Азиза Лалаева. Сархуш (ҳикоя)

У кичкина телевизорнинг тугмасини босди. Те­левизор бир оз пирпираб, хонага кўкиш шуъла таратди. Бунақаси ҳозир ҳеч кимда йўқ, ўйлади ўзича. Қаерданам бўлсин? Бундан йигирма йил илгари чиқарилган оқ-қора рангли матоҳнинг кимга кераги бор?
Лаблари буришиб пичирлади:
– Ё Раббий, ўзинг мадад бер!
Ўзини тошдек қаттиқ эски диван устига ташлади. Стол тагида бир неча кундан бери турган ярим шиша ароқнинг оғзидаги тиқинни тишида очиб, икки-уч қултум ютди-да, тамшаниб қўйди. Кичик болишни буклаб, бошига қўймоқчи бўлганида ди­моғига ўғли Тўғрулнинг сут аралаш ҳиди урилди.
Хотини Судоба боласини қўлтиқлаб отасиники­га кетиб қолмаганида, бугун унинг етти ойлигини нишонлаган бўлишарди.
Роппа-роса етти ой илгари Судоба унга оталик бахтини раво кўрганди. Исмини ҳам Судобанинг ўзи қўйган. Эри ҳам бунга қаршилик кўрсатмади. Эр бўлиб унга нима қилолдим, ҳеч бўлмаса ўғлига ўзи истаган отни қўяқолсин, деди.
Бир пайтлар ўғил кўрсам, отамнинг исмини қўяман, деб юрарди. Судоба бир гал, “Отангиз нима иш кўрсатган ўзи?” дея кесатганидан кейин, дами ичига тушиб кетди. “Бир етимнинг пешонаси шўр бўлса, шунчалик бўлар-да!” дея хаёлланди ва вақтни билиш учун қўл соатига қарамоқчи бўлди. Шу чоқ соатини икки кун илгари ўн кундан бери йиғилиб қолган беш минг манат қарзидан қутулиш учун нон дўконига топширгани эсига туширди. Кулгиси қистади. Тўғриси, уни ҳамма телбага чиқариб қўйган. Буни юзига айтмасалар ҳам, орқаваротдан уни савдойи деб билишларидан у ҳам воқиф.
“Ростдан ҳам шунақадир?” деган хаёлга борди.
Нақ сувнинг ичида ётиб-туриб юрган одамни ким ҳам жинни демасин?
Тошқин бутун қишлоқни сувга ғарқ этаёз­ганди. Кундан-кунга кўтарилиб бораётган сув сатҳи у яшаётган ғариб кулбани кичик бир орол­чага ўхшатиб қўйганди. Тўрт ойдан бери сув ўрта­сида қолиб кетган, хом ғиштдан тикланган бу бошпанаси бир пайтлар унинг кўзига ҳашаматли қаср бўлиб кўринарди. Ҳозир эса зах тортиб ивиб кетган деворлар йиқилишга маҳтал турарди.
“Ўзимам ғалатиман, ўйлади у, бу ерда Судоба қандай қилиб яшаши мумкин эди? Уч ойлик чақалоғи-чи? Уйда егулик йўқлиги, пул йўқлиги учун она шўрликнинг сийнасидан сут қочиб кет­гани рост-ку? Шўрлик Судоба, ҳозир нима қилаётган экан-а?”
Тўғрулни эслашга тиришди. Юзини кўз олдига келтиролмади. Фақатгина кўзлари юмуқ гўдакнинг тили билан оғзидаги сўрғични чиқариб ташлагани ёдида қолган. Бечора чақалоқ шунақа чинқириб йиғлардики, эшитган одам ҳозир жигари ёрилиб кетади, деб ўйларди. Кейин ёдига Судобанинг қарғишлари тушди.
– Ҳамманг, сенам, отанг ҳам қирғинга учраса­ларинг бўлмасмиди?
Бу гап қулоғи остида жарангларкан, юзига совуқ сув сепилгандек бўлди. Жойидан ирғиб турди. Диванда ўтирганича телевизор сари эгилиб, унинг овозини кўтарди. Жини суймайдиган бир қўшиқчи аёл куйлаётган эди.
– Падарингга лаънат, қанжиқ! Атайин ғашимга тегиш учун ҳар куни телевизорга пул бериб чиқа­дими дейман!
Бу фикридан ўзининг ҳам кулгиси келди: “Қара-я, сени таниркан-да, ғашингни келтирмоқчи бўларкан”.
Эҳтимол, таниши ҳам мумкин эди. Агар мак­табни битирган йили пойтахтга бориб ўқишга кирганида, ана шундай машҳур қизларни кўриши, улар билан танишиши мумкин эди.
Эҳ, етимлик қисмати шу бўлганидан кейин у қаерда-ю, Бокуга бориб институтда ўқиш қаёқда?
Яна нималар ҳақида фикр юритиши мумкин?.. Бошқа мавзу қолмадимикин? Тўрт ойдирки, мана шу диван устида, шу ойнаи жаҳон қаршисида яккаю ёлғиз ўй суриб ётишдан бошқа иши йўқ эди.
– Кеча Нефтчилар туманидаги Кур дарёсидан қайиқда кесиб ўтмоқчи бўлган 16–22 ёшлардаги икки киши сувга чўкиб кетди. Уларнинг жасадлари ҳалиям сув тубидан қидирилмоқда.
16–22 ёшли… Сухандон қиз бунча совуққонлик билан гапирмаса? Тўғри-да, чўккан бўлса унга нима? Ўзи бир тарафда тошқинлар, бир тарафда қочқинлар миллатни қийин вазиятга солиб қўйди.
…Шу чоқ ич-ичидан азобли оғриқ турганини ҳис этди. Оғриқ кураги томон ўрмалади. Турмоқчи бўлди, мажоли етмади. Қўлини дивандан пастга тушириб, эски шолча устига тиради. Бор овози билан қичқиргиси келди, овози чиқмади. Нафаси етмаётганини ҳис қилди. Ё Раб, бу қандайин оғриқ бўлди?
Ўғли, ҳатто юзи ҳам хотирасидан сидирилиб кетган жигарбанди эсига тушди. Кейин хотини…
Узоқдан эса онасини кўргандек бўлди. Бор кучини тўплаб, хонаси тарафга интилди. Аммо онаси унга яқинлашиши ўрнига тобора узоқлашиб борарди. Судрала-судрала айвонга чиқди. Ҳаво етишмаётганини сезди. Ҳовлига узанган зинапояга яқинлашди. Поғоналар устидан думалаб, бир неча ойдан бери ҳовли юзини босиб ётган кўлмакка қулади. Бир зумда бадани сув тагида қолди.
…Эртаси куни ойнаи жаҳонда, жумладан, Судобанинг ота уйидаги оқ-қора телевизордан ҳам ушбу хабар тарқатилди:
– Ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги кишининг жасади ўз ҳовлисидан топиб олинди. У спиртли ичимлик оқибатида нобуд бўлган деб гумон қилиняпти.

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси