизликда, ложувард палата ғира-шираси аро қичқираман: “Кел, эй олижаноб астероид, йўлингдан адашма, ҳалок этгувчи қудратинг-ла бизга томон уч. Бу – бахтиқаро сайёрани куфаякун қил”.
1968 йилнинг 18 июни
Бугун эрталаб соат еттида мени профессор Кольтанининг ўзи уйғотди.
– Хўш деганингиздан,-деди у, хуш кайфият ила қўлини артаркан, – шундай қилиб, эртага тонгда…
– Нима эрта тонгда?
– Нима бўларди? Операция – жўнгина расмиятчилик…
– Ахир, доктор Рилька айтдики, энди…
– Нима?..
Унга Нессаим ҳақида сўзлаб бердим. Кольтани кулди. У ҳам ўша суҳбатда бор экан. Ганалик астроном бунақа гапни оғзига олмабди. Қайтанга ҳалокатни рад этган ҳурматли олимларнинг фикрларини яна бир бор тасдиқлабди. Афтидан Рилька шеърларини менга тезроқ ўқитиб олиш учун бу тузоқни тўқиган.
Ушбу ҳангома профессорнинг вақтини чоғ қилгани кўриниб турарди. Лекин у дам ўтмай хўмрайиб олди:
– Билиб қўйинг, азизим, яқинда бу жойни тарк этасиз: сиз ҳали кўп яшайсиз. Аслида Икарнинг ташрифидан мен… чинакамига…
– Сиз? Ахир сизга нима қипти?
– Э азиз дўстим, иситманинг зўридан ишлаб юрибман-да …кучим бор экан ишлайвераман ҳам …бу менинг ягона овунчоғим… Аммо жуда кам қолди, азизим, қаршингизда турган одамнинг инқирози муқаррар… – У қаддини тиклади ва яна юзида маҳзун табассум сояси зуҳур этди. – Майли, ғам-қайғуни қўяйлик. Сизнинг хавотирланишингиз эса ўринсиз, таҳлил натижалари аъло… Хўш деганингиздан, эртагача…
1968 йилнинг 19 июни
Тунги соат икки. Касалхона сукутда. Беш соатдан сўнг мени аравага солиб, операция столи томон олиб кетишади. Эҳтимол, бу тўрт мучам соғ, ҳушим ўзимда бўлган сўнгги тунимдир. Беш-олти соатдан кейин балки бу оламда бўлмасман. Эҳтимол бу дунёда чўлтоқ тана билан қоларман. Энг ёмони – дардимнинг бедаволиги ошкор бўлар – жарроҳлар танамни ёриб кўргач, ҳеч нима қилиб бўлмаслигини англашар ва шу заҳоти қайта тикиб қўйишар. Номард Икардан эса дарак йўқ. У бор-йўғи одамлар тўқиб чиқарган ва тезда бўлмагандек унутилувчи гўзал бир афсона. Балким айни дамда шитоб билан тепамдан учиб ўтаётгандир. Аммо у мен ҳақимда ҳеч нарсани билмайди, уни қанчалик орзиқиб кутаётганимни хаёлига ҳам келтирмайди. Профессор Кольтанини-ку инчинун…
– Орзуим Икари Ерга жуда яқин масофадан ўтиб кетади…Бизни ташлаб, ҳудудсиз Самовот аро йўқолади. Орадан йиллар ўтиб яна у ҳақда гап-сўзлар урчиб қолган маҳалда мен тупроққа дўнган бўламан, ҳатто унда қабртошим ёзувлари ҳам хира тортади…
Оғир беморни олиб келишди чоғи, эшик ортида шошқин қадамлар саси келди. Ҳамшираларнинг оҳиста товушлари эшитилди. Олисдан қўнғироқ жаранги эшитилди. Бироқ негадир машина ғовурини илғамадим.
Ажабо. Эҳтимол кимнидир шошилинч операция қилишга тўғри келдими? Йўлакда овозлар кучайди. Ора-чура қичқириқлар эшитила бошлади. Гўё бутун касалхона оёққа тургандек.
Кимдир эшикни оҳиста очиб, хонага бўйлади. Доктор Рилька экан. Эгнига халатини илишга-да улгурмаган кўринади. Уни бу ҳолатда сира кўрмагандим. У каравотим томон югургилаб келди-да, шоша-пиша ўрама қоғоз тўпламини узатди.
– Ўқинг, ялинаман, лоақал бир-иккитасини ўқинг… саноқли дақиқалар қолди…
– Демак, рост эканда? – сўраш асносида ўзимни навқирон, соғлом сезиб отилиб турарканман. – Рост эканда?!!
– Рост бўлганда қандоқ! – қичқиради у дераза пардасини кўтаришга шошилиб. – Вақтни бекорга ўтказманг, илтимос қиламан, ҳеч бўлмаса биттагинасини ўқинг!
Ташқари ёп-ёруғ. Ахир бу ой ёғдусимасми? Йўқ-йўқ, Ой ёғдусига ўхшамайди. Тунги соат иккида ҳаммаёқ электропайванд ускунаси ёритгандек чарақлаб кетибди. Шаҳар бўйлаб ҳайқириқлар, қўрқув ва ҳаяжон товуши. Мингларча йиғими ёки шодон қийқириқлиги номаълум товушлар қоришиб кетган. Унга инсон зоти ҳали эшитмаган ваҳимали гувиллаш қўшилади. Бу овоз бутун самони тутиб кетади. Мен телбавор қаҳ-қаҳ отганча қўлимдаги шеър ёзилмиш қоғоз ўрамини полга ураман. Доктор Рилька бўлса, умридан саноқли лаҳзалар қолганини ҳам унутиб, палата бўйлаб югуради. Сочилиб кетган варақларни йиға-йиға инграйди:
– О-о! Нималар қиляпсиз, нималар қиляпсиз ахир?!!
Русчадан Узоқ Жўрақулов таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.