БИРИНЧИ БОБ
ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ
Мелодий ХI асрнинг бошларида, Эрон ва Турон тарихида мустаҳкам бирликка эга бўлган қудратли салжуқийлар сулоласи майдонга келган эди. 1038 йили салжуқийлар сулоласининг илк султони Тўғрулбек ғазнавийлар сулоласига қарашли Шарқий Хуросоннинг бош шаҳри – Нишопурни ишғол қилган. 1040 йили салжуқийлар билан ғазнавийлар ўртасида Данданакон яқинида бўлган сўнгги ҳал этувчи жангда ғазнавийлар мағлуб бўлади. Натижада салжуқийларнинг таъсир доираси янада кучаяди.
Султон Маликшоҳ (10721092 йил) ҳукмронлик қилган даврга келганда салжуқийлар сулоласи зўр даражада қудрат топиб юксалган, маданият ишлари ҳам гуллаб-яшнаган бир палла эди. Бу ҳол албатта султон Маликшоҳнинг донишманд вазири аъзами, “Низомулмулк”, яъни давлат таянчи деб ном олган Абу Али Ҳасан ибн Исҳоқ билан муносабатлари қуюқ бўлганида кўринади. Низомулмулк ўзининг “Сиёсатнома” номли машҳур асари билан донг таратган бообрў давлат арбоби бўлган шахс эди.
Султон Маликшоҳ вафот этиб, ички зиддиятлар бир муддат барҳам топгач, 1118 йили салжуқийлар сулоласининг вориси Санжар ҳокимиятни ўз қўлига олди.
ХII асрнинг 30-йилларига келганда будда динига эътиқод қиладиган қорахитойлар (улар тарихида баъзи манбаларда қора қидон, қидон, ёхуд қорачопонликлар деб ҳам аталади) Ўрта Осиёга бостириб кирганлар. Улар аввал Болосоғунни, Ўш, Ўзганд шаҳарларини ишғол этишди, сўнг бора-бора бутун Уйғуристонни ҳам ўз домига тортган ҳолда қорахонийлар сулоласининг Моварауннаҳр музофотига ҳукмронлик қилаётган Элик хони Маҳмудхонни ҳам бўйсундириб ҳар йили қорахитойларга ўлпон тўлаб туриш шарти билан уни ўрнида қолдириб қайтиб кетдилар. 1141 йили Қорахитойлар яна Мовароуннаҳрга бостириб келганлар. Салжуқийлардан султон Санжар бу сафар қорахоний Маҳмуд билан бирликда Самарқанд атрофидаги Катвон даштида уларга қарши уруш олиб бордилар. Аммо урушда султон Санжар билан Маҳмуд бутунлай мағлуб бўлди. Шу билан Салжуқийлар сулоласининг куч-қудрати ҳам ўз якунига ета бошлади. Султон Санжар 1157 йили Марвда оламдан ўтади. Хоразмда Ўғизғон авлодидан бўлган Ануштегинлардан Хоразмшоҳ Отсиз мустақил ҳукмдор бўлиб тахтга ўтирди.
ХII асрнинг охирларига келиб Салжуқийлар қўл остидаги барча ерлар, шу жумладан, бутун Эрон замини ҳам Хоразм давлатига бўйсундирилди. Хоразмшоҳ Аловиддин Муҳаммад II тахтга ўтирган йиллар (1200-1220 йиллар) Хоразм давлатининг шон-шуҳрати, қудрати ўзининг энг чўққисига чиққан бир давр эди. Аммо бундай қудратли давлатнинг тақдири ҳам афсуски мустаҳкам бўлиб чиқмади.
ХIII асрнинг бошлари. Орадан озроқ вақт ўтгандан кейин, яъни 1210-1215 йиллари оралиғида мўғуллардан чиққан шафқатсиз ҳукмдор ҳоқон Чингизхон ва унинг ботир қўшинлари ҳақидаги хабарларга яқиндан диққат қилган Аловиддин Муҳаммад II биринчи бўлиб Чингизхонга элчи йўллаган. Чингизхон ҳам элчиларни яхши кутиб олиб, яхши жавоб билан йўлга солган. Аммо икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаганидек, бу икки буюк ҳукмдорлар ўртасидаги муносабат ҳам 1218 йилнинг охирларига келиб бузилади. Хоразмшоҳ Аловиддин Муҳаммад II қўл остидагилар, аниқроғи, унинг онаси қипчоқларнинг хони Жонкишанинг қизи бўлмиш ҳокимиятпараст жоҳил, Туркон хотуннинг жияни Ғайирхон Инолчиқ томонидан Чингизхоннинг 500 туя карвонидан иборат 450 киши бошчилигидаги шоҳона бой савдо карвони Ўтрор чегара шаҳрида тўхтатиб қолиниб, талон-тарож қилинган, инобатли савдогарларнинг деярли ҳаммаси қатл этилган эди.
Бу қабоҳатли машъум ишдан хабар топган Чингизхон беҳад дарғазаб бўлган ҳолда 1219 йили 210 минг кишилик катта куч билан Хоразмшоҳ давлатига қарши ялпи юришни бошлайди. Ўзини Искандари замон деб атаган Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад II душман билан рўбарў бўлишдан қўрқиб, юрт ва халқни ўз ҳолига ташлаб, янги кучли қўшин тўплаш баҳонасида улкан мамлакатни тарк этган. 1220 йили Чингизхон Бухорони ишғол этади, сўнг Самарқандни, бирин-кетин барча шаҳарларни эгаллайди. 1221 йили Чингизхон қўшинлари Хоразм давлатининг пойтахти Урганчни ҳам ишғол этган. Шунинг билан Хоразм давлати тугатилиб, бу давлатга мансуб шаҳарларнинг ҳаммаси узил-кесил мўғуллар ихтиёрига ўтган эди.
Фаридиддин Аттор мана шундай оғир, мураккаб тарихий жараёнда яшаб ижод билан шуғулланган сиймолардан бири бўлган.
1. ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ ҲАЁТИ
Нишопур узоқ ва шунингдек, довруғли тарихга эга шаҳарлардан бири ҳисобланарди. Айниқса, ўрта асрларда бу шаҳардан ҳар қайси соҳалар бўйича кўпгина олиму фузалолар етишиб чиққанлар. Ҳатто бошқа эл ва шаҳарлардан бир қисм илм аҳиллари ҳам бу шаҳарга келиб, билим ва маҳоратини ошириб, ижод билан шуғулланганлар. Натижада бу шаҳар ўз даврида Шарқдаги машҳур маданият марказларининг бирига айланганди. Номи эл орасида машҳур бўлибгина қолмай, балки ҳарқайси тарихий, адабий асарларда ҳурмат билан зикр қилинган. Юксак маданият, илм-урфонга йўғрилган бу хил муҳит Нишопурнинг шон-шавкати, шуҳратини янада оширган.
Ўрта асрнинг дастлабки вақтларида ана шу шавкатли шаҳар – Нишопур атрофида Иброҳим исмли тақводор бир мусулмон истиқомат қиларди. Иброҳим ўз даврига нисбатан анчагина юқори даражада илм таҳсил қилган, табобатчилик илмининг сир-асроридан етарли даражада хабардор, самимий, диёнатли одам эди. У Қутбиддин Ҳайдар исмли машҳур дарвишдан диний илмлар, айниқса, тариқат талаблари бўйича таълим олган бўлиб, кундалик турмушда ўзига хос мавқе билан турли инсоний фазилатларга асосланган ҳолда ҳалол-пок яшашга тиришарди.
Иброҳимнинг атторлик, яъни хуш ҳидли буюмлар ва дори-дармон тижорати билан шуғулланадиган дўкони бор эди. Шу боис у доимо яқин-йироқ шаҳарларга бориб, ифор, мушки анбар дегандек ёқимли хушбўй нарсалар ҳамда қимматли шифобахш дори-дармон маҳсулотларини олиб келиб сотиб тирикчилик қиларди. Яқин атрофда Иброҳим ва унинг дўконини билмайдиган кишилар деярли йўқ эди.
Кунлардан бир куни Иброҳим учун замин зилсилаю осмон ларзага келгандек бўлди. Унинг мурод-мақсадларини нурлантириб қалбида бир қуёш порлади. Гўё узоқ йиллик тоат-ибодати ва тилаклари ижобат бўлгандек, бир ўғил фарзандлик бўлди. У яратганнинг иноят-илтифотига чексиз шукроналар айтиб, ўғлига Муҳаммад деб, расулуллоҳнинг исмини қўйди, атрофидаги етим-есирларга инъом-эҳсонлар қилди.
Иброҳимнинг шодлиги чексиз эди. У чинакам меросхўр дунёга келганлигидан бағоят мамнун эди. Муҳаммад чуқур меҳр-муҳаббатда ўсиб вояга етди. У атрофидаги ҳамма нарсаларга алоҳида қизиқиш билан боқиши, тинмай савол бериши ва зийраклиги Иброҳимга янада ишонч ва умид ато қиларди. Иброҳим Муҳаммадни Нишопурдаги энг билимдон олимларнинг қўлида ўқитди. Муҳаммад мадрасани тамомлаб, диний-дунёвий илмларда пешқадамликни қўлга киритган, инсонийликка хос юксак фазилатларга эришиб, эл назарига тушабошлаган чоғда Отаси Иброҳим бу фоний дунё билан видолашди. Шундан кейин Муҳаммад ота касбига зўр ихлос билан ворислик қилди. Тижоратда отасининг ўргатганлари бўйича диёнат ва ҳалолликни олдинги ўринга қўйиб, худди отасидек одамларнинг ишончи, иззат-ҳурматига сазовор бўлди. Натижада унинг тижорати кундан-кунга равнақ топибгина қолмай, ўзи ҳам жамиятнинг қадрли кишисига айланди. Эл орасида “Аттор” деган ном билан танилди.
Бир куни Муҳаммаднинг дўкони олдида дарвишсифат йиртиқ-юпун кийинган бир девона пайдо бўлди. У ҳар хил хуш ҳидли нарсалар, дори-дармонлар билан тўлган дўконга, қадамлари узилмай келиб-кетиб турган харидорларга, шунингдек, тижорат билан банд дўкондорга бир муддат қараб тургандан кейин:
– Эй, дўкондор, Оллоҳ тижоратингизга барака берсин, бир ғариб одамга садақа қилинг, – деди Муҳаммадга.
Муҳаммад харидорларнинг кўплигидан, тижоратнинг шошилинчлигидан, қўли-қўлига тегмаётганлигиданми ёки бошқа сабабданми, ҳарқалай, девонанинг сўзларига диққатини бўлолмади. Шунда девона яна Муҳаммадга мурожаат этиб:
– Эй хожа, сен қандай ўлишингни билурмусен? – деди.
Бу сўзга Муҳаммад эътибор бермади ва бепарволик билан:
– Сен қандай ўлсанг, мен дағи шундай улурмен, – дея жавоб айлади.
Девона:
–Йўқ, сен мендек ўлолмассен, – деди.
Муҳаммад девонадан:
–Нечун? – деб сўради.
Девона:
– Шунинг учунким, менинг юким енгил, қуруқ танам ва уни ёпиб турган жандамдан ўзга ҳеч вақойим йўқ. Менинг бу дунё дўконини ташлаб кетишим осон. Аммо, сенинг эрса юкинг оғир, ҳашаматли иморатинг, молга тўла дўконинг, пулга тўла ҳамёнинг, хизматкор-чокарларинг бор. Шунча юк бирлан манзилға қандай етодурсен? Сен ўз ишингнинг чорасини қилғил, мен эрсам бундай ўлодурмен, – деди-да, белидан сув ичадиган жомни олиб бошига қўйиб ерга узала ётганча жон узди.
Муҳаммад бир лаҳзада кўз олдида юз берган бу ҳолдан ҳайрону лол бўлди. Қалбига шиддатли бир изтироб, зилзила туташиб, вужудини даҳшатли титратиб ўтди. У ўзининг то ҳозиргачайин бехудлик илкида кун ўтказганлигини ғира-шира ҳис қилгандек бўлди-да, чексиз надомат билан тавба, истиғфорга қўл кўтарди.
Муҳаммад каромат эгаси бўлган бу дарвишнинг жасадини ўз қўли билан дафн этди. Сўнгра хеш-ақраболар, хизматкор-чокарларини йиғиб барча мол-мулкини уларга улашиб берди. Шунинг билан атторликни тарк этиб, тариқат йўлига кирди. “Аттор” деган сўз кейинчалик унинг тахаллуси бўлиб қолди ҳамда шу ном билан оламга машҳур бўлди.
Дарвишнинг ўлими билан алоқадор бу воқеани Атторнинг ўзи “Тазкиратул-авлиё” муқаддимасида баён қилган. Мазкур ривоят Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий тазкираларида ҳам келтирилган бўлиб, у Атторнинг ғоятда улкан ва зўр бурилишга юзланганлигидан далолат берарди. Бундай ҳодисалар ўрта аср кишилари учун ҳаргиз ҳам ақлга сиғмайдиган, бемаъно туйғу эмас, балки машҳур шайхлар ҳаётида содир бўлиши мумкин бўлган маънавий ва ғоявий бурилишларига сабаб бўладиган ҳар хил ҳодисаларнинг рўй бериши табиий ҳол ҳисобланарди. Атторнинг ҳаётида ҳам ана шундай юз берган бу воқеа унинг ҳаёти ва ғоясининг жавҳари ҳисобланган тасаввуф таълимотига ўзини бағишлашида сирли муқаддима бўлиб қолди. У руҳий жиҳатдан кучли бир ҳолатга дуч келганди.
Атторнинг тариқатда устозлари ким эканлиги ҳақидаги қарашларда ҳали ҳам бир фикрга келинганича йўқ. Абдураҳмон Жомийнинг маълумотига қараганда, Аттор дарвишлик хирқасини, яъни дарвишлик йўлига кирганлигининг нишони бўлган жандани Шайх Нажмиддин Қубро (1145-1221 йил)нинг давомчиларидан бўлган Маждиддин Бағдодийнинг қўлидан кийганлиги маълум. Баъзилар, яъни Давлатшоҳ Самарқандийнинг маълумотига қараганда Атторни гарчи дарвишлик хирқасини Маждиддин Бағдодий қўлидан кийган эса-да, лекин тариқат таълимотларини Шайх Рукниддиндан олганлигини таъкидлайди. Яна Аттор отасининг устози Қутбиддин Ҳайдардан таълим олган деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Амир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратларининг бу ҳақдаги маълумотлари Абдураҳмон Жомийнинг маълумоти билан бирдек. Жумладан, Навоий “Насоим-ул-муҳаббат” (“Муҳаббат шабадалари”)да бундай деб ёзади: “…Алар Шайх Маждиддин Бағдодийнинг муридларидурлар ва “Тазкират-ул-авлиё” китобиким, аларнинг мусаннифотидиндур, онинг дебочасида ўзларининг Шайх Маждиддинға иродатларидин зоҳир қилибдурлар ва баъзилар дебтурларким, Увайсий экандурлар”1
Бинобарин, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Аттор шайх Маждиддин Бағдодийнинг муридларидан бири эди. “Тазкират-ул-авлиё” (“Авлиёлар тазкираси”) китобини Аттор ёзган бўлиб, у ушбу китобнинг муқадимасида ўзининг шайх Маждиддин Бағдодийга бўлган ихлосини номоён қилган ва унинг Увайсий эканлигини айтган.
Бу ердаги Увайсий тасаввуфга хос атама бўлиб, у тариқат йўлига кирган кишининг бевосита ҳолда ўзидан олдин ўтган бирор машҳур уламо руҳиятидан мадад ва таълим олиб такомиллашганини кўрсатади. Аммо манбаларда Маждиддин Бағдодийнинг ўз даврининг машҳур дин арбоби шайх Нажмиддин Кубродан таълим олганлиги тилга олинади. Масалан, Навоий “Насойим-ул-муҳаббат”ида шайх Нажмиддин Кубро ҳақидаги баёнларининг охирида қуйидагиларни ёзади: “Ҳазрати шайхда муридлар кўп эрдилар, аммо алардин нечаси жаҳонда ягона ва замонда муқтадо ва фарзона эрдилар. Андоқки, шайх Маждиддин Бағдодий ва шайх Саъдиддин Ҳамавий ва Бобо Камол Жандий ва шайх Ризоиддин Али Лол ва шайх Сайфиддин Бохарзий ва шайх Нажмиддин Розий ва шайх Жамолиддин Гилийлардур2 , баъзилар ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валадни ҳам унинг муридлари бўлган дейдилар.3
Демак, Маждиддин Бағдодий шайх Нажмиддин Кубронинг олдинги сафдаги шогирди ҳисобланади. Шундай қилиб, Маждиддин Бағдодий ҳар иккала тарзда ҳам ботиний, ҳам зоҳирий томондан тарбияланиш шарофатига сазовор бўлган илм соҳиби бўлган.
Тасаввуф таълимоти ва унинг тарихи бўйича эътирофли билим эгаси, ёзувчи Радий Фишнинг маълумотига қараганда, Туркон хотун Мажидиддин Бағдодийни Хоразмшоҳ ўрдасига таклиф қилиб, уни невара қизига устоз тутган. Аммо ўрдадаги фитна-фасод сабабидан Хоразмшоҳ Аловиддин Муҳаммад II Маждиддин Бағдодийни қатл эттиради. Маждиддин Бағдодийнинг вафоти манбаларда 1217 йил деб кўрсатилган.
Тасаввуф тарихида тариқат йўлига кирган муриднинг бир эмас бир неча пир устоздан таълим олган ҳоллар ҳам кўп учрайди. Шу боис Атторни Мажиддин Бағдодий Қутбиддин Ҳайдар ёки Шайх Рукниддиндан таълим олган деган қарашларнинг ҳеч қайсисини четга суриб бўлмайди.
Аттор Нишопурда бутун ихлоси билан ҳар томонлама илм таҳсил қилади. Бу даврда буткул мусулмон Шарқида тасаввуф таълимоти илғор ғоя сифатида шиддатли тўлқинга айланганди. Жумладан, Аттор яшаган ҳудуд тасаввуф таълимотининг энг қизғин марказлари бири ҳисобланарди. Мадрасалардаги таълим-тарбиянинг муҳим ҳалқасини тасаввуф таълимоти назарияси ва фалсафий тамойиллари ташкил этарди. Шу боис, Аттор ёшлигиданоқ тасаввуф таълимоти руҳида тарбияланган ҳамда ўзи ҳам бу таълимотга ўзгача бир маънавий иштиёқ билан ёндашган. Бу ҳақда Атторнинг ўзи шундай деб ёзади:
“Болалик айёмидан ўшал тоифаға (яъни тасаввуф аҳлиға) муҳаббатим шу қадар кучли ва жўшқин эдики, у тоифанинг чиройли сўзлари мени ўзига тортар, дилимда бу сўзлардан шодлиқ жилваланар эди, у сўзлар қанчалик улуғвор, пардаланган бўлмасин, уларни таниб оладиган бўлгандим”.
Аттор Нишопурдаги илм таҳсил қилиш ва ўз-ўзини тарбиялаш босқичларини маълум даражага етказгандан кейин ҳаж қилиш учун Маккаи мукарраммага сафарга чиқади. У ҳаж ишларини адо қилиб бўлгандан кейин Миср, Шом (Сурия), Ҳиндистон сингари мамлакатларда талай машҳур шайхлар билан учрашиб, уларнинг суҳбат ва таълимларидан баҳраманд бўлади. Илгари оламдан ўтган авлиё-анбиё ҳамда шайхул-машойихларнинг муқаддас зиёратгоҳларини ва улар яшаган масканларни зиёрат қилади, улар ҳақидаги тарих ва ривоятларни, ҳикоят ҳамда ўгитларни ихлос билан ўрганади. Улар ҳақида ёзилган асарларни излаб топиб мутолаа қилади. Аттор ҳақидаги изланишларда, Атторнинг ана шундай машҳур кишилар ҳақидаги мингга яқин китобларни мутолаа қилганлиги манбаларда айтилган. Фаридиддин Аттор “Тазкират-ул-авлиё” асарида ёзганидек: “Авлиёларга меҳр-муҳаббатимиз, уларнинг камоли ва жамолига, шунингдек, уларнинг борлиқ иш-ҳаракатларига бўлган ҳурмат-эҳтиромларимиз натижасидир. Ушбу садоқат қалбимизга Оллоҳ солган муҳаббатнинг нури каби порлоқдир. У буюк зотларга бўлган таъзимимизни ифодалайди. Оллоҳ таолонинг муборак номларини ҳар замон тилдан туширмайдиган азиз-авлиёлар маърифатидан баҳраманд бўлган, ҳар қанча ва ҳар қандай ҳолатда Оллоҳни унутмай, ёд этган кишилар учун авлиёлар ҳаёти намунадир”. Дарвоқе, Аттор азиз-авлиёларнинг маърифатидан чинакам ихлос ила баҳраманд бўлган кишиларнинг бири эди.
Аттор узоқ сафардан янада камолот касб этиб келди. Бу жараёнда у тариқат таълимотининг пешвосига, илоҳий маърифат ғоясини жўшқин жозиба билан куйлайдиган етук шоирга айланади. Натижада ўз маслагига собит ва содиқ шоир билан халқ орасида “Фаридиддин” – яъни диннинг ягонаси, “Шайх” деган шарафли, фахрли номларга сазовор бўлиб, Муҳаммад Фаридиддин ибн Иброҳим шайх Аттор Нишопурий деган ном билан шуҳрат қозонади. Шу сабабдан Атторнинг кейинги даврлардаги давомчиларидан бўлган Мавлоно Абдураҳмон Жомий: “Унинг маснавийлари ва ғазалларида тавҳид асрори, руҳ завқи билан вужуд ҳақиқати шу қадар кўп ифодаланганки, бу тоифанинг ҳеч бирининг сўзинда топилмайдур”, деб таърифласа, Алишер Навоий “Маҳбуб-ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) номли асарида уни: “Илоҳий маърифат хазинасининг жавоҳирлари билан бойитган ва халқ таърифига эҳтиёж сезмаган”, “шеър ёзишдан мақсади илоҳий сирларни баён қилиш ва чексиз маърифат тарқатиш” бўлган шарафли зотлар қаторида тилга олади. Давлатшоҳ Самарқандий Атторни “Султон – ул-орифин” (“Орифлар султони”) деб атайди, ҳамда: “У шариат ҳам тариқатда ягона, ишқ ва талабгорлик, куйиш-ўртанишда замонасининг шамчироғи, илми урфон денгизига чўмган, ҳақиқат дарёсига шўнғиб жавоҳирларини терган” деб юксак баҳолайди.
Аттор “Мазҳар-ул ажойиб” (“Мўъжизанинг кўриниши”) номли асарида тўртинчи халифа Али ибн Абутолибга бўлган ихлосини ифодалайди. Бу эса Али шиа мазҳабига ихлос қўйганлигини кўрсатар эди. Шу боис, бу ҳол Нишопурдаги суннийлар мазҳабига мансуб уламоларнинг ғазабини қўзғатади. Натижада, Аттор шиа мазҳабини тарғиб этганлиги, “йўлдан озганлиги” гуноҳи билан айбланиб, дастлаб ўлимга ҳукм этилади. Кейин эса, жазо енгиллаштирилиб, мол-мулки мусодара қилинади, ўзи шаҳардан бадарға қилиниб, шаҳар атрофидаги ташландиқ жойларда таъқиб остида яшашга мажбур бўлади. Бу пайтларда Аттор анчагина кексайиб, деярли кучдан қолганди.
Бир куни Аттор тураётган ерга унинг устози Маждиддин Бағдодийнинг яқин дўсти, “Султон-ул-уламо” (“Уламолар султони”) деб шуҳрат қозонган Мавлоно Баҳоуддин Валад1 (1230 йили оламдан ўтган) уни йўқлаб келади. Бу учрашувни Радий Фиш бундай баён қилади: “Эгнига қорайиб, ранги ўчиб кетган камзул, бошига баланд чўққи кулоҳ кийган, ожиз бир қария тез-тез юриб, унинг олдига чиқди. Унинг юришидан андеша эмас, балки шиддат акс этиб турарди. У гўё фавқулодда бир муҳим иш устида тургандек, ёхуд тўсатдан бир азиз меҳмон келиб қолгандек ҳолатда кўринарди. Аттор ўша юриши билан келиб, гўё кўринмас бир тўсиққа дуч келгандек меҳмонга яқин қолганда шартта тўхтади ва аста эгилиб салом берди. Улар уч марта бир-бирларига таъзим бажо келтиришгандан сўнг, сўнай деб қолган гулханнинг икки томонида, бир-бирига қарама-қарши қўйилган тошлар устига ўтиришди. Бошига суст малла рангли салла ўраган баланд бўйли, сирли қиёфадаги уламо дарвишларга хос либосда эди. Чўққи кулоҳ кийган, қадди бироз букилган шоир ломмим демай, меҳмон билан бир-бирига қарашган кўйи узоқ тикилиб ўтиришди”. Атторнинг диққатини Султон-ул-авлиёнинг 12 ёшли ўғли кўпроқ ўзига жалб қилади. У бу ўғилнинг кўзларидан ловуллаб турган ўт учқунларининг, пориллаб турган ақл- фаросат нурларининг белгисини кўргандек бўлади ҳамда унинг келгусида буюк инсон бўлишлигидан башорат бериб, “Асрорнома” (“Сирнома”) деган асарини ўша ўсмир болага мамнуният билан тақдим этади. Бу бола кейинчалик Атторнинг маслакдоши, давомчиси сифатида бутун мусулмон дунёсида маълум ва машҳур бўлган Мавлоно Жалолиддин Румий эди. Жалолиддин Румий Атторни биларди, Чунки у “Мантиқ-ут-тайр”ни ўқиганди.
Манбаларда кўрсатилишича, Атторнинг ўлими ниҳоятда фожиали кечган. Чингизхон бошчилигидаги қўшин Нишопурга бостириб кириб, бутун шаҳарни талон-тарож қилади. Ўлжа илинжида ҳеч қаерни қолдирмай ахтариб, ярайдиган нарсалар борки ҳаммасини тортиб олади, ҳатто қизғин жараёнда омон қолган одамларни ҳам қул қилиб бўлишиб олади. Шулар қаторида Аттор ҳам бир мўғул черикига асир тушади. Мўғул черики уни боғлаб кўчада олиб кетаётганда, Атторни таниган бир одам учраб қолади, у мўғул черикига:
– Қулингни менга сот, мен сенга минг динор бераман, – дейди.
Мўғул черики рози бўлиб турганда Аттор:
– Сотма, бу нарх жуда кам, мен кўп пулга ярайман – дейди. Мўғул черики уни минг динорга бермай судраб юришда давом этади. Йўлда унга ўз қавмидан бўлган бир мўғул учрайди. У ўз “ўлжа”сини унга сотмоқчи бўлади. У жинсдошини мазах қилган ҳолда:
– Майли олақолай, ҳақига бир қоп сомон бераман, – дейди. Шунда Аттор мўғул черикига:
– Тезда рози бўлавер, мен бундан ортиғига арзимайман. – дейди.
Бундан ғазабланган мўғул черики шу заҳотиёқ Атторни қилич билан чопиб ташлайди.
Радий Фиш Атторнинг нима учун ўлим йўлини танлаганлиги ҳақида: “Аттор ўз жонини қутқазиши мумкин эди, лекин энди унга ҳаётнинг ҳеч қандай қизиғи қолмаганди” деб ёзади.
Аттор Нишопурга дафн этилади, қабр бошига оддийгина мақбара қурилади. Аммо орадан бир фурсат ўтгандан кейин Атторнинг мақбараси харобалашиб кетади. ХV асрга келганда Алишер Навоий Аттор мақбарасининг харобалашиб кетганлигини эшитиб қабр бошига бағоят кўркам, ҳайбатли бир мақбара қурдиради.
Атторнинг таваллуди ва қисмат ҳақидаги қарашлар афсуски ҳали ҳам якунига етганича йўқ. Кўпгина манбаларда унинг туғилган вақти 1119 йили деб олинган. Аммо, “Мазҳар-ул-ажойиб”нинг бир нусхасида Атторнинг бу асарни 1188 йилда ёзганлиги ва ўша вақтларда ўзининг 100 ёшдан ошганлигини эслатиб ўтганлиги маълум. Агар шундай бўлса Атторнинг 1119 йили таваллуд топганлиги ҳақидаги қарашлар ҳам узил-кесил ўз исботини топмаган. Атторнинг таваллуд йилини 1136, 1145 йили деб қарайдиганлар ҳам учрайди. Атторнинг вафот этган йили ҳақидаги қарашлар ҳам бир-бирига уйғун келмайди. Бу ҳақдаги йил ҳисобини 1193 йили, 1221 йили деб қаровчилар ҳам бор. Жомий ва Давлатшоҳ Самарқандий Атторни 114 йил умр кўрган деб қайд этганлиги маълум. Амир Алишер Навоий ҳазратлари “Насойим-ул-муҳаббат”да Атторни ҳижрий 627 (мелодий 1231 йил) йили вафот этган ва 104 йил яшаган деб ёзади.
Туркиялик Мустафо Услу ўзининг Аттор ҳақидаги бир мақоласида у “Мазҳар-ул-ажойиб” асарида узоқ вақтдан бери ҳазрати Алига ихлос қилганлигини таъкидлайди. Атторнинг шиа мазҳабига мойиллиги кексайиб қолганда бошига бало бўлган. Самарқандий тахаллусли, сунний мазҳабидаги бир муфтийнинг “Мазҳар-ул-ажоийб” китобини ёқиш ҳақида берган фатвоси билан бу асар куйдирилган. Шу ҳодиса сабабидан Атторнинг уйи талон-тарож қилинган, ўзи Маккага қочишга мажбур бўлган. Аттор кейинги асари “Лисон-ул-ғайб” (“Ғойиблар тили”)ни Маккада ёзган,1 деб кўрсатади. Мустафо Услунинг бу қарашлари олмониялик шарқшунос Ҳелмут Риттернинг Аттор ҳақидаги қарашлари билан бир хил.
Кўриниб турибдики, Атторнинг ҳаёти ҳақидаги қарашлар бир-бирига мос келмайди. Шунинг учун Атторнинг ҳаёти – фаолияти ҳақидаги масалада бирор муҳим хулосага келиш қийин. Атторни фақат тахминий ҳолда ХII асрнинг бошларидан ХIII асрнинг дастлабки чоракларигача бўлган оралиқда яшаб ўтган сиймолардан биридир деб қарашга тўғри келади.
2. ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ АСАРЛАРИ
Аттор ҳаётда кўп бора қийинчилик ва талон-тарожларга дуч келган, ҳаётнинг оғир синовлари, ларзали қисматларни ўз бошидан кечирган, хотиржам яшаш имконияти унда жуда оз бўлишига қарамай, унинг ижодиёти барибир самарали кечган. У ҳар томонлама, чуқур аҳамиятга эга талай асарларни келажак авлодларга абадий мерос қилиб қолдирган. Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират-уш-шуаро” номли асарида Аттор асарларининг умумий ҳажмини 250 минг байтга яқин деб кўрсатганлиги маълум.
Олмониялик шарқшунос олим Ҳелмут Риттернинг “Ислом қомуси”да босилган маълумотида Аттор асарлари ёзилиш тартиби бўйича қуйидагидек кўрсатилган:
1) “Ҳайдарнома”. Бу асар бизнинг давримизгача етиб келмаган. 2) “Девон” – шеърлар. 3) “Жавоҳирнома”. 4) “Шарҳул-қалб” – “Қалб шарҳи”. 3-, 4-асарни Атторнинг ўзи йўқотган. 5) “Хусравнома”. 6) “Асрорнома”. 7) “Ман-тиқ-ут-тайр”. 8) “Мусибатнома”. 9)”Мухторнома”. 10) “Илоҳийнома”. 11) “Бул-булнома”. 12) “Панднома” (“Насиҳатнома”). 13) “Тазкират-ул-авлиё” (“Авлиёлар тазкираси”). 14) “Меърожнома”. 15) “Гумгумнома”. 16) “Вуслатнома”. 17) “Уш-турнома”. 18) “Жавҳар-уз-зот”. 19) “Ҳалложнома”. 20) “Басирнома”. 21) “Мазҳар-ул-ажойиб” (“Мўъжизанинг кўриниши”). 22) “Лисон-ул-ғайб” (“Ғойиблар тили”). Юқоридагилардан бошқа “Ҳафт водий” (“Етти водий”), “Ҳайиатнома” (“Тўқувчилик ҳақида”). “Васиятнома”. “Канзул – ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар хазинаси”). “Канзул асрор” (“Сирлар хазинаси”). “Ихвонус сафо” (“Пок биродарлар”). “Валаднома” (“Туғилиш ҳақида”). “Мифтоҳ-ул-футуҳ” (“Ҳукмронлар калити”) каби қатор асарларни тадқиқотчилар Аттор деб қарашади.
Ҳелмут Риттер Аттор асарларини мазмун ва услуб жиҳатидан уч даврга бўлиш мумкин деб қарайди:
Биринчи давр: Аттор шеъриятнинг борлиқ сирини яхши биладиган санъаткор устоз сифатида кўзга ташланади. Асарларидаги кичик чаржавали (ҳошияли) ривоятларга тасаввуфга хос маъно ва мазмунларни жуда кучли маҳорат билан сингдирган ҳолда амалга оширади.
Иккинчи давр: Аттор ижодида режа ва тартибга унчалик аҳамият берилмайди. Атторнинг ўзига хос фазилатларидан бири шуки, шеърий асарларида бир сўз хабар мисранинг бошида давомли такрорланиб келади. Ҳатто бир сўз, кетма-кет ҳаяжон билан 100 маротабадан кўпроқ такрорланадиган ҳоллар ҳам мавжуд. Аттордаги бу хусусият дунё адабиётида деярли учрамайди.
Учинчи давр: Атторнинг ҳаяжонли, шиддатли ижодиёти бироз сустлашгани кўринади.
“Девон” – бу Атторнинг ғазал ва бошқа лирик шеърларидан таркиб топган шеърлар тўплами бўлиб, унда Атторнинг тасаввуф ғоялари бир хил лирик туйғуларда йўғрилиб ифодаланган.
“Хусравнома” – бу маснавий шаклида ёзилган ишқ-муҳаббат достони бўлиб, достонда, Рум империясининг императори Қайсарнинг бир канизагидан бўлган ўғли – Хисрав билан Хузистон подшоҳининг қизи Гул ўртасидаги муҳаббат воқеалари тасвирланган.
“Асрорнома” – бу Атторнинг тасаввуф руҳи билан суғорилган достонларидан биринчисидир. Достон 26 мақолатдан (бобдан) иборат бўлиб, тасаввуфга хос мазмунлар қисқа ҳикоялар воситасида изоҳланган.
“Мантиқ-ут-тайр” – бу Атторнинг энг машҳур асари. Достонда Атторнинг фалсафий қарашлари, тасаввуф тушунчаси нозик, атрофлича шарҳланган. Достон асосан ҳикоя ва кўпгина қисса, ривоятлар, масал, маталлардан таркиб топган.
“Муҳаббатнома” – бу достон ҳам Атторнинг тасаввуф ғоялари билан суғорилган. Достонда бир солик (сулук аҳли, тариқат йўлига кирган мурид) пирнинг амри билан илоҳий зотни излаб, руҳ аршга саёҳат қилиб, Исрофил, Микойил, Азройил ва бошқа фаришталарнинг ёрдамида жаннат, жаҳаннам, қуёш, ой, тўрт аносир, тўрт унсур тоғ, денгиз, ҳайвонот, қушлар, Иблис, Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Довуд, Исо, Муҳаммад, Ақл, Ҳис, Хаёл, Қалб ва Жон билан учрашади. Энг охири у илоҳий зотни ўз қалбидан топади. Бу достоннинг асосий ҳикояси илоҳий зотни излаш жараёнидаги қайғу-аламларнинг баёнидан иборат бўлиб, унга яна кўпгина кичик ҳикоятлар ҳам киритилган.
“Илоҳийнома” – ушбу достон 300 дан зиёд ҳикоят ва қиссадан таркиб топган. Унда бир подшоҳ ўзининг олти ўғлини ҳузурига чорлаб: “Дунёда энг яхши кўрадиган нарсанглар нима?” деб сўрайди. Подшоҳнинг биринчи ўғли парилар подшоҳининг қизини, иккинчи ўғли сеҳргарликни, учинчи ўғли Жамшиднинг жомини, тўртинчи ўғли обиҳаёт (тириклик суви)ни, бешинчи ўғли Сулаймон узугини, олтинчи ўғли олтинларга эга бўлишни яхши кўришликларини баён қиладилар. Подшоҳ олти ўғлининг орзусига қарата тасаввуф ғоясидаги ибратлик ҳикояларни келтириб, уларни тўғри йўлга ундайди. Бу ҳикоятларда Атторнинг подшоҳ тилидан берган мулоҳазалари алоҳида аҳамиятга эга.
“Булбулнома” – бу кичик бир достон бўлиб, унда қушлар Сулаймон пайғамбарга, булбул саҳарлари гулнинг ишқида сайраб орамизни бузаяпти, деган мазмунда арз қилади. Сулаймон пайғамбар булбулни ҳузурига чақиртиради ва бунинг учун уни бир умр фарёд чекишга амр қилади.
“Панднома” – бу асар Атторнинг одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган дидактик достони бўлиб, унда, кишилик турмушидаги ҳар хил яхши-ёмон ақида-удум, иш-ҳаракат, сўз ва ҳодисалар чуқур амалий асослар билан ижобий нуқтадан шарҳлаб берилган. Мазкур асар Эрон ва Ўрта Осиё музофотида таълим-тарбия ишларидаги энг муҳим дарслик қаторида қўлланилган.
“Тазкират-ул-авлиё” – бу Атторнинг бирдан-бир насрий шаклда ёзилган асари бўлиб, унда талай авлиёларнинг ижод йўллари ёритилади. Асар тасаввуф таълимотининг тараққиёт жараёни ва ғоявий асосларини тадқиқ этишда муҳим манба сифатида улкан аҳамиятга эгадир.
“Меърожнома” – асарида эса Муҳаммад пайғамбарнинг Буроққа миниб, еттинчи осмонга чиққанлиги ва у ерда Оллоҳнинг жамолига муяссар бўлганлиги ҳақидаги ҳолатлар баён қилинган.
“Гумгумнома” – асари кичик бир ҳикоятдан иборат бўлиб, унда Исо пайғамбар чўлда бир бош суякни топиб олиб, дуо билан уни тирилтиради ҳамда у билан суҳбатлашади. У етти иқлимга ҳукмрон бўлган бир подшоҳнинг боши бўлиб, пайғамбарга ўзининг кечмишларини сўзлаб беради. Исо алайҳиссалом уни имонга даъват қилади, у имон айтиб бир фурсатдан кейин яна бунгача бўлган асли ҳолатига, охиратига қайтади.
“Вуслатнома” – ушбу асар ваҳдати вужуд ғоялари ва сўфийларга хос ҳикоятлардан таркиб топган бўлиб, унда Мансур Ҳаллож воқеаси асосий ўринда туради.
“Уштурнома” – асосан ҳикоятдан иборат бўлса-да, лекин баён қилиш усули тарқоқ бўлиб, бу асарда такрорий жумлалар жуда кўп учрайди. Асарнинг марказий ғояси тасаввуф таълимотини олдинга суради. Асарда бир қўғирчоқ ўйнатувчи ўз қўғирчоқларини саҳнада навбатма-навбат ўйнатгандан сўнг, сандиққа солиб қулфлаб қўяди. Аттор бу орқали илоҳий зотнинг оламдаги махлуқотларни ана шу қўғирчоқ қаторида кўришлигига ишора қилади. Асардаги яна бир ҳикоятда бир мурид илоҳий зотни излаб етти қават сирлар пардасини очади ва охири ғаройиб бир аҳвол остида ўзликни тушунади. Ғойибдан келган бир садо орқали мурид бир мозордан сирли бир китобни топиб олади. Китобда илоҳий зотга етишнинг йўллари кўрсатилган бўлиб, бу йўл Мансур Ҳалложнинг фано таълимоти, яъни илоҳий зотни излаган одам ўзининг жисмоний истакларидан қутулиш зарурлиги ҳақидаги фикри бўлиб чиқади. Бу асардаги ҳикоятларнинг деярли ҳаммаси рамзий маънога эгадир.
“Жавҳар-уз-зот” – асаридаги асосий фикр оқими фанолик бўлиб, унда томчининг денгизга қўшилганига ўхшаш инсоннинг илоҳий зотга қўшилиши йўлидаги оташин истаклар ўз ифодасини топган. Асарнинг асосий қисмини вужуддаги илоҳийликни тушуниб, ўзини денгизга отган бир ёш боланинг ҳикояси ташкил қилади. Асарда яна, чўлда ўсган бир қамишнинг илоҳий сирлардан хабардор бўлганлиги, қамиш кесилиб най қилингандан кейин, ўша сирларни фош қилганлиги воқеаси ҳикоя қилинади. Бу ерда Аттор қамиш воситаси орқали ҳазрати Алининг илоҳий сирлар соҳиби эканлигини таъкидлайди. Асарда ўртага қўйилган яна бир ғоя, инсон ўзининг моддий вужудида кичик илоҳий жавоҳирни асраши керак, шундай қилгандагина илоҳий зотни билиш шарафига муяссар бўлади, деган фикрдан иборатдир. Аттор бу асарда умуман илоҳий зотнинг васлига етишиш мумкинлиги ҳақидаги юксак ғояларни шарҳлайди.
“Ҳалложнома” – Аттор бу асарида асосий мақсадни Ҳалложнинг фазилатларини баён қилиш ва шарҳлашга қаратади. Аттор Мансур Ҳаллож ва унинг ғоясини юксак даражада идеаллаштириб, уни ҳақиқатни таниб етган баркамол инсон рамзи деб қарайди. Мансур Ҳалложнинг “анал ҳақ” (“мен ҳақман”) ғоясининг асосларини ҳар томонлама далиллаб, қизғинлик билан куйлайди. Бу орқали ўзининг Мансур Ҳаллож ғоясига бўлган мойиллигини номоён қилади.
“Басирнома” – Атторнинг кичик достонларидан бири бўлиб, унда ҳам фано, бақо, илоҳий зотнинг руҳи ва нурига ўзини бахшида қилиш масалалари олға сурилган.
“Мазҳар-ул-ажойиб” – бу асар Аттор ижодиётининг учинчи даври бошлаганини кўрсатади. Достонда ҳазрати Али сиймоси асосий ўринда туради. Ундан бошқа Атторнинг ҳаёти, таржимаи ҳолига оид қисқа парчалар ва Атторга алоқадор бошқа маълумотлар ҳам мана шу асардан ўрин олган.
“Лисон-ул-ғайб” – бу Атторнинг машҳур асарларидан бири бўлиб, унда шиа мазҳабига бўлган ҳурмат ва ихлос туйғулари алоҳида кўзга ташланиб туради. Ҳазрати Али ва унинг авлодлари ифтихор билан улуғланади. Атторнинг ўткинчи дунё ғавғоларидан халос бўлиб, яширин, танҳо ҳолда ўзини худога бағишлаш ҳислари ҳақидаги ошиқларга хос қараш ва мулоҳазалари баён қилинади.
Юқоридаги асарлар ичида “Жавҳар-уз-зот” уч китобдан иборат бўлиб, “Ҳалложнома” билан “Вуслатнома” шу асарга тааллуқли икки китоб ҳисобланади деган қарашлар ҳам мавжуд. Ҳатто баъзилар, юқоридаги асарлар ичидаги айрим машҳур асарларни Атторга тааллуқли эмас, бошқалар томонидан ёзилган деганга ўхшаш қарашларни ҳам ўртага қўйган. Булар ҳали Аттор асарларини излаш, тадқиқ қилиш ҳамда нашр этишни тақозо этадиган мураккаб жараёнлардан биридир дейиш мумкин.
ИККИНЧИ БОБ
ФАРИДИДДИН АТТОР ДУНЁҚАРАШИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШИ
Шуни қатъий қилиб айтишга тўғри келадики, Аттор дунёқараши асосини ўрта аср Шарқ ислом фалсафасининг илғор оқими бўлган тасаввуф таълимоти ташкил этади. Тасаввуф таълимоти ўзига хос ғоявий асосларга эга, мураккаб, шунингдек, жозибали фалсафий оқим. Аттор тасаввуф фалсафасининг йирик сиймоларидан биридир. Шу боис Атторнинг дунёқараши ҳақида изланиш ғоят зўр ақлий қувват, юксак зеҳн ва дид, Атторона кузатиш, нозик таҳлил талаб қиладиган машаққатли жараёндир.
Атторнинг дунёқараши ҳақида кўплаб асар ёзиш мумкин. Атторнинг маънавий дунёсини шу қадар буюк бир уммон деб фараз қилса бўладики, унга қанчалик теран шўнғиган сари шунчалик қимматли, шунчалик кўп жавоҳиротларни топиш мумкин. Афсуски, бундай буюк уммонга шўнғигудек шижоат ва мадордан ўзини йироқ ҳис қилган каминанинг бу интилишларини қадрли ўқувчилари ана шу уммондан бир томчи мисолида қабул этишларини умид қиламан.
Атторнинг асарлари – майли у бевосита фалсафий мулоҳазаларни асос қилган асар бўлсин ёки рамзий башоратли асар бўлсин, авваламбор адиб дунёқарашини ёритиб бериш учун хизмат қилади. Унинг ижодий йўли (агар шундай дейишга тўғри келса) илоҳий сирларни кашф этиш йўлидир. Бундай айтганда, Аттор шоир-файласуф эмас, балки файласуфдир. Бу нуқтани ХV аср муаррихи Давлатшоҳ Самарқандий таъкидлаб, “шоирлик унинг касби, одати эмас эди” деб ёзади. Демак, Атторнинг ҳамма асарларида фалсафий-тасаввуфий дунёқараш асосий ўринда туради.
Атторнинг “Мантиқ-ут-тайр” асари қуюқ рамзий тусга эга, кўп қатламли фалсафий, руҳий-ахлоқий, ижтимоий ғоялар билан тўлиб-тошган мураккаб достон. Унинг бош мавзуси илоҳий зот билан инсоннинг муносабати масаласига бағишланган. Асарнинг бош мавзусини очишда асосий етакчи ҳикоят ва асосий ғояни далиллаш учун хизмат қиладиган масал, кичик ҳикоятлардан таркиб топган.
“Мантиқ-ут-тайр” достонида барча қушлар бир ерга жам бўлиб, мажлис қуришади. Бироқ базмдаги тартиб масаласида, яъни ўрин – мартаба, иззат-ҳурмат, шараф-салоҳият, улуғлик – тубанлик, камтарлик ва манманлик, ўзини билиш ва билмаслик каби масалаларда зиддиятлар келиб чиқиб, можаро юз беради. Қушлар ўзларига инсоф-диёнатли, одил, ҳаққоний бир подшоҳ сайлаш зарурлигини, шу орқали ўз жамоатида юз берган жанжал можаро, қизиққонлик ҳолатларига барҳам бериш муҳимлигини ҳис қилади. Худди шу чоғда попушак Ҳудҳуд башорат бериб, қушлар наслидан бир подшоҳ Семурғ борлигини, унинг қушлар аҳволини миридан-сиригача билишлигини, у гарчи қушларга жуда яқин бўлса-да, қушлар ғофиллик ва нодонликлари сабабли ундан анча йироқлашиб кетганлигини айтади. Эндиликда қушлар ана шу Семурғнинг висолига нойил бўлсаларгина барча таҳликалар ва низолардан фориғ бўлиш мумкинлигини айтади. Қушлар хурсанд бўлиб Ҳудҳудга ана шу Семурғ даргоҳига бошлаб боришни таклиф қилишади. Ҳудҳуд Семурғнинг даргоҳига етиб бориш жараёнида дуч келиши муқаррар бўлган талай машаққатли қийинчиликлар, азоб-уқубатли синовлар кутажагини ҳам баён қилади. Маълумки, Аттор бу ерда Ҳудҳуд ва қушлар тимсоли орқали ўзининг тариқат ғоясини баён қилади. Яъни рамзий маънодаги устоз-пирнинг Ҳудҳуд орқали ақлдан озиб ғафлатда қолган кишиларга қарата қилинган насиҳати сифатида назм тилига кўчиради.
Тариқат – арабча сўз бўлиб, маъноси йўл, сулукдир. Солик (сулук аъзоси) ва “Мурид” деган сўзларнинг маъносига келсак, у одатда тасаввуф йўлига қадам қўйган шогирднинг мақсад йўлида руҳий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатлардан ўзини поклаб, камолотга интилиш, илоҳий маърифатни эгаллаб, ҳақиқатга, яъни жавҳарий зотнинг васлига етиш йўлида риёзат чекаётган толиб, талабалардир. Айрим, таълимотчилар сулукни шариат, тариқат ва ҳақиқатдан иборат уч қисмга бўладилар. Биринчи хил қарашдагилар маърифатни ҳақиқатнинг бир таркибий қисми деб қараб, уни босқичлар қаторидан соқит қиладилар. Учинчи хил қарашдагиларнинг фикрича эса, шариат ҳар бир мусулмон учун амал қилиш зарур бўлган қоидалар бўлиб, тариқатда шариатнинг асосий мезонлари ўз аксини топганлиги учун, у кўп ҳолларда алоҳида тилга олинмасдан балки, тариқат босқичидан бошланади.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, тасаввуф таълимотчилари тариқатни “чин, тўғри йўл” деб таърифлашган. Тариқат аҳли уч нарсада, яъни ҳолат, қадам, лутфу карамда бошқаларга ибрат бўлишлари кераклиги алоҳида таъкидланган. Бундаги ҳолат – ўринсиз гаплардан, ўзини ҳаромдан тортишни, беҳуда ишларга қадам қўймасликни, лутфу карам ила фойдали ишлар қилишни, очиқ чеҳрали, мурувватли бўлишни талаб этади.
Тариқат йўлига кирган ҳар бир мурид дунё маишатидан, нафс балосидан, ҳою-ҳавасдан, жисмоний роҳат-фароғат, кибру ҳаво, қуруқ шон-шуҳрат, ғафлат ва жаҳолатдан воз кечиб, руҳий дунёсини поклаши, бутун иродаси ва фикр-ҳаёлини бир ерга жамлаб, эзгу мақсад сари йўналтириши лозим бўлган.
Тариқат йўлида эътиқод билан ғафлат, ирода билан иккиланиш, тобланиш билан пушаймон, севги ва нафрат ўртасида ҳар доим зиддият юз бериб туради. Бу йўлда эътиқоди чин, иродаси мустаҳкам, турли азоб-уқубатларга бардош берадиганларгина юксак мақомга эриша оладилар. Шунга кўра, “Мантиқ-ут-тайр”да ҳам қушлар Семурғнинг илоҳий ишқ оташига пайванд бўлиб, завқ билан бу йўлга қадам қўйишган бўлса-да, зиддиятли синовларга бир қисм қушлар бардош беролмай, Ҳудҳудга турли баҳоналар билан узр айтиб, сафдан чиқадилар. Бу орқали Аттор тариқатнинг бир мушкул босқич эканлигини, гарчи бу йўлга жуда кўп кишилар кирса-да, лекин ҳаммаси ҳам бу йўлнинг қайтмас, қаътиятли жасоратли йўловчилари бўлиш шарафига муносиб эмаслигини таъкидлайди.
1. “ШАЙХ САНЪОН” ҚИССАСИ ВА ПИР – МУРИДЛИК МЕЗОНИ
Тасаввуф адабиётида “Шайх Санъон” қиссаси ажойиб зўр сеҳрли кучга эга, фалсафий ҳикматларга бой, нозик бадиий туйғулар жилваланиб турадиган, кишининг руҳий дунёсини ларзага соладиган, ўлмас қиссаларнинг биридир. Аттор “Мантиқ-ут-тайр”да бу қиссадан файласуфларга хос фаросат, шоирларга хос нафис санъатлардан моҳирона фойдаланади.
Қиссанинг қисқача мазмуни қуйидагича кечади:
Шайх Санъон ўз замонасининг машҳур пири бўлиб, илму урфон, каромат ва аломатда ягона киши эди. У Маккада 50 йил шайхлик қилган бўлиб, тўрт юз муриди бор эди. 50 марта ҳаж қилган бўлиб, бундан бошқа умра ҳажини ҳам ҳаргиз қўлдан бермаганди.
Бир кечаси шайх Санъон туш кўради. У тушида Румда юрган эмиш ва бир бут санамга сажда қилаётган эмиш. Шайх уйғониб кўрган тушидан ғамгин бўлади. Санъон муридларини йиғиб бу тушнинг таъбирини билиш учун, Румга боришни ният қилганлигини айтади. Муридлари ҳам шайхга эргашиб бу сафарда унга ҳамроҳ бўладилар. Охири шайх ва унинг муридлари Румга етиб келадилар. Улар Румда бир шаҳардан ўтишаётганда бир ҳашаматли айвонда ўтирган насроний қизга кўзи тушади. Бу қиз ҳусн-жамолда тенги йўқ, гўзаллик оламидаги қуёшдек порлоқ эди. Шайх Санъон қизга яқинлашиб унга тикилди. Ўзини йўқотиб ҳолсизланди. Бу тарсо қиз шайх Санъоннинг тушига кирган санамнинг ўзгинаси эди.
Шайхнинг муридлари бу ҳолни кўриб ҳайрон қолдилар, шайхни бу йўлдан қайтаришга уриндилар, аммо шайхга насиҳат кор қилмади, у ҳаммани унутганди. Муридлар шайхнинг кўнглини кўтармоқчи бўлиб имон, васваса, гуноҳ, куфр ва тавбадан сўз очдилар. Лекин, шайх қулоққа гап оладиган эмас, аксинча, уларга ҳикматли, ёлқинли ва кучли сабаб – натижали сўзлар билан раддия берди. Шайхнинг муридларига берган энг сўнгги жавоби “Бу оташни менинг вужудимга Тангри таолонинг ўзи солди, мен буни ўз ихтиёрим билан ўзимдан нари қилолмайман” дейиш бўлди.
Шайх Санъон бутун эс-ёди билан тарсо қизнинг висолига интилди, кеча-кундуз унинг эшиги олдида дашном-ҳақорат эшитиб хокисор бўлиб ётди. Кунлар ўтиши билан шайх ҳолдан кетиб, ишқ дардида касал бўлиб қолди.
Бу воқеани эшитган тарсо қиз ташқарига чиқиб шайхга бундай дейди:
– Агар сен ростдан ҳам менга ошиқ бўлсанг унда қуйидаги тўрт шартимни бажаришинг керак бўлади, биринчидан, бутга сажда қиласан, иккинчидан, Қуръонни куйдирасан, учинчидан, шароб ичасан, тўртинчидан, имонингдан кечасан.
Ошиқлик – беқарорлик йўлида жисми ўртанган шайх шароб ичишга рози бўлди. Тарсо қиз шайхга ўз қўли билан шароб қуйиб беради. Васли дийдор йўлида шароб ичган шайх тарсо қизнинг висолидан ҳушини йўқотиб, қолган шартларни ҳам амалга оширади. Аммо, тарсо қиз бу шартлардан кейин ҳам шайхнинг висол ташналигини қаноатлантирмайди, аксинча шайхни висол ҳақи (никоҳ пули) тўлашга қистайди ҳамда шайхнинг ҳеч нарсаси йўқлигидан фойдаланиб уни висол ҳақи ҳисобига ўз чўчқаларини бир йил боқиб беришга даъват қилади. Шайх иложсиз чўчқа боқишга ҳам рози бўлади. Худди шу ерда Аттор ўзининг тариқат ҳақидаги хитобини қилади: “Эй мард, агар тариқатга қадам қўймоқчи бўлсанг, бу йўлдаги бутлар, чўчқалар каби минг турли балолардан қўрқма. Агар тариқат йўли шунчалик азобли бўлмаганда эди, шайх Санъондек мусулмон ҳам расво бўлиб Рум шаҳрида ғавғо кўтармас, сарсон-саргардон бўлмас эди”.
Тариқат йўли шу қадар жафоли машаққатли, азоб-уқубатли йўл эканки, уни бирор раҳнамосиз поёнига етказиб бўлмайди. Бунинг учун тариқат йўлига кирган мурид талабгор бир пир устозга қўл бериб, бу йўлда унинг йўл кўрсатиши, мадад бериши, ҳар хил жабру жафо, машаққатлараро олға етаклаб бориши керак бўлади. Мана бу тариқат йўлидаги муҳим ҳалқаларнинг бири – пир-муридлик ҳалқасидир.
Пир – муридлик муносабатида муриднинг асосий хислати талабгор бўлиш, пири комилнинг йўлини маҳкам тутиб, унинг кўрсатмаларига сўзсиз амал қилишдир. Пирга қўл бермаган мурид тариқат йўлида мустаҳкам туролмайди, манзилига етолмайди. Бошқача айтганда, муридни чексиз уммонга кирган кемага, пирни эса шу кемани тўғри йўлга солгувчи дарғага ўхшатиш мумкин. Кемачидан айрилган кеманинг тақдири вайрон бўлишдир.
Шайх Санъоннинг иш ҳаракатларини кўриб муридларнинг ундан кўнгли қолади ҳамда Маккага қайтиб кетадилар. Шайх эса тарсо қизнинг чўчқасини боқишга киришади.
Шайх Санъоннинг яна бир зеҳни ўткир муриди бор бўлиб, Шайх Румга йўл олганда у Маккада йўқ эди. У бошқа муридларнинг шайхни ташлаб қайтиб келганларини кўриб кўнгли бузилади. Бошқа муридлар бўлган аҳволни унга айтиб берадилар. Ақлли мурид бу қиссани эшитгандан кейин бошқа муридларга бундай дейди:
– Эй ноаҳили бевафо ёрлар, ёрлик ва дўстликка мувофиқ иш қилмабсизлар, аксинча, номардларнинг ишини қилибсизлар. Садоқатли мурид, пайвандли ёр бўлсанглар оғир пайтда унга яраб, бирга бўлиб, дардига малҳам бўлар эдинглар. Агар ўз шайхингларга содиқ бўлганларингда ҳар қандай шароитда ҳам унинг ёнида туриш лозим эди.
Ҳайф сенларга, садоқат, вафо! Пир ҳақини адо қилиш шу бўлдими? Агар шайхинглар белига зуннор боғлаган бўлса, сизлар ҳам дарҳол белингларга зуннор боғлашинглар керак эди.
Агар у тарсо бўлса, ҳамманглар унга қўшилиб тарсо бўлишинглар керак эди. Сизларнинг қилганинглар муридликка хилоф, балки мунофиқлик ва душманликдан ўзга иш эмас. Ўз ёрининг дўсти бўлган одам агар ёри кофир бўлса-да, уни тарк қилмаслиги керак эди. Шайх денгизга чўкиб, наҳангнинг комига тушибтур, сизлар бўлсанглар қўрқиб, уни ташлаб қочибсизлар.
Мана бу Атторнинг пир-муридлик мезони, тариқат тушунчасидаги ўзак қарашидир. Кўриниб турибдики Атторнинг бу қарашлари ҳеч қандай шархга ҳожат қолдирмайди.
Шундан кейин муридлар Румга қайтиб борадилар, Шайх муридларини кўриб эси жойига келади ҳамда муридлари билан бирга яна Маккага қайтиб келади. Тарсо қиз бир кечаси ажойиб туш кўради, тушида бир илоҳий нидони эшитади. Шунда у шайхга қилган қилмишларига пушаймон бўлади ва ҳақ йўлга кириб Шайхнинг ортидан Маккага сафар қилди. Бу хабар шайхга етади ҳамда шайх қизнинг йўлига чиқади. Улар йўлда учрашадилар, аммо қиз жабржафо дастидан ҳоли хароб бўлганди. Қиз тавба қилиб, шайхдан ўзини иймонга бошлашни сўрайди. Шайх унга иймон ўргатади, шунинг билан қиз жон узади. Кўз олдида рўй берган бу ҳолдан шайх ҳам дарду алам илкида бу фоний олам билан видолашади. Муридлар бу икки садпораларнинг жасадини ёнма-ён дафн қилишади. Бу икки қабрдан икки туп сарв дарахти ўсади. Бу ерда яна зилол булоқ пайдо бўлиб унинг суви баҳрида атроф яшилликдан гулларга бурканади, кейинчалик кишиларнинг тавобгоҳига айланади. Дард-ҳасрат ва мунг билан ёзилган “Шайх Санъон” қиссасининг қисқача баёни ана шулардан иборатдир.
Кези келганда айтиш керакки, “Шайх Санъон” қиссаси кўп ҳолда Атторнинг пир ва мурид ўртасидаги қарашларини шарҳлашдангина иборат эмас. Унда яна башоратли, рамзий воситалар орқали комил инсон, илоҳий ишқ, вафо ва садоқат, ғофиллик ҳамда аслига қайтиш, гуноҳ ва тавба, қисмат ва мағфират, куфр, покланиш, синов, ирода каби бир бутун ўткир масалалар ақлий ва ҳиссий йўлда ёритиб берилган.
Аттор асар охирида “Шайх Санъон” ҳақида “Атторнинг қиссаси бир ой юзли қиз учун эмас” дейди. Демак, моҳиятан бу қиссада чуқур илоҳий сир ва маъно яширилганлигини англаш мумкин. Бу эса ўқувчиларнинг қисса маъноларини англашдаги бирдан-бир очқич (калит), Атторнинг кўзда тутган мақсади ҳам шу бўлган.
2. ФАРИДИДДИН АТТОР ВА ТАРИҚАТ
Мақом – арабча сўз бўлиб, унинг маъноси олис манзил, мартаба, мавқе демакдир. Бу сўз тасаввуфда тариқат йўлига кирган муриднинг мақсадига етиши муҳим бўлган ахлоқий ва маънавий камолот тартибларини равшан кўрсатади.
Аттор ўз таълимотларида тариқат масаласини бошдан-охир асосий ўринга қўйиб таъкидлайди ҳамда уни ибратли мисол, ақлий тушунчалар орқали атрофлича шарҳлайди. Атторнинг тариқат масаласига алоҳида аҳамият билан қараши ҳаргиз ўзигагина хос бўлган ақида, ихлос, тақводорлик билангина алоқадор бўлмасдан, балки барча инсон учун даҳлдор мукаммал ғояларга асос ҳозирлаган мутафаккирларга хос башоратнинг натижаси эди.
Умуман олганда тариқат инсон учун бир мактабдир. Бу мактабнинг мақсади инсонни руҳий ва ақлий жиҳатдан тарбиялаб такомилликка юзлантириш, ўз амалиёти орқали ўзини тарбиялаб инсоний фазилатни мустаҳкамлашдир. Тариқат ўзига хос қурилмага эга бўлган бир турли тарбия тартибларидир. Унинг йўналиши авваламбор инсоннинг маънавий дунёсини софлаштириб, қалб кўзини очишдан иборатдир.
Нима учун тариқат тарбияси руҳ ва қалбдан бошланади? Чунки руҳнинг маскани қалб, бинобарин инсон моҳиятида бурилиш бўлмай туриб, амалда ўзгариш бўлмайди. Аттор руҳ ҳақида тўхталиб бундай дейди:
– Бутун оламларнинг ҳаммаси сен билан яшнайди, сен билан мустаҳкам, осмон ва ер сенга боғланган. Сен ҳаммани ўз ичингга олгансан-у, лекин ўзинг биздан йироқсан, кўзга кўринмайсан-у, бироқ барчани кўрасан. Жаннат, дўзах, қиёмат – буларнинг ҳаммаси номинг ўрнида келадиган омонат сўз, белги, ўхшатиш, холос.
Бу парчадан шуни ҳис қилиш мумкинки, Атторнинг назарида руҳ коинотнинг мезонидир. Унда жаннат ва дўзах, яхшилик ва ёмонлик, ижобатлик ва салбийликдан иборат кескин зиддиятлар мавжуд. Одам билан одам, одам билан жамият, одам билан табиат ўртасидаги муносабатларда ана шу зиддиятлар ўзаро курашади. Шунинг учун, тарбия руҳдан бошланиши керак. Руҳдаги салбий иллатлар тозаланиб, ижобий хислатлар тараққий эттирилгандагина инсоннинг қалб кўзи очилади, ўзидаги илоҳий фазилатларни танишга бошлайди.
Тариқатдаги мақомларни одамнинг маънавий жиҳатдан етилиш жараёнидаги тарбияланиш босқичларига ўхшатиш мумкин. Бу босқичлар ҳар бир тариқат таълимотчиларининг тушунчаси тарафидан белгиланадиган бўлгани учун унинг сони ҳам бирдек эмас. Баъзилар буларни олти мақом деса, баъзилар тўққиз мақом деб қарайди, яна айримлари ундан ҳам кўп деб қарайдилар. Биз Аттор ғоясини имкон қадар кенгроқ доирада тушунишга ёрдам берсин деб, тариқатдаги олти мақом – босқич устида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Тариқатдаги илк мақом – тавба бўлиб, бунинг маъноси қайтиш демакдир. Тариқат йўлига кирган муриднинг ният ва ихлоси тавба орқали ўз аксини топади. Тавбанинг ҳақиқати муриднинг ўз нуқсонларини ҳис қилиш ва ундан фориғ бўлишга интилиш, куфрдан ва барча ёмон ишлардан сақланиш, адолатсизликлардан холи бўлиш ҳақ ва фазилатларда аён бўлади.
Тавба – инсон учун бир хил иноят, ўзини унутишнинг муқаддимасидир. Шу боис Аттор “Шайх Санъон” қиссасида пайғамбар тили орқали инсонга шундай хитоб қилади: “Сен шу нарсага ишонгинки, олам-олам гуноҳ бўлса-да, биргина тавба туфайли кечирилади”1 .
Ҳикоят:
Пири комил Боязид Бистомий бундай деган:
– Бир куни тавҳид (танҳолик) мақомининг ғолиб ишоратидан саҳрога чиққандим. Ўзимда қилча ихтиёр йўқ эди. Бир халта ун кўтариб олган бир кампир учраб менга “Кел, бу халтадаги унимни уйимга олиб бориб бер” деди.
Менинг эса халтадаги унни кўтаришга ҳафсалам йўқ эди. Шу боис, бир шерни ишорат билан чақириб, кампирнинг унини шерга юклаб қўйдим ҳамда кампирга:
– Шаҳарга борсанг кимни кўрдим дейсан? – дедим.
Кампир:
– Бир золим ва такаббурни кўрдим дейман, – деди.
Мен:
– Нима учун бундай дейсан, – десам, кампир:
– Оллоҳ таоло шерни бандасининг хизмати учун яратмаган. Сен нима учун уни хизматга соласан? Бу зулм эмасми? – деди. Мен:
– Бу айтганинг тўғрику-я, такаббур деганинг нима учун, – деб сўрадим. Кампир:
– Шунинг учунки, сенинг хоҳишинг шернинг сенга бўйсунганлиги ва фармонбардор бўлганлигингни шаҳар аҳлига билдиришдир. Дарвоқе, сен каромат эгасисан. Аммо, бу такаббурлик эмасми? – деди. Мен дедим:
– Тўғри, шундай. Бунинг учун тавба қилдим. Баланддан пастга тушдим. Сен менга пирдурсан.
Иккинчи мақом – вараъа – поклик бўлиб, унинг маъноси тақводорлик, парҳезкорлик, мусофирликдир. Вараъа муриддан турли булғанишлардан, шубҳалардан ўзини асрашни талаб қилади. Маълумотларга қараганда, вараъанинг уч тури бор экан. Биринчиси, тил вараъаси (поклиги), яъни тилни бемаъни гаплардан асраш, ғийбат шикоят қилмаслик; иккинчиси кўз поклиги, шубҳали нарсаларга қарамаслик; учинчиси қалб поклиги, кўнгилни ифлослантирувчи баҳиллик, ичи қоралик, дилозорлик, такаббурлик каби нарсалардан парҳез қилиш, таъмадан сақланиш, пасткашликни тарк этишдир. Қисқаси, тил, кўз, қалбда парҳезли бўлиш, турли нафс балосидан қутулиш, ҳаромга яқин йўламаслик, ўзини доимо пок тутиш вараъанинг асосий маъноси ҳисобланади.
Атторнинг қарашича, ҳалоллик ва поклик тариқат йўлига кирган одамнинг муқаддас бурчидир. Чунки бу одамнинг ният ва иқболини белгилайдиган омилдир. Ният ва иқболи дуруст бўлмаган одам тариқат манзилига қадам босмайди, аксинча, ўзини хароб қилади. Шунинг учун, Аттор ёзади: “Агар донишманд бўлсанг, ўзингга ўзинг эшикни ёп! Одам фарзандининг ҳирси бунча кўп бўлмаса, у оламда бунчалик ҳайрону саргардон бўлмасди. Эй, ҳирслар билан қалб кўзи кўр бўлган киши, то сен ўлгунча ҳирснинг ярасига фақат ўлим даво бўлолади холос”1. Одамни булғайдиган ва шарманда қиладиган нарса нафсдир. Нафс балосидан қутулмай туриб тариқатдан сўз очиб бўлмайди. У ҳатто иймонни заифлаштириб, одамни жаҳолатга бошлайди. Аттор “Илоҳийнома”даги бир ҳикоятда пари шаклида кириб олган нафс тилидан шуларни ёзади: “Мен Нафсман, кўринишда чиройли, дилкашман. Ҳаммани мафтун қиламан, домимга тортаман, мағлубларни ўзимга қаратиб оламан. Мен турли қиёфага кироламан. Агар нафси аммора – (шайтоний нафс) бўлсам, ит ва қобондан бўлган бўламан, шу махлуқларнинг қиёфасига кираман. Хотиржам бўлгандан кейин инсоннинг иймонини емиришга бошлайман, уни тубанликка тортаман. Шунда ҳеч ким мендан қочиб қутулолмайди, кишиларнинг бошига фалокатлар келтираман, бало-қазоларни ёғдираман”2.
Учинчи мақом – фақирлик бўлиб у моддий муҳтожликни енгиб, руҳий жиҳатдан ўзини такомиллаштиришни, улуғвор илоҳий моҳиятни эгаллаб, ихлосманд, камтар, бағри кенг бўлиб, борлиқни ҳақ йўлига аташни кўрсатади.
Аттор бу нуқтани “Мантиқ-ут-тайр”да шундай бир ҳикоят орқали шарҳлаб ўтади:
Бир пок инсон ҳузурида муҳаббат ҳақида сўз бўлаётганди, ўтирганлардан бири деди:
– Мен олтин ошиғиман, пул ва бойликни яхши кўраман. Олтинга ошиғлигим вужудимда жон билан баробардур. Агар қўлимда олтин гулдек очилиб ялтираб турмаса, мен ҳам гулдек кулиб туролмайман. Мени дунё ишқи ғамлардан озод этди. Одамлар орасида обрў-эътиборли бўлдим. Мен – дунёпарастман, менинг сиғинадиган тангрим ҳам бойлик, пул – олтиндир.
Шунда пок, художўй одам унга қараб деди:
– Эй балои нафсга гирифтор бўлган ғофил банда, сен моҳиятга эмас, суратга шайдо бўлган, суратнинг тузоғига тушган одамсан, кўнглингдан сафо сеҳрининг нури олисдир. Сен чумолига ўхшайсан. Коваклардан бошқа нарсани билмайсан. Кеча кундуз девонадек елиб – югурасан. Суратга шайдо бўлиб, унга алданиб қолмагин, маънони изла, сурат бир арзимас нарсадир, ҳақиқий моҳият маънодир. Олтин кўриниши бўялган ялтироқ тошдир. Сен ёш болага ўхшаш ранг бўёқларга пайванд бўлибсан. Сенинг олтинларинг ҳеч бир ишга ярамайди. Қиёмат куни бу жонсиз нарсанг билан ҳеч кимга ёрдам беролмайсан. Сен ўйинчоқлардан лаззат топасан, сохта ялтироқликдан шодланасан. Сен моҳиятга интилмайсан, нурнинг манбаини изламайсан. Пок жонингни олтиннинг исканжасидан халос эт, эй жон, охири моҳият – абадиятнинг ошиғи бўлиш керак. Ҳар қандай мушкулликларни сабр билан енгган муридгина ўзи кўзлаган манзилга ета олади. Сабрсизлик ва иродасизлик одамни адаштиради.
Бу моҳиятда ўз устидан ғолиб келиш жараёнидир. Аттор асарларида сабр-тоқат орқали ҳақиқатга етиш масаласи билан боғлиқ кўпгина фалсафий мулоҳазалар ва ибратли ҳикоятлар мавжуд.
Тариқатдаги бешинчи мақом – таваккул бўлиб, барча яхши – ёмон иш ва ҳодисаларни илоҳий зотнинг амри деб, илоҳий зотнинг иродасини ўз иродаси деб билишдир. Шу сабабдан таваккул илоҳий висолга интилган муриднинг иймони тарафидан белгиланади; яъни у илоҳий маърифатнинг бир таркибий қисмидир.
Тариқатдаги олтинчи мақом – ризо, розилик бўлиб, муриднинг қалб жиҳатдан тозаланиб, оллоҳнинг розилигига етишини кўрсатади. Бунда мурид барча нафсоний ҳис – туйғулардан озод бўлиб, қалбида фақат илоҳий зотнинггина ёди қолади. Илоҳий зотнинг висоли йўлидаги ҳар қандай қисматга заррача эътироз билдирмайди. Шу орқали илоҳий зотнинг розилигига мушарраф бўлиш талаб қилинади.
Атторнинг муҳим асарларидан бири ҳисобланган “Илоҳийнома”ни маълум маънода шоирнинг тариқат қарашларини шарҳлашга бағишланган асар дейиш мумкин. Асарнинг ҳошиясини ташкил қиладиган ҳикоятда бир подшоҳ ўзининг олти ўғлини ҳузурига чорлаб: “Азиз фарзанди аржумандларим, қани менга айтингларчи, сизларнинг қандай орзу-армонинглар бор, дунёда нимани хоҳлаб, нимани излайсизлар? Нимаики орзу-истакларинг бўлса менга истиҳолага бормай дадил аён қилинглар. Ҳар бирингларнинг фикр-ўйингларни билишни истайман. Шунга қараб мен сизларга йўл кўрсатишим мумкин,”1 дейди. Гарчи подшоҳнинг ўғиллари Аттор таъбири билан айтганда ҳаммаси замонасининг барча илмларини ўзлаштириб “донишманд” бўлган эсалар-да, лекин маънавий илмлардан буткул хабарсиз бўлганлари учун бебақо ўткинчи дунёнинг ҳою-ҳавасларидан сўз очадилар. Бунинг билан подшоҳ ўғилларининг маънавий дунёлари қоронғулигини ҳис қилиб, ҳар хил ибратли ҳикоятлар орқали уларни ҳидоятга ундайди. Аттор подшоҳ сиймоси орқали унинг ўғилларини (улар орқали барча инсонларни) тариқатга даъват қилади. Асардаги барча ҳикоятлар амалиётда тариқатнинг мақом – босқичларини таништириш, шарҳлаш ва далиллашга хизмат қилади.
Аттор тариқат ва унинг мақомларини ўзига хос, энг зарур руҳий илмлар деб қарайди. Инсонни ана шу руҳий илмлар орқали вояга етказмай туриб такомилликдан сўз очиб бўлмайди. Шунинг учун, подшоҳнинг фарзандлари турли ўткинчи васвасаларга мафтун бўлиб, инсоннинг асли моҳиятига хос бўлган улуғвор ғоялардан эмас, балки нафсоний истаклардан сўз очадилар. Аттор ақлга таяниб моҳиятга етувчи, назарий-амалий фанларнинг аҳамиятини ҳаргиз четга сурмайди. Уни инсон тараққиётидаги зарур бўлган ақлий босқич, руҳий илмларга юзланишининг тайёрлик босқичи деб қарайди. Аммо, Атторнинг назарида фақат ақлий билимлар билан оламнинг моҳиятига етиб бўлмайди. Чунки, ҳақиқий моҳиятнинг очқичи руҳдадир. Шунинг учун Аттор “Илоҳийнома”да руҳ ҳақида бундай деб ёзади: “Қандайлигини билиб бўлмайдиган ажойиб бир қушсанки, бизнинг тушунча ва тасаввуримиз ҳамда тасдиғимиздан, инкор ҳам раддиямиздан ташқарисан. На ерда, на кўкда эмас, тангри таолонинг ҳузуридасан. Ҳамма нарса сенсан, аммо ҳамма йўқлик ҳам яна ўзингсан. Кўзга кўринмайсан, аммо кўзларнинг нурисан”.
Атторнинг тариқат ҳақидаги таълимотлари бошдан охири руҳий такомилликни тарғиб қиладиган тараққиёт жараёнидан иборат бўлиб, у инсоннинг руҳий камолатини мақсад қилади. Бу нуқтадан Атторнинг тариқат таълимотлари ХIХ асарнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Оврупода майдонга келиб, дунёвий таъсирга эга бўлган, австриялик файласуф Зигмунд Фрейд томонидан асос солиниб, Нитше, Шопенгауэр, Эрих Фромм каби мутафаккирлар томонидан тараққий эттирилган “Руҳий анализ” таълимоти билан маълум оҳангдошликларга эга.
3. ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ МАЪРИФАТ ВА ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ҚАРАШЛАРИ
“Мантиқ-ут-тайр”да қушлар минг бир машаққатлар билан тариқат босқичини поёнига етказадилар. Бу жараёнда талай қушлар сафдан чиқадилар. Шунда ҳам Семурғнинг васлидан нишона кўролмайдилар. Бу ҳолдан изтиробга тушган қушлар Ҳудҳуддан бу йўлнинг қачон охири кўринади, Семурғ висолига қачон етишамиз деб сўрайдилар. Ҳудҳуд жавоб айлаб, олдинда яна жуда мушкул етти водий, манзиллар борлигини, бу водийларни босиб ўтмай туриб Семурғ висолидан сўз очиб бўлмаслигини айтиб, бу етти водийни қисқача таърифлайди. Шу ерда Аттор асар қурулмасининг асосий ип учини узиб қўймаган ҳолда Ҳудҳуднинг етти водий ҳақидаги башорати орқали бу етти водий ҳақида айрим-айрим тўхталиб ўтади.
1. Талаб водийси
Талаб водийси – бу водийга қадам қўйган солик, яъни сулук аҳлининг руҳий дунёси чуқур изтиробга тушади, солик қалбида илоҳий зотнинг васлига бўлган талаб ва интизорликдан завқланса-да, лекин висол тополмаслик, яъни илоҳий зотнинг васлига етиш йўлидаги чексизликдан алам-изтироб тортади. Шуларга қарамай солик, йўлчи бу висолдан умид узмайди. Дунёнинг душворлигини бутунлай унутиб, борлиқни висол ташналигига бахшида қилади. Шунинг билан унинг мақсадга етиш йўлидаги талабгорлиги софланиб, нурланади. Бу хил нурланиш унинг қалбига такомиллик ато қилади. У ўзининг ғоят зўр юксаклигини ҳис қилади. Поёнсиз бир тиниқ дунё унга қучоқ очади.
Аттор талаб водийсининг унумдорлиги ва фазилатлари орқали соликнинг илоҳий висол йўлидаги ирода ва садоқатини шарҳлайди, толиб талабга эришиш учун қатъий қойим ирода, мутлоқ соф садоқатга эга бўлиши, шу орқали ўзининг руҳий интизорлигини такомиллаштириши керак деб қарайди.
2. Ишқ водийси
Ишқ водийсида Аттор илоҳий ишқнинг улуғворлиги ва шавкатини баён қилади. Атторнинг қарашича, талабгорлик ишқнинг башорати, руҳ сўзлагандагина ишқ оташи ёлқинлайди. Ишқ ошиқнинг кўнгил орзуси, у ёлқинлаш орқали ошиққа нур бахш этади. Ёлқин куйдиради, куйишдан қўрққан ошиқ ишққа эришолмайди. Қуймаган ошиқ ишқнинг файзини ҳис қилолмайди. Ошиқ билан ишқнинг муносабатини парвона билан шамнинг муносабатига таққосласа бўлади. Парвона ҳақиқий ошиқ бўлганлиги учун талабгорлик билан ўзини оташга отади, куйиб ўртаниш орқали ўзининг ошиқлигини намоён қилади. Ишқ водийсига қадам ранжида қилган одамда ҳам шундай парвона бўлиши керак. Ошиқ ишқ йўлида фидокорлик кўрсатишни ўз хислати деб билиши керак. Ошиқлик табиий бўлиши керак. Чунки у моҳият орқали ўзини намоён қилади. Тасаввуфда Самандар ошиққа тимсол қилинади, Самандар ўтда, оташ ичида ўз моҳиятини жавлон қилдиролади.
