Азиз Несин. Тилингни тий! (ҳажвия)

У 1915 йили туғилди. Уйида йиғлагани қўйишмади. Онаси қўлини бигиз қилиб таҳдид қилди:
– Овозингни ўчир!
Кулиш ҳам, йиғлаш ҳам мумкин эмасди. Отаси ҳам зуғум қиларди:
– Жим бўл!
Агар уйда меҳмонлар бўлса, уни огоҳлантиришарди:
– Жимгина ўтир, шовқин солма!
Агар онаси уйда ёлғиз қолса, қулоғига қуярди:
– Бақирма, бир пасгина тинчлик бўлсин!
Шу тариқа у етти ёшга тўлди.

* * *
У мактабга қатнай бошлади. Дарс пайтида энди оғиз очган ҳам эдики муаллим ўшқириб қолди:
– Гаплашма!
Уни доскага чақиришганда доимо уқтиришарди:
– Сендан нимани сўрашса, фақат шу ҳақда гапир. Ортиқча жаврама.
Шу тариқа ўн икки ёшга тўлди.

* * *
У ўрта мактабга қатнай бошлади. Энди гапирмоқчи эди, оғзига уришди:
– Сендан сўрашаётгани йўқ.
Директор унга « Тилни тийган бой бўлар» деган мақолни эслатиб қўйди.
Турк тили муаллими шундай деди:
– Икки марта эшитиб, бир марта гапир. Одамнинг иккита қулоғи, битта оғзи бор.
– Жим бўл!
– Овозингни ўчир!
– Жаврама!
Шу тариқа ўн беш ёшга тўлиб қолди.

* * *
У лицейга қатнай бошлади. Биринчи эшитган гапи шу бўлди:
– Гапиргандан кўра жим ўтирган яхши!
– Кўп жаврама!
– Оғзингни юм!
– Жим бўл!
Шу тариқа ўн тўққиз ёшга тўлди.

* * *
У университетга ўқишга кирди. Уйда шундай насиҳат қилишди:
– Катталар гапирганда кичиклар жимгина қулоқ соладилар.
Онаси тайинлади:
– Сўз – каттадан, сув – кичикдан.
Профессор бир куни шундай деди:
– Тилингни тийиб юр!
Шу тариқа йигирма уч ёшга тўлди.
Ҳарбий хизматга чақирилди. Бўлинма командири буюрди:
– Жим бўл, итвачча!
Сержант :
– Жаврашни бас қил!
Капитан:
– Оғзингни очма!

* * *
Уни миршабхонага чақиришди:
– Сендан сўралаётгани йўқ!
Комиссар дўқ урди:
– Жим!

* * *
У ишга кирди. Ўртоқлари бармоқларини оғзига босиб шивирлашди:
– Тсс!
– Худо ҳаққи, оғзингни юм! Бошингга бир балони орттириб олма. Эҳтиёт бўл!
Бошлиқлар огоҳлантириб қўйди:
– Ҳар нарсага бурнингни тиқма!
– Бунинг сенга даҳли йўқ!
– Нима ишинг бор?
– Аралашма!

* * *
Уйланди. Хотини тайинлади:
– Сендан илтимос, ҳар балога бурнингни суқма!
Фарзандлар туғилиб, вояга етишди. Улар айтишди:
– Ота, бу ишга ақлинг етмайди. Аралашиб ўтирма!

* * *
Бу одам – қисман мен, қисман сиз, қисман ҳаммамиз!
Ривоят қилишларича, ўтмишда хотинлар пишираётган овқатига эркакларнинг тилини қирқиб қўядиган бир оғу қўшиб қўярмиш. Бизнинг емишимизга ҳам шунақа оғу қўшилганга ўхшайди. Бир қараб кўрингчи, тилингиз бормикин? Биз тилимизни ютиб қўйганмиз! Оғзимиз бору аммо тилимиз йўқ.

* * *
Мана энди ўша қисман менга, қисман сизга ўхшайдиган одам сўз эркинлигини талаб қилиб юрибди. Унинг гапиргиси келяпти.
Аммо унга буюриляпти:
– Тилингни тий!
Менинг унга шундай дегим келади:
– Гапир! Гапир! Гапирсанг-чи! Аммо нима дейсан? Қандай гапирасан? Тилимиз борми ўзи?..

Шодмон Отабек таржимаси