Мен кўзга кўринган, ёши қирқлар атрофидаги бир асаб касалликлари шифокори билан танишман. У анчадан буён ўз касбига хос турли касалликдаги ҳолатларни синчковлик билан ўрганиб келмоқда. Ҳозир шу мавзуда талайгина аниқ маълумотларни йиғиб ҳам қўйган.
Мен у билан бир танишимнинг уйида учрашиб тураман. У кайфияти чоғ пайтида кўпинча ўз амалиётидаги қизиқ воқеаларни сўзлаб беради. Дарвоқе, у менга бир неча маротаба айтишига қараганда жуда кенг тарқалган ва фақат жуда тор доирадаги мутахассисларга маълум бўлган ҳодиса тўғрисида бир неча маротаба ҳикоя қилиб берганди. Унинг касбига қизиққанлигим сабабли, у касалларга қўйилган ташхисни ўқиб чиқишимга ижозат берди. Бу касбий сир бўлганлиги сабабли исми-шарифларини кўрсатмай улар ҳақда ҳикоя ёзишимга ҳам рухсат берди. Шу сабабли, табиийки, менинг ҳикоям ҳеч қандай илмий аҳамиятга эга эмас.
Инсонга хос мазкур хосиятни турли ном билан аташ қабул қилинган: “соат синдроми”, “азалий пульсация”, баъзан эса “чиқ-чиқ” дейишади. Олдиндан айтиб қўяй, соат ўз эгаларининг умри тугаши билан, ҳатто улар эгасидан узоқроқда турган бўлса ҳам (менинг шифокоримда шунга ўхшаш ҳодисалар учрамаганди) таққа тўхташи ҳақида сўзлайдиган бўлсам, бунинг қадимги ривоятларга ҳеч қандай дахли йўқ. “Чиқ-чиқ” овози одатда кимгадир бахтсизлик олиб келса, кимгадир улкан бахт келтиради. Биз уни ҳикоямиз сўнгида мисол тариқасида айтамиз.
Менга танишиб чиқиш учун рухсат этилган баённомаларнинг ичида А.А.хонимга тегишли батафсил ёзилган баённома ҳам бор эди. А.А. хоним Удинада истиқомат қилар экан. У бўлиб ўтган воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлган. Бу воқеа кўп йиллар аввал – у энди ўн беш ёшга тўлиб, гимназиянинг бешинчи синфида ўқиб юрган кезларида содир бўлган эди. Шифокор дўстим, А.А.хоним жуда нозиктаъб, шу билан бирга вазмин эканлигини менга айтганди. Вақтингизни олмаслик учун ниҳоятда синчковлик билан ёзиб ташхис қўйилган воқеанинг қисқача мазмуни билан таништирмоқчиман.
Соппа-соғ А. исмли қиз кечқурун соат ўндан ошмасданоқ, ўрнига ётди дегунча дарҳол донг қотиб ухлаб қолиш одати бор эди. Унинг ётоғи ота-онасининг хобхонаси ёнида. Иккита укасининг хонаси ҳам алоҳида эди, улар даҳлизнинг охирги хонасига жойлашгандилар. Бир сўз билан айтганда, ўтган асрнинг қишлоқ фуқароси муқим яшайдиган оддий уйларда яшар эдилар.
Одатда қиз тун бўйи тинч-осойишта ухларди. Кунларнинг бирида ухлаганидан сўнг тахминан бир соат ўтгач, яъни соат ўн бирларда у чўчиб уйғониб кетди. Сукунат чулғаган тунда у ётган каравот ёнида соат капгирининг тебраниши каби “чиқ-чиқ” товуши бир маромда эшитила бошлади.
Аввалига А.исмли қиз бу жавон устида турган қўл соатнинг чиқиллаши бўлса керак, деб ўйлади: тунда ҳар қандай товуш ҳам аниқ-тиниқ эшитилади. Ҳатто қўл соатлари ҳам баъзан-баъзан баланд овозда чиқиллайди. Аммо бу кеча қўл соати хонанинг бошқа бурчагида турган диван устида қолганди.
Хонада бошқа соат деворга осиғлиқ капгирли соат уйда йўқ эди. Бунинг устига эшитилаётган зарб овозлари шу даражада баланд эдики, бу овоз гўё ё юқори қаватдан, ё пастки қаватдан эшитилаяти, деб ўйлаш мумкин эди. Саросимага тушган А. исмли қиз ўрнидан туриб, чироқни ёқди ва соат капгири зарбини эслатувчи, баландроқ овозда асабга тегувчи бу овоз қаердан келаётганини қидиришга тушди.
У хоналарни кезар экан, борган сари миясига ўрнашиб қолган “чиқ-чиқ” товуши гўё унинг ёнгинасида чиқиллаётганига тобора ишона бошлади. Наҳотки бу босинқираш ёки галлюцинация бўлса. Қиз қўрқиб онасини уйғотди. Она ҳам бу товуш худди қизи ортида эшитилаётгандек аниқ-тиниқ эшита бошлади.
Она-бола қизи ётган хонани обдон кўздан кечириб чиқишди, лекин бу ғалати ҳолатни исботлаб бергувчи бирон нарсани топа олмадилар. Энг қизиғи, бу овоз қиз қаёққа бормасин, уни таъқиб этиб борарди. Қолган хоналарда одатдагидек жимлик ҳукм сурарди.
Қиз ва онаси бу ҳолатдан қўрқиб, отани уйғотдилар. Отаси уйқусираганча уларнинг инжиқликлари ҳақида нималардир деб, ғўлдиради, аммо сирли “чиқ-чиқ”ни эшитибоқ ўрнидан сапчиб туриб кетди. Бу овоз қаердан келаётганини аниқлаш мақсадида бир соатлар чамаси овора бўлишди. Ниҳоят, ота босиб келаётган уйқусини тарқатолмай, қизи билан онасини ташвишли ҳолатда қолдирганча, адёлини бошига тортиб, уйқуга кетди.
Она-бола тинчлигини йўқотдилар, уйнинг ҳаммаёғини – барча жиҳозларни тинтишда давом этдилар. Асабни бузаётган “чиқ-чиқ” товуши эса аввалгидек қизни таъқиб этишда давом этарди.
Эрта тонгда соат жиринглади. Она-бола ҳамон хонама-хона юрибдилар. Улар обдон ҳолдан тойгандилар. Бундан бу ёғига нима қилишларини билмасдилар. Бу ҳол ҳамон давом этарди.
Соат олтини кўрсата бошлади. Тонг ҳам ёришди. Сўнг аста-секин атрофни ўз нури билан мунаввар этишга киришди. Қуёшнинг илк нури хонага тушиши биланоқ “чиқ-чиқ” этаётган овоз эшитилмай қолди.
Эртаси куни кундузи соат учлар чамаси уйдан унча узоқ бўлмаган жойда кўчани кесиб ўтаётган А.исмли қиз “Пикап” машинаси тагига тушса бўладими. У бир ойдан ортиқ ўлим билан олишиб ётди.
Ёзув машинасида ёзилган йигирма беш бетлик иловада батафсил баён этилган воқеа тафсилотлари ҳозирги кунда соғ-саломат юрган онаси ва уч йил аввал вафот этган отасининг имзолари билан тасдиқланган эди.
Асаб касалликлари шифокорининг ҳужжатлар тўплами ўттизта ҳисоботдан иборат бўлиб, уларнинг кўпчилигида шундай маълумотлар қисқа қайд этилган эди: уларнинг барчасида қандайдир келиб чиқиши номаълум бир маромдаги товушлар эшитилиши тасдиқланган эди (кимдир “чиқ-чиқ” овозини эмас, балки томчи овозини эшитган эди). Бу воқеалардан сўнг ҳар сафар ғайритабиий ҳодисалар рўй берарди. Соат капгирнинг у ёқдан-бу ёққа тебраниб “чиқ-чиқ” қилиши “Ватццолер” альпинист базасидаги тунги сукунатни бузиб турарди. Бу ер тоғдан ҳам юксак деб номланувчи тик қояни забт этиш мақсадида эрта тонгда икки ёш поляк жўнаб кетдилар. Уларга қайтиб келиш насиб этмаганди.
Ҳайдовчининг гапига қараганда иш бўйича Римга кетаётган Анконлик кема эгасини бутун йўл давомида “чиқ-чиқ” овози тарк этмаган экан; орадан бир кун ўтгач, Латццаро Спалланцани кўчасида уни юрак хуружи тутиб қолибди.