3. Маърифат водийси
Атторнинг кўз қарашича, маърифат водийси чексиз водийдир. Бу водийда бир-бирига ўхшамайдиган жуда кўп йўллар бор, шунингдек, мақсад ва нишонлари ҳам бир-бирига ўхшамайдиган талай йўловчилар бор. Ҳар бир йўловчи ўз йўлини тўғри йўл деб қарайди, шу сабабдан улар ўртасида фарқ майдонга келган. Бу фарқ уларнинг ирфон – тушунчаси томонидан белгиланади. Тушунча ва мақсаднинг қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар ким бу йўлда камолотга етишни орзу қилади. Лекин, бу йўлни босиб тугатмай туриб, ҳеч ким камолотга етолмайди. Камолотга етишнинг бирдан бир йўли маърифатдир.
Маърифатнинг мазмунан теран бўлиши мақсаднинг натижасини белгилайди. Бу ерда Аттор барча ақида – эътиқодларни маърифат нуқтасидан кузатади. Унинг назарида эътиқоднинг барча тури бирдай яхши, уни ёмон, юқори, қуйи деб ажратилмайди. Бу ердаги фарқ фақат ҳосил қилинган маърифатнинг даражасидадир. Маърифат нечоғлик кучли бўлса, эътиқод шунчалик ёрқинлашади. Чунки маърифат эътиқоднинг очқичи (калити), илоҳий зотни танишнинг воситасидир.
4. Истиғно водийси
Маърифат манзилини босиб ўтган соликда ҳожатмандлик бутунлай йўқолади. Шу билан истиғно ҳожатсизлик манзилига қадам қўяди. Истиғно – руҳий такомилликнинг яна бир паллага юксалганлигини ифодалайди. Бу ерда катта-кичик, юқори-қуйи бир тўғри чизиқ устида уйғунлашади. Моддий борлиқ, ҳис-туйғу ва орзу-ҳаваслар арзимас нарсага айланади. Жаннат ва дўзах, эътиқод ва куфр ўртасида фарқ қолмайди. Соликнинг руҳида фақат камолот файзигина тўлқинланади.
5. Тавҳид водийси
Шу номнинг ўзидан маълум бўлиб турганидек, бу манзилнинг мутлақ мезони тавҳид, танҳолик, ягоналикдир. Бу водийда иккинчи бир борлиқнинг тасаввур қилиниши ҳожат эмас, ҳатто мумкин ҳам эмас. Атторнинг қарашича, тавҳид аҳлининг бирдан бир истаги танҳоликдир.
Тавҳид водийсида солик энг аввал илоҳий зот ҳақиқатини билиб етиши, шу орқали унинг танҳолигига иймон келтириши, сўнгра илоҳий зотнинг васлига интилиб, у билан бирлик ҳосил қилиши керак. Бирлик ғоясининг моҳияти билан қўшилиши янада бирлик, ягоналик билан натижаланади. Аттор дунёқарашида тавҳид масаласи маълум ўринда туради. У кўп асарларида ўз таълимотини мана шу масалани олға сурган ҳолда қанот ёздиради.
Масалан, “Жавҳар-уз-зот” номли асарида, Аттор буткул оламнинг ягоналиги, инсоннинг ана шу оламдаги ўрни ва моҳияти ҳақида фикр юритиб, унинг мавжудлигининг шарти – ўзидаги нафсоний тилаклардан кечиб илоҳий зотга қўшилиш, яъни тавҳид эканлигини шарҳлайди.
Аттор тавҳидни шу қадар муҳим ўринга қўядики, унинг асарлари бевосита илоҳий зотнинг номи билан бошланади. Жумладан, “Илоҳийнома” ни тангри таолонинг номи билан бошладим” деб бошласа, “Жавҳар-уз-зот” асарини “Жисм ва жоннинг нури бўлганнинг ошкора ва яширин бўлган худонинг номи билан бошлайман” деб ёзади. Аттор асарларининг муқаддимасида оламнинг бирлиги, ҳудуднинг ягоналиги, барча мавжудлик худонинг исм ва сифатларидан иборат эканлиги, моҳиятнинг сири – ваҳдат, яъни тавҳид, эканлигидан бошқа ҳамду сано учрамайди.
Аттор тавҳидни “Жавҳар-уз-зот” асарида кўза ва дарё мисоли орқали жуда жонли тушунтиради: у кўзани одамга, илоҳий зотни дарёга қиёслаб, кўзани сувга ботирганда то ичи сувга тўлгунча қултуллаб овоз чиқаради, аммо ичига сув тўлгандан кейин у овоз чиқаришдан тўхтайди, яъни у дарёга қўшилиб кетади деб қарайди. Демак, инсон руҳи илоҳий зотга қўшилгандагина мутлақ бир бутунликка, яъни тавҳид сирига етади. Аттор тавҳид ҳақида қуйидагиларни ёзади:
“Агар сен тавҳид хилватхонасига маҳрам бўлсанг, оламнинг тожи, одам фазилатларининг фахри бўлиб қоласан. Агар хуршид (қуёш), яъни тангри ошкора бўлса, сен соя бўлгин, чунки сен соя каби қуёш нурида йўқолиб унга маҳрам бўласан”.
Аттор бу парчада тавҳидни яна нур ва соя мисолида шарҳлайди. Соя бир сурат, ўткинчи ҳодиса, нур — маъно — ҳақиқий ҳодиса, нур бор ерда соя муқаррар ғойиб бўлади, яъни нурга қўшилиб кетади. Соянинг нурга қўшилиши тавҳиднинг ифодаланишидир.
Аттор тавҳидни бевосита Мансур Ҳаллож (мелодий 875-922 йил) билан боғлаб тушунтиради. Чунки, худди Алишер Навоий ҳазратлари ёзганларидек: “Мавлоно Жалолиддин Румий сўзларида мазкурдирки, Шайх Мансур Ҳаллож нури 150 йилдан сўнгра Шайҳ Фаридиддин Аттор руҳига тажаллий қилиб онинг мураббийси бўлубтур”.
Атторнинг қарашича, инсон ҳам тавҳиднинг бир қисмига киради. Буни томчи ва дарё мисолида тушуниш мумкин. Томчи дарёнинг бир таркибий қисмидир. Томчи орқали дарёнинг моҳиятини билиш мумкин. Чунки томчи ҳам, дарёга ўхшаш сувдир. Томчи дарёга қўшилса барибир сув бўлади. Демак, томчида ҳам дарёнинг акси мавжуд. Мансур Ҳалож худди мана шу нуқтадан “Анал ҳақ” (“мен ҳақман”) деган. Бу нуқтани тушунмаган, маърифат файзидан бебаҳра руҳонийлар уни ўлимга ҳукм қилдилар. Аммо Мансур Ҳаллож ваҳдат (бирлик) шаробидан қалби нурланган, ҳақиқий тавҳид аҳлининг энг ёрқин сиймоси эди. Аттор тавҳид деганда энг аввалам Мансур Ҳалложни кўз олдига келтирарди. Шу боис, Аттор Мансур Ҳаллож ва унинг “Анал ҳақ” қараши ҳақида қуйидагиларни ёзиб, мисолда тушунарли бўлиши учун насрий ечимини келтиради:
“Анал ҳақ” – мен ҳақман деганнинг бошини кесди, шунда ҳам бу достон тиллардан тушмай келади. Эй дўстим, “анал ҳақ” деган одам ҳақ бўлади, чунки у куллиётга (борлиққа) интилиб, якдиллик кўрсатиб, ҳақнинг дўсти бўлди. “Анал ҳақ” деди ва буни ошкора қилди, натижада ўзини-ўзи пора-пора қилди. “Анал ҳақ” деб бирлик, яъни ваҳдатдан сўз очди, дарҳақиқат у ҳақ эди ва ҳеч шубҳаланмасдан “анал ҳақ” деб дунёдан ўтди, шу билан номи мангуга барҳаёт қолди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Мансур Ҳаллож сиймоси Аттор асарларида муҳим ўрин тутадиган марказий сиймоларнинг бири ҳисобланади. Аттор ўз қарашларини далиллашда кўп ҳолларда Мансур Ҳалложга мурожаат қилади, унинг қарашлари орқали ўз ғояларини шарҳлайди. Албатта, бунинг ҳам ўзига хос тарихий орқа кўриниши бор, чунки, Атторнинг тасаввуф таълимоти орқали ўртага қўймоқчи бўлган бирдан-бир чиқиш нуқтаси – яъни тавҳид қараши Мансур Ҳалложнинг “анал ҳақ” қараши билан моҳият жиҳатдан ўхшашликка эга. Шу боис Аттор ўз асарларида:
“Ҳақиқат ўзи нима? Аттор каби бўлиш. Ҳамиша сирлардан огоҳ бўлиш.
Ҳақиқат ўзи нима? Эй биродар, жондан кеч, мана Атторни кўрдингми, барчаси – шу.
Баракалла Аттор, илоҳий сирдан кўзга равшанлик етказдинг, шу сабабдан сен шоҳсан.
Маънолар сирига интилиб беадаблик қилишинг ҳам яхши, сен ҳақни, яъни маънолар изҳорини кўришинг муқаррар.
Жаҳонда сен Ҳақ васлига етганларнинг тимсоли, яъни гавдаланган шаклисан, шунинг учун бундай сирни аён қилолдинг” деб ёзади.
6. Ҳайрат водийси
Ҳайрат водийси – сархушлик, бехудлик манзили бўлиб, у гипноз ҳолатига ўхшаб кетади. Илоҳий ишқ йўлига кирган ошиқ илоҳий шароб, яъни “Шароби антаҳур” – дан масту мустағриқ бўлиб ҳайронлик илкида ҳаммани унутади.
Бу хил сархушлик ошиқликнинг ёрқин ифодаси бўлиб, ошиқ ақлий туйғулардан холи ҳолда руҳий жунунлик палласига етиб, алоҳида бир иқтидор илкида маърифат завқидан баҳраманд бўлади. Бундай “онгсиз онг” ҳолати фаноликнинг башорати бўлиб, ошиқнинг руҳий камолот босқичидан дарак беради. Бунга яна “Шайх Санъон” қиссасидан мисол келтириш мумкин. Шайҳ Санъон тарсо қизнинг ишқида ҳайронлик илкида беҳудлашиб, ҳаммани унутади. У бир мажнун, савдойига айланади. Муридлари уни, ўзининг кимлигини унутиб қўймасликка, ақлини йиғиб олишга даъват қилганда, у “Ошиқ учун ақлнинг нима кераги бор, ишққа ақлнинг кучи етмайди” деб жавоб беради.
7. Фақру фано водийси
Аттор “Фақру фано водийси” таснифида ўзининг фано, яъни йўқлик ва бақо, абадият ҳақида қарашларини баён қилади. Унинг қарашича, махлуқот оламидаги барча нарсалар сурат, шакл, кўринишдангина иборат бўлиб, улар ўткинчи – фоний нарсалардир; фақат зоти мутлақлар бирдан бир борлиқдир, шу боис у боқий – абадийдир. Боқийликка етиш учун суратдан қўл узуб маънога қўшилиш керак.
Баъзилар фанони илоҳий зотдан бошқа ҳамма нарсани рад этиш деб қараган. Баъзилар Бистомий “Илон пўст ташлагани каби мен ҳам ўзимни тарк этдим. Бир маҳал ўз моҳиятимга боқсам… Оҳ, мен унга айланиб қолибман!” деган ҳамда бу ҳолатни фано деб атаган, дейдилар. Демак, илоҳий ишққа пайванд бўлган солик ўзлигини ўзидан соқит этиб илоҳий зот билан бирлик ҳосил қилиши керак. Бу илоҳий зотнинг васлига етишдаги охирги нуқтадир.
Умуман олганда маърифат йўлидаги бу водий-манзиллар бир-бирини тўлдирувчи руҳий камолот босқичлари бўлиб, у соликда илоҳий маърифатнинг намоён бўлиши учун замин ҳозирлайди.
Маърифат ўз руҳий оламига чуқур кириб бориш, ўз-ўзини англаш ва ўз-ўзини такомиллаштириш орқали илоҳий зотни танишга етаклайди. Буни темир ва ўт мисолида бир қадар аниқ тушуниш мумкин. Аслида темир ва ўт бошқа-бошқа нарса бўлса-да, темир ўтга солинса, қизиб у ҳам ўтнинг рангига киради, аслидаги темирлик шакли ўтнинг тусига қўшилиб кетади. Бундай аҳволда темир ҳам, ўт ҳам бир жисмга айланиб кетади. Худди шу сабабдан тасаввуф тариқатчилари маърифат палласини “тавҳид”, яъни бирлашиш ёки “фано” моддийликдан йўқолиш деб қараганлар.
Маърифат – ақлдан устун турадиган, аммо шубҳадан холи руҳий илмларнинг жавҳаридир. Инсон илоҳий зотнинг бир зарраси бўлганлиги учун унда илоҳий маърифатга етиш имконияти бор. Бу инсоннинг камолотга етиш йўлидир.
У ҳолда, ҳақиқатнинг ўзи нима?
Бу уқувнинг маъно ва мазмун доирасидан хабардор бўлиш учун яна “Мантиқ-ут-тайр” достонига қайтишга тўғри келади.
Машаққатли сафар жараёнида жуда кўпчилик қушлар бардош беролмай сафдан чиқади. Улардан энг охирида фақат 30 та қуш омон қолади. Омон қолган бу 30 та қуш охирги мадорлари ва нафасларида бир поёнсиз манзилга етиб келадилар. Қушлар энди сафарни давом эттиришга ўзларида қилча дармон қолмаганлигини, шунча мушкил масофани босиб ўтиб ҳам ҳеч нарсага эришолмаганликларини ҳис қилиб, умидсизлик ичида надомат чекадилар. Худди шу чоғда ғойибдан бир садо келиб уларнинг мақсадини сўрайди. Қушлар жавоб айлаб, ўзларига подшоҳ сайлаш учун Семурғни излаб келганликларини айтадилар. Ғойибдан келган садо қушларга ўз чоғига қарамай, Семурғ даъвосини қилмай қайтиб кетишни буюради. Қушлар ҳайронлик илкида дод-фарёд кўтарадилар. Ҳудҳуд уларга тасалли бериб Семурғнинг марҳаматидан нишона сўзларни айтади. Натижада қушларда яна висол умиди жўш уради. Садоқат ва ихлосмандлик кучаяди. Шу билан улар юксак даражадаги фонийлик, яъни руҳий жиҳатдан ёр (илоҳий зот) васлига эришиш шарафига муяссар бўлади. Ўртадан пардалар кўтарилиб ҳақиқат аён бўлади:
30 та қуш қараса, улар шубҳасиз ўша “Семурғ” (Симурғ), яъни ўзлари бўлиб чиққанлигини кўрадилар.
Атторнинг бу сўзлари бундай икки ёқлама маънога эга; биринчиси “Ваҳдати вужуд” тушунчасидир. Бу сўзнинг тўғри маъноси, мазмуни, олам мутлақ руҳнинг самараси ёхуд тажаллийси (акс этиши)дан иборатдир. Умумий қилиб айтганда олам мутлақ руҳ туфайли мавжуддир, деган маънони англатади. Демак, 30 та қуш Семурғнинг шарпаси бўлиб, уларда ҳам Семурғлик хислат бор бўлгани боис, қушлар Семурғни ахтариб, натижада ўзлари Семурғга айланганлар. Иккинчиси, Аттор 30 та қуш ва семурғ муносабатини ҳам рамзий, ҳам сўз санъати нуқтасидан поэтик жилвалантради. Зеро, семурғ сўзи аслида форсча “си мурғ” (ўттиз қуш) деган маънони ҳам билдиради.
Демак, ҳақиқат ҳақни – илоҳий зотни таниш ва у билан бир вужудга айланиш демакдир. У маърифат билан илдизи бир эканлигини кўрсатади. Шунингдек, ҳақиқат ўзликнинг охирлашиб, абадийликнинг бошланишидаги улуғвор ғоянинг реалликка айланиши, юксак даражадаги камолотнинг тантанаси деб ҳам қаралади. Аттор ҳақиқат ҳақида бундай деб ёзади:
– Ҳақиқат ўзи нима? Бенуқсон худони кўриш, сен, манманликни тарк этсанг, у билан бир бўласан.
– Ҳақиқат ўзи нимадир? У билан бир бўлмоқдир. Дур каби воситалик денгизида ягона бўлмоқдир.
– Ҳақиқат ўзи нима? Ҳамиша сирлардан огоҳ бўлиш…
– Ҳақиқат ўзи нима?… Жондан кечишдир.
Кўп тадқиқотчилар “Ваҳдати вужуд” қарашини кейинги даврдаги Оврупо файласуфларининг табиат диалектикаси ҳақидаги қарашларига мувофиқ тадқиқ этиш орқали уни инсон руҳига шиддат билан ёриб кирган фаол таълимот деб қарашмоқда. Шундай бўлгач, Фаридиддин Аттор “Ваҳдати вужуд” таълимотини системалаштириб, бир қадар муфассал мавқега эга қилган аллома устозлариниг биридир. У бизнинг ўзимизни теран ўрганишимизни, у чўккан сир-асрор хазиналаридан янада ёрқин жавоҳиротларни териб, бугунги авлод кишиларини улардан баҳраманд қилишимизни кутиб турибди. Кишиларнинг руҳий дунёсини камол топтиришда Фаридиддин Аттордек буюк сиймоларнинг илтифотига эришиш бағоят фойдалидир.
УЧИНЧИ БОБ
ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ ОЛАМ ВА ИНСОН ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ
Атторнинг асарларида бу олам деган тушунча деярли доимо кўзга ташланиб туради. Аммо, бу сўзлар билангина Атторнинг олам ҳақидаги қарашларига баҳо бериб бўлмайди.
Атторнинг фикрича, бу олам, яъни моддий, дунё фоний, ўткинчидир, у олам, яъни руҳий дунё боқий мангуликдир. Чунки руҳий дунё илоҳий зотнинг манбаси, жавҳаридир. Моддий дунё руҳий дунёнинг пўсти ёки қўриқчидир. Моддий борлиқ сурат, руҳий борлиқ маънодир. Аммо, моддий борлиқ ягона мавжуд бўлиб турадиган борлиқ бўлмасдан, балки руҳий борлиқ, илоҳий зотнинг тажаллийсидир. Суратнинг мавжуд бўлиши маънонинг хосиятидан бўлганидек, нарсалар олами ҳам илоҳий оламнинг жилвасидир. Моддий олам – олами сағир, яъни, кичик олам, бўлиб, руҳий олам олами кабир, яъни поёнсизлик оламидир.
Моддий олам илоҳий зотнинг илоҳий санъати сифатида чуқур уйғунликка эга. Яъни улар кўринишда бошқа-бошқа нарсалар бўлса-да, моҳиятда бир-бири билан узвий боғлиқдир. Чунки, ҳамма борлиқда илоҳий зотнинг жилваси бор. Шу боис Аттор ёзади:
– Унинг зоти билан мавжуд бўлган олам шундай мустаҳкам илдиздошликка, ўзаро боғланишга эгаки, сувдаги балиқдан фалакдаги ойгача жамики нарсалар бир-бири билан бевосита боғлиқ — алоқадордир.
Демак, илоҳий зотнинг қудратидан иборат бўлган замин ва осмон, денгиз ва қуруқлик, олам ва одам ўртасида узвий мувозанат мавжуддир. Ана шу қудрат сабабидан олам ҳамиша ҳаракатланиб, тараққий қилиб, ўзгариб, янгиланиб туради. Атторнинг назарида жамики тараққиёт, ўзгариш ва янгиланишлар бевосита илоҳий зот қудратининг кўринишларидандир. Чунки олам илоҳий зот учун бир кўзгудир. Шу боис Аттор ёзади:
– Жаҳоннинг бутун ашёлари – зарралари унинг кўзгусидир. Қандайки нарса кўрсанг, унинг оятлари китобидан саҳифалар деб билгил.
