— Китобларингизга қойилман!
Аввалига ёзувчи биродарларимга ўхшаб бу мақтов учун ташаккур билдирмоқчи бўлдиму, кейин фикримдан қайтдим.
— Бундан ҳам яхшироқ ёзишим мумкин эди-ю, лекин шароитнинг мазаси йўқ-да, — деб қўя қолдим.
— Ия, нега? — сўраб қолди у.
— Нега бўларди, уйимиз тор, бола-чақа кўп. Ҳар куни уйда тўс-тўполон. Ўзингиздан қолар гап йўқ, ёзувчилик касби ақлий меҳнатга киради, шунақа бўлгандан кейин, иш пайтида сув қуйгандек жимлик бўлиши керак. Миянгга энди бир фикр келганда биттаси «дада, буни қаранг» деб акасидан шикоят қилиб қолади. Бунисини алдаб-сулдаб овутсанг, иккинчиси карнай чалиб юборади. Шундан кейин ўғиллар бирпасда муштлашиб кетишади. Хуллас, қий-чув ичида бошинг қотиб, гаранг бўлиб кетасан. Калланг гаранг бўлиб турганда, қойилмақом нарса ёзиб бўлармиди!
— Бола-чақа серобми дейман? — яна сўрайди у.
— Атиги ўн битта! — деб жавоб бераман.
«Худо умр берсин!» деган жавобни эшитарман, деб турган эдим, «хўк» деб бақириб юборди.
— Менга айтяпсизми? — деб сўрадим ундан.
Тўғрисини айтсам, жон-поним чиқиб кетди. Ҳозир уни ерга ётқизиб, беланги қилишдан ҳам тоймайдиганман.
— Сизга эмас, шунчаки ўзим айтдим-да.
— Бу ерда икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку!
— Ҳадиксираш ёмон нарса! Ҳадиксираган одам ҳар нарсани ўзига олаверади. Кўчада машина бузилиб, пақиллаб қолса ҳам, бунақа одам «ана, мени ўлдиришмоқчи» деб ўйлайди. Ҳа, майли, бола-чақангизга қайтайлик. Ўн битта дедингизми? Тўғри, ёзиб-чизадиган одам учун ўн битта бола кўплик қилади, биттаси ҳам кўплик қилади… Ёзувчи деган одам умуман бола-чақадан четроқда юргани маъқул. Вақт исроф бўлади-да, вақт.
— Вақт-ку, исроф бўлмайди-я, лекин уларни каттқ қилиш қийин.
— Ёзувчи бола-чақадан четроқда юргани маъқул. Ҳа, шундай. Фарзанд кўриш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келаверади, аммо ёзувчиликни ҳар ким қилавермайди.
— Иложим қанча, ўн битта, ҳаттоки ўн бир яримта фарзандим бор… Биттаси энди йўлга кирди…
— Борди-ю, бир хонадонда якка ўзингиз турсангиз, ўша ажойиб асарингизни неча кунда битказишингиз мумкин?
— Миямда асарлар шунчалик қалашиб ётибдики, тинчроқ уй бўлса, икки ойда биттасини қотириб ташлайвераман.
— Жуда соз. Ундоқ бўлса ўзим турган уйни сизга олти ойга бўшатиб бераман.
Олдинига ҳазил қиляпти, деб ўйладим. Лекин мени машинага ўтқазиб, уйига олиб борганидан кейин гапига ишондим. Уй эмас, катта бир сарой дейсиз. Ўзим ҳам буни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолдим.
— Одатда биз уй ичимиз билан Нишонтошида қишлаймиз, — деди у. — Кеча кўчиб бордик. То майга қадар, олти ой шу уй сизники. Қани, бир боплаб асар ёзинг-чи, бир кўрайлик… Лоақал мен шу йўл билан дунё адабиётига жиндай ҳисса қўшган бўларман.
Тўғриси, ўзимни йўқотиб қўйдим.
— Сиздан фақат битта илтимосим бор, — деди у мен билан хайрлаша туриб, — ҳовлида битта иту, уйнинг ичида кучукча билан саъва қоляпти. Шуларга қараб турсангиз бас.
— Жониворларни ўзим ҳам яхши кўраман, — деб жавоб бердим унга.
Шундай ажойиб саройни менга ташлаб кетяпти-я. Тавба, тушимми, ўнгимми? Дастлаб саройни бир томоша қилиб чиқдим. Атроф шунақаям сокинки, гўё бу сокинликни қулоқ билан эшитиб, кўз билан кўриб тургандайман… Назаримда шундоққина қўлимни узатсам, уни ушлаб оладигандайман. Кейин юқори қаватга чиқдим. Уй деразасидан шундай ажойиб манзара намоён бўлар эканки, асти қўяверинг. Ёзув столига ўтириб, ўзимча ўйладим: «Бунақа шароитда ҳатто бефаҳм одам ҳам шоир бўлиб кетиши турган гап!»
Зўр иштиёқ билан қўлга қалам олдим. Қоғоз бетини энди қоралайман деб турган эдим, тўсатдан қўнғироқ овози эшитилди. Уй жуда катта эмасми, у учидан бу учига зир югураман, овоз қайси томондан келаётганини билолмайман. Юқори қаватдаги хоналарнинг ҳаммасига бирма-бир кириб чиқсам ҳам, нима чалинаётганини тополмадим. Қўнғироқ эса ҳамон жиринглайди. Қора терга ботиб роса югуриб чиққанимдан кейин, учинчи қаватдаги телефонга кўзим тушди. Трубкани олиб қулоқ солиб кўрган эдим, ҳеч ким жавоб бермади. Жиринглаётган овоз ҳамон тинмайди. Демак, бу телефон эмас экан. Уйда яна бошқа телефон бўлса-чи?
Яна зинама-зина югуриб бўладиганим бўлгач, овоз кўча дарвоза томондан келаётганлигини сезиб қолдим. Бориб қарасам газета сотувчи келган экан.
— Керак эмас! — жавоб бердим унга. — Бугундан бошлаб бу уйга газетанинг кераги йўқ.
Эшикни қулфлаб, яна жойимга бориб ўтирдим. Энди қўлга қалам олган эдим, яна қўнғироқ жиринглаб қолди. Биринчи қаватга тушдим. Эшикни очиб кўрсам, ҳеч ким йўқ. Болалар лақиллатяпти шекилли десам, кўчада зоғ ҳам кўринмайди. Лекин бояги овоз сира тинмайди. Билсам, орқа эшик тақиллаётган экан. Сутчи келибди.
— Керак эмас! Бугундан бошлаб бу уйга сут олиб келишнинг ҳожати йўқ!
— Бир ҳафталик қарз эдилар…
Уй эгаси бунақа ажойиб жойни менга олти ойга текинга ташлаб кетди-я! Дарров сутчининг пулини бериб юбордим.
Юқорига чиқиб, энди ўтирган эдим, яна бир нарса «жиринг» этиб қолди. Олдин кўча эшикка, кейин эса орқа эшикка югурдим. Ҳеч кимнинг дараги йўқ. Бу уйда ўзи қанча эшик бор экан?
Зир югуриб қидираман, учинчи эшикни тополмайман. Шумтака болалар мени калака қилаётганга ўхшайди. Мен кўча эшик томон югурганимда, улар орқа эшик қўнғироғини чалиб қочаётган кўринади. Уларни қўлга тушириш учун орқа эшик ёнида пойлаб турдимда, қўнғироқ жиринг этиши билан эшикни шартта очдим — яна ҳеч ким йўқ! Баччағарлар бу гал ҳам қочиб қолибди. Телефон эсимга тушди. Қани, бориб бир кўрай-чи уни ҳам. Чиндан ҳам телефон жиринглаётган экан.
— Лаббай!
— Нозан хоним керак эдилар.
— У киши уйда йўқлар, афандим.
Жойимга бориб ўтиришга улгурганимча йўқ. Яна ўша товуш. Югуриб бориб телефонни олдим. Йўқ, бу эмас экан. Эшикка чопдим. Почтальон келган экан. Берган хатини олдим. Зинадан чиқаётган эдим, яна бир нарса чалинди. Зинғиллаб бориб кўча эшигини очган эдим, ҳеч ким кўринмади. Телефонни олдим, жавоб йўқ. Ўпкамни қўлтиқлаганча дам юқори чиқаман, дам пастга тушаман. Шу пайт аллақайси қушнинг «ку-ку! Куку!» деган овозини эшитиб қолдим. Бориб кўрсам, девордаги соат сайраётган экан. Меҳмонхона деворида
иккита соат бўлиб, бири жирингласа, иккинчиси сайрар экан. Соат сайраб бўлган ҳам эдики, телефон жиринглади:
— Нозан хоним уйда йўқлар, Истамбулга кўчиб кетганлар.
Тўрт томонга югуравериб, бўладиганим бўлди ўзи. Жиққа терга ботиб, меҳмонхонанинг ўртасида турган эдим, яна бир нарса жиринглаб қолди.
Асти тушунолмай қолдим: бу уйда қанча қўнғироғу, қанча соат бор ўзи! Бу гал кираверишдаги соат нағма қилаётган экан. Ўлар бўлсам ўлдим энди! Гоҳ у эшикнинг қўнғироғи чалинади, гоҳ бу эшикнинг… Эшикка югурсам, телефон жиринглайди. Миям ғовлаб кетганидан эшикми деб югурсам, телефон жиринглаётган бўлади. Бир маҳал биров тақиллатяпти, деб югуриб бориб эшикни очсам, бир бола кўчада велосипедининг қўнғироғини чалиб ўтган экан.
Кеч кирди ҳам, аммо мен бирор сатр ёзганим йўқ. Зинадан пастга чиқиб-тушавериб, қирқ километрча юриб қўйдим. Қўнғироқ чалиб, эшик қоққанларнинг сони бирам кўп бўлдики, асти сўраманг. Пулга алоқаси бўлган одамларнинг ҳаммаси — баққолдан тортиб то сув ташувчигача келиб кетди. Телефон бўлса қирқ мартача жиринглагандир. Бурнимдан тортса йиқилгудек бўлиб ўринга чўзилдим. Кейин ўзимга ўзим тасалли бердим:
— Биринчи куни ўзи шунақа бўлади. Уйда ҳеч ким йўқлигини энди ҳамма билиб олди. Эртага биттаям қўнғироқ чалинмайди. Фақат ёзиш билан банд бўламан.
Энди кўзим илинган эди, аллақандай нарса қулоғимга чалинди. Лекин буниси қўнғироқ овозига ўхшамайди. Қўнғироқ чалинадиган бўлса, иложини топиб қўйганман. Эшикни очмасам, телефонни олмасам, ўзидан-ўзи тиниб қолади. Лекин мана буниси нима бўлди экан? Ҳеч тўхтамайди-я. Кўрпага бурканиб олган эдим, бўлмади. Қулоққа пахта тиқиб кўрдим — фойдаси йўқ. Чор-ночор овоз келаётган томонга юрдим. Хоналарни бирма-бир
қидириб чиққач, бир пайт ваннахонада ётган кучук боласини кўриб қолдим. У ҳам мени кўриши билан овозини ўчириб, оёғимга суйкала бошлади. Бечора оч қолган экан-а! Ошхонадан топган-тутганимни келтириб бердим.
Жойимга келиб ётдим. Ҳамма нарса жим бўлди-ю, лекин соатлар тинчигани йўқ — бири жирингласа, иккинчиси сайрайди. Бунинг устига кучук боласи ҳам ғингшишини қўймайди. Аҳён-аҳёнда телефон ҳам жиринглаб қолади. Тун ярим бўлди. Қани энди соатлар билан кучукнинг жағи ўча қолса. Ноилож, кучукчани хонага олиб кирдим, қулоғим анча тинчиди. Лекин бу маккор ётишим билан яна ҳурий бошлади. Ялиниб-ёлвораман, силаб-сийпайман хумпарни, қани энди овозини ўчирса. Охири ёнимга олиб ётган эдим, чакаги ўчди. Навбат энди ҳовлидаги итга келди.
Жинни бўлиб қолаёздим, йўқ, расмана жинни бўлиб қолдим ҳам. Ўрнимдан тура солиб, деразага югурдим:
— Ўчир овозингни, итвачча, ўчир ҳозир… Ўчир!
Бир амаллаб унинг овозини ўчирган эдим, ёнимдаги кучукча яна нағма қила бошлади. Хуллас, итлар ва соатлар билан олишиб чиқиб, бир амаллаб тонг оттирдим. Энди ташқаридаги товуқлар билан хўрозга гал келди. Ҳолсизликдан мадорим қуриб кетганлиги учун буларнинг қичқириғига парво қилмай ётавердим. Бир пайт тепамдаги саъва сайраб қолган эди, қафаси билан олиб ваннахонага тиқдим. Ўн минутча кўзим илинган экан, бир нарса «виз» этган эди, чўчиб уйғониб кетдим. Шунчалик чарчабманки, чўчиб уйғонганимдан югура солиб том тепасига чиқиб кетибман. Том тепасида сал ўзимга келгандай бўлдим. Йўқ, бунақа жойда бир сатр ҳам ёзолмайман. Бола-чақа ҳолва экан буларнинг олдида… Болага ўчир десанг овозини ўчиради. Манови итлар, соат ва қўнғироқлар бақирганингни биладими! Эгалари қандоқ яшашаркин бу уйда? Қўнғироқнинг ўзи учун озмунча одам керакми! Роса хилват уйни топган эканмиз-да! Бир қарорга келдим. Савоб учун уйини менга бўшатиб берган ўша одамнинг олдига бориб бундай дейман: «Уйинг ўзингга сийлов! Сен қушингга, итларингга қарайдиган бошқа хизматкор топ. Мен тўйдим!»
Эшикни очиб, кўчага чиққан эдим, бир киши мени тўхтатди:
— Бу йил уйни пойлаш сизга қолдими?
Ўзимни-ку жоним чиқиб турибди, бу яна сўрайди-я.
Ундан тезроқ қутулиш учун жавоб бердим:
— Ҳа, шунақа!
— Пули қанча бўлди?
— Қанақа пул?
— Эҳтиёт бўлинг, камига кўниб ўтирманг. Ўтган йили бир одамни беш юз лирага кўндиришган эди, бояқиш жинни бўлиб қолаёзди. Бу ерни «серқўнғироқ уй» дейишади.
Менга яхшилик қилмоқчи бўлган одамнинг олдига ғазаб билан кириб бордим. Олдида бир одам ўтирган экан, сал ўзимни босдим:
— Мен фикримдан қайтдим.
— Ия, нега?
— Уй жуда катта экан. Мендан бошқа ҳеч ким йўқ… Иннайкейин, жуда ҳам хилват жой экан, диққинафас бўлиб кетдим…
— Шундай бўлишини билардим. Сиз қий-чувга ўрганиб қолгансиз, хилват жойда ишлаёлмайсиз…
— Бу ёзувчи деганини биламан мен!— деди у бир оздан кейин. — Тинч жой бўлса, ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз деб оғиз кўпиртиришади. Шунақа жой топилиб қолгудай бўлса, «диққинафас бўлиб кетдим» деб баҳона қилишади. Қаллада ўзи ҳеч вақо йўқ-да, шунинг учун ёзишолмайди.
Уни бир бало қилиб қўйишдан қўрқиб, эшикка отилдим. Уйга келгач, чуқур нафас олдим. Аммо қулоқларимда ҳамон ўша овоз: «Жиринг!!!»
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси