Бир кеча-кундуз поездда силкина-силкина ториққан Жузеппе Корте мартнинг яримёруғ саҳар-мардонида ўша машҳур клиника жойлашган шаҳарга етиб келди. Иссиғи жиндай баланд эса-да, бироқ шунга қарамасдан, вокзалдан касалхонагача бўлган йўлни жомадонини кўтарганча пиёда босиб борди.
Жузеппе Корте касалликнинг енгил шакли билан оғриганди, бунинг устига дарднинг бошланғич даври эди, холос, шунга қарамай, унга катта шуҳрат қозонган, айнан шу касалликни даволашга ихтисослашган ушбу клиникага мурожаат қилишни маслаҳат беришди; бу довруғ унга бу ердаги табиблар энг билимдону асбоб-ускуналар оқил ва самарали деган ишончни бағишларди.
Жузеппе Корте қачондир тасодифан аллақандай реклама тақдимқоғозида кўзига тушган суратдаги клиникани узоқдан кўрибоқ дарҳол таниди — касалхона унда ажиб таассурот қолдирди. Айвонлари галма-гал чиқариб-кирғизиб қурилган бу етти қаватли оппоқ бино нимаси биландир меҳмонхонага ҳам ўхшаб кетарди. Касалхонани ҳамма томондан баланд дарахтлар ўраб турарди.
Умумий тиббий кўрикдан ўтган Жузеппе Кортени янада синчков текширув олдидан энг юқорига — еттинчи қаватга жойлаштиришди. Хона қувноқликка мойил эди, озодалигидан ярқираб турарди — жиҳозлар ёруғ, дарпардалар қордай оппоқ, ёғоч оромкурсилар алвон рангин матога чулғанганди. Деразадан шаҳарнинг энг гўзал мавзеларидан бири дилга ҳузур бағишлаб яққол кўриниб турарди. Бу ерда ҳамма нарса хотиржамлик, меҳмондўстлик нафасини уфурар, кўнгилга умид уруғини сочарди.
Жузеппе Корте дарҳол тўшакка чўзилди, бош устидаги чироқни ёқди-да, ўзи билан олиб келган китобини ўқишга тутинди. Бироздан сўнг хонага ҳамшира кирди, бирор нарса керак-керакмаслигини суриштирди.
Жузеппе Кортега ҳеч нарса керакмасди, аммо у қизни гапга солиб, касалхона ҳақида кенгроқ маълумот суриштиришга тушди. Шу йўсинда у бу клиниканинг ғалати бир ўзига хослигидан хабардор бўлди. Мижозларни бу ерда касаллигининг оғир-енгиллигига қараб қаватларга тақсимлашар экан. Энг юқори, еттинчи қават дарди ҳаммадан ҳам енгиллар учун мўлжалланган. Олтинчи қаватга дарди унчалик оғир бўлмаса-да, ҳар ҳолда унча-мунча хавотирли томони борлар ётқизилади. Бешинчи қаватда эса аҳволи руҳияси анча оғир бўлганлар даволанардилар, шу тариқа — қаватма-қават тушилаверади. Иккинчи қаватда касали жуда оғир шўрликлар ётар эди. Биринчи қаватда эса — энди дунёдан илинжи батамом узилганлар, тузалишидан умид йўқлар…
Бу ўзига хос тизим нафақат хизмат қилишни енгиллаштирарди, шу билан барча қайсидир бир дарди енгил беморни бедаво қўшнисининг ингроғи беҳузур қилишининг ҳам олдини олар, ҳар бир қаватда бир тахлитдаги вазиятни яратиш имконини берарди. Бошқа томондан, бундай тартиб даволаш ва қаровни тўғри тақсимлаш имконини ҳам туғдирарди.
Натижада ўзига хос поғона юзага келганди — касаллар дардининг жиддийлигига қараб еттита алоҳида тоифага бўлинган эди. Ҳар бир қават гўё ўз қоидалари ва анъаналарига эга мустақил дунёчага айланган эди. Ҳар бир бўлимни ўз табиби бошқаришини ҳисобга олсак, ҳар бир қаватдаги даволаш усулларида ҳам унчалик бўлмаса-да, муайян фарқлар борлиги аниқ; аммо умумий раҳбарликни директор амалга оширар, институтнинг барча ишларини у бир йўсинга солиб турарди.
Ҳамшира чиқиб кетгач, Жузеппе Корте, иссиғи тушганига батамом ишонч ҳосил қилиб, ўрнидан турди, хона бўйлаб бир неча қадам қўйди-да, деразадан қаради — йўқ, нотаниш шаҳарнинг қиёфасига термулиб, ҳузур қилиш учунмас, ойна орқали пастки қаватлардаги хоналардаги бошқа касалларни кўриш умидида қаради. Пешайвонлардаги кирган-чиққан кўшклар бунга имкон берарди. Жузеппе Корте диққатини биринчи қаватдаги деразаларга жамлади, аммо улар анча олисда, пастда эди, ёнбошидангина кўринарди, унинг диққатини тортадиган қизиқроқ нарса кўзга ташланмади. Деразаларнинг кўпчилмигида парда туширилган, улар рангпар қопқалар билан қаттиқ беркитиб қўйилган эди.
Шу жойига келганда Корте қўшни хонадан қандайдир эркак киши бўй чўзаётганини сезиб қолди. Улар бир-бирларига узоқ термулдилар, ҳаваслари тобора ортаётганига қарамай, на бу, на у гап қўшишга ботинмасди. Ниҳоят Жузеппе Корте ўзини жамлаб, сўради:
– Сиз ҳам яқинда келдингизми?
– Афсуски, йўқ, — эркак жавоб берди, — келганимга икки ойча бўлиб қолди… — Бироқ сукут сақлаб, у гапни қандай давом эттиришни билиб-билмай, қўшиб қўйди: — Мен пастда ўз акамга қараб тургандим.
– Акангизга?
– Ҳа, — деди нотаниш одам. — Биз у билан касалхонага бирга тушдик, — бундай ҳодиса кам учрайди — аммо унинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашаверди, қарабсизки, у энди тўртинчигача борди.Одамни ваҳима босади.
– Тўртинчигача, деганингиз нимаси?
– Тўртинчи қаватгача, — тушунтирди у, нотаниш қўшнисининг юзидаги қайғу ва дарддошликни кўриб, Жузеппе Кортени қўрқув босди, бадани совуб кетди.
– Нима тўртинчи қаватда шу қадар оғир касаллар ётадими? — у эҳтиёткорлик билан сўради.
– Эй, худойим, — эркак бошини секин чайқаб гап қотди, — улар, албатта, ҳали умиди батамом узилганлар эмас, аммо, ҳар ҳолда, у ерга тушишнинг қувонадиган жойи йўқ.
– Ундай бўлса, — Корте биз шахсан ўзимизга тааллуқли бўлмаган қайғули нарсалар ҳақида гапирадиган оҳангда қувноқ кўтаринкилик билан яна сўради, — ундай бўлса, тўртинчи қаватда бу қадар оғир касаллар ётса, биринчи қаватга кимни ётқизишади?
– Воҳ, биринчида буткул ўлаёзганлар. У ерда дўхтирларга иш қолмаган. У ёғи фақат руҳонийларниннг ташвиши. Яна гўрков-пўрков дегандай…
– Аммо биринчи қаватда касаллар жуда оз-ку, — Корте гапни бўлди, гўё у фикрини тезроқ тасдиқлаб олмоқчидай эди, — деярли барча хоналар бекитилган.
– Ҳозир, ростдан ҳам, озчилик, аммо эрталаб етарли эди, — нотаниш киши зўрға сезиладиган кулгу билан жавоб берди, — дераза қопқалари туширилган хоналарда кимдир яқиндагина ўлган. Бошқа қаватларда ҳамма қопқалар кўтарилганини кўриб турган бўлсангиз керак? Бироқ мени кечирасиз, — у деразадан оҳиста узоқлашаётиб қўшиб қўйди, — совуқ тушаётир, шекилли. Тўшакка бироз чўзилай. Сизга эса барча яхшиликлар ёр бўлсин…
Эркак кўздан ғойиб бўлди, дераза куч билан ёпилди, кейин қўшни хонада чироқ ёнди. Жузеппе Корте эса ҳали-ҳануз дераза олдида қотиб турар, биринчи қават деразаларининг зич беркитилган қопқаларига тикилганча қолганди. У узлуксиз, дардчил бир қизиқувчанлик билан термулар, касаллар ўлиш учун жойланадиган биринчи қаватнинг қайғули сирларини тасаввур қилишга уринарди, ўзининг бу қаватдан узоқ эканини ўйларкан, кўнглига аллақандай кўтаринкилик қуйилди. Айни пайтда шаҳарга кечки қоронғулик чўкди. Улкан касалхонанинг юзлаб деразаларида бирин-кетин чироқ ёнди — узоқдан уни байрамона ёритилган cаройга ўхшатиш мумкин эди. Фақат биринчи қаватда — ўша ёқда, олисда, энг пастда — бир неча деразалар ўликларни беркитиб кўр ва қоронғулигича қолганди.
Тиббий кўрик натижалари Жузеппе Кортени анча тинглантирди. У ёмон оқибатларни тасаввур қилишга мойил эди, ич-ичида шафқатсиз ҳукмни кутар, тайёрланиб борарди ва агар табиб уни бир қават пастга жойлаштириш лозимлигини айтса ҳам ҳеч ҳайратланмасди. Аслида эса, умумий аҳвол аввалгидай яхши бўлса-да, иссиғи буткул тушмаётган эди. Бироқ дўхтирнинг сўзлари нафақат самимий, ҳатто анча кўнгилни кўтарадиган эди.
– Касалликнинг куртаклари бор, — деди у, — бироқ жуда енгил кўринишда; икки-уч ҳафтада эҳтимол, ҳаммаси ўтиб кетса керак.
– Демак, мен еттинчи қаватда қоламан-а! — хавотирга тўлиб сўради Жузеппе Корте.
– Ия, бўлмаса-чи! — табиби унинг елкасини дўстона қоқиб қўйди. — Хўш, айтинг-чи, сизнингча, бўлмаса сизни қаёққа жойлаштириш керак? Балким, тўртинчигадир? — сўради у кулиб, гўё бу энг мумкин бўлмаган эҳтимол эди.
– Қандай яхши, қандай соз,- деди Корте, — биласизми, касал бўлиб қолсанг, ҳамиша энг даҳшатли оқибатларни тасаввур эта бошларкансан…
Жузеппе Корте ростдан ҳам аввалдан жойлаштирилган хонасида қолди. Ўрнидан туришга рухсат берилган айрим кунлари бошқа хоналардаги айрим беморлар билан ҳам танишиб улгурди. У дўхтирларнинг барча кўрсатмаларини сидқидилдан бажарар, тезроқ соғайишига астойдил уринар, бироқ, шунга қарамай, унинг аҳволи, билъакс, ҳеч бир ўзгаришсиз қолаётганди.
Қаватнинг катта фельдшери Жузеппе Кортенинг хонасига кириб келганда ётганига тахминан ўн кунлар бўлганди. Фельдшер дўстона бир илтимос билан ташриф буюрганди: эртага бир аёл иккита боласи билан ётади; улар учун айнан унинг хонаси ёнидаги иккита хона бўш, аммо уларга учинчи хона етишмайди, жаноб Корте бошқа шундай қулай, шундай ҳузурли хонага ўтишга рози бўлармикин?
Жузеппе Корте, турган гапки, қаршилик қилмади; бу хонами ё бошқа хонами — барибир эмасми; эҳтимол, ўша янги хонада унга янги ва янада яхшироқ ҳамшира қўйишар.
– Сизга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдираман,- деди катта фельдшер енгил тавозе билан. — Сиздай инсоннинг бу қадар хайрли иш қилиши ҳайратланарли эмас. Агар қарши бўлмасангиз, кўчишни бир соатлардан сўнг бошласак. Фақат шуни унутмангки, бир қават пастга тушишимизга тўғри келади, — у гўё гап буткул арзимас нарса ҳақида бораётгандай сокин ва равон овозда қўшиб қўйди — Афсуски, бу қаватда бўш хоналар йўқ. Бироқ бу вақтинча, ишонинг, — Кортенинг тез қўзғалиб яна тўшакка чўкканини ва норозилик билдириш учун гапга оғиз жуфтлаётганини кўрган фельдшер шошиб аниқлик киритди,- вақтинча. Ўйлайманки, икки-уч кундан сўнг, бирор-бир хона бўшаши билан, сиз яна еттинчи қаватга қайтишингиз мумкин.
– Иқрор бўлишим керак, — Жузеппе Корте кулиб деди, — ростини айтишим керак, — бунақанги кўчиш менинг хоҳишимга унчалик тўғри келмайди.
– Бироқ сизни тиббий хулосаларга кўра кўчираётганимиз йўқ-ку; сиз нима демоқчи эканингизни жуда яхши тушуниб турибман, бироқ гап ўз болаларига яқинроқ бўлгиси келаётган бир аёлга нисбатан ғамхўрлик қилиш ҳақида боряпти… Худо ҳаққи, — у қаҳқаҳа отиб кулганча, қўшиб қўйди, — бошқа сабаблар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирманг!..
– Майли, шундай бўла қолсин, — деди Жузеппе Корте, — бироқ менга бу нохушликдай туюляпти.
Шундай қилиб, Корте олтинчи қаватга ўтди, гарчанд бу кўчиш касалининг ёмонлашгани туфайли бўлмаганига ишончи комил бўлса-да, унга ўзи ва одатдаги дунё, соғлом одамлар дунёси ўртасида аллақачон аниқ сезиладиган девор пайдо бўлганини ўйлаш анча ноқулай эди. Еттинчи қаватда, қабул қилиш манзилида бемор ҳали қолган дунё билан озми-кўпми алоқани сезарди: у ердаги жамоатни одатдаги дунёнинг давоми ҳисоблаш ҳам мумкин эди. Олтинчи қаватга кўчгач эса, у касалхона чегарасига батамом кирди, бу ерда энди ҳатто тафаккур бироз ўзгача эди — табибларда ҳам, ҳамшираларда ҳам ва ҳатто касалларда ҳам. Бу ерда ушбу қаватга оғир шакли билан бўлмаса-да, барибир, ростакамига касалларни жойлаштиришларини ҳамма тан оларди. Қўшни хоналарнинг беморлари билан, ходимлар ва табиблар билан бўлган илк суҳбатларданоқ Жузеппе Корте кўрдики, бу бўлимдагилар еттинчи қаватдагиларга енгил-елпи муносабатда эканлар, еттинчи қават биринчи навбатда ортиқча шубҳага тушган ҳаваскор касаллар учун деб ҳисоблашаркан; айтиш мумкин бўлса, ҳамма иш фақат олтинчи қаватдангина жиддий бошланади.
Айни пайтда Жузеппе Корте шуни тушундики, агар юқорига, тиббий хулосаларга мувофиқ ётиши керак бўлган еттинчи қаватга қайтишни истаганда ҳам, у муқаррар қийинчиликларга дуч келади; еттинчи қаватга қайтиш учун у бу мураккаб механизмни ҳаракатга келтириши керак, бунинг учун эса оз бўлса-да, барибир анча куч сарфлаши лозим; шубҳасиз, агар унинг ўзи бу ҳақда ташвишга тушмаса, бошқа ҳеч ким уни юқори қаватга, “деярли соғлар” олдига қайтаришни ўйламайди ҳам.
Шунинг учун Жузеппе Корте ўз ҳуқуқларини поймол қилдирмасликка, ҳаракатсизлик комига тушмасликка қарор қилди. Бўлимдаги ҳамдардлари билан суҳбатлашганда, албатта, ҳар гал шунга аниқлик киритардики, у бу касаллар жамоасида бор-йўғи бир неча кунгина бўлади, бир аёлга яхшилик қилиш учун қуйи қаватга тушишга унинг ўзи рози бўлган ва, шубҳасиз, бирор-бир хона бўшаши билан у тепага қайтади. Касаллар унинг барча гапларини ҳеч бир қизиқишсиз эшитар ва ишонқирамай бош чайқаб қўйишарди.
Янги дўхтир билан суҳбатлашгач, Жузеппе Кортенинг ишончи тўлиқ тасдиқланди. У ҳам шуни тан оладики, Жузеппе Корте бемалол еттинчи қаватда қолавериши ҳам мумкин эди; унда касалнинг жу-да ен-гил шакли, — янги табиб бу ифодани таъкидлаш учун атайин бўлиб-бўлиб айтди, — бироқ, моҳиятан олганда, у олтинчи қаватда Жузеппе Корте янада яхшироқ даволаниши мумкин деб ҳисоблайди.
– Бу гапларни қўйинг, — касал қатъият билан унинг гапини бўлди. — Ўзингиз айтяпсиз-ку, менинг жойим — еттинчи қаватда ва мен ўша ёққа қайтишни истайман.
– Ҳеч ким сиз билан баҳслашаётгани йўқ, — дўхтир жавоб берди, — мен сизга фақат маслаҳат бераман, табибингиз сифатида ҳам эмас, са-ми-мий дўстингиз, ҳабибингиз сифатида! Такрор айтаман, сизда касалликнинг жуда енгил кўриниши, ҳеч ваҳима қилмасдан айтиш мумкинки, сиз умуман касал ҳам эмассиз, бироқ, менинг назаримда, сизнинг аҳволингиз бунга ўхшаш ҳоллардан яраланган қисмининг қулами билан ажралиб туради. Сиз мени тўғри тушунишингизни истайман: касалликнинг суръати паст, аммо у сезиларли майдонни қамраб олган; ҳужайраларнинг емирилиши жараёни, — Жузеппе Корте клиникада бўлиш вақти мобайнида бу ваҳшатли иборани илк бор эшитиб турарди, — ҳужайраларнинг емирилиш жараёни, шубҳасиз, ҳали бошланғич босқичида, эҳтимол, ҳали бошланган ҳам эмасдир, аммо бошланиш тамойиллари, — мен таъкидлайман, — бошланиш ва бир вақтнинг ўзида организмнинг кенг кўламдаги қисмини яралаш тамойиллари мавжуд. Ҳатто худди шунинг учун ҳам, менга туюладики, сиз айнан шу ерда, даволаш усуллари янада махсуслашган ва фаоллашган олтинчи қаватда даволашингиз мақсадга мувофиқдир.
Бир куни унга айтишдики, касалхона директори, таомил бўйича ўз ходимлари билан маслаҳатлашиб, касалларни тақсимлашнинг мавжуд тартибини ўзгартиришга қарор қилибди. Касалларнинг ҳар бири — агар шундай дейиш мумкин бўлса — унвонига кўра ярим лавозим пастга туширилади. Ҳар бир қаватда беморлар аҳволининг жиддийлигига қараб икки тоифага бўлинади (бундай бўлиш даволовчи дўхтирлар томонидан батамом ўзларига қулай тарзда амалга оширилди); энди касалларнинг, айтиш мумкинки, юқори тоифаси буткул расмий тарзда қуйи қаватга ўтказиладиган бўлди. Мисол учун, олтинчи қават беморларининг ярми — яъни, касалликнинг бир мунча қуюшқондан чиққан кўриниши билан оғриганлар — бешинчи қаватга ўтишлари лозим, еттини қаватнинг жиндай оғирроқ касаллари — олтинчига тушишлари керак. Бу хабар Жузеппе Кортени хурсанд қилди, зеро кўчишларнинг бу қадар ўйланган тартибида еттинчи қаватга қайтишга эришиш осон бўлади.
Бироқ ҳамшира билан суҳбатда ўзининг бу умиди ҳақида гап очиши биланоқ уни аччиқ надомат босди. Эшитдики, уни ростдан ҳам кўчиришади, бироқ юқорига эмас, пастга — яна бир қават қуйига. Ҳамшира ҳам тушунтириб беришга қодир бўлмаган аллақандай сабабларга кўра уни олтинчи қаватнинг “оғир” ярмисига қўшиб қўйишибди, шунинг учун у бешинчи қаватга тушиши лозим.
Ҳайроналикдан ўзини ўнглаган заҳоти Жузеппе Корте ғазаб отига минди; бақира бошлади, уни алдаганларини, қуйи қаватга тушиш ҳақида эшитишни ҳам истамаслигини, уйга қайтишини, унинг ҳақ-ҳуқуқлари борлигини, уларни ҳеч ким поймол қилолмаслигини, касалхона маъмурияти даволовчи табибларнинг хулосасини бу қадар оёқ-ости қилиши мумкин эмаслигини айтиб қичқиришга тушди.
У шундай бақирдики, уни тинчлантириш учун дўхтир чақиришга мажбур бўлдилар. Дўхтир унга ҳаяжонланмасликни маслаҳат берди, акс ҳолда иссиғи кўтарилиши мумкин, тўғри, англашилмовчилик юз берган, ҳар ҳолда, қайсидир даражада… У аввалгидай иқрор бўлдики, ҳақиқатан олганда Жузеппе Корте еттинчи қаватда ётса тўғри бўларди, бироқ унинг аҳволига келганда, табиб қўшиб қўядики, унинг фикри бироз ўзгача. Ахир, ростини айтганда, унинг касаллиги, аёнки, маълум маънода, яраланиш кўламининг кенглигига кўра олтинчи даражали касаллик деб қаралиши мумкин. Бироқ табибнинг ўзи ҳам Корте қандай йўсинда ўз қаватидан анча оғир тоифага тушиб қолганини тушунолмайди. Кўриниб турибдики, айнан шу бугун тонгда Жузеппе Кортенинг клиник аҳволини сўраб телефон қилган маъмурият котиби кўрсатмаларни ёзиб олиш чоғида ниманидир чалкаштириб юборганга ўхшайди. Балким, эҳтимолдан холи эмас, маъмурият Кортенинг аҳволига табиби берган баҳони бироз “оғирлаштирган”, зеро маъмурият Кортенинг даволовчи дўхтирини тажрибали эканини тан олса-да, ўта кўнгилчан одам ҳисоблайди. Умуман олганда, врач Кортега асабийлашмасликни ва кўчиришга қаршилик қилмасликни маслаҳат берди; зеро муҳими — касалликнинг кечиш жараёни, беморни қаерга жойлаштиришгани эса унчалик муҳим эмас.
Даволашга келсак, — қўшиб қўйди врач, — Жузеппе Корте шикоят қилмаса ҳам бўлади; бешинчи қаватнинг дўхтири, шубҳасиз катта эътиборга эга; ахир, бу деярли муҳим қоидага айланган, яъни қават қанча қуйида бўлса, врач шунчалик тажрибалироқ бўлади, яъни касаллик оғирлашгани сари табиби ҳам тажрибали бўлиши керак — ҳар ҳолда, маъмурият шундай ҳисоблайди. Хоналар ҳам шунга яраша шинам ва қулай бўлади. Деразадан кўринадиган манзара ҳам шунга яраша кенг ва чиройли, фақат учинчи қаватдан бошлаб уфқни бинони ўраб турган дарахтларнинг учи тўса бошлади.
Одатдагидай кечқурунлари иссиғи хуруж қилиб турган Жузеппе Корте бу узундан-узоқ тафсилотларни эшита-эшита чарчай бошлади. Ниҳоят, у сездики, адолатсиз кўчишга қаршилик қилиш учун кучи ҳам, энг асосийси истаги ҳам қолмаётир. Ва, ниҳоят, бошқа қаршилик ва эътирозларсиз у ўзини бир қават пастга туширишларига рози бўлди.
Бешинчи қаватга кўчирилган Жузеппе Корте учун энди фақат бир нарса озгина бўлса-да таскин берарди: врачлар, ҳамширалр ва касалларнинг якдил фикрига кўра, у бўлимдаги беморлар орасида — дардининг оғирлик даражаси энг енгили эди. Умуман, иссиғи чиқиб турганини айтмаса, бу қаватда у ўзини энг катта бахтиёр ҳисобласа бўлади. Аммо, бошқа томондан, энди у ва соғлом одамлар ўртасида иккита тўсиқ пайдо бўлганини ўйлаш унга азоб берарди.
Баҳор ўз ҳукмини ўтказишга киришди, ҳаво кун сайин исий бошлади, бироқ Жузеппе Корте энди деразадан боқишни биринчи кунлардагидай яхши кўрмай қўйди; бунақа қўрқувлар ҳақиқий тентаклик бўлса ҳам, у сездики, биринчи қават деразаларига қараса, — уларнинг деярли барчаси аввалгидай зич ёпилган эди, — унинг елкасидан чумоли ўрмалагандай бўларди: у энди бу ёпиқ деразаларга анча яқин эди.
Унинг касали, аён бўлишича, оғирлашгани йўқ. Бироқ бешинчи қаватга ўтганининг тўртинчи куни ўнг оёғи қичимага ўхшаш қандайдир доначалар билан қопланди-ю, ҳеч тузалай демади. Бу ҳолат, — деди врач, — унинг асосий касаллиги билан боғлиқ эмас, хавотир олишга арзимайди, дунёдаги энг соғлом одам ҳам бу аҳволга тушиши мумкин. Бундан бир неча кунда қутулиш учун гамма-нурлар билан фаол даволаш керак.
– Бу гамма-нурлар ўзи бу касалхонада борми? — савол берди Жузеппе Корте.
– Албатта, — врач ғурур билан жавоб қилди, — бизнинг клиникамизда барча зарур нарсалар бор. Фақат бир кичкина ноқулайликни айтмаганда…
– Яна нима гап ўзи? — Корте ноаён сезги билан сўроқлашга тушди.
– Э, буни, бундай айтганда, ноқулайлик деб айтмаса ҳам бўлади, — дўхтир ўзини ўнглаб олди. — Мен шуни айтмоқчи эдимки, нурларни юборувчи ускуна фақат тўртинчи қаватда бор, мен эса сизга ҳар куни уч марта зинадан тушиб-чиқишни маслаҳат бермаган бўлардим.
– Демак, хулоса шуки, ҳеч нарса қилиб бўлмайди?
– Нега энди, хулоса шуки, терининг қизариши ўтиб кетгунча сиз тўртинчи қаватга вақтинча тушиб яшашга рози бўлсангиз яхши бўларди.
– Э-э, бўлди, бас, етар энди! — Жузеппе Корте ғазабланиб бақира бошлади. — Бу кўча-кўчлар ҳиқилдоғимга келди! — Майли мен яхшиси шу ерда ўламан, бироқ тўртинчи қаватга тушмайман!
– Хоҳишингиз, — дўхтир уни асабийлаштирмаслик учун муроса оҳангида деди, — бироқ, билиб қўйинг, даволовчи врач сифатида мен кунига уч маҳал зинадан тушиб-чиқишингизни ман қиламан.
Энг ёмони, қичима йўқолиш у ёқда турсин, кун сайин кенгайиб, изчил ёйила бошлади. Жузеппе Корте ҳаловатини йўқотди ва тўшакда тинимсиз тўлғонишга тушди. Шу алфозда уч кун ўтди, у жуда ғазабланди, бироқ кейин чекинишга мажбур бўлди. Унинг ўзи врачдан нурлантиришга рухсат беришни ва пастки қаватга ўтказишни сўради.
Тўртинчи қаватда Корте ички бир қувонч билан шуни сездики, у бу ерда ўзига хос бир истисно экан. Бу бўлимдаги бошқа касалларнинг аҳволи, шубҳасиз, жуда оғир эди, уларнинг ҳатто тўшакдан қўзғалишга ҳам мажоли йўқ эди. У бўлса ўз хонасидан нурлантирувчи хонасигача ўз оёғида юриб бориб келар, бундан ҳатто ҳамширалар ҳам ҳайратда эдилар, бу жасорати учун уни табриклаб қўярдилар.
Янги врач билан суҳбатда у ўзининг алоҳида мавқеини қатъий таъкидлаб ўтди. У, аслини олганда, еттинчи қаватда ётишга ҳаққи бўлган, тўртинчи қаватга тасодифан тушиб қолган касал. Баданидаги тошмалар ўтган заҳоти у юқори қаватга қайтади. У ҳеч қачон уни бу ерда қандайдир янги сабаб билан ушлаб туришларига сира йўл қўймайди. У еттини қаватда жойлашишга тўла ҳаққи бўлган одамдир.
– Еттинчида, еттинчида! — ҳайратланди ҳозиргина уни кўрикдан ўтказган дўхтир. — Ҳамиша сиз, касаллар, ошириб тоширасизлар! Мен биринчи бўлиб сизга айтаман, сиз ўз аҳволингиздан рози бўлсангиз бўлади; касаллигингиз тарихини ўрганиб, айтишим керакки, сизда дарднинг жиддий оғирлашуви юз бермаётир. Аммо бу гаплар билан еттинчи қават ўртасида — мени қўполлигиму очиқлигим учун кечирасиз — ҳар ҳолда анча фарқ бор! Сизнинг дардингиз анчайин камроқ хавфли, мен бунга иқрорман, аммо сиз барибир касалсиз!
– Хўш, қайси қаватга, — юзларига қон тўлиб, сўради Жузеппе Корте, — қайси қаватга, сизнингча, жойлаштириш керак мени?
– Об-бо, худойим, бу саволга жавоб бериш осон эмас, ахир мен сизни шунчаки шошиб кўриб қўйдим; қарор қабул қилиш учун мен сизни, ҳеч бўлмаганда, бир ҳафта кузатиб боришим лозим.
— Хўп, яхши,-Кортенинг бир гапдан қолгиси келмасди,- аммо сиз, ҳеч бўлмаганда, тахминан айтолмайсизми?
Дўхтир уни тинчлантириш учун ўзини ўйлаётгандай кўрсатиб турди-да, қисқа фурсатлик хаёл суришдан сўнг, ўз сўзларининг тасдиғи учун бошини силкитиб, таскин берувчи сокин сўзларини айтди:
-Эй, худойим, мен фақат сиз қатъий туриб олганингиз учун айтаяпман… Аслини олганда, биз сизни олтинчи қаватга жойлаштиришимиз ҳам мумкин эди. Ҳа, ҳа,- у ўзини ҳам ишонтираётгандай қўшиб қўйди, — сиз бемалол олтинчида ётишингиз ҳам мумкин эди.
Дўхтир шу тарзда беморни бир севинтирмоқчи эди. Аммо Жузеппе Кортенинг чеҳрасида ҳайрат ифодаси пайдо бўлди: у тушундики, юқори қаватларнинг врачлари уни алдаганлар, бу ерда эса бу янги дўхтир, кўриниб турибдики, у анча қобилиятли ва ҳалол одам, бу дўхтир ич-ичида — бу буткул аниқ нарса — уни еттинчи қаватга эмас, бешинчи қаватга жойлаштириш лозим деб ҳисоблайди, бунинг устига, эҳтимол, оғир касаллар ичига жойлаштирар! Бу кутилмаган ҳайроналикдан Кортенинг буткул руҳи тушди. Ўша кеч унинг иссиғи анча кўтарилиб кетди.
Тўтинчи қаватда ўтган даври Жузеппе Кортенинг бу касалхонада ўтган кунларининг энг сокин кунлари бўлди. Врач анча кўримли, меҳрибон ва дилкаш одам экан; у кўпинча Корте билан соатлаб вақтини ўтказар, турли мавзуларда гаплашиб қоларди. Жузеппе Корте ҳам бажонидил суҳбатлашар, суҳбат асносида гапни ўзининг одатий адвокатлиги ва дунёвий ишлари мавзусига буриб турарди. У ўзини ҳали ҳам соғлом одамлар ҳамжамиятига дахлдорлигига ишонтирмоқчи бўлар, ишбилармонлар дунёсига боғлиқдай, ижтимоий ҳаёт ҳодисалари билан ростдан ҳам қизиқадигандай кўрсатарди. Гап эса ҳар гал айланиб унинг касаллигига келиб тақалаверарди.
Жиллақурса озроқ яхшиланиш, тузалиш истаги Жузеппе Кортени тарк этмас ва бу чекинмас туйғу уни қандайдир ўраб-чирмаб олган эди. Афсуски, гамма-нурлар тошманинг тарқалишини тўхтатган бўлса-да, уни йўқота олмади. Жузеппе Корте ҳар куни бу ҳақда врач билан узоқ суҳбатлашар, ўзини бардам, ҳатто бироз кибор тутишга ҳаракат қилар, аммо буни эплай олмасди.
-Айтинг-чи, дўхтир,- сўради у бир куни,- ҳужайраларимнинг емирилиш жараёни қандай кечмоқда?
-И-я, бу даҳшатли сўзларни қайдан олдингиз!- дўхтир ҳазиломуз юз буриштирди.-Cизга ким ўргатди буни? Яхши эмас, яхши эмас, айниқса касал одамга тўғри келмайди! Иккинчи бунақа гапларни сиздан эшитмай.
-Яхши,- Корте билганидан қолмасди,- бироқ сиз барибир менга жавоб бермадингиз.
-Ҳозир жавоб бераман,- дўхтир кўнгилчанлик билан гапира бошлади.-Ҳужайраларнинг емирилиш жараёни — сизнинг қўрқинчли иборангиз билан айтганда — сизда жуда суст, буткул йўқ ҳисоби. Аммо мен уни тиришқоқ жараён деган бўлардим.
-Тиришқоқ, яъни сурункали, демоқчисиз-а?
-Айтмаган нарсамни менга ёпиштирманг. Мен фақат бир нарсани айтдим — тиришқоқ , дедим. Айтгандай, бу жараён аксарият ҳолларда шунақа бўлади. Касалликлар, ҳатто энг енгил дардлар ҳам, кўпинча жадал ва узоқ даволашни тақозо қилади.
-Аммо айтинг-чи, дўхтир, мен қачон яхшиланишдан умид қилсам бўлади?
-Қачон? Бундай ҳолларда башорат қилиш анча мушкул… Тўхтанг-тўхтанг, — врач бироз ўйланиб, қўшиб қўйди, — кўриб турибман, сиз тезроқ соғайишни шунчалар истайсизки, бу сизда ўзига хос ҳақиқий худбинликка айланибди… агар ҳайиқмасам, агар сиз хафа бўлмасангиз, биласизми, сизга нимани маслаҳат берган бўлардим?
-Хўш, гапиринг, гапиринг, дўхтир…
-Майли, буни имкон қадар тушунарлироқ ифодалаб беришга ҳаракат қиламан. Агар мен бу касалхонага сизнинг касаллигингиз билан оғриб тушганимда, майли энг енгил кўриниши билан оғриган бўлсам ҳам, бу ўз мутахассислиги бўйича энг яхши касалхонага тушсам, биласизми, мен ўз ихтиёрим билан мени биринчи куниёқ — тушунаяпсизми? — биринчи куниёқ пастки қаватларнинг бирига жойлаштиришларини талаб қилган бўлардим. Мен ҳатто хоҳлардимки, мени…
-Биринчи қаватгами?- Корте ичидан келаётган кулгуни босиб, зўрға айтишиб юборди.
-Э-э, йўқ! Биринчига эмас!- дўхтир киноя билан жавоб қилди.-Фақат биринчига эмас! Аммо учинчига ёки ҳатто иккинчи қаватга ётишим аниқ. Қуйи қаватларда, ишонинг, анча яхши даволашади, асбоб-ускуналар ҳам анча мукаммал ва кучли, ходимлар ҳам анча билимли ва тажрибалироқ. Бу клиниканинг юраги кимлигини биласиз-ку, ахир?!
– Профессор Дати бўлса керак?
– Албатта, профессор Дати. Бу ерда қўлланиладиган даволаш усулини у яратган, клиника ҳам унинг лойиҳасига кўра қурилган ва жиҳозланган. Шундай қилиб, у, бизнинг устозимиз, айтишим керак, биринчи ва иккинчи қават ўртасида ишлайди. Ўша жойдан туриб ўз қувватини тарқатади, унинг доно кўрсатмалари ана ўша ердан йўлланади. Бироқ мен сизни ишонтириб айтаманки, унинг таъcири учинчи қаватдан нарига ўтмайди: юқорига кўтарилган сари унинг фармойишлари, айтиш мумкинки, парчаланади, сохталаштирилади, бузилиб талқин этилади; клиникамизнинг юраги — пастки қаватлар, агар сиз ҳақиқий даво истасангиз пастда ётишингиз керак.
– Бир сўз билан айтганда, — Жузеппе Корте титроқ овозда чайналди, — сиз менга, демак, маслаҳат берасизки…
-Айни пайтда, яна бир нарсани ҳисобга олинг, — дўхтир қатъият билан давом этди. — Шуни ҳисобга олингки, сизнинг бу аҳволингизда пайдо бўлган тошмага ҳам эътибор қилиш зарур. Бу нарса ўзича олганда ҳеч гап эмас, тушунаман, аммо у узоқ давом этса, сизнинг руҳиятингизга таъсир этиши мумкин, сиз соғайиб кетиш учун руҳий хотиржамликни сақлаш қанчалик зарурлигини биласизми ўзи? Мен сизга ёзиб берган нурлантириш маълум маънода фойдали экан. Нега? Бу, балким, буткул тасодифийдир, аммо нурлар кучсизлик қилгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айтишим керак, учинчи қаватдаги нурлантириш асбоблари биздагидан кучлироқ. У ерда сизнинг қичимангизни даволаш имкониятлари анча кўп бўларди. Бундан ташқари, биласизми яна нима? Агар бирор-бир томондан мабодо яхшиланиш бўлса, демак энг оғир қадам қўйилган. Агар юқорига кўтарила бошласанг, кейин орқага қайтишинг даргумон. Сиз ўзингизни ростдан ҳам яхши сеза бошласангиз, бу ёққа — бизга ёки янада юқорироққа қайтиб келишингизга ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди, ”ютуқ”ларингизга мувофиқ сиз бешинчи, олтинчи ва, ҳаттоки, айтишим керак, еттинчи қаватга ҳам… қайтишингиз мумкин.
-Шундай қилиб, сиз бу даволашни тезлаштиради, деб ҳисоблайсиз?
– Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ўрнингизда бўлганимда нима қилишимни сизга айтдим.
Дўхтир бунга ўхшаш суҳбатларни Жузеппе Корте билан ҳар куни ўказарди. Ниҳоят, қичима жонига теккан бемор, сира ички хоҳиши бўлмаса-да, дўхтирнинг маслаҳатига амал қилиб, пастки қаватга кўчадиган кун ҳам келди.
Учинчи қаватда у дарҳол сездики, бўлимда қандайдир ўзига хос кўтаринкилик ҳоким — врачлар орасида ҳам, ҳамширалар ва қаровчилар орасида ҳам жонланиш бор, гарчанд бу ерда жиддий хавотирга соладиган оғир касаллар ётган бўлса-да. Бундан ташқари,у ҳатто сездики, бу қувноқлик кун сайин ошиб бормоқда; ҳамшира билан озгина танишиб олгач, у, қизиқувчанлигини яшира олмай, бу шодумонликнинг сабабини сўради.
– Ия, сизнинг хабарингиз йўқми? — жавоб қилди ҳамшира. — Уч кундан сўнг биз ҳаммамиз таътилга кетамиз.
-Бу қанақаси: таътилга кетасизлар?
– Ҳа, шундай. Учинчи қават икки ҳафтага ёпилади, барча ходимлар дам олишга кетади. Бизда барча қаватлар навбати билан таътилга чиқиб туради.
– Касаллар-чи? Уларни нима қиласиз?
– Улар озчилик бўлгани учун биз икки қаватни бирлаштирамиз.
-Қандай қилиб? Касалларни учинчидан тўртинчига кўчирасизларми?
– Йўқ, йўқ, — ҳамшира уни тўғрилади, — учинчидан иккинчига туширамиз. Ахир, сиз пастки қаватда даволаш имкониятлари янада зўрлиги ҳақида эшитгандирсиз?! Бу ерда ётганлар пастга тушади.
– Иккинчи қаватга тушиш? — Жузеппе Корте мурдадай оқариб сўради. — Демак, мен ҳам иккинчи қаватга тушишим лозим, шундайми?
– Ҳа, албатта. Бунинг ҳайрон қоладиган ери йўқ! Биз икки ҳафтадан сўнг қайтамиз, кейин сиз ҳам бу хонага қайтасиз. Менингча, бундан қўрқиш шарт эмас.
Аммо Жузеппе Корте шафқатсиз қўрқув исканжасида қолди — қандайдир сирли сезги уни хавф ҳақида огоҳлантирарди. Бироқ у клиника ходимларининг таътилга чиқишларига тўсқинлик қилолмаслигини билар, шунингдек, янгича, янада изчил нурлар билан даволаш унга фойда келтираётганига ишонар — қичима деярли йўқолганди — шунинг учун янги кўчишга расман норозилик билдирмади. Бироқ у, ҳамшираларнинг масхаралашига ҳам қарамай, ўзининг янги хонаси эшигига “Жузеппе Корте, учинчи қаватдан, вақтинча кўчирилган” деб ёзилган тахтача осиб қўйишларини талаб қилди. Бундай иш клиника тарихида бўлмаган эди, аммо врачлар унга қаршилик қилмадилар, чунки, уларнинг фикрича, Кортеникидай асабий мижоз билан энг сокин норозилик ҳам кучли чайқалишни келтириб чиқариши мумкин эди.
Гап, лўндасини айтганда, икки ҳафта — бир кун кам ҳам эмас, бир кун кўп ҳам эмас — икки ҳафта кутиш ҳақида борарди, холос. Ва Жузеппе Корте асов ва қайсар сабрсизлик ила кун санашга киришди, соатлаб жомадон ёки оромкурсига термулганча тўшакда қимир этмай ётадиган бўлди — бу ердаги, иккинчи қаватдаги жиҳозлар юқори қаватлардагидай унчалик замонавий ва кўтаринки эмасди, бироқ анчайин салобатли, босиқ ва вазмин кўринарди. Кўпинча у нафасини ичга ютиб, жимгина қулоқ солар: унга туюлардики, пастки қаватдан, ўлаётганлар, “маҳкум этилганлар” бўлимидан қандайдир ноаён товушлар эшитилади — эҳтимол, ўлимолди нола ва хўрсиниқлари бўлса керак.
Буларнинг бари, шубҳасиз, шунга олиб келдики, унинг руҳи бадтар чўка бошлади. Руҳий хотиржамликни йўқотиш эса, аёнки, касалга эмас, касалликка ёрдам беради — Кортенинг иссиғи кўтарилиб кетди, умумий қувватсизлик кун сайин сезилаверди. Деразадан — ёзнинг авжи бўлгани учун ойналар деярли ҳамиша ланг очиқ турарди — шаҳар томлари ҳам,қўшни уйлар ҳам кўринмасди, фақат клиникани ўраб турган дарахтларнинг яшил девори кўзга ташланарди.
Бир ҳафтадан сўнг, чошгоҳ, соат иккиларда хонага кутилмаганда фельдшер ва уч санитар аравани судраб кириб келишди.
-Хўш, қани, кўчишга тайёрмизми? — ошкора ҳазиломуз оҳангда сўради фельдшер.
-Қанақа кўчиш? — Жузеппе Корте узуқ-юлуқ овозда сўради.- Бу яна қанақа ҳазил? Ахир учинчи қаватдагилар ҳали бир ҳафтадан сўнг таътилдан қайтишади.
-Қанақа учинчи қават? — фельдшер тушунмаётгандай елка қисди.- Менга сизни биринчи қаватга кўчириб қўйишни буюришган. Мана, кўринг. — У оз эмас, кўп эмас профессор Дати ўзи имзолаган уни энг пастки қаватга кўчириш ҳақидаги босма ҳужжатни кўрсатди.
Жузеппе Кортенинг ичида ўрлаган ваҳшат ва дўзахий алам юзага отилди. Унинг чеки йўқ дарғазаб қичқириғи бутун бўлим бўйлаб жаранглади.
-Ўзингизни босинг, худо ҳақи, секинроқ, — ёлворишди санитарлар, — ахир бу ерда аҳволи оғир касаллар бор!
Аммо уни тинчлантириш осон эмасди.
Ниҳоят врач — бўлим бошлиғи етиб келди. У жуда тарбия кўрган ва меҳрибон одам эди. Врач гап нимадалигини суриштирди, босма ҳужжатни кўрди, Кортенинг тушунтиришларини тинглади. Кейин ижирғаниб фельдшерга мурожаат қилди, хатолик юз берганини, у бунақа кўрсатма бермаганини, анчадан буён бу ерда мисли кўрилмаган тартибсизлик ҳукм сураётганини айтди, — энди аҳвол бошқа бундай давом этиши мумкин эмас, унга ҳеч нарсани хабар қилишмайди, ҳамма нарса ҳақида у ҳаммадан кейин эшитади… Ниҳоят, қўли остидаги ходимини чилпарчин қилиб бўлгач, у жуда самимий оҳангда касалга мурожаат қилди ва ўзининг чуқур ҳамдардлигини, кечиримини изҳор қилди.
– Афсуски, бироқ, — қўшиб қўйди врач, — афсуски, профессор Дати бор-йўғи бир соат олдин шаҳар ташқарисига дам олишга жўнаб кетди ва камида икки кундан сўнг қайтади. Мен буткул дарғазабман, аммо унинг фармойиши бекор қилиниши мумкин эмас. Сизни ишонтириб айтаман… унинг ўзи биринчи бўлиб бундан афсусланади… Қандай хатолик! Умуман тушунмайман, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин!
Энди Жузеппе Корте тизгинсиз куч билан титрай бошлади. У ўзини эплолмай қолди. Ўш боладай, босиб келаётган ваҳшатли қўрқувга мажоли етмади. Хонада унинг тизгинсиз йиғиси анча вақт тинмади.
Шундай қилиб, лаънати хато туфайли у охирги бекатга етиб келди. Ўлаётганлар бўлимида — у, аҳволига кўра, энг талабчан врачларнинг ҳам фикрича, олтинчи, ҳаттоки еттинчи қаватда ётишга ҳақли бемор! Жузеппе Кортенинг бошидан кечирганлари шу қадар мантиқсиз эдики, гоҳида баралла хохолаб юборгиси келарди.
Тўшакда қилт этмай ётар экан, шаҳарни ёз чошгоҳининг жазирамаси секин-секин комига тортиб бораётганда у деразадаги яшил дарахтларга термулиб ўзини аллақандай мавжуд бўлмаган ғайриҳаққоний дунёда сезар, у дунёнинг маънисиз деворлари ғуборсиз чинни билан қопланган, оқ-оппоқ эшиклари мурдахонага очиладигандай совуқ, одамларнинг қиёфаси ҳам шу тусда оқ-оппоқ эди. Унинг хаёлига кўриниб турган дарахтлар ҳам ҳақиқиймас, ясама бўлса керак, деган фикр келди; ва, ниҳоят, узоқ кузатгандан сўнг уларнинг барги қилт этмаганини кўриб у бунга ишониб ҳам қолди.
Бу фикр Кортени шу қадар ҳаяжонга солдики, у қаровчисига сим қоқиб чақирди, қаровчи аёл унга тўшакда ётганда тақмаган кўзойнагини узатди; фақат шундагина у бироз ўзига келди: кўзойнак ёрдамида у ишонч ҳосил қилдики, дарахтлар ҳақиқий тирик ва баргларини ўйноқи шаббада гоҳи-гоҳида сезилар-сезилмас тебратиб қўяди.
Қаровчи аёл чиқиб кетганидан сўнг, ўн-ўн беш дақиқадан сўнг хонага буткул сукунат чўкди. Олти қават, олти ваҳшатли тош девор, майли, буткул бемаъни хато туфайли бўлса-да, энди Жузеппе Кортени шафқатсиз вазни билан босароди. Яна қанча йил — ҳа, йил, энди айнан йиллар ҳақида гапириш керак — юқорига кўтарилиш учун, бу жарликдан чиқиш учун энди яна қанча йиллар керак бўларкин?
Аммо неча хонага тўсатдан қоронғулик чўкди? Ахир, кўчада ҳали ёп-ёруғ кун. Ўзини босган фалажга ўхшаш аллақандай исканжани сўнгги бир силтаниш билан уза-уза Жузеппе Корте тўшак ёнидаги соатга кўл чўзди. Соат кундузги уч яримни кўрсатарди. У юзини деразага буриб, қопқалар қандайдир сирли буйруққа бўйсунгандай, секин тушаётганини, куннинг ёруғини ёпиб бораётганини кўрди.
Карим БАҲРИЕВ таржимаси