Бинобарин, олам кўзгу экан, ундаги жамики мавжудодларнинг ҳаммаси илоҳий зотнинг “оятлари китобидан саҳифалар”дир.
Атторнинг олам ва кўзгу муносабатидан менимча бундай икки хил қатламли мазмунни ҳис этиш мумкин:
1. Олам – кўзгу. Илоҳий зот ана шу кўзгу орқали ўзини акс эттиради. Демак, Аттор кўзгуда акс этиш муносабати орқали биринчидан илоҳий зотнинг мутлақ борлиқ эканлигини далиллайди.
2. Бинобарин, олам илоҳий зотнинг санъатигина эмас, балки илоҳий зотнинг мавжудлигини намоён қиладиган бирламчи бош шарти ҳисобланади.
Бу нуқтани Аттор “Мантиқ-ут-тайр” достонида бир рамзий-символик ҳикоят орқали янада аниқ баён қилади. Атторнинг ёзишича, ҳусн-жамолда тенгсиз бир подшоҳ бўлиб “оламнинг гўзаллиги, назокати унинг сирларидан бир саҳифа, зеболиги нафисликда унинг дийдоридан бир оят каби эди”. Бу подшоҳнинг номи оламга тарқалиб, ҳамма унинг ҳуснига мафтун бўлади. Аммо подшоҳнинг ҳусни қуёшдек нурли бўлгани учун, ҳечким унга қарашга ботинолмайди. Атторнинг сўзи билан айтганда, кишилар уни “кўрмасликка сабр-тоқат қилолмас, аммо кўришга ҳам чидаб туролмас эдилар”. Шунинг учун подшоҳ катта бир кўзгу ясатиб шу кўзгуга қарайди. Кўзгуда унинг ҳусни акс этиб, ундан нур атрофга таралади. Кишилар ана шу нур орқали подшоҳнинг ҳуснидан баҳраманд бўладилар. Аттор ҳикоятни хулосалаб, қуйидагиларни ёзди:
– Эй инсон, сенинг подшоҳинг ҳам ҳилол ой қасридур, қаср эса қуёш нуридан равшандур. Ўз подшоҳингни кўнглингда танигин, шундай қилиб аршни заррада кўргин. Бу бепоён олам саҳросида вужудга келган ҳарбир сурат, ҳар бир либос гўзал семурғнинг соясидур. Аммо, гарчи сен буни тасаввур этолмасанг-да соя семурғдан мустасно эмас. Соя билан семурғ бир-бирига сирдош ҳамда маҳрамдир, улар бир-бирини интизор қилади, излайди, шарт қилади. Агар билсанг сенинг вазифанг соядан кечиб, семурғга интилишдир. Агар семурғга етишсанг, парда ичида офтобни кўрасан, шунда соя билан семурғ бирлашади, сен ўзингни ҳам қуёш ичида кўрасан.
Атторнинг ғоясига асосланганда, оламнинг бирлиги руҳдан иборат бўлиб, борлиқ ҳодисалар руҳнинг инъикосидир. Шундай экан, оламни тушуниш учун руҳни тушиниш керак бўлади. Руҳ бир хил илоҳий қудрат, у оламнинг сирини очадиган бирдан бир очқич, мавжудликнинг моҳияти ана шу очқични излаш ва топиш керак.
Ўткинчилик билан абадийлик ўртасидаги зиддиятнинг мақсади янада абадийликдир. Соя ҳамон нурга қўшилиб кетади. Коинотнинг негизи фақат биттадир, у ҳам бўлса мутлақ руҳдир. Буткил борлиқ яна шу мутлоқ руҳнинг сифати ёки сояси ҳисобланади. Демак, олам ташқи кўриниш жиҳатидан моддийликнинг, моҳият жиҳатидан илоҳийликнинг рамзи деб қаралади. Шундай экан, илоҳий зот, яъни худо коинотдан мустасно ҳолда мавжуд бўлиб турмасдан, балки коинот билан бирликда мавжуд бўлиб туради, у абадий ҳамда поёнсиздир. Аттор “Илоҳийнома” номли асарида шу ғояни илгари сурган ҳолатда бундай деб ёзади:
– Дунёдаги борлиқ ҳодисалар, ашёлар, кўплик ва озлик, салбий ва ижобийлик, раддия ва тасдиқлар унинг мавжудлигини исботлашга хизмат қилади. Магар синчиклаб қарасанг, мавжуд ижобий сифатлар унинг ўзидир. Бутун борлиқнинг вужуди (моддийлиги) унинг улуғлиги сояси, қудратининг белгиси, ижодиёти ва санъатидир.
Бу ерда Атторнинг дунёқараши янада равшанлашади. У жамики оламни зоти пок, илоҳий зотнинг далили деб қараб, моддий борлиқни илоҳий зотнинг сифатларигина эмас, балки ўзи деб тушунади. У ҳар қандай мавжудликда илоҳий зотнинг жилвасини кўради. Унинг назарида коинотнинг жавҳари чарақлаб турган бир даста нур, у нур қаерга тушса шу ер жилоланади. Гўё бир қуёшнинг пориллаши билан буткул коинот ёришиб кетгандек бўлади.
Атторнинг кўз қарашича, олам ягона, бетакрор, чексиз борлиқдир. У азалий ва абадий бўлган илоҳий зотнинг яратилиши бўлиб, у тинимсиз ҳаракатланиб туради. Атторнинг олам ҳақидаги қараши унинг инсон ҳақидаги қарашлари билан чуқур киришиб кетади.
Барча тасаввуф таълимотчиларига ўхшаш Атторнинг назарида ҳам инсон ташқи шакл жиҳатидан моддий дунёнинг бир таркибий қисми бўлса-да, аммо унинг қалбида илоҳий нур мавжуд. Инсоннинг вужуди бир турли қобиқ ёки пўстлоқдан иборатдир. Унинг моҳияти руҳ бўлгани учун у шарафлидир. Мана шу маънони кўзда тутиб Аттор инсонга қарата нидо қилади:
– Сенинг гавҳаринг, яъни руҳинг фаришталарнинг саждагоҳи эканлигини унутма. Бошингда халифалик тожи бор. Одам ато фарзандисан, яъни Оллоҳнинг ердаги ноибисан. Жаннатдан тушгансан, яна ўша гулшан, яъни жаннат сари интилгин… одамийлик ва илоҳийлик сифатларидан узоқлашма, сенинг атлас тўнинг одамийлик сифатингдир.
Инсоннинг моддийлик сифати уни мутлоқ руҳнинг баҳридан айриб турадиган бир пардадир. Ана шу парда сабабидан инсон ғафлатга гирифтор бўлади, надомат чекади, ҳижрон илкида заифлашади, ўзини маъносиз йўлини қоронғи, қисматини хира ҳис қилади. Турли ташвиш, изтироблар унга ором бермайди. Умидсизлик ичида ўзини ёруғликдан, ҳақиқатдан йироқ деб қараб эсанкирайди. Булар модда билан руҳ ўртасидаги зиддиятнинг инсон туйғусидаги ифодалари бўлиб, бунда инсон ўзидаги моддий маломатларни бўйсундириб, яъни пардани йиртиб, руҳият манзилига қадам ташлай олса, шубҳасизки, у шон-шуҳрат тахтида улуғворлик тожини кияолади. Аттор Инсоннинг ана шу паллага етишини орзу қилади ҳамда унга ета олишига ишонади. Шундан, у кескин ҳолда ёзади:
– Сенинг ичингда жавҳар – мутлақ руҳнинг сири бор, аммо бу ерда сенга йўл кўрсатувчи йўқ. Охири йўқотган нарсанг сенинг ўзингдир, сен бу зоҳирий сирларнинг тузоғига гирифтор бўлгансан. Сен яратгучининг зоти ва сифатлари жавҳарига эгасан, лекин унинг дийдоридан узоқсан. Сенинг жавҳаринг ҳаммадан афзал, шу жавҳар сен учун ҳақиқий зотга олиб борадиган раҳбардир. Ҳаёт, фалак ва юлдузлар сенинг кўзларинг нигоҳларингдир, уйинг ичидасану хаёлингда эшикнинг сиртида тургандайсан, ҳам кўринасан, ҳам йўқсан.
Атторнинг бу сўзлари ажойиб чуқур фалсафий маъно ва мушоҳадаларга бой. Инсонда “мутлақ руҳнинг сири бор”. Бу Аттор учун ҳарқандай шубҳадан мустаснодир. Бироқ, инсон, яъни, сен “уйнинг ичидасану хаёлингда эшикнинг сиртида тургандайсан”. У ҳолда “эшикни очиб”, уйнинг ичига кириш учун нима қилиш керак? Жавоб фақат битта, қалб эшигини очиш керак. Худди шу нуқтани кўзда тутган Аттор шундай дейди:
“Руҳ одамнинг ички дунёсидир, шу боис инсон ўз ичига сафар қилиши керак. Бунинг усули ҳам битта, яъни ўзини билиш, аслий “мен”га қайтишдир. Инсоннинг фожиаси ўз моҳиятидан олислаб кетганлигидадир. Буни Атторнинг қуйидаги қарашларидан билиш мумкин:
– Чунки, сен ўз-ўзингдан айрилган, ўз аслингдан бегона бўлиб, йўқолгансан. Сен ўзингга маъшуқсан, ўзингга қайт, саҳрода кезма, ватанга қайт. Ушбу ватан муҳаббатидан иймон пок бўлғусидир, негаки, маъшуқинг пок жонингнинг ичидадир. Одамлар ўзгаларнинг қиёфасида ўзларини кўради, лекин ўзларини ўзлари танишмайди. Илоҳий таниш ҳам шунга ўхшайди. Тангри таолони ҳарким аввал ўзидан изласин, “ўзини таниган раббини ҳам танийди” деган ҳадисни эсидан чиқармасин. Ўзликни таниш эса маърифатдир, маърифат йўли чин вафо, қалб кўзининг очилишидир.
Бу парчани ортиқча шарҳлашнинг албатта ҳожати бўлмаса керак. Фақат юқорида тилга олинган “қалб эшиги” деган сўзни Аттор бу ерда янада образли ва ёрқин ҳолатда “қалб кўзи” деб олган холос.
Аттор яна инсоннинг вужудини моддий борлиқ, яъни сурат, ундаги илоҳий руҳни маъно, яъни моҳият деб қараб, ҳақиқий мавжудликни руҳ билан боғлаб тушунтиради. Одам инсофдан қараса руҳни бирламчи, вужуд, яъни моддани иккиламчи ҳисоблайди. Демак, Атторнинг қарашича, одамнинг вужуди – ташқи шаклига эмас, қалбига қараш керак. Асосий субъект яна шу одам, руҳ ёки маъно одамнинг оламга бўлган муносабатини ўлчайдиган бирдан бир омилдир. Аттор бундай деб ёзади:
– Нима учун суратнинг дардига мубталосан, агар сен суратни ташласанг кулли-борлиқ ичидасан. Сен суратнинг ҳамроҳлигидан қутулсанг, худонинг маъносидан хабардор бўласан. Сурат сенинг ҳеч бир ишингга ярамайди, худо дийдорини жонда кўрсатади. Агар суратни синдирсанг, шак-шубҳасиз сен ҳақсан.
“Суратни синдирсанг шак-шубҳасиз сен ҳақсан”. Бу Атторнинг инсон моҳияти ҳақидаги қарашларининг биридир. Тухумни ёриб чиққандан кейин унинг моҳияти намоён бўлади, яъни тухумнинг бир хил шакл ёки сурат эканлиги ойдинлашади. Демак, тухумнинг маъноси исботланади. Буни одамга таққослаганда, тан бир хил шакл, ана шу шаклнинг физиологик, психик асоратларидан тозалаб жавҳарни, яъни жонни танигандагина, одамнинг моҳиятини билиш мумкин. Атторнинг назарида одам билан илоҳий зотнинг муносабати ана шундай. Аттор инсонни юксак даражадаги шараф соҳиби деб билади. Инсонда бундай руҳнинг аломати бўлганлиги учун, ҳатто уни мантиқий йўсинда мутлақ руҳ билан бир ўринга қўяди. Бу эса Аттордаги ўз даврига – ўрта аср Шарқ ислом муҳитини ёриб чақишдек бир тушунчани ҳосил қилади. Бинобарин, бу Аттор идеясидаги юксак шижоат ва жасоратнинг маҳсулидир дейиш мумкин. Бундай руҳ эса худо, инсонни худога баробар қўйиш бу куфрдан дарак беради. Боязид Бистомий ана шу қараши туфайли кофирликда айбланиб, маломат даштида сарсон-саргардон бўлди. Мансур Ҳаллож ана шу қараш орқасида кофирликда айбланиб, аввал дарра билан жазолаш, кейин эса жасадини ўтда куйдириш усули билан ўлдирилди. Аттор буларни ниҳоятда яхши биларди. У ҳолда яна шу “хавфли қараш”ни шарҳлашдан мақсад нима эди?
Атторнинг назарида бу қараш ҳаргиз ҳам куфрдан дарак бермасди. Уни куфр деб қараш беҳудлик, юзакилик, нодонлик, мутаассибликдан бошқа нарса эмас эди. Илоҳий маърифатни сезмаган, ўзидаги зоҳирий тушунчалардан қутулмаган, ўз қалбига қулоқ солмаган, сувни кўлмаклардан ичиб, ҳақиқий булоқни эсдан чиқарган кишилар бу қарашнинг мағзини асло чақолмайди, шунинг учун, уни юзаки ҳолда куфр деб тушунади. Бироқ, майли Боязид Бистомий бўлсин, майли Мансур Ҳаллож бўлсин ва майли Аттор бўлсин, инсонни Худога тенглаш ширкдир.
Лекин, Атторнинг қарашича, инсоннинг ўз моддий пўстини бўйсундириб, руҳ томон юзланиши осонликча амалга ошадиган жараён эмас. Бу жараёнда турли васваса ва мушкулотлар инсонни маърифатдан гўё юксак бир қалъа деворидек айириб туради. Уни абадийлик нисбатидан, яъни олам неъматлари орқали маҳрум қилади, уни ўткинчи жилвалар орқалик ғафлатга бошлайди. Инсондаги ижобий ва салбий аломатлар ўртасида мана шу тахлитда тўхтовсиз кураш бўлиб туради, бу курашнинг натижаси инсоннинг тақдирига бевосита таъсир кўрсатади. Аттор бу курашда инсонни шараф манзилига, яъни ижобий хислатларга ундайди. Аттор ўзининг “Панднома” сида бундай деб ёзган:
Камбағаллик гарчи қаттиқ, эй жавон,
Бўлмағай ҳаргиз жаҳолатдан ёмон.
Атторнинг қарашича, инсон учун моддий жиҳатдаги йўқсиллик ҳеч гап эмас, ҳаммадан ёмони маънавий йўқсилликдир. Жаҳолат – нодонлик, разолат, зулм кабилар маънавий йўқсилликнинг муҳим аломатларидир. Ҳадисларда жаҳолат қиёматнинг бир турли аломати қаторида тилга олинган.
Кимки ул уйқудадир ўлган эрур,
Аҳли ғафлатға бу иш бўлғон эрур.
Кимки онинг ақлу ҳуши бўлмаса,
Ул ўлуктур, сен тириклардин дема.
Атторнинг назарида, инсоннинг жисмоний жиҳатдан бор ёки йўқ бўлиши ҳаргиз ҳам унинг ўлик, тириклигига кафолат бўлмайдиган ҳақиқий ўлимдир, унинг ифодаси қалбидадир. Аттор “Тазкиратул-авлиё”да ёзади:
Молик Динор бундай дейди:
– Мен Ҳасан Басрийдан: “Бу дунёдаги энг оғир азобуқубат нима?” деб сўрадим, у жавоб айлаб:
– Қалб ўлими, – деди.
Мен яна:
– Қалб ўлими дегани недур? – деб сўрадим. У:
– Ўткинчи дунёга муҳаббат, – деб жавоб айлади.
– Ўткинчи дунёга муҳаббат нимадан дарак беради? – деган саволга Ҳасан Басрий бир оғиз сўз билан:
– Нафсдан, – деб жавоб берган. Бу ерда Атторнинг инсонга қарашидаги яна бир нуқта майдонга чиқади.
“Ул эрур бил одамийнинг одами,
Йиғса аввал нафси бедин ҳар дами”.
“Боқмағил лаззати нафсоний сари,
Боқмағил ҳам олами фоний сари”.
“Нафсни зиндонға солғон яхшироқ,
Ҳарна деса аксин олғон яхшироқ”.
Бу каби мисолларни Аттор асарларида кўплаб учратиш мумкин. Чунки Аттор нафсни инсондаги муҳим довон деб қарайди. Нафс ўзи нима? Лўнда қилиб айтганда, инсондаги ҳайвоний хислатларнинг бош кўтаришидир. Инсон нафс иллатларидан покланмас экан, ўзидаги илоҳий руҳни ҳис қилиш шарофатидан маҳрум бўлади.
Аттор объектив реалликка нисбатан муносиб инсоний маишатларни ҳам ҳаргиз назардан соқит этмайди. Аммо ҳалол ва ҳаромдан иборат нозик инсоний мезонни инсон олдига шарт қилади.
Ким ҳаромдин ботинин пок этмади,
Руҳи, бил, ўз манзилиға етмади.
Ҳалоллик инсон учун бурч ва фазилатдир. Ҳаром бўлса ҳайвоний иллатдир. Одам ўзини камол топтириш учун, ҳалоллик шарофатини азиз тутиб, ҳаромдан доимо сақланиши керак.
Аттор фалсафий қарашининг туб негизи комил инсон ғоясидан иборатдир. Инсон илоҳий маърифатга нечоғлик теран кирса, унинг қалби шунчалик ёришади ва покланади. Покланишнинг даражаси камолотнинг даражасига таъсир кўрсатади.
Комил инсонлик ҳаргиз ҳам етиб бўлмайдиган қуруқ ғоя эмас. Ҳасан Басрий, Боязид Бистомий, имом Бухорий, ат-Термизий, имом Муслим, Аҳмад Ҳанбал кабилар комиллик даражасига етган инсонлардир. Бундай одамлар ҳарбир даврда майдонга келади. Шу даврнинг маърифатини намоён қилади, шу даврнинг садосини жаранглатади.
Аттор инсон қалбини бир тиниқ шишага, поклигини унинг жилосига ўхшатади. У покликка алоҳида урғу беради.
Ҳар бир мусулмонки бўлса ботамиз,
Тўртни тўртдан пок тутсун ул азиз.
Дилни сен аввал ҳасаддин пок қил,
Ўзни сўнгра соҳиби идрок қил.
Пок қилғил кизбу ғийбатдин забон,
Ўтмасун десанг имонимға зиён.
Пок агар бўлса зиёдин дил, амал,
Етмағай ҳаргиз имонингға халал.
Етмаса қорнинға бир зарра ҳаром,
Марди имондор бўлғайсан тамом.
Ким ҳаромдин ботинин пок этмади,
Руҳи, бил, ўз манзилиға етмади.
Кимни кирдори риёдин пок эмас,
Буриёдек сурати бир нафсу бас.
Аттор бу парчада тўрт нарсани тўрт нарсадан, яъни дилни ҳасаддан, тилни ғийбатдан, дилни иккиюзламачиликдан, нафсни ҳаромдан пок тутиш зарурлигини таъкидлайди. Чунки, Атторнинг қарашича, ҳасад, ғийбат, иккиюзламачилик, ҳаром каби иллатлар инсон руҳини хиралаштирадиган, булғайдиган, инсоннинг эътиқодини сустлаштириб, маърифатдан йироқлаштирадиган, ҳайвоний истакларга йўл очадиган иллатлардир.
Аттор “Илоҳийнома”да ўзининг садоқати ва поклиги билан шоҳлик тахтига етган бир аёл ҳақидаги таъсирли, алангали ажойиб бир ҳикоятни мисол қилиб келтиради. Аёл деярли ҳар бир қадамда шаҳват ва ҳирсни қўзғаган азоб-уқубатларга дучор бўлади. Мақсадига етолмаган кишилар ҳар хил пас, бузуқ воситалар орқали аёлга зулм қилади. Аммо аёл ўлим хавфи олдида ҳам ўзининг поклигини олдинги ўринга қўяди. Натижада у ахири мурод-мақсадига етади.
Аттор ҳикояда персонаж тили орқали бундай дейди:
– Тўғри, дунёда ҳеч бир жонзот шаҳватдан холи эмас, бу сирни билмаган одам жисмоний жиҳатдан майиб, нуқсонликдир. Ундай киши соғлом эмас. Аммо, шаҳват ҳаддидан ошса ҳирс, ифлослик келиб чиқади, кейин уни тўхтатиб бўлмайди. Шаҳват шавқи кучайса орадан муҳаббат кўтарилади. Ҳолбуки, инсоннинг моҳияти муҳаббатдир. Бироқ, муҳаббат ҳам чегараланиб туриши керак, агар чегарадан чиқиб кетса, жонинг муҳаббатнинг кўзи олдида ожиз, арзимас бўлиб қолади.
Аттор инсонга нисбатан меъёрида бўлган шаҳватни соғломликнинг ифодаси деб билади. Чунки у ҳикояда яна: “Агар эрлар билан аёллар қўшилмаса одамзотнинг насли қандай давом қилади? Оламнинг тузилиши, қонунияти бузилмайдими? Чунки, бу илоҳий ҳикматнинг тартиб тадбиридир, мулк ва мамлакат, дунё ишлари шу асосга қурилган. Барча жонзотлар қўшилиб, кўпайиб, наслини давом эттиради.
Доимий ривожланиш шундан келиб чиқади. Одамзод минг-минг йиллардан ошиб қанчадан қанча риёзат ривожланишни ўтказиб, ҳозирги ҳолга келган”. Аттор инсон моҳияти муҳаббат эканлигини, муҳаббат оламнинг тузилиши, инсоният тадрижий тараққиётининг асоси эканлигини таъкидлайди. Бироқ муҳаббат ҳаддидан ошса ҳирсга, нафснинг қулига айланиб, покликка таъсир етказишини, муҳаббатни нуқул шаҳватдан иборат деб тушунмасликни уқтиради.
Аттор инсоний муҳаббатни қадрлайди, инсоний муҳаббат йўлидаги жасоратни мадҳ этади. Чунки инсоний муҳаббатни “илоҳий ҳикматнинг тартиб тадбири” деб қарайди. Инсоний меҳр, шафқат ва қадр-қимматни куйлаш Атторга хос фазилат бўлиб, унинг асарларидаги муҳим ғоявий мазмунларнинг бири ҳисобланади. У бу нуқтани ўз асарларида ҳар хил тафсилот – ҳикоятлар орқали образли, таъсирли ҳолда ёритиб беради. Жумладан, “Мантиқ-ут-тайр” достонидаги нон воситаси билан ўлимдан қутулиб қолган бир асир ҳақидаги ҳикоятдан буни яққол кўриш мумкин. Ҳикоятда баён қилинишича, бир баҳодир жангда рақибини енгади ҳамда уни ўлдириш мақсадида ханжар олгани уйига кириб кетади. Худди шу орада боҳодирнинг хотини асирга нон беради. Баҳодир қайтиб келиб асирнинг қўлида нон турганлигини кўриб, “Бу нонни сенга ким берди?” деб сўрайди. Асир “Аёлинг берди” деб жавоб беради. Буни эшитган баҳодир “сени ўлдириш энди менга ҳаром бўлди. Чунки, бизнинг нонимизни еган ҳар қандай кишига биз тиғ кўтаролмаймиз” деб асирни озод қилиб юборади.
ТЎРТИНЧИ БОБ
ФАРИДИДДИН АТТОРНИНГ СИЁСИЙ, ИЖТИМОИЙ, АХЛОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ
Ўрта асрлар – инсоният тафаккур тарихида саралаш аҳамиятига эга бир палла бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги замон Ғарб ва Шарқ олимлари бирдай эътироф қилганидек, бу палла авваламбор Шарқ мусулмон элларида уйғониш вазифасини ўтаган. Маънавий, диний-фалсафий масалалар ҳақидаги баҳс-мунозаралар тадрижий чуқурлашди ва муайян асос ҳозирловчи оқим, таълимотлар майдонга келди. Мансур Ҳаллож, Боязид Бистомий, Абуллоҳ Ансорий (1005-1088), Юсуф Ҳамадоний (10481148), Саноий (1045-1141), Муҳаммад Ғаззолий (1059-1111), Аҳмад Яссавий (1105-1167), Ибн Рушд (1126-1198), Ибн Арабий (1105-1167), Саъдий Шерозий (1184-1298), Жалолиддин Румий (1207-1273) каби уламо олимлар етишиб чиқиб, ислом фалсафаси тараққиётига зўр туҳфалар қўшдилар. Фаридиддин Аттор ана шундай гирдобли тошқинликда, шунингдек, диний, сиёсий ва ижтимоий зиддиятларга тўлиб-тошган алангали, силсилали бир шароитда яшаб ижод қилади.
Аттор ўз даврининг иймонли, виждонли, ақл соҳиби ва бурчига содиқ вакили бўлиб, айни давр шароитидаги сиёсий, ижтимоий ва ахлоқий масалаларга нисбатан ўз кўз қарашларини ҳар хил шакл ва воситалар орқали ўртага қўйиб ўтган.
Атторнинг диёнатли, маърифатли, адолатли, тариқат йўлини тутган шоҳ ҳақидаги орзу-армонлари гуманистик ғояларининг муҳим таркибий қисмини ташкил қилади.
Агар подшоҳ келган балога кулса, яъни беҳудлик қилса, унинг давлатига қатъий нуқсон етади. Давлатнинг бехатар, омон бўлиши эл учун бахт-саодат, шоҳ учун оғир масъулиятдир. Агар шоҳ бепарволик қилса, рақибларни заиф чоғлаб мағрурланса, давлатга зиён етади. Шунинг учун шоҳ ҳар доим ҳушёр, огоҳ бўлмоғи, давлатга, элга посбон бўлмоғи керак. Бу шоҳ учун энг муҳим шартдир.
Суҳбати ҳар бенавою ҳар ҳақир,
Подшоҳға еткузур бешак ҳақир.
Боз аврат бирла кўп суҳбат этар,
Ўзини ул шоҳ беҳурмат этар.
Давлатни бошқаришда оқилларнинг маслаҳатларига амал қилган подшоҳ оқилдир. Аммо, дидсиз, маърифатдан йироқ кишиларнинг муҳаббатига, хушомадига ишониш подшоҳга хўрлик, бечораликдан бошқа нарса олиб келмайди. Кеча-кундуз кайф-сафо, айш-ишратга берилган подшоҳ ҳам элнинг назаридан қолади.
Қилса гар оҳангки зулм ул подшоҳ,
Суд қилмас анга, бил, хайлу сипоҳ.
Маъноси: Магар подшоҳ халқига зулм – жафо қилса, авомнинг ҳам, унинг қўл остидаги сипоҳларнинг ҳам унга фойдаси бўлмайди.
Подшоҳ золим эрса элдан яхшилик кўрмайди. Донишмандларда “эл рози – худо рози” деган гап бор. Элнинг розилиги албатта худонинг марҳаматидан дарак беради. Элдан яхшилик кўрмаслик – элнинг қарғишига, нафратига қолиш демакдир. Қарғиш ва танбеҳ-қораюзлик, дўзахийликнинг белгисидир. Ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир банда учун (ҳатто у подшоҳ бўлса-да,) золимликдан ўзга оғир гуноҳ, дўзахдан ортиқ оғир жазо йўқ.
Мақтанчоқлик, ёлғончилик инсоний хислатларга ёт, айниқса, подшоҳлар учун ёмон иллатдир. Подшоҳнинг мақтанчоқлиги ва ёлғончилигининг зиёни бутун элга офатдир. Бу моҳиятан қараганда инсоният шон-шарафига қилинган ҳақорат, шунингдек, руҳий зулматдир. Бунга лоқайдлик билан қараган подшоҳнинг зар либослари “ано ридо”, яъни машаққат тўнидир. Шу боис Аттор бундай мисраларни битади:
Подшоҳларга керакдур адлу дод,
То раиййат адлдин бўлғуси шод.
Қилса гар лашкарга султон кўп карам,
Лашкари ҳам жон берур баҳри дарам.
Яъни: Подшоҳларга диёнат, адолат керак, шу билан у халқнинг диёнатига эришолади.
Подшоҳ ҳам, унинг қўл остидагилар ҳам одил бўлса мамлакат ва шоҳга барқарорлик насиб бўлади.
Агар подшоҳ лашкарларга яхшилик қилса, лашкарлари ҳам унинг учун жонларини аямайди.
Қисқаси, адолат – подшоҳ учун бош мезон. Адолат бўлгандагина эл равнақ топади, мамлакат мустаҳкамланади.
Аттор асарларида подшоҳларни инсофли, диёнатли бўлишга, тариқат йўлини тутишга, маърифат эгаллашга ундайди. Чунки ўзи камол топган подшоҳ элни ҳам камолот йўлига бошлай олади.
Атторнинг назарида подшоҳлар ҳам аслида одатдагидек бир одам. Агар подшоҳ ўзининг шоҳлик тожини ва шоҳона тўнларини ечса, унинг оддий кишилардан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Шундай экан, подшоҳ нуқул подшоҳлик тахтидагина ўтириб қолмай, ўзининг одамлигини тез-тез эслаб турса, эл орасига кириб элнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турса, шавкати янада ошади. Аттор “Мантиқ-ут-тайр” достонида Искандар ҳақидаги теран маъноли қисқа бир ҳикоятни мисол қилиб келтиради:
Жаҳонгир Искандар бир куни бир мамлакатга элчи юбормоқчи бўлди. Бир неча одамга бир хил кийим кийдирди ва ўзи ҳам шу кийимдан кийиб элчилар билан бирга йўлга чиқди. Ҳеч ким қайси бири Искандар, қайсилари элчилар эканлигини билмасди. Ва яна ҳеч кимда Искандардан аломат йўқ эди. Агар бирортаси мен Искандарман деса ҳам ҳеч ким бунга ишонмасди…
Искандар эса ҳаммани кўриб турарди ҳамда ҳамманинг аҳволидан хабардор эди. Искандарнинг ҳар бир кўнгилга йўл топишга имкони, ихтиёри бор эди. Гумроҳ дилларга йўл топиш қийин, гумроҳларнинг йўли – гумроҳлик, ғафлат ва адашиш йўлидир. Шоҳ гарчи ҳужранинг сиртида бегона одамдек туюлса-да, лекин хужра ичида ҳаммага маҳрам, яъни ҳамхона эди.
Бу парчадаги жумлани қисқача шарҳлаб ўтишга тўғри келади. Ҳукмдор эл орасига кирганда ёки авомнинг бир таркибий қисмига айланганда у подшоҳ эмас, одатдаги оддий бир одам бўлиб қолади. Лекин у шу орқали гумроҳликдан, ғафлат ва адашишдан сақланиб, ҳар бир кўнгилга йўл топади, натижада у қалб ҳужрасида эл билан биргаликка эришади. Бу билан Атторнинг, подшоҳ ҳақидаги фалсафий қарашлари равшанлашади. Мақсад эл қалбига йўл топиш, эл билан ҳамнафасликдир. Мана Атторнинг адолатли шоҳ ғояси ва адолатли давлат тушунчаси; бу ислом динининг маънавий ва сиёсий, ижтимоий жавҳарларига асосланган ўрта асрлар шароитидаги демократик руҳдаги ҳокимият андозасидир.
Аттор раҳмдиллик ва саховатни подшоҳларнинг муҳим белгиси деб қарайди. У “Мантиқ-ут-тайр”да бундай бир ҳикоятни келтиради:
Бир подшоҳнинг қадди-қомати келишган, жасур бир шаҳзода фарзанди бўлиб барча одамлар унга ҳавас қилишарди. Шу қаторда бир дарвиш шаҳзодага ошиқу беқарор бўлибди. У ҳар вақт шаҳзоданинг йўлига зор-интизор бўлиб, шаҳзода от миниб шаҳар кўчаларидан ўтганда у шаҳзода минган отнинг туёқ изини кўзларига суртиб фиғон чекаркан. Бу иш ҳамма ерга овоза бўлиб кетибди, шаҳзода ўнғайсиз ҳолатда қолиб, бу ишни отасига баён қилибди. Подшоҳ бу гапни эшитиб ғазаби жунбушга келибди ҳамда дарҳол дарвишни тутиб отга боғлаб ўлдиришни амр қилибди. Дарвиш қўлга олиниб, жазони ижро қилишга тайёрланибди. Шунда дарвиш подшоҳга, сўнгги бир ўтиниши борлигини, ўлдиришда шаҳзоданинг отига боғлаб ўлдиришни орзу қилишини айтибди. Дарвишнинг бундай садоқати ва жасоратидан таъсирланган подшоҳ уни ўлимдан озод қилиш билан бирга уни ўз саройига бошлаб ўғлига ҳамроҳ қилиб қўйибди.
Аввало шуни айтиш керакки, Аттор асарларида тасвирланган воқеалар бир эмас, бир неча маъно ва мазмун қатламларини бирлаштиради. Юқоридаги воқеада Аттор бир тарафдан подшоҳнинг раҳмдил, ўғлининг юмшоқ ва оддийлигини, диёнатни улуғлаш орқали ҳукмронларга ишора қилса, яна бир томондан муҳаббат, садоқат, вафо ҳам жасоратнинг куч-қудратини намоён қилиш орқали инсоннинг ўз бахти учун ўлимдан қўрқмай, содиқ қолишни кўрсатади. Бу хил руҳ Атторнинг инсон озодлиги ҳақидаги ғоясининг бир таркибий қисмидир.
Саховат ва ҳиммат ҳақидаги фикрлар Аттор асарларидаги муҳим нуқталарнинг бири ҳисобланади. У подшоҳлардан тортиб ҳар бир фуқарогача саховат ва ҳимматни ўзига мезон қилишни тарғиб этади. Чунки, саховат ва ҳиммат диёнатнинг, холисликнинг, меҳр-шафқатнинг, шунингдек, яна улуғликнинг белгиси ҳамдир. Алишер Навоий ҳазратлари саховат ва ҳимматга бундай таъриф беради: “Саховат инсоният боғининг ҳосилдор дарахти ҳамда шу дарахтнинг фойдали мевасидур. Саховат одамийлик мамлакатининг мавж уриб турган денгизидур, тўлқинли денгизнинг бебаҳо гавҳаридур. Саховатсиз одам ёмғирсиз баҳор булутига ва ҳиди йўқ анбарга ўхшайди… Одам бир тан бўлса, ҳиммат унинг жонидур.
… Ҳимматсиз киши эр эмас, жонсиз танни ҳеч ким тирик демас”.
Аттор “Илоҳийнома”да ҳиммат ва саховатга ишора қилиб, бундай ҳикоятни келтиради:
– Кунлардан бир куни Ануширвони Одил вазир-вузаролари билан юрт айланишга чиқди. Боғларни, ҳосилдор далаларни кўрди. Йўли саҳрога тушиб, белини уч ердан боғлаб, сув ташиб саҳронинг бир бўлагини обод қилиб кўчат экаётган бир нуроний мусафид қарияга дуч келди. Қария шижоат ва завқ билан ишларди. Ануширвони Одилнинг қарияга ҳаваси келди ва отидан тушиб унинг олдига борди.
– Ассалому алайкум ота, ҳорманг. Соқолингиз оқариб, ёшингиз ҳам бир ерга бориб қолибди. Уйда ўтириб дам олсангиз бўлмайдими, бу дунёйингиздан у дунёйингиз яқинроқ кўринади. Сиз эккан кўчатлар кўкариб то ҳосил бергунча қанча йиллар керак, унгача сиз борми, йўқми? – деди. Қария подшоҳга қараб табассум билан деди:
– Эй подшоҳи олам, бизгача қанчадан-қанча одам дарахт кўкартириб кетди. Мевасини биз едик. Энди навбат бизга келди. Мен бу кўчатларни ўзим ҳузурини кўрай деб экаётганим йўқ, балки келгусида яшайдиган одамлар, яъни авлодлар мевасини есин деб экаяпман.
Қариянинг гаплари Ануширвони Одилга манзур бўлди. У хурсанд бўлиб, шу саҳрони обод қилишга сарфлагайсиз, деб бир ҳамён олтин берди.
– Шоҳим, мана кўрдингизми, мен эккан кўчатлар мева берди, – деди нуроний оқсоқол қария ҳамёнга ишора қилиб.
Подшоҳ қариянинг бу сўзидан янада яйраб кетди ва яна бир ҳамён олтин ҳадя қилди.
Аттор “Панднома”да подшоҳга фитна-фасод келтирадиган ишлар ҳақида тўхталиб бундай деб ёзади:
Аввалидур мулкиға жабру амир,
Яна қилса кўп хиёнат ул вазир.
Ким яна беги хиёнатлик эрур,
Подшоҳ бундин залолатлик эрур.
Яъни: Қўл остидагиларга жабр-ситам қиладиган амир, хиёнаткор вазир ҳамда хиёнаткор беклардан подшоҳга яхшилик келмайди, улар подшоҳни ҳақ йўлидан оздиради.
Амир қўл остидагиларга жабр-зулм қилса, вазир ва беклар хиёнат қилса, бунинг оқибатида подшоҳ йўлдан адашади. Шунинг учун ҳукмдор доимо ҳушёр бўлиши ва адолат ила иш юритиб, қонунга қаттиқ риоя қилиши керак бўлади. Золим ва хиёнаткорлар, амалдор, судхўрлар, порахўрларни вақтида бирёқли қилиш керак. Фосиқ амалдорлар халқнинг ғазабини қўзғатиб, ҳукмдорни оёқ ости қиладиган, давлатнинг тагига сув қуйиб, пароканда ва вайрон қиладиган кишилардир. Тўғрироғи, улар тубан унсурлардир.
Ҳам вазири бўлса ғофил, бехабар,
Мулки шоҳ ондин бўлур зеру забар.
Қилса гар шоҳ мулкиға беги ситам,
Подшоҳга еткусидур ранжу алам.
Вазир қатъий зийрак, доно бўлиши керак. Чунки у подшоҳнинг таянчи, элнинг кўз-қулоғидир. Магар вазир ғофил бўлса элга тинчлик, хотиржамлик бўлмайди. Беклар элга зулм қилса бунинг ранжу алами подшоҳга бўлади. Демак, подшоҳ элнинг отаси. Қолган амалдорлар подшоҳнинг воситасидир. Воситадан чатоқ чиқса жамиятнинг тартиби бузилади. Унинг зиёни элга ҳам, бинобарин подшоҳга ҳам бирдек бўлади, шунинг учун:
Чун салоҳият ишини шоҳ этар,
Бекки ҳам қўл зулмидин кутаҳ этар.
Бўлмаса гар воқифу доно вазир,
Подшоҳға кўп етар ондин зарар.
Тутмаса гар шоҳ сиёсатни бакор,
Бузғой ул шоҳ мулкини кўп нобакор.
Яъни: Агар подшоҳ сиёсатни қаттиқ тутмаса, нобоп кишилар унинг давлатини бузади, яъни ишдан чиқаради.
Ғийбат – эл орасига фитна-фасод уруғини сочиб иноқликни бузадиган, инсоний фазилатларни куйдириб, араз-ғараз, бегоналашув эшигини очадиган, элнинг маънавий мувозанатига заҳар сочадиган разил иллатдир. Аттор ана шу масалани кўзлаб, бундай деб ёзади:
Солма тил ғийбат сари, эй хушманд,
Тушмасун то қўл оёғинг узра банд.
Ким тилин ғийбат сиридин сақлади,
Ул ўзини офат соридин сақлади.
Яъни: Эй ҳушёр одам, ғийбатга берилма, ғийбат туфайли сенга кишан солинмасин.
Ким тилини ғийбатдан сақласа, шу ўзини офатдан сақлайди.
Ғийбатнинг зиёни аввало ғийбат қилувчининг ўзига бўлади. У ғийбат орқали ўзига кишан солади. Элнинг назаридан қолади. Дўст-биродарларининг ҳурматидан тушади. Ахлоқ мезонларининг жазосига учрайди. Ғийбат кўнгилни булғаб, маърифатнинг юзига ҳаёсизлик пардасини тортади. Ғам-хусумат воситасида тухумга тук ундиради. Шу боис:
Пок қилғил кизбу ғийбатдан забон,
Етмасун десанг иймонингға зиён.
Зийрак кишилар ҳар вақт ўзини ғийбатдан йироқ тутади. Чунки ғийбат қилиш фосиқлик, аҳмоқликнинг аломатидир. Аттор аҳмоқнинг аломатини қуйидагича сезади:
Аҳмоқда уч аломат бордур,
Бири улдур – егани мурдордур.
Биридур кўп сўзламоқ одат анго.
Ҳам ибодат вақтидур куҳлат анго.
Яъни: Аҳмоқнинг уч аломати бордир, унинг бири ҳаром ейиш, бири кўп сўзлашни одат қилиш, яна бири ибодат вақтида ясаниш.
Шоир фосиқларнинг белгисини бундай тасвирлайди:
Бўлди фосиқлардан уч иш ошкор,
Бири фосид иш эрур лайли наҳор.
Доим озори халойиқдур бири,
Таркидур доим шариат буйруғи.
Яъни: Фосиқлардан уч иш ошкора бўлади, бири кеча-кундуз бузуқ иш қилиш, бири доим халойиққа озор бериш, яна бири шариат буйруғини бажармасликдир.
* * *
Аттор кишилар орасидаги бахтсизлик, раҳмсизлик ва нокаслик аломатлари манбаини жаҳолатда деб қарайди. Жаҳолатдан қутулмай туриб, одам равнақ тополмайди, элга осойишталик бўлмайди. Шу боис у кишиларни огоҳлантириб ёзади:
Ким жаҳолатдин узун дур этмади,
Ҳаргиз ондин бахти бад айрилмади.
Ким халойиқға тараҳҳум қилмағой,
Ўтса нокасликда ҳар кимнинг куни,
Келмағай самийға давлатнинг уни.
Яъни: Ким жаҳолатдан ўзини йироқ тутмаса, ундан бахтсизлик аримайди.
Ким халойиққа раҳм-шафқат қилмаса, анга бахт-давлат асло келмайди.
Куни нокасликда ўтган кишининг қулоғига бахт-давлатнинг уни етмайди.
Жаҳолат исканжасидан ўзини озод қилишнинг йўли – илм эгаллашдир. Аммо бунинг учун зийраклик, ижтиҳод керак. Аттор илм олишда ақлни биринчи ўринга қўяди. Чунки ақл соғлом тафаккур, ўткир фаросат, уйғоқ онг, тебранмас ирода ва алангали шижоатнинг йиғиндиси, покиза қалб, самимий эътиқоднинг ифодасидир. Руҳий ва жисмоний жиҳатдан бехуд, маслаксиз, мақсадсиз, ўзининг инсоний бурчи-қимматини йўқотган кишилар бу насибага нойил бўлолмайди.
Аттор кишиларни шахсий манфаатни кўзламасликка, элнинг қадрига етишга, дўстликни қадрлашга, қаноатли бўлиб, нафснинг қулига айланмасликка, одамийлик, мард, камтар кишилардан ўрганишга чорлайди.
Назм:
Қилма ҳаргиз ўз муродинг бирла иш,
Ким муродингга пушаймон бор эмиш.
Эл қадрини билғил, эй писар,
То сенинг қадрингни билсун ўзгалар.
То тилим бўлсун десанг элға дароз,
Дўст ҳожат айла, сиридин айла оз.
Дўстларға кимнинг қадри бўлмади,
Ул ўлукдур, гарчи жони ўлмади,
Кимда гар йўқдур қаноатдин нишон,
Бас, они бой айламас мулки жаҳон.
Ҳам тавозийлик бўлуб, бўл боадаб,
Марди тақво суҳбатин қилғил талаб.
Дарвоқе, назар доираси тор, кўзи кичик, дўстликнинг қадрини билмайдиган, ҳа деганда нафсига чўғ ташлайдиган, такаббур, илмдан бехабар кишилар жамиятни булғаб, элнинг шаънига доғ туширади. Уларни доимо ҳидоятга ундаш Аттор каби табаррук зотларнинг виждоний бурчидир. Аттор ана шу нуқтаи назардан қараб, жамиятдаги ҳар соха, ҳар касб кишиларига ахлоқий, ақлий, виждоний дастурларни беради.
Ким сенинг юзингға айбинг айтадур,
Бил сени зулматдин нурга қайтарур.
Сенга ҳар ким гар бўлубдур раҳнамо,
Жон бирлан қилғил они шукрин бажо.
Ҳам хирадманди замонингни тани,
Яхши хулқу яхши халқингни тани.
Дунёда айбсиз – нуқсонсиз одам йўқ, айбни тузатиб, поклик мартабасига етиш учун айбни билиш керак. Биров айбингни юзингга солиши сенга қилинган улкан ёрдамдир. Бу сени зулматдан нурга бошлаган билан баробардир. Айбни кўрсатиб берувчи сен учун раҳнамо – йўл бошловчидир, сен унга жон, дилинг билан раҳмат айтишинг керак. Шу боис, сен замоннинг фаросат эгаларини, яхши хулқ ҳамда сенга шу хулқни ўргатган яхши халқингнинг қадрини билгил.
Атторнинг назарида инсон барча ижтимоий муносабатларнинг негизи ҳисобланади. Шундай экан, инсондаги айб-нуқсонлар ёлғиз бир одам билангина чекланиб қолмасдан, борлиқ ижтимоий муносабат турларига таъсир кўрсатади; жамият мезонларига зарар етказади. Шу боис адолатли, баркамол, соғлом жамият барпо қилишда ишни ҳар бир одамдаги айб-нуқсонларни тузатишдан бошлаш керак. Ҳар бир одамнинг хулқи яхшилангандагина, буткул халқнинг хулқи яхшиланади.
Яхшилик ва ёмонлик инсонга нисбатан ахлоқий масъулият мезони ҳисобланади. Бу мезонда инсоннинг қай томонга мойиллиги унинг ахлоқий қиёфасини белгилайди. Инсон ана шу мезонда ўзининг эл-юртга қадр-қиммати ва ор-номуси бор-йўқлигини кўрсатади. Шунинг учун Аттор асарларида яхшилик ва ёмонлик тушунчасига алоҳида урғу беради:
Кимда бўлса ақл ва донишдин чироқ,
Юргай у тўрт нарсадин доим йироқ.
Нолойиқ ишларға йўл қўймайди у,
Кишиларни ноумид қолдирмайди у.
Ҳушёр бўл, қилма ёмонлик майлини,
Бўлма енгил, қил омонлик майлини.
Яъни: Кимда ақл-фаросатдин нишон бўлса у тўрт нарсадин доим йироқ бўлади:
У нолойиқ ишларга йўл қўймайди, кишиларни ноумид қолдирмайди.
Ҳушёр бўлиб, ёмон ўйларга бормайди, енгиллик қилишдан ўзини тортиб, омонликни ўйлайди.
Ишкал, ёмон ишларни қилиш албатта ёмондир; шунингдек, ёмон ишларга йўл қўйиш, кишиларни ноумид қолдириш ҳам ёмонликдир. Ҳусусан, кишиларни ноумид қолдириш, турли иш-амалларда кишиларнинг ақида-ихлосини, орзу умидларини писанд қилмаслик, афсуски, кўпларда учрайди. Шундай экан, бу албатта ёмонликдир.
Доимо бўлай десанг соғу омон,
Яхшилик кўрсун сендин буткул жаҳон…
Ким биров бағрини зулмда тилди,
У ўз вужудини ярадор қилди.
Шунинг учун Аттор кишиларга нидо қилади:
Қўлингдан яхшилик келмаса, ёмонлик ҳам қилма, токи вужудинг қилмишингдан кўрмасин азоб-алам.
Яхши хулқ – яхшиликнинг асосидир, у кишиларнинг иззат-ҳурматини ўзига жалб қилади.
Керак бўлса обрў оламда,
Яхши хулқ бўлсун одамда.
Аттор яхши сўзни ҳам яхшиликнинг аломати деб билади:
Эй биродар, бўлса эс-ҳушдин нишон,
Бўл мулойим, боадаб, ширин забон.
Қисқаси, Аттор ўз даврининг ижтимоий муҳитини атрофлича чуқур кузатиш, таҳлил қилиш орқали барча инсоний хислатларнинг йиғиндисини яхшилик, инсоний хислатларга ёт барча иллатларни ёмонлик тушунчаси билан шарҳлайди.
Атторнинг бахт-саодат ҳақидаги қарашлари ҳам унинг яхшилик ғоясига ёндашган ҳолда қойил қоларли мазмунларни ўз ичига олади. Масалан, у миннатсиз эҳсон, кишига озор бермаслик ва адашганни тўғри йўлга бошлаш каби уч ишни саодатнинг бошланиши деб қарайди. Бу уч ишнинг замири фақатгина ўзгаларга яхшилик қилиш, меҳр-шафқат кўрсатиш, ўзгаларни ўйлаш асосига қурилган бўлиб, инсонпарварликдан иборат оламшумул гўзал фазилатдир.
Аттор оғиздан чиққан сўз, камондан отилган ўқ, бошга келган бало-қазо ва зое кетган умрдан иборат тўрт ишни ортга асло қайтариб бўлмаслиги сабабидан одамга пушаймондан ўзга бир яхшилик келтирмайди деб талқин қилади ҳамда камондан отилган ўқни оғиздан чиққан сўзга, зое кетган умрни бошга келган бало-қазога ўхшатади. Бу орқали эса кишиларни тилда ўзига огоҳ бўлишга, умрни маъносиз ишларга зое қилмасликка қатъий ундайди.
Аттор яна қуйидаги етти ишни одамга хорлик олиб келади деб қарайди:
1)Чақирилмаган жойга меҳмон бўлиб бориш, 2) жоҳиллик, 3) жанжал-кашлик, 4) ўзини кўз-кўз қилиш, 5) биров қулоқ солмаса ҳам тўхтамай сўзлаш, 6) душмандан умидвор бўлиш, 7) аёл кишига ва болага ҳазил қилиш.
Аттор асарларида ахлоқ масаласи бошдан охир муҳим ўринда туради.
Чунки Аттор фалсафасининг марказий қисми бўлган комил инсон ғоясининг тартиблари энг аввал ахлоқий мукаммалликдан бошланади.
БЕШИНЧИ БОБ
ФАРИДИДДИН АТТОР ҒОЯЛАРИ ВА АСАРЛАРИНИНГ КЕЙИНГИ ДАВРЛАРДАГИ ТАЪСИРИ
Атторнинг тасаввуф ғояларини илгари сурган ҳолда ёзган асарлари ундан кейинги форс, шунингдек, Ўрта Осиёдаги туркий тилли халқлар тасаввуф таълимоти ва адабиётига зўр даражада таъсир кўрсатган.
Атторнинг таълимоти биринчилардан бўлиб ижодий ворислик қилган, уни бойитиб яна бир поғона юқори кўтарган киши болалигида отаси билан Атторни йўқлаган, унинг назарига тушиб, у ҳадя қилган “Асрорнома” асарини энг қимматли ёдгорлик қаторида ёнидан қўймаган мавлоно Жалолиддин Румий бўлган эди. У тасаввуф адабиётини бойтиш ҳам қанот ёйдиришда Аттордан атрофлича руҳий озиқ олди, Атторни ўзининг устози деб билди.
Жалолиддин Румий Атторнинг тасаввуф таълимотидаги устозлик ўрнини назарда тутиб, уни яна бир машҳур тасаввуф шоири Саноий билан тенглаштиради.
Аттор руҳ буду, Санойи ду чашми ў,
Мо аз пайи Саноию Аттор омадем.
Яъни:
Аттор руҳ эди, Саноий унинг икки кўзи эди, биз Саноий ҳам Атторнинг ортидан эргашиб келдик1 .
Кейинги ўрта асрлар Шарқ мумтоз адабиёти вакиллари ичида майли чуқур ёки қисман бўлсин, Атторнинг таъсиридан баҳраманд бўлмаганлар деярли йўқ даражада эди. Майли, тасаввуф таълимоти нуқтасидан бўлсин ёки фалсафий шеърият нуқтасидан бўлсин, Аттор ҳамон жозибали, сеҳрли кучи орқали ижодкорларни ўзига жалб қилиб келди ва келмоқда. Кейинги даврлардаги форс мутафаккирларидан Ҳофиз Шерозий (1300–1389, Абдураҳмон Жомий (1414–1492), Алишер Навоий (1441–1501) каби мутафаккир шоирлар болалик чоғларидан Атторни севиб, Атторнинг таъсиридан беҳад баҳраманд бўлганлар.
ХV асрга келганда туркий шеърият даҳоси Алишер Навоий Аттор таълимотини туркий тилда ижодий шарҳлаб, унинг туркий тилли халқлар орасидаги ўрнини юксакларга кўтарди. У Атторга назира тарзида ёзган “Лисон-ут-тайр” (“Қуш тили”) номли асарида Аттор ҳақида бундай деб ёзади: “У менга тилнинг мушкулларини ўргатиб, мени бу тилнинг устози қилиб тарбиялади. Бу тил соҳасида шундай етилдимки, қушларнинг сўзларини туркий тил билан сўзладим, туркларча созларга солиб, туркларча куй ва қўшиқларни жўр қилдим; сархушлик ичида гўёки ёқимли сайрагучи қушдек наво қилдим”.
Кўрамизки, Амир Алишер Навоий ҳазратлари болалигидаёқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ-ут-тайр” асарини ўқиб ва ҳатто ёд олиб, уни қўлидан туширмаган ва бу асар унга келажакда буюк шоир бўлишида сўзсиз улкан илҳомбахш таъсир кўрсатган. Дарвоқе, Навоий Аттор ғоялари ва ижтимоий таъсирини туркий халқлар орасида тарқатиб, форслар ва туркий халқлар ўртасидаги ғоявий ҳамда адабий алоқаларни яна бир поғона юклаштиришда ғоят зўр аҳамиятга эга кўприк вазифасини ўтаган мутафаккирларнинг биридир. Навоий Атторни самимий ифтихор туйғуси билан “фонийлик кўҳиқофининг анқоси, жамики қушлар тилининг доноси, шариат йўлларининг пешвоси, тариқат авлиёларининг қиблагоҳи, ҳидоят шами билан қалбларни нурлантиргувчи, ҳақиқат сирларининг кашфиётчиси, нозиклик нурларининг мазҳари, маърифат аҳлларининг тождори” деб таърифлайди. Бу Навоийдек мутафаккир адибнинг Аттор ҳақидаги фақат ҳаяжонли туйғусининг маҳсули бўлмасдан, балки узоқ муддатли ўрганиш, чуқур, атрофлича мулоҳаза қилиш натижасида келинган хулоса, ҳақиқий ҳайрат ва виждоний бурч ва ифтихор туйғуларининг ифодаси эди. Туркий халқлар Навоийнинг бу сўзларини ана шундай самимий эътиқод билан қабул қилган.
Атторнинг “Панднома” каби бир қисм асарлари Шарқ мусулмон халқлари, айниқса Ўрта Осиёдаги туркий халқлар орасида мунтазам ўқув қўлланмаси сифатида қўлланилади. Бу билан Атторнинг таъсир доираси янада кенгайиб, ўқимишли одамларнинг деярли ҳаммаси Аттор руҳидан қурби етгунча баҳраманд бўлиш имкониятига муяссар бўлганлар.
Атторнинг “Мухторнома” номли асари номаълум таржимон томонидан Султон Салим даври (1566-1574 йиллар)да туркчага таржима қилинган.
ХV асрда яшаган Муҳаммад Бадахшоний “Мантиқ-ут-тайр”ни қисқартириб ёзиб турк султони Боязид I га тақдим қилган
ХVIII асрнинг бошларида яшаган хўтанлик шоир Иброҳим ибн Юсуф ал Хўтаний “Мантиқ-ут-тайр”ни уйғур тилида етук ижодий баркамолликда амалга оширган.
Атторнинг “Мусибатнома” номли асари Султон Муроднинг топшириғи билан Пирмуҳаммад исмли таржимон томонидан “Тариқатнома” деган ном билан усмонли турк тилига таржима қилинган.
Атторнинг “Илоҳийнома” номли асари ҳам Султон Муроднинг топшириғи билан Шамсиддин Аҳмад Сивосий деган киши тарафидан туркий тилга қисқартириб таржима қилинган.
“Панднома” турк, фаранг, олмон, лотин ва ҳинд тилларига таржима қилинган, кўп марта шарҳлар ёзилган. Бу асарнинг таржимон Убайдуллоҳ томонидан 1899 йили амалга оширилган туркий таржимаси “Булоқ” журналининг 1999 йил 2-сонида эълон қилинган.
“Тазкират-ул-авлиё”нинг уйғур тилига қилинган бир таржима нусхаси форс миллий кутубхонасида сақланмоқда. Асарнинг 1890 йили нашр қилинган французча таржимаси ҳам бор. Туркияда унинг туркчага ўгирилган таржималари мавжуд.
“Гумгумнома”нинг русчага ва туркчага қилинган таржималари ҳам бор. Асарнинг туркча таржимаси 1873 йили Қозон дорилфунуни матбаасида нашр қилинган.
Кези келганда яна шуни ҳам қўшиб қўйишга тўғри келадики, тарихда Аттор асарлари узлуксиз тарзда кўчирилиб тарқатилиб келинган, жуда кўп тилларга ағдарилган ҳамда шарҳланган. Бу ҳақда махсус изланишга, атрофлича тадқиқотлар олиб боришга тўғри келади.
ХОТИМА
Шундай қилиб Аттор ҳақидаги бу сафарги изланишларим шу ерда якунланди. Бу жараёнда мен шуни ҳис қилдимки, Аттор дунёси чин маъноси билан ажойиб бир сирлар хазинаси экан. Бу хазинага назар ташлаган ҳар бир одам Атторнинг сеҳр кучидан ҳайратланмай қолмайди. Агар мен бу ёзмаларим орқали ўқувчиларга Аттор тўғрисида озми-кўпми маърифат етказолган бўлсам, ўзимни бу буюк зотнинг шарафли номи олдида виждоний бурчимни қисман адо этган бўламан.
Охирида ўқувчиларга буларни ёзиш жараёнидаги баъзи масалалар ҳақида қуйидагича эслатма бериб ўтишни зарур деб ҳисобладим:
1. Атторнинг номидан келтирилган мисолларнинг кўп қисми мен кўриш имкониятига муяссар бўлган асарлардан олинди. Яна бир қисм мисоллар чет эллик атторшуносларнинг Аттор ҳақидаги тадқиқотида келтирилган манбалардан олинди. Фақат Атторнинг тасаввуф таълимотига тааллуқли баъзи умумий тушунчалар ҳақидаги айрим бир-икки мисоллар Навоийнинг “Лисон-ут-тайр” номли асарининг Мулла Сиддиқ Ёркандий тарафидан насрийлаштирилган нусхасидан олинди. Бунда Навоийнинг ўз тилидан ёзган: “Мен бу сўзларнинг лойиҳасини ўзим тузмадим, балки, Шайх Фаридиддин Атторнинг сўзларини шарҳладим, Менинг умидим шуки, ҳар ким бу китобимга кўз солиб ўқиса, қушларнинг сўзларидан кўнглига ҳарорат тушса, уни Шайхнинг нафасларидан деб билсин,” деган сўзлари келтирилган.
2. Асосий мисоллар қайта баён қилинди. Фақат жумла ичида келган айрим мисол ва кўчирма сўзларгина қўштирноқ ичида олинди. Мисоллар ўқишга қулай бўлиши учун насрий баёни бўйича олинди. “Панднома”дан олинган мисоллар ҳозирги замон уйғур ва ўзбек тилларида баён қилинди.
3. Аттор дунёқарашини инкор этадиган баъзи мисоллар гарчи Аттор асарларида бўлмаса-да, Аттор қарашларини ёритишга мос келадиган бошқа тасаввуф таълимоти ва тадқиқотига оид манбалардан олинди.
4. Бадиани ёзишда асосан ўзбек олими, тасаввуф таълимоти бўйича етук тадқиқотчи ва файласуф, таржимон Нажмиддин Комилов жанобларининг Аттор ҳақидаги тадқиқотларидан ҳам фойдаландим. Бу ерда олимга шахсан самимий миннатдорчилигим ва ташаккуримни билдираман ҳамда чуқур иззат-ҳурматимни изҳор қиламан.
Уйғурчадан Ҳабибулла Зайниддин таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил 12-сон.