Азиз Несин. Болалар қаёқдан пайдо бўлади? (ҳажвия)

Мен аллақачон қирқни уриб қўйганман, аммо ҳалигача сўққабошман, ҳали-бери уйланадиган сиёғим йўқ. Айтишларича, зурёдсиз одам мевасиз дарахтга ўхшаркан. Аммо мени мавасиз дарахтга менгзаш унчалик тўғри эмас. Менинг жиянларим бор. Ўзимнинг бор меҳр-қўримни акаларимнинг фарзандларига бағишлаганман. Катта акам кичкина бир лавозимда ишлайди, зўрға амал-тақал қилиб тирикчилигини ўтказади. Унинг оилавий даромади ҳар хил кўнгилхушликлар, сайру саёҳатларни кўтармайди. Кино ёки театрларга бормайди, соҳилларда тобланмайди. Хотини билан ҳар йили биттадан болани дунёга келтириш қўлидан келади, холос.
Ўртанча акамнинг ишлари ёмон эмас, чунки у мактабда фақат еттинчи синфгача ўқиган. Уйланганига ўн беш йил бўлиб қолди. Иккита боласи бор.
Менинг яна кичик акам ҳам бор. Калласи унчалик яхши ишламагани туфайли тўртинчи синфни аранг битирган. Шу боис у жуда бойиб кетган. Эр-хотинларнинг егани олдида, емагани кетида. Шунча кайфу сафолар билан яна бола орттиришганига хайронман.
Биз тўрт ака-укамиз ва ҳаммамиз бир-биримизни кўрарга кўзимиз йўқ. Кичик акалар катта акани хотинини «бола кўпайтирадиган фабрика»га айлантириб қўйгани учун ёмон кўришарди. У бўлса бунга жавобан « Ватанга эркаклар керак» дея ҳазил қилиб қўярди. Мени «Қисир сигир» дейишарди. Мен бўлсам уларнинг чурвақаларига қараб қўяман – биттаси қурт тушган гилосга ўхшайди, бошқаси сап-сариқ нокнинг ўзгинаси, учинчиси сўлиган шафтоли…Аммо мен жиянларимни яхши кўраман. Улар ҳам мени яхши кўришади. Кеча улар уззукун менинг уйимда яйрашди. Саккиз болакай. Каттаси ўн иккида, кичиги уч яшар.
Тўққиз ёшли Олтан ҳамма китобларимни титкилаб чиққач, деди:
– Амаки, шунча китоб йиққан бўлсангиз ҳам биронта ўқийдигани йўқ экан-ку?
Унинг ёшини эътиборга олиб, жавоб қилдим:
– Қанақасига йўқ бўларкан? Марҳамат, «Робинзон Крузо» бор, Жюль Верннинг асарлари…
Болалар хиринглашди. Олтан гап қотди:
– Амакижон, булар ўзингизга буюрсин, сизда «Қонли излар», «Ишқ сабоқлари» ёки ҳеч бўлмаганда «Жинсий энциклопедия» деган китоблар топилмайдими?
Бунақа китоблар менда йўқ эди. Ўн бир ёшли тирранча Фатош жудаям шум. Тинимсиз нималарнидир сўрагани сўраган. Ҳамма нарсани билгиси келади. Тўғри, мен ота бўлолмадим, аммо бола тарбияси нима эканлигини тушунаман. Бола тарбияси ҳақидаги деярли ҳамма китобларда шундай дейилади: « Болалар ташқи дунё билан бевосита мулоқотга киришиш жараёнида атрофидаги воқеликка қизиқиши орта боради ва катталардан муттасил ниманидир сўрайверади. Боланинг барча саволларига сабру қаноат билан жавоб бериш керак».
Жиянларим мендан нимани сўрашмасин, тарбия борасидаги қоидага биноан худди олдимда болакай эмас, катта одам тургандек жавоб беришга ҳаракат қилардим. Ҳалиги шумтака Фатош газетанинг бир жойини кўрсатиб сўраб қолди:
– Амаки, сунъий урчитиш дегани нима ўзи? Газетада шундай ёзилибди.
Мен ўтирган жойимда тўлғониб, нима деб жавоб қилишни билмай қолдим. Аммо педагогика қоидасига биноан мен болалаларнинг ҳамма саволларига батафсил жавоб беришим лозим.
– Бу…ҳалиги…,- дея аранг гап бошладим,- сенга нима десам экан…Мана масалан болаларни олайлик…
Ҳаммаси атрофимни ўраб олишди. Тўппа-тўғри оғзимга оғзимни пойлашди.
– Хўш?- дея жавобни кутишди.
– Бу энди ҳалиги…биронта она болани ўзи дунёга келтирмоқчи бўлса…Агар у биргаликда болани дунёга келтириш учун отани тополмай қолса… Ана ўшанда…
Мен терлаб кетдим. Хайриятки кичкинтой Эрол суҳбатга аралашиб мени қутқариб қолди.
– Амаки, «Ахлоқсиз ҳолат» дегани нима ўзи? Мана бу газетада ёзилибди: « Миршаблар уларни ахлоқсиз ҳолатда турганида қўлга олдилар».
Мен педагогика дарслигини ёзган муаллифлар бунақа саволларга қандай жавоб беришини билмайман. Улар боланинг ёшига мувофиқ ота-оналар тушунтириш ишларининг алоҳида шакли-шамойилини топишлари лозимлигини, аммо бунда албатта фақат тўғри гапни айтиш кераклигини таъкидлашади.
– Ахлоқсиз ҳолат дегани…,- дея чайналаман, – бу ҳалиги…
Болалар зўр иштиёқ билан тинглашди… Бас!..Буниси энди ортиқча. Мени мутасадди-тарбиячилар кечирсинлар-у, ҳамма нарсанинг ўз меёри бор. Яхшиси, болалар ахлоқсиз ҳолат дегани нима эканлигини …ўзлари шунақа ҳолатга тушмагунча… билмай қўя қолишсин!
– Болалар,- дедим,- ахлоқсиз ҳолат дегани – бу бошқаларга ҳалақит бериб бақир-чақир қилишдир.
Энди Илдизнинг тили чиқиб қолди:
– Амаки, мана бу ерда ёзилибди: «У қизнинг номусига тажовуз қилди». Бу нима дегани?
– Юринглар сайр қилиб келамиз,- дедим.
– Йўқ, олдин ҳалигини тушунтириб қўйинг!- дея болакайлар бараварига чувиллашди.
– Ўчир овозингни!- дедим кескин гапини бўлиб.- Уятсиз!
Ойдиннинг саволи ҳаммасиникидан ўтиб тушди:
– Амаки, болалар қаёқдан пайдо бўлади?
Мен гапни бошқа ёққа бурвормоқчи эдим, аммо Олтан чаққонлик қилди:
– Кўчадан топиб олишади. Тўғрими, амаки?
– Айрим болаларни кўчадан топиб олишади. Аммо ҳаммасини эмас.
– Фаришталар уларни қанотида олиб келишади. Тўғрими?- деб сўради Илдиз.
Ҳаммаси ҳо-ҳолаб кулишди. Тўққиз ёшли жияним шундай писанда қилди:
– Амаки, сиз яхшиям ҳали уйланмагансиз.
Мен қизариб кетдим.
– Нега энди бундай деяпсан?
– Негалиги кўриниб турибди-ку! – жавоб қилди болакай.- Сиз ҳалиям болалар қаёқдан пайдо бўлишини билмайсиз! «Аҳлоқсиз ҳолат» нималигиниям билмайсиз. Сиз ҳеч нарсани билмайсиз, амакижон. Э суф сизга! Кап-катта одамсиз-а!..
Улар қотиб-қотиб кулишди.Бошимни хам қилиб хонадан чиқиб кетдим.

Шодмон Отабек таржимаси