Шов-шувга сабаб бўлган ҳалокатдан қутулиб қолган бир кимсанинг ҳикоя қилиши бўйича, Лонгарон уйларнинг бирида бир кун аввал қулоқни қоматга келтирувчи “чиқ-чиқ” товуши эшитилган экан.
Шундан сўнг янаям ғаройиб ҳодисалар рўй берибди. Масалан, шифокор ўз маълумотномасида ёзишича, у орзу ҳам қила олмаган нуфузли клиника директори лавозимига кутилмаганда тайинланиши олдидан ҳам айнан туни билан соатнинг шундай сирли равишда “чиқ-чиқ” қилиши эшитилган экан. Бошқа яна бир маълумотда театрда статист бўлиб ишлайдиган бир аёлнинг омади чопиб ўзига ёққан одамга турмушга чиқиши билан боғлиқ бўлганди.
Мода ва косметика соҳасида бутун дунёга машҳур бўлган ва ҳозирги вақтда катта қудратга эга бўлган бир аёлнинг бу борадаги эътирофи ҳам маълум. Бу аёл ўта қашшоқ яшаган экан. Шу тунда уни “чиқ-чиқ” овози қулоғи остида чиққиллайверган экан, бу овоздан безор бўлиб, жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлибди. Орадан бир кун ўтар-ўтмас тайёр кўйлаклар ишлаб чиқарувчи фирманинг ёш ҳуқуқшуноси билан бўлган тасодифий учрашувдан сўнг унинг ҳаётида ажойиб истиқболлар очила бошлабди.
Мен маълумотномани тинмай ўқир, ундан ўзимни узиб ололмасдим. Менда ҳали ўқилмаган бир даста хатлар бор эди. Уларда турли хил тасодифлар ҳақида ҳикоя қилинганди. Кеч кирди. Шифокор, унинг исмини айтиб ўтирмайман – рўпарамда диванда ўтирганча менда қандай ўзгариш содир бўлишини кутаётгандек тикилиб ўтирарди.
У нимани кутаётганди… Хонадаги сукунатни аввал эшитилар-эшитилмас, сўнг борган сари аниқ ва бир маромда чиқиллаётган соатнинг “чиқ-чиқи” эшитила бошлади. Оқ рангга бўялган илмий лабораторияга ўхшайдиган кабинетда ҳеч қандай безак ва соатлар йўқ эди. Мен шифокорга тикилиб қолдим. Унинг ранги оқарганча, мендан кўз узмай ўтирарди.
Бу менга бедаво касалликнинг ташхисини айтиш учун ўйлаб топилган нозик ва устамонлик билан топилган йўл, деган ўй ўтди хаёлимдан. Бу бир маромдаги элас-элас эшитилаётган овоз паркет остидан чиқаётгандек туюларди.
Мен бир қарорга келдим.
– Профессор, афтидан бу овоз менга эшитилаётган овоз бўлса керак.
У гапимни маъқулламай бош чайқади.
– Агар… Очиғини айтаётганим учун кечирасиз.
– Нима гап?
– Ҳаяжонланманг. Бу таҳлика менга тегишли.
– Сиз айтмоқчисизки…
– Ҳа, бир ойдан ошди. Ҳар тунда шундай ҳолат такрорланади. Бир дақиқа ҳам менга тинчлик бермайди. Тақдир ишорасими? Махфий ҳукмми? Бир ойдан бери қандайдир овоз қулоғим остида “чиқ-чиқ” этади. Бу ҳолат кимдадир рўй берса, эртаси куни нимадир содир бўлади. Менда эса бундай ҳолат содир бўлмаяпти. Яшаб юрибман. На ҳалокат, на кутилмаган ҳолатлар, на бир ишора, на зарба, на муҳаббатдан дарак йўқ. “Тақдир эшик қоқмоқда” деган сўзларни ўқиган бўлсангиз эҳтимол. Барчасига ишондингиз, тўғрими, Мойра соатлари “чиқ-чиқ” этади, эртаси куни эса… Фақат мендагина ҳеч қандай ҳолат юз бермайди! Жуда қизиқ. Ахир, бу камситилиш эмасми? Сиз нима дейсиз? Мен омадсиз кимсаманми? Омад кулиб боқишини кутиб яшайман.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.