Аминур Раҳмон (1966)

Аминур Раҳмон (Aminur Rahman) — замонавий бенгал шоири. Рабиндранат Тагорнинг муносиб вориси. Аминур Раҳмон бадиий таржима ва танқид билан ҳам шуғулланади. Шеърлари инглиз, араб, испан, хитой каби дуёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган.

СЕН УЧУН

Ҳеч не истайсанми? Кўнглингда не бор?
Мен не ҳам қилолгум сенсиз, севгингсиз…

Жон олайин, этай жон нисор
Йўлларингда кезай манзилсиз.

Ҳеч не истайсанми? Кўнглингда не бор?
Мен не ҳам қилолгум сенсиз, севгингсиз…

Ўт олсинми бу соқолу соч,
Воз кечайми ганжадан? Билдир!

Ҳеч не истайсанми? Кўнглингда не бор?
Мен не ҳам қилолгум сенсиз, севгингсиз…

Ўтирайми, турай, не қилмак даркор?
Ортингдан қувайми, етай таъқибсиз?

Ҳеч не истайсанми? Кўнглингда не бор?
Мен не ҳам қилолгум сенсиз, севгингсиз…

ТАРТИБСИЗЛИК

Борлиқ нурамоқда, аста ва аста –
Ғишту тош, юрагим видолар айта.

Қизил, мовий, сариқ, яшил ранглари
Қутида осилиб турибди бежон.
Қориб-қориштириб аранг уларни
Уйғотамиз, бергандек имкон.

Нафасни бир нафас тутмоқ истайман
Дарёлар бўйида узала ётиб.
Кўм-кўк осмонларни қучиб яшайман,
Яшамоқ истайман гул болин тотиб.

Э воҳ, нечун энди барчаси барбод,
Нечун айқаш-уйқаш дунёси?
Кўчиб тушади бу ранглар мисоли
Ғиштлар, тошлар мисли юрак риёси.

Бу йўлдир, саёҳат, суҳбату ҳаёт,
Ва гоҳо ҳаттоки ажал йўлидир.
Ҳеч зоғ воқиф эмас, шулдир синоат,
Ҳеч зот англолмаган асрор йўлидир.

Дарё тушунгайми ва ёки само?
Само тушунгайми, гул, майса, бутоқ?
Улар ҳақиқатни англайдиларми?
Ёхуд юпанч излаб ўтарлар холос?

Ҳаёт ва моҳият – уйғунлик қани?
Яшаш ва турғунлик – шуми моҳият?
Одамзод ва маймун – нимадир маъни?
Ёқтирмоқ ва севмоқ – қайси ҳақиқат?

Борлиқ нурамоқда, аста ва аста –
Ғишту тош, юрагим видолар айта.

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси