Ли Лан. Эртаклар олами (ҳикоя)

Қадим замонларда…
У пайтларда бувим ёшгина, ўн беш яшар келин бўлиб, биринчи марта қадрдон гўшасини ташлаб, эри билан мамлакатнинг шарқий ҳудудига жўнаб кетган эди. Бувам ҳам навқирон йигитча эди ўшанда, унинг ёш ва гўзал хотини-ю бўксасига осиб олган энли ханжаридан бўлак бойлиги йўқ эди.
Теварак-атроф ўтиб бўлмас чангалзор ва ўрмондан иборат. Бироқ қўл қовуштириб ўтиришдан фойда йўқ, пировардида бувам дарахт кесиб, ер очди, тўнкаларни ковлаб олиб ташлаб, экинзор учун жой ҳозирлади, бувим эса ўша майдонда боғ барпо қилди. У биринчи бўлиб дурьян дарахтини эккан экан…
– Ўша дарахт ҳалиям борми?
– Бор. Бу меваларни ўша дарахтдан узиб келтирганман. Ана тепага қаранг.
Биз бир-биримизга қараб олдик. Дарҳақиқат, биз ана ўша кекса дарахт соясида ўтирар эдик. Чинданам унинг аллазамонларда экилгани сезиларди: пўстлоғи қуриб-қовжираган ва кўпгина ерлари оқариб ола-пес ҳолга келган, бироқ танаси ҳамон темирдай қаттиқ ҳамда шунчалар йўғон эдики, биз, уч нафар бола қўл ушлашиб ҳам уни қучоғимизга сиғдиролмаймиз. Унинг ғадир-будур шохлари тарвақайлаб ўсган, йирик-йирик мевалари эса дағал тиканли пўстлоқ билан қопланган эди.
– Бундан чиқди, дарахтнинг ёши ярим асрдан ўтган экан-да?
– Эллик олти йил бўлди унганига. У менинг ойимдан бир ёш катта. Бувим унга ҳазиллашиб: “Бу дурьян – сенинг катта аканг бўлади”, дер эди.
Ан қуюқ яшил япроқларга тикилиб жим бўлиб қолди. Негадир онаси эсига тушиб кетди. Бир вақтлари онаси тириклигида у жажжигина қизалоқ бўлиб, навниҳол дарахт новдаларини ушлаб алпанг-талпанг қадам ташлаб юришни ўрганар эди. Кейинчалик улғайиб шу тарвақайлаган дарахт соясида дугоналари билан ўйнайдиган бўлди, ўша кезлари улар учун бебаҳо бойлик ҳисобланган қаттиқ, қуриб-қовжираган япроқларни терар эди. Аммо Аннинг хотираси ночор ва узуқ-юлуқ – онаси ҳали у қўғирчоқ ўйнаб юрганида вафот этиб кетган. У онасига икки томчи сувдек ўхшарди, отаси эса уни бувисига тортган, дерди. Ростини айтганда, бугун бувиси ёшлигида қанақа бўлган – тасаввур қилиш қийин. Невараларига доим ёшланиб турувчи ҳасратли кўзлари билан боқувчи, кулганда табассум қилаяптими, оғриқдан оғзи қийшайяптими, билиб бўлмайдиган, ошини ошаб, ёшини яшаган кампир: қуруқшаган лаблари ёрилиб кетган, кўзлари ич-ичига чуқур ботган, ажин тилиб ташлаган юзи тунд ва ифодасиз. Аннинг бўйи бувисидан қарийб икки калла баланд эди. У ёшига муносиб кийинган: оч-сариқ шими тор оёқларига ёпишиб турибди, кўйлаги кенг, енги шамолда ҳилпирайди. Илгари сочларини калта қилиб кестирарди, ҳозир эса замонавий русум бўйича елкасига тушиб туради. Кўзлари равшан, нигоҳи мулойим, ёноқлари нафармон, юзи табассумдан ёришган, у мавзунқад бўлиб, бошини хиёл ёнга солинтириб турибди.
Мен дурьян дарахтига бир каромат ахтараётгандек тикилардим. Кўнглимдан эса бувим айтиб берган ривоят ўтарди. Унинг маъноси ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак. Чунки у фавқулодда таъсирчан эди.
– Бир замонлар ўрмон ёқасида эр-хотин яшар экан. Кунлардан бир кун эри ўрмонга ўтин учун шох-шабба олиб келгани борибди-ю, ўша ерда унга йўлбарс учраб қолибди. Орада омонсиз жанг бошланибди, одам йиртқичга пичоқ урибди, оғир яраланган она йўлбарс қочибди. Одам қандай бўлмасин, йиртқичнинг уясини топиб, уни ўлдиришга аҳд қилибди, негаки, агар шундай қилмаса, у ўч олиши муқаррар экан. Қонли излар уни йўлбарс яшайдиган ғорга олиб борибди. У йиртқични ўлдирибди ва унинг жасадини ўзи билан олиб кетибди. Янги туғилган йўлбарс боласи онасини қаёққадир олиб кетишаётганини кўриб, унинг ортидан эргашибди. Ўлган йўлбарсни уйига олиб келган одамзод уни ҳовли ўртасига ташлабди-да, хотинига: “Сенга совға келтирдим, терисини шилиб ол!” деб қичқирибди. Хотини чиқиб қараса, ҳовлида ўлдирилган йўлбарс мурдасининг бағрида кичкинагина боласи ҳадеб унинг қорнига суйкалиб очликдан ангиллаётган эмиш. Раҳми келган аёл кўкрагини соғиб, сутини йўлбарс боласига тутибди. Шу тариқа йўлбарсча ўзини сийлаи раҳм қилиб боқаётган “энага” қўлида униб-ўсибди. У баҳайбат ва ёвуз бўлиб улғайибди. Эри, бирон кор-ҳол рўй бермасин, деб, уни ўлдирмоқчи бўлибди, бироқ ўзи туғмаган бўлса ҳам, оқ сути билан боққан хотинига ачинибди. Унга тегмабди. Аёл йўлбарсни ўрмонга қўйиб юборибди. Йиртқич бўлса ҳам, йўлбарс боққан “энага”сини унутмабди, уни соғиниб, узоқдан бўлса ҳам кўриш учун ҳар куни уйлари атрофига келар экан, лекин яқин боришдан чўчир экан. Унинг ёнига аёлнинг ўзи бораркан, ширин-ширин гаплар билан уни эркалар экан. Эри эса хотини баъзан қаёққадир бориб келаётганини сезиб қолибди-ю, биров билан ўрмонда учрашяпти, дея ўйлаб рашк қилибди. Ханжарини олиб бир куни хотинининг изидан борибди, чангалзорда йўлбарсни кўриб қолиб, ўша заҳоти унга ташланиб, ўлдирибди. Йўлбарс қони тўкилган ерда дарахт ўсиб чиқибди. Унинг мевалари кўринишидан бадбуруш, бунинг устига тиконли пўстлоқ қоплаган, мағзи эса ширин, хушхўр, она сути сингари хушбўй экан.
Биз учаламиз кекса дурьян дарахти остида ўтирар эканмиз, гўё япроқлар шамолда шитирлаб, мана шу кўҳна афсонани айтиб бераётгандек туюларди. Чирилдоқларнинг бир маромдаги, зерикарли ва толиқтирувчи чириллаши бамисли буйруқ берилгандек бирдан тўхтади ва боғ одатдагидан бошқача, ғайриоддий ва сирли сукунат оғушига чўмди. Бир неча лаҳзадан кейин ҳашоратларнинг кўринмас гуруҳи қандай тўхтаган бўлса, худди шундай ногоҳоний ҳолатда бисотидаги ягона, ҳасратли куйини бошлаб юборишган эдики, биз сесканиб тушдик. Мен, тўғрисини айтсам, уларни ҳеч қачон кўрмаганман. Биз, Сайгоннинг туб аҳолиси, улар ҳақида фақат китобларда ўқигандик. Ан кўзларини ола-кула қилиб:
– Наҳотки кўрмаган бўлсанг? – деб сўраб қолди. – Сенга уч-тўрттасини тутиб берайми? Кўргинг келяптими?
– Қандай тутиб берасиз?
– Бу жуда осон. Чирилдоқлар жуда баландга чиқиб олишган бўлади, шунинг учун узунроқ таёқ олиб, учки қисмидан бир қаричини нон дарахтининг ширасига ботирасан ва юқорига – ғуж-ғуж чирилдоқлар орасига секин кўтарсанг, бас, марра сеники. Беш-ўнтасининг қаноти таёқ учига ёпишиб қолади – ҳеч қанақасига қочиб қутулолмайди.
Биз таёқ топиб, қайси дарахтда ҳашоратлар кўпроқ тўпланганини аниқлаш учун бошимизни орқага ташлаб қидирганча боғ бўйлаб кетдик. Мен ҳар қанча бақрайиб тикилганим билан ҳеч нарса кўролмадим. Ҳаётингда бир марта ҳам кўрмаган нарсангни қандай танишинг мумкин? Бунинг устига кўз олдимда хол-хол қизғиш-қора доғлар чаплашиб кетганди. Ҳолбуки, улар “аждаҳо кўзи”нинг пишган ғужумлари эди. Улар гўё, мени узиб есанг-чи, татиб кўр, афсус қилмайсан, деган каби бошимиз узра шитирлар, елкаларимизга уриларди. Мен уларнинг таклифига қарши боролмай чирилдоқ тутишни Ан билан Лиеннинг ўзларига ҳавола қилдим.
– Қара, нақадар қўрқинчли улар!
– Нега энди, аксинча, жудаям бежирим улар!
Лиен шохларни ҳар тарафга суриб, қўлларини узатганча менинг ёнимга келарди. Унинг дўмбоқ, пуштиранг кафтида боларидан жиндеккина йирикроқ ҳашоратлар ғимирларди. Мен уларга синчиклаб разм солдим. Қизиқадиган жойи йўқ.
Шу асно қош қорайди. Кучсизгина шамол қўзғалди. Боғча жонланди, япроқлар яна кўҳна ривоятлар ҳикоя қилиб бераётгандек шивирлай бошлади. Мен кўзларимни юмдим ва ўзимни худди эртаклар оламида юргандек ҳис қилдим. Бувим айтиб берган афсона ва ривоятлар хотирамда жонланиб, мени гўё мўъжизакор ҳамда сирли олис ўтмиш сари етакларди…
Мен кутилмаганда ёнгинамда янграган овозлардан ҳушимга келдим. Кўзимни очсам яна ХХ асрдаман. Ан нотаниш бир йигит билан гаплашарди:
– Биз эрталабдан бери шу ердамиз.
Улар менинг ёнимга келишди, мен ўрнимдан турдим, улар билан саломлашдим. Хай – ўша йигитни шундай деб аташарди – аввал менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди, кейин ўгирилиб Лиенга диққат билан тикилди. Биз ҳақимизда, икки томчи сувдек бир-бирига ўхшайди, деб бекорга айтишмас эди, шекилли. Биз ҳам нотаниш одамдан кўзимизни узмасдик: оқ оралаган сочлари силлиқ таралган, юзида қаҳрли ифода зуҳур этган, кўзлари жиддий, ўзи қотма, шунинг эвазига тик кўринар, эгнида эски, дазмолланган кўйлак, мошранг шими тўзиган… Лиен яна бир бор унга қаради-да, қулоғимга шивирлади:
– Бир кор ҳол бўлганга ўхшайди.
Лекин у бизга бошқа аҳамият бермади. Ан билан савол-жавоб қилганча уй тарафга юрди. Биз уларга эргашдик.

* * *

Боғда тун чўккани тезроқ сезилади. Уйда чироқларни ёқишди. Биз кечки овқатга ўтирдик. Лиен балиқ қайласини қандай тайёрлашаётганидан хабар олгани ошхонага чиқиб кетди, Ан эса менга хаёлчан овозда деди:
– Агар ўзингизни яхши тутсангиз, бугун Хай амакининг ғалати тарихини айтиб бераман.
Мен тушунолмадим, ким ўзи бу Хай, қариндошми ёки оддийгина танишми? Унга яқин одамдек муомала қилишяпти-ю, лекин бегона бўлса керак. Тўғриси, у менга инсон сифатида ёқди, шунинг учунми, у билан гаплашгим келарди.
– Амаки, биз томонлар эртак, афсоналарнинг кони эканини билсангиз керак. Ҳар битта дарахт, меваларнинг ўз афсонаси, келиб чиқиш тарихи бор. Мен бир мақолни кўп эшитганман: “Ҳар ирмоқнинг манбаи бор, ҳар гиёҳнинг илдизи”, лекин рости, буни эндигина тушуниб етгандекман.
Хай ёвшанга ўхшаган майсанинг учидан узиб, менга узатди:
– Гиёҳлар билан ҳам боғлиқ қанчадан-қанча нақллар бор. Мана, масалан, бундай сатрлар мавжуд:

Фалакда чарх уриб учар чучук хантал,
Ёвшан пастда, замин дарди билан яшар.

– Дарсда ёдлаганмиз шу мисраларни. Эсимда қолган. “Мақоллар, маталлар ва халқ қўшиқлари” деган китобда. Ёки мана бундай афсона бор: “Бор экан, йўқ экан, бир одам бўлган экан. Бир куни у ўрмонга кетиб, қайтиб келмабди. Уйда ёш хотини, тўртта боласи ва кекса онаси қолибди. Ёш-ёш болалар овқат ейман, деб бақиришаркан, кампир нолиркан, ажалим етмасдан бир пиёла бўтқа беринглар деб, уйда эса ҳеч вақо йўқ экан, ҳатто бир дона гуруч қолмабди. Начора, ёш жувон қишлоқ оқсоқолининг ҳузурига бориб, қарзга гуруч сўрабди, оқсоқол уни кўздан кечирибди-да: “Эринг ўлиб, кечаси ёлғиз ётганда совуқ емаяпсанми?” деб сўрабди беҳаёлик билан. Жувон унинг шаънига ҳар хил гаплар айтиб қочиб кетибди. Уйига келса болалар йиғлаётган экан, кампир зорланаётган экан, ичкарига кирмабди, қайтиб ортига равона бўлибди. Юриб-юриб қишлоқни айланиб чиқибди, охири яна ўша оқсоқолнинг уйига келишга мажбур бўлибди. Тишини тишига босиб, ичкарига кирибди… У ердан бир халта гуруч билан қайтиб чиқибди. Қишлоқ кўчалари оралаб келаётганда, ҳамқишлоқлари унинг ортидан ғийбат қилишибди. Аёл бошини эгиб, тезроқ уйига етиб олиш учун шошилибди. Йўлда кетаяпти-ю, кўзларидан шашқатор ёш оқармиш. Кўзларидан оққан ёш томчилари тушган ерда ташқи томони ям-яшил, ички томони оч сиёҳранг, хушбўй, таъми аччиқ гиёҳлар ўсиб чиқибди”.
Лампа чироқнинг нури ҳовлимизни аранг ёритарди. Боғни зулмат қоплади. Шамол зўридан баланд дарахтлар чайқалади, баъзан-баъзан чирилдоқлар ва қора чигирткаларнинг чириллагани эшитилади. Лиен бир нима деганди, ўз хаёлларим билан банд бўлганимдан эшитмадим. Хай амаки кулиб юборди. У бошмалдоғида қалинроқ сигарани ёқиб, ҳузурланиб ичига тортди, сўнг оғзидан ҳалқа-ҳалқа тутун чиқарди.
– Ҳозирги ёш авлод француз мустамлакачиларини тушида ҳам кўрмаган, улар улғайганда америкаликлар билан бўлиб ўтган уруш ҳам тугаганди. Халқимиз тарихи сизлар учун бир эртакдек гап. Ишонишингиз амримаҳол. Майли, энди ётиб ухланг, вақт алламаҳал бўлди, мен ҳам боришим керак.
Хайрлашиб жўнаб кетди. Боғдаги дарахтларнинг шохлари енгилгина силкиниб, оёқ остидаги гиёҳлар шитирлаганча ортидан кузатиб қолди. Бир ё икки эртак ёхуд ривоят билан ҳали-вери тинчимаслигимизга кўзи етган Ан Хайнинг бошидан ўтган воқеалари гапириб берди.
– Жанубдаги ерларимиз озод қилинган йили, мен ўн саккиз яшар эдим, шундан охирги ўн йилни эвакуациядан сўнг отам билан Сайгонда ўтказдик. Иттифоқо, бир куни бувимни кўргани бордим. У ерларни кўрмаганимга анча бўлганди, аммо-лекин болалигимдаги кўп нарсалар ўзгариб кетган экан. Қишлоққа етмасдан берироқдаги чорраҳада ҳарбий кийимдаги бир йигитни кўрдим. У худди мени кутиб тургандек туюлди. Мен нима қилишимни билмай, қўрқиб хавотирга тушдим. У исмимни, қаерда туғилганимни, отам билан онам, бувим билан бобом кимлигини сўради. Очиғи, уни соқчи деб ўйлаб, ҳар битта саволига мулойимроқ жавоб беришга ҳаракат қилардим.
– Ҳа, шундай… муҳтарам соқчи, ҳа, муҳтарам соқчи…
У гапимни бўлиб:
– Мени амаки дегин, тушундингми, амаки, – деди самимий оҳангда. – Мен асли шу ерликман, бу ердан кетганимда сен ҳали туғилмаган эдинг. Лекин онангга жудаям ўхшар экансан. Узоқдан кўриб, аввалига ишонгим келмади, яқинроқ келганингда янглишмаганимни сездим. Неччига чиқдинг? Ўн саккиз! Мен кетаётганимда онанг ҳам эндигина ўн саккизга кирганди. У мана шу чорраҳада мени кузатиб қўйган, ортимдан қўл силкиб хайрлашган эди… Қара… Вақтнинг ўтиб кетишини. Онанг яхшими, соғлиғи қалай?
– Ўн йил бўлди онам вафот этганига.
– Эҳ-ҳе…
Унинг ҳайратомуз, шу билан бирга дардли овозидан юрагим сиқилди. Онам вафотидан сўнг бу томонларга энди келишим, тавба, биринчи учратган одамим у ҳақда ҳижжалаб сўраса-я!.. У ҳам майли, лекин унинг кўксидан отилиб чиққан хўрсиниш аралаш надомат бунчалар кучли? Ким у? Мен унинг ҳалиям ёшлик чоғидаги салобатини эслатаётган азамат елкалари, маъноли кўзларига кўз қирим билан назар солдим. У чурқ этмади, мен хайрлашиб, йўлга тушдим ва уч-тўрт қадам юргач, ўгирилиб қарадим. У ҳамон қимир этмай ҳайкалдек қотиб турар, эгнидаги эски, ранги ўнгиб кетган чанг ҳарбий кийими унинг бу алфозда қотиб туришига ўзгача бир мазмун, кўрк бахш этарди, у менинг ортимдан ҳайрат ва кучли изтироб ичида термиларди.
– Амаки, менга яна бир нима демоқчи эдингизми?
– А… йўқ, йўқ. Сен худди онангга ўхшаб қадам ташлар экансан.
Уйга келгач, бувимга ўша нотаниш киши ҳақида оқизмай-томизмай гапириб бердим. Бувим унинг ким эканлигини аниқлай олмади, бўлмаса, узоқ-яқин қариндошларимизнинг ҳаммасини бир бошдан эслаб чиқди.
Охири бир нимани эслади-ю, анчагача менга айтишга иккиланиб турди, бармоқларини букиб, ўтган йилларни ўзича бир нимага қўшиб чамалади. Сўнг гап очди:
– Қўшни қишлоқда Шау Ванг Ронг деган одам бўларди… У бувангга ўхшаб қўриқ ерлар очарди. Жуда яхши одам эди, бой-бадавлат бўлишдан кўра чин инсон бўлишни афзал биларди. У эртароқ уйланганди, битта ўғли бор эди. Исми Хай Диен. Эсимда, ўша йили кекса Шау бизникига ташриф буюрганди, қизимизга совчи бўлиб, урф-одатларимизга кўра совға кўтариб келганди. Ўғлига қизимизнинг қўлини сўради. Хуллас, рози бўлдик, тўйни қишда қиладиган бўлдик. Ана шунда уруш бошланиб қолди. Хай тенгдошлари билан жангга кетди, кўриб турганингдек, энди кепти. Бечора онанг ўн бир йил кутди уни. Қизларнинг қисмати шу экан. Буванг уни отангга турмушга берганида, у ўттиз ёшга чиқиб қолганди. Илож қанча? Ҳай, шунча кутганда ҳам келмаган бўлса, яна қанча кутади? Мана, у келди. Фақат ўттиз йилдан кейин. Ўша чорраҳа, ўша овоз, ўша қадам ташлашлар, ўша ўн саккиз ёш… Бироқ кузатгани чиққан нозанин тириклар орасида йўқ, бугун қаршисида турган қиз эса уни танимайди. Кўраяпсанми, вақтнинг тез ўтишини, лекин у шафқатсиз…
Ан жимиб қолди, биз ҳам қимирлашга истиҳола қилгандек сукут сақлаб ўтирардик. Ҳеч биримизнинг уйқумиз келмасди. Мен қоронғилик оғушидаги боққа кўз югуртирдим. Қирол Хунг Вионг сулоласининг шон-шуҳратига гувоҳ бўлган пальмалар, муқаддас кекса дурьян, нон дарахтлари… Япроқлар бамисоли ўз таассуротларини ўртоқлашаётгандек оҳиста шивирлайди. Эртага қанақа дарахтлар ўсиб чиқади-ю, улар эртак­лар боғига келганлар учун қандай ривоятларни ҳикоя қилиб бераркан?

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 10-сон