Чингиз Айтматов. Шохдор она буғу ривояти

Бу жуда қадимда ўтган. Замонларнинг замонида, ер юзида майсалардан кўра дов-дарахтлар кўп бўлган, қурғоқ ерлардан кўра ўлкамизда оби ҳаёт мўл бўлган даврларда бир қирғиз қабиласи улкан ва муздай дарё бўйида яшарди. Бу дарёни Энасой деб аташарди. У бу ерлардан узоқда, Сибирдан бошланади. У ерларга отда уч йилу уч ойда етиб бориш мумкин. Бу дарёни ҳозир Енисей дейишади, илгарилари Энасой деб юритишган. У ҳақда шундай қўшиқ ҳам тўқилган:

Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.
Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.
Мана шунақа эди, бу Энасой дарёси.

Энасой бўйида турли хил элат яшарди. Улар ғоят оғир ҳаёт кечирарди, чунки улар бир-бирларига доимо адоват кўзи билан қарар эдилар. Қирғиз қабиласини душманлар турли томондан қуршаб олганди. Гоҳ улар, гоҳ булар ҳужум қилишар, гоҳо қирғизларнинг ўзи ҳам бошқаларга човут солиб, молларни ҳайдаб кетишар, уйларига ўт қўйишар, одамларни ўлдиришарди. Қулай келиб қолганда бир томон иккинчи томон одамларини ўлдириб юборар эди. Замон шунақа эди. Одамнинг одамга ичи ачимасди. Одам одамни ғажирди. Шу даражага борилдики, ҳеч кимнинг деҳқончилик қилгиси, мол боққиси, ов қилгиси келмай қолди.
Қароқчилик билан кун кечириш осон туюларди; қўққисдан босасан, ўлдирасан, оласан-кетасан. Бир қотилликка қасдма-қасд ўн қотиллик билан жавоб беришга ҳаракат қилишарди. Шу зайлда кун ўтган сайин кўпроқ қон тўкиларди. Одамларда ақл ўтмаслашиб борарди. Душманларни яраштирадиган, инсоф­га келтирадиган одам йўқ эди. Душманга қирон келтириб, ўзга қабиланинг сўнгги одамигача қонини оқизган, молу мулкини қўлга киритган одам энг ақлли ва уддабурон саналарди.
Ўрмонда бир ғаройиб қуш пайдо бўлиб қолди. Инсон овозига ўхшаш аянчли овоз билан тундан тонггача сайрар ва йиғлар, шохдан-шохга сакраб сўйларди; «Катта бахтсизлик бўлади! Катта бахтсизлик бўлади». Шундай бўлди ҳам, ўша қора кун келди.
Ўша куни қирғиз қабиласи Энасой бўйида ўзининг буюк оқсоқолидан жудо бўлди. Ботир Қулчи кўп йиллар йўлбошчилик қилди, кўпгина юришларда, жанг-жадалларда қатнашди. Жангларда омон қолди, лекин ажали етди. Қабиладошлар икки кун катта ғам-аламда ўртандилар, учинчи куни эса ботирнинг жасадини ерга топширгани йиғилдилар. Эски одатга кўра, буюк оқсоқолни Энасойнинг ўнқир-чўнқирли қирғоғи бўйлаб сўнгги йўлга кузатиш лозим эди, токи марҳумнинг руҳи Энасой дарёси билан юксакликда жудолашсин, ахир «Эна» – бу она демак, «сой» эса – бу дарёнинг  ўзани-ку. Унинг қалби Энасой ҳақидаги қўшиқни сўнгги бор куйласин.

Сендан улкан дарё борми, Энасой,
Сендан азиз тупроқ борми, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам борми, Энасой,
Сендан озод қучоқ борми, Энасой.
Сендан улкан дарё йўқдир, Энасой,
Сендан азиз тупроқ йўқдир, Энасой.
Сендан чуқур дард ҳам йўқдир, Энасой,
Сендан озод қучоқ йўқдир, Энасой.

Дафн этиш лозим бўлган тепаликда ёруғ жаҳоннинг тўрт томонини кўрсатмоқ учун ботирнинг қабри бош узра кўтарилди: «Мана сенинг дарёнг. Мана сенинг осмонинг. Мана сенинг еринг. Сен биз билан, ҳаммамиз бир уруғ одамларимиз. Осуда ухла. Биз ҳаммамиз сени кузатгани келдик». Келажак авлод хотираси учун ботирнинг қабри устига мармар тош қўйилди.
Ботирнинг жасадини дафн этишга олиб ўтишганда ҳар бир оила ўз остонаси олдида у билан видолашишади, оқ мотам яловини эгиб, ув тортиб йиғлашади, кейин бошқалар билан бирга қўшилиб яна оқ мотам яловларини эгилтирган ҳолда, айтиб йиғлашаётган келгуси ўтов томон илгарилаб боришади ва шу зайлда сўнгги манзилга, то қабристонгача етиб бориш учун мотам кунларида барча қабиладошлар ўтовларини дарё ёқасига қатор тикишди.
Ўша куни ҳамма тайёргарлик кўриб бўлинганда қуёш уйқудан бош кўтарганди, учига отнинг думи боғланган туғ ва ботирнинг уруш аслаҳалари – найза ва қалқони олиб чиқилди. Унинг оти дафн этиш ёпиқлари билан буркалган эди. Карнайчилар жанговар куй чалишга, барабанчилар барабанга таёқни жон-жаҳдлари билан уришга шай эдиларки, токи ўрмон ларзага келсин, қушлар булут янглиғ осмонга кўтарилиб, шовқин-сурон ва нола солсинлар. Йиртқич ҳайвонлар бўкириб-ҳайқириб чакалакзорларга чопиб қолсин, майсалар ерга қапишиб кетсин, садолар жаранглаб, тоғларни ларзага келтирсин. Мотамсаро аёллар сочларини ёйиб, ботир Қулчига аза очишга шай туришарди. Йигитлар забардаст елкаларида ботирнинг катта, оғир жасадини безовта қилмай кўтариш учун тиз чўккан эдилар. Ҳамма нарса ботирни охирги йўлга кузатиб қўйишга тайёр эди. Ўрмон этагида эса тўққизта бия, тўққизта ҳўкиз, тўққизта тўққизлик қўй қурбонлик учун ҳозирлаб қўйилганди. Шунда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Энасойликлар бир-бирига ҳар қанча душман бўлмасин, оқсоқолларнинг дафн маросими кунларида бир-бири билан уруш қилишни расм қилмаганди. Мана ҳозир эса бир тўда душман ғам-андуҳга ботган қирғоқдагиларни тонг чоғи тўрт томондан сездирмай ўраб келиб, пистирмалардан баробарига отилиб чиқиб, ҳамлага ўтдиларки, оқибатда ҳеч ким отга ҳам минолмади, қўлига қурол ҳам ола олмади. Шу тариқа кўз кўрмаган қирғин уруш бошланди. Ҳаммани бир чеккадан ўлдира бошлашди. Енгилмас қирғиз қабиласини бир ҳамла билан қириб ташлаш – душман режаси ана шундай эди. Ҳаммани бир бошдан қилич дамидан ўтказишди, токи бу ёвузликни эслаб ҳеч ким ёдга олмасин, қасоскор қолмасин, вақт эса ўтмиш изларини қумлар билан кўмиб юборсин. Туя кўрдингми – йўқ.
Инсонни туғиш ва ўстириш қанчалар қийин, ўлдириш эса – ҳаммасидан осон. Баъзи бировлар ўз қонига ботиб қиймаланиб ётишар, бировлар эса қилич ва найзадан қутулиб қолмоқ учун ўзини дарёга отар, Энасой тўлқинлари орасида чўкиб кетарди. Дарё ёқалаб жарликлару тикка кесиб тушган қирғоқлар бўйлаб бутун бир чақирим йўлда оловга қопланган  ўтовлар ловуллаб ёнарди. Ҳеч ким қочиб қутула олмади, ҳеч ким омон қолмади. Ҳаммаси ўлдирилди ва куйдирилди. Ўлиб ётганларнинг жасадини қирғоқдан Энасойга улоқтирдилар. Душманлар: «Энди бу ерлар бизники! Энди бу ўрмонлар бизники! Энди бу моллар бизники!» – деб қувонишарди.
Улар бой ўлжа билан қайтишар экан, ўрмондан икки бола – бир ўғил ва бир қизнинг қандай чиқиб келганини пайқашмади. Бу ўзбошимча ва шўх болалар ота-оналаридан яширинча эрталабоқ яқин ўрмонга қўлсават учун пўстлоқ шилгани кетишганди. Улар ўйнаб юришиб, ўрмоннинг анча ичкарисига кириб кетишганини сезмай қолишди. Жанг суронини эшитиб орқага қайтган гўдаклар на отасини, на онасини, на акасини, на опасини тирик топа олдилар. Гўдаклар ота-онасидан ва элатидан жудо бўлиб қолди. Улар бўзлаб култепадан култепага чопишар, лекин биронта тирик жонни топиб бўлмасди. Бир зум ичида етим бўлиб қолишди. Ёруғ жаҳонда яккаю ёлғиз қолдилар. Узоқларда эса жанг тўзони кўкка уриларди, душманлар қонли кураш натижасида қўлга киритган мол ва қўйларини ҳайдаб кетишарди.
Болалар туёқлар остидан кўтарилган чангни кўриб, ўша томонга югуришди. Улар қонхўр душман изидан йиғлаб, қичқириб чопишарди. Фақат боланинг қалбигина шундай соддадил бўлади. Жаллодлардан яшириниш ўрнига уларга етиб олишга шошилишарди. Ҳар нима бўлса ҳам ёлғиз қолишмаса, бу вайронадан, лаънати жойдан нари кетишса бас. Бир-бирининг қўлидан ушлаб олишган бола ва қизча кетаётганлар орқасидан  қувиб жиндаккина кутишни, ўзлари билан бирга олиб кетишларини ёлвориб сўрашарди. Бироқ қий-чув ва туёқларнинг дупур-дупури-ю, ҳайдовчиларнинг ҳайқириғида бу ожиз овозларни ким эшитарди.
Болалар жон-жаҳди билан узоқ чопишди. Лекин барибир, етиб олишолмади. Кейин эса йиқилиб қолишди. Атрофга боқишга, қимирлашга қўрқишарди. Ҳамма ёқ ваҳимали эди. Шу зайлда бир-бирининг пинжига кириб кўзлари юмилганини билмай қолишди.
Етимча етти кўча, деб бекорга айтмаганлар. Тун бехатар ўтди. Ҳайвон уларга тегмади, ўрмон махлуқлари кўтариб кетмади. Улар уйғонишганда тонг отганди. Қуёш нур сочиб, қушлар сайрарди. Болалар ўринларидан туриб яна мол ҳайдовчиларнинг изидан йўлга тушишди.
Йўлма-йўл мева ва илдиз еб жон сақлашди. Йўл юра-юра учинчи куни бир тоғ тепасида тўхташди. Пастга қарашса – кенг, ям-яшил майсазорда катта тантана бўлаётибди. Бу ерда тикилган ўтовларнинг, гуриллаб ёнаётган гулханларнинг, гулхан атрофида ўтирган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Қизлар ҳалинчак учиб хиргойи қилишмоқда. Давра тортган одамлар ўртасида полвонлар худди бургутдай гир айланиб, бир-бирини итқитиб отишяпти. Душманлар ўзларининг  ғалабасини нишонлашарди.
Бола билан қиз яқин боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай тоғ тепасида туришарди. Лекин гўшт қовурдоқ, нон, саримсоқнинг ёқимли ҳиди уфуриб турган гулхан атрофида пайдо бўлиб қолишни исташарди.
Болалар чидаб туришолмади, тоғдан туша бош­лашди. Тантана эгалари ҳайрон бўлишди, уларни тўда бўлиб ўраб олишди.
– Кимсанлар? Қаёқдан келдиларинг?
– Биз очмиз, – жавоб берди бола билан қизча, – бизга ейдиган бир нима берсангиз.
Улар болаларнинг тилидан ким эканлигини дарров пайқаб қолишди. Бақириб-чақириб, шовқин солишди. Тугатилмаган душман оиласининг омон қолган аъзоларини ҳозир ўлдириш керакми ёки хоннинг олдига олиб бориш керакми? – деб баҳсга тушиб кетишди. Улар баҳслашиб турганда раҳмдилгина бир аёл болаларга жиндек пишган от гўшти узатди. Болаларни хон ҳузурига судраб боришар экан, улар қўлларидаги овқатни ютоқиб еяверишди. Уларни остонада ойболта ушлаб турган ясовуллар хоннинг баланд қизил ўтовига олиб келишди. Бутун қароргоҳ бўйлаб эса аллақаёқдан пайдо бўлиб қолган қирғиз зотлари ҳақидаги ташвишли хабар тарқалди. Бу нимадан дарак бериши мумкин? Ҳамма ўз ўйини ва тантанани тарк этиб, ур-тўполон билан хоннинг ўтови томон чопиб кетди. Бу пайт хон машҳур лашкарлари билан қордай оппоқ намат тўрида савлат тўкиб ўтирарди. У асал қўшилган қимизни симириб, мақтов қўшиқларини сел бўлиб тинглаб ўтирарди. Хон одамлар нима учун тўпланишганини билгач, ғазабдан қутуриб кетди:
– Мени безовта қилишга қандай журъат этдиларинг? Биз ахир қирғиз зотини бутунлай қириб ташламаган эдикми? Мен сенларни Энасойнинг абадий ҳукмрони қилиб қўймадимми? Намунча ўпкаларинг­ни қўлтиқлаб югуриб келмасаларинг, қўрқоқлар? Қаранглар, олдиларингда ким турибди! Эй, чўтир юзли Баймоқ кампир, – қичқирди хон. Кампир оломон орасидан ажралиб чиққанда эса унга деди: – Мана буларни ўрмонга обориб шундай қилгинки, шу билан қирғиз зоти тугасин, хаёлда ҳам қолмасин, номи абадий ўчсин. Бошла, Чўтир Баймоқ кампир, айтганимни дарҳол бажо келтир…
Чўтир Баймоқ кампир жимгина итоат қилиб, бола билан қизни қўлидан ушлади-да, олиб кетди. Улар ўрмон оралаб узоқ юргач, Энасой қирғоғидаги баланд жарликка етиб келишди. Чўтир Баймоқ кампир болаларни шу ерда тўхтатиб, уларни жар ёқасига олиб келди. Сўнг, уларни жарликка итариб юбориш олдидан шундай деди:
– О, муаззам Энасой дарёси! Сенинг қаърингга тоғни қулатса, у бир харсангдай жо бўлади. Агар юз йиллик қарағайни ташласа, уни чўпдай оқизиб кетасан. Кел энди, икки қум заррасини – икки инсон боласини ўз бағрингга олгин. Уларга ер юзида жой йўқ. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Агар юлдузлар одамга айланиб қолса борми, осмон уларга торлик қилиб қолади. Агар балиқлар одамга айланиб қолса борми, уларга дарё ва денгизлар торлик қилиб қолади. Сенга мен айтиб ўтиришим керакми, Энасой? Ол, бу болаларни, улоқтириб кет. Қўй, улар бу манфур дунёмизни гўдакликда, тоза қалб билан, болалик ҳаёси билан, ёвуз ният ва ёвуз ишлар билан ўз номига иснод келтиришга улгурмасданоқ тарк этишсин, токи, инсон азоб-уқубатини кўриш ва бошқаларнинг ҳам ғам-аламига сабабчи бўлиш уларга насиб қилмасин. Ол буларни, ола қол буларни, қудратли Энасой…
Болалар зор қақшаб, ҳўнграб йиғларди. Тик қирғоқдан пастга қараш қанчалик даҳшатли эканини кўриб турган болаларнинг қулоғига кампирнинг сўзи кирмасди. Пастда эса қутурган тўлқинлар сапчийди.
– Қучоқлашинглар, болалар, охирги марта хайрлашиб олинглар, – деди Чўтир Баймоқ кампир. Ўзи эса уларни жарга ирғитиш қулай бўлсин учун енгларини шимарди. Кейин шундай деди: — Энди мени кечиринглар, болалар. Пешонангизга ёзгани шу экан. Бу ишимни ҳозир ўз ихтиёрим билан қилмаётган бўлсам ҳам, лекин сизларнинг бахтингизга…
У гапини тугатмаган ҳам эдики, ёнгинасидан бир овоз келди:
– Тўхта, доно, оқила кампир, гуноҳсиз болаларни жувонмарг қилма.
Чўтир Баймоқ кампир қайрилиб қаради-ю, ҳайратда қолди: қаршисида ғаройиб она буғу турарди. Унинг йирик-йирик кўзлари таънали ва ғамгин боқарди. У сутдек оқ, қорни бўталоқнинг юнгидек қўнғир юнг билан қопланган. Шохлари бўлса гўзаллик тимсоли: сербутоқ, гўё кузги дарахтнинг бир бўлак шохи. Елини эмизикли аёлнинг кўкрагидек топ-тоза ва силлиқ.
– Кимсан? Нега одамга ўхшаб гапиряпсан? – сўради Чўтир Баймоқ кампир.
– Мен она буғуман, – жавоб берди у. – Шунинг учун одамга ўхшаб гапирдимки, бўлмаса сен тушунмайсан, қулоқ ҳам солмайсан.
– Нима истайсан, она буғу!
– Қўйиб юбор болаларни, доноларнинг доноси. Сендан илтимос қиламан, уларни менга бер.
– Нима қиласан уларни?
– Одамлар менинг икки эгизимни, икки буғу боласини ўлдиришди. Мен ўзимга бола излаб юрибман.
– Сен буларни боқмоқчимисан?
– Ҳа, доноларнинг доно аёли.
– Сен яхшилаб ўйлаб кўрдингми, она буғу? – масхараомуз кулди Чўтир Баймоқ кампир. – Булар ахир одам боласи-ку. Булар катта бўлишади, кейин сенинг болаларингни ўлдиришади.
– Улар катта бўлишса, менинг болаларимни ўлдиришмайди, – жавоб қилди унга буғулар онаси. – Мен уларга она бўламан, улар эса менинг болаларим. Ахир улар ўз ака-укаларини ўлдиришадими?
– Эҳ, нимасини айтасан, она буғу, сен одамларни билмайсан, – бош тебратди Чўтир Баймоқ кампир, – улар ўрмон ҳайвонларигагина эмас, ҳатто ўз-ўзларига ҳам раҳм-шафқат қилишмайди. Бу етимчаларни сенга  берардим, шунда менинг сўзларим қанчалик ростлигига ўзинг гувоҳ бўлардинг, лекин одамлар барибир қўлингдан тортиб олиб бу болаларни ўлдиришади. Бунча ғамнинг сенга нима кераги бор?
– Мен болаларни узоқ ўлкаларга олиб кетаман, у ердан болаларни ҳеч ким қидириб тополмайди. Болаларга раҳм қил, доноларнинг доноси, озод қил уларни. Мен уларга садоқатли она бўлайин. Елинларим тўлиб турибди. Сутим болаларни орзиқиб кутяпти. У болаларга интизор.
– Ҳа, майли, шундай бўладиган бўлса, – деди охири Чўтир Баймоқ кампир ўйлаб туриб, – буларни тезроқ олиб жўна. Етимларни ўзингнинг узоқ юртинг­га олиб кет. Агар улар узоқ йўл юриб толиқиб ҳалок бўлса ёки дуч келган қароқчилар ўлдириб кетса, ёки бўлмаса бу одам болалари сенинг яхшилигингга ёмонлик билан жавоб қайтаришса, ўзингдан кўр.
Она буғу Чўтир Баймоқ кампирга миннатдорчилик билдирди. Бола билан қизга эса:
– Энди мен сизларнинг оналарингман, сизлар эса менинг болаларимсизлар, – деди. – Сенларни узоқ юртга, қорли тоғ ва дарахтзорлар қўйнида жойлашган илиқ денгиз – Иссиқкўлга олиб кетаман.
Бола ва қизча шодланиб, Шохдор она буғу ортидан чопқиллаб кетишди. Лекин аста-секин чарчаб, ҳолдан тойишди, йўл эса олис – дунёнинг бу четидан у четига чўзилган. Она буғу болаларни ўз сути билан боқиб, кечалари бағрига босиб иситмаганда улар ҳеч қаерга ҳам етишолмас эди. Улар узоқ юришди. Она юрт бўлмиш Энасой тобора ортга чекиниб борар, лекин янги ватан бўлмиш Иссиқкўлга ҳали жуда узоқ эди. Йўл юришди, йўл юришса ҳам мўл юришди. Ёзу қиш, кўкламу ёз ва куз, яна ёзу қиш, яна баҳору, яна ёз ва қуз қалин ўрмонлардан, жазирама чўллардан, кўчма қум  саҳролардан, баланд тоғлардан ва ҳайқириб оққан дарёлардан не машаққат билан ўтишди. Уларнинг изидан бўрилар галаси қувди, Шохдор она буғу эса болаларни устига миндириб ёвуз йиртқичлардан қутқариб кетди. Уларнинг изидан тушган отлиқ овчилар ўқ узиб, қичқиришарди: «Буғу одам боласини ўғирлаб кетяпти! Ушла! Тут!» ва кетма-кет ўқ узишарди. Шохдор она буғу болаларни опичиб, ғизиллаб учаётган ўқларга, чақирилмаган қутқарувчиларга етказмай борарди. У ўқдан кўра тезроқ чопар ва шивирларди:
– Маҳкамроқ  ушланглар, болаларим, босқинчилар!
Охири Шохдор она буғу ўз болаларини Иссиқкўлга етказиб келди. Улар тоғ тепасида туриб, ҳайратланишарди. Чор атроф қорли тоғлар билан қопланган, тоғлар ўртасида кўм-кўк ўрмон, кўз илғаган ҳамма жойда денгиз чайқалиб шовуллаб турарди. Кўм-кўк сув юзида оппоқ тўлқинлар югурар, шамол уларни узоқлардан ҳайдаб келиб, яна йироқларга ҳайдаб кетарди. Иссиқкўл қайдан бошланиб, қайда тугайди – билиб бўлмасди. Бир чеккасида қуёш бош кўтарса, иккинчисида ҳали тун пардасини йиғиштиролмасди. Иссиқкўлнинг чор атрофини қанча тоғ қуршаб олган  санаб бўлмасди, у тоғлар ортида яна шунга ўхшаш қанчадан-қанча қорли тоғлар бўй чўзиб турибди.
– Мана шу янги ватанингиз бўлади, – деди Шохдор она буғу. – Мана шу ерда яшайсизлар, ер ҳайдайсизлар, балиқ тутасизлар, молу ҳол қиласизлар. Минг йиллар тинч-тотув яшанглар. Ҳа, сизларнинг авлодингиз яшайди, кўпаяди. Сизлар келтирган тилни авлодлар унутишмайди. Уларга ўз она тилларида сўзлаш ва куйлаш ёқимли бўлади. Инсонларга қандай яшаш лозим бўлса шундай яшанглар. Мен эса сизлар ва сизларнинг болаларингизнинг болалари билан ҳамиша бирга бўлай…
Мана шундай қилиб, бола ва қизча қирғиз авлодининг аждодлари сифатида мангу жаннатмакон Иссиқкўлда ўзларига янги макон топдилар.
Вақт тез ўтиб бораверди. Бола бақувват йигит бўлди, қиз бўйга етди. Шунда улар қовушиб, эр-хотин бўлдилар. Шохдор она буғу эса Иссиқкўлни тарк этмасдан, яқин ўртадаги ўрмонда яшай бошлади.
Бир кун тонг маҳали Иссиқкўл қўққисдан нотинч­ланиб, шовуллай бошлади. Қизни тўлғоқ тутиб, азоб­ланмоқда эди. Эр эса чўчиб кетди. Қоя устига чопиб чиқди-да, овозининг борича чақира бошлади:
– Қаердасан, Шохдор она буғу? Иссиқкўл қандай шовқин соляпти, эшитяпсанми? Қизинг туғяпти. Тезроқ кел, Шохдор она буғу, бизга ёрдам қил…
Шунда узоқдан худди карвонларнинг қўнғироғидай жарангдор товуш эшитилди. Бу товуш тобора яқинлашиб келаверди. Шохдор она буғу етиб келди!
У шохларида бешик келтирди. Бешик оппоқ қа­йиндан ясалган бўлиб, бандида кумуш қўнғироқча жаранглаб турарди. Бу қўнғироқ Иссиқкўл бешикларида ҳозиргача ҳам янграб турибди. Оналар бешикларни тебратар, кумуш қўнғироқ жаранглар, гўё Шохдор она буғу узоқлардан чопиб, шошиб, шохларида қайин бешик кўтариб келаётгандай туюлади…
Шохдор она буғу етиб келди-ю, шу пайт қизнинг ҳам кўзи ёриди.
– Бу бешик сизларнинг тўнғичларингиз учун, – деди Шохдор она буғу. – Ҳали кўп фарзанд кўрасизлар. Етти ўғил, етти қиз!
Ота-она хурсанд бўлишди. Тўнғич фарзандларини Шохдор она буғу шарафига Буғубой деб аташди. Буғубой ўсиб-улғайди, қипчоқлар авлодидан бўлган гўзал қизга уйланди, шу билан Буғубой авлоди – Шохдор она буғу авлоди кўпая бошлади. Буғубой авлодлари Иссиқкўлда кўп ва қудратли бўлиб қолди. Бу авлод Шохдор она буғуни муқаддас деб билишарди. Буғубой авлодларининг ўтовида эшик тепасига буғу шохи осиб қўйилар, бу эса узоқ-узоқлардан ҳам ўтовнинг Буғубойлар авлодига мансуб эканлигидан дарак бериб турарди. Босқинчи душманларни даф этганда ёки пойга мусобақаларида Буғубой авлодларини «Буғу» деган битта лақабнинг ўзиданоқ англаб олишар, улар эса ҳар доим ғолиб чиқишарди. Ўша кезлар Иссиқкўл ўрмонларида оппоқ шохдор буғулар бўларди, гўзалликда ҳатто кўкдаги юлдузлар ҳам уларга рашк қиларди. Улар шохдор она буғунинг болалари эди. Уларга ҳеч ким тегмасди, ҳеч ким ҳуркитмас эди. Буғубой авлодлари буғуга дуч келган жойда отдан тушиб, унга йўл берарди. Ошиқлар суйган қизларини сулувликда гўзал оқ буғуга қиёс қилишарди…
Буғубой авлодининг ошиб-тошиб кетган машҳур бир бойи то ўлгунига қадар шу одат сақланиб қолди. Унинг минг-минглаб қўйлари, минг-минглаб йилқилари бўлиб, молларига қарайдиган қанча-қанча чўпонлар ҳам унинг измида эди. Ўғиллари унга катта маърака қилишди. Улар бу маъракага ер юзининг ҳамма маълум ва машҳур кишиларини чақиришди. Меҳмонлар учун Иссиқкўл қирғоғига бир минг бир юзта ўтов тикдилар. Қанча мол сўйилди, қанча қимиз ичилди, қанчалаб қашқарча ноз-неъматлар берилди, саноғига етиб бўлмасди. Бойнинг ўғиллари герда­йиб юришарди: Ахир отадан битмас-туганмас мерос қолганлигини, фарзандлар отани ҳурматлаб, унинг хотирасини қандай эъзозлашларини одамлар кўриб қўйсин-да… («Э бўтам, одамлар ақл ўрнига бойлигини кўз-кўз қилишса, бу қандай ярамаслик».)
Марсия айтувчилар эса марҳумнинг ўғиллари тақдим этган арғумоқларда елиб, совғага берилган сувсар телпак ва шойи тўнларга ўралиб, марҳумни ва унинг меросхўрларини кўкларга кўтариб мақташарди.
– Бу оламда бундай бахтли ҳаёт ва шукуҳли маъракани кўрган борми? – деб куйларди бири.
– Дунё бино бўлгандан бери бунақаси ҳали бўлмаган! – дерди иккинчиси.
– Ҳеч қаерда бўлмаган! Фақат биздагина ота-она­ларни шундай ҳурматлашади, ота-она шон-шарафини юксак тутишади, уларнинг муқаддас номини улуғлашади, – куйларди учинчиси.
– Эй, қақилдоқ марсиячилар, нима деб валдираяпсиз! Оламда бу ҳотамтойликнинг таърифига лойиқ сўз, марҳумнинг шон-шуҳратига тенг келадиган шуҳрат бор эканми? – куйларди тўртинчиси…
Улар шу зайлда кеча-кундуз ким ўзарга баҳслашарди. («Э-э, бўтам, ҳофизлар ҳамду сано ўқишда баҳслашса, қандай ярамаслик, улар қўшиқчидан қўшиқ кушандасига айланишади».)
Довруқ солган маърака кўп кунлик байрамдай ўтди. Бойнинг мақтанчоқ  ўғиллари бошқаларни лол қолдиришни, шуҳратлари оламга ёйилишини орзу қилишди. Яна бунинг устига мангу уйқуга кетган шавкатли оталари Шохдор она буғу авлодидан эканлигини ҳамма билиши учун унинг қабрига буғу шохини ўрнатишни ўйлаб топишди. («Э бўтам, қадимги одамлардан қолган гап бор: бойлик – такаббурликни, такаббурлик эса телбаликни туғдиради».)
Бойнинг ўғилларни ота хотирасига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ёдгорлик ўрнатишни исташгани учун ҳам ҳеч нима уларга тўсқинлик қила олмади. Айтилган сўз – отилган ўқ.  Овчиларни йўллашди. Овчилар буғу отиб, шохини танасидан айиришди. Буғу шохларининг тепага таралиб туриши кўкда парвоз қилаётган бургутнинг қанотларига ўхшарди. Буғу шохлари ўғилларга ёқиб тушди: уларнинг ҳар бири ўн саккиз бутоққа бўлинган – демак, ўн саккиз ёшда экан. Яхши! Улар шохни қабр устига ўрнатиш учун усталарга фармон беришди.
Қариялар ҳайратда қолишди:
– Буғуни ўлдиришга қандай ҳаддингиз сиғди? Шохдор она буғу авлодига қўл кўтаришга ким журъат этди?
Бойнинг меросхўрлари уларга жавобан:
– Биз ўз еримиздаги буғуни ўлдирдик. Бизнинг салтанатимиз остидаги ерларда нимаики қимирлаган, учган тирик жонзот бўлса, пашшадан тортиб туя­гача – ҳаммаси бизники. Ўзимизга қарашли жамики нарсаларни нима қилиш-қилмасликни ўзимиз яхши биламиз. Йўқолинглар! – дейишди.
Хизматкорлар қарияларни қамчи билан савалаб, отга тескари миндиришди-да, сазойи қилиб ҳайдашди.
Ҳамма бало шундан бошланди. Шохдор она буғу авлодларининг бошига катта бахтсизлик тушди. Деяр­ли ҳар бир киши ўрмонларда оқ буғуларни овлашга тушиб кетди. Буғубой авлодидан бўлган ҳар бир киши ўз аждодлари қабрига буғушох ўрнатишни бурч деб билар эди. Бу иш энди марҳумлар хотирасига бўлган муқаддас вазифа, алоҳида ҳурматга айланди. Кимки буғу шохларини тополмас экан, энди уни одам ўрнида санамай қўйишди. Буғу шохлари билан савдо қилиш, уларни олдиндан ғамлаб қўйиш одат тусига кириб қолди. Шохдор она буғу авлодлари орасида шундай кишилар пайдо бўлдики, улар буғу шохларидан ўлжа йиғишни ва пуллашни ҳунар қилиб олдилар. («Э бўтам, пул ҳукмрон бўлган жойда эзгу сўзга ўрин йўқ. Гўзалликка ўрин йўқ».)
Иссиқкўл ўрмонларида буғуларга қирғин келди. Уларга шафқатсиз бўлишди. Буғулар қадам етмаган жойларга қочди, лекин у ерда ҳам қўйишмади. Овчилар тозиларни қўйиб пистирма томон ҳайдашар, ўзлари эса пистирмаларда беркиниб ётиб, яқинлашган буғуларни бехато отиб олишарди. Буғуларни тўда-тўдаси билан қиришди, шох бутоқлари энг кўп бўлган буғуни ким отарга гаровга боғлашарди.
Буғулар ғойиб бўлди. Тоғларни тарк этди. На тунда, на тонгда буғу овози эшитиларди. На ўрмонда, на яйловда унинг қандай ирғишлаб, қандай сапчишларини, шохларини елкаси устига ташлаб, парвоздаги қушдай жарликлардан қандай сакраб ўтишларини энди ҳеч ким кўрмасди. Бутун умри бўйи буғу нима эканлигини кўрмаган янги инсонлар туғилди. Фақат у ҳақидаги эртакларни эшитиб, қабрлар устидаги шохларни кўришди, холос.
Шохдор она буғуга нима бўлди?
У одамлардан ранжиди, жуда қаттиқ ранжиди. Айтишларича, сон-саноқсиз ўқлар ва тозилар дастидан буғуларга кун қолмаган, уларнинг энг сўнгги авлоди бармоқ билан санарли даражада оз қолган чоғда Шохдор она буғу энг баланд чўққига кўтарилиб, Иссиқкўл билан видолашибди ва сўнгги болаларини улкан довон ортига, бошқа юртларга, бошқа тоғларга бошлаб кетибди.
Мана, оламда қандай ишлар бўлади. Мана, эртак ҳам тугади. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма.
Шохдор она буғу эса кетиши олдидан, «Бундан буён бу ерларга асло қадам босмайман», дебди…

Асил Рашидов таржимаси.