Азиз Несин. Ишчан аёл (ҳажвия)

Аёлларнинг ижтимоий ҳаётда фаол бўлиши оилавий ҳаётга путур етказади деган гаплар ғирт уйдирма. Мен буни ўзимнинг бахтли оилавий ҳаётим мисолида исботлашим мумкин. Юртимизга хорижий демократиянинг кириб келиши ва сайловолди нутқларининг авж олиши оқибатида депутатларни сайлаш осон, яшаш эса қийин бўлиб қолганда мен жавлон уриб ишлаётган ишчан аёлга уйланишга мажбур бўлдим.
Дарҳақиқат, хотиним астойдил ишга берилган, бичиш-тўқишдан бўшаган вақтини ҳамкасблари билан аймоқи бўлишга сарфлайди. Мен эсам газеталардан бирида кечаси ишлайман.
Биз турмуш қурмоқчи бўлган куни хотиним банкдан икки кунга рухсат олганди. Мен эсам гарчи тунда ишлаган бўлсам ҳам ўша куни ухламадим.Никоҳни қайд қилиш идорасига бориб турмуш қурдик. Ўша оқшом суюкли хотинимни бахтли гўшамизда қолдириб таҳририятга кетдим.Эрталаб кулбамга қайтганимда ётоқхонамиз эшигига қистирилган шундай хатни кўрдим:
« Суюкли эргинам!
Мен банкка кетдим. Сени ўпиб қоламан».
Хотинимнинг хатини зор-зор йиғлаб ўқидим. Эрталаб уйғондим. Менинг кўз очиб кўрганим ҳали ишдан қайтмаганди. Таҳририятга кечикаётганим учун мен ҳам хат ёзиб эшикнинг ўша жойига қистириб қўйдим:
« Жонгинам!
Мен кетяпман. Ишдан кеч қолсам бўлмайди. Дудоқларингдан ўпиб қоламан».
Биз навбатдаги тонготарда ҳам кўришолмадик. Аммо менинг садоқатли рафиқам илиқ, қисқа, худди жасур қўмондоннинг буйруғидек лўнда мактублар битишни канда қилмасди:
« Жонгинам!
Мен кетяпман. Сени қайта, қайта ва яна қайта ўпиб қоламан».
Мен ҳам шу заҳотиёқ жавоб ёздим:
« Азизам!
Хатингни олдим. Катта раҳмат. Лабларингдан бўса оламан».
Сенинг эринг Хасан Кафадан.
Шу тариқа биз хотиним билан хат орқали ўпишадиган ва хат орқали ачомлашадиган бўлдик. Хотинимнинг турмуш қурганимиздан уч ой ўтгач ёзилган ва эшикнинг ўша жойига қистирилган хатида шундай дейилганди:
« Азизим!
Хатларинг учун мингдан минг раҳмат. Мен жуда бахтлиман ва сенга ҳам шуни тилайман. Сени суюнтирадиган хушхабар айтмоқчиман. Тез орада оиламизда жажжи чақалоқ дунёга келади. Чамаси, мен сал-пал хомиладор бўлганга ўхшайман, лекин сени безовта қиладиган даражада эмас. Дўхтирлар саккиз ойлик бўлди дейишяпти. Фарзандимизни жамиятга фойдали инсон бўлиб етишиши учун биз сен билан қўлни-қўлга бериб, баҳамжиҳат харакат қилмоғимиз лозим. Мени унутиб қўйма, хатларингни кутиб қоламан.
Фақат сеники бўлиб қолгувчи
Покиза Кафадан».
Жамики оталар каби, мен бу янгиликдан беҳад суюниб кетдим. Шу заҳотиёқ жавобини ёзиб, эшикка қистириб қўйдим:
« Менинг фариштагинам!
Беҳад хурсандман. Мен сенга тўғноғич сотиб олдим, ёстиғингнинг остидан топасан. Сени минг, минг ва яна минг марта ўпиб қоламан!
Албатта, йиллар ўтиши билан эру хотин бир-бирига кўникиб қолади ва олдинги эҳтирослар ҳам андак сўнади. Биз ҳам оилавий ҳаётга мослашдик ва гоҳо ўзаро бефарқлик ҳам одат тусига кирди. Баъзан хат ёзишни унутиб қўядиган бўлдик.
Орадан бир неча йил ўтгач биз хат ёзишни умуман унутиб қўйдик. Аммо радионинг рўпарасидаги ошхона столида кўзга ташланиб қоладиган аёлларнинг буюмларидан хотинимнинг кулбамизга келиб туришини билиб қолардим.
Бахтли оилавий йиллар шу тариқа ўтди.
Бир куни ишдан чарчаб кинога бордим. Кинотеатр йўлагида ажабтовур воқеа содир бўлди. Қандайдир бир савлатли аёл тўсатдан елкамга осилиб қолди:
– Азизим, қадрдоним, суюклим!
– Кечирасиз, хоним-афандим,- дедим талмовсираб,- мен оилали одамман, болаларимнинг отасиман, ўзингизни қўлга олинг. Мен бунақа енгилтакликни ҳазм қилолмайман.
Ана шунда у менга иддао қилиб қолди:
– Сен мени танимадингми? Уят эмасми? Ахир мен хотинингман, Покиза Кафаданман.
Мен жудаям изза тортиб кетдим.
– Демак, сен – менинг суюкли хотиним Покизасан? Кечиргайсан, сени дабдурустдан танимабман. Мен сени кўрмаганимдан буён жуда ўзгариб кетибсан.
У бўй-бастига қараб қаторлашиб турган уч нафар болакайлар – бир қиз ва икки ўғил болага ишора қилиб деди:
– Булар бизнинг болаларимиз!
Мен болакайларнинг қўлини оталарча суйиб қисдим.
– Танишганимиздан жуда хурсандман,- дедим.
Суюкли қизалоғимнинг ойисига шивирлаб айтган ушбу гапини эшитмагандек бўлдим:
– Дидингга ҳам қойил эмасман, ойижон! Наҳотки бизга бундан кўра кўримлироқ ота тополмаган бўлсанг?
Кейин хотиним болаларнинг ёнида турган олифтанамо одамни кўрсатиб деди:
– Бу менинг амаким.
Орадан кўп йиллар ўтди, биз эсак оилавий ҳаётимиздан мамнунмиз.Агар мен биронта ишламайдиган хотинга уйланганимда эди, биз эру хотин худонинг берган куни қийпичоқ бўлиб уришардик. Мана мен уйланганимдан кейин неча йиллар ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз оилавий ҳаётимизга раҳна солгудек биронта кўнгилдсизлик бўлмаган.
Биз бир-биримиз билан кўришиш учун вақт тополмаймиз, шу боис ўзаро уриш-жанжал ҳам бўлмайди, ҳафагарчиликсиз, тинчгина яшаймиз.
Менинг тажрибам – аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги оилавий бахтга раҳна сололмаслигини яна бир карра тасдиқлайди.

Шодмон Отабек таржимаси