Элке Ҳайденрайҳ. Эрика (ҳикоя)

ЭРИКА
ёхуд ҳаётнинг сирли маъноси

Бутун йил давомида худди телбалардек ишладим ва ўзимни Рождество байрамидан олдин бўм-бўш, куйиб кул бўлган мисоли, худди кимдир қаттиқ калтаклагандек ҳис қилардим. Кўп пул ишлаб топганимга қарамасдан бу йил мен учун қўрқинчли бўлди. Гўё яшашни унутдим шу йилда…Дўстларимни ҳам унутиб қўйгандим, таътилга ҳам чиқмадим, йўл- йўлакай овқатланадиган одат чиқардим, салат, питстса ёки уйдалигимда бир-иккита тухум қовуриб телевизор олдида ўтириб олиб еб олардим. Баъзида бир неча кун ҳеч нарса тановвул қилмасдан фақатгина вино, кофе ва чой ичиб, худди сувга тушган мушукдек шалпайиб ётардим. Менга келган хатларни ҳатто очиб ўқимасдим, телефоним жиринглаганида, гўшакни кўтариш малол келарди, орзусиз, жонсиз бир одам эдим. Рождество байрамидан бир неча кун олдин навбатдаги 16 соатлик иш кунидан кейин уйга қайтиб, уст-бошимни гиламга ташлаб, зўрға нафас олаётганимда тўсатдан телефон жиринглаб қолди. Бу худди тирикликнинг ташқаридан менга англатиши мумкин бўлган энг сўнгги ишорасидек эди. “Ҳа” дедим, бироқ оҳангим худди “Ёрдам беринг!” дегандек эди.
Бу Франтс эди, у менга Лугано шаҳридан қўнғироқ қилаётганди. Франтс билан мен бир неча йил бурун бир қанча вақт бирга яшадик, кейин эса худди ҳеч нарса бўлмагандек ажралишдик ва иккаламиз ҳам оилали бўлдик. Тақдир тақозоси билан иккаламизнинг ҳам турмушимиз бўлмади, у Луганода яшаб қолди, мен эса Берлинда.
Франтс Луганода мухандис бўлиб ишлай бошлади, биз бир-биримизга откриткалар жўнатиб турдик. Баъзан унинг онасини учратиб қолардим, у гўё мени кўрганидан хурсанддек ва бизни бирга бўлишимизни истагандек эди. У менга ўғли ҳақида бироз гапириб бергандек бўларди, бироқ оналар ўз фарзандлари ҳақида ҳамма нарсаларни ҳам билаверишмайди. У менга фақатгина Франтснинг аҳволи яхши эканлиги, яхшигина пул топаётгани, бироқ ўзи ҳали Луганода бўлмаганлигини айтиб берди.
“Салом, Бетти,” деди Франтс телефонда менга Луганодан қўнғироқ қилиб. Мени “Бетти” деб чақирадиган ягона одам ҳам у эди. Исмим Элизабет, аммо асл исмим билан фақат онам чақиради. Отам Лиза деб, мактабдагилар Элли, эрим эса Лилли деб атарди. Баъзида ўзим ҳам асл исмим нима эканлигини билмай чалкашиб қоламан ва ўзимни ўзим иккинчи исмим Вероника деб атайман. Фақат Франтс учунгина мен Бетти бўлиб қолгандим… Чуқур нафас олиб, этигимни ечарканман “Эҳ, Франтс” дедим.
– Овозинг яхши эмас,- деди у. -Тинчликми?
– Ўлганман, деб ўйлаган эдим. Чимдилаб кўр-чи?!
– Бунинг учун яқинроқ келишинг керак,- деди Франтс, – айнан шунинг учун қўнғироқ қилаяпман аслида…
Кўзларимни юмдимда, иккаламиз бирга яшаган болохонадаги уйимизни эсладим. Франтс кичрайтирилган саҳна қурган эди, саҳнанинг ўзида бизнинг иккита оғмахон (ғалла ўсимликларига зарар етказувчи инларда яшайдиган кемирувчи ҳайвон) Кайн ва Абел яшашарди. Улар саҳнанинг кичкина балконидан чиқиб келишарди.
Пластинка қўйиб Донна Анна ариясини мароқ билан эшитар ва кўп спиртли ичимлик ичардик. Ўша уйчамизда иккаламиз ўз ишларимизни бажарардик ҳам. У ўзининг саҳна учун тайёрланган расмлари устида ишлар, мен эса газета учун мақолалар тайёрлардим. Иш давомида шунчалик кўп турли хилдаги спиртли ичимликларни, масалан арча уруғи солинган ароқ, вино, текилла ичар эдикки, ҳозир мен нуқул, ўша пайтларда қандай қилиб ўрнимиздан турганимиз ҳақида ўйлайман, ким, қачон бўшаган шишаларни ташлаб келган, мушугимиз ҳақида ғамхўрлик қилишга қачон вақт топганмиз ўшанда, билмайман. Оғмахонлардан бири кейинчалик креслонинг чарм қопламаси ва суянчиғи орасида тиқилиб қолиб ўлиб қолибди, биз уни сасий бошлаганидан кейингина сезиб қолдик. Ўшанда биз ҳатто нонуштага ҳам ароқ ичишни бошлаган кезларимиз эди. Шу воқеадан таъсирланиб, уйда тартиб- қоида ўрнатмоқчи бўлдик. Вино соат 16 дан кейин, ароқ соат 20 дан кейин, текилла эса 10 дан кейин. Бироқ бу тартиб ҳам узоқ давом этмади.
– Рождество байрамига меникига Луганога келсанг чи,- деди Франтс.
– Нега энди боришим керак экан?- дедим – у, ичимдан хурсанд бўлдим, аммо буни сездирмасликка ҳаракат қилардим. – Нима менсиз яшай олмайсанми?
– Сенсиз жуда зўр яшай оламан,- деди Франтс, – қайтиб кетганингдан кейин қанчалик хурсанд бўлишимни биласанми?
– Мен ҳали бирор марта ҳам Луганода бўлмаганман.
Лугано қандай ўзи?- сўрадим ундан, Даҳшатлими?
-Қўрқинчли,- жавоб берди Франтс.- Печакгуллар билан ўраб олинган , олдида палмалар бор эски уйлар, сиренларнинг ёқимсиз иси, ҳамма ёқда самбитгулларнинг бадбўй ҳиди, даҳшатли кўл, ўртасида қўрқинчли тепаликлари билан . Шундай бўлса-да ўйлаб кўрасанми?
– Ўша ерда бўлган пайтимда мен билан тортишишга ваъда берсанг, майли, борганим бўлсин!
– Чин сўзим, шундай қиламан.
– Ажойиб,- дедим мен, аммо мен аллақачон ўлганимни унутма. Луганогача етиб боришимга ишонмайман, ўз уйимнинг ошхонасигача етиб боролмаяпман-ку.
– Милангача самолётда келасан, ундан кейин бир соат поэздда Луганогача. Мен сени кутиб оламан.
– Йўқ, мени кутиб олма. Бахтим кулиб боқиб, самолёт қулаб тушса…кутганинг зоэ кетади.
– Яхши фикр,- деди Франтс. -Мен поэзд шиналари тагига катта бир дарахтни қулатаман,сен ўтирган поэзд ҳам йўлидан чиқиб кетади, бунга нима дейсан?
-Зўр…- дедим мен ва тўсатдан йиғлашга тушдим. Шу пайт томдан йиқилиб ҳалок бўлган мушугимиз ҳақида ўйладим, шундай бўлмаслиги ҳам мумкин эдику… Мушугимиз томларда юришга ўрганган эди, кичкина балконимиздан мен уни кўпинча баланд мўри олдида семиз каптарлар ўзларига ошён қилган телевизор антеннаси олдида қуёшда тобланиб турганини кўрардим. Бир куни у мўрининг гирдобига тушиб қолиб, ўзини ўнглай олмай қолади ва беш қават пастга қулаб тушди. Қимирламай пастда ётганини кўрганим заҳоти ўзим ҳам қимирлашга бемажол қолдим.
Ниҳоят, Франтс пастга тушиб, узоқ вақт қайтиб келмади. Биз мушук ҳақида бошқа гаплашмадик. Ўша пайтларда номигагина бирга яшаётгандик. Бир – биримизга беадаблик қилардик, суҳбатларимиз фақат пичингдан иборат эди, ҳурматсизлик қилишдан нарига ўтолмасдик. Ҳар иккимиз ҳам бундан азоб чекардик, бироқ бу ҳолатни ўзгартиришга қурбимиз етмасди.
– Борсам, сен мени танимайсан,- дедим мен. – Жуда қариб, хунуклашганман, сочларим бутунлай оқариб кетган.
Мен иягимни баланд кўтариб ўрнимдан турдимда, кейин мувозанатимни йўқотмаслигим учун яна ўзимни креслога отдим.
– Сен доим хунук бўлгансан, буни сенга айтгим келмас эди. Мен эса ҳамон ўша сен билган келишган йигитман.
– Яхши. Рождестводан бир кун олдин борсам керак. Агар бирор нима учса.
У хурсанд бўлгандек туюлди ва мен ҳам ўзимни бир оғир юкдан халос бўлгандек сездим.
Кўзларимни юмиб ярим ёки бир соат қимирламасдан креслода ўтирдим. Мен яшайдиган уйдаги бошқа квартиралар эшикларининг очиб-ёпилишини, эркаклар овозини, тез-тез одимлаб бораётган қадам товушларини, қувурлардаги сув қайнаганидан кейин чиқарадиган давомли шовқинларни тинглаб ётдим. Луганони юмалоқланган қор ичидаги қизил томли воҳадек тасаввур қилдим.
24 декабр куни эрта тонгданоқ бир- иккита иссиқ кийимларимни, кўзойнагимни , муфтамни (аёлларнинг қишда икки ёқдан икки қўлни тиқиб юрадиган енгчаси) олдим. Бир жуфт мустаҳкам пояфзал, ўчиб кетган атиргул нусхали эски қора байрам кўйлагимни, китоблар ва ҳар гал саёҳатга чиқсам менга ҳамроҳлик қилувчи будилнигимни сумкамга жойлаб, Франтс учун Элзас ханталини харид қилиш истагида энг яхши дўконлардан бирига йўл олдим. У ердаги бўлимлардан бирида ханталларнинг юздан ортиқ турлари мавжуд: шиша идишларда ҳам, кичикроқ пластик идишларда ҳам, ўткирлари, нордонлари, ширинроқ таъмлилари, оч сариқ рангдан токи тўқ жигар ранглиларигача, кремли ҳамда қумоқланганлари. Ғарбнинг иллатларини ўзида жамлаган шаҳарликлар Берлиннинг чидаб бўлмас ҳавойи, мудроқ, алдамчи кибрлари билан бирга ханталнинг юзлаб тури сотиладиган шу савдо марказига оқиб кираётган эди. Дунё олов ичида қолган бир пайтда, заминнинг қайсидир жойларида уруш авжга минган, одамлар оч ва бир- бирларини қонини тўкаётган бир пайтда, миллионлаб одамлар қочоқликда, бошпанасиз юрганларида, қанчадан- қанча болалар кўчаларда ўлиб кетишаётган пайтда, Берлин юзлаб хантал турлари ичидан ўзига маъқулини танлаш билан овора, кечки овқат дастурхонига бундоғроғи бўлса нима бўпти?!
Мен эса ҳали танлаб улгурмадим. Аксинча хантал танлаш учун лифтдан юқорига кўтарилиб, шу беадаб кесатиқ билан гапирадиган одам учун умримнинг бемазмун кунларию, тунларини бирга ўтказган одам учун Элзаснинг кичик идишларда сотиладиган ханталини сотиб олган бўлар эдим, агарда биринчи қаватда турган чўчқага нигоҳим тушмаганида.ЭРИКА.
У худди одамдек кўринди кўзимга, негалигини билмайману, негадир уни “Эрика” деб атагим келди, миямга келган дастлабки фикр шу эди. Чўчқа бамисоли инсон эди, исми Эрика, бироқ чўчқа. У деярли одам бўйи билан баравар .У оч пушти юнгли, мустаҳкам тўқ пушти оёқлари, семиз бошли, бироз очилган оғзи, юмшоқ қулоқлари, тасаввур қилиб бўлмайдиган ишонч тўла нигоҳида балққан сахийлик, қизиқувчанлик, бошқа томондан бироз қувлик сезилиб турган, худди “Қаэрдан шунча ҳаяжон, бундай қилма, шундай бўлганда, келиб менга разм сол, мен бор- йўғи бир пушти юнгли чўчқа, бироқ аминманки, ҲАЁТнинг сирли маъноси менда” дея тангадеккина мовий кўзларини сизга тикарди. Ҳеч иккиланмасдан кредит карта орқали чўчқа учун 678 марка тўладим. Сумкамни орқамга осиб олдим, Эрикани эса икки қўллаб ушлаб, қорнимга тираб кўтариб олишимга тўғри келди. У ҳайрон қоларли даражада енгил эди, бироқ беҳад семиз ва бархатдек юмшоқ эди. Эриканинг олди оёқларини елкамга осилтириб, орқа оёқларини белимнинг ўнг ва чап томонларига қўйиб олдим. Унинг боши кўм-кўк кўзлари билан чап елкам оша боқиб турарди, сотувчи аёл: “Яна битта силасам майлими?” деди.
Аёл чўчқанинг қулоқларини авайлаб силаб қўйди.
Кўчада одамлар бизни кўришгани заҳоти бир текис бўлиб, йўл беришар, бизни ўтказиб юборишарди. Рождестводан олдин харид қилишнинг сўнгги соатлари бўлгани боис, одамлар хариддан тўйган, анча ҳорғин, тайёргарлик ишларидан асабийлашган. Байрамдан кейинги кунда гўё ҳавога учгандай туюлган оилавий бюджет инқирози хавфидан қўрқув чулғаб олган эди одамларни. Шунга қарамай ким Эрикани кўрса, табассум қиларди. Савдо маркази эшиги олдида туриб, марказ эшигидан эсиб турган иссиқ ҳавода исинаётган гадой бир қўли билан яширинча Эриканинг орқасини силаб қўйди.
Кўчага чиқиб, такси олмоқчи бўлдим. “Эй худойим, бунча чиройли, болангиз хурсанд бўладиган бўпти!” деди бир қари аёл ва ўта эҳтиёткорлик билан қўлини Эриканинг бошига қўйди. Мен 38 ёшли Франтс исмли “бола”нинг совғалар столидан мана шу чўчқанинг жой олиши ҳақида ўйладим. Таксичи бошини ирғаб: “Баъзи бировлар учун шунча пулга шуни сотиб олиш ҳеч нарса эмас” деди энсасини қотириб. Мен уни ҳайдовчининг ёнига ўтқазиб қўйдим. Унинг оёқлари ўтиргичдан пастда турарди. У кўк кўзлари билан Берлиннинг йўл ҳаракатини кузатар, ким ўзар жангида ғолиб бўлмоқ истагида елаётган машиналарга мантиқсиз боқар эди. Эриканинг орқасида ўзимни хотиржам ҳам ҳимояланган сездим.
Такси светофорлар ёки тиқилинчда тўхташи лозим бўлганда, ёнма-ён кетаётган таксичилар устимиздан кулиб бизга қараб сигнал чалишар, кулишар, қўл силкитишар, узоқдан бўса ҳадя этишарди. Бу ҳолат такси ҳайдовчисига завқ бағишларди. “Ҳа”, деб улар томонга бир қараб вайсаб қўярди, “Чўчқа транспорти”, дерди у ва бошқа ҳайдовчиларни ўзига тортаётганидан мароқланарди. “Бу қанча тураркан?” сўради у мендан, таксидан тушаётиб пул тўлаётганимда, мен: “Билмайман, бу менга байрамга совға”, деб алдаб қўя қолдим, мен унга нархини айтишга уялдим.
Одатда сумкамни ўзим билан самолёт бортига олардим, энди эса икковини – Эрика ва сумкам билан бортга чиқишга рухсат этилмайди. Шунинг учун сумкамни самолёт юкхонасига топширдим. Эрика самолёт бортидаги тор, тўла юкхоналарга ҳам сиғмади, шунинг учун биринчи марта ажралишимизга тўғри келди. Стюардесса уни 1-классдаги бўш ўринга ўтқазиб қўйди, камарларни тақди ва мени огоҳлантириб ҳам қўйди: “Жаноб” ўзини яхши ҳис этаяпти”. “У “хоним”. Исми Эрика”, дедим. Стюардесса қиз менга мулойим ва маъносиз боқиб қўйди ва тез одимлаб кетди. Менга эса Эриканинг юмшоқ юнги, мулойим нигоҳи етишмасди. 1- ва 2-классни ажратиб турувчи пардалар туширилганда, Эрикани кўра олмаётганимдан нақ саросимага тушдим.
Кўзларимни юмиб болалигимни, болалар уйидаги дастлабки кунларим ҳақида ўйладим. Касал ўпкаларим туфайли мен Боркумга жўнатилгандим. Ўшанда 9 ёш эдим, поэзд ойнаси олдида туриб, йиғлаётганимда онамнинг охирги сўзини эшитгандим: “Аҳмоқлик қилмагин, бошқа болалар бақириб йиғлашмайди, ахир”.
“Ҳа, онажон, фақат суюкли бўлган болаларгина йиғлашади ва улар камида тўрт ҳафтада бир марта кўриша олиш имкони бўлганида, оналари енгил нафас оладиган болаларгина йиғлайдилар. Менинг йиғим боиси эса бир куни қайтиб келганимда, онам уйда бўлмаслиги ва билдирмасдан бутун умрга қочиб кетиши мумкинлигига ишончим комиллигида эди”.
Отам менга асал рангидек тўқ сариқ юнгли, жигарранг шиша кўзли айиқ жўнатганди. Уни Фриттс деб атагандим ҳамда юзларимга маҳкам босиб, тўйиб-тўйиб йиғлар, унинг юнгларига кўз ёшларим ва мишиғимни оқизардим.
Эрика билан ҳам худди шундай қилмоқчи бўлгандим, бироқ Эрика 1-классда учиб кетаяпти. Онам билан бирор марта бўлса-да хайрлашганимни, унга бирор марта ҳам байрамларда хуш кайфият тилаганимни эслай олмайман. Шундай қилсам, онам бунга эътибор бермаган ҳам бўлармиди. Майли, ҳали ҳам бўлса, онаизоримга Луганодан қўнғироқ қилишим мумкин.
Франкфуртда Эрикани яна ўзим қабул қилиб олдим, Миланга учаётган самолётнинг чет элликлар рўйхатдан ўтадиган залига ўтаётганимда Эрикани маҳкам бағримга босдим.
Чарм қопламали ўриндиқларда, хромли (хром-оч кулранг тусли қаттиқ химиявий элемент) стулларда, жомадонларда, полларда, хуллас ҳамма жойда навбатдаги учиш рейсини кутаётган чарчаган одамлар жойлашиб олган эдилар: улар орасида саллали ҳиндлар, юпқа, ҳарир рўмолли аёллар, соф пахтадан кийим кийган қора танлилар, ҳарбий японлар, текис бошли кореяликлар, озғин, мўйнали камзул кийган кекса ҳамда гротеск услубида соч турмаклаган америкалик аёллар, егулик тановвул қилиб ўтирган, ўқиётган, йиғлаётган, ухлаётган, оналари тиззасидаги, оталар қўлидаги, қўғирчоқ ёки кичкина жомадонлар билан куймалашаётган, вагонлар ойналари олдида турган ёки вагондан вагонларга ўтиш жойида ўрнашиб олган болалар, соқовдек жим ва Рождество уларга ҳеч нима ваъда қилмаётганидан ғамгин болалар ҳам бор.
Ҳаво илиқ ва бўғиқ эди, вагон йўлаги шовқин билан тўлиб кетди, ҳеч ким хушчақчақ ёки бахтиёр кўринмасди. Илоҳий тун (Рождество байрамидан бир кун олдинги “Ҳеилиге Абенд”) да қалб тубидаги туйғулар юзага чиқади ва айни шу дамда ҳаётимда Эрика пайдо бўлди. Одамлар унинг оч пушти қорнини кўришлари учун мен уни орқа томонидан ушлаб олдим, шу тариқа унинг тўртта оёғи ҳавода муаллақ қолди. Унинг қувноқ кўм-кўк шиша кўзлари бутун зални бир-неча дақиқа юборгандай бўлди. Шивир-шивирлар, ҳиринг-ҳиринглар тинчигандек бўлди. Болалар ўринларидан туриб олишди, ота-оналари эса уларни туртардилар, бир-иккита бола мен томонга югуриб келди. Қўрқув тўла табассумлар қувноқ кулгуга айланди, гўё ҳавога жон кирди, мен тушунмайдиган дунёнинг ҳамма тилида жажжи болалар ва қизалоқлар бир хил гап айтишди. “Оҳ, майлими ушлаб кўрсам?” Мен бош ирғадим. Эриканинг оёқларини маҳкам сиқдилар, юмалоқ оғизларни айлантириб кўрдилар, қулоқларини секин силадилар. Қўнғир сочли бола Эриканинг шиша кўзларидан бирини авайлаб артиб қўйди, санаб адоғига етиб бўлмайдиган кокилли жажжи қора танли қизалоқ Эрикани секингина ўпди ва югурганича ортига қайтиб, ўзини онасининг панасига олди.
Агар мен шу ерда йиғилганларга назокат-ла муҳаббат, уйғунлик ҳамда соғинч, эркинлик ва тотувлик ҳақида гапирсам, ҳеч ким мени эшитмасди ҳам. Шундай қилсам, албатта, уларга ёқмаган бўлардим, қоровул қўлимдан тутиб : “Рухсат беринг, сизни самолётингизгача кузатиб қўяй?” ёки “Марҳамат қилиб, аввал бир финжон қаҳва ичиб олсангиз” деган бўларди.
Эрика бу ерда мавжудлиги ила ҳаммани сеҳрлаб қўйганди гўё. Улкан чўчқа нигоҳи ва юмшоқ паҳмоқлари билан одамларга хуш кайфият, ер юзига эса кўпроқ тинчлик улашаётган эди.
Миланга учадиган охирги самолёт кичик ва қулай бўлиб, Эрика ҳаво кемаси капитани ва унинг жамоаси томонидан бортда қизғин кутиб олинди, йўловчилар чапак чалиб юборишди. Эрика ёнимдалиги учунми, секин-аста мени тушкун кайфият тарк этиб борарди. Бор-йўғи бир неча соат ичида у ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди, агар Эрика бўлмаганда, ҳеч қачон бутунлай нотаниш одамлар билан, шунингдек, такси ҳайдовчиси билан гаплашмаган бўлардим. Энди эса менга нотаниш одамлар менга жон бағишлашмоқда, юзларимга табассум қайтди. Эрика билан қаэрда бўлмай, ҳамма жойда одамлар кайфияти кўтарилди, одамлар биз томонга бир марта бўлса ҳам нигоҳ ташлаб қўйишди.
Мен ўзим ва Эрика учун ҳам қизил вино келтиришларини айтдим, ҳеч қандай шарҳсиз буюртма келтирилди ва хушкайфиятлик ила хизмат кўрсатилди. Алп тоғлари устидан ўтаётиб бошимни Эриканинг елкасига қўйдим-у ўзимни шундай яхши ҳис этдимки, қани энди парвоз давом этаверса, деб ўйладим, бутун дунё бўйлаб ана шундай…
Миланда аэропорт хизматчилари иш ташлашибди. Самолётдан тушиш учун зиналар ҳам ўрнатилмади, автобус ҳам юборилмади, самолётдан сакраб тушишимизга тўғри келди. Менинг навбатим келганди, ўйлаб қолдим: аввал ўзим сакраб, Эрикани бирор йўловчига ишониб қолдирсаммикан ёки уни пастга ташлашим биланоқ кетидан ўзим сакрасаммикан? Фикрларимни пастда қулочларини кенг очиб турган пасажжирлар бўлиб юборишди. Мен уни пастга улоқтирдим, у ўша заҳотиёқ кенг очилган қулочларга бориб тушди, уни маҳкам тутиб олишди, ўпиб ҳам қўйишди ва ҳатто мақташди ҳам. Браво, браво! Мен ҳам сакрадим-да, уни ҳаммадан қизғаниб тезда қайтариб олдим. Ўзимни эътиборга тушган боласидан фахрланган онадек эдим. Юкларимизни самолёт юкхонасидан ўзимиз олиб, божхона биносигача узоқ юриб келишимиз шарт эди. Йўловчилар оғир юкларини кўтариш учун бир-бирларига қарашардилар. Ёнимдаги қора танли барваста йигит ўзининг каттакон жомадони билан бирга менинг сумкамни ҳам кўтариб олди. Ҳужжатлар учун тутиладиган сумкачасини эса қўлимга тутқазди. Ўртамизда Эрика, йигит унинг чап қўлидан, мен эса ўнгидан тутиб олгандик. Шу тариқа биз қоп-қора, ҳўл асфалтдан ҳамманинг ҳавасини келтириб юриб борардик. Ахир Эрика билан юришни ҳар бир одам истаётган эди-да, бироқ бу барваста йигит уларнинг ичидан энг дадили бўлди. Шу пайт негадир умримнинг қолган қисмини шу қора танли йигит билан ўтказгим келди. Эрика ўртада бўларди ҳозиргидек… У менга исми-шарифи жаноб Вилсон эканлигини, Рождествони опасиникида оиласисиз – Миланда ўтказишини айтиб қолди. “Бунча ажойиб совға”, – деди у Эрика ҳақида, мен эса уни кимгадир совға қилиш ҳақида ўйлаб, даҳшатга тушдим.
Италиялик божхоначилар менга қараб қўлларини силкиб қўйишди. Жаноб Вилсон афсуслар билан хайрлашди-да, рюкзагимни осиб қўйди, аммо сумка божхоначиларда қизиқиш уйғотмади ҳам. Улар чўчқани қўллари билан санчиб кўришар, ҳидлашар, айлантириб кўришар, узоқ текширишар, бири қўйиб иккинчиси Эрикани диққат билан текширишарди. Уни рентген текширувига қўймоқчи бўлишганида, нафақат мен, балки бошқа йўловчилар ҳам қаршилик кўрсатишди: “Наҳотки, бола учун олинган байрам совғасининг қадри шу бўлса?! Ниҳоят, Данило лақабли сўлаклари оқиб турган қари исковуч ит Эрикани ҳидлаб, ундан гиёҳванд модда излаб кўрди. Биз, ниҳоят назоратдан ўтдик. Жаноб Вилсон опаси билан бизни кутиб турган экан, у опасига бизни кўрсатган эди, опаси қўли билан оғзини ёпганига кулиб қўйди. Бир-биримизга қўл силкитиб қўйдик. У кўздан узоқлашгач, мен вокзалга кетадиган автобусни қидира кетдим.
Автобус ҳайдовчиси ҳамма ёқда “Чекиш таъқиқланди” деган ёзувлар бўлишига қарамасдан чекарди. Биз баланд, эски уйли кўчалар бўйлаб юрдик, дўконлар витриналари байрамона ясатилган, турли рангдаги чироқлар уйлар олдидаги яланғоч дарахтларни ёритиб турарди.
Автобус уч марта юрмай қолди, ҳар гал ҳайдовчи тушиб, қаэрларнидир кавлаштириб қайтиб жойига ўтириб, ўт олдирди, автобус ҳар қалай ўрнидан қўзғалди. Мен сумкамни ўриндиқларнинг тепасига ўрнатилган юкхоналарга жойлаб, Эрикани тиззамга олдим. Ёнимдаги шимолий африкалик йигит ўта чарчаган кўринади. Ўриндиққа зўрға жойлашиб олди-да, ойнадан ўтиб-қайтиб турган транспорт қатновини кузатиб кетди, бироқ бир қўли билан Эрикани секингина силаб қўйганини сездим. Бошқа йўловчилар мен томонга тез-тез назар ташлар, баъзилари табассум ҳадя этсалар, баъзилари қошларини чимириб қўярдилар, бошқалари эса таажжубланиб бошларини ирғиб қўя қолардилар. Жуда чарчаган эканман, Эриканинг елкасига бошимни қўйиб кўзим илинибди аммо вокзалга етиб келган эдик автобусдан тушишимиз лозим эди.
Милан вокзали катта, баланд ва жуда эски, шу билан бирга ўта чиройли, ўймакор ёғочли, мустаҳкам қадимий ойнавандлари замонавий услуб билан уйғунлашиб кетган эди. Барча катта шаҳарлар сингари бу ерда ҳам одамлар оқими катта, ҳар қадамда уларнинг бирортасига ё қоқилиб ёки урилиб кетиш мумкин. Эрика кўм-кўк кўзлари билан менга йўл очиб берар, бироз юриб, ортимга қарасам одамлар оқими яна қўшилиб кетарди.
Поэзд тирбанд эди, овқатланиш вагони ҳам. У ёқ – бу ёққа ўтишнинг ҳам ҳеч иложи йўқ эди. Туриб кетишимга тўғри келди, сумкам эса оёқларим тагида қолиб кетганди. Олти кишилик купедан кимдир менга имлади: “Чўчқангизни беринг, ушлаб кетаман! Эрика кекса аёлнинг тиззасидан жой олди, аёл Эрикага бошдан – оёқ разм солиб бўлгач, у тиззадан тиззага, қўлдан қўлга ўта бошлади. Уни жуда ҳам қизғаниб, ишонмасдан кузатиб турардим.
Уйларнинг айвонларида ранг-баранг рождество чироқлари осилиб турибди. Негадир мен ўзимни тўсатдан ғамгин ҳис этдим, гўё ташландиқ бечораман. Бу дунёнинг ифлосгарчиликлари ва қашшоқлигидан ҳолдан тойганман, ўзимга қайтгач Эриканинг юмшоқ, дўмбоқ гарданига юзимни босдим.
Болалигимда рождество байрамини нишонламасдик, чунки онам черков ва диний байрамларни хушламас эди. Рождество, арча дарахти, совғалар биз учун йўқ эди. Буларнинг нима учунлигини бола учун тушуниш осон кечмайди. Уйда, дераза олдида ўтириб кўчада дарахтларга осилган ранг-баранг чироқларни кузатиб хўрлигим келарди.
Франтс билан эса ҳар доим арча ясатардик, арчага турли хил бўлмағур ашқол-дашқолларни: ошхона анжомларини, санчқичларни, винолар учун махсус очқичларни осиб ташлардик, бироқ албатта шамлар ёқардик, совғалар ҳам бўларди. Мусиқа эшитардик, оғмахонларимиз учун балконга егулик ҳам қўярдик. Бугун кечқурун-чи?! Франтс ва мен биргаликда нима қиламиз? У балки нимадир пиширар, менда эса унинг учун Эрика бор.
Ҳеч бўлмаса шу бугун кинояли ҳазилларимиздан воз кечиб турармиз? Биз ҳақиқатдан ҳам ҳамма нарса ҳақида, ўртамизда нима чин, нима ёлғон бўлганини, келажакдаги режаларимиз ҳамда орзу-умидларимиз ҳақида гаплаша олармиканмиз? Мен унга отам вафот этганини, ўзимни ўта ғамгин ва ташландиқдек ҳис этаётганимни айта олсам эди. Касал эканлигимни, жарроҳлик столига ётишим лозимлигини, бундан ниҳоятда қўрқаётганлигимни айтгим келарди. У ҳам менга ўз иши ҳақида, нима учун шунчалик узоқларга қочиб кетганлиги ҳақида айтганда эди.
Суюкли аёли бормикин? Франтснинг ҳаётида аёллар ҳамиша бўлган, ҳатто мен билан бирга яшаган кезларида ҳам. Бироқ мен рашкчилар хилидан эмасдим, уруш-жанжал қилмасдим. Беш кунлик ҳаётда турли машмашаларнинг нима кераги бор? Шуларни ўйлар эканман, тўсатдан Франтс юзидаги ажинлар, мени тушуниши-ю, ўткир нигоҳини кўз олдимга келтириб қўрқиб кетдим.
Поэзд узоқроқ тўхтаб қолди, демак, навбатдаги божхона назорати. Эрикани диққат билан текширишди. Бу – Хиассо бекти экан, кейингиси – Лугано, пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди. Эрика билан видолашувимга тўғри келади, Франтс учун шундай қилмишим керак, аммо у Эрикани қадрлармикан? Бугун тунда у билан бўлишимни ўйлаб даҳшатга тушдим. Бирга яшаган сўнгги кунлардаги ишқий муносабатларимиз мажбурий муносабатлар эди. Натижада бундай зўрма-зўракиликдан чарчадик ва шу тариқа дўстларча ажралишдик.
Франтсни бошқа кўрмадим. Буни хоҳламадим ҳам, биз ҳатто дўст ҳам бўлиб қололмадик. Эй Худо, шунча йўл босиб бу ерга келмаслигим керак эди, яна илоҳий тунда, лиқ тўла поэздда. Ўзим билмаган шаҳарга, истеҳзою киноялари билан жонимга теккан бир одам олдига кетаяпман-а?
Ҳозирги аҳволимда унинг пичингларини кўтара олармиканман. Эрика-чи? Бўйим баравар тилла берса ҳам Эрикани келиб-келиб Франтсга бериб қўя олмайман.
Поэзд Луганода тўхтаганида, уни дарров кўрдим. У лампа остида, эгнида башанг палто, чекиб турарди. Кўзларини юмиб олган, юзи олдингиздан ҳам ингичка туюлди менга. Бир муддат унга талпиндим, аммо унинг қаршига боришимни, у мени бағрига олишини, уни ўпишим ҳақида ўйлаганимда, ҳаво етишмагандек бўлди. Турган жойимда қотиб қолдим, юзимни Эриканинг мўйнасига босиб олгандим, бекатда тушувчиларга ўтишлари учун йўл бердим. Купе деярли бўшаб қолди. Франтс перронда у ёқдан бу ёққа мени изларди. Мен ўтирган купе ойнаси ёнига келиб, шунчаки қараб қўйди-да, яна перронни кузата бошлади. Қўллари чўнтагида, тамаки чекиб турибди.
“Франтс!- ўйладим мен, – эсингдами? Илгарилари биз суюклигинг ёнингдалигини сезиш мумкин, дердик. Кичкинагина қаҳвахонада танишгандик, мен охирги семестрга пул топиш учун дам олиш кунлари ўша ерда ёрдамчи офитсиант бўлиб ишлардим. Шундай кунларнинг бирида сен келдинг ва менюга узоқ термулиб қолдинг. Ниҳоят, мен ёнингга келиб: “Мен Лизаман, пишлоқли пирог ўтган ҳафтаники, аммо олмалисини сизга тавсия эта оламан” дедим. Сен менга ажабланиб қарадинг-да, кутилмаганда: “Яхши, мен пишлоқлисидан ейман“, – дединг. Иккаламиз ҳам кулиб юбордик, сен эса: “Бу орадаги ғуборни ювиш учун бир усул-да”, – дединг. Мен: “Пишлоқли пирог ҳақидаги гапимни бир кинода эшитган эдим, менга ёқувди, шунинг учун шундай дедим”, деб қўйдим.
“Сен эса менга ёқдинг”, – деган эдинг ўшанда. Ўша тундаёқ оғушингда бўлдим – муносабатларимиз жуда тез ва ҳеч қандай қийинчиликсиз бошланганди”.
Ва ҳозир ҳам худди ўша пайтдагидек қарор қилдим: поэзддан тушмайман. Франтсни кўргим келмаяпти. Ўтмишимизга қайтадан илиқлик киритишдан маъно йўқлигини, бундан иккаламиз ҳам фақатгина азият чекишимизни истамадим, шунингдек Эрикадан жудо бўлишни ҳам… Поэзд йўлида давом этди, Лугано вокзалидан қўзғолиб қоронғи тонелга кирди, ўзимга ўзим пичирладим: “Байрам муборак!”
Мен Франтсузнинг жаҳли чиқиб вокзал қаҳвахонасида эспрессо ичиб ўтирганини тасаввур қилдим. Кейин у балки Миланга қўнғироқ қилиб самолётнинг ўз вақтида Миланга қўнган – қўнмаганини сўрар, яна бир-иккита поэздни кутар, кейин эса денгиз бўйидаги ҳашаматли уйига қайтади-да, қўнғироқ бўлишини ёки телеграмма келишини кутади ростбифни (молнинг ёлқин гўштидан қилинган қовурма) якка ўзи ейишига тўғри келади, ёлғиз ўзи ичади, сўкиниб деразадан ташқарига қарайди ва ўйлайди: “Бетти мени алдаши мумкиин эмас”.
Мени нима жин урганини билмайман. Яна қанча юришимни, қаэрда тунаб қолишимни ҳам билмасдим, бироқ менда Эрика бор эди, мен уни ёнимда бўш қолган ўриндиққа ўтқазиб қўйгандим. Поэзд кичик-кичик бекатлардан тўхтатмасдан ўтиб борарди. Балки поэзд мў‘жизали бирор ўлкада тўхтар, ўша ерда тушиб ўз бахтимни топарман. Франтс энди мендан гўё асрларчалик узоқда эди.
Поэзд энди секин юра бошлади. Чап тарафда водийда саноат иншоотини, ўнг томонда эса тепаликда баланд кедр дарахтлари остидаги чиройли қадимий виллаларни кўриш мумкин. Бир бинога катта қилиб “Санта Мария институти” деб ёзиб қўйилибди, бу олий даргоҳ зодагон оилаларнинг қизлари учун бўлса керак. Поэзд соат еттидан кейин Белинзона шаҳрида тўхтади. Бекатда тушиб, Эрика билан деярли одам йўқ перронда турардим. Ҳаво совуқ, кўз олдимда бир кабутар ердан увоқни тумшуғига илиб олишга уринарди-ю, бунинг уддасидан чиқа олмасди, чунки тумшуғига сақич ёпишиб қолганди. Вокзални тарк этарканман, вокзал рўпарасида жойлашган катта пушти рангли меҳмонхонага кўзим тушди, “Алберго интернационале”. Деразалари ёпилган, эшигида эса: “ишламайди”, деган ёзув бор эди. Сумкамни елкамдан олиб, Эрикани маҳкам бағримга босиб, вокзал кўчаси бўйлаб юра бошладим, худди бошқа вокзаллар сингари бу ерда ҳам бутиклар, савдо уйлари, жинси сотадиган дўконлар, саёҳат бюролари, қўл соатлари, тамаки ва газета-журналлар сотиладиган дўконлар кўзга ташланади. Кўчаларни бирма-бир кўздан кечириб, тунаш учун жой ахтарардим, учинчи кўчага кирганимда бахтим кулиб боқди: “Монталбина пансиони”. Эшикда: “Ишламайди”, дегани ёзув осиғлиқ эди, бироқ пардалар ортидан ёниб турган чироқ милтиллар эди. Эшикни тақиллатиб кўрдим. аммо Эрика туфайли менга эшикни очишларига ишончим комил эди.
Дарпардалардан бири эҳтиёткорона кўтарилди, дераза олдида бир эркакнинг семиз боши кўринди. Думалоқ кўзлари билан менга қаради-да, кўрсаткич бармоғи билан “Ишламайди” деган ёзувга ишора қилди. У кичкина, семиз оғзини чуччайтириб: “ишламайди” деди. Мен унга маъноли қараб қўлимдаги Эрикани баланд кўтардим. Эрикага ўқрайиб қараб қўйди-да, пардани тушириб қўйди. Ичкаридан унинг ниманидир хўриллаб ичаётгани эшитилиб турарди. Бироздан кейин эшик очилди. Олдимда бўйи меникидан унчалик баланд бўлмаган, лекин ҳаддан зиёд семиз киши турарди. Думалоқ калласи билан елкалари ўртасида бўйин шўрлик кўринмасди ҳам, оёқларини эса бечора анча йиллардан буён юмалоқ қорни сабабли кўрмаган бўлса керак, семиз қўллари эса танаси ёнида айлангандек гўё.
“Ёпилган”, деди у. Эрикага қараб “Бу нима ўзи?” сўради. “ Чўчқа, биз бир кунга хона ва кечки овқат излаяпмиз” дедим унга жавобан. “Чўчқа”, минғиллади у, силаш учун қўлларини узатди. “Унинг исми Эрика”, – дедим дадиллик билан, семиз одам бошини ирғаб, худди дунёда бундан бошқа нарса йўқдек, меҳр билан: “Эрика” деди. “Илтимос, бизни ичкарига киритинг”, – дедим.- Мени ҳамда Эрикани. Қаэрга боришни билмаймиз”. Шундай дедим-у, хона учун пул тўлай олишимга ишора қилдим. Шундай дердим-у унга хона учун пул тўлай олишимга ишора қилдим. “Бунақаси кетмайди”. Пансионат 15 январгача ёпилган, мен эса бор-йўғи ошпазман. Бу ерда ҳеч ким йўқ”. “Илтимос!” Бу сўзни шунчалик ялинганнамо айтдимки, негалигини ўзим ҳам билмай қолдим. Вокзалга қайтиб бориб, у ердан Сюрихга жўнаб кетсам ҳам бўларди, аммо ҳолдан тойгандим, бунинг устига совқотдим. Кейин дўмбоқ ҳам юмшоқ Эрика билан кун бўйи бахтли бўлганимдан сўнг бу семиз кишига ишонса бўладигандек туюлди менга.
Киши бир муддат термулиб қолди, биламан айни дамда унинг қалбида фикрлар туғён урмоқда, буни унинг юзидан уқиб олса бўларди. Юзининг ранги пуштидан тўқ қизилга айланди, қулоқлари худди бинафша рангдек эди. Ниҳоят, қўлларини кўтариб, бошини ирғади, оёқлари билан эшикни кенгроқ очди-да, ичкарига киришга ижозат берди. Орқамдан эшикни ёпиши биланоқ қоронғи даҳлизда қўлимда Эрика билан туриб қолдим ва бу янги йилда яна нималар содир бўлишини кутардим.
Семиз одам “чиройли” оёқлари билан ерни тепиб рақсга тушди-да, ҳайрон қоларли даражада каттакаон ошхонанинг эшигини очди. Каминга қаланган ўт гуриллаб ёнарди. Катта газ плитаси , турли идиш-товоқлар, ашқол-дашқоллар қўйилган жовонлар – бир томонда, бошқа томонда – рандаланган улкан ёғоч стол-скамейкаси билан ва бир нечта стуллар. Стол устида Салями (питстса тури) солинган ликоп, бир шиша вино ҳамда Рикардо Сосианте куйлаётган кўтариб юрса бўладиган радио бор эди.
Семиз одам стол олдидан жой кўрсатди ва тараддуд билан туриб олди. Эрикани ёнимга қўйиб,ўтирдим. Ошпазнинг ҳам қорни тўққа ўхшамасди. “Эрика”, деди у яна ва қўшиб қўйди: “Бунчалар катта чўчқани умримда кўрмаганман”.
У деярли бўшаб қолган ликобчасини олиб, питстсанинг охирги бўлагини оғзига солди. “Энди эса чиндан овқат пиширамиз”, деди у ва фартугини тақди. Қозонга сув солиб, шкафдан макаронларни олди. Товага соус қуйди, тахтакачда кўкатларни майда қилиб тўғради, оқ нонни бўлаклади. Ишига шундай берилиб кетган эдики, борлигимни унутгандай гўё . Фақат баъзида Эрикага нигоҳ ташлаб қўяр ва унинг исмини минғиллаб такрорларди. Ишининг ўртасида менга стакан тутқазди ва вино узатди. Ўзимга винодан қўйдим, унга ҳам. Тўла стаканимни баланд кўтариб, “Салют” дедим мен. У ўгирилиб менга қаради, жилмайиб кичкина оппоқ тишларини кўрсатди. Стаканини қўлига олиб, меники билан уриштирди ва “Франко” – деди. “Вероника”, дедим мен, у эса қайтарди: “Вероника. Э-Эрика”.
Оёқларимни чалиштириб, иссиқдан баҳра олганча, кўзларимни юмдим. Франконинг усталик билан спагетти сузаётганини эшитиб турардим, ҳозир эса радиодан Франческо Де Грегорий Америкага йўл олган кемадаги италиялик болакай ҳақидаги қўшиғини куйлаяпти. Бироқ у италиялик Американи кўрмайди, чунки у ўт қаловчи, вазифаси кеманинг ичида бўлишдир. Ўзимни ҳимояланган, хатарсиз ва жуда яхши ҳис қилдим. “Алвидо Франтс! Салом, Франко!”
Франко олдимга санчқи билан ликопни қўйди. Буғ чиқиб турган идишни олиб келиб, сўради: “Эрика овқат емайдими?” Йўқ, дедим мен. Итдек оч қолган одамдек овқатга ўзимизни урдик. “Раҳмат, Франко”, дедим. Худди эски дўстлардек қўлимни бир лаҳза унинг қўлига қўйдим. У бунга эътибор бермади ҳам. Эрика мен билан Франконинг ўртасида ўтирарди. Вино бутилкасини Эриканинг у ёқ – бу ёғидан олишимизга тўғри келарди.Иккинчи шишага ҳам навбат келди. У бироз немисча гапирар, мен эса италянча, биз бир-биримизга байрам тунида нега шу ошхонагача келиб қолганимизни тушунтиришга уринардик. Мен самолётдан қолиб кетганим ҳақида айтиб уни алдадим, у эса пансионат эгалари таътилга кетишганини, уйига боришни хоҳламаслиги боис шу ерга қараб туришга рози бўлганини айтди. Бунинг сабабини сўрадим, оиласи борми, қаэрда яшайди, ўзи? Бироз танаффусдан сўнг Франко қайғули ўтмишини бошлади. У асли қишлоқдан бўлиб, швейтсариялик эмаслигини, Кузинодан келганини, бу Италиянинг чекки бир қишлоғи эканлигини, ҳар куни бу ерга қатнаб ишлаганини, кейин уйланиб рафиқаси ҳамда қизи билан бирга яшаганини, хотини уни ташлаб кетганини, янги йил оқшомидан бир неча кун олдин хотини бир сартарошникига боласи билан кўчиб ўтганини, уйда ёлғиз қолгиси келмаганидан шу ерда эканлигини гапириб берди. У Эрикага иккиланиб тикилар экан, қичқириб юборди: “Хотиним ҳам худди шундай дўмбоқ, ранги ҳам шу каби пушти, шундай гўзал, мулойим эди!” деб Эрикани силаб қўйди. Кўзларидан тиркираб ёш оқарди.
Мен эса турмушимдан ажрашганимни, бутунлай ёлғиз яшашимни, Луганода ҳеч кимим йўқлигини, агар бу ерда қолишга изн бермаганида, уйимга қайтиб кетишимни гапирардим.
“Сиси”, бақирди у, яна бир шиша ичимлик билан стакан келтирди. “У осонгина кетиб қолди-я”, сўкинди у. “Ҳатто унга овқат пишириб бера олмайдиган сартарош билан кетиб қолди-я!” У бизга капучино тайёрлади. Бошимни столга қўйиб радиони бураб, яхши бир қўшиқ топдим. Франко қўшиқдан таъсирланиб кетди, фартуги билшан кўз ёшларини артиб, Эрикани тиззасига олди.
“Худди шундай юмшоқ эди у!”- бақирди ошпаз,- қандоқ юмшоқ эди-я… У билан яхши муносабатда эдим-ку. Келиб-келиб сартарош билан-а!” Семиз ошпаз яна йиғини бошлади, юзини Эриканинг қулоқларига босди. Жуда чарчаганимдан стулимни каминга яқинроқ сурдим. Вино тўлдирилган рюмкамни ўзим билан олдим ва гулхан учқунларига тикилдим, ўша пайтда жон деб арчанинг шох-шаббаларидан оловга ташлаган бўлардим, шунда Рождествонинг ҳиди келган бўлармиди.
“Даҳшатли байрам бўлди-да” дедим ва бир бўлак ёғочни оловга отдим, Франко эса: “Эрика” деди-да, бошини унинг қорнига қўйиб ёнбошлади.
Кўзимни очсам, тонгга яқинлашиб қолган, каминдаги гулхан ҳам ўчиб бўлган эди. Рюмка чил-чил синиб ерда ётар, ўзим эса стулга осилиб қолган эканман. Кун ёруғи деразалардан мўралай бошлабди, семиз одам эса стол устига узалла тушиб ётиб олган, бошини Эрикага қўйиб ухлаб ётарди.
Секин, сассиз ўрнимдан туриб, сумкамни олдим. Калитни эшик оғзида қолдирдим. Кўча осуда ҳам бўм-бўш эди, пансионатига нигоҳ ташлар эканман, “Хайр, Эрика, сен уни овут, буни эплай оласан!” дедим-да, вокзал томонга йўл олдим.
Уйга, Берлинга етиб келдим. Франтсдан телеграмма келган экан: “Нима бўлди?” Мен ҳам унга телеграмма жўнатдим: “Ҳеч нарса Хайр”. Онамга қўнғироқ қилдим, у ҳатто уйда бўлмаганимни ҳам ва бугун байрам эканлигини ҳам билмабди.

Ҳафиза Қўчқорова таржимаси