Мен келажакда қандай воқеа-ҳодисалар юз беришини олдиндан билиш қобилиятига эга эканимдан ўзим ҳам баъзида ҳайратга тушаман.
Биринчи фарзандим ўғил бўлди. Қизиғи шундаки, унинг ҳаворанг кўзлари кейинчалик яшилсимон бўлди, вақт ўтгач, жигаррангга айланди ва ниҳоят қоп-қора бўлиб қолди.
У инжиқ, серхархаша бола эди. Масалан, у мўйловимдан битта-битталаб юлганда, жуда ҳузур қилар эди. Қайнонам бола отасининг мўйловидан тукларини юлса, ота завқланиши, ҳузур қилиши лозим эканини айтганидан сўнг, ўғлимнинг бу қилиғига кўз ёшларимни яшириб чидаб бердим. Қайнонам бу машмаша менга янаям кўпроқ завқ бағишлаши учун золимимни “Юл, юл, юл!”– дея тезларди.
Лекин бу ҳали ҳолва эди, чунки бола гўдаклигида у билан кўпроқ онаси шуғулланарди. Орадан бир неча йил ўтиб, бола тарбияси менинг бўйнимга тушди.
Аммо мен сизга айтган “ташвишлар” шунчаки ташвишлар эмас, балки яхшигина, ташвишлар эди.
Ўғлим бировларнинг деворларидан чаққонлик билан ўтганида, у вақти-соати келиб Ганнибал бўлади, у каби Альп тоғларидан эпчиллик билан ўтиб кетади, устимдан сакраётганида эса, ўғлим белига қилич бойлаб, қатор отлар устидан сакраган Милош Войнович[1] бўлади деб, ўзимни овутар эдим. Қурмағур қўшниларнинг товуқхоналаридан тухум ўғирлаб қочган пайтида эса уни Европани забт этган буюк Наполеон бўлади, деб ўзимни юпатардим. Бироқ тез орада у шундай номаъқул ҳунарлар кўрсата бошладики, мен ўзимни овутишга бирор баҳона, овунч топа олмай хуноб бўлардим. Жумладан, у қўшниларнинг ойналарини чилпарчин қилиб синдиради. Бу ҳали ҳеч нарса эмас, чунки ҳамма буюк шахслар болаликда қўшниларининг ойналарини синдирганлар.
Хуллас, мен ундан нималар кутишни ҳам билмасдим. Унинг қилиқлари бир-бирига ўхшамас эди. Бир куни менинг энг яхши пальтом этагини қирқиб, ундан байроқ ясабди. Унинг остига у ўзининг катта қўшинини йиғиб, уйимни қуршаб олиб, ҳужум бошлади. Жангчилар на ойналар, на полиз экинларини писанд қилмай, “қалъа”ни забт этдилар. Сўнг ушбу ғолиблар ҳақиқий хунрезликни амалга оширдилар, яъни барча жўжаларимнинг бўйнини қайириб ўлдирдилар.
Ўз-ўзидан маълумки, бу ҳодиса мени биринчи галда ота, сўнг жўжалар эгаси сифатида қаттиқ ранжитди.
Ранжиганимни хотинимга билдирдим, ўз-ўзидан маълумки, у ҳам ранжиди. Шунинг учун кечки пайт, худди ҳар қандай ранжиган ота ва она каби, биз ҳам маслаҳатлашиш учун йиғилдик. Хотиним ўғилчамиз менга ўхшагани ва ўта қобилиятли эканини айтди. Мен эса унинг гапларига қўшилган ҳолда, фарзандимиз ўз имкониятларини кескин тарзда намойиш қилиб, уларни бекорга сарфлаётгани ва буларнинг оқибатида улғайгач, келажакда буюк шахс бўла олиш лаёқатини йўқ қилаётгани ҳақида айтдим.
Мен ўғлим Сербиянинг ортиқча ва фойдасиз кишилари қаторига қўшилишини жуда хоҳлардим дея олмайман, лекин унинг ўта “қобилиятлилигидан” чўчирдим. Чунки у шундай зўр қобилият эгаси бўлса, вазир бўла олмаслигини билардим. Иккинчидан, шундай “қобилиятлари” туфайли реквизиция квитанциялари ё гербли муҳр босилган маркаларнинг қалбаки нусхасини ясаши, масъулиятли лавозимни эгаллаб олиб, олдиндан маълум бўлган сохта ҳисоботлар тузиши, турли баҳоналар билан давлат солиғига тегишли бўлган маблағнинг бир қисмини ўзлаштириб олиши мумкин эканини; ёки дўстлари, таниш-билишлари устидан чақимчилик қилиши, яъни ўғлим Сербиянинг барча қобилиятли кишилари бажараётган ишларни қилиши мумкин эканидан қўрқардим. Маълумки, бу қобилиятлари туфайли уни округ жамоа бошлиғими, солиқчи, почтачи, ҳеч бўлмаганда бирорта молия ташкилотига ғазначи этиб тайинлашлари мумкин эди-да. Менга эса бундай касблар сира ёқмайди, шунинг учун мен ўғлимнинг юксак қобилият эгаси бўлишига қарши эдим.
Муаммолар ҳар қандай одамни ҳам ўйлантириши, безовта қилиб қўйиши табиий, оталик ташвишлари ҳам бундан мустасно эмас, балки аксинча ташвишлироқдир. Хуллас, ўғлимнинг келажаги масаласи мени сира тинч қўймасди. Барча бошқа яхши хотинлар оила ташвишини ўз турмуш ўртоқлари билан бирга баҳам кўрганлари сингари, менинг хотиним ҳам мен билан бирга эди. Бизнинг арзандамиз эса Ганнибал, Войнович ё Наполеон бўлиш фикридан қайтган чоғи – кунлардан бир кун мушукни сувда чўктиради. Ишончим комилки, на Ганнибал, на Войнович ва на Наполеон мушукларни сувда чўктирган эмаслар.
Фарзандимнинг келажаги ҳақидаги ташвишлар мени маслаҳат олгани бизнинг энг таниқли педагогларимиздан бири, маърифат бўйича Кенгаш аъзоси, таълимни қайтадан ташкил этиш бўйича барча комиссиялар аъзоси, кўплаб ўқув дастурларининг муаллифи, болаларни тарбиялаш Жамиятининг фахрий аъзоси, булардан ташқари кўплаб илмий асарлар муаллифи бўлган кишининг уйига боришга мажбур қилди.
Мен уни безовта қилганимдан ёмон пушаймон эдим.
У мени курсига таклиф этди. Энди ўтирмоқчи эдим: нозик жойимга бир нарса қаттиқ санчилганидан қичқириб юбордим. Унинг олдида ўша санчилган еримни пайпаслаганимдан жуда хижолатда эдим. Таниқли педагог ҳам войвойлаганча мен ушлаган жойларимни пайпаслаб кўрди-да, сўнг:
– Минг бор узр, бу катта ўғлимнинг қилиқлари, бу шумтака жуда шўх бўлган! Боласи қурмагур, курсингизга игнани тиқиб қўйганини қаранг… У тез-тез шундай қилиб туради, бунинг учун маъзур тутасиз, – деди.
– Унда сиз меҳмонларингизнинг курсидан сапчиб туришларини тез-тез кузатиб турар экансиз-да? – истеҳзо билан сўрадим. Сўнг мен шунчаки меҳмон эмас, балки ёрдам сўраб келган ота эканлигимни эслаб, ўзимни босдим-да, яна аста курсига ўтирдим.
Эндигина мақсадимни тушунтирмоқчи бўлиб турганимда бирдан қўшни хона эшигининг тепа қисмидаги ойнаси жаранглаб, чилпарчин бўлиб, оёғим остига туфли учиб келди.
– Живко! – ўрнидан сапчиб турди педагог жаноблари. – Шайтон ургур, бу нима қилганинг!
Эшикнинг синган ойнаси орасидан бир боланинг боши кўринди ва:
– Менга буфетнинг калитини бермагани учун онамни ўққа тутаяпман, – деди.
– Бай, бай, бай! Сенга уят эмасми, ҳузуримда меҳмон ўтирганини кўрмаяпсанми?!
Бола менга қувноқ кўзлари билан назар ташлади-да, сўнг худди буфет калитини мен сабабли ололмагандек, афтини буриштирди.
Педагог бир оз ўйланиб туриб, болани қандай тарбиялаш ва бунинг учун қандай китоблар ва илмий асарлар билан танишиб чиқиш лозимлиги ҳақида маъруза ўқий бошлади. Бунинг учун биринчи ўринда унинг китобларини ўқиб чиқишимни тавсия этди-да, фарзандининг шўхликлари учун ўзини айблай бошлади. Сўнг таниқли педагог ориқ қўлларини сочларининг орасига тиқиб, бир китобининг муқовасида ёзилган “Фарзандлар хатоси уларнинг хатоси эмас, балки ота-оналар хатоси”, деган гапни айтди.
Шу пайт кўчадан болалар дўмбирасининг дупур-дупури эшитилди. Таниқли педагогнинг уйи олдидан қизил читдан ясалган байроқ остида чамаси элликдан ортиқ бола саф тортиб, ҳарбийларча қадам ташлаб ўтди. Унга буюк педагогнинг катта ўғли бошчилик қилар эди (Шундагина таниқли педагог ойна олдида турган қизил пардалардан бири йўқ бўлиб қолганини кўрди). Ҳар бир ҳарбийнинг елкасида биттадан таёқ, бошларида эса қоғоздан ясалган ҳарбийларнинг учбурчак бош кийими бор эди.
Буюк педагог ойнага тикилиб қаради, аввалига хотиржам ўтирган одамнинг ранги дока сингари оқариб кетди. У дарҳол ёзув столининг қутисини очди. Қути бўш эканини кўриб, ваҳимага туша бошлади, сўнг қўлларини силтаб:
– Э, худойим-ей! – дея айюҳаннос сола бошлади.
– Нима бўлди? Худо ҳаққи, айтинг, – деб сўрадим.
– Ҳаммаёқ расво бўлди! Ишлар пачава! Э, худойим-ей! – деб педагог қайғули овозда пичирлай бошлади. – Мен кечани кеча, кундузни кундуз демай, олти ой давомидан туну кун тинмай “Оила – боланинг тарбиячиси сифатида” номли катта ва муҳим илмий асаримнинг тўртинчи қисмини ўн кун олдин тугатган эдим. Ўйлаб кўринг-а, ўн кун олдин…
– Жуда яхши, лекин нима сабабдан сиз…
– Сиз, нима, болаларнинг бошидаги шапкаларини кўрмаяпсизми? Катта ўғлим қутидан қўлёзмаларимни олиб, улардан ўзининг ҳарбийларига бош кийим ясабди…
Дунёда ҳар хил одамлар бор. Ўғлим тўполончи бўлса ҳам, лекин буюк педагогнинг ўғли эмаслиги учун бироз хотиржам тортдим. Мен унинг устидан кулмаган бўлсам-да, бироқ:
– Менимча, катта ўғлингиз жуда қобилиятли бола. Яқин келажакда у яхши ва ўта талабчан илмий танқидчи бўлиши мумкин. Энг муҳими, агар у ҳалитдан қўлёзмаларга қўл ура бошлаган бўлса, келажакда фақат шапкалар ясаш учун маъқул бўлган қуруқ сафсатали назария ва қўлёзмаларнинг душманига айланади.
– На илож, этикдўз этикка ёлчимаслигини биласиз-ку.
Шу сўзлардан сўнг, буюк педагог билан хайрлашиб, уйимга йўл оларканман, “этикдўз этикка ёлчимас” мақоли одамга қанчалик даражада тасалли бериши мумкин экани ҳақида ўйлаб кетдим.
Уйга келишим биланоқ менга қувончли хабарни – ўғлимни қутқариб қолганларини айтишди.
Аслида унинг қудуққа тушиб кетиши режалаштирилмаган экан. Ўғлим дўстларидан бирини қудуққа итариб юбориши керак экан, лекин сирпаниб кетиб, ўзи тушиб кетибди.
Худога минг қатла шукрки, қутқариб қолишибди! Ўйлашимча, бу унинг учун катта сабоқ бўлади – энди у бировни қудуққа итариб юборишдан олдин, ўзи учун эҳтиёт чораларини кўради.
Рус тилидан Муҳсин Ғаниев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон
______________
[1] Милош Войнович – серб халқ достони қаҳрамони.