Дино Буццати. Афсунгар (ҳикоя)

Кунлардан бир куни кечқурун чарчаб-ҳориб, руҳим чўкиб уйга қайтаётган эдим, профессор (шундай дейишади, бироқ қандай профессорлиги номаълум) Скясси олдимдан чиқиб қолди. Бу одамни мен кўпдан буён биламан. Турли жойларда тез-тез ва кутилмаганда кўриниш бериб қолади. Ўзи уқтиришича, биз гимназияда бирга ўқиган эмишмиз. Бироқ, тўғрисини айтсам, буни мен эслаёлмайман.
Ким ўзи у? Нима иш қилади? Ҳеч қачон бунинг тагига ета олмаганман. Унинг озғин-қотма, ёвқур юзи билан мийиғидаги истеҳзоли табассуми… Бироқ энг ўзига хос жиҳати шундаки, у ҳар қандай одамда “Мен бу кишини қаэрдадир кўрганман” деган янглиш тасаввур уйғотади. Баъзилар уни афсунгар деб қатъий ишонишади.
– Қалай? – сўради у мендан таомилдаги салом-аликдан сўнг. – Ҳалиям ёзяпсанми?
– Бошқа нимаям қила олардим, – дафъатан ночор-нотавон ҳолимни ҳис қилиб елка қисдим.
– Нима, жонингга тегмадими? – ҳужумни кучайтирди у. Кўча чироғининг хира ёруғида юзидаги масхараомуз кулги кўриниб турар эди. – Билмайман, мен баъзан ўйлаб қоламанки, гўё сиз ёзувчилар кундан кунга ҳеч кимга керак бўлмай қоляпсизлар. Нафақат ёзувчилар, балки рассомлар, ҳайкалтарошлар, бастакорлар ҳам. Қуруқ оворагарчиликка, шунчаки ўйинга ўхшайди. Нима демоқчи бўлаётганимни тушуняпсанми?
– Тушуняпман.
– Ёзувчилар, рассомлар ва шу кабилар, ҳаммаларингиз эътибор қозонишни истаб тутуриқсизроқ ва чалкашроқ янгиликни кашф қилишга жон-жаҳдингиз билан уринасизлар. Мухлисларингиз ўзи кўп эмас, борларининг ҳам кўнгиллари сизга нисбатан тобора совиб кетяпти. Одамлар айтмоқчи бўлаётган гапларингизни қарийб мутлақо эшитмай қўйяпти. Кунлардан бир куни, очиғини айтганим учун кечирасан, сизлар ўзларингизни саҳронинг қоқ ўртасида кўрасизлар.
– Бўлиши мумкин, – дедим мен итоаткорлик билан.
Бироқ Скясси, афтидан, мени қийнамоқчига ўхшарди.
– Менга яна шуни айт-чи, масалан, сен бирон меҳмонхонага кирганингда оти-зотинг билан касби-корингни сўрашди дейлик. Ўшанда сен “ёзувчиман” деб жавоб қайтарганингда, бу сенга алланечук бемаънидек туюлмайдими?
– Эҳтимол, – дедим мен. – Франтсияда ундай эмасдир, лекин бизда айнан шунақа.
– Ёзувчи, ёзувчи! – ошкора калака қилди у. – Нима, сен ҳали ўзингни жиддий қабул қилишларини истайсанми? Бизнинг дунёмизда ёзувчи деганлари кимга нима учун керак?.. Муғомбирлик қилмай яна бир гапни очиқ айт-чи… Сен китоб дўконига кириб, расталарга қараганингда…
– Деворлар бўйлаб то шипга қадар тизилишиб турган турли-туман китоблар, кейинги ойларнинг ўзидаёқ ёруғлик кўрган минглаб-минглаб китоблар… шуларга ишора қилаётган бўлсанг керак, а?.. Қараб туриб, буларга қўшимча мен ҳам яна бир китоб ёзяпманми деб ўйлайман-да, қўлим ишга бормай қолади. Бир неча чақиримга чўзилиб кетган, тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган сархил мевалару сабзовотларга бой улкан бозорда сўлиган сабзини сотиш умидида турган болакайга ўхшатаман ўзимни… Дилингдагини топдимми?
– Худди шундай! – Скясси масхараомуз тиржайди.
– Ҳайриятки, – эътироз билдиришга журъат қилдим, – ўқийдиганлар ҳали бор, бизнинг китобларни сотиб оладиганлар йўқ эмас.
Шу пайт, таъбир жоиз бўлса, қадрдоним андак энгашиб, поябзалимни синчиклаб кўздан кечира бошлади.
– Яхши этикдўз ошнанг борга ўхшайди-я?
Худога шукур, ўйладим ўзимча, ҳар қалай, суҳбатимиз бошқа мавзуга кўчди-ку. Ўзинг ҳақингдаги аччиқ ҳақиқатни эшитишдан оғирроқ нима бор бу оламда?
– Ажойиб уста! – бажонидил жавоб қилдим мен. – Қўли гул уста. Шунақанги яхши, шунақанги пишиқ-пухта тикадики, тиккани ҳеч тўзмайди-да!
– Яша! – хитоб қилди бу аблаҳ. – Гаров ўйнайманки, у сендан камроқ пул топади.
– Эҳтимол.
– Нима, сенингча бу ўтакетган мантиқсизлик эмасми?
– Билмадим, – жавоб қилдим мен. – Тўғрисини айтсам, мен бу хусусда ўйлаб кўрмаган эканман.
– Мени тўғри тушун, – баттар авж қилди Скясси, – сен ёзган ҳамма нарсалар менга мутлақо ёқмайди демоқчи эмасман, йўқ, шахсан сенга ҳеч бир эътирозим йўқ. Бироқ сен ва сенга ўхшаган минглаб одамлар ўз умрларингизни ҳаётда ҳеч қачон бўлмаган тарихларни ёзиб ўтказасизлар. Бунинг устига, уларни ёруғликка олиб чиқадиган ноширлар ҳам топила қолади. Сотиб оладиган одамлар ҳам топилади. Сизлар шу йўл билан даста-даста пул топасизлар. Газеталар улар ҳақида ёзишади. Мунаққидлар уларга сон-саноқсиз тадқиқотларини бағишлайди. Бу тадқиқотлар ҳам ўз навбатида нашр этилади-да, дўконларда муҳокама қилинади… Биринчи сатридан то охирига қадар бичиб-тўқилган уйдирма тарихлар! Ўйлайманки, ҳатто сенинг ўзингга ҳам буларнинг бари ўтакетган ақлсизлик бўлиб туюлса керак? Тағин бу атом бомбалари-ю, сунъий йўлдошлар асрида!.. Сенингча, бу масхаравозлик ҳали узоқ давом этадими?
– Билмадим. Балки сен ҳақдирсан, – дедим мен, юрагим мисли кўрилмаган даражада ҳувиллаб.
– Хўш, ўзинг айт, сизлар кимга кераксизлар? – тантана қилди Скясси – Адабиёт, санъат – чиройли, баландпарвоз сўзлар! Аммо бизнинг давримизда санъат ҳам овқат, атир, шаробга ўхшаган оддийгина кундалик истеъмол маҳсулотларидан бошқа нарса эмас. Бугунги кунда одамларни қандай санъат қизиқтиряпти? Қандай шиддатли тўлқин устимизга бостириб келаётганини ўзинг кўрмаяпсанми?.. Енгил-элпи қўшиқлар, шеърчалар, шовқин-сурон, дод-вой, олди-қочди! Мана, шон-шуҳрат қаэрда! Мана, ақалли сени олиб қарайлик: ақлли нарсаларни ёзасан. Ҳатто зўр нарсалар дейиш мумкин. Бироқ омад ҳақида гапириладиган бўлса, бу борада энг истеъдодсиз жаз қўшиқчиси сени бир чўқишда қочиради. Одамларга қўпол бўлса-да, айни лаҳзаларда бевосита ҳиссий қониқиш пайдо қиладиган нарсалар керак, дарров, бир лаҳзалик, тушундингми? Шундай нарсаларки, токи зиғирча ҳам куч сарфланмасин, ортиқча зўриқилмасин, мутлақо бош қотирилмасин.
Мен гапинг тўғри деган маънода бош ирғаб турдим, холос. Эътироз билдиришга на кучим, на далилим бор эди. Бироқ Скяссига бу ҳам кам эди.
– Бундан қирқ йилча аввал санъаткор таниқли шахс бўлиши мумкин эди. Бироқ эндига келиб… Агар қандайдир эски-туски, алмисоқдан қолган нарсаларгина ўзларини омон сақлаб қололмасалар. Масалан, дейлик, Хемингуэй, Стравинский, Пикассо, боболаримиз билан бобокалонларимизнинг яратганлари… Йўқ-йўқ, сиз аллақачон ютқазиб бўлгансиз… Сен абстракт санъат кўргазмасида бўлганмисан? Уни мунаққидлар қандай тушунтиришларини ўқиганмисан? Сафсата, учига чиққан сафсата! Амал-тақал жон сақлаб қолган бир ҳовуч нодонлар, тағин ўзлари чаплаб ташлаган бўёқларини миллион, ҳатто икки миллионга сотишни уддалашганларига ҳайрон қоласан киши. Сўнгги алаҳсираш бу, мен сенга айтсам, ўлим олдидаги жон талвасаси бу! Сиз санъаткорлар бир томонга қараб кетяпсизлар, китобхон билан томошабин бўлса, бутунлай қарама-қарши томонга кетяпти. Бундан чиқди, бир-бирингиздан тобора узоқлашяпсизлар. Шундай кун келадики, ўрталарингиздаги масофа шу қадар олис бўладики… Сиз қанчалик бақириб-чақириб аюҳаннос солманг, лекин биронта ит сизнинг овозингизни эшитмайди.
Айни шу топда гоҳо содир бўлиб турадиган воқеа рўй берди: ифлос кўча бўйлаб нимадир елиб ўтди. Нималиги ноаниқ – майин шабада эмас, чунки ҳавода ҳеч бир ўзгариш сезилмади, муаттар атир иси эмас, чунки атрофимизда ўша-ўша бензин ва яна алламбало ачимсиқ нарсалар ҳиди анқирди, ёқимли куй эмас, чунки машиналар шовқинидан бошқа ҳеч нима эшитилмас эди. Нималиги номаълум – муқаддас туйғулар ва хотираларнинг жунбишга келишими, қандайдир изоҳлаб бўлмайдиган бир сир-синоат.
– Лекин барибир… – дедим мен.
– Нима “лекин барибир”? – Скяссининг юзида заҳарханда зуҳур бўлди.
– Лекин барибир биз қўлимиздан келганча ёзаётган тарихларни ҳеч ким ўқишни хоҳламай қолганида, кўргазмалар буткул кимсасиз бўлиб ҳувиллаб қолганида, чолғучилар ўз асарларини бўм-бўш ўриндиқлар қаторларига ижро этганларида ҳам… ана ўша тақдирда ҳам бизнинг ижодимиз… йўқ, мен ўзим ҳақимда эмас, мен қилган иш билан шуғулланадиганлар ҳақида…
– Қани-қани, намунча бўшашмасанг! – истеҳзо билан қитиқ патимга тегишда давом этди биродарим.
– Шуни билиб қўйки, сен айтаётган ўша тарих, расм, мусиқа, бошқа аҳмоқона, тушунарсиз ва фойдасиз нарсалар ҳамиша инсонийликнинг энг олий ифодаси, асл умумбашарий қадриятлар бўлиб қолаверади.
– Қўй, мени қўрқитма! – хитоб қилди Скясси.
Лекин мен, билмадим, нима учун, энди ўзимни тўхтата олмас эдим. Ич-ичимда тошаётган исён ташқарига йўл қидирар эди.
– Ҳа-ҳа! Майли, сен буни аҳмоқлик деб ҳисоблашинг мумкин, бироқ ҳақиқий санъат ҳамиша бизни молдан фарқлаб турувчи нарса бўлиб қолаверади. Бу ерда фойдали ё фойдасиз эканлиги аҳмиятли эмас. Эҳтимолки, буткул фойдасизлиги учун ҳам бизга жуда-жуда керакдир. Атом бомбаси, сунъий йўлдошлар, юлдузлар¬¬аро ракеталардан ҳам минг карра керакроқ! Айни шу аҳмоқлик буткул тугаб битган ўша қаро кунда одамлар ибтидоий жамоа давридагидек аянчли бир маҳлуққа айланиб қоладилар. Чунки чумолилар ини билан энг янги техниканинг ҳар қандай мўъжизаси ўртасидаги масофа чумолилар инини инсоний жамиятдан ажратиб турувчи масофага нисбатан минг карра қисқароқ!..
– Сен, масалан, ўн сатрлик алмойи-алжойи сюрреалистик шеърни назарда тутяпсанми? – аччиқ кулиб сўради Скясси.
– Ҳа, ҳаттоки бир қарашда мутлақо ақлга сиғмайдиган, ҳатто беш сатрлик шеърни ҳам назарда тутиб айтяпман бу гапни! Муҳими – одам боласининг ёзиш иштиёқида, бу ишидан бирон натижа чиқадими-йўқми – бу у қадар муҳим эмас. Эҳтимол мен адашаётгандирман, аммо фақатгина шу йўлда нажот бор. Агарда…
Ана шунда Скясси оғзи қулоғига етгудек хурсанд бўлиб узоқ кулди. Қизиқ, бу кулгиси энди мутлақо ёқимсиз эмасди. Мен таажжубдан донг қотиб қолдим.
У елкамга қаттиқ қоқиб қўйди:
– Ана энди ўзингга келдинг, тентаквой.
– Тушунмадим, нима демоқчисан? – ажабланиб сўрадим мен.
– Ҳеч нима, ҳеч нима, – жавоб қилди Скясси ва озғин-қотма юзи қандайдир ички бир ёруғликдан нурланиб кетди. – Қарасам, ҳамма нарсадан ҳафсаланг пир бўлиб бўшашибгина келяпсан. Гўё ҳеч нимага ихлосинг қолмагандек. Шунинг учун сени қаттиқроқ бир силкитиб кўргим келди-да.
Ҳақ-рост. Нима бўлганда ҳам, мен ўзимни бутунлай бошқа одам деб ҳис қилмоқда эдим: бир қадар эмин-эркин, ўзига ишончи мустаҳкам… Мен тамаки тутатгунимча Скясси руҳдек дафъатан кўздан йўқолди.

Рус тилидан ОТАУЛИ таржимаси

* * *

Шом қуюла бошлаган дамда ишдан ҳориб-чарчаб келаётсам, нимагадир ҳамма “профессор” деб ардоқлайдиган Скъяссини учратиб қолдим. Уни кўпдан бери танийман, гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда бақамти келсам: “Сен билан гимназияда бирга ўқиганман”, деб доим мени ишонтирмоқчи бўлади, сирасини айтганда, буни эслай олмайман.
Скъясси дегани ким? Нима иш қилади? Менга қоронғу. Ит мужиган ошиқдек чувак башарасидан заҳархандалик аримайди. Ажабланарлиси шундаки, у дуч келганга: “Сизни қаердадир кўрганман”, дейди, ваҳоланки, бу алдамчи таассурот. Баъзи бировлар уни афсунгарга чиқариб қўйган.
– Э-э, бормисан? – дейди у менга салом-аликдан сўнг. – Ҳалиям қоғоз қоралаб ётибсанми?
– Бошқа нимаям қилардим, – дея елка учириб қўя қоламан.
– Жонингга тегиб кетмадими? – бўш келмайди у, – кўча фонусларининг майин шуъласида унинг юз-кўзидаги аччиқ кулгини илғагандек бўламан. – Билмадим-у, назаримда сиз ёзувчиларга бўлган эҳтиёж кун сайин йўқолиб бораётгандек. Наинки ёзувчилар, балки рассомлар, ҳайкалтарошлару машшоқларга ҳам. Гўё шунчаки эрмак учун ижод қилаётганга ўхшайсизлар. Нима демоқчилигимни англаётгандирсан?
– Ҳаммангиз омманинг диққатини тортиш учун жон-жаҳдингиз билан ўзингизча янгилик яратишга, бир-биридан мавҳум ва ғалати нарсаларни ўйлаб топишга ҳаракат қиласизлар. Мухлисларингиз жуда кам, борлари ҳам сизлардан совиб кетяпти. Уларнинг қалбига етакловчи йўлни йўқотиб қўймадингизмикан… Андишасизлигим учун узр, лекин бир кун келиб бутунлай эл-улуснинг назаридан қолиб кетмасангиз, деб қўрқаман.
– Бўлиши мумкин, – дейман ўксинган бўлиб.
Бироқ Скъясси афтидан, хумордан чиққунча қитиқ патимга тегмоқчи эди.
– Менга айт-чи, дейлик, сен ҳашаматли меҳмонхонага кириб бординг: дафъатан ҳужжатингни ва нима иш қилишингни сўрашади. “Ёзувчиман” дейсан. Жавобинг андак аҳмоқона туюлмайдими уларга?
– Ажабмас, – дейман, – бизда айнан шундай туюлиши мумкин, лекин Францияда эмас.
– Ёзувчи, ёзувчи! – дейди у ижирғаниб. – Ҳали улар сени рисолагидай кутиб олишларидан хомтама бўларсан ҳам. Шу замонда кимнинг ҳам кўзи учиб турибди сизларга!.. Тилёғламалик қилмай менга тўғрисини айт-чи… Дейлик, сен китоб дўконидасан… Юзлаб, минглаб китоблар шифтгача қалашиб ётган жавонларга кўзинг тушади. Шунга шама қиляпсан, тўғрими? Уларни чанг босиб ётгани етмагандай, камина янгисини иншо қилаётган бўлади. Гавжум бозорда сархил мева-сабзавотларга тўлиб кетган узундан-узун расталарнинг бир чеккасида чириган картошкасини ўтказа олмаётган деҳқоннинг ҳолига тушаман, топдимми?
– Ақлингга балли! – палағда товушда хиринглайди у.
– Бахтимизга, – дейман эътироз билдириб, – ҳалиям китоб харид қилиб ўқийдиганлар топилиб туради.
Шунда “ошнам” Скъясси энгашиб бошмоғимни обдон томоша қилади.
– Ўзингнинг косибинг борми, дейман?
 Унинг бошқа мавзуга кўчганига шукр қиламан. Зотан, ўзинг ҳақингда аччиқ ҳақиқатни эшитишдан ёмони бўлмаса керак.
– Қўли гул устам бор. У тиккан пишиқ-пухта ва қошиқдай бежирим туфлилар унча-бунчага ейилмайди.
– Қандини урсин! – дейди “ошнам”. – Лекин гаров ўйнайманки, у ҳам сен қатори пул топади.
– Бўлиши мумкин.
– Ахир шу ҳам инсофданми?
–Ким билсин. Нафсиламрини айтганда, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.
– Мени тушун, – ҳеч паст келмасди у, – ёзганларинг менга ёқмайди демоқчимасман. Шахсан сенга зиғирчаям хусуматим йўқ. Ҳамма гап шундаки, сен ва яна минглаб сендақалар алланима-балоларни бичиб-тўқиб китоб қилиб чиқарасизлар. Уларни сотиб олиб ўқийдиганлар топилиб турганига ўлайми яна. Бундан ҳамёнингизга жарақ-жарақ пуллар келиб тушяпти-ку! Китобларингизни реклама қилишяпти, танқидчилар кетма-кет рисолалар ёзиб, улар ҳам нашр этилмоқда.. Уларнинг турган-битгани уйдирма-ку! Ўзингга ҳам ғирт бемаъни туюлмайдими булар?! Тағин бизнинг асримизда — атом ва сунъий йўлдошлар асрида-я!… Сенингча бу машмаша қачонгача давом этиши мумкин?
– Билмадим. Эҳтимол, сен ҳақдирсан, – дейман батамом тушкунликка тушиб.
– Гапнинг пўсткалласи, кимгаям керагингиз бор ўзи?! – деди гапидан завқланиб Скъясси. – Адабиёт, санъат – чиройли ва жаранг-дор сўзлар, холос! Ҳозир санъат – нарса. Айни пайтда қанақанги санъат одамлар қалбида завқ-шавқ уйғотишини биласанми? Ўзинг гувоҳ, ҳаммаёқни бемаза лапарлар-у, тумтароқли шеърлар, вағир-вуғурлару, қийқириқлар тутиб кетган. Кенг истеъмол моллари дейсан! Мана шон-шуҳрат қаерда! Сен бўлсанг ақлни пешлаб, теран мушоҳадага ундайдиган мумтоз асарлар ёзиб юрибсан. Омади гап, туну кун қоғоз қоралаб нимагаям эришдинг?! Энг истеъдодсиз жаз машшоғиям сени бир чўқишда қочиради. Ҳозир томошабинга бир зумлик эҳтиросли лаззат бағишлайдиган тўпори санъат керак, чунки унда уқувга ҳам, қобилиятга ҳам ҳожат қолмайди.
Уни маъқуллаган бўлиб, бош ирғаб қўяман. Қани энди унга эътироз билдира олсам. Лекин “ошнам” га бу ҳам камлик қилаётганди.
– Қирқ йиллар илгари санъаткор эл-юрт ардоғида эди. Ҳозир-чи, ҳозир!… Шикаст-рехт етмаган битта-иккита осори атиқани айтмаса. Хемингуэй, Стравинский, Пикассо каби салафларнинг замони ўтиб кетди… Йўқ ва яна йўқ, бу сафар сизнинг ошиғингиз пукка тушган… Сен абстракт-санъат асарлари кўргазмасида бўлгансан, уларни санъатшунослар қандай таҳлил қилишиниям биласан. Ахир шу ҳам санъатми, ажи-бужининг ўзгинаси-ку! Матога наридан-бери бўёқ чаплаб, уни бир, ҳатто икки миллионга пуллашнинг уддасидан чиқаётган қаллобларнинг фириби эмасми бу?! Энгак қоқаётган беморнинг акашак қўли тортган чизиқми, дейсан. Сиз ижодкорлар бир ёққа, мухлисларингиз бошқа ёққа тортмоқдасизлар аравани. Охири бир-бирингиздан шунчалик олислаб кетасизки, … Айюҳаннос соласиз, жонҳолатда бақирасиз, лекин додингизни ит ҳам эшитмайди.
Аҳён-аҳёнда рўй бериб турадигандек шу он ислиқи кўча узра нимадир учиб ўтди. Ҳаво “қилт” этмайди, шунданми, борлиққа атир-упаларнинг эмас, балки бензин ва ачиган нарсаларнинг қўланса иси ўтириб қолган, чор-атрофдан куй-қўшиқларнинг ўрнига, у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб ўтаётган машиналарнинг овози қулоққа чалинади.
Таҳаййуримдаги тушунуксиз у-бу нарса инжа туйғулар ва тотли хотиралар билан йўғрилган таърифу тавсифга бўй бермас рўёларга ўхшаб кетгандек бўлди.
– Ҳарҳолда… – дейман шунда, нафратимни ичимга ютиб.
– Нима “ҳар ҳолда?” – дейди у куйдирилган калладай тиржайиб.
– Ҳарҳолда баҳолиқудрат яратаётган асарларимизни ҳеч кимса ўқимаётган, кўргазма заллари ҳувиллаб ётган, санъаткорлар санъ-атини бўм-бўш ўриндиқлар қаршисида ижро этишаётган бир пайтда ҳам ижодимиз маҳсули, йўқ, йўқ, мен ўзимни эмас, балки шу ишнинг этагидан тутиб нонини ҳалоллаб еяётган ижодкорларни назар тутяпман.
– Дадилроқ, ҳа, бўш келма! – Мени ўйиб-ўйиб оларди “ошнам”.
– Ўша сен “сафсата” деяётган ҳикоялар, ажи-бужи расмлар, ўша сен сатта тушунуксиз ва аҳмоқона ҳисоблаётган куй-қўшиқлар абадул-абад маънавиятимизнинг беназир мулки, инсоний қадриятларимизнинг ёрқин тимсоли бўлиб қолаверади.
– Менга ақл ўргатяпсанми? – тутақиб кетди Скъясси. Ўзимни тутиб туролмадим. Асабларим қақшаб, нимадир ёқамдан бўға бошлади.
– Ҳа-ҳа! Балки сен буни ғирт телбалик дерсан, лекин санъат ҳамиша бизни ҳайвондан ажратиб турувчи мезон бўлиб қолаверади. Бу ерда унинг самарадорлиги ёки бесамарлиги муҳим роль ўйнамайди. Эҳтимол, адабиёт ва санъат атом бомбаси, сунъий йўлдошлар ҳамда олисга учувчи ракеталардан анчайин бесамардир. Аммо-лекин рўзи машҳарда, ҳа, мана шу телбаликларнинг барига сўнгги нуқта қўйиладиган кунда бани башарнинг ҳақир қурт-қумурсқалардан мутлақо фарқи қолмайди. Зотан қумурсқа уяси билан энг замонавий техника ўртасидаги масофа шунчалик қисқариб…
– Айтмоқчисанки, сюрреализм йўлида ёзилган ўн қатор шеърнинг мисралари орасичалик ҳам…
– Ҳа, ҳа, бир қарашда бемаъни, ғалати туюладиган, нари борса беш мисра шеърдан, демоқчисан-да… Шеър ёзиш, агар билсанг, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, шундай экан, сендақалар шеъриятни қаердан ҳам тушунсин! Балки поэзияни мен ҳам теран англаб етмасман. Модомики…
Шунда “ошнам” завқ-шавққа тўлиб кула бошлади, узоқ ёйилиб кулди, энди унинг кулгиси беғараз, самимий эди. Мен бўлсам таҳаййур бармоғини тишлаб қолгандим.
У кифтимга салмоқ билан уриб қўйди.
– Нимани назарда тутяпсан? – дейман ғулдираб.
– Ҳеч нарсани, ҳеч нарсани, –дейди Скъясси.
Унинг чувак юзлари ботинидан таралаётган савқи табиий нурдан ёришиб кетгандек бўлди. – Бундоқ қарасам, сувга тушган мушукка ўхшаб турибсан. Нима бало, ҳаммасига қўл силтаб юборганмисан дейман. Мендан ёзғириб юбормагин тағин, сени шунчаки ғафлатдан уйғотмоқчи эдим, шу холос.
Тўғриси, худди қайтадан туғилгандек ҳис қилдим ўзимни: менда анчайин эркин, бақадри имкон ишонч пайдо бўлди. Сигаретамни чекиб тугатгунимча Скъясси арвоҳ янглиғ йитиб кетганди.
 
Рус тилидан Илҳом Ҳафизов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.