Бир куни кечқурун ётоқхонамдаги оромкурсида ястаниб ётарканман, ҳинд аёлининг ўзига хос қирраларини кўз олдимга келтирдим. Бу ўнгиммиди ё тушиммиди англолмайман. Бироқ хотирам панд бермаса, мен уйғоқ эдим. Хуллас, жилваси кўзни қамаштирадиган минг олмос сингари товланувчи ёрқин юлдузли ойдин кечани кўрганим аниқ ёдимда. Дафъатан қаршимда гўзал аёл пайдо бўлди, бироқ у осмондан тушдими ё ердан чиқдими, билмайман. Мен уни қадрдоним Сара опамга ўхшатдим.
– Салқин саҳар муборак, – деди Сара опам.
Алҳол тонг эмас, балки юлдузли ойдин кечалигини билганим учун ҳам ўзимча жилмайиб қўйдим. Нима бўлганда ҳам мен ундан:
– Саломатмисиз? – деб сўрадим саломига алик оларканман.
– Тангрига шукр, раҳмат, тану жоним соғ. Боғимизга бир назар ташлашни ихтиёр этмайсизми?
Мен тағин очиқ деразадан оймомога боқдим. Ҳар қалай, бу вақтда ташқарига чиқиб, кечанинг тароватидан баҳраманд бўлса, зиён қилмас, деб ўйладим. Кўчадаги барча эркак хизматкорлар уйқуни ураётган бир маҳалда, Сара опам билан шунчаки сайр қилиш имкониятига эга бўлганимдан теримга сиғмай кетаётгандим. Биз Даржилингда бўлганимизда Сара опам билан худди шундай сайр қилардик. Ғаройиб гўзал боғларда қўлни қўлга бериб, кўнгилни кўнгилга пайванд этган ҳолда бир неча бор суҳбат қурганмиз. Ҳозир ҳам Сара опам мени худди шундай гўзал боғ сайлига чорлаётган чиқар, деб хаёл қилдим-у, унинг раъйини қайтаролмадим. Шундай гўзал опагинамнинг шашти сингунча, шайтоннинг бўйни узилсин.
Остона ҳатлаб кўчага чиққанимда чиндан ҳам тун чўкканини эмас, билъакс, тонг отганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим. Шаҳар аллақачон уйғонган, кўчалар гавжум. Мен куппа-кундузи одамлар орасида бу ҳолда бамайлихотир юришга уялардим. Гарчи атрофда битта ҳам эркак зоти кўзга ташланмаётган бўлишига қарамай, номусдан ерга кириб кетай дердим.
Уларнинг айримлари устимдан кулаётганга ўхшарди. Гарчанд ўтиб-қайтаётганларнинг тилини тушунмасам-да, ҳазил-ҳузил қилаётганликларини англаб турардим. Мен дўстимдан:
– Улар нима дейишяпти? – деб сўрадим.
– Аёллар сизни эркакшода экан дейишяпти.
– Эркакшода? Бу билан улар нимани кўзда тутяптилар? – сўрадим ҳайратимни яширмай.
– Уларнинг айтишича, сиз эркак зотига ўхшаб, уятчан, тортинчоқ экансиз.
– Эркаклардек уятчан ва тортинчоқ?!
Бу чиндан ҳам ҳазил эди. Ҳамроҳим Сара опам эмас, балки мутлақо нотанишлигини фаҳмлаб, баттар хунобим ошди. Шунчалар ҳам аҳмоқ, сўқир бўламанми, наҳотки эски қадрдоним, Сара опамни шу аёл билан адаштириб ўтирсам. Қўл-оёғим дағ-дағ титрарди, буни эса ҳамсуҳбатим ҳис қилиб турарди.
– Борлиқ, дегани нима, азизам? – деб сўради у меҳр билан.
– Мен ўзимни ғоятда ноқулай сезяпман, – дедим хижолатомуз. – Биз аёллар кўчада юзимизга парда тортмай, ёпинчиқсиз юришга одатланмаганмиз.
– Бу ерда эркак киши билан бақамти бўлишдан қўрқмаслик керак. Чунки мазкур замин – гуноҳу хавф-хатардан холи Аёллар мамлакати. Бунда яккаш эзгулик ҳукмрон.
Мен секин-аста боғ тароватидан баҳра ола бошладим. Боғ чиндан ҳам бениҳоя катта эди. Ям-яшил ўт-ўланлар билан қопланган ерни духоба ёстиғимга ўхшатдим. Ердан кўз узмай гулу чечаклар ва майсалар узра секин-аста қадам ташларканман, хаёлимда худди юмшоқ гиламда юриб бораётгандай эдим.
– Қанчалар яхши, – дедим мен.
– Сизга улар ёқадими? – сўради Сара опам (мен ҳам ҳамон уни Сара опа деб атаётгандим, у ҳам ўз навбатида мени исмим билан чақирарди).
– Ҳа, жуда ҳам ёқади. Лекин мен майину муаттар гулларни босиш танловида қатнашишни истамаган бўлардим.
– Ҳечқиси йўқ, қадрли Султона, сиз босаётган қадамларнинг уларга зиёни йўқ; бу ёввойи гулларнинг жони сабил.
– Боғ эмас, чин жаннат дейсиз, – ҳайрат билан дедим мен. – Тан олмоқ жоиз, гулу гулзор, чаману чаманзор, ҳар бир ўсимлик ўткир дид билан ўтқазилган.
– Агар ватандошларингиз худди шундай чаманзор қилишни истасалар, Калкуттангиз бу боғдан гўзалроқ гўшага айланган бўларди.
– Фикри ожизимча, улар боғдорчиликка бу қадар катта эътибор қаратиш бемаънию бесамар иш, деб ўйлашади, боз устига бу юмушни елкаларига ортиш учун ҳаддан ташқари банд, ишлари бошларидан ошиб-тошиб ётибди.
– Улар бундан яхшироқ баҳона тополмаган бўлардилар, – деди у табассум билан.
Атрофда бирорта эркак зоти кўринмасди, бу эса менга ғалати туюлди ва қизиқишим ортди. Гўзал боғдаги сайру саёҳат давомида юздан ортиқ аёлни учратдим, бироқ битта ҳам эркак кўзга ташланмасди.
– Эркаклар қаерда? – деб сўрадим ундан.
– Улар қаерда лозим бўлса, ўша ерда.
– Лозим бўлган ўша ер деганда нимани назарда тутяпсиз, илтимос, тушунтириброқ гапиринг.
– Сиз бу ерда олдин бўлмаганингиз учун урф-одату қонун-қоидаларимиздан бехабарлигингизни мутлақо фаромуш қилибман. Бу менинг хатом. Биз эркакларимизни бир қасрга қамаб қўйганмиз.
– Наҳотки! Демак, бу қаср бизда ҳарам қандай қўриқланса, худди шундай муҳофаза қилинадими?
– Топдингиз!
– Нақадар кулгили, – деб ёйилиб кулдим.
– Кулманг, қадрли Султона, ўзингиз айтинг, ожиза аёлларни ҳарамга зиндонбанд этиб, эркакларни чиқариб юбориш инсофданми? Бунинг устига бу ғоятда хатарли.
– Тушунмадим…
– Аёл ўз номи билан аёл – ожиза. Эркакларнинг ҳарамдан ташқарига чиқиши ва уларга ортиқча эркинлик берилиши биз каби нозик хилқат учун хавфсиз, деб бўлмайди. Тинч-осуда шаҳар кўчаларида одамлар бехавотир сайр қилиб юрган чоғ ёввойи ва ваҳший ҳайвонларни озодликка чиқариб юбориш қанчалик хатарли бўлса, бу ҳам шунчалик хавфлидир. Бунинг оқибатини тасаввур қилаяпсизми? Қутурган ёввойи ҳайвонлар одамларга ташланиб, уларни қафасга қамаб қўйиши ҳеч гап эмас. Эшак семирса, эгасини тепади, деб бежиз айтмаганлар ахир. Нима дедингиз, адашмаяпманми?
– Йўқ, албатта, – дедим аранг ўзимни кулгидан тийиб.
– Сизнинг юртингизда бари оёғи осмондан қилинган! Босар-тусарини билмайдиган эркаклар шўхлигининг чек-чегараси йўқ, улар ожиз ва айбсиз бечора аёлларни ҳарамга қамаб қўйганлар! Қандай қилиб бундайларга эшикни ишониб бўларкан?
– Бизда ижтимоий соҳадаги ишларни қиладиганлар йўқ. Ҳиндистонда олижаноб соҳиб бор, у қўлига барча ваколату имтиёзларни олиб, аёлларни ҳарамга қамаб қўйган.
– Нега сиз бундай ноҳақликка қарши курашмай, жим турасиз?
– Билмадим, ҳамма айб, ҳамма қусуру бало эркакларнинг аёллардан икки карра кучлилигида бўлса керак.
– Шер инсондан қанча кучли, бироқ бу унга инсон устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини бермайди. Яхшироқ бош қотириб кўринг, аёлларнинг ўз олдидаги мажбурияти бор ахир. Сиз ўз ҳуқуқларингизни йўқотиб қўйгансиз ва қизиқишларингиздан кўз юмасиз.
– Қадрдоним Сара опа, агар биз барча ишни ўзимиз бажарсак, эркаклар нима иш қилади?
– Уларнинг иш қилишига ҳожат йўқ. Мени кечиринг-у, лекин айтишга мажбурман. Уларни битта қўймай тутиб, ҳарамга қамаб қўйиш керак.
– Бу қийин эмас, аммо шу билан муаммо ҳал бўлса қанийди, – дедим мен. – Бу ишни қиладиган бўлсак, уларнинг сиёсий-иқтисодий ишлари ўзлари билан бирга ҳарам ичига кириб кетадими?
Сара опам мийиғида ширин жилмайиб қўйди. Балки у сўзлари қурбақанинг вақирлашидан қолишмайдиган аёл билан тортишиш бефойдалигини англаб етгандир. Бу вақтга қадар биз Сара опамнинг уйигача етиб келдик. У мана шу гўзал чаманзорга мос тарзда қурилган эди. Уй билан боғ бир-бирига қандайдир алоҳида улуғворлик бахш этиб турарди. У манаман деган бойларнинг қасридан салқинроқ ва яхшироқ эди. Қанчалар дид ва маҳорат билан хоналарнинг жиҳозланганини таърифлашга эса тил ожиз. Биз ёнма-ён ўтирдик. У меҳмонхонага тўқувчилик асбобу анжомларини олиб келди-да, меҳр билан янгича услубда яратаётган ишига шўнғиб кетди.
– Сиз тўқишни биласизми?
– Ҳа, албатта, бизда ҳарамда қиладиган ҳеч қандай юмуш йўқ. Уларга ҳатто шу тўқишни ҳам ишониб топширолмаймиз, – деди у кулиб. –Эркак зотининг игнадан ипни ўтказишга ҳам тоқати етмайди!
– Ҳамма ишни ўзингиз мустақил бажарасизми? – бир қанча тикилган кўйлаклару тўқилган кийимларга назар ташлаб, сўрадим мен. – Қандай қилиб шунча ишга улгурасиз? Ахир давлат ишлари ҳам бўйнингизда-ку, шундай эмасми?
– Ҳа. Мен кун бўйи лабораториядаги ишларга ғарқ бўлмайман. У ердаги барча юмушларимни икки соат ичида бажариб бўламан.
– Икки соат?! Атиги икки соатда ҳаммасига қандай улгуриш мумкин? Мен идора ходимлари одатда етти соат ишласалар керак, деб хаёл қилгандим. Нима деб ўйлайсиз, улар етти соат умрини фақат ишга бағишлармикан?
– Соддасиз-э, Султона, албатта, бунга шак-шубҳа йўқ, – деди у жилмайиб. – Аммо бир “лекин”и бор. Аслида бу етти соатнинг бари ишга сарфланмайди-да. Уларнинг асосий вақти чекиш билан ўтиб кетади. Баъзи идораларга кирсангиз, тамаки тутунининг дастидан кўзларингиз ачишади. Улар ўз ишлари тўғрисида сўзлашишлари мумкин, бироқ ниҳоятда оз. Кузатишлар эркакларнинг ҳар куни ўн икки дона тамаки чекишини исботлаб берди. Тамакини ёқиб, тутаб-тутаб ўчишининг ўзига ярим соат кетади. Ўн иккита тамакини чекишга улар ҳар куни олти соат вақтини бағишлайди.
Биз ҳар хил мавзуларда гаплашдик. Суҳбат давомида мен улар ҳеч қандай юқумли касалликдан қўрқмасликларини билиб олдим. Мен аёллар мамлакатида автоҳалокат оқибатида ҳали ҳеч ким ёш ўлиб кетмаганини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушладим.
– Ошхонамизга бирров кўз ташлайсизми? – деб сўради у.
– Жоним билан, – дедим мен ва биз ошхонага томон йўл олдик.
Ошхона мўъжазгина томарқанинг ўртасида жойлашган экан. Бино атрофидаги чирмовуқ ва помидорларнинг ўзини бир нақшлар олами, дейсиз. Гарчи мўркон бўлмаса-да, тутундан асар ҳам йўқ эди. Ошхона саранжом-саришта, ёп-ёруғ эди. Деразаларда анвойи гуллар барқ уриб турарди. На тошкўмир ва на олов кўзга ташланарди.
– Бу ерда қандай қилиб овқат тайёрлайсиз? – сўрадим мен.
– Қуёшнинг ёруғлиги етиб ортади, – дея менга бир найчани кўрсатди хонадон бекаси. Унда жамланган офтоб нурлари ичкаридаги найчаларга тарқалиб, иссиғлик ва ёруғликни етказиб бераркан.
У менга жараённи кўрсатиш учун дарҳол таом тайёрлашга тутинди.
– Қуёш нурини қандай йиғиб, қандай жамлашади? – деб сўрадим мен қизиқиш билан.
– Келинг, яхшиси, ҳозир мен сизга ўттиз йил олдинги воқеаларни сўзлаб бераман. Ўттиз йил бурун, ўн уч ёшли қироличамиз тахтга ўтирган маҳал эди. Қиролича шунчаки қўғирчоқ эди, ҳукуматни эса бош вазир бошқарарди. Бизнинг меҳрибон ва олижаноб ҳукумат бошқарувчимиз илмни ниҳоятда қадрларди. У мамлакатда барча хотин-қизлар ўқиган, ақлини таниган бўлиши кераклигининг тарафдори бўлганлиги учун янгича тартиб-қоидаларни ўрнатди. Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан қизлар учун алоҳида мактаблар барпо этилди. Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси ошди. Қизларнинг эрта турмушга чиқиши тақиқланди. Ҳеч бир қиз йигирма бир ёшдан аввал оила қуролмасди. Айтиш жоизки, бу ўзгаришларга қадар биз паранжи ичида юришга маҳкум эдик.
– Шунча ўзгариш, бари оёғи осмондан бўлиб кетибди. Кечирасиз, қандай қилиб жамиятингиздаги эркак ва аёл роли алмашиб қолди? – деб сўрадим мен кулгимни яширолмай.
– Бирлашиш, – деди у. – Бир неча йил ичида бизнинг билим даргоҳларимиз эркаклар киритилмайдиган алоҳида университетларга айланди. Қироличамиз яшайдиган пойтахтда худди шундай икки улкан Аёллар университети бор. Улардан бири ҳаво шарини яратди. Бир қанча найчаларга ҳаво йиғилиб, катта-катта шарлар тўлдирилди. Шарлар ичидаги ҳаво бетиним айланиб туриши унинг ердан юқорига кўтарилишига ёрдам беради. Бу ҳали ҳолва. Аёллар мамлакатида ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Қор ва ёмғир сувлари ҳам увол кетмайди. Олималаримиз уларни тўғонларда йиғиб, улкан захираларга айлантириш йўлини топганлар. Агар аёл истаса булутларни ҳам бошқариши мумкин.
– Наҳотки! Мана энди нега бу мамлакатда чиқиндилар кўзга ташланмай, ҳамма жой ёғ тушса ялагудайлиги боисини англаб етдим! – дедим мен. Бироқ мен қандай қилиб найларга сув йиғиш мумкинлигини асло ақлимга сиғдиролмаётгандим.
Ҳамсуҳбатим каминага жараёнлар хусусида ҳар қанча батафсил сўзлаб бермасин, билимим, фикрлашим ҳаминқадар бўлгани учун, боз устига ўқиманлигим панд бергани боис ҳеч нарса тушунмадим. Шунга қарамай, у давом этарди:
– Бошқа университетлар олималари бу кашфиётлар ҳақида эшитиб, қўл қовуштириб туриш – аҳмоқлик бўлишини англаган ҳолда фавқулодда ғайритабиийроқ янгиликлар қилишга интилдилар. Улар ёруғлик зарраларини йиғадиган ускунани яратишди. Бу ускуна шунчалар мукаммалки, у қанча нурни ўз ичида тўплаш мумкинлигини ақлингиз бовар қилмайди. Аёллар илмий изланишлар устида бош қотираётган бир паллада эркаклар фақат ҳарбий куч-қудратни мустаҳкамлашга эътибор қаратишди. Улар аёллар университетлари ҳаво шарида учиш, сув захирасини йиғиш, ёруғликни тўплаш каби кашфиётлар ҳақида эшитиб, нафақат масхара қилишди, балки буни даҳшат, деб аташади.
– Ўлай агар, сиз эришган ютуқлар чиндан ҳам ажойиб ва ҳар қандай мақтовга лойиқ. Бироқ, айтинг-чи, қандай қилиб мамлакатингизда аёллар эркакларни ҳарамга қамаб қўйишга эришди экан? Ҳойнаҳой, ҳийла ишлатибми, мағлубиятга учратибми?
– Йўқ, асло!
– Қандай қилиб, улар шунча ваколатлардан кечиб, ҳаётий эркинликдан айрилиб, ўз хоҳишлари билан ҳарамга қамалиб яшаш қисматига кўндилар, буни асло тасаввуримга сиғдиролмаяпман. Ҳар қалай, куч билан тўрт девор ичига қамаб қўйилганлари аниқ. Фикри ожизимча, сиз аёллардан ҳарбий қўшин тайёрлагандирсизлар-а, яъни қурол билан?
– Йўқ, энг қизиғи, қурол-яроғсиз.
– Балки шундай бўлгандир, лекин эркакларнинг билаклари аёлларникидан ўн чандон бақувват-ку. Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?
– Мия билан.
– Ахир эркак зотининг мияси аёлларникидан каттароқ ва оғирроқ бўлади-ку, шундай эмасми?
– Шундай бўлса нима қипти? Масалан, филнинг мияси одамзодникидан анча улкан ва оғир. Аммо одам уни бўйсундириши, ҳатто устига чиқиб миниб юриши мумкин.
– Бу борада сиз ҳақсиз, лекин, айтинг-чи, буни қандай қилиб амалга оширдингиз? Ҳозир қизиқишдан ёрилиб ўламан.
– Аёл зотининг мияси эркакларникидан тезроқ ишлайди. Ўн йил илгари ҳарбийлар илмий кашфиётларимизни даҳшатли хомхаёл деб атаганларида, бир қанча қони қайноқ ёш аёллар эркакларнинг бу асоссиз масхараларини жавобсиз қолдиришни исташмади. Бироқ аёлларнинг ёзилмаган қоидаларига мувофиқ, бунга сўз билан эмас, балки амалда қилинган иш билан жавоб бериш керак эди. Шунда ҳам мавриди келганида, яъни имконга қараб, албатта. Хайриятки, бу узоққа чўзилмади.
– Қандай ажойиб! – чин юракдан қувониб, чапак чалиб юборганимни сезмай қолибман.
– Фалакнинг гардишини қарангки, кеча бизни ожиза деб атаган жаноблар бугун ўзларини шунақа дейишаяпти. Кўп ўтмай, қўшни мамлакатдан бир қанча одам бошпана сўраб бизнинг юртга кириб яширинди. Уларнинг бошига кулфат тушганди. Қочоқларга бир қанча сиёсий жиноятлар қўйилган эди. Ўз мамлакати хавфсизлигини ўйлаган ҳукмдор қироличамиздан ўша зобитларни ушлаб топширишни талаб қилди. Бу мамлакатимиз қонунларига тўғри келмагани учун қиролича қўшни мамлакат қироли талабини рад этди. Қўшни мамлакат қироли ғазабланиб, фурсат ғаниматда мамлакатимизга қарши юриш бошлади. Ҳарбийларимиз қўл қовуштириб қараб туришмади, улар ўша пайтнинг ўзидаёқ оёққа туриб, душманга қарши курашгани жанг майдонига отландилар, бироқ тиш-тирноғигача қуролланган душман ҳаддан ортиқ кўп ва кучли эди. Аскарларимизнинг жонини жабборга бериб курашганига шак-шубҳа йўқ. Аммо, шунга қарамай, душманнинг сарҳадларимизни қадам-бақадам, аста-секинлик билан эгаллашига етарлича тўсқинлик қилолмадилар. Ҳеч бир эркак уйда ўтиргани йўқ, ўн олти ёшли ўсмир ҳам жангга отланди, афсуски, қўшиннинг аксарият қисми қириб ташланди, асосий кучларимиз маҳв этилди. Душманнинг пойтахтга етиб келишига йигирма беш чақирим қолганди. Мамлакат ҳимоясига донишманд аёлларни йиғиб, машварат ўтказилди. Нима бўлганда ҳам юртни асраш, душман мамлакатимизнинг кулини кўкка совурмаслигидан бурун нимадир қилиш керак эди. Баъзилар курашишни таклиф қилди. Баъзилар эса бу фикрга қарши чиқди. Чунки аёлларнинг қўлига шамшир ва қурол олиб шуғулланишига кўп вақт кетарди. Ҳарбий тайёргарликсиз эса жангга кириш нафақат аҳмоқлик, балки муқаррар мағлубиятдир. “Агар жисмоний жиҳатдан етарлича куч-қудратга эга бўлмасак, демак, унда душманни фақат ақл билан енгиш шарт, – деди қиролича. Бир неча дақиқа орага чуқур сукунат чўкди. – Мамлакатимни душман қўлига топширишдан кўра, ўлганим афзал!”
Қироличанинг гапи барчага таъсир қилди. Шунда иккинчи Аёллар университети олималари душманни қандай қилиб енгиш ҳақида жиддий бош қотиришга киришдилар. Барча умид улардан. Олималарда фақат ягона режа бор эди. Бу илк ва сўнгги амал, агар ўхшамаса, у ҳолда ўзини-ўзи ўлдиришдан бўлак чора қолмаган бўларди. Чунки ҳамма қул бўлиб яшашдан кўра ўлимни афзал билардилар. Қиролича аёлларни шу режани амалга оширишга ундади. Заифалар паранжини ташлаб, катта майдонга чиқишдан бурун, энг аввало, эркакларни ҳарамга киритиш талабини қўйишди. “Ҳа, албатта”, – деб жавоб қилди қиролича. Эртасига ғалабага эришиш йўлида қиролича барча эркакларни йиғиб, нафақага чиқарди-да, ҳарамга қамаб қўйди. Чарчаган, ҳолдан тойган ярадор эркаклар умидсиз ҳолатда мамлакатнинг эртаси учун лом-мим демай, ҳарамга ўз ихтиёрлари билан кирдилар. Уларда ғалабага ҳеч қандай умид қолмаганди, бунга ожизалар эришишига ишонмасдилар ҳам. Ўшанда университетнинг асосий аёл хоними бошчилигида икки минг нафар талаба душманларга найчаларда йиғилган офтоб нурларини тўғрилади. Ҳарорат ҳаддан ортиқ баланд эди. Душман бу қуролга қарши қандай ҳимояланишни билмасди. Ўзини буткул йўқотиб қўйган рақибга сичқоннинг ини минг танга бўлганини бир кўрсангиз эди! Қуёш нури майдонда қолган душманнинг қурол-яроғу озиқ-овқат захирасини куйдириб ташлади. Ўшандан бери бошқа ёғий бизнинг юртимизга юрак ютиб киролган эмас.
– Айтинг-чи, бу вақт мобайнида ҳарамдагилар озодликка чиқишни талаб қилмадиларми?
– Албатта, чиқмаган жондан умид, деб зобитлар, ҳарбийлар, туман, вилоят қозилари, полициячиларнинг бари зиндондан озод қилишни сўраб, қироличага илтимосномаларни юборишди. Бироқ улар ҳар қанча ўз идораларига ва мансабларига тиклашни ёлвориб сўрашмасин, қиролича бу илтижоларни қондирмади. Эркаклар бир вақтлар аёлларга қилган илтифотсизликлари туфайли ўз мансабларига қайта тикланмадилар. Қиролича фармойиш чиқарди. Унда агар бирор кун эркакларнинг хизматига ҳукумат чиндан ҳам муҳтож бўлса, улар ҳарамдан озод этилишлари ва лавозимларини қайта эгаллашлари мумкинлиги, ҳозир эса улар қаерда лозим бўлса, ўша ерда ўтиришга мажбурликлари ҳақида ёзилганди. Айни дамда улар паранжи тизимига кўникиб, қисматларидан нолимай қўйишди.
– Мамлакатни миршабларсиз, магистрантларсиз бошқариш, хавфсизликни таъминлаш йўлида нима қиляпсизлар? Ўғрилик ё қотиллик ҳолатлари содир бўлса, у ҳолда нима чора кўрасизлар?
– Қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, Яратганга шукрки, мамлакатимизда шу чоққача, ҳали бирор марта ўғрилик ё қотиллик содир бўлгани ҳам, қайд этилгани ҳам йўқ. Шу сабаб ҳалигача қозию миршабларнинг хизматига эҳтиёж сезганимизча йўқ.
– Мамлакатингизда тинчлик-осойишталик ҳукмронлигини кўриб қувондим. Бир томчи қон тўкмай ғалабаю ҳокимиятга эришганингиз ҳар қандай таҳсинга сазовор. Тавба, деярли ҳеч қандай куч сарфламай, жиноят ва жиноятчиликка барҳам бериш мумкин экан-да!
– Албатта! Энди, қадрли Султона, меҳмонхонага ўтсак ҳам бўлар, нима дейсиз? – деб сўради у мендан.
– Ошхонангизда ҳатто қироличаларни меҳмон қилиш мумкин. Бой хонимларнинг хосхонасидан қолишмайди, – деб жавоб бердим мен мулойим жилмайиб. – Биз у ерга ҳозир ўтамизми?
– Бекордан Худо безор, агар ҳеч қандай юмуш бўлмаса-ю, биз вақтимизни ошхонада шундай бекор ўтказсак, гуноҳ бўлади, – деди у куюнчаклик билан.
Биз бир-биримизга қараб жилмайдик. Мен ортга қайтиб, таниш-билишларимга Аёллар мамлакатида кўрганларимни айтиб берсам, қанчалар ҳайратдан тонг қотиб қолишларини тасаввур қиляпман. Ожизалар ҳокимият тепасида туриб, ижтимоий масалаларни ҳал қиладилар, юртни бошқарадилар. Эркаклар эса ҳарамда бола тарбияси билан машғул, уй ишларини бажариб, ош-овқат қилаётган маҳалда, уларнинг хавфсизлигини аёллар таъминлашади.
– Мен уларга ҳамма-ҳаммасини бошдан-охир оқизмай-томизмай сўзлаб бераман. Ерларни ағдариш, экин-тикин ишларини қилишга бақувват қўллар керак, деҳқончиликни эркакларсиз қандай давом эттиряпсизлар, илтимос, бизга худди шу ҳақда сўзлаб берсангиз.
– Қадрли Султона, шу ҳам иш бўлибдими? Электр қуввати ёрдамида бу иш хамирдан қил суғургандек осон битади. Учадиган ҳаво нақлиётлари ерларни ағдаради, чопиқ қилади ва экиб чиқади. Бизнинг мамлакатда темир йўлу тошкўчалар йўқ. Шу сабаб юртимизда темир йўл билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва автоҳалокатлар содир бўлмайди.
– Бирор кун қор, ёмғир сувига эҳтиёж сезсангиз-чи?
– Қор, ёмғир сувлари учун махсус ҳаво шарлари бор ва уларда йиғилган сув ерларга етказиб берилади. Хуллас, халқимиз сувга эҳтиёж сезмайди. Биз шунчалар бандмизки, бир-биримиз билан тортишишга вақт тополмаймиз. Қироличамиз табиатни ниҳоятда яхши кўрадилар. У бутун мамлакатни боғ-роққа айлантирди. Ҳаммамиз бу ишга бош қўшдик.
– Жазирамада мамлакатни қандай қилиб салқин сақлайсизлар?
– Ёз кунларида бўладиган ёғингарчилик ва салқин кунларни Худонинг инояти деб қабул қиламиз. Жазирама иссиқда қақраган ерларни қор, ёмғир сувлари йиғилган шарларга ўрнатилган найлар ва сунъий фавворалар орқали суғорамиз. Совуқ кунларда эса хоналаримизни офтоб нури билан илитамиз.
У менга ўз хонасини кўрсатди. Жўмракни бураши билан сув келар, ичкарида ювиниш хонаси, ундаги шароитларга фақат ҳавас қилиш мумкин эди.
– Сиз ғоят бахтли одам экансиз-да! – деярли қичқириб дедим мен қувонч билан. – Яна бир нимани сўрасам майлими?
– Қулоғим сизда.
– Сиз қайси динга эътиқод қиласиз?
– Бизнинг динимиз Меҳр-оқибат ва Ҳақиқатга асосланган. Унга кўра, биз бир-биримизни қадрлаймиз ва ҳеч қачон алдамаймиз.
– Агар кимдир бу қоидага хилоф иш тутса, у муқаррар ўлим жазога мустаҳиқми?
– Йўқ. Ҳали бу қоидани биров бузишга журъат этмади. Биз Худонинг бандаларини ўлимга маҳкум этишга ўзимизни ҳақли деб билмаймиз ва бундан асло роҳатланмаймиз. Ёлғончилар мамлакатни буткул ва бир умрга тарк этадилар.
– Демак, бундай жиноятни қилганлар ҳеч қачон кечирилмас эканлар-да?
– Ҳеч қачон, ҳаттоки ўз қилмишларига чин дилдан пушаймон бўлсалар ҳам.
– Бу, албатта, жуда яхши. Сиз ўз ерингизни гуноҳлардан қанчалар асрар экансизлар-а. Шу сабаб бу замин тоза-озода, мамлакат тинч-осойишта, обод-фаровон экан. Юртда шунча ўзгаришлар қилган ўша олижаноб қироличани кўрсам бўладими? – деб сўрадим ийманиб.
– Нега бўлмас экан, бўлади, – деди Сара опам.
У чорси шаклидаги мосламаларни буради. Икки катта шар кўз очиб-юмгунча водородга тўлди. Кейин бу шарлар ҳаво автомобилларига ўрнатилди. Электр мослама ҳаракатга келди. Автомобилнинг парраклари дақиқа сайин тезроқ ҳаракатлана бошлади. Биз аввал олти-етти фунт баландликка кўтарилдик ва учиб кетдик. Мен ҳали нима юз берганини англаб етмасимдан бурун биз қироличанинг саройига етиб келдик. Автомобиль ерга қўниши билан биз ҳам тушдик. Қиролича боғда қизчаси билан сайр қилиб юрган экан.
– Шу ердамисизлар! – дея қўл силкиди Сара опам.
Мен қиролича жаноби олиялари билан танишиш бахтига муяссар бўлдим. У киши каминани ҳеч қандай ортиқча такаллуф ва дабдабаларсиз қабул қилди. У билан танишганимдан бошим осмонга етди. Суҳбат асносида қиролича бошқа мамлакатлар билан мустаҳкам савдо алоқаларини ривожлантиришни ва одамларига буни асло тақиқламаслигини таъкидлади. У бутун дунёга аёлларнинг ўрни ҳарамда эмаслигини кўрсатиш ниятидалигини билдирди. Бунинг учун, аввало, бошқа мамлакат аёлларида ўз кучига ишонч туйғусини уйғотмоқ керак бўларкан. “Биз, аёлларнинг билимимиз уммонлардан ошади. Биз табиат ато этган барча неъматлардан баҳра оламиз”, – деди қиролича.
Мен ўша машҳур университетларни зиёрат қилиш шарафига ҳам муяссар бўлдим. Менга лаборатория ва расадхоналар кўрсатилди. Барча диққатга сазовор жойларни томоша қилгач, учар машинага миндик. У ҳаракатга келиши билан мен… уйғониб кетибман. Кўзларимни очсам, камина оромкурсидан думалаб тушиб, ерда ётар эдим.
Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 3-сон