Полицияда ўтган йигирма йиллик фаолиятим давомида турли хил қотиллик қуролларини кўрганман. Уларни санаб саноғига етиш қийин. Аммо Филип Эшерни ўлдиришган қуролдан ортиқроқ даҳшатли буюмни ҳали кўрмагандим.
Бу инсон бош чаноғи эди!
Биз Эд Крейн билан уни жасад ёнидан топдик. Бир ёки икки зарбадан сўнг у худди тухумдек ёрилиб кетган, лекин Эшернинг бош чаноғи ҳам ёрилишига шунинг ўзи етарли бўлганди. Эшернинг бошидаги жароҳатга қараганда, зарба жудаям кучли бўлганлиги аниқ эди.
Мен сигарет чекканча учта девори шифтгача жавонлар билан қопланган кенг хонани кўздан кечирдим. Иккита жавон чарм муқовалари ўнгиб кетган жилд-жилд китобларга тўла бўлиб, унчалик қизиқиш уйғотмасди. Учинчи жавон эса Мексика ва Марказий Америка халқлари санъатига бағишланганди: идишлар, сопол ва ёғоч ҳайкалчалар, қуроллар… Жавон ёнида катта ёзув столи жойлашган бўлиб, Эшерга тегишли турли хил маълумотномалар бетартиб ётар, рўпарада яна битта стол бўлиб, унинг устида ёзув машинкаси ва диктофондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Агар вазият бошқача бўлганида мен хонадаги қадимий буюмларни астойдил томоша қилган бўлардим, аммо айни пайтда менда бундай фикр йўқ эди. Ҳар қалай боши мажақланган жасад ва қонга беланган бош чаноғи-мудҳиш манзара.
-Агар ўз кўзим билан кўрмаганимда бунга ишонмаган бўлардим,-минғирлади Крейн.
-Мен ҳам.
Биз хонадан Марказий Америка халқлари музейининг бўлимини эслатадиган меҳмонхонага чиқдик. Эшик олдида бир полициячи тиббиёт эксперти ва шерифни кутиб турар, яна бир полициячи эса хона бурчагидаги диван ёнида у ёқдан бу ёққа бориб-келарди. Диванда эса тиззаларини қучганча Дуглас Фелконер-кулранг шим ва тўқ кўк рангли кўйлак кийган озғин, қирқ ёшлардаги киши ўтирарди. У тўғрига қараганча шишалари қалин кўзойнаги остидаги кўзларини пирпиратар ва кўриниши беозор эди. Аммо ярим соат олдин айнан у полицияга қўнғироқ қилиб, Филип Эшерни ўлдирганини айтганди. Унинг гапига шубҳа қилишга ҳожат йўқ эди, чунки ўнг кафти ва кўйлаги енгида қон доғлари қотиб қолганди.
У марҳумнинг шахсий котиби бўлиб ишлар ва шаҳарнинг энг нуфузли ҳудудларидан бирида жойлашган испанча услубдаги Эшернинг мана шу ҳашаматли вилласида турарди. Унинг айтишича, қотиллик ғазаб сабабли юз берган, аммо нима учун қотиллик қуроли сифатида ғайритабиий буюмдан фойдаланилганига тушунолмай турардик.
Фелконер бўшлиққа мавҳум нигоҳини тикканча ўтирарди. Мен унинг ёнига келиб энгашишим билан у чўчиб тушди ва менга қаради. Аммо унинг кўзлари ҳали ҳам маъносиз боқарди.
-Хўш, жаноб Фелконер,-сўз бошладим мен,-ҳуқуқларингизни айтиб ўтдик, агар истасангиз, адвокат чақиришимиз мумкин. Ҳаммаси қандай содир бўлганини айтиб берасизми?
-Ҳаммасини айтиб бўлдим.-У хотиржам эди.-Эшерни мен ўлдирдим. Аввалига бу ишни ўғри содир қилгандек қилмоқчи бўлдим, лекин бундан ҳеч нарса чиқмаслигини тушундим. Вақтим етарли эди, аммо ёлғон гапиришга ўрганмаганман. Бундан ташқари… менга барибир бўлиб қолди. Детектив, мен чарчадим.
-Нега бундай қилдингиз?-сўради Крейн.
Фелконер аста бошини чайқади, бироқ бу унинг жавоб беришдан бош тортаётганини англатмасди, бу ҳаракати билан у ўзини қўлга олишга уринаётгани кўриниб турарди. Биз эртами-кечми у ҳаммасини айтиб беришини билардик, уни шоширишнинг ҳожати йўқ эди. Аммо барибир сабрим чидамади:
-Нимага уни бош чаноғи билан ўлдирдингиз? Айтганча, буни қаэрдан олдингиз?
У кўзларини чирт юмди, аммо дарҳол очди.
-Эшернинг столи ортидаги жавондан. Уни урган пайтимда Эшер столда ўтирганди.
-У ўз хонасида инсон бош чаноғини сақлармиди?-сўради Крейн.-Нима учун?
-Унда ўзига хос ҳазил туйғуси бор эди. Унга ташриф буюрувчиларнинг ўзини қандай тутишини кўриш ёқарди. Бу биринчидан. Иккинчидан эса Эшер бу унинг учун мементо мори эканлигини таъкидларди.
-Тушунмадим?
-Бу лотинча,-изоҳ берди Фелконер.-«Ўлимни ёдда тут». Биз ҳаммамиз оддий банда эканлигимизни ва бир кун келиб ўлишимизни билдиради.
-Жудаям нохуш эмасми сизнингча?
-Филип Эшер жуда совуққон одам эди ва ҳеч нарсадан қўрқмасди. Ҳаттоки ўлимдан ҳам. Қайсидир маънода ўлим унинг ҳаёти эди, чунки у йўқолиб кетган тсивилизатсияларни ўрганарди.
Крейн иккимиз бир-биримизга қарадик.
-Батафсилроқ гапириб беринг,-дедим мен.
-У янгича иш олиб борадиган антрополог эди, яъни кашфиётлари орқали пул ишларди. Колумбгача бўлган Марказий Америка халқлари маданияти ҳақида бир нечта рисола чоп этгач, кўплаб университетлар уни маъруза ўқигани чақиришди. Бу эса яхши пул дегани.
-Сиз унинг котиби бўлиб ишлардингизми?
-Ҳа, тадқиқотларида ёрдам берардим, Мексиканинг турли ҳудудларига уюштирган сафарларида бирга бўлганман, ёзганларини таҳрир қилардим, қўлёзмаларини оққа кўчирардим.
-Қанчадан бери?
-Саккиз йилдан бери.
-Шу ерда яшайсизми?
-Ҳа.
-Уйда яна бошқа одамлар ҳам яшайдими?
-Йўқ. Эшернинг хотини бир неча йил олдин кетиб қолган, бошқа қариндошлари эса йўқ.
-Сиз бошлиғингизни ўлдиришни анча олдин режалаштирганмидингиз?-сўради Крейн.
-Шу кунгача уни ўлдириш хаёлимга ҳам келмаган.
-Жанжаллашиб қолдингларми?
-Йўқ.
-Унда сизни қотиллик қилишга нима мажбур қилди?-ҳайрон бўлдим мен.
Фелконер яна бошини чайқади, сўнг диван суянчиғига ўзини ташлаганча аччиқ илжайди.
-Иқрор. Ҳа… Эшернинг иқрорларидан бири.
-Марҳамат, давом этинг.
У оғир хўрсинди.
-Кеча мен таниқли антропологларнинг биридан хат олгандим. У яхшигина маош эвазига менга ўз котиби бўлиб ишлашни таклиф қилганди. Мен ҳаммасини обдон ўйлаб кўрдим ва эрталаб «бундай омаддан юз ўгириш аҳмоқлик» деган фикрга келдим. Аммо ўз қарорим ҳақида Эшерга айтганимда у ишдан бўшашимга кескин қарши чиқди. У агар ишдан кетсам, тилимни тийиб юришимга ишонолмаслигини айтди. Кейин эса агар бу ерда қолмайдиган бўлсам у «маълум бир ҳаракат» қилишини айтиб таҳдид қилди.
-Тўхтанг,-дедим мен.-Нима учун тилингизни тийиб юришингиз керак эди?
-Олти йил олдинги воқеа учун.
-Олти йил олдин нима бўлган?
Фелконер бир неча сония жим ўтириб қолди, кейин бир ютиниб олиб минғирлади:
-Унинг хотини ва хотинининг жазмани ўлган… Эшернинг Понтрейн кўли ёнидаги ёзги вилласида.
-Аммо икки дақиқа олдин унинг хотини кетиб қолганини айтгандингиз-ку!-деди Крейн.
-Наҳотки? Бўлиши мумкин. Олти йилдан бери шу гапни қайтаравериб ўрганиб қолибман. Аслида Милдред ва унинг жазмани Понтрейн кўли яқинида ўлган.
-Хўш-хўш… Бу қандай юз берган?
-Улар газдан заҳарланишган. Бу воқеа центябрда бўлган. Ўша куни эрталаб Эшер кутилмаганда виллага бормоқчи бўлди, ўша пайтда ёзишни бошлаган китобини ҳеч ёзолмаётгани учун дам олиб келмоқчи экан. У эрталаб саккизда кетди, мен эса қиладиган ишларим борлиги учун бир соат кейин кетдим. Борсам, Эшер иккита мурданинг тепасида турган экан. Улар-қўшни штатда бўлиши керак бўлган Милдред ва нотаниш эркак-ётоқхонада ярим-яланғоч ҳолда ётишарди. Эшер уларни ўлик ҳолда топганини айтди. Унинг айтишича, хона газ ҳидига тўлиб кетган экан, шунинг учун хонани шамоллатибди. Газли иситгич носозлиги сабабли бу фожиа юз берган.
-Сиз бу гапга ишондингизми?
-Ҳа, мен карахт бўлиб қолгандим. Милдред эрига хиёнат қилади деб ҳеч қачон ўйламагандим. У ёш ва гўзал эди, аммо жудаям камтар…
-Эшер-чи? У ўзини қандай тутди?
-Жуда босиқ. Аммо полицияга қўнғироқ қилиш кераклигини айтганимда, у мени эшитишни ҳам истамади. Газетада бу воқеа ҳақида хабар босиладиган бўлса унинг обрўси ва илмий фаолиятига путур етаркан. Шунда мен у ҳолда нима қилишимиз кераклигини сўрадим. У хотиржамлик билан жасадларни кўл яқинига кўмишимизни айтди. Кейин Милдреднинг кетиб қолгани ҳақида бирор нарса ўйлаб топадиган бўлди.
-Сиз рози бўлдингизми?
-Бошқа нима қилишим мумкин эди?-элкасини қисди Фелконер.-Мен қатъий феълли эмасман, бунинг устига ўша пайтда Эшернинг гапларига ишонгандим. Ҳа, унга ёрдам беришга рози бўлдим. Биз жасадларни кўл бўйига олиб бордик ва чуқур кавлаб кўмдик.
-Демак, сиз бу сирни олти йил давомида сақлаб келгансиз,-деди Крейн.-Аммо бугун чидаб бўлмайдиган даражадаги воқеа юз бергани учун уни ўлдирдингиз, шундайми?
-Ҳа.
-Эшер айтган «ҳаракат»… Сизни ўлдиришини билдирувчи таҳдидми?
Фелконер бош силкиди.
-У мени бу ердан тирик чиқармаслигини айтди.
-Олти йил жим юрганингизни ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғалати таҳдид.
-Тўғри. Мен ҳам шундай дедим.
-У-чи?
-У менга бор ҳақиқатни ошкор қилди,-деди Фелконер.
Мен бош ирғадим.
-Унинг хотини ва хотинининг жазмани бахтсиз ҳодиса сабабли ўлмаган демоқчимисиз?
-У уларни ётоқхонада қўлга туширган ва ғазаби қўзиб кетган. Филип Эшер уларни ҳушидан кетгунча дўппослаган. Агар яхши эътибор бериб қараганимда уларнинг кўкарган жойларини кўрган бўлардим, аммо у пайтда… Кейин эса уларни бўғиб ўлдирган, аммо мен келгунимча мурдаларни яширишга улгурмаган ва носоз газли иситгич ҳақидаги гапни ўйлаб топган. Агар ўшанда унга ишонмаганимда ва ёрдам беришга рози бўлмаганимда, у мени ҳам ўлдирмоқчи бўлганлигини ўзи тан олди.
-Демак, сиз айтган «иқрор» мана шу экан-да?-сўрадим мен.-Сиз кейинги олти йил давомида нафақат қотилнинг қўлида ишлаганингиз, балки унга жиноят изини ёпишга ёрдам берганингизни билганингиздан кейин, бунинг устига у сизни ҳам ўлдиришини айтгач, ўзингизни тутолмай бош чаноғини олиб унинг миясига туширгансиз. Тўғрими?
-Унчаликмас,-деди Фелконер.-Тўғри, унинг иқрори мени гангитиб қўйди, чунки бу ишда мен ҳам иштирок этганман. Шундан кейин ундан нафратланиб кетдим. Умуман олганда, мен қўрқоқман, агар унинг иккинчи, асосий иқрори бўлмаганида бу воқеа юз бермаган бўлармиди. Аммо…
-Жин урсин, Фелконер!-деди Крейн.-Яна қанақа иқрор?! Уни нега ўлдирдингиз?!
-Чунки у бир оздан кейин яна бир иш қилган экан. У буларнинг барини менга нима учун айтганлигини билмадим, аммо у телба эди, бундайлардан эса ҳамма нарсани кутиш мумкин. Шундай эмасми?
-Бўлиши мумкин,-деди Крейн.
-Биласизми, Эшер мементо морини Мексикадан олиб келган деб нотўғри ўйлаб юрар эканман. У бу бош чаноғини Понтрейн кўли бўйидаги чуқурдан кавлаб олган экан. Шунинг учун уни ўлдиришга қарор қилганимда бу иш учун мос келадиган қуролни танладим. Айтинг-чи, агар сиз пинҳона ва умидсизлик билан севиб юрган дунёдаги ягона аёлингизнинг бош чаноғи сиз ишлайдиган хонада олти йил давомида ҳар куни сизга боқиб турганини билиб қолганингизда нима қилган бўлардингиз?
Рус тